Karimberdi To’ramurod. Avliyo

05

Иброҳим Латифбойнинг карвонига қўшилиб Амударёдан ўтди. Латифбойникича давлати бўлмаса ҳам тўрт хуржун тиллоси, икки туя кийим-кечаги, кўрпа-тўшаги, беш-олти хизматкори бор эди Иброҳимнинг. Аммо эҳтиёт қилгани, кўз қорасидай асрагани бир сандиқ китоби эди. Эссизгина, отаси ижозат бермади, бўлмаса қолган тўрт сандиқ китобни ҳам олиб кетар эди. Иброҳим Ҳиротдан бир мулк сотиб олди. Аҳли байти билан шу мулкка жойлашди. Мулк ўнтача хона, чоғроққина боғ, бир туркман гиламнинг ўрнича гулзордан иборат бўлди.

091
АВЛИЁ
Каримберди Тўрамурод
03

03Каримберди Тўрамурод 1960 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Дўстлик қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини ва Тошкент давлат маданият институтини тугатган. Йигирма йил давомида қишлоқ мактабида математикадан дарс берган ва қишлоқ маданият уйига раҳбарлик қилган. 2003 йилда “Бекажон” газетасига ишга таклиф қилинган ва танаффуслар билан бўлса-да, ўшандан буён газетада.
Каримберди Тўрамуроднинг “Гунг қиз”, “Синфдошлари йўқ одам”, “Худоёров йигитлари”, “Жийда гули”, “Дилхирож”, “Майда безори қария” каби китоблари чоп этилган. Ёзган киносценарийлар асосида “Ота”, “Сабринисо”, “Чақмоқ” каби фильмлар ва “Жийда гули” телесериали суратга олинган.

04

Авлиёлар бўлган, бор ва бўлади. Фақат айрим авлиёларнинг авлиёлигини одамлар билади, айримларини билмайди. Авлиёлигини авлиёнинг ўзи билади. Айрим авлиёларнинг авлиёлигини на одамлар билади на авлиёнинг ўзи билади. Уларнинг авлиёлигини фақатгина Аллоҳ таоло билади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

1

– Оқпошшониям инсофи боракан, бойга тегмаган эди, Лелин дегани бемаза эмиш, бойнинг-ку шўрини қуритаяпти эмиш-а, камбағалнинг ҳам сўнгги уруғлиги борми, ерини ҳайдаб турган ҳўкизи борми, оляпти эмиш. Аёлу эркакни теппа-тенг далага ҳайдаб, бирга-бирга ишлатар эмиш. Маҳраму номаҳрам деган гап энди бўлмас эмиш. Ҳамманинг оғзида шу гап.
– Унчалик бўлмас-ов, – деди Иброҳим отаси билан ифторликдан сўнг суҳбатлашиб ўтираркан. – Номаҳрам қиёматгача номаҳрам бўлиб қолаверади-ку, ота?

Абдураҳмон махсум анча вақт сукут сақлади. Дастурхондаги ҳамма нон ушоқларини битталаб териб олди. Уларни пиёлага солди. Яна уларни пиёладан тўкди. Кейин пиёлани асабий тўнкарди. Дастурхондан кўз узиб, бошини кескин кўтарди.
– Сен кет! – деди Абдураҳмон махсум паст, лекин амрона оҳангда. – Бу гапларга ишинг бўлмасин! Келинни, болаларингни ол-да, кет! Латифбой жума куни намоздан кейин Афғонга жўнаб кетмоқчи. Мен гаплашиб қўяман, сен ҳам бирга кетасан.
– Ота, келинингизни ҳам олиб кетсам, сизларнинг хизматингизни ким қилади? – ҳайрон бўлди Иброҳим.
– Бизга ишинг бўлмасин, – деди Абдураҳмон махсум. – Опанг хабар олиб турар. Қизи келиб, онангга қарашиб турар.
– Қийналиб қоласизлар, ота, – унамади Иброҳим. – Бир ўзингизга шунча ишни ташлаб кетиб, қанақа фарзанд бўламан, ота?

– Бу ишлар, бу корхоналарнинг ғамини ема, болам, – деди афсус билан Абдураҳмон махсум. – Бу корхоналар энди қўлдан кетди, барча ишлар поёнига етди, ўғлим. Тошкондан ҳам хунук хабар олдик. Ёрмуҳаҳаммадхон бўламизнинг ҳам бор йўғини тортиб олишибди. “Энди завод халқники”, дейишибди. Мол-мулксиз, озиқ-овқатсиз қолишибди. Бермайман деганни суриштирмай отиб ташлашаяпти эмиш. Юрт кофирнинг қўлига ўтди, болам. Бу юртда тургулик қолмади. Болаларинг иймонсизнинг юзини кўрмасидан кет, ўғлим!
– Унда сизларни ҳам олиб кетаман!

– Бизларнинг бўларимиз бўлган, болам. Онанг узоқ йўлга ярамайди, – деди Абдураҳмон махсум. – Биз, чолу кампирларга ўрис тегмас. Сен қўлга илинадиган бойлигимизни ол-да, дарёдан ўтиб кет, болам. Ленини келадими, Кал Ленини келадими, ҳамма корхоналаримизни, мулкларимизни ўз қўлим билан уларга топшираман. Менам Аширматларга ўхшаган йўқсил бўламан. Яшаб туришга биттагина уйимизни қолдиришса бўлгани. Аллоҳ таоло ризқимизни берар, тишимизни олмасдан ризқимизни узмас.
– Майли, – ноилож рози бўлди Иброҳим. – Аммо имконият туғилганидан сизларни олиб кетаман!
– Худо хоҳласа, – деб қўйди Абдураҳмон махсум, аммо дилидан бошқа сўз ўтди: – “Қиёматда кўришамиз энди, болам!”

2

Иброҳим Латифбойнинг карвонига қўшилиб Амударёдан ўтди. Латифбойникича давлати бўлмаса ҳам тўрт хуржун тиллоси, икки туя кийим-кечаги, кўрпа-тўшаги, беш-олти хизматкори бор эди Иброҳимнинг. Аммо эҳтиёт қилгани, кўз қорасидай асрагани бир сандиқ китоби эди. Эссизгина, отаси ижозат бермади, бўлмаса қолган тўрт сандиқ китобни ҳам олиб кетар эди.
Иброҳим Ҳиротдан бир мулк сотиб олди. Аҳли байти билан шу мулкка жойлашди. Мулк ўнтача хона, чоғроққина боғ, бир туркман гиламнинг ўрнича гулзордан иборат бўлди.

Иброҳим аввал Ҳиротнинг аҳли илмлари билан танишди. Зиёфат қилиб, Ҳиротнинг уламо-ю, фузалоларини чақирди. Улар билан суҳбатлашиб, мамлакатдаги аҳволни билди. Ўғлини Обиддин домла деганнинг мадрасасига қўйди.
Иброҳим кейинги зиёфатга Ҳиротнинг савдогарлари, ишбилармонларини чақирди. Улар билан маслаҳат-кенгаш қилди. Сал ўтиб, шаҳардан яхшигина икки дўкон сотиб олиб, тўрт хизматкорини савдога қўйди. Қолганлари ҳовли ва боғ ишлари билан машғул бўлишди.

Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган, Иброҳим ота-онасини ҳам олдириб келиш тараддуди юрган эди. Амир Олимхоннинг ҳам Афғонга келиши барча ишларнинг белига тепди. Яхши кутиб олиниб, серҳосил боғлар, баҳаво жойлар билан сийланган амир бунга қаноат қилмай, бу ерда ҳам амирлик даъвосини қилиб қолди. Афғонистон подшоси амирнинг попугини пасайтирибгина қўймасдан, у ва у билан бирга келган барча ўзбекларни ҳосилсиз, ташландиқ бир ҳудудга қувғин қилди. У ердан чиқиб кетмасликларини назорат остига олди. Уларга берилган имтиёз, ҳақ-ҳуқуқларни бекор қилди. Бу нарса бутун Афғонистонда то шунгача яшаётган ўзбекларнинг тақдирида ҳам ўзгариш қилди. Ҳамма ерда ўзбекларга муносабат ўзгарди.

Ҳамма ўзбекнинг оти бухороликка чиқди.
Ҳамма бухоролик кўрнамакка чиқди.
Ҳамма кўрнамак нафратга сазовор бўлди.

Иброҳимнинг дўконидан мол олган афғонларнинг инсоф қилгани молнинг ярим пулини бериб, инсоф қилмагани бир тийин бермай кета бошлашди. Пулини сўраб борганларидан “Оласан-да бир куни пулингни, келгинди”, деган жавобни эшитиб, Иброҳимнинг кўнгли чўкди. Аввал дўконларини ёпди, Исмоилнинг ўқиши учун мадрасада бошқаларга қараганда икки баравар ортиқча ҳақ талаб қила бошлашгач, шаҳардан ҳам этагини силкиди. Мулкини олган нархининг ярим нархига пуллаб, Машҳадга ўтиб кетди.

3

Иброҳим икки йил Исфахонда турди.
Яна икки йил умри Боғдодда ўтди.
Боғдодда унча ранж чекмади. Тижорат ишлари билан банд бўлди. Исмоил мадрасада ўқишини давом эттирди. Яхши устозлардан сабоқ олди. Аммо Иброҳимнинг кўнгли ҳеч қачон ва ҳеч нимадан хотиржам тортмади. Юртга қайтсаммикан деб ҳам кўрди, аммо юртдан келаётган бир-биридан хунук хабарлар унинг дилини вайрон этарди. Кофирларнинг иймон аҳлига, илм аҳлига, энг ёмони Пайғамбаримиз саллоллоҳи алайҳи васалламнинг авлодларига қилаётган зулмларини эшитиб, кўнглидан “Аллоҳга нима гуноҳимиз бунчалик оғир ботди-ки, аҳли солиҳларни иймонсизларга қул қилди, уламоларимизни, тўраларимиз, саййидларимизни кофирларнинг қошида забун қилди? Муқаддас тупроғимизни қайси гуноҳимиз учун ўрисга оёқ ости қилдирди? Наҳотки Аллоҳ таоло мўъмин хор бўлиб кофирнинг даражаси баланд бўлишини хоҳласа?” деган фикрлар ўтар, яна “Шаккоклик қиляпман, Аллоҳнинг иродасига кўнмаяпман”, дея ўйлаган ўйи учун ҳам тавба-тазарру қиларди.
Ана шу ўйлари, мушоҳадалари бир бўлиб, Ҳаж қилиш, Каъбатуллоҳда туриб тавба қилиш, бу саволларни Аллоҳ таолонинг уйида Унинг ўзидан сўраш нияти дилида қатъий бўлди.

4

Иброҳим ватанидан чиққанига беш йил бўлганда Маккага кириб борди. Ўзи ҳам, аёли Муҳаррам ҳам, Исмоил ва ёши ўндан ошиб қолган Моҳирўй ҳам Ҳажни ният қилишди. Олти хизматкор ҳам эҳром боғлашди.
Барчалари Ҳаж амалларини адо қилишди. Иброҳим отаси ва онаси учун ҳам Ҳаж қилгач, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг равзаи покларини тавоф қилиш мақсадида Мадинаи мунавварага йўл олишди.

Мадинада Пайғамбаримиз саллоллоҳи алайҳи васалламнинг равзаларини зиёрат қилиб бўлишгач, бир ҳафтача мусофирхонада туришиб, Иброҳим шаҳарнинг шарт-шароити билан танишган бўлди. Оқпошшо замонидаёқ қочиб келиб, Мадинада қўним топган ўзбеклар, самарқандликлар билан танишди. Шаҳобиддин Мотурудий ёрдамида унча катта бўлмаган, аммо шинам ва файзли бир ҳовлини сотиб олиб, аҳли байтини шу ҳовлига жойлаштирди.

Иброҳим Мадинада ҳам тижорат ишларини йўлга қўйди. Аввал заргарлик дўконини очди. Сўнгра чит дўкони, кейинроқ атторлик дўконларини очди. Ишлари бароридан келиб, тижоратдан яхши фойда кўрди. Иброҳим отасидек қўли очиқ, сахий бойлардан эди, Мадинада ҳам бу хислат уни тарк этмади. У доимо муҳтожлар кўнглини овлади. Муттасил катта-катта хайру эҳсонлар қилиб турди. Аввал ўзларига чиройли ҳовли-жой қурган Иброҳим олдинма-кейин барча хизматкорларига ҳам алоҳида-алоҳида ҳовли олиб бериб, уларни уйлантирди. Уларнинг рўзғорларини бутлаб берди. Кейинчалик, Мадинадан чиқиб кетар чоғи ҳар бир хизматкорига алоҳида биттадан дўконни топшириб кетди.

Унгача эса Иброҳимнинг бошидан кўп савдолар ўтди.
Моҳирўй айни бўй етиб қолганда тиф касалига чалиниб қолди. Иброҳим ҳар қанча ҳаракат қилмасин, бор-будини харажат қилмасин, Моҳирўйни сақлаб қололмади.

Моҳирўйнинг доғига Муҳаррам саккиз ой чидади. Саккиз ой йиғидан бошқани билмаган Муҳаррам Моҳирўйнинг ёнига қўйилди.
Иброҳим икки дилбандига ёмон куйди. Аввалига ҳамма ишлардан кўнгли совуб, ҳеч нима билан иши бўлмай қўйди. Одамларга ҳам аралашмай қўйди. Бироз фурсат ўтиб, Иброҳим тақдирига тан берди. Иброҳим сабрни ўзига байроқ қилди. Иброҳим ўзини ибодат билан овутди, ўзини ибодатга бағишлади. Қачон Иброҳим керак бўлса хизматкорлар уни Масжиди Набавийядан топадиган бўлишди.
Иброҳим мадрасани хатм қилиб, уламолардан фиқҳ илмини, тафсир илмини ўрганаётган ўғли Исмоил билангина суҳбат қилар, бу суҳбатлар ҳам илм тўғрисида бўларди.

– Мени шогирдликка ол, ўғлим, – деб қолди бир куни Иброҳим ўғлига. – Мен тафсирни сенчалик билмаслигим аён бўлиб қолди.
– Устозим ўзингиз-ку, дада? – кулди Исмоил. – Сиздан ортиқ нимани ҳам билар эканманки, сизга ўргата олсам?
– Сен ҳар ҳолда Ҳирот, Боғдод, Мадина мадрасаларида ўқидинг, шайх Саноийдек улуғ зотлардан сабоқ олаяпсан, – деди Иброҳим. – Мен бор-йўғи Мир Арабни хатм қилганман, ўғлим. Сен тафсир айтганингда кўзларимга ёш келади. Кўз тегмасин, ишқилиб, деб дуо қиламан доим.
– Ҳаммаси шайх ҳазрат устозимнинг хизматлари, дада, – деди Исмоил мамнун бўлиб. – Ҳазратим бу илмда беназирдирлар.
– Сўраб кўр, менга ҳам озроқ илм ўргатишга фурсатлари бўлармикан?
– Албатта сўрайман, дада, – деди Исмоил.

Иброҳим шайх Саноийнинг зиёратига ҳам бориб турадиган, ундан билмаганларини сўрайдиган бўлди. Ўғлига имтиҳон топшириб, Қуръони каримни такрор қиладиган бўлди.

5

Қизи ва аёлидан ажралганидан кейин Иброҳим ватанга қайтиш орзусига тушиб қолди. Аммо ватан ўриснинг ватанига қўшиб олингани, бу катта ватанда уруш кетаётгани унинг қайтишига монелик қиларди. Ватандан чиқиб кетганларнинг қайтиб боргач, бошларига тушган азоб-уқубатлар ҳақида ваҳимали хабарлар келиб турди. Аммо барибир Иброҳим имкон топилганидан ватанга қайтишни дилига туккан эди.

Уруш бартараф бўлгунча Мадинада ҳам бекор юрмаслик, ўзини бирор иш билан овутиш мақсадида бир меҳмонхона қуриш режасини тузди. Шаҳардаги етук муҳандисларни чорлаб, беш қаватдан иборат бўладиган меҳмонхона тарҳини чиздирди. Меҳмонхонанинг ҳар бир қаватида таҳоратхоналари, ғуслхоналари, емакхоналари бўлишини, икки қавати оилавий бўлиб зиёратга келувчиларга мўлжалланган алоҳида икки-уч хонали бўлишини, бу хоналарда зиёратчилар бир неча ой яшашлари учун барча шароитлар яратилиши лозимлигини тайинлади.

Икки йил деганда меҳмонхона Иброҳимнинг кўнглидагидек қилиб қуриб битказилди. Иброҳим элга дастурхон ёзиб, эҳсон қилди. Муҳандислар ва қурувчиларга катта-катта совға-саломлар қилди. Меҳмонхона зиёратчилар учун, толиби илмлар учун узоқ йиллар хизмат қилишини тилаб дуолар қилинди.
– Исмоилхон, олаётган илмингизга халақит бермасин деб шунча йил бу ҳақда оғиз очмадим, – деди Иброҳим ўша куни меҳмонлар тарқалгач. – Аммо ёшингиз ҳам ўттизга бориб қолди. Энди хўп десангиз сизни ҳам уйлантириб қўйсак, ўғлим.
– Олдин битта саволимга жавоб беринг, дада, – деди Исмоил. – Ватанга барибир қайтишимиз аниқми ёки фикрингиз ўзгардими?
– Бу масалада ҳеч ким, ҳеч нарса фикримни ўзгартиролмайди, – деди Иброҳим ва сал жим туриб қўшиб қўйди: – Ҳеч қачон!
– Дада, мени ташлаб кетмассиз?
– Албатта, ўғлим, – деди хомуш бўлиб Иброҳим. – Ўзи сени қайтариб олиб бориш учун қайтмоқчиман-ку, ўғлим? Ўзимга қолса, менга аянг билан синглингнинг олдидаги икки қулоч жойдан бошқа нарса керак эмас!
– Ундай бўлса нима қиламиз бировнинг қизига сафар машаққатларини раво кўриб? – деди Исмоил ер чизиб. – Ўзимиз қай азобда етиб келганимизни унутганим йўқ, дада. Ҳиротнинг аччиқ шамоллари, Боғдоднинг безгаклари эсимдан чиққани йўқ. Сиз бизни бу ерга етказиб келгунча тортган азобларни мен ҳам тортмайин, бошқаларни ҳам азобга қўймайлик! Насиб бўлса, ватанга борсак, битта келин топилар. Уруш ҳам охирлаб қолган кўринади.

Иброҳим узоқ ўйланиб қолди. Ўғли тўғри айтаётган эди. Ватанга қайтиши аниқ. Сафар олис ва хатарли экани ҳам аниқ. Сафар машаққатларини ота-бола иккиси тортгани маъқул.
– Маъқул, – деди Иброҳим оғир тин олиб. – Гапларинг жўяли. Сафарга заифалар аралашмагани ҳам маъқул. Унда сафар тадоригини тезлаштирар эканмиз.

Ўша суҳбатдан кейин фақат бир мавзуда гаплашар бўлдилар: қачон сафарга чиқилади, нима тайёргарлик кўриш лозим?
Ана ўша тайёргарлик жараёнида Иброҳим ўзи билан келган, ҳозир ҳар бири алоҳида ҳовлиларда яшаётган, бола-чақали бўлиб кетган хизматкорларининг ҳар бирига биттадан дўконни хатлаб берди. Қолган дўконлари борми, ҳовли-жойи борми, мол-ҳоли борми, ҳаммасини сотди. Миниб кетишлари учун иккита арабий отни олиб қолди, холос.

6

Жўнаб кетар кунларигача ўзи қурган меҳмонхонанинг бир хонасида яшаб туришди. Иброҳим жўнаб кетар куни шаҳар ҳокимини, қозисини, уламолари-ю, фузалоларини, аввалдан Мадинага келиб ўрнашиб қолган миллатдошларини ва ўзи билан бирга келган юртдошларини чақириб, зиёфат берди. Зиёфат сўнгида Иброҳим шаҳар қозисига мурожаат қилди:
– Муҳтарам қозикалон ҳазратлари, муҳтарам Пайғамбаримиз саллоллоҳи алайҳи васалламнинг ҳамшаҳарлари, бизнинг юртингизга қилган сафаримиз қариди. Бугун шаҳрингизни тарк этар бўлдик, – деди Иброҳим ва ўғлига имо қилди.
Исмоил хизматкорлар билан икки сандиқни олиб келди. Иброҳим биринчи сандиқнинг қопқоғини кўтарди. У сандиқ китоблар билан тўла эди.
– Китобларим ҳамма нарсадан азиз бойлигим эди, аммо ватанимда китоб хор бўлибди, китоб тутганнинг аҳволи абгор бўлибди, – деди Иброҳим. – Бу китобларимни кутубхонангизга топшираман, токи толиби илмлар беминнат фойдалансинлар.

Шундан сўнг Иброҳим иккинчи сандиқнинг қопқоғини кўтарди. Сандиқ тилла тангалар билан тўла эди.
– Бу тиллаларни ҳам, меҳмонхонани ҳам шаҳар ҳокимининг ихтиёрига топшириб кетмоқчиман. Қозикалон ҳазратлари, уламолар, сизлар гувоҳ бўлингизлар ва сиз менга бу ҳақда битта гувоҳнома ёзиб берасиз, – деди Иброҳим. – Ҳоким тўрамнинг ўзлари кимни назорат учун тайинласа тайинлайдилар, аммо биргина тилагим бор. Ҳозир менинг юртим кофирларнинг қўлида қолган, ҳамюртларим муборак Ҳаж зиёратига келолмай турибдилар. Йигитларимиз илм ўрганишга имкон тополмай турибдилар. Матлабим шулки, юртим мустамлакачилардан озод бўлиб, халқларимиз орасида муносабатлар изга тушгандан кейин, юртдошларим эмин-эркин зиёратларга кела оладиган бўлганларидан кейин юртимдан келган ҳожилар мана шу меҳмонхонада текинга туриб кетишсин. Толиби илмлар келишса, шу меҳмонхонада бепул туриб, илм ўрганишсин. Улардан ижара ҳаққи ҳам олинмаса, таомлари учун ҳам пул олинмаса, дейман. Шунга кафиллик бера оласизларми, муҳтарам зотлар?

Энг аввал Иброҳимнинг сўзларидан кўзига ёш олган шаҳар ҳокими ўрнидан турди.
– Биродар, сиз айтган вазифани ортиғи билан бажаришга мен кафиллик бераман, – деди ҳоким кўз ёшларини рўмолчаси билан артиб. – Аллоҳим ниятингизга етказсин, хайрли ишингизнинг ажрини зиёда қилиб берсин!
– Мен сизга бу ҳақида тегишли ёрлиқ ёзиб бераман, – деди қозикалон. – Токи, авлодларингиздан кимдир келиб, бу меҳмонхонага эгалик қилишни истаса ҳаққи бўлади, сиздан қолган бойликка эга бўлади.

– Мерос талаб қилиб, эгалик талаб қилиб ҳеч ким, ҳеч қачон келмайди, – деди қатъий қилиб Иброҳим. – Бу бойлик ва мулкларнинг тасарруфини бутунлай сизларнинг ихтиёрларингизга қолдираман. Фақатгина ягона илтимосимни унтмасангиз бўлди, тақсирлар.
– Шу меҳмонхона тургунча юртингиздан келувчи зиёратчиларга беминнат хизмат кўрсатамиз, – деди ҳоким. – Тиллаларни инсофли тужжорларга омонат топширамиз, улар фойдаларидан улушни меҳмонхона ҳисобига бериб турадилар. Меҳмонхона нураса таъмирлаймиз, бузилса янгитдан қурамиз. Худо хоҳласа, Қиёматгача савоби жория бўлади бу меҳмонхона. Савобидан биз ҳам баҳраманд бўламиз, иншааллоҳ. Бу вазифани гарданимизга олганимизни ва кафил бўлганимизни биздан кейингиларга васият қилиб қолдирамиз.

Ҳаммалари шунга аҳду паймон қилишди.
Ўша куни икки отда икки хуржун йўл анжомлари ва икки ҳамён тилла билангина икки йўловчи, икки ҳожи, икки ватан ишқидаги мусофир Мадинаи мунавварани тарк этишди.

7

Иброҳим ўғли Исмоил билан Ободон орқали Теҳронга етиб келганда кунлар совуб қолган эди. Улар қишни Теҳронда ўтказишди. Баҳор келиши билан яна сафарларини давом эттиришди.
Сабзовор йўлидаги бир қишлоқда тунаб қолишганларида икки мусофир булар билан ҳамхона бўлишди. Боғдодлик бу мусофирлар замона оғирлигидан нолина-нолина ухлаб қолишди. Аммо барвақт ухлаганларининг сабаби эрталаб аён бўлди. Улар кечаси отларни ўғирлаб кетган эдилар.
– Хафа бўлма, ўғлим, бу ҳам бир синов, – деди Иброҳим ўғлига. – Насиб бўлса, Сабзаворга етиб олсак яна иккита яхши от сотиб оламиз.
– Отларга қўшиб юкларимизни ҳам олиб кетишгани яхши бўлибди, – деди кулиб Исмоил. – Бўлмаса уларни елкамизда кўтариб кетардик.
– Бунинг ҳам бир ҳикмати бордир, ўғлим, – деди Иброҳим.

Иккалалари пиёда қолсалар-да, сафарни давом эттираверишди. Шом маҳали Хуррамобод деган қишлоққа етиб келишди. Шомни масжидда шу қишлоқ аҳли билан бирга ўқишди.
– Бизлар мусофирмиз, ҳаждан қайтаяпмиз, Сабзавор орқали Ашхободга, ундан Самарқандга ўтиб кетмоқчимиз, – деди Иброҳим қишлоқ одамларига қарата. – Бир кеча тунашга жой берсангиз, қишлоғингизда қолиб, эртага сафаримизни давом эттирсак.
– Қишлоғимизда сизларга жой йўқ, – деди қишлоқ оқсоқоли. – Йўлларингдан қолманглар! Сабзовор яқин қолди. Тезроқ юрсангизлар эрталаб Сабзоворда бўласизлар.
– Биз жуда чарчаганмиз, тезроқ тугул секинроқ ҳам юришга мадоримиз йўқ, – деди Иброҳим. – Қолаверса, биз сизлардан садақа сўраётганимиз йўқ, жой, овқат берсангизлар, биз ҳақини тўлаймиз.
– Пулларинг ҳам керак эмас, кетинглар, келгиндилар! – деди оқсоқол.
– Аллоҳдан қўрқмайсизми? – деди Иброҳим оқсоқолнинг қўпол муомаласидан, айниқса “келгиндилар” деган сўзидан кўнгли ранжиб. – Аллоҳ учун мусофирни меҳмон қилишга наҳотки имконларингиз бўлмаса? Сизлар ҳам мусулмонмисизлар?
Иброҳим шаҳд билан ўрнидан туриб, этак силкиди. Исмоил ҳам ўрнидан турди. Улар масжиддан чиқиб, яна йўлга тушдилар. Қишлоқ аҳли ҳам нималарнидир тортиша-тортиша тарқалишди.

Қишлоқдан чиққан ерда каттакон бир тепалик устига чиқиб, чопонларини тўшак қилиб, оч-наҳор ухлашди.
Эрталаб ота-бола тепаликдан тушиб, тепалик остидан оқиб ўтаётган ариқ дан сув олиб таҳорат қилишди. Бомдод намозини ўқиб, яна йўлга тушишди.
– Хафа бўлма, ўғлим, бу қишлоқнинг аҳолиси бирор мусофирдан озор кўрганга ўхшайди. Худо хоҳласа, пешингача Сабзаворга етиб борсак тушлик ҳам қиламиз, бир-икки кун дам ҳам оламиз.
Шу пайт узоқдан от чоптириб келаётган икки отлиқ кўриниб қолди.
– Ишқилиб тинчликмикан? – деди Иброҳим.
– Бизларни бирор нарсани ўғирлаганликда айблашмасин-да, – деб қўйди Исмоил.

Отлиқлар етиб келишди ва тезгина отдан тушиб, буларга таъзим қилишди.
– Кеча сизнинг қишлоғимизда қолишингизга кўнмаган, сизларни қувиб юборган оқсоқолимизни кечаси илон чақиб ўлдирди. Қишлоғимиз кайвонилари буни сизларни ранжитганимиз учун Аллоҳ таоло бизга юборган жазо бўлди, дейишмоқда. “Мусофирларни ранжитганимиз учун барчамизга бир бало келмаса кошки эди”, дейишаяпти, – деди биринчи отлиқ.

– Барча сизларни ранжитганимиздан хафа. Дарҳол сизларни қайтариб келиш ва сизлардан узр сўраш ҳамда кўнгилларингизни овлаш мақсадида бизларни юборишди, – деди иккинчиси. – Яхшиям унча узоққа кетмаган экансизлар. Илтимос, биз билан бирга қишлоғимизга борсангизлар, бир кунгина меҳмонимиз бўлсангизлар!
– Узр, биз ортга қайтолмаймиз, сафаримиз олис, – деди Иброҳим. – Аммо оқсоқолни илон чақишини бизнинг ранжиганимизга боғламанглар. Бу бир тасодиф. Биз сизлардан ранжишга ҳақли одамлар эмасмиз. Биз мусофирмиз. Бу йўлдан қанча мусофир ўтади. Қишлоғингизга кимни киритиш, кимни киритмаслик сизларнинг ишингиз. Худо хоҳласа, қишлоғингизга бало келмайди, биз ҳам шуни тилаб дуо қиламиз.
– Унда узримиз сифатида мана шу отларни миниб кетишингизни тайинлашди, – деди биринчи отлиқ. – Хуржунларда озиқ-овқат ва сув бор.
– Ҳожати йўқ, Сабзаворга етиб олсак, ўзимиз улов сотиб олармиз, – деди Иброҳим.
– Унда биздан ранжиганингиз рост экан, – деди иккинчиси отига миниб. – Бориб айтамиз, катталаримизнинг ўзлари ҳал қилишсин!
– Шошманглар! – деди Иброҳим отнинг жиловидан тутиб. – Майли, сарсон бўлманглар, отларингиз ва озиқ-овқатларингизни қабул қиламиз.
– Худога шукр! – отининг жиловини Исмоилга тутди биринчи отлиқ. – Марҳамат, отларга минингизлар. Бизларни хушнуд этдингиз.
Иброҳим отга мингач, доуга қўл очди:
– Илоё Қиёматгача қишлоғингизга бало келмасин! Одамларингизнинг қалбини Аллоҳ таоло иймон нури билан, меҳру мурувват нури билан тўлдирсин!

8

Мусофирлар Сабзаворга кириб келишганда вақт чошгоҳга яқинлашиб қолган эди. Чойхонага кириб, тановул қилиб олмоқчи бўлдилар. Аммо чойхонадагилар ҳам, чойхоначи ҳам шаҳарнинг бош майдонига шошилишаяпти экан.
– Иккита ўғрини тутишибди, дорга осишар экан!

Ҳамманинг шу ёққа ошиқаётганини кўришгач, Иброҳим ва Исмоил ҳам бош майдонга қараб йўл олишди. Майдонда одамлар сура-сура ота-бола жазо саҳнасига яқин бориб қолишди.
– Э, воҳ, булар ҳалиги ҳамхоналаримиз-ку? – деб юборди ўғриларга разм солган Иброҳим.
– Ҳа, отларимизни ўғирлаб кетган кишилар экан, – деди Исмоил ҳам уларни таниб.

Ўғрилар бир-икки типирчилаб, тинчишди.
Ота-бола секин сурилиб, майдондан чиқиб кетишди.
Меҳмонхонадан жой олишиб, бир ҳафта дам олишди.

9

Божнурдда икки кун тўхташгач, чегарадаги қишлоқ орқали Ашхободга ўтказиб қўядиган бир кишини топишди. У одам ўғли билан бир ҳамён тилла эвазига буларни чегарадан ўтказиб қўйди. Аммо мусофирлар Ашхободга етиб бора олмадилар. Ярим кун юрмасларидан уларни шубҳали кишилар сифатида тўхтатишди. Уч куннинг ичида суриштирув ишларини тугатишиб, “чет эл жосуслари” деган айблов билан Ёқутистонга жўнатиб юборишди.

Ўн беш кун поездда юришиб, манзилга етиб келишди. Бепоён ўрмонлар ичидаги қамоқхоналар маҳбуслар билан тўлиб-тошган эди. Иброҳим шу ерда кўп ватандошлари билан танишди.
– Сизларни судсиз, суриштирувсиз отиб юборишмаганига ҳам шукр қилинг, – деди Шомалик исмли тошкентлик ўқитувчи. – Бу ерда минглаб одамлар нимага қамалганини ҳам тузук-қуруқ билишмайди. Мана, Эшназар ака, қўшниси урушдан қочиб келган экан. Бу киши вақтида бу ҳақида органга хабар бермагани учун қамалган. Баҳодир ака раиснинг шўпири бўлганлар. Пахта териш режасини бажармаган раисга қўшиб қамаб юборишган.
– Ўзингиз нима гуноҳ қилган эдингиз? – сўради Иброҳим.
– Билмадим, бу гуноҳмиди, савобмиди? Ўқувчиларимга “Ўткан кунлар”ни ўқиб берган эдим, – деди Шомалик ака. – Бу китобни ёзгани учун Қодирийни отишганди, ўқиганим учун менга ўн беш йил беришди.
– Хўп замонлар келибди-да, – деб қўйди Иброҳим.
– Эҳтиёт бўлинглар, ҳамма билан ҳасратлашаверманглар, маҳбусларнинг ярми катталарга гап етказиш билан шуғулланади, – деди суҳбатга жимгина қулоқ солиб ўтирган киши туриб кетар экан.
– Зўр олим, – деди унинг ортидан қараб пича жим турган Шомалик ака. – Отувга ҳукм бўлган бошқа бир ҳамкасбини ҳимоя қилиб гапиргани учун йигирма йил беришган.

Ҳар қанча тайинланмасин Исмоил эҳтиёт бўлолмади. У билан дўстлашиб қолган ўзи тенги Жўрақул исмли бухоролик йигит Исмоилнинг имкон топилганда намозларини ўқиётганини, Қуръон тиловат қилаётганини катталарга чақиб қўйди. Назоратчилар кечаси турғизиб кетган ўғлини Иброҳим ўн беш кун кўролмади. Қайтиб келган Исмоил қаддини тик тутиб туролмас, нуқул йўталар, йўталганда эса қон тупурар эди.
– Фақат энгашиб туриш мумкин бўлган зах, бетон ертўлада сақлашди, – деди Исмоил. – Яна аямай кунига уч-тўрт мартадан дўппослашди ҳам.

Иброҳим нималардир деб пичирлаб дуо қилди. Унинг кўз ёшлари соқолидан томчилади.
Исмоил бир ҳафта азоб еди. Уни даволаш учун на дори-дармон, оёққа турғизиш учун на озиқ-овқат бор эди. Бир ҳафтадан кейин Исмоил азоблардан қутулди. Аммо Иброҳим ўғлига на жаноза ўқиёлди, на қабр кавлаб, кўма олди. Уни ўнга яқин мурдалар билан бирга машинага ортиб кетган солдатлар кўмди, бекафан, бежаноза…

Иброҳим ўғлининг ортидан ғойибона жаноза ўқиди. Жимгина ўтириб хатмул Қуръон қилди. Аллоҳга ёлвориб, Исмоилни раҳматига олишини сўради.
– Парвардигорим, сўппайиб бир ўзим қолдим, энди менинг кимга керагим бор? – пичирлади Иброҳим. – Исмоилнинг ўрнига менинг жонимни олсанг нетарди? Болам дунёга келиб нимани кўрди? Шунча олган илми ҳам зое бўлди-ку?
– Эшитдингизми, бугун дарахт кесаётганимизда бир йигитни дарахт босиб қолиб, мажақлаб юборди? – деди унга яқин келган Шомалик ака пичирлаб. – Кимлигини билдингизми?
– Билмадим, ким экан? – деди Иброҳим. – Ёшгина йигит экан дейишди, жавр бўлибди-да.
– Билмадим, жавр бўлдими, жазосини олдими? – деди у ёқ –бу ёққа аланглаб олган Шомалик ака. – У ўша, Исмоилжонни сотган Жўрақул эди.
– Жавр бўлибди, – деди Иброҳим. – Бечора ёш эди. Адашган-да, адашган…

10

– Сталин ўлибди!
Ким куюнди, ким суюнди. Аммо шундан кейин кўпчилик маҳбусларнинг иши бошқатдан кўрилиб, кўплари озодликка чиқарила бошлади. Икки йил деганда Иброҳимнинг ишини ўрганишга ҳам навбат етди. Етти йил ўрмон кесган Иброҳимни оқлашди.
Иброҳим Самарқандга кириб келганда шаҳар кўзига жуда бефайз, ғариб бўлиб кўринди. Бир вақтлар пештоқларида қуёш нурлари жилва қилган мадрасалар, масжидлар қаровсизликдан нураб ётар, ўз оти ўзи билан Тиллакори деб юритилган, кўрганнинг кўзини қувонтирган мадраса пештоқида битта ҳам нақш қолмаган, Улуғбек мадарасасининг залворли миноралари эса эрта-индин қулаб тушадигандек букчайиб қолган эди. Чор тараф бир бурда нон сўраб, тиланиб юрган оч-наҳор болалар, ёпичиғидан қўл узатиб турган хотин-халажга тўла эди.

Ўттизида, бургутдек йигит чоғида шаҳарни тарк қилган Иброҳим олтмиш ёшли Иброҳим бобо бўлиб, маҳалласига кириб борди. Ўз ҳовлиларининг болалар боғчаси бўлиб кетганини кўрган Иброҳим қайси томонга юришини билмай туриб қолди.
– Эшонжон келибди! Эшонжон келибди!

Эшонжон кетганида туғилган болалар ўттизга кириб қолган эди. Шунинг учун Иброҳим уни томошалагани чиққан ёш-ялангнинг бирортасини танимади. Иброҳим билан бирга ўсган тенгдошлари кам қолган, қайси йўқчиликдан ўлиб кетган, қайси бошқа жойларга ризқ излаб, кўчиб кетган эди. Аммо уч-тўрт тенгдоши топилди. Улар Иброҳимни зўрға танидилар. Танигач, қучоқлашиб, йиғлаб кўришдилар. Иброҳим энг аввал ота-онасини суриштирди.

– Эшон бобомиз барча корхоналарингизни, уй-жойларингизни ҳукуматга топширган эдилар, – деди Фармонқул деган қўшниси. – Барибир бой деб қулоқ қилиб юборишди. Украина деган жойга сургун қилишувди. Бирга кетиб, қайтиб келган Жўрахон домла деган амакиваччангиз бўларди. Ўшанинг айтишига қараганда, ўша ерда аввал аянгиз, сўнгра Эшон бобомиз вафот қилибдилар. “Ўзим жанозаларини ўқиб, ерга қўйдим” деган эди раҳматли Жўрахон домла.

– Э, воҳ, қабрларига бир сиқим тупроқ ташлай олмадик-ку, устига зиёрат қилишимиз ҳам мушкул бўлиб қолибди-да.
– Шундай, Эшонжон, шундай, – деди Фармонқул. – У жойларга бориш кўп мушкул иш.
– Бизникилардан ким қолди? – деди оғир жимликдан сўнг Иброҳим.
– Жўрахон домланинг болалари бор, Даҳбет тарафда туришади, – деди Музаффар исмли тенгдоши. – Аммангиз раҳматлининг болалари шаҳарда туришади. Ўша, аммангиздан қолган ҳовлида.
– Аввал ўшаларни бориб кўрай бўлмаса, – деб Иброҳим йўлга тушди, аммо йиғлаб келаётган бир ёпинчиқли аёлга кўзи тушиб, тўхтади.

Аёл унга яқин келди, аммо кўришгани истиҳола қилиб, тўрт-беш қадам нарида тўхтади. Ортидан етиб келган эркакни Иброҳим зўрға таниди. У билан сўзсиз қучоқлашиб кўришди ва унинг аёлига қараб икки қадам қўйди-ю, йиғлаб юборди.
– Мени кечиринг, опангизни асрай олмадим, – деди Иброҳим ўпкаси тўлиб, сўнгра эзғин товушда қўшимча қилди: – Жиянларингизни ҳам Аллоҳга топширдим.
Аёл уввос солиб йиғлай бошлади. Уни овутмоқчи бўлган эрининг елкасига осилиб йиғлади, эрининг елкасини ғижимлаб йиғлади.
Иброҳим қайинсинглиси ва унинг эри билан бир-бир босиб, маҳалласидан чиқиб кетди.

11

Иброҳимнинг отасидан кўрган яхшиликларини маҳалладошлари унутмагандилар. Кўплашиб маҳалладан бир кичикроқ ҳовлини олиб, таъмирлаб, Даҳбетда юрган Иброҳимни кўчириб келишди. Бирорта аёлни топиб, уйлантириб қўймоқчи ҳам бўлишган эди, Иброҳим унамади.
– Дунёнинг ҳою ҳавасларидан қўлимни тортганимга анча бўлган, – деди Иброҳим. – Энди охират сафарининг тадоригини кўришим керак.

Иброҳим кўп вақтини масжидда, унинг ҳужрасида ўтказар, маҳалладошларига беш вақт намозни ўқиб берар, илм талабида бўлган ёшларга кечалари илм ўргатар эди. Дарслар чўзилиб кетган кечалари кўпинча ҳужрада ухлаб қоларди.
Орадан уч-тўрт йил ўтиб, Иброҳимнинг, Ҳожи даданинг, Эшон бобонинг довруғи довон ошди. Атрофдаги шаҳар ва қишлоқлардан илм ўрганиш мақсадида келувчилар, масала сўраб, фатво сўраб келувчиларнинг адоғи бўлмай қолди. Самарқанддан у кишидан ўтадиган уламо бўлмади.
“Гадонинг душмани гадо” дебдилар.

“Муфти бўлмаса, бирор масжиднинг қонуний имом хатиби бўлмаса, Иброҳим эшонга фатво айтишга ким рухсат берди?” деди тажвидни яхши билмагани учун ундан танбеҳ эшитган Орзуқул мулла.
“Ким қўйибди унга одамларга Қуръон ўргатишни?” деди Орзуқул мулла.
“Юмалоқ хат”лар роса юмалайдиган замонлар эди, аямай юмалатди “Юмалоқ хат”ларини Орзуқул мулла.
Эшон бобонинг тинчи бўлмай қолди. Дарс беришларни тақиқлашди, хўп деди, қутулмади.
“Масжидда намоз ўқиманг”, дейишди, хўп деди, қутулмади.
“Ҳужрага кирманг”, дейишди, хўп деди қутулмади.
“Уйингизга ҳеч ким кириб чиқмасин”, дейишди, хўп деди, қутулмади.
Охири Каттақўрғоннинг турмасида бир йил ўтириб келди.

Турмадан келган Иброҳим эшон Орзуқул мулла “Юмалоқ хат”ларига ўхшаб юмалоқланиб ўлганини эшитди.  Уйида икки кун ғужанак бўлиб ётибди, касалхонага олиб боришганда кўричаги ёрилиб кетган экан…

12

Олтмишинчи йилларнинг ўрталарига келиб, секин-аста халқнинг аҳволи ўнглана бошлади. Одамларнинг қорни овқатга тўядиган, ҳар ҳайитда бир марта янги киядиган бўлиб қолишди. Элда тўй-ҳашам кўпайиб қолди. Ёш-яланг ўйин-кулгу қиладиган бўлди. Диний илм истовчи камайди. Аммо Эшон бободан илм ўрганишни истаб келувчилар, Эшон бобонинг дуосини олай деб узоқ-узоқлардан йўқлаб келувчилар камаймади. “Фарзандларимизнинг никоҳини Эшон бобом ўқисин”, “Фарзандимизнинг танглайини Эшон бобом кўтариб қўйсин”, “Фарзандимизнинг қулоғига Эшон бобом азон айтсин”, “Фарзандимизнинг кокилига Эшон бобом қайчи урсин”, деб ният қилувчиларнинг кети узилмади. Кимнинг фарзандига Эшон бобо илм берган бўлса олим бўлмай қолмади, кимнинг фарзандини Эшон бобо “Қорию қурро бўлинг”, деб дуо қилган бўлса қори бўлмай қолмади.

Саксондан ошганида Эшон бобога ота-оналарининг қабрини зиёрат қилиш насиб бўлди.
Эшон бобо Абу Лайс Самарқандий маҳалласининг тупроғидан олиб бориб, у қабрларнинг устига сепиб келди.
– Энди армоним қолмади, – деди Эшон бобо шогирдларига. – Энди омонатини топширадиган вақтим бўлди.
– Ундай деманг, Эшон бобо, ҳали юзга кирасиз, – деди кенжа шогирдларидан бири Нуриддин қори. – Ҳали бизларнинг фарзандларимизни ҳам қори қилиб берасиз.
– Сизнинг фарзандларингиз қори бўлади, иншааллоҳ, қорижон, – деди Эшон бобо. – Сизнинг фарзандларингиз Мадинада ўқийди. Ўзингиз уларни олиб борасиз.
– Ўша кунлар келармикан, устоз? – деди кўзлари ёшланган Нуриддин қори. – Динимизга ҳужум устига ҳужум бўлиб ётган бўлса, ҳар йили бир-икки кишигина Москванинг чиғириғидан ўтгандан кейингина ҳажга бора оладиган бўлиб турса?

– “Микан” демасдан айтинг, қорижон, “Келади”, деб айтинг, – деди Эшон бобо. – Иншааллоҳ, келади. Озгина қолди. Мен кўрмайман, аммо сизлар кўрасизлар, бир ҳур замон келади, Масковдан сўрамасдан гурра-гурра ҳажга борадиган бўласизлар. Болаларингиз гурра-гурра мадрасаларга борадиган, қўрқмасдан, қочмасдан илм ўрганадиган, илмни Маккада, Мадинада, Мисрда ўрганадиган бўлишади. Озгина қолди. Андак сабр қилсангизлар бас.
Андакка андак қолганда, ёши ҳам юзга етишига андак қолганда Иброҳим Эшон бобо шогирдлари қўлида жимгина жон берди.

13

– Ўзбекистонни мустақил Республика деб эълон қиламан!

Бу сўзларнинг шунчаки сўзлар эмаслигини, оддий сўзлар эмаслигини, муқаддас сўзлар эканлигини ҳамма ҳам яхши билавермайди. Бу сўзларнинг қадрини ўриснинг икки босқинини кўрганлар билади. “Босмачи”га, “Қулоқ”қа, “Халқ душмани”га чиқиб, йигитлигининг зўрини ўриснинг ўрмонларида, Сибирларда ўтказганлар яхши билади. Зулмнинг зўридан ватандан айро тушганлар, ўзга юртларда туриб, ватандан эсган шамолларга кўксини тутиб, қўлларини ватан томонга чўза-чўза хаста бўлганлар теранроқ англайди бу сўзлар маъносини. Урушларда қон кечганлар биладилар бу нима дегани эканини. Афғонларда бурда-бурда бўлиб кетган дўстларини тобутга жойлаганлар билади бу сўзларнинг қандай сўзлигини.

Бу сўзларнинг қадрини Ўзбекистондан бир йўла тўрт-беш минг киши Ҳажга боришини тушида ҳам кўрмаганлар, аммо бир марта Маккани кўриш орзусида сочига оқ тушганлар яхши билади.
– Эшон бобом авлиё эканлар, – деди ўғли билан бирга Ҳаж сафарига отланган Нуриддин қори самолёт ўриндиғига ўтирар экан. – “Бир ҳур замон келади, Масковдан сўрамасдан гурра-гурра ҳажга борадиган бўласизлар, болаларингиз гурра-гурра мадрасаларга борадиган, илмни Макка, Мадина, Мисрда ўрганадиган бўлишади”, дегандилар. Мана, шу кунларга етдик. Войким, “Мен кўрмайман, аммо сизлар кўрасизлар”, деганлари ҳам рост бўлди. Жойлари жаннатда бўлсин!. Руҳлари шод бўлсин, илоҳи!

Мадинада Нуриддин қори яна бир синоатнинг гувоҳи бўлди. Беш қаватли шинам меҳмонхонага жойлашган Ўзбекистонлик ҳожилардан бир сўм ҳам пул олишмади. Қайтанга уч маҳал иссиқ овқат ва чойларни, ширинликларни ҳам текинга беришди. Ажабланганларга эса меҳмонхона мутасаддиси изоҳ берди:
– Бу меҳмонхона эллик йил бурун самарқандлик Иброҳим ҳожи Тўрахон қори ўғиллари томонидан бунёд этилган. У киши шаҳримиз ҳукуматига ўзларининг катта миқдордаги бойликлари ва улкан кутубхоналарини ҳам қолдириб кетганлар. Биргина орзулари доруломон замонлар келиб, у муборак зотнинг юртдошлари зиёратга келишса, у ҳожилар ва илм талабида келадиган толибларга бизнинг беминнат хизмат кўрсатишимиз бўлган. Мана, у табаррук зотнинг орзулари рўёбга чиқиб, юртингиз озод бўлди. Бизлар ҳам беш йилдирки, Иброҳим ҳожига берган ваъдамизни бажариш шарафига мушарраф бўлганимиздан беҳад шодмиз, Алҳамдулиллаҳ! Бу меҳмонхонада Ўзбекистонлик ҳожилар энг севимли меҳмонларимиз бўлишади. Толибларини эса ўз фарзандларимиздек ўқитиб, ватанларига кузатиб қўямиз. Бу вазифаларни бажариш бизларга шараф!

Нуриддин қори устозини эслаб, йиғлаб юборди.
– Ўша зот менинг устозим бўладилар, – деди Нуриддин қори. – Бу кунларнинг башоратларини берган эдилар. Ўзлари етиб келолмадилар бу кунларга. Аммо Мадинада меҳмонхона қурганликлари, бу ерда бойлик қолдирганликлари ҳақида бир оғиз ҳам айтмагандилар.
– У кишининг Исмоилхон исмли қори, олим ўғиллари бўлиши керак, – деди меҳмонхона мутасаддиси. – У киши ҳаётмилар, бола-чақали бўлиб кетгандирлар?
– Устозимиз ўша ўғиллари билан ватанга борганлариданоқ ҳибсга олинган эканлар. Ўғиллари қамоқда вафот этган эканлар. Уйланмаган эканлар. Устозимиздан бирор зурриёт қолмади, – деди хўрсиниб Нуриддин қори.
– Қаранг-а, шаҳримиз қозикалони “Авлодингиздан бирор киши келса мол-мулкингизга эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган васиқа ёзиб бераман”, деганларида Иброҳим ҳожи “Келиб, мерос даъво қиладиган авлодим бўлмайди, илло юртдошларим келади, ўшаларга хизмат қилсангизлар бас”, деган эканлар. У киши авлиё бўлган эканлар-да.
– Биз ҳам ғафлатда бўлган эканмиз, – деди Нуриддин қори. – Устозимиз ҳақиқий авлиё бўлган эканлар.
– Ҳа, “Ер юзи авлиёлардан холи эмас” деб бежизга айтмас эканлар.

021

(Tashriflar: umumiy 1 035, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring