Atoqli rejissyor Nabi G’aniev haqida xotiralar.

01115 cентябрь – Атоқли режиссёр Наби Ғаниев таваллуд топган кун.

   Отаси унинг касбини давом этдиришини истар эди. Аввалига диний, кейин шўро мактабида таҳсил олган ўғли эса киночи бўлишни истаб қолди. Табиийки, умрини қассоблик қилиб ўтказган Ғани акага бу фикр ёқмади. Аммо ўғли ўз сўзида қаътий туриб олгач, ноилож уни Москвага кузатди.Шу тариқа Ғани қассобнинг ўғли 1921-25 йилларда Москвада ўқиб, Тошкентга киночи бўлиб қайтди.Қассоб бўлишни истамаган бу ўжар ўғил буюк ўзбек кинорежисёри Наби Ғаниев  эди…

Умид Бекмуҳаммад
ҚАССОБ БЎЛМАГАН КИНОЧИ
01

055Отаси унинг касбини давом этдиришини истар эди. Аввалига диний, кейин шўро мактабида таҳсил олган ўғли эса киночи бўлишни истаб қолди.  Табиийки, умрини қассоблик қилиб ўтказган Ғани акага бу фикр ёқмади. Аммо ўғли ўз сўзида қаътий туриб олгач, ноилож уни Москвага кузатди. Шу тариқа Ғани қассобнинг ўғли 1921-25 йилларда Москвада ўқиб, Тошкентга киночи бўлиб қайтди.Қассоб бўлишни истамаган бу ўжар ўғил буюк ўзбек кинорежисёри Наби Ғаниев  (1904-1953) эди…

Афсуски, ўзбек киносининг юксалишига Худойберган Девонов, Сулаймон Хўжаевлар билан бир қаторда туриб катта ҳисса қўшган Наби Ғаниевнинг ҳаёт ва ижод йўли қийинчиликлар билан кечди. Унинг ўз қўли билан ёзилган 1952 йил 22 сентябрдаги “таржимаи ҳол”ида “Ўзбеккино” да директор, маслаҳатчи, режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаганлиги ёзилган. У 1928 йилдан мустақил равишда фильмлар ҳам ишлай бошлади.Хуллас, 1937 йилгача “Ҳокимият кимники?”, “Лотинлаштириш”, “Рамазон”, “Юксалиш”, “ Ажойиб-ғаройиб иш” “Ўлим қудуғи”, “Йигит” каби фильмларга режисёрлик қилди.

1930 йиллардаги шароитда, ҳали кўпчилик кинога нисбатан тасаввурида муттассибона фикрлар юритаётган дамда фильм суратга олишнинг ўзи жасорат эди.Мисол учун у Николай Кладонинг сценарийси бўйича “Юксалиш” фильмини суратга олиш ишларини эндигина якунлай деган пайт эди.Кунларнинг бирида тасодифан эпизодик ролга танланган бир қиз суратга тушишдан воз кечди.”Эпизоднинг ярмидан кўпи тасмага туширилган, озгина қолди, бошқа ижрочи топсак кечаги олинган кадрларни ҳам қайтадан суратга олиш керак.Кинотасма оз”,-деб унга тушинтирмоқчи бўлди Ғаниев. ”Нима бўлди экан? Нега бирданига суратга тушмай қўйди? Кеча яхшигина ижроси билан хурсанд қилган эди-ку!-ўзига савол берарди режиссёр.-Ёки уни хифа қилдими бирор киши?”.Бунинг сирини билиш учун қиз билан якка гаплашди:

-Синглим, менга очиғини айтинг.Нима бўлди ўзи?Суратга тушишни ҳоҳламасангиз кеча айтмайсизми?Наҳотки биз мажбур қилиб сизни суратга туширсак!
-Мени алдабсизлар,-ниҳоят гап чиқди қиздан.

-Нима деб алдабмиз?
-Суратга тушириб.Суратимга жоним ҳам ўтиб кетар экан-ку,-йиғлаб гапирди содда қиз,-кейин ўзим нимжон, чўпдай бўлиб қоларканман…Дўзахга тушсам, бир зумда ёниб кул бўлар эканман, жаннатга тушсам қалтироқ бўларканман.

-Ким айтди?
— Маҳалламиздаги хотинлар.

Бу суҳбатдан кейин бир эпизодда шу қизни қатнаш-қатнашмаслиги ҳақидагина эмас, балки бошқа жиддийроқ масала-ҳаваскорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш кераклиги ҳақида ўйлади Ғаниев. У чой дамлатиб, бафуржа гап бошлади:

-Сизга бир икки ҳикояни айтиб бераман.Навоийнинг достонларини эшитгандирсиз.Уларни ҳамма билади.Мусаввир Камолиддин Беҳзод шоирнинг замондоши бўлган.У Мавлоно Навоийнинг асарларига расм чизган.Улар менда ҳам бор.Хоҳласангиз эртага олиб келаман.Кўрсаиз.Беҳзоднинг жуда кўп шогирдлари бўлган.Хоразмда эса мана қирқ йилдан бери Худойберган Девонов деган киночи фильм сурат олаяпти.Сиз ҳозир кўриб турган актёрлар Эргаш Ҳамроев, Йўлдош Аъзамов ҳозиргача неча марта суратга тушдилар. Меним ўзим ҳам уч-тўрт фильмда роллар ижро қилдим.

Мен олдинроқ бир китоб ўқигандим. Унда ҳаракат туфайли икки тасвир бир-бирига уланиб, қўшилиб кетиши тўғрисида ёзилган.Кейин ўзим ҳам тажриба қилиб кўрдим.Оқ қоғознинг бир томонига қушнинг расмини чиздим, иккинчи томонида қафасни тасвирладим.Кейин шу икки тасвир тушган қоғозни тез айлантирсам, қуш қафасга кириб қолганга ўхшади.Ҳаракат туфайли кўзимиз икки тасвирни бир-бирига уласа керак-да.Кинода ҳам шундай эмасми? Сон-саноқсиз кадрлар бир йўла, узлуксиз кўз олдимиздан ўтиши туфайли улардаги тасвир ҳаракатга келади.Шу боисдан ҳам кинони баъзи санъатшунослар “ҳаракатчан сурат” деб аташган.Умуман олганда, ҳаётнинг ўзи ҳаракатдан иборат-ку.Инсон ҳаракатдан тўхтаса ҳаётдан тўхтайди.Демак, кино ҳам ҳаётнинг бўлаги, ёки бошқача айтганда кино тасмадаги ҳаётдир!…»

Хуллас ўша куни режиссёр авом халққа кино санъати, унинг вазифалари тўғрисида гапириб берди.Ҳа, ўша ситамли йилларда янгиликка авомнинг ўрганиши қийин кечган.Наби Ғаниев ана шундай шароитда яшаб ижод қилди.

1937 йилда уни Абдулла Қодирийнинг маслакдош дўсти бўлганлиги, “Ҳокимият кимники?” фильмида фожиаларга тўла ҳаққоний ҳужжатли фильм ишлаб, шўро давлатининг истиқболига шубҳа билдиргани учун аксиинқилобчиликда айблаб, ҳибсга оладилар. Шу тариқа режиссёр 27 ой авахтада жабр тортиб, 1939 йилда қамоқдан озод қилинади.

Наби Ғаниев ҳибсга олинишидан олдин—1937 йил 2 августда Москвага хат йўллаб, кино соҳаси олдида турган муаммоларни тилга олган эди: “ …Ижодларини эндигина бошлаётган, кино сирларини ўрганаётган ёшларга дўстона танқид фойдали бўларди.Лекин, бахтга қарши, кинофабрикада ҳар ким фақат ўз манфаатини ўйлаши одат тусига кириб қолди. Тажриба ўрганилмади.Таниш билишмовчилик авжига чиқди…”

“..Бошқа республикалардан таклиф этилган режиссёрлар, асосан, пул ишлаш учун келардилар.Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутлақо иш олиб бормасдилар…”.
“…Шуниси ачинарлики, танқидий мулоҳазалар, таклифлар ўрнини мақтовлар эгаллади…”
“..Режиссёр драматург эмас.У сценарий ёза олиши шарт эмас…”.
“..Кинодраматурглар йўқлиги, бинобарин, сценарий танқислиги бизга тўсқинлик қилмоқда…”.

Хуллас, Наби Ғаниев кинони ривожлантиришга доир шу каби мулоҳазаларини, таклифларини билдирган.Айни пайтда, ўзининг 1937 йил 12 апрелда аксилинқилобий фильмлар ишлаганликда айбланганини, кинофабрикадан бўшатиб юборилганини асоссиз деб ёзади.

Бироқ… бироқ у қамоқда 27 ой ноҳақ ётиб чиқади.Эътиборлиси шундаки, Наби ака ҳибсдан озод этиладиган бўлгач, у “ Мени кимлар қаматганини айтмас экансиз, бу ердан чиқмайман” дея дадил туради.Шунда уни суд залида туҳматчилар билан юзлаштиришга мажбур бўлган эканлар…

Ниҳоят у ҳибсдан озод этилганидан кейин ҳам кузатув остида бўлади. Наби Ғаниев бутуниттифоқ санъат бошқармаси бошлиғи Кержанцевга йўллаган юқоридаги мактубидаги мулоҳазаларини, қамоқдан чиққач, ўзи амалга оширишга киришади.

032“Биз енгамиз”, “Жангчи дўстлар”, “Насриддин Бухорода” каби фильмларни яратди.Бу пайтда иккинчи жаҳон уруши бошланганди. Жамият фронтга жалб этилиб, кино нечанчидир даражага тушиб қолган давр эди. Шу йилларда у “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” каби фильмларни суратга олди. Бу ишга дастлаб марказ рухсат бермади.Уларнинг фикрича: “Ҳамма қайғуга ботган пайтда, халқ достонини, Афандини суратга олиш шартми?”.

Наби Ғаниев эса аксинча, халқ қайғу аламга ботган пайтда, унинг кўнглини кўтариш учун ҳам қувноқ воқеалар акс этган фильмлар яратиш зарур, деб билди ва фикрини марказдагиларга асослаб берди. Халқ қаҳрамонининг оддийлиги, қувноқ ва донолигини, халқ оғзаки ижоди орқали тилдан-тилга ўтиб юрган достон, латифаларни экранга кўчирди.Ғаниевнинг назарида, кино қанчалик мукаммал, замонавий техника, малакали мутахассислар билан таъминланмасин, аввало, миллий мерос пойдевор,эстетик ғоя вазифасини ўташи керак эди. Ана шундай жўшқин руҳда ишлаган Наби ака , қаттиқ бетоб бўлиб қолганига қарамай, “ Алпомиш” достонини ҳам фильм қилишга уринди. Ҳаттоки,Барчин ролини ўйнашни Юлдуз Ризаева (“Тоҳир ва Зуҳра” даги Зуҳра) га тобширади.Аммо марказ бунга рухсат бермади.

Бунинг устига, баъзи ҳасадгўйлар яна 1937 йилдаги каби 1948 йилда ҳам уни турли баҳоналар билан айблашга ҳаракат қилиб кўрдилар.Бу сафар халқ меҳрини қозонган санъаткорга қаттиқ огоҳлантириш, ҳайфсан бериш билан кифояланишди.Аммо доимий кузатув, тирноқ остидан кир қидириш давом этаверади.

Ғаниев эса бунга парво қилмай, ҳасадгўйлар иғвосини ўзига оғир олмай, кинога ҳаётини бағишлади.”Фарғона қизи”, “Ўзбек рақс усталари” ,” Биз енгамиз”, “ Довюрак дўстлар”, “Қорақалпоқ диёрида”, “Канаш”, каби бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олди. Ўзбек киносини юксалтириш, дунё даражасига олиб чиқиш йўлидаги тажрибалари асосида мақолалар, “ Киноактёр” ва “ Киноценарий” номли китоблар ёзди.Катта иродаси, тафаккури билан оғир-суронли, қиронли давр довулларига дош бериб, умрбоқий асарлар ярата олди.

Хуллас, яратган асарларига Наби Ғанизода дея имзо қўйган Ғани қассобнинг ўғли киночи сифатида шундай фаолият кўрсатди.Гарчи у 1953 йил 29 октябр куни вафот этган бўлсада, яратган асарлари барҳаёт.

Болалиги ва ёшлиги Ўзбекистонда кечган, кейин ҳам бир неча йиллар давомида Тошкентда яшаган Россиялик адиб Виктор Виткович 1967 йилда Москвадаги “Молодая гвардия” нашриётида “Давомли мактублар” асарини чоп қилдирганди.Ўрта Осиёлик кўплаб кишилар билан дўст тутинган адиб, Наби Ғаниевнинг ҳам яқин ошноси бўлган. Виткович Наби Ғаниев режиссёрлик қилган “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмининг сценарий муаллифидир.

У ўз асарида ўзбек кинорежисёри тўғрисида қуйидаги хотираларни қолдирганки, улар орқали адибнинг ҳаёти қандай кечганлигини билиб оламиз. Виткович ҳангомаларидан кейин яна мақоламизни давом эттирамиз.

 

Виктор Виткович
«ДАВОМЛИ МАКТУБЛАР» КИТОБИДАН
01

1964 йил 9 апрель. Тошкент. Тошкентда жудаям зўр киностудия қуришган. Европадаги ҳамма студиялар унга ҳавас қилса арзийди. Томоша қилиб юрдим.. Дарвозасидаги лавҳага “Наби Ғаниев номидаги “Ўзбекфильм” киностудияси “ деб ёзилган. Очиғини айтсам, бу ёзув ҳали йўқ. Уни ҳозирча фақат мен хаёлан кўрдим. Лекин шунга аминманки, яқин кунларда кишилар киностудия дарвозасида Наби Ғаниев номини албатта кўрадилар. Ахир у ҳар бир аппарат учун жон куйдириб югурган, ҳар бир михни ташиб келтириб буни ўзи ташкил этган эди-ку!  У халқига кино санъатининг йўлини кенг очиб, ўзи студиянинг биринчи директори бўлган.”Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмлари билан ўзбек киночилигига шуҳрат келтирди, миллий кадрларни тарбиялаш соҳасида ҳам катта ишлар қилди.

Ундан қарийиб эллик беш йил муқаддам Наби Ғаниевнинг отаси ( улар Тошкентнинг “Эски” шаҳарида туришарди) ўғлини мусулмон мактабига етаклаб келиб, муллага:
-Ўғлимнинг суяги меники, гўшти сизники.нима қилсангиз ҳам уни ўқитинг.Агар менинг ўғлим ҳақиқий ўзбек, оллоҳнинг садоқатли қули бўлиб етишмаса, унда..мен қассобман. Қанча-қанча қўйларни бўғизлаганман.бир болани корини қилиш менга ҳеч гап эмас,-деган.

Орадан бир неча йил ўтиб, 1921 йилда Наби Ғаниев уйидан қочади. Москвадаги “Вхутемас” театр мактабига ўқишга кетганда, имом унинг отасини чақиртириб:
-Маҳалла масчитида ҳамманинг олдида ўғлингни оқ қиласан,-деди. Лекин бу даврда давр шабадаси чолнинг ҳам бағрига теккан, дунёқарашига ўзгаришлар киритиб қўйган эди.Шу боис муллага тик қараб:
-Ўйлайманки, ўғлим мени шарманда қилиб, ерга қаратмас,-деб жавоб берди.У ўзи учун энди масчит дарвозаси бекилганини билса-да, имомнинг буйруғини бажармади, ўғлини оқ қилмади.

Икки йиллик ўқишдан кейин Наби Ғаниев уйига таътилга қайтаётганда йўлда Самарага тушиб, вокзалдаги сартарошхонада сочини қирдирди.Вокзалга етиб келганда костюм-шимини, шапкасини чамадонга беркитди.Ўзбек яктагини кийди.Бошида қалпоқ..У “мусулмон боласи” бўлиб, отасининг танг аҳволини енгиллаштирмоқчи эди.

Орадан бир неча йил ўтиб, Наби Ғаниев “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини тайёрлаётганда, отаси уни бир кун ёлғиз учратиб , сўради:
-Ўғлим, менга тўғрисини айт, сендан ўзи дурустроқ одам чиқдими, йўқми?
-Агар чиқмасачи?
-Унда бирор инженерликками, дўхтирликками бориб яна ўқиб кел.

Наби Ғаниев ва унинг оиласининг тарихи — ўзбек халқининг тарихидир. У ҳазиллашганда ёки санъат ҳақида гапирганида кулча юзи, қалин лаблари, мўғулларникидек қисиқроқ кўзлари жонланиб, чеҳраси яшнаб кетарди.

Гаплашганида халқ мақолларини жуда усталик билан ўрнида айтарди.Айрим пайтларда ўзи сезмаган ҳолда мақоллар тўқиб юбораверарди.мен шулардан айримларини ҳузур қилиб эшитиб, ёзиб қўйганман.ана ўшалар: рассом ҳаддан ташқари ялтироқ, кўзга ташланадиган кийимлар лойиҳасини келтирганда: “Ёрқин бўёқлар тез айниб, оқариб қолади”-дерди.Кулгили ролда ўйнаётган актёр атайлаб кулдириш учун сохта қилиқлар қилганда: “Алда! Ҳа, алдашни биларкансан, алдайвер! Лекин ҳеч вақт оёғинг заминдан узилмасин” деб пичинг отарди.Гоҳо айрим ёш режиссёрлар, мен яратган манзара ёмон кўринсада, аслида яхши, чунки,Эйзенштейн усулидан фойдаландим, дейишганда, “Қарға ғозга тақлид қиламан деб оёғини чиқариб қўйган экан” дерди.Фильм тайёр бўлиб, экранларга чиққандан кейин уни суратга қандай олиш кераклиги тўғрисида маслаҳат берган танқидчига эса: “бировнинг қўли билан илонни ушлаш осон” дерди.минбарга чиқиб олиб, фильмда севги, муҳаббатни қандай ифодалаш кераклиги тўғрисида ваъз айтаётган ўсмирга секингина гап отиб қўярди: “капалак қор ҳақида мулоҳаза юритган экан…”

Ҳамма кулди. Кишилар нима дейишларини билмай қолдилар.Шу билан бу мавзудаги гап тугаган эди.

Муҳаббат нималигини у биларди.”Паранжи остидан кўринган чеҳра, булутлар орасидан чиққан қуёшга ўхшайди”. Наби Ғаниев хотини Мақсума билан қандай танишганини ҳикоя қилиб берганида мен шу иборани ёзиб қўйган эдим.У йигирма олтинчи йилда рабфакдаги ҳаваскорлар тўгарагига раҳбарлик қилган.Шунда ақсума бошига паранжи ёпиниб, Эски шаҳардан ўқишга қатнаб юрарди.

Бахтли кунлар ҳам кўп бўлди…

Тўйдан кейин бир йил ўтгач, Мақсума умрида биринчи марта уйидан кўчага паранжисиз чиқди. Наби билан қўл ушлашиб, уялганидан атрофга қарашга қўрқиб, бошини хам қилиб ўз кўчасидан ўтди.Бу воқеани айтганида унинг кўзларида ёш ҳалқаланди.У хотинини севар, тўрт фарзандини сидқидилдан яхши кўрарди.У бу воқеаларни менга ўз ҳаётининг энг ночор, мушкул дамларида ҳикоя қилиб берган бўлса-да, мен унинг оиласига меҳри зўрлигини сезиб юрардим.

“Лочин севмаслиги керак. Лочиннинг ишқ дардига мубтало бўлгани -ўлганидир”,-дейишади афғонлар. Наби Ғаниев эса лочин эди.У куч-қувватга тўлиб, санъат бобида камолга етган даври эди.У билан бутун республика ,оиласи ҳам фахрланарди.Шу дамда у севгига мубтало бўлди.Йўқ, бу сўз унинг ҳисларини тасвирлашга ожиздир.У бир қизни қаттиқ севиб қолдию, эс-ҳушини ҳам йўқотиб қўйди.

У тунлари ухламасди. Ҳазил-мутойиба қилиб, ўз ҳис-ҳаяжонларини кулгига йўймоққа уринардию, кўзларидан ёш қуйилиб келаверарди.Ўзининг бу ночор аҳволидан қандай йўл билан қутилишни, нима қилишни билмасди.Дунёда шунақа савдолар ҳам борлигига аста-секин ишона бошлади.Киночилардан бирови унинг севгилиси шаънига туҳмат гап айтиб, бадном қилмоқчи бўлганида, Наби Ғаниев уни иккинчи қаватдан ташлаб юбораёзган эди.Ҳа, шу ерда ҳозир бўлган кишилар таъна тоши отган киночини қаҳрланган мажнуннинг чангалидан зўрға қутқариб қолган эдилар.

У бу бахт ўзига насиб этмаслигини, бунга ҳаққи ҳам йўқлигини биларди.У жондан севган оиласини доғда қолдира олмасди ҳам.Ўзбекистон шароитида эса бу бутунлай таъқиқланган , у уйдан кетиш ҳақида хаёл ҳам қила олмасди.Шу сабабли у севгилисининг номусини сақлаш учун муҳаббатини ҳаммадан пинҳон тутишга мажбур эди.Лекин ошиқ ўз муҳаббатини бегона кўзлардан пинҳон тутиб юришга қодирми?!

“Бир ит сояни кўриб ирилласа, юзта кучук унга қўшилиб вовиллайди”.

Ҳар қандай истеъдодли киши каби Наби Ғаниев нинг ҳам ҳасадчилари, ичи қора душманлари бор эди.Унга суқланиб юрган аламзадалар ҳам бўлган.

Тошкентликлар орасида, айниқса, бир вақтлар савдо билан шуғулланган табақа кишилари орасида мусулмон шариатининг урф-одатлари сақланиб қолган. Бу одатга кўра киши ўз ҳаяжонини очиқ ошкор қилмаслиги, вазминлик билан “маъқул, ёмон эмас” деб қўйиши керак. Бировдан ниҳоятда ғазабланганда: “Қандай ифлос махлуқ бу!” демасдан, “Эътиборга нолойиқ кимса экан” , дейиши расм бўлган.ракдан кулиб, бутун вужуди билан ғазабланадиган Наби Ғаниевга бунақа мешчанлик ёт эди.Унинг очиқ, самимий кулгиси, севинчи, адолатли ғазаби айрим кишиларнинг ғашини келтирди.Улар Ғаниевда бу “соя-доғ”ни кўриб, нуқсонини топдик деб шодланиб кетдилар.Шундан кейин Наби Ғаниевнинг “хулқ атворини” муҳокама қилишга чақиришлари ўз-ўзидан маълум эди.

Биров , у қандай одам бўлишидан қаътий назар, панд-насиҳатлар билан мажнунни ишқ дардидан қутқара олармиди?! Мен мажнун сўзини такрорлаяпман. Наби Ғаниев севгидан эсанкираб қолган киши эди.Ҳаётда бунақа севгини бошидан кечирмаган, ёки унинг бир қиррасинигина кўрган кишилар бор.Унақа кишилар бу куйга тушганларнинг аҳволини ҳеч вақт тушуна олмайдилар.

Менинг бир дўстим бор, сен уни биласан, нозик табиатли, ақлли киши, хотинлар уни жуда ёқтиришади.У эса “севги” деган сўзни эшитса ғаши келади,энсаси қотади.У сохталикни ёқтирмайди,севгини эса сохта нарса деб тушунади.Шу сабабли у билан севги ҳақида баҳслашсанг бирор маънилик гап эшитмайсан.Эҳтимол у хотинларнинг ишончини жуда осонлик билан қозонишга кўникиб қолгани учун ҳам севги деб аталмиш тийран, буюк туйғунинг асл маъносига тушуна олмагандир? Ёки тақдир уни бу туйғудан бенасиб қилиб яратгандир? Ёки тескариси, уни севги азобларидан соқит қилгандир?унки севги бор ерда дилхасталик ,маъюслик бўлади, бу икки туйғу доим ҳамроҳ, бирга юради. Қайноқ севги йўлида доимо сон-саноқсиз тўғаноқлар учраб туради…

Наби Ғаниевни севгисига иқрор қилдиролмай райком инструктори жуда хафа бўлди.У бу туйғусини ҳеч кимга, ҳатто узоқ жойдан келган дўсти-менга ҳам айтмаган эди.У ўша севган қизга ҳам буни ошкор қилмаган бўлса керак.Ҳар ҳолда, у ҳақиқий ошиқлардек буни ҳам мендан яширди.

Райкомда у ҳазил қилмоқчи бўлди:
-Нима қилай, юрагим тортган ёққа оёқларим ўзи чопиб кетаверса!

Лекин райком инструктори ҳазилни тушунадиган одамлар хилидан эмас экан. Наби Ғаниев панд-насиҳатларни эшитишдан ташқари, ҳайфсан ҳам олди.еккан ғам-аламни ифодалашга сўзлар ожизлик қилади.
-Унинг ҳақида ғийбат тарқатаётган тилларни кесиш учун, — деди куюниб Ғаниев,- мен ўлишим керак.

Аноним хатлар битаётганлар ҳақида эса:
-Агар уларнинг виждони бўлса қора доғ билан қопланарди,- деди.

Худди ана шу кунларда,- Эҳтимол ёнингда яшаётган кишига нисбатан узоқдан келган кишига юрагингни очиш осондир,- Наби Ғаниев менга ўз ҳаётини гапириб берди.

Бу санъаткор ва инсоннинг эътиқоди, иқрори эди.

У ҳикоя қилди:
— …Илгари мен Мажнуннинг севгиси тўқима, сохта деб юрардим! Энди тушундим: бу чиндан ҳам бўлган, замондошларини ларзага солган чин севги тарихи экан.

У яна сўзлай бошлади:
044-…Тоҳир ва Зуҳра тўғрисидаги халқ афсонасининг туркманча нусхасида шундай бир лавҳа бор: Тоҳирни қароқчилар ушлаб олишади.У Зуҳрани севишини айтганида, ҳаммаси уни мазах қилиб кулишади.Қароқчиларнинг саркори: “юрагингда шундай севги борлигини бизларга исботлаб бер”-дейди.Тоҳир шунда: “Ёнимга кел!” дейди.У кулади.Шунда Тоҳир Зуҳро сиймосини кўз олдига келтириб, кўкрагига муштлайди.Оғзини очиб, уф деганида ичидан аланга чиқиб, қароқчининг соқолини куйдиради.Шундагина улар ишониб,”индан ҳам севаркансан!” деб уни озод қилиб юборишади.Оҳ, қани энди мен уни жонимдан ҳам ортиқроқ севишимни исбот қилиб бера олсайдим!Улар эса менинг тўғримда ҳар хил фикрларга боришади, мени…-У тажанг бўлиб, қўлини силтади.

Мен эса райком инструкторининг соқоли куяётганини кўз олдимга келтириб, кулгим қистади.Ўзимни тутиб туролмадим. Наби Ғаниевнинг қора булутдек қовоғи осилди.Мен нимадан кулаётганимни унга айтдим.у ҳазилга тушунадиган киши бўлса-да, шунда ҳам чеҳраси ёришмади.Ниҳоятда эзилган, умидсизланган экан. Ниҳоят юзи бир оз ёришиб, ўйчан қиёфага кирди:
-Ажаб, севги нималигини билмайдиганлар ҳам ўлиб кетади-я….

Буни қара, у ўша пайтдаёқ, кўп кишилар яшаб, қайноқ, ғолибона севгининг нималигини билмай, ундан бебаҳра кетадилар, чунки улар севгига ишонмайдилар, деган эди-я.

У менга ҳаётининг болалик даврларидан бошлаб ҳикоя қилиб берган эди.Эҳтимол ўша дамларни эслаш, кўз олдига келтириш, воқеаларни хаёл тарозусига солиб кўриш учун ҳам ҳаётининг икир-чикирларини эслаган, хотини Мақсума билан қандай учрашгани, севгани, севаётганини айтгандир.

Сен мендан: қандай қилиб бир вақтнинг ўзида икки кишини севиш мумкин деб сўрарсан. Афсуски, бировнинг бахти ва бировнинг бахтсизлиги эвазига ҳаётда ана шундай воқеалар бўлиб туради.Тўғри, ишқ бошқа, ҳавас бошқа,мен ҳавас тўғрисида эмас, ҳақиқий муҳаббат тўғрисида мулоҳаза юритаяпман.Бу учовидан энг бахтсизи-ҳар иккала севгилисидан ҳам кўнгил уза олмай, юрак-бағри қон бўлган кишидир.Айниқса Наби Ғаниевдек очиқ кўнгил, самимий одам бу куйга тушса жуда мушкул.

Мен маъюс хаёллар оғушида Москвага жўнаб кетдим.унга бирор ёрдам беролмадим. Ночор аҳволда қолганида у : “ мен томоғига чаён тиқилиб қолган ўша қизга ўхшайман”, деган эди. Бу ибора ҳеч миямдан чиқмайди.Тошкентда ўша пайт бу воқеани эшитмаган киши қолмаган бўлса керак.Бир қиз шошиб турганида чойнакнинг жўмрагидан чой ичган.Жўмракда чаён турган экан.Қиз билмай ичиб юборган.чаён унинг томоғида қолиб, чаққан.Унга тиббий ёрдам кўрсатишгунча, томоғи шишиб, ўлган.

069Орадан вақт ўтиб, Наби Ғаниев оғир касал бўлиб, ўлганини эшитдим.Кейинчалик менга, у илгаригидек ғайрат, жўшқинлик билан ишлаганлигини айтишди.У сеҳрли мушкулот тузоғига бутунлай ўралашиб қолган.Бошини қаерга уришни билмаган, ича бошлаган.Фақат иш пайтида, сураътга олиш майдонида овунар, илҳом ва қувонч билан ишлаб, чеҳраси ёришарди.Ҳолбуки, у бир неча тунларни бедор ўтказган,сўнг яна..умидсизлик, маъюслик.

Нима бўлса ҳам у вафот этди.Жамоатчилик тушунчасида эса унинг номи кейинги йилларгача бадном бўлиб келди.Йиғинларда унинг номини ҳурмат билан тилга олишади. Унинг фожиали севги ҳақидаги афсона-фильми “Тоҳир ва Зуҳра” томошабинларни жалб этиши жиҳатидан мамлакатда дуруст ўринлардан бирини эгаллади. ”Насриддиннинг саргузашти” комедияси эса кино санъатининг классик асари сифатида ҳозир яна кўп нусхада кўчирилди.Уни янги-янги авлодлар томоша қиладилар.

Наби Ғаниев вафот этганига анча бўлди. Ибн Ҳазм “Марваридлар шодаси” китобида ёзган экан: “Уни муҳаббат ҳалок этди, унинг қони учун хун ҳам олинмайди, қасос ҳам” деб ёзган экан.У буни тушунарди. Буни бошқалар ҳам албатта англаб қолишар.

Шу сабабли мен у орзу қилган, югуриб-елган, янги техника билан жиҳозланган ҳозирги студия дарвозаси пештоқига Наби Ғаниевнинг номи қўйилишига ишонаман.
Наби Ғаниевнинг номи-соф юрак ва виждон қалқонидир. Бу хислатлар эса студияга жуда зарурдир.

Студиянинг қизил бурчагида сенга хат ёзаётганимда Наби Ғаниевни эсладим-у, ўзимдан ўзим уялиб кетдим: Вафот этганидан буён уйига бирор марта борганим ҳам, оиласининг аҳволидан хабар олганим ҳам йўқ! Янги уйга кўчишган деб эшитувдим.Адресларини билиб, таксига ўтирдим.

Дарвозани Набининг қизи Чарос очди.Унинг табассуми отасини эслатади.Қизнинг орқасида занжирга боғлиқ ит ҳураяпди. Чарос мени уйга таклиф қилди.Дарҳол дастурхон ёзиб, узум, ёнғоқ, писта, ҳолва келтирди. Мақсума уйда йўқ экан.

Ён томондаги хона болаларга тўла.Ўғиллар ва келинлар, бирор мавруд бормикан, билаларини кампирнинг олдига қолдириб кетишибди.болалар ҳовлига чопиб чиқишади,уйга югуриб киришади,-ҳаммаси ўйин билан машғул.Бироз тоби қочган катта невара қўшни хонада кўрпа-тўшак қилиб ётибди.Радиодан ўзбек куйлари эшитилиб турибди.

Меним юрагим ачишиб кетди: болаларнинг шундай ўйнаб юришганини кўрса, Наби қандай суюнарди! Уйни қаранг-а, хоналар ёруғ, кенг! Набининг эса бутун умри кичик, пастқам кулбаларда ўтиб кетди.
Оиланинг кенжа фарзанди- Чаросни отаси жуда севарди. Ҳамма ерга, ҳатто кино суратга олинаётганда ҳам уни эргаштириб борарди.Ҳозир Чарос йигирма уч ёшда.химия факултетини битирган.Лабораторияда ишлайди.

Онаси келгунча мени зериктириб қўймаслик учун отасининг расмларини олиб чиқди. Суратлар ичида Набининг ёшлигида Москвада калта, тор шим ( модалар тез-тез қайтарилиб турарканда!) , торгина камзул кийиб тушган сурати ҳам бор экан. Булар таътилда Тошкент вокзалига келиб тушганида чамадонига яширган кийимлари бўлса керак….

Суҳбатда Набининг катта ўғли -Ҳотам ( Қулун) вафот этганлиги маълум бўлди.У бадиий таржима билан шуғулланар, отасининг ҳикояларини тўплаб, эски Тошкент ҳақида китоб ёзишни орзу қилиб юрарди. Наби Ғаниев жуда чиройли, мароқли сўзлар, унинг ҳикоялари асосида эски Тошкент тўғрисида чиндан ажойиб китоб ёзса бўларди.

Ҳозир мен сизга ўша ҳикоялардан бирини айтиб бермоқчиман.

ГАП

Бир кун Ғаниев билан киностудиядан тунги суратга олишдан чиқдик.У паст студия Шайхонтовурда эди.Навоий кўчасидан секин, дам олиб боравердик.

Илгариги тор Шайхонтовур кўчаси ҳозир кенг, равон Навоий кўчасига айланган. Икки томонида ўзбек миллий меъморчилиги усулида қурилган, лекин замонавий уйлар. Бу кўчани маҳаллий меъморларнинг ижодий изланишларини намойиш этувчи кўргазма деса бўлади.

Эрталабки салқин танга роҳат бағишлайди.Ёнимиздан сув сепувчи машина ўтиб кетди. Асфальт қуёш нурида ялтиллади. Йўловчилар кам.Шу пайт Ғаниев менга шипшиди:
-Ана у чолга разм сол…

Рўпарамиздан қора юзли, яктаги озғин танига ярашган нуроний чол бошини мағрур кўтариб, шошмасдан юриб келаётган эди.У Ғаниевнинг тавозе билан берган саломига бошини қимирлатиб алик олганча, ўтиб кетди.

-Бу чол,-деди Ғаниев,-одам боласининг бошига камдан-кам тушадиган даҳшатли фожиани кўрган.Унинг ёлғиз биргина ўғли бўлган.Йўқ, яхшиси воқеани бошқа жойдан бошлаб айта қолай. Сиз, гап деганни эшитганмисиз? Сизга маълумки, ўзбекларда яқин вақтларгача на кино, на театр бўлган.Ҳар кун шомда ҳаво салқинлашиши билан бир маҳалланинг қирқ йигити( асосан бўйдоқлар, уларнинг орасида уйланганлари ҳам бўлган) бирга тўпланиб, навбати билан меҳмондорчилик қилишган ва шу билан кўнгил очиб, ўзларини овутишган.

Ҳар гап бошланиши олдидан ошиқ ташлашган.Ошиқнинг маълум бир томони ким томонга қараб турса, ўша киши ўша ўтиришда “шоҳ” бўлган.Унинг буйруғи ўтирганларнинг ҳаммаси учун қонун.Ошиқнинг иккинчи томонида турган киши “вазир” ҳисобланади.У ҳар хил қизиқарли кўнгилочар ўйинлар топишда “шоҳ”га ёрдамлашади.Учинчи киши “жаллод” бўлиб, у шоҳнинг буйруқларини бажо келтиради.Ошиқнинг тўртинчи тарафида турган киши эса “ўғри” саналади.Гапдагиларнинг ҳаммаси у билан ҳазиллашади, ҳатто ҳақорат қилишса ҳам у эътироз билдирмасдан, бўйсуниши керак.

“Шоҳ” ва “вазир” хаёлларига келган ҳазилларни қилишиб, қизиқ воқеаларни ҳикоя қилишади.Айтишларича,бир йигит жуда қўрқоқ экан-у, лекин одамлар олдида ўзини мард кўрсатиб, кўкрагига уриб юрар экан.ир куни ошиқ ташлашганда, ўша йигит “ўғри” бўлиб қолибди.”Шоҳ” маҳмадона йигитнинг бир адабини бериб қўймоқчи бўлибди.

Уни тунда қабристонга юборишибди. У ерга қозон, ёрилмаган ўтин, сабзи, ювилмаган гурунч, сўйилиб гўшти нимталанмаган қўйни элтишибди.мозористонда уни ёлғиз қолдиришиб, сув келтириши, ўчоқ қуриши ва палов тайёрлаши керак.Паловнинг ярмини ўзи еб, ярмини қолдириши зарур.У қўрқа-писа ҳамма ишни қилиб бўлиб, энди палов ея бошлаганда ёнидаги гўр устида турган тобутдан бир қўл чиқиб,”менга ҳам паловдан бер!” деган.”Жаллод” ҳеч кимга билдирмасдан тобутнинг ичига кириб ётган экан.Ана шунақа ҳазиллар ҳам бўлган!

Ана шундай қилиб бизнинг маҳалламиздаги бир ҳовлида бир йигит яшарди.Унинг исмини Аҳмад дея қолайлик.Асл исмини сизга айтмайман, чунки сиз ёзувчилар бир воқеа қулоқларингга чалинса,ўшани оқизмай-томизмай ёзасизлар, ўша одам буни истамайдими истамайдими-бу билан ишларинг йўқ! Шундай қилиб у йигит Аҳмад бўлган!

У кўп қийинчиликлар билан қалин йиғиб уйланди.Йигит-қиз тўйдан кейин бир-бирларини севиб, бахтли яшай бошлашди.”Тўйдан кейин” деганимнинг маъноси бор.Эҳтимол тўй бўлгунча улар бир-бирларининг юзларини ҳам кўришмаган бўлишлари мумкин.Биз ўзбекларда ўтмишда шундай расм бўлган.

Ҳали ёнимиздан ўтиб кетган чолнинг эса бир ўғли бор эди.Унинг исмини Мансур дея қолайлик.унақа йигитлар бизнинг студиямизда ҳам ошиб-тошиб ётибди. Мағрур, маҳмаданароқ, кўкрагига уриб: “Аканг қарағай” дея гердайганлардан.

Аҳмадга теккан қизнинг жуда сўлимлигини Мансур кимдандир эшитган экан.У уч йил қизни олиш орзуси билан яшаб, қалин йиққунча , қизни Аҳмад қўйнига солиб олиб кетган.Шундан кейин Мансур Аҳмадга нисбатан юрагида кек сақлаб юрган.

Икки йигит ҳам бир маҳалладан бўлган.Кечқурун гап-базмларда учрашиб юришган.Кунлардан бирида ошиқ шундай тушиб қолдики, Мансур “шоҳ” бўлди-ю,Аҳмад “ўғри” бўлиб қолди.”Шоҳ” “ўғри”га қараб гап бошлади.

-Мен шундай кунни кўп вақтдан буён кутардим.Энди вазирим билан ҳам маслаҳатлашиб ўтирмай, ҳукм чиқараман.Аҳмад ҳозир уйга бориб, хотинигга айт, бу ерга келсин.зини очиб, шу ерда ўтирганларнинг ҳар бирига бир пиёладан чой тутсин.

Аҳмаднинг бу гапни эшитиб юзида қон қолмади.Даврада ўтирганларнинг ҳамммаси ноқулай аҳволга тушиб, жимиб қолишди. Мансур эса ҳақоратомуз илжайиб,Аҳмадга буйруқ берди:
-Тез бўл, ҳукмимни бажар!

Иложсиз қолган Аҳмад уйига бориб,тўғри ичкари ҳовлига кирди.
-Қани, тез кийин хотин!

Отини нима гап, деб сўради.Аҳмад унга бўлган воқеани айтиб берди.отини кўз ёши қилди.Шарманда бўламан-ку, деди.Гапга ота-оналари аралашиб, адичанинг у ерга боришига тўсқинлик қилишди.Лекин хотин киши эрининг бир гапини икки қила олармиди! У ерда “шоҳ”нинг буйруғига биноан “жаллод” аллақачон самоварда чой қайнатиб, чойнак, пиёлаларни тахтлаб қўйган эди.

Хадича чачвонини орқага ташлаб, чойли пиёлалар қўйилган патнисни қўлига олди.Ёш жувонни уялтирмаслик учун ўттиз саккиз бош бирданига ерга қадалди.Фақат бир кишигина бошини мағрур кўтариб турарди.

Хадича ҳаммага бир пиёладан чой тарқатиб чиқди. Навбат Мансурга ерди:
-Ҳаётимда сенинг қўлингдан бир пиёла чой ичсам, деган орзум бор эди. Муродимга етдим. Раҳмат сенга!

Жувон унга жавоб қайтармади. Даврадигиларнинг ҳаммасига чойни тарқатиб бўлгач, чачвонини юзига туширдида, чиқиб кетди. Ҳамма жим.у воқеадан кейин ёш келин-куёв бирга тура олмаслиги ҳаммага аён эди.

Шундан ҳам шу гапдан кейин Аҳмад уйига қайтиб бориб, ўзининг ва хотинининг ҳамма нарсаларини йиғиштириб, беш аравага ортди. Олдинги аравага қўшилган отнинг жиловидан етаклаб, келинни ота-онасиникига қўйиб келди. Шу билан унинг оилавий турмуши тугади.

Орадан бир неча ойлар ўтди. Аҳмад ва Мансур ҳар кун кечда бўладиган гапларда учрашиб турардилар. Тегирмаон бузилган бўлса-да, новдан сув шовиллаб оқиб турарди.Аҳмад вақти етиб ўчини олиш учун, Мансур эса қўрқоқ деган маломатга қолмаслик учун гапга қатнашиб юришганини йигитларнинг ҳаммаси билишарди.у кутишларга хотима берадиган кун келди.Ошиқ ташлашганда Аҳмад “шоҳ” бўлдию, Мансур “ўғри” бўлиб қолди.

-Мансур,-деди Аҳмад,-мен бу кунни кўп вақтдан буён кутиб юрардим.Ниҳоят, шундай кун ҳам келди.Энди мен ҳам вазирларим билан маслаҳатлашиб ўтирмасдан ҳукм чиқармоқчиман….

Ҳамма жим,Аҳмад қандай ҳукм беракин деб унинг оғзига тикилишиб туришибди. Ниҳоят Аҳмад ҳукмни берди:
-Ўғрининг боши кесилсин!

“Жаллод” “шоҳ”нинг ҳукмини бажаришга мажбур.У Мансурнинг қўлларини боғлади. Мансурнинг ранги қув ўчдию, лекин “жаллод”га қаршилик кўрсатмади.Айбдорлигига ўзи ҳам иқрор-да.”Жаллод” унинг бўйнини болта билан чопиб, бошини танасидан жудо қилди.

Маҳаллада қий-чув, йиғи-сиғи, вой жигарим, бошланди. Мансурнинг отасини айтиб келишди.У ўғлининг узилиб,қонга беланиб ётган бошини кўрди.Тани қалтираб, кўзлари косасидан чиқиб кетди:
-Ким қилди? Кимнинг иши бу?

-“Шоҳ”нинг.
-Ким “шоҳ” бўлган эди?

Йигитлар Аҳмадни кўрсатиди.Ота ҳамма гаплардан хабардор эди. У бошини эгиб турган Аҳмаднинг ёнига борди. Мансурнинг бошига узоқ тикилиб турди.Кейин Аҳмадга қаради.сўнг бирданига Аҳмадни оталик меҳри билан қучоқлаб, бағрига олди.Ҳамма йиғлаб юборди.

Шу пайт кафанлик келтиришди. Мансурнинг отаси:
-У кафанликка арзимайди.Уни кўмиш учун гўр ҳам йўқ,-деди.

Ҳали ёнимиздан ўтиб кетган чол, билдингизми ана шундай одам. Суд ҳам бўлмади: шариат йўли билан ҳал қилишди.

Ғаниев сукут сақлаб, сўнг ҳикояга хотима ясади:
— Чол ёлғиз ўзи, сўққабош бўлиб қолган. Атрофидаги кишилар бутунлай бошқача ҳаёт кечиришаяпти.Кимдир театрга, биров кинога, бошқаси стадионга бориб кўнгил очади.Кишиларнинг қизиқишлари ҳам ўзгариб кетди,чолнинг юрагида эса ҳамон ўша дард қолган.Ҳеч нарсага қизиқмайди менимча,биров билан ҳам гаплашмайди…У ўтмишнинг бизнинг орамизда қолиб кетган соясига ўхшайди.

НОК  СОТАЁТГАН  АЁЛ

Қирқ олтинчи йилнинг қайси бир куни. Наби Ғаниев иккимиз “Эски” шаҳардаги бозорга бордик. Биз болалигимизда бу бозор жуда катта эди.Ҳозир ўшанинг бир благи қолган холос.Қадим замонларда бозор-Ўрта Осиё феодал шаҳарларнининг асосий қон томири бўлган.Аслида бунақа шаҳарларнинг ўзи ҳам шаҳар сифатида эмас, дастлаб балки бозор сифатида пайдо бўлиб, кейинчалик атррфи пахса деворлар билан ўралиб, ҳужрача-ю, дўконлар қурилиб шакллана борган.”Эски” шаҳардаги бозор ҳам атрфига ҳовлилар қурилавериб, қисила-қисила мана шу ҳолга келиб қолган.

Мен нок ёки олма олмоқчи эдим.Кеч бўлиб қолгани учун ҳамиша гавжум бозорда сотувчилар сийраклашиб қолган эди. Мевалар сотиладиган растада дўппи кийган уч-тўрт эркак ва паранжи ёпинган бир хотин бор эди, холос. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ.Эски замонда кўп ўзбек хотинлари кўчада паранжи ёпиниб юришарди.

Хотиннинг олдида бир сават нок бор. Гўштдор,сарғиш-кўкимтир рангдаги бу нок кўриниши унча чиройли бўлмаса-да, жуда шарбатли, хушхўр эканлигини мен билардим. Саватга бармоғимни тегизиб, сўрадим:
-Нич пуль бир кило?

Паранжи остидан жавоб эшитилди:
— Беш сўм, айланай.

Оғзим очилиб қолди.  Хотин соф рус тилида, урғуларни ўз ўрнига қўйиб, ҳеч бир акцентсиз жавоб берган эди. Ажаб, паранжи остидан рус хотиннинг товуши эшитилдими?!

Жувонни энди саволларга кўмиб юбориш учун лаб жуфтлаётганимда Наби Ғаниев кутилмаганда қўлимдан маҳкам ушлаб тортди-да, алла нарса ҳақида сўзлаб кетди. Наби Ғаниев нима ҳақда сўзлаганини ҳозир эслаёлмадим…
. . ..
Мана ,Чарос билан суҳбатлашиб ўтирибман: ўша самимий кулгу, ўша ёқимли табассум.Ғаниевнинг ўзини кўргандек ҳузурландим….Мақсума келди. Мени кўриши билан тараддудланиб, палов пиширмоқчи бўлди. Овқат тайёрламасликка зўрға кўндирдим.Бир оз ўтирдик, гурунглашдик..

Тез қарибди. Хаёлимдан “Вақт жуда шафқатсиз-а!” деган фикр ўтди. Мақсума эса менга қараб, шу заҳотнинг ўзидаёқ: “сиз ўзгармабсиз! Ўша аввалги кўринишингиз!” деди. Мен мийиғимда кулиб қўйдим: ана шунақа назокатли ҳол-аҳвол сўрашларга ҳам киши ҳаётининг қанча-қанча соатлари сарфланиб кетади.Айтгандай, ўша Ибн-Ҳазим “Дурдоналар шодаси” китобида ёзган экан:

“Кўнгилга шу каби бўлмағур нарсалар билан таскин бериб туриш ҳам керак, токи бу ҳақиқатни англаб олишга ёрдам берсин”.

БИР  ҲОВУЧ  НУҚРА

Бу воқеа Наманганда бўлган.У пайтларда чойхоналар кўп эди. Наби Ғаниевнинг ҳам навқирон йигитлик пайти.Чойхонага кириб, чой ичиб ўтирган.

Ёш, келишган, янги дўппи кийган ўзбек йигит чойхонага кириб, у ёққа, бу ёққа қаради.самовар олдида турган серсоқол чолни кўрди.
— Битта чой беринг.

Чол атрофга аланглаб қаради.Унинг ёнида турган бола чойнакка бир чимдим чой ташлаб, самовардан қайноқ сув қуйди.Пиёла олиб, чойнак-пиёлани йигитнинг олдига келтириб қўйди.

Йигит чойнакнинг қопқоғини олиб, пиёла билан чойни бир неча марта қайтарди.чойнинг шаммаси тўкиб, тингунча кафтини чойнак қопқоғи устига босиб,чойхўрларга разм солиб ўтирди.Кейин чойнакдаги чойни иштиёқ билан пиёлага қуйиб , лабига тегизди.Бир қултум ҳам чой ичмай, пиёлавни қўйди.Кимнидир қидиргандек атрофга аланглади.Сўнг қапчиғидаги бир ҳовуч кумуш(нуқра) танга олиб, чойли пиёлага ташлади.Ўрнидан туриб, индамасдан чиқиб кетди.

Шундан сўнг нима бўлганини ўз кўзингиз билан кўрсангиз эди!

Чол баданига биров жуволдиз суққандек сакраб ўрнидан турди.Болани қарғаб, ура бошлади.Бола додлаб, чолнинг қўлидан қочишга уринарди.Охири қочди.Чойхоначи яктагининг этагини белбоғига қистириб, унинг ортидан қувиб кетди.Кўча муюлишига етганда иккови ҳам кўринмай кетди.

Чойхўрлар бирин-кетин ўринларидан туриб, чойхонадан индамасдан чиқиб кета бошладилар. Мен ҳам уларнинг орқасидан чиқиб, бир чойхўрдан, нима гап ўзи, деб сўрадим.У менга ўгирилиб жавоб берди:
— Тулкининг уяси учун эмас, териси учун пул тўлайдилар.Сиз, гапингизга қараганда, тошкентликка ўхшайсиз, шундайми?Тошкентликлар урф-одатларини унутишибди.Шундай одат бор: агар чойхоначи бемаза, суюқ чой дамлаб берса, ҳар бир чойхўр унинг пиёласига бир ҳовуч кумуш танга ташлаб кетиши мумкин. Бу: “Сенга пул керакми, мана, ол керак бўлса!” дегани бўлади. Чойхоначи эса умр бўйи бош кўтариб юра олмайдиган номусга қолади,чойхонани ташлаб, бошқа бир касбкор қилишга мажбур бўлади. Чунки, шундай воқеадан кейин унинг чойхонасига бирор чойхўр қадам босмайди!

Шундай қилиб, меним кўз олдимда шўрлик чойхоначининг аянчли тақдири намоён бўлди.У турмуш тебратиб турган касбиан ажралди.Энди у хоҳлаган касбини қилиб, рўзғорини тебратиши мумкин.Лекин мингбад чойхоначилик қилишга ҳаққи йўқ.Ҳа, ўзбеклар учун номус ўлимдан кучли.

Наби Ғаниев жим бўлиб ўйланиб қолди. Сўнг ҳикоясини шу сўзлар билан якунлади:

— Мен ҳаётимда бир неча марта бепарво, худбин амалдор, ёмон ошпаз,тошбағир ёзувчилар олдига ҳам худди шундай бир ҳовуч кумуш ташлаб кетмоқчи бўлдим.Қанийди уларни ҳам: “Ма, сенга пул керакми, ма ол!” деб уялтириб бўлсайди.Шунда ҳеч ким уларнинг юзига қарамас, саломига алик ҳам олмасди.”

*  *  *

Виктор Витковичнинг китобида Наби Ғаниев тўғрисида ана шундай эътиборли воқеалар ёзилган.Айнан шунчалик воқеаларни қайд этишдан мақсад, буюк режиссёр ҳаётининг кўпчилик билмайдиган томонларини акс этдиришгина эмас, балки Ғаниев ҳаётидан келиб чиқиб, Виктор Виткович билан боғлиқ дўстлигини, сафар саргузаштларини ўтмиш билан боғлаган ҳолда кино қилиш ҳам мумкинлигини кинодраматургларга таъкидлашдир.

Наби Ғаниевнинг кинога бўлган меҳри, ижодий гуруҳни жисплаштира олиши, матонатини фильмлар суратга олинаётганда бўлган воқеалар исботлаб беради.Санъатшунос Ҳамидулла Акбаровнинг ҳикоя қилишича, Ғаниев латифа, ҳикоялар асосида ёзилган В.Витковичнинг “Насриддиннинг саргузаштлари” сценарийсининг режиссёрлик нусхасини тайёрлашида ўзи билган, синаб кўрган ижрочилардан ташкил топган бир гуруҳни кўзда тута бошлайди.Бу эса унга бўлажак эпизодларнигина эмас, балки алоҳида олинган кадрларни, қаҳрамонларнинг юриш-туриши, муомиласи, турли ҳолатини аниқ тасаввур этишга ёрдам берарди.Биноабарин, у ёзган лавҳалар киноматорграфик тасвир жиҳатидан аниқ бир шаклга кира бошлади.Сценарий ёзилиши даврида Наби Ғаниев Насриддинни гоҳ чойхона сўрисида, гоҳ Оғабек кўли ёнида,гоҳ Саид ва унинг севгилиси Зулфи билан мулоқотда бўлаётганида тасвирловчи сон-саноқсимз расмларни ҳам чизишга улгурарди.Бу эса кейинчалик кадрлар композициясини тайёрлашга, қаҳрамонлар либосини танлашга, мизансцена тузишга ёрдам берарди.

Гарчи рассом В.Еремян кейинчалик эскизлар ишлаб, декорациялар тайёрлашда, қаҳрамонлар яшаётган давр, муҳитни тасвирлашда фаол қатнашиб, фильмнинг тасвирий тилини белгилашда муҳим ҳисса қўшган бўлса-да, Набижон чизган расмларнинг аҳамияти катта бўлди.Зотан, уларда бўлажак фильмнинг кадр-эпизодлари илк бор аниқ тасвирда ўз аксини топди.Расмларда секин-аста айрим актёрларнинг қиёфаси ҳам гавдалана бошлади.Синовдан ўтаётган артистлар Набижон тасаввурида қандай гавдаланса, расмда ҳам худди шундай тасвирланди.Узун чопон кийган чўққи соқолли, пешонасини қийиқча билан боғлаб олган, дўсту-биродарларининг ҳазилига ёқимли табассум билан жавоб қайтараётган Миршоҳид Мироқилов,Раҳим Пирмуҳаммедов, сўнгра Раззоқ Ҳамроев худди шу расмларда тасвирланди.Ўзбек саҳна санъатининг реалистик анъаналарини ўзлаштирган, катта тажриба орттирган бу актёрлар камера рўпарасида ҳам синовдан ўтишди.Режиссёр актёрларнинг ижросида кулгу уйғотадиган ҳатти-ҳаракатни, ҳазил-мутойибани кўриб мамнун бўлди.Лекин шарқ фольклори қаҳрамонининг донишмандлигини тасвирлаш борасида бир актёр-Раззоқ Ҳамроевнинг ижроси бошқалардан бирмунча устун турарди.

Режиссёр Наби Ғаниев сезгирлиги туфайли фильмдаги образларни олдиндан экранда кўра билди.Раззоқ Ҳамроев бош қаҳрамон-Насримддин ролини ўйнаши, ҳажвий роллар устаси Раҳим Пирмуҳаммедовнинг бўлса Кўса қиёфасида чиқиши фильмнинг ғоявий йўналиши бенуқсон, ёрқин бўёқларда тасвирланишига олиб келди.Зотан, Раззоқ Ҳамроев сценарийдан, латифалардан келиб чиқиб, режиссёр кўрсатмаларига амал қилиб, кулгули эпизодларда ҳам жиддий фикр уйғота олди, гапга чечан, маъюсликка ҳеч тоқати йўқ Насриддиннинг донолигини кўрсатишга, унинг ҳазили, кинояси, ўткир сўзлари асосида инсонпарварлик фалсафаси ётишини томоншабинга етказа олди.Қаҳрамоннинг худди шу хусусиятлари экранда намоён бўлганида Раззоқ Ҳамроевнинг талқини “Насриддин Бухорода” фильмида бош ролни ўйнаган Л.Свердлин ижросидан бирмунча фарқ қилиши кўзга яққол ташланади.

Яъни режиссёр сифатида Наби Ғаниев ҳар бир актёрнинг феъл атворини яқиндан билган, унинг ижрони қанчалик очиб бераолишидан келиб чиқиб, маҳоратини қалбдан сезган ҳолда ролларни тақсимларди.

“Насриддиннинг саргузаштлари” фильмини суратга олиш даври ҳар галгидек унутилмас воқеаларга бой бўлди.Ижод машаққати, кадрни тасмага муҳрлаш учун бўлган меҳнат, изланиш бу гал ҳам Наби Ғаниевга олам-олам қувонч беради.У яна аҳил гуруҳ тузганидан севинар, паильонда, суратга олиш майдончасида актёрлар, операторлар, техник ходимлар билан узоқ суҳбатлашар,Хўжа Насриддин ҳақидагина эмас, ўтмишда яратилган бошқа асарлар тўғрисида,Афандининг саргузаштлари уруш йиллари ҳам давом этаётгани ҳақида кула-кула, гоҳ эса чуқур ўйларга ботиб айтиб берарди.Фильмда намоён бўлиши лозим бўлган муҳитни яратиш эса осон бўлмасди.

Фильмдаги воқеаларни тасвирга олиш Шоҳимардонда бўлиши керак, таибат тасвири учун мос жой ўша ҳудуд эди.Навбатдаги эпизод катта кўл олдида суратга олиниши керак эди.сценарийда тасвирланишича, бу кўлдаги сувни Оғабек исмли бир зиқна бой деҳқонларга сотиши, экинни суғориш ташвишидаги деҳқон аҳли навбат кутиб туриши, бой “гўзал қиз-Зулфини менга берсангиз тўғонни очаман”, дейиши, орага Саид исмли йигит тушиб қизни олиб қочмоқчи бўлиши-бу кадрларнинг барчаси кўл ёнида суратга туширилиши керак эди.Хуллас тўғон билан беркитилиб ясалган кўлни кўп изладилар.Афсуски тасвирга мос кўл топилмади.

Шунда Ғаниев:
-Кўлни ўзимиз ясаймиз! Ҳамма белкурак, кетмон топсин, замбил, қоп-қанор ҳам келтирамиз қишлоқдан,-деди.

Режиссёр қўлига кетмон олиб ишга киришди.Ён-атрофида ғайрат билан ишлаётган ҳамкасбларига қараб:
-Сув тиниқ бўлиши керак.Экин суғориш вақти яқинлигини билган бой сувни боғлаб қўйган.Шунинг учун кўлнинг таги тоза бўлиши керак.Ёғингарчилик бўлмаса бас, акс ҳолда бўталанади.Куз пайти, билиб бўлмайди…-дея маслаҳат беради.

Ниҳоят сунъий кўл ҳам тайёр бўлди.Афсус,Ғаниев айтганидек, ёмғир бошланади.Бир оздан кейин у қорга айланади.Режиссёр бошчилигидаги санъаткорлар чойхонага кетишга мажбур бўлдилар.Ўша куни бирорта кадр суратга олинмади.Чунки сценарий бўйича воқеа ёз саратонида, ер қақрай бошлаган пайтда содир бўлиши керак эди…

Эртаси тонгда ҳамма бор иссиқ кийимини кийиб, кечаги кўл ёнига йўл олади. Йўл-йўлакай режиссёр актёрларга қараб: “Бугунги эпизодда саратоннинг иссиғи, ер сувсирагани билиниб туриши зарур, буни сўз билан эмас, ҳатти-ҳарактингиз билан билдиришингиз керак” деб қўйди. ”Кўл” ёнига келишганида барча ҳанг-манг бўлиб қолди: сувнинг устки қатлами музлаб қолган эди. Актёрлардан бири: “Наби Ғаниевич!  Биз чопонни ечиб, яктакда ўйнашга розимиз.Изғиринда дийдирамасликка уриниб кўрамиз.Лекин ялтираб турган кўлимизни нима қиламиз.Муз қоплагани экранда ҳам кўринади-ку!” деб қолади. Режиссёр эса бир фимкрга келиб қўйган эди:
-Музни олдин парчалаймиз.Кейин уни бир четга йиғиб олиб ташлаймиз.

Биров тош билан, иккинчиси узун хода билан, яна кимдир этиги билан музни парчалай бошлади.Сўнгра сувга тўр ташланди.Қирғоқдаги актёрлар тўрнинг икки чеккасидан ушлаб торта бошладилар….

Вақт пешиндан ўтганда кўл суратга “тушишга” тайёр бўлди.

Кўл эгаси-Оғабекка эшакнинг шаҳзодага айланишини кўрсатилиши эпизодини суратга олишда актёрлар Раззоқ Ҳамроев,Раҳим Пирмуҳаммедов,Обид Жалиловлар билан бирга режиссёр ҳам ғайрат кўрсатди.Бу кадрлардаги воқеалар аниқ ҳисобланган хронометраж бўйича содир бўлиши керак эди: Насриддиннинг эшаги иссиқ нон еб туриб, фавқулодда ер тепкилай бошлаши,сўнгра ҳанграши керак эди.Насриддин эса шу ҳатти-ҳарактга мосланган сўзларни айтиб, гоҳ ҳовлига югуриши, гоҳ эса уйга таъзим билан кириб, Хоразм шоҳи ҳақида илиқ сўзлар айтиши керак эди.Бир неча марта шу саҳна машқ қилинади.Ҳар бир қадам, имо-ишора камерада қайта-қайта кўрилади.Лекин эшак ҳеч ҳанрамасди.У думини ликиллатиб, катта баркашдаги нози-неъматларни туширираверарди.Уни калтаклаб ҳам кўрдилар, бўлмади.Шунда режиссёрнинг ёдига бир воқеа тушди-ю, қувониб кетди:

-Савалайверманглар жониворни. Худди шундай воқеа Яков Александрович билан “Насриддин Бухорода” фильмини суратга олганимизда ҳам рўй берган эди. Ўшанда бир мўйсафид ёнимизга келиб: ”Нега эшакни қийнаяпсиз?” деб сўраб қолди. Шунда мен хуноб бўлиб,  «Ҳангрармикан деб ялиниб ҳам кўрдик, саваладик ҳам, бўлмаяпти”, деган эдим, ҳалиги киши жиддийлик билан : “Ия, кўрмаяпсанми, ахир бу ошиқ эшак-ку?” деб бир хонадонга кириб кетди. Бир неча дақиқа ўтмаган ҳам эдики, у бир эшакни юганидан ушлаб бошлаб келди. Шунда суратга тушаётган эшак овози борича ҳанграб юборса бўладими!  Биз ҳаммамиз ҳайрон бўлиб, “ота, ошиқ эшакнинг “севгилиси” шу эканлигини қаердан билдингиз?”-деб сўраган эдик, мўйсафид: “Шуни ҳам билмайсизларми?Эшакнинг одамдан фарқи ҳам шуки, у кўча-кўйда учрайдиган ҳар бир эшакка “ севги изҳор” қилаверади”, — деди.

Ғаниев шу тарзда бўлиб ўтган воқеаларни эслаб, ҳаммани кулдира-кулдира айтиб бериши билан узоқ машқдан толиққан актёрлар, операторлар, техник ходимлар ҳордиқ чиқаришига ёрдам бериб борган.У айниқса кинодаги романтик севги, ҳижрон ўтида ёнган маҳбубалар ҳақида ҳикоя қилганида бутунлай ўзгариб кетар, айтиб бераётган воқеаларни худди ўзи кўргандек, уларда ўзи иштирок этгандек туюларди ҳаммага.Ғаниев худди шу услуб билан актёрларпни фильм талаб этган ҳолатга олиб келарди.У айтиб берган афсоналар, достонлар суратга олинаётган фильмнинг мазмуни, сюжети билан боғлиқ бўлмаса-да, санъаткорлар, айниқса, актёрлар бу бадиий сўз устасининг бирорта жумласини, ҳатто талаффузини эътиборсиз қолдирмас эдилар.

Ҳа,Наби Ғаниев табиатан режиссёр қилиб яралган иқтидор соҳиби эди.

00315 centyabr – Atoqli rejissyor Nabi G’aniev tavallud topgan kun

Umid Bekmuhammad
QASSOB BO’LMAGAN KINOCHI
01

055Otasi uning kasbini davom etdirishini istar edi. Avvaliga diniy, keyin sho’ro maktabida tahsil olgan o’g’li esa kinochi bo’lishni istab qoldi. Tabiiyki, umrini qassoblik qilib o’tkazgan G’ani akaga bu fikr yoqmadi. Ammo o’g’li o’z so’zida qa’tiy turib olgach, noiloj uni Moskvaga kuzatdi. Shu tariqa G’ani qassobning o’g’li 1921-25 yillarda Moskvada o’qib, Toshkentga kinochi bo’lib qaytdi.Qassob bo’lishni istamagan bu o’jar o’g’il buyuk o’zbek kinorejisyori Nabi G’aniev (1904-1953) edi…

Afsuski, o’zbek kinosining yuksalishiga Xudoybergan Devonov, Sulaymon Xo’jaevlar bilan bir qatorda turib katta hissa qo’shgan Nabi G’anievning hayot va ijod yo’li qiyinchiliklar bilan kechdi. Uning o’z qo’li bilan yozilgan 1952 yil 22 sentyabrdagi “tarjimai hol”ida “O’zbekkino” da direktor, maslahatchi, rejissyor yordamchisi bo’lib ishlaganligi yozilgan. U 1928 yildan mustaqil ravishda fil`mlar ham ishlay boshladi.Xullas, 1937 yilgacha “Hokimiyat kimniki?”, “Lotinlashtirish”, “Ramazon”, “Yuksalish”, “ Ajoyib-g’aroyib ish” “O’lim qudug’i”, “Yigit” kabi fil`mlarga rejisyorlik qildi.

1930 yillardagi sharoitda, hali ko’pchilik kinoga nisbatan tasavvurida muttassibona fikrlar yuritayotgan damda fil`m suratga olishning o’zi jasorat edi.Misol uchun u Nikolay Kladoning stsenariysi bo’yicha “Yuksalish” fil`mini suratga olish ishlarini endigina yakunlay degan payt edi.Kunlarning birida tasodifan epizodik rolga tanlangan bir qiz suratga tushishdan voz kechdi.”Epizodning yarmidan ko’pi tasmaga tushirilgan, ozgina qoldi, boshqa ijrochi topsak kechagi olingan kadrlarni ham qaytadan suratga olish kerak.Kinotasma oz”,-deb unga tushintirmoqchi bo’ldi G’aniev. ”Nima bo’ldi ekan? Nega birdaniga suratga tushmay qo’ydi? Kecha yaxshigina ijrosi bilan xursand qilgan edi-ku!-o’ziga savol berardi rejissyor.-Yoki uni xifa qildimi biror kishi?”.Buning sirini bilish uchun qiz bilan yakka gaplashdi:

-Singlim, menga ochig’ini ayting.Nima bo’ldi o’zi?Suratga tushishni hohlamasangiz kecha aytmaysizmi?Nahotki biz majbur qilib sizni suratga tushirsak!
-Meni aldabsizlar,-nihoyat gap chiqdi qizdan.

-Nima deb aldabmiz?
-Suratga tushirib.Suratimga jonim ham o’tib ketar ekan-ku,-yig’lab gapirdi sodda qiz,-keyin o’zim nimjon, cho’pday bo’lib qolarkanman…Do’zaxga tushsam, bir zumda yonib kul bo’lar ekanman, jannatga tushsam qaltiroq bo’larkanman.

-Kim aytdi?
— Mahallamizdagi xotinlar.

Bu suhbatdan keyin bir epizodda shu qizni qatnash-qatnashmasligi haqidagina emas, balki boshqa jiddiyroq masala-havaskorlar o’rtasida tushuntirish ishlarini olib borish kerakligi haqida o’yladi G’aniev. U choy damlatib, bafurja gap boshladi:

-Sizga bir ikki hikoyani aytib beraman.Navoiyning dostonlarini eshitgandirsiz.Ularni hamma biladi.Musavvir Kamoliddin Behzod shoirning zamondoshi bo’lgan.U Mavlono Navoiyning asarlariga rasm chizgan.Ular menda ham bor.Xohlasangiz ertaga olib kelaman.Ko’rsaiz.Behzodning juda ko’p shogirdlari bo’lgan.Xorazmda esa mana qirq yildan beri Xudoybergan Devonov degan kinochi fil`m surat olayapti.Siz hozir ko’rib turgan aktyorlar Ergash Hamroev, Yo’ldosh A’zamov hozirgacha necha marta suratga tushdilar. Menim o’zim ham uch-to’rt fil`mda rollar ijro qildim.

Men oldinroq bir kitob o’qigandim. Unda harakat tufayli ikki tasvir bir-biriga ulanib, qo’shilib ketishi to’g’risida yozilgan.Keyin o’zim ham tajriba qilib ko’rdim.Oq qog’ozning bir tomoniga qushning rasmini chizdim, ikkinchi tomonida qafasni tasvirladim.Keyin shu ikki tasvir tushgan qog’ozni tez aylantirsam, qush qafasga kirib qolganga o’xshadi.Harakat tufayli ko’zimiz ikki tasvirni bir-biriga ulasa kerak-da.Kinoda ham shunday emasmi? Son-sanoqsiz kadrlar bir yo’la, uzluksiz ko’z oldimizdan o’tishi tufayli ulardagi tasvir harakatga keladi.Shu boisdan ham kinoni ba’zi san’atshunoslar “harakatchan surat” deb atashgan.Umuman olganda, hayotning o’zi harakatdan iborat-ku.Inson harakatdan to’xtasa hayotdan to’xtaydi.Demak, kino ham hayotning bo’lagi, yoki boshqacha aytganda kino tasmadagi hayotdir!…»

Xullas o’sha kuni rejissyor avom xalqqa kino san’ati, uning vazifalari to’g’risida gapirib berdi.Ha, o’sha sitamli yillarda yangilikka avomning o’rganishi qiyin kechgan.Nabi G’aniev ana shunday sharoitda yashab ijod qildi.

1937 yilda uni Abdulla Qodiriyning maslakdosh do’sti bo’lganligi, “Hokimiyat kimniki?” fil`mida fojialarga to’la haqqoniy hujjatli fil`m ishlab, sho’ro davlatining istiqboliga shubha bildirgani uchun aksiinqilobchilikda ayblab, hibsga oladilar. Shu tariqa rejissyor 27 oy avaxtada jabr tortib, 1939 yilda qamoqdan ozod qilinadi.

Nabi G’aniev hibsga olinishidan oldin—1937 yil 2 avgustda Moskvaga xat yo’llab, kino sohasi oldida turgan muammolarni tilga olgan edi: “ …Ijodlarini endigina boshlayotgan, kino sirlarini o’rganayotgan yoshlarga do’stona tanqid foydali bo’lardi.Lekin, baxtga qarshi, kinofabrikada har kim faqat o’z manfaatini o’ylashi odat tusiga kirib qoldi. Tajriba o’rganilmadi.Tanish bilishmovchilik avjiga chiqdi…”

“..Boshqa respublikalardan taklif etilgan rejissyorlar, asosan, pul ishlash uchun kelardilar.Kadrlar tayyorlash sohasida mutlaqo ish olib bormasdilar…”.
“…Shunisi achinarliki, tanqidiy mulohazalar, takliflar o’rnini maqtovlar egalladi…”
“..Rejissyor dramaturg emas.U stsenariy yoza olishi shart emas…”.
“..Kinodramaturglar yo’qligi, binobarin, stsenariy tanqisligi bizga to’sqinlik qilmoqda…”.

Xullas, Nabi G’aniev kinoni rivojlantirishga doir shu kabi mulohazalarini, takliflarini bildirgan.Ayni paytda, o’zining 1937 yil 12 aprelda aksilinqilobiy fil`mlar ishlaganlikda ayblanganini, kinofabrikadan bo’shatib yuborilganini asossiz deb yozadi.

Biroq… biroq u qamoqda 27 oy nohaq yotib chiqadi.E’tiborlisi shundaki, Nabi aka hibsdan ozod etiladigan bo’lgach, u “ Meni kimlar qamatganini aytmas ekansiz, bu yerdan chiqmayman” deya dadil turadi.Shunda uni sud zalida tuhmatchilar bilan yuzlashtirishga majbur bo’lgan ekanlar…

Nihoyat u hibsdan ozod etilganidan keyin ham kuzatuv ostida bo’ladi. Nabi G’aniev butunittifoq san’at boshqarmasi boshlig’i Kerjantsevga yo’llagan yuqoridagi maktubidagi mulohazalarini, qamoqdan chiqqach, o’zi amalga oshirishga kirishadi.

032“Biz yengamiz”, “Jangchi do’stlar”, “Nasriddin Buxoroda” kabi fil`mlarni yaratdi.Bu paytda ikkinchi jahon urushi boshlangandi. Jamiyat frontga jalb etilib, kino nechanchidir darajaga tushib qolgan davr edi. Shu yillarda u “Tohir va Zuhra”, “Nasriddinning sarguzashtlari” kabi fil`mlarni suratga oldi. Bu ishga dastlab markaz ruxsat bermadi.Ularning fikricha: “Hamma qayg’uga botgan paytda, xalq dostonini, Afandini suratga olish shartmi?”.

Nabi G’aniev esa aksincha, xalq qayg’u alamga botgan paytda, uning ko’nglini ko’tarish uchun ham quvnoq voqealar aks etgan fil`mlar yaratish zarur, deb bildi va fikrini markazdagilarga asoslab berdi. Xalq qahramonining oddiyligi, quvnoq va donoligini, xalq og’zaki ijodi orqali tildan-tilga o’tib yurgan doston, latifalarni ekranga ko’chirdi.G’anievning nazarida, kino qanchalik mukammal, zamonaviy texnika, malakali mutaxassislar bilan ta’minlanmasin, avvalo, milliy meros poydevor,estetik g’oya vazifasini o’tashi kerak edi. Ana shunday jo’shqin ruhda ishlagan Nabi aka , qattiq betob bo’lib qolganiga qaramay, “ Alpomish” dostonini ham fil`m qilishga urindi. Hattoki,Barchin rolini o’ynashni Yulduz Rizaeva (“Tohir va Zuhra” dagi Zuhra) ga tobshiradi.Ammo markaz bunga ruxsat bermadi.

Buning ustiga, ba’zi hasadgo’ylar yana 1937 yildagi kabi 1948 yilda ham uni turli bahonalar bilan ayblashga harakat qilib ko’rdilar.Bu safar xalq mehrini qozongan san’atkorga qattiq ogohlantirish, hayfsan berish bilan kifoyalanishdi.Ammo doimiy kuzatuv, tirnoq ostidan kir qidirish davom etaveradi.

G’aniev esa bunga parvo qilmay, hasadgo’ylar ig’vosini o’ziga og’ir olmay, kinoga hayotini bag’ishladi.”Farg’ona qizi”, “O’zbek raqs ustalari” ,” Biz yengamiz”, “ Dovyurak do’stlar”, “Qoraqalpoq diyorida”, “Kanash”, kabi badiiy va hujjatli fil`mlarni suratga oldi. O’zbek kinosini yuksaltirish, dunyo darajasiga olib chiqish yo’lidagi tajribalari asosida maqolalar, “ Kinoaktyor” va “ Kinotsenariy” nomli kitoblar yozdi.Katta irodasi, tafakkuri bilan og’ir-suronli, qironli davr dovullariga dosh berib, umrboqiy asarlar yarata oldi.

Xullas, yaratgan asarlariga Nabi G’anizoda deya imzo qo’ygan G’ani qassobning o’g’li kinochi sifatida shunday faoliyat ko’rsatdi.Garchi u 1953 yil 29 oktyabr kuni vafot etgan bo’lsada, yaratgan asarlari barhayot.

Bolaligi va yoshligi O’zbekistonda kechgan, keyin ham bir necha yillar davomida Toshkentda yashagan Rossiyalik adib Viktor Vitkovich 1967 yilda Moskvadagi “Molodaya gvardiya” nashriyotida “Davomli maktublar” asarini chop qildirgandi.O’rta Osiyolik ko’plab kishilar bilan do’st tutingan adib, Nabi G’anievning ham yaqin oshnosi bo’lgan.Vitkovich Nabi G’aniev rejissyorlik qilgan “Nasriddinning sarguzashtlari” fil`mining stsenariy muallifidir.

U o’z asarida o’zbek kinorejisyori to’g’risida quyidagi xotiralarni qoldirganki, ular orqali adibning hayoti qanday kechganligini bilib olamiz. Vitkovich hangomalaridan keyin yana maqolamizni davom ettiramiz.

Viktor Vitkovich
«DAVOMLI MAKTUBLAR» KITOBIDAN
01

1964 yil 9 aprel`. Toshkent. Toshkentda judayam zo’r kinostudiya qurishgan. Yevropadagi hamma studiyalar unga havas qilsa arziydi. Tomosha qilib yurdim.. Darvozasidagi lavhaga “Nabi G’aniev nomidagi “O’zbekfil`m” kinostudiyasi “ deb yozilgan. Ochig’ini aytsam, bu yozuv hali yo’q. Uni hozircha faqat men xayolan ko’rdim. Lekin shunga aminmanki, yaqin kunlarda kishilar kinostudiya darvozasida Nabi G’aniev nomini albatta ko’radilar. Axir u har bir apparat uchun jon kuydirib yugurgan, har bir mixni tashib keltirib buni o’zi tashkil etgan edi-ku! U xalqiga kino san’atining yo’lini keng ochib, o’zi studiyaning birinchi direktori bo’lgan.”Tohir va Zuhra”, “Nasriddinning sarguzashtlari” fil`mlari bilan o’zbek kinochiligiga shuhrat keltirdi, milliy kadrlarni tarbiyalash sohasida ham katta ishlar qildi.

Undan qariyib ellik besh yil muqaddam Nabi G’anievning otasi ( ular Toshkentning “Eski” shaharida turishardi) o’g’lini musulmon maktabiga yetaklab kelib, mullaga:
-O’g’limning suyagi meniki, go’shti sizniki.nima qilsangiz ham uni o’qiting.Agar mening o’g’lim haqiqiy o’zbek, ollohning sadoqatli quli bo’lib yetishmasa, unda..men qassobman. Qancha-qancha qo’ylarni bo’g’izlaganman.bir bolani korini qilish menga hech gap emas,-degan.

Oradan bir necha yil o’tib, 1921 yilda Nabi G’aniev uyidan qochadi. Moskvadagi “Vxutemas” teatr maktabiga o’qishga ketganda, imom uning otasini chaqirtirib:
-Mahalla maschitida hammaning oldida o’g’lingni oq qilasan,-dedi. Lekin bu davrda davr shabadasi cholning ham bag’riga tekkan, dunyoqarashiga o’zgarishlar kiritib qo’ygan edi.Shu bois mullaga tik qarab:
-O’ylaymanki, o’g’lim meni sharmanda qilib, yerga qaratmas,-deb javob berdi.U o’zi uchun endi maschit darvozasi bekilganini bilsa-da, imomning buyrug’ini bajarmadi, o’g’lini oq qilmadi.

Ikki yillik o’qishdan keyin Nabi G’aniev uyiga ta’tilga qaytayotganda yo’lda Samaraga tushib, vokzaldagi sartaroshxonada sochini qirdirdi.Vokzalga yetib kelganda kostyum-shimini, shapkasini chamadonga berkitdi.O’zbek yaktagini kiydi.Boshida qalpoq..U “musulmon bolasi” bo’lib, otasining tang ahvolini yengillashtirmoqchi edi.

Oradan bir necha yil o’tib, Nabi G’aniev “Tohir va Zuhra” fil`mini tayyorlayotganda, otasi uni bir kun yolg’iz uchratib , so’radi:
-O’g’lim, menga to’g’risini ayt, sendan o’zi durustroq odam chiqdimi, yo’qmi?
-Agar chiqmasachi?
-Unda biror injenerlikkami, do’xtirlikkami borib yana o’qib kel.

Nabi G’aniev va uning oilasining tarixi — o’zbek xalqining tarixidir. U hazillashganda yoki san’at haqida gapirganida kulcha yuzi, qalin lablari, mo’g’ullarnikidek qisiqroq ko’zlari jonlanib, chehrasi yashnab ketardi.

Gaplashganida xalq maqollarini juda ustalik bilan o’rnida aytardi.Ayrim paytlarda o’zi sezmagan holda maqollar to’qib yuboraverardi.men shulardan ayrimlarini huzur qilib eshitib, yozib qo’yganman.ana o’shalar: rassom haddan tashqari yaltiroq, ko’zga tashlanadigan kiyimlar loyihasini keltirganda: “Yorqin bo’yoqlar tez aynib, oqarib qoladi”-derdi.Kulgili rolda o’ynayotgan aktyor ataylab kuldirish uchun soxta qiliqlar qilganda: “Alda! Ha, aldashni bilarkansan, aldayver! Lekin hech vaqt oyog’ing zamindan uzilmasin” deb piching otardi.Goho ayrim yosh rejissyorlar, men yaratgan manzara yomon ko’rinsada, aslida yaxshi, chunki,Eyzenshteyn usulidan foydalandim, deyishganda, “Qarg’a g’ozga taqlid qilaman deb oyog’ini chiqarib qo’ygan ekan” derdi.Fil`m tayyor bo’lib, ekranlarga chiqqandan keyin uni suratga qanday olish kerakligi to’g’risida maslahat bergan tanqidchiga esa: “birovning qo’li bilan ilonni ushlash oson” derdi.minbarga chiqib olib, fil`mda sevgi, muhabbatni qanday ifodalash kerakligi to’g’risida va’z aytayotgan o’smirga sekingina gap otib qo’yardi: “kapalak qor haqida mulohaza yuritgan ekan…”

Hamma kuldi. Kishilar nima deyishlarini bilmay qoldilar.Shu bilan bu mavzudagi gap tugagan edi.

Muhabbat nimaligini u bilardi.”Paranji ostidan ko’ringan chehra, bulutlar orasidan chiqqan quyoshga o’xshaydi”. Nabi G’aniev xotini Maqsuma bilan qanday tanishganini hikoya qilib berganida men shu iborani yozib qo’ygan edim.U yigirma oltinchi yilda rabfakdagi havaskorlar to’garagiga rahbarlik qilgan.Shunda aqsuma boshiga paranji yopinib, Eski shahardan o’qishga qatnab yurardi.

Baxtli kunlar ham ko’p bo’ldi…

To’ydan keyin bir yil o’tgach, Maqsuma umrida birinchi marta uyidan ko’chaga paranjisiz chiqdi. Nabi bilan qo’l ushlashib, uyalganidan atrofga qarashga qo’rqib, boshini xam qilib o’z ko’chasidan o’tdi.Bu voqeani aytganida uning ko’zlarida yosh halqalandi.U xotinini sevar, to’rt farzandini sidqidildan yaxshi ko’rardi.U bu voqealarni menga o’z hayotining eng nochor, mushkul damlarida hikoya qilib bergan bo’lsa-da, men uning oilasiga mehri zo’rligini sezib yurardim.

“Lochin sevmasligi kerak. Lochinning ishq dardiga mubtalo bo’lgani -o’lganidir”,-deyishadi afg’onlar. Nabi G’aniev esa lochin edi.U kuch-quvvatga to’lib, san’at bobida kamolga yetgan davri edi.U bilan butun respublika ,oilasi ham faxrlanardi.Shu damda u sevgiga mubtalo bo’ldi.Yo’q, bu so’z uning hislarini tasvirlashga ojizdir.U bir qizni qattiq sevib qoldiyu, es-hushini ham yo’qotib qo’ydi.

U tunlari uxlamasdi. Hazil-mutoyiba qilib, o’z his-hayajonlarini kulgiga yo’ymoqqa urinardiyu, ko’zlaridan yosh quyilib kelaverardi.O’zining bu nochor ahvolidan qanday yo’l bilan qutilishni, nima qilishni bilmasdi.Dunyoda shunaqa savdolar ham borligiga asta-sekin ishona boshladi.Kinochilardan birovi uning sevgilisi sha’niga tuhmat gap aytib, badnom qilmoqchi bo’lganida, Nabi G’aniev uni ikkinchi qavatdan tashlab yuborayozgan edi.Ha, shu yerda hozir bo’lgan kishilar ta’na toshi otgan kinochini qahrlangan majnunning changalidan zo’rg’a qutqarib qolgan edilar.

U bu baxt o’ziga nasib etmasligini, bunga haqqi ham yo’qligini bilardi.U jondan sevgan oilasini dog’da qoldira olmasdi ham.O’zbekiston sharoitida esa bu butunlay ta’qiqlangan , u uydan ketish haqida xayol ham qila olmasdi.Shu sababli u sevgilisining nomusini saqlash uchun muhabbatini hammadan pinhon tutishga majbur edi.Lekin oshiq o’z muhabbatini begona ko’zlardan pinhon tutib yurishga qodirmi?!

“Bir it soyani ko’rib irillasa, yuzta kuchuk unga qo’shilib vovillaydi”.

Har qanday iste’dodli kishi kabi Nabi G’aniev ning ham hasadchilari, ichi qora dushmanlari bor edi.Unga suqlanib yurgan alamzadalar ham bo’lgan.

Toshkentliklar orasida, ayniqsa, bir vaqtlar savdo bilan shug’ullangan tabaqa kishilari orasida musulmon shariatining urf-odatlari saqlanib qolgan. Bu odatga ko’ra kishi o’z hayajonini ochiq oshkor qilmasligi, vazminlik bilan “ma’qul, yomon emas” deb qo’yishi kerak. Birovdan nihoyatda g’azablanganda: “Qanday iflos maxluq bu!” demasdan, “E’tiborga noloyiq kimsa ekan” , deyishi rasm bo’lgan.rakdan kulib, butun vujudi bilan g’azablanadigan Nabi G’anievga bunaqa meshchanlik yot edi.Uning ochiq, samimiy kulgisi, sevinchi, adolatli g’azabi ayrim kishilarning g’ashini keltirdi.Ular G’anievda bu “soya-dog’”ni ko’rib, nuqsonini topdik deb shodlanib ketdilar.Shundan keyin Nabi G’anievning “xulq atvorini” muhokama qilishga chaqirishlari o’z-o’zidan ma’lum edi.

Birov , u qanday odam bo’lishidan qa’tiy nazar, pand-nasihatlar bilan majnunni ishq dardidan qutqara olarmidi?! Men majnun so’zini takrorlayapman. Nabi G’aniev sevgidan esankirab qolgan kishi edi.Hayotda bunaqa sevgini boshidan kechirmagan, yoki uning bir qirrasinigina ko’rgan kishilar bor.Unaqa kishilar bu kuyga tushganlarning ahvolini hech vaqt tushuna olmaydilar.

Mening bir do’stim bor, sen uni bilasan, nozik tabiatli, aqlli kishi, xotinlar uni juda yoqtirishadi.U esa “sevgi” degan so’zni eshitsa g’ashi keladi,ensasi qotadi.U soxtalikni yoqtirmaydi,sevgini esa soxta narsa deb tushunadi.Shu sababli u bilan sevgi haqida bahslashsang biror ma’nilik gap eshitmaysan.Ehtimol u xotinlarning ishonchini juda osonlik bilan qozonishga ko’nikib qolgani uchun ham sevgi deb atalmish tiyran, buyuk tuyg’uning asl ma’nosiga tushuna olmagandir? Yoki taqdir uni bu tuyg’udan benasib qilib yaratgandir? Yoki teskarisi, uni sevgi azoblaridan soqit qilgandir?unki sevgi bor yerda dilxastalik ,ma’yuslik bo’ladi, bu ikki tuyg’u doim hamroh, birga yuradi. Qaynoq sevgi yo’lida doimo son-sanoqsiz to’g’anoqlar uchrab turadi…

Nabi G’anievni sevgisiga iqror qildirolmay raykom instruktori juda xafa bo’ldi.U bu tuyg’usini hech kimga, hatto uzoq joydan kelgan do’sti-menga ham aytmagan edi.U o’sha sevgan qizga ham buni oshkor qilmagan bo’lsa kerak.Har holda, u haqiqiy oshiqlardek buni ham mendan yashirdi.

Raykomda u hazil qilmoqchi bo’ldi:
-Nima qilay, yuragim tortgan yoqqa oyoqlarim o’zi chopib ketaversa!

Lekin raykom instruktori hazilni tushunadigan odamlar xilidan emas ekan. Nabi G’aniev pand-nasihatlarni eshitishdan tashqari, hayfsan ham oldi.yekkan g’am-alamni ifodalashga so’zlar ojizlik qiladi.
-Uning haqida g’iybat tarqatayotgan tillarni kesish uchun, — dedi kuyunib G’aniev,- men o’lishim kerak.

Anonim xatlar bitayotganlar haqida esa:
-Agar ularning vijdoni bo’lsa qora dog’ bilan qoplanardi,- dedi.

Xuddi ana shu kunlarda,- Ehtimol yoningda yashayotgan kishiga nisbatan uzoqdan kelgan kishiga yuragingni ochish osondir,- Nabi G’aniev menga o’z hayotini gapirib berdi.

Bu san’atkor va insonning e’tiqodi, iqrori edi.

U hikoya qildi:
-…Ilgari men Majnunning sevgisi to’qima, soxta deb yurardim! Endi tushundim: bu chindan ham bo’lgan, zamondoshlarini larzaga solgan chin sevgi tarixi ekan.

U yana so’zlay boshladi:
-…Tohir va Zuhra to’g’risidagi xalq afsonasining turkmancha nusxasida shunday bir lavha bor: Tohirni qaroqchilar ushlab olishadi.U Zuhrani sevishini aytganida, hammasi uni mazax qilib kulishadi.Qaroqchilarning sarkori: “yuragingda shunday sevgi borligini bizlarga isbotlab ber”-deydi.Tohir shunda: “Yonimga kel!” deydi.U kuladi.Shunda Tohir Zuhro siymosini ko’z oldiga keltirib, ko’kragiga mushtlaydi.Og’zini ochib, uf deganida ichidan alanga chiqib, qaroqchining soqolini kuydiradi.Shundagina ular ishonib,”indan ham sevarkansan!” deb uni ozod qilib yuborishadi.Oh, qani endi men uni jonimdan ham ortiqroq sevishimni isbot qilib bera olsaydim!Ular esa mening to’g’rimda har xil fikrlarga borishadi, meni…-U tajang bo’lib, qo’lini siltadi.

Men esa raykom instruktorining soqoli kuyayotganini ko’z oldimga keltirib, kulgim qistadi.O’zimni tutib turolmadim. Nabi G’anievning qora bulutdek qovog’i osildi.Men nimadan kulayotganimni unga aytdim.u hazilga tushunadigan kishi bo’lsa-da, shunda ham chehrasi yorishmadi.Nihoyatda ezilgan, umidsizlangan ekan. Nihoyat yuzi bir oz yorishib, o’ychan qiyofaga kirdi:
-Ajab, sevgi nimaligini bilmaydiganlar ham o’lib ketadi-ya….

Buni qara, u o’sha paytdayoq, ko’p kishilar yashab, qaynoq, g’olibona sevgining nimaligini bilmay, undan bebahra ketadilar, chunki ular sevgiga ishonmaydilar, degan edi-ya.

003U menga hayotining bolalik davrlaridan boshlab hikoya qilib bergan edi.Ehtimol o’sha damlarni eslash, ko’z oldiga keltirish, voqealarni xayol tarozusiga solib ko’rish uchun ham hayotining ikir-chikirlarini eslagan, xotini Maqsuma bilan qanday uchrashgani, sevgani, sevayotganini aytgandir.

Sen mendan: qanday qilib bir vaqtning o’zida ikki kishini sevish mumkin deb so’rarsan. Afsuski, birovning baxti va birovning baxtsizligi evaziga hayotda ana shunday voqealar bo’lib turadi.To’g’ri, ishq boshqa, havas boshqa,men havas to’g’risida emas, haqiqiy muhabbat to’g’risida mulohaza yuritayapman.Bu uchovidan eng baxtsizi-har ikkala sevgilisidan ham ko’ngil uza olmay, yurak-bag’ri qon bo’lgan kishidir.Ayniqsa Nabi G’anievdek ochiq ko’ngil, samimiy odam bu kuyga tushsa juda mushkul.

Men ma’yus xayollar og’ushida Moskvaga jo’nab ketdim.unga biror yordam berolmadim. Nochor ahvolda qolganida u : “ men tomog’iga chayon tiqilib qolgan o’sha qizga o’xshayman”, degan edi. Bu ibora hech miyamdan chiqmaydi.Toshkentda o’sha payt bu voqeani eshitmagan kishi qolmagan bo’lsa kerak.Bir qiz shoshib turganida choynakning jo’mragidan choy ichgan.Jo’mrakda chayon turgan ekan.Qiz bilmay ichib yuborgan.chayon uning tomog’ida qolib, chaqqan.Unga tibbiy yordam ko’rsatishguncha, tomog’i shishib, o’lgan.

Oradan vaqt o’tib, Nabi G’aniev og’ir kasal bo’lib, o’lganini eshitdim.Keyinchalik menga, u ilgarigidek g’ayrat, jo’shqinlik bilan ishlaganligini aytishdi.U sehrli mushkulot tuzog’iga butunlay o’ralashib qolgan.Boshini qaerga urishni bilmagan, icha boshlagan.Faqat ish paytida, sura’tga olish maydonida ovunar, ilhom va quvonch bilan ishlab, chehrasi yorishardi.Holbuki, u bir necha tunlarni bedor o’tkazgan,so’ng yana..umidsizlik, ma’yuslik.

Nima bo’lsa ham u vafot etdi.Jamoatchilik tushunchasida esa uning nomi keyingi yillargacha badnom bo’lib keldi.Yig’inlarda uning nomini hurmat bilan tilga olishadi. Uning fojiali sevgi haqidagi afsona-fil`mi “Tohir va Zuhra” tomoshabinlarni jalb etishi jihatidan mamlakatda durust o’rinlardan birini egalladi. ”Nasriddinning sarguzashti” komediyasi esa kino san’atining klassik asari sifatida hozir yana ko’p nusxada ko’chirildi.Uni yangi-yangi avlodlar tomosha qiladilar.

Nabi G’aniev vafot etganiga ancha bo’ldi. Ibn Hazm “Marvaridlar shodasi” kitobida yozgan ekan: “Uni muhabbat halok etdi, uning qoni uchun xun ham olinmaydi, qasos ham” deb yozgan ekan. U buni tushunardi. Buni boshqalar ham albatta anglab qolishar.

Shu sababli men u orzu qilgan, yugurib-yelgan, yangi texnika bilan jihozlangan hozirgi studiya darvozasi peshtoqiga Nabi G’anievning nomi qo’yilishiga ishonaman.
Nabi G’anievning nomi-sof yurak va vijdon qalqonidir. Bu xislatlar esa studiyaga juda zarurdir.

Studiyaning qizil burchagida senga xat yozayotganimda Nabi G’anievni esladim-u, o’zimdan o’zim uyalib ketdim: Vafot etganidan buyon uyiga biror marta borganim ham, oilasining ahvolidan xabar olganim ham yo’q! Yangi uyga ko’chishgan deb eshituvdim.Adreslarini bilib, taksiga o’tirdim.

Darvozani Nabining qizi Charos ochdi.Uning tabassumi otasini eslatadi.Qizning orqasida zanjirga bog’liq it hurayapdi. Charos meni uyga taklif qildi.Darhol dasturxon yozib, uzum, yong’oq, pista, holva keltirdi. Maqsuma uyda yo’q ekan.

Yon tomondagi xona bolalarga to’la.O’g’illar va kelinlar, biror mavrud bormikan, bilalarini kampirning oldiga qoldirib ketishibdi.bolalar hovliga chopib chiqishadi,uyga yugurib kirishadi,-hammasi o’yin bilan mashg’ul.Biroz tobi qochgan katta nevara qo’shni xonada ko’rpa-to’shak qilib yotibdi.Radiodan o’zbek kuylari eshitilib turibdi.

Menim yuragim achishib ketdi: bolalarning shunday o’ynab yurishganini ko’rsa, Nabi qanday suyunardi! Uyni qarang-a, xonalar yorug’, keng! Nabining esa butun umri kichik, pastqam kulbalarda o’tib ketdi.
Oilaning kenja farzandi- Charosni otasi juda sevardi. Hamma yerga, hatto kino suratga olinayotganda ham uni ergashtirib borardi.Hozir Charos yigirma uch yoshda.ximiya fakultetini bitirgan.Laboratoriyada ishlaydi.

Onasi kelguncha meni zeriktirib qo’ymaslik uchun otasining rasmlarini olib chiqdi. Suratlar ichida Nabining yoshligida Moskvada kalta, tor shim ( modalar tez-tez qaytarilib turarkanda!) , torgina kamzul kiyib tushgan surati ham bor ekan. Bular ta’tilda Toshkent vokzaliga kelib tushganida chamadoniga yashirgan kiyimlari bo’lsa kerak….

Suhbatda Nabining katta o’g’li -Hotam ( Qulun) vafot etganligi ma’lum bo’ldi.U badiiy tarjima bilan shug’ullanar, otasining hikoyalarini to’plab, eski Toshkent haqida kitob yozishni orzu qilib yurardi. Nabi G’aniev juda chiroyli, maroqli so’zlar, uning hikoyalari asosida eski Toshkent to’g’risida chindan ajoyib kitob yozsa bo’lardi.

Hozir men sizga o’sha hikoyalardan birini aytib bermoqchiman.

GAP

Bir kun G’aniev bilan kinostudiyadan tungi suratga olishdan chiqdik.U past studiya Shayxontovurda edi.Navoiy ko’chasidan sekin, dam olib boraverdik.

Ilgarigi tor Shayxontovur ko’chasi hozir keng, ravon Navoiy ko’chasiga aylangan. Ikki tomonida o’zbek milliy me’morchiligi usulida qurilgan, lekin zamonaviy uylar. Bu ko’chani mahalliy me’morlarning ijodiy izlanishlarini namoyish etuvchi ko’rgazma desa bo’ladi.

Ertalabki salqin tanga rohat bag’ishlaydi.Yonimizdan suv sepuvchi mashina o’tib ketdi. Asfal`t quyosh nurida yaltilladi. Yo’lovchilar kam.Shu payt G’aniev menga shipshidi:
-Ana u cholga razm sol…

Ro’paramizdan qora yuzli, yaktagi ozg’in taniga yarashgan nuroniy chol boshini mag’rur ko’tarib, shoshmasdan yurib kelayotgan edi.U G’anievning tavoze bilan bergan salomiga boshini qimirlatib alik olgancha, o’tib ketdi.

-Bu chol,-dedi G’aniev,-odam bolasining boshiga kamdan-kam tushadigan dahshatli fojiani ko’rgan.Uning yolg’iz birgina o’g’li bo’lgan.Yo’q, yaxshisi voqeani boshqa joydan boshlab ayta qolay. Siz, gap deganni eshitganmisiz? Sizga ma’lumki, o’zbeklarda yaqin vaqtlargacha na kino, na teatr bo’lgan.Har kun shomda havo salqinlashishi bilan bir mahallaning qirq yigiti( asosan bo’ydoqlar, ularning orasida uylanganlari ham bo’lgan) birga to’planib, navbati bilan mehmondorchilik qilishgan va shu bilan ko’ngil ochib, o’zlarini ovutishgan.

Har gap boshlanishi oldidan oshiq tashlashgan.Oshiqning ma’lum bir tomoni kim tomonga qarab tursa, o’sha kishi o’sha o’tirishda “shoh” bo’lgan.Uning buyrug’i o’tirganlarning hammasi uchun qonun.Oshiqning ikkinchi tomonida turgan kishi “vazir” hisoblanadi.U har xil qiziqarli ko’ngilochar o’yinlar topishda “shoh”ga yordamlashadi.Uchinchi kishi “jallod” bo’lib, u shohning buyruqlarini bajo keltiradi.Oshiqning to’rtinchi tarafida turgan kishi esa “o’g’ri” sanaladi.Gapdagilarning hammasi u bilan hazillashadi, hatto haqorat qilishsa ham u e’tiroz bildirmasdan, bo’ysunishi kerak.

“Shoh” va “vazir” xayollariga kelgan hazillarni qilishib, qiziq voqealarni hikoya qilishadi.Aytishlaricha,bir yigit juda qo’rqoq ekan-u, lekin odamlar oldida o’zini mard ko’rsatib, ko’kragiga urib yurar ekan.ir kuni oshiq tashlashganda, o’sha yigit “o’g’ri” bo’lib qolibdi.”Shoh” mahmadona yigitning bir adabini berib qo’ymoqchi bo’libdi.

Uni tunda qabristonga yuborishibdi. U yerga qozon, yorilmagan o’tin, sabzi, yuvilmagan gurunch, so’yilib go’shti nimtalanmagan qo’yni eltishibdi.mozoristonda uni yolg’iz qoldirishib, suv keltirishi, o’choq qurishi va palov tayyorlashi kerak.Palovning yarmini o’zi yeb, yarmini qoldirishi zarur.U qo’rqa-pisa hamma ishni qilib bo’lib, endi palov yeya boshlaganda yonidagi go’r ustida turgan tobutdan bir qo’l chiqib,”menga ham palovdan ber!” degan.”Jallod” hech kimga bildirmasdan tobutning ichiga kirib yotgan ekan.Ana shunaqa hazillar ham bo’lgan!

Ana shunday qilib bizning mahallamizdagi bir hovlida bir yigit yashardi.Uning ismini Ahmad deya qolaylik.Asl ismini sizga aytmayman, chunki siz yozuvchilar bir voqea quloqlaringga chalinsa,o’shani oqizmay-tomizmay yozasizlar, o’sha odam buni istamaydimi istamaydimi-bu bilan ishlaring yo’q! Shunday qilib u yigit Ahmad bo’lgan!

U ko’p qiyinchiliklar bilan qalin yig’ib uylandi.Yigit-qiz to’ydan keyin bir-birlarini sevib, baxtli yashay boshlashdi.”To’ydan keyin” deganimning ma’nosi bor.Ehtimol to’y bo’lguncha ular bir-birlarining yuzlarini ham ko’rishmagan bo’lishlari mumkin.Biz o’zbeklarda o’tmishda shunday rasm bo’lgan.

Hali yonimizdan o’tib ketgan cholning esa bir o’g’li bor edi.Uning ismini Mansur deya qolaylik.unaqa yigitlar bizning studiyamizda ham oshib-toshib yotibdi. Mag’rur, mahmadanaroq, ko’kragiga urib: “Akang qarag’ay” deya gerdayganlardan.

Ahmadga tekkan qizning juda so’limligini Mansur kimdandir eshitgan ekan.U uch yil qizni olish orzusi bilan yashab, qalin yiqquncha , qizni Ahmad qo’yniga solib olib ketgan.Shundan keyin Mansur Ahmadga nisbatan yuragida kek saqlab yurgan.

Ikki yigit ham bir mahalladan bo’lgan.Kechqurun gap-bazmlarda uchrashib yurishgan.Kunlardan birida oshiq shunday tushib qoldiki, Mansur “shoh” bo’ldi-yu,Ahmad “o’g’ri” bo’lib qoldi.”Shoh” “o’g’ri”ga qarab gap boshladi.

-Men shunday kunni ko’p vaqtdan buyon kutardim.Endi vazirim bilan ham maslahatlashib o’tirmay, hukm chiqaraman.Ahmad hozir uyga borib, xotinigga ayt, bu yerga kelsin.zini ochib, shu yerda o’tirganlarning har biriga bir piyoladan choy tutsin.

Ahmadning bu gapni eshitib yuzida qon qolmadi.Davrada o’tirganlarning hammmasi noqulay ahvolga tushib, jimib qolishdi. Mansur esa haqoratomuz iljayib,Ahmadga buyruq berdi:
-Tez bo’l, hukmimni bajar!

Ilojsiz qolgan Ahmad uyiga borib,to’g’ri ichkari hovliga kirdi.
-Qani, tez kiyin xotin!

Otini nima gap, deb so’radi.Ahmad unga bo’lgan voqeani aytib berdi.otini ko’z yoshi qildi.Sharmanda bo’laman-ku, dedi.Gapga ota-onalari aralashib, adichaning u yerga borishiga to’sqinlik qilishdi.Lekin xotin kishi erining bir gapini ikki qila olarmidi! U yerda “shoh”ning buyrug’iga binoan “jallod” allaqachon samovarda choy qaynatib, choynak, piyolalarni taxtlab qo’ygan edi.

Xadicha chachvonini orqaga tashlab, choyli piyolalar qo’yilgan patnisni qo’liga oldi.Yosh juvonni uyaltirmaslik uchun o’ttiz sakkiz bosh birdaniga yerga qadaldi.Faqat bir kishigina boshini mag’rur ko’tarib turardi.

Xadicha hammaga bir piyoladan choy tarqatib chiqdi. Navbat Mansurga yerdi:
-Hayotimda sening qo’lingdan bir piyola choy ichsam, degan orzum bor edi. Murodimga yetdim. Rahmat senga!

Juvon unga javob qaytarmadi. Davradigilarning hammasiga choyni tarqatib bo’lgach, chachvonini yuziga tushirdida, chiqib ketdi. Hamma jim.u voqeadan keyin yosh kelin-kuyov birga tura olmasligi hammaga ayon edi.

Shundan ham shu gapdan keyin Ahmad uyiga qaytib borib, o’zining va xotinining hamma narsalarini yig’ishtirib, besh aravaga ortdi. Oldingi aravaga qo’shilgan otning jilovidan yetaklab, kelinni ota-onasinikiga qo’yib keldi. Shu bilan uning oilaviy turmushi tugadi.

Oradan bir necha oylar o’tdi. Ahmad va Mansur har kun kechda bo’ladigan gaplarda uchrashib turardilar. Tegirmaon buzilgan bo’lsa-da, novdan suv shovillab oqib turardi.Ahmad vaqti yetib o’chini olish uchun, Mansur esa qo’rqoq degan malomatga qolmaslik uchun gapga qatnashib yurishganini yigitlarning hammasi bilishardi.u kutishlarga xotima beradigan kun keldi.Oshiq tashlashganda Ahmad “shoh” bo’ldiyu, Mansur “o’g’ri” bo’lib qoldi.

-Mansur,-dedi Ahmad,-men bu kunni ko’p vaqtdan buyon kutib yurardim.Nihoyat, shunday kun ham keldi.Endi men ham vazirlarim bilan maslahatlashib o’tirmasdan hukm chiqarmoqchiman….

Hamma jim,Ahmad qanday hukm berakin deb uning og’ziga tikilishib turishibdi. Nihoyat Ahmad hukmni berdi:
-O’g’rining boshi kesilsin!

“Jallod” “shoh”ning hukmini bajarishga majbur.U Mansurning qo’llarini bog’ladi. Mansurning rangi quv o’chdiyu, lekin “jallod”ga qarshilik ko’rsatmadi.Aybdorligiga o’zi ham iqror-da. ”Jallod” uning bo’ynini bolta bilan chopib, boshini tanasidan judo qildi.

Mahallada qiy-chuv, yig’i-sig’i, voy jigarim, boshlandi. Mansurning otasini aytib kelishdi.U o’g’lining uzilib,qonga belanib yotgan boshini ko’rdi.Tani qaltirab, ko’zlari kosasidan chiqib ketdi:
-Kim qildi? Kimning ishi bu?

-“Shoh”ning.
-Kim “shoh” bo’lgan edi?

Yigitlar Ahmadni ko’rsatidi.Ota hamma gaplardan xabardor edi. U boshini egib turgan Ahmadning yoniga bordi. Mansurning boshiga uzoq tikilib turdi.Keyin Ahmadga qaradi.so’ng birdaniga Ahmadni otalik mehri bilan quchoqlab, bag’riga oldi.Hamma yig’lab yubordi.

Shu payt kafanlik keltirishdi. Mansurning otasi:
-U kafanlikka arzimaydi.Uni ko’mish uchun go’r ham yo’q,-dedi.

Hali yonimizdan o’tib ketgan chol, bildingizmi ana shunday odam. Sud ham bo’lmadi: shariat yo’li bilan hal qilishdi.

G’aniev sukut saqlab, so’ng hikoyaga xotima yasadi:
— Chol yolg’iz o’zi, so’qqabosh bo’lib qolgan. Atrofidagi kishilar butunlay boshqacha hayot kechirishayapti.Kimdir teatrga, birov kinoga, boshqasi stadionga borib ko’ngil ochadi.Kishilarning qiziqishlari ham o’zgarib ketdi,cholning yuragida esa hamon o’sha dard qolgan.Hech narsaga qiziqmaydi menimcha,birov bilan ham gaplashmaydi…U o’tmishning bizning oramizda qolib ketgan soyasiga o’xshaydi.

NOK SOTAYOTGAN AYOL

Qirq oltinchi yilning qaysi bir kuni. Nabi G’aniev ikkimiz “Eski” shahardagi bozorga bordik. Biz bolaligimizda bu bozor juda katta edi.Hozir o’shaning bir blagi qolgan xolos.Qadim zamonlarda bozor-O’rta Osiyo feodal shaharlarnining asosiy qon tomiri bo’lgan.Aslida bunaqa shaharlarning o’zi ham shahar sifatida emas, dastlab balki bozor sifatida paydo bo’lib, keyinchalik atrrfi paxsa devorlar bilan o’ralib, hujracha-yu, do’konlar qurilib shakllana borgan.”Eski” shahardagi bozor ham atrfiga hovlilar qurilaverib, qisila-qisila mana shu holga kelib qolgan.

Men nok yoki olma olmoqchi edim.Kech bo’lib qolgani uchun hamisha gavjum bozorda sotuvchilar siyraklashib qolgan edi. Mevalar sotiladigan rastada do’ppi kiygan uch-to’rt erkak va paranji yopingan bir xotin bor edi, xolos. Buning hech ajablanarli joyi yo’q.Eski zamonda ko’p o’zbek xotinlari ko’chada paranji yopinib yurishardi.

Xotinning oldida bir savat nok bor. Go’shtdor,sarg’ish-ko’kimtir rangdagi bu nok ko’rinishi uncha chiroyli bo’lmasa-da, juda sharbatli, xushxo’r ekanligini men bilardim. Savatga barmog’imni tegizib, so’radim:
-Nich pul` bir kilo?

Paranji ostidan javob eshitildi:
— Besh so’m, aylanay.

Og’zim ochilib qoldi. Xotin sof rus tilida, urg’ularni o’z o’rniga qo’yib, hech bir aktsentsiz javob bergan edi. Ajab, paranji ostidan rus xotinning tovushi eshitildimi?!

Juvonni endi savollarga ko’mib yuborish uchun lab juftlayotganimda Nabi G’aniev kutilmaganda qo’limdan mahkam ushlab tortdi-da, alla narsa haqida so’zlab ketdi. Nabi G’aniev nima haqda so’zlaganini hozir eslayolmadim…
. . ..
Mana ,Charos bilan suhbatlashib o’tiribman: o’sha samimiy kulgu, o’sha yoqimli tabassum.G’anievning o’zini ko’rgandek huzurlandim….Maqsuma keldi. Meni ko’rishi bilan taraddudlanib, palov pishirmoqchi bo’ldi. Ovqat tayyorlamaslikka zo’rg’a ko’ndirdim.Bir oz o’tirdik, gurunglashdik..

Tez qaribdi. Xayolimdan “Vaqt juda shafqatsiz-a!” degan fikr o’tdi. Maqsuma esa menga qarab, shu zahotning o’zidayoq: “siz o’zgarmabsiz! O’sha avvalgi ko’rinishingiz!” dedi. Men miyig’imda
kulib qo’ydim: ana shunaqa nazokatli hol-ahvol so’rashlarga ham kishi hayotining qancha-qancha soatlari sarflanib ketadi.Aytganday, o’sha Ibn-Hazim “Durdonalar shodasi” kitobida yozgan ekan:

“Ko’ngilga shu kabi bo’lmag’ur narsalar bilan taskin berib turish ham kerak, toki bu haqiqatni anglab olishga yordam bersin”.

BIR HOVUCH NUQRA

Bu voqea Namanganda bo’lgan.U paytlarda choyxonalar ko’p edi. Nabi G’anievning ham navqiron yigitlik payti.Choyxonaga kirib, choy ichib o’tirgan.

Yosh, kelishgan, yangi do’ppi kiygan o’zbek yigit choyxonaga kirib, u yoqqa, bu yoqqa qaradi.samovar oldida turgan sersoqol cholni ko’rdi.
— Bitta choy bering.

Chol atrofga alanglab qaradi.Uning yonida turgan bola choynakka bir chimdim choy tashlab, samovardan qaynoq suv quydi.Piyola olib, choynak-piyolani yigitning oldiga keltirib qo’ydi.

Yigit choynakning qopqog’ini olib, piyola bilan choyni bir necha marta qaytardi.choyning shammasi to’kib, tinguncha kaftini choynak qopqog’i ustiga bosib,choyxo’rlarga razm solib o’tirdi.Keyin choynakdagi choyni ishtiyoq bilan piyolaga quyib , labiga tegizdi.Bir qultum ham choy ichmay, piyolavni qo’ydi.Kimnidir qidirgandek atrofga alangladi.So’ng qapchig’idagi bir hovuch kumush(nuqra) tanga olib, choyli piyolaga tashladi.O’rnidan turib, indamasdan chiqib ketdi.

Shundan so’ng nima bo’lganini o’z ko’zingiz bilan ko’rsangiz edi!

Chol badaniga birov juvoldiz suqqandek sakrab o’rnidan turdi.Bolani qarg’ab, ura boshladi.Bola dodlab, cholning qo’lidan qochishga urinardi.Oxiri qochdi.Choyxonachi yaktagining etagini belbog’iga qistirib, uning ortidan quvib ketdi.Ko’cha muyulishiga yetganda ikkovi ham ko’rinmay ketdi.

Choyxo’rlar birin-ketin o’rinlaridan turib, choyxonadan indamasdan chiqib keta boshladilar. Men ham ularning orqasidan chiqib, bir choyxo’rdan, nima gap o’zi, deb so’radim.U menga o’girilib javob berdi:
— Tulkining uyasi uchun emas, terisi uchun pul to’laydilar.Siz, gapingizga qaraganda, toshkentlikka o’xshaysiz, shundaymi?Toshkentliklar urf-odatlarini unutishibdi.Shunday odat bor: agar choyxonachi bemaza, suyuq choy damlab bersa, har bir choyxo’r uning piyolasiga bir hovuch kumush tanga tashlab ketishi mumkin. Bu: “Senga pul kerakmi, mana, ol kerak bo’lsa!” degani bo’ladi. Choyxonachi esa umr bo’yi bosh ko’tarib yura olmaydigan nomusga qoladi,choyxonani tashlab, boshqa bir kasbkor qilishga majbur bo’ladi. Chunki, shunday voqeadan keyin uning choyxonasiga biror choyxo’r qadam bosmaydi!

Shunday qilib, menim ko’z oldimda sho’rlik choyxonachining ayanchli taqdiri namoyon bo’ldi.U turmush tebratib turgan kasbian ajraldi.Endi u xohlagan kasbini qilib, ro’zg’orini tebratishi mumkin.Lekin mingbad choyxonachilik qilishga haqqi yo’q.Ha, o’zbeklar uchun nomus o’limdan kuchli.

Nabi G’aniev jim bo’lib o’ylanib qoldi. So’ng hikoyasini shu so’zlar bilan yakunladi:

— Men hayotimda bir necha marta beparvo, xudbin amaldor, yomon oshpaz,toshbag’ir yozuvchilar oldiga ham xuddi shunday bir hovuch kumush tashlab ketmoqchi bo’ldim.Qaniydi ularni ham: “Ma, senga pul kerakmi, ma ol!” deb uyaltirib bo’lsaydi.Shunda hech kim ularning yuziga qaramas, salomiga alik ham olmasdi.”

* * *

Viktor Vitkovichning kitobida Nabi G’aniev to’g’risida ana shunday e’tiborli voqealar yozilgan.Aynan shunchalik voqealarni qayd etishdan maqsad, buyuk rejissyor hayotining ko’pchilik bilmaydigan tomonlarini aks etdirishgina emas, balki G’aniev hayotidan kelib chiqib, Viktor Vitkovich bilan bog’liq do’stligini, safar sarguzashtlarini o’tmish bilan bog’lagan holda kino qilish ham mumkinligini kinodramaturglarga ta’kidlashdir.

Nabi G’anievning kinoga bo’lgan mehri, ijodiy guruhni jisplashtira olishi, matonatini fil`mlar suratga olinayotganda bo’lgan voqealar isbotlab beradi.San’atshunos Hamidulla Akbarovning hikoya qilishicha, G’aniev latifa, hikoyalar asosida yozilgan V.Vitkovichning “Nasriddinning sarguzashtlari” stsenariysining rejissyorlik nusxasini tayyorlashida o’zi bilgan, sinab ko’rgan ijrochilardan tashkil topgan bir guruhni ko’zda tuta boshlaydi.Bu esa unga bo’lajak epizodlarnigina emas, balki alohida olingan kadrlarni, qahramonlarning yurish-turishi, muomilasi, turli holatini aniq tasavvur etishga yordam berardi.Binoabarin, u yozgan lavhalar kinomatorgrafik tasvir jihatidan aniq bir shaklga kira boshladi.Stsenariy yozilishi davrida Nabi G’aniev Nasriddinni goh choyxona so’risida, goh Og’abek ko’li yonida,goh Said va uning sevgilisi Zulfi bilan muloqotda bo’layotganida tasvirlovchi son-sanoqsimz rasmlarni ham chizishga ulgurardi.Bu esa keyinchalik kadrlar kompozitsiyasini tayyorlashga, qahramonlar libosini tanlashga, mizanstsena tuzishga yordam berardi.

Garchi rassom V.Yeremyan keyinchalik eskizlar ishlab, dekoratsiyalar tayyorlashda, qahramonlar yashayotgan davr, muhitni tasvirlashda faol qatnashib, fil`mning tasviriy tilini belgilashda muhim hissa qo’shgan bo’lsa-da, Nabijon chizgan rasmlarning ahamiyati katta bo’ldi.Zotan, ularda bo’lajak fil`mning kadr-epizodlari ilk bor aniq tasvirda o’z aksini topdi.Rasmlarda sekin-asta ayrim aktyorlarning qiyofasi ham gavdalana boshladi.Sinovdan o’tayotgan artistlar Nabijon tasavvurida qanday gavdalansa, rasmda ham xuddi shunday tasvirlandi.Uzun chopon kiygan cho’qqi soqolli, peshonasini qiyiqcha bilan bog’lab olgan, do’stu-birodarlarining haziliga yoqimli tabassum bilan javob qaytarayotgan Mirshohid Miroqilov,Rahim Pirmuhammedov, so’ngra Razzoq Hamroev xuddi shu rasmlarda tasvirlandi.O’zbek sahna san’atining realistik an’analarini o’zlashtirgan, katta tajriba orttirgan bu aktyorlar kamera ro’parasida ham sinovdan o’tishdi.Rejissyor aktyorlarning ijrosida kulgu uyg’otadigan hatti-harakatni, hazil-mutoyibani ko’rib mamnun bo’ldi.Lekin sharq fol`klori qahramonining donishmandligini tasvirlash borasida bir aktyor-Razzoq Hamroevning ijrosi boshqalardan birmuncha ustun turardi.

Rejissyor Nabi G’aniev sezgirligi tufayli fil`mdagi obrazlarni oldindan ekranda ko’ra bildi.Razzoq Hamroev bosh qahramon-Nasrimddin rolini o’ynashi, hajviy rollar ustasi Rahim Pirmuhammedovning bo’lsa Ko’sa qiyofasida chiqishi fil`mning g’oyaviy yo’nalishi benuqson, yorqin bo’yoqlarda tasvirlanishiga olib keldi.Zotan, Razzoq Hamroev stsenariydan, latifalardan kelib chiqib, rejissyor ko’rsatmalariga amal qilib, kulguli epizodlarda ham jiddiy fikr uyg’ota oldi, gapga chechan, ma’yuslikka hech toqati yo’q Nasriddinning donoligini ko’rsatishga, uning hazili, kinoyasi, o’tkir so’zlari asosida insonparvarlik falsafasi yotishini tomonshabinga yetkaza oldi.Qahramonning xuddi shu xususiyatlari ekranda namoyon bo’lganida Razzoq Hamroevning talqini “Nasriddin Buxoroda” fil`mida bosh rolni o’ynagan L.Sverdlin ijrosidan birmuncha farq qilishi ko’zga yaqqol tashlanadi.

Ya’ni rejissyor sifatida Nabi G’aniev har bir aktyorning fe’l atvorini yaqindan bilgan, uning ijroni qanchalik ochib beraolishidan kelib chiqib, mahoratini qalbdan sezgan holda rollarni taqsimlardi.

“Nasriddinning sarguzashtlari” fil`mini suratga olish davri har galgidek unutilmas voqealarga boy bo’ldi.Ijod mashaqqati, kadrni tasmaga muhrlash uchun bo’lgan mehnat, izlanish bu gal ham Nabi G’anievga olam-olam quvonch beradi.U yana ahil guruh tuzganidan sevinar, pail`onda, suratga olish maydonchasida aktyorlar, operatorlar, texnik xodimlar bilan uzoq suhbatlashar,Xo’ja Nasriddin haqidagina emas, o’tmishda yaratilgan boshqa asarlar to’g’risida,Afandining sarguzashtlari urush yillari ham davom etayotgani haqida kula-kula, goh esa chuqur o’ylarga botib aytib berardi.Fil`mda namoyon bo’lishi lozim bo’lgan muhitni yaratish esa oson bo’lmasdi.

Fil`mdagi voqealarni tasvirga olish Shohimardonda bo’lishi kerak, taibat tasviri uchun mos joy o’sha hudud edi.Navbatdagi epizod katta ko’l oldida suratga olinishi kerak edi.stsenariyda tasvirlanishicha, bu ko’ldagi suvni Og’abek ismli bir ziqna boy dehqonlarga sotishi, ekinni sug’orish tashvishidagi dehqon ahli navbat kutib turishi, boy “go’zal qiz-Zulfini menga bersangiz to’g’onni ochaman”, deyishi, oraga Said ismli yigit tushib qizni olib qochmoqchi bo’lishi-bu kadrlarning barchasi ko’l yonida suratga tushirilishi kerak edi.Xullas to’g’on bilan berkitilib yasalgan ko’lni ko’p izladilar.Afsuski tasvirga mos ko’l topilmadi.

Shunda G’aniev:
-Ko’lni o’zimiz yasaymiz! Hamma belkurak, ketmon topsin, zambil, qop-qanor ham keltiramiz qishloqdan,-dedi.

Rejissyor qo’liga ketmon olib ishga kirishdi.Yon-atrofida g’ayrat bilan ishlayotgan hamkasblariga qarab:
-Suv tiniq bo’lishi kerak.Ekin sug’orish vaqti yaqinligini bilgan boy suvni bog’lab qo’ygan.Shuning uchun ko’lning tagi toza bo’lishi kerak.Yog’ingarchilik bo’lmasa bas, aks holda bo’talanadi.Kuz payti, bilib bo’lmaydi…-deya maslahat beradi.

Nihoyat sun’iy ko’l ham tayyor bo’ldi.Afsus,G’aniev aytganidek, yomg’ir boshlanadi.Bir ozdan keyin u qorga aylanadi.Rejissyor boshchiligidagi san’atkorlar choyxonaga ketishga majbur bo’ldilar.O’sha kuni birorta kadr suratga olinmadi.Chunki stsenariy bo’yicha voqea yoz saratonida, yer qaqray boshlagan paytda sodir bo’lishi kerak edi…

Ertasi tongda hamma bor issiq kiyimini kiyib, kechagi ko’l yoniga yo’l oladi. Yo’l-yo’lakay rejissyor aktyorlarga qarab: “Bugungi epizodda saratonning issig’i, yer suvsiragani bilinib turishi zarur, buni so’z bilan emas, hatti-haraktingiz bilan bildirishingiz kerak” deb qo’ydi. ”Ko’l” yoniga kelishganida barcha hang-mang bo’lib qoldi: suvning ustki qatlami muzlab qolgan edi. Aktyorlardan biri: “Nabi G’anievich! Biz choponni yechib, yaktakda o’ynashga rozimiz.Izg’irinda diydiramaslikka urinib ko’ramiz.Lekin yaltirab turgan ko’limizni nima qilamiz.Muz qoplagani ekranda ham ko’rinadi-ku!” deb qoladi. Rejissyor esa bir fimkrga kelib qo’ygan edi:
-Muzni oldin parchalaymiz.Keyin uni bir chetga yig’ib olib tashlaymiz.

Birov tosh bilan, ikkinchisi uzun xoda bilan, yana kimdir etigi bilan muzni parchalay boshladi.So’ngra suvga to’r tashlandi.Qirg’oqdagi aktyorlar to’rning ikki chekkasidan ushlab torta boshladilar….

Vaqt peshindan o’tganda ko’l suratga “tushishga” tayyor bo’ldi.

Ko’l egasi-Og’abekka eshakning shahzodaga aylanishini ko’rsatilishi epizodini suratga olishda aktyorlar Razzoq Hamroev,Rahim Pirmuhammedov,Obid Jalilovlar bilan birga rejissyor ham g’ayrat ko’rsatdi.Bu kadrlardagi voqealar aniq hisoblangan xronometraj bo’yicha sodir bo’lishi kerak edi: Nasriddinning eshagi issiq non yeb turib, favqulodda yer tepkilay boshlashi,so’ngra hangrashi kerak edi.Nasriddin esa shu hatti-haraktga moslangan so’zlarni aytib, goh hovliga yugurishi, goh esa uyga ta’zim bilan kirib, Xorazm shohi haqida iliq so’zlar aytishi kerak edi.Bir necha marta shu sahna mashq qilinadi.Har bir qadam, imo-ishora kamerada qayta-qayta ko’riladi.Lekin eshak hech hanramasdi.U dumini likillatib, katta barkashdagi nozi-ne’matlarni tushiriraverardi.Uni kaltaklab ham ko’rdilar, bo’lmadi.Shunda rejissyorning yodiga bir voqea tushdi-yu, quvonib ketdi:

-Savalayvermanglar jonivorni. Xuddi shunday voqea Yakov Aleksandrovich bilan “Nasriddin Buxoroda” fil`mini suratga olganimizda ham ro’y bergan edi. O’shanda bir mo’ysafid yonimizga kelib: ”Nega eshakni qiynayapsiz?” deb so’rab qoldi. Shunda men xunob bo’lib, «Hangrarmikan deb yalinib ham ko’rdik, savaladik ham, bo’lmayapti”, degan edim, haligi kishi jiddiylik bilan : “Iya, ko’rmayapsanmi, axir bu oshiq eshak-ku?” deb bir xonadonga kirib ketdi. Bir necha daqiqa o’tmagan ham ediki, u bir eshakni yuganidan ushlab boshlab keldi. Shunda suratga tushayotgan eshak ovozi boricha hangrab yuborsa bo’ladimi! Biz hammamiz hayron bo’lib, “ota, oshiq eshakning “sevgilisi” shu ekanligini qaerdan bildingiz?”-deb so’ragan edik, mo’ysafid: “Shuni ham bilmaysizlarmi?Eshakning odamdan farqi ham shuki, u ko’cha-ko’yda uchraydigan har bir eshakka “ sevgi izhor” qilaveradi”, — dedi.

G’aniev shu tarzda bo’lib o’tgan voqealarni eslab, hammani kuldira-kuldira aytib berishi bilan uzoq mashqdan toliqqan aktyorlar, operatorlar, texnik xodimlar hordiq chiqarishiga yordam berib borgan.U ayniqsa kinodagi romantik sevgi, hijron o’tida yongan mahbubalar haqida hikoya qilganida butunlay o’zgarib ketar, aytib berayotgan voqealarni xuddi o’zi ko’rgandek, ularda o’zi ishtirok etgandek tuyulardi hammaga.G’aniev xuddi shu uslub bilan aktyorlarpni fil`m talab etgan holatga olib kelardi.U aytib bergan afsonalar, dostonlar suratga olinayotgan fil`mning mazmuni, syujeti bilan bog’liq bo’lmasa-da, san’atkorlar, ayniqsa, aktyorlar bu badiiy so’z ustasining birorta jumlasini, hatto talaffuzini e’tiborsiz qoldirmas edilar.

Ha,Nabi G’aniev tabiatan rejissyor qilib yaralgan iqtidor sohibi edi.

043

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

Izoh qoldiring