1 aprel — Nikolay Gogol tavalludi kuni.

23

 Николай Васильевич Гоголь 1809 йилнинг 1 апрелида Полтава губерниясининг Миргород уездига қарашли Сорочинци қишлоғида туғилди. У аввал Полтава билим юртида, кейинчалик олий билимлар гимназиясида ўқийди (Нежин шаҳрида). Лицейда ўқиб юрган пайтларида театрни ёқтириб қолади ва лицей театрида кўп роллар ижро этади. У ўзининг ғайритабиий синчковлиги билан ўртоқларини ҳайратда қолдирар эди. Гоголь 1829 йил ўзининг биринчи “Ганс Кюхельгартен” номли асарини яратди. Лекин тез орада ўзига ёқмагани учун ёндириб ташлайди. 1829 йил июль ойида чет элга саёҳатга кетади. Чет элдан у тўғри Петербургга қайтиб келади ва дўстлари ёрдамида Петербург университетида тарих фанидан дарс бера бошлайди. Унинг кўпгина мақолалари ўша даврларнинг энг машхур адабий-ижтимоий журналлаидан бири “Современник”да босилиб чиқа бошлайди: “Умумий тарихдан дарс бериш усули”, “Малороссиянинг аҳволига нигоҳ” кабилар шулар жумласидандир. 1831 йили у А.С.Пушкин билан замонасининг энг илғор вакилларидан Плетневнинг хонадонида танишди. Бу ерда Пушкин билан суҳбатда Гоголь замонавий рус адабиётининг аҳволи ҳақида, унинг асосий тенденциялари ҳақида ўзининг танқидий мулоҳазаларини баён этади. Пушкин Гогольнинг бадиий истеъдодини, танқидий нуқтаи назарини юқори баҳолайди.
Пушкин Гоголни ўзи муҳаррирлик қилаётган “Современник” журналига таклиф этади. Гоголь тез орада шу журналда “1834-1835 йиллар адабиётидаги ҳаракат ҳақида” мақоласини босиб чиқаради. Пушкин унга рус адабиёти тарихи бўйича иш бошлашни маслаҳат беради ва “Ревизор” комедиясининг сюжетини суҳбатларидан бирида айтиб беради. Гоголь тез орада дунёга машҳур “Ревизор” комедиясини яратади. 1836 йилнинг 19 апрелида Петербургдаги Александр театрида комедиянинг премьераси бўлиб ўтади.
Гоголь премьерада спектаклнинг охиригача ўтирмай кетиб қолади. Кетиб қолишининг сабаби, унинг комедиясида Николай империясининг ҳамма бурчакларидаги аҳволни ўткир сатира билан фош этилиши бутун Петербург, адабиёт ихлосмандлари учун катта бир адабий кашфиёт эди.
1835 йил Гоголь ўзининг “Невский проспект”, “Портрет”, “Миргород” тўпламларини яратди.
Гоголь “Тарас Бульба” номли тарихий қиссасида қаҳрамонларни, уларнинг ҳарактерини ўзининг замонасига қарама-қарши қўяди. “Тарас Бульба” асарида у биринчи бор халқнинг қуввати, қудрати, маънавий бойлиги, юқори аҳлоқий принциплари ҳақида ёзади. Адиб биринчи бўлиб рус адабиётида халқнинг, жамиятнинг фожиали томонларини реал, танқидий тасвирларда кўрсатиб бера олган.
1835 йилда у “Петербург қиссалари” туркуми остида бешта қисса яратди.
“Шинель”, “Бурун”, “Руҳий хаста кишининг хатлари”, “Невский проспекти”, “Портрет”. Бу қиссаларининг мазмуни, қаҳрамонлари ва услуби ҳар хил бўлгани билан уларни ички бирлик боғлаб туради. Бу қиссаларда Петербург шаҳрининг улуғвор образини кўрсатади. Гоголь бу асарларда Пушкин традицияларини давом эттириб пойтахтнинг ички ва ташқи ҳолатини қиёслайди. Петербург шаҳрининг социал портретини, яъни оддий кичик одамларнинг оғир ҳаётини чизиб беради.
Гоголнинг “Сорочин ярмаркаси”, “Май кечаси ёки сувга чўкаётган аёл”, “Даҳшатли қасос”, “Диканка қишлоғи яқинида ўтказилган кечалар” номли асарлари адабиёт ихлосмандларига машҳурдир. “Диканка қишлоғи яқинида ўтказилган кечалар” номли тўпламда саккизта қисса жамланган. Бу Украина, украин фольклори билан боғлиқ қиссаларни адолат ва адолатсизлик ўртасидаги қарама-қаршиликларни тасвирловчи картина деб баҳоласа бўлади. Гоголь бу асарларида ўзининг диққатини XVIII аср эркин украин казаклари ҳаётига қаратади. Қиссалар Рудига Панько исмли шахс томонидан ҳикоя қилинади. Қиссаларда у ўзининг орзусини, одамлар табиатидаги инсоний туйғуларни гўзаллигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Ана шу инсон табиатидаги фазилатларни ёрқинроқ ёритиш учун фантастик махлуқ, турли инс-жинснинглар образларидан ҳам фойдаланади. Шу сабаб бўлса керак, Гоголь ўз қиссаларида қатор миллий ҳарактерлар галереясини ярата олган.
Фантастика, фольклор, сатира ва бошқа жанрларнинг уйғунлиги унинг бошқа асарларида ҳам учрайди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у чет элга (Италияга) кетади. Пушкиннинг ўлимини у жуда чуқур қайғу билан кутиб олади.  Гоголь 1840-1842 йилларда Римда “Ўлик жонлар” поэмасини ёзиб тугатди ва бир нусхасини В.Белинскийга жўнатди. Белинский ўз навбатида ўқиб чиқиб, асарнинг босилиб чиқишига рухсат олиб (цензурадан), журналига босмага топширди. Гоголь бу асарини поэма деб номлайди, чунки бу асарда лирик ва эпик тур хусусиятлари учрайди. Муаллиф ҳар бир саҳифада китобхон билан боғланиб, унга ўзининг фикрларини, бўлиб ўтаётган воқеаларга муносабатини билдириб боради.
Асарнинг бош қаҳрамони Чичиков – рус адабиётида ҳали мавжуд бўлмаган қаҳрамонларнинг янги типи эди. Бу образ Россиядаги эндигина пайдо бўлаётган буржуазиянинг янги вакилидир. Унинг мақсади жамиятнинг аҳволидан ўзининг кучи, ақли ва уддабуронлиги билан катта пул топишдир. Чичиков асардаги сатирик равишда чизилган помещикларнинг образдаридан ўзининг мантиқий, дахшатли дунёқараши билан ажралиб туради.
Чичиков – бу йиртқич, у ҳеч қандай аҳлоқий кодекс ёки принципларга амал қилмайди, ҳар қандай сотқинликка тайёр шахс. Асардаги бошқа помещиклар табиатига хос хусусиятлар унинг психологиясида ҳам мужассамлашган:  Шунинг учун ҳам Гоголь Чичиков образига бутун бошли XI бобни бағишлайди.
Гоголь бу асарида майда дворянларнинг оддий ҳаётини эмас, балки крепостной ҳуқуқлари емирилаётган бир даврдаги Россия ижтимоий ҳаётининг оғир аҳволини кўрсатиб берган. У олдиндан дворянлар ўрнига буржуазия келаётганини кўра олди. Асарда асосан аҳамият бериш керак бўлган жой – бу капитан Копейкин ҳақидаги ҳикоядир.
Асарда муаллиф рус халқининг потенциал имкониятларига оптимистик руҳда қарайди ва вақтлар келади халқ ўз имкониятларидан тўғри фойдаланади деб тушунади. Гоголь ўз асарини “О, Русь, қаёққа қараб кетяпсан?” деган рамзий савол-чақириқ билан тугаллайди.
1847 йилда унинг “Дўстлар билан ёзишмаларнинг асосий жойлари” асари босилиб чиқди. Бу асарни ўқиб чиққан Белинский унга ўзининг “Хат”ини ёзди. Белинский ўз хатида Гоголь асарини тахлил қилиб, уни қаттиқ танқид қилган эди.
Гоголь Қуддус шаҳрига айнан шу йили диний зиёратга боради. 1852 йилда эса Россияга қайтиб келади: Москва, Петербург, Одесса шаҳарлари яшайди. Ҳаётининг охирги йилларида унинг руҳияти қандайдир ғайритабиий касалликнинг аломатлари учрай бошлайди. Шундай бир руҳий кризислар пайтида у ўзининг “Ўлик жонлар” поэмасининг II томини ёндириб юборади.
Гоголь 1852 йил 21 февралда вафот этади.

90

Дилдора Тўйчиева
ЎЛИК ЖОНЛАР ОРАСИДАГИ ҲАЁТ

Рус адабиётида Николай Васильевич Гоголдек сирли шахс бўлмаса керак. Унинг ҳаёти ва ўлими ҳақида шунчалик кўп афсона ва уйдирмалар мавжудки, ҳали бирон рус ёзувчиси бундай шарафга эришмаган.

Буюк Гоголь таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан унинг ижоди ва ҳаётига оид янгидан-янги қизиқарли, шу пайтгача бизга номаълум бўлган маълумотлар сув юзасига қалқиб чиқди. Кўпгина оламшумул саволларга жавоб топилгандек бўлди… Нима сабабдан у қўлёзма асарларини ёқиб юборарди? Нимага оила қурмади? Нега унинг ўз уйи бўлмаган?..

Николай Васильевич Гоголь ижоди мумтоз адабиёт дурдонаси саналади. Унинг ўзи эса рус адабиёти даҳоси дея эътироф этилади. Аммо Гоголнинг инсоний фазилатлари ҳақида гап кетганида ҳеч ким якдиллик билдирмайди. Замондош ва тарихчиларнинг хотираларида буюк адиб сирли, дамдуз, айёр, фирибгарлик ва алдовларга мойил инсон сифатида характерланади. Бундай таърифни нафақат унинг душманлари, балки адиб ижоди ихлосмандлари ҳам, дўстлари ҳам беришган. Кунлардан бир кун Гоголь қадрдон дўсти Плетнёвдан унга инсон сифатида баҳо беришини сўрайди ва қуйидаги жавобни олади: «Сирини ҳеч кимга айтмайдиган, худбин, такаббур, бадгумон, шуҳрат учун ҳамма нарсадан воз кечадиган жонзот…»

Ёзувчилик меҳнати ва бадиий илҳоми билангина яшаётган Гоголь камбағаллик ва уй-жойсизликка маҳкум қилинган эди. Унинг бутун бойлиги бир жомадонга жо бўладиган кийим-кечак эди. У моддий ёрдам сўрашдан ҳам ор қилмаган. Буюк Гоголни бундай таърифларни эшитишга нима мажбур қилган экан?

Унинг бундай йўл тутишига олдига қўйилган буюк мақсад – «Ўлик жонлар» романини ёзиб тугатиш сабаб бўлган эди. Ҳаётидаги энг катта, асосий иш эди бу. У бу асарига Россия ҳақидаги бутун ҳақиқатни, унга бўлган меҳру муҳаббати ва қалбидаги бойлигини тўкиб солди.

– Меҳнатим улкан… – дерди у дўстларига, – менинг қаҳрамонлигим халос этувчидир!

Минг бир ҳайрату шубҳа билан адиб ижодини тадқиқ қилган тадқиқотчилар Гоголнинг ўлимидан бир неча кун олдин ҳаётининг мазмунига айланган буюк асарини ёқиб юборишига нима туртки бўлганлигини ҳамон тушунтириб беришолмайди…

БОЛАЛИККА ҚАЙТИБ

Узоқ кутилган фарзандга ота-онасидан нима қолди?

Николай Васильевич Гоголь 1809 йилда Большие Сорочинци қишлоғида (Полтава губернияси) йирик помешчик Василий Афанасьевич оиласида дунёга келди. Унинг ота-боболари украин казаклари бўлишган. Кетма-кет нобуд бўлган икки фарзанддан кейин туғилган жажжигина ўғил юрак олдирган ота-она учун овунчоқ бўлди. Николай 15 ёшга тўлганида отаси вафот этади. Сермулоҳаза, зеҳнли, идрокли, ҳаётни севувчи, ҳазилкаш Василий Афанасьевич адабиёт ва театрга қизиқарди.

Николай отасидан санъатга бўлган меҳрни, ҳазил-мутойибага мойилликни мерос қилиб олганди. Гоголнинг юмори содда, софдил, мазмун ва сўзлар уйғунлигини ўз ичига олганди. Адибдаги таъсирчанлик, ҳассослик, дардчиллик онасидан ўтган эди. Ота-онасининг чексиз меҳри ва она табиат Николайни болалигиданоқ руҳлантирарди. Байрам ва сайлларда Диканька яқинида куйланган қўшиқлар, отаси ва қўшниси – шоир Капнистнинг шеърлари мурғак Николай қалбида адабиётга бўлган муҳаббатни уйғотди. Ўсмирлик чоғида у ҳаммадан яширинча «Ганц Кюхельгартен» номли содда шеърий асарини ёзади.

Илк поэмасини у гимназияда ўқиб юрган чоғидаёқ ёзишни бошлаган эди. Петербургга келиб, унинг устида бироз ишлайди ва чоп этиш учун ноширга топширади. Асар китоб бўлиб чиқди. Ўсмирликка хос шошқалоқлик билан у китобни дўсти Плетнёвга жўнатади. Китоб бир неча кун дўконда сотилди, аммо унга билдирилган танқид шафқатсиз эди. Шунда Николай бутун ададни сотиб олиб, уни ёқиб юборади.

Мана шу олов шоирнинг жасоратидан дарак бўлиб, тақдирининг бир белгисига айланиб улгурганди. Нимага у оловни ўзига дўст билди?

Болалигида давлат арбоби бўлишни орзу қилган Гоголь адабий қизиқишидан ҳам воз кечмади. Ўз асарларини ёқиб юбориш учун қанчалик жасорат керак. Аммо Гоголь бунинг учун ўзида куч ҳам, қаҳрамонлик ҳам топарди. У гимназияда ўқиб юрган кезларидаёқ илк асари – «Ака-ука Твердославичлар»ни битта қолдирмай ёқиб юборади. Петербург газеталарида «Ганц Кюхелгартен» ҳақидаги шафқатсиз танқидий мақолаларни ўқиб, меҳмонхонадаги хонасига қамалиб олиб, китобни битта қолдирмай ёқиб юборади.

Ёнаётган қўлёзмаларнинг олови унинг юрагида яна бир неча бор аланга олади. Отасининг ўлими Гоголни қаттиқ қайғуга солди. Кейинроқ Николай Васильевич отасининг ўлими сабабини топгандай бўлди: унинг фикрича, отасига «ўлим даҳшати» хавф солган.

Гоголнинг ўзи ҳам мана шу ҳалокатли «ўлим даҳшати»ни ўзида олиб юрарди. Бу ваҳима, қўрқинч ҳам унга отамерос қолдими?

Николай Васильевичнинг дардчиллиги, тушкун ҳолати руҳий характер касб этарди. Шуни таъкидлаш жоизки, Гоголнинг руҳий азоб-уқубатлари унинг ижодий жараёни билан боғлиқ. У ижод қилган пайтда маънавий, руҳий куч-қувватга тўлар, ҳамма иши яхши кетаётганлигини англарди. Ижоддаги сусткашлик унинг руҳий қийналишига сабаб бўларди. Ана шунда у ёзилган асарининг номукаммаллигини тушунар, бундан қаттиқ эзиларди. Бундай пайтларда у дерди: «Яшашга ҳам, ёзишга ҳам иштиёқим йўқ…» Драматург бўлишдан аввал Гоголь гимназия ҳаваскорлик театри саҳнасида муваффақиятли чиқиш қиларди.

Саҳнадаги муваффақият унинг келажакда актёр бўлиб етишишини белгилаб бериши мумкин эди-ку…

Театр Николай Васильевичга катта лаззат, ҳузур-ҳаловат бағишларди. Петербургда у Император театрида ўз бахтини синаб кўрмоқчи бўлди. Аммо суҳбат чоғида «йиқилади». Имтиҳон олувчиларига унинг ижро усули ёқмаган.

Гоголь ажойиб сўз устаси, билимдони эди. Унинг ижрочилик маҳорати нозик таъб тингловчиларни ҳам доғда қолдирарди. Гоголь бир умр шубҳа-гумонлар ичида яшади. «Муаллифнинг тавбаси» асарида шундай мисралар келтирилган: «Мен машҳур бўлишимга ишониб яшадим! Таниқли бўлишимга ҳеч қандай шубҳа йўқ эди…» Хаёл суриш Гоголь учун одатий ҳолга айланганди. Айбдорлик, гуноҳкорлик ҳисси бир-бири билан алмашинарди.

ГОГОЛЬ ВА АЁЛЛАР

Гоголнинг қаҳрамонлари ёвуз кучлар, афсунгар ва шайтонлардан мадад олади. Севги учун ҳамма нарсадан воз кечишади, баъзида худосизга айланишади. Тақводор, художўй муаллифни бу ҳолат даҳшатга солмадими?

Гоголнинг қаҳрамонлари мана шунинг учун ҳам ўз жазосини олган, ҳатто ўлим топишган.

Пушкиннинг ишқий саргузаштлари ҳақида эшитганмиз. Аммо Николай Гоголнинг муҳаббати ҳақида бирон маълумотга эга эмасмиз. Айрим тадқиқотчилар Гоголь ҳаёти давомида бирор марта севмаганлигини таъкидлашади. У аёллар гўзаллигининг шайдоси эди. Биринчи навбатда маънавий гўзалликни қадрларди. Гоголнинг гўзаллар ҳақидаги таърифлари бунга шубҳа қолдирмайди. Севгидан у қочиб қутулишга ҳаракат қиларди. У нафақат гўзалдан, балки ўзидан, қалбидаги яширин хавфлардан, ҳалокатли кучлардан ҳам қочарди.

Таниқли тадқиқотчи Юрий Манн китобида Гоголнинг олижаноб Анна Виельгорскаяга бўлган соф муҳаббати тасвирланган. Аслида-чи?..

Гоголь рад этилишини англагач, севгиси учун курашишни ҳам лозим топмади. Севгиси рад этилган Николай Васильевич неча йиллар давомида руҳий азобларни бошидан кечирди. Ўзининг бесўнақайлиги, хаёлий бадбашаралиги ва уятчанлигидан эзилди. Умидсиз севги унинг қалбида бир умрлик тузалмас жароҳатни қолдирди.

Аннанинг тақдири қандай кечди? У ўзини айбдор ҳис қилдими? Гоголнинг ўлимидан кейин Анна 30 ёшида князь Александр Шаховскийга турмушга чиқди. Улар Москва яқинидаги Сенница усадьбасига кўчиб ўтишади. Бу жойларни Гоголь яхши кўрарди. Аннага ҳам бир пайтлар бу ерга келиб, ёзги таътилни ўтказишни таклиф этганди…

Гоголнинг ҳеч қачон ўз уйи бўлмаган. Бадавлат оиланинг арзанда фарзанди нима учун бошпанасиз эди?..
Дарҳақиқат, у гўёки дарвеш дарбадар эди. Унинг ҳеч қачон ўз уйи бўлмаган. Ёшлигида Николай Васильевич бутун мол-мулкини онаси ва сингиллари номига ўтказган эди. У онгли равишда дарвешлик ҳаётини танлаганди. Гоголнинг дўстлари уни меҳмон қилишни шараф деб билишарди. Шундай кунларнинг бирида у Погодин исмли дўстининг уйида меҳмон эди. «Москвитянин» журналининг муҳаррири бўлган Погодин дўстининг «Ўлик жонлар» романи қўлёзмасини унга биринчи бўлиб беришига ишонарди. Аммо Гоголь илтимос, буюртма билан ёзадиган ёзувчи эмасди. Шундай пайтларда у ўзини жуда ноқулай ҳис қиларди. Айниқса, унинг шарафига катта меҳмондочиликлар қилишса, қаттиқ хижолат чекарди. 1848 йилдан умрининг охиригача у граф А.П.Толстой уйида яшайди.

Манба: «Ёшлик» журнали

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

Izoh qoldiring