Hermann Hesse. Muhabbat

01

Барча таниш-билишларим ичида биргина дўстим Томас Ҳёпфнер ишқ бобида шак-шубҳасиз энг кўп тажрибага эга, десам хато бўлмас. Чунки у аёлларнинг кўнглини овлаш, яъни ухажёрлик санъатининг обдан ҳадисини олган ва бу борада мақтанса арзигулик натижаларга эришган. Шундай бўлса-да, баъзан ўзимча, ахир у ҳам муҳаббатнинг асл моҳиятини бизларданам ортиқроқ тушунмаса керак, деб ўйлаб ҳам қўяман. Унинг ўз ҳаётида маҳбубаси ишқида ўртаниб, кечалари мижжа қоқмай бедор кўз ёши қилиб, йиғлаб чиққанига ҳечам ишонгим келмайди.

03
ҲЕРМАНН ҲЕССЕ
М У Ҳ А Б Б А Т
(“Севги қиссалари” туркумидан)
Немисчадан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси
025

02арча таниш-билишларим ичида биргина дўстим Томас Ҳёпфнер ишқ бобида шак-шубҳасиз энг кўп тажрибага эга, десам хато бўлмас. Чунки у аёлларнинг кўнглини овлаш, яъни ухажёрлик санъатининг обдан ҳадисини олган ва бу борада мақтанса арзигулик натижаларга эришган. Агар у бу ҳақда гапириб берса борми, мен унинг олдида ўзимни худди мактаб боласидек ҳис қилишим турган гап. Шундай бўлса-да, баъзан ўзимча, ахир у ҳам муҳаббатнинг асл моҳиятини бизларданам ортиқроқ тушунмаса керак, деб ўйлаб ҳам қўяман. Унинг ўз ҳаётида маҳбубаси ишқида ўртаниб, кечалари мижжа қоқмай бедор кўз ёши қилиб, йиғлаб чиққанига ҳечам ишонгим келмайди. Ҳарҳолда унинг бундай қилишига тўғри келмаган, мен-ку буни чин дилдан тилаган бўлардим, чунки шундай муваффақиятларни қўлга киритганига қарамасдан, уни зинҳор қувноқ одам деб бўлмасди. Кўпинча уни дилгир бир ҳолатда кўрардим, унинг бутун юриш-туриши, феъл-атвори, хулқи замирида тақдирга тан берган, ўз ожизлигига иқрор, ҳафсаласи пир бўлган, ихлоси қайтган қандайдир бўғиқ вазминлик мужассам эдики, бу асло қониқиш ҳиссидан далолат бермасди.

Аммо булар шунчаки фараз, тахминлар, холос, шунинг учун эҳтимол, янглишаётган бўлишим ҳам мумкин. Психология тўғрисида, ўзим-ку психолог эмасман, китоблар ёзиш мумкиндир, аммо-лекин одамларни билиб бўлмаскан. Ҳарҳолда менга баъзан шундай туюлади, дўстим Томас ишқ ўйинида балким шунинг учун ҳам виртуоз, яъни моҳир, омилкордир, чунки муҳаббат ўйин эмас, унда эса бу соҳада гоҳо нимадир етишмас, шу боис ҳам у дилгир эди, чунки ўз камчилигини ўзи билар ва бундан афсусланиб юрарди. – Тағин билмадим, бу шунчаки тахмин, балким янглишаётгандирман.

Яқинда у менга Фёрстер хоним ҳақида сўйлаб берди. Гарчи унинг ҳикоясида аслида ҳеч қандай бир воқеа, кечинма ёки саргузашт эмас, балки биргина кайфият хусусида сўз борса-да, ушбу лирик латифа менда ғалати таассурот қолдирди.
Бир куни Ҳёпфнерни “Мовий юлдуз”дан энди чиқаётган пайтида учратиб қолдим. Уни мен билан ўтиришга кўндириб, вино билан сийлаш учун бир шиша оддий мозел буюрдим, одатда уни ўзим ҳам ичмас эдим. Шунда у келнер(официант)ни чақириб, норози оҳангда:
— Шошманг, мозел керакмас, — деди ва аъло навли шароб буюрди.

Бундан мен ҳам мамнун эдим, яхши вино таъсирими, суҳбатимиз ҳам тезгина қовуша қолди. Мавзуни аста фрау Фёрстерга бурдим. Ўттиздан ошиб-ошмаган бу гўзал аёлнинг шаҳримизда яшаётганига унча кўп вақт бўлмаган эса-да, жазман, хушторлари кўплиги ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Бундоқ олганда, суҳбатдошим унинг олдида ноль эди. Фақат шуни билардимки, у билан алоқаси бор эди, холос.

— Демак, Фёрстер сени шунчалик қизиқтириб қолибди-да, — деди у ниҳоят, менга ён босиб. – Мен нима ҳам дердим? У билан орамизда ҳеч гап бўлмаган.
— Йўғ-е, наҳотки?
— Ҳа-да, чунки на ёғ, на гўшт. Айтишга арзигулик ҳеч вақо йўқ. Шоир бўлса бошқа гап эди.
— Шоирлар ҳақида бунақа фикрда эмасдинг, чоғи? – кулдим мен.
— Нега энди? Шоирлар ҳам бизга ўхшаган оддий одам, фақат кўпинча бошдан кечирмай ёзишади. Сенга айтсам, ҳаётда минглаб воқеаларни бошдан кечирдим, уларни ёзиб қўйиш керак эди. Қани энди шоир бўлганимда, дейман, бу нарсалар йўқ бўлиб кетмасмиди… Сизлар бўлса, арзимаган нарсага шов-шув қилиб, бўлмағур, бемаза бир нимарсадан новелла ясайсизлар.

— Хўш, фрау Фёрстер-чи? У ҳам новеллага арзийдими?
— Йўқ. Қоралама, шеър десанг-чи. Ё биргина кайфият, агар билсанг.
— Ундай бўлса, қулоғим сенда.
— Хўш, шундай қилиб десанг, ўша аёлга қизиқиб қолдим. Унинг ҳақидаги гап-сўзларни ўзинг яхши биласан. Узоқдан бундоқ сарасоф солсам, бошидан кўп нарса ўтган кўринади. Ахийри менга шундай туюлдики, у ҳар қандай эркак зотини севиб кўрган, танишган ва ҳеч қай бирига ортиқ чидай олмаган. Шундай бўлса ҳам, гўзаллигини йўқотмаган.

— Гўзал деб нимани айтяпсан?
— Шунчаки, ҳаммаси ими-жимида, ҳеч бир ортиқ-кам жойи йўқ. Қадди-қомати келишган, ўзига ярашган, вазмин, сипо. Ҳамма нарса жойида, бемин, бекамикўст. Ҳеч қандай бир вазият йўқки, у гўзаллик учун энг сўнгги имкониятдан бебаҳра қолган бўлса. Худди шу нарса мени ўзига мафтун этди, чунки бўш-баёв, соддаларга тобим йўқ. Қидирганим онгли гўзаллик, тарбия кўрган, боадаб шакл-шамойил, маданият. Хўш, назария етар энди!
— Маъқул.

— Уникига бир-икки марта кириб-чиқиб эдим. Сезишимча, ўша пайтда жазмани йўқ эди. Эркак қалби чинни пиёла дегандай, аста унга яқинлаша бошладим. Стол оша нигоҳлар, қадаҳ сўзлари, қўлини узоқ ўпиб туришлар ва ҳоказо. У ҳам энди нима бўларкин, дея кутаётгандай эди гўё. Шундай қилиб, бир куни уйда ёлғиз пайтини пойлаб, уникига ташриф буюрдим.
Унга рўбарў ўтирарканман, ҳар қандай услуб ортиқча эканини сездим. Шунинг учун ҳам дарҳол муддаога ўтиб, унга Сизни севиб қолдим, энди буткул ихтиёрингиздаман, дедим. Шундан сўнг орамизда тахминан қуйидагича мазмунда мусоҳаба бўлиб ўтди:
— Илтимос, қизиқарлироқ нарсалар ҳақида гаплашайлик.
— Марҳаматли хоним, мен учун Сиздан ҳам кўра қизиқарлироқ хилқат йўқ. Шуни Сизга айтиш учун келдим. Агар бу Сизга зерикарли бўлса, унда кетганим бўлсин.

— Хўш, мендан ўзи нима истайсиз?
— Муҳаббат, марҳаматли хоним!
— Муҳаббат дейсизми! Ахир мен Сизни танимасам, севмасам, қанақа муҳаббат бўлиши мумкин?
— Мана кўрасиз, ҳазиллашаётганим йўқ. Мен бутун борлиғимни ва бор санъатимни Сизга бахшида этмоқчиман, агар Сиз учун бўлса, кўп нарса қўлимдан келади.
— Ҳа, ҳаммангиз шундай дейсиз. Сизларнинг муҳаббат изҳор қилишларингизда ҳеч қачон ҳеч бир янгилик бўлмаган. Хўш, мени қандай қилиб ўзингизга мафтун этмоқчисиз? Агар мени чинданам севганингизда эди, аллақачоноқ бир нима қилган бўлардингиз.

— Масалан, нима?
— Буни ўзингиз билишингиз керак эди. Саккиз кун рўза тутишингиз ёки ўзингизни отиб ўлдиришингиз ё жилла қурса ашъор битишингиз ҳам мумкин эди.
— Мен шоир эмасман-да.
— Нима қипти? Кимки агар чинданам севса, маҳбубасининг биргина табассуми, биргина ҳимоси ёки биргина сўзи учун шоир, наинки шоир, қаҳрамон ҳам бўлаолади. Гарчи шеърлари яхши чиқмаса ҳам, ҳарҳолда қизғин ва муҳаббатга тўла бўлади.
— Сиз ҳақсиз, марҳаматли хоним. Мен на шоир ва на қаҳрамонман, ўзимни ўзим отиб ўлдириш ниятим ҳам йўқ. Башарти шундай қилган тақдиримда ҳам, буни Сизга бўлган муҳаббатимнинг ўзингиз истагандек кучли ва оташин эмаслиги боис содир этган бўлардим. Бироқ буларнинг барчаси ўрнига мен бир нарсага, у ҳам бўлса, ҳар қандай идеал ошиқ олдида бирдан-бир, ягона ва мўъжазгина афзалликка эгаман: мен Сизни тушунаман.

— Хўш, нимани тушунасиз?
— Шуни тушундимки, Сизда ҳам худди менга ўхшаб дард бор. Сиз хушторга талабгор эмассиз, балки севишни, бутун борлиғингиз билан, телбаларча севиб қолишни хоҳлайсиз. Бироқ бунинг уддасидан чиқолмаяпсиз.
— Шундай деб ўйлайсизми?
— Мен бунга ишонаман. Сиз ҳам худди мен каби чин муҳаббат истайсиз. Шундай эмасми?
— Балким.
— Шунинг учун мен ҳам Сизга керакмасман ва Сизни ортиқ безовта қилмайман ҳам. Лекин кетмасимдан аввал эҳтимол менга бир нарсани айтарсиз, қачонлардир бўлса ҳам, ҳақиқий, чин муҳаббатни учратганмисиз?
— Янглишмасам, бир гал шундай бўлган. Сиз билан яқинлигимиз йўқ, шу боис буни билишингиз мумкин. Уч йил бўлди. Ўшанда илк бор ҳаққоний, чинакам муҳаббат туйғусини туйганман.

— Ўша воқеанинг давомини ҳам билсам бўладими?
— Бемалол. Бир одам келиб, мен билан танишди. У мени севарди. Оилали эканлиги боис, бу ҳақда менга ҳеч нима демаган. Қарасаки, эримга кўнглим йўқ, жазман орттирволганман, шунда у келиб, эрим билан никоҳимни бузишимни таклиф қилди. Бунинг эса иложи йўқ эди. Ана шу дақиқадан бошлаб, бу одам менга ғамхўрлик қиладиган, мени деб ташвиш-изтироб чекадиган ҳақиқий дўст ва ҳимоячимга айланди. Шунда уни деб хушторимдан воз кечдим ва унга томон талпиндим, бироқ у менга эътибор ҳам қилмай, кўринмай кетди ва бошқа қайтиб келмади. Ўша кишигина мени чин муҳаббат билан севган, бошқа ҳеч ким.
— Тушунаман.
— Энди кетасизми-йўқми? Бир-биримизга шундоғам кўп гапирвордик.
— Кетаман, яхши қолинг. Хотиржам бўлинг, мен ҳам қайтиб келмайман.

Дўстим ҳикоясини тугатиб, жим бўлиб қолди. Бир оздан сўнг, официантни чақириб, у билан ҳисоб-китоб қилди-да, чиқиб кетди. Унинг ҳикоясидан шундай хулосага келдимки, ўзи эътироф этганидек, унда ҳақиқий севгига лаёқат етишмаган. Аммо шуниси ҳам борки, ўз камчилигини рўй-рост тан оладиган одамларнинг гапларига тўлиқ ишониб бўлармикин. Қайдам. Кимдир ўз олдига камгина талаблар қўйгани боис, ўзини мукаммал санайди. Ўртоғим-ку, бундай қилмайди, лекин чин муҳаббат идеали уни шу аҳволга солган бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, унинг фрау Фёрстер хоним билан қилган ўша суҳбати бошдан-оёқ қуруқ уйдирмадир, балки у менинг фойдамни кўзлаб, уни шунчаки тўқиб-бичгандир, чунки у, ўзи қанчалик эътироз билдирмасин, пинҳона шоир-да.
Яна тағин ким билади дейсиз.

04

03
HERMANN HESSE
M U H A B B A T
(“Sevgi qissalari” turkumidan)
Nemischadan Mirzaali AKBAROV tarjimasi
025

02archa  tanish-bilishlarim ichida birgina do’stim Tomas Hyopfner ishq bobida shak-shubhasiz eng ko’p tajribaga ega, desam xato bo’lmas. Chunki u ayollarning ko’nglini ovlash, ya’ni uxajyorlik san’atining obdan hadisini olgan va bu borada maqtansa arzigulik natijalarga erishgan. Agar u bu haqda gapirib bersa bormi, men uning oldida o’zimni xuddi maktab bolasidek his qilishim turgan gap. Shunday bo’lsa-da, ba’zan o’zimcha, axir u ham muhabbatning asl mohiyatini bizlardanam ortiqroq tushunmasa kerak, deb o’ylab ham qo’yaman. Uning o’z hayotida mahbubasi ishqida o’rtanib, kechalari mijja qoqmay bedor ko’z yoshi qilib, yig’lab chiqqaniga hecham ishongim kelmaydi. Harholda uning bunday qilishiga to’g’ri kelmagan, men-ku buni chin dildan tilagan bo’lardim, chunki shunday muvaffaqiyatlarni qo’lga kiritganiga qaramasdan, uni zinhor quvnoq odam deb bo’lmasdi. Ko’pincha uni dilgir bir holatda ko’rardim, uning butun yurish-turishi, fe’l-atvori, xulqi zamirida taqdirga tan bergan, o’z ojizligiga iqror, hafsalasi pir bo’lgan, ixlosi qaytgan qandaydir bo’g’iq vazminlik mujassam ediki, bu aslo qoniqish hissidan dalolat bermasdi.

Ammo bular shunchaki faraz, taxminlar, xolos, shuning uchun ehtimol, yanglishayotgan bo’lishim ham mumkin. Psixologiya to’g’risida, o’zim-ku psixolog emasman, kitoblar yozish mumkindir, ammo-lekin odamlarni bilib bo’lmaskan. Harholda menga ba’zan shunday tuyuladi, do’stim Tomas ishq o’yinida balkim shuning uchun ham virtuoz, ya’ni mohir, omilkordir, chunki muhabbat o’yin emas, unda esa bu sohada goho nimadir yetishmas, shu bois ham u dilgir edi, chunki o’z kamchiligini o’zi bilar va bundan afsuslanib yurardi. – Tag’in bilmadim, bu shunchaki taxmin, balkim yanglishayotgandirman.

Yaqinda u menga Fyorster xonim haqida so’ylab berdi. Garchi uning hikoyasida aslida hech qanday bir voqea, kechinma yoki sarguzasht emas, balki birgina kayfiyat xususida so’z borsa-da, ushbu lirik latifa menda g’alati taassurot qoldirdi.
Bir kuni Hyopfnerni “Moviy yulduz”dan endi chiqayotgan paytida uchratib qoldim. Uni men bilan o’tirishga ko’ndirib, vino bilan siylash uchun bir shisha oddiy mozel buyurdim, odatda uni o’zim ham ichmas edim. Shunda u kelner(ofitsiant)ni chaqirib, norozi ohangda:
— Shoshmang, mozel kerakmas, — dedi va a’lo navli sharob buyurdi.

Bundan men ham mamnun edim, yaxshi vino ta’sirimi, suhbatimiz ham tezgina qovusha qoldi. Mavzuni asta frau Fyorsterga burdim. O’ttizdan oshib-oshmagan bu go’zal ayolning shahrimizda yashayotganiga uncha ko’p vaqt bo’lmagan esa-da, jazman, xushtorlari ko’pligi haqida har xil gap-so’zlar yurardi. Bundoq olganda, suhbatdoshim uning oldida nol` edi. Faqat shuni bilardimki, u bilan aloqasi bor edi, xolos.

— Demak, Fyorster seni shunchalik qiziqtirib qolibdi-da, — dedi u nihoyat, menga yon bosib. – Men nima ham derdim? U bilan oramizda hech gap bo’lmagan.
— Yo’g’-ye, nahotki?
— Ha-da, chunki na yog’, na go’sht. Aytishga arzigulik hech vaqo yo’q. Shoir bo’lsa boshqa gap edi.
— Shoirlar haqida bunaqa fikrda emasding, chog’i? – kuldim men.
— Nega endi? Shoirlar ham bizga o’xshagan oddiy odam, faqat ko’pincha boshdan kechirmay yozishadi. Senga aytsam, hayotda minglab voqealarni boshdan kechirdim, ularni yozib qo’yish kerak edi. Qani endi shoir bo’lganimda, deyman, bu narsalar yo’q bo’lib ketmasmidi… Sizlar bo’lsa, arzimagan narsaga shov-shuv qilib, bo’lmag’ur, bemaza bir nimarsadan novella yasaysizlar.

— Xo’sh, frau Fyorster-chi? U ham novellaga arziydimi?
— Yo’q. Qoralama, she’r desang-chi. YO birgina kayfiyat, agar bilsang.
— Unday bo’lsa, qulog’im senda.
— Xo’sh, shunday qilib desang, o’sha ayolga qiziqib qoldim. Uning haqidagi gap-so’zlarni o’zing yaxshi bilasan. Uzoqdan bundoq sarasof solsam, boshidan ko’p narsa o’tgan ko’rinadi. Axiyri menga shunday tuyuldiki, u har qanday erkak zotini sevib ko’rgan, tanishgan va hech qay biriga ortiq chiday olmagan. Shunday bo’lsa ham, go’zalligini yo’qotmagan.

— Go’zal deb nimani aytyapsan?
— Shunchaki, hammasi imi-jimida, hech bir ortiq-kam joyi yo’q. Qaddi-qomati kelishgan, o’ziga yarashgan, vazmin, sipo. Hamma narsa joyida, bemin, bekamiko’st. Hech qanday bir vaziyat yo’qki, u go’zallik uchun eng so’nggi imkoniyatdan bebahra qolgan bo’lsa. Xuddi shu narsa meni o’ziga maftun etdi, chunki bo’sh-bayov, soddalarga tobim yo’q. Qidirganim ongli go’zallik, tarbiya ko’rgan, boadab shakl-shamoyil, madaniyat. Xo’sh, nazariya yetar endi!
— Ma’qul.

— Unikiga bir-ikki marta kirib-chiqib edim. Sezishimcha, o’sha paytda jazmani yo’q edi. Erkak qalbi chinni piyola deganday, asta unga yaqinlasha boshladim. Stol osha nigohlar, qadah so’zlari, qo’lini uzoq o’pib turishlar va hokazo. U ham endi nima bo’larkin, deya kutayotganday edi go’yo. Shunday qilib, bir kuni uyda yolg’iz paytini poylab, unikiga tashrif buyurdim.
Unga ro’baro’ o’tirarkanman, har qanday uslub ortiqcha ekanini sezdim. Shuning uchun ham darhol muddaoga o’tib, unga Sizni sevib qoldim, endi butkul ixtiyoringizdaman, dedim. Shundan so’ng oramizda taxminan quyidagicha mazmunda musohaba bo’lib o’tdi:
— Iltimos, qiziqarliroq narsalar haqida gaplashaylik.
— Marhamatli xonim, men uchun Sizdan ham ko’ra qiziqarliroq xilqat yo’q. Shuni Sizga aytish uchun keldim. Agar bu Sizga zerikarli bo’lsa, unda ketganim bo’lsin.

— Xo’sh, mendan o’zi nima istaysiz?
— Muhabbat, marhamatli xonim!
— Muhabbat deysizmi! Axir men Sizni tanimasam, sevmasam, qanaqa muhabbat bo’lishi mumkin?
— Mana ko’rasiz, hazillashayotganim yo’q. Men butun borlig’imni va bor san’atimni Sizga baxshida etmoqchiman, agar Siz uchun bo’lsa, ko’p narsa qo’limdan keladi.
— Ha, hammangiz shunday deysiz. Sizlarning muhabbat izhor qilishlaringizda hech qachon hech bir yangilik bo’lmagan. Xo’sh, meni qanday qilib o’zingizga maftun etmoqchisiz? Agar meni chindanam sevganingizda edi, allaqachonoq bir nima qilgan bo’lardingiz.

— Masalan, nima?
— Buni o’zingiz bilishingiz kerak edi. Sakkiz kun ro’za tutishingiz yoki o’zingizni otib o’ldirishingiz yo jilla qursa ash’or bitishingiz ham mumkin edi.
— Men shoir emasman-da.
— Nima qipti? Kimki agar chindanam sevsa, mahbubasining birgina tabassumi, birgina himosi yoki birgina so’zi uchun shoir, nainki shoir, qahramon ham bo’laoladi. Garchi she’rlari yaxshi chiqmasa ham, harholda qizg’in va muhabbatga to’la bo’ladi.
— Siz haqsiz, marhamatli xonim. Men na shoir va na qahramonman, o’zimni o’zim otib o’ldirish niyatim ham yo’q. Basharti shunday qilgan taqdirimda ham, buni Sizga bo’lgan muhabbatimning o’zingiz istagandek kuchli va otashin emasligi bois sodir etgan bo’lardim. Biroq bularning barchasi o’rniga men bir narsaga, u ham bo’lsa, har qanday ideal oshiq oldida birdan-bir, yagona va mo»jazgina afzallikka egaman: men Sizni tushunaman.

— Xo’sh, nimani tushunasiz?
— Shuni tushundimki, Sizda ham xuddi menga o’xshab dard bor. Siz xushtorga talabgor emassiz, balki sevishni, butun borlig’ingiz bilan, telbalarcha sevib qolishni xohlaysiz. Biroq buning uddasidan chiqolmayapsiz.
— Shunday deb o’ylaysizmi?
— Men bunga ishonaman. Siz ham xuddi men kabi chin muhabbat istaysiz. Shunday emasmi?
— Balkim.
— Shuning uchun men ham Sizga kerakmasman va Sizni ortiq bezovta qilmayman ham. Lekin ketmasimdan avval ehtimol menga bir narsani aytarsiz, qachonlardir bo’lsa ham, haqiqiy, chin muhabbatni uchratganmisiz?
— Yanglishmasam, bir gal shunday bo’lgan. Siz bilan yaqinligimiz yo’q, shu bois buni bilishingiz mumkin. Uch yil bo’ldi. O’shanda ilk bor haqqoniy, chinakam muhabbat tuyg’usini tuyganman.

— O’sha voqeaning davomini ham bilsam bo’ladimi?
— Bemalol. Bir odam kelib, men bilan tanishdi. U meni sevardi. Oilali ekanligi bois, bu haqda menga hech nima demagan. Qarasaki, erimga ko’nglim yo’q, jazman orttirvolganman, shunda u kelib, erim bilan nikohimni buzishimni taklif qildi. Buning esa iloji yo’q edi. Ana shu daqiqadan boshlab, bu odam menga g’amxo’rlik qiladigan, meni deb tashvish-iztirob chekadigan haqiqiy do’st va himoyachimga aylandi. Shunda uni deb xushtorimdan voz kechdim va unga tomon talpindim, biroq u menga e’tibor ham qilmay, ko’rinmay ketdi va boshqa qaytib kelmadi. O’sha kishigina meni chin muhabbat bilan sevgan, boshqa hech kim.
— Tushunaman.
— Endi ketasizmi-yo’qmi? Bir-birimizga shundog’am ko’p gapirvordik.
— Ketaman, yaxshi qoling. Xotirjam bo’ling, men ham qaytib kelmayman.

Do’stim hikoyasini tugatib, jim bo’lib qoldi. Bir ozdan so’ng, ofitsiantni chaqirib, u bilan hisob-kitob qildi-da, chiqib ketdi. Uning hikoyasidan shunday xulosaga keldimki, o’zi e’tirof etganidek, unda haqiqiy sevgiga layoqat yetishmagan. Ammo shunisi ham borki, o’z kamchiligini ro’y-rost tan oladigan odamlarning gaplariga to’liq ishonib bo’larmikin. Qaydam. Kimdir o’z oldiga kamgina talablar qo’ygani bois, o’zini mukammal sanaydi. O’rtog’im-ku, bunday qilmaydi, lekin chin muhabbat ideali uni shu ahvolga solgan bo’lishi ham mumkin. Ehtimol, uning frau Fyorster xonim bilan qilgan o’sha suhbati boshdan-oyoq quruq uydirmadir, balki u mening foydamni ko’zlab, uni shunchaki to’qib-bichgandir, chunki u, o’zi qanchalik e’tiroz bildirmasin, pinhona shoir-da.
Yana tag’in kim biladi deysiz.

003

04

(Tashriflar: umumiy 162, bugungi 1)

Izoh qoldiring