Alisher Ibodinov. Ikki hikoya

02212 декабр — Таниқли адиб Алишер Ибодинов таваллуд топган кун.

Алишер Ибодинов 1952 йил 12 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Эскиараб қишлоғида туғилган. Совет Армиясида денгизчи бўлиб хизмат қилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган. (1980). «Гулсафсар ҳиди» (1978), «Қуёш ҳам олов» (1984), «Латофат» дўконидаги қатл» (2003), «Қўрбоши Мадаминбек» (1995) каби қисса ва ҳикоялар тупламлари нашр этилган.

033
Алишер Ибодинов
ИККИ ҲИКОЯ,БИР ҚИССА
09

БИР ТОМЧИ ЁШ

Ҳарчанд уринмасин, суҳбатдоши чалғимади.
— Бўпти, ака, бу гапларни қўйинг, фойдаси йўқ, — деди шартта унинг сўзини бўлиб. — Ижоддан гапиринг. Сизу биздан қоладигани — ижод!
“Бошланди, — деди юраги безиллаб. — Ажаб, сизу биздан деяптими?”
— Э, нимасини гапирай, Козимбой. Бин нарсалар қоралаб ётибмиз. Сизга қизиғи йўқ…
— Э! — Козим ҳайратланган қиёфада унга қадалди. — Бизга қизиғи йўқми? Одамни хафа қилманг-да, Шавқи ака!
— Айтмоқчиманки…
—Соҳангиз бошқа демоқчисиз, биламан, — оғринган куйи бир пас жим қолди-да, кейин портлади. — Одамни бунақа кўкрагидан итариш яхшимас-да, ака, тўғри соҳам бошқа, касбим бошқа. Лекин, бу мени айбиммас-ку, хато қилиб, адашиб бошқа йўлга кетиб қолганман.
“Адашганинг омадинг бўлган, ошна!”
— Биринчидан, Козимбой, бу тақдир, адашишмас, — деди Шавқиддин насиҳатомуз, айни чоқда суҳбатдошининг қовушмайроқ турган муваққат ғамзада қиёфасидан кулгиси қистаб, — қолаверса, ўша адашиб кириб қолганман деган соҳангиздан ёмонлик кўрмадингиз, тўғрими? Шукур қилинг.
— Бу гапингизам тўғри, Шавқи ака, ёмон бўлмадим, — деди бир зумда арази тарқаб, ўзига келиб олган Козим юзида ажабтовур мамнуният барқ уриб, креслога ястанди. — Нолисам ношукурлик бўлади. Лекин, шу… барибир кўнгилни бир чеккаси тўлмай туради-да, бияққа талпиниб туради-да…
— Ҳа, кўнгил иши оғир, сизни тушунаман…
— Нима десамикин, ҳамишамас, шу айрим пайтлар ичимда гапларим қайнаб кетадики, у ёқ, бу ёғи йўқ. Шартта ўтириб бир нарсалар ёзиб ташласам дейман. Лекин…
— Лекин, юрак қурғур панд беради, — дея илжайди Шавқиддин.
— Ҳа, айтганман, — кулди Козим. — Юрак қурғур ҳапқириб, ўрнимдан сапчиб туриб кетаман. Агар ўша гапларим қоғозга тушса борми!..
Шавқиддин унга жиддий тикилди. Бундан ўзича маъно уққан Козим гапидан тўхтаб, унга умидвор турмулди.
— Сиз котиба сақлашингиз керак, — деди Шавқиддин жиддиятни йўқотмасдан. — Достоевский шундай қилган.
— Ким?
— Достоевский. Эшитгансиз. “Жинни” деган романи бор.
— “Жинни”?..
— “Идиот”да… “Жинни” десаям бўлади. “Телба”, “Савдойи”, “Тентак” десаям фарқи йўқ. Мана бундай қалин китоб. Котибасига айтиб ёздирган. Бир ой, икки ойда ёзиб ташлайверган мана шунақа китобларни.
Козимнинг ҳайрати кўзида чақнаб турган эса-да, тилига чиқармади.
— Биров ёзиб турса осон-да, — деди бепарво. Ичкари хонадан чиқиб келган хотини билан уй бекасини кўриб, бирдан жўшди. — Э, ман шунақа нарсаларни айтиб беришим мумкинки, ўғил бола гап, ҳозирги телесериалларингиз бир тин бўп қолади!..
Хотинлар стол ёнига келиб ўтиришди.
— Зерикиб қолмадиларингизми, — деди уй бекаси ва эрининг олдидаги чойнакка қўл узатди. — Чой совуб қоптими…
— Козим акамгилар сериал жинниси бўп қолганлар, — деди меҳмон аёл илжайиб. — Бошланди дегунча ўринларидан туриб кетадилар. “Черт побери” деб у ёқдан бу ёққа юрганлари юрган.
— Вой, нимага, Лолахон, ёмон кўрадиларми? — чойнакни олиб ўрнидан турган Хосият ҳайрон қолганча жойига қайтиб ўтирди.
— Йў-ўқ, ёмон кўрмайдилар, шекилли. — Жувон эрига эркали қараб жилмайди. — Ичимдаги сериалларим қайнаб кетяпти, дейдилар. Қайнайвериб қиём бўп кетди-ку, қачон бу ёққа чиқарасиз, десам қўявер, вақти келади, дейдилар. Кутиб юриппиз қачон вақти келаркин, деб!..
Шавқиддин аёлнинг гапини кулимсираб эшитди-да, Козимга ўгирилди.
— Сизга диктофон керак экан-да.
— Диктофон?
— Ҳа-да. Хонани ичдан берклаб оласиз-да, тугмачасини босиб қўйиб, у ёқдан бу ёққа юрганча гапираверасиз. Соатлаб гапирсангизам, миқ этмай эшитади, миқ этмасдан ёзиб олади. Кейин бир вақт топиб, қоғозга тушириб оласиз.
— Э, шунга йўқман-да, Шавқи ака, биласизу!..
— Мана Лолахон борлар.
Козим аёлига кўз қирида қараб олиб, писанда қилди.
— Бизди хоним текинга офтобга чиқмайдилар.
— Укангизга чиқимдан гапирманг, — эрига ҳамоҳанг жавоб қилди аёл.
Козим билан Лолахонлар қўшни “дом”да туришади. Бири биридан пишиқ-пухтагина эр-хотин аллақачон янги шароит ҳадисини олволишган. Шаҳарнинг икки гавжум ерида тижорат дўкончалари бор. Эр санепидстанция врачи, хотин поликлиника ҳамшираси. Эрнинг даромади рейдлар орқасидан, хотинники ишдан кейинги казо-казолар хонадонига қатнашдан.
Уларнинг одмигина Шавқиддинлар хонадонига ров бўлганига сабаб — Козим ўзига адабий ҳамкор топмоқчи. Ичидаги гапларини қоғозга тушириб, китобми, киноми қилдирмоқчи… Уч-тўрт йил муқаддам ҳам Шавқиддинга битта шунақаси илашганди. Аввалига у ҳам ўзини адабиёт ихлосманди қилиб кўрсатди. (Ҳар тугул Шавқиддиннинг бир-икки ҳикоясини ўқиган экан). Кейин бир қоралама тутқазди. Шавқиддин уни қайта-қайта ишлаб, ҳикоянамо бир нарсага айлантириб берганди, космик тезликда газетага чиқиб кетди.
— Бу ёғи тезлашиб кетибди-ку, — деди ҳайратланиб Шавқиддин.
— Ўртоқлар қўллаб юборишди. Бугун ҳужжатларга қўшиб, бошлиққа олиб киришади.
— Қанақа бошлиққа?
— Сиздан бекитадиган сирим йўқ. Туман маорифини олмоқчиман. Шунга ёзувчилик қобилиятим бор, деган маънода қўшиб беришади. Режа амалга ошса бир эриймиз, ака! Катта хизмат қилдингиз.
— Ҳаммоллик қилдингиз, денг!..
Шавқиддин бу гап-сўзларни Козимга хўпам вақтида айтган экан, ҳалигача унинг тилини боғлаб келади. Ҳамкорлик қилсак бўларди, дейишдан нарига ўтолмайди…
Шавқиддин Козимнинг силлиқ, хушбичим юзлари, яккам-дуккам оқ ораламоқчи бўлиб турган қуюқ, соғлом сочларига разм соларкан, истеҳзоли кулимсиради.
— Хўш, нима қилдик, диктофон оламизми?..
— Ҳа, ўйлаб кўрарман. Энди, ака, гап муннай. Анов кунги танқидингиздан кейин шартта ўтирдим-да, битта ҳикоя ёзиб ташладим.
— Ие, бўларкан-ку!
— Айтаман-ку, ичимда гап қайнаб ётади, деб.
— Шундай қилиб, ҳикоя ёздим, денг, — деди Шавқиддин муддаога ўтақолинг, дегандай. — Бирор ерга топширдингизми?
— Ўртоқларга айтгандим, кафеда ишлайдиган биттаси, тез опкелинг, чиқартириб бераман, деди.
— Кафеда ишлайдиган биттаси?..
— Ҳа, газетачи танишлари бор-да. Давоси битта тушлик. Яхшилаб чучварага тўйғазаман-да, қўлига тутқазиб юбораман, дейди.
“Ол-а, газетачиларниям хор қилди-ку!”
— Мен айттим, шошмай тур, битта акам бор, аввал бир кўриб берсинлар, дедим. Тўғрими, ҳар ҳолда биринчи асар. Айрим сўзлари ғаламисроқ (ғализроқ демоқчи) бўлиши мумкин.
Козим шундай дея сервант олдига қўйиб қўйилган газетани олди.
— Бўпти, ғаламис жойларини тўғрилаймиз, — деди илжайиб Шавқиддин, у бунақа ажабтовур ҳамкорликни тезроқ бир нуқтага етказишни истаб қолди.
— Беринг, — дея қўл чўзди.
— Ўзим ўқиб берақолай, медикларди хатини биласиз, — Козим шундай дея газета орасидан ҳашамдор “Иш дафтари”ни олди. — Олдиндан айтиб қўяй — бўлган воқеа. Ўтган йилги таътилда қишлоққа борганимда ўзим гувоҳ бўлганман…
“Ўқиб бераман” деган одам оғзаки ҳикоя қилишга тушиб кетди.
… — Умрзоқ деган йигит бор, холамнинг ўғли. Бир синфда ўқиганмиз. Тракторчи. Математикадан калласи зўр эди. Тошкентга юр, нархоздами, селхоздами ўқиб келсанг, ишларинг беш бўлади, деганман, кўнмаган. Мамашкани кўзим қиймайди, деган. Барибир кампир ўлиб кетди, армияда эди, кўролмади… Хуллас, шу ўртоғим ғирт дурак. Неччи марта айтганман, ичма, ичма, деб. Э, сен нима биласан, ичмасам ёниб кетаман, дейди. Энг ёмони — ичдими, тракторини миниб чопади.
“О-ҳо, зўр гап: миниб чопади!”
— Нима, бирор ерга уриб оптими?
— Уриб олганда-ку, осон эди, ўртоқларни ишга солиб тинчитиб берардим. Бу дурак ўзини ўзи майиб қилиб қўйди.
— Қандай?
— Бир тўйда бўлдик. Мени ҳурматимга ароқни тўкиб ташлашди. Очиқчаям, бекитиқчаям опкелаверишди. Умрзоқ, барака топгур, чанқаб юрган экан, қайтармасдан олаверди-да. Тўйдан чиқиб уйга келдик. Телевизор олдида эриб “Поле чудес”ни кўриб ётсам, ҳовлида бақир-чақир бўп қолди. Қарасам, Умрзоқ кўзини чангаллаб, чопиб юрибди. Ҳеч кимга тутқич бермайди. Деразадан сакраб тушдим-да, шаппа йўлини тўсиб тўхтатдим. Қўлини кўзидан куч билан ажратиб қарасам, қон кетиб ётибди… Нима қипти денг, тўйдан қайтиб, биз уйга кирсак у тракторига айланишибди. Кабинасига ойна ўрнатмоқчи бўпти. Қачонлар биттасидан ойна сотиб олган экан, шуни оғилхонасидан топиб чиқибди. Биласиз, ойна ўрнига қўйилгач, ёнига резина тиқиб маҳкамланади. Резина тиқаётса, охири қолганда отвертка тийғаниб кетибди-да, кўзига санчилибди. Таг-туги билан оқиб кетибди… Хуллас, шу воқеани ҳикоя қилдим. Яхшиси, охирини ўқиб берайин-а…
— Майлингиз, — деди Шавқиддин ўйчан.
— … Узоқбой, ҳовлида у ёқдан бу ёққа вой-войлаб югуради. Унинг овозини эшитиб тўпланганлар ҳарчанд юрак-бағирлари эзилмасин, унга ёрдам беришдан ожиз эдилар… Ҳа, Узоқбойнинг бу азобу оғриқлари ҳали келажакда уни кутиб турган изтиробу афсуслари олдида ҳеч нарса эмасди…
Козим дафтарини ёпди-да, стол устига қўйди. Шавқиддин ердан кўз узмади. Унинг ҳолатини ўзича тушунган Козим аёлларга илжайиб қараб қўйди.
— Қалай, хулоса зўрми, кеннойи?.. Айтмоқчиманки, эндиги бутун умри афсусда ўтади. Лекин, афсусдан фойда йўқ!..
— Ҳа, бечорага оғир бўпти, — деди Хосият ачиниб.
Шавқиддин бошини кўтарди.
— Кейин нима қилдиларинг? Дўхтирга қаратдиларингми? Сиз медиксиз, билсангиз керак, иккинчи кўзгаям зарари тегиши мумкин.
— Ҳа, касалхонада ётиб чиқди, — деди Козим ҳафсаласиз, у ҳикояси хусусида фикр эшитмоқчи эди-да. — Ўзим ётқиздим. Ўртоқлар яхши қарашди.
“Яна ўртоқлар!”
— Лекин, ўзиниям ёмон сўкдим. Сен дурак ўзингга ўзинг қилдинг, дедим. “Қўяверинг, жўра, пешонамда бор экан”, дейди. Қарангда, ўзидан кўрмайди!..
— Кейин сиз фелетон қилдингиз.
— Ҳикоя денг.
— Айтмоқчи, ҳикоя…
— Одамлар ўқисин, билсин, дедим-да.
— Бўлангизнинг ногирон бўлиб қолганиними?
— Йўғ-э, ичкиликнинг касофатини!..
— Ҳа, тўғри, билиб қўйишсин.
— Хўп, нима қилдик, кўриб берасизми?.. Айтмоқчи, ҳалиги ошпаз ўртоғим таниркан сизни. У одам редактироват қип берса, чиқишига гарантия бор, деди. Авторитетингиз зўр экану, билдирмас экансиз-да, ака. Бундан кейин сизни қўймаймиз!.. Хўш, неччи кун керак сизга?..
— Тушунмадим.
— Неччи кунда кўриб берасиз, деяпман.. Биздаям қоп кетмас, ака!.. Биринчи асар, ичим ёниб боряпти-да. Тушунасиз-ку ўзингиз…
— Тушунаман, — деди Шавқиддин қошини чимириб. — Майли, кўриб бераман. Фақат битта шарт билан.
— Айтинг. Ҳа, гонорар тўлиқ сизники.
— Ўша қаҳрамонингиз, Узоқбой дейсизми, бошқами, кўр бўлиб қолишига тузукроқ бир мантиқ топиб берасиз.
— Мантиқ?..
— Ишонарли далил, сабаб.
— Сабаби, ичкилик-да.
— Йўқ, ичкилик сабаб эмас!
— Қўйсангиз-чи, ароқ ичмаганда тракторига уннамасди.
— Тракторчи бўлгач, уннайди-да.
— Тўғри, лекин ўша палакат ойна эсига тушмасди. Демак, ароқ сабабчи.
— Козимбой, дўстим, ҳар битта ҳодисанинг бизга кўринадиган, кўринмайдиган сабаблари бўлади. Ботиний, зоҳирий дейилади. Биз зоҳирни кўриб баҳо берамиз…
“Оббо, Румийдан келдингиз-ку!”
… — Зоҳирни кўриб баҳо берганимиз учун хато қиламиз. Зоҳир ташқи томон дегани…
— Газетчилар инжиқ халқ бўлади-да. Бўпти, соддароқ қип тушунтиринг-чи.
— Мантиқними?.. Яхшиси, битта воқеани айтиб бераман… Бир одамнинг ҳовлисидан ариқча ўтаркан. Сув бу ёқдаги девор тагидан чиқиб, наргисининг остидан қўшни ҳовлига ўтиб кетаркан. Ҳалиги одам ғозларга ишқивоз экан, ғоз боқаркан…Бир куни қараса, ғозлари девор тагида ғуж бўлиб олиб, ғо-ғоқлаб шовқин кўтараётган эмиш. Нима гап экан, деб югуриб борса, ғозлар сувда оқиб келган қўшни болакайнинг олдини тўсиб турганмиш. Дарҳол болани сувдан кўтариб олибди… Мана шу воқеани қандай изоҳлайсиз?
— Жуда осон… Ғозлар қизиқувчан бўлади. Нима экан деб ўраб олишган-да.
— Қутқариб қолишган. Агар девор тагидан ўтиб кетганида тамом экан, қўшни ҳовлида одам йўқ экан…
— Э, бу бир тасодиф, — беҳафсала қўл силтади Козим.
— Йўқ, тасодиф эмас экан, — деди Шавқиддин, кейин аёлларга қараб давом этди: — Шу боласига оғироёқ пайтида аёл кунига уч маҳал ҳам дастурхонини ғозлар олдига келтириб қоқаркан. “Атай дарвозадан айланиб келардим, ҳовуч-ҳовуч донлар сепардим. Худойимдан айланай, шугина жониворлари билан болажонимни асраб қолди…” деб йиғлаганмиш.
Аёллар ҳайратланиб бош тебратишди.
Козим истеҳзоли кулимсиради.
— Гапти рости, мустақилликдан кейин ҳаммамиз художўй бўлиб кетдиге!.. Сиздай одамни шунақа уйдирмаларга ишониб юрганига қойил қолмадим… Хўп, ҳикояни нима қилдик энди? Дангал бир нарса денг!
— Ўша гап. Мантиқ билан асослаб беринг, таҳрир мендан.
— Бўлам кўзига отвертка суқиб олган. Маст бўлган. Мастликда тракторига ёпишадиган дурак одати бўлган. Мантиқ ҳам, сабаб ҳам шу!.. — деди Козим қизишиб.
— Ташқаридан қараганда шундай, — деди Шавқиддин осойишта оҳангда. — Лекин, тагида бошқа нарса бўлиши керак. Беамри Худо тикан ҳам санчилмайди, дейишади. Бундай жазо беҳудага берилмагандир. Бирор гуноҳи бордир, қарғиш олгандир.
— Э, унақа бола эмас, биламан.
— Ё бўлмаса, ҳазил-чин аралаш бирорта ногиронни айбситган бўлиши мумкин. Мисол учун айтаяпман-да. Балки…
— Ҳа, ҳа, шунақа қилардилар, — деб юборди Козимнинг аёли бирдан жонланиб.
— Нима деяпсан, — дея Козим ўқрайди.
— Маъруф акани Маъруф қори, деб кулиб юрарди-ку!
— Ҳазил қиларди, ичида кири йўқ бола у.
— Бўпти-да, — деди Лолахон ўз топилмасидан ҳаяжонга тушиб. — Ўша Маъруф ака деганимизни кўзи хирароқ. Тез-тез шапкўр бўлиб қолади. Қишда жигар, ёзда анжир еб ўзига кеп олади. Шу бечорани олди-орқаси Маъруф қори, деб юрарди. Дили оғриган экан-да барибир…
Шавқиддин ёш боладай қувониб кетди.
— Кўрдингизми, оғайни, дунёда тасодиф йўқ!
Ўз навбатида Козим ҳам миясига урган фикрдан кўзлари чақнаб, тантанали равишда деди:
— Бундан чиқади ҳамма кўзи ожизлар қарғиш теккан одамлар экан-да?!
— Асло!.. Ҳеч бир гуноҳ қилмасдан, бировга озор бермасдан ҳам фалокатга учраш мумкин!
— Мантиқсиз-а?!
“Тузуксан-ку, оғайни!”
— Ўшанда ҳам мантиқсизлик бўлмайди, — деди Шавқиддин хотиржам жилмайиб, — ҳикмати кейин чиқиб келади.
Козимнинг ошкора илжайиб турганидан жавоб етарли бўлмагани сезилди.
— Мисол билан тушунтирай: бир танишим бор. Машина уриб кетиб, икки оёғидан ажраган. Ишонасизми, шу йигит ногирон бўлиб қолганига шукр қилади. Нега десангиз, тўрт мучаси соғлиғида пияниста, банги бир кимса эди, ўзидан ёлчимасди. Ҳозир энди ногиронлар аравачасида юради. Лекин, каттагина корхона эгаси. Эллик ишчиси бор. Қизиқ-да, фалокат шарофати билан эс-ҳушини йиғиб олди шу одам. Демак, ҳикмат ана шу нуқтада. Зора Узоқбой акаям қарғиш биланмас, Худонинг марҳамати билан кўзидан ажраган бўлса…
— Айтганингиздай бўлсин ишқилиб, — деди Козимнинг аёли ачиниш билан, — жўжабирдай жон. Ҳайтовур ичмаяпти-я энди?
— А?!
— Бўлангизни айтаман, ичмай қўйди шекилли?..
— Билмадим, — деди Козим паришонлик билан кейин ўзини йиғиштириб, қўл силтади. — Э, у дурак гапни олмайди!..
Шундай дея стол устида эътиборсиз қолган дафтарини олиб, газетага ўради.
— Значит бўлмайди, денг…
— Нега бўлмас экан, мен сўз берганман. Мана биргалашиб (аёлларга қараб олиб) мантиқни топгандай бўлдик. Бу ёғи осон…
Шавқиддин Козимнинг қўлидан дафтарни олди. Олди-ю, ниманингдир истиҳоласида бир лаҳза иккиланиб турди. Кейин эр-хотиннинг ташвишли нигоҳини туйиб, илжайди.
— Зарари йўқ, бўлади, — деди.
У кейинги йилларда ўзи етиб келган ақида ҳақлигига бугун яна бир карра амин бўлиб турарди. Шу боисдан кўнгли бениҳоя ёришган, ҳар қачонгидан кўра марҳаматли, кечиримли, хокисор бўлиб борарди…

КЎЛ БЎЙИДА

Эски дарвозанинг ғижирлаши айвондаги сўрида китоб ўқиб ётган йигитнинг диққатини бўлди. Йўлакда калта хонатлас кўйлакли, тимқора сочлари елкасига ёйилган, кўҳликкина қиз турар эди. У меҳмон ҳурмати учун ўрнидан қўзғалган йигитнинг хушқомат жуссасига бир зум тикилиб қолди.
— Салом!
— Ваалайкум ассалом. — Йигит айвондан тушиб, нотаниш қизни сўрига таклиф этди. — Қани…
Қиз мезбоннинг кўзига тик боқиб:
— Раҳмат, — деди. — Мен… ҳалиги… фолклор экспедициясиданман. Хабарингиз бордир?
Тоғ бағридаги бу кичик қишлоққа Тошкентдан филолог студентлар экспедицияси келган эди. Йигит бош ирғади.
— Шунга… эскича қўшиқми, эртакми биладиган киши бўлса…
Йигит қизнинг саратон офтобида бўғриққан юзига афсусланиб қаради.
— Онамлар йўқ эдилар-ку…
Қиз бирдан бўшашди. «Майли, бўлмаса», дегандек паришон жилмайган куйи бош силкиб, дарвоза томон йўналди.
— Шошмай туринг, — деди йигит. — Анави довон орқасида, кўл бўйида энамлар яшайдилар. У киши эски термаю афсонанинг кони. Хоҳласангиз — ўша ёққа олиб чиқаман?..
Эртасига қиз бир дугонаси билан келди. Учовлон қишлоқ тепасида хўмрайган қоялар ортидаги Ойдинкўлга жўнадилар. Қиз ўзини Гуля — Гулнора; ўрта бўй, сочлари иккита ўрилган, ширмон юзли дугонасини эса Азиза, деб таништирди.
Кўп ўтмай йўл торайиб, тоғ бағрига ўрлади. Йигит йўл-йўлакай энасини таърифлаб борди.
Бобоси ёшлигида Қўқон мадрасаларида ўқиган, Яссавийга ихлос қўйиб, ўзи ҳам ғазаллар битган экан. лд йиллар илгари мулла дунёдан этак силтайди-да, хотинини олиб, тоққа, кимсасиз кўл бўйига кўчиб чиқади. Эру хотин шу ерда бошпана қуради, хуржунда тупроқ ташиб, тош устида боғ қилади. Ўтар бобо тоғ ён бағридан юлиб олган бир парча ерига буғдой экади, қишда каклик тутиб сотади, мол-ҳол орттиради.
Шу тариқа узоқ йиллар танҳо умр кечириб келаётган эканлар. Бола-чақалари улғайиб қишлоққа тушиб кетишган, у ерда невара-чеваралари сероб. Амир — кенжа невара.
Чол-кампир эса ҳамон кўл бўйида яшайди.
— Қизиқ… Нега бундай… Робинзонга ўхшаб? — деб сўради Гулнора.
— Ким билсин, — деб елка қисди йигит. — Бобомиз энамизни рашк қилганидан тоққа олиб чиқиб кетган, деб чала-ярим эшитганман. Одамларнинг гапи…
Энам ёшлигида шу қишлоқлик бир йигитга кўнгил қўйган эканми-эй… Хуллас, шунақа гаплар… Илон изи сўқмоқ тобора юқорилар эди.
— Чарчадиларингиз шекилли, — деди Амир юзларини реза тер босган қизларга. — Асли эшакда келсак бўларкан.
— Фу! — Гулнора лабини бурди.
— Шошманглар, кўлга етайлик. Бобомнинг қўйдек ювош оти бор, миниб роса сайр қиласизлар.
Қизлар бир зум ўзларини кўл атрофида от чоптириб юргандек тасаввур этиб, энтикиб қўйдилар.
Сўқмоқ ён-веридаги бир турткига маҳтал залворли харсанглар гўё ҳозир қулаб тушадигандек омонат туюлади.
Довонга кўтарилгунча қизлар қора терга ботиб, ҳансираб қолдилар. Бироқ тепадан Ойдинкўлга қарашлари билан чарчаганлари ҳам шу заҳоти эсдан чиқиб кетди.
Атрофини ўшшайган қоялар қуршаган кафтдек водий ўртасида кўз ёшидек тиниқ кўл сокин мавжланиб ётар эди.
Тош деворли қўрғон дарвозаси ёнида кигиз қалпоқни қошига қадар бостириб кийган, ниҳоятда кекса, лекин қисиқ кўзларининг дадил боқиши, чўяндан Қуйилгандек оғир гавдасини енгил кўтариб юришидан эллик-олтмиш ёшлар чамасида кўринган алп келбат чол қарши олди. Қўрғон ўртасида олди қуёшга қараган уч хонали пастак уй. Уй деворлари ҳам тошддтс фақат нари-бери лойсувоқ қилинган.
Ичкаридан икки юзи қип-қизил, жиккак, сочигд сўлковой тангалар тақилган кампир пилдираб чиқди.
— Эна, — деди Амир қизларни бағрига босиб кўришаётган кампирга,— атай шаҳардан келишган экан, яхшилаб сийлайсизда энди, ҳам қўшиқ билан, ҳам.
— Вой, айланай чироқларим, худо бир ёрлақабди-да…
Гулнорага кампирнинг гаплари, ёқасига, енглари учига жияк тутилган қопдек кўйлаги, тумшуғи қайрилган кавуши ғаройиб туюлди. Меҳмонларни ўтқазгани жой тополмай шошиб қолган кампирга ҳам бу қизлар ғоят антиқа кўринар эди.
— Ҳой, менга қара, — деб шипшиди у айвонда айрон симираётган Амирга. — Ким ўзи буларинг? Анавиниси мунча думи юлинган ҳаккага ўхшамаса?
Амир мийиғида кулимсиради.
— Қўяверинг, эна… бор нарсани яширишнинг ҳожати йўқдир-да…
Токчадан у-бу нарса олаётган кампир унинг гапини эшитмади.
— Қани, илоҳи омин, — деди у пойгакка тиз чўкиб, фотиҳага қўл очаркан. Гулнора аввал гўлайиб турди, бироқ Азиза билан Амир кампирга эргашгач, бармоқларини ўқувсиз бирлаштириб, юзига яқинлаштирди. — Тинчлик-хотиржамлик бўлсин, Оллоҳу акбар!..
Хонадан пичан ҳиди анқир эди. Шифтга оқ-кўк халта-хулталар, маккажўхори сўталари осилган.
Гулнора деворга қоқилган қўй пўстагига ирганибгина қаради-да, дастурхон ёнига баҳузур оёғини узатди. Энаси олдида қизнинг оппоқ болдирларига қараб ўтириш ўнғайсиз эди, Амир ташқарига йўналди. Эшикдан чиқаётиб, Азизанинг ялт этган ҳуркак нигоҳини сезди. Бир оздан сўнг ичкаридан кампирнинг хиёл хирқироқ, заиф ва ана шу заиф-ҳазинлиги билан юракка алланечук ҳасрат соладиган овози эшитила бошлади:

Кет десанг Қашқар кетай,
Йўлларда ёлғизлик ёмон.
Ёлғизликдан ким ўлибди,
Ҳаммадан хўрлик ёмон…

Амир айвонда жимгина ер чизиб ўтирар эди.

Анов турган олмамикан, нормикан, нормикан,
Соясида ётган бизнинг ёрмикан-эй, ёрмикан?
Соясинда ётган бизнинг ёр бўлса, ёр бўлса
Иккимизни кўшар кунлар бормикан-эй, бормикан?

У хонага қайтиб кирганида, кампир рўмоли елкасига сирғалиб тушганини ҳам сезмасдан, кўзлари юмилиб куйларди.
— Эна, — деди Амир томоқ қириб. — Қизларга озгина дам беринг, чарчаб қолишмасин. Кўл бўйларини бундай бир айланиб келишсин.
Кампир бирдан тўхтаб, гуноҳкорона жилмайди, шоша-пиша рўмолини қўлига олиб, секин ғижимлади.
Гулнора дик этиб ўрнидан турди-да, Азизанинг қўлидан тортди:
— Азиза, кетдик, от минамиз, юр!
Азиза алланечук маъюс тортиб қолган кампирга термулиб ўтираркан, унамади.
Амир дарвоза ёнидаги бошини солинтириб турган, эгари устидан кўрпача танғилган бияни кўлга олиб тушадиган хивичдай сўқмоқдан етаклади. Гулнора эргашди.
— Ҳеч от минганмисиз?
— Йўқ, секциясига қатнашмоқчи эдим, аям кўнмади. Ўзингникидан қолма, йиқилиб майиб бўласан, деб қўрқди.
— Ўзингизники қайси?
— Бадиий гимнастика. Биринчи разрядим бор! Мусобақаларда совринлар олганман, билсангиз…
Амир калта атлас кўйлакдаги дуркун, сарвқоматни ўғринча кўздан кечириб, унинг гапи ростлигига ишонч ҳосил қилди.
Гулнора суҳбатни яна улашга тиришди:
— Ашула айтишни биласизми, Амир?
— Ҳа… — Сўқмоқ аста пастлаб борар, теварак-атроф сув қуйгандек жимжит эди…
Амир кўп тихирлик қилди, лекин қиз ялинавергач туйқусдан бўғиқ овоз билан секингина куйлай бошлади:

Кеча келгу…мдир дебо… он… ул
сарви гу…лрў келмади… а

Йигитнинг бошда ҳорғин, эринчоқ туюлган товуш аста тиниқлаша, сўнгра кучая борди. Ниҳоят, у баланд, ўктам бир оҳанг касб этиб янгради.
Қовоғи солиқ қоялар қўшиққа маҳлиё бўлиб қотиб қолгандек эди. Пастда жимир-жимир мавжланаётган кўл ҳам, иссиқдан бир-бирининг соясига қочмоқчидек қўшнилари пинжига тиқилган арчалар ҳам, ашула оҳангига мос лўкиллаётган бия ҳам қўшиққа соме.
Гулнора юзини четга ўгириб, билинар-билинмас уф тортди. Йигит ўз қўшиғига ўзи эриб, кўзларини юмиб хониш қиларди.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадхў келмади…

Амирнинг кўз олдида қийрихон ўраган дуррасининг бир учини ғоят назокат билан чеҳрасига пана этган, сурма тортилган кўзларида ҳаё балқиган, узун атлас кўилагини секин шитирлатиб, битта-битта қадам босиб келаётган пари намоён бўлди. Мана, пари беқасам тўни этакларини жуфтлаштириб унсизгина тиз чўкди… Жонон пиёлага май қўйди-да, битта… яна битта чертиб унга узатди…

Кўзларингдан нега сув келгай, деб ўлтурманг мени
Ким бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади…

— Вой-бў! Мақомчилар ансамблидан эмасмисиз?
Амир кўзини очиб, қаршисида порлаб турган нарсага қаради-да:
— Келмади… — деди.
— Вой! Кўлга етиб келдик! — деб Гулнора жимирлаб ётган сувга чопиб туптдию шу заҳоти оёғини тортди.
— Вуй, совуҳлигини қаранг-а! Муз-а, муз!
— Қор суви-да! Отда бир чопайлик, совуқлиги хам хуш ёқиб қолади. Қани, минмайсизми?
— Қўрқаман…
— Бе! Асовмиди бу опқочса?!
Гулнор бир амаллаб эгарга минди-да, боши кўкка етгудек бўлиб:
—Қани, чу, тулпорим, чу, — дея қичқирди.
Қовурғалари саналиб турган «тулпор» лўкиллаб чопди. Омонат ўтирган Гулнора чап томонга оғиб кетди.
— Вой-вой! Йиқиламан! — Амир эпчиллик қилиб суяб қолмаганда у тошга қулаб тушар эди… Маслаҳат билан Гулнора ўнг қўлига юганни тутди, чап қўлини Амирга берди.
Сайр бошланди. От туёқлари қирғоқдаги тарам-тарам қум юзида хол-хол из қолдирар эди. Кўл тарафдан салқин шабада турди.
— Бу ёққа қаранг-а, — деди Амир бир вақт нариги соҳилга ишора қилиб. Қаёқдандир пайдо бўлган сур булутлар ҳозиргина чарақлаб турган қуёш юзини тўсган, кўл бўйига соя тушиб, теварак хиралашган эди. Булут пардасини ёриб таралаётган нур даранинг у томонида қаққайган қоялар узра қуйилар, атроф қизғиш-напармон тусда жилваланар эди.
— «Маккенининг олтини» филмини кўрганмисиз? — деди Гулнора. — Ўшанда олтин тоғлар шундай товланади.
Қуёш дара ортига чўкиб, ғойиб бўлди. Водийга салқин оқшом ёйилди.
— Қайтайлик… — деди Гулнора.
Ўчокдаги олов ҳижронзада қизнинг қизил рўмолидек қалтирар, қозон атрофида куйманиб юрган кампирнинг сояси ҳам лип-лип тебранар эди. Гулнора отдан сирғалиб тушгач, бир-икки депсиниб дарвозага қараб бораркан, тўсатдан чўчиб, орқага тисланди.
Дарвоза ёнидаги супада Ўтар бобо тошдек қотиб ўтирар, важоҳатида киши вужудини жимирлатадиган совуқ бир ифода муҳрланган эди.
Чол ёнидан ўтаётган неварасини ҳам, қизни ҳам пайқамади.
Уйдан патнисда масаллиқ кўтариб, Азиза чиқди.
Амир экспедиция раҳбарига қизларнинг яна бир-икки кун Ойдинкўлда қолажакларини хабар қилит учун қишлоққа қайтди.
Тоғ ортидан тўлин ой оҳиста сузиб чиқиб, аста юқорига кўтарила бошлади. Ойдинкўл тепасига келганда таққа тўхтаб қолгандек бўлди. Ойдин кеча ғоят тароватли эди. Ўшшайган қоялар қамалидаги Ойдинкўд ойнадек ялтирар, гўё ерда ҳам яна битта ой товланиб ётганга ўхшар эди.
— Бекорга Ойдинкўл дейишмаган экан-да, — деб хаёлан пичирлади Гулнора кўзи илинаётиб.
…«Амир!» деб қичқирарди у тинмай ўзига чорлаётган ой сари тикка учиб бораётган йигитга. Бир совуқ шамол изғир экан ой йўлида, бир совуқ…
Гулнора дилдираб уйғонди. Ўрнидан туриб, қозиқдаги чопонни олдида, ўралиб ташқарига чиқди. Ҳовлида кампир ғивирсиб юрар эди. Тўсатдан лоп этиб Ўтар бобо пайдо бўлди. Кампири ёнида тўхтаб, Гулнорага қарадию қисиқ кўзлари катта очилиб кетди. Чолнинг авзойини кўриб кампир қизга аланглаб назар ташлади ва шу заҳоти ранги ўзгарди. Эрининг ғазабнок нигоҳидан букилиб кетаётган каби эгилиб:
— Ҳой, қизим, — деди қалтираган овоз билан шоша-пиша. — Эгнингиздаги тўнни ечиб қўйинг, бобонгиз унда намоз ўқийди.
— Нима бўлибди? Мен ифлос қилмайман-ку.
Ўтар бобо шарт орқасига қайрилди.
— Вой, барака топкур-эй, еча қолинг, сизга бошқа нарса берай. Чол ўлгурнинг жаҳли белбоғида…
Гулнора бу эски чопоннинг шу қадар арзандалигига ажабланди-да, ечиб кампирга узатди.
Ирмоқ тарафдан Азиза челак кўтариб келарди.
— Жоним қоқиндиқ, жуда уринчоқ экансиз-да! — деб зорланди кампир. — Ўзим олиб келардиму…
Азиза лўппи юзлари қизариб, ҳансираб тура эди.
Нонуштадан сўнг кампир билан Азиза қўй-эчкиларни ўтлоққа ҳайдаб кетишди. Гулнора сумкасидан Уитменнинг мўъжаз тўпламини олиб ўқишга тутинди.
У довон тепасида Амирнинг қораси пайдо бўлганини ҳам, дарвозадан кириб келганини ҳам сезмади.
— Хорманг, Гулнорахон…
Қиз рўпарасидаги навқирон йигитни, унинг қора қошлари, қирра бурун, тийрак кўзларини кўриб билинар-билинмас қизарди…
Ҳол-аҳвол сўрашгач, Амир қизнинг қўлидаги китобга қизиқди. Гулнора Уитменни ўқимаган гумроҳ ҳамсуҳбатига афсусланиб тикилганча бу «жаҳоннинг саккизинчи мўъжизаси» ҳақида вижир-вижир тушунтира кетди. Амир унинг сабоғини сабр билан тинглаб, ниҳоят:
— Лутфий даражасидаги шоир экан-да, — дея хулоса чиқарди.
— Лутфий? Ким у?
Йигит Гулноранинг инглиз филологияси бўлимида таҳсил кўришини эслади…
— Навоийни ҳам мутолаа қилмагандирсиз?
— Мактабда ўқиганман… бир оз, — деди қиз тараддудланиб. — Энди киришмоқчиман. Биласизми, ҳалиги… Шарқ поезияси билан унча таниш бўлмаганим учунми…
Орага сукут чўкди.
«Менинг бечора шеъриятим!», деб хаёлидан ўтказ-ди Амир қорли чўққиларга ҳасратли назар ташлаб.
— Курсдошларим студентлар қурилиш отрядида. Шимолга кетишувди, — деди Гулнора жимликни бузиб. — Мен аҳмоқ улардан ажраб, бу ёққа чиққан эдим. Очиғи, тоғларда жиндек дам олиб келаман, деб ўйловдим. Энди эса зерикиб ўляпман. Чолу кампирларнинг сийқалашган хотираларидан эски-тускиларни қиртишлайвериш ҳам жонга тегди… Тўғриси, мен уларни яхши тушунмайман… Шу минг йиллик эски гапларнинг нима кераги бор-а?..
Харсанглар ортида мункайиб келаётган қора кўйлакли кампир, унинг ёнида эса ўрик гулидек оппоқ кўйлаги янада оқроқ кўринган Азиза пайдо бўлди. Кўришар эканлар, Амир Азизанинг қимтинибгина қўл узатганини, сўнг дарҳол кўзини ерга олганини сезди. Тўртовлон ясси харсанг супа устига чўка қолишди. Азиза кампирни яна ишга солди.

…Марғилоннинг йўлида
Якка терак ўсибди.
Ёрим келар йўлларни
Тикан ўтлар тўсибди…

Кампир шунчаки хиргойи қилаётгандек паст овоз билан бошлар, сўнг авжига чиқар, шу пайтда заиф титроқ товуш бениҳоя ҳазинлашар, қўшиқ оҳангида теран бир мунг тўкилар эди…

Самарқанд сойига солма иморат-о, солма иморат,
Ўз юртингга қилма хиёнат-о, қилма хиёнат,
Ўз юртингга қилсанг хиёнат-о, қилсанг хиёнат.
Ўзганинг юрти ҳам сенга омонат-о, сенга омонат…

Орадан зум ўтмай зериккан Гулнора Амирга қараб секин имо қилди. Улар кўзларини чирт юмиб олган кампир ва ручкаси дафтар варақлари узра тинимсиз йўрғалаётган Азизанинг ёнидан оҳиста сирғалиб, кўл томон жўнадилар.
— Қизингиз борми? — деб сўради Гулнора дафъатан.
— Ҳали уйланганим йўқ, — жавоб қайтарди Амир Гулноранинг қандай «қиз» хусусида суриштираётганини сезса-да.
— Йўқ, севган қизингиз?..
Ойдинкўл оҳиста шивирлар, сув сатҳи юм-юм йиғлаётган гўзал юзидаги мовий пардадек титрар эди. Ирмоқ соҳилидаги ёлғиз терак ундов белгисидек танҳо қаққайиб турарди.
— Мен ўшаман! — деди Амир теракни кўрсатиб.
Қиз йигитнинг кенг елкаларига, мармардай тиниқ юзига илинж яширинган синчков нигоҳ ташлади.
— Ўзингизда-чи?
— Бор эди, — деди Гулнора бамайлихотир. — У…
— Иккита эди улар, — дея унинг сўзини кесди Амир, — бири саккизинчи синфдан буён. Лекин у бошқа институтга кирди — ажрашдик. Иккинчиси факултетда топгандим, чиройли эди, юриш-туриш ҳам ёмонмас. Фақат тергайвериб жонимга тегди: фалончи билан нега бирга кетдинг, пистончи билан нега ҳиринглашдинг… Хуллас, шу қадар қолоқ, ХИХ асрдан қолган тирик мўмиёнинг ўзи! Баҳридан ўтдим-қўйдим!
— Қаёқдан билдингиз?! — деб қичқириб юборди Гулнора.
— Гапимни бўлманг! — деб совуқ шиддат билан давом этди йигит. — Отангиз зиёли одам. Онангиз илгари ишлаган. Кейинчалик семириб кетгач, «уй бексаси»га айланган, «сердтса»си чатоқ. Йилига икки марта Ялта ҳавосидан симирмаса «приступ» бўлади.
— Азиза айтган! — Қиз ҳангу манг, тамоман маҳв этилган эди.
— Азиза билан гаплашдимми?
— Унда… Қайдан?
Амир лаблари қийшайиб, асабий кулди. Кўзлаган ниятининг чиппакка чиқишини аввалдан билган одамгина шундай зўрма-зўраки илжая олар эди.
«Худди ўзи-я!», деб ўйлади Амир. Юраги сиқилди.
Худди шундай тим қора сочлар, худди шундай фусункор юзлар, худди шундай юракка ўт солувчи ишвакор табассум… Умрининг энг беғубор дамларини Амир ўша сирли жилмайишларга бахш этган эди…
Сўнг: у суйиб ўпган нозик қўлчаларни кимлардир беибо ушлагани… Ўша азиз, қадрдон вужуднинг ҳеч тортинмай ўзгалар оғушида қийшанглагани… Бирдан буларнинг ҳаммаси йирик пландаги кадр каби жонла-ниб, уни титратиб юборди: «Сиз энг нодон қишлоқисиз! Мен бари бир сиз айтгандек бўлолмайман. Бўлолмайман! Бўлолмайман!..»
«Эҳ, бари бир!»
Қуёш тиккада ўт пуркайди. Осмоннинг бир четида сийрак булутлар эринибгина сузади. Дарада ўткир арча ҳиди кезади. Оёқ остида шағал ғижирлайди. Бир ўрим сочдек чулғанган ирмоқ кўлга томон эшилиб кет-ган.
— Ҳур қизлар-у-у! — деб қичқирди бирдан Амир
ва тўхтаб қулоқ солди.
Қоялар қаъридан жавоб қайтди:
— Ҳув… в… в…
У анқайиб турган Гулнорага тушунтирди: қадим замонларда дарада ҳур қизлар яшаганлар. Худди амазонкалардек. Бир куни ёв босган. Ҳур қизлар ёв билан олиша-олиша ҳув баланд чўққига чекинадилар. Ев ҳар тарафдан ўраб кела бошлабди. Шунда қизлар маликаси тиз чўкиб, тоғу тошларга ёлворибди. Улкан қоя бирдан ёрилибди-да, уларни ўз бағрига олибди. Иффатни жондан юксак билган ҳур қизлар ҳамон бағрида эмиш.
— Ғалати афсона экан… Амазонкалар… — Айтишларича, ҳур қизлардек соф, бошдан-оёқ покиза бир қиз келиб: «Ҳур қизлар-у-у! Чиқинглар деса қоя яна тарс ёрилиб улар озод бўлар эмиш. Мана шу Ойдинкўл ҳам ўша қизларнинг кўз ёшларидан пайдо бўлган, дейишади.
Қуёш қоялар ортига ботиб кетди. Чўққилар гунгурт-зангори тусда товланар, кўл сокин мавжлана эди…
— Олло-ҳу… ак-бар-р-р!… Оллоҳу… у… ак-бар-р.
Бутун дара сесканиб тушгандек бўлди. Қўрғон тарафдан аср намозига чорлаб азон товуши келар эди.
— Ҳай…я алас…сало…от! Ҳай… я алас… сало… от.
— Бобом, — деди Амир ҳайратдан қуруқликдаги балиқдай оғзини очиб қолган Гулнорага. — Кеча эшитмаганмидингиз ?
— Йўқ. Қизиқ, намозга тошларни чақирадими?
— Бобомнинг назарида, азон товушини эшитган еру сув покланади, — деб Амир атрофга ишора қилди. — Ойдинкўлнинг сувини ичаётганлар ҳам шу тариқа озми-кўпми савобга дохил бўлар эмиш. Унинг бу кимсасиз жойда яшашига сабаб ҳам шу.
— Ўҳ-ҳў… — деди Гулнора кўзларини ўйнатиб. — Жуда… нима десам экан… фидойи, йўғ-э… замонавий утопист экан-ку, бобонгиз…
Амирнинг ранги ўзгарди.
— Утопистми, йўқми, сиз билан биз уни тушунмаймиз. Тушунмаган нарсаси ҳақида енгил-элпи ҳукм чиқаришга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
— Кечирасиз… мен… — деди қиз елка қисиб.
Улар ҳовлига қайтиб киришаркан, ўчоқ олдида Азизага ниманидир уқтираёттан кампирнинг гапи чала-ярим қулоқларига чалинди:
— …Амирим ҳам Тошкентда ўқийди, жоним қоқиндиқ! Билволдингиз-а, энди шаҳарда хабар олиб турасизда неварамдан, тузукми?
Азиза бошини кўтариб, Амирга кўзи тушдию олов тафтида қизарган юзлари яна ловиллаб кетгандек туюлди. Сўнг алланарсани баҳона қилиб уй томон шошилди. Амир ёнида Гулноранинг бор-йўқлигини ҳам унутган каби беихтиёр бир-икки одим ташлади. Рўпарасидаги пастак уй фавқулодда чароғон, нур сочиб, кулиб тургандек эди!
Кечқурун Азиза кампирни аста гапга солди. Суҳбат араваси ўтмишга қараб ғилдиради.
— Э…э, нимасини айтай, — дея хўрсиниб сўз бошлади кампир. — Менинг ҳам сизлардек айни ўн еттига тўлиб, кўчада от кишнаса юрагим ўйнайдиган пайтлар. Маҳалланинг бўз йигитлари дарвозамиз тагидан ялла қилиб ўттани-ўтган. Ҳа… — Кампир ҳасратомуз бош чайқади. — Ўша яллалари ҳали-ҳали эсимда:

Мен бу ерга келмас эдим, ёр келтирди мени,
Ўтга тушсам куймас эдим, ёр куйдирди мени.
Кичкина чорбоғ ичинда айланар бошим менинг,
Ёр юрган кўчаларда тўкилар ёшим менинг…

Буни эшитгач, кечалари уйқу қайда дейсиз! Биздан бир маҳалла нарида Қоравой тоға деган этикдўз бўларди. Шунинг Шаҳобиддин деган ўғли ана ўтади кўчамиздан, мана ўтади. Ҳар ўтганда янги ялла. Бора-бора овозини эшитсам, юзимга иситма тепадиган бўдди. Бир куни ўтаётганида девордан мўраладим. Озода яктак кийган, белида шоҳи қийиқ, оёғида ўша вақтда янги расм бўлган ағдарма этик. Косибча оппоқ юз, қош-кўзи қора. Юрагим шув этди. Шаҳобиддин гап қотди: «Отаси сотармикан бу ҳурлиқони, ё сандиққа қамаб, нархини ошириб ўтираверармикан?»
Эҳ, чироқларим, йигитлар у пайтлар шунақа дангалчи эди! Мен шаддод қиз эдим, лекин минг шаддод бўлсам ҳам ўша тобда тилим танглайимга ёпишиб қолди. Индамай уйга кириб кетдим. Ана энди кўринг. Кўзимни юмсам, сурати кўринаверади, жим ўтирсам, қулоғимда гапи жаранглайверади. Кўнгил иши емон экан! Бир куни сал имо қилувдим, кечаси чорбоғимизга келди. Бувимни ухлатиб мен ҳам чиқдим. Нимасини айтай, раҳматлик нақ қарчиғайдек йигит эди…
Ўша кунлари Ўтар бувангиздан бизникига совчи лар шира талашган пашшадек учиб-қўниб қолишди-ку… Бу киши қишлоқнинг олди бойваччаси. Бувиш турткилаб қўймайди:
— Кўз ёшинг бошингни есин, нега қон қиласан одамни! Ширу шарватнинг ичида бўласан, ёғ еб, ёғлама ташлайсан! Ҳу, жувон ўлгур!..
Хуллас, узатишди. Қўқон аравада лиқирлатиб олиб кетишяпти, денг! Ой худди мана шунақа чарақлаб турибди. Хотинларнинг ёр-ёри бир юрагимни тирнайдтс, ҳиқ-ҳиқ йиғлайман…

Оқ милтиқ, қора милтиқ,
Отган отам, ёр-ёр.
Ўз қизини ёт қилиб,
Сотган отам, ёр-ёр.
Ўз қизининг йўлига
Бодом эксин, ёр-ёр.
Бодом шохи қайрилса,
Болам десин, ёр-ёр…

Бир вақт узоқдан биров ялла қилди. Шаҳобиддин. Юракларим ўртаниб кетди-эй! Гўшангада ҳам кўз ёшим тинмади. Ҳай, дедим, қиз боланинг пешанасида шу бор экан, нима бўлса, ё раззоқ! Дардимни заҳар ичгандек, ичимга ютдим.
Бояқиш Шаҳобиддин гиёҳванд бўлиб кўчаларда саргардон юрадиган кўйга тушди. Манави қўшиқ унинг шаънига чиқувди-да:

Ҳай, ҳай, уста Шаҳобиддин,
Кўлда тановаринг қани?
Суйдим, суйдим деб юрган,
Ҳурлиқо ёринг қани?

Кейин орада ҳуррият замонлар бўлиб кетди. Ўтар бувангиз қочқинда юрган кезлари Шаҳобиддин кўп одам қўйди. Бир юрагим ҳаприқдию сўғин ўйлаб, йўқ, дедим: «Менга ит тегишга тегди, энди сенинг ёстиғингни ўзингдай пок бир қиз обод қилсин!», деб жавоб бердим.
— Севсангиз ҳам-а? — деб ҳайратланишди қизлар.
— Вой қизларим-эй, суйганимдан-да! Жонимдан ортиқ кўрмаганимда тегардим-кетардим! Суйганим учун… Ахир, ўзганинг қўли ҳаром қилган сочимни суйганимга силатаманми-я? Бундан кўра мурдашўйнинг қўли силасин, дедим.
Охири хотин олди шўрлик. Кейин биз бу ёққа кўчиб чикдик. Шаҳобиддин ов баҳона, Ойдинкўлга келиб турарди. Йирокдан лип этган «ови» — мени кўради-да, қайтади. Хайрият, соғ-омон экан, дейман мен ҳам. Авваллари ҳафта, ойда йўқларди, сўғин камнамороқ бўп қолди. Ҳеч эсимдан чиқмайди: келмай юриб-юриб, ўтар бобонгиз йўқ пайти келса!
Ёз пайти эди. Довон тепасида тўриқ минган Шаҳобиддин кўринди. Отини йўрттириб, кўлга тушди. Қарасам, кўл ёқалаб биз томон келяпти!
Шошиб сўқмоққа чиқдиму қўлимни силкитиб, «Қайтинг, қайтинг!», деб бақирдим. Ўзимнинг жоним бўлса бир оғрийди, бир оғрийди!
Бир-биримизга термулиб турибмиз. Озиб-тўзиб кетибди, ранг-рўйи бир ҳолатда. Тўсатдан от бошини шарт орқага бурдию қамчи босди. Кетди! Тахтадай қотиб қолавердим жойимда. Олапар итимиз ғиншиб этагимдан тишлаб тортади. Шундагина ҳушимни йиғдим.
Шаҳобиддин шу-шу дом-дараксиз кетди. Биз қишлоққа тушмаймиз, қишлоқдагилар ҳам биздан хабар олмайди. Бир йилча ўтгач, равоч тергани чиққан болалардан суриштириб билдим: касалмиш! Ўвда гиёҳванд бўлиб юрган кезларида ўпкасини урдириб қўйган экан. Оҳ, жувонмарг, дедим ўзимга, бир йигитнинг уволи бўйнингда-я!
Кун-узун кун кўзим довон тепасида, ҳадеб қовоғим учади.
Бир худо қарғаган кун довонда қора отлиқ кўрин-ди-ю! Ўша куни қора қарға бир қағилловди, бир қағилловди… «Вой, жоним-ов, чавандозим, худо сенга минг йил умр ато қилсин, илоё бахтли-тахтли бўлгин, ти-лингдан шум эмас, хушхабарлар томчилаб турсин!», деб дуо қиляпман тинмай. Чавандоз кўл ёқалаб биз томон от қўйди… Келяпти… Дукур-дукур… От туёғи юрагимни босиб-босиб келаверди… Ана!.. Вой, худойим, Шаҳобиддиннинг жияни-ку!..
Етиб келдию «Мингашинг отга!», деди…— Кампир бир зум тўхтаб, ютинди.— Шаҳобиддиннинг аёли жўна-тибди. Эри уч кундирки, жон беролмай илҳақ экан…
Қишлоққа қандай етиб борганимни билмайман. Кирсам эшикка термулиб ётибди, бир бўзлайди, бир бўзлайди кўзи билан…
Хотини югуриб чиқдию мени қучоқлаб йиғлаб юборди.
— Опа! — деди. — Жоним опам! Келинг, шу шўрликнинг дунёдан армони ушалиб кетсин!
Кўзлари ғилт-ғилт қилади Шаҳобиддиннинг. Иккимизни холи қолдирдилар. Рўмолим билан юзимни бекитдим. Икки қават шол рўмол остидаги бетимни лабига босдим! «Оҳ!», дедию бир тамшанди… бояқиш… узилди…
Ўша кеч қайтдиму шундай айтдим, шундай айтдим! Назаримда, бўзлашимга Ойдинкўл чидай олмай ўзини қирғоққа ураверди, ураверди…
Ёронлар, энди қайтайин, Дардимни кимга айтайин. Шаҳобиддиндан айрилиб, Мен қандоқ тоқат этайин? Сенга жонимни бермай, Ёринг бўлмай кетайин… Шунқор бегим, вой-вой-й! Сардор бегим, вой-вой-й!
Ўша кечаси бир ёмғир қўйди-эй… Мен бўлса лаҳча чўғдек ёниб ётибман, ўчириш ёмғирга йўл бўлсин…
Сендай йигит йўқ бўлса, Мендай ёринг ўлмасми? Энди сенинг ҳасратинг Мени адо қилмасми?
…Йиғлайвериб шишиб кетган Азиза қўлларини базўр силтади. Сўнг ўзини кампирнинг қучоғига отди.
«Қизиқ кампир экан…»
Гулнора кампирнинг ғалати муҳаббати, ғаройиб қисмати ҳақида ўйлаб-ўйлаб, кўзи илинганини сезмай қолди. Осмони фалакда қанот қоқиб юрган ҳур қизлар тушига кирди… Ажаб ложувард само бағрида кампир билан Азиза ҳам сузиб бораётганмиш… Гулнора уларга қичқирай деса овози чиқмас эмиш…
У азон товушидан уйғониб кетди. Ўтар бобо Ойдинкўлни, тилсиз қоялару тоғ ортида мудраб ётган ; қуёшни — жумла-жаҳонни покланишга даъват этиб азон чақирарди. Бу ноласимон товуш аста ҳаволанар, бутун дара бўйлаб парвоз этар, сўнг бу макондан ўзига манзил тополмай кўкка, азим осмон қаърига интилар эди. Осмон эса чексиз-чексиз…
— Ҳай…я алас… сало…от! Ҳай… я алас… сало…от!
Гулнора ёнига ўгирилди. Азиза енгил нафас олиб ухлаб ётарди.
«Қизиқ экан бу чол, — деб ўйлади Гулнора. — Ахир, худо йўқ-ку! Бирдан бари беҳудалигини тушуниб қолса борми?! Юраги ёрилиб кетар-эй… Ҳур қизлар-чи?.. Бу ҳам ғалати…»
Дафъатан кечадан буён юрагини кемираётган ния-ти эсига тушди: у ҳур қизларни чақирмоқчи эди! Апил-тапил кийиниб, кўл бўйига тушиб борди.
Ҳаво шундай салқин, тоза эдики, Гулнора ўзини учиб бораётган пардек енгил ҳис қилди.
Кўл ҳам ухлаб ётгандек қилт этмасди.
— Ҳур қизлар-у-у-у! — деб қичқирди Гулнора
заиф овоз билан атрофига аланглаб. Жавоб қайтмади.
— Ҳур қизлар-у-у-у!..
«Наҳот, лоақал жавоб ҳам қайтармаса?! Йўқ… Ҳур қизлар мени ҳеч қачон эшитмайдилар, тушунмайдилар… Худди мен уларни эшитмаганим, тушунмаганимдек…»
Яна аланглади. Ҳеч ким йўқ эди.
— Ҳур қизлар-у-у-у!..

08

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

Izoh qoldiring