Halima Xudoyberdiyeva. Suhbat va she’rlar.

098
17 май — Таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева таваллуд топган кун.

Ҳалима Худойбердиева — Ўзбекистон Халқ шоираси, «Илк муҳаббат», Чаман», «Суюнчи тоғларим», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор», «Садоқат», «Муқаддас аёл» ва «Тўмариснинг айтгани» каби қатор шеърий китоблар муаллифи. Шу билан бирга у- 5 фарзанднинг онаси, 9 набиранинг бувиси.
У 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган.
Онаси бўлажак шоира 2 яшарлигида ҳаётдан кўз юмади ва унга холаси Қаршигул Хонназар қизи оналик қилади.
Ҳалима Худойбердиева илк шеърлари мактабнинг 7-синфида ўқиб юрган пайтлари туман газетасида босилиб чиққани ва «ўшанда Сирдарёга иш сафари билан борган марҳум Шароф Рашидовнинг назарларига тушиб қолган»ини эслайди.

«Шароф Рашидов шеърларимни ўқиганларидан сўнг ўша вақтдаги вилоят ҳокими Носир Махмудовични чақириб, «шу қизчага эътибор бериш керак, у ўқишга бориши керак, ота-онаси билан гаплашинглар» деган эканлар. Шундан кейин уйимизга вилоят ҳокими Носир Махмудович борганлари ва отам билан гаплашганлари эсимда бор. Ва шу билан мен ўқишга келганман Тошкентга, бўлмаса у пайтлар қизларни ўқишга юборишмасди биз томонларда».

Ҳозирга қадар шиоранинг 16 та шеърлар ва битта публицистик асарлар тўплами босмадан чиққан.
Охирги насрий тўплами ҳақида гапираркан, Ҳалима Худойбердиева: «Бу-«Юрагимнинг оғриқ нуқталари», яъни жамиятдаги юрагимга оғриқ берган воқеа-ҳодисалар акс этган»,-дейди.
Шоиранинг «Илк муҳаббат» шеърий тўплами 1967 йил у Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факультетига биринчи курсда ўқиб юрган пайти нашр этилади.
Кўп ўтмай у Москвадаги Горький номли Жаҳон адабиёти институтининг Олий адабиёт курсларига ўқишга кетади.
Унгача эса, «Оқ олмалар», «Чаман» номли китоблари ҳам дунё юзини кўрганди.

Ҳалима Худойбердива Москвада икки йил-1975-1977 йилларда таҳсил олади. «У ерда ўтган икки йилни ҳеч қайси йилларга алмаштириб бўлмайди. Москва менга жуда кўп нарса берган. Мен у ерда дунё адабиётига кириб бордим десам бўлади…Ўша даврда ёзилган шеърларнинг ҳам руҳи бошқача»,-дейди у.

Москвада «Фахр» ва «Оқ олмалар» шеърий тўпламлари рус тилида таржима қилинади. Кейинроқ эса, «Решимость» номли шеърий таржима китоб чоп этилади.
Ҳалима Худойбердиева «Ёш гвардия» нашриётида бўлим бошлиғи, «Саодат» хотин-қизлар журналида Бош муҳаррир сифатида фаолият олиб борган. Бундан ташқари у Ўзбекистон Аёллар қўмитаси раиси бўлган.

Шоира халқ орасида севиб мутолаа қилинадиган «Суюнчи тоғларим», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор», «Садоқат» ва «Муқаддас аёл» каби қатор шеърий тўпламлар муаллифи. Унинг қатор шеърлари таниқли ҳофизлар томонидан қўшиқ қилиб айтилган.

024
ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА БИ-БИ-СИ МЕҲМОНИ

Бетакрор қалам соҳибаси Ҳалима Худойбердиеванинг Би-би-си тингловчилари саволларига жавоблари:

Би-би-си: Биринчи мактубимиз Америкадан. Бир Ўзбек номи билан хат йўллаган мухлисимиз, ижодингизга омад тилаш билан бирга «Ҳалима опа, мен сизнинг ижодингиз билан танишман ва сизни ўзбек шоиралари ичида энг иқтидорларидан бири деб биламан. Яна бир янги шеърий тўплам чиқариш ниятингиз борми?»-деб сўраганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердиева: Аввало катта раҳмат! Шунча денгизлар оша одамлар бизни ўйлаётганидан бошингиз осмонга етади. Ижодкор ҳали тирик экан, қўлида ҳали қалам юриб турган экан, у ҳамиша йўлда бўлади. Ҳамиша йўлда ва албатта, боягидек, битта яхши китоб чиқарсам, ўша яхши китобим ҳали чиққани йўқ деган нима…туради-да. Масалан, ҳар доим менинг хаёлимда энг яхши китобимни энди ёзаман деган ўй юради айланиб…Албатта, янги шеърлар ёздим, энди яна бир янги сайланма қиламанми, ниятим бор. Аввало, шуни эсимга солганларига раҳмат. Менинг ҳамиша ўйлаб юрадиган нарсамни айтдилар у киши. Ҳозир ўша янги тўпламдан битта шеър ўқиб беришим мумкин.

Би-би-си: Кейинги мактуб Қирғизистондан экан — «Ассалому алайкум Ҳалима опа, Сиз ўша 90-йиллар ўртасида анчагача кўринмай қолган пайтингизни эслайман. Бир куни қайсидир байрам арафасида телевизордан чиқиб, байрам табриги сифатида бўлса керак, сўзладингиз, «бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор», деб. Оиламиз билан жон қулоқ бўлиб тинглаганмиз. Ойимлар: «Ҳалима Худойбердиевани авф этишибди, худога шукур» деганлар.Шу пайтлар кўп шоир ёзувчиларни сиёсий айбловлар билан сиқувга олиш бошланганди. Сизнинг бу воқеаларга қанчалик алоқангиз бор?»

Ҳалима Худойбердиева: Мени шахсан ўзимни алоқам бўлмаса ҳам, ўшанда Президент девонида ишлайдиган хўжайиним қамоққа тушган эди. Шу қамоққа тушган вақти икки йил мен уйда ўтирганман. Уйда ўтирган пайтим бирор жойда бирор сатрим кетмаган. Унгача, айтайлик, ўша «Саодат» журналида ўн беш йил Бош муҳаррир бўлганман. Бош муҳаррир бўлиш билан бирга Аёллар қўмитасининг раиси эдим. Шундан кейин икки йил уйда ўтирдим, у одам қамоқдалигида… У одам қамоқдан чиққанларидан кейин, аста-секин, судралиб дегандай, бир журналга ходим бўлиб ишга борганман. Ҳалиги, институтни битирган вақтда ходим қилиб олишадику, адабий ходим қилиб, шунақа ходим бўлиб, ишга ўтдим. Мана шу гап…

Би-би-си: Нью Йоркнинг Бруклин мавзеидан савол йўллаган Жон: «Ассалому алайкум Ҳалима опа, илтимос оилангиз ва болаларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Оилангиздан кимдир шеърият йўлидан борганми?»- деб сўраганлар. Нью Йоркдан хат ёзган бошқа бир мухлисимиз Махмуд: «Ҳали ҳам Мавлон ака билан бирга умр кечираяпсизларми?»-дея савол берганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердиева: Нью Йоркдаги биродарларимизга катта рахмат, шунча қизиқиш билдирганлари учун бизнинг оиламизга. Ҳали ҳам Мавлон Бобожонович билан (кулади) бирга яшаяпмиз. Бирга яшаётганимизга анча йил бўлиб қолди. Бешта фарзандимиз бор. Мавлон Бобожонович ўзлари иқтисод фанлари доктори, Москвада ёқлаганлар. Менинг болаларим ҳам кўпроқ шу «ада» изидан кетишган. Менинг изимдан бораётгани, агар адашмасам, бир неварам бор, шундан умид қилиб турибман. Катта ўғлимнинг ўғли Мирзо Анвар. Шу йигитча ҳозир коллежда ўқияпти. Бир-икки йил бўлди, ора-сира ёзиб, ёдлаб юради, тез ёдлайди. Ўзим ҳам 7-синфда бошлаганман-да, ўзимда ҳам шунақа бўлган. Ҳа, оиламизга келадиган бўлсак,энг кичкина ўғлим Мирзоғолиб «Нархоз»( Тошкент давлат халқ хўжалиги институти)да ўқийди. Каттаси бизнес билан, ундан каттароғи Умидбек, Моҳгул Америкада куёви билан, иккита фарзанди бор. Ишлайди, ўқийди у ерда. Кейинги қизим Камолахон бу «Нархоз»( Тошкент давлат халқ хўжалиги институти)да магистратурада ўқийди. Катта ўғлим таможний (божхона қўмитаси)да ишлайди. Мана шу бизнинг оиламиз.

Би-би-си: Нью Йоркдан хат йўллаган Жон яна сўрабдилар: «Муқаддас аёл»ни қўшиқ ҳолда мириқиб эшитиб юрамиз. Мана шу шеърнинг яратилиш жараёни қандай бўлган ва ҳозирги ижодингиздан қандай мавзулар ўрин олган?»

Ҳалима Худойбердиева: Менинг назаримда бу «Муқаддас аёл» деярли ҳар бир аёлнинг ҳаёти билан боғлиқ мавзу десам бўлади. Умуман, адабиётда ўзи асосан ўзини ёзади ижодкор. Лекин, албатта у қўшимча сифатида, бошқаларнинг ҳаётидан йиғиб юради-да, асаларига ўхшаб. Ва улар мана шу яратилажак асарига қўшилади. Мана шунинг учун «Муқаддас аёл» учун ҳам алоҳида бир сабаб кўрсатолмайман. Бу менимча, ҳамма аёлнинг бошидан ўтиши мумкин бўлган воқеалар…

Би-би-си: Катта раҳмат Ҳалима опа! Кейинги саволлари ҳозирда ижодингизда қандай мавзулар ўрин олгани ҳақида эди.

Ҳалима Худойбердиева: Биласизми, «илгари мен кўпроқ мана бу мавзуда ёзар эдим, ҳозир бошқага ўтдим» деган фикр йўқ менда. Доимий мавзулар. Доимий ўша одамни безовта қиладиган, айтайлик хурсанд ёки қиладиган мавзулар мен билан. Юрак тирик экан, инсоннинг юраги, айниқса ижодкорнинг юраги бир таранг тортилган торга ўхшайди. Бир ҳодиса ёки бир нарса чертиб кетдими…мана битта мисол айтай, Самарқандда юбелейда эдим, кечқурун зиёфатда ўтирганимизда «бугун Чингиз Айтматов ўтибди», дейишди-да, қўлимдан вилка тушиб кетди тарақлаб…Ижодкорнинг юраги тортилган таранг торга ўхшайди-да, мана шунақа титроқдан асар яратади. Тушунтиролган бўлсам агар.

Би-би-си: Нью Йоркдан Махмуджон яна, «Ҳалима опа, биз ўрта мактабда сизнинг асарларингизни ўқиб катта бўлганмиз. Асарларингиз 90-йиллар ёшлари учун катта мактаб эди. Ҳозирги кунда ҳам шеърларингиз ўрта мактаб дастурларидан ўрин олганми?»- деб сўраганлар.

Ҳалима Худойбердиева: Бултурми…олдинги йилми? Икки йилми, уч йилми бор эди. Ўша «Бегим Сизни табиат» бор эди, «Доруломон кунлар келди» (Шерали Жўраев қўшиқ қилиб айтиб юради-ку, она ҳақидаги) бор эди. Мана шунақа учта-тўртта шеър бор эди. Бултур йўқ бўлиб қолди. Бу йил ҳам йўқ менимча.

Би-би-си: Кейинги савол марҳум Шароф Рашидов ҳақида экан. «У кишини сиёсатчи сифатида ҳурмат қиласизми ёки таниқли адиб сифатидами»,- дейдилар Махмуджон.

Ҳалима Худойбердива: Иккала ҳолда ҳам, иккала ҳолда ҳам. Менинг ҳаётимга бевосита алоқадор бу одам. Шунинг учун ҳам бошқача ҳурмат билан қарайман. Мен 10-синфларда ўқиб юрган пайт Шароф Рашидович Сирдарё вилоятига борарканлар ва вилоят газетасида кўрарканлар. Кейин вилоят ҳокими Носир Махмудовични чақирар эканлар-да, шу қизчанинг ота-онаси билан гаплашиб, шу бу йил Тошкентга ўқишга жўнатиш керак деган вазифа топшириб кетарканлар. Бизнинг уйимизга боришгани эсимда бор, отам билан узоқ гаплашишгани эсимда бор. Тошкентга келиб қолишимга ҳам асосий сабаб шу одам -Шароф Рашидович бўлган. Кейин мен Москвада ўқидим икки йил. У ёққа борганларида ҳам мени чақиртирдилар. Ўзбекистон кунлари бўлди-да…Бу ердан борганлар ҳаммамиз ҳар доим унақа тадбирларда қатнашардик. Мурод Муҳаммад Дўст, Шавкат Рахмон раҳматли бор эди ўшанда. «Советский писатель» нашриётига чақиртирдилар мени. Борсам, Шароф Рашидович билан нашриётнинг директори ўтирган экан. «Китоб нима бўляпти?» деган саволни берганларида, «қизингиз ишламаяпти» деб у киши ҳазиллашди. Ўшанда «ёрдам берасиз» деган гапни айтиб кетгандилар раҳматли. Шундан кейин кўп ўтмасдан «Белое яблоко» китобим чиқди рус тилида. У киши битта менга эмас, жуда кўп одамга ўз ёрдамларини аямаган, айниқса ёзувчиларга. Кейин «Алвидо» отажоним демоққа тилим бормас, «марҳум» деб атамоққа дилим бормас» деган сатрлар билан бошланадиган катта шеър (ўшанда мен қизим билан касалхонада эдим) Шароф Рашидович бугун ўлган бўлса, эрталабгача ёзганим эсимда бор.

Би-би-си: Лондондан Шохрух: «Ҳалима opa, марҳум Шукур Холмирзаев 90-йилларда «Адабиёт ўлдими?» дея савол берганди. Бугун шу савол қанчалар долзарб деб ўйлайсиз?»-деб сўраганлар. Эдинбургдан исмларини ёзмай савол йўлланган мухлисимиз: Ҳалима опа, ҳозирги ёшлардан кимларнинг ижодини юқори баҳолайсиз?» дея фикрингизни билмоқчи бўлганлар.

Ҳалима Худойбердива: Ҳозирги ёшлардан…жуда ёш ҳам деб бўлмайдию буларни бироз каттароқ бўлиб қолишган, Эшқобил Шукур жуда иқтидорли, Салим Ашур-«Туркистон»ни редактори…»Инжа шоир» дейди бунақаларни, ҳалиги кўнгил шоирлари-да. Яна ҳам кейинроқда келаётганлар Гулжамол Асқарова…йигитлардан ҳам бор. Адабиёт ўлмайди, ҳеч қачон ҳам ўлмайди. Лекин, бироз бўлса ҳам лойқаланиб турганга ўхшайди. Аммо, бу лойқанинг тагидан зилол нималардир етилиб келаётгандек хаёлимда. Чиқаётган китобларда ҳам мана шу ҳолат. Бири, масалан, «шунга кетган вақтим» деб ўйлаб қолсангиз, иккинчисини ўйлаб туриб, бироз бўлса ҳам юрагинг ёришади. Менимча, кўнгилга қайтиш бўляпти. Адабиёт, Худо хоҳласа, яқин-яқин вақтларда яна ярқираб, шу олдинги ҳолат ўтади.Чиқиб кетаётганлар бор. Зулфия Қуролбой қизи бор насрда. Жуда чиройли, жуда оргинал, жуда дадил! Биласизми, бизда прозада аёллар йўқ ҳисоби эди. Ҳақиқий ҳаётни ёзаётганлар орасида мен ҳозир ўшани кўряпман кўпроқ-Зулфия Қуролбой қизи. Биринчи асарини ўқиганимда, умуман кечаси билан ухлолмай чиқдим. Ҳаётий бор воқеаларни кўрсатаяпти. Бизда бор воқеаларни кўрсатиш камроқ, камроқ эди, айниқса олдин. Ҳозир шунга ўтяпмиз. Бу- яхшилик аломати. Адабиёт ҳақиқатдан ҳам ўлмайди, ҳеч қачон ўлмайди. Чунки, ер юзида битта шоир яшаса ҳам, менимча, адабиёт ўлмайди.

Би-би-си: Мухлисларимиздан бири ижодингиздан намуналар ўқиб беришингизни сўраганлар. Марҳамат Ҳалима опа.

Ҳалима Худойбердива: Одам ҳамма ҳақида ўйлар экан, бир иши тушадиган одам ҳақида ўйлар экан, лекин уйимизда ўтирган онамиз эсимизга келмас экан. Ёки бирор бир учрашувда ўзингга жуда иштиёқманд одамларни олишни ўйларкансан, лекин уйингда ўтирган онангни биринчи олиб бориб ўтқизиб қўйишни ҳамма ҳам ўз вақтида ўйламас экан. Мана шундай аччиқ нарсалар бошимдан ўтганидан кейин ёзилган шеър. Ўз онам ва барча дунёдан ўтган онаизорлар хотирасига.

Онам маъюс мажнунтол эди,
Шохчалари ер томон боққан.
Туришлари сиру, фол эди,
Тўлқинларга қўшилиб оққан.

Япроқлари сувга ёзди хат,
Бошлаб қайдан қайтди билмадим.
Шивирлашди сув билан фақат
Аммо,
нима айтди билмадим.

Овоз олиб демади “Ёҳу”,
На йиғлаб,
На бағрин тиғлади.
Фақат сувга дардин айтди у
“Сирқирашиб сувлар йиғлади”.

Билмаганман,
Чиқмаган уни.
Қай юк босган босиқ тошимни.
Шу сув билан
Сирлашган куни
Кўтаролмам манам бошимни.

Би-би-си: Ҳалима опа, Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Ижодингиз бундан кейин ҳам гуркираб, яшнайверсин!

2008

Манба: www.bbc.co.uk/uzbek/

024

ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

ЮРАГИМДА БАРГЛАР ШИВИРИ

Ўз дунём ичида боғларни яратдим.
Сўлиб битдилар.
Тафаккур кучидан тоғларни яратдим.
Нураб кетдилар.
Боғларим ўрнида хазонлар, супурдим,
Барг, хазон.
Тоғларим ўрнида тепалар, жим турдим.
Дилда қон.
Куйдим мен, аммо кул бўлмадим, қайталаб
Тупроққа тўкдим мен, манглай тер, дил қоним.
Майса, кўк майсалар унда зап,
О, жоним!
Қийнадинг дейсанми, тўғри-ку,
Ўйласанг менда ҳам гунох йўқ,
Шу кичик юрагим бўлса қув,
Яшасак беғалва, кўнгил тўқ.
Бегона ташвишу жабрга,
Уйқуда ўтса ҳам умр бир кун
Кетмоқ шарт сўнгги уй-қабрга.
Шундай, ҳа, маҳкам бўл, сен жоним.
Елкага
Ҳали кўп юкларни юклармиз,
Кўп хазон боғларни тиклармиз,
Кўтара олмасмиз юкни гоҳ,
Ва ёки туйғумда қулар тоғ.
Шунда яна янгидан
Тафаккурда тоғлар яратишимиз,
Сўлган боғлар ўрнида яшил-яшил,
Дарахтлари шовуллаб турган боғлар яратишимиз керак,
О, менинг қаттиқ жоним!
Ишонаманки,
Сен чидаб берасан бу талабларга жим.
Юрагимда барглар шивирлаётганга ўхшайди,
Демак,
Яратилажак безавол боғларимнинг
Илк ниҳоллари куртак ёзаяпти,
Боғлар гуркираб қад кўтараяпти юрагимда,
Барглари яшил-яшил боғлар…

1967 йил 3 октябрь

МЕНИ УНГА…

Мени унга «бунда бор» деманг,
Дийдорингга ташна, зор деманг.
Аллақачон келар экан-у,
Йўл тўсармиш, ғурур, ор деманг.

Майли, бунда мени бор денглар,
Қўлларида сайроқ тор денглар.
«Севилгандай нигоҳи сирли —
У тинч эмас, бир гап бор» денглар.

Кўзи қора, қуралай, тенгсиз,
Кокиллари бурама, денг Сиз.
Шундай ҳурилиқолар ерда
Сира ёлғиз юрама, денг Сиз.

Шунда ўзи излаб келади,
Ҳузуримга бўзлаб келади.

1967 йил 14 декабрь

БИЗ ОЛМАМИЗ

Биз олмамиз шохлардаги, тўкмасинлар, айтингиз,
Дарё бўлар кўз ёшимиз, чўкмасинлар, айтингиз.
Ғўрмиз ҳали, айтингизки, ғўр мевани узмайлар,
Гўдакнинг ҳам тонгги ширин уйқусини бузмайлар.
Айтингизки, яна, бизлар энди қўшиқ бошладик,
Эшитсинлар ахир уни қулоқ бериб одамдек.
Қўшиғимиз тинаётган у қалбларни этар ром,
Эсга тушар ойдин кеча, оқ юзли қиз, сархуш жом…
Чалғингизни чархлаб қўйинг, бизнинг қўшиқ чархлоғлиқ.
Бундан сўнгги ҳаётимиз ўша қўшиққа боғлиқ.
Куйламоққа қўйиб беринг, куйлай олмасак жўшиб,
Ўриб олинг бизларни ҳам, ўша қўшиққа қўшиб.
Биз олмамиз шохлардаги, тўкмасинлар, айтингиз…

1971 йил 6 май

* * *

Омон-омон қўшиқлардан айт,
Алвон-алвон қўшиқлардан айт,
Оҳанг бўлиб қўшиққа бу кеч
Қўшилишиб кетадиган пайт.
Омон-омон қўшиқлардан айт.

Юракларга ўт бўлиб кириб,
Ўзинг ҳам куй, куйла куйдириб.
Бари-бари тушсин ёдимга,
Бари-бари чиқсин олдимга.

Йироқдаги оппоқ соч онам
Келмоқдадир кипригида нам,
Онам, онам тушсин ёдимга.

Қамчин уриб келмоқда отам,
Отин суриб келмоқда отам.
Сурон солиб яшаб кетди у,
Ғолиб-ғолиб яшаб кетди у.
Қамчин уриб келмоқда отам.

Одил Дароз бор эди бир чоқ,
Отагинам сирдоши эди.
Қўмсаб қолар Дарозни гоҳ-гоҳ
Чавандозлар давраси энди.
Одил Дароз бор эди бир чоқ.

Айтаверсам жонга тушар ўт,
Ёш тўкмоққа чоғланар булут.
Туташмоқда ўтларга кўксим,
Қўй, яхшиси, мен тинглайин жим,
Ўзинг алвон қўшиқлардан айт,
Омон-омон қўшиқлардан айт.

1972 йил 18 август

БЕГИМ, СИЗНИ ХУДОЙИМ…

Бегим, Сизни худойим расо қилиб яратган,
Кимларнидир ўйчану сизни кулиб яратган.
Ногаҳон бериб қўйиб бу ақлни, камолни,
Ўзи ҳам рашк, ҳасадда тўлиб-тўлиб яратган.
Қия тушган нигоҳни армонга йўймагайсиз,
Қиз қалбига севмоқни осонга йўймагайсиз,
Қийнамангиз, у ўзи ўртангувчи бир бағир,
Бу бағирни кенгликда осмонга йўймагайсиз,
Сиз худдики Фарҳодсиз, Ширин қайдадир, бегим,
Орзуларим дилда-ю нолам найдадир, бегим.
Сиз десам бар тутқазмай сочилган ўйларимдай,
Бу тонг қаро сочларим майда-майдадир, бегим,
Сизни мен ўзимга ҳам лойиқ кўрмам, рости гап,
Ўзгага бермоқ эса тушимга кирмас ухлаб.
Ўзга билан кетсангиз, равон йўллар қолмасин,
Бегим, иккиланмасдан ер юзин ташланг михлаб.
Михнинг, тиғнинг заҳрини сезмай ёниб бораман.
Ишқ зардобли шаробдир, қониб-қониб бораман.
Ҳеч ким билан сирлашмай, ҳеч кимсага тутмай май,
Ўз қоним билан ўзим алвонланиб бораман.
Ҳайратларда қотгайсиз мени кўрганда ул дам,
Ёнингиздаги совуқ сулувдан совурсиз ҳам,
Сизни обдон музлатгач, ўзим қайтарман, чунки
Бунгача йўқ садоқат, бундан сўнг ҳам бўлур кам.
Ўзга тортмам, чексам ҳам шунча жабру жафони,
Ўзгага ҳам бермасман, сиздек бир бевафони!
Бегим, Сизни худойим расо қилиб яратган…

1973 йил 17 февраль

БАҒИШЛОВ

Онажон!
Тезроқ бўл, тилларанг либосингни кий,
Оппоқ рўмолингни ўрагил бошга.
Қулоқ сол, чалинар мастона бир куй,
Нигоҳ сол, уфқда қизғиш қуёшга.
Уфқ ёнаяпти, куй бетиним инграр,
Борган сари қизир томиримда қон.
Кўзимда акс этар шўх оловли ранглар,
Ранглар тинчим олди бу кун, онажон!
Она!
Шу тонгда ҳам сен ташвиш билан банд,
Ун элаяпсанми, сен турақол, кийин.
Бу галча хамирни мен ўзим қораман,
Қуёш тандирида пишираман кейин.
Баҳорни қаршилаб куртаклар очар лаб,
Куртаклар яп-янги!
Оламни тутмоқда уйғонишнинг
Кулгусин жимгина жаранги.
Шу жаранг остида бўлақол, тортинмай,
Тилларанг либосинг ташла энгингга.
Ҳузурбахш, бу ҳаёт уззукун чалиб най,
Бор бисот, қувончин бахш этсин сенга.
Дўстларинг давраси чорлаётир сени —
Менинг оппоқ сочли Момо Ҳавволарим.
Уларга тақдим этмоқ керак
Тирик табиатнинг энг хушбўй исини,
Олча гулларию булбул наволарин.
Ҳамиша ҳам шундай:
Вақти йўқ уларнинг бирпас боққа кириб,
Гул ҳидлаб, булбулдан қўшиқ тинглашга.
Гарчанд шеъримизда қўйсак ҳам тиндириб,
Табаррук қилсак ҳам кўтариб бошга…
Дарвоқе, ўкинчнинг фурсати эмас,
Шу қуёш нурлари шўнғиган оқ сочлар,
Шу бизни деб ёна-ёна хира тортган кўзлар,
Шу қуёш сари авайлаб босилган
Кичик-кичик қадам-излари —
Сенинг изларингни —
Нондай кўзга суриб ўпаман!
Байрам билан қутлайман!
Мвнинг оппоқ сочли мунис фариштам,
Онам!

1973 йил 2 март

МУҚАДДАС АЁЛ

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди,
Ва бу ҳакда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

«Аввал: «Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ», дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс «халқ», дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб шўр, талх, дедилар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл, — деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!

1986 йил 28 сентябрь

* * *
Ўйламангки, унинг қалби йўқ —
Кўпни севар, кўпни кўзлайди.
Ҳамма билан бўлса ҳам дўст, шўх —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ҳаёт такрор учраштираркан,
Кимни «сен»лаб, кимни «сиз»лайди.
Йўқ, уларга бермайди у тан —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Дерсиз «ошиқ»лари эмас кам,
У, қанчаси унга сўзлайди».
Дил розларин тинглаб туриб ҳам —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ёки деманг «қиш совуғидай, —
Унга яқин юрган музлайди».
Ўзгаларга ҳарорат бермай —
У бир дардкаш қалбни излайди.

Деманг, маъюс тортиб қолган дам —
«Унутган ошиғин эслайди».
Ишончини ҳамон қилмай кам,
У бир дардкаш қалбни излайди.
1967 йил 8 июнь
АЁЛ ЎТИБ БОРАР

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.

Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.

Аёл ўтиб борар… шўх юриб
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…
1995 йил 26 ноябрь

АЁЛ ЎТИБ БОРАР

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин
Курагимни синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.

Баланд бир ўт ёнган ичимни
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.

Аёл ўтиб борар… шўх юриб
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл.

Сен сўрама, мен ҳам айтмайин…

1995 йил 26 ноябрь

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Навоий — нон. Тўсма. Унга борар йўлдан қоч,
Ғашлик қилма, тўрт ённи ҳам ёритаркан тож.
Навоийга ўзин урса, урма кофирни,
Ахир нонга мусулмону кофир бирдай оч.

* * *

Биров гўдак, бировлар ит боқиб боради,
Бировга гул, бировга кул ёғиб боради.
Бу бенаво дунёсидан наво тиланиб,
Мендек бир адашган дарё оқиб боради.

* * *

Бу дунёда менинг каби ғамдан барпо йўқ,
Тоғдай ғамин тил учига чиқармас тоғ йўқ.
Ҳеч ким мендек ўз кўз ёшин селида оқмас,
Ерда мендек гуррос солиб йиғлар дарё йўқ.

* * *

Бу умр — ўтар кўчадир. Ғофил ётма, туриб ўт,
Ётганлар бор, ҳолин сўра, кулбасига кириб ўт.
Бу кўча — байрам кўчадир, дўст-душман орасидан
Зийнатланиб, зеболаниб қушдай енгил юриб ўт.

* * *

Сеҳру сабоғимиз устидан юринг,
Доғ ўлдик. Доғимиз устидан юринг.
Чорланг. Биз борайлик. Ё ўзингиз келиб
Қошу кабоғимиз усгидан юринг.

* * *

Ютдиргану ютганимиз нимага арзир,
Ўтмагану ўтканимиз нимага арзир.
«Бошин олиб бир сориға» кетганда Бобур
Сизу бизнинг кетканимиз нимага арзир?!

 

(Tashriflar: umumiy 458, bugungi 1)

Izoh qoldiring