Eldor Asanov. Sultonga bo’ysunmagan mutafakkir.

021
Дардини берган, давосини ҳам беради, дейди доно халқимиз. Юртимизнинг гўзал табиати-ю, тоғу-тошларида униб чиққувчи гиёҳлари, фарҳбахш ҳавоси-ю, она сутидай покиза сувларининг ўзи дунёда мавжуд бўлган ҳар қандай дардга даво бўлади. Шу туфайли бўлса керак, дунёга донғи кетган табиблар, илму-фан гавҳардонини билим инжуларига тўлдирган мутафаккирларнинг аксарияти бизнинг ватандошларимиздир. Улар орасида энг машҳури эса, шубҳасиз, буюк бобомиз Абу Али ибн Синодир.

01
СУЛТОНГА БЎЙСУНМАГАН МУТАФАККИР
Элдор Асанов
087

Дардини берган, давосини ҳам беради, дейди доно халқимиз. Юртимизнинг гўзал табиати-ю, тоғу-тошларида униб чиққувчи гиёҳлари, фарҳбахш ҳавоси-ю, она сутидай покиза сувларининг ўзи дунёда мавжуд бўлган ҳар қандай дардга даво бўлади. Шу туфайли бўлса керак, дунёга донғи кетган табиблар, илму-фан гавҳардонини билим инжуларига тўлдирган мутафаккирларнинг аксарияти бизнинг ватандошларимиздир. Улар орасида энг машҳури эса, шубҳасиз, буюк бобомиз Абу Али ибн Синодир.

Қувғинликдаги умр

014Абу Али ал-Хусайн бин Абдуллоҳ Бухорий 980-йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида таваллуд топган. Илм-фанга чанқоқ болакай 10 ёшидаёқ Қуръонни ёд олган. 12 ёшида фиқҳ мактабига борган Ҳусайн 14 ёшига қадар самарқандлик табиб Абу Абдуллоҳ Нотилий қўлида тиб илмини ўрганади. Сўнг эса мустақил таълим олишда давом этади. 16 ёшида Сомонийлардан амир Нуҳ ибн Мансурни даволаган Ҳусайн сарой кутубхонасига киришга руҳсат олади ва 17 ёшига қадар барча китобларни ўқиб чиқиб, ўз соҳасининг улкан мутахассисига айланади.

Афсуски, кейинги сиёсий воқеалар унинг тинч ҳаётини издан чиқариб юборади. 992-996-йилларда Сомонийлар Қорахонийлар ҳамда Ғазнавийлар ҳамласига учрайди. Бухорони кўчманчи турклар эгаллаб олиб, унинг тарихий обидаларини беаёв вайрон қила бошлайдилар. Шаҳардаги илгариги маданий муҳит тамомила барбод бўлади. Ибн Сино шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Шу йилларда Хоразм пойтахти Урганчда маърифатпарвар ҳукмдор Маъмун Иккинчи ҳукмронлик қиларди. Унинг ташаббуси билан асос солинган “Ҳикмат уйи”да юзлаб олимлар фаннинг турли соҳаларини асосли равишда тадқиқ этишарди. Урганчга ташриф буюрган Ибн Сино тезда илм аҳли орасида ўз ўрнини топа билди.

Урганчда фақатгина битта мутафаккир – Берунийгина билимлар кўлами ва умумий савияси жиҳатидан Ибн Синога тенглашар эди. Шу боисдан бўлса керак, улар фалсафа ва фаннинг айрим масалалари бўйича кескин зиддиятларга борганлар.

Аммо, орадан узоқ вақт ўтмай, замонасининг энг қудратли ҳукмдори бўлмиш султон Маҳмуд Ғазнавийнин панжаси Урганчга ҳам етиб борди. Урганч амирлиги, у билан бирга Маъмуннинг ҳокимияти тугатилди.

02Маҳмуд Ғазнавий Сомоний амирлар, Бағдод халифалари сингари ўз саройида маданий муҳит яратиш, замонасининг буюк шоиру-ёзувчиларини, олиму-фузалоларини ўз атрофида тўплашни орзу қилар эди. Унинг ўзи ҳам мунтазам равишда китоб мутолаа қилар, араб ва форс тилларида шеърлар битарди. Унинг энг катта мақсадларидан бири бир пайтлар Бухорода донг таратган табиб Абу Али Ибн Синони кўриш эди.

Аммо Ибн Сино наздида Ғазнавийнинг қонҳўрликлари, шуҳратпарастлиги, бойликка ўчлиги унинг барча ижобий ҳислатларини ювиб кетарди. Боз устига, олим ёшлигида она шаҳри Бухорода бошидан кечирган кулфатларини, бу фожиада Ғазнавийнинг отаси Собуқтегиннинг ҳам қўли борлигини унута олмас эди. Шу боис у эркини Ғазнавийнинг бойликларига алмаштирмади ва тезда Урганчни тарк этди.

Урганч ҳикматлар уйидан олиб чиқилган олимлар орасида Ибн Синони топа олмаган Маҳмуд Ғазнавийнинг фиғони фалакка етди.

Султон ва олим учрашуви ҳақида афсона

09Ривоят қилишларича, кунлардан бир кун оғир дардга дучор бўлган Маҳмуд Ғазнавий Ибн Синони унинг ҳузурига бошлаб келган инсонни олтинга кўмишни ваъда қилган экан. Шунда Ғазнада бир табиб пайдо бўлади. У ўзини Ибн Сино деб эълон қилиб, одамларни даволай бошлайди. Бу ҳақда эшитган султон дарҳол уни ўз ҳузурига чақиради. Сохта Ибн Сино табобатдан мутлақо бехабар қаллоб бўлиб, султоннинг қандай касалликка чалингани ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эди. Не қиларини билмай боши қотган табиб ҳеч кимга билдирмасдан Ғазнавийнинг овқатига кўкнор уруғини қўшиб бера бошлайди. Бир қарашда султон ўзига келгандек кўринади барчага.

Айни пайтда султоннинг бетоблигини эшитган Ибн Сино Ғазна сари олис йўлга отланади. Узоқ ойлардан сўнг шаҳарга етиб келган донишманд султон ҳузурига ошиқади. Аммо, таассуфки, кўкнор заҳридан сармаст султон сохта табибнинг Ибн Сино эканлигига ишониб бўлган эди. У ҳақиқий Ибн Синонинг сўзлариги ишонмай, уни саройдан қувиб юборади. Табиб Ҳамадонга қайтиб кетади.

Ушбу афсона балки тарихий ҳақиқат эмасдир. Аммо у замонасининг икки буюк инсонини уларнинг бутун камчилик ва ютуқлари, иқболи ва фожиаси билан кўрсатиб беради. Нисфи жаҳонни фатҳ эта билган оламгир, Шарқу Ғарбни зиртитратган улуғ султон Маҳмуд Ғазнавий битта инсон орзу қилиши мумкин бўлган барча нарсага эриша билди. Бойлик дейсизми, қудрат дейсизми, унда барчаси бор эди. Аммо ғазот режасини усталик билан тузишга, жанг майдонини кўра билишга қодир унинг ақли илм чўққиларини забт этишга кучсизлик қиларди. Ўзининг бу камчилигини яхши тушунган Ғазнавий фақатгина шу унинг армони бўлиб қолишини яхши билган. Қайсидир маънода унинг сатҳи сиёсатдаги ютуқларини илму-фанда такрорлаган ягона инсон эса Ибн Сино эди. Султон табиб билан учрашиб, унинг ақлу заковатига тасаннолар ўқишни, тиб султони қаршисида ҳайрат ёқасини тишлашни, дунёнинг барча сирларидан воқиф бўлмиш тангрининг тирик мўъжизасини ўз кўзлари билан кўришни орзу қилар эди. Аммо Ибн Сино, аксинча, ундан нафратланар, унинг сиёсат ва ғазоватда эришган барча ғалабаларини икки пулга тенг ҳисобларди. У умрини сарсон-саргардонликда ўтказса-да, мустабидга қул бўлишни истамади. Ва фақатгина битта нарса унинг фикрини ўзгартирди. Йўқ, Ғазнавийнинг бойликлари эмас, унинг беморлиги табибни йўлга чорлади. Ахир беморни даволаш ҳар бир табибнинг бурчику. Ва, айни пайтда, шон-шуҳрат кўзларини басирлик домига улоқтирган Ғазнавий орзусига етган паллада Ибн Синони танимади. Бу жиҳатдан, шубҳасиз, буюк боболаримиздан бири бўлмиш Маҳмуд Ғазнавийнинг қисмати бойликка ружу қўйган ёки ҳаётнинг мазмунини тириклик учун курашда ва куч-қудратда дея тушунувчи ҳар қандай инсон учун ибрат бўла олади. Ва, аксинча, Ибн Сино сингари нигоҳини илм чўққисига қаратганларгина абадиятга даҳлдор бўладилар.

Муаррихларнинг гувоҳлик беришларига қараганда, Ибн Сино вафотидан олдин барча қулларини озодликка чиқариб, ҳар бирига садоқатли хизмати учун ерлар ва ҳадялар улашган. Ўз бойликларини эса бева-бечораларга ва нонга муҳтож камбағалларга бўлиб берган. Буюк табиб ва ажойиб инсон Абу Али ибн Сино тинч қалб билан дорилфанони тарк этган.

Маҳмуд Ғазнавийда эса мутлақо ўзгача ҳолатни кўрамиз. Кечирган умрининг бемазмунлигини тушунган султон афсус-надомат чекишдан бошқа чора топа олмади. Мирхонд унинг умрининг ниҳояси ҳақида қуйидагича ёзади:

«Айтишларича, султон ўлимидан икки кун олдин хазинадан кумуш дирҳамларга тўлдирилган қоплар ва тилла динорлар солинган ҳамёнларни, турфа хилдаги ажойиб қимматбаҳо тошлар ҳамда унинг ҳукмдорлик кунларида тўпланган турли-туман камёб қимматбахо нарсаларни олиб келиб, уларни кенг майдонда ёйиб қўйишни буюрди, ва бу майдон уни кўрганларга қизил, сариқ, гулоб ва бошқа ранго-ранг чечаклар билан безалган гулбоғдай туюларди. Султон бу бойликларга афсус билан тикилар ва бўғриқиб йиғларди, узоқ йиғлагандан сўнг уларни хазинахонага қайтариб олиб бориб қўйишни буюрди ва барча нарсалардан уларга муносиб бўлган бирор-бир инсонга ҳеч бўлмаганда бир фалс қийматга эга бўлган бирор нима бермади.»

хдк

(Tashriflar: umumiy 81, bugungi 1)

Izoh qoldiring