2 yanvar — taniqli adabiyotshunos olim Sobir Mirvaliyevning 80 yilligi.

mirvaliyev

   Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Собир Мирвалиев сермаҳсул олим. «Ҳаёт ва кураш поэзияси» (1962), «Қалбдан қалбларга» (1966), «Ўзбек романи» (1969), «70-йиллар ўзбек насри» (1972), «Тарихийлик ва замонавийлик» (1976), «Наср, давр ва қаҳрамон» (1983), «Роман ва замон» (1984), «Истеъдоднинг қўш қаноти» (1993), «Абдулла Қодирий» (2004), «Ўзбек адиблари» (2007) каби 30 тача рисола, дарслик, монография, шунингдек, 400 дан зиёд илмий мақола унинг қаламига мансуб. Уларда ХХ аср ўзбек адабиётининг бойликлари, халқчиллиги, замонавийлиги, миллийлиги, адабий қаҳрамон, жанр хилма-хиллиги, бадиий маҳорат, анъана ва новаторлик сингари мавзулар ёритилган. Олим асарларида, айниқса, ХХ аср ўзбек насрининг туғилиши, тараққиёти, Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ўлмас Умарбеков ижоди тўғрисида теран ва қизиқарли фикрлар билдирилган.
Собир Мирвалиев ўз асарларида ҳали ҳеч ким томонидан тадқиқ қилинмаган, лекин тадқиқ этилиши зарур бўлган мавзуларни топиб, таҳлил этади.
Бу жиҳатдан унинг роппа-роса 40 йил аввал яратилган «Ўзбек романи» монографияси алоҳида аҳамиятга эга. Икки марта (1969, 1993 й.) нашр этилган бу фундаментал тадқиқотни романшунос олимнинг шоҳ асари, дейиш мумкин. Бу монографияда роман илмининг туб назарий муаммолари кенг ёритилган. Муаллиф бу жанрнинг дунёдаги ҳамма адабиётларга бирдек хос бўлган умумий қоида ва хусусиятларини кўрсатиш билан бирга, ўзбек романчилигининг шаклланиш ва тараққиёт йўлларини, унинг ўзига хос миллий белгиларини очиб берган.
«Ўзбек романи» монографияси адабиётшунослик ва илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланган. Академик Марат Нурмуҳамедов «Собир Мирвалиевнинг «Ўзбек романи» асари фақат илмий-амалий қимматгагина эмас, балки халқаро ҳамда сиёсий аҳамиятга ҳам эгадир. Чунки шу асар орқали роман кризиси, ўлими ҳақидаги иғволарга ўзбек романи тараққиёти мисолида кескин зарба берилди», деб ёзган эди.
«Абдулла Қодирий» монографиясида буюк адиб ижодига мустақиллик мафкураси нуқтаи назаридан янгича ёндашилган. Ёзувчи ҳаёти ва ижодининг ҳалигача кўпчиликка номаълум бўлган ёки етарли ўрганилмаган томонлари ҳақида кенг маълумот берилган. Мавзуга доир аввалги маълумотлар янги ҳужжатлар билан тўлдирилган. Айрим ноаниқлик ва чалкашликларга ойдинлик киритилган.
Муаллиф «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» асарларини таҳлил қилар экан, адибнинг ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиришдаги, характер ва образ яратишдаги, сюжет ва композиция тўқишдаги, халқ жонли тилидан фойдаланишдаги маҳорати ҳақида адолатли фикрларни олға сурган.
Абдулла Қодирийнинг ижодий эволюцияси, ҳаёт ҳақиқатини ўрганиш усуллари ва тажрибаси тўғрисида қизиқарли илмий хулосаларни билдирган.
Монографияда буюк ёзувчи ҳаётига доир фожиали воқеа-ҳодисалар ҳам, адиб мухлисларига таскин берадиган қувончли лавҳа ва далиллар ҳам аниқ ва таъсирли қилиб баён этилган. Бу асарни ўқиган китобхон шўро ҳокимияти даврида ўз ижодий имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара олмаган, кўнглида тугиб, дилида пишитиб юрган дурдона асарларини қоғозга кўчиришга улгурмай дунёдан армон билан ўтган Абдулла Қодирийнинг мардлиги, донолиги, ватанпарвар, ноёб истеъдод соҳиби эканлигига яна бир марта қойил қолади. Шу билан бирга, китобхонда шахсга сиғиниш ҳукмронлик қилган қалтис даврда, қирқ тўрт ёшида (айни кучга тўлган ва ижодий камолот чўққисига етган чоғида) мудҳиш туҳматга йўлиқиб, «халқ душмани» сифатида ноҳақ отиб ўлдирилган ёзувчи номини, обрўйини тўлиқ тиклаган.

Профессор Собир Мирвалиев монографиялар яратиш билан бирга, кўплаб адабий портретлар ва ўқув қўлланмалар ёзган. Унинг «Ўзбек адиблари» ўқув қўлланмаси тўрт марта нашр этилган.

Портретларни жойлаштиришда биринчи навбатда ёзувчининг қайси даврда ижод қилгани асосий мезон сифатида олинган. Қўлланма тузишдаги бу янги тамо¬йил ижодкорнинг маънавий қиёфасини, унинг замон талабларига қандай ва қанчалик амал қилганини, умуман, ХХ аср ўзбек адабиётининг шаклланиш ва ўсиш йўлларини, етакчи йўналишини идрок этишга бевосита хизмат қилган. Портретларнинг ҳар бирида ёзувчи ҳаёти ва ижодига доир энг зарур ва характерли маълумотлар баён этилган. Адиб ижодининг асосий моҳияти қисқа, аниқ ва лўнда қилиб кўрсатилган.

Китобда турли сабабларга кўра асоссиз унутилган Исҳоқ Тўра Ибрат, Тавалло, Абдулла Авлоний, ўози Юнус, Хуршид, ўулом Зафарий, Шокир Сулаймон, Рафиқ Мўмин, Абдулла Алавий, Толиб Йўлдош, шўро даврида яшаб, ҳар хил тўсиқ, сиқув ва тазйиқларга қарамай, ҳаққоний асарлар ёзган, бироқ ижоди ўз вақтида қадрланмаган Миркарим Осим, Баҳром Раҳмон каби истеъдодли ёзувчилар ижоди ҳақида яхши маълумотлар келтирилган.
Кўринадики, ушбу қўлланмада ҳар бир ижодкор ўз меҳнати, истеъдоди, асарларининг ғоявий-бадиий савиясига яраша холисона баҳоланган. Бу фазилатни китобдан жой олган адибалар (хотин-қиз ёзувчилар) ҳақидаги портретлар мисолида ҳам англаш мумкин. Қўлланмада аёл ёзувчиларимиздан 15 нафарининг адабий портрети яратилган. Ойдин Собирова, Зулфия, Саида Зуннунова, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева сингари адибалар ижодининг муҳим белгилари асосли равишда тўғри кўрсатилган. Маълумки, хотин-қизларнинг онг-тушунча ва руҳиятида турли йилларда содир бўлган ўсиш-ўзгариш ва янгиликларни, аёллар қалбидаги нозик томонларни бошқаларга кўра адибаларнинг ўзлари кўпроқ ва чуқурроқ илғаб олади. Мазкур китобда ана шу ҳолатга алоҳида диққат қилинган ва бу ижодий иш ҳам муваффақиятли бажарилган.
Булардан ташқари, ушбу китобда ХХ аср ўзбек адабиётининг кенжа авлоди вакиллари портретларидан ҳам намуналар саралаб берилган. Бу ҳол биринчидан, ёзувчиларимиз сафи янги-янги истеъдодлар, умидли ёш ижодкорлар билан узлуксиз ўсиб, кенгайиб бораётганидан, инчунин, янги ўзбек адабиётининг келажаги порлоқ эканидан далолат беради. Иккинчидан, мустақиллик даври адабиётини яратиш, унинг обрўйига обрў, шуҳратига шуҳрат қўшиш ниятида изланаётган, ҳаёт ҳақиқатини истиқлол мафкураси асосида тасвирлаётган бу қалам аҳлининг ижоди махсус ўрганишга ва илмий асосда кенг тарғиб этишга лойиқ эканини намойиш этади.
«Ўзбек адиблари» китобининг яна бир фазилати шундаки, унда портретлар аниқ давр ва адабий муҳит фонида (асносида), уларга боғлиқ ва алоқадор қилиб яратилган. Шунга кўра, китобдан ХХ аср ўзбек адабиётининг умумий ҳолати, ютуқлари, шеърият, наср ва драматургия соҳаларида шу даврда юз берган ўсиш-ўзгаришлар, жанрий ва услубий янгиликлар тўғрисида керакли маълумотларни олиш мумкин. Зеро, китоб¬да замон ва адабий муҳит нафаси очиқ сезилиб турганидек, тарихий жараён ҳам ҳаққоний кўрсатилган.
Домла 1957 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт илмий тадқиқот институтида, Тошкент давлат Маданият олийгоҳда ишлаб келмоқда. Ёш авлодга сабоқ бериб, вилоятлардаги илмий ходимларга ҳам амалий ёрдам кўрсатмоқда. Жумладан, у самар¬қандлик Марди Нуриддинов, Абдумурод Намозов, Абдураҳмон Азимовнинг номзодлик, Ҳотам Умуров, Исроил Мирзаевнинг докторлик диссертацияларига расмий ёхуд норасмий ҳакамлик қилган.

Mақола муаллифи: Сайдулла МИРЗАЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор.
Манбаъ:  http://www.zarnews.uz

(Tashriflar: umumiy 54, bugungi 1)

Izoh qoldiring