Abu Ali ibn Sino. Hayy ibn Yaqzon (Uyg’oq o’g’li Tirik). Falsafiy qissa

001     Ўз шаҳримда турган вактимда унинг атрофидаги сайилгоҳ жойларнинг бирисига ўртоқларим билан саёҳат килишга муваффақ бўлдим. Биз ўша ерни айланиб юрган вақтимизда кўзимизга бир нуроний, ёши ҳам анчага бориб қартайиб қолган, лекин ўзи ҳали барваста, тетик суяклари ҳам сусаймаган, ҳеч бир аъзоси бўшашмаган ва хуллас соч оқаришдан бошқа ҳеч қарилик нишонаси бўлмаган бир чол кўринди.

АСАР ҲАҚИДА
ғ8

Абу Убайд Жузжонийнинг ёзишига қараганда, Ибн Сино бу асарини ҳижрийнинг 414 йили  (милодий 1023) Ҳамадонга яқин бўлган Фараждан қалъасида тўрт ой қамалиб ётган пайтида ёзган. Шайх бу вақтларда 44 ёшларда бўлган. «Ҳайй ибн Яқзон (Уйғоқ ўғли Тирик)» — рамзий-мажозий услубда ёзилган қиссасининг бош қаҳрамонн — биринчи шахс  Ибн Синонинг ўзи бўлса, унинг суҳбатдоши, ҳикоя қилувчи — Ҳайй ибн Яқзон – Уйғоқ ўғли Тирик – Ақлдир. Қиссадаги бешта алоқа бўлими инсондаги бор бўлган бешта ташқи сезув органи — кўриш, таъм билиш, ҳидлаш, эшитиш, сезишдир. Булар киши организмида табиатни тушунишда, муносабатда бўлишда мисоли бир хабарчидир. Ибн Синонинг бу қиссаси кўп жиҳатдан мажозий, рамзий битилган, кишилар феъли атворини ўз ичига қамраб ололган ва ҳаётий гаплардан мулоҳаза юритадиган адабий асар ҳамдир. Мана шу нуқтаи назардан қараганимизда қиссанинг икки соҳада — ҳам фалсафий, ҳам адабий соҳада ёзилганлигини кўрамиз.

Таниқли шоир ва олим Абдулла Шер «Уйғоқ ақл даҳоси» мақоласида шундай ёзади: «Даҳо файласуф ва адибнинг қиссалари орасида «Ҳайй ибн Яқзон» («Уйғоқ ўғли Тирик») алоҳида ўрин тутади. Чунки унда, Ибн Сино ижодининг, умуман, машоиййунлик фалсафасининг энг асосий тушунчаси – ақл ҳақида, унинг моҳияти ва аҳамияти борасида сўз боради. Уйғоқ ўғли Тирик – яъни, ақл қиссада ўз суҳбатдоши бўлмиш муаллифга киши оламни ва одамни билиши учун мантиқ илмидан ҳабардор бўлиши кераклигини, бу илм моҳиятан фаросат илми бўлиб, инсон ўз ҳаётида нима яхши-ю, нима ёмон эканини мантиқий фикрлаш орқали аниқлаштириб олиши мумкинлигини уқтиради. Қиссада уйғоқ – фаол ақл ёрдамида инсон аста-секин барча иллатлардан фориғ бўла бориши, фазилатлар эгасига айланиши таъкидланади, ҳиссиётга нисбатан ақлнинг устувор аҳамиятга эгалиги фалсафий-мажозий шаклда ифодаланади».

Демак, “Хайй ибн Яқзон” мантиқ илмига бағишлангани билан ҳам ақлий тарбияда катта аҳамиятга эга. Рисола инсондаги ёмон иллатларни бартараф этишда илму фан, зиёнинг аҳамияти, инсондаги ақл-тафаккур қувватининг ёмон иллатлардан қутулиши, ўзлигини англаш воситаси эканлиги билан адабий-фалсафий асаргина бўлиб қолмай, тарбиявий асар сифатида ҳам қимматлидир.

Абу Али ибн Сино
ҲАЙЙ ИБН ЯҚЗОН (УЙҒОҚ ЎҒЛИ ТИРИК)
Арабчадан Абдусодиқ Ирисов таржимаси
ғ8

09Абу Али ибн Сино (980–1037) Бухоро вилоятининг Афшона қишлоғида туғилган. Исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ эди. Ҳусайннинг ёшлиги ва йигитлик даври сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976–997)га тўғри келади. Абу Абдуллоҳ Нотилийдан фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан табииёт илмини таҳсил олди. 16–17 ёшларида Ибн Сино машҳур табиб бўлиб танилди. Бухорони қорахонийлар забт этгач, 1000 йилда Бухородан чиқиб Хоразмга борди ва Маъмун академиясида фаолият юритди. Кейинчалик Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Эрондаги турли шаҳарларда яшади. Журжонга келгач, Ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида табиб сифатида шуҳрат қозонди. 1019–21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қилди. Баъзи сабабларга кўра бу ердан қочиб, Исфаҳонга боради ва бутун умрини илм-фанга бағишлади.
Абу Али ибн Сино буюк табобат олими, файласуф, тилшунос бўлиш билан бирга, тасаввуф олими ва забардаст адиб ҳам эди. Унинг “Тайр қиссаси (Қуш ҳикояти)”, “Саломон ва Ибсол”, «Ҳайй ибн Яқзон», “Юсуф” каби насрий асарлари Х–ХII асрларда Ўрта Осиёдаги бадиий насрнинг юксак намуналаридир. Ибн Сино бу асарларида тасаввуф таълимотида ирфоний ишқ фалсафасини илгари сурган.

ғ8

Ўз шаҳримда турган вактимда унинг атрофидаги сайилгоҳ жойларнинг бирисига ўртоқларим билан саёҳат килишга муваффақ бўлдим. Биз ўша ерни айланиб юрган вақтимизда кўзимизга бир нуроний, ёши ҳам анчага бориб қартайиб қолган, лекин ўзи ҳали барваста, тетик суяклари ҳам сусаймаган, ҳеч бир аъзоси бўшашмаган ва хуллас соч оқаришдан бошқа ҳеч қарилик нишонаси бўлмаган бир чол кўринди. Шунда менинг у билан гаплашишга ҳавасим келиб, ўзимдан-ўзим унинг пинжига киргим ва у билан яқин бўлгим келиб қолди. Кейин ўртоқларим билан унга қараб равона бўлдим. Унга яқинлашган чоғимизда, у биздан аввал салом берди ва жуда дилга ёқар, маъқул гаплардан гапира бошлади. Гапга киришиб кетибмиз, ҳатто гап айланиб, унинг ҳол-аҳволи, ёши, ҳунари, ҳаттоки унинг исми, насаби, шаҳрини билишгача ҳам бориб етди.

Кейин у жавоб бериб айтди:
— Исмим Тирик, насабимга келсак, Уйғоқ ўғлиман. Шаҳрим Байт ул-муқаддасдир. Ҳунарим жаҳон теварагини саёҳат қилиш ва ҳатто оламнинг ҳамма томонларидан хабардор бўлиб юришдир. Шу саёҳатларимда юзимни отам томонга қаратганман. У тирикдир. Мен барча илмлар калидини ундан олганман. У менга олам чегараларига олиб борадиган йўлларни кўрсатган, саёҳат қилиш билан ҳатто ҳамма иқлим уфқлари менга кўриниб қолди.

Анча маҳалгача у билан ҳар хил илм соҳаларида масалалар айтишардик ва уларнинг ҳақиқатини тушунтириб беришни сўрардик, ниҳоят фаросат илмига етдик. Мен унинг бу илмда шунчалик тўғри фикр юритаётганинм кўриб, жуда ҳам ҳайратда қолдим. Негаки, у биз келиб тўхтаган фаросат илмидан гап бошлаб, мана шундай деди:

— Фаросат илми фойдаси нақд бўлган илмлардандир. Сен бу илмни билиб олсанг, у сенга кишиларнинг ўзлари яшириб юрган феълу атворларини билдиради. Мана шу фаросатнинг билдириши натижасида ўз билгинг билан унга бойланиб қоларсан, ё ундан юз ўгирарсан. Фаросат илми сенинг ўзингни аслингда бор бўлган инстинктив яратилмаларинг, ўзгартирилмаган табиатларингни кўз ўнгингга келтириб қўяди. Агар сенга фаросатнинг тузатувчи қўли тегса, сен жуда ўткир бўлиб кетасан. Агар сени бир алдоқчи йўлдан оздириб, тузоғига тушира олса, алданасан.

Теварагингдаги сени ташлаб кетмайдиган бу кишилар сенинг ёмон ошналарингдирлар. Сен улардан осонликча саломат қутулмайсан, улар сенга фитна қиладилар. Сени улар фитнасидан фақат тўла бир покликкина сақлаб қола олиши мумкин, холос.

Аммо мана шу сенинг олдингда турган оғайнинг эса, сени ҳайратга солувчи, эзмадир. У ёлғонни тўқиб чиқарадиган ва қалбаки ишларга уста бир уйдирмачидир. У йўл озиғи берилмаган кишиларнинг сенга келтирган хабарига ўхшаган хабарларни келтиради. У хабарларнинг ҳақиқатини уйдирма билан булғайди, ростни ёлғонга қориштиради. Тағин у сенинг жосусинг ва айғоқчингми? Сенга маълум бўлмаган ва сендан узоқ бўлган нарсаларнинг хабарларини сенга у шу йўл билан келтиради. Сен бунинг ростини ёлғондан ажратиш билан, сохтадан чинни фарқ қилиш билан, хато пардалар ортидан тўғриларини сайлаб олиш билан синаласан. Сенга бундай қилишдан бошқа чора йўқ. Гоҳо бахт қўлингни тутиб, адашув муҳитидан қутқаради, гоҳо унинг берган хабари сени ҳайратда қолдиради, гоҳо ёлғон сени алдайди.

Мана бу ўнгингдаги ошнанг эса, сени йўлдан уришга жуда ҳам чоғлангандир. Агар у безовта бўлиб қўзғалиб қолса, уни насиҳат қилиш билан тўхтатиб ва юмшоқлик билан босиб бўлмайди. У худди қуруқ ўтинга тушган ўтдай ё босиб келаётган селдай, ё маст туядай ва ё қасд оладиган шердай, унинг жиловини тутиб бўлмайди.

Мана бу сўлингдаги ошнанг эса, ўлгудай ифлос, очофат, бутун  вужуди билан шаҳватга берилган кишидир. Унинг қорнини тупроқдан бўлак ҳеч нарса тўлдиролмайди, очлигини гард, чангдан бўлак ҳеч нарса йўқота олмайди. У ўлгудай ялоқи, хўранда, ютоққан, мечкай ва ямлоқдир. У роса очиқтириб, кейин ахлатга қўйиб юборилган тўнғизга ўхшайди.

Эй, мискин! Бу ошналарингга сен шундай боғланиб қолгансанки, улар ва уларга ўхшаганларнинг оёғи ҳеч ҳам тегмаган мамлакатга чиқиб кетиб, улардан қутулмасанг, бошқа ҳеч нарса сени қутқаролмайди. Лекин ҳозир улардан ажралишнинг вақти ҳам эмас, қочиб қутулишинг ҳам қийин. Энди қўлингни улардан узун қилиб юр. Сенинг ҳукминг улар ҳукмидан устун келсин. Сен ўз тизгинингни улар қўлига тутқазиб қўйишдан ёки уларнинг ўзингга етакчи бўлишларидан сақлан. Қайтангга уларга яхши тадбир қўллаб, устун келишга ҳаракат қил. Шунда сен уларни тўғри йўлга бошлаган бўласан. Агар сен қаттиқ турсанг, уларни ўзингга қаратасан, улар эса сени ўзларига қарата олмайдилар. Сен уларни эгаллаб оласан, улар сени эгаллай олмайдилар. Бу ўртоқ ва оғайниларинг ҳақида сенинг учун энг яхши ҳийла ва тадбир шуки, лаганбардорлик билан муомала қиладиган бу калтафаҳмга алданишдан иборат ғазаб аралаш ошифталик ва қийин ишни учратсанг, у бадхулқ билан бу калтафаҳмнинг бошига яхшилаб уриб синдирасан, шунда унинг мартабаснни жуда пасайтирган бўласан. Аммо мана бу очкўзга у то Парвардигорга катта қасам ичиб, сени ишонтирмагунигача унга мойил эканлигингни билдирма. Агар у қасам ичиб, инонтирса, инон, унинг сенга келтираётган хабари рост-ёлғон аралаш бўлса ҳам эшитишдан қочма. Шунда сен унинг хабарларидан аниқ ва исботлашга лойиқ бўлганини йўқотмаган бўласан.

Шундай қилиб, у чол, менга оғайниларимдан гапириб, уларни менга тавсифлаб берганида ошналарим ҳақида билган нарсаларини, рост, деб қабул қилишга шошилдим. Ахир, мен уни имтиҳон қила бошлаганимда, сўраган кишим улар ҳақидаги хабарларнинг тўғрисини менга айтиб берди-да!

Мен машаққат тортиб, улар билан шуғуллана бошладим. Гоҳ менинг қўлим улардан, гоҳ уларнинг қўли мендан баланд келарди. То ажралиш пайти келгунга қадар бу ошналарим билан яхши қўшничилик қилишим учун Парвардигордан ёрдам тилайман.

Сўнгра бу чолдан зўр бир орзу ва иштиёқ билан саёҳатда раҳнамолик қилишини истадим. У менга айтди:
— Сен ва сенга ўхшаш кишилар менинг саёҳатимдек саёҳат қилмоқчи бўлишса, бунга йўл беркдир. У саёҳат йўли сенга ва сенга ўхшашларга ҳам беркилган. Яккаланиш сенга бахт-саодат бағишламасмикин?! Бахт учун белгиланган вақт бор; сен у вақтдан олдин бахтга эришолмайсан. Сен баъзи вақтлар қўним аралаш саёҳат қилишга ва баъзи вақтлар улар билан биргалашиб туришга кўниккин. Жуда иштиёқ билан саёҳатга чиққанингда сен мен билан бирга бўласан. Шунда сен уларни ўзинг билан бирга олмай, ташлаб кетарсан. Агар сен у ошналарингга мойил бўлсанг, улар томонга борарсан; то улардан юз ўгира олишлигинг муяссар бўлгунгача мендан алоқангни узиб турарсан.

Шундай қилиб, гап ҳар бир иқлим аҳволидан, тўла билган ва эшитган хабарларидан сўрашга келиб етди. Шунда у менга айтди:
— Ер чегараси учтадир: бири Хофиқони деб аниқланган чегарадир. Бу чегаранинг ҳақиқати маълум. У ҳақда кетма-кет очиқ ва ажойиб хабарлар келиб туради. У улуғ нарсаларни ўз ичига олган, яна иккита ажойиб чегара бор: бири Кунботар, бошқа бири Кунчиқардир.

Буларнинг ҳар бирида биттадан мамлакат бор. Бу иккаласи оралиғи билан ннсонлар олами оралиғини ажратиб турган чегара бор. У чегарадан худо томонидан, асли яратилишда ўтиш лаёқатини касб қилган, махсус одамлардан ташқари, ҳеч ким ўтолмайди. Бу чегаралардан ўтишда турғун ҳаёт чашмаси ёнида шариллаб оқиб турган чашмада чўмилиш фойда беради. Агар саёҳатчи ўша чашмага йўл топса, унда ювиниб, тоза бўлса ва унинг ширин сувидан ичса, у вақтда унинг аъзоларида ажойиб бир қувват пайдо бўлиб, у билан бу саҳроларни босиб ўтишга қодир бўлади. У Баҳр ул-Муҳитда чўкмайди. Қоф тоғи унинг йўлини тўсолмайди. Забония  (Жаҳаннамда  кофирлар ва гуноҳкорларга аёвсиз жазо берувчи фаришта номи. ХДК изоҳи)  ҳам уни жаҳаннамга улоқтириб юбора олмайди.

Биз булоқни яхшилаб тушунтириб беришни сўрадик. У айтди:

— Сен буни эшитгансан: Қутб томондаги турғун қоронғуликларнинг ҳоли сенга маълум. Қуёш ҳар йили маълум муддатгача уни ёритишга қодир бўлолмайди. У қоронғуликларга кирган ва улардан тортинмаган киши  нурга тўлган чексиз бир бўшлиққа етиб боради. Шунда, унга энг олдин, баландликка қараб, дарё бўлиб шариллаб оқаётган чашма кўринади. Кимки бу чашмада чўмилса, сувда чўкмай, енгил юради; тоғ чўққиларига қийналмай чиқиб, ниҳоят инсоният оламидан ажралган ўша икки чегаранинг бирига эришади.

Мамлакатимиз Мағриб чегарасидан узоқ бўлгани учун чегара ҳақида гапириб беришини сўрадик. Шунда у айтди:

— Мағрибнинг энг узоқ жойида катта ва иссиқ бир денгиз бор. Уни Аллоҳ китобида «Айнан ҳамиатан» (иссиқ чашма) деб юритилади. Қуёш унинг яқинига ботади. Бу денгиз чеки йўқ кенг бир хароб мамлакатдан бошланади. У иқлимга турли томондан ғариблар келиб, уни обод қилиб турадилар, холос. Унинг ерларини доимий қоронғилик қоплаб олган, у ерга борадиган кўчманчилар қуёш ботганда керак бўлади, деб ўзлари билан бирга бир озгина нур ҳам олиб борадилар. Унинг ерлари шўр тупроқдир. Бу ерга келиб қўниб қолганлар ўзлари учун у ерни обод қилиб, ариқлар қазийдилар, бинолар қуриб, кўчатлар экадилар. Бошқа бировлар иморат соладилар, кейин у бинолар қулайди, уни яна тиклайдилар, яна бузадилар.

Бу ернинг одамлари ўртасида доимо жанжал, ҳатто уришлар ҳам юз бериб туради. Қайси бир тоифа зўр келса, бошқа тоифанинг уйларини эгаллаб олади. Шу билан бирга бу зўр келганлар (мағлуб)  уй эгаларини у ердан мажбурий равишда кўчириб юборадилар. Улар ўз ерларида қолишни исташса ҳам, хўрланишлари бунга йўл қўймайди. Буларнинг одатлари шудир, бундан қайтмайдилар. Бу иқлимга ҳар хил жонлилар келади, унда ўсимликлар ўсади. Лекин бу ерга келиб қарор топган жонлилар, бу ернинг ўтлоғидан ўтлаб, баҳраманд бўлиб юрса ва сувидан ичса, суратларидан анча узоқ (яъни ўхшамаган) бир тусга кириб қолиб, ўз суратлари эса пардаланиб қолади. Шунда у мамлакатда инсонни жонивор териси билан ёпилганини ва унинг устида қалин ўтлар битишини, шу билан бирга, қолган ҳамма нарсаларнинг ҳоли нима кечишини кўрасан. Бу иқлим хароб бир жон бўлиб, ерлари шўроб, серфитна, сержанжал, серғалаёндир. Агар исталса, яхшилик ва хурсандчилик узоқ жойлардан олиб келинади.

Мана шу иқлим билан сизнинг иқлимларингиз ўртасида бошқа иқлимлар ҳам бор. Лекин осмон чети келиб туташган жойига ёндош мана шу иқлимнинг орқасида бир қанча нарсаларда худди шу иқлимга ўхшаш яна бир иқлим бор. Уларнинг бири ғариб ва узоқ ердан келган аҳолисидан бошқа ҳеч кимса йўқ, кимсасиз, бўм-бўш жойдир. Булардан яна бири, гарчи биз юқорида айтиб ўтган нур деразасига энг яқин бўлса ҳам, нурни бегона жойдан ўғирлайдиган иқлимдир. Бундан олдинги иқлим ернинг асоси ва қароргоҳи бўлганидек, кейингиси осмонларнинг қароргоҳидир. Лекин бу кейинги иқлимда ободонлик йўлга қўйилган. Бу иқлимга келиб тушувчилар орасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Ҳар бир халқ учун тайинланган маълум ўлка бор. Улар устига ҳеч ким ғолиб бўлиб бостириб кирмайди. Обод қилинган жойнинг бизга энг яқин қисмида яшовчи халқ кичик жуссали, серҳаракат кишилардир. Уларнинг шаҳарлари эса саккизта бўлади.

Унга ёндашган мамлакат аҳлларининг жуссаси эса булардан ҳам кичикроқ, юриш-туришлари оғирроқ бўлади. Улар ёзув-чизув ва нужум, найрангбозликлар, тилсимлар, нозик синоатлар, юксак ишларни биладилар ва шулар билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг шаҳарлари тўққизтадир. Бу мамлакат аҳолиси ёқимли, жуда гўзал бўлади. Улар кайф-сафони жуда ҳам яхши кўришади, ғамдан озодлар, турли нағмаларни латиф қилиб чалишади, унинг турли-туман куйларннн билишади. Бир хотин уларга подшоҳлик қилади. Эҳсон ва яхшилик улар учун табиийдир. Агар ёмон нарса гапирилиб қолинса, ундан нафратланишади. Бу хотин подшоҳнинг шаҳарлари саккизтадир.

Унга туташган мамлакатда яшовчиларнинг жуссалари катта, юзлари сухсурдек; улардаги хислатлардан бири шуки, уларнинг бир-бирлари билан танишишлари жуда ҳам фойдасиз, яқинлашиш азиятли бўлади. Уларнинг шаҳарлари бештадир.

Унга ёндашган мамлакатда дунёда ёмонлик қиладиган халқлар жойлашган. Улар бўғиш, қон тўкиш, ўлдириш ва оёқ-қўл кесишни яхши кўрадилар, ўйин-кулгини севадилар. Уларнинг кулфат келтирадиган қотил, урадиган, қирмиз юзли, йўлдан урувчи подшоҳлари бор.

Бу қисса ривоятчиларининг айтишича, бу ҳоким юқорида айтганимиз чиройлик подшоҳ хотинга ошиқ экан, унинг муҳаббати буни ошифта қилиб қўйган экан. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.

Унга ёндашган буюк мамлакат аҳллари иффат, адолат, ҳикмат ва тақвога берилган, яхшиликни қўлга киритиш учун ҳар томонга боришга тайёр, узоқ ва яқин барча кишиларга шафқат кўрсатишга эътиқодлидирлар. Билган ва билмаганларига яхшилик кўрсатувчилардир. Нафосат ва гўзалликда буларнинг тенги йўқ. Буларнинг ҳам шаҳарлари еттитадир.

Унга ёндашган мамлакат аҳолиси эса чуқур фикр юритувчи, ёмонликка берилган халқдир. Агар яхшилик қилсалар, уни жуда ҳам уддалайдилар. Булар бирон-бир тоифа устига юриш қилишса, шошган киши каби эмас, балки ақлли киши сингари тадбир кўрадилар; қиладиган ишларида сабрдан бошқа нарсага асосланмайдилар. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.

Ундан кейин, кенг ўлкали, кўп иморатли катта бир мамлакат бор. Бу мамлакатнинг обод қилувчилари кўп. Халқлари шаҳарларда туришмайди, саҳроларда яшашади. Уларнинг турар жойлари ўн икки бўлакка бўлинган қуруқ ердир. Уларнинг йигирма саккиз қўноқ жойи бор. Уларнинг ҳеч қайсиси бошқаларнинг қўноғига боришмайди. Лекин олд томондаги уйлардан бирор тоифа кўчса, уларнинг орқаларидан бошқа бир тоифа бориб, уларнинг жойларини дарҳол эгаллаб олади. Бундан олдинги мамлакатларнинг халқлари бу мамлакатга келиб-кетиб турадилар.

Унга яна бир мамлакат ёндашган. Бу мамлакат уфқига то ушбу вақтгача ҳеч ким етган эмас, пайқаган ҳам эмас. Унда на шаҳарлар бор, на қишлоқлар. Кўз билан кўриладиган зотлар бу ерда туришмайди. Бу ерни обод қилиб турувчилар руҳоний фаришталардир. Ҳеч бир инсон у ерга тушмайди. Бу мамлакатдан унга ёндаш бўлган мамлакатлардагиларга фармонлар тушиб туради. Бунинг орқасида обод жой йўқ. Оламнинг Мағриб деб аталадиган чап томонидан бу икки иқлимга ерлар ва осмонлар туташган.

Агар ундан Машриқ томонга юзлансанг, сенга бир иқлим кўринади. Бу иқлимда на инсон, на ўт, на тош бор. Фақатгина у кенг бир саҳро, суви лиқ тўла денгиз, жиловланган шамоллар, алангаланган ўтдан иборат, холос. Буни босиб ўтсанг, юксак тоғли, оқар дарёлар, гизиллаган шамоллар, ёмғирли булутлари мавжуд бир жойга дуч келасан ва у ерда олтин, кумуш, қимматли ва арзон гавҳарларнинг хил ва турларига эга бўласан. Лекин унда ҳеч бир ўсимлик йўқ.

Бу ердан ўтгач, бошқа бир иқлимга бориб қоласан. Бу иқлим юқорида айтилган жойда бўлмаган нарсалар билан лиқ тўла. Унда ер бағирлаб ўсадиган ўсимликларнинг барча тури, мевали ва мевасиз,  донли ва уруғли дарахтлар бор. У ерда юрадиган ва овоз чиқарадиган жондорларни кўрмайсан, Ундан ўтиб, бошқа бир иқлимга бориб қоласан, тилсиз, сузувчи, судралувчи, тўғри учувчи ва туғилувчи ҳайвонларнинг ҳамма турларини кўрасан. Унда сенга улфат бўладиган кимса бўлмайди. Унда кўрган ва эшитганларингни ўқиб олиб, ҳамжинсларинг оламига қутулиб чиқасан.

Агар Машриқ томонга йўналсанг, қуёшни шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқишининг шоҳиди бўласан. Чунки шайтоннинг иккита шохи бор: бири учади, бири юради. Машриқ томонда юрадиган халқлар икки қабиладан иборатдир. Бирининг хулқи йиртқич ҳайвонсифат, бошқасининг хулқи эса тўрт оёқли уй ҳайвони сифатдир. Булар иккови орасида доим жанжаллар бўлиб туради. Буларнинг иккаласи Машриқнинг сўл томонидадир. Учадиган шайтонларнинг жойлари эса Машриқнинг ўнг томонидадир. Булар бир хил жинсдан яратилмай, балки уларнинг ҳар бири деярлик бир-биридан ажратилган ҳолда, нодир кўринишда яратилгандир. Уларнинг баъзиси икки хил, баъзиси уч, бошқа баъзиси тўрт хил қилиб учадиган инсон ва чўчқа бошли илон каби яратилган. Баъзиси ярим одам ва бошқа баъзиси бир кафти инсон қўлию, бошқа ҳамма жойлари ҳайвонларнинг аъзосидан иборат. Рассомлар тасвирлайдиган суратларнинг ўша иқлимдан олиб келинганлиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Бу иқлимда ғолиб келган  подшоҳ бу ерда бешта чопар — алоқа йўли ташкил қилган. Шунингдек, у ўша мамлакат учун қуролхоналар қурган ва унга қуролли кишилар қўйган. Булар бу олам аҳлидан кимки у ерга бориб қолса, уни шартта тутиб оладилар ва ўзларига етган барча хабарларни ўша орқали исботлайдилар. Кейин асирларни мамлакат эшигини тутиб турувчи ўша бешта чопарнинг бошлиғига топширадилар. Асирларда бекитиб муҳрланган ёзма хабарлар бўлади, лекин ундан мудир ҳам хабардор бўлолмайди. Бу мудирнинг вазифаси мактубларнинг барчасини подшоҳга билдириш учун хазиначига етказишдир. Асирларга эса мана шу хазиначи қараб туради. Уларнинг қуроллари эса бошқа хазиначига сақлаш учун топширилади. Сизнинг оламингиздан асир олинган инсонлар, ҳайвонлар ва бошқалар ўз суратлари билан ўша турларнинг бири бўлиб кўпаядилар.

Бу иккала шох ўртасидан бу иқлимингизга сафар қилувчи киши ннсонларнинг нафас йўлларидан кириб, ҳатто уларнинг қалбларининг қора нуқтасигача боради. Аммо бу икки юрувчи шохнинг йиртқич ҳайвон суратдагиси инсонга уни қийнайдиган бир азият етишини кутиб туради. Агар азият етса, уни бўрттиради ва инсонга ваҳшийлик қилиш, ўлдириш, қулоқ-бурунни кесиб сазойи қилиш, азоб бериб қийнаш каби ёмон ишларни яхши қилиб кўрсатади. У инсон вужудида жабр қилиш, зулм ва эзиш ҳисларини уйғотади, уни шунга мойил қилиб тарбиялайди. Лекин бу икки шохдан бошқа бир шох эса инсон боласига ёмонлик, ман қилинган иш, фисқу фужурларни яхши қилиб кўрсатади ва шунга қизиқтиради. Ҳатто унинг елкасига миниб олади. Қизиқтиришда давом этиб, ниҳоят уни ўша томонга тортади.

Аммо у учадиган шох эса, кўзи билан кўрмаганни ёлғондан кўрдим, деб алдайди, яратилган нарсаларга ибодат қилишни тасвирлаб беради. Инсоннинг дилига, ўлгандан кейин қайтиб тирилиш йўқ, оқибати ёмонлик ва яхшиликни кўриш ҳам йўқ, бу мамлакатни яратувчиси ҳам йўқ, деб инсон қалбини қоралайди, фикрини бузади.

Бу иккала шохдан буёғини иқлимингиз ортидаги иқлим чегарасига яқин ер фаришталари обод қилишади, фаришталарнинг йўл кўрсатиши билан у тоифа тўғри йўлни топиб, динсизларнинг йўлидан чиқадилар, пок руҳлилар ахлоқига эга бўладилар. Булар агар инсонлар билан аралашсалар, уларга ёмон хулқларни ўргатмайдилар, йўлдан оздирмайдилар, инсонларнинг пок бўлишларига ёрдам берадилар. Улар жин ва ҳинлардир. Кимки ушбу иқлим орқасига етса, ер фаришталари турадиган бпр иқлимга боради. Булар икки табақага бўлинади: бири ўнг томондагиси бўлиб, бу билувчи ва буйруқ берувчидир. Рўбарўсидаги, чап томонда турувчи табақа эса, буйруқни қабул қилувчига ишловчилардир. Бу иккала табақа гоҳ жин ва инсон иқлимларига, пастга тушадилар, гоҳ кўкка кўтариладилар. Айтишларича, «хафазайи кироми котибийн» шулардан эмиш. Булардан ўнгда ўтириб кузатувчиси эса, буйруқ берувчилардан бўлиб, ёздириш иши шуларнинг қўлида. Чапда ўтириб кузатувчиси ишловчилардан бўлиб, ёзиш иши шунинг қўлида. Бу иқлимга ўтишга йўл топа олган киши осмоннинг нариги томонидан қутулиб чиқади. Шундан кейин у энг олдинги яратилганларни кўради. Уларнинг барчаси итоат қиладиган ягона подшоҳлари бор. Чегараларнинг биринчисида улуғ подшоҳларининг хизматкорлари унга яқинлаштирадиган амалларни қилиб турадилар. Улар очкўзлик, зиқналик, шаҳвоний иш, зулм ва ҳасад қилиш ҳамда ялқовлик қилишга мойиллик қилмайдиган покиза зотлардир. Улар бу мамлакат атрофларини обод қилиш учун қўйилган вакиллардир. Улар ўша ерда ҳар нарсадан огоҳ бўлиб турадилар. Булар маданий бўлиб, шаҳарларда, баланд-баланд кўшкларда, гўзал биноларда туришади.

Бу ернинг тупроғи иқлимингиз тупроғига ўхшамайди. Бу мамлакат ойна, ёқут ва шунга ўхшаган нарсалардан ҳам қаттиқроқдир. Уларнинг умрлари узун ва ўлим улардан йироқлаштирилган. Улар энг узоқ умр кўрадилар. Уларнинг вазифалари подшоҳлари билан жуда яқин ва жуда яхши аралашиш бўлиб, улар шоҳ мажлисига доим тайёр бўлиб турадилар. Подшоҳ хизматини қилишни ўзларига хорлик деб билишмайди ва қилаётган ишларини ўзгартиришмайди. Уларнинг ўзлари шоҳга яқин туришни исташади. Шоҳ олий мажлисининг даврасида ўтирадилар ва подшоҳдан ажралмайдиган бўлиб, унинг юзига қараш билан бахтга эришадилар. Буларнинг табиатлари гўзаллик ва зеҳн ўткирлиги, донолик, ростгўйлик билан ёқимлилик ва етуклик билан зийнатланган. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида жой ажратилган, даражаларн ҳам тайин, турар-жойлари ҳам маълум чегаралар билан белгиланиб қўйилган. Улар бу даражаларда туриб, бир-бирларининг ўринларини тортиб олмайдилар ва бошқаларнинг ишларига аралашмайдилар ҳам. Уларнинг ҳар бири бошқасидан юқори бўлиб, ўзганинг ишига аралашмайди, ўзини ундан камситишни эп кўрмайди.

Подшоҳнинг битта энг яқин кишиси бўлиб, у ҳам бўлса уларнинг отасидир. У кишилар ўша отанинг фарзанди ва невараларидир. Бу ота орқали улар подшоҳнинг буйруқ ва фармонларини олиб турадилар. Уларнинг ажойиб хусусиятларидан бири шуки, уларнинг табиатлари пир бўлиб, тез кексайишмайди.

Уларнинг отаси эса, гарчи улардан каттароқ бўлса-да, улардан ҳам кучга тўла, кўриниши ҳам ёшроқдир. Уларнинг ҳаммалари саҳрода туришади. Ҳамма нарса етарли, камчиликлари йўқ. Подшоҳлари эса, улардан ҳам эҳтиёжсиздир. Кимки уни бирор ирққа тааллуқли деб билса, у адашади, кимки унга лойиқ мақтовлар билан мақтай оламан деса, бекорларни айтибди. Унинг васфини қилишга кишининг кучи етмайди. У бирор нарсага ўхшатилишдан узоқ. Чунки ўхшатиш бўлак бир нарсага қиёслаш билан бўлади. Унда бўлса, бундай аъзолар йўқ. Шу сабабдан бутун вужуди ўзининг ҳусни учун чеҳра, сахийлиги учун қўлдир. Унинг ҳусни барча гўзалликларни йўқ қилиб юборадиган даражада бўлиб, унинг карами олдида барча нафис карамлар чиппакка чиқади. Агар бу подшоҳ атрофида хизматда бўладиганларнинг бирортаси фикр қилиб, уни кўраман деса, ҳасратида кўздан маҳрум бўлади ва шу кўйича мақсадга етмай қайтади. Унинг жамоли ўз ҳуснини пардасидир, ошкоралиги унинг яширинлигига, нур сочиши бекиклигига сабабдир. Худди қуёш озроқ ниқобланганда, очилиши кўпроқ талаб қилинганидайдир.

Қуёш нурига синчиклаб қарамоқчи бўлинганда, нури нурига парда бўлиб қолади. Бу подшоҳ ўз кишиларига кўриниб туради, уларга ўзини кўрсатишга бахиллик қилмайди. Кимки уни кўра олмас экан, буни ўз мулоҳазасининг етишмаслигидан деб билсин. У кўп яхшилик, хайр-эҳсон қиладиган, мўл нарса ато қиладиган даргоҳи кенг, барчага баравардир. Кимки унинг жамолидан бир озгина баҳраманд бўлса, уни ҳар ҳолда танийди. Бир кўз очнб юмгунча ҳам ундан кўзини ололмайди. Агар инсонлар у томонга ҳижрат қилиб турсалар, унинг фазилатларидан ўзларига кераклигини олишади ва бу иқлимингиз матоини бир пул қилишади. Мабодо, унинг ҳузуридан қайтишса, ўзларининг хоҳишига қараб эмас, балки мажбуран қайтишади. Ниҳоят Уйғоқ ўғли Тирик қўшиб қўйди:

— Агар, сени уйғотиш мақсадида қилган бу ҳикоям мени унга яқинлаштирмаганда эди, мен бу ҳикоя билан машғул бўлмасдим ва сенга бу сўзларни гапириб ўтирмасдим. Истасанг менга эргаш, сени унга олиб борайин.

055

ASAR HAQIDA
g'8

Abu Ubayd Juzjoniyning yozishiga qaraganda, Ibn Sino bu asarini hijriyning 414 yili  (milodiy 1023) Hamadonga yaqin bo’lgan Farajdan qal’asida to’rt oy qamalib yotgan paytida yozgan. Shayx bu vaqtlarda 44 yoshlarda bo’lgan. «Hayy ibn Yaqzon (Uyg’oq o’g’li tirik)» — ramziy-majoziy uslubda yozilgan qissasining bosh qahramonn — birinchi shaxs  Ibn Sinoning o’zi bo’lsa, uning suhbatdoshi, hikoya qiluvchi — Hayy ibn Yaqzon – Uyg’oq o’g’li Tirik – Aqldir. Qissadagi beshta aloqa bo’limi insondagi bor bo’lgan beshta tashqi sezuv organi — ko’rish, ta’m bilish, hidlash, eshitish, sezishdir. Bular kishi organizmida tabiatni tushunishda, munosabatda bo’lishda misoli bir xabarchidir. Ibn Sinoning bu qissasi ko’p jihatdan majoziy, ramziy bitilgan, kishilar fe’li atvorini o’z ichiga qamrab ololgan va hayotiy gaplardan mulohaza yuritadigan adabiy asar hamdir. Mana shu nuqtai nazardan qaraganimizda qissaning ikki sohada — ham falsafiy, ham adabiy sohada yozilganligini ko’ramiz.

Taniqli shoir va olim Abdulla Sher «Uyg’oq aql dahosi» maqolasida shunday yozadi: «Daho faylasuf va adibning qissalari orasida «Hayy ibn Yaqzon» («Uyg’oq o’g’li Tirik») alohida o’rin tutadi. Chunki unda, Ibn Sino ijodining, umuman, mashoiyyunlik falsafasining eng asosiy tushunchasi – aql haqida, uning mohiyati va ahamiyati borasida so’z boradi. Uyg’oq o’g’li Tirik – ya’ni, aql qissada o’z suhbatdoshi bo’lmish muallifga kishi olamni va odamni bilishi uchun mantiq ilmidan habardor bo’lishi kerakligini, bu ilm mohiyatan farosat ilmi bo’lib, inson o’z hayotida nima yaxshi-yu, nima yomon ekanini mantiqiy fikrlash orqali aniqlashtirib olishi mumkinligini uqtiradi. Qissada uyg’oq – faol aql yordamida inson asta-sekin barcha illatlardan forig’ bo’la borishi, fazilatlar egasiga aylanishi ta’kidlanadi, hissiyotga nisbatan aqlning ustuvor ahamiyatga egaligi falsafiy-majoziy shaklda ifodalanadi».

Demak, “Xayy ibn Yaqzon” mantiq ilmiga bag’ishlangani bilan ham aqliy tarbiyada katta ahamiyatga ega. Risola insondagi yomon illatlarni bartaraf etishda ilmu fan, ziyoning ahamiyati, insondagi aql-tafakkur quvvatining yomon illatlardan qutulishi, o’zligini anglash vositasi ekanligi bilan adabiy-falsafiy asargina bo’lib qolmay, tarbiyaviy asar sifatida ham qimmatlidir.

Taniqli shoir va olim Abdulla Sher «Uyg’oq aql dahosi» maqolasida shunday yozadi: «Daho faylasuf va adibning qissalari orasida «Hayy ibn Yaqzon» («Uyg’oq o’g’li Tirik») alohida o’rin tutadi. Chunki unda, Ibn Sino ijodining, umuman, mashoiyyunlik falsafasining eng asosiy tushunchasi – aql haqida, uning mohiyati va ahamiyati borasida so’z boradi. Uyg’oq o’g’li Tirik – ya’ni, aql qissada o’z suhbatdoshi bo’lmish muallifga kishi olamni va odamni bilishi uchun mantiq ilmidan habardor bo’lishi kerakligini, bu ilm mohiyatan farosat ilmi bo’lib, inson o’z hayotida nima yaxshi-yu, nima yomon ekanini mantiqiy fikrlash orqali aniqlashtirib olishi mumkinligini uqtiradi. Qissada uyg’oq – faol aql yordamida inson asta-sekin barcha illatlardan forig’ bo’la borishi, fazilatlar egasiga aylanishi ta’kidlanadi, hissiyotga nisbatan aqlning ustuvor ahamiyatga egaligi falsafiy-majoziy shaklda ifodalanadi».

Demak, “Xayy ibn Yaqzon” mantiq ilmiga bag’ishlangani bilan ham aqliy tarbiyada katta ahamiyatga ega. Risola insondagi yomon illatlarni bartaraf etishda ilmu fan, ziyoning ahamiyati, insondagi aql-tafakkur quvvatining yomon illatlardan qutulishi, o’zligini anglash vositasi ekanligi bilan adabiy-falsafiy asargina bo’lib qolmay, tarbiyaviy asar sifatida ham qimmatlidir.

Abu Ali ibn Sino
HAYY IBN YAQZON (UYG’OQ  O’G’LI  TIRIK)
Arabchadan Abdusodiq Irisov tarjimasi
g'8

088Abu Ali ibn Sino (980–1037) Buxoro viloyatining Afshona qishlog’ida tug’ilgan. Ismi Husayn, otasining ismi Abdulloh edi. Husaynning yoshligi va yigitlik davri somoniylar hukmronligining so’nggi davriga, xususan, Nuh II ibn Mansur Somoniy hukmronligi davri (976–997)ga to’g’ri keladi. Abu Abdulloh Notiliydan falsafani, Hasan ibn Nuh al-Qumriydan tabiiyot ilmini tahsil oldi. 16–17 yoshlarida Ibn Sino mashhur tabib bo’lib tanildi. Buxoroni qoraxoniylar zabt etgach, 1000 yilda Buxorodan chiqib Xorazmga bordi va Ma’mun akademiyasida faoliyat yuritdi. Keyinchalik Mahmud G’aznaviyning ta’qibidan qochib, Erondagi turli shaharlarda yashadi. Jurjonga kelgach, Ibn Sino hokim Qobus ibn Vashmgir saroyida tabib sifatida shuhrat qozondi. 1019–21 yillarda Hamadonda vazir lavozimida xizmat qildi. Ba’zi sabablarga ko’ra bu yerdan qochib, Isfahonga boradi va butun umrini ilm-fanga bag’ishladi.
Abu Ali ibn Sino buyuk tabobat olimi, faylasuf, tilshunos bo’lish bilan birga, tasavvuf olimi va zabardast adib ham edi. Uning “Tayr qissasi (Qush hikoyati)”, “Salomon va Ibsol”, «Hayy ibn Yaqzon (Uyg’oq o’g’li tirik)», “Yusuf” kabi nasriy asarlari X–XII asrlarda O’rta Osiyodagi badiiy nasrning yuksak namunalaridir. Ibn Sino bu asarlarida tasavvuf ta’limotida irfoniy ishq falsafasini ilgari surgan.

g'8

O’z shahrimda turgan vaktimda uning atrofidagi sayilgoh joylarning birisiga o’rtoqlarim bilan sayohat kilishga muvaffaq bo’ldim. Biz o’sha yerni aylanib yurgan vaqtimizda ko’zimizga bir nuroniy, yoshi ham anchaga borib qartayib qolgan, lekin o’zi hali barvasta, tetik suyaklari ham susaymagan, hech bir a’zosi bo’shashmagan va xullas soch oqarishdan boshqa hech qarilik nishonasi bo’lmagan bir chol ko’rindi. Shunda mening u bilan gaplashishga havasim kelib, o’zimdan-o’zim uning pinjiga kirgim va u bilan yaqin bo’lgim kelib qoldi. Keyin o’rtoqlarim bilan unga qarab ravona bo’ldim. Unga yaqinlashgan chog’imizda, u bizdan avval salom berdi va juda dilga yoqar, ma’qul gaplardan gapira boshladi. Gapga kirishib ketibmiz, hatto gap aylanib, uning hol-ahvoli, yoshi, hunari, hattoki uning ismi, nasabi, shahrini bilishgacha ham borib yetdi.

Keyin u javob berib aytdi:
— Ismim Tirik, nasabimga kelsak, Uyg’oq o’g’liman. Shahrim Bayt ul-muqaddasdir. Hunarim jahon tevaragini sayohat qilish va hatto olamning hamma tomonlaridan xabardor bo’lib yurishdir. Shu sayohatlarimda yuzimni otam tomonga qaratganman. U tirikdir. Men barcha ilmlar kalidini undan olganman. U menga olam chegaralariga olib boradigan yo’llarni ko’rsatgan, sayohat qilish bilan hatto hamma iqlim ufqlari menga ko’rinib qoldi.

Ancha mahalgacha u bilan har xil ilm sohalarida masalalar aytishardik va ularning haqiqatini tushuntirib berishni so’rardik, nihoyat farosat ilmiga yetdik. Men uning bu ilmda shunchalik to’g’ri fikr yuritayotganinm ko’rib, juda ham hayratda qoldim. Negaki, u biz kelib to’xtagan farosat ilmidan gap boshlab, mana shunday dedi:

— Farosat ilmi foydasi naqd bo’lgan ilmlardandir. Sen bu ilmni bilib olsang, u senga kishilarning o’zlari yashirib yurgan fe’lu atvorlarini bildiradi. Mana shu farosatning bildirishi natijasida o’z bilging bilan unga boylanib qolarsan, yo undan yuz o’girarsan. Farosat ilmi sening o’zingni aslingda bor bo’lgan instinktiv yaratilmalaring, o’zgartirilmagan tabiatlaringni ko’z o’ngingga keltirib qo’yadi. Agar senga farosatning tuzatuvchi qo’li tegsa, sen juda o’tkir bo’lib ketasan. Agar seni bir aldoqchi yo’ldan ozdirib, tuzog’iga tushira olsa, aldanasan.

Tevaragingdagi seni tashlab ketmaydigan bu kishilar sening yomon oshnalaringdirlar. Sen ulardan osonlikcha salomat qutulmaysan, ular senga fitna qiladilar. Seni ular fitnasidan faqat to’la bir poklikkina saqlab qola olishi mumkin, xolos.

Ammo mana shu sening oldingda turgan og’ayning esa, seni hayratga soluvchi, ezmadir. U yolg’onni to’qib chiqaradigan va qalbaki ishlarga usta bir uydirmachidir. U yo’l ozig’i berilmagan kishilarning senga keltirgan xabariga o’xshagan xabarlarni keltiradi. U xabarlarning haqiqatini uydirma bilan bulg’aydi, rostni yolg’onga qorishtiradi. Tag’in u sening josusing va ayg’oqchingmi? Senga ma’lum bo’lmagan va sendan uzoq bo’lgan narsalarning xabarlarini senga u shu yo’l bilan keltiradi. Sen buning rostini yolg’ondan ajratish bilan, soxtadan chinni farq qilish bilan, xato pardalar ortidan to’g’rilarini saylab olish bilan sinalasan. Senga bunday qilishdan boshqa chora yo’q. Goho baxt qo’lingni tutib, adashuv muhitidan qutqaradi, goho uning bergan xabari seni hayratda qoldiradi, goho yolg’on seni aldaydi.

Mana bu o’ngingdagi oshnang esa, seni yo’ldan urishga juda ham chog’langandir. Agar u bezovta bo’lib qo’zg’alib qolsa, uni nasihat qilish bilan to’xtatib va yumshoqlik bilan bosib bo’lmaydi. U xuddi quruq o’tinga tushgan o’tday yo bosib kelayotgan selday, yo mast tuyaday va yo qasd oladigan sherday, uning jilovini tutib bo’lmaydi.

Mana bu so’lingdagi oshnang esa, o’lguday iflos, ochofat, butun vujudi bilan shahvatga berilgan kishidir. Uning qornini tuproqdan bo’lak hech narsa to’ldirolmaydi, ochligini gard, changdan bo’lak hech narsa yo’qota olmaydi. U o’lguday yaloqi, xo’randa, yutoqqan, mechkay va yamloqdir. U rosa ochiqtirib, keyin axlatga qo’yib yuborilgan to’ng’izga o’xshaydi.

Ey, miskin! Bu oshnalaringga sen shunday bog’lanib qolgansanki, ular va ularga o’xshaganlarning oyog’i hech ham tegmagan mamlakatga chiqib ketib, ulardan qutulmasang, boshqa hech narsa seni qutqarolmaydi. Lekin hozir ulardan ajralishning vaqti ham emas, qochib qutulishing ham qiyin. Endi qo’lingni ulardan uzun qilib yur. Sening hukming ular hukmidan ustun kelsin. Sen o’z tizginingni ular qo’liga tutqazib qo’yishdan yoki ularning o’zingga yetakchi bo’lishlaridan saqlan. Qaytangga ularga yaxshi tadbir qo’llab, ustun kelishga harakat qil. Shunda sen ularni to’g’ri yo’lga boshlagan bo’lasan. Agar sen qattiq tursang, ularni o’zingga qaratasan, ular esa seni o’zlariga qarata olmaydilar. Sen ularni egallab olasan, ular seni egallay olmaydilar. Bu o’rtoq va og’aynilaring haqida sening uchun eng yaxshi hiyla va tadbir shuki, laganbardorlik bilan muomala qiladigan bu kaltafahmga aldanishdan iborat g’azab aralash oshiftalik va qiyin ishni uchratsang, u badxulq bilan bu kaltafahmning boshiga yaxshilab urib sindirasan, shunda uning martabasnni juda pasaytirgan bo’lasan. Ammo mana bu ochko’zga u to Parvardigorga katta qasam ichib, seni ishontirmagunigacha unga moyil ekanligingni bildirma. Agar u qasam ichib, inontirsa, inon, uning senga keltirayotgan xabari rost-yolg’on aralash bo’lsa ham eshitishdan qochma. Shunda sen uning xabarlaridan aniq va isbotlashga loyiq bo’lganini yo’qotmagan bo’lasan.

Shunday qilib, u chol, menga og’aynilarimdan gapirib, ularni menga tavsiflab berganida oshnalarim haqida bilgan narsalarini, rost, deb qabul qilishga shoshildim. Axir, men uni imtihon qila boshlaganimda, so’ragan kishim ular haqidagi xabarlarning to’g’risini menga aytib berdi-da!

Men mashaqqat tortib, ular bilan shug’ullana boshladim. Goh mening qo’lim ulardan, goh ularning qo’li mendan baland kelardi. To ajralish payti kelgunga qadar bu oshnalarim bilan yaxshi qo’shnichilik qilishim uchun Parvardigordan yordam tilayman.

So’ngra bu choldan zo’r bir orzu va ishtiyoq bilan sayohatda rahnamolik qilishini istadim. U menga aytdi:
— Sen va senga o’xshash kishilar mening sayohatimdek sayohat qilmoqchi bo’lishsa, bunga yo’l berkdir. U sayohat yo’li senga va senga o’xshashlarga ham berkilgan. Yakkalanish senga baxt-saodat bag’ishlamasmikin?! Baxt uchun
belgilangan vaqt bor; sen u vaqtdan oldin baxtga erisholmaysan. Sen ba’zi vaqtlar qo’nim aralash sayohat qilishga va ba’zi vaqtlar ular bilan birgalashib turishga ko’nikkin. Juda ishtiyoq bilan sayohatga chiqqaningda sen men bilan birga bo’lasan. Shunda sen ularni o’zing bilan birga olmay, tashlab ketarsan. Agar sen u oshnalaringga moyil bo’lsang, ular tomonga borarsan; to ulardan yuz o’gira olishliging muyassar bo’lgungacha mendan aloqangni uzib turarsan.

Shunday qilib, gap har bir iqlim ahvolidan, to’la bilgan va eshitgan xabarlaridan so’rashga kelib yetdi. Shunda u menga aytdi:
— Yer chegarasi uchtadir: biri Xofiqoni deb aniqlangan chegaradir. Bu chegaraning haqiqati ma’lum. U haqda ketma-ket ochiq va ajoyib xabarlar kelib turadi. U ulug’ narsalarni o’z ichiga olgan, yana ikkita ajoyib chegara bor: biri Kunbotar, boshqa biri Kunchiqardir.

Bularning har birida bittadan mamlakat bor. Bu ikkalasi oralig’i bilan nnsonlar olami oralig’ini ajratib turgan chegara bor. U chegaradan xudo tomonidan, asli yaratilishda o’tish layoqatini kasb qilgan, maxsus odamlardan tashqari, hech kim o’tolmaydi. Bu chegaralardan o’tishda turg’un hayot chashmasi yonida sharillab oqib turgan chashmada cho’milish foyda beradi. Agar sayohatchi o’sha chashmaga yo’l topsa, unda yuvinib, toza bo’lsa va uning shirin suvidan ichsa, u vaqtda uning a’zolarida ajoyib bir quvvat paydo bo’lib, u bilan bu sahrolarni bosib o’tishga qodir bo’ladi. U Bahr ul-Muhitda cho’kmaydi. Qof tog’i uning yo’lini to’solmaydi. Zaboniya (Jahannamda kofirlar va gunohkorlarga ayovsiz jazo beruvchi farishta nomi. XDK izohi) ham uni jahannamga uloqtirib yubora olmaydi.

Biz buloqni yaxshilab tushuntirib berishni so’radik. U aytdi:

— Sen buni eshitgansan: Qutb tomondagi turg’un qorong’uliklarning holi senga ma’lum. Quyosh har yili ma’lum muddatgacha uni yoritishga qodir bo’lolmaydi. U qorong’uliklarga kirgan va ulardan tortinmagan kishi nurga to’lgan cheksiz bir bo’shliqqa yetib boradi. Shunda, unga eng oldin, balandlikka qarab, daryo bo’lib sharillab oqayotgan chashma ko’rinadi. Kimki bu chashmada cho’milsa, suvda cho’kmay, yengil yuradi; tog’ cho’qqilariga qiynalmay chiqib, nihoyat insoniyat olamidan ajralgan o’sha ikki chegaraning biriga erishadi.

Mamlakatimiz Mag’rib chegarasidan uzoq bo’lgani uchun chegara haqida gapirib berishini so’radik. Shunda u aytdi:

— Mag’ribning eng uzoq joyida katta va issiq bir dengiz bor. Uni Alloh kitobida «Aynan hamiatan» (issiq chashma) deb yuritiladi. Quyosh uning yaqiniga botadi. Bu dengiz cheki yo’q keng bir xarob mamlakatdan boshlanadi. U iqlimga turli tomondan g’ariblar kelib, uni obod qilib turadilar, xolos. Uning yerlarini doimiy qorong’ilik qoplab olgan, u yerga boradigan ko’chmanchilar quyosh botganda kerak bo’ladi, deb o’zlari bilan birga bir ozgina nur ham olib boradilar. Uning yerlari sho’r tuproqdir. Bu yerga kelib qo’nib qolganlar o’zlari uchun u yerni obod qilib, ariqlar qaziydilar, binolar qurib, ko’chatlar ekadilar. Boshqa birovlar imorat soladilar, keyin u binolar qulaydi, uni yana tiklaydilar, yana buzadilar.

Bu yerning odamlari o’rtasida doimo janjal, hatto urishlar ham yuz berib turadi. Qaysi bir toifa zo’r kelsa, boshqa toifaning uylarini egallab oladi. Shu bilan birga bu zo’r kelganlar (mag’lub) uy egalarini u yerdan majburiy ravishda ko’chirib yuboradilar. Ular o’z yerlarida qolishni istashsa ham, xo’rlanishlari bunga yo’l qo’ymaydi. Bularning odatlari shudir, bundan qaytmaydilar. Bu iqlimga har xil jonlilar keladi, unda o’simliklar o’sadi. Lekin bu yerga kelib qaror topgan jonlilar, bu yerning o’tlog’idan o’tlab, bahramand bo’lib yursa va suvidan ichsa, suratlaridan ancha uzoq (ya’ni o’xshamagan) bir tusga kirib qolib, o’z suratlari esa pardalanib qoladi. Shunda u mamlakatda insonni jonivor terisi bilan yopilganini va uning ustida qalin o’tlar bitishini, shu bilan birga, qolgan hamma narsalarning holi nima kechishini ko’rasan. Bu iqlim xarob bir jon bo’lib, yerlari sho’rob, serfitna, serjanjal, serg’alayondir. Agar istalsa, yaxshilik va xursandchilik uzoq joylardan olib kelinadi.

Mana shu iqlim bilan sizning iqlimlaringiz o’rtasida boshqa iqlimlar ham bor. Lekin osmon cheti kelib tutashgan joyiga yondosh mana shu iqlimning orqasida bir qancha narsalarda xuddi shu iqlimga o’xshash yana bir iqlim bor. Ularning biri g’arib va uzoq yerdan kelgan aholisidan boshqa hech kimsa yo’q, kimsasiz, bo’m-bo’sh joydir. Bulardan yana biri, garchi biz yuqorida aytib o’tgan nur derazasiga eng yaqin bo’lsa ham, nurni begona joydan o’g’irlaydigan iqlimdir. Bundan oldingi iqlim yerning asosi va qarorgohi bo’lganidek, keyingisi osmonlarning qarorgohidir. Lekin bu keyingi iqlimda obodonlik yo’lga qo’yilgan. Bu iqlimga kelib tushuvchilar orasida hech qanday kelishmovchilik yo’q. Har bir xalq uchun tayinlangan ma’lum o’lka bor. Ular ustiga hech kim g’olib bo’lib bostirib kirmaydi. Obod qilingan joyning bizga eng yaqin qismida yashovchi xalq kichik jussali, serharakat kishilardir. Ularning shaharlari esa sakkizta bo’ladi.

Unga yondashgan mamlakat ahllarining jussasi esa bulardan ham kichikroq, yurish-turishlari og’irroq bo’ladi. Ular yozuv-chizuv va nujum, nayrangbozliklar, tilsimlar, nozik sinoatlar, yuksak ishlarni biladilar va shular bilan shug’ullanishga harakat qiladilar. Ularning shaharlari to’qqiztadir. Bu mamlakat aholisi yoqimli, juda go’zal bo’ladi. Ular kayf-safoni juda ham yaxshi ko’rishadi, g’amdan ozodlar, turli nag’malarni latif qilib chalishadi, uning turli-tuman kuylarnnn bilishadi. Bir xotin ularga podshohlik qiladi. Ehson va yaxshilik ular uchun tabiiydir. Agar yomon narsa gapirilib qolinsa, undan nafratlanishadi. Bu xotin podshohning shaharlari sakkiztadir.

Unga tutashgan mamlakatda yashovchilarning jussalari katta, yuzlari suxsurdek; ulardagi xislatlardan biri shuki, ularning bir-birlari bilan tanishishlari juda ham foydasiz, yaqinlashish aziyatli bo’ladi. Ularning shaharlari beshtadir.

Unga yondashgan mamlakatda dunyoda yomonlik qiladigan xalqlar joylashgan. Ular bo’g’ish, qon to’kish, o’ldirish va oyoq-qo’l kesishni yaxshi ko’radilar, o’yin-kulgini sevadilar. Ularning kulfat
keltiradigan qotil, uradigan, qirmiz yuzli, yo’ldan uruvchi podshohlari bor.

Bu qissa rivoyatchilarining aytishicha, bu hokim yuqorida aytganimiz chiroylik podshoh xotinga oshiq ekan, uning muhabbati buni oshifta qilib qo’ygan ekan. Ularning shaharlari yettitadir.

Unga yondashgan buyuk mamlakat ahllari iffat, adolat, hikmat va taqvoga berilgan, yaxshilikni qo’lga kiritish uchun har tomonga borishga tayyor, uzoq va yaqin barcha kishilarga shafqat ko’rsatishga e’tiqodlidirlar. Bilgan va bilmaganlariga yaxshilik ko’rsatuvchilardir. Nafosat va go’zallikda bularning tengi yo’q. Bularning ham shaharlari yettitadir.

Unga yondashgan mamlakat aholisi esa chuqur fikr yurituvchi, yomonlikka berilgan xalqdir. Agar yaxshilik qilsalar, uni juda ham uddalaydilar. Bular biron-bir toifa ustiga yurish qilishsa, shoshgan kishi kabi emas, balki aqlli kishi singari tadbir ko’radilar; qiladigan ishlarida sabrdan boshqa narsaga asoslanmaydilar. Ularning shaharlari yettitadir.

Undan keyin, keng o’lkali, ko’p imoratli katta bir mamlakat bor. Bu mamlakatning obod qiluvchilari ko’p. Xalqlari shaharlarda turishmaydi, sahrolarda yashashadi. Ularning turar joylari o’n ikki bo’lakka bo’lingan quruq yerdir. Ularning yigirma sakkiz qo’noq joyi bor. Ularning hech qaysisi boshqalarning qo’nog’iga borishmaydi. Lekin old tomondagi uylardan biror toifa ko’chsa, ularning orqalaridan boshqa bir toifa borib, ularning joylarini darhol egallab oladi. Bundan oldingi mamlakatlarning xalqlari bu mamlakatga kelib-ketib turadilar.

Unga yana bir mamlakat yondashgan. Bu mamlakat ufqiga to ushbu vaqtgacha hech kim yetgan emas, payqagan ham emas. Unda na shaharlar bor, na qishloqlar. Ko’z bilan ko’riladigan zotlar bu yerda
turishmaydi. Bu yerni obod qilib turuvchilar ruhoniy farishtalardir. Hech bir inson u yerga tushmaydi. Bu mamlakatdan unga yondash bo’lgan mamlakatlardagilarga farmonlar tushib turadi. Buning orqasida obod joy yo’q. Olamning Mag’rib deb ataladigan chap tomonidan bu ikki iqlimga yerlar va osmonlar tutashgan.

Agar undan Mashriq tomonga yuzlansang, senga bir iqlim ko’rinadi. Bu iqlimda na inson, na o’t, na tosh bor. Faqatgina u keng bir sahro, suvi liq to’la dengiz, jilovlangan shamollar, alangalangan o’tdan iborat, xolos. Buni bosib o’tsang, yuksak tog’li, oqar daryolar, gizillagan shamollar, yomg’irli bulutlari mavjud bir joyga duch kelasan va u yerda oltin, kumush, qimmatli va arzon gavharlarning xil va turlariga ega bo’lasan. Lekin unda hech bir o’simlik yo’q.

Bu yerdan o’tgach, boshqa bir iqlimga borib qolasan. Bu iqlim yuqorida aytilgan joyda bo’lmagan narsalar bilan liq to’la. Unda yer bag’irlab o’sadigan o’simliklarning barcha turi, mevali va mevasiz, donli va urug’li daraxtlar bor. U yerda yuradigan va ovoz chiqaradigan jondorlarni ko’rmaysan, Undan o’tib, boshqa bir iqlimga borib qolasan, tilsiz, suzuvchi, sudraluvchi, to’g’ri uchuvchi va tug’iluvchi hayvonlarning hamma turlarini ko’rasan. Unda senga ulfat bo’ladigan kimsa bo’lmaydi. Unda ko’rgan va eshitganlaringni o’qib olib, hamjinslaring olamiga qutulib chiqasan.

Agar Mashriq tomonga yo’nalsang, quyoshni shaytonning ikki shoxi o’rtasidan chiqishining shohidi bo’lasan. Chunki shaytonning ikkita shoxi bor: biri uchadi, biri yuradi. Mashriq tomonda yuradigan xalqlar ikki qabiladan iboratdir. Birining xulqi yirtqich hayvonsifat, boshqasining xulqi esa to’rt oyoqli uy hayvoni sifatdir. Bular ikkovi orasida doim janjallar bo’lib turadi. Bularning ikkalasi Mashriqning so’l tomonidadir. Uchadigan shaytonlarning joylari esa Mashriqning o’ng tomonidadir. Bular bir xil jinsdan yaratilmay, balki ularning har biri deyarlik bir-biridan ajratilgan holda, nodir ko’rinishda yaratilgandir. Ularning ba’zisi ikki xil, ba’zisi uch, boshqa ba’zisi to’rt xil qilib uchadigan inson va cho’chqa boshli ilon kabi yaratilgan. Ba’zisi yarim odam va boshqa ba’zisi bir kafti inson qo’liyu, boshqa hamma joylari hayvonlarning a’zosidan iborat. Rassomlar tasvirlaydigan suratlarning o’sha iqlimdan olib kelinganligi haqiqatdan uzoq emas. Bu iqlimda g’olib kelgan podshoh bu yerda beshta chopar — aloqa yo’li tashkil qilgan. Shuningdek, u o’sha mamlakat uchun qurolxonalar qurgan va unga qurolli kishilar qo’ygan. Bular bu olam ahlidan kimki u yerga borib qolsa, uni shartta tutib oladilar va o’zlariga yetgan barcha xabarlarni o’sha orqali isbotlaydilar. Keyin asirlarni mamlakat eshigini tutib turuvchi o’sha beshta choparning boshlig’iga topshiradilar. Asirlarda bekitib muhrlangan yozma xabarlar bo’ladi, lekin undan mudir ham xabardor bo’lolmaydi. Bu mudirning vazifasi maktublarning barchasini podshohga bildirish uchun xazinachiga yetkazishdir. Asirlarga esa mana shu xazinachi qarab turadi. Ularning qurollari esa boshqa xazinachiga saqlash uchun topshiriladi. Sizning olamingizdan asir olingan insonlar, hayvonlar va boshqalar o’z suratlari bilan o’sha turlarning biri bo’lib ko’payadilar.

Bu ikkala shox o’rtasidan bu iqlimingizga safar qiluvchi kishi nnsonlarning nafas yo’llaridan kirib, hatto ularning qalblarining qora nuqtasigacha boradi. Ammo bu ikki yuruvchi shoxning yirtqich hayvon suratdagisi insonga uni qiynaydigan bir aziyat yetishini kutib turadi. Agar aziyat yetsa, uni bo’rttiradi va insonga vahshiylik qilish, o’ldirish, quloq-burunni kesib sazoyi qilish, azob berib qiynash kabi yomon ishlarni yaxshi qilib ko’rsatadi. U inson vujudida jabr qilish, zulm va ezish hislarini uyg’otadi, uni shunga moyil qilib tarbiyalaydi. Lekin bu ikki shoxdan boshqa bir shox esa inson bolasiga yomonlik, man qilingan ish, fisqu fujurlarni yaxshi qilib ko’rsatadi va shunga qiziqtiradi. Hatto uning yelkasiga minib oladi. Qiziqtirishda davom etib, nihoyat uni o’sha tomonga tortadi.

Ammo u uchadigan shox esa, ko’zi bilan ko’rmaganni yolg’ondan ko’rdim, deb aldaydi, yaratilgan narsalarga ibodat qilishni tasvirlab beradi. Insonning diliga, o’lgandan keyin qaytib tirilish yo’q, oqibati yomonlik va yaxshilikni ko’rish ham yo’q, bu mamlakatni yaratuvchisi ham yo’q, deb inson qalbini qoralaydi, fikrini buzadi.

Bu ikkala shoxdan buyog’ini iqlimingiz ortidagi iqlim chegarasiga yaqin yer farishtalari obod qilishadi, farishtalarning yo’l ko’rsatishi bilan u toifa to’g’ri yo’lni topib, dinsizlarning yo’lidan chiqadilar, pok ruhlilar axloqiga ega bo’ladilar. Bular agar insonlar bilan aralashsalar, ularga yomon xulqlarni o’rgatmaydilar, yo’ldan ozdirmaydilar, insonlarning pok bo’lishlariga yordam beradilar. Ular jin va hinlardir. Kimki ushbu iqlim orqasiga yetsa, yer farishtalari turadigan bpr iqlimga boradi. Bular ikki tabaqaga bo’linadi: biri o’ng tomondagisi bo’lib, bu biluvchi va buyruq beruvchidir. Ro’baro’sidagi, chap tomonda turuvchi tabaqa esa, buyruqni qabul qiluvchiga ishlovchilardir. Bu ikkala tabaqa goh jin va inson iqlimlariga, pastga tushadilar, goh ko’kka ko’tariladilar. Aytishlaricha, «xafazayi kiromi kotibiyn» shulardan emish. Bulardan o’ngda o’tirib kuzatuvchisi esa, buyruq beruvchilardan bo’lib, yozdirish ishi shularning qo’lida. Chapda o’tirib kuzatuvchisi ishlovchilardan bo’lib, yozish ishi shuning qo’lida. Bu iqlimga o’tishga yo’l topa olgan kishi osmonning narigi tomonidan qutulib chiqadi. Shundan keyin u eng oldingi yaratilganlarni ko’radi. Ularning barchasi itoat qiladigan yagona podshohlari bor. Chegaralarning birinchisida ulug’ podshohlarining xizmatkorlari unga yaqinlashtiradigan amallarni qilib turadilar. Ular ochko’zlik, ziqnalik, shahvoniy ish, zulm va hasad qilish hamda yalqovlik qilishga moyillik qilmaydigan pokiza zotlardir. Ular bu mamlakat atroflarini obod qilish uchun qo’yilgan vakillardir. Ular o’sha yerda har narsadan ogoh bo’lib turadilar. Bular madaniy bo’lib, shaharlarda, baland-baland ko’shklarda, go’zal binolarda turishadi.

Bu yerning tuprog’i iqlimingiz tuprog’iga o’xshamaydi. Bu mamlakat oyna, yoqut va shunga o’xshagan narsalardan ham qattiqroqdir. Ularning umrlari uzun va o’lim ulardan yiroqlashtirilgan. Ular eng uzoq umr ko’radilar. Ularning vazifalari podshohlari bilan juda yaqin va juda yaxshi aralashish bo’lib, ular shoh majlisiga doim tayyor bo’lib turadilar. Podshoh xizmatini qilishni o’zlariga xorlik deb bilishmaydi va qilayotgan ishlarini o’zgartirishmaydi. Ularning o’zlari shohga yaqin turishni istashadi. Shoh oliy majlisining davrasida o’tiradilar va podshohdan ajralmaydigan bo’lib, uning yuziga qarash bilan baxtga erishadilar. Bularning tabiatlari go’zallik va zehn o’tkirligi, donolik, rostgo’ylik bilan yoqimlilik va yetuklik bilan ziynatlangan. Ularning har biri uchun alohida-alohida joy ajratilgan, darajalarn ham tayin, turar-joylari ham ma’lum chegaralar bilan belgilanib qo’yilgan. Ular bu darajalarda turib, bir-birlarining o’rinlarini tortib olmaydilar va boshqalarning ishlariga aralashmaydilar ham. Ularning har biri boshqasidan yuqori bo’lib, o’zganing ishiga aralashmaydi, o’zini undan kamsitishni ep ko’rmaydi.

Podshohning bitta eng yaqin kishisi bo’lib, u ham bo’lsa ularning otasidir. U kishilar o’sha otaning farzandi va nevaralaridir. Bu ota orqali ular podshohning buyruq va farmonlarini olib turadilar. Ularning ajoyib xususiyatlaridan biri shuki, ularning tabiatlari pir bo’lib, tez keksayishmaydi.

Ularning otasi esa, garchi ulardan kattaroq bo’lsa-da, ulardan ham kuchga to’la, ko’rinishi ham yoshroqdir. Ularning hammalari sahroda turishadi. Hamma narsa yetarli, kamchiliklari yo’q. Podshohlari esa, ulardan ham ehtiyojsizdir. Kimki uni biror irqqa taalluqli deb bilsa, u adashadi, kimki unga loyiq maqtovlar bilan maqtay olaman desa, bekorlarni aytibdi. Uning vasfini qilishga kishining kuchi yetmaydi. U biror narsaga o’xshatilishdan uzoq. Chunki o’xshatish bo’lak bir narsaga qiyoslash bilan bo’ladi. Unda bo’lsa, bunday a’zolar yo’q. Shu sababdan butun vujudi o’zining husni uchun chehra, saxiyligi uchun qo’ldir. Uning husni barcha go’zalliklarni yo’q qilib yuboradigan darajada bo’lib, uning karami oldida barcha nafis karamlar chippakka chiqadi. Agar bu podshoh atrofida xizmatda bo’ladiganlarning birortasi fikr qilib, uni ko’raman desa, hasratida ko’zdan mahrum bo’ladi va shu ko’yicha maqsadga yetmay qaytadi. Uning jamoli o’z husnini pardasidir, oshkoraligi uning yashirinligiga, nur sochishi bekikligiga sababdir. Xuddi quyosh ozroq niqoblanganda, ochilishi ko’proq talab qilinganidaydir.

Quyosh nuriga sinchiklab qaramoqchi bo’linganda, nuri nuriga parda bo’lib qoladi. Bu podshoh o’z kishilariga ko’rinib turadi, ularga o’zini ko’rsatishga baxillik qilmaydi. Kimki uni ko’ra olmas ekan, buni o’z mulohazasining yetishmasligidan deb bilsin. U ko’p yaxshilik, xayr-ehson qiladigan, mo’l narsa ato qiladigan dargohi keng, barchaga baravardir. Kimki uning jamolidan bir ozgina bahramand bo’lsa, uni har holda taniydi. Bir ko’z ochnb yumguncha ham undan ko’zini ololmaydi. Agar insonlar u tomonga hijrat qilib tursalar, uning fazilatlaridan o’zlariga kerakligini olishadi va bu iqlimingiz matoini bir pul qilishadi. Mabodo, uning huzuridan qaytishsa, o’zlarining xohishiga qarab emas, balki majburan qaytishadi. Nihoyat Uyg’oq o’g’li Tirik qo’shib qo’ydi:

— Agar, seni uyg’otish maqsadida qilgan bu hikoyam meni unga yaqinlashtirmaganda edi, men bu hikoya bilan mashg’ul bo’lmasdim va senga bu so’zlarni gapirib o’tirmasdim. Istasang menga ergash, seni unga olib borayin.

055

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring