Aziz Nesin. Hikoyalar & Futbol qiroli

02020 ДЕКАБРЬ — ТАНИҚЛИ ТУРК АДИБИ АЗИЗ НЕСИН ТУҒИЛГАН КУН

   Азиз Несин ўзбек китобхонларининг севимли ёзувчиси сифатида бир неча бор она юртимизга келган, китоблари ўзбек тилида қайта-қайта нашр қилинган.

Азиз НEСИН
ҲИКОЯЛАР
077

 077 Азиз Несин — асл исми Маҳмуд Нусрат бўлган турк ҳажвий ёзувчиси, драматурги. Нафис санъат академияси (Истанбулда ўқиган (ҳарбий маълумотга ҳам эга). «Марко пошо» (1946) тараққийпарвар ҳажвий газета ва бошқа матбуот органларида ишлаган. «Нуҳ кемаси» (1949) ҳажвий журналини нашр этган. Кўплаб ҳажвий ҳикоя, поема ва романлар муаллифи, сиёсий ва ижтимоий ҳажв устаси. «Жиннилар озод бўлди», «Ишбилармон одам», «Нозиқ ва нафис», «Худога шукур» ва бошқа асарлари сиёсий ўткир ва долзарб. Уларда ёзувчи жамият иллатларини фош қилади, кулгили вазият, хусусият ва ҳолатлар орқали кишиларни беихтиёр ўз нуқсонларидан кулишга мажбур этади.
Азиз Несин асарларининг қаҳрамонлари — иш ахтаравериб безор бўлган майда амалдор, омадсиз зиёли ва қашшоқ ишчи («Яшасин камбағаллик», «Майдон соатлари», «Хотин киши бўлганимда-ю…» ва б.).
«Шундай бўлди, бундай бўлмайди» автобиографик қиссаси, «Азизнома» ҳажвий шеърлар ва «Мамлакатлардан бирида» ҳажвий ҳикоялар тўпламлари мавжуд.  Ҳажвчи ёзувчилар халқаро танловларида «Дафна чамбари» олган (1956, 1957). Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Тошкент анжуманлари иштирокчиси.
Бир неча асарлари («Мушт кетди», 1966; «Хуштак афандим», 1969; «Футбол қироли», 1978 ва ҳ.к.) ўзбек  тилида таржима бўлган ва бир неча марта нашр қилинган.

ҲАЙВОНЛАР ҲАҚИДА ҲИКОЯЛАР

Мен ўзим гувоҳи бўлган ёки таниш-билишлардан эшитган бу воқеаларни қаламга олар эканман, фақат болалар билан ўсмирларнигина назарда тутганим йўқ.

Ушбу воқеий ҳикояларда ёзувчиликка хос бўлган баъзи усуллардан воз кечдим. Яъни уларда бадиий тўқима ёхуд муболаға дегани кўринмайди. Мен ўзим кўрган ва бошқалардан эшитган воқеаларни безаб-бежамаган, ёнига қўшиб-чатмаган ҳолда, қандай бўлса шундайлигича ўқувчиларимга тақдим этмоқдаман. Булардан ҳар ким ўзига яраша хулоса чиқариб олсин, деган мақсадим ҳам йўқ эмас. Қолаверса, ўзим ҳам бир пайтлар шундай қилганман. Бу билан: «Ҳамма менга ўхшасин, қиссадан нима ҳисса чиқарган бўлсам, айнан такрорласин,» демоқчи эмасман. Битта воқеадан ҳар ким ҳар хил хулоса чиқаради. Олинган панд-ўгит эса баъзан бутунлай қарама-қарши бўлиши ҳам мумкин.

Майли, бу гапларни йиғиштириб қўяйлик-да, жониворлар ҳаётидан олинган ушбу лавҳаларни бирма-бир кўздан кечириб чиқайлик. Мабодо шулардан бирортаси фикрингизни тортиб, дилингизга маҳкам ўрнашиб қолган бўлса, замиридаги панд-насиҳат ҳам ўз-ўзидан келиб чиқаверади.
Одатда одамзот парранда-ю дарранданинг хатти-ҳаракатига ўзича нисбат беради, булардан ўта фавқулодда ҳолатлар излайди. Аслини олганда эса биз фавқулодда деб билган нарсалар мутлақо савқи табиий бир ҳолат бўлиши ҳам мумкин.

ХАЛОСКОР ИТ

Москвада Аждар Иброҳим деган бир кино режиссёр билан дўстлашиб қолган эдик. Иккинчи марта Москвага боришимда ўшанинг хотини вафот қилганини эшитдим. Бир танишимизни ёнимга олиб, кўнгил сўрагани дала ҳовлисига бордим. Кинорежиссёрнинг дала ҳовлиси катта йўлдан четроқда, ўрмон ёқасида экан. Хотини қазо қилганига бир ҳафта бўлибди.

Аждар Иброҳим гап орасида марҳуманинг бир ити бўлганини, жанозадан сўнг у мутлақо кўринмай қол-ганини айтди. Илгарилари бундай одати йўқ экан. Ҳатто ўрмоннинг ичига кириб кетса ҳам, бир соатга қолмай уйга қайтаркан.

— Ит эгаси ўлганини сезган бўлса керак, демоқ-чимисан? — деб сўради ҳамроҳим.

— Қайдам, — деб жавоб берди Аждар Иброҳим. — Аниқ бир нарса деёлмайман-у, лекин Ашхабодда бўлган бир воқеани эшитганимдан кейин жониворларда фавқулодда сезиш қобилияти бўлишига ишондим.

— Ашхабодда нима бўлган экан?— деб сўрадим ундан.

Бўлган воқеани гапириб берди.

— Ўзим асли ашхабодликман. Қайси бир йили отпуска пайтида борсам, икки қўшним бир- бири билан суд-лашиб юрган экан. Иккови ёқалашиб қолиб, бири иккинчисини белкурак билан урмоқчи бўлибди. Зўрға ажратиб қўйишибди. Жанжал нимадан чиққанини ҳеч кирн билмайди. Мен ўша ерда эканимда уларни суд мажлисига чақириб қолишди. Азбаройи қизиққанимдан мен ҳам судга бордим.

— Сиз нима учун қўшнингизга белкурак кўтар-дингиз? — деб сўради судя айбланувчидан.

— Итимни уриб майиб қилгани учун, — деб жавоб берди айбланувчи.

Судянинг жаҳли чиқди.

— Ҳеч замонда одам боласи бир итни деб қўшнисига қўл кўтарадими, бу қанақа гап ахир?

— Менинг итим бўлакча, бошқа итларга ўхшамайди, — деб қолди даъвогар.
— Ия, нимаси бўлакча экан?

Шундан кейин итнинг эгаси бир бошдан гапириб берди.

—Иккинчи фарзандимиз икки ойлик чақалоқ эди ўшанда. Чақалоқ бешикда ухлаб ётган пайтларда итимиз ҳечам унинг ёнидан жилмасди. Бир куни эрталаб ўрнимда газета ўқиб ётсам, хотиним йиғи-сиғи кўтариб қолди. Бола бешиги билан йўқолибди. Дарҳол излашга тушдик, уй ичидан топилмади. Югуриб ҳовлига чиқсак, бешик ўша ерда экан, ёнида эса ит. Чақалоғимиз пишиллаб ухлаб ётибди.
Бешикни уйга олиб кирдик. Лекин ўша куни кечаси ит яна уни ташқарига олиб чиқиб кетибди. Итни дўппослаб, эшикни ёпиб қўйдик. Ҳаво дим бўлгани учун деразалар очиқ эди.

Ярим кечада эр-хотин шовқиндан уйғониб кетдик. Бундоқ қарасак, ит деразадан уйга кириб,бешикни ташқарига судраб чиқмоқчи бўлиб турган экан. Уни яна қувиб чиқардик.

Тонгга яқин даҳшатли фалокат юз берди. Ер чир айланиб кетгандай бўлди. Устимга бир нималар босиб тушди. Ҳушдан кетибман. Шу аҳволда қанча ётганимни билмайман. Бир пайт ўзимга келиб қарасам, харобалар тагида кўмилиб ётибман. Қаттиқ шикастланибман. Шу орада тепамдан қитирлаган овоз эшитилди. Биров мени кавлаб чиқармоқчи бўлаётганга ўхшарди. Кейин итимизни ингиллаган товушидан танидим. Сал ўтмай кичкинагина тешик очилиб, ичкарига ҳаво кирди, ёаигиик тушди. Сўнг итимнинг оёғи кўринди. Унинг ёрдами билан бир амаллаб ташқарига чиқиб олдим. Ит мени ўз ҳолимга қўймай ҳадеб почамдан тортқилайверди. Бир жойга келганимизда нуқул гир айланиб ингиллайверди. Дарҳол қазишга тушдим, катта қизимни қутқариб олдим. Бу даҳшатли зилзила пайтида ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Онам билан хотинимнинг тирик қолишига ҳам шу ит сабабчи. У жойни кўрсатди, мен қазиб олдим. Кейин ҳаммамиз чақалоқни излай бошладик. Ит ҳам ғойиб бўлди негадир. Қазиб кўрмаган жойимиз қолмади. Охири ҳовлига чиқиб қарасак, бешик бир чеккада турибди. Ёнида эса итимиз. Бешикнинг ичида бола. Билдикки, ер қимирлашидан сал одинроқ ит бешикни уйдан олиб чиқиб кетган экан. Зилзила пайтида бизни бутун уй ичимиз билан ўлимдан қутқариб қолган шу ит бўлади. Ўша воқеадан кейин ит бизга қадрдондан ҳам қадр-дон бўлиб қолди. Қўшним бўлса шундай итнинг жонига қасд қилиб ўтирибди. Чидаб туролмадим, итимни қутқариб қолиш учун белкурак билан қўшнимга ташландим. Лекин улгуролмадим, итимга жароҳат етказибди у.

Кинорежиссёр Аждар Иброҳим ҳикоясини тугатгач, шундай деди:

—Судда шу гапни эшитганимдан кейин жониворларда фавқулодда сезиш қобилияти борлигига ишондим. Хотиним итимизни кўп эркалаб, меҳрибончилик кўрсатарди. Мен унчалик рўйхушлик бермасдим. Ит унинг ўлганини сезган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Хуллас, ўша кундан кейин у уйдан чиқиб кетди-ю, қайтиб келмади.

ЧУМЧУҚ ОВИ

Адвокат дўстим Урхон Опойдин бир куни гап орасида:

—Мен ҳам бир марта ёзувчилик қилганман, — деб қолди.
— Қандоқ қилиб? — сўрадим мен.

У ҳикоя қилиб берди.

— Бошланғич мактабда, тахминан учинчи синфда ўқиб юрган пайтларим эди. Якшанба кунлари далага чиқиб, маза қилиб ўйнаб келардик. Асосий эрмагимиз рогатка (сопқон)га тош солиб отиш эди. Ана шундай кунлардан бирида Бурхон акам билан ўйнаб юриб, қуш овлашга жазм қилдик. Резинка рогаткага майда тошлардан қўйиб, қушларни пойлаб отамиз, ҳечам тегмайди. Бир пайт қўққисдан рўпарадаги дарахтдан бир гала чумчуқ «пир» этиб осмонга кўтарилди. Бурхон акам дарҳол резинкани чўзиб туриб бир отган эди, битта чумчуқ «тап» этиб ерга тушди. Ўқимиз нишонга тегишини кутмаган эканмиз шекилли, икковимиз ҳам эсанкираб қолдик. Кейин чумчуқнинг теппасига югуриб бордик. Жон талвасада типирчилаб, тўлғаниб ётган қушчани кўриб, икковимиз бехосдан йиғлаб юбордик. Чумчуқ боёқиш учай деса учолмас, қочай деса қочолмасди. Ҳали тирик эди. Бу даҳшатли ўлим азоби бир-икки дақиқа давом этган бўлиши мумкин, аммо менинг назаримда у чексиздай туюларди. Чумчуқ ётган жойида типирчилаган сари биз баттар ҳўнграб йиғлардик. Охири у қимирламай қўйди. Қушчанинг жони узилган бўлса ҳам, ака-ука икковимиз ҳамон ҳўнг-ҳўнг йиғлардик. Мен унинг ўлимига сабабчи бўлган рогаткани олиб улоқтириб юбордим. Бурхон акам қўли билан ерни тимдалаб, чумчуққа гўр очди. Йиғи-сиғи билан уни кўмдик. Шундан кейин икковимиз бир оғиз чурқ этмай, хўрсина- хўрсина уйга қайтдик.

Эртаси куни синф ўқитувчимиз эркин мавзуда иншо ёзишни буюрди. Мен ўзимга ғоят таъсир қилган мана шу воқеани баён қилиб бердим. Ўқитувчимиз иншойимни ўқиб чиққач, жуда мақтади, кўкларга кўтарди. Хуллас, менинг умримда биринчи марта ёзган асарим шу бўлди.

ОНА ТАРБИЯСИ

Ўн яшар бола эдим. Истанбулнинг Сулаймония маҳалласида, икки қаватли эски уйнинг бир хонасида оиламиз билан ижарага турардик. Тарғил бир мушугимиз бўларди. Ўша кезлари у болалаган бўлиб, фақат биттаси тирик қолган эди.

Тарғил нечоғлик оч қолмасин, уйдаги нарсаларга ҳечам кўз олайтирмасди. Аслида эса ўзи уччига чиққан ўғри эди. Аллақаерлардан гўшт ўмариб, уйга ташигани ташиган эди. Бир куни оғзида катта бир боиак гўшт билан зўрға зинадан чиқиб, уни даҳлизга қўйди-да, миёвлаб боласини чақирди. Боласи келгач, гўштни ердан олиб, ўзи доим овқат ейдиган тоғорачага солди. Мушукча гўштга ташланиб, апил-тапил ея бошлади. Тағил ерга чўзилиб, тамшаниб қўйди.

У пайтларда биз ерга кўрпача тўшаб, пастаккина хонтахта атрофида овқатланардик. Кунлардан бирида дастурхон атрофида ўтирган эдик. Тарғил ойим билан менинг ўртамга келиб ётиб олди. Бироздан кейин ёнига боласи келди. Лекин у онасига ўхшаб жимгина ётиш ўрнига бошини дастурхонга чўзиб, устидаги нарсаларни искай бошлади. Бу ҳам етмагандек, кейин олдинги оёғини дастурхонга қўйди. Боласи бесўроқ бир нима олмоқчи бўлганини сезган тарғил дарҳол оёққа турди. Худди қулоқсиз боласининг таъзирини бериб қўймоқчи бўлган оналарга ўхшаб, бир оёғи билан мушукчанинг бошига туширди, уни уриб-уриб хон-тахтанинг тагига киритиб юборди. Ўша воқеадан кейин мушукча дастурхонга оёқ узатганини қайта кўрмадик.

ШАФҚАТЛИ ИТ

Уйимиз катта йўл ёқасида бўлгучи эди. Қиш кунларидан бирида иккинчи қаватдаги дераза ёнида газета ўқиб ўтирардим, олдимда эса қаҳва. Шу пайт кўча томондан ингиллаган овоз эшитилди. Шундай аянчли, шундай ғамнок эдики, газетани ортиқ ўқиёлмадим. Эшикни очсам, жингала-жингала оқ жунли дайди бир кучукча турибди. Мени кўриши билан жонҳолатда инграй бошлади. Аллақаери оғриётганини сездим. Тумшуғини остонага қўйиб, илтижо билан кўзимга тикилди. Дарров ердан кўтариб олиб, уёқ-буёғига разм солиб кўрдим. Бир оёғи лат еган бўлса керак, қонаётган экан. Яраланган жойини яхшилаб ювиб, дори суртдим, кейин оёғини тахтакачлаб, маҳкам боғлаб қўйдим. Анчагача ингиллаб ётгач, кейин тинчиб қолди. Қорни тўйгач, уйқуга кетди.

Орадан ўн беш кунча вақт ўтгач, тахтакачни олиб ташладим. Боёқиш икки-уч кун чўлоқланиб юрди, кейин яраси бутунлай битиб кетди. Кўҳликкина, шўхроқ кучукча экан, уй ичи билан ҳаммамиз унга қаттиқ боғланиб қолдик. Лекин у кўчага ўргангани учун ҳамиша уйдан қочиш пайида бўлар, бундай пайтларда эса уни кўча-кўйдан тутиб олиб, жойига қайтарардик. Кунлардан бирида итимиз йўқолиб қолди. Шунча қидирсак ҳам топилмади. Кўп афсусландик, лекин илож қанча эди.

Келаси йил яна ўшандай қиш кунларидан бирида эрта билан дераза ёнида қаҳва ичиб ўтирсам, тўсатдан кўча томондан вовуллаган овоз келди. Негадир бу товуш танишдек туюлди.

Дарҳол пастга тушиб, эшикни очдим. Ҳа, худди ўзи… Мени кўриши билан ит думини ликиллатиб, сакрашга тушди. Ёнидаги сап-сариқ баҳайбат шериги тинмай ингилларди. Яқинига бориб қарасам, бир оёғи синган экан.

Ҳа, орадан бир йил ўтгандан сўнг ўша дайди итимиз мендан нажот истаб ярадор шеригини олдимга бошлаб келибди.

ИБРАТЛИ ТАСОДИФ

Буни бизга ўқитувчимиз гапириб берган.

Ўша ўқитувчимизнинг бир қариндоши биринчи жаҳон уруши йилларида армияда офитсер бўлиб хизмат қилган экан. Ўша одам кунлардан бирида чўлда кетаётиб қизиқ бир воқеанинг гувоҳи бўлибди. Типратикан билан йўғон бир илон «жанг» қилишаётган бўлиб, ҳужум қилаётган томон асосан типратикон бўлиб, у нуқул ҳамла қилар, ҳар ҳамла қилганида ўткир тиканларини илоннинг танасига санчиб оларкан. Ҳон четроққа ўрмалаб қочмоқчи бўлса, югуриб олдидан чиқар, яна найзасини суқиб-суқиб олавераркан. Охири илон шу даражада абгор бўлибдики, қимирлашгаям ҳоли қолмабди. Типратикан яна ҳужумга шайланиб турганини кўриб, офитсер қўлидаги таёғи билан уни бир-икки марта туширибди. Типратикан тил тортмай ўлибди, таёқ ҳам қарс этиб синибди. Офитсер йўл-йўлакай синган таёғини ўйнаб, ўзи турган чодирга етиб олибди. Орадан анча вақт ўтгач, ташқари чиқиб қараса, бояги йўғон илон чодирнинг остонасида тасмадек чўзилиб ўлиб ётганмиш. Устида синган таёқ бўлаги.

Ўқитувчимиз шу воқеани айтиб бергач, бизга бундай деган эди:

— Танаси илма-тешик бўлиб кетан бир илоннинг яхшиликка яхшилик қайтариш ниятида шунча йўл босиб, таёқнинг синган учини судраб келиши аслида ақл борвар қилмайдиган нарса. Лекин бу бўлган воқеа. Қолаверса, буни ибратли тасодиф деса ҳам бўлади.

ТУЛКИ ОВЛАГАН АЙИҚ

Халил Дундор шундай ҳикоя қилади:
— Тоғ этагидаги Хирвати қишлоғи атрофида сурув ҳайдаб юрган чўпонлар ҳар куни тунда биттадан қўй ғойиб боиаётганини сезиб қолишади. Маълум бўлишича, сурувга айиқ оралаган экан. Чўпонлар ўғрининг адабини бериб қўйиш ниятида кечаси гулхан ёқиб, уни пойлаб ўтиришибди. Бисотларида биттагина пилта милтиқ бор экан. Ниҳоят, айиқ кўринибди. Чўпонлар шовқин кўтариб, уни қўрқитмоқчи бўлишган экан, айиқ парво қилмай тўғри бостириб келаверибди. Буни кўрган бир чўпон шоша-пиша милтиқни олиб, ўқ узмоқчи бўлган экан, пилтаси ўт олмабди. Айиқ эса яқинлашиб қолибди. Чўпонлар милтиқни ташлаб, тирақайлаб қочишибди. Айиқ бемалол гулханнинг олдига келибди, кейин ерда ётган милтиқни олиб, тиззасига бир уриб синдирибди. Шундан сўнг у битта қўйни бурдалаб, ейишга тушибди. Ўша кезлари сурув томонда тулки ҳам айланишиб қолган экан. Ҳар куни у айиқнинг изидан бориб, ундан қолган сарқитларни пок-покиза қилиб тушириб кетар экан. Шу куни тулки яна пайдо бўлибди. Айиқ уни кўриб қолибди-да, бир парча гўшт ирғитибди. Тулки яқин келиб, гўштни олибди. Айиқ яна ташлабди. Лекин бу гал берироққа улоқтирибди. Шу тариқа гўшт ташлаб, тулкини яқинига келтирибди-да, бир чанг солиб ушлаб олибди. Шундан кейин боя ўзи мажақлаб ташлаган милтиқнинг сум-басини олиб, обдан ўтда қиздирибди-да, даҳшатдан қотиб қолган чўпонларнинг кўзи ўнгида уни тулкининг кетига босибди. Бир неча марта буни такрорла-гач, охири тулки ўлибди. Айиқ: «Еган қўйимнинг ҳақи бу», дегандай унинг оиигини чўпонлар пусиб ётган томонга улоқтирибди. Шу-шу бу айиқ мутлақо кўринмай кетибди.

АЙИҚНИНГ ТАШАККУРИ

Тавр тоғи томонларда бир деҳқон ўрмонга бориб, катта бир дарахтни ағдарибди-да, ўтин тайёрлашга киришиб кетибди. Шу орада қаердандир айиқ пайдо бўлиб, унинг қаршисига келиб ўтирибди-да, ҳаракатларини зимдан кузата бошлабди. У тарафларда нима кўп, айиқ кўп. Лекин одамга ҳужум қилмайди. Шуни билгани учун ўтинчи деҳқон бемалол ишини қилаверибди.

Бир маҳал у тўнкани ёрмоқчи бўлиб, пона тиқибди-да, қўлидаги болтанинг орқаси билан ураверибди. Кейин тушлик қилиб олиш учун бир чеккага бориб ўтирибди. Унинг кетганини кўрган айиқ тўнканинг олдига келиб, ёш боладай понани ўйнай бошлабди. Понани жойидан қўзғатмоқчи бўлиб уёққа тортқилабди, буёққа тортқилабди, охири пона отилиб кетиб, тўнканинг ёриғига оёғи қисилиб қолибди. Айиқ жон аччиғида бўкириб юборибди. Деҳқон югуриб келиб тўнкага каттароқ пона тиқибди, ёриқнинг оғзини кенгайтириб, айиқнинг оёғини суғуриб олибди. У боёқиш чўлоқланганича ўкириб-ўкириб йўлига равона бўлибди.

Шу куни иши чала қолган деҳқон эртасига эрта билан ўша жойга келса, кечаги тўнканинг устида мумкатакда асал турганмиш. Шунда у кечаги қилган яхшилиги учун айиқ шу асал билан  миннатдорчилик билдирмоқчи бўлганини тушунибди.

ЖЎР ОВОЗ БЎЛИБ

Ўша пайтларда Истанбулда ҳовли-жойимиз бўлгучи эди. Беш танобча еримиз ҳам бор. Уйдаги мушук билан кучукча бирга катта бўлганликлари учун жудаям иноқ эди. Томорқага сабзавот экиб, бир чеккасида товуқ боқардик. Яна бир эшагимиз бўлиб, мен уни Чалабий деб чақирардим. Жонивор ниҳоятда ювош эди. Кучукча билан мушук иккови Чалабийнинг устига чиқиб олиб, ўша ерда тонг оттирган пайтлари кўп бўлган. Баъзан кучукчанинг Чалабий билан ўйнашгиси келиб қолар, шун¬да у югуриб бориб, нақ ғажиб ташламоқчи бўлгандай акиллай бошларди. Чалабийнинг эса парвойи палак эди.

Товуқлар курк бўлиб, жўжа очадиган пайт келди дегунча осмонда калхатлар изғиб қоларди. Мабодо бирорта калхат жўжага чанг солмоқчи бўлиб ерга шўнғиса борми, она товуқ дарҳол қанотларини кериб, патларин ҳурпайтириб олар, болаларини хатардан огоҳ қилмоқлик учун қақиллаган овоз чиқарарди. Буни эшитиб, жўжалар пана жойларга қочиб қолишарди.

Мушук билан кучукча қаерда бўлмасин, товуқнинг ноласини эшитишлари биланоқ дарҳол ёрдамга етиб келишарди. Жўжаларга озор бериш уёқда турсин, икковиям уларни онаиари билан бир сафда туриб калхатлардан ҳимоя қилишарди. Бир томондан она товуқ қақиллаганича ер бағирлаб учиб юрган калхатга қараб сапчиса, иккинчи томондан мушукча миёвлаб, кучукча қаттиқ вовилларди. Хуллас, товуқ, мушук ва ит бараварига жўр бўлиб, калхат ҳужумини даф қилишарди. Шерикларининг овозини эшитган Чалабий боёқиш бирор хатар борлигини сезарди-ю, аммо бир оёғи занжир билан қозиққа боғлаб қўйилганлиги учун бор кучи билан ҳанграб юборарди.

Бир куни яна ҳовлини товуқнинг қақиллаши-ю мушукнинг миёвлаб, итнинг вовуллаши тутиб кетди. Чалабий ҳам турган жойида ҳанграб юборди. Бир пайт қарасам, Чалабий оёғидаги занжирни шилдиратиб шу томонга қараб ирғишлаб келяпти. Занжирнинг бир учида темир қозиқ. Билдимки, қозиқни бир амаллаб суғуриб қочган.

Чалабий шерикларининг ёнига етиб келгач, иккала қулоғини динг қилиб, калласини осмонга кўтарди-да, тепада айланиб юрган калхатга қараб шундай бир бўкириб юбордики, асти қўяверинг. Эшагимиз бунақа ҳанграганини шу вақтгача ҳечам эшитмаган эдим.

ИДОЛ БРАНСКИ

Машинада Европадан Туркияга қайтаётиб, Югославия орқали ўтадиган бўлдик. Белградга яқинлашиб қолган эдик, йўл четида жойлашган бир хўжаликка кўзимиз тушди. Суриштириб билсак, бу ерда зотли итлар етиштиришаркан. Унинг эгаси бир югослав бўлиб, ўзи шу соҳада мутахассис экан. Хўжаликни айланиб чиқдик. Ҳар хил тоифали юзларча итларни кўрдик. Битта кучукча бизга маъқул тушиб, буни сотиб олмоқчи бўлдик. Эгаси уни туғилганига энди йигирма кун бўлганини, ўзи эса Лондонда бўлиб ўтган кўрикда биринчи ўринни олган Идол Брански лақабли итнинг зурриёти эканини айтди. Хуллас, иккинчи Идол Бранскини сотиб олдик. Бизга кучукча билан бирга унинг насл-насаби ёзилган гувоҳномани ҳам беришди.

Кучукчани уйга олиб келдик. Ойим уни уй ичида сақлашга кўнмади. Ноилож ҳовлидаги каталакка қамаб қўйдик. Идол Брански ёнидан жилишимиз би¬лан шунақаям уввос кўтардики, асти қўяверасиз. Туни билан гоҳ чийиллаб, гоҳ увиллаб чиқди. На ўзи ором олди, на бизга ва на қўшниларга тинчлик берди. Эртаси куни тоза бошимиз қотди. Кун бўйи унинг ёнидан жилмадик. Кечаси яна ҳаловат бўлмаслиги аниқ эди.

Яқин танишларимиздан бири маслаҳат берди:
— Қўнғироқли соат бор-ку, шуни тўрвага солиб, ёнига қўйинглар-чи, ғингшимаса керак.

Айтганини қилдик. Идол Бранскининг акиллаши тинди. Туни билан чурқ этгани йўқ. Эрта билан уйғонгач, ўлиб-нетиб қолмадимикин, деган хавотирда катагига бориб аста мўраладик. Соат солинган тўрвага бошини қўйиб, тинчгина ухлаётган экан.

Шундан кейин ҳар куни кечқурун буни такрорлаб турдик. Кечалари тортқилаб ўйнарди. Бора-бора Идол Брански улғайиб, соатсиз ухлайдиган бўлди.

Бир куни бизга маслаҳат берган ўша танишимиздан бунинг сабабини сўрадик. У ўзи бу ишни қилиб кўрмаганини, лекин бир китобда шу ҳақда ўқиганини айтди. Китобда ёзилишига кўра кучук боласи соатнинг тиқирлашини онасининг юрак уришига ўхшатар экан. Маълумки, кучук болачалари одатда онасининг қорнига бошини қўйиб ётади. Демак, Идол Брански соат солинган тўрвага бошини қўйиб ухлашининг сабаби ҳам шунда.

КЕЙИН ХУРСАНД БЎЛАСИЗ

Бир-бирини таниганига уч кун бўлмасданоқ турмуш қуришга ваъдалашиб қўйишибди. Бўлғуси келин дурустгина оиланинг қизи бўлиб, ота-онаси жуда нозиктаъб одамлар экан. Шунинг учун ҳам қиз йигитга:
— Уйимизга бориб, чол-кампирдан ҳам розилик олмасанг бўлмайди, — дебди.

Куёв тўрани сўрасангиз, ўзи жуда мўмин-қобил йигит, бир гапни икки қилгиси келмайди, иложи борича бировнинг кўнглини ранжитмасам, дейди. Шунга кўра у:
— Жуда соз, эртагаёқ уйингга бориб, отангдан тўйга рухсат оламан, — деб қизни хотиржам қилибди.

Қиз воқеани онасига айтибди. Онаси ҳам бор гапни оқизмай-томизмай эрига етказибди. Хуллас, иккови эртасигаёқ куёв билан уни ичкари олишибди. Ҳаммалари биргаликда қаҳва ичишибди, аллавақтгача уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришибди. Ана гапиради, мана гапиради, деб чол-кампир роса кутибди, лекин йигит сира тўйдан оғиз очмасмиш. Бунинг устига кетишни ҳам ўйламасмиш. Кеч кириб, қоронғи тушибди. Кечки овқатни ҳам баҳам кўришибди. Кетидан яна қаҳва ичишибди. Бўлғуси куёв ҳамон чурқ этмасмиш. Оғиз пойлаш билан вақт алламаҳал бўлибди, ярим кечада меҳмонни ҳайдаб бўлармиди? Ноилож унга жой солиб:
— Нариги хонага ўта қолинг, марҳамат ўрнингиз тайёр, — дейишибди.

Бир вақт ота бундоқ қараса, йигит қизнинг билагидан ушлаб, ўша хонага тортқилаётганмиш. Чолнинг ғазаби қайнаб:
— Ўғлим, бу нима қилиқ? — дебди.

Йигит эса пинагини бузмай:
— Гап бор, ота, — деб жавоб қилибди.
— Қанақа гап?
— Гап бор, дедим, бўлди-да, суриштириб нима қиласиз, отахон. Кейин хурсанд бўласиз.

Ҳам гапирармиш, ҳам қизни зўр бериб ичкарига тортармиш. Унинг сирли гапларини эшитиб, чол-кампир индолмай қолибди. Иккови бошлашиб хонага кириб кетишибди.
— Қани, кўрайлик-чи, нима гап бор экан, — деб чол-кампир мижжа қоқмай тонг оттиришибди.

Унинг биринчи катта иши шу бўлган экан. Эҳтимол, айнан шундоқ бўлмагандир, лекин бизга етиб келгани шу.

Хуллас, эртасига эрталаб хонадан яна бошлашиб чиқишибди.
— Қани нима гапинг бор эди, айта қол энди, — дебди йигитга қизнинг отаси кўзини ерга қадаб.
— Бу ёғидан хотиржам бўлинг, отахон, асло ғам еманг. Бир нарсани билмасак, биз гапирмаймиз. Гап бор, дедимми, вассалом қўяверинг, кейин хурсанд бўласиз.

Нонуштадан кейин «енди бизга рухсат» деб кетмоқчи бўлган экан, қиз уввос тортиб тиззасига ёпишибди.
— Тур ўрнингдан, йиғлама бас қил. Кейин айтаман, гап бор, ўзинг хурсанд бўласан, — деганича этагини қутқариб кетибди. Бечоралар нима гап экан, деб роса кутишибди-ю, лекин уни қайта кўриш насиб бўлмабди.

Биз тушган қамоқхонага шу одамнинг ўзидан олдин саргузаштлари етиб келди.

Яна бир куни газлама дўконига кирибди-да, токчада ётган бир тўп матони кўрсатиб:
— Манавини бир кўрай, — дебди.

Газламафуруш хўп деб олиб берибди. У бўлса матони қўлтиғига қистириб, секин эшикка қараб юрибди. Молнинг эгаси олдинига ҳанг-манг бўлиб қолибди, кейин унинг машинага ўтираётганини кўргач, югуриб бориб қўлига ёпишибди. Йигит заррача пинагини бузмай:
— Ия биродар, нега қўлимга ёпишасан? Молингни еб қўяманми? Нега оласан эмиш-а, тавба. Керак бўлганидан кейин оламан-да. Ҳа, шундоқ. Кўп ҳовлиқма, сабр қил. Гап бор, — дебди. Унинг босиқ, қатъий гапларини эшитган дўкондор нима қилишини билмай қолади, хуллас, у ё молидан ажраб орқага қайтади, ёки «нима гап бўлдийкин?» деганича каловланиб туради. Аммо у айтган гапнинг нималигини ҳали ҳеч ким билмайди, чунки бир марта қўлга туширган одамига у иккинчи қайта йўлиқмайди.

Бу йигитнинг оғиздан оғизга кўчиб юрадиган ҳунарлари кўп, лекин ҳаммасининг йўли ва усули бир хил.

Бир куни трамвайда кондукторни роса боплаб кетганини айтиб беришди. Тоза мириқиб кулдик. Воқеа бундай бўлган экан.

Бир пайт у трамвайга чиқибди-да, тўғри кондукторнинг олдига бориб:
— Қани бўйнингдаги халтани менга узат! — дебди.

Кондуктор ҳайрон бўлиб:
— Нега энди? — деб сўрабди.
— Оббо сен-эй, бер дегандан кейин беравермайсанми.
— Хўш, нега берар эканман?
—Тағин сўрайди-я. Битта айтдим, бўлди-да. Сен менга беравергин, гап бор, кейин хурсанд бўласан.

Кондуктор ҳайрон бўлганича бўйнидаги халтани ечиб берибди. У ҳам пул тўла халтани олиб, шошилмай трамвайдан тушибди, кейин битта-битта қадам ташлаб кетаверибди. Буни қарангки, на югурармиш, на бир ёққа қочармиш. Ҳамманинг оғзи очилиб қолибди.

Ана шу одам охири қамоққа тушди. Чуваккина бир кимса экан. Ўзи ўттиз бешларда бўлса ҳам кўрган одам йигирма бешларга борган, дейди. Кўзлари нақ игна тешигидек, ўзи муғомбир. Унчалик гапдон эмас. Умумий камерада икки кунгача овози чиқмай юрди.

Келганининг учинчи куни ҳунарини кўрсатди.

Маҳбуслардан бирини кўзининг остига олиб юрган экан, тўғри олдига бориб:
— Қани, менга эллик лира узатвор-чи, — дебди.
— Нега бераман?
— Чўзавер, ишинг бўлмасин.
— Негалигини билсак бўладими?
— Тавба, негалиги билан нима ишинг бор. Бер дегандан кейин беравермайсанми, ошна. Қани, узатавергин, гап бор, кейин хурсанд бўласан.

У ҳам «нима гап бор экан?» деб қизиқиб қолиб, эллик лирани қўлига санаб берибди.

Бу воқеадан ўша куниёқ ҳамма хабардор бўлди. Муҳбуслар ҳам, соқчилар билан қамоқхона бошлиғи ҳам буни эшитиб роса кулишди.

Қамалганига ҳали бир ҳафта бўлмаган эди, тўсатдан ғойиб бўлди. Қамоқдан қандай қочганини биз кейин эшитдик. Маълум бўлишича, кечга яқин навбатда турган соқчининг олдига бориб:
— Қани, эшикни оч, — дебди.

Гапни дўндириб гапирганга нима етсин. Агар бошқа одам келиб шунақа деса борми, соқчи тумшуғига айлантириб бир туширган бўларди. Лекин бунинг важоҳатини кўриб:
— Очсам нима бўлади? — деб сўрабди.
— Очгин, кейин кўрасан. Гап бор.

Соқчи камера эшигини очибди.
— Мана энди бу ёққа юр!

Соқчи унинг кетидан ташқари ҳовлига чиқибди.
— Энди бу дарвозани оч!
— Нимага?
— Айтган ишни қилавер, сўраб нима қиласан. Очавер, гап бор, кейин хурсанд бўласан.

Соқчи дарвозани ҳам очиб берибди. У нима гап борлигини сабрсизлик билан кутаётган соқчига қўлини силкиб ҳай-ю ҳайт деб жўнаб қолибди.

Миад Ҳакимов таржимаси

ДАРДИ БЕДАВО

Тоғамни негадир жиним ёқтирмасди. Чунки у ўтакетган хасис одам эди. Cавдо-сотиқ билан шуғулланиши, мол-мулки етарли бўлишига қарамай, ночоргина турмуш кечирар ва ҳамма нарсадан нолиб юрарди. Одамлар уни бечораҳол, бутун бойлиги ҳам шу кичиккина уй ва каталакдек дўкондан иборат бўлса керак деб ўйлардилар…

Тоғам ҳеч вақт машинага чиқмасди. Арзон матолардан тикилган либослар кийиб юрар, уй харажатларида ҳам зиқналик қиларди. Агар у оғир дардга дучор бўлмаганида бунчалик бадавлат ва пулдор эканлигини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Касалланиб, докторлару дори учун пулни барги хазондек соча бошлагач, коса тагида ним коса борлиги маълум бўлди.

Тоғамнинг касаллиги ҳам иши каби сирли эди. Дастлабки кунлари нақ киндигининг остида оғриқ турди. Докторлар қанчалик текширишмасин, касалини аниқлай олишмасди. Албатта, тоғамнинг ўзи ҳам қайси жойи оғриётганлигини тузукроқ тушунтиролмас, мужмал дардини таърифлашдан ожиз эди. У шундай дерди:

—Гўё қорнимнинг ичига ўн-ўн бешта иту мушук қамалгану улар бир-бирига чанг солиб, ўзаро ғажишаётгандай…

Албатта, докторлар тоғамнинг гапларига кулишар, уни масхара қилишарди. Тўғри-да, одамнинг қорни чиқиндилар қутиси эмаски, унга иту мушуклар йиғилиб, бир-бирига чанг солса… Кошки эди тоғамнинг дарди чинданам шу бўлса. Бу касални даволаш жуда осон кўчарди. Муниципалитет ходимларидан бирини чақирсак бас, бир парча заҳарланган гўшт билан иту мушукларни даф қилиб, тоғамнинг дардига дармон бўларди.

Шаҳарда тоғам ҳузурига бормаган бирорта ҳам шифокор қолмаганди. Аммо уларнинг ҳеч қайсиси унинг касалини аниқлай олмади. Орадан бир оз вақт ўтгач, мамлакатимизга чет эллик бир профессор келганини эшитиб қолдик. Тоғам билан бирга унинг ҳузурига бордик. У диққат билан текшириб кўргач, шундай деди:

—Бу киши саратон бўлган… Ўсимта — меъдада, унинг қоринга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Шундан кейин у қориннинг ички тузилиши, меъда, ичак-чавоқлар, ўт пуфаги, йўғон ичак ва ингичка ичак, жигар, буйрак ва ҳоказолар ҳақида ярим соатча ваъз ўқиди. Мактабда ўн бир йил ўқиган бўлсам ҳам, тўғриси, унинг гапларидан ҳеч вақони тушунмадим. Икки-уч йил эски мактабга қатнаган тоғам ҳақида айтиб ўтирмасак ҳам бўлади.

Жаноб профессор илмий ваъзлари сўнгида шундай дедилар:

—Тоғангизнинг меъдалари осилиб қолган. Энг охирги муддатдан ҳам уч соатча ўтибди. Тезда операция қилиш керак…

Тоғамни дарҳол касалхонага етказдик. Икки-уч кундан кейин у операция қилинди. Амалиёт пайтида докторга ёрдамлашган ассистент менга бу ҳақда шундай ҳикоя қилиб берди:

—Профессор тоғангизнинг қорнини ёриб, ошқозонини кўрди. У тамомила соғлом экан. Докторнинг ўзи ҳам таажжуб билан ҳозиргача қанча қанча операциялар қилганлигини, аммо бундай соғлом меъдани кўрмаганлигини тан олди. Лекин қоринни ёриб қўйган, олинган пулни ҳалоллаш лозим эди. Меъданинг ярмини шартта кесиб ташлашга мажбур бўлди. Мен унга «жон профессор, меъда соғлом бўлса, нега унинг ярмини кесасиз?» деб ҳар қанча эътироз билдирмай, қулоқ солмади. Бунга жавобан нима дейди денг?

— Ҳа, меъда ҳозирча соғлом ва нуқсонсиз. Аммо операция қилмасак, келгусида, албатта, саратон бўлади,— дейди.

Тоғамни яримта ошқозон билан уйига олиб келдик. Аммо аввалги дарди уни яна безовта қила бошлади. Тикилган жойлари ҳали тузалмасдан бошқа бир ички касалликлар мутахассиси ҳузурига олиб бордик. Бу докторни шунчалар таърифлашдики, асти қўяверасиз, ҳатто касалларни ўлимидан 24 соат кейин ҳам тирилтира олади, дейишди муболаға билан. Миш-мишлар тўғрига ўхшаб қолди. Тоғамни текшириб кўриши биланоқ буйраклари ишламаётганлигини аниқлади. Дард ва безовталиклар сабаби ҳам шу эмиш, ҳатто рентген тасвирига ҳам ҳожат қолмади.

— Тезда буйракларни операция қилиш керак, — деди у қатъий. Тоғажонимизнинг қорнини иккинчи марта ёриб кўрдилар. Бу врач ҳам соппа-соғ буйракларни кўриб, ҳайрат билан шундай дебди:

—Бу қадар соғлом буйракларни ҳеч ким кўрган эмас. Биттаси ҳам бу кишига етиб ортади…

Ассистенти бунга эътироз билдирибди:

—Жаноб доктор! Соппа-соғ буйракни олиб ташлагани қандай қўлингиз боради? Қаранг, Гринвич соатидай ишлаб турибди-я…

Аммо мутахассис доктор бунга қулоқ солмабди.

—Яхши йигит, — дебди у, — наҳотки шуни ҳам тушунмасангиз. Агарда биз бу буйракни кесиб олмасак, бемор операция қилганимизга ишонмайди, пулимни бекорга олишибди, деб ўйлайди. Қўлимизда далил бўлиши учун битта буйракни, албатта олишимиз керак…

Хуллас, тоғамнинг битта буйрагини олиб ташлашди. Қолган буйраги билан уйига қайтди. Амалиёт пайтида ўлиб қолмаганига ҳар куни минг марта худога шукур қиларди. Ҳатто, анчагина пул сарфлаб, касалхонанинг қоровулидан бошлиғигача газета орқали миннатдорчилик билдириб чиқди.

Афсуски, операция ҳам, докторларга ташаккур ҳам тоғамнинг дардини енгилламади. Оғриқ кундан-кунга зўрайиб борарди. Танишларимиздан бири шундай деб қолди:

— Мен 16 марта операция бўлганман. Аъзойи баданимни бурда-бурда қилиб, қайтадан тикканлар. Аммо то Салим деган доктор ҳузурига бормагунимча дардимга дармон тополмадим. Фақат у мени қутқарди.

Тезда тоғамни Салим докторга олиб бордик. Бўлган воқеаларни унга гапириб бергандек, истеҳзо билан жилмайиб деди:

—Касалингизни аниқлай олишмапти. Сизнинг ичакларингиз тугилиб қолган!

Ҳаммадан кўра бу гап менга маъқул келди. Чунки тоғам шу қадар хасис эдики, сарф-харажат камроқ бўлиши учун ўз ичакларини тугиб қўйишдан ҳам тоймасди.

Тоғамнинг қорнини учинчи марта ёрдилар… Доктор соппа-соғ ичакларни кўриб, бармоғини тишлаб қолди. Амалиёт анжомларини четга улоқтириб, ичакларни маҳлиё бўлиб томоша қила бошлади. Сўнгра таҳсин-офаринлар билан шундай деди:

—Бу қанақа ичаклар бўлди-а? Умрим бино бўлиб бунчалик узун ичакни кўрмаганман. Гўё етти кишига етадиганини табиат саховат билан бу одамга ато этгандай…

Доктор ичакларда тугилиб қолган жойни тополмагач, шундай дебди:

—Қоринни очдикми, энди озгина бўлса ҳам ичакдан қирқиб олайлик. Гарчи амалиётдан кейин тоғамнинг ичаклари оддий одамларники билан баравар бўлиб қолган бўлса ҳам, касаллиги баттар зўрайди…

Ўша кунлари газетада бир эълон ўқиб қолдик. Унда шундай деб ёзилганди: «Германияда таҳсил олган доктор… кўп йиллар мобайнида у ердаги… касалхонасида бош врач ўринбосари бўлиб ишлаган, ҳозир ватанига қайтиб, Анқарада хусусий шифохона очган…»

Тоғамни кўп машаққатлар билан Анқарага олиб бордик. Германияда таҳсил олган врач барча саргузаштларимизни эшитгач, бир оз ўйлаб турди-да, шундай деди:

— Докторлар бу кишининг касалини аниқлай олмапти. Тағангизнинг жигари оғриган…

Тоғамнинг қорни яна бир марта йиртилди… Аммо унинг жигари ёш спортчи қизнинг жигаридан ҳам соғлом экан. Қоринни беҳудаги тикмаслик учун кўричагини кесиб олишди.

Бу амалиётдан кейин тоғамнинг дарду азоблари яна зўрайди. Кимки «фалон жойда яхши доктор бор экан», деса, ўша заҳоти югуриб кетарди. Ўнлаб дори-дармонлар, неча-неча амалиётлар жонига ора кирмади, касаллиги кундан-кунга кучайиб бораверди.

Пулни жонидан ҳам яхши кўрадиган тоғамдек бир одам қандай қилиб шунча харажатга рози бўлганлигига ҳозиргача ажабланаман. Баданидаги барча ички аъзолар амалиёт қилинганди. Иккита бўлган аъзосидан биттаси қолган, баъзилари қисқарган, ортиқчалари эса кесиб ташланганди. Агар илгари вазни 65 килограмм бўлса, аъзоларини олиб ташлайверганлари сабабли 38 килограмм бўлиб қолганди. Шундай бўлса ҳам ҳаётдан умид узмас, кимки «фалон жойда фалон доктор бор», деса бас, шу заҳоти югуриб кетарди. Бу сафар у бир чет эллик доктор ҳузурига борди. У тоғамнинг ғаройиб саргузаштларини тинглаб, ачиниш билан деди:

—Афсус, барча аъзоларингизни беҳуда операция қилишибди. Сизнинг деярли дардингиз томоқдаги бодомчалар билан боғлиқ.

Тоғамнинг ўрнига мен эътироз билдирдим:

—Жаноб доктор, оғриқ нақ киндикнинг остида-ку, у қандай қилиб бодомчаларга боғлиқ бўлсин?

Докторнинг жаҳли чиқиб кетди. Асабийлик билан жавоб берди:

—Ахир мен докторман, биламан… Укажон, бодомчалар аслида бадандаги муҳим аъзолардан бири. Уларнинг асосий вазифаси барча органларнинг фаолиятини тартибга солиб туришдир. Айниқса, тоғангизнинг операция қилинмаган аъзоси қолмагани учун бодомчаларнинг аҳамияти ошиб кетган. Оғриқлар сабаби ҳам, шубҳасиз, ана шу… Бодомчаларни олиб ташлаймиз. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, бошқа бирор йўлини қидириб кўрамиз!

Тоғамнинг томоғидаги бодомчаларни ҳам олиб ташлашди. Аммо оғриқ яна йўқолмади. Шубҳам тўғри чиқди, касаллик сабаби уларда эмас экан. Ҳадеб кесиб тиктираверганлари учун тоғамнинг бадани балиқчиларнинг тўрига ўхшаб қолганди. Амалиёт пайтида жарроҳлик асбобларини ишлатишга ҳам эҳтиёж қолмаганди. Докторлар тикилган жойларни тортсалар бас, тоғамнинг қорни дастурхондай очилиб қоларди!

Аслини олганда, бу тоғам учун фойдали ҳам эди, чунки аввалгидек тиғ зарбидан азоб чекмасди. Баъзида эса қаттиқроқ йўталса ҳам тикилган жойлари очилиб кетарди. У гоҳида алам билан:

— Нега Аллоҳ таоло, инсон вужудини соддагина қилиб яратмаган экан, —деб қоларди. Агар ўшандай бўлганида докторлар қўлларини одамнинг қорнига тиқишарди-ю бор нарсани ташқарига олиб чиқишарди.

Тоғам бечора телба-тескари гаплар ҳам айтадиган бўлиб қолганди.

Докторлардан бири тоғамнинг баданида амалиёт орқали пул ишлаб оладиган ҳеч вақо қолмаганлигини кўриб, шундай деди:

—Сиздаги барча дарду азоблар боиси бизларнинг яхши ишламаслигимизда. Гавдангизда гормонлар миқдори камайиб кетган, тезда даволаш зарур. Гормонлар фаолиятини яхшилаш учун жинсий безлардан бирини олиб ташлаш керак.

Мен яна эътироз билдиргандим, тоғамнинг ўзи рози бўлиб деди:

— Жаноб доктор, иложи бўлса иккаласини ҳам олиб ташланг, бир йўла хотиржам бўлай.

Аммо доктор бунга рози бўлмади, фақат биттасини олиб ташлади… Афсуски, тоғамнинг касаллиги бу билан ҳам тузалмади. У аста-секин умидсизликка туша бошлади:

— Энди ўлимдан бошқа чора йўқ…

Аммо одамлар тинч қўйишмасди. Ҳар куни унга юзта янги докторни таништиришарди. Менинг ташвишим эса кундан-кунга ортиб борар, ҳар сафар тоғамнинг яримжон гавдасини минг машаққат билан у хонадан бу хонага кўтариб борардим.

Докторлардан бири ғалати фикрни айтиб қолди. У олдинги врачларнинг беҳуда операцияларидан афсусланиш билан анчагина оҳ-воҳ қилиб тургач, шундай деди:

— Тоғангизнинг касаллиги сабаби оёқлари бармоғида пайдо бўлган қадоқларда…

Мен беихтиёр бақириб юбордим:

— Жаноб доктор, нақ киндигининг остидаги оғриқ қандай қилиб оёқдаги қадоқларга боғлиқ бўлсин?

Доктор хотиржамлик билан жавоб берди:

— Бадандаги барча аъзолар бир-бири билан боғлиқ. Масалан, тишингиз оғриганда бутун гавдангизда оғриқ турмайдими? Албатта, бошдан-оёғингизгача зирқиратади…

Мавзу илмий бўлгани учун ортиқча эътироз билдиришга ўзимда журъат топмадим. Жаноб доктор ҳам тоғамнинг оёғидаги қадоқларни кесиб ташлади. Аммо бу амалиёт унинг чўнтагига келтирган фойдани ҳисобламаганда, тоғамнинг касалига заррача ҳам таъсир қилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан барча врачлар рўйхатини олдириб келдик. Текшириб кўрганимизда тоғам ҳузурига бормаган фақат иккита доктор қолганлиги маълум бўлди. Улардан бирини қидириб топдик. У тоғамнинг касаллиги тарихини эшитгач, кўзлари олайиб кетди. Шунча жарроҳлик операциясидан кейин тоғам қандай тирик юрганлигига ҳайрон бўлиб қолди. Афсусланиш билан бош чайқаб деди:

— Докторлар ноинсофлик қилишибди. Уларнинг барча иши беҳуда бўлган, оғриқлар эса тишларингиз билан боғлиқ.

Чиқмаган жондан умид деганларидек, тоғамнинг барча тишларини суғуртирдик. Аммо фойда бермади. Энди тоғам овқат ҳам еёлмай қолганди. Икки қўллаб маҳкам ушлаб турмасак, осмону фалакка парвоз қилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бир куни тоғам шундай деб қолди:

— Барча бойлигимдан қолган охирги пулларни бирорта чет эллик врачга харж қилмоқчиман.

Тоғам билан Парижга йўл олдик. У ерда ҳеч бир танишимиз бўлмагани учун кўчадаги эълонлардан тўғри келган бир шифокорнинг адресини топиб, ҳузурига бордик. Парижлик врач сўзларимизни диққат билан эшитди. Сўнгра синчковлик билан текшириб чиққач, деди:

— Сизнинг ҳеч бир касаллигингиз йўқ. Барча операциялар нотўғри қилинган. Бундан кейин шимингизга камарни қисиб боғламанг. Яхшиси, елкага осиладиган тасмалардан фойдаланинг.

Шу ишни қилган эдик, мўъжиза рўй бериб, тоғамнинг барча дарду азоблари бир зумда йўқолди. Париждан қайтганимизда у тамоман тузалган, аммо пуллари ҳам тугаган эди. Энди асосий касаллиги пулсизлиги бўлиб қолганди. Барча бойлигини докторларга сарфлаганини эслаб, оҳ чекарди. Олти ойдан кейин бу азоблардан мангуга қутилди. Пулсизликдан ўлдими ёки устма-уст операциялар туфайли вужудининг ярми олиб ташланганлигидан ўлдими, билмадим. Аммо шуни аниқ биламанки, бунча амалиётдан кейин бирор банданинг тирик қолиши гумон эди.

Носир МУҲАММАД таржимаси.

ПАЙПОҚ СОВҒА ҚИЛМА

Клубда биз бир столда ўтирган эдик. Биз деганим мансабдор Осимбей ҳамда мансаб зинасига эндигина қадам босаётган каминаи камтарин.
—Эшитишимча уйланмоқчи эмишсан?—деб сўради шеригим. Мен индамай бош силкидим.
—Сенга фақат битта маслаҳатим бор. Зинҳор-базинҳор хотинингга қимматбаҳо пайпоқ совға қила кўрма.
У шундай деб ўз ҳаётини ҳикоя қилиб берди.
… Мен бутун умрга камтарин, итоаткор хотиним бўлишини орзу қилган эдим. Бардошли эдим, ниҳоят роппа-роса ўн беш йилда кўнглимдаги қизни топдим. Унинг исми Сабиҳа бўлиб, 21 ёшда, ҳусни бир қарашда унча кўзга ташланмаса-да менга ёқиб қолди. Мен ҳар сафар сенга шундай совғалар қилайки, дейишим билан у:
—Керак эмас, азизим! Ҳамма нарсам бор,—деб дарҳол жавоб қайтарарди. Мен ўзимда йўқ бахтиёр эдим. Мана ҳақиқий умр йўлдоши. Пулнинг қадрига етади. Унинг лаб, киприк бўёқлари билан ишиям йўқ. Ўсма, сурма, упа-эликлар нималигини билмасди.
—Бўёқларга беҳуда пул кетказишнинг нима кераги бор,—дерди бу ҳақда сўрасам.
Кўчаларда суюкли Сабиҳам ҳақида ўйлаб юрардим. Барибир уни нима биландир хурсанд қилишим керак-ку. Шилдироқ қоғозда кўз олувчи жононнинг сурати бор пайпоқ сотиб олдим. Арзимаган пул турар экан.
—Вой, вой нима қилардингиз, овора бўлиб?
У ана шу сўзларни айтди-ю бошқа гапирмади. Бир ой кутдим, негадир пайпоқни киймади. Хафа бўлиб киймагани сабабини сўрадим.
—Жуда ажойиб экан, раҳмат. Аммо ранги туфлимга мос тушмади. Ҳечқиси йўқ, эскисини киявераман.
Севгилимни дўконга олиб бориб энг қиммат туфлини танладим. Тўғри, нархини эшитиб юрагим орқага тортиб кетди. Лекин хотиним бунга арзийди. Аммо янги пайпоқ билан туфлини бир ой ичида атиги бир марта меҳмонга борганимизда кийди, холос. Сабабини сўрадим.
—Биласанми, азизим, туфли шунақаям бежиримки, кўйлагим унга ҳечам…
Ўша куниёқ янги кўйлак сотиб олдик. Бир ҳафтадан кейин янги шляпа, яна бир ҳафта ўтгач янги пальто. Нархини-ку, айтиб ўтирмайман. Эшитиб ҳушимдан ажрашимга сал қолди. Қарасам, эртасига хотиним тош ойна олдида ўтирибди:
—Азизим, мен сенга одамларнинг хотинига ўхшаб фалон нарса олиб бер, деган эмасман. Тўғрими?
—Тўғри,—дедим гап нимада эканлигини тушунмай.
—Ҳаммасини ўзинг олиб бергансан, шундайми? Энди ўзинг ўйла…
Тағин нима экан деб, оёқ-қўлим қалтирай бошлади. Хайрият, гап кийимларга мос соч турмаги учун сартарошга бориш ҳақида экан.
Келгуси ҳафтада гап азиз рафиқамнинг дидига мос янги уй ҳақида бўлди:
—Севгилим, биласанки, сенинг бир сўм пулингни беҳуда сарф қилгандан кўра, ўлганим яхши! Аммо ўзинг ўйлаб қара. Шунча пул сарфлаб олиб берган нарсаларингни кийиб, шу уйдан чиқиб келсам кулгига қоламан-ку…
Мен рози бўлдим. Кейин кредитга яп-янги чет эл машинасини сотиб олишга ҳам кўндим. Сенга ғамхўр, сени севган, сени авайловчи, ортиқча илтимослар билан бошингни оғритишни истамаган одам учун нималар қилмайсан, киши.
Ойлар ўтди. Суюкли Сабиҳам бир куни менга бошдан оёқ назокат ва диққат билан шундай разм солдики, юрагим орқага тортиб кетди.
—Азизим, менга жуда кўп яхшиликлар қилдинг. Зўрлаб нозанин хонимга айлантирдинг, машина ҳайдашни ўрганишга мажбур этдинг. Ҳар сафар сендан бир нарсани илтимос қилмоқчи бўлганимда юрагимни ҳовучлаб тураман. Ахир мени биласан-ку…
—Бу гапларнинг ҳожати йўқ қалбим қувончи, мен сени биламан,—дедим ҳаяжон билан…
—Мана энди сендан охирги илтимосим,—деди Сабиҳам.
—Қандай илтимос экан, севгилим?
—Менимча, биз ажрашганимиз маъқул! Сен анча кекса, бесўнақай одамсан, тепакаллигингни-ку айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, бир сўз билан айтганда, менга мос эмассан!
Суд квартира билан машинани унга қолдирди. Буларнинг ҳаммаси бир жуфт пайпоқдан бошланган эди-да. Шунинг учун ҳам сенга яна бир бор такрорлайман. Зинҳор-базинҳор хотинингга пайпоқ совға қилма…

Туҳфа НАЗАРОВА таржимаси

02120 DЕKABR — TANIQLI TURK ADIBI AZIZ NЕSIN TUGʻILGAN KUN

Aziz Nesin oʻzbek kitobxonlarining sevimli yozuvchisi sifatida bir necha bor ona yurtimizga kelgan, kitoblari oʻzbek tilida qayta-qayta nashr qilingan.

Aziz NESIN
HIKOYALAR
077

077 Aziz Nesin — asl ismi Mahmud Nusrat boʻlgan turk hajviy yozuvchisi, dramaturgi. Nafis sanʼat akademiyasi (Istanbulda oʻqigan (harbiy maʼlumotga ham ega). “Marko posho” (1946) taraqqiyparvar hajviy gazeta va boshqa matbuot organlarida ishlagan. “Nuh kemasi” (1949) hajviy jurnalini nashr etgan. Koʻplab hajviy hikoya, poyema va romanlar muallifi, siyosiy va ijtimoiy hajv ustasi. “Jinnilar ozod boʻldi”, “Ishbilarmon odam”, “Noziq va nafis”, “Xudoga shukur” va boshqa asarlari siyosiy oʻtkir va dolzarb. Ularda yozuvchi jamiyat illatlarini fosh qiladi, kulgili vaziyat, xususiyat va holatlar orqali kishilarni beixtiyor oʻz nuqsonlaridan kulishga majbur etadi.
Aziz Nesin asarlarining qahramonlari — ish axtaraverib bezor boʻlgan mayda amaldor, omadsiz ziyoli va qashshoq ishchi (“Yashasin kambagʻallik”, “Maydon soatlari”, “Xotin kishi boʻlganimda-yu…” va b.).
“Shunday boʻldi, bunday boʻlmaydi” avtobiografik qissasi, “Aziznoma” hajviy sheʼrlar va “Mamlakatlardan birida” hajviy hikoyalar toʻplamlari mavjud. Hajvchi yozuvchilar xalqaro tanlovlarida “Dafna chambari” olgan (1956, 1957). Oʻzbekistonda boʻlib oʻtgan Osiyo va Afrika mamlakatlari yozuvchilarining Toshkent anjumanlari ishtirokchisi.
Bir necha asarlari (“Musht ketdi”, 1966; “Xushtak afandim”, 1969; “Futbol qiroli”, 1978 va h.k.) oʻzbek tilida tarjima boʻlgan va bir necha marta nashr qilingan.

HAYVONLAR HAQIDA HIKOYALAR

Men oʻzim guvohi boʻlgan yoki tanish-bilishlardan eshitgan bu voqealarni qalamga olar ekanman, faqat bolalar bilan oʻsmirlarnigina nazarda tutganim yoʻq.

Ushbu voqeiy hikoyalarda yozuvchilikka xos boʻlgan baʼzi usullardan voz kechdim. Yaʼni ularda badiiy toʻqima yoxud mubolagʻa degani koʻrinmaydi. Men oʻzim koʻrgan va boshqalardan eshitgan voqealarni bezab-bejamagan, yoniga qoʻshib-chatmagan holda, qanday boʻlsa shundayligicha oʻquvchilarimga taqdim etmoqdaman. Bulardan har kim oʻziga yarasha xulosa chiqarib olsin, degan maqsadim ham yoʻq emas. Qolaversa, oʻzim ham bir paytlar shunday qilganman. Bu bilan: “Hamma menga oʻxshasin, qissadan nima hissa chiqargan boʻlsam, aynan takrorlasin,” demoqchi emasman. Bitta voqeadan har kim har xil xulosa chiqaradi. Olingan pand-oʻgit esa baʼzan butunlay qarama-qarshi boʻlishi ham mumkin.

Mayli, bu gaplarni yigʻishtirib qoʻyaylik-da, jonivorlar hayotidan olingan ushbu lavhalarni birma-bir koʻzdan kechirib chiqaylik. Mabodo shulardan birortasi fikringizni tortib, dilingizga mahkam oʻrnashib qolgan boʻlsa, zamiridagi pand-nasihat ham oʻz-oʻzidan kelib chiqaveradi.
Odatda odamzot parranda-yu darrandaning xatti-harakatiga oʻzicha nisbat beradi, bulardan oʻta favqulodda holatlar izlaydi. Aslini olganda esa biz favqulodda deb bilgan narsalar mutlaqo savqi tabiiy bir holat boʻlishi ham mumkin.

XALOSKOR IT

Moskvada Ajdar Ibrohim degan bir kino rejissyor bilan doʻstlashib qolgan edik. Ikkinchi marta Moskvaga borishimda oʻshaning xotini vafot qilganini eshitdim. Bir tanishimizni yonimga olib, koʻngil soʻragani dala hovlisiga bordim. Kinorejissyorning dala hovlisi katta yoʻldan chetroqda, oʻrmon yoqasida ekan. Xotini qazo qilganiga bir hafta boʻlibdi.

Ajdar Ibrohim gap orasida marhumaning bir iti boʻlganini, janozadan soʻng u mutlaqo koʻrinmay qol-ganini aytdi. Ilgarilari bunday odati yoʻq ekan. Hatto oʻrmonning ichiga kirib ketsa ham, bir soatga qolmay uyga qaytarkan.

— It egasi oʻlganini sezgan boʻlsa kerak, demoq-chimisan? — deb soʻradi hamrohim.

— Qaydam, — deb javob berdi Ajdar Ibrohim. — Aniq bir narsa deyolmayman-u, lekin Ashxabodda boʻlgan bir voqeani eshitganimdan keyin jonivorlarda favqulodda sezish qobiliyati boʻlishiga ishondim.

— Ashxabodda nima boʻlgan ekan?— deb soʻradim undan.

Boʻlgan voqeani gapirib berdi.

— Oʻzim asli ashxabodlikman. Qaysi bir yili otpuska paytida borsam, ikki qoʻshnim bir- biri bilan sud-lashib yurgan ekan. Ikkovi yoqalashib qolib, biri ikkinchisini belkurak bilan urmoqchi boʻlibdi. Zoʻrgʻa ajratib qoʻyishibdi. Janjal nimadan chiqqanini hech kirn bilmaydi. Men oʻsha yerda ekanimda ularni sud majlisiga chaqirib qolishdi. Azbaroyi qiziqqanimdan men ham sudga bordim.

— Siz nima uchun qoʻshningizga belkurak koʻtar-dingiz? — deb soʻradi sudya ayblanuvchidan.

— Itimni urib mayib qilgani uchun, — deb javob berdi ayblanuvchi.

Sudyaning jahli chiqdi.

— Hech zamonda odam bolasi bir itni deb qoʻshnisiga qoʻl koʻtaradimi, bu qanaqa gap axir?

— Mening itim boʻlakcha, boshqa itlarga oʻxshamaydi, — deb qoldi daʼvogar.
— Iya, nimasi boʻlakcha ekan?

Shundan keyin itning egasi bir boshdan gapirib berdi.

—Ikkinchi farzandimiz ikki oylik chaqaloq edi oʻshanda. Chaqaloq beshikda uxlab yotgan paytlarda itimiz hecham uning yonidan jilmasdi. Bir kuni ertalab oʻrnimda gazeta oʻqib yotsam, xotinim yigʻi-sigʻi koʻtarib qoldi. Bola beshigi bilan yoʻqolibdi. Darhol izlashga tushdik, uy ichidan topilmadi. Yugurib hovliga chiqsak, beshik oʻsha yerda ekan, yonida esa it. Chaqalogʻimiz pishillab uxlab yotibdi.
Beshikni uyga olib kirdik. Lekin oʻsha kuni kechasi it yana uni tashqariga olib chiqib ketibdi. Itni doʻpposlab, eshikni yopib qoʻydik. Havo dim boʻlgani uchun derazalar ochiq edi.

Yarim kechada er-xotin shovqindan uygʻonib ketdik. Bundoq qarasak, it derazadan uyga kirib,beshikni tashqariga sudrab chiqmoqchi boʻlib turgan ekan. Uni yana quvib chiqardik.

Tongga yaqin dahshatli falokat yuz berdi. Yer chir aylanib ketganday boʻldi. Ustimga bir nimalar bosib tushdi. Hushdan ketibman. Shu ahvolda qancha yotganimni bilmayman. Bir payt oʻzimga kelib qarasam, xarobalar tagida koʻmilib yotibman. Qattiq shikastlanibman. Shu orada tepamdan qitirlagan ovoz eshitildi. Birov meni kavlab chiqarmoqchi boʻlayotganga oʻxshardi. Keyin itimizni ingillagan tovushidan tanidim. Sal oʻtmay kichkinagina teshik ochilib, ichkariga havo kirdi, yoaigiik tushdi. Soʻng itimning oyogʻi koʻrindi. Uning yordami bilan bir amallab tashqariga chiqib oldim. It meni oʻz holimga qoʻymay hadeb pochamdan tortqilayverdi. Bir joyga kelganimizda nuqul gir aylanib ingillayverdi. Darhol qazishga tushdim, katta qizimni qutqarib oldim. Bu dahshatli zilzila paytida hamma oʻzi bilan oʻzi ovora edi. Onam bilan xotinimning tirik qolishiga ham shu it sababchi. U joyni koʻrsatdi, men qazib oldim. Keyin hammamiz chaqaloqni izlay boshladik. It ham gʻoyib boʻldi negadir. Qazib koʻrmagan joyimiz qolmadi. Oxiri hovliga chiqib qarasak, beshik bir chekkada turibdi. Yonida esa itimiz. Beshikning ichida bola. Bildikki, yer qimirlashidan sal odinroq it beshikni uydan olib chiqib ketgan ekan. Zilzila paytida bizni butun uy ichimiz bilan oʻlimdan qutqarib qolgan shu it boʻladi. Oʻsha voqeadan keyin it bizga qadrdondan ham qadr-don boʻlib qoldi. Qoʻshnim boʻlsa shunday itning joniga qasd qilib oʻtiribdi. Chidab turolmadim, itimni qutqarib qolish uchun belkurak bilan qoʻshnimga tashlandim. Lekin ulgurolmadim, itimga jarohat yetkazibdi u.

Kinorejissyor Ajdar Ibrohim hikoyasini tugatgach, shunday dedi:

—Sudda shu gapni eshitganimdan keyin jonivorlarda favqulodda sezish qobiliyati borligiga ishondim. Xotinim itimizni koʻp erkalab, mehribonchilik koʻrsatardi. Men unchalik roʻyxushlik bermasdim. It uning oʻlganini sezgan boʻlishi ehtimoldan xoli emas. Xullas, oʻsha kundan keyin u uydan chiqib ketdi-yu, qaytib kelmadi.

CHUMCHUQ OVI

Advokat doʻstim Urxon Opoydin bir kuni gap orasida:

—Men ham bir marta yozuvchilik qilganman, — deb qoldi.
— Qandoq qilib? — soʻradim men.

U hikoya qilib berdi.

— Boshlangʻich maktabda, taxminan uchinchi sinfda oʻqib yurgan paytlarim edi. Yakshanba kunlari dalaga chiqib, maza qilib oʻynab kelardik. Asosiy ermagimiz rogatka (sopqon)ga tosh solib otish edi. Ana shunday kunlardan birida Burxon akam bilan oʻynab yurib, qush ovlashga jazm qildik. Rezinka rogatkaga mayda toshlardan qoʻyib, qushlarni poylab otamiz, hecham tegmaydi. Bir payt qoʻqqisdan roʻparadagi daraxtdan bir gala chumchuq “pir” etib osmonga koʻtarildi. Burxon akam darhol rezinkani choʻzib turib bir otgan edi, bitta chumchuq “tap” etib yerga tushdi. Oʻqimiz nishonga tegishini kutmagan ekanmiz shekilli, ikkovimiz ham esankirab qoldik. Keyin chumchuqning teppasiga yugurib bordik. Jon talvasada tipirchilab, toʻlgʻanib yotgan qushchani koʻrib, ikkovimiz bexosdan yigʻlab yubordik. Chumchuq boyoqish uchay desa ucholmas, qochay desa qocholmasdi. Hali tirik edi. Bu dahshatli oʻlim azobi bir-ikki daqiqa davom etgan boʻlishi mumkin, ammo mening nazarimda u cheksizday tuyulardi. Chumchuq yotgan joyida tipirchilagan sari biz battar hoʻngrab yigʻlardik. Oxiri u qimirlamay qoʻydi. Qushchaning joni uzilgan boʻlsa ham, aka-uka ikkovimiz hamon hoʻng-hoʻng yigʻlardik. Men uning oʻlimiga sababchi boʻlgan rogatkani olib uloqtirib yubordim. Burxon akam qoʻli bilan yerni timdalab, chumchuqqa goʻr ochdi. Yigʻi-sigʻi bilan uni koʻmdik. Shundan keyin ikkovimiz bir ogʻiz churq etmay, xoʻrsina- xoʻrsina uyga qaytdik.

Ertasi kuni sinf oʻqituvchimiz erkin mavzuda insho yozishni buyurdi. Men oʻzimga gʻoyat taʼsir qilgan mana shu voqeani bayon qilib berdim. Oʻqituvchimiz inshoyimni oʻqib chiqqach, juda maqtadi, koʻklarga koʻtardi. Xullas, mening umrimda birinchi marta yozgan asarim shu boʻldi.

ONA TARBIYASI

Oʻn yashar bola edim. Istanbulning Sulaymoniya mahallasida, ikki qavatli eski uyning bir xonasida oilamiz bilan ijaraga turardik. Targʻil bir mushugimiz boʻlardi. Oʻsha kezlari u bolalagan boʻlib, faqat bittasi tirik qolgan edi.

Targʻil nechogʻlik och qolmasin, uydagi narsalarga hecham koʻz olaytirmasdi. Aslida esa oʻzi uchchiga chiqqan oʻgʻri edi. Allaqayerlardan goʻsht oʻmarib, uyga tashigani tashigan edi. Bir kuni ogʻzida katta bir boiak goʻsht bilan zoʻrgʻa zinadan chiqib, uni dahlizga qoʻydi-da, miyovlab bolasini chaqirdi. Bolasi kelgach, goʻshtni yerdan olib, oʻzi doim ovqat yeydigan togʻorachaga soldi. Mushukcha goʻshtga tashlanib, apil-tapil yeya boshladi. Tagʻil yerga choʻzilib, tamshanib qoʻydi.

U paytlarda biz yerga koʻrpacha toʻshab, pastakkina xontaxta atrofida ovqatlanardik. Kunlardan birida dasturxon atrofida oʻtirgan edik. Targʻil oyim bilan mening oʻrtamga kelib yotib oldi. Birozdan keyin yoniga bolasi keldi. Lekin u onasiga oʻxshab jimgina yotish oʻrniga boshini dasturxonga choʻzib, ustidagi narsalarni iskay boshladi. Bu ham yetmagandek, keyin oldingi oyogʻini dasturxonga qoʻydi. Bolasi besoʻroq bir nima olmoqchi boʻlganini sezgan targʻil darhol oyoqqa turdi. Xuddi quloqsiz bolasining taʼzirini berib qoʻymoqchi boʻlgan onalarga oʻxshab, bir oyogʻi bilan mushukchaning boshiga tushirdi, uni urib-urib xon-taxtaning tagiga kiritib yubordi. Oʻsha voqeadan keyin mushukcha dasturxonga oyoq uzatganini qayta koʻrmadik.

SHAFQATLI IT

Uyimiz katta yoʻl yoqasida boʻlguchi edi. Qish kunlaridan birida ikkinchi qavatdagi deraza yonida gazeta oʻqib oʻtirardim, oldimda esa qahva. Shu payt koʻcha tomondan ingillagan ovoz eshitildi. Shunday ayanchli, shunday gʻamnok ediki, gazetani ortiq oʻqiyolmadim. Eshikni ochsam, jingala-jingala oq junli daydi bir kuchukcha turibdi. Meni koʻrishi bilan jonholatda ingray boshladi. Allaqayeri ogʻriyotganini sezdim. Tumshugʻini ostonaga qoʻyib, iltijo bilan koʻzimga tikildi. Darrov yerdan koʻtarib olib, uyoq-buyogʻiga razm solib koʻrdim. Bir oyogʻi lat yegan boʻlsa kerak, qonayotgan ekan. Yaralangan joyini yaxshilab yuvib, dori surtdim, keyin oyogʻini taxtakachlab, mahkam bogʻlab qoʻydim. Anchagacha ingillab yotgach, keyin tinchib qoldi. Qorni toʻygach, uyquga ketdi.

Oradan oʻn besh kuncha vaqt oʻtgach, taxtakachni olib tashladim. Boyoqish ikki-uch kun choʻloqlanib yurdi, keyin yarasi butunlay bitib ketdi. Koʻhlikkina, shoʻxroq kuchukcha ekan, uy ichi bilan hammamiz unga qattiq bogʻlanib qoldik. Lekin u koʻchaga oʻrgangani uchun hamisha uydan qochish payida boʻlar, bunday paytlarda esa uni koʻcha-koʻydan tutib olib, joyiga qaytarardik. Kunlardan birida itimiz yoʻqolib qoldi. Shuncha qidirsak ham topilmadi. Koʻp afsuslandik, lekin iloj qancha edi.

Kelasi yil yana oʻshanday qish kunlaridan birida erta bilan deraza yonida qahva ichib oʻtirsam, toʻsatdan koʻcha tomondan vovullagan ovoz keldi. Negadir bu tovush tanishdek tuyuldi.

Darhol pastga tushib, eshikni ochdim. Ha, xuddi oʻzi… Meni koʻrishi bilan it dumini likillatib, sakrashga tushdi. Yonidagi sap-sariq bahaybat sherigi tinmay ingillardi. Yaqiniga borib qarasam, bir oyogʻi singan ekan.

Ha, oradan bir yil oʻtgandan soʻng oʻsha daydi itimiz mendan najot istab yarador sherigini oldimga boshlab kelibdi.

IBRATLI TASODIF

Buni bizga oʻqituvchimiz gapirib bergan.

Oʻsha oʻqituvchimizning bir qarindoshi birinchi jahon urushi yillarida armiyada ofitser boʻlib xizmat qilgan ekan. Oʻsha odam kunlardan birida choʻlda ketayotib qiziq bir voqeaning guvohi boʻlibdi. Tipratikan bilan yoʻgʻon bir ilon “jang” qilishayotgan boʻlib, hujum qilayotgan tomon asosan tipratikon boʻlib, u nuqul hamla qilar, har hamla qilganida oʻtkir tikanlarini ilonning tanasiga sanchib olarkan. Hon chetroqqa oʻrmalab qochmoqchi boʻlsa, yugurib oldidan chiqar, yana nayzasini suqib-suqib olaverarkan. Oxiri ilon shu darajada abgor boʻlibdiki, qimirlashgayam holi qolmabdi. Tipratikan yana hujumga shaylanib turganini koʻrib, ofitser qoʻlidagi tayogʻi bilan uni bir-ikki marta tushiribdi. Tipratikan til tortmay oʻlibdi, tayoq ham qars etib sinibdi. Ofitser yoʻl-yoʻlakay singan tayogʻini oʻynab, oʻzi turgan chodirga yetib olibdi. Oradan ancha vaqt oʻtgach, tashqari chiqib qarasa, boyagi yoʻgʻon ilon chodirning ostonasida tasmadek choʻzilib oʻlib yotganmish. Ustida singan tayoq boʻlagi.

Oʻqituvchimiz shu voqeani aytib bergach, bizga bunday degan edi:

— Tanasi ilma-teshik boʻlib ketan bir ilonning yaxshilikka yaxshilik qaytarish niyatida shuncha yoʻl bosib, tayoqning singan uchini sudrab kelishi aslida aql borvar qilmaydigan narsa. Lekin bu boʻlgan voqea. Qolaversa, buni ibratli tasodif desa ham boʻladi.

TULKI OVLAGAN AYIQ

Xalil Dundor shunday hikoya qiladi:
— Togʻ etagidagi Xirvati qishlogʻi atrofida suruv haydab yurgan choʻponlar har kuni tunda bittadan qoʻy gʻoyib boiayotganini sezib qolishadi. Maʼlum boʻlishicha, suruvga ayiq oralagan ekan. Choʻponlar oʻgʻrining adabini berib qoʻyish niyatida kechasi gulxan yoqib, uni poylab oʻtirishibdi. Bisotlarida bittagina pilta miltiq bor ekan. Nihoyat, ayiq koʻrinibdi. Choʻponlar shovqin koʻtarib, uni qoʻrqitmoqchi boʻlishgan ekan, ayiq parvo qilmay toʻgʻri bostirib kelaveribdi. Buni koʻrgan bir choʻpon shosha-pisha miltiqni olib, oʻq uzmoqchi boʻlgan ekan, piltasi oʻt olmabdi. Ayiq esa yaqinlashib qolibdi. Choʻponlar miltiqni tashlab, tiraqaylab qochishibdi. Ayiq bemalol gulxanning oldiga kelibdi, keyin yerda yotgan miltiqni olib, tizzasiga bir urib sindiribdi. Shundan soʻng u bitta qoʻyni burdalab, yeyishga tushibdi. Oʻsha kezlari suruv tomonda tulki ham aylanishib qolgan ekan. Har kuni u ayiqning izidan borib, undan qolgan sarqitlarni pok-pokiza qilib tushirib ketar ekan. Shu kuni tulki yana paydo boʻlibdi. Ayiq uni koʻrib qolibdi-da, bir parcha goʻsht irgʻitibdi. Tulki yaqin kelib, goʻshtni olibdi. Ayiq yana tashlabdi. Lekin bu gal beriroqqa uloqtiribdi. Shu tariqa goʻsht tashlab, tulkini yaqiniga keltiribdi-da, bir chang solib ushlab olibdi. Shundan keyin boya oʻzi majaqlab tashlagan miltiqning sum-basini olib, obdan oʻtda qizdiribdi-da, dahshatdan qotib qolgan choʻponlarning koʻzi oʻngida uni tulkining ketiga bosibdi. Bir necha marta buni takrorla-gach, oxiri tulki oʻlibdi. Ayiq: “Yegan qoʻyimning haqi bu”, deganday uning oiigini choʻponlar pusib yotgan tomonga uloqtiribdi. Shu-shu bu ayiq mutlaqo koʻrinmay ketibdi.

AYIQNING TASHAKKURI

Tavr togʻi tomonlarda bir dehqon oʻrmonga borib, katta bir daraxtni agʻdaribdi-da, oʻtin tayyorlashga kirishib ketibdi. Shu orada qayerdandir ayiq paydo boʻlib, uning qarshisiga kelib oʻtiribdi-da, harakatlarini zimdan kuzata boshlabdi. U taraflarda nima koʻp, ayiq koʻp. Lekin odamga hujum qilmaydi. Shuni bilgani uchun oʻtinchi dehqon bemalol ishini qilaveribdi.

Bir mahal u toʻnkani yormoqchi boʻlib, pona tiqibdi-da, qoʻlidagi boltaning orqasi bilan uraveribdi. Keyin tushlik qilib olish uchun bir chekkaga borib oʻtiribdi. Uning ketganini koʻrgan ayiq toʻnkaning oldiga kelib, yosh boladay ponani oʻynay boshlabdi. Ponani joyidan qoʻzgʻatmoqchi boʻlib uyoqqa tortqilabdi, buyoqqa tortqilabdi, oxiri pona otilib ketib, toʻnkaning yorigʻiga oyogʻi qisilib qolibdi. Ayiq jon achchigʻida boʻkirib yuboribdi. Dehqon yugurib kelib toʻnkaga kattaroq pona tiqibdi, yoriqning ogʻzini kengaytirib, ayiqning oyogʻini sugʻurib olibdi. U boyoqish choʻloqlanganicha oʻkirib-oʻkirib yoʻliga ravona boʻlibdi.

Shu kuni ishi chala qolgan dehqon ertasiga erta bilan oʻsha joyga kelsa, kechagi toʻnkaning ustida mumkatakda asal turganmish. Shunda u kechagi qilgan yaxshiligi uchun ayiq shu asal bilan minnatdorchilik bildirmoqchi boʻlganini tushunibdi.

JOʻR OVOZ BOʻLIB

Oʻsha paytlarda Istanbulda hovli-joyimiz boʻlguchi edi. Besh tanobcha yerimiz ham bor. Uydagi mushuk bilan kuchukcha birga katta boʻlganliklari uchun judayam inoq edi. Tomorqaga sabzavot ekib, bir chekkasida tovuq boqardik. Yana bir eshagimiz boʻlib, men uni Chalabiy deb chaqirardim. Jonivor nihoyatda yuvosh edi. Kuchukcha bilan mushuk ikkovi Chalabiyning ustiga chiqib olib, oʻsha yerda tong ottirgan paytlari koʻp boʻlgan. Baʼzan kuchukchaning Chalabiy bilan oʻynashgisi kelib qolar, shun¬da u yugurib borib, naq gʻajib tashlamoqchi boʻlganday akillay boshlardi. Chalabiyning esa parvoyi palak edi.

Tovuqlar kurk boʻlib, joʻja ochadigan payt keldi deguncha osmonda kalxatlar izgʻib qolardi. Mabodo birorta kalxat joʻjaga chang solmoqchi boʻlib yerga shoʻngʻisa bormi, ona tovuq darhol qanotlarini kerib, patlarin hurpaytirib olar, bolalarini xatardan ogoh qilmoqlik uchun qaqillagan ovoz chiqarardi. Buni eshitib, joʻjalar pana joylarga qochib qolishardi.

Mushuk bilan kuchukcha qayerda boʻlmasin, tovuqning nolasini eshitishlari bilanoq darhol yordamga yetib kelishardi. Joʻjalarga ozor berish uyoqda tursin, ikkoviyam ularni onaiari bilan bir safda turib kalxatlardan himoya qilishardi. Bir tomondan ona tovuq qaqillaganicha yer bagʻirlab uchib yurgan kalxatga qarab sapchisa, ikkinchi tomondan mushukcha miyovlab, kuchukcha qattiq vovillardi. Xullas, tovuq, mushuk va it baravariga joʻr boʻlib, kalxat hujumini daf qilishardi. Sheriklarining ovozini eshitgan Chalabiy boyoqish biror xatar borligini sezardi-yu, ammo bir oyogʻi zanjir bilan qoziqqa bogʻlab qoʻyilganligi uchun bor kuchi bilan hangrab yuborardi.

Bir kuni yana hovlini tovuqning qaqillashi-yu mushukning miyovlab, itning vovullashi tutib ketdi. Chalabiy ham turgan joyida hangrab yubordi. Bir payt qarasam, Chalabiy oyogʻidagi zanjirni shildiratib shu tomonga qarab irgʻishlab kelyapti. Zanjirning bir uchida temir qoziq. Bildimki, qoziqni bir amallab sugʻurib qochgan.

Chalabiy sheriklarining yoniga yetib kelgach, ikkala qulogʻini ding qilib, kallasini osmonga koʻtardi-da, tepada aylanib yurgan kalxatga qarab shunday bir boʻkirib yubordiki, asti qoʻyavering. Eshagimiz bunaqa hangraganini shu vaqtgacha hecham eshitmagan edim.

IDOL BRANSKI

Mashinada Yevropadan Turkiyaga qaytayotib, Yugoslaviya orqali oʻtadigan boʻldik. Belgradga yaqinlashib qolgan edik, yoʻl chetida joylashgan bir xoʻjalikka koʻzimiz tushdi. Surishtirib bilsak, bu yerda zotli itlar yetishtirisharkan. Uning egasi bir yugoslav boʻlib, oʻzi shu sohada mutaxassis ekan. Xoʻjalikni aylanib chiqdik. Har xil toifali yuzlarcha itlarni koʻrdik. Bitta kuchukcha bizga maʼqul tushib, buni sotib olmoqchi boʻldik. Egasi uni tugʻilganiga endi yigirma kun boʻlganini, oʻzi esa Londonda boʻlib oʻtgan koʻrikda birinchi oʻrinni olgan Idol Branski laqabli itning zurriyoti ekanini aytdi. Xullas, ikkinchi Idol Branskini sotib oldik. Bizga kuchukcha bilan birga uning nasl-nasabi yozilgan guvohnomani ham berishdi.

Kuchukchani uyga olib keldik. Oyim uni uy ichida saqlashga koʻnmadi. Noiloj hovlidagi katalakka qamab qoʻydik. Idol Branski yonidan jilishimiz bi¬lan shunaqayam uvvos koʻtardiki, asti qoʻyaverasiz. Tuni bilan goh chiyillab, goh uvillab chiqdi. Na oʻzi orom oldi, na bizga va na qoʻshnilarga tinchlik berdi. Ertasi kuni toza boshimiz qotdi. Kun boʻyi uning yonidan jilmadik. Kechasi yana halovat boʻlmasligi aniq edi.

Yaqin tanishlarimizdan biri maslahat berdi:
— Qoʻngʻiroqli soat bor-ku, shuni toʻrvaga solib, yoniga qoʻyinglar-chi, gʻingshimasa kerak.

Aytganini qildik. Idol Branskining akillashi tindi. Tuni bilan churq etgani yoʻq. Erta bilan uygʻongach, oʻlib-netib qolmadimikin, degan xavotirda katagiga borib asta moʻraladik. Soat solingan toʻrvaga boshini qoʻyib, tinchgina uxlayotgan ekan.

Shundan keyin har kuni kechqurun buni takrorlab turdik. Kechalari tortqilab oʻynardi. Bora-bora Idol Branski ulgʻayib, soatsiz uxlaydigan boʻldi.

Bir kuni bizga maslahat bergan oʻsha tanishimizdan buning sababini soʻradik. U oʻzi bu ishni qilib koʻrmaganini, lekin bir kitobda shu haqda oʻqiganini aytdi. Kitobda yozilishiga koʻra kuchuk bolasi soatning tiqirlashini onasining yurak urishiga oʻxshatar ekan. Maʼlumki, kuchuk bolachalari odatda onasining qorniga boshini qoʻyib yotadi. Demak, Idol Branski soat solingan toʻrvaga boshini qoʻyib uxlashining sababi ham shunda.

KЕYIN XURSAND BOʻLASIZ

Bir-birini taniganiga uch kun boʻlmasdanoq turmush qurishga vaʼdalashib qoʻyishibdi. Boʻlgʻusi kelin durustgina oilaning qizi boʻlib, ota-onasi juda noziktaʼb odamlar ekan. Shuning uchun ham qiz yigitga:
— Uyimizga borib, chol-kampirdan ham rozilik olmasang boʻlmaydi, — debdi.

Kuyov toʻrani soʻrasangiz, oʻzi juda moʻmin-qobil yigit, bir gapni ikki qilgisi kelmaydi, iloji boricha birovning koʻnglini ranjitmasam, deydi. Shunga koʻra u:
— Juda soz, ertagayoq uyingga borib, otangdan toʻyga ruxsat olaman, — deb qizni xotirjam qilibdi.

Qiz voqeani onasiga aytibdi. Onasi ham bor gapni oqizmay-tomizmay eriga yetkazibdi. Xullas, ikkovi ertasigayoq kuyov bilan uni ichkari olishibdi. Hammalari birgalikda qahva ichishibdi, allavaqtgacha uyoq-buyoqdan gaplashib oʻtirishibdi. Ana gapiradi, mana gapiradi, deb chol-kampir rosa kutibdi, lekin yigit sira toʻydan ogʻiz ochmasmish. Buning ustiga ketishni ham oʻylamasmish. Kech kirib, qorongʻi tushibdi. Kechki ovqatni ham baham koʻrishibdi. Ketidan yana qahva ichishibdi. Boʻlgʻusi kuyov hamon churq etmasmish. Ogʻiz poylash bilan vaqt allamahal boʻlibdi, yarim kechada mehmonni haydab boʻlarmidi? Noiloj unga joy solib:
— Narigi xonaga oʻta qoling, marhamat oʻrningiz tayyor, — deyishibdi.

Bir vaqt ota bundoq qarasa, yigit qizning bilagidan ushlab, oʻsha xonaga tortqilayotganmish. Cholning gʻazabi qaynab:
— Oʻgʻlim, bu nima qiliq? — debdi.

Yigit esa pinagini buzmay:
— Gap bor, ota, — deb javob qilibdi.
— Qanaqa gap?
— Gap bor, dedim, boʻldi-da, surishtirib nima qilasiz, otaxon. Keyin xursand boʻlasiz.

Ham gapirarmish, ham qizni zoʻr berib ichkariga tortarmish. Uning sirli gaplarini eshitib, chol-kampir indolmay qolibdi. Ikkovi boshlashib xonaga kirib ketishibdi.
— Qani, koʻraylik-chi, nima gap bor ekan, — deb chol-kampir mijja qoqmay tong ottirishibdi.

Uning birinchi katta ishi shu boʻlgan ekan. Ehtimol, aynan shundoq boʻlmagandir, lekin bizga yetib kelgani shu.

Xullas, ertasiga ertalab xonadan yana boshlashib chiqishibdi.
— Qani nima gaping bor edi, ayta qol endi, — debdi yigitga qizning otasi koʻzini yerga qadab.
— Bu yogʻidan xotirjam boʻling, otaxon, aslo gʻam yemang. Bir narsani bilmasak, biz gapirmaymiz. Gap bor, dedimmi, vassalom qoʻyavering, keyin xursand boʻlasiz.

Nonushtadan keyin “yendi bizga ruxsat” deb ketmoqchi boʻlgan ekan, qiz uvvos tortib tizzasiga yopishibdi.
— Tur oʻrningdan, yigʻlama bas qil. Keyin aytaman, gap bor, oʻzing xursand boʻlasan, — deganicha etagini qutqarib ketibdi. Bechoralar nima gap ekan, deb rosa kutishibdi-yu, lekin uni qayta koʻrish nasib boʻlmabdi.

Biz tushgan qamoqxonaga shu odamning oʻzidan oldin sarguzashtlari yetib keldi.

Yana bir kuni gazlama doʻkoniga kiribdi-da, tokchada yotgan bir toʻp matoni koʻrsatib:
— Manavini bir koʻray, — debdi.

Gazlamafurush xoʻp deb olib beribdi. U boʻlsa matoni qoʻltigʻiga qistirib, sekin eshikka qarab yuribdi. Molning egasi oldiniga hang-mang boʻlib qolibdi, keyin uning mashinaga oʻtirayotganini koʻrgach, yugurib borib qoʻliga yopishibdi. Yigit zarracha pinagini buzmay:
— Iya birodar, nega qoʻlimga yopishasan? Molingni yeb qoʻyamanmi? Nega olasan emish-a, tavba. Kerak boʻlganidan keyin olaman-da. Ha, shundoq. Koʻp hovliqma, sabr qil. Gap bor, — debdi. Uning bosiq, qatʼiy gaplarini eshitgan doʻkondor nima qilishini bilmay qoladi, xullas, u yo molidan ajrab orqaga qaytadi, yoki “nima gap boʻldiykin?” deganicha kalovlanib turadi. Ammo u aytgan gapning nimaligini hali hech kim bilmaydi, chunki bir marta qoʻlga tushirgan odamiga u ikkinchi qayta yoʻliqmaydi.

Bu yigitning ogʻizdan ogʻizga koʻchib yuradigan hunarlari koʻp, lekin hammasining yoʻli va usuli bir xil.

Bir kuni tramvayda konduktorni rosa boplab ketganini aytib berishdi. Toza miriqib kuldik. Voqea bunday boʻlgan ekan.

Bir payt u tramvayga chiqibdi-da, toʻgʻri konduktorning oldiga borib:
— Qani boʻyningdagi xaltani menga uzat! — debdi.

Konduktor hayron boʻlib:
— Nega endi? — deb soʻrabdi.
— Obbo sen-ey, ber degandan keyin beravermaysanmi.
— Xoʻsh, nega berar ekanman?
—Tagʻin soʻraydi-ya. Bitta aytdim, boʻldi-da. Sen menga beravergin, gap bor, keyin xursand boʻlasan.

Konduktor hayron boʻlganicha boʻynidagi xaltani yechib beribdi. U ham pul toʻla xaltani olib, shoshilmay tramvaydan tushibdi, keyin bitta-bitta qadam tashlab ketaveribdi. Buni qarangki, na yugurarmish, na bir yoqqa qocharmish. Hammaning ogʻzi ochilib qolibdi.

Ana shu odam oxiri qamoqqa tushdi. Chuvakkina bir kimsa ekan. Oʻzi oʻttiz beshlarda boʻlsa ham koʻrgan odam yigirma beshlarga borgan, deydi. Koʻzlari naq igna teshigidek, oʻzi mugʻombir. Unchalik gapdon emas. Umumiy kamerada ikki kungacha ovozi chiqmay yurdi.

Kelganining uchinchi kuni hunarini koʻrsatdi.

Mahbuslardan birini koʻzining ostiga olib yurgan ekan, toʻgʻri oldiga borib:
— Qani, menga ellik lira uzatvor-chi, — debdi.
— Nega beraman?
— Choʻzaver, ishing boʻlmasin.
— Negaligini bilsak boʻladimi?
— Tavba, negaligi bilan nima ishing bor. Ber degandan keyin beravermaysanmi, oshna. Qani, uzatavergin, gap bor, keyin xursand boʻlasan.

U ham “nima gap bor ekan?” deb qiziqib qolib, ellik lirani qoʻliga sanab beribdi.

Bu voqeadan oʻsha kuniyoq hamma xabardor boʻldi. Muhbuslar ham, soqchilar bilan qamoqxona boshligʻi ham buni eshitib rosa kulishdi.

Qamalganiga hali bir hafta boʻlmagan edi, toʻsatdan gʻoyib boʻldi. Qamoqdan qanday qochganini biz keyin eshitdik. Maʼlum boʻlishicha, kechga yaqin navbatda turgan soqchining oldiga borib:
— Qani, eshikni och, — debdi.

Gapni doʻndirib gapirganga nima yetsin. Agar boshqa odam kelib shunaqa desa bormi, soqchi tumshugʻiga aylantirib bir tushirgan boʻlardi. Lekin buning vajohatini koʻrib:
— Ochsam nima boʻladi? — deb soʻrabdi.
— Ochgin, keyin koʻrasan. Gap bor.

Soqchi kamera eshigini ochibdi.
— Mana endi bu yoqqa yur!

Soqchi uning ketidan tashqari hovliga chiqibdi.
— Endi bu darvozani och!
— Nimaga?
— Aytgan ishni qilaver, soʻrab nima qilasan. Ochaver, gap bor, keyin xursand boʻlasan.

Soqchi darvozani ham ochib beribdi. U nima gap borligini sabrsizlik bilan kutayotgan soqchiga qoʻlini silkib hay-yu hayt deb joʻnab qolibdi.

Miad Hakimov tarjimasi

DARDI BЕDAVO

Togʻamni negadir jinim yoqtirmasdi. Chunki u oʻtaketgan xasis odam edi. Cavdo-sotiq bilan shugʻullanishi, mol-mulki yetarli boʻlishiga qaramay, nochorgina turmush kechirar va hamma narsadan nolib yurardi. Odamlar uni bechorahol, butun boyligi ham shu kichikkina uy va katalakdek doʻkondan iborat boʻlsa kerak deb oʻylardilar…

Togʻam hech vaqt mashinaga chiqmasdi. Arzon matolardan tikilgan liboslar kiyib yurar, uy xarajatlarida ham ziqnalik qilardi. Agar u ogʻir dardga duchor boʻlmaganida bunchalik badavlat va puldor ekanligini xayolimga ham keltirmasdim. Kasallanib, doktorlaru dori uchun pulni bargi xazondek socha boshlagach, kosa tagida nim kosa borligi maʼlum boʻldi.

Togʻamning kasalligi ham ishi kabi sirli edi. Dastlabki kunlari naq kindigining ostida ogʻriq turdi. Doktorlar qanchalik tekshirishmasin, kasalini aniqlay olishmasdi. Albatta, togʻamning oʻzi ham qaysi joyi ogʻriyotganligini tuzukroq tushuntirolmas, mujmal dardini taʼriflashdan ojiz edi. U shunday derdi:

—Goʻyo qornimning ichiga oʻn-oʻn beshta itu mushuk qamalganu ular bir-biriga chang solib, oʻzaro gʻajishayotganday…

Albatta, doktorlar togʻamning gaplariga kulishar, uni masxara qilishardi. Toʻgʻri-da, odamning qorni chiqindilar qutisi emaski, unga itu mushuklar yigʻilib, bir-biriga chang solsa… Koshki edi togʻamning dardi chindanam shu boʻlsa. Bu kasalni davolash juda oson koʻchardi. Munitsipalitet xodimlaridan birini chaqirsak bas, bir parcha zaharlangan goʻsht bilan itu mushuklarni daf qilib, togʻamning dardiga darmon boʻlardi.

Shaharda togʻam huzuriga bormagan birorta ham shifokor qolmagandi. Ammo ularning hech qaysisi uning kasalini aniqlay olmadi. Oradan bir oz vaqt oʻtgach, mamlakatimizga chet ellik bir professor kelganini eshitib qoldik. Togʻam bilan birga uning huzuriga bordik. U diqqat bilan tekshirib koʻrgach, shunday dedi:

—Bu kishi saraton boʻlgan… Oʻsimta — meʼdada, uning qoringa hech bir aloqasi yoʻq.

Shundan keyin u qorinning ichki tuzilishi, meʼda, ichak-chavoqlar, oʻt pufagi, yoʻgʻon ichak va ingichka ichak, jigar, buyrak va hokazolar haqida yarim soatcha vaʼz oʻqidi. Maktabda oʻn bir yil oʻqigan boʻlsam ham, toʻgʻrisi, uning gaplaridan hech vaqoni tushunmadim. Ikki-uch yil eski maktabga qatnagan togʻam haqida aytib oʻtirmasak ham boʻladi.

Janob professor ilmiy vaʼzlari soʻngida shunday dedilar:

—Togʻangizning meʼdalari osilib qolgan. Eng oxirgi muddatdan ham uch soatcha oʻtibdi. Tezda operatsiya qilish kerak…

Togʻamni darhol kasalxonaga yetkazdik. Ikki-uch kundan keyin u operatsiya qilindi. Amaliyot paytida doktorga yordamlashgan assistent menga bu haqda shunday hikoya qilib berdi:

—Professor togʻangizning qornini yorib, oshqozonini koʻrdi. U tamomila sogʻlom ekan. Doktorning oʻzi ham taajjub bilan hozirgacha qancha qancha operatsiyalar qilganligini, ammo bunday sogʻlom meʼdani koʻrmaganligini tan oldi. Lekin qorinni yorib qoʻygan, olingan pulni halollash lozim edi. Meʼdaning yarmini shartta kesib tashlashga majbur boʻldi. Men unga “jon professor, meʼda sogʻlom boʻlsa, nega uning yarmini kesasiz?” deb har qancha eʼtiroz bildirmay, quloq solmadi. Bunga javoban nima deydi deng?

— Ha, meʼda hozircha sogʻlom va nuqsonsiz. Ammo operatsiya qilmasak, kelgusida, albatta, saraton boʻladi,— deydi.

Togʻamni yarimta oshqozon bilan uyiga olib keldik. Ammo avvalgi dardi uni yana bezovta qila boshladi. Tikilgan joylari hali tuzalmasdan boshqa bir ichki kasalliklar mutaxassisi huzuriga olib bordik. Bu doktorni shunchalar taʼriflashdiki, asti qoʻyaverasiz, hatto kasallarni oʻlimidan 24 soat keyin ham tiriltira oladi, deyishdi mubolagʻa bilan. Mish-mishlar toʻgʻriga oʻxshab qoldi. Togʻamni tekshirib koʻrishi bilanoq buyraklari ishlamayotganligini aniqladi. Dard va bezovtaliklar sababi ham shu emish, hatto rentgen tasviriga ham hojat qolmadi.

— Tezda buyraklarni operatsiya qilish kerak, — dedi u qatʼiy. Togʻajonimizning qornini ikkinchi marta yorib koʻrdilar. Bu vrach ham soppa-sogʻ buyraklarni koʻrib, hayrat bilan shunday debdi:

—Bu qadar sogʻlom buyraklarni hech kim koʻrgan emas. Bittasi ham bu kishiga yetib ortadi…

Assistenti bunga eʼtiroz bildiribdi:

—Janob doktor! Soppa-sogʻ buyrakni olib tashlagani qanday qoʻlingiz boradi? Qarang, Grinvich soatiday ishlab turibdi-ya…

Ammo mutaxassis doktor bunga quloq solmabdi.

—Yaxshi yigit, — debdi u, — nahotki shuni ham tushunmasangiz. Agarda biz bu buyrakni kesib olmasak, bemor operatsiya qilganimizga ishonmaydi, pulimni bekorga olishibdi, deb oʻylaydi. Qoʻlimizda dalil boʻlishi uchun bitta buyrakni, albatta olishimiz kerak…

Xullas, togʻamning bitta buyragini olib tashlashdi. Qolgan buyragi bilan uyiga qaytdi. Amaliyot paytida oʻlib qolmaganiga har kuni ming marta xudoga shukur qilardi. Hatto, anchagina pul sarflab, kasalxonaning qorovulidan boshligʻigacha gazeta orqali minnatdorchilik bildirib chiqdi.

Afsuski, operatsiya ham, doktorlarga tashakkur ham togʻamning dardini yengillamadi. Ogʻriq kundan-kunga zoʻrayib borardi. Tanishlarimizdan biri shunday deb qoldi:

— Men 16 marta operatsiya boʻlganman. Aʼzoyi badanimni burda-burda qilib, qaytadan tikkanlar. Ammo to Salim degan doktor huzuriga bormagunimcha dardimga darmon topolmadim. Faqat u meni qutqardi.

Tezda togʻamni Salim doktorga olib bordik. Boʻlgan voqealarni unga gapirib bergandek, istehzo bilan jilmayib dedi:

—Kasalingizni aniqlay olishmapti. Sizning ichaklaringiz tugilib qolgan!

Hammadan koʻra bu gap menga maʼqul keldi. Chunki togʻam shu qadar xasis ediki, sarf-xarajat kamroq boʻlishi uchun oʻz ichaklarini tugib qoʻyishdan ham toymasdi.

Togʻamning qornini uchinchi marta yordilar… Doktor soppa-sogʻ ichaklarni koʻrib, barmogʻini tishlab qoldi. Amaliyot anjomlarini chetga uloqtirib, ichaklarni mahliyo boʻlib tomosha qila boshladi. Soʻngra tahsin-ofarinlar bilan shunday dedi:

—Bu qanaqa ichaklar boʻldi-a? Umrim bino boʻlib bunchalik uzun ichakni koʻrmaganman. Goʻyo yetti kishiga yetadiganini tabiat saxovat bilan bu odamga ato etganday…

Doktor ichaklarda tugilib qolgan joyni topolmagach, shunday debdi:

—Qorinni ochdikmi, endi ozgina boʻlsa ham ichakdan qirqib olaylik. Garchi amaliyotdan keyin togʻamning ichaklari oddiy odamlarniki bilan baravar boʻlib qolgan boʻlsa ham, kasalligi battar zoʻraydi…

Oʻsha kunlari gazetada bir eʼlon oʻqib qoldik. Unda shunday deb yozilgandi: “Germaniyada tahsil olgan doktor… koʻp yillar mobaynida u yerdagi… kasalxonasida bosh vrach oʻrinbosari boʻlib ishlagan, hozir vataniga qaytib, Anqarada xususiy shifoxona ochgan…”

Togʻamni koʻp mashaqqatlar bilan Anqaraga olib bordik. Germaniyada tahsil olgan vrach barcha sarguzashtlarimizni eshitgach, bir oz oʻylab turdi-da, shunday dedi:

— Doktorlar bu kishining kasalini aniqlay olmapti. Tagʻangizning jigari ogʻrigan…

Togʻamning qorni yana bir marta yirtildi… Ammo uning jigari yosh sportchi qizning jigaridan ham sogʻlom ekan. Qorinni behudagi tikmaslik uchun koʻrichagini kesib olishdi.

Bu amaliyotdan keyin togʻamning dardu azoblari yana zoʻraydi. Kimki “falon joyda yaxshi doktor bor ekan”, desa, oʻsha zahoti yugurib ketardi. Oʻnlab dori-darmonlar, necha-necha amaliyotlar joniga ora kirmadi, kasalligi kundan-kunga kuchayib boraverdi.

Pulni jonidan ham yaxshi koʻradigan togʻamdek bir odam qanday qilib shuncha xarajatga rozi boʻlganligiga hozirgacha ajablanaman. Badanidagi barcha ichki aʼzolar amaliyot qilingandi. Ikkita boʻlgan aʼzosidan bittasi qolgan, baʼzilari qisqargan, ortiqchalari esa kesib tashlangandi. Agar ilgari vazni 65 kilogramm boʻlsa, aʼzolarini olib tashlayverganlari sababli 38 kilogramm boʻlib qolgandi. Shunday boʻlsa ham hayotdan umid uzmas, kimki “falon joyda falon doktor bor”, desa bas, shu zahoti yugurib ketardi. Bu safar u bir chet ellik doktor huzuriga bordi. U togʻamning gʻaroyib sarguzashtlarini tinglab, achinish bilan dedi:

—Afsus, barcha aʼzolaringizni behuda operatsiya qilishibdi. Sizning deyarli dardingiz tomoqdagi bodomchalar bilan bogʻliq.

Togʻamning oʻrniga men eʼtiroz bildirdim:

—Janob doktor, ogʻriq naq kindikning ostida-ku, u qanday qilib bodomchalarga bogʻliq boʻlsin?

Doktorning jahli chiqib ketdi. Asabiylik bilan javob berdi:

—Axir men doktorman, bilaman… Ukajon, bodomchalar aslida badandagi muhim aʼzolardan biri. Ularning asosiy vazifasi barcha organlarning faoliyatini tartibga solib turishdir. Ayniqsa, togʻangizning operatsiya qilinmagan aʼzosi qolmagani uchun bodomchalarning ahamiyati oshib ketgan. Ogʻriqlar sababi ham, shubhasiz, ana shu… Bodomchalarni olib tashlaymiz. Agar bu ham yordam bermasa, boshqa biror yoʻlini qidirib koʻramiz!

Togʻamning tomogʻidagi bodomchalarni ham olib tashlashdi. Ammo ogʻriq yana yoʻqolmadi. Shubham toʻgʻri chiqdi, kasallik sababi ularda emas ekan. Hadeb kesib tiktiraverganlari uchun togʻamning badani baliqchilarning toʻriga oʻxshab qolgandi. Amaliyot paytida jarrohlik asboblarini ishlatishga ham ehtiyoj qolmagandi. Doktorlar tikilgan joylarni tortsalar bas, togʻamning qorni dasturxonday ochilib qolardi!

Aslini olganda, bu togʻam uchun foydali ham edi, chunki avvalgidek tigʻ zarbidan azob chekmasdi. Baʼzida esa qattiqroq yoʻtalsa ham tikilgan joylari ochilib ketardi. U gohida alam bilan:

— Nega Alloh taolo, inson vujudini soddagina qilib yaratmagan ekan, —deb qolardi. Agar oʻshanday boʻlganida doktorlar qoʻllarini odamning qorniga tiqishardi-yu bor narsani tashqariga olib chiqishardi.

Togʻam bechora telba-teskari gaplar ham aytadigan boʻlib qolgandi.

Doktorlardan biri togʻamning badanida amaliyot orqali pul ishlab oladigan hech vaqo qolmaganligini koʻrib, shunday dedi:

—Sizdagi barcha dardu azoblar boisi bizlarning yaxshi ishlamasligimizda. Gavdangizda gormonlar miqdori kamayib ketgan, tezda davolash zarur. Gormonlar faoliyatini yaxshilash uchun jinsiy bezlardan birini olib tashlash kerak.

Men yana eʼtiroz bildirgandim, togʻamning oʻzi rozi boʻlib dedi:

— Janob doktor, iloji boʻlsa ikkalasini ham olib tashlang, bir yoʻla xotirjam boʻlay.

Ammo doktor bunga rozi boʻlmadi, faqat bittasini olib tashladi… Afsuski, togʻamning kasalligi bu bilan ham tuzalmadi. U asta-sekin umidsizlikka tusha boshladi:

— Endi oʻlimdan boshqa chora yoʻq…

Ammo odamlar tinch qoʻyishmasdi. Har kuni unga yuzta yangi doktorni tanishtirishardi. Mening tashvishim esa kundan-kunga ortib borar, har safar togʻamning yarimjon gavdasini ming mashaqqat bilan u xonadan bu xonaga koʻtarib borardim.

Doktorlardan biri gʻalati fikrni aytib qoldi. U oldingi vrachlarning behuda operatsiyalaridan afsuslanish bilan anchagina oh-voh qilib turgach, shunday dedi:

— Togʻangizning kasalligi sababi oyoqlari barmogʻida paydo boʻlgan qadoqlarda…

Men beixtiyor baqirib yubordim:

— Janob doktor, naq kindigining ostidagi ogʻriq qanday qilib oyoqdagi qadoqlarga bogʻliq boʻlsin?

Doktor xotirjamlik bilan javob berdi:

— Badandagi barcha aʼzolar bir-biri bilan bogʻliq. Masalan, tishingiz ogʻriganda butun gavdangizda ogʻriq turmaydimi? Albatta, boshdan-oyogʻingizgacha zirqiratadi…

Mavzu ilmiy boʻlgani uchun ortiqcha eʼtiroz bildirishga oʻzimda jurʼat topmadim. Janob doktor ham togʻamning oyogʻidagi qadoqlarni kesib tashladi. Ammo bu amaliyot uning choʻntagiga keltirgan foydani hisoblamaganda, togʻamning kasaliga zarracha ham taʼsir qilmadi.

Sogʻliqni saqlash vazirligidan barcha vrachlar roʻyxatini oldirib keldik. Tekshirib koʻrganimizda togʻam huzuriga bormagan faqat ikkita doktor qolganligi maʼlum boʻldi. Ulardan birini qidirib topdik. U togʻamning kasalligi tarixini eshitgach, koʻzlari olayib ketdi. Shuncha jarrohlik operatsiyasidan keyin togʻam qanday tirik yurganligiga hayron boʻlib qoldi. Afsuslanish bilan bosh chayqab dedi:

— Doktorlar noinsoflik qilishibdi. Ularning barcha ishi behuda boʻlgan, ogʻriqlar esa tishlaringiz bilan bogʻliq.

Chiqmagan jondan umid deganlaridek, togʻamning barcha tishlarini sugʻurtirdik. Ammo foyda bermadi. Endi togʻam ovqat ham yeyolmay qolgandi. Ikki qoʻllab mahkam ushlab turmasak, osmonu falakka parvoz qilib ketishi ham hech gap emasdi.

Bir kuni togʻam shunday deb qoldi:

— Barcha boyligimdan qolgan oxirgi pullarni birorta chet ellik vrachga xarj qilmoqchiman.

Togʻam bilan Parijga yoʻl oldik. U yerda hech bir tanishimiz boʻlmagani uchun koʻchadagi eʼlonlardan toʻgʻri kelgan bir shifokorning adresini topib, huzuriga bordik. Parijlik vrach soʻzlarimizni diqqat bilan eshitdi. Soʻngra sinchkovlik bilan tekshirib chiqqach, dedi:

— Sizning hech bir kasalligingiz yoʻq. Barcha operatsiyalar notoʻgʻri qilingan. Bundan keyin shimingizga kamarni qisib bogʻlamang. Yaxshisi, yelkaga osiladigan tasmalardan foydalaning.

Shu ishni qilgan edik, moʻjiza roʻy berib, togʻamning barcha dardu azoblari bir zumda yoʻqoldi. Parijdan qaytganimizda u tamoman tuzalgan, ammo pullari ham tugagan edi. Endi asosiy kasalligi pulsizligi boʻlib qolgandi. Barcha boyligini doktorlarga sarflaganini eslab, oh chekardi. Olti oydan keyin bu azoblardan manguga qutildi. Pulsizlikdan oʻldimi yoki ustma-ust operatsiyalar tufayli vujudining yarmi olib tashlanganligidan oʻldimi, bilmadim. Ammo shuni aniq bilamanki, buncha amaliyotdan keyin biror bandaning tirik qolishi gumon edi.

Nosir MUHAMMAD tarjimasi.

PAYPOQ SOVGʻA QILMA

Klubda biz bir stolda oʻtirgan edik. Biz deganim mansabdor Osimbey hamda mansab zinasiga endigina qadam bosayotgan kaminai kamtarin.
—Eshitishimcha uylanmoqchi emishsan?—deb soʻradi sherigim. Men indamay bosh silkidim.
—Senga faqat bitta maslahatim bor. Zinhor-bazinhor xotiningga qimmatbaho paypoq sovgʻa qila koʻrma.
U shunday deb oʻz hayotini hikoya qilib berdi.
… Men butun umrga kamtarin, itoatkor xotinim boʻlishini orzu qilgan edim. Bardoshli edim, nihoyat roppa-rosa oʻn besh yilda koʻnglimdagi qizni topdim. Uning ismi Sabiha boʻlib, 21 yoshda, husni bir qarashda uncha koʻzga tashlanmasa-da menga yoqib qoldi. Men har safar senga shunday sovgʻalar qilayki, deyishim bilan u:
—Kerak emas, azizim! Hamma narsam bor,—deb darhol javob qaytarardi. Men oʻzimda yoʻq baxtiyor edim. Mana haqiqiy umr yoʻldoshi. Pulning qadriga yetadi. Uning lab, kiprik boʻyoqlari bilan ishiyam yoʻq. Oʻsma, surma, upa-eliklar nimaligini bilmasdi.
—Boʻyoqlarga behuda pul ketkazishning nima keragi bor,—derdi bu haqda soʻrasam.
Koʻchalarda suyukli Sabiham haqida oʻylab yurardim. Baribir uni nima bilandir xursand qilishim kerak-ku. Shildiroq qogʻozda koʻz oluvchi jononning surati bor paypoq sotib oldim. Arzimagan pul turar ekan.
—Voy, voy nima qilardingiz, ovora boʻlib?
U ana shu soʻzlarni aytdi-yu boshqa gapirmadi. Bir oy kutdim, negadir paypoqni kiymadi. Xafa boʻlib kiymagani sababini soʻradim.
—Juda ajoyib ekan, rahmat. Ammo rangi tuflimga mos tushmadi. Hechqisi yoʻq, eskisini kiyaveraman.
Sevgilimni doʻkonga olib borib eng qimmat tuflini tanladim. Toʻgʻri, narxini eshitib yuragim orqaga tortib ketdi. Lekin xotinim bunga arziydi. Ammo yangi paypoq bilan tuflini bir oy ichida atigi bir marta mehmonga borganimizda kiydi, xolos. Sababini soʻradim.
—Bilasanmi, azizim, tufli shunaqayam bejirimki, koʻylagim unga hecham…
Oʻsha kuniyoq yangi koʻylak sotib oldik. Bir haftadan keyin yangi shlyapa, yana bir hafta oʻtgach yangi palto. Narxini-ku, aytib oʻtirmayman. Eshitib hushimdan ajrashimga sal qoldi. Qarasam, ertasiga xotinim tosh oyna oldida oʻtiribdi:
—Azizim, men senga odamlarning xotiniga oʻxshab falon narsa olib ber, degan emasman. Toʻgʻrimi?
—Toʻgʻri,—dedim gap nimada ekanligini tushunmay.
—Hammasini oʻzing olib bergansan, shundaymi? Endi oʻzing oʻyla…
Tagʻin nima ekan deb, oyoq-qoʻlim qaltiray boshladi. Xayriyat, gap kiyimlarga mos soch turmagi uchun sartaroshga borish haqida ekan.
Kelgusi haftada gap aziz rafiqamning didiga mos yangi uy haqida boʻldi:
—Sevgilim, bilasanki, sening bir soʻm pulingni behuda sarf qilgandan koʻra, oʻlganim yaxshi! Ammo oʻzing oʻylab qara. Shuncha pul sarflab olib bergan narsalaringni kiyib, shu uydan chiqib kelsam kulgiga qolaman-ku…
Men rozi boʻldim. Keyin kreditga yap-yangi chet el mashinasini sotib olishga ham koʻndim. Senga gʻamxoʻr, seni sevgan, seni avaylovchi, ortiqcha iltimoslar bilan boshingni ogʻritishni istamagan odam uchun nimalar qilmaysan, kishi.
Oylar oʻtdi. Suyukli Sabiham bir kuni menga boshdan oyoq nazokat va diqqat bilan shunday razm soldiki, yuragim orqaga tortib ketdi.
—Azizim, menga juda koʻp yaxshiliklar qilding. Zoʻrlab nozanin xonimga aylantirding, mashina haydashni oʻrganishga majbur etding. Har safar sendan bir narsani iltimos qilmoqchi boʻlganimda yuragimni hovuchlab turaman. Axir meni bilasan-ku…
—Bu gaplarning hojati yoʻq qalbim quvonchi, men seni bilaman,—dedim hayajon bilan…
—Mana endi sendan oxirgi iltimosim,—dedi Sabiham.
—Qanday iltimos ekan, sevgilim?
—Menimcha, biz ajrashganimiz maʼqul! Sen ancha keksa, besoʻnaqay odamsan, tepakalligingni-ku aytmasa ham boʻladi. Xullas, bir soʻz bilan aytganda, menga mos emassan!
Sud kvartira bilan mashinani unga qoldirdi. Bularning hammasi bir juft paypoqdan boshlangan edi-da. Shuning uchun ham senga yana bir bor takrorlayman. Zinhor-bazinhor xotiningga paypoq sovgʻa qilma…

Tuhfa NAZAROVA tarjimasi

21

(Tashriflar: umumiy 223, bugungi 3)

Izoh qoldiring