Chingiz Aytmatov bilan hayot va adabiyot haqida suhbat

067Саҳифа Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланади

    Чингиз Айтматов… Бу ном бутун дунё китобхонларига жуда таниш ва қадрли. Буюк қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбобининг вафоти ҳақида тарқалган хабар жаҳон аҳлини қайғуга солди. Адиб ҳақли равишда ўзбек халқининг ҳам севимли ёзувчисига айланганди.

СЎНМАС ҚУЁШ
Маъсума АҲМЕДОВА тайёрлаган
09

045Чингиз Айтматов… Бу ном бутун дунё китобхонларига жуда таниш ва қадрли. Буюк қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбобининг вафоти ҳақида тарқалган хабар жаҳон аҳлини қайғуга солди. Адиб ҳақли равишда ўзбек халқининг ҳам севимли ёзувчисига айланганди.

Буюк ёзувчининг 80 ёшга тўлишига ярим йил қолган эди… Чингиз Айтматов Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги клиникада шу йилнинг 10 июн куни вафот этди. Дафн маросими 14 июн куни Қирғизистонда бўлиб ўтди. Аммо адибнинг ўлмас мероси — бетакрор асарлари, самарали фаолияти сўнмас қуёш каби порлаб тураверади.

“Биз қуёшнинг сўнишига йўл қўя оламизми?”. Замонамизнинг алп адибларидан, асарлари, шубҳасиз,жаҳон мумтоз адабиётини бойитган Чингиз Айтматов бундан ўн бир йил муқаддам “Литературная газета” таҳририятида бўлиб ўтган “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асари тақдимотида шундай деган эди.

Биз ажойиб сўз устаси, забардаст ёзувчи Чингиз Айтматов яратган “Момо ер”, “Биринчи ўқитувчи”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари”, “Эрта қайтган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” каби дилбар қиссаларни ўқиб, оламни, ҳаётни идрок этганмиз, эзгу ҳисларга ошно бўлганмиз. “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат” романларининг беҳад теран моҳиятидан, ажиб тимсоллардан лол қолганмиз, “Кассандра тамғаси” романи фалсафасидан ўйга толганмиз. Адибнинг сермаҳсул ижоди неча-неча истеъдодлар намоён бўлишига туртки бўлди.

Ёзувчи Ўрта Осиёдаги бошқа халқлар сингари ўзбек адабиётига ҳам бефарқ бўлмади. Санъатимиз, адабиётимиздаги ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб турди. Хусусан, Ойбек, Миртемир, Зулфия,Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировлар ижодини эътироф этди, ҳамиша халқимизга самимий, сидқидилдан муносабатда бўлди.

Чингиз Айтматов ҳақли равишда қадим Туркистон замонавий насрининг намояндаси сифатида элларимизни жаҳонга танитди. “Асрга татигулик кун” романидаги биргина манқурт образи жаҳон адабиётида янги ҳодиса эмасмиди? Ёзувчи битган сара асарлар дунё адабиётининг таркибий қисмига айланди.

Унинг қиссалари, романлари услуб жиҳатидан ҳам, жанр жиҳатидан ҳам тубдан фарқ қилади, бир-бирини такрорламайди. Лекин биргина жиҳатдан ўхшаш — улар орасидан бирорта носамимий асарни тополмайсиз. Самимият — Айтматовнинг илк қиссаларидан то сўнгги йилларда яратган фалсафий романларигача йўғрилиб кетган. Давр руҳи бу асарларга дахл қилолмайди — ҳаммавақт кишига бирдай таъсир этади, китобхон бу китобларни ҳар сафар ўқиганида янги-янги сифатларни кашф қилаверади. Унинг асарларидаги психологизм китобхонга жуда кучли таъсир кўрсатади. Ёзувчи жамиятнинг қатъий инсоний қадриятлари, ўзгармас маънавий қонуниятларига суяниб асар ёзди.

Чингиз Айтматов — оламни нозик мушоҳада қилувчи донишманд, инсон қалбининг энг теран, сирли торларини чертишга қодир моҳир мусиқачи ва файласуф эди. Муаллифдаги ана шу хислатлар унинг сўнгги романларидан бири — “Кассандра тамғаси”да яна бир бор ўз аксини топди.

Болалик… Ижодкор қалби сира қаримайди. Болаликнинг беғубор, оппоқ туйғулари адибни умри давомида тарк этмади, ана шу ҳислар унинг гўзал асарларига етакчи бўлди. Ёзувчининг “Болалигим” автобиографик қиссаси фикримизга далил бўла олади.

“Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асари — бу бир йўл, мангу саволлар йўли. Бу саволларнинг кўпи мураккаб, кўпи фожиали. Инсон ўзига ўзи бу саволларни мардона бера туриб, қўрқувни, руҳан тушкунликни енгади, зеро, умидни йўқ қилиб бўлмайди.
Чингиз Айтматов асарлари ҳақида янада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ҳар бир давр китобхони ёзувчини ўзича, янгича талқин этади, янги-янги оҳанглардан баҳраманд бўлади.

Айтматов забардаст ёзувчи, сиёсий арбоб бўлиши билан бирга катта сўзлар билан ёзилувчи граждан ҳам эди. Йиллар бўлдики, халқимиз бошига қора кунлар тушди, туҳматлар ёғилди. Юртимизга машъум “Ўзбек иши” аталмиш фалокат йўлади.

Ана шунда Чингиз Айтматов дадил ўз сўзини айтди. Айтганда ҳам ўзбекларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини баралла айтди. Бу бизга мадад бўлди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ёзувчи хизматларини эътироф этди, тақдирлади.

Чингиз Айтматов мақола аввалида тилга олинган тақдимотда сўзга чечан бўлмаган ҳимолайликлар ёш келин-куёвларга тилак билдириши ҳақидаги ривоятни келтиради ва китобхонларга шундай истак билдиради, “Мен сизларга китлар муҳаббатини, итлар садоқатини тилайман”. У табиат билан инсонни узвий бирга кўрди. Бу сўзлар фикримиз далили.

Биз улуғ адиб Чингиз оға хотирасини ёд этарканмиз, эътиборингизга ёзувчи ижодининг авж гуллаган пайти “Неделя” газетасида чоп этилган суҳбатни ҳавола этмоқдамиз. Зеро, ушбу суҳбат бугунги ўқувчи учун ҳам аҳамиятли деб ўйлаймиз.

Яна шу нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, чин ижодкор сира қаримайди, ўлмайди, мангу яшайди. Бизнинг хотирамизда ёзувчи Чингиз Айтматов шундай ҳаётга, ижодга ташна, ҳали катта-катта асарлар яратишга қодир бунёдкор тимсолида қолаверади.

033
ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ БИЛАН ҲАЁТ ВА АДАБИЁТ
ҲАҚИДА СУҲБАТ*

08

— Чингиз Тўрақулович, адабиёт оламга қандай таъсир кўрсатади? Шу ҳақда фикрингиз?

— Адабиёт иш-ҳаракатларни яққол кўрсатиб турадиган схема эмас. Адабиёт — айнан эмас, билвосита, мураккаблашган кўринишда тақлид қилиш, ўхшаш учун намуна бўла олади. Баъзан, «Бу китобдан ўрганса бўлади, бу китобдан бўлмайди», қабилида гаплар юради… Қаранг, ўша ўрганиб бўлмайдиган китобдан ҳам ўрганса бўлади! Лекин у ўзича сабоқ беради, натижаси эса дарҳол кўзга ташланавермайди. Китобхонга эзгулик ва ёвузлик чегаралари аниқ-равшан белгилаб берилган шартли схема керакмикан?

— Сиз ўз асарларингизда гўёки табиатга жон киритиб юборгандай бўласиз. Бундан келиб чиқадики, сиз учун инсоннинг табиатга муносабати маънавий мезонлардан бири ҳисобланади, шундайми?

— Мен инсон табиатни қадрлай билиши, ундан завқ, баҳра олиши кераклигини биламан. Шуни ҳам тушуниб етиш керакки, инсон — табиатнинг бир парчаси, табиат унга яшаш учун берилган макон, яшаганда ҳам фақат бир марта ақл ва завқ билан яшаши керак.

— Сизнинг кўпгина асарларингиз ўсмир, бола тилидан ёзилган. Болалик таассуротлари ижодингизда муҳим рол ўйнайдими?

— Йўқ, бу мен учун шунчаки қулай усул. Ўсмир оламни, инсонларни англаб етишга ҳаракат қилади. Менинг янги қиссамда икки бола ва қария персонажлари бор. Улардан ҳар бири ўзларича айтмоқчи бўлган фикримни баён этишда ёрдам берадилар. Қария — ўз тажрибалари билан менга кўмаклашади. Бола эса фикримни равшанроқ ифодалаб беради, баъзан чол айтолмаган томонларни очиб ташлайди. Бироқ икковлари ҳам менинг бир бўлагим. Албатта, санъаткор болаликдан бунёд бўлади. Кейинчалик билим-тажриба, ақл-заковат шахсни тўлдиради, шаклга солади. Лекин бу ҳол юз бермаслиги ва инсон болаларча таъсирчан, ҳассослигича қолавериши ҳам мумкин. Мен овулда катта бўлганман. Инсон табиат қўйнида, кишилар ва шу табиатга тегишли бўлган жониворлар билан ўт-майсалар, дарёлар ва ўрмонлар орасида улғайса, қандай ажойиб…

Шаҳарда-чи, шаҳар турмушида диққат инсон ақл-заковати барпо этган нарсаларга жамланади. Шаҳар замонавийликка яна фикрлаш, тафаккурни ҳам қўшимча қилади. Мен болалик гоҳ қишлоқ, гоҳ шаҳар ҳаёти билан алмашиниб туриши керак, деб ўйлайман.

Болалик феномени… Мен болалик таассуротлари билан яшамайдиган ҳеч бир одамни, айниқса, ижодкорни билмайман. Ахир “Оқ кема” қиссасининг қаҳрамони қилиб бола танлангани бежиз эмас-ку. Мен бу билан бола — иймон-диёнат ҳомиласи, шахс ҳомиласи, буларнинг бари болаликдан бошланади, деган фикрни уқтирмоқчи бўлганман. Бу ҳақда ҳозирги илмий-техника тараққиёти, барча ахборот воситаларининг универсаллашуви авжига чиққан даврда жиддий бош қотириш керак бўлади. Қачонлардир бола руҳияти, унинг онг-шуурига фақат ота-онаси, бува-бувиси, яқин қариндошларидан яна кимдир таъсир кўрсатган. Ҳозир уларнинг бу вазифаларини болалар боғчалари, мактаблар “туя” қилмоқдалар. Болалар боғчалари, мактаб, буларнинг яхши, фойдали томонлари кўп. Лекин уларнинг ҳаммани бараварлаштириб, бирхиллаштириб қўйиш жиҳатларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ҳамма болалар бир вақтда бир телекўрсатувни ва бир хил филмларни томоша қиладилар. Бу ҳол эса ҳозирга қадар мисли кўрилмаган даражада эстетик, маънавий мезонларнинг умумий бўлиб қолишига олиб келади. Бунда бола ривожланишидаги индивидуаллик, ўзига хослик қайсидир маънода йўқолади.

Шубҳасиз, болалик менда ўз тамғасини қолдирган. Мен қизиқарли даврда туғилганим, Шакар овулида, қадимги патриархал муҳитда катта бўлганим учун тақдиримдан миннатдорман. Менинг момом оқила, кўп нарсаларни биладиган, зийрак, чевар ва оқин аёл эди. Момом менинг оламни поэтик идрок этишим, англашимга ёрдам берди. У киши айтиб берган эртаклар, қўшиқлар, ривоятлар, у мулоқотда бўлган одамлар — бари-бари менга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Агар бир куни эрта тонгда момом юзида табассум билан, қўшни аёлнинг кўзи ёриганини айтса бўлди, мен ўрнимдан дик этиб туриб ювинишим, сўнгра уларни қутлагани бирга боришим кераклигини билар эдим. Бу қўшниникига бориб, уни қутлашгина эмас, аввало кўришув, ҳар хил айтишув, лапарлар билан тантана уюштириш учун ҳам важ эди. Бунақа байрамларда ҳамма болалар қатнашар, ҳеч ким уларга чақалоқни карамзор ичидан топиб олдик, деб айтмас эди. Ҳозир болалар катталар ҳаётида камроқ қатнашадилар, улар бу пайтда болалар боғчасида шу боғчага оид қўшиқларни куйлаб ўтирган бўладилар. Менинг фикримча, ҳеч бир ҳодиса болаларни четлаб ўтмаслиги керак. Шундагина улар Шахс бўлиб камолга етадилар.

— Шу йиллар ичида Шакар овулингиз ҳам ўзгариб кетгандир?

— Ўзгарганлиги табиий. Отларга қўшилган омочлар энди йўқ, машиналар кўп, кейин иш кўлами ҳам бошқача. Бирданига неча юз гектарлаб ер ҳайдалади. Ахир техника — техника-да, тезлик ва суръат ҳам шунга яраша катта бўлади! Аммо от илгаригидай инсонга яқин ва қадрдон бўлиб қолаверади. Қирғизчасига айтадиган бўлсак, “жоныбар”, отнинг жони бор.

— Айтмоқчи, “Қизил дурачали сарвиқомат дилбарим” қиссангиз қаҳрамони Илёс ўз машинасига худди жониворга қарагандай муносабатда бўлади…

— Ҳа. У, эҳтимол, отига ҳам, ҳўкизига ҳам шундай яхши муомала қилган бўларди. Бундай одамнинг машинага хўжасизларча қарашдан ичи ачишарди.

— Эзгуликнинг ёвузликка қарши кураши, муҳаббат, имон, бурч каби умрбоқий мавзулар қаторида бугуннинг долзарб мавзулари ҳам бор. Сиз 70-йиллар учун бу мавзулардан қайси бирини долзарб деб ажратган бўлардингиз?

— Менимча, бу — уруш, инсоннинг урушда синалиши, тобланиши мавзусидир. Мен ўзим урушда бўлмаганман, лекин болалик ва ўсмирлик йилларим шу даврга тўғри келган. Урушдан урушнинг фарқи бор. Озодлик, мустақиллик, адолат учун уруш. Масалан, Улуғ Ватан урушини олсак. Бу қаҳрамонлик, фидокорлик, улкан ҳарбий ҳамда меҳнат жасоратларини кўрсатиш даври бўлди. Бироқ бу тажовузкорлик, таъмагирлик, манфаатлар уруши, адолатсиз уруш ҳам бўлдики, бу даврда инсонийлик тақчил бўлди. Бугунги сайёрамиз, дунё кўпгина ижтимоий омиллар келтириб чиқарган шафқатсизлик муаммолари билан тўқнаш келмоқда. Барибир юксак инсоний қадриятлар, инсон тақдири мавзуи ўзгармас, умрбоқий бўлиб қолаверади. Инсонийликнинг антитезаси — шафқатсизлик.

Ҳам шафқатсизликка қарши кураша туриб, ҳам уни асарларда кўрсатса бўладими?

— Фақат бу завқ, илҳом билан тасвирланмаслиги керак.

— Ғарбда, масалан, ваҳима-даҳшат театри мавжудлигини “ортиқча ҳавони чиқариб юбориш клапани” зарурлиги билан оқлайдиган назариялар яратилди. Уларнинг фикрларича, бундай томоша инсонга азалдан хос бўлган тажовузкорлик энергиясини унинг вужудидан чиқариб юборишга хизмат қилар эмиш. Шу ҳақдаги фикрингиз?

— Ортиқча ҳавони чиқариб юбориш клапани… Ёмон ният билан инсонни шафқатсизликка ундашса, у эса бунга қарши туролмаса, бу ҳолат кўпроқ шафқатсизликни рағбатлантиради, ҳаттоки кучайтиради. Шундай мисоллар ҳам борки, Ғарбда томошабин даҳшатли филмларни кўриб, беихтиёр ана шу қаҳрамонлар ҳаракатларини такрорлаган.

— Моддий ҳаёт ҳақидаги фикрингиз?

— Бу ҳақда менинг фикрим қатъий, агар ҳаётда моддий бойлик мақсадга айланса, шахс таназзулга юз тутади.

— Худди «Бўтакўз» қиссангиздаги Абакирга ўхшаб-а?

— Ҳа, Абакирга ўхшаб. Баъзида пуллар қандай босиб, эзиб ташлашини одамларнинг ўзлари ҳам билмай қоладилар. Буюмларни ҳаддан ортиқ севиш, уларга ҳирс қўйиш — васваса. Айниқса, баъзиларнинг бирор буюмга жиддий муносабатда бўлишлари менинг ғашимга тегади. Айтайлик, ҳозир бизда, республика чеккасида маълум турдаги палто урф бўлади. Шу турдаги палтоси бўлмаган аёл ўзини хўрлангандай, камситилгандай ҳис қилади. Буюмларга бўлган бундай мешчанларча муносабат кишида ғараз уйғотади ва у ҳаммадан ажралиб туриш талвасасига тушади. Буюмлар муқаддас қадриятлар қаторида ҳаёт маъноси, мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

— Айтмоқчи, қиссаларингизнинг асосий персонажлари — аёллар. Улардан қайси бири сизнинг идеалингизга яқинроқ? Балки Жамиладир?

— Идеал ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Менинг фикримча, умум қабул қилган расмга кўра, эътиборга сазовор, муносиб аёл тушунчаси мавжуд. Бу тушунча аёлнинг бари маънавий фазилатлари, унинг маданияти, жозибаси, ташқи кўринишини ўз ичига олади. Жамила — менинг аёлни илк маротаба романтик идрок қилишим маҳсули. Ҳозир Жамила бошқача бўларди.

— Сизга инсондаги қайси хусусият ёқмайди?

— Мансабпарастлик. Бундай одам бирор мартабага эришаман деб ҳақиқатни гапирмайди.

— Чингиз Тўрақулович, юморга муносабатингиз қандай?

— Афсуски, доимо менда юмор етишмайди (мен буни жуда ҳис қиламан). Юмор билан ёза оладиган кишиларга жуда ҳавасим келади. Бу мен ҳазилни умуман тушунмайман, деганим эмас. Кулишни яхши кўраман, лекин ҳазил қилишни билмайман. Бу алоҳида қобилият саналади. Мен эса маъюсроқман.

— Одатда ёзувчилар иккита бир-бирига қарама-қарши қоидага амал қиладилар: “Ёзолмасдан туролмаганингда ёз” ёки бўлмаса “Ҳар куни, жуда бўлмаганда бир сатрдан ёз”. Сиз буларнинг қайси бирига амал қиласиз?

— Мен биринчи қоида бўйича ишлайман. Шунчаки, ҳар куни ёза олмайман. Иккинчи қоида эса сен янги ишни бошлаганингда қўл келади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, агар бошлаган ишингни ташлаб қўядиган бўлсанг, кўп нарсани йўқотасан. Мана, ҳозир янги қиссамни тугатаяпман. Энди мен ҳар куни ишлашимга тўғри келяпти.

— Қиссада тасвирланаётган воқеа қайси даврда бўлиб ўтади?

— Бу қизиқ нарса. Қисса воқеаси қачон бўлиб ўтиши ижодимдаги — номаълум бўлган ягона ҳолат. Асар “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” деб аталади. Ундаги воқеалар қайси вақтда ва нима ҳақда эканлигини ҳар бир китобхоннинг ўзи ҳал қилади. Бу ерда сюжетнинг ҳам унча аҳамияти йўқ. Қиссани яқин кунларда тугатсам керак…

* “Неделя” 1977 йил, №2

Манба: «Ҳуррият» газетаси

077Sahifa  Chingiz Aytmatov tavalludining 90 yilligiga bag’ishlanadi

Chingiz Aytmatov… Bu nom butun dunyo kitobxonlariga juda tanish va qadrli. Buyuk qirgʻiz yozuvchisi va jamoat arbobining vafoti haqida tarqalgan xabar jahon ahlini qaygʻuga soldi. Adib haqli ravishda oʻzbek xalqining ham sevimli yozuvchisiga aylangandi.

SOʻNMAS QUYOSH
Maʼsuma AHMЕDOVA tayyorlagan
09

045Chingiz Aytmatov… Bu nom butun dunyo kitobxonlariga juda tanish va qadrli. Buyuk qirgʻiz yozuvchisi va jamoat arbobining vafoti haqida tarqalgan xabar jahon ahlini qaygʻuga soldi. Adib haqli ravishda oʻzbek xalqining ham sevimli yozuvchisiga aylangandi.

Buyuk yozuvchining 80 yoshga toʻlishiga yarim yil qolgan edi… Chingiz Aytmatov Germaniyaning Nyurnberg shahridagi klinikada shu yilning 10 iyun kuni vafot etdi. Dafn marosimi 14 iyun kuni Qirgʻizistonda boʻlib oʻtdi. Ammo adibning oʻlmas merosi — betakror asarlari, samarali faoliyati soʻnmas quyosh kabi porlab turaveradi.

“Biz quyoshning soʻnishiga yoʻl qoʻya olamizmi?”. Zamonamizning alp adiblaridan, asarlari, shubhasiz,jahon mumtoz adabiyotini boyitgan Chingiz Aytmatov bundan oʻn bir yil muqaddam “Literaturnaya gazeta” tahririyatida boʻlib oʻtgan “Choʻqqida qolgan ovchining ohu zori” asari taqdimotida shunday degan edi.

Biz ajoyib soʻz ustasi, zabardast yozuvchi Chingiz Aytmatov yaratgan “Momo yer”, “Birinchi oʻqituvchi”, “Jamila”, “Sarvqomat dilbarim”, “Alvido, Gulsari”, “Erta qaytgan turnalar”, “Sohil boʻylab chopayotgan olapar” kabi dilbar qissalarni oʻqib, olamni, hayotni idrok etganmiz, ezgu hislarga oshno boʻlganmiz. “Asrga tatigulik kun”, “Qiyomat” romanlarining behad teran mohiyatidan, ajib timsollardan lol qolganmiz, “Kassandra tamgʻasi” romani falsafasidan oʻyga tolganmiz. Adibning sermahsul ijodi necha-necha isteʼdodlar namoyon boʻlishiga turtki boʻldi.

Yozuvchi Oʻrta Osiyodagi boshqa xalqlar singari oʻzbek adabiyotiga ham befarq boʻlmadi. Sanʼatimiz, adabiyotimizdagi har bir yangilikdan xabardor boʻlib turdi. Xususan, Oybek, Mirtemir, Zulfiya,Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirovlar ijodini eʼtirof etdi, hamisha xalqimizga samimiy, sidqidildan munosabatda boʻldi.

Chingiz Aytmatov haqli ravishda qadim Turkiston zamonaviy nasrining namoyandasi sifatida ellarimizni jahonga tanitdi. “Asrga tatigulik kun” romanidagi birgina manqurt obrazi jahon adabiyotida yangi hodisa emasmidi? Yozuvchi bitgan sara asarlar dunyo adabiyotining tarkibiy qismiga aylandi.

Uning qissalari, romanlari uslub jihatidan ham, janr jihatidan ham tubdan farq qiladi, bir-birini takrorlamaydi. Lekin birgina jihatdan oʻxshash — ular orasidan birorta nosamimiy asarni topolmaysiz. Samimiyat — Aytmatovning ilk qissalaridan to soʻnggi yillarda yaratgan falsafiy romanlarigacha yoʻgʻrilib ketgan. Davr ruhi bu asarlarga daxl qilolmaydi — hammavaqt kishiga birday taʼsir etadi, kitobxon bu kitoblarni har safar oʻqiganida yangi-yangi sifatlarni kashf qilaveradi. Uning asarlaridagi psixologizm kitobxonga juda kuchli taʼsir koʻrsatadi. Yozuvchi jamiyatning qatʼiy insoniy qadriyatlari, oʻzgarmas maʼnaviy qonuniyatlariga suyanib asar yozdi.

Chingiz Aytmatov — olamni nozik mushohada qiluvchi donishmand, inson qalbining eng teran, sirli torlarini chertishga qodir mohir musiqachi va faylasuf edi. Muallifdagi ana shu xislatlar uning soʻnggi romanlaridan biri — “Kassandra tamgʻasi”da yana bir bor oʻz aksini topdi.

Bolalik… Ijodkor qalbi sira qarimaydi. Bolalikning begʻubor, oppoq tuygʻulari adibni umri davomida tark etmadi, ana shu hislar uning goʻzal asarlariga yetakchi boʻldi. Yozuvchining “Bolaligim” avtobiografik qissasi fikrimizga dalil boʻla oladi.

“Choʻqqida qolgan ovchining ohu zori” asari — bu bir yoʻl, mangu savollar yoʻli. Bu savollarning koʻpi murakkab, koʻpi fojiali. Inson oʻziga oʻzi bu savollarni mardona bera turib, qoʻrquvni, ruhan tushkunlikni yengadi, zero, umidni yoʻq qilib boʻlmaydi.
Chingiz Aytmatov asarlari haqida yanada koʻp va xoʻp gapirish mumkin. Har bir davr kitobxoni yozuvchini oʻzicha, yangicha talqin etadi, yangi-yangi ohanglardan bahramand boʻladi.

Aytmatov zabardast yozuvchi, siyosiy arbob boʻlishi bilan birga katta soʻzlar bilan yoziluvchi grajdan ham edi. Yillar boʻldiki, xalqimiz boshiga qora kunlar tushdi, tuhmatlar yogʻildi. Yurtimizga mashʼum “Oʻzbek ishi” atalmish falokat yoʻladi.

Ana shunda Chingiz Aytmatov dadil oʻz soʻzini aytdi. Aytganda ham oʻzbeklarning jahon tamadduniga qoʻshgan hissasini baralla aytdi. Bu bizga madad boʻldi.
Oʻzbekiston Respublikasi hukumati yozuvchi xizmatlarini eʼtirof etdi, taqdirladi.

Chingiz Aytmatov maqola avvalida tilga olingan taqdimotda soʻzga chechan boʻlmagan himolayliklar yosh kelin-kuyovlarga tilak bildirishi haqidagi rivoyatni keltiradi va kitobxonlarga shunday istak bildiradi, “Men sizlarga kitlar muhabbatini, itlar sadoqatini tilayman”. U tabiat bilan insonni uzviy birga koʻrdi. Bu soʻzlar fikrimiz dalili.

Biz ulugʻ adib Chingiz ogʻa xotirasini yod etarkanmiz, eʼtiboringizga yozuvchi ijodining avj gullagan payti “Nedelya” gazetasida chop etilgan suhbatni havola etmoqdamiz. Zero, ushbu suhbat bugungi oʻquvchi uchun ham ahamiyatli deb oʻylaymiz.

Yana shu narsani ishonch bilan aytish mumkinki, chin ijodkor sira qarimaydi, oʻlmaydi, mangu yashaydi. Bizning xotiramizda yozuvchi Chingiz Aytmatov shunday hayotga, ijodga tashna, hali katta-katta asarlar yaratishga qodir bunyodkor timsolida qolaveradi.

044CHINGIZ AYTMATOV BILAN HAYOT VA ADABIYOT
HAQIDA SUHBAT*

08

— Chingiz Toʻraqulovich, adabiyot olamga qanday taʼsir koʻrsatadi? Shu haqda fikringiz?

— Adabiyot ish-harakatlarni yaqqol koʻrsatib turadigan sxema emas. Adabiyot — aynan emas, bilvosita, murakkablashgan koʻrinishda taqlid qilish, oʻxshash uchun namuna boʻla oladi. Baʼzan, “Bu kitobdan oʻrgansa boʻladi, bu kitobdan boʻlmaydi”, qabilida gaplar yuradi… Qarang, oʻsha oʻrganib boʻlmaydigan kitobdan ham oʻrgansa boʻladi! Lekin u oʻzicha saboq beradi, natijasi esa darhol koʻzga tashlanavermaydi. Kitobxonga ezgulik va yovuzlik chegaralari aniq-ravshan belgilab berilgan shartli sxema kerakmikan?

— Siz oʻz asarlaringizda goʻyoki tabiatga jon kiritib yuborganday boʻlasiz. Bundan kelib chiqadiki, siz uchun insonning tabiatga munosabati maʼnaviy mezonlardan biri hisoblanadi, shundaymi?

— Men inson tabiatni qadrlay bilishi, undan zavq, bahra olishi kerakligini bilaman. Shuni ham tushunib yetish kerakki, inson — tabiatning bir parchasi, tabiat unga yashash uchun berilgan makon, yashaganda ham faqat bir marta aql va zavq bilan yashashi kerak.

— Sizning koʻpgina asarlaringiz oʻsmir, bola tilidan yozilgan. Bolalik taassurotlari ijodingizda muhim rol oʻynaydimi?

— Yoʻq, bu men uchun shunchaki qulay usul. Oʻsmir olamni, insonlarni anglab yetishga harakat qiladi. Mening yangi qissamda ikki bola va qariya personajlari bor. Ulardan har biri oʻzlaricha aytmoqchi boʻlgan fikrimni bayon etishda yordam beradilar. Qariya — oʻz tajribalari bilan menga koʻmaklashadi. Bola esa fikrimni ravshanroq ifodalab beradi, baʼzan chol aytolmagan tomonlarni ochib tashlaydi. Biroq ikkovlari ham mening bir boʻlagim. Albatta, sanʼatkor bolalikdan bunyod boʻladi. Keyinchalik bilim-tajriba, aql-zakovat shaxsni toʻldiradi, shaklga soladi. Lekin bu hol yuz bermasligi va inson bolalarcha taʼsirchan, hassosligicha qolaverishi ham mumkin. Men ovulda katta boʻlganman. Inson tabiat qoʻynida, kishilar va shu tabiatga tegishli boʻlgan jonivorlar bilan oʻt-maysalar, daryolar va oʻrmonlar orasida ulgʻaysa, qanday ajoyib…

Shaharda-chi, shahar turmushida diqqat inson aql-zakovati barpo etgan narsalarga jamlanadi. Shahar zamonaviylikka yana fikrlash, tafakkurni ham qoʻshimcha qiladi. Men bolalik goh qishloq, goh shahar hayoti bilan almashinib turishi kerak, deb oʻylayman.

Bolalik fenomeni… Men bolalik taassurotlari bilan yashamaydigan hech bir odamni, ayniqsa, ijodkorni bilmayman. Axir “Oq kema” qissasining qahramoni qilib bola tanlangani bejiz emas-ku. Men bu bilan bola — iymon-diyonat homilasi, shaxs homilasi, bularning bari bolalikdan boshlanadi, degan fikrni uqtirmoqchi boʻlganman. Bu haqda hozirgi ilmiy-texnika taraqqiyoti, barcha axborot vositalarining universallashuvi avjiga chiqqan davrda jiddiy bosh qotirish kerak boʻladi. Qachonlardir bola ruhiyati, uning ong-shuuriga faqat ota-onasi, buva-buvisi, yaqin qarindoshlaridan yana kimdir taʼsir koʻrsatgan. Hozir ularning bu vazifalarini bolalar bogʻchalari, maktablar “tuya” qilmoqdalar. Bolalar bogʻchalari, maktab, bularning yaxshi, foydali tomonlari koʻp. Lekin ularning hammani baravarlashtirib, birxillashtirib qoʻyish jihatlarini ham inkor qilib boʻlmaydi. Hamma bolalar bir vaqtda bir telekoʻrsatuvni va bir xil filmlarni tomosha qiladilar. Bu hol esa hozirga qadar misli koʻrilmagan darajada estetik, maʼnaviy mezonlarning umumiy boʻlib qolishiga olib keladi. Bunda bola rivojlanishidagi individuallik, oʻziga xoslik qaysidir maʼnoda yoʻqoladi.

Shubhasiz, bolalik menda oʻz tamgʻasini qoldirgan. Men qiziqarli davrda tugʻilganim, Shakar ovulida, qadimgi patriarxal muhitda katta boʻlganim uchun taqdirimdan minnatdorman. Mening momom oqila, koʻp narsalarni biladigan, ziyrak, chevar va oqin ayol edi. Momom mening olamni poetik idrok etishim, anglashimga yordam berdi. U kishi aytib bergan ertaklar, qoʻshiqlar, rivoyatlar, u muloqotda boʻlgan odamlar — bari-bari menga oʻz taʼsirini oʻtkazmay qolmadi. Agar bir kuni erta tongda momom yuzida tabassum bilan, qoʻshni ayolning koʻzi yoriganini aytsa boʻldi, men oʻrnimdan dik etib turib yuvinishim, soʻngra ularni qutlagani birga borishim kerakligini bilar edim. Bu qoʻshninikiga borib, uni qutlashgina emas, avvalo koʻrishuv, har xil aytishuv, laparlar bilan tantana uyushtirish uchun ham vaj edi. Bunaqa bayramlarda hamma bolalar qatnashar, hech kim ularga chaqaloqni karamzor ichidan topib oldik, deb aytmas edi. Hozir bolalar kattalar hayotida kamroq qatnashadilar, ular bu paytda bolalar bogʻchasida shu bogʻchaga oid qoʻshiqlarni kuylab oʻtirgan boʻladilar. Mening fikrimcha, hech bir hodisa bolalarni chetlab oʻtmasligi kerak. Shundagina ular Shaxs boʻlib kamolga yetadilar.

— Shu yillar ichida Shakar ovulingiz ham oʻzgarib ketgandir?

— Oʻzgarganligi tabiiy. Otlarga qoʻshilgan omochlar endi yoʻq, mashinalar koʻp, keyin ish koʻlami ham boshqacha. Birdaniga necha yuz gektarlab yer haydaladi. Axir texnika — texnika-da, tezlik va surʼat ham shunga yarasha katta boʻladi! Ammo ot ilgarigiday insonga yaqin va qadrdon boʻlib qolaveradi. Qirgʻizchasiga aytadigan boʻlsak, “jonыbar”, otning joni bor.

— Aytmoqchi, “Qizil durachali sarviqomat dilbarim” qissangiz qahramoni Ilyos oʻz mashinasiga xuddi jonivorga qaraganday munosabatda boʻladi…

— Ha. U, ehtimol, otiga ham, hoʻkiziga ham shunday yaxshi muomala qilgan boʻlardi. Bunday odamning mashinaga xoʻjasizlarcha qarashdan ichi achishardi.

— Ezgulikning yovuzlikka qarshi kurashi, muhabbat, imon, burch kabi umrboqiy mavzular qatorida bugunning dolzarb mavzulari ham bor. Siz 70-yillar uchun bu mavzulardan qaysi birini dolzarb deb ajratgan boʻlardingiz?

— Menimcha, bu — urush, insonning urushda sinalishi, toblanishi mavzusidir. Men oʻzim urushda boʻlmaganman, lekin bolalik va oʻsmirlik yillarim shu davrga toʻgʻri kelgan. Urushdan urushning farqi bor. Ozodlik, mustaqillik, adolat uchun urush. Masalan, Ulugʻ Vatan urushini olsak. Bu qahramonlik, fidokorlik, ulkan harbiy hamda mehnat jasoratlarini koʻrsatish davri boʻldi. Biroq bu tajovuzkorlik, taʼmagirlik, manfaatlar urushi, adolatsiz urush ham boʻldiki, bu davrda insoniylik taqchil boʻldi. Bugungi sayyoramiz, dunyo koʻpgina ijtimoiy omillar keltirib chiqargan shafqatsizlik muammolari bilan toʻqnash kelmoqda. Baribir yuksak insoniy qadriyatlar, inson taqdiri mavzui oʻzgarmas, umrboqiy boʻlib qolaveradi. Insoniylikning antitezasi — shafqatsizlik.

Ham shafqatsizlikka qarshi kurasha turib, ham uni asarlarda koʻrsatsa boʻladimi?

— Faqat bu zavq, ilhom bilan tasvirlanmasligi kerak.

— Gʻarbda, masalan, vahima-dahshat teatri mavjudligini “ortiqcha havoni chiqarib yuborish klapani” zarurligi bilan oqlaydigan nazariyalar yaratildi. Ularning fikrlaricha, bunday tomosha insonga azaldan xos boʻlgan tajovuzkorlik energiyasini uning vujudidan chiqarib yuborishga xizmat qilar emish. Shu haqdagi fikringiz?

— Ortiqcha havoni chiqarib yuborish klapani… Yomon niyat bilan insonni shafqatsizlikka undashsa, u esa bunga qarshi turolmasa, bu holat koʻproq shafqatsizlikni ragʻbatlantiradi, hattoki kuchaytiradi. Shunday misollar ham borki, Gʻarbda tomoshabin dahshatli filmlarni koʻrib, beixtiyor ana shu qahramonlar harakatlarini takrorlagan.

— Moddiy hayot haqidagi fikringiz?

— Bu haqda mening fikrim qatʼiy, agar hayotda moddiy boylik maqsadga aylansa, shaxs tanazzulga yuz tutadi.

— Xuddi “Boʻtakoʻz” qissangizdagi Abakirga oʻxshab-a?

— Ha, Abakirga oʻxshab. Baʼzida pullar qanday bosib, ezib tashlashini odamlarning oʻzlari ham bilmay qoladilar. Buyumlarni haddan ortiq sevish, ularga hirs qoʻyish — vasvasa. Ayniqsa, baʼzilarning biror buyumga jiddiy munosabatda boʻlishlari mening gʻashimga tegadi. Aytaylik, hozir bizda, respublika chekkasida maʼlum turdagi palto urf boʻladi. Shu turdagi paltosi boʻlmagan ayol oʻzini xoʻrlanganday, kamsitilganday his qiladi. Buyumlarga boʻlgan bunday meshchanlarcha munosabat kishida gʻaraz uygʻotadi va u hammadan ajralib turish talvasasiga tushadi. Buyumlar muqaddas qadriyatlar qatorida hayot maʼnosi, maqsadiga aylanib qolmasligi kerak.

— Aytmoqchi, qissalaringizning asosiy personajlari — ayollar. Ulardan qaysi biri sizning idealingizga yaqinroq? Balki Jamiladir?

— Ideal haqida biror narsa deyish qiyin. Mening fikrimcha, umum qabul qilgan rasmga koʻra, eʼtiborga sazovor, munosib ayol tushunchasi mavjud. Bu tushuncha ayolning bari maʼnaviy fazilatlari, uning madaniyati, jozibasi, tashqi koʻrinishini oʻz ichiga oladi. Jamila — mening ayolni ilk marotaba romantik idrok qilishim mahsuli. Hozir Jamila boshqacha boʻlardi.

— Sizga insondagi qaysi xususiyat yoqmaydi?

— Mansabparastlik. Bunday odam biror martabaga erishaman deb haqiqatni gapirmaydi.

— Chingiz Toʻraqulovich, yumorga munosabatingiz qanday?

— Afsuski, doimo menda yumor yetishmaydi (men buni juda his qilaman). Yumor bilan yoza oladigan kishilarga juda havasim keladi. Bu men hazilni umuman tushunmayman, deganim emas. Kulishni yaxshi koʻraman, lekin hazil qilishni bilmayman. Bu alohida qobiliyat sanaladi. Men esa maʼyusroqman.

— Odatda yozuvchilar ikkita bir-biriga qarama-qarshi qoidaga amal qiladilar: “Yozolmasdan turolmaganingda yoz” yoki boʻlmasa “Har kuni, juda boʻlmaganda bir satrdan yoz”. Siz bularning qaysi biriga amal qilasiz?

— Men birinchi qoida boʻyicha ishlayman. Shunchaki, har kuni yoza olmayman. Ikkinchi qoida esa sen yangi ishni boshlaganingda qoʻl keladi. Oʻz tajribamdan kelib chiqib aytsam, agar boshlagan ishingni tashlab qoʻyadigan boʻlsang, koʻp narsani yoʻqotasan. Mana, hozir yangi qissamni tugatayapman. Endi men har kuni ishlashimga toʻgʻri kelyapti.

— Qissada tasvirlanayotgan voqea qaysi davrda boʻlib oʻtadi?

— Bu qiziq narsa. Qissa voqeasi qachon boʻlib oʻtishi ijodimdagi — nomaʼlum boʻlgan yagona holat. Asar “Sohil boʻylab chopayotgan olapar” deb ataladi. Undagi voqealar qaysi vaqtda va nima haqda ekanligini har bir kitobxonning oʻzi hal qiladi. Bu yerda syujetning ham uncha ahamiyati yoʻq. Qissani yaqin kunlarda tugatsam kerak…

* “Nedelya” 1977 yil, №2

Manba: “Hurriyat” gazetasi

054

(Tashriflar: umumiy 3 525, bugungi 1)

Izoh qoldiring