10 fevral — Bugun atoqli shoir Husniddin Sharipov 80 yoshga to’ldi. Qutlaymiz!

80
Орадан бир неча кун ўтгач, Эркинбой столимга бир даста, аниқроғи, олтита бўлиқ-бўлиқ шеър қўйиб, чиқиб кетди. Ундоқ айлантириб кўрдим, бундоқ… Ниҳоят, ҳар бири ўз жойини топиб, қандайдир сюжетнинг изи сезила бошлади. Шундай кўтарганимча, яна тўртинчи қаватга равона бўлдим. Эркин шоҳмот билан банд экан, шеърларини олдига ташлаб, “Табриклайман, давлатингиз қайтди” деган эдим, бир оқариб-кўкариб олди. Мен илжайиб: “Мана шу тартибда бир ўқиб чиқинг, достоннинг ҳиди келиб қопти, фақат тез битсин”, деганимдан сўнг, шоҳмотни қўйиб, қўлига қалам оладиган бўлди. Қисқа муддатда бояги олти шеър барака топиб, 1966 йил апрелидаги Тошкент зилзиласи ҳақида оташин “Палаткада ёзилган достон” бўлиб қайтди. “Шарқ юлдузи”да ўз вақтида чиқиб, ўқувчилари қўлига етиб борди.

999

06Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов 1933 йил 10 февраль куни Поп шаҳрида туғилди, вилоят маркази Намангонда ўсиб-улғайди. Отаси Султон Назиров – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, онаси Турғуной Хўжаева ҳам муаллима. Ўзи эса иккинчи отаси Шарифжон Парпибоев қўли остида тарбия топди. Унинг «Навоий» деган дастлабки шеъри 1948 йил – қишлоқ хўжалик техникумида ўқиб юрганида босилди. «Ниҳол» номли биринчи шеърлар китоби эса 1956 йил – у қишлоқ хўжалик институтини битириб, ўрмон хўжалик идорасининг инженери бўлиб ишлаётганида нашр этилди. Уша йили вилоят «Намангон ҳақиқати» газетасига таклиф этилиб, адабий ходим, сўнг масъул котиб бўлиб ишлади. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг нашри «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий котиблик қила бошлагач, 1960 йилда Тошкентга кўчиб келди. 1962 йилдан бошлаб, узок муддат «Шарқ юлдузи» журнали шеърият бўлимига мудирлик қилди, таҳририят аъзоси бўлди. Бир неча йил уйда ижод билан шуғулланди. 1984 йилдан бошлаб, адабий маслаҳатчи сифатида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг таржима ва драматургия бўйича ишларини юритиб турди.
Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли – деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади. Олтмишинчи йилларда чиққан китобларини соддагина «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида», «Ернинг қалби» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968) деб атагани бежиз эмас, албатта. У ҳатто замонавий илм-фан ва саноат тараққиёти чўққисида туғилган космонавтика ютуқлари, фазокор парвозида ҳам пахтакоримиз қалб ҳарорати борлиги билан фахрланади.
Шоир ўзбек замонавий достончилиги ривожига жиддий ҳисса қўшди. Унинг ўн саккиз достонидан энг йириги бўлмиш «Бир савол» (1972) номли шеърий роман қаҳрамони Аброр йигирманчи йилларда гирром кишиларнинг қутқусига учиб гуноҳ қилган, Сибирга бадарға бўлган эсада, мамлакат бошига хатар қўнганида, унинг ҳимоясига барча тўсиқлардан ошиб етиб борган ҳалол инсондир. Жанг майдонларидан қайтгач, у ягона ўғлини излаб, чўлларни обод қилаётган деҳқонлар сафига киради. Афсус, ёши бир ерга борганида, фарзанд қабри устидан чиқади, холос. Аброр етмаган кунларга етиб, меҳнатда бахт насиб этган бригадир Сотволди эса («Сотволдидан салом», 1968) қувлиги ва чапдастлиги билан жаҳонда ўз ҳалол номини эҳтиёт қилиб келаётган ўзбек деҳқонларининг тимсоли дейиш мумкин. Ҳ. Шарипов яратувчилик мавзуини «Боғ кўча болалари» (1963), «Тановар» (1965), «Шоир ҳақида» (1967), «Қилмиш-қидирмиш» (1976), «Инсоф диёри» (1979), «Соҳиллар» (1986) каби достонларида изчиллик билан таҳлил эта боради.

Ҳусниддин Шарипов фаол ижодкор. Унинг етмишинчи йилларда чиққан «Лирика», «Достонлар» сингари шеърий тўпламлари қаторига саксонинчи йилларда «Ҳаяжонли дақиқалар», «Оҳ, гўзал», «Хирмон», «Яна висол» каби асарлари қўшилди, ўз эллик ёшини икки жилдлик «Сайланма» билан кутиб олди.
Шоир драматургия соҳасида ҳам мунтазам қалам тебратади: «Сени севаман» (1958), «Ота ўгли» (1964), «Афсона» (1975), «Чоллар ва кампирлар» (1979), «Ер истаб» (1993) каби пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилди. У фарзанд ва неваралари олдида ҳам «Укажонларимга» (1963), «Бу ёғи нима бўлади» (1973), «Чавандоз» (1974) сингари болаларбоп китоблари билан қарзини узиб қўйган.
Мустақиллик йиллари Ҳ. Шарипов учун гоят маҳсулдор бўлди. «Минг иккинчи кеча» (1992), «Қалтис юриш» (1999) достонлари, «Ёр истаб» (1993) шеърий китоби нашр этилди. «Онанинг кўнгли болада ёҳуд Тошкентча қўйди-чиқди» драмаси «Узбектеатр» эълон қилган танлов ғолиби бўлди. Худди ўша йили Мустақилликнинг X йиллигига бағишланган «Дўстим Тожиддин» номли ҳужжатли қиссаси босилиб чиқди. Айни вақтда Ўзбекистон Миллий академик театри эълон қилган танлов муносабати билан «Инсофнома» шеърий драмасини яратди.
Ҳусниддин Шарипов карийб ярим асрки, қўшиқ санъати билан ошно. Унинг қўшиқ ва шеърлари Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналарида мунтазам янграб туради. Шоир ҳарбий қўшиқлар (1996) ва «Ватан ҳимоясида» (2002) танловларининг ғолиби, Ҳусниддин Шарипов Ж. Лафонтен, И. Тургенев, У. Уитмен, В. Маяковский, Б. Брехт, П. Неруда, Р. Рождественский шеърларини ўзбекчага ўгирган бўлса, унинг «Всё тот-же я» («Ўша-ўша», 1970), «Привет от Сатвалды» («Сотволдидан салом», 1977), «Самое дорогое» («Энг азиз», 1980) каби китоблари Москва ва Тошкент нашриётларида рус тилида босилди, шеърлари урду, поляк, турк ва, қолаверса, барча қўшни қардошларимиз тилларига таржима қилинди. Ўзбекистоннинг кўпгина театрлари Р. Ҳамзатовнинг «Тоғ қизи», Б. Васильевнинг «Рўйхатларда йўқ» ва «Сокин тонглар», Ш. Раҳматуллиннинг «Ажал қувлаганда», Е. Юрандотнинг «Тўққизинчи покиза», В. Еськин ва К. Крикоряннинг «Кавказлик келин» пьесаларини Ҳ. Шарипов таржимасида саҳналаштирганлар.
Адабиётшунослар Ҳусниддин Шарипов ижодида ғазал ва оқ шеър, лирика ва ҳикоят, достон ва миниатюра, фалсафа ва лутф, қўшиқ ва чақириқ ёнма-ён яшаши ҳақида, қаҳрамонларининг халқона содда ва тагдор тили тўғрисида кўп ёзишган. Бу сифатлар Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1989 йили босиб чиқарган «Адабий портретлар» китобидаги профессор Озод Шарафиддиновнинг «Ҳусниддин Шарипов» сарлавҳали монографиясида айниқса тўла ва синчковлик билан таҳлил этилади.

Ҳ. Шарипов Узбекистан комсомоли мукофоти соҳиби (1977), « Ўзбекистон да хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига эга (1983). Мустақиллик йилларида «Мустақиллик» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

7767

УСТОЗЛАР ҲУСНИДДИН ШАРИПОВ ҲАҚИДА
02

Ўзбекистонда адабиёт соҳасида ёш талантли шоирлар, адиблар сафиқалинлашди… шоирлар ўзбек бармоқ вазнида ёзиб, халқ юрагига яқин, халқ тилидаги орзу ва шодликларни куйлаган самимий қўшиқлар, достонлар яратмоқдалар.
Мана талантли шоир Ҳусниддин Шарипов шеърлари: самимий, ҳисларга бой, нозик лирикаси гўзал, хаёл дунёси кенг, унинг «Қуёшга ошиқман» достони бу айтган гапларимнинг далилидир. Воҳидовнинг «Улуғ ҳаёт тонги», Гулчеҳра, Сайёр Пўлат, Барот Бойқобилов, Хайриддин Салоҳ, Азиз Абдураззоқ ва кўп ёшларнинг шеърлари ҳаёт булоғидан суғорилган шеърлардир.

Ойбек
Мукаммал асарлар тўплами. ХIV том, 338 бет.

777

Қайси куни «Кизил Ўзбекистон» газетасида адабий саҳифа чиқди. Унда ёш шоирлардан Ҳусниддин Шариповнинғ «Ирода» деган шеъри босилиб чиқди. Афсуски, шеър ўкишни билмайман билсам ўкиб берардим. Майли, ўзингиз ўкиб оларсиз. Шеърда қум бўрони таъсвир этилади. Кимдир бунақа ҳодисани ҳалокат деб ҳисоблар. Аммо шоирнинг ўзидек ёш бир геолог ўзи бу ерларга бугун – эрта бошлаб келадиган ҳаётни ўйлаб, ҳалокатли бўрон остида жилмаяди. Чунки орқасида бутун мамлакат борлигини, халқ борлигини билади.. Шунинг учун ғалаба қилишига амин.
Мен сўзимни нима билан бошлаган бўлсам, ўша билан тамомлайман: биз адабиётга йўл ахтарганда, бундай шеър ёза олмас эдик, бундай ёзишни тасаввур қишлиш ҳам қийин эди…. (Узоқ ва давомли қарсаклар)

Абдулла Қаҳҳор
Ўзбекистон ёш ёзувчилари республика конфереациясининг 1952 йил 24 декабрь кунги мажлисида сўзланган нутқдан.

777

Ҳусниддин Шарипов поэзиясидаги оддий суҳбат интонацияси, албатта, аввало шоир талантининг табиийлигидан. Бу унинг ижодий ўзига хослигида муҳим хусусият булиши билан бирга, умуман поэзиямизнинг энг яхши анъаналарига дахлдорлигини ҳам кўрсатади.
Поэзиямиздағи бу интонация ҳақида ўйлаганда, аввало Маяковскийнинг Александр Сергеевич Пушкин билан, Қуёш билан суҳбатлари ёдга тушади.
Твардовскийда эса суҳбат интонацияси бой ҳаётий тажрибани ифодалаш услубига, поэзияда ҳақиқий бадиий халқчиллик учун кураш қуролига айланади. Бу ҳусусиятлар нуқтаи назаридан, Маяковский, Твардовский поэмаларининг Ҳусниддин Шариповга таьсири бевоситадир деб айтиш мумкин
Суҳбат интонациясидаги лиризм Уйғун ва Ҳусниддин Шарипов поэмаларида – ички хусусият, у чекинишлардагина ёки буёқ сифатидагина берилмайди, балки бутун асар структурасини тузишда бош ролни ўйнайдиган, кескинлик, ҳиссий ҳаяжон ва динамикани таьминлайдиган умумий руҳдир.
Ҳусниддин Шарипов асарлари оддий шеьрий суҳбатларга ўхшаб кетиши билан оригиналдир. Бу ҳолат поэтик сўзга ишонч ва табиийлик каби илиқ ҳислар бағишлайди.

Асқад Мухтор
“Шеьрий суҳбатлар”. “Ёшлик” журнали, 1983 йил» №2»

777

1979 йилнинг баҳорида Москвада СССР Ёзувчилар союзи қошидаги ўзбек адабиёти советининг йиғилишида ўзбек шеъриятининг аҳволи, қатор шоирларнинг ижоди муҳокама қилинди. Ижоди муҳокама бўлганлардан бири Ҳусниддин Шарипов эди. Унинг ижоди ижоди ҳақида сўзлаган нотиқларнинг ҳаммаси Ҳусниддинни ўз ижодий қиёфасига эга, услуби шаклланган забардаст шоир деб таъкидлашади. Ю.И. Суровцев, М.Н. Пархоменко, 3.С. Кедрина каби таниқли адабиётшунослар муҳокама муносабати билан узлари учун Ҳусниддинни кашф этишганини айтишди. Шоир Анатолий Передреев эса «Сотволдидан салом» достонини Иттифок поэзиясида воқеа бўладиган асар деб баҳолади. Адабиётга ҳамиша юксак талаблар билан ёндашадиган Москвалик ижодкорларнинг бундай баҳоларини эшитиб ўтириб, табиийки, калбимни ғурур туйғулари чулғади. Мен ўзбек шеърияти учун ҳам, тинимсиз изланиб муттасил меҳнат қилиб, унинг парвозини таьминлаётган шоирларимиз учун ҳам ғоятда фаҳрланиб кетдим…
Ҳусниддин Шарипов шоирнинг жамиятдаги ўрнини жуда юксак деб билади. Унинг шеърларида шоирнинг жангчилиги кайта-кайта таъкидланади. У қалами билан халқининг бахт-саодати, Ватанининг фаравонлиги, жаҳон халқларининг тинчлиги учун курашади. Шунинг учун шоирни ёрурлик тантанаси учун курашувчи, яхшилик, адолат ва ҳақиқат нурларини таратиш учун курашувчи одам деб ҳисоблаш керак. «Маяковский билан учрашганда» шеърида Ҳусниддин улуғ устоз тилидан шоирни сафарбар жангчи деб баҳолар экан, унга шундай таьриф беради:

Шоирга не ҳожат лаш-луш ва ҳовли,
Унинг Ватани бор —
буюк ва жўшқин.
Минтақа чизиғи бўлиб ҳар қўли.
Шоир ерни кўчар ва айтар ишқин.

Ҳусниддин Шарипов “Бир савол” романида лирикаси ва достонларидаги бош масалани – замондошимизнинг характерини тадқиқ этиш масаласини давом эттирди, замондошимизнинг тарихий улғайиш йулларини бадиий акс эттирди, бу йўлнинг конуниятларини ифодалади. «Бир савол» романи давримизнинг энг муҳим, энг актуал маьнавий проблемаларидан бирини – коллективчилик психологияси билан худбинлик психологияси ўртасидаги муросасиз курашни, икки хил дунёкараш, икки хил яшаш принципларининг моҳияти ва манбаларини атрофлича бадиий тадбиқ қилиши билан адабиётимизга катта ҳисса қўшди.

Ҳусниддин Шарипов санъаткор сифатида ўзининг такрорланмас ижодий қиёфасига эга. Бунга у теран образли мушоҳада орқали, шеъриятнинг янги-янги тасвир имкониятларини кашф этгани туфайли, шеьриятни ҳаётга яқинлаштиргани туфайли эришган.
Адабиётга бағишланган умрига, нурли ижод йўлига хаёлан нигоҳ ташлаган шоир ўзини бахтли ҳисоблашга ҳақли. Буни аса шоирнинг шеърий романидаги қуйидаги мисралар яхши ифодалайди

Улуғ юртим, безовта асрим
Ва халқимни куйлаб топдим бахт.

Озод Шарафиддднов
«Адабий портретлар» сериясида 1989 йили босилган Ҳусниддин Шарипов /«Ниҳол ўсиб, чинор бўлибди»/ китобидан.

7767

ҲУСНИДДИН ШАРИПОВ ХОТИРАЛАРИДАН
09

Болалигимда эртак эшитишни яхши кўрардим ҳамда Хайрихон аямдан байт айтиб беринг деб талаб қилардим. Мактабга боргач эса ҳарфларни аста-секин таний бошлагач, Хайрихон аям менга пул бериб, “Бунга эртак китоб сотиб олсанг, эртакларни, байтларни хоҳлаган пайтингда ўзинг ўқий оласан, менга ҳам ялинмайсан”,-дедилар. Китоб дўконига югуриб борганим ва А.С.Пушкиннинг “Шоҳ Салтан ва унинг ўғли Князь Гвидон ҳақида” номли шеърий эртак китобини сотиб олганим ҳали ҳануз ёдимда. Китобни қўлдан қўймай, доим ёнимда олиб юрардим. Эртакнинг илк мутолаасида дастлаб 10 кун, яна ўқигим келиб, кейинги мутолаада 1ҳафта, кейин эса 3 кунда ўқиб тугатдим. Эртак китобнинг сатрлари ёдимда қолди. Мисраларни мактабдош дўстларимга айтиб юрардим:

“Бочкада эса ботир,
Соатлаб ўсаётир”- деб.

2- синфда ўқиётганимизда бизга адабиёт фанидан янги ўқитувчи кира бошладилар. Улар “Муштум” журналида сонма-сон босилиб чиқаётган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасидаги воқеаларни сўзлаб бериб, китоб ўқишга бўлган ҳавасимизни янада орттирдилар.
Китобга бўлган муҳаббатим менда қалам тебратишга эҳтиёжни туғдирди. Илк ёзган шеърим Комил Яшиннинг “Нурхон” драмасидаги Қодирнинг Нурхонга айтадиган ариясидан таъсирланиб тақлидан ёзилганди. Деворий газетада биринчи шеърим май байрамига бағишлаб чоп этилди. Кейин эса, 1947 йилда Республикамиз 1 млн. тонна пахта етиштириб топширгач, бундан таъсирланиб, “Мард ўлкаси Наманган” шеъри юзага келди.
Шу йил августида “Вилоят ёш ижодкорларининг мажлиси бўлади” деган эълонни ўқиб қолдим ҳамда ушбу мажлисда қатнашдим. Мажлисни Нуриддин Акромович Муҳиддинов бошқардилар. Вилоят Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари шоир Азиз Турсун эди. Кейинчалик эса ушбу семинар йиғилишимиз ҳар ойда бўлиб ўтадиган ва уни шоир Азиз Турсун бошқарадиган бўлди. Семинар йиғилишида Ҳамид Нурий, Турғун Пўлат, Исмат Назрулла, Қозоқжон Дадахонов ва бошқалар-жами ўнга яқин киши қатнашарди. 1947 йилдан бошлаб радиога мухбирлик қила бошладим. 1948 йилда вилоят газетасида “Навоий” номли шеърим босилди. Исмат Назрулла мени табриклаб, қолган шеърларим ҳам бундан кейин газеталарда чоп этилишини таъкидлади. Шу йилнинг октябрь ойида байрамда пахта йиғим-теримига бағишлаб ёзилган шеъримни чиқаришди. Ушбу шеър мен Тошкентга келиб, институтга киргач, Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Шароф Рашидовнинг назарига тушди.
1949 йили техникумни тугатиб пойтахтга ўқишга келдим ҳамда қишлоқ хўжалик институтига ҳужжат топширдим. Сентябрнинг бошларида етиб келганлигим туфайли “Ўрмон мелиорация” факультетининг рус гуруҳига ўқишга кирдим. Ўқишни жуда-жуда хоҳлаб ректорнинг эшигини тагида дўстим Қозоқбой Дадахонов билан ўн икки кун эртадан кечгача ўтирганимиз ҳамон ёдимда. Демак, орзуйим амалга ошди.
Шу йилнинг 25-30 октябрида ёш ёзувчиларнинг Республика кенгашида Наманган делегацияси таркибида қатнашдим. . Анжуман сўнгида менинг номимни эълон қилишди ва мен ўз шеъримни ўқиб бердим. Шеърни ўқиб бўлгач, мени ҳайъатга Шароф Рашидов чақираётганлигини имлаб кўрсатишди. Шароф Рашидович:”Яхшилаб ўқинг, сиздек кадрлар бизга ниҳоятда зарур”-дедилар. У кишининг бу гаплари мени руҳлантирди ва янада ижодий фаолиятга берилишимга туртки бўлди. Мендан ташқари анжуманда Хайриддин Салоҳ, Наим Каримов, Шотурсун Ғуломовлар ҳам бор эди.
1952 йилнинг 24-26 декабрь кунлари Республика ёш ёзувчиларининг навбатдаги конференцияси бўлди. У пайтларда ижодкор сифатида анча танилиб қолгандим. “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Ирода” номли шеърим чоп этилди. Шеър мазмунан кучли саҳро шамолидан қўрқмай чўлни ўзлаштиргани келган ёшлар ҳақида эди. Ушбу шеър устоз Абдулла Қаҳҳор назарига тушиб, конференцияда ёш ижодкорлар ижодига баҳо бераётган пайтларида: “Қайси куни “Қизил Ўзбекистон” газетасида адабий саҳифа чиқди. Унда ёш шоирлардан Ҳусниддин Шариповнинг “Ирода” деган шеъри босилиб чиқди. Афсуски, шеър ўқишни билмайман, билсам ўқиб берардим. Майли, ўзингиз ўқиб оларсиз. Шеърда қум бўрони тасвир этилади. Кимдир бундай ҳодисани ҳалокат деб ҳисоблар. Аммо шоирнинг ўзидек ёш бир геолог ўзи бу ерларга бугун-эрта бошлаб келадиган ҳаётни ўйлаб, ҳалокатли бўрон остида жилмаяди. Чунки орқасида бутун мамлакат борлигини, халқ борлигини билади. Шунинг учун ғалаба қилишига амин.
Мен сўзимни нима билан бошлаган бўлсам, ўша билан тамомлайман: биз адабиётга йўл ахтарганда, бундай шеър ёза олмас эдик, бундай ёзишни тасаввур қилиш ҳам қийин эди…”
Ўзгаларни аёвсиз танқид қилган устоз ёзувчининг бу гаплари мени ижодга янада масъулият билан ёндошишга ундади. Шеърларим тинимсиз Республика матбуотида чоп этиларди.
1954 йилда Ёзувчилар уюшмасининг кўрсатмаси билан бир қанча ижодкорларнинг қўлёзмаси муҳокама қилинди. Шеърларим анчагина тўпланиб қолгач, мен ҳам ўз қўлёзмаларимни комиссия аъзоларига топширгандим. Комиссия қўлёзмамни ўрганиб чиқиб, қитоб қилиб чиқариш учун тавсия этди. Илк китобим “Ниҳол” номи билан шоир Шукрулло сўзбошиси муҳаррирлигида 1956 йил, августида нашрдан чиқди.

777

Боғнинг меваси инсонни тўйдиради, тилига бол қўндиради, айни вақтда мағизи янги боғлар яратиш учун замин бўлади. “Шарқ юлдузи”ни ҳам бемалол серҳосил боққа таққослаш мумкин.

Кунларнинг бирида бош муҳарриримиз Ҳамид Ғулом мен ўлтирган хона эшигидан бош суқиб, “Ҳусниддин, навбатдаги журнални сизнинг бўлимингиз очади” деди-ю, ғойиб бўлди. Босмахонага топшириладиган материалларни ўз вақтида тайёрлаб берган эдик. Лекин журналчилик-да… Ўша кунлари Ёзувчилар уюшмаси ҳам, “Шарқ юлдузи” ҳам Навоий кўчасидаги 30-уйда истиқомат қиларди. Мен бир оз хомчўт қилдим-у, учинчи қаватдан тўртинчисига кўтарилиб, Ғафур Ғулом нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаётган дўстим Эркин Воҳидовни топдим ва четроққа тортиб, биринчи бетбоп шеър зарурлигини айтдим.

Орадан бир неча кун ўтгач, Эркинбой столимга бир даста, аниқроғи, олтита бўлиқ-бўлиқ шеър қўйиб, чиқиб кетди. Ундоқ айлантириб кўрдим, бундоқ… Ниҳоят, ҳар бири ўз жойини топиб, қандайдир сюжетнинг изи сезила бошлади. Шундай кўтарганимча, яна тўртинчи қаватга равона бўлдим. Эркин шоҳмот билан банд экан, шеърларини олдига ташлаб, “Табриклайман, давлатингиз қайтди” деган эдим, бир оқариб-кўкариб олди. Мен илжайиб: “Мана шу тартибда бир ўқиб чиқинг, достоннинг ҳиди келиб қопти, фақат тез битсин”, деганимдан сўнг, шоҳмотни қўйиб, қўлига қалам оладиган бўлди. Қисқа муддатда бояги олти шеър барака топиб, 1966 йил апрелидаги Тошкент зилзиласи ҳақида оташин “Палаткада ёзилган достон” бўлиб қайтди. “Шарқ юлдузи”да ўз вақтида чиқиб, ўқувчилари қўлига етиб борди.

Бу фақат бир асар ҳақида.

Сал аввалроқ, 1965 йил ўрталарида эса истеъдодли бир шоирнинг дастлабки дадил қадами билан танишган эдик.

Бир кун адабий ходимим қўлимга, узун-қисқа ёзишмалар билан бирга, каттакон конверт ҳам тутқазди. Қўлёзмани ўқиганим сари кайфиятим равшанлашиб, ҳаяжонлана бошладим. Ниҳоят ҳисларимни ичга сиғдиролмай, ҳамхоналарим Ойдин Ҳожиева, Сами Абдуқаҳҳор ва Йўлдош Шамшаровни ишларидан айриб, шеър тинглашга таклиф қилдим: Омон Матжон – нотаниш ном. Бунақа чертиб-чертиб ёзилган сатрларни илгари учратишмаган экан, дарҳол элакдан ўтказиб, бетўхтов журналга беришни маслаҳат қилишди. Қўлёзма тайёр бўлгач, бирор устоздан оқ йўл олишни ўйлай бошладик. Кутилмаганда ҳамхоналарим “оқ йўлни ўзингиз ёза қолинг” деб таклиф қилишди. Хуллас, шеърлар журнал саҳифасининг четига қистирилган қисқагина ширин сўзим билан босилди.

Ўша кунлари республика ёш ёзувчиларининг навбатдаги семинар-кенгаши тайёрланаётган эди. Омон Матжонни конвертдаги рақамлар орқали таклиф этдик. Германияда хизмат қилаётган экан. Анжуман ниҳоясига етган куни хонамизга ўрта бўйликкина, хушрўй йигит шахдам қадамлар билан кириб келди. Ўзини таништирди: Омон Матжон! Қучоқ очиб қаршиладик. Табрикладик. Қўмондонлик рухсатидан фойдаланиб Хоразмга – ота-онасини кўришга бормоқчи экан, масъул котибимиз шоир Шуҳратга илтимос қилиб, қалам ҳақини олиб бердик. Мен эса, семинар-кенгашга қатнашолмаган бўлса-да, ижодий об-ҳаво билан танишсин деб, университетдан ёш шоир ва талаба Абдулла Ориповни чақиртирдим ва улар дўстлашиб олишди.

03
ҲУСНИДДИН ШАРИПОВ
ШЕЪРЛАР
09

АЁЛЛАР

Камгапми, сергапми —
аёл яхшидир,
Беғамми, сергакми —
аёл яхшидир,
Бўштобми, пишиқми —
аёл яхшидир,
Аччиқми, чучукми —
аёл яхшидир.
Бўгилманг «ошириб юборди, деб сал»
Мақтовнинг озидан кўпроғи афзал.

Саҳрога ўхшагай
аёлсиз дунё,
Қуригай қақшагай
аёлсиз дунё,
Туюлгай ғалати
аёлсиз дунё,
Чунки жиим қолади
аёлсиз дунё,
Эрлар кўтаролмас сукунат юкин,
Эсидан адашиб қолиши мумкин.

Қувончлар шимириб
яшасин аёл.
Тиниқиб, семириб
яшасин аёл.
Офтобдай юксагда
яшасин аёл.
Биз қурбон бўлсак-да:
«Яшасин Аёл!»
Эҳтимол сўрарсиз: «Эркак чи, эркак?»
Бу ҳақда ўйлаши керак.

ПОКИЗА НОМ

Ватан кўп асрлар, курашлар ҳамда
Номаълум деҳқонлар ижоди эрур.
Уни юксалтирмиш ёруғ оламда
Ҳазрат Навоийлар бахш этган ғурур.

Аланга тилидай беқарор ҳислар
Шеърга айлангандек ногоҳ илҳомдан,
Ватан бошланади сиз билан бизлар
Авайлаб асраган покиза номдан.

ДАҲОЛАР КЕЛГАЙ

Ҳаёт ишқи ёнар жонимда,
Босиб ҳоврим, саболар келгай.
Умр мағзин чақар онимда
Улуғлардан нидолар келгай:
«Иймонингни авайлаб, Инсон,
Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,
Насибангдир ҳалол, тотли нон
Ва ҳаққингга дуолар келгай!»

Бу сўз олтин баробар, дўстлар,
Кўнгил қушдай ҳаволар, дўстлар,
Алам-дардим даволар дўстлар,
Нигоҳимга зиёлар келгай.
Шукрларким, баланддир бошим,
Олисдан ҳам ярақлар тожим,
Бутун олам бўлиб қардошим,
Қаторимга даҳолар келгай.

Кулаб тоглар, ғанимлар ғойиб,
Бу йўлдан ҳам ўтармиз ғолиб,
Агар юрсанг ҳаётдан нолиб,
Самоватдан садолар келгай:
«Иймонингни авайлаб, Инсон,
Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,
Насибангдир ҳалол, тотли нон
Ва ҳаққингга дуолар келгай!»

БАРДОШ

Уят ё айб эмас эгилса киши,
Ота фарзанд учун қуллуқ қилар гоҳ.
Пешонанг тупроққа теккани яхши
Онани заминга қўяётган чоғ.
Сабаб бағоят кўп бош эгмоқ учун,
Ҳеч гапмас ўтмоғи умринг букилиб.
Таажжуб қилишмас,
Бир кунмас-бир кун
Умуртқа поғонанг тушса тўкилиб.
Ўзинг-чи?
Бўлсанг гар сифат нозири,
Умрингга босардинг не деган тамға?
Эсла ўтмишингни,
Ўйла ҳозирни:
Нимага бош эгдинг?
Қандай одамга?
Битта қуллуғингга арзирмиди у?
Битта армонингта бўлдими шерик?
Инсон ёлғиз экан, ичади оғу,
Инсон ҳамдардларнинг тафти-ла тирик.
Сен, ахир, ичингга ютсанг-да ёшинг,
Барибир,
дардингдан этгали огоҳ,
Қоп-қора соч ила эгилган бошинг –
Қайта тиклангунча бўлади оппоқ.

БЕҒУБОРЛИК ҲАҚИДА

Кўксингдан жой берсанг зарра риёга,
Киришинг мушкулдир янги дунёга.
Шунинг-чун, эҳтимол,
Заминни офтоб
Айлантириб кўрар,
тутиб зиёга.

КАМТАРОНА…

Ҳаёт деҳқонга ер этибди ато,
Темирчига – босқон, чумолига – хас.
Мен юрмоғим учун яйраб эл аро
Қалам кўтаргудек қувват берса бас.

Оғриқ

Хом сут эмиб ўсар қайси бир банда,
Бошқаси жон олар худди тандирдан.
Лекин барчаси ҳам,
жўшиб кетганда,
«Қурбонинг бўлай!» деб юборар бирдан.

Қурбон қилгувчилар куттирмас узоқ,
Саҳнага айланар узоқ-яқинлар.
Талаш бўлган сари майдонда улоқ,
Яйрашар, ҳай-ҳайлаб, томошабинлар.

Ҳатто камтаргина «кишту мот» уйин
Бағри безовтадир бамисли вулқон.
Бунда ҳам чиройли саналар ўйин,
Фақат гўзал бўлса берилган қурбон.

Асли, сўнмоқ учун туғилмайди ой,
Гулга гулзор керак, балиққа – дарё.
Фил шоҳнинг ёнида излаганда жой,
Пиёда қилади фарзинлик даъво.

Энди, хўш, тақдирнинг тинглаб ҳукмини,
Ҳаққидан кечсинми сипоҳ гунг ва лол:
Қуймоқ бўлсин дерми руҳ ўз тухмини,
Қази бўлмоқ эса отга ҳам малол?!

Қаранг, баҳс ўтида қайнар қозонлар,
Дил ҳам таскин топиб, турмас четроқда.
Ёғоч доналар ва қонталаш жонлар
Аралаш-қуралаш бўлиб кетмоқда.

Тўғри, жисм борки, қилар ҳаракат,
Чарх урар жонзоднинг семиз-ориғи.
Лекин қурбонларга маълумдир фақат
Парвозда қулаган жоннинг оғриғи.

Шунча йил ғалвирлаб дунёни, наҳот,
Ажрата олмайсиз асли ва аксин?
Ким жавоб беради:
Ўйинми – ҳаёт?
Ўйин – ҳаётми ё?
Билганлар айтсин?!.

08

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

Izoh qoldiring