15 may — Buyuk shoir va mutaffakir Umar Hayyom tavalludining 965 yilligi.

025


Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, Олам ва Одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром — бир хил:  ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади.

022

УМАР ХАЙЁМ
(1048—1131)

Улуғ файласуф, шоир, мунажжим, математик ва табиб бўлган Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий Эроннинг Нишопур шаҳрида туғилган. Аниқ фанлар соҳасида ўз даврининг ягонаси бўлган олим томонидан тузилган тақвим, манбаларнинг якдиллик билан гувоҳлик беришича, амалдаги Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Унинг риёзиёт, илми нужум ва фалсафага оид бир қанча асарлари бизгача етиб келган.
Умар Хайём Нишопур, Балх, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида ўқийди. Ривоятларга қараганда Салжуқийлар вазири Низомулмулк унга Нишопур ҳокимлигини таклиф қилади. Лекин Умар Хайём бунга рози бўлмайди. У 1074 йилдан бошлаб Исфахон расадхонаси ишларига раҳбарлик қилиб, математика, астрономия соҳасида тадқиқотлар олиб боради. Унинг математика, фалакиётшунослик, фалсафага оид бир қанча асарлари ва кашфиётлари маълум.
Масалан, 1077 йилда у юнон олими Эвклид китобига шарҳ ёзиб, бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб беради. 1079 йилда Хайём янги ислоҳ қилинган календар ишлаб чиқаради. Бу календар Европада ундан 500 йил кейин қабул қилинган ва ҳозирги вақтгача қўлланилаётган Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Шунингдек унинг «Рисолатул-кавн ват-таклиф» («Коинот ва унинг вазифалари»), «Рисола фил-вужуд» («Борлиқ ҳақида рисола»), «Рисола фи куллияти вужуд» («Борлиқ умумийлиги ҳақида рисола») каби асарлари ҳам машҳурдир.
Умар Хайём ўзини сира ҳам шоир деб ҳисобламаган. Рубоийларини илмий изланишлардан чарчаган пайтида турли дафгарларнинг ҳошиясига битган. Қисмат ўйинини қарангки, олим ўз умрининг асосий қисмини сарфлаган фаннинг турли соҳаларидаги буюк кашфиётлари бир чеккада қолиб, у иккинчи даражали ҳисоблаган рубоийлари Хайём номини дунёга таратди.
Умар Хайёмни дунёга машҳур қилган унинг рубоийларидир. Умар Хайём шоир бўлмаган, лекин ҳаёт ҳақида баъзи мулоҳазаларини 4 қаторлик шеър қилиб қоғозга тушириб қўяверган. ХVIII асрга қадар унинг рубоийлари ҳақида тадқиқотлар олиб борилмаган. У ҳақда дастлаб Оксфорд университети профессори Томас Гайд, ундан сўнг Фон Гомер Биргестел ва Меме Николослар тадқиқот олиб боришган. 1859 йили инглиз шоири ва таржимони Эдвард Фитжералд Умар Хайёмнинг 70 рубоийсини таржима қилиб эълон қилгандан сўнг, бу шеърлар жуда машҳур бўлиб кетган ва инглиз тилидан жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинган.
Хайём рубоийларининг сони турли маълумотларда 11 тадан 1200 тагача эканлиги айтилади. Хайёмга нисбат бериладиган рубоийларни у ёзганлигига ҳам турли шубҳалар мавжуд. Айниқса, замондошлари «катта илм эгаси, мутаффакир, тақводор зот эди» деб улуғлаган шоирнинг майхўрлик, енгил ҳаёт, айш-ишрат, куфр, даҳрийлик мавзуларидаги рубоийлари ишончсиздир. Бундай рубоийлар Исломга қарши баъзи тоифалар томонидан атайлаб тўқиб чиқарилган, деган маълумотлар бор. Ҳатто Лондонда сақланаётган Умар Хайём рубоиёти қўлёзмаси ҳам сохта эканлиги аниқланган.
Умар Хайём рубоийлари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Унинг фалсафий мазмуни теран ва бадиий жиҳатдан пишиқ рубоийлари атоқли мутаржим Ш. Шомуҳамедов таржимасида бир неча марта нашр этилган. Кейинчалик Ж. Камол шоир рубоийларидан бир қанчасини ўз арузий вазни билан ўзбек тилига ўгирди.
Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, Олам ва Одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром — бир хил: ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади.
Дунёвий фалсафа вакили сифатида Хайём дунёни ақл элагида элайди — Олам ва Одам муаммосини умумфалсафа мезони билан ўлчайди. Шу маънода, Хайём ижодида биз одамдан ҳам, оламдан ҳам устун турадиган — дунёни қамраб оладиган шафқатсиз фалсафага дуч келамиз. Лекин фаранг файласуфи Ларошфуко: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафа устидан тантана қилади», — дегани каби Умар Хайём рубоийлари ҳам буюк мутафаккирнинг фалсафий мезонларига бўйсунмаган, уларни ёриб чиққан залворли фикрлар пўртанаси, беором қалбига сиғмаган оташин туйғулар силсиласидир.
Агар шундай бўлмаганда, Хайёмнинг исёнкор шеърияти ҳам дунёга келмас эди.
Буюк олим, астроном Умар Хайём 1122 йили Нишопурда вафот этади.

099

РУБОИЙЛАР

***

Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадим ҳаромдан бир нафас озод,
Буюрганин қилмай юзим қародир.
Амрингдан ташқари ишларингдан дод!

***

Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси — жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи — гавҳари ҳам биз.

***

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланга фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.

***

Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидан-у, шоҳнинг бошидан,
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.

***

Бизлар бўлмасак ҳам жаҳон бўлғуси,
Бизлардан на ному нишон бўлғуси,
Аввал-ку йўқ эдик, етмовди ҳалал
Яна бўлмасак ҳам, ҳамон бўлғуси.

***

Бу ернинг юзида ҳар зарраки бор,
Бир замон бўлмишди ой юзли дилдор.
Нозанинлар юзин гардин аста арт
Гўзал чеҳра эди бир вақт бу ғубор.

***

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди.
Бир сир қолмабдики мавҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил.
Онгладим — ҳеч нарса маълум бўлмабди.

***

Сенинг мафтунингман берайин хабар,
Уни икки сўзла этай мухтасар:
Ишқинг тупроқ қилгай, аммо меҳрингдан
Бошимни кўтариб бўлгум жилвагар.

***

Кекса, ёш — ҳаётга ҳар кимки етар —
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадй,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.

***

Юрагим қонидан юз хона вайрон,
Уввос тортувимдан қўрқинч юз чандон,
Ҳар бир кипригимда қон дарёси бор,
Киприклар юмулса бошланур тўфон.

***

Афсуски йигитлик мавсуми битди,
Кўклам ўтиб кетди, қиш келиб етди,
Ёшлик деб аталган у севинч қуши
Билмадим, қачонлар келди-ю кетди.

***

Бу кўп эски равот, олам унга ном, —
Тун-кун тулпорига бор бунда ором.
Бу эски базм юзлаб Жамшиддан қолди,
Бу гўрда ётади юз-юзлаб Баҳром.

***

Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш юракда олов,
Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз.

***

Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод —
Яхшидир ер юзин қилгандан обод —
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.

***

Нокасдан сир беркит, дилингно боғла,
Аблаҳдан яширин бўлмоқни чоғла,
Кишилар жонига ўз қилимишинг кўр,
Сен ҳам шунга кўз тут, шуни сўроқла.

***

Бу кун келар экан, қўлингдан, зинҳор,
азизлар хотирин шод эт, эй дилдор.
Ҳуснинг салтанати турмас абадий,
Тўсатдан қўлингдан кетиши ҳам бор.

***

Мол-дунё ҳасрати қилмасин афгор,
Мангу яшар киши қани, қайда бор?
Бир неча нафасинг танда омонат,
Омонатга омонат бўлмоқлик даркор.

***

Аҳил бўлса олов ичра ҳам инсон,
Аҳил кишиларга олов ҳам осон.
Ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч,
Ноаҳил суҳбати ёмондан ёмон.

***

Ўзни доно билган уч-тўртта нодон
Eшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон.

***

Бир сўнгакка сордек қаноат қилғон,
Афзалдир нокасга бўлгандан меҳмон.
Нокаснинг шиннилик нонидан яхши
Ўзинг топиб еган бурда арпа нон.

***

Мисоли бир олтин кўза бу днё
Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо,
Шунча умрим бор деб керилма асло.
Эгарлоқдир ажал оти доимо.

***

Мени ҳалок этмиш ғаму ҳижронинг,
Eтагингни тутдим кетган замонинг.
Кетдинг-у ғамингдан минг кўнгил ўлди,
Қайтдинг, яна минг жон бўлди қурбонинг.

***

Токай пастлар хизматин этасан бажо,
Ҳар емишга пашшадек қилма жон фидо,
Бир нонни икки кун е, тортма миннат,
Ўзга нондан ўз дил қонинг кўп авло.

***

Ғайратинг сарф этсанг киймоқ, ичмоққа,
Арзийди бу ишни маъзур тутмоққа.
Ҳушёр бўл, қолганин бари арзимас
Умрингни сарф этиб, ўтиб кетмоққа.

***

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
Феруза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.

***

Бирор киши чиқиб ҳар замон, мана Мен, дейди,
Молу сийму зари бор чунон, мана Мен, дейди.
Иши ривож топиб турганда, бир куни ажал,
Пистирмадан чиқиб ногаҳон, мана, мен дейди.

***

Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.

***

Жонимиз бу танни тарк этиб кетар,
Икки ғишт гўримиз кўзин беркитар,
Кейин бошқа гўрга ғишт қўймоқ учун,
Бизнинг тупроқларни эзиб лой этар.

***

Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.

***

Дилим бўлган эди битта ёрга зор,
У ўзга бир ерда ғамга гирифтор.
Мен ундан ўзумга дору изласам,
Нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор.

***

Ўлик-тирик ишин тузаткувчисен,
Тарқоқ коинотни кузаткувчисен,
Ёмон бўлсам ҳамки, сенинг бандангман,
Мен нима ҳам қилай? Яратгувчи – Сен!

***

Тингланг бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади,
Иккиси бир-бирин топишгунча то,
Ўртада бу дунё адо бўлади.

***

Кулол дўконига ташлади назар,
Икки мингча кўза жим суҳбат қурар:
— Қайсимиз сотувчи, — деди бир кўза, —
Қайсимиз олувчи, қани кўзагар.

***

Бозорда бир кулол кўрсатиб ҳунар,
Бир бўлак хом лойни тепиб пишитар,
Лой инграб айтади: Ҳой, секинроқ теп,
Мен ҳам кулол эдим, сендек, биродар.

***

Кетишдан қўрқмайман мен бу дунёда,
Чунки у дунёда умрим зиёда.
Вақти етгач танда омонат жонни
Топширайин шундай бўлгач ирода.

***

Жаҳон ғамин ема дўстим беҳуда,
Ғам емагил жаҳон тирриқдир жуда,
Бори ўтиб кетди, йўғи ҳали йўқ,
Бор-йўқни ғам қилмай яша осуда.

***

Шуҳрат топсанг, кишилар ҳасади ёмон,
Ёлғиз қолсанг сендан қилишар гумон.
Хизр бўлсанг ҳамки ҳеч кимни билма,
Сени ҳам билмасин майли бирон жон.

***

Сўзимга қулоқ ос, эй дўсти аъло,
Дунё ишларини ўйлама асло.
Қаноат гўшасин айлабон макон,
Олам ишларини қилғил тамошо.

***

Умрим қиймоқдадир, дардим бе илож,
Роҳат қисқа, заҳмат топмоқда ривож.
Худога минг бора шукрки, бало
Ва кулфатга мени этмади муҳтож.

***

Бахтингдан ободлик шохи унса ҳам,
Ҳаётинг либоси бўлса-да, ҳуррам.
Тананг чодирига суянма кўпам,
Тўрттала қозиғи сустдир, эй одам.

***

Қайда камол топдинг, жононам ўзинг,
Ойни уялтирар тунда юлдузинг.
Базм учун юзларим безар гўзаллар,
Жаҳон базмин безар бир сенинг юзинг.

***

Агар мулкинг Миср, ё Рум ёки Чин,
Ё ҳукмингда бутун ер юзин тутгин,
Охир бу бойликдан олар ҳиссанг, бил:
Ўн газ кафан билан икки газ замин.

***

Ўзгартириб бўлмас не битмиш қалам,
Фақат дил хун бўлур тортаверсанг ғам,
Бутун умр жигар қонин ютсанг ҳам,
Умринг узайтириб бўлмас бирор дам.

***

Олма сардафтари ишқнинг имлоси,
Ёшлик қасидасин жилва зиёси.
Eй, ишқ оламидан хабарсиз, билғил,
Ишқ эмасми асли ҳаёт маъноси.

***

Кимсани ранжитма, ранжитма ҳайҳот,
Ғазабинг бировга сочмагил, эй зот.
Ўзинг ранж чеку, ҳеч кимни ранжитма,
Роҳат десанг агар ўзинг ғамга бот.

***

Муҳаббат ўтида ёнмаса кўнгил,
Ҳолига вой дегил бемору заҳил.
Муҳаббатсиз ўтган ҳар би кунинг, бил:
Умрингдан беҳуда кетмиш беҳосил.

***

Бир бурчакда қотган нонга қаноат,
Истамадим ундан ортиқ ҳашамат.
Жону дилдан ҳарид этдим фақирлик,
Фақирликдан ортиқ кўрмадим давлат.

***

Поку, аҳил, оқил кишига ўртқо —
Бўлу ноаҳилдан қочавер йироқ.
Доно сенга заҳар тутса ҳам ичгил,
Қўл чўзмагил шарбат тутса ҳам аҳмоқ.

***

Дардга чалинмиш бу дили вайронам,
Ишқдан уйғонмади сармаст жононам,
Ошиқлик шаробин берганлари кун
Жигарим қони-ла, тўлди паймонам.

***

Ҳикмат чодирини тиклади Хайём,
Андух кўрасида ёнди ул ноком.
Умр ипин кесди ажал қайчиси,
Хизматига охир шул эрди инъом.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари.

(Tashriflar: umumiy 2 974, bugungi 1)

Izoh qoldiring