Mirkarim Osim. O’tror. Tarixiy qissa.

099

14 август – Таниқли ёзувчи ва таржимон Миркарим Осим таваллудига 106 йил тўлади.

613 йил савр ойининг бошларида эрталаб икки отлиқ тевараги баланд пахса девор билан ўралган чорбоғнинг дарвозаси олдига келиб эгардан тушди. Дарвозанинг икки тавақаси ланг очиқ. Дарвозабон эшик ёнида турарди. Эгнига мовутдан калта енгли тугмадор, оёғига уфка этик кийган, икки юзи қип-қизил, ғўлабирдан келган суворий отини етаклаганича эран-қаран дарвозадан кирди. Унинг ёнида кумуш дастали қилич, белида ўқ-ёй ва еттита ўқ солинган садоқ осиғлиқ. Иккинчи отлиқ — ёши йигирма бир-йигирма иккиларда бўлган новчагина йигит, қирчанғи отини етаклаб, унинг орқасидан эргашди. Мийиқлари сабз урган, дўрдоқ лаблари илжайиб турган бу йигитнинг елкасига ямоқ тушган, кўҳна этигининг пошнаси майишган.

0922

09 Тарихий мавзудаги асарлари билан эл-юрт оғзига тушган Миркарим Осим 1907-йили Тошкентда, зиёли оиласида дунёга келган. 1917—1920 йилларда «Шамс ул-урфон» номли бошланғич мактабда ўқиган. 1921—1924 йиллардаэса Наримонов номидаги таълим ва тарбия техникумида таҳсил кўрган. 1926 йилдан Москва Давлат педагогика институтининг тарих-иқтисод факультетида ўқиб, уни 1930 йилда тугатган. Сўнг Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш курсида, 1932 йилдан эса Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтида ишлаган.
Миркарим Осим ўз фаолиятини шеърлар ёзиш билан бошлади. Тарих фанидан қўлланма, тавсия, дарсликлар яратди. 1940 йилдан Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи «Астробод», «Алишер Навоий ва Дарвешали», «Бадарға», «Навоийнинг хислатлари», «Улуғбек ва Навоий» сингари тарихий қисса ва ҳикоялар ёза бошлади.
Миркарим Осим асарларини мавзу йўналиши бўйича уч катта гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Тарихий-қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар.
2. Тарихий-маиший мавзуидаги асарлар.
3. Тарихий-биографик асарлар.
Қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар жумласига ижодкорнинғ «Ўтрор», «Тўмарис», «Темур Малик», «Александр ва Спитамен» кабиларни киритиш мумкин.  Маиший мавзуидагиларга «Моҳлар ойим ва Хонпошша», «Карвон қўнғироғи», «Элчилар» каби асарлари киради.  Тарихий-биографик асарларининг намуналари қилиб адибнинг «Зулмат ичра нур» (Навоий ҳақида), «Жайҳун устида булутлар» (Беруний ҳақида), «Ибн Сино қисса-си», «Алжабрнинг туғилиши» (Ал-Хоразмий ҳақида), «Синган ситор» (Машраб ҳақида) каби қиссаларини кўрсатиш мумкин.
Миркарим Осим 40-йилларда Сталин қатағонининг бегуноҳ қурбонларидан бири бўлиб, кўп йиллар давомида шўро тузумининг жабр-жафоларини чекди. 50-йилларда ватанига қайтган санъаткор тарихий асарлар ёзишда давом этади. Нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлайди. Адибнинг 70 йиллиги муносабати билан унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилган.2001 йилда эса Ватан олдидаги унутилмас хизматларини инобатга олиб, унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.
Миркарим Осим 1984 йилда вафот этган.

5-56
Миркарим Осим
ЎТРОР
Қисса
03

613 йил савр ойининг бошларида эрталаб икки отлиқ тевараги баланд пахса девор билан ўралган чорбоғнинг дарвозаси олдига келиб эгардан тушди. Дарвозанинг икки тавақаси ланг очиқ. Дарвозабон эшик ёнида турарди. Эгнига мовутдан калта енгли тугмадор, оёғига уфка этик кийган, икки юзи қип-қизил, ғўлабирдан келган суворий отини етаклаганича эран-қаран дарвозадан кирди. Унинг ёнида кумуш дастали қилич, белида ўқ-ёй ва еттита ўқ солинган садоқ осиғлиқ. Иккинчи отлиқ — ёши йигирма бир-йигирма иккиларда бўлган новчагина йигит, қирчанғи отини етаклаб, унинг орқасидан эргашди. Мийиқлари сабз урган, дўрдоқ лаблари илжайиб турган бу йигитнинг елкасига ямоқ тушган, кўҳна этигининг пошнаси майишган.

Эшик ёнида турган дарвозабои биринчи отлиққа ҳурмат билан салом берди-да, иккинчи отлиққа истеҳзо билан қараб жилмайиб қўйди. Шу пайт ичкаридан бўз яктак кийган ориққина бир хизматкор югуриб чиқиб меҳмонларнинг отини етаклаганича отхонага олиб кириб кетди.

Боғдаги мева дарахтлари гуллаган, ҳаводан бол иси анқийди. Баҳор дарахтларни ёш келинлардек безатиб, устларига оқ, қизил қўйлак кийгизган, кокилларига гулоб сепган. Кишининг ёшлигини эслатувчи муаттар дарахтлар атрофида ширинликка ўч арилар ғўнғиллашиб учиб юришарди.
Бесаранжом чумчуқлар ясанган-тусанган дарахтларнинг гулларини чўқиб-чўқиб узиб ташламоқда, улар устида қалдирғочлар чарх уриб валфажри ўқийди.
Чорбоғнинг қоқ ўртасига қурилган баланд шийпон зиналаридан ўрта ёшли, миқтидан келган, қийиқ кўзли бир киши тушиб келаётибди. У ҳам гўё ҳозир урушга кетаётгандек қуролланган, ёнида кумуш дастали қилич, белида садоқ, қўлида ўқ-ёй. Биринчи меҳмон уни кўриши биланоқ ўн қадамча берида тўхтаб, индамай, ўнг қўлининг кафтини очиб, боши узра кўтарди-да, унинг учини ерга тегизиб таъзим қилди. Ранги ўчиб кетгаи ёш йигит ҳам шеригига тақлид қилиб, қўл учини ерга тегизиб, кейин қаддини ростлади. Боғ эгаси уларнинг таъзимига бош силкиш билан жавоб қилди-да, ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин қисқача сўради.
— Ҳа, Қулназар, не хабар?
— Минг қатла шукрким, сояи давлатларида эсон-омон юрибдирмиз. Юрт тинч, аҳоли дуойи жонларини қилиб ётибдурлар, — деди келган юзбоши. — Жанобларига бир хушхабар келтирдим.
— Қани, эшитайлик,— деди қўрғон эгаси мийиғида кулиб.
— Улуғ элчи Баҳоиддин Розий Чин-Мочиидан қайтаётган эрмишлар. Чопар келиб, тонгла Ўтрорда бўладурлар, — дсб хабар қилди.
— Дуруст. Дуруст,— деб қўйдп Инолчиқ бенарволик билан. Унинг қотмадан келган қорача юзи жиддий, ҳеч бир мушаги қимирламас эди. У қип-қизариб ерга қараб турган ёш йигитга савол назари билан тикилганча қолди.
— Бу йигит — Темиртош. Мен жанобларига айтиб эрдим,— деди юзбоши Қулназар,— Мана, энди хизматингизга ўз оёғи бирла келди.
Ўтрор шаҳар ҳокими Инолчиқ ўзига эпчил бир навкар топиб беришни юзбоши Қулназардан илтимос қилганди. Уруғ оқсоқолларидан бўлган бу одам оддий халқдан чиққан навкарларнинг садоқатли, ўз вазифасини бажону дил бажарадиган, мард бўлишини яхши биларди.
Инолчиқ Темиртошпинг узун қўлларига, йирик панжасига, сал букчайган гавдасига қараб: «Агар тарбият қилинса, яхши қиличбоз чпқади,— деб ўйлади. — Лекин томоқдан қисилиб ўсган йигитга ўхшайди, боқса одам бўлади». Темиртош эса ҳокимнинг қора соқолига, бақувват бўйнига, кийими остидан билиниб турган мушакларига қараб, «мой билан гўштни кўп еб, илиги тўлган», деб ўйлади.
— Ўқ отмоқ, от минмоқни билурмусен?— деб сўради ҳоким, у билан сўрашиб бўлгандан кейин.
— Ҳа, ўқни яхши отиб, отни яхши минурмен.
Инолчиқ садоғидан ўқ-ёйини ва битта ўқини олиб унга тутқазди-да, юз қадамча наридаги ёш теракни кўрсатиб:
— Мерган бўлсанг, ўшал оғочни қораға олиб отғил,— деди-да, ўзини четга олиб турди.
Темиртош ўқни ёй устига қўйиб, йўғонлиги одамнинг сопидек келадиган теракка қаради. Сўнгра оғир ўқ-ёйни аранг тортиб отди. Ўқ теракка бориб санчилди, икки ёнига пат қадалган думи загизгоннинг думидек ликиллаб тураверди.
— Офарин,— деди Қулназар юзбоши. — Яхши мерган бўлсанг-да, кучинг йўқ эркан.
У белидан ўқ-ёйни олиб, узоқ пойлаб ўтирмай, камон тортиб қўйиб юборган эди, ўқ ўша теракни тешиб ўтди. Темиртош қойил қолиб:
— Балли, куч-қувватдан берган экан,— деб юборди.
— Нима, сен юзбоши Қулназархўжа ҳамма кучинн қорнига тўплагон деб ўйлабми эрдинг? — деди у катта қориини кўрсатиб. — Ҳамма куч билакда. Истасанг, кучдан қарз бериб турай.
Ҳазил-мутойибага унча хуши бўлмаган Инолчиққа, юзбошининг гапи унча ёқмади шекилли, қошини чимириб:
— Бул йигитни хизматга олурмен,— деди Қулназарнинг бир туки йўқ қип-қизил башарасига қараб.— Сиз бу йигитни ўз бўлукингизга олиб, от минмоқ, қилич урмоқни ўргатинг.
— Бош устига,— деб таъзим қилди юзбоши, сўнгра кўзлари чақнаб кетган Темиртошга бурилиб гапира кетди: — Қилични шундай урмоқ керакдурким, ерга санчиб қўйилган қамишнинг таги қимир этмасун, кесилган учи қаватига тушиб, санчилиб қолсун. Сени шундай ўргатурмен.
— Соғ бўлинг, оға. Мен яхшиликни унутатурғон йигитлардин эрмасмен.
Инолчиқ бу соддадил йигитнинг чин юракдан чиқариб айтган гапига мийиғида кулиб қўйди-да:
— Қани, шийпонга марҳамат, сўйлашайлик,— деди.

054

ҚИССАНИНГ ТЎЛИҚ ҲОЛДА САLAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА ЎҚИШИНГИЗ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ВА ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

04

(Tashriflar: umumiy 160, bugungi 1)

Izoh qoldiring