Mashhur turk yozuvchisi Yashar Kamol vafot etdi

077Туркиянинг энг таниқли ёзувчиларидан бири Яшар Камол (Yaşar Kemal) 92 ёшида Истанбулдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Шифокорларга кўра, атоқли адибнинг ўлимига юрак хасталиги ва нафас етишмаслиги сабаб бўлган. «Мен инсонларга зулм қиладиганлар ва уларни эзувчиларга қаршиман. Кимки одамларнинг бахтига ғов бўлса, мен уларга асарларим ва бутун ҳаётим билан қарши чиқаман», деб айтган эди Яшар Камол.
  Адибнинг «Илонни ўлдирсалар» («Yılanı Öldürseler») романини тақдим этиш билан Яратгандан буюк адибни раҳматига олишини сўраймиз.

 Машҳур турк ёзувчиси Яшар Камол вафот этди

001

09   Асл исми Камол Содиқ Гўкчели бўлган Яшар Камол Туркиянинг Нобел мукофотига номзод бўлган биринчи ёзувчиси эди. Унинг асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган.
Туркия жануби-шарқида туғилган ва курд миллатига мансуб бўлган Яшар Камол 1955 йилда чоп этилган биринчи романи «Озғин Мемед» билан ном қозонган. Роман дунёнинг 40 тилига ўгирилган.
Яшар Камолнинг 9 та романи экранлаштирилган.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли «буюк ёзувчи ва санъаткор»нинг ўлимидан қайғуга тушганликларини айтган. Довутўғлига кўра, Яшар Камол «ўзгача қарашини ҳимоя қила олган ва қанчалик қийин бўлмасин, ҳақиқатни айтишдан чекинмаган» адиб эди.

Яшар Камол болалигида бахтсиз тасодиф туфайли ўнг кўзидан айрилган ва беш ёшлигида отасининг асраб олинган боласи томонидан ўлдирилишига гувоҳ бўлган.
Ёзувчиликни қишлоқнинг саводсиз одамларига хатлар ёзиб беришдан бошлаган. Кейинроқ журналистика соҳасида ишлаган ва йирик адиб бўлиб етишган. Унинг ўзи «инсон ва табиат» ҳақида ёзгани ва асарлари «ишчилар синфига хизмат қилгани»ни айтган.

Атоқли адиб хотираси олодида бош эгиб, унинг «Илонни ўлдирсалар» романини тақдим этамиз. «Илонни ўлдирсалар» романи, аввал оиласининг, сўнг ўзи яшовчи қишлоқнинг босими натижасида онасини ўлдирган бола ҳақидадир. Ҳасан етти ёшлигида отаси онасининг эски ошиғи томонидан ўлдирилади. Бувиси, сўнг қишлоқ аҳолиси икки йил давомида боланинг юзига суртилган «доғ»ни тозалашга бел боғлайдилар. Борган сари ривожланган ижтимоий асабийлик муҳити, қанчалик қаршилик кўрсатмасин, Ҳасанни жинноятга ундайверади.

03
ТАРЖИМОНДАН
001

099Мазкур асар турк адабиётининг машҳур вакилларидан бўлмиш Яшар Камолнинг қаламига мансуб.
Яшар Камол — Камол Содиқ Гўкчали 1922 йилда Адана шахри яқинидаги Хемитс (Гўкчели) қишлоғида таваллуд топди. Унинг болалик ва ўсмирлик чоғлари кейинчалик ўз асарларида тасвирлаган тақир қояли тоғлар орасида ўтди. Уч томондан залворли тоғлар билан ўралган, бир томонини эса Ўрта ср денгизининг мовий тўлқинлари ювиб турган, ўз кўксига кўпдан-кўп афсона-ю ривоятларни яширган мана шу сирли замин унга зеҳн ва илҳом тақдим этди. Унинг болалиги осон кечмади, хатто ўрта мактабни ҳам тугата олмади. Узоқ изланишлар, услубий уринишлар оқибати ўлароқ, у ўз овозига— фақат Яшар Камолга хос услубга эга бўлди. Ёзувчи ўз ижодини халқ оғзаки ижоди – фольклор намуналарини тўплаш ва нашр қилиш, шеърлар ёзиш билан бошлади. Унинг асарларида ҳамиша ҳам яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қилавермайди, адолат разолатни енгиб, қаҳрамонлар худди эртаклардагидек ғалабаларини тантана қилавермайдилар. Бироқ ёзувчи қаламига мансуб бўлган ҳар бир асар – бу ўқувчи қалбига хитоб, инсонда инсонийликни уйғотишга даъват, меҳр-оқибатга чорлов эканлиги аниқ.

Унинг 1952 йилда нашр этилган биринчи ҳикоялар тўплами — «Жазира» тез орада ўз ўқувчиларини топди. Орадан кўп ўтмай 1955 йилда Яшар Камолнинг биринчи йирик асари — «Инжа Мамад» романинг биринчи боби эълон қилинди. Ёзувчига катта шуҳрат келтирган бу роман бошқа ўнлаб тилларга таржима қилинди. Сўнгра 1955 йилда «Тунука» романи, 1960 йилда «Таянч устуни» трилогиясининг 1-жилди, 1963 йилда «Ер қаттиқ, осмон узоқ» трилогиясининг 2-жилди, 1969 йилда «Умрбоқий» трилогиясининг 3-жилди, 1969 йилда «Инжа Мамад» романининг иккинчи боби, 1970 йилда «Ағри тоғи афсонаси» қиссаси, 1971 йилда «Бепоён ватан бўйлаб» репортажлар тўплами, 1972 йилда «Чақиржали Эфе», 1972 йилда «Темирчи гузаридаги жиноят», 1975 йилда «Юсуфжон-Юсуф», 1976 йилда «Илонни ўлдирсалар» қиссаси нашр қилинди.

«Илонни ўлдирсалар» қиссасида мурғак боланинг бошидан ўтган кечинмалари ҳикоя килинади. Муаллиф ва асар қаҳрамони бўлмиш Ҳасан ҳамоқхонада танишадилар. Бутун қисса ёзувчи ва Ҳасаннинг ҳикояси асосига қурилган. Жамиятдаги мудҳиш, разил, жоҳил муҳит асар қаҳрамонини жиноят содир этишга мажбурлайди. Шу муҳит меҳру муҳаббатга тўла мурғак қалбни секин-аста ҳиссиз, қабиҳ бир жисмга айлантириб қўяди.
Қаҳрамоннинг кечинмаларини муаллиф жуда катта маҳорат билан ёритган. Асар сўнгида ўқувчи, гарчи ўз онасини ваҳшийларча ўлдирса-да, Ҳасандан нафратланмаслиги, уни айбламаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳақиқий қотил аслида Чуқурова қишлоғининг жоҳил одамларидир. Мурғак, беғубор болакай эса уларнинг бу мақсадларига етишлари учун восита, холос. Қиссада мазкур зиддиятли ҳақиқат акс этганининг ўзиёқ Яшар Камол маҳорати ва ўзига хос услубидан дарак бериб турибди.

003
Яшар Камол
ИЛОННИ ЎЛДИРСАЛАР
001

Отаси ўлдирилганда Ҳасан ё олти, ё етти ёшда эди.

Анаварза қоялари узра бургутлар қанот керганча айланиб-айланиб учишарди. Қуёшга юз тутган чиришсиклари деб аталувчи тоғ гуллари оппоқ бўлиб очилган.

Олисда сузиб келаётган булутнинг сояси ботқоқликни бутунлай қоплаб, Думлуга келганда кўздан ғойиб бўларди. Чиришсик гуллари атрофида турли хил арилар—асал ари, қовоқ ари, сариқ арилар ғужғон ўйнашарди. Қояликлар орасидан кенг ер гулларининг тўқ зангори тиканлари бўй чўзиб турибди. Ҳасан қояликларда какликдай сакраб юрарди. Кун чиқиш тарафида жарлик бор эди. Ҳасаннинг боши айланарди. Жарликдаги бургут уяларига тушиб, на бир тухум, на бир бургут боласини топа олди. Уни кўрган бургутлар девордек текис қоялик бўйлаб, катта қанотларини ҳавода силтаб-силтаб учиб кетишди. Баҳор қуёши қояларни қиздириб турарди. Қояликлар орасидан зангори ихрожлар , сариқ заъфаронлар, беданинг бинафшаранг гуллари кўриниб турарди. Кекиклар очилай-очилай деб турибди. Уларнинг вазмин ифори атрофни тутиб кетган.

Ҳасаннинг сўнгги умиди девор остидаги уядан эди. Аммо бу уяга тушиш ҳамиша қийинчилик билан кечади. Бир сафар қояга осилиб қолиб, жуда қийинчилик билан, зўрға чиқиб олганди. Қайтиб бу уяга тушмаган эди. Агар ўшанда ёввойи анжирнинг илдизи қўлларига илашиб қолмаганда ёки илдиз юлиниб кетганда, у тамом бўларди. Пастлик эса ўн минора бўйичалик келади. Пастликка етиб бормасданоқ парча-парча бўлиб кетиш мумкин. Атрофдан аралаш-қуралаш ҳидлар анқийди. Ҳасан теваракнинг баҳор қуёши остидаги бундай аралаш бўйини ҳеч бир ҳидга ўҳшатолмай, бу ҳидни — қоялар ҳиди деб ҳисобларди. Бу Анаварза қоялигининг ҳиди эди. Арилар, калтакесаклар, каклик болалари, уялар, бургут болалари, заҳарли чинқироқ илонлар, ўқ илонлар ҳам ўзларидан бундай ҳид таратардилар. Анаварза қоялигининг инсонларидан ҳам қоялар ҳиди анқир эди. Бу ҳид баҳор қуёши тафтида инсонга жуда ёқимли, ширйн, маст қилувчи бўлиб туюлади.

Анаварза қоялигининг ёмғиридан ҳам бошқача ҳид анқийди. Ундан ҳам қояликнинг ҳиди келади. Булут ҳам ифор таратади. Булутнинг ҳиди ҳам умуман бошқача туюлади.

Қояликларнинг ҳиди Ҳасаннинг димоғидан асло кетмайди. Айниқса, бир кеча, қоронғулик, қоронғуликдаги милтиқ ўқининг ҳиди… Порох ҳиди текисликда, тупроқда ўзгача. Тунда, қояликларда эса умуман бошқачадир.
Тунда милтиқ ўқининг ҳиди анқийди. Тунда, жуда узоқларда, узун акс-садо берувчи ўқ овозлари, пақ-пуқ… Пақ-пуқ дея тунда акс-садо берарди. Шу сабабли Анаварза қоялиги ўша акс-садолар, ўқ овозлари ва бу ҳидлар демакдир. Анаварза осмонида қонли бургутлар айланишарди. Яхши эслайди. Ўша отишма юз берган тун, ўша акс-садо ва ўша бургутларнинг эрталабгача сузилиб учишлари унинг учун мангуга энг қўрқинчли хотира бўлиб қолади.

Кун жуда иссиқ эди. Қишлоқдагиларнинг ҳаммаси ишлаш учун далага чиқиб кетганди, фақат Ҳасан чиқмади. Юраги сиқилар, нима қиларини билмас, онасининг юзига ҳеч қаролмасди.Вақт тўққизда эди. Ҳарқалай унга шундай дейишганди. Ҳар сафар онасининг кўзларига кўзи тушиши билан эрталабданоқ ақли бошидан кетиб, телбанамо бўлиб юрарди.

Шундай тонгларда ҳали кун чиқмасданоқ онаси мойжувознинг сариёғидан бир бўлагини унга берар, Ҳасан эса усти айронли сариёғни олиб, иссиқ тандир нонига суртар ва узоқ-узоқлардаги дарахт тагига бориб ўтириб ерди. Ортиқ онасига қаролмас эди. На юзига, на-да унинг юришига… Қани эди онасини кўрмаса.

Шундай тонгларда ҳар доим шундай қилар эди. Ўзига ўзи сиғмас, нима қилишини билмасди. Телбаларча қишлоқ ичида изғир, сўнг эса нима ишлар қилганини англаёлмасди. Қўндоғи садафли, бу қимматли милтиқни унга аввалроқ—етти ёшлигида беришган эди. Бу милтиқ билан отмаган жонзоти қолмаганди. Йўлида учраган ҳар бир нарсага ўқ узарди. Қушларга, эчкиларга, бургутларга, какликларга, шоқолларга, чумчуқларга, инсонларга… Ҳатто инсонларни ҳам ота бошлаганди, Ҳасан…

Унинг уч амакиси бор эди. Уччалови ҳам унга чурқ этмасдилар. Бутун қишлоқ аҳолиси унинг қариндоши эди. Қишлоқларининг ўзи ҳам жуда кичкинагина эди. Гўчебелик районидан эндигина ажралиб чиққанди. Бу ерга жойлашганларига ҳали кўп ҳам бўлмаган. Амакилари, отаси Ҳасандай маҳалида Бинбўғаларда сурув-сурув қўйлар боқишарди. Улар чўпон эдилар. Етти «тиргакли чодирлари ҳам бор эди. Нима бўлганда ҳам, ҳар доим шу етги тиргакли чодирлари билан ғурурланишарди.

Сариёғ суртилган нонини анор боғининг ичида еб тугатди. Қорни яхшигина тўйди. Милтиғини қўлига олиб, яна қайтариб жойига қўйди. Милтиқнинг қўндоғидаги садаф янги чиққан қуёшнинг нурларида мовий тус олиб товланар ва яна сўнарди. Анча вақтгача қимирламай, қўлларини осилтириб, бўйнини ўнг тарафга эгганча милтиғига қараб ўтирди.

Милтиқ товланиб сўнар, қайтадан жилоланиб яна сўнарди. Онаси ҳовлида у ёқ-бу ёққа ўтиб юрарди. Дунё гўзали эди онаси. Ҳуснда тенги йўқ эди онасининг. Ёшгина, кичкина бир қизчага ўҳшарди. Отаси эса қариб қолган, соч-соқоли оқарганди. Қандай бўлган бўлса, шундайлигича эслаб қолганди, отасини… Онасининг белигача тушиб турувчи узун сочлари бўларди. Чуқурова қишлоғининг ҳаммаси шундай гапириб юришарди. Балки онаси дунёнинг энг гўзал аёли бўлгандир? Шу каттагина Чуқуровада онасини ёқтирмаган йигит топилмасди. Онаси барча ошиқларига рад жавобини берар, Ҳасандан—ёлғиз ўғлидан айрилишни хоҳламасди.
Агар онаси кетса, Ҳасаннинг бу ерда қолиши муқаррар эди. Амакилари Ҳасанни онасига бериб юбормас эдилар. Онаси ҳам фарзандини ташлаб, турмушга чиқиб кетолмас, агар турмушга чиқиб, бошқа қишлоққа кетса, Ҳасанни умрбод кўролмасди.

Жайҳон дарёсининг суви камайиб, кумушдай товланиб оқарди. Ҳасан эрталабдан кечгача жарларда юриб, қумри қушларини пойларди. Қуш уяларининг тешикчалари оғзида уларнинг чиқишини кутиб ўтирарди. Майда тешикли тўр топиб, илоннинг инидай кичкина ўйилган инчага тўрвадай осиб қўйганди. Инчадан чиққан қушлар ҳам шу тўрга тушишарди. Ҳасан бу мовий, тўқ зангори рангли қушларни қовоқдан ясаган қафасига солиб қўярди. Қафасни қаршисига қўйиб, тўҳтамасдан бу мовий қушларни томоша қиларди. Бу мисли кўрилмаган мовийлик эди. Ҳасан ёмғирқуши деб аталувчи қумриларни томоша қилар экан, гўёки бир мовий туш ичига тушиб қолар, атроф ҳам, бутун аъзойи бадани ҳам мовийлашиб кетгандай бўлиб, маст кишидай гангиб қоларди.
Қалдирғочни одатда ҳеч ким тута олмайди, лекин Ҳасан қишлоқ тарихида биринчи марта қалдирғочни тутган одам эди.

АСАРНИНГ ДАВОМИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ
001

07

(Tashriflar: umumiy 162, bugungi 1)

Izoh qoldiring