Ashurali Jo’rayev. Do’ppisi yo’q dunyo. Chimdim hikoyalar

09   Йўлак четидаги турфа гуллар қийғос очилиб ётган кичик гулзорда бир беозор капалак оҳиста учиб юрибди. У шовқинга ҳам, бақир-чақирга ҳам парво қилмай майин қанот қоқади. Завқланиб учади. Ана капалак бир гулга қўниб, унинг ҳидидан маст бўлиб, бошқа гулдан завқ олиш учун яна қанот қоқди. У гулдан-гулга қўниб, улардан бўса олаётганга, гуллар билан сирлашаётганга ўхшайди… Унинг шовқинзор билан асло иши йўқ…

Ашурали Жўраев
ДЎППИСИ ЙЎҚ ДУНЁ
Чимдим ҳикоялар
033

ЯХШИ ХОТИН

– Мухторжон, нима гап? Уйда жанжал бўлдими, дейман?
– Хотин билан яна озгина жанжаллашдик-да, оқсоқол.
– Жанжал қилдингми ё келинни урдингми?
– Шу, тили чаён. Гап қайтарганида оғзи ёпилмайди. Шунга урдим.
– Урганингда хотининг кўчага қочдими ё уйга кирдими?
– Ўзини дарров уйга урди, оқсоқол. Нимайди?!.
– Гап қайтариш хотинларга теккан бедаво касал. Энди хотинни урма, бола. Қайтиб қўлингни теккизма, келин яхши хотин бўлади.

НОН ВА ДОРИ

У ҳар куни ишга боради ва ҳориб-толиб қайтади. Аввал дўконга кириб, узоқ саралаб нон харид қилади. Сўнг кўчанинг нариги томонидаги дорихонага кириб, талашиб-тортишиб дори сотиб олади.
Аввал мазза қилиб нон ейди, сўнг ҳузур қилиб дори ичади.

УЧТА БАНАН

У ишдан қайтишда уч нафар фарзандига гоҳ уч дона банан, гоҳ уч дона шоколад харид қилади. Кўпроқ банан албатта. Бундан болалар бениҳоя хурсанд бўлиб, бананни олишлари билан уйни бошларига кўтаришади.
– Дадам банан олиб келдилар, – деб қийқиришади. Сўнг қўлларидаги бананларни пўстидан айириб, бир-бирларига мақтаниб ея бошлайдилар.
Бобо билан буви бир-бирларига сездирмасдан қараб, астагина тамшаниб қўядилар. Иккаласи ҳам беихтиёр “мен боламга, болам боласига”, – деган мақолни эслайди…

КАПАЛАК

Шаҳар ҳар кунгидек улкан ғала-ғовур оғушида. Асаббузар автолар кўчаларни баттар шовқин-суронга тўлдириб юборган. Одамлар на ғала-ғовурларга, на шовқинларга асло парво қилмай, шошгани шошган. Шовқин аллақачон уларнинг кундалик ҳаётига сингиб кетган.
Кўчалар лиқ тўла шовқин. Метролар тирбанд. Милиционернинг ҳуштаги, автоларнинг чинқириғи бир зум тинмайди. Бақир-чақирдан одамларнинг қулоқлари қоматга келган. Асабий, телба-тескари суҳбатлар авж пардаларга кўтарилади:
– Йўл берсангиз-чи, анграймай!
– Мунча ҳовлиқасиз?..
– Ҳе, оғзингизни юминг.
– Сиз ҳам оғзингизга қаранг.
– Оғиздан олдин кўзга қараш керак, галварс!
– Кўриб-кўрмасликка олади-я.
– Ҳозир ҳамма шунақа…
– Қулоғиям карга ўхшайди.
– Фақат меники эмас.
Яна автолар фарёди. Бақир-чақир авжида. Шаҳар шовқинга ғарқ бўлган. Қайсидир кўчада водопровод қувури ёрилган шекилли, бульдозер ҳайқириб ер ковлаяпти. Яна бир кўчада ола-тасир асфальт ётқизиляпти… Тирбанд кўчадан тобут кўтариб боришяпти. “Бир текис кўтаринглар”, – деган шовқин эшитилади.
Мусиқани вадаванг қўйиб, қий-чув қилиб кетаётган тўй машиналари тобут кўтарганларни қувиб ўтмоқчи….
Йўлак четидаги турфа гуллар қийғос очилиб ётган кичик гулзорда бир беозор капалак оҳиста учиб юрибди. У шовқинга ҳам, бақир-чақирга ҳам парво қилмай майин қанот қоқади. Завқланиб учади. Ана капалак бир гулга қўниб, унинг ҳидидан маст бўлиб, бошқа гулдан завқ олиш учун яна қанот қоқди. У гулдан-гулга қўниб, улардан бўса олаётганга, гуллар билан сирлашаётганга ўхшайди… Унинг шовқинзор билан асло иши йўқ…

ОНА

Она бедаво дардга йўлиқди. Давонинг нархи баланд эди…
Онанинг беш фарзанди бор эди. Икки ўғил ва уч қиз. Улар уйли, жойли бўлиб, бир-бирига суяниб яшашарди. Чунки уларнинг ҳам фарзандлари бўлиб, рўзғорларини амаллаб тебратишарди. Оталари икки йил бурун қазо қилган эди…
Фарзандлар ўзаро маслаҳатлашиб қўлларидан келгунича оналарига мадад бўлиш, бирор-бир ёрдам бериш учун йиғилдилар. Она уларнинг ҳол-аҳволини кўриб, дардини достон қилмади. “Дўхтирлар ташхис қўйишда янглишибди, – деди. Сўнг секин шивирлади: – Мен соппа-соғман, жоним болаларим, ҳеч нарсани ўйламанглар, ташвиш чекманглар”.
Болалар аста бошларини кўтариб, бир-бирларига “ҳайрият” дегандай енгил нафас олдилар. Она улуғ, болалар эса ҳали бола эди.
Она, шўрлик ва меҳрибон она бир ҳафтадан сўнг вафот этди. Доно ва оқила она дардини ўзи билан олиб кетди.

ҚОШИҚ

Улар қирқ йиллик қадрдон бўлиб, бир-бирлари билан иноқ дўст эдилар. Тақдир тақозоси билан қуда бўлдилар. Бири қиз берди, иккинчиси келин қилди.
Маълум бир вақт ўтиб, аён бўлдики, келиннинг тутқаноғи бор экан. Буни билган келиннинг ота-онаси қуданикига кам келадиган, келса ҳам тез кетадиган одат чиқарди.
Фарзанд кўрганидан сўнг, келиннинг касали янада кучайди.
“Фарзандим учун яшайман”, деган ўғил, кутилмаганда ажралишга қарор қилди. Келинни ота-онасиникига барча нарса-қораси билан элтиб қўйишди.
Эртаси куни келин томонидан хабар келди:
– Қошиғи қолиб кетибди…

ҲАЗИЛ УЧУН АРИЗА

“Билмасдан ҳазил қилганим учун ўз хоҳишимга биноан ишдан бўшатишингизни сўрайман”.

ОТА КАСБИ

Гўрков қутлуғ ёшга етди. Ошна-оғайниларига дастурхон ёзди. Унга ҳам сўз беришди.
– Кўпчилик фарзандингизга нима бердингиз, деб мендан сўрашади. Мен азиз фарзандимга ўз касбимни бердим, – деди у ғурур билан.

БЕГОНА

У корхонада қирқ икки йил чумолидай меҳнат қилди. Машаққатлар ва изланишлар эвазига оддий ишчидан раҳбар ўринбосари лавозимига кўтарилди. Жамоанинг ҳурматига сазовор бўлди.
Кеча уни жамоадошлари дил изҳорларини баён этиб қутладилар, самимий табрикладилар. У кишининг шаънига энг яхши ниятлар билдирилди, мўл-кўл қутловлар айтилди. Хуллас, тўй тўйдай бўлди…
У бугун ишга келди-ю, ўз-ўзидан бегонага айланди. Чунки у кеча нафақа ёшига етган эди…

ҒОЙИБОТАЛИК ТОШБАҚА

Маҳмуд акага!

У туғилиб ўсган ҳовлининг этагида Ғойибота деган авлиёнинг қабри бор. Бу зиёратгоҳ шўро даврида яратганнинг марҳамати билан қаттол коммунистлар эътиборидан четда қолди.
Зиёратгоҳ атрофида сермева дарахтларга бой – боғ бунёд бўлди. Лекин бу боғдан нарса олиб ҳам, сотиб ҳам бўлмайди. Авлиё атрофидаги барча нарсалардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак, деган гапни зиёратга келганлар тез-тез такрорлайдилар…
Туробжон ҳам ҳар гал уйига борганида ота-онаси билан хол-аҳвол сўрашиб бўлгач, дарҳол ўойиботага тушиб тиловат қилади.
Бир гал қишлоқдан қайтишда ҳеч кутилмаганда машинасининг ғилдираклари бирин-кетин ёрилди. Моторда ҳам ишкал чиқди. Хуллас, тўрт соатлик йўлни ўн соатда босиб, ярим тунда минг азоб билан пойтахтга етиб келишди.
Ўша кунлари шофёрнинг ҳам омади юришмай қолди. Машина ҳар қадамда панд бераверди. Охири у бошлиққа ёрилди:
– Сизга айтмасдан, болалар ўйнайди, деб ўойибота авлиёдан бир тошбақа олиб келувдим. Тошбақа хомуш, ҳеч нарса емайди ҳам, жойидан қимирламайди ҳам. Шу жониворни жойига олиб бориб қўйсакмикин?
Туробжон рози бўлди.
Эртаси куни шофёр тонг азондан йўлга чиқиб, ўойиботага етиб бориб, тошбақани қўйиб юборибди. Тошбақани уч-тўрт тошбақа кутиб олибди. Одамларнинг айтишларича, бу тошбақалар дуо олганмиш.

СОДДАЛИК

Рамазон Ботир бир жиноят устида қўлга тушди. Терговчи сўроқ жараёнида унга озгина дўқ қилиб, қулоғига салгина чертган эди, қўрқиб кетган Рамазон Ботир ўзини оқлашга тушди:
– Нега мени урасиз, акажон? Мен қилиб юрган бу ишларни қўшниларимиз Зафар аканинг ўғиллари, яна бир қўшнимиз Муҳиддин ҳам қилади-ку. Нега уларга индамай мени урасиз?
Рамазон Ботир ўзини оқлаш баҳонасида қўшниларини сотиб қўйганини билмай қолди. Эҳ, ўзбекча соддалик қурсин!

ДЎППИСИ ЙЎҚ ДУНЁ

Набираси Анваржонга ўзининг гоҳ ёруғ, гоҳ машаққатлар билан ўтган ҳаёти ҳақида ҳикоя қилган Сулаймон бобо оппоқ соқолини бармоқлари билан тараб, хўрсиниб шундай деди:
– Ҳаёт шунақа шафқатсиз, болам. Унинг зарбаларига чидаб, қувончли лаҳзаларида ўзингни йўқотмасанг бўлди. Биласанми, ҳамма гап нимада, бобом раҳматли айтганларидек: дунёнинг дўпписи йўқлигида.
– Бобо, дунёнинг ҳам дўпписи бўладими?
– Биласанми, Анваржон болам. “Дўпписи йўқ дунё”, деган иборани раҳматли бобом кўп айтардилар. У киши, “агар дунёнинг дўпписи бўлганида, одамларнинг бошларига шунчалар ғам-ташвишларни ёғдирмасди. Дўпписи бўлса, ҳаётнинг паст-баландини, одамларнинг турмушини сал-пал бўлсаям яхши томонга ўзгартирарди” – дердилар. Баъзан бирор нарсадан зерикканларида, андак диққат бўлганларида қўл силтаб қолардилар: “Э, дўпписи йўқ дунё”, – деб.

МАЙИЗ ҚАНДАЙ БЎЛГАН?

Меҳмондорчилик авжига чиққанида, даврага яна бир-икки киши келиб қўшилди. Лагандаги ошнинг ҳам таги кўриниб қолган эди. Ошнинг чўғи пасайганини кўриб, Саид оқсоқол астагина қўлини артди. Буни сезиб қолган Алижон ошпаз даврадагиларни ҳам хижолатдан қутқарган бўлди.
– Олинглар, олинглар. Оқсоқол қўлингизни артманг. Бир ошатиб юборинг. Қадимдан: “бир майизни қирқ киши бўлиб еган”, деган ҳикмат бор-ку!
– Тўғри айтасиз, Алижон. Шундай ҳикмат бор. Лекин қадимги майизлар ҳам қўйдай-қўйдай бўлган-да, – деди Саид оқсоқол донолик билан.

ФУТБОЛ ТЎПИ

Ҳуштак чалинди. Тўп зарб билан тепилди. Кейин оёқларга худо берди: тўпни шафқатсизларча нишонга ола бошладилар. Улар орасида икки одамгина раҳмдил экан, бот-бот тўп шўрликни қўлларида кўтариб ушлаб қўядилар. Сўнг улар ҳам шундай зарб билан тепадиларки, шўрлик тўп оғриқдан ёрилиб кетай дейди.
Тўпнинг гоҳ у, гоҳ бу дарвоза тўрига тушиб кетганини ҳисобга олмаганда, асосан майдон узра зарблар оғушида чарх уради.
Стадион бақир-чақирдан бир зум тўхтамайди. Яна ҳуштак янграйди. Лекин тўп билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Оёқлар одатдагидай икки томонга ажраладилар. Бир томонга кетаётганлари кўпкарида улоқни олган отнинг оёқларидай шаҳдам ва ўктам. Иккинчи томондаги оёқлар жароҳатланган илондай судралади.
Тўп эса стадионда ёлғиз қолади. У бу гал ҳам нималар содир бўлганини билмади. Ўйлай деса, боши, кўрай деса, кўзи йўқ шўрлик тўпнинг…
Афсуски, ҳаётда футбол тўпига ўхшаган кимсалар борлигини кўриб, ачиниб кетасан киши.

КЕТМОН – ТАБИБ

Профессор Воҳид Саидов бир пайтлар катта амалдор бўлган. Унинг қабулига кириш ёки тўй-маъракада қўлини олиш кўпчиликка насиб этмаган. Савлатидан от ҳуркадиган кимсалардан бўлган.
У олтмиш ёшга тўлган куни дўстлари, биродарлари ва оила-аъзолари билан чоғроқ анжуман қилди. Унинг шаънига барча эзгу тилаклар айтилди, совға-саломлар берилди.
Эртаси куни ишдан бўшаганлигини маълум қилиб, ариза ёзиб, ҳайдовчисидан бериб юборди.
Уни ишхонага қайта-қайта чақиришди, сўрашади, бир бор келиб кетишини илтимос қилишди. Лекин Воҳид Саидов ишхонага қайтиб қадам босмади.
У ўша кундан бошлаб, бир вақтлар харид қилган кетмонни қўлига олиб ҳовлидаги бир парча ер билан ошно тутинди.
Онда-сонда соғлигидан шикоят қилиб қоладиган профессор кетмон орқали ерга астойдил меҳр қўйди.
Воҳид Саидов худо умр бериб, тўқсон ёшга тўлди. Журналист ундан сўради:
– Шунча умр кўришингиз сири нимада?
У киши олма дарахти шохига илдириб қўйилган кетмонни қўлларига олиб, шундай жавоб қилди:
– Менинг табибим – кетмон, шифохонам – ер!

08Суратда Ашурали Жўраев ёзувчи Собир Ўнар билан

Ashurali Jo’raev
DO’PPISI YO’Q DUNYO
Chimdim hikoyalar
033

YAXSHI XOTIN

– Muxtorjon, nima gap? Uyda janjal bo‘ldimi, deyman?
– Xotin bilan yana ozgina janjallashdik-da, oqsoqol.
– Janjal qildingmi yo kelinni urdingmi?
– Shu, tili chayon. Gap qaytarganida og‘zi yopilmaydi. Shunga urdim.
– Urganingda xotining ko‘chaga qochdimi yo uyga kirdimi?
– O‘zini darrov uyga urdi, oqsoqol. Nimaydi?!.
– Gap qaytarish xotinlarga tekkan bedavo kasal. Endi xotinni urma, bola. Qaytib qo‘lingni tekkizma, kelin yaxshi xotin bo‘ladi.

NON VA DORI

U har kuni ishga boradi va horib-tolib qaytadi. Avval do‘konga kirib, uzoq saralab non xarid qiladi. So‘ng ko‘chaning narigi tomonidagi dorixonaga kirib, talashib-tortishib dori sotib oladi.
Avval mazza qilib non yeydi, so‘ng huzur qilib dori ichadi.

UCHTA BANAN

U ishdan qaytishda uch nafar farzandiga goh uch dona banan, goh uch dona shokolad xarid qiladi. Ko‘proq banan albatta. Bundan bolalar benihoya xursand bo‘lib, bananni olishlari bilan uyni boshlariga ko‘tarishadi.
– Dadam banan olib keldilar, – deb qiyqirishadi. So‘ng qo‘llaridagi bananlarni po‘stidan ayirib, bir-birlariga maqtanib yeya boshlaydilar.
Bobo bilan buvi bir-birlariga sezdirmasdan qarab, astagina tamshanib qo‘yadilar. Ikkalasi ham beixtiyor “men bolamga, bolam bolasiga”, – degan maqolni eslaydi…

KAPALAK

Shahar har kungidek ulkan g‘ala-g‘ovur og‘ushida. Asabbuzar avtolar ko‘chalarni battar shovqin-suronga to‘ldirib yuborgan. Odamlar na g‘ala-g‘ovurlarga, na shovqinlarga aslo parvo qilmay, shoshgani shoshgan. Shovqin allaqachon ularning kundalik hayotiga singib ketgan.
Ko‘chalar liq to‘la shovqin. Metrolar tirband. Militsionerning hushtagi, avtolarning chinqirig‘i bir zum tinmaydi. Baqir-chaqirdan odamlarning quloqlari qomatga kelgan. Asabiy, telba-teskari suhbatlar avj pardalarga ko‘tariladi:
– Yo‘l bersangiz-chi, angraymay!
– Muncha hovliqasiz?..
– He, og‘zingizni yuming.
– Siz ham og‘zingizga qarang.
– Og‘izdan oldin ko‘zga qarash kerak, galvars!
– Ko‘rib-ko‘rmaslikka oladi-ya.
– Hozir hamma shunaqa…
– Qulog‘iyam karga o‘xshaydi.
– Faqat meniki emas.
Yana avtolar faryodi. Baqir-chaqir avjida. Shahar shovqinga g‘arq bo‘lgan. Qaysidir ko‘chada vodoprovod quvuri yorilgan shekilli, buldozer hayqirib yer kovlayapti. Yana bir ko‘chada ola-tasir asfalt yotqizilyapti… Tirband ko‘chadan tobut ko‘tarib borishyapti. “Bir tekis ko‘taringlar”, – degan shovqin eshitiladi.
Musiqani vadavang qo‘yib, qiy-chuv qilib ketayotgan to‘y mashinalari tobut ko‘targanlarni quvib o‘tmoqchi….
Yo‘lak chetidagi turfa gullar qiyg‘os ochilib yotgan kichik gulzorda bir beozor kapalak ohista uchib yuribdi. U shovqinga ham, baqir-chaqirga ham parvo qilmay mayin qanot qoqadi. Zavqlanib uchadi. Ana kapalak bir gulga qo‘nib, uning hididan mast bo‘lib, boshqa guldan zavq olish uchun yana qanot qoqdi. U guldan-gulga qo‘nib, ulardan bo‘sa olayotganga, gullar bilan sirlashayotganga o‘xshaydi… Uning shovqinzor bilan aslo ishi yo‘q…

ONA

Ona bedavo dardga yo‘liqdi. Davoning narxi baland edi…
Onaning besh farzandi bor edi. Ikki o‘g‘il va uch qiz. Ular uyli, joyli bo‘lib, bir-biriga suyanib yashashardi. Chunki ularning ham farzandlari bo‘lib, ro‘zg‘orlarini amallab tebratishardi. Otalari ikki yil burun qazo qilgan edi…
Farzandlar o‘zaro maslahatlashib qo‘llaridan kelgunicha onalariga madad bo‘lish, biror-bir yordam berish uchun yig‘ildilar. Ona ularning hol-ahvolini ko‘rib, dardini doston qilmadi. “Do‘xtirlar tashxis qo‘yishda yanglishibdi, – dedi. So‘ng sekin shivirladi: – Men soppa-sog‘man, jonim bolalarim, hech narsani o‘ylamanglar, tashvish chekmanglar”.
Bolalar asta boshlarini ko‘tarib, bir-birlariga “hayriyat” deganday yengil nafas oldilar. Ona ulug‘, bolalar esa hali bola edi.
Ona, sho‘rlik va mehribon ona bir haftadan so‘ng vafot etdi. Dono va oqila ona dardini o‘zi bilan olib ketdi.

QOSHIQ

Ular qirq yillik qadrdon bo‘lib, bir-birlari bilan inoq do‘st edilar. Taqdir taqozosi bilan quda bo‘ldilar. Biri qiz berdi, ikkinchisi kelin qildi.
Ma’lum bir vaqt o‘tib, ayon bo‘ldiki, kelinning tutqanog‘i bor ekan. Buni bilgan kelinning ota-onasi qudanikiga kam keladigan, kelsa ham tez ketadigan odat chiqardi.
Farzand ko‘rganidan so‘ng, kelinning kasali yanada kuchaydi.
“Farzandim uchun yashayman”, degan o‘g‘il, kutilmaganda ajralishga qaror qildi. Kelinni ota-onasinikiga barcha narsa-qorasi bilan eltib qo‘yishdi.
Ertasi kuni kelin tomonidan xabar keldi:
– Qoshig‘i qolib ketibdi…

HAZIL UCHUN ARIZA

“Bilmasdan hazil qilganim uchun o‘z xohishimga binoan ishdan bo‘shatishingizni so‘rayman”.

OTA KASBI

Go‘rkov qutlug‘ yoshga yetdi. Oshna-og‘aynilariga dasturxon yozdi. Unga ham so‘z berishdi.
– Ko‘pchilik farzandingizga nima berdingiz, deb mendan so‘rashadi. Men aziz farzandimga o‘z kasbimni berdim, – dedi u g‘urur bilan.

BEGONA

U korxonada qirq ikki yil chumoliday mehnat qildi. Mashaqqatlar va izlanishlar evaziga oddiy ishchidan rahbar o‘rinbosari lavozimiga ko‘tarildi. Jamoaning hurmatiga sazovor bo‘ldi.
Kecha uni jamoadoshlari dil izhorlarini bayon etib qutladilar, samimiy tabrikladilar. U kishining sha’niga eng yaxshi niyatlar bildirildi, mo‘l-ko‘l qutlovlar aytildi. Xullas, to‘y to‘yday bo‘ldi…
U bugun ishga keldi-yu, o‘z-o‘zidan begonaga aylandi. Chunki u kecha nafaqa yoshiga yetgan edi…

G‘OYIBOTALIK TOSHBAQA

Mahmud akaga!
U tug‘ilib o‘sgan hovlining etagida G’oyibota degan avliyoning qabri bor. Bu ziyoratgoh sho‘ro davrida yaratganning marhamati bilan qattol kommunistlar e’tiboridan chetda qoldi.
Ziyoratgoh atrofida sermeva daraxtlarga boy – bog‘ bunyod bo‘ldi. Lekin bu bog‘dan narsa olib ham, sotib ham bo‘lmaydi. Avliyo atrofidagi barcha narsalardan ham ehtiyot bo‘lish kerak, degan gapni ziyoratga kelganlar tez-tez takrorlaydilar…
Turobjon ham har gal uyiga borganida ota-onasi bilan xol-ahvol so‘rashib bo‘lgach, darhol o‘oyibotaga tushib tilovat qiladi.
Bir gal qishloqdan qaytishda hech kutilmaganda mashinasining g‘ildiraklari birin-ketin yorildi. Motorda ham ishkal chiqdi. Xullas, to‘rt soatlik yo‘lni o‘n soatda bosib, yarim tunda ming azob bilan poytaxtga yetib kelishdi.
O‘sha kunlari shofyorning ham omadi yurishmay qoldi. Mashina har qadamda pand beraverdi. Oxiri u boshliqqa yorildi:
– Sizga aytmasdan, bolalar o‘ynaydi, deb o‘oyibota avliyodan bir toshbaqa olib keluvdim. Toshbaqa xomush, hech narsa yemaydi ham, joyidan qimirlamaydi ham. Shu jonivorni joyiga olib borib qo‘ysakmikin?
Turobjon rozi bo‘ldi.
Ertasi kuni shofyor tong azondan yo‘lga chiqib, o‘oyibotaga yetib borib, toshbaqani qo‘yib yuboribdi. Toshbaqani uch-to‘rt toshbaqa kutib olibdi. Odamlarning aytishlaricha, bu toshbaqalar duo olganmish.

SODDALIK

Ramazon Botir bir jinoyat ustida qo‘lga tushdi. Tergovchi so‘roq jarayonida unga ozgina do‘q qilib, qulog‘iga salgina chertgan edi, qo‘rqib ketgan Ramazon Botir o‘zini oqlashga tushdi:
– Nega meni urasiz, akajon? Men qilib yurgan bu ishlarni qo‘shnilarimiz Zafar akaning o‘g‘illari, yana bir qo‘shnimiz Muhiddin ham qiladi-ku. Nega ularga indamay meni urasiz?
Ramazon Botir o‘zini oqlash bahonasida qo‘shnilarini sotib qo‘yganini bilmay qoldi. Eh, o‘zbekcha soddalik qursin!

DO‘PPISI YO‘Q DUNYO

Nabirasi Anvarjonga o‘zining goh yorug‘, goh mashaqqatlar bilan o‘tgan hayoti haqida hikoya qilgan Sulaymon bobo oppoq soqolini barmoqlari bilan tarab, xo‘rsinib shunday dedi:
– Hayot shunaqa shafqatsiz, bolam. Uning zarbalariga chidab, quvonchli lahzalarida o‘zingni yo‘qotmasang bo‘ldi. Bilasanmi, hamma gap nimada, bobom rahmatli aytganlaridek: dunyoning do‘ppisi yo‘qligida.
– Bobo, dunyoning ham do‘ppisi bo‘ladimi?
– Bilasanmi, Anvarjon bolam. “Do‘ppisi yo‘q dunyo”, degan iborani rahmatli bobom ko‘p aytardilar. U kishi, “agar dunyoning do‘ppisi bo‘lganida, odamlarning boshlariga shunchalar g‘am-tashvishlarni yog‘dirmasdi. Do‘ppisi bo‘lsa, hayotning past-balandini, odamlarning turmushini sal-pal bo‘lsayam yaxshi tomonga o‘zgartirardi” – derdilar. Ba’zan biror narsadan zerikkanlarida, andak diqqat bo‘lganlarida qo‘l siltab qolardilar: “E, do‘ppisi yo‘q dunyo”, – deb.

MAYIZ QANDAY BO‘LGAN?

Mehmondorchilik avjiga chiqqanida, davraga yana bir-ikki kishi kelib qo‘shildi. Lagandagi oshning ham tagi ko‘rinib qolgan edi. Oshning cho‘g‘i pasayganini ko‘rib, Said oqsoqol astagina qo‘lini artdi. Buni sezib qolgan Alijon oshpaz davradagilarni ham xijolatdan qutqargan bo‘ldi.
– Olinglar, olinglar. Oqsoqol qo‘lingizni artmang. Bir oshatib yuboring. Qadimdan: “bir mayizni qirq kishi bo‘lib yegan”, degan hikmat bor-ku!
– To‘g‘ri aytasiz, Alijon. Shunday hikmat bor. Lekin qadimgi mayizlar ham qo‘yday-qo‘yday bo‘lgan-da, – dedi Said oqsoqol donolik bilan.

FUTBOL TO‘PI

Hushtak chalindi. To‘p zarb bilan tepildi. Keyin oyoqlarga xudo berdi: to‘pni shafqatsizlarcha nishonga ola boshladilar. Ular orasida ikki odamgina rahmdil ekan, bot-bot to‘p sho‘rlikni qo‘llarida ko‘tarib ushlab qo‘yadilar. So‘ng ular ham shunday zarb bilan tepadilarki, sho‘rlik to‘p og‘riqdan yorilib ketay deydi.
To‘pning goh u, goh bu darvoza to‘riga tushib ketganini hisobga olmaganda, asosan maydon uzra zarblar og‘ushida charx uradi.
Stadion baqir-chaqirdan bir zum to‘xtamaydi. Yana hushtak yangraydi. Lekin to‘p bilan hech kimning ishi bo‘lmaydi. Oyoqlar odatdagiday ikki tomonga ajraladilar. Bir tomonga ketayotganlari ko‘pkarida uloqni olgan otning oyoqlariday shahdam va o‘ktam. Ikkinchi tomondagi oyoqlar jarohatlangan ilonday sudraladi.
To‘p esa stadionda yolg‘iz qoladi. U bu gal ham nimalar sodir bo‘lganini bilmadi. O‘ylay desa, boshi, ko‘ray desa, ko‘zi yo‘q sho‘rlik to‘pning…
Afsuski, hayotda futbol to‘piga o‘xshagan kimsalar borligini ko‘rib, achinib ketasan kishi.

KETMON – TABIB

Professor Vohid Saidov bir paytlar katta amaldor bo‘lgan. Uning qabuliga kirish yoki to‘y-ma’rakada qo‘lini olish ko‘pchilikka nasib etmagan. Savlatidan ot hurkadigan kimsalardan bo‘lgan.
U oltmish yoshga to‘lgan kuni do‘stlari, birodarlari va oila-a’zolari bilan chog‘roq anjuman qildi. Uning sha’niga barcha ezgu tilaklar aytildi, sovg‘a-salomlar berildi.
Ertasi kuni ishdan bo‘shaganligini ma’lum qilib, ariza yozib, haydovchisidan berib yubordi.
Uni ishxonaga qayta-qayta chaqirishdi, so‘rashadi, bir bor kelib ketishini iltimos qilishdi. Lekin Vohid Saidov ishxonaga qaytib qadam bosmadi.
U o‘sha kundan boshlab, bir vaqtlar xarid qilgan ketmonni qo‘liga olib hovlidagi bir parcha yer bilan oshno tutindi.
Onda-sonda sog‘ligidan shikoyat qilib qoladigan professor ketmon orqali yerga astoydil mehr qo‘ydi.
Vohid Saidov xudo umr berib, to‘qson yoshga to‘ldi. Jurnalist undan so‘radi:
– Shuncha umr ko‘rishingiz siri nimada?
U kishi olma daraxti shoxiga ildirib qo‘yilgan ketmonni qo‘llariga olib, shunday javob qildi:
– Mening tabibim – ketmon, shifoxonam – yer!

07

(Tashriflar: umumiy 116, bugungi 1)

Izoh qoldiring