Herbert Uells. Ma’budga aylangan dollar & Bobur Nabi. Bashoratchi yozuvchi

Ashampoo_Snap_2016.09.18_15h16m45s_001_.png21 сентябрь — Атоқли инглиз адиби Герберт Уэллс туғилган куннинг 150 йиллиги

    Мен амалий фикрловчи одамман, шунинг учун ҳам бирор инсоннинг диний эътиқоди ҳақида унинг амалий ишларига қараб баҳо бераман. Агар у, масалан, бетиним ичиш билан машғул бўлса, ичкилик деб дунёдаги барча яхшиликларни унутиб, ҳар қандай қабиҳликка тайёр турса, бундай одамга қандай ёрлиқ ёпиштирилгани: у баптист, сунний, ҳиндпараст, буддапараст, насронийликнинг проваслав мазҳабига мансуб бўладими, ёки даҳрий бўладими, менга бари бир, чунки унинг маъбуди бадмастликдир…

БАШОРАТЧИ ЁЗУВЧИ
Бобур Наби
054

076    Чет эл адабиётининг мумтоз асарларини ўрганиш бошқа халқлар, миллатлар адабиёти ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишимизда муҳим манбадир. Шу мақсадда жаҳон адабиётида ўзига хос из қолдирган ёзувчи ва шоирлар ҳаёти — болалиги ва айниқса, ижоди билан қизиқдик, уларни сизларга ҳам илиндик. Дастлабки маълумот маш­ҳур инглиз фантастик ёзувчиси — Герберт Уэллс (Herbert George Wells)  хусусида.

Тўлиқ исми Герберт Жорж Уэллс бўлган ёзувчи 1866 йил 21 центябр куни Буюк Британиянинг Кент вилояти Бромли шаҳарчасидаги Хай кўчасида жойлашган 47-уйда боғбон Жозеф Уэллс ва уй хизматчиси Сара Нил оиласида тўртинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. Ўша пайтдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳвол туфайли бу оила тирикчилик борасида анчагина қийналарди. Оила устуни, яъни ота бошчилигида улар ўзларига мерос бўлиб қолган чинни идишлар ва спорт жиҳозларини сотиб, кун кўришган. Лекин бу катта оила учун урвоқ ҳам бўлмасди. Кейинчалик Жозеф крикет (спорт тури) бўйича ўтказиладиган мусобақада Кент вилояти жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, анча-мунча пул ишлаш эвазига моддий қийинчиликлардан сал бўлса-да, қутулишга ҳаракат қилади.

1874 йили бахтсиз ҳодиса туфайли ёш Уэллснинг оёғи синиб, тўшакка михланиб қолади. Шундан сўнг вақт ўтказиш учун отаси олиб келган турли хил китоб­ларни ўқий бошлайди. Асарлар эса уни тобора романтик дунё сари етаклаб, унда ҳам ижод қилишга истак туғдиради. Кейинчалик у, сал соғлиғи тиклангач, 1849 йилда фаолиятини бошлаган «Томас Морли академияси» деб номланган хусусий мактабга ўқишга киради. Энди ўзига кела бошлаган оилада яна кўнгилсизлик юзага келади: 1877 йили Жозеф Уэллснинг ҳам оёғи синиши оқибатида Герберт крикетни тарк этишга мажбур бўлади.

Шунга қарамасдан, изланувчан Герберт 1883-87 йилларда аввал Мидхерст мактабида, ке­йинчалик Қироллик коллежида (ҳозирги Лондон Империал коллежида) таҳсилини давом эттиради. У мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ ўзининг биринчи ижодига қўл урганди: «Вақт машинаси» номли фантастик асари мактаб илм-фан журналида «Хроник аргонавтлар» сарлавҳа­си остида босилиб чиқади.

Мактабни тугатгач, отасининг жияни, яъни аммаси Мери Уэллс уни уйига таклиф қилади. Бу ерда у аммасининг қизи Изабел билан ҳам анча чиқишиб қолади ва бунинг натижаси ўлароқ, 1891 йилда Изабелга уйланади. Аммо уч йилдан кейин, 1895 йилда Герберт ўзининг талабаларидан бири Эми Катерин Робинс билан турмуш қуради. Улар икки ўғил кўришади: Жорж Филипп (1901) ва Френк Ричард (1903).

Герберт 1901 йили ёзган «Башоратгўйлар» асари билан таниқли ёзувчи сифатида тилга тушади. Кейинчалик бу асар журналларда «Пайғамбарлик тажрибаси» номи билан чоп этила бошланган. Бунда ёзувчи 2000 йилда дунё қандай бўлишини айтиб берган. (Масалан, поэздлар ва автомобилларнинг шаҳардан то қишлоққача етиб бориши, замонавий техно­логия­лар бутун дунёни эгаллаб олиши, Европа Иттифоқининг ташкил этилиши каби.)

Унинг дастлабки асарлари ўша пайтда «илмий романлар» деб ном қозонган бўлса-да, ҳозирда илмий-фантастиканинг мумтоз намуналари сифатида маълум ва машҳурдир: «Вақт машинаси», «Доктор Моро ороли», «Кўринмас одам», «Дунёлар жанги», «Уйқучи уйғонганда», «Ойдаги биринчи одам». Бу асарларнинг барчаси («Уйқучи уйғонганда» асаридан ташқари) филм қилиб ишланган.

Герберт Уэллс нафақат фантастик ёзувчи, балки яхшигина башоратчи ҳам эди. Асарларининг бирида у шундай ёзганди: «ХХ аср бошларигача одамлар ҳеч нарсани аниқ ва равшан била олишмайди. Аниқроғи, чексиз урушни… (Лекин) буни қўлларида атом бомба портламагунча сезишмайди ҳам». Бу қайдлар унинг 1930-йиллар охирида жаҳон уруши бошланади, деган тахминнинг ёзма исботи эди (1934).

Ёзувчи тарих соҳасида ҳам бир қанча изланишлар олиб бориб, дурдона асарлар қолдириб кетган. 1920 йилда икки жилдли «Тарих ҳақида маълумот» китоби профессионал тарихчилар томонидан яхши кутиб олинмаган бўлса-да, орадан икки йил ўтиб, Уэллс «Дунёнинг қисқача тарихи» асарини ҳам ниҳоясига етказади. Унга замон нотинчлиги ҳам таъсир қилмай, аксинча ўзидан-ўзи руҳланиб, янада самаралироқ ижод қилишга тушади. Натижада «Ҳаёт илми» (1930) ҳамда «Инсониятнинг меҳнати, соғлиғи ва бахти» (1931) деган асарлари унинг ижодидан ўлмас мерос бўлиб қолади. 2005 йили «Тарих ҳақида маълумот», 2006 йилда эса «Дунё­нинг қисқача тарихи» китоб­лари қайта нашрдан чиқарилади.

1927 йилда Флоренс Дикс ёзувчини плагиаторлик(кўчирмакашлик)да айблаб, «Тарих ҳақида маълумот» асарини ёзишда унинг кўп қисмини «Ўргимчак тўри»дан олган, дея фикр билдиради. Бир нечта оддий иборалардаги хатоларни ҳисобга олмаганда, суд ҳайъати Уэллсни айбсиз деб топади.

Уэллс «Барбеллион» тахаллуси остида 1919 йили чоп этилган «Тушкун одам журнали» номли кундаликлар ва 1938 йилда келажак авлодга ёрдам бериш мақсадида таълим ва тарбия ҳақидаги «Дунё мияси» эсселар тўпламини ёзиб, нашр эттиради.

Иккинчи жаҳон уруши тугаб қолган бир пайтда иттифоқчи кучлар сиёсатчилар ва илм аҳлидан чиққан «хоин»лар рўйхатини тузишган. Герберт Уэллснинг исм-шарифи ушбу рўйхатнинг бошида турарди. Ўша пайт­ларда у Халқаро ПEН (шоирлар, эссечилар, романчилар) ташкилоти президенти эди.

1946 йилнинг 13 август куни крикетчи бўла олмаган башоратгўй ёзувчи бу дунёни тарк этади.

Манба: “Маърифат” газетаси

Герберт Уэллс
МАЪБУДГА АЙЛАНГАН ДОЛЛАР
Хуршид Даврон таржимаси
09

009Мен амалий фикрловчи одамман, шунинг учун ҳам бирор инсоннинг диний эътиқоди ҳақида унинг амалдаги ишларига қараб баҳо бераман. Агар у, масалан, бетиним ичиш билан машғул бўлса, ичкилик деб дунёдаги барча яхшиликларни унутиб, ҳар қандай қабиҳликка тайёр турса, бундай одамга қандай ёрлиқ ёпиштирилгани мен учун муҳим эмас: у баптист, сунний, ҳиндпараст, буддапараст, насронийликнинг проваслав мазҳабига мансубми, ёки даҳрий бўладими, менга бари бир, чунки унинг маъбуди бадмастликдир. Яна у   тириклик қадриятини фақат доллар билан ўлчаса, унинг учун долларларини йўқотиш катта фалокат ҳисобланса, долларларини кўз-кўзлаб, фойда топишни “яхшилик” деб билса, бундай одам қайси динга эътиқод қилмасин, менга барибир, чунки, унинг учун доллар  ягона маъбуддир.

Долларпарастларнинг қанчадан-қанчаси ҳасад ўтида ёниб, ўз умрларини маъбудларига бахшида этиб умр кечирдилар, аммо очиқ айтишим керак, мен улар сиғинган маъбуд ҳақида яхши фикрда эмасман. Ўтмишдаги барча сохта маъбудлар куни қандай тугаган бўлса, бу маъбуд ҳам шундай охиратга гирифтор бўлади. Маъбудга айланган Долларнинг ўз ҳукмидаги одамларни қутқаришига ишонмайман. Унинг ўзиям нажотсиз эканига ишонаман.

Энг кучга тўлган чоғлари бу маъбуд бениҳоя қудратли эди. У ҳар қандай муаммони осон ҳал қила оларди. Унинг иштирокисиз бирон бир ишниям амалга ошириб бўлмасди. Ихтиёрингизда кўзлаган режангиз учун зарур сонсиз ишчи қўллари мавжуд, улкан  зарур табиий заҳираларни жалб этиш имконияти бўлгандаям, уларга сарфланадиган маблағ бўлмаса, сиз амалга оширмоқчи ишга  талаб  нечоғлик мавжуд бўлмасин, бу маъбуд раҳмдиллик кўрсатмаса, кўзлаган режангиз ҳеч қачон амалга ошмайди. Ўзини одамларга хизмат қилишга бағишлаган, бунинг учун илмий тадқиқотлар қилишга қодир бўлган ёки хайрия фаолияти билан фақирларга кўмак бермоқчи ҳар қандай одамнинг асосий ташвиши фақатгина “маблағ” топишдан иборат бўлади. Шунинг учун ҳам бу маъбуд бутун дунёни ўз ҳукмига бўйсундирди. У бутун дунёдан ўлпон йиғиш даражасига етди, ер юзидаги бор олтин унинг хазинасига оқиб келди, шунга қарамай, у инсониятдан янада кўпроқ тўлов талаб қилишдан тўхтамади.

Бу маъбуд роҳиблари таълимотига кўра, ер юзидаги одамларнинг бари унинг қуллари ҳисобланарди. Аммо, охир-оқибат  қуллар исён кўтаришди. Улар долларпарастларга пулни йўқотишга маслаҳат бердилар, ўзлари эса гаровга қўйилган  мамлакатларида ҳеч кимдан қарзлари бўлмагандек, эркин товар айирбошлаш ва жамоат мулки тизимини ўрнатиб, хўжайинлик қила бошладилар. Оқибатда доллар ўз қийматини йўқотиб, қадрсизланди, эски қарзлар тан олинмади.

Пул пайдо бўлганидан буён инсоният тарихи қарзлардан қутилишга қаратилган исёнлар иборатдир. Долларни маъбудга айлантирган судхўрлару кредит берувчилар қаршилиги бекорга кетди. Уларнинг ҳисоб-китоб билан шуғулланишларидан фойда бўлмади. Крёз* қадимги дунё тарихида Олтинни ягона илоҳга айлантирган энг улуғ пулпарастлардан бири эди. Бош кўтарган исёнчилар унга қарши бош кўтариб, унинг олтиндан қуйилган маъбудини эритиб, тамоғига қуйдилар.

1941

* Крёз — қадимий Лидиянинг милоддан олдинги 560—546 йилларида ҳукмдорлик қилган сўнгги подшоҳи. Крёз биринчилардан бўлиб асосий ўлчови таркибида олтин даражаси билан ўлчанган  танга зарб эта бошлаган.

Яна Крёз ҳақида мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин: Хуршид Даврон. Массагетлар маликаси ва форслар подшоҳи

Ashampoo_Snap_2016.09.18_15h19m03s_002_.png21 sentyabr — atoqli ingliz adibi Gerbert Uells tug’ilgan kunning 150 yilligi

BASHORATCHI YOZUVCHI
Bobur Nabi
054

076 Chet el adabiyotining mumtoz asarlarini o’rganish boshqa xalqlar, millatlar adabiyoti haqida to’liq tasavvurga ega bo’lishimizda muhim manbadir. Shu maqsadda jahon adabiyotida o’ziga xos iz qoldirgan yozuvchi va shoirlar hayoti — bolaligi va ayniqsa, ijodi bilan qiziqdik, ularni sizlarga ham ilindik. Dastlabki ma’lumot mash­hur ingliz fantastik yozuvchisi — Gerbert Uells xususida.

To’liq ismi Gerbert Jorj Uells bo’lgan yozuvchi 1866 yil 21 sentyabr kuni Buyuk Britaniyaning Kent viloyati Bromli shaharchasidagi Xay ko’chasida joylashgan 47-uyda bog’bon Jozef Uells va uy xizmatchisi Sara Nil oilasida to’rtinchi farzand bo’lib dunyoga kelgan. O’sha paytdagi siyosiy, ijtimoiy-iqtisodiy ahvol tufayli bu oila tirikchilik borasida anchagina qiynalardi. Oila ustuni, ya’ni ota boshchiligida ular o’zlariga meros bo’lib qolgan chinni idishlar va sport jihozlarini sotib, kun ko’rishgan. Lekin bu katta oila uchun urvoq ham bo’lmasdi. Keyinchalik Jozef kriket (sport turi) bo’yicha o’tkaziladigan musobaqada Kent viloyati jamoasi sharafini himoya qilib, ancha-muncha pul ishlash evaziga moddiy qiyinchiliklardan sal bo’lsa-da, qutulishga harakat qiladi.

1874 yili baxtsiz hodisa tufayli yosh Uellsning oyog’i sinib, to’shakka mixlanib qoladi. Shundan so’ng vaqt o’tkazish uchun otasi olib kelgan turli xil kitob­larni o’qiy boshlaydi. Asarlar esa uni tobora romantik dunyo sari yetaklab, unda ham ijod qilishga istak tug’diradi. Keyinchalik u, sal sog’lig’i tiklangach, 1849 yilda faoliyatini boshlagan «Tomas Morli akademiyasi» deb nomlangan xususiy maktabga o’qishga kiradi. Endi o’ziga kela boshlagan oilada yana ko’ngilsizlik yuzaga keladi: 1877 yili Jozef Uellsning ham oyog’i sinishi oqibatida Gerbert kriketni tark etishga majbur bo’ladi.

Shunga qaramasdan, izlanuvchan Gerbert 1883-87 yillarda avval Midxerst maktabida, ke­yinchalik Qirollik kollejida (hozirgi London Imperial kollejida) tahsilini davom ettiradi. U maktabda o’qib yurgan paytlaridayoq o’zining birinchi ijodiga qo’l urgandi: «Vaqt mashinasi» nomli fantastik asari maktab ilm-fan jurnalida «Xronik argonavtlar» sarlavha­si ostida bosilib chiqadi.

Maktabni tugatgach, otasining jiyani, ya’ni ammasi Meri Uells uni uyiga taklif qiladi. Bu yerda u ammasining qizi Izabel bilan ham ancha chiqishib qoladi va buning natijasi o’laroq, 1891 yilda Izabelga uylanadi. Ammo uch yildan keyin, 1895 yilda Gerbert o’zining talabalaridan biri Emi Katerin Robins bilan turmush quradi. Ular ikki o’g’il ko’rishadi: Jorj Filipp (1901) va Frenk Richard (1903).

Gerbert 1901 yili yozgan «Bashoratgo’ylar» asari bilan taniqli yozuvchi sifatida tilga tushadi. Keyinchalik bu asar jurnallarda «Payg’ambarlik tajribasi» nomi bilan chop etila boshlangan. Bunda yozuvchi 2000 yilda dunyo qanday bo’lishini aytib bergan. (Masalan, poezdlar va avtomobillarning shahardan to qishloqqacha yetib borishi, zamonaviy texno­logiya­lar butun dunyoni egallab olishi, Yevropa Ittifoqining tashkil etilishi kabi.)

Uning dastlabki asarlari o’sha paytda «ilmiy romanlar» deb nom qozongan bo’lsa-da, hozirda ilmiy-fantastikaning mumtoz namunalari sifatida ma’lum va mashhurdir: «Vaqt mashinasi», «Doktor Moro oroli», «Ko’rinmas odam», «Dunyolar jangi», «Uyquchi uyg’onganda», «Oydagi birinchi odam». Bu asarlarning barchasi («Uyquchi uyg’onganda» asaridan tashqari) film qilib ishlangan.

Gerbert Uells nafaqat fantastik yozuvchi, balki yaxshigina bashoratchi ham edi. Asarlarining birida u shunday yozgandi: «XX asr boshlarigacha odamlar hech narsani aniq va ravshan bila olishmaydi. Aniqrog’i, cheksiz urushni… (Lekin) buni qo’llarida atom bomba portlamaguncha sezishmaydi ham». Bu qaydlar uning 1930-yillar oxirida jahon urushi boshlanadi, degan taxminning yozma isboti edi (1934).

Yozuvchi tarix sohasida ham bir qancha izlanishlar olib borib, durdona asarlar qoldirib ketgan. 1920 yilda ikki jildli «Tarix haqida ma’lumot» kitobi professional tarixchilar tomonidan yaxshi kutib olinmagan bo’lsa-da, oradan ikki yil o’tib, Uells «Dunyoning qisqacha tarixi» asarini ham nihoyasiga yetkazadi. Unga zamon notinchligi ham ta’sir qilmay, aksincha o’zidan-o’zi ruhlanib, yanada samaraliroq ijod qilishga tushadi. Natijada «Hayot ilmi» (1930) hamda «Insoniyatning mehnati, sog’lig’i va baxti» (1931) degan asarlari uning ijodidan o’lmas meros bo’lib qoladi. 2005 yili «Tarix haqida ma’lumot», 2006 yilda esa «Dunyo­ning qisqacha tarixi» kitob­lari qayta nashrdan chiqariladi.

1927 yilda Florens Diks yozuvchini plagiatorlik(ko’chirmakashlik)da ayblab, «Tarix haqida ma’lumot» asarini yozishda uning ko’p qismini «O’rgimchak to’ri»dan olgan, deya fikr bildiradi. Bir nechta oddiy iboralardagi xatolarni hisobga olmaganda, sud hay’ati Uellsni aybsiz deb topadi.

Uells «Barbellion» taxallusi ostida 1919 yili chop etilgan «Tushkun odam jurnali» nomli kundaliklar va 1938 yilda kelajak avlodga yordam berish maqsadida ta’lim va tarbiya haqidagi «Dunyo miyasi» esselar to’plamini yozib, nashr ettiradi.

Ikkinchi jahon urushi tugab qolgan bir paytda ittifoqchi kuchlar siyosatchilar va ilm ahlidan chiqqan «xoin»lar ro’yxatini tuzishgan. Gerbert Uellsning ism-sharifi ushbu ro’yxatning boshida turardi. O’sha payt­larda u Xalqaro PEN (shoirlar, essechilar, romanchilar) tashkiloti prezidenti edi.

1946 yilning 13 avgust kuni kriketchi bo’la olmagan bashoratgo’y yozuvchi bu dunyoni tark etadi.

Manba: “Ma’rifat” gazetasi

Gerbert Uells
MA’BUDGA AYLANGAN DOLLAR
Ruschadan Xurshid Davron tarjimasi
09

007Men amaliy fikrlovchi odamman, shuning uchun ham biror insonning diniy e’tiqodi haqida uning amaldagi ishlariga qarab baho beraman. Agar u, masalan, betinim ichish bilan mashg’ul bo’lsa, ichkilik deb dunyodagi barcha yaxshiliklarni unutib, har qanday qabihlikka tayyor tursa, bunday odamga qanday yorliq yopishtirilgani men uchun muhim emas: u baptist, sunniy, hindparast, buddaparast, nasroniylikning provaslav mazhabiga mansubmi, yoki dahriy bo’ladimi, menga bari bir, chunki uning ma’budi badmastlikdir. Yana u tiriklik qadriyatini faqat dollar bilan o’lchasa, uning uchun dollarlarini yo’qotish katta falokat hisoblansa, dollarlarini ko’z-ko’zlab, foyda topishni “yaxshilik” deb bilsa, bunday odam qaysi dinga e’tiqod qilmasin, menga baribir, chunki, uning uchun dollar yagona ma’buddir.

Dollarparastlarning qanchadan-qanchasi hasad o’tida yonib, o’z umrlarini ma’budlariga baxshida etib umr kechirdilar, ammo ochiq aytishim kerak, men ular sig’ingan ma’bud haqida yaxshi fikrda emasman. O’tmishdagi barcha soxta ma’budlar kuni qanday tugagan bo’lsa, bu ma’bud ham shunday oxiratga giriftor bo’ladi. Ma’budga aylangan Dollarning o’z hukmidagi odamlarni qutqarishiga ishonmayman. Uning o’ziyam najotsiz ekaniga ishonaman.

Eng kuchga to’lgan chog’lari bu ma’bud benihoya qudratli edi. U har qanday muammoni oson hal qila olardi. Uning ishtirokisiz biron bir ishniyam amalga oshirib bo’lmasdi. Ixtiyoringizda ko’zlagan rejangiz uchun zarur sonsiz ishchi qo’llari mavjud, ulkan zarur tabiiy zahiralarni jalb etish imkoniyati bo’lgandayam, ularga sarflanadigan mablag’ bo’lmasa, siz amalga oshirmoqchi ishga talab nechog’lik mavjud bo’lmasin, bu ma’bud rahmdillik ko’rsatmasa, ko’zlagan rejangiz hech qachon amalga oshmaydi. O’zini odamlarga xizmat qilishga bag’ishlagan, buning uchun ilmiy tadqiqotlar qilishga qodir bo’lgan yoki xayriya faoliyati bilan faqirlarga ko’mak bermoqchi har qanday odamning asosiy tashvishi faqatgina “mablag’” topishdan iborat bo’ladi. Shuning uchun ham bu ma’bud butun dunyoni o’z hukmiga bo’ysundirdi. U butun dunyodan o’lpon yig’ish darajasiga yetdi, yer yuzidagi bor oltin uning xazinasiga oqib keldi, shunga qaramay, u insoniyatdan yanada ko’proq to’lov talab qilishdan to’xtamadi.

Bu ma’bud rohiblari ta’limotiga ko’ra, yer yuzidagi odamlarning bari uning qullari hisoblanardi. Ammo, oxir-oqibat qullar isyon ko’tarishdi. Ular dollarparastlarga pulni yo’qotishga maslahat berdilar, o’zlari esa garovga qo’yilgan mamlakatlarida hech kimdan qarzlari bo’lmagandek, erkin tovar ayirboshlash va jamoat mulki tizimini o’rnatib, xo’jayinlik qila boshladilar. Oqibatda dollar o’z qiymatini yo’qotib, qadrsizlandi, eski qarzlar tan olinmadi.

Pul paydo bo’lganidan buyon insoniyat tarixi qarzlardan qutilishga qaratilgan isyonlar iboratdir. Dollarni ma’budga aylantirgan sudxo’rlaru kredit beruvchilar qarshiligi bekorga ketdi. Ularning hisob-kitob bilan shug’ullanishlaridan foyda bo’lmadi. Kryoz* qadimgi dunyo tarixida Oltinni yagona ilohga aylantirgan eng ulug’ pulparastlardan biri edi. Bosh ko’targan isyonchilar unga qarshi bosh ko’tarib, uning oltindan quyilgan ma’budini eritib, tamog’iga quydilar.

1941

* Kryoz — qadimiy Lidiyaning miloddan oldingi 560—546 yillarida hukmdorlik qilgan so’nggi podshohi. Kryoz birinchilardan bo’lib asosiy o’lchovi tarkibida oltin darajasi bilan o’lchangan tanga zarb eta boshlagan.

Yana Kryoz haqida mana bu sahifada o’qishingiz mumkin: Xurshid Davron. Massagetlar malikasi va forslar podshohi

09

(Tashriflar: umumiy 64, bugungi 1)

Izoh qoldiring