Mahmudxo’ja Behbudiy. Maqolalar.

09819  январ — Жадидчилик ҳаракати сардафтари,буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий  таваллудининг 140 йиллиги

  Маҳмудхўжа Беҳбудий қолдирган мерос бугунги авлод учун бебаҳодир. Замондошларидан бири  бу зотни «Турон-Туркистон қуёши»  деб таърифлаган эди.Бу қуёш бугуннинг зулматини ҳам ёритиб турибди. Улуғ донишманд бобомизнинг ҳикмату насиҳатларни ўқир эканман, буюк зиёкор тафаккури,матонати ва хотираси олдида бош эгаман.

Хуршид Даврон
ТАФАККУРИ,МАТОНАТИ
ВА ХОТИРАСИ ОЛДИДА БОШ ЭГАМАН

045

     Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу мақолалари гўё бундан бир аср аввал эмас, бугун ёзилгандай,уларнинг ҳар бири замонамиз учун бебаҳо аҳамиятга эгалигини англаб ҳайратланасан.
Зеро, бир замонлар жадидлар фикри-зикрини банд этган муаммолар бугун бизни ҳам ўйга кўмган. Бу муаммоларнинг моҳияти муайян даражада ўзгарган, дунёдаги мувозанатни бузишга қаратилган янги хавф-хатарлар, тажовузкор кучлар пайдо бўлган. Агар жадидлар Оврупо тимсолида тараққиётга бошловчи илм-фанни кўрган бўлса, бугун биз ҳамма нарсани манфаат нуқтаи назаридан ҳал қилишга уринаётган Ғарб диктатурасига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Қарийб юз йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, бу маърифатпарвар инсон “руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сачрамас” юрт ва “оқибатсиз”, “ҳамиятсиз”, “ғайратсиз” миллат дардида юрак қони билан ёзган битиклар ҳамон замонамизга ҳамоҳанг янграйди. Баъзан таассуф ила ўйлайсан киши: турмушнинг маърифатсиз ва тубан иллатларига қарши улар (китобсиз хонадонлар, исрофли дабдабали тўйлару бошқа кераксиз, сохта диний маросимлар ва ҳоказо ҳақида) ёзган куюнчак мақолалар ҳавога учиб кетмадими? Нега бу муаммолар ҳали-ҳануз оёғимизга тушов бўлиб қолмоқда? Нега миллий онг, сезим ва турмушнинг ҳимоячиси бўлмиш зиёлилар матонатсиз, нега уларнинг жамиятдаги ўрни йўқ ҳисоби? Ўйлайман-у, бу саволларга жавоб ҳам айнан жадид боболаримиздан мерос  китобларда борлигини яхши биламан. Сизиф тақдирига маҳкумлик нечоғлиқ аянчли бўлмасин, маърифатчи боболаримиз йўлидан юришда давом этиш лозимлигини англайман. Зеро, Ватанни севиш, унинг орзу-армонлари, қувонч-ташвишлари билан яшаш, миллат турмушидаги иллат ва камчиликларга муросасиз бўлиш Сизиф меҳнатини эслатса-да, у боболаримиз букилмас матонати туфайли эришган шараф ҳамдир.

Жадид боболаримиз бошлаган жараёнлар ҳали поёнига етгани йўқ,улар давом этмоқда,деб ўйлайман. Айниқса, шўро тузуми шароитидаги 70 йиллик «На месте шагом марш» жараёни ҳисобдан олиб ташланса, боболаримизнинг бошлаган кўп ишлар ана энди бошланиши кераклигини англаб қоламиз.

Жадидчилар учун адабиёт оинайи миллатдур, у фақат юрак замзамаси эмас, тафаккур жилоси бўлмоғи лозим, у фақат ҳисларга эмас, онг ва сезим тараққиётига таъсир ўтказмоғи даркор. Бунинг учун адабиёт ва ижод аҳли халқ дарди билан, унинг орзу-армони билан яшамоғи керак.

Маърифатчи боболаримизнинг бу ўгитлари бугун ҳам долзарб. Мустақилликдан кейин адабиётимизда бошланган янгиланиш жараёни фақат замонга ҳамоҳанггина эмас, элу юрт тақдирига ҳамнафас бўлсин. Айрим китобларда намоён бўлаётганидек – Ғарбнинг машҳур асарлари, адабий тажрибаларини кўр-кўрона, рангсиз ва жонсиз такрор этиш йўлидан эмас, боболаримиз айтганидек, мувозанат йўлидан, ўрганишга арзийдиган тажрибаларни рад этмаган ҳолда, жони ва руҳи миллий заминдан узилмаган йўлдан бориш, миллатни айрим онгу шуурсиз чаламуллалар «миллий мерос», «миллий анъана» деб аъюҳаннос солиб ҳимоя қилаётган зуғумкор «миллий қадриятлар»дан ҳимоя қилиш керак.

Маҳмудхўжа Беҳбудий қолдирган мерос бугунги авлод учун бебаҳодир. Замондошларидан бири  бу зотни «Турон-Туркистон қуёши»  деб таърифлаган эди.Бу қуёш бугуннинг зулматини ҳам ёритиб турибди. Улуғ донишманд бобомизнинг ҳикмату насиҳатларни ўқир эканман, буюк зиёкор тафаккури,матонати ва хотираси олдида бош эгаман.

Маҳмудхўжа Беҳбудий
АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
01

ИККИ ЭМАС, ТЎРТ ТИЛ ЛОЗИМ

Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур. Туркий, яъни ўзбекини сабаби шулки, Туркистон халқининг аксари ўзбакий сўйлашур. Форсий бўлса, мадраса ва удабо тилидур. Букунғача Туркистонни ҳар тарафиндаги эски ва янги мактабларинда форсий назм ва наср китоблари таълим берилиб келгандур.
Барча мадрасаларда шаръий ва диний китоблар арабий таълим берилса ҳам, мударрисларни тақриру таржималари форсчадур. Бу қоида, яъни дарс китоби — арабий, муаллим — туркий, тақриру таржимани форсийлиги хила ажибдур.

Туркистонда қадимдан бери бу уч тил жорийдур. Чунончи, эски ёрлиқлардан маълум бўлурки, Туркистонда эски амир ва хонларни амри фармойиш ва муборак номалари доимо туркий, яна айни замонда дорулқазоу адабиёт таҳрирлари форсий ёзилар экан. Бу қоидалар зотан яхшидур. Аммо бора-бора ёинки кела-кела усули таълим ва китобатға эҳмол пайдо бўлуб, ҳозир бир даражаға келибдурки, аҳли савод ёинки аҳли илмни юздан тўқсон тўққузи бу уч тилда мукаммал таҳрири адабийға молик йўқдур. Яъни усули таълим ва тадрисни ислоҳ этмак керак. Ўтайлук.

Туркистоннинг Самарқанд ва Фарғона вилоятларинда форсча сўйлайтурган бир неча шаҳар ва қишлоқлар бордур. Бухоро ҳукуматининг тили форсийдур.
Форс шоиру удабоси асарлари қиёматғача лаззати кетмайтурган хазинаи маънавийдурки, мундан фойдаланмоқ учун оврупойилар милярдлар сарф этарлар.
Бизға саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсилсиз билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоғи лозимдур.
Форсий билган киши Фирдавсий, Бедил, Саъдий, «Маснавий»дан қандай лаззат олса, туркий билганлар Фузулий, Навоий, Боқий, Сомий, Абдулҳақ Ҳомид, Акрамбек, Санойи, Нобий, Ножийлардан, яна Толстўй, Жул Верн ва уламои замоний асарини туркий таржимасидан лаззат шундай оладур.
Фаранг ва рус донишмандларининг асарларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмак ила мумкин бўлур, на учунки бугун усмонли, Кафказ ва Қазон турклари замона уламоси асарини туркийға таржима қилиб, кўпайтиргандурлар, яъни туркий билган киши замонни билур. Турк тилиға ҳар бир янги ва нафълик китоблар барча тилда таржима бўлгандур. Араб маданияти юноний Суқрот, Буқрот, Фалотунлардан фойдаланганидек, замони ҳозира маданияти Толстўй, Жул Верн, Кеплер, Коперник, Нютонлардан фойдаланур. Мақсаддан узоқ тушдик.

Бизға лозимки, ўз нафъимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлик. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хидмат этайлук. Мусулмон бўлуб туриб тараққий қилайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатга хидмат илмсиз бўлмайдур. Масалан, бугунги «подшолик дума»ға ўз дин ва миллатимиз нафъиға сўзламоқ бизлар учун мумкин бўлур. Аммо анда бориб сўйлагувчи киши бизға йўқ. Анда бориб нафъи бир ўн сана ўқумоқ керак, замондан, қонундан хабардор бўлмоқ керакдур.
Хулоса, бугун бизларга тўрт тилга таҳрир ва тақрир этгувчилар керак, яъни арабий, русий, туркий ва форсий.

Арабий тил дин учун на даража лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозимдур.
Ҳадиси шарифдан маълум бўладурки, жаноби пайғамбар ўз саҳобаларидан Зайд бин Собит(ға) яҳудий хатини ўқуб-ўрганмоқға буюрган эканлар. Ва ул жаноб Умар ҳазрат нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб ҳазрат пайғамбарға яҳудийлардан келатургон хатларни ўқуб берар эканлар (Саҳиҳи Бухорий, жуз 4, саҳифа 156).
Ҳолбуки, ул зоти бобарокот пайғамбаримиз қуввати ҳокима эгаси эдилар. Яҳудийлар маҳкум ва тобеъ эди. Ал-он Русия ҳоким, бизлар анга тобеъ ва ўз тириклигимиз учун алар хатини билмоқ зарур ва ҳадиси шариф далолатинча дурустлигиға жойи инкор бўлмаса керакдур.

«Ойна» журнали, 1913 йил, 1-сон, 12—14-бетлар.

ЭҲТИЁЖИ МИЛЛАТ

«Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмок учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.
50 сана муқаддамги замонда, биз туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз. Аммо қонун ва Оврупо одатларини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва миллий ҳукамомиз ва аҳолимиз бўлсун кўб ташвиш ва зарар кўрар. Замони собиқда фақат шариъат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдур.
Шариъат илми мадрасаларга, қонун илми Русия дорилфунунларига ўқилур. Дорилфунунга кирмоқ учун, аввало, ўн сана гимназияга ўқумоқ керак. Сўнгра тўрт сана дорилфунун ўқуб андан ҳуқуқшунос, юрист, таъбир жоиз бўлса, замона фақиҳи бўлиб чиқар. Суд махкамаларинда, давлат доираларинда кириб, ҳар ҳуқуқшунос ўз муваккили ва ўз миллати ва уз тойифаси ва ўз Ватани ва ўз давлатининг нафъига сўйлашур, мудофаа қилур.
Масалан, давлат думасинда биз Туркистон мусулмонларидан шундай ҳуқуқшунос вакил бўлса, бизни дин ва миллатимиз нафъига ҳаракат қилур. Аммо шундай одам бизда йўқ.

Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладургон кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса духтурга борамиз, аммо дардимизни айтмоқга тил йўқ. Ўзимиздан духтур йўқ.
Иккимиз бир-биримиз ила низо қиламиз. Кетамиз закунчига, сўйламоқга тил йўқ. Орадаги одамлар яна бизга фириб берар, пул берармиз, югурармиз, яна ишлар барбод, охири йўқ.
Иморат қилмокчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз «муҳандис» исмини билмаймиз.
Контур ва расмий дафтар тутиб, касса кўриб тижорат этмоқ лозим. Илм тижорат била турган бухгалтерлик ҳисоби юритадургон бойларимизга керак, ул ҳам ўзимиздан бир нафар топилмайдур.
Ҳаммолликдан бу ишлар яхши бўлса керак. Бир неча бойваччани биларманки, энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби надур – илмсизлик, холбуки аларни «тўйи»га атоси 5 минг сўм сарф этиб эди.
Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар. Ўз нимарсамизни Оврупо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатургон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврупо ила савдо қилатургон кишини (ўзи) аввал ун сана замона илми ўқумоғи ло­зим.
Бизда шохи, адрас, беқасам, алоча… бофликлар бор. Агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса бу дастгоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур. Валлоҳ, яқин вақтда “дока” бофилларимиздек зоеъ бўлиб кетар. Чунки Оврупо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқорур.
30 сана муқаддам Самарқандни Ёмини маҳалласинда 300 алочабоф ишчи бор эди. Ал-он 30 нафар йўқ 10 сана сўнгра тамоман маҳв бўлур.

Хулоса, мактабимиз, дуконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур. Валлоҳ, ҳар нимарса қўлдан кетар, бизда муздурликдан бошқа ҳеч иш қолмас. Бир ускуна, дўкон ва саройни ишлатмоға ҳам илми замоний ва замона шумлигини билмоқ лозим.
Валлоҳ, биздан дунё илмини яхши билатургонларга мулк ва асбобимиз ўтар ва ўтуб турубдур.
Қисқа қилайлик, бошқа миллатларни бойлари фақира ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф “истипендия”-лар таъйин қилур. Бошқа миллат милиунерлари мактаби ила истипендияси-ла, идора қилатургон газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизин (аёллар университети), барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур.
Бизникилар жуфт оти-ла, аробаси-ла, тўйи ила ва… ла фахр этар. Ҳатто, ўз ўғилларини ўқутмайдургон бойлар бордур.
Бу кетишни охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун.

Бутун Туркистондан ўн бой йилинда минг сўмдан берса, 25 бола учун Тошканда идиний ва замоний бир “пансиун” лайли ва нагори 5 мукаммал мактаб бино бўлуб, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур. Ўн йилда булардин… 200 муҳандис, дўхтур, ҳуқуқшунос, муаллим, техник, замона тожири, валлоҳ… чиқар ва бизни замон одамлари қаторида қўярлар ва давлат ишига кирарлар. Руслар ила бизни хасан имтизожларимизга хизмат қиладурлар.
Ал-он миллатимиз бойлардан шуни куз тутар, халойиқни барбод этатургон тўйларни эмас. Оҳ, бу сўзларни тушунатургон бойлар бизда етушганми?

«Самарқанд» газетаси 1913 йил 12 июл

МИЛЛАТЛАР ҚАНДАЙ ТАРАҚҚИЙ ЭТАРЛАР?

Миллатлар тараққийига бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби уламо ила ағниёнинг ҳамийят ва ғайратларидур. Тараққий қилғон ва ё энди тараққий қилгувчи миллатлар аҳволига диққат қилинса, мазкур икки синф муҳтарамни ўз миллатларига сўз ва оқча ила хидмат этганлари фавран зоҳир бўлур.

Ҳар миллатнинг уламоси, аҳли қалами, мутафаккири ўз миллатининг ояндаси (келажаги) учун йўл кўрсатур, машварат берур, миллат ахлоқининг ислоҳи учун масжидларда панд ва насиҳат берур, мактаб ва мадрасаларда дунё ва охиратда керак илм ва фан, таълим берарлар, китоб ва газет ила умматни муслиҳи (ислоҳи) учун баҳс ва муқоламалар килурлар.

Тараққий қилгувчи миллатларнинг уламоси замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг “масолиха замонийя”си учун саъй этар, миллатни пешрафтиға оқча ила, ғайрат ила иона қилмоқни миллат бойларига таклиф этар, ташвиқ ва тахрис этар.

Хулоса, ҳар миллатни уламоси, аҳли қалами миллат учун сўйлар, ёзар ва хавоижи миллийа ва замонияни ўз миллат мансубасига билдирарлар. Замона ағниёлари ўз миллатларини замонийча кераклиги йўлинда оқча сарф этарлар, масалан, янги усулда замонавий мактаблар бино этиб, замонийча одам тайёрламоқ учун ҳаракат этарлар. Ҳукуматни ўрта ва олий мактабларига ўқийдургон ўз миллат болаларига ионат этарлар. Ва бечора ҳамжинсларини диний ва дунёвий мактабларига беруб, ўз харажатлари ила ўқутадурлар.

Рус, армани, яҳудий ва бошқа Русиядаги ватандошларимизни бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар, инчунин, Қафқоз, Қирим, Қозондаки мусулмон биродарларимизни бойлари, уламоси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарларира мол, оқча, қалам ва илм ила кўб иона қиладурлар.

Аммо бизни Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ. Ҳар ким ўз нафъи ва ўз шахсий иши ила саргардон, умумий ёинки диний ва миллий ишларни ояндаси учун, миллатни замона одамларидек тараққий этмоғи учун, халойиқни ислоҳ ахлоқи учун ғам тортувчи ва ҳаракат этгувчи йўқдир.

Бир карра диққат қилиб, маҳалла-кўй ва қишлоқ халқларига қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган. Биз мусулмонмиз. Мусулмонликға илм лозим, амал лозим. Ўқумоқ керак, нима учун бошқа миллатларда юза бир нафар бесавод йўқ экан, биза юза бир нафар саводлик йўқ?

Бошка миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомга тобеъдур? Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттиз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик, илм ва одоб ила қоим. Миллат ахлоқи, фазл ва ҳунар ила боқий қолур.

Бугун ислоҳи мактаб-мадраса, яъни ислоҳи миллатга қўшиш қилинмаса раби аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларға қолур, бу масъулиятдин қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фанлар ўқумоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур. Диний илм ва фанларнинг ўрни мактаб ва мадрасадур.

Дунёвий фанларни ўрни ҳукумат мактабларидур, иккисига ўқумоқ учун оқча лозимки, ул оқча бойларни киссайи ҳамиятидан чиқса керак. Ҳар замон учун асбоби ислоҳ ва тараққийи ионат бошқарур. Миллатға ионат этмоқ учун, ислоҳи мактаб ва мударрис учун, русий мактабларига бола тайёрламоқ учун, деҳқон ва санъаткорларни ривож бермоқ учун “ҳамийяти хайрия”, “нашри маориф”, қироатхоналар, фундлар, куружуклар, жаридалар, мажаллалар, нашриётлар… керакдур. Миллатлар тараққийси шул ила бўлур ва бу ишларга оқча керакдур, оқча бойларда ва афродда!

Маро ба тажриба маълум шуд даро ҳар кор,
Ки қадри мард ба илм аст қадри илм ба мол.

(Маъноси: Менга тажрибадан маълум бўлдики,
Одамда қанчалик илм бўлса ҳам илмнинг қадри молдадур.)

«Самарқанд» газетаси 1913 йил 30 июл

ТАНҚИД – САРАЛАМОҚДУР

Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатга тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз (ҳужум) ва душманлик эмас.

Агарда шахсиятга тўқунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқға зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур.
Танқид янги ёзилган китоб, жарида ва мажаллаларга–да жорий ва нофеъдур. Масалан, бир муҳаррир ва ё муаллимни саҳвини ва ўз хизматига бепарволигини ва лозим қоида ва тартибларга амал қилмай, оммага зарар келтурғонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур. Бизни Туркистонда янги мактаблар хейле бордур. Янги рисола хейле босилиб турубдур. Жаридаларга мақола ва шиорлар – ўқулуб турубдур. Аммо ҳануз танқид даврига етушганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларга қаттиқ тегар.

Ёзганларимиз-ни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикрига норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишга бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур. Биз эскиларни айблаймизки, аларга ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мактаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз. Мунаққид бизни тўғримизга минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзига урармиз. Ва ёйинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзига эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизга бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизга бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасига на дерсиз?
На жавоб берармиз! Танқидни кўтаролмаганимизга тўғриси, ҳануз танқидга лойиқ бўлмаганимизни мисоли.

Кафказли сайёҳ Муҳаммад Сайид афанди Туркистон мактаблари тўғрисинда «Оила ва мўътабаран иқбол» жаридасига танқид ёзиб эдики, анинг жавоби ялғуз қуруқ бир эътироз (прутест) бўлди. Аммо онинг ёзғаниға жавоб тушмас. Иккинчи, «Адаб ва тарбият» унвони ила яна сайёҳ мазкур «Ойна»нинг 27—28—29—30 рақамларинда мактаб тўғрисинда воқеъи далиллари ила баъзи нимарсалар ёздики, мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимиз 11-ададинда Муҳаммад Сайид афанди мақолаларини хилофи адаб ва тарбия деб, они ёзилғониға соҳиби мақола ва идорага изҳори норизолик айтиб, мазкур мақолаларни «аҳамиятсиз» дер. Ҳамда «муаллимларнинг хотирин қолдирув» бўлармиш. «Ойна» камоли эҳтиром ила «Садойи Туркистон» рафиқимизга арз этарки, мазкур мақолалар бошдан охиргача аҳамиятсизми? Агарда аҳамиятлиги бўлса, илтифотга олмаганларига таассуф этармиз. Ва мақола ичидан икки–уч хати мизожга номувофиқ тушган учун афуларини тилаймиз. Такроран, айтармиз: биз ҳануз танқидга лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан — «норизо», «хотири қолмасуну…» иллатлари ҳануз кетган йўқ.

Муҳаммад Сайид афанди таъбиринча, мундай кетаберса, «қиёматдан минг йил сўнгра–да, Туркистонга тараққий йўқ». Агарда, «хотир қолмасун» қоидаси маслак тутулса, матбуотдан қалам тортмоқ керак. Чунки ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотирига қарамас. «Хотир қолмасун» касали биз мусулмонларни барбод этди.

Умумий ҳоллардан баҳс қилиндими? Мутлақ ҳар бир масалага бир неча кишини хотири қолур. Ислоҳи мадорис ва дорулқазо десангиз, уламони хотири қолур. Ислоҳи расм базм десангиз, авомни хотири қолур. Ислоҳи савомеъ (ибодат қиладиган) десангиз сўфи, шайху эшонларни хотири қолур. Ислоҳи фойдахўрлик ва тижорат десангиз, бойларни хотири қолур. Энди ислоҳи макотиби жадида дейилганда, муаллимларни хотири қолса, бас муҳаррирлар учун сукутдан бошқа иш қолмайдур.
Шуни-да айтмоқ керакки, Муҳаммад Сайид афандидан ёинки идорадан биргина «баъзи» калимаси ма-ат-таассуф қолибдурки, бу баъзи важҳдан баъзи муаллим афандилардан идора афу истар.
Боқи: Муҳтарам «Садойи Туркистон»га салом.

«Ойна» ж., 1914 йил, 32-сон

БИЗНИ КЕМИРГУВЧИ ИЛЛАТЛАР

Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.

Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда “Ло талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи”, яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврўзи кофири учун сайр этармиз. Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати маълунонсиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға йўқ, хўккузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндек парастиш этиб, ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Эски биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирмонлар чириб кетар.

Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элитиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими (Таклиф-бу ерда, инсоний бурч, вазиф маъносида), Худо учун сўйлангиз. Биз нима?
Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Ўлукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзиии берилур. Сўнгра ортган молларни варасасиға (меросхўрларига) мувофиқи шариат тақсим қилиниб берилур», — дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8—10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур.
Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими? Беш—олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга (қўзғалмас мулкнинг олтидан бири) адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадан, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обрўй қилғувчи! Ўлган ул, санга нима? Сан, ғани, ўз ўлукингға обрў қилгонинг бас эмасми?

Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатурғон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Ўзи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.

Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20—30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасиға инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма—ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиёдаси ватанснз, ерсиз дарбадар бўлатурғони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди лоилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик (ёлланма ишлаш) ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир қариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарға ер олтунға ҳам топилмайдур. Қирим ва Қафкоз мусулмонларида бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмғачадур.
Биз бир таноб еримизии 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек муқаррардур.

Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжиди-да яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.
Қо эътабару йо аввал ул-абсар!

«Ойна» журнали, 1915 йил, 13-сон

ҲАҚ ОЛИНУР,БЕРИЛМАС!
(Қозоқ қариндошларимизга очиқ хат)

Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизга маълумдурки, Туркистон, демак — туркий эл бўлиб, мундаги халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари — ҳаммаси аслан… жаҳонгир Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар. Туркистондаги араб, хўжа ва сайидлар-да ўз тилларини йўқотиб, балки билкулли турклашиб ва ҳатто, арабликларини эсларидан чиқориб… ҳар жиҳатдан бирлашиб кетгандурлар. Туркистонинг энг оз шаҳарларида ва баъзи тоғларида бир оз форс, яъни тожиклар борки, алар ҳам камолан мусулмон ва сиз ила ҳаммазҳабдурлар. Тирикчиликларининг ўзбеклардан фарқи йўқ даражададур.

Боурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар, бул албатта, шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур.

Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалга келишига саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур. Агарда бизга ўз бошимизга, шариат, урф ва одатимизга мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низоъ ва “манман”ликни қўйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқориб, ёлғуз “мухторият” учун ҳар нимарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизга қайтиб келиши маълум йўқ, қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан сўнгра ўкинмоқ фойда этмас.

Шуни-да билингки, қозоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошиға ойрилиб, бошқабошқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаога етмайдур. Сиз, қозоқ қариндошларимиз, оре, чўлдасиз, аммо сиздан бир кўп халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур.

Тирикчилик шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва қишлоқ халқини бир-бирига боғлагандир. Бир-биридан ажралиб яшаёлмайдур. Шаҳар халқи ила бирлашиб мухториятни бошқарганда сизларга зарар келмай, балки фойда келур.

Мухториятни бошқармоқ учун ёлғуз сиз-да кифоят этмаганингиз каби, ёлғуз шаҳар ва атрофидаги халойиқ ҳам кифоят эмас, балки иккингиз-да кераксиз. Шуни-да билингки, сизлар турғун халқ ила бирлашиб мухторият қилган ила сиз ила турғун халқ учун биргина навъ қонун бўлмай, балки сизнинг тирикчилик ва одатингизга мувофиқ алоҳида сиз учун нафълик қонунлар ёзилур. Шариат ҳам кўчма ва чўл мусулмонларининг урф ва одатларига кенглик берғондир. Сиз ўйламангки, турғун халқи ва ё шариати бизни қисадур. Йўқ билъакс, сизга кераклик одатларингизни сизга қолдириб, сиз учун сизнинг зиёли вакилларингиз қонунлар тузайдурлар. Тоғ ва шаҳар халқлари учун-да, бошқа-бошқа қонунлар тузалур.

Ҳатто, Туркистондаги баъзи уезд ва шаҳарлар учун алоҳида қонунлар тузалур. На учунки, ҳамманинг тирикчилиги бир эмасдур. Яҳудий ва христианлар учун-да, бошқа қонунлар туза олур. Ҳар бир халқнинг одат ва мазҳабига риоя қилинур.

Хулоса: мухториятни миллат мажлиси ҳар бир халқнинг нафъини кўзда тутуб, қонун чиқарар. Агарда сиз, қозоқ биродарлар, турғун халқдан ажралиб, ўзга мухторият қилурмиз десангиз, мундан сиз-да ва турғун халқ-да зарар кўрар ва эҳтимолки, иккингиз-да мухториятдан насиб бўлмас, азбаски куч таралур.

Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор, у ўз ўғулларига қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан, бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурар. Мана, бобонгизнинг буйруғи.

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто, дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто, тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қaриндошларимиздан айрилсак, уятдур, ахмоқликдур. Турк томурига болта урмоқликдур. Онгли қозоқлар ўйласинлар, тарихга қарасинлар, зиёли қозоқлар, Оврупонинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатига ва икки юзлигига қарасунлар эди. Бирлашғон Туркистон халқининг бўлунмоқига ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқалар-да, албатта, зарар кўрарлар ва алар ила баробар татарлар-да, биз-да, мундан зарар кўрурмиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда этмас.

Чироғларим, бирлашайлик! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрилсангиз, туркман қариндошлар-да айрилса, Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчага мухториятдан насиба чиқмай қолур.

Еттисувдаги мусулмон қариндошларга ҳам айтатурғон сўзим шулдур. Ондаги христианларга келгунча, алар билсунларки, Еттисувда кўп бўлсалар-да, бутун теваракларини мусулмонлар айлантириб олғон ва аларнинг-да бизнинг мухториятга қўшилмоқлари, албатта, ўзлари учун лозим бўлғонидек, Туркистоннинг бошқа жойларидаги руслар учун-да фойдаликдур. Чунончи, алар қўшилса, миллат мажлисинда рус аъзолари кўпайур. Бизнинг мухториятимиз жорий бўлғондан сўнгра, Еттисув русларининг қўшулмасликлари асло мумкин эмасдур.

Ёлғуз сиз ила биз эмас, бутун Русия мусулмонларининг бирлашмоқлари шаръан ва ақлан фарздур.
“Оллоҳнинг ипига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз” Тангрининг сўзидур. Бошқа газеталарнинг кўчирмакларида ражо ўлинур.

Самарқанд, “Ҳуррият” г., 1918 йил, 26 январ

045

(Tashriflar: umumiy 7 287, bugungi 1)

3 izoh

  1. Assalomu alaykum, Behbudiy qalamiga mansub yana boshqa maqolalar ham joylashtirilsa yaxshi bo‘lar edi. Menga hozir «Oila sog‘lig‘ining himoyasi» maqolasi kerak edi.

  2. MAHMUDXO‘JA BEHBUDIY. QOZOQ QARINDOSHLARIMIZG‘A OCHIQ XAT (1918)
    Aziz qarindoshlarim! Musulmon birodarlar! Hammangizg‘a ma’lumdurki, Turkiston, demak — turkiy el bo‘lib, mundagi xalqning qozog‘i, qirg‘izi, sarti, o‘zbegi, turkmani, tatari — hammasi aslan… jahongir… Temurning avlodi yoki og‘a-inisidurlar. Turkistondagi arab, xo‘ja va sayidlar-da o‘z tillarini yo‘qotib, balki bil-kulli turklashib va hatto, arabliklarini eslaridan chiqorib… har jihatdan birlashib ketgandurlar. Turkistonning eng oz shaharlarida va ba’zi tog‘larida bir oz fors, ya’ni tojiklar borki, alar ham kamolan musulmon va siz ila hammazhabdurlar. Tirikchiliklarining o‘zbeklardan farqi yo‘q darajadadur.

    Bourlar! Bilingki, hozirda Turkistondagi barcha xalqlar uchun muxtoriyat e’lon qilindi va siz bilingki, haq olinur, berilmas. Inchunin, muxtoriyat-da olinur, berilmas. Ya’ni muxtoriyatni Turkiston bolalarining o‘zi birlashib, g‘ayrat ila olurlar. Albatta, boshqalar tarafidan berilmas. Boshqalarning qo‘lidan kelsa, bermaslar. Biz bo‘shlik qilsak va Turkistondagi xalqlar birlashib, muxtoriyat yo‘lig‘a sa’y qilmasak, albatta, hozirgi qog‘oz ustidagi muxtoriyatimizni ham yo‘q qilurlar, bul albatta, shundaydur va bul so‘zga hech kim ixtilof qilolmaydur.

    Endi ishlar shu holda ekan, biz hammamiz, ya’ni qirg‘iz, qozoq, o‘zbek, turkman, arab, fors, xullas, Turkistondagi, Qozog‘istondagi va Turkmanistondagi barcha musulmonlar va ham mundagi yahudiy va xristianlar birlashib, ittifoq ila shu muxtoriyatning amalg‘a kelishig‘a sa’y va ehtimom etmog‘imiz lozimdur. Agarda bizga o‘z boshimizg‘a, shariat, urf va odatimizg‘a muvofiq tirikchilik qilmoq kerak bo‘lsa, hammamiz vaqtli nizo’ va «manman»liqni qo‘yib, hamma narsani esimizdan chiqorib, yolg‘uz «muhtoriyat» uchun har nimarsamizni fido etmog‘imiz lozimdur. Munday fursat va zamonning bizg‘a qaytib kelishi ma’lum yo‘q, qadrini bilib ishlamoq kerakdur. Vaqt o‘tgandan so‘ngra o‘kinmoq foyda etmas.

    Shuni-da bilingki, qozoq o‘z boshig‘a, shahar xalqi va atrofi o‘z boshig‘a oyrilib, boshqa-boshqa muxtoriyat qilmoqchi bo‘lganda, ikkisi ham muddaog‘a yetmaydur. Siz, qozoq qarindoshlarimiz, ore, cho‘ldasiz, ammo sizdan bir ko‘p, xalqlar ham shaharlarda va shaharlar tevaragindadur. Tirikchilik shunday nimarsaki, cho‘l ila shahar va qishloq xalqini bir-biriga bog‘lagandir. Bir-biridan ajralib yashayolmaydur. Shahar xalqi ila birlashib muxtoriyatni boshqarg‘anda sizlarg‘a zarar kelmay, balki foyda kelur.

    Muxtoriyatni boshqarmoq uchun yolg‘uz siz-da kifoyat etmaganingiz kabi, yolg‘uz shahar va atrofidagi xaloyiq ham kifoyat emas, balki ikkingiz-da keraksiz. Shuni-da bilingki, sizlar turg‘un xalq ila birlashib muxtoriyat qilgan ila siz ila turg‘un xalq uchun birgina nav’ qonun bo‘lmay, balki sizning tirikchilik va odatingizg‘a muvofiq alohida siz uchun naf’lik qonunlar yozilur. Shariat ham ko‘chma va cho‘l musulmonlarining urf va odatlarig‘a kenglik berg‘ondir. Siz o‘ylamangki, turg‘un xalqi va yo shariati bizni qisadur. Yo‘q, bil’aks, sizg‘a keraklik odatlaringizni sizg‘a qoldirib, siz uchun sizning ziyoli vakillaringiz qonunlar tuzaydurlar. Tog‘ va shahar xalqlari uchun-da, boshqa-boshqa qonunlar tuzalur.

    Hatto, Turkistondagi ba’zi uezd va shaharlar uchun alohida qonunlar tuzalur. Na uchunki, hammaning tirikchiligi bir emasdur. Yahudiy va xristianlar uchun-da, boshqa qonunlar tuza olur. Har bir xalqning odat va mazhabig‘a rioya qilinur. Xulosa: muxtoriyatni millat majlisi har bir xalqning naf’ini ko‘zda tutub; qonun chiqarar. Agarda siz, qozoq birodarlar, turg‘un xalqdan ajralib, o‘zga muxtoriyat qilurmiz desangiz, mundan siz-da va turg‘un xalq-da zarar ko‘rar va ehtimolki, ikkingiz-da muxtoriyatdan nasib bo‘lmas, azbaski kuch taralur.

    Bobokalonlarimizning mashhur nasihati bor, u o‘z o‘g‘ullarig‘a qilib ediki, birlashingiz. Masalan bir dasta tayoqni birga bog‘lasangiz, kimsa sindirolmas. Agarda ajratsangiz, birin-birin har kim sindurar. Mana, bobongizning buyrug‘i.

    Chirog‘larim! Boshqa xalqlar, masalan, serblar, italyanlar, armanlar, slavyanlar, polyaklar va boshqalar, hatto, dunyoning u bir uchidagi qarindoshlari ila birlashur ekanlar, boshqa katta va quvvatli davlatlarga tobe’ bo‘lub, yutilub, hatto, tilini yo‘qotgan o‘z jinsdoshlarini ajratib olib, birlashmoqg‘a jon va kuchlarini sarf etar ekanlar, biz o‘z ichimizdagi qarindoshlarimizdan ayrilsak, uyatdur, ahmoqliqdur. Turk tomurig‘a bolta urmoqlikdur.

    Ongli qozoqlar o‘ylasinlar, tarixga qarasinlar, ziyoli qozoqlar, Ovruponing ixtilof solib, millatlarni ajratmoq siyosatig‘a va ikki yuzligig‘a qarasunlar edi. Birlashg‘on Turkiston xalqining bo‘lunmoqig‘a o‘zimiz sabab bo‘lmasak edi. Barcha ixtilofchilar va boshqalar-da, albatta, zarar ko‘rarlar va alar ila barobar tatarlar-da, biz-da, mundan zarar ko‘rurmiz va ixtilofimizning jazosini tortarmiz. U kunlarimiza yig‘larmiz, ammo foyda etmas.

    Chirog‘larim, birlashaylik! Ko‘rasiz, bu kungi ruslar-da birlashmoqdadurlar. Endi birlashmoq zamonidir. Agarda siz ayrilsangiz, turkman qarindoshlar-da ayrilsa, Turkiston turklari uch yerga bo‘linib ketar va barchag‘a muxtoriyatdan nasiba chiqmay qolur. Yettisuvdagi musulmon qarindoshlarga ham aytaturg‘on so‘zim shuldur.

    Ondagi xristianlarg‘a kelguncha, alar bilsunlarki, Yettisuvda ko‘p bo‘lsalar-da, butun tevaraklarini musulmonlar aylantirib olg‘on va alarning-da bizning muxtoriyatg‘a qo‘shilmoqlari, albatta, o‘zlari uchun lozim bo‘lg‘onidek, Turkistonning boshqa joylaridagi ruslar uchun-da foydalikdur. Chunonchi, alar qo‘shilsa, millat majlisinda rus a’zolari ko‘payur. Bizning muxtoriyatimiz joriy bo‘lg‘ondan so‘ngra, Yettisuv ruslarining qo‘shulmasliklari aslo mumkin emasdur.

    Yolg‘uz siz ila biz emas, butun Rusiya musulmonlarining birlashmoqlari shar’an va aqlan farzdur.

    «Ollohning ipiga birlashingiz va tarqalib ketmangiz» Tangrining so‘zidur. Boshqa gazetalarning ko‘chirmaklari-da rajo o‘linur.

    Samarqand, «Hurriyat» gazetasi, 1918 yil, 26 yanvar.

Izoh qoldiring