Baxtiyor Omon. Qalbim nidolari. Badialar

Ashampoo_Snap_2016.09.16_16h01m57s_004_.png    Сиёсатшунос олим Бахтиёр Омоннинг “Қалбим нидолари” тўпламидан адибнинг маърифат, тарбия, тасаввуф олами уйғунлиги ҳақида ёзилган бадиалари ўрин олган. Сизга ушбу тўпламдан ўрин олган бадиалардан айримларини тақдим этамиз. Тўпламнинг тўлиқ матнни саҳифа қуйисида мутолаа қилишингиз мумкин.

Бахтиёр ОМОН
ҚАЛБИМ НИДОЛАРИ
Бадиалар
032

0 537_n.jpg    Бахтиёр Омон (Бахтиёр Амонов) 1959 йилда Нурота шаҳрида туғилган.Ўрта мактабдан кейин Тошкент давлат университети журналистика факультети кечки бўлимида таҳсил олган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиби (2000), сиёсий фанлар номзоди (2004), Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.Сиёсий фанлар номзоди.
Бахтиёр Омоннинг “Юрак оғриқлари”, “Умр дафтари”, “Сиёсий етакчининг нотиқлик маҳорати”, “Нотиқнинг нуфузи”, “Последняя трагическая дуэль А.С.Пушкина”, “Бобурнинг болалиги”, “Сиёсий модернизациялаш моделлари ва Ўзбекистон тажрибаси” сингари илмий-бадиий тўпламлари ва кўплаб таржима китоблари чоп этилган.
“Қалбим нидолари” тўпламидан адибнинг маърифат, тарбия, тасаввуф олами уйғунлиги ҳақида ёзилган бадиалари ўрин олган.

032

РУҲНИНГ КУЧИ

Кейинги пайтларда ўқув дарсхоналарида, ижодий гурунгларда, илмий анжуманларда инсон руҳининг ноёб хислатлари ҳақидаги баҳсларга кўп дуч келмоқдамиз. Муаммо шу қадар ранг-баранг ва мураккабки, гоҳида нима тўғри-ю ё нотўғри эканлигини билолмай қоламиз. Англашимча, кўпчилик руҳ ва жисмни бир-бирига яқин нарса, деб билади. Баъзилар руҳни инс-жинс, мистик тушунча хам йўйишади.

“Руҳ – латиф жавҳар, биологик қувват, Раҳмоний нафас”, деб ёзади устозим профессор Нажмиддин Комилов. Аслини олганда, ҳаётнинг боши жисм ва руҳдан ҳосил бўлган. Яъни, Оллоҳ инсонни фаришта ва ҳайвон орасидаги бир вужуд қилиб яратган. Ўтган асрларда Мовароуннаҳрда яшаган азиз авлиёлар, сўфий шайхлар, буюк шоирлар инсоннинг ҳаётда кўзлаган мақсади ва муддаолари ҳақида анча асарлар ёзиб қолдиришган. Жалолиддин Румий маърифатли киши нафақат фаришталик мақомига, ҳатто илоҳий олам саодатига етишмоғи, ўлимдан қўрқмаслиги лозим, чунки руҳининг парвози поёнсиз, дейди. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳикматларида: “Ичингни ташингдан ҳам кўра кўпроқ покла, обод қил, чунки ташингни халқ (махлуқ) кўради, ичингни Аллоҳ (холиқ) кўради”. “Жоҳил киши қараб туриб гулнинг гўзаллигини кўрмас, тиконларига тикилур”. “Инсон бир дарё кабидир, сатҳи кўриниб туради, тубида не бўронлар қўпар, не пўртаналар тошар, сўзламас, жимгина оқар ва кетар…”, деб ёзади.

XIII асрда яшаган шайх Азизиддин Насафий шу мавзуда “Зубдатул ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”) рисоласини ёзиб, руҳ даражалари, руҳнинг нузул (тушиш) ва уруж (кўтарилиши) хоссаларини эринмай таҳлил қилган эди. 1990-йиллар ўрталарида бу қимматли асар шарқшунос олим устозим Нажмиддин Комилов таржимасида китоб ҳолида чиқди (1). “Оллоҳ илк бор руҳи аввал – нафси аввални яратди. Руҳи аввал бир жавҳардир, – дейди муаллиф. – Оллоҳ шу жавҳарга нигоҳ ташлади, у эрий бошлади ва кўпирди. Унинг қаймоғи – қиёмидан руҳларни, қуйқасидан – жисмларни яратди. Руҳ жавҳардир, у жисмни ҳаракатга келтиради ва такомиллаштиради”.

Шайх Насафий руҳ даражаларини Руҳи аввал билан қўшганда, ўн тўрттадан иборат, деб билади. Бу даражалар қуйидагилар: пайғамбар ҳотам руҳи; улулазм пайғамбарлар руҳи; мурсал пайғамбарлар руҳи; қолган набилар руҳи; авлиёлар руҳи; илми маърифат аҳли; зоҳидлар руҳи; тақво аҳли руҳи; иймонлилар руҳи; қолган одамлар руҳи; ҳайвонлар руҳи; ўсимликлар руҳи; маъданлар рухи , ашёлар руҳи. Пайғамбар ҳотам деганда, Муҳаммад мустафо назарда тутилган, руҳларнинг даражалари эса юқоридан пастга қараб таърифланган.

Насафий жисмларни 13 даражага бўлиб чиқади: арш; курси; 7-осмон; 6-осмон; 5-осмон; 4-осмон; 3-осмон; 2-осмон; 1-осмон; олов; ҳаво; сув; тупроқ. Даражага кўра, арш – пайғамбар ҳотам руҳи маскани; курси–улулазм пайғамбарлар руҳи манзили; 7-осмон–мурсал пайғамбарлар руҳи; 6-осмон–анбиёлар руҳи макони; 5-осмон–авлиёлар руҳи манзили; 4-осмон– донишманд ҳакимлар руҳининг мақоми ва шундай тартибда қуйига тушилади.

Олимларнинг фикрича, руҳ олами кубро – Илоҳ оламидан чиқиб пастга нузул этади ва инсон танасига келиб жойлашади. Кейин шу нуқтадан яна юқорига қараб қайтиш бошланади… Аммо бу қайтиш қандай содир бўлади, руҳда сифат ўзгариши содир бўладими – йўқми, юксалиш – такомиллашув юз берадими ёки тубанлашишми – буни билиш жуда мураккаб бўлиб, ўз руҳининг моҳият ва шаклларини идрок этиш учун инсон аввало, ўзининг моҳиятини англаб етиши лозимдур.

“Зубдатул ҳақойиқ”асарида руҳнинг илк пайдо бўлиши масаласи етарли даражада ёритилган. Рисолада келтирилишича, инсон вужудининг барча белги ва сифат хислатлари нутфа – уруғда пинҳон бўлар экан. Ҳомила пайтида жон ва руҳ бирга ўсиб, инсон қиёфасига киради, туғилганидан сўнг улар биргаликда равшанлашади. “Она ҳомиласида, балки ота уруғида инсоннинг кейинги тараққиётига асос бўладиган жамийки зарур имкониятлар бор”, – деб хулосалайди Насафий.

Олами кубро (катта олам) ва олами суғро (кичик олам) таълимотида ёзилганидек, кичик олам – инсон катта оламнинг кичрайтирилган нусхаси. Катта оламнинг хусусиятлари унинг яна ҳам кичрайтирилган нусхаси– нутфада мавжуд бўлади. Бу таълимотдан маъно шулким, илоҳий оламнинг ажралмас қисми бўлган Одамда илоҳий оламдаги илм ва ҳикмат мужассам. Инсонни Илоҳ олами билан боғлайдиган жавҳар–руҳдадир. Агар Илоҳ оламини билмоқчи бўлсангиз, ўзингизни ўрганинг ва танинг.

Насафийнинг таъкидлашича, инсон руҳи ҳайвон турларидан бири сифатида аввал тарбия, таълим ва таҳсил кўриб, билиш ва такрорлаш, тақво ва зикр туфайли даражалар бўйлаб ривожланиб, солиҳ руҳи, зоҳид руҳи, донишманд (ориф) руҳи, валий руҳи, наби руҳи, расул руҳи каби мақомларга эришади. Инсон руҳининг поғоналар сари кўтарилиши тўққиз даража бўлиб, ҳар бир тоифанинг мақоми азалдан белгилаб қўйилган ва киши ўз мақомини асло четлаб ўтолмайди.

Одамзод доимо сафарда бўлганидай, ўз моҳиятига эришмагунча, тинмай ҳаракатда бўлаверади. Агар шундай қилмаса, ўзини танимайди, хулқ билан безанмайди ва камолот ҳам касб этмайди. Инсон комиллик сари юзланса, даражаларни эгалласа, зуваласи шунча пишиб бораверса, тарбияланса, унинг моҳиятида яширинган сифатлар намоён бўла бошлайди. Билингки, мияда жойлашган кўнгил (жон) руҳи англовчи ва бедор этувчидир. Англаш (тушуниш) фаолияти эса зоҳирий (ташқи) ва ботиний (ички) кўринишга эга. Зоҳирийга тегишлиси эшитиш, кўриш, бадан билан сезиш, таъм билиш, ҳид билиш бўлса, ботиний ҳислар ҳам бештадир: ақли солим (маъно), тасаввур, тахайюл, ҳофиза, қувваи қиёс” (2).

Ушбу асар юзасидан жиддий илмий таҳлиллар олиб борган устозимиз Нажмиддин Комилов шундай хулосага келади: “Инсоннинг қалби, руҳи, кўнглини билиш, кашф этиш воситасида Парвардигорнинг исмлари-ю, сифатлари, мўъжиза – кароматлари, илму ҳикмати ва ҳатто зотини ҳам кашф этиш мумкин. Демак, Худони англаш, таниш инсонни англаш ва таниш орқали кечади…Аммо ўзликни англаш, ўзликни танишга руҳ ва қалбни поклаш, ақлу шуурни тоблаш, тақво ва тавба йўли орқали борилади. Фақат шу тариқа руҳ Аслига қайтади, яъни покланиб, уруж этади” (3).

Ўз даражасига етолмаслик – жоҳилликдан ўзга нарса эмас, деган эди қадимги давр файласуфларидан бири. Шундай экан, ҳар бирингизга руҳнинг сифат ўзгаришига эришиш насиб этишини тилаб қоламиз.

1 Комил инсон ҳақида тўрт рисола. Форсчадан Н. Комилов таржимаси. –Тошкент.: Маънавият, 1997.
2. Ўша китоб. 145-б.
3. Комилов Н. Тасаввуф. Иккинчи китоб. Тошкент.: Ғ.Ғулом –Ўзбекистон, 1999. –17-б.

ИЛМНИНГ КУЧИ

“Зубдатул ҳақойиқ” да ёзилишича, инсон руҳи ҳайвон турларидан бири сифатида аввал тарбия, таълим ва таҳсил кўриб, билиш ва такрорлаш, тақво ва зикр туфайли даражалар бўйлаб ривожланиб, солиҳ руҳи, зоҳид руҳи, донишманд (ориф) руҳи, валий руҳи, наби руҳи, расул руҳи каби юқори мақомларга кўтарилади. Инсон руҳининг поғоналар сари кўтарилиши тўққиз даражада бўлиб, ҳар бир тоифанинг мақоми азалдан белгилаб қўйилган ва киши ўзининг мақомини асло четлаб ўтолмайди.

Одамзод доимо сафарда бўлганидай, ўз моҳиятига эришмагунча, тинмай ҳаракатда бўлаверади. Агар шундай қилмаса, ўзини танимайди, хулқ билан безанмайди ва камолот касб этмайди. Инсон комиллик сари юзланса, маълум даражаларни эгалласа, зуваласи пишиб бораверса, ўзи ҳам тарбияланса, моҳиятидаги яширин сифатлар намоён бўла бошлайди. Билингки, мияда жойлашган кўнгил (жон) руҳи англовчи ва бедор этувчидир. Англаш (тушуниш) фаолияти эса зоҳирий (ташқи) ва ботиний (ички) кўринишга эга. Зоҳирийга тегишлиси эшитиш, кўриш, бадан билан сезиш, таъм билиш, ҳид билиш бўлса, ботиний ҳислар ҳам бештадир: ақли солим (маъно), тасаввур, тахайюл, ҳофиза, қувваи қиёс”.

Жалолиддин Румийнинг фарзанди аржуманди бўлган Султон Валад (1226-1312) қаламига мансуб “Валаднома” асарида Румийнинг ҳаёти, ижоди ва ирфон-эътиқоди, “Маориф” асарида тасаввуфнинг орифона ғоялари акс эттирилганидан хабардормиз. Ушбу асарни таниқли шарқшунос олим, Комилов ўзбекчалаштирди. Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: “Жорий этилган тартиб-қоида, сурату русумлар айнан амални бажариш эмас. Амал ҳолдан ҳолга қараб ўзгариш, яъни муттасил покланиб боришдир”. Демакки, илмнинг натижаси фақат амал билан тугамайди. Аммо илм амалдан ажралдими, тамом, у фойдасиз бўлиб қолади.

Камина ёшим элликка яқинлашганда, ҳаётнинг паст-баландини англай бошлагандан кейин илмнинг ҳақиқий кучига ишондим. Тинимсиз ўқидим, ўқиганда ҳам танлаб ўқишга киришдим. Маънавий оламимда ўзгаришлар ясаб, дунёни тушуниш ва англаш, одамлар билан муносабат бобида бир қадар ўсгандай бўлдим. Зеро, бу бахтли кунлар ва сокин вазиятларни узоқ кутган эдим.

Давлатнинг илмсиз ривожланмаслигига тарих гувоҳлик беради. Соҳибқирон Амир Темур илм-маърифат, адабиёт ва санъатга ҳомийлик қилганлиги учун “ куч-адолатда! “ деган қоидага амал қилган китоблардан номи ўчмай қолди.

Доно шахс, ҳадисшунос олим Имом Исмоил Бухорий диний илм бобида юксак мартабага эришганлиги туфайли ўрта асрларда Мовароуннаҳрни ислом оламига машҳур қилишга улгурди.

Шунинг учун бешикдан қабргача илм олишга, ўрганишга буюрилганмиз. Инсон қобилиятини билим ва тажриба билангина оширади.

Билим озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади.
Билим муваффаққият. Билимсизлик эса мағлубиятдир.
Билим жасоратдир. Билимли киши муаммоларни жасорат билан енгади.
Билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз.
Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. Билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади.

Шайх Саъдий билимсизликни уруш довулига ўхшатади. Овози баланд ичи эса бўш. Гўзал тушунчалар, билим жавҳарлари билан тўлдирилмаган зеҳн сандиқ фойдасиз ва зарарли нарсалар билан тўлади.

Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади.

Руҳ ва илмнинг инсон ҳаётида нақадар қудратли омил эканлигини биз замондошимиз, аллома Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1953-2015)нинг ҳаётидан яхши биламиз. Ул зот қисқа ва мазмунли умри давомида икки юзга яқин китобни ёзиб, халқимиз қалби-шуурини маърифат зиёси, ислом нури билан бойитгани фикримиз тасдигидир.

Тўпламнинг тўлиқ матни билан саҳифа қуйисида танишинг

08.jpg Siyosatshunos olim Baxtiyor Omonning “Qalbim nidolari” to’plamidan adibning ma’rifat, tarbiya, tasavvuf olami uyg’unligi haqida yozilgan badialari o’rin olgan. Sizga ushbu to’plamdan o’rin olgan badialardan ayrimlarini taqdim etamiz. To’plamning to’liq matnni sahifa quyisida mutolaa qilishingiz mumkin.

Baxtiyor OMON
QALBIM NIDOLARI
Badialar
032

 Baxtiyor Omon (Baxtiyor Amonov) 1959 yilda Nurota shahrida tug’ilgan.O’rta maktabdan keyin Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakul`teti kechki bo’limida tahsil olgan. 1998 yilda O’zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat va jamiyat qurilishi akademiyasini bitirgan “Eng ulug’, eng aziz” tanlovi g’olibi (2000), siyosiy fanlar nomzodi (2004), O’zbekiston yozuvchilar uyushmasining a’zosi.Siyosiy fanlar nomzodi.
Baxtiyor Omonning “Yurak og’riqlari”, “Umr daftari”, “Siyosiy yetakchining notiqlik mahorati”, “Notiqning nufuzi”, “Poslednyaya tragicheskaya duel` A.S.Pushkina”, “Boburning bolaligi”, “Siyosiy modernizatsiyalash modellari va O’zbekiston tajribasi” singari ilmiy-badiiy to’plamlari va ko’plab tarjima kitoblari chop etilgan.
“Qalbim nidolari” to’plamidan adibning ma’rifat, tarbiya, tasavvuf olami uyg’unligi haqida yozilgan badialari o’rin olgan.

032

RUHNING KUCHI

Keyingi paytlarda o’quv darsxonalarida, ijodiy gurunglarda, ilmiy anjumanlarda inson ruhining noyob xislatlari haqidagi bahslarga ko’p duch kelmoqdamiz. Muammo shu qadar rang-barang va murakkabki, gohida nima to’g’ri-yu yo noto’g’ri ekanligini bilolmay qolamiz. Anglashimcha, ko’pchilik ruh va jismni bir-biriga yaqin narsa, deb biladi. Ba’zilar ruhni ins-jins, mistik tushuncha xam yo’yishadi.

“Ruh – latif javhar, biologik quvvat, Rahmoniy nafas”, deb yozadi ustozim professor Najmiddin Komilov. Aslini olganda, hayotning boshi jism va ruhdan hosil bo’lgan. Ya’ni, Olloh insonni farishta va hayvon orasidagi bir vujud qilib yaratgan. O’tgan asrlarda Movarounnahrda yashagan aziz avliyolar, so’fiy shayxlar, buyuk shoirlar insonning hayotda ko’zlagan maqsadi va muddaolari haqida ancha asarlar yozib qoldirishgan. Jaloliddin Rumiy ma’rifatli kishi nafaqat farishtalik maqomiga, hatto ilohiy olam saodatiga yetishmog’i, o’limdan qo’rqmasligi lozim, chunki ruhining parvozi poyonsiz, deydi. Mavlono Jaloliddin Rumiy hikmatlarida: “Ichingni tashingdan ham ko’ra ko’proq pokla, obod qil, chunki tashingni xalq (maxluq) ko’radi, ichingni Alloh (xoliq) ko’radi”. “Johil kishi qarab turib gulning go’zalligini ko’rmas, tikonlariga tikilur”. “Inson bir daryo kabidir, sathi ko’rinib turadi, tubida ne bo’ronlar qo’par, ne po’rtanalar toshar, so’zlamas, jimgina oqar va ketar…”, deb yozadi.

XIII asrda yashagan shayx Aziziddin Nasafiy shu mavzuda “Zubdatul haqoyiq” (“Haqiqatlar qaymog’i”) risolasini yozib, ruh darajalari, ruhning nuzul (tushish) va uruj (ko’tarilishi) xossalarini erinmay tahlil qilgan edi. 1990-yillar o’rtalarida bu qimmatli asar sharqshunos olim ustozim Najmiddin Komilov tarjimasida kitob holida chiqdi (1). “Olloh ilk bor ruhi avval – nafsi avvalni yaratdi. Ruhi avval bir javhardir, – deydi muallif. – Olloh shu javharga nigoh tashladi, u eriy boshladi va ko’pirdi. Uning qaymog’i – qiyomidan ruhlarni, quyqasidan – jismlarni yaratdi. Ruh javhardir, u jismni harakatga keltiradi va takomillashtiradi”.

Shayx Nasafiy ruh darajalarini Ruhi avval bilan qo’shganda, o’n to’rttadan iborat, deb biladi. Bu darajalar quyidagilar: payg’ambar hotam ruhi; ululazm payg’ambarlar ruhi; mursal payg’ambarlar ruhi; qolgan nabilar ruhi; avliyolar ruhi; ilmi ma’rifat ahli; zohidlar ruhi; taqvo ahli ruhi; iymonlilar ruhi; qolgan odamlar ruhi; hayvonlar ruhi; o’simliklar ruhi; ma’danlar ruxi , ashyolar ruhi. Payg’ambar hotam deganda, Muhammad mustafo nazarda tutilgan, ruhlarning darajalari esa yuqoridan pastga qarab ta’riflangan.

Nasafiy jismlarni 13 darajaga bo’lib chiqadi: arsh; kursi; 7-osmon; 6-osmon; 5-osmon; 4-osmon; 3-osmon; 2-osmon; 1-osmon; olov; havo; suv; tuproq. Darajaga ko’ra, arsh – payg’ambar hotam ruhi maskani; kursi–ululazm payg’ambarlar ruhi manzili; 7-osmon–mursal payg’ambarlar ruhi; 6-osmon–anbiyolar ruhi makoni; 5-osmon–avliyolar ruhi manzili; 4-osmon– donishmand hakimlar ruhining maqomi va shunday tartibda quyiga tushiladi.

Olimlarning fikricha, ruh olami kubro – Iloh olamidan chiqib pastga nuzul etadi va inson tanasiga kelib joylashadi. Keyin shu nuqtadan yana yuqoriga qarab qaytish boshlanadi… Ammo bu qaytish qanday sodir bo’ladi, ruhda sifat o’zgarishi sodir bo’ladimi – yo’qmi, yuksalish – takomillashuv yuz beradimi yoki tubanlashishmi – buni bilish juda murakkab bo’lib, o’z ruhining mohiyat va shakllarini idrok etish uchun inson avvalo, o’zining mohiyatini anglab yetishi lozimdur.

“Zubdatul haqoyiq”asarida ruhning ilk paydo bo’lishi masalasi yetarli darajada yoritilgan. Risolada keltirilishicha, inson vujudining barcha belgi va sifat xislatlari nutfa – urug’da pinhon bo’lar ekan. Homila paytida jon va ruh birga o’sib, inson qiyofasiga kiradi, tug’ilganidan so’ng ular birgalikda ravshanlashadi. “Ona homilasida, balki ota urug’ida insonning keyingi taraqqiyotiga asos bo’ladigan jamiyki zarur imkoniyatlar bor”, – deb xulosalaydi Nasafiy.

Olami kubro (katta olam) va olami sug’ro (kichik olam) ta’limotida yozilganidek, kichik olam – inson katta olamning kichraytirilgan nusxasi. Katta olamning xususiyatlari uning yana ham kichraytirilgan nusxasi– nutfada mavjud bo’ladi. Bu ta’limotdan ma’no shulkim, ilohiy olamning ajralmas qismi bo’lgan Odamda ilohiy olamdagi ilm va hikmat mujassam. Insonni Iloh olami bilan bog’laydigan javhar–ruhdadir. Agar Iloh olamini bilmoqchi bo’lsangiz, o’zingizni o’rganing va taning.

Nasafiyning ta’kidlashicha, inson ruhi hayvon turlaridan biri sifatida avval tarbiya, ta’lim va tahsil ko’rib, bilish va takrorlash, taqvo va zikr tufayli darajalar bo’ylab rivojlanib, solih ruhi, zohid ruhi, donishmand (orif) ruhi, valiy ruhi, nabi ruhi, rasul ruhi kabi maqomlarga erishadi. Inson ruhining pog’onalar sari ko’tarilishi to’qqiz daraja bo’lib, har bir toifaning maqomi azaldan belgilab qo’yilgan va kishi o’z maqomini aslo chetlab o’tolmaydi.

Odamzod doimo safarda bo’lganiday, o’z mohiyatiga erishmaguncha, tinmay harakatda bo’laveradi. Agar shunday qilmasa, o’zini tanimaydi, xulq bilan bezanmaydi va kamolot ham kasb etmaydi. Inson komillik sari yuzlansa, darajalarni egallasa, zuvalasi shuncha pishib boraversa, tarbiyalansa, uning mohiyatida yashiringan sifatlar namoyon bo’la boshlaydi. Bilingki, miyada joylashgan ko’ngil (jon) ruhi anglovchi va bedor etuvchidir. Anglash (tushunish) faoliyati esa zohiriy (tashqi) va botiniy (ichki) ko’rinishga ega. Zohiriyga tegishlisi eshitish, ko’rish, badan bilan sezish, ta’m bilish, hid bilish bo’lsa, botiniy hislar ham beshtadir: aqli solim (ma’no), tasavvur, taxayyul, hofiza, quvvai qiyos” (2).

Ushbu asar yuzasidan jiddiy ilmiy tahlillar olib borgan ustozimiz Najmiddin Komilov shunday xulosaga keladi: “Insonning qalbi, ruhi, ko’nglini bilish, kashf etish vositasida Parvardigorning ismlari-yu, sifatlari, mo»jiza – karomatlari, ilmu hikmati va hatto zotini ham kashf etish mumkin. Demak, Xudoni anglash, tanish insonni anglash va tanish orqali kechadi…Ammo o’zlikni anglash, o’zlikni tanishga ruh va qalbni poklash, aqlu shuurni toblash, taqvo va tavba yo’li orqali boriladi. Faqat shu tariqa ruh Asliga qaytadi, ya’ni poklanib, uruj etadi” (3).

O’z darajasiga yetolmaslik – johillikdan o’zga narsa emas, degan edi qadimgi davr faylasuflaridan biri. Shunday ekan, har biringizga ruhning sifat o’zgarishiga erishish nasib etishini tilab qolamiz.

1 Komil inson haqida to’rt risola. Forschadan N. Komilov tarjimasi. –Toshkent.: Ma’naviyat, 1997.
2. O’sha kitob. 145-b.
3. Komilov N. Tasavvuf. Ikkinchi kitob. Toshkent.: G’.G’ulom –O’zbekiston, 1999. –17-b.

ILMNING KUCHI

“Zubdatul haqoyiq” da yozilishicha, inson ruhi hayvon turlaridan biri sifatida avval tarbiya, ta’lim va tahsil ko’rib, bilish va takrorlash, taqvo va zikr tufayli darajalar bo’ylab rivojlanib, solih ruhi, zohid ruhi, donishmand (orif) ruhi, valiy ruhi, nabi ruhi, rasul ruhi kabi yuqori maqomlarga ko’tariladi. Inson ruhining pog’onalar sari ko’tarilishi to’qqiz darajada bo’lib, har bir toifaning maqomi azaldan belgilab qo’yilgan va kishi o’zining maqomini aslo chetlab o’tolmaydi.

Odamzod doimo safarda bo’lganiday, o’z mohiyatiga erishmaguncha, tinmay harakatda bo’laveradi. Agar shunday qilmasa, o’zini tanimaydi, xulq bilan bezanmaydi va kamolot kasb etmaydi. Inson komillik sari yuzlansa, ma’lum darajalarni egallasa, zuvalasi pishib boraversa, o’zi ham tarbiyalansa, mohiyatidagi yashirin sifatlar namoyon bo’la boshlaydi. Bilingki, miyada joylashgan ko’ngil (jon) ruhi anglovchi va bedor etuvchidir. Anglash (tushunish) faoliyati esa zohiriy (tashqi) va botiniy (ichki) ko’rinishga ega. Zohiriyga tegishlisi eshitish, ko’rish, badan bilan sezish, ta’m bilish, hid bilish bo’lsa, botiniy hislar ham beshtadir: aqli solim (ma’no), tasavvur, taxayyul, hofiza, quvvai qiyos”.

Jaloliddin Rumiyning farzandi arjumandi bo’lgan Sulton Valad (1226-1312) qalamiga mansub “Valadnoma” asarida Rumiyning hayoti, ijodi va irfon-e’tiqodi, “Maorif” asarida tasavvufning orifona g’oyalari aks ettirilganidan xabardormiz. Ushbu asarni taniqli sharqshunos olim, Komilov o’zbekchalashtirdi. Kitobda shunday so’zlarni o’qiymiz: “Joriy etilgan tartib-qoida, suratu rusumlar aynan amalni bajarish emas. Amal holdan holga qarab o’zgarish, ya’ni muttasil poklanib borishdir”. Demakki, ilmning natijasi faqat amal bilan tugamaydi. Ammo ilm amaldan ajraldimi, tamom, u foydasiz bo’lib qoladi.

Kamina yoshim ellikka yaqinlashganda, hayotning past-balandini anglay boshlagandan keyin ilmning haqiqiy kuchiga ishondim. Tinimsiz o’qidim, o’qiganda ham tanlab o’qishga kirishdim. Ma’naviy olamimda o’zgarishlar yasab, dunyoni tushunish va anglash, odamlar bilan munosabat bobida bir qadar o’sganday bo’ldim. Zero, bu baxtli kunlar va sokin vaziyatlarni uzoq kutgan edim.

Davlatning ilmsiz rivojlanmasligiga tarix guvohlik beradi. Sohibqiron Amir Temur ilm-ma’rifat, adabiyot va san’atga homiylik qilganligi uchun “ kuch-adolatda! “ degan qoidaga amal qilgan kitoblardan nomi o’chmay qoldi.

Dono shaxs, hadisshunos olim Imom Ismoil Buxoriy diniy ilm bobida yuksak martabaga erishganligi tufayli o’rta asrlarda Movarounnahrni islom olamiga mashhur qilishga ulgurdi.

Shuning uchun beshikdan qabrgacha ilm olishga, o’rganishga buyurilganmiz. Inson qobiliyatini bilim va tajriba bilangina oshiradi.

Bilim ozuqadir. Aql va qalb u bilan oziqlanadi.
Bilim muvaffaqqiyat. Bilimsizlik esa mag’lubiyatdir.
Bilim jasoratdir. Bilimli kishi muammolarni jasorat bilan yengadi.
Bilim nurdir. Yo’limizni u bilan yoritamiz.
Bilimsizlik esa barcha yomonliklarning manbaidir. Bilimsiz inson o’ziga eng katta yomonlikni qilgan bo’ladi.

Shayx Sa’diy bilimsizlikni urush dovuliga o’xshatadi. Ovozi baland ichi esa bo’sh. Go’zal tushunchalar, bilim javharlari bilan to’ldirilmagan zehn sandiq foydasiz va zararli narsalar bilan to’ladi.

Insonning qadri ilm bilan yuksaladi. Ilmli kishi hodisalarga xolis baho beradi, talabchanlik va uddaburonlikni o’rganadi.

Ruh va ilmning inson hayotida naqadar qudratli omil ekanligini biz zamondoshimiz, alloma Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf (1953-2015)ning hayotidan yaxshi bilamiz. Ul zot qisqa va mazmunli umri davomida ikki yuzga yaqin kitobni yozib, xalqimiz qalbi-shuurini ma’rifat ziyosi, islom nuri bilan boyitgani fikrimiz tasdigidir.

To’plamning to’liq matni bilan tanishing

Baxtiyor Omon. Qalbim nidolari. Badialar by Khurshid Davron on Scribd

007

(Tashriflar: umumiy 268, bugungi 1)

Izoh qoldiring