Karim Bahriyevning xos sahifasi ish boshladi.

Ўзбек ижодкорлари вебсаҳифалари сафига таниқли шоир, журналист, таржимон ва, айни пайтда, ҳуқуқшунос Карим Баҳриев (Абдукарим Баҳриддин) нинг хос саҳифаси қўшилди. Карим Баҳриев 1962 йил 2 январда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида туғилган. 1979 йилда Ургутдаги 8-ўрта мактабни аьло баҳоларда битирган. Самарқанд давлат университетида ва Москва давлат университетида таҳсил олган.
1990-1995 йилларда Ўзбекистон халқ депутати сифатида Ўзбекистон мустақиллигини эьлон қилган, Ўзбекистон Конституциясини қабул қилган биринчи парламентда фаолият юритган.
«Маьрифат» газетасида – Бош муҳаррир ўринбосари, «Хўжалик ва ҳуқуқ» журнали ва «Ҳуррият» газеталарида Бош муҳаррирлик қилган.
Карим Баҳриев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритганда унинг номи ўша даврнинг энг долзарб мавзулари бўйича ёзган мақолалари билан халқимизга танилди. Унинг мустақиллик йилларида ҳам адабий,ҳам сиёсийижтимоий майдонда олиб борган фаолияти ҳам таҳсинга сазовор.
Абдукаримга ижодий ишларига равнақ,саҳифасига мазмундорлик ва узоқ йиллик фаолият тилаймиз.

Карим Баҳриев ижодидан намуналар

БЎРИ

Воқиф Самадўғлига

Балким, мен ҳам бўри эдим
Дунёнинг азал вақтида,
Ҳали тузук тили чиқмай,
Ҳар жоннинг ассиз вақтида.

Ҳар дарахти, гули номсиз,
Чумолиси, фили номсиз,
Кўп нарсалар ҳали номсиз
Айланиб, кезар вақтида.

Бир эди ҳамманинг бахти,
Йўқдир хушбахти, бадбахти,
Балиқларнинг учган вақти,
Қушларнинг сузар вақтида.

Балким, сўз ҳам бекор эди,
Ҳамма нарса дилбар эди,
Бўрилар ҳам емас эди
Дунёнинг гўзал вақтида.

НОЗИК КАПАЛАК МУРДАСИНИ ТАЛАШАЁТГАН
ҚОРА-ҚОРА ЧУМОЛИЛАР

Қора-қора чумолилар,
капалакни найладингиз?!
Тўпландингиз, тўп бўлдингиз,
Қанот-қанот қўпордингиз,
Ташидингиз, обордингиз,
капалакни найладингиз?

Айрилди кун ёруғидан,
Кўкнинг камалак туғидан,
Қулоғим битди, том битди
Гулларнинг қичқириғидан,
капалакни найладингиз?

Дарди тушар оғизларга,
Дод айлар, чақирар сизни.
На едирар, на тўйдирар,
На қишдан чиқарар сизни,
капалакни найладингиз?!

ОДАМ

Дўстим Нотиқ САФАРОВга

Энди мени ким овутар,
Эй, мени овутган одам?!
Ўзга дардин кўрган вақти
Ўз дардин унутган одам.

Хуш сўзини, қилиғини,
Гўдакдай соф йўриғини,
Дастурхонин бор-йўғини
Еру кўкка тутган одам.

Дунёда на сув, на ўт бор,
Дунёда на дўст, на ёт бор,
Аллоҳдан кейин бир от бор:
Одам,
Одам,
Одам,
Одам!..

(Tashriflar: umumiy 48, bugungi 1)

Izoh qoldiring