2012 yilda nishonlangan o’zbek madaniyati,san’ati va adabiyoti bilan bog’liq sanalar (4).

sana

     2012 йилда нишонланган ўзбек маданияти,санъати ва адабиёти билан боғлиқ саналарни эслатишни ўйладим. Бугун сизнинг диққатингизга сентябр-декабр билан боғлиқ саналар,муборак кунлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этаман.

линия

СЕНТЯБРЬ

линия

17 сентябр — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор (1907-1968) таваллудининг 105 йиллиги

линия

qahhor

Абдулла Қаҳҳор

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўзбек адабиёти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган адиб Абдулла Қаҳҳор ўзбек халқининг ҳаёти, инсоннинг ички ва руҳий ҳолати тўғрисида ўлмас асарлар яратди. У ХХ аср ўзбек насрининг етакчи адиблари қаторидан муносиб ўрин олган машҳур намояндалардан бири.Абдулла Қаҳҳор адабиётга шоир сифатида кириб келган, кейин ҳикоянавис сифатида шуҳрат қозонган улкан адиб бўлибгина қолмай, публицист, қисса ва романнавис, сатирик комедия ва лирик драматург, журналист ва таржимон ҳамда сўз санъаткоридир.

Таржимаи ҳол

Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган забардаст ёзувчилардан. Унинг ҳикоя ва очерклари, қисса ва романлари, сатирик комедия ва лирик драмалари халқимизнинг маънавий хазинасидан муносиб ўрин олган дея таъриф беради О.Шарафиддинов.
ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқонда темирчи оиласида дунёга келди.
Абдулла Қаҳҳор туғилиб ўсган оила машаққатли ҳаёт даҳшатларини бошидан кечирди. Отаси Абдуқаҳҳор Жалилов темирчилик билан кун кўрган. Оила тирикчилик туфайли Қўқон атроф қишлоқларини кезиб, кўчиб юрган. Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсун, Нудош, Бувайдо, Толик, Олқор каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда кечади.
Абдулла ўн ёшга кирганда Бувайдодаги эски мактабга ўқишга боради, яъни Оққўрғон қишлоғидаги Мамажон қорининг усули савтия мактабида таҳсил кўрди.
Оиласи Қўқонга кўчиб келгач “Истиқлол” номли мактабда ўқишни давом эттиради, ундан интернат, “Коммуна”, “Намуна” мактабларида, сўнг билим юртида таҳсил кўради.
Абдулла Қаҳҳор билим юртининг “Адиб” қўлёзма журналида дастлабки машқлари билан қатнашади. Тошкентдаги “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятининг “Ишчи-батрак мактублари” варақасига муҳаррирлик қилади. 1925 йилда у газетада ишлаш жараёнида Ўрта Осиё давлат университетининг ишчилар факультетини тамомлайди.

Абдулла Қаҳҳор яна Қўқонга бориб, дастлаб ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курсида муаллимлик қилади. Укўп вақт ўтмай “Янги Фарғона” вилоят газетасига котиб ва “Чиғириқ” ҳажвий бўлимига мудир этиб тайинланади.
Абдулла Қаҳҳор адабий фаолиятини шоир сифатида бошлаган. Унинг “Ой куйганда” илк ҳажвий шеъри 1924 йилда “Муштум” журналида “Норин шилпиқ” тахаллуси остида босилди. Сўнг унинг бир қанча ҳажвий шеър ва ҳикоялари “Муштум”, “Янги йўл” журналлари ва “Қизил Ўзбекистон” газетасида Мавлон куфур, Гулёр, Ниш, Эркабой, Эвой кабитахаллуслар остида эълон қилинди.
Абдулла Қаҳҳор 30 йилларда яна Тошкентга қайтади ва Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетига ўқишга киради. Ёзувчи ўша пайтда “Совет адабиёти” журналида масъул котиб вазифасини бажаради. Кейинчалик у Ўздавнашр (1935-1953 йиллар)да муҳаррир ва таржимон, 1954-1956 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг раиси бўлиб ишлаган.
Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди шеърият билан бошланган бўлсада, унинг адабий мероси негизини насрий асарлари ташкил этади. “Бошсиз одам” ҳикояси 1929 йилда чоп этилган вақтдан бошлаб умрининг охиригача ҳикоя, очерк, публицистика, қисса ва роман жанрларида самарали ижод қилди.
Адибнинг биринчи “Қишлоқ ҳукм остида” қиссаси 1932 йили чоп этилган. Кейинчалик 1933 йилда “Олам ёшарадир”, “Қотилнинг туғилиши”, 1935 йилда “Қанотсиз читтак”, 1936 йилда “Мастон” каби ҳикоялари тўпламлари нашрдан чиқди.
Абдулла Қаҳҳорнинг 30-йиллар ижодида унинг биринчи романи – “Сароб” муҳим ўринни эгаллайди. Ёзувчининг ушбу романи бош қаҳрамон Саидийнинг фаолиятини кўрсатишга қаратилган, яна унда 20-йилларнинг 2-ярмидаги ўзбек халқи ҳаётининг маиший, этнографик, иқтисодий ва маънавий манзаралари яққол акс этиб туради.
“Сароб” кенг мавзули роман бўлгани учун ёзувчи ўзининг бадиий ниятини яланғоч ҳолда кўрсатмай, уни шу давр ҳаётининг бошқа манзаралари кўринишида реаллаштиришга уринган. Воқеалар тасвирида ёзувчи ҳаёт ҳақиқатини сақлаб қолган.
Ёзувчининг уруш йилларида бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. “Асрор бобо”, “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар” ҳикоялари ва “Олтин юлдуз” каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.
Адабиётшунос олим Ҳафиз Абдусаматов айтганларидек, Абдулла Қаҳҳорнинг улкан хизмати шундаки, у чақалоқ ҳолда бўлган новеллани ўстирди, вояга етказди, унинг ривожига бўй берди. Унинг ҳикоялари билан орқада қолган бу жанрнинг танглиги кўтарилиб борди, бошқа жанрларга етиб олди, адабиётда мустаҳкам, тарихда абадий қоладиган ўринни эгаллаб олди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси унинг новеллачилик фаолиятига, умуман ижодига катта ишонч бағишлади.
30-йилларга келиб, адибнинг бу соҳадаги таланти қийғос очилди. Энг яхши ҳикоялари шу даврда юзага келди. Бақувват, ҳаммага манзур бўлган ҳикоялари китобхонларга кетма-кет тақдим этила бошлади. “Кўр кўзнинг очилиши”, “Анор”, “Бемор”, “Ўғри”, “Майиз емаган хотин”, “Адабиёт муаллими”, “Санъаткор”, “Мунофиқ” каби ҳикоялари новелланинг баркамол намуналари бўлиб майдонга чиқди.
Аввало, уларда Абдулла Қаҳҳор ҳаётдаги турли тоифадаги кишиларнинг зарур, керакли томонларини олиб усталик билан типиклаштириб, пухта характерлар яратиб берди. Катта ҳамждаги асарлар инсон характерини яратиш учун кенг йўл очади.
Бундай асарларнинг муаллифлари қаҳрамонларини турли вазиятларга олиб кириш, ҳар хил кишилар билан тўқнаштириб, портретларини ҳар томонлама таърифлаб, талай бақувват характерлар чизганлар. Аммо митти асарларга характер ярата олиш, уларни курашга олиб кириш, тақдирларини ишонарли ҳал қилиб, пухта характерларини чизиш муаллифлардан катта санъатни талаб қилади. Абдулла Қаҳҳор эса юқорида тилга олинган ҳикояларида бу мушкул санъатни тўла эгаллаб олганини намойиш қилади.
Бунга у ҳаётни тўла билиши, инсонларнинг ички оламига чуқур кириб бориши орқали эришади. Бу эса ўз қаҳрамонларининг шодлигини, қайғу-аламларини, ҳаяжонларини, ғазабнафратларини, кучли кечинмаларини ёрқин ифода этишга имконият туғдирди.
Новеллаларда киши руҳининг мураккаб томонлари нозик тасвирларда кўринади. Ёзувчи ҳикояларининг муҳим хусусиятлари шундаки, уларда инсоннинг ички ҳолати тўғри тасаввур қилиниши билан бирга, руҳий ҳолати асар мазмуни билан боғланиб кетади.
Абдулла Қаҳҳор жажжи ҳикояларида сатирик ва юморист сифатида ўз талантининг янги қиррасини намойиш қилди. Унда кулгичиликка таомил зўр эди. Буни жуда кўп асарлари айтиб турибди. У ёмонга ўз идеалини, давр нафасини қарши қўяди, асарларининг мазмунига, характерларнинг моҳиятига кулгини, масхарани сингдириб юбориш билан унинг жамиятдаги улкан кучини, ижобий характерини яққол кўрсатади.
Абдулла Қаҳҳорни новеллачиликда улкан муваффақиятларга олиб келган омиллардан яна бири – унинг мумтозлардан, айниқса, рус адабиётидан ўқиш-ўрганиши бўлди. “Улуғ санъаткорнинг ижоди, — деб таъкидлаган эди шоир, — бадиий маҳоратимни оширишда катта мактаб бўлди”.
Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси (1959) вақтидаги муҳокамада рус ёзувчилари шундай деган эди: «Ўзбекистонда катта адабиёт бор. У, шу даражада юксалибдики, унинг баъзи вакилларидан, масалан, А. Қаҳҳордан биз ҳам ўрганишимиз керак».
Абдулла Қаҳҳор новелланинг йирик устаси. Шуни алоҳида қайд этиб ўтишимиз керакки, Абдулла Қаҳҳордан олдин ҳам, у ижод этган замонда ҳам, ундан кейин ҳам талай новеллистлар бу турда қалам тебратдилар ва тебратмоқдалар. Лекин уларнинг
ҳеч қайси бири унинг олдига тушолмади. Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида тенги йўқ новеллист.
Абдулла Қаҳҳорнинг повестлари китобхонлар орасида кўпроқ машҳур бўлиб кетди. У халқ оммаси ҳаёти ва курашининг турли босқичларини ифода этган повесть ва қиссаларни кетма-кет нашр эттирди. “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Олтин юлдуз” қиссалари уруш йилларининг даҳшатли ва мардонавор манзаралари билан таништиради.
“Муҳаббат”да эса, ёшларнинг пўлатдай мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари, бу йўлдаги турли-туман тўсиқларни матонат билан енгиб, қаршиликларга учраганда чок-чокидан сўкилиб кетадиган севги эмас, балки ҳаёт гирдоблари тўлқинларида янада мустаҳкамланадиган муҳаббат мадҳ этилади.
Шунингдек, қиссада ахлоқ-одоб, инсоний муҳаббат, маънавий поклик тарғиб қилинади, молпарастлик, худбинлик қораланади.
Повестлар ичида айниқса, “Ўтмишдан эртаклар” (1965) ҳамда “Синчалак” (1958) китобхонлар ўртасида шов-шувга, уларнинг катта ҳурматига сазовор бўлди.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и мемуар характердаги асар бўлиб, адибнинг ўз ҳаёти, оиласи мисолида, хотиралари асосида ёзилган бу асарда ҳаёт воқеликлари тарихан аниқ ва реалистик чизилади. Адиб “Ўтмишдан эртаклар”ида бизни ўтган воқеаларга, ҳаётнинг аччиқ-чучук лавҳаларидан олиб ўтади.
Биз ёш Абдулла билан бирга кулфатларни, азобларни бошимиздан кечиргандай бўламиз, янги ҳаёт бўсағасига кириб нашъасини сура бошлагандай бўламиз. Турмушдаги воқеа ва ҳодисаларнинг ишонарли қилиб асослаб айтилиши, уларнинг қизиқарли, бадиийликда ҳикоя қилиниши повестнинг ютуғини таъминлаган асосий омилдир.
Абдулла Қаҳҳор прозанинг деярли барча турларида қаламини чархлаб олгандан кейин, адабиётимизнинг қийин жанрида ижод этиб, тўртта диққатга сазовор бўлган саҳна асарларини ёзди. Санъаткорнинг драматургия соҳасидаги хизмати унинг комедиялари билан характерланади.

Урушдан кейинги ўзбек адабиётидаги асосий конфликт – янгилик билан эскилик ўртасидаги зиддият бу комедияда ўзининг теран бадиий тасвирини топган. Ушбу асарда муаллиф усталик билан кулгили ҳолатлар яратган ва ҳажвий бўёқлардан моҳирона фойдаланган ҳолда конфликтни ўзига хос равишда ҳал қилган. Ушбу комедия хорижий мамлакатлар саҳнасида ҳам ўйналиб, ўзбек театр саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди.
Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунларида шўро жамиятида шахсга сиғинишнинг авж олиши орқасида юз берган фожиаларни тасвирловчи “Зилзила” қиссаси устида иш олиб борди. Бироқ уни тугата олмаган.
Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, арман, белорус, грузин, латиш, литва, молдован, мордов-эрзя, озарбайжон, татар, тожик, тувин, туркман, уйғур, украин, чечен, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, эстон каби тилларга таржима қилинган. Унинг
айрим ҳикоялари эса араб, бенгал, болгар, вьетнам, инглиз, испан, монгол, немис, поляк, румин, француз, форс тилларида чоп этилган.
Улуғ санъаткор ёзувчимиз ижод булоғи қайнаб турган бир паллада оғир дарддан 1968 йил 25 майда 61 ёшида дунёдан ўтди.
Абдулла Қаҳҳор ижоди бўйича номзодлик ва докторлик диссертациялари ёзилган ва ёзилмоқда ҳамда бир қатор йирик монографиялар, танқидий ва биографик рисолалар нашр этилган.
Жумладан: Ҳ.Абдусаматовнинг “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди ҳақида) (1957), “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди ҳақида очерк) (1960), М.Султонованинг “Абдулла Қаҳҳор услубининг баъзи масалалари” (1967), “Ёзувчи услубига доир” (1973), М.Қўшжонов, У.Норматовнинг “Маҳорат сирлари” (1968), М.Қўшжоновнинг “Ҳаёт ва нафосат” (1970), “Абдулла Қаҳҳор ижодида сатира ва юмор” (1973), “Абдулла Қаҳҳор
маҳорати” (1988), Н. Раҳимжоновнинг “Абдулла Қаҳҳор ва Ҳамза театри” (1971) каби асарлари ҳам яратилди.
Н.Қўчқоровнинг “Бадиий сўз устаси” (1976), М.Абдураҳмонованинг “Руҳий дунё тасвири” (1977), С.Мирзаевнинг “Халқ севган адиб” (Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида) (1977), М.Турсунхўжаеванинг “Таржима санъати” (Абдулла Қаҳҳор асарлари мисолида) (1977), Н.Шодиевнинг “Руҳият рассоми” (1977), К.Қаҳҳорованинг “Чорак аср ҳамнафас” (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳақида хотиралар) (1987), О.Шарафиддиновнинг “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида лавҳалар) (1988).
Шунингдек, “Адабиётимиз автобиографияси” (1973), “Абдулла Қаҳҳор” (Ҳаёти ва ижоди) (1987), “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” (1987), рус тилида И.Баролинанинг “Абдулла Каххар” (Очерк творчества) (1957), Л.Батнинг “Незабываемые встречи, литературные беседы” (Воспоминания) (1972), М.Агатовнинг “Об авторах ваших книг литературных композиций по материалам критической и мемуарной литературы” (1972), В.Оскоцкийнинг “Негасимое пламя костра” (1977), М.Бекжанованинг “Развитие сатирических традиций Гоголя в творчестве Абдуллы Каххара” (1978) каби рисолалар яратилди.
Адибнинг “Аяжонларим”, “Оғриқ тишлар”, “Шоҳи сўзана”, “Тобутдан товуш” каби асарларидан пьесалар яратилди ва театр саҳналарида қўйилди. “Синчалак” повести бўйича кинофильм яратилди.
Абдулла Қаҳҳор адабиёт соҳасидаги хизматлари учун “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан (1967) тақдирланди. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1966) мукофотига сазовор бўлган. Мустақиллик йилларида эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Абдулла Қаҳҳор ранг-баранг ижоди ва улкан сўз санъаткори сифатидаги фаолияти билан ўзбек халқи маданиятининг янада юксалишига катта ҳисса қўшди. 1987 йилда адиб яшаган уйда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи ташкил этилди.
Ҳозирги кунда унинг номи Тошкент ва Қўқондаги бир неча кўча, мактаб ва жамоа хўжаликларига, шунингдек маданият уйлари ва республика Сатира театрига берилган.
Унинг “Сароб” романи қайта-қайта нашр қилинган. Жумладан, 1995 йилда “ХХ аср ўзбек романи” туркумида чоп этилди.
Ёзувчи XXI асрда яшовчи авлодларга ХХ аср ўзбек жамиятининг қиёфасини намоён қилади, чунки унинг асарлари чинакам ўзбекона наср намунаси эди. “Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси” эканлигини англаган ўзбек китобхони Абдулла Қаҳҳор асарларини мутолаа қилар экан, ёзувчи истеъдодига албатта тан беради. Зероки, севимли адибимизнинг ўзи орзу қилган асарлари “адабий гўзаллик”нинг насрида ўз аксини кўрсатган. “Адабий гўзаллик” ила йўғрилган асарларини ҳали кўп ўқиймиз.

Абдулла Қаҳҳор — таржимон

Абдулла Қаҳҳор адабиёт тарихида ўз саҳифасини очган, ўз овози ва услубига эга бўлган ёзувчи сифатида, санъаткор сифатида қимматлидир. Унинг бир қанча асарлари миллионлаб китобхонларнинг эътиборини қозонди. Ёзувчи асарлари бутун дунёга меҳнатсевар, донишманд ўзбек халқи ҳақида, унинг маънавий камолоти ҳақида ҳикоя қилади.
Абдулла Қаҳҳор ижодининг ғоявийлиги ва замонавийлиги унинг ҳаққонийлигидадир.
Абдулла Қаҳҳор фақат новеллачи, йирик жанрларда асарлар яратган ёзувчи сифатидагина эмас, балки яхши таржимон сифатида ҳам машҳурдир. У аввало рус адабиёти, кейин чет эл адабиётидан қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этган. Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор орқали ушбу таржималарни ўқишга муяссар бўлганлар.
Маълумотларга кўра, Абдулла Қаҳҳор дастлаб, рус адабиётидан 1931 йилда Ф.Гладковнинг “Оловли от” романини, кейинчалик А.Серафимовичнинг “Темир оқим” романини (1933), А.П.Чеховнинг “Каштанка” ҳикоясини (1936), А.С. Пушкиннинг “Капитан қизи” қиссасини (1939, 1949, 1972), Н.В.Гоголнинг “Уйланиш” пьесасини (1940), Н.Виртанинг “Шимолий фронт: Ҳикоялар, очерклар, портретлар”ини (1942), Б.Горбатовнинг “Алексей Куликов-жангчи” асарини (1943), А.Ильиченконинг “Қалб хотираси” асарини (1943), Л.Шапиронинг “Учинчи ўғил: Разведкачи Сирожиддин Валиев ҳақида кинематограф учун эпизоддан иборат повесть”ини (1943), Н.В.Гоголнинг “Ревизор”: 5 пардали комедиясини (1952, 1974, 1980), Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини (1954), А.Гайдарнинг “Тимур ва унинг командаси” асарини (1974) ўзбек тилига таржима қилган.
Шунингдек, у Ю.Арбатнинг “Разведкачи”, М. Зощенконинг “Графин”, “Кулранг эски”, “Ов”, “Сартарошхонада” каби ҳикояларини, А.Кононовнинг “Кутиб олиш” ҳикоясини,
В.Ставскийнинг “Зирҳтешар Раҳмонов”, А.П. Чеховнинг “Гриша”, “Ёвуз ниятли киши”, “Лозим чоралар”, “Ниқоб”, “Ой тутилиши”, “Сарлавҳасиз”, “Семиз ва ориқ”, “Унтер Пришибеев”, “Хамелеон”, “Чиновникнинг ўлими”, “Чиқди” каби ҳикояларини моҳироналик билан ўзбек тилига таржима қилган.
Адабий жамоатчилик Абдулла Қаҳҳорни «ўзбек Чехови» деб аташади. Чунки у А. П. Чеховга шогирд тушган. Айниқса, А. Чехов таъсирига қаттиқ берилган.
Таржимон Абдулла Қаҳҳор арман адабиётидан М.Шагиняннинг “Гидроцентраль” романини (1933), украин адабиётидан В.Василевскаянинг “Камалак” повестини (1944), Иван Ленинг “Тоғ оралиқлари” романини (1932), француз адабиётидан Э.Золянинг “Тегирмон қамали” асарини, қорақалпоқ адабиётидан Т.Қайипбергеновнинг “Совуқ бир томчи” қиссасини (1965), А.Клосснинг “Бизнинг паровоз илгари бос” ҳикоялари (1933), тожик адабиётидан Р.Жамилнинг “Менинг докторим” ҳикоясини (1949), араб адабиётидан “Бир соатлик халифа”, “Минг бир кеча” китобидан янги ҳикоя ва афсоналар (2- нашрини) (1974) кабиларни ўзбек тилига таржима қилган.
Абдулла Қаҳҳорнинг таржимонлик маҳорати шундаки, у ўта аниқликдан қочиб, масалага ижодий ёндошади, унинг учун оригиналнинг таржимасига расмий мувофиқлиги эмас, балки оригиналга тенг қимматлилик, ёзувчининг бадиий услубини қайта яратиш муҳимдир. У таржимада фақат расмий талабларга риоя қилиш нуқтаи назаридан қаровчилар билан келиша олмайди.
Ўзбек китобхони Гоголнинг Абдулла Қаҳҳор таржима қилган “Ревизор” комедиясини ўқиркан, ундаги комик образларни жонли тасаввур қилади ва деярли таржима асар эканлигини сезмайди. Комедиянинг таржимаси аниқ, таъсирчан бўлиб, таржимон баъзи жойларда оригиналдан оқилона чекинади.
Абдулла Қаҳҳор бошқа халқлар намояндаларининг асарларини таржима қилиб, уларни ўзбек китобхонларига танитган таржимонлардан биридир.

Абдулла Қаҳҳор ҳикматларидан намуналар

Одам боласи циркнинг оти эмаски, қамчи қарсиллаганда чўккаласа.
* * *
Катакда семириб ётган товуқ учишнинг фойда-зиёнини қаёқдан билсин.
* * *
Душманинг отган тошдан, жигаринг отган увада қаттиқ тегади.
* * *
Умрдан бошқа ҳамма нарсанинг қисқа бўлгани яхши. Умр сал узун бўлса, зарари йўқ.
* * *
Одамзод ҳасад қилмаслиги керак. Ҳавас қилиши керак. Ҳавас қилган одам муродига етади.
* * *
Дўланани кўриб, тоғни эсдан чиқармаслик керак.
* * *
Тўкилгандан томчилаган ёмон, тўкилганни киши даров пайқайди. Томчилаганни узоқ пайқамаслик мумкин.
* * *
Юртни обод қиламан деган киши ўзи обод бўлади.
* * *
Юртдан чиқиш тириклай гўрга кириш деган сўз.
* * *
Инсон ҳамма ерда улуғ… Унинг улуғлиги қўлидан келган ишларда яратувчилигида кўриниб туради.

Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам, ўлганда бутун юрт аза тутади.
* * *
Яхши тарбия кўрган одамнинг хислатларидан бири шуки, бундай одам ўз фаолиятида бошқалардан бир қадам олдинга ўтса дарров орқага қарайди, шерикларга ёрдам қўлини узатади, сафини кенгайтириб, янги ғалабани кўзлайди.
* * *
Бақиргандан кўра мароми билан секинроқ қилинган таъна қулоққа яхшироқ киради, зеҳнга яхшироқ ўрнашади.
* * *
Муҳаббат чақмоқдай кўнгилдаги ҳар қандай қора булутни ҳам тилка-пора қилади.
* * *
Муҳаббат чақмоққина эмас, одамга ўхшайди: туғилганда бир парча гўшт бўлади, кейин кўзини очади, кейин кулдиргич пайдо қилиб илжаяди, кейин тил чиқариб ҳар куни янги бир гап айтади.
* * *
Адабиёт атомдан кучли, лекин кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас.
* * *
Адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшайди – мева тугмайди. Кўнгил рози бўлган асаргина китобхоннинг кўнглига йўл топади, китобхоннинг кўнглида мева тугади.
* * *
Аёл бари бир аёл-да. Буларсиз бизнинг аҳволимизга маймунлар йиғлаши аниқ.
* * *
Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак.
* * *
Адабиётимизнинг софлиги учун кураш, асарларимизнинг таъсир кучини ошириш, миллион-миллион китобхонларимизнинг қалбидан чуқурроқ ўрин олиш учун кураш демакдир.

qahhor

Иброҳим Ҳаққул

АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ЖАСОРАТИ
Эссе

I

Гапнинг индаллосини айтсак, адабиётимизнинг мустақилликдан кейинги қиёфасини мен бошқача тасаввур қилганман. Истиқлол адабиёти — ҳақиқат адабиёти, шижоат адабиёти, ҳавасга арзигулик ҳуррият ва маърифат адабиёти ўлароқ шаклланади деб ўйлаганман. Юрти озод, тили, дили эркин ижодкор нега мутелик ва ожизликка кўнсин? Ёлғон ва тилёғламаликка не ҳожат? Саёзлик, маддоҳлик, офаринбозликдан ижод аҳли ҳар қалай халос бўлар деб умид қилганман. Истеъдодсиз ижодкорлар, яроқсиз асарларнинг йўли тўсилишига ишонч бўлган менда. Қарангки, хаёл бошқа — ҳаёт бошқа экан…
Адабиёт тақдири юрт ва миллат тақдири билан узвий боғлиқ. Миллат руҳи бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан аввало адабиётда акс этмоғи лозим. Миллатнинг қалб дардларига ҳам дастлаб адабиёт малҳам топади. Чунки халқнинг яшаш завқи сусайса — ғайрати сусаяди. Маънавий-руҳий ғайрат пасайса — фикр ва ташаббус тўхтайди. Бунга биринчи навбатда адабиёт масъул. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, «Адабиёт атомдан кучли…» Агар унинг кучи «ўтин ёриш»га сарф қилинмаса, адабиёт покиза ва муқаддас иш бўлиб қолса, ҳеч шак-шубҳа йўқки, бадиий сўзнинг куч-қуввати ортиб боради.(Давомини ўқиш)

qahhor

Носир Фозилов
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ҲАЁТИДАГИ МИТТИ ҲАНГОМАЛАР

Бир рубоий «тарихи»

Ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғи ташкил қилиниб, энди гуллай бошлаган пайт. Ижод уйининг пештоқида бир рубоий пайдо бўлибди. Бу рубоийнинг ҳар бир сатри битта тарихни билдираркан. Дастлабки уч сатрини кимлар ёзганини билмадим-у, тўртинчисининг муаллифи ким эканини аниқ биламан.
Ёзувчилар боғи бўлганидан кейин бу ерга кўп меҳмонлар келиб туришади. Исмини айтмайман, ўша пайтдаги «литфонд»имиз бошлиғи яхшилаб дастурхон тузаб, меҳмонларни кутибди. Улар ҳадеганда келишавермагач, чидаёлмай ўзи бошлаб қўяқолибди. Ана ўшандан кейин рубоийнинг биринчи сатри пайдо бўлибди: (Давомини ўқиш)

линия

ОКТЯБР

линия

11 октябр — Ўзбек режиссёри, актёр Маннон Уйғур (асли исми Абдуманнон Мажидов) (1897-1955) таваллудининг 115 йиллиги

линия

mannon-uygur

УЙҒУР, Маннон Уйғур (тахаллуси; асл исм-шарифи Мажидов Аб-думаннон) (1897.11.10 — Тошкент — 1955.15.10) — реж., актёр, драматург. Узбекистан халқ артисти (1932). Европа шаклидаги ўзбек театр санъати ва ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри (собиқ Ҳамза номидаги театр) асосчиларидан. 1916 й. «Турон» труппасида актёр сифатида иш бошлаган. Сафарбек (Н.Везиров, «Уй тарбиясининг бир шакли»), Маркиз Робль («Қотили Карима»), Ҳожи Бахшали (Ж. Қулизода, «Ўликлар»), Хизматкор (А. Авлоний, «Адвокатлик осонми?»), Заҳҳок (А. Фитрат, «Абу Муслим»), Эшимқул (Уйғур, «Туркистон табиби»), Маҳмудхон (Ҳамза, «Заҳарли ҳаёт»), Раҳим ака (Ғ.Зафарий, «Халима»), Нуриддин (А.Фитрат, «Чин севиш»), Миллер (Ф. Шиллер, «Макр ва муҳаббат»), Карл Моор («Қароқчи-лар») каби кулгили, драматик, фожиавий романтик образлар яратган. Театрни жадидлар сингари маърифат ўчоғи, ибратхона деб билган. 1919 й.да «Турон» труппсини қайта тиклаб, унга истеъдодли ёшларни жалб этиш, драматурглар б-н янги асарлар устида иш олиб бо-риш, таржима қилиш, саҳналаштириш, саҳна ижодкорларини малакаси-ни ошириш масалалари б-н муттасил шуғулланган. 1918—20 й.лар Абдулла Авлонийнинг «Адвокатлик осонми?» комедиясини, Ҳамзанинг «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари», «Бой ила хизматчи», «Туҳматчилар жазоси» асарларини, Ғози Юнуснинг «Заҳҳоки морон» трагедиясини, Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Ғулом За-фарийнинг «Ҳалима», Фитратнинг «Абу Муслим», «Чин севиш» драмаларини саҳналаштириш б-н театр репертуарини миллий асарлар б-н мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Ўзи ёзган «Туркистон табиби», «Фанний уй», «Ўн икки соатлик ҳокимият» пьесаларини ҳам саҳналаштирди. Шунингдек, озарбайжон драматурглари асарлари («На қонур, на қондирур», «Хўр-хўр», «Дурсунали Баллибоди», «Иблис», «У ўлмаса, бу ўлсун» ва б.)ни ҳам таржима қилиб саҳналаштирди. У ўзининг кўпқиррали фаолияти б-н ҳаваскорлик труппасини Ўзбек давлат ўлка намуна театри даражасига олиб чиқди. Марка-зий Осиё бўйлаб томошалар кўрсатди. 1922 й. театр ишларини йўлга қўйиш учун Бухорога юборилган. «Абу Муслим», «Ҳалима», «Туркистон табиби» асарларини саҳналаштириб, бухоролик ҳаваскорларни сақна қонун қоидалари-га ўргатади. Карки ш.да биринчи театр труппаси ташкил қилади. 1923 й. Москва давлат марказий театр санъати техникумининг реж.лик бўлимига ўқишга киради. Шу йили унинг ташаббуси б-н Москвадаги Бухоро халқ маорифи уйи қошида ўзбек драма студиясини очишга қарор қилинар экан, У. Бухоро, Тошкент, Андижон, Қўқон ш.ларидаги театрга истеъдодли ёшларни тўплайди. 1924 й. Москвада Ўзбек драма студияси иш бошлайди. У. студиянинг ҳам талабаси, ҳам ташкилотчи раҳбари бўлиб, Чўлпон б-н бирга студия педагоглари Л. Свердлин, Р.Симонов,В. Канцель ва б.га таржимонлик қилиб, спектакллар қўйишда ёрдамлашади. «Хасис» (Мольер, У. Гарпагон ролида), «Терговчи» (Н. Гоголь), «Маликаи Турандот» (К. Гоции, У. Альтоум ролида) спек-таклларининг яратилиши ва мамлакатимизда намойиш этилишида У.нинг хизмати беқиёс. Ўзи мустақил «Шайх Санъон» (Ҳ. Жовид), «Ёрқиной» (Чўлпон) каби асарларни саҳналаштирди. 1927 й. У. бошлиқ 24 нафар ўзбек ёшлари Самарқандга қайтиб, Ўзбек давлат драма труппасининг ўзагини ташкил қилдилар. У. «Арслон» (Фитрат), «Ҳужум» (В. Ян, Чўлпон), «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид), «Муштумзўр» (Чўлпон), «Тарих тилга кирди» (3. Сайд, Н. Сафаров), «Ниқоб йиртилди» (3. Фатхуллин), «Лойқалар» (С. Ҳусайн) каби турли мавзу ва жанрда яратилган спектаклларида ўз истеъдоди ва студияда орттирган тажрибасини рўёбга чиқариш, студияни битирган ва ҳаваскорликдан кириб келган актёрларни тарбиялаш ҳаракатида бўлди. У.нинг реж.лик ва актёрлик ма-ҳорати юксалиб, Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедиясини саҳналаштириши ўзбек профессионал театрининг камолот палласига ўтганидан дарак берди. «Ҳамлет»дек мураккаб асарни саҳналаштиришда У. актёрларни қирол саройидаги киборларнинг кийиниши, ўзини тутиши, ўзаро мулозамат, таъзим, сўз ва нутқ устида қунт б-н ишлаш, образларнинг тарихий-фалсафий моҳиятини очиш сари йўналтирди. Томошабинларни эса бундай юксак трагедияни идрок этишга тайёрлаш мақсадида театрнинг ўзида, матбуот орқали тушунтириш ишлари олиб борил-ди, макет ва постановка тарихига оид кўргазма ташкил этди; спектаклнинг махсус дастури ва Чўлпон таржимаси эълон қилинди. Бош ролни Аброр Ҳидоятов ижро этди. Спектакль қаторасига 22 кун ўйналиб, катта муваффақият қозонди. «Ҳамлет» спектакли туфайли У. 30-й.лардаги қатағондан омон қолган бўлса-да, таҳқирланган бир шароитда ижод қилди. Қачонки у бир асарни саҳналаштирмоқчи бўлса, унинг ёнига албатта бир рус реж.ини тайинлашарди. «Отелло» (Н. Ладигин б-н), «Муқанна» (Э. Михоэлс б-н). «Бир севги афсонаси» (А. Гинзбург б-н) каби спектаклларни шу таҳқир остида саҳналаштирди. «Жалолиддин Мангу-берди», «Ҳаёт қўшиғи», «Алишер Навоий» спектаклларини мустақил саҳналаштиргани учун турли тафтишларга учради. Айниқса, «Алишер Навоий» драмасининг саҳнавий талқини Навоийни идеаллаштиришда айбланди. Тан-қидий мулоҳазалар остида Навоийни Маждиддин б-н зиддиятларини кучайтиришга, Ҳусайн Бойқаро-ни иродасизроқ, субутсизроқ қилиб гавдалантиришга мажбур бўлди. Навоийнинг оддий халқ б-н алоқасини янада кучайтирди. Саҳна нутқи, талаффуз устидаги ишини давом эттириб, гўзал бир саҳна тилининг яратилишига эришди. Спектаклда У.нинг адолат, тенглик, инсонпарварлик, меҳр-мурувват, соф муҳаббат ва нафосатни тараннум этишга қаратилган реж.лик ғоялари актёрлар яратган образларда ўз аксини топди. 1948 й. «Алишер Навоий» драмасининг янги таҳрири намойиш қилинди ва катта муваффақият қозонди ҳамда У., асосий ижрочилар Давлат мукофотига сазовор бўлдилар (1949). Асар 42 й. мобайнида 760 марта ўйна-либ, 350 минг томошабинга хизмат қилди. 1955 й. Р. Ҳамроев б-н биргалик-да Муқимий театрида «Муқимий» (С. Аб-дулла) спектаклини саҳналаштирди. Бу унинг сўнгги спектакли бўлди. Миллий театрда, Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида актёр ва реж.ларнинг уч авлодини тарбиялаб етиштиришда У.нинг хизмати катта. Тошкент санъат ин-тига (1991), Сурхондарё театрига (1978) Маннон Уйғур номи берилган. Тошкент ш.даги кўчалардан бири У. номи б-н аталади. Ва-фотидан сўнг «Буюк хиз-матлари учун» ордени б-н мукофотланган (2001).

линия

21 октябр — Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили хақида”ги Қонуни қабул қилинган кун

линия

алла

Хуршид Даврон
ОНА ТИЛИМ

Келиб кетди неча дунёлар,
Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.
Сен деб қурбон бўлди боболар,
Улар кетди, сен қолдинг, тилим.

Беланчагинг узра Кошғарий
Куйлаб ўтди қадим навони
Ва навқирон япроқларингга
Дил қонини берди Навоий.

Самарқанддан  Бобур кетаркан
Дилда бўғиб ҳасрат сасини,
Олиб кетди она юртидан,
Она тилим, биргина сени.

Машрабмас, сен осилдинг дорга,
Нодирамас, сенсан сўйилган
Ҳозиқнингмас, сенинг, эй тилим,
Бошинг айру, кўзинг ўйилган.

Аммо душман ўлдирган ботир
Тирилгандек яна қасосга,
Мангу борсан ва мангу қодир
Тўлдирмоққа ерни овозга.

Ватан учун бахш этиб жонни,
Кечиб олов, кириб дарёга,
Сени дея тўкилган қонни
Шимирдинг сен ўхшаб гиёҳга.

Она тилим, омон бўл мангу,
Сен борсан-ки мен ҳам ўлмайман,
Тилдан қолсам, сени Ойбекдай
Мен кўзларим билан сўйлайман.

1982

линия

25 октябр — Ўзбек болалар ёзувчиси Қуддус Муҳаммадий (1907-1997) таваллудининг 105 йиллиги

линия

muhammadiy

Қуддус Муҳаммадий

XX аср ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаларидан бири Қуддус Муҳаммадийдир. Унинг ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, илк асарлари «Шарқ ҳақиқати» газетаси ва «Ер юзи» журналида чоп этилган. Унинг «Қанотли дўстлар» номли шеърий китоби 1970 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Шоир 1977 йили «Ўзбекистон халқ шоири» унвони билан тақдирланди.

Биография

Бу асарларда эскилик билан янгилик, эски урф-одатлар билан янгича урф-одатлар қиёсий тарзда ўзининг поэтик ифодасини топган. Ҳаётдаги кишилар, хусусан, болалар характеридаги айрим нуқсонлар беғараз ҳажв қилинган.
Қуддус Муҳаммадий фақат болалар шоиригина эмас, моҳир таржимон сифатида ҳам машҳурдир. Унинг С.Маршак, С.Михалков, А.Барто, К.Чуковскийдан қилган таржималари ўзбек болалар адабиётининг равнақида муҳим роль ўйнади. Қ.Муҳаммадий ҳамиша болалар келажаги, уларнинг маънавий камолоти ҳақида қайғурди. Уларнинг ўқимишли, ишбилармон ва етук мутахассислар бўлишини орзу қилди ва бундай деб ёзди:

Бўлай десанг боғбон,
Ё Ватанга посбон,
Ё осмонда учувчи,
Ё денгизда сузувчи,
Нимаики қилсанг тилак,
Барига ўқиш керак.

Бу сатрлар унинг ёш авлодга насиҳатидир. Болаларнинг буюк ва камтарин шоири Қуддус Муҳаммадий 1997 йили 90 ёшида вафот этди.
XX аср ўзбек болалар адабиётининг йирик намояндаларидан бири Қуддус Муҳаммадий 1907 йили Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келди. Тўлиқсиз ўрта мактабни тугатгач, аввал қишлоқ хўжалиги билим юртида, сўнг Ўрта Осиё Давлат университетининг биология факультетида таҳсил олди. Қуддус Муҳаммадий ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, илк асарлари «Шарқ ҳақиқати» газетаси ва «Ер юзи» журналида чоп этилган. Унинг машҳур «Сандал ва печка», «Ўз-ўзини танқид» каби достонлари 1936-1937 йилларда яратилган.
Фаолияти
Қуддус Муҳаммадий 1941-1944 йилларда машҳур бахши — Ислом шоирга котиблик қилиб, унинг терма ва достонларини ёзиб олиш билан машғул бўлди. Урушдан кейинги йилларда эса унинг биринчи шеърий тўплами «Синов» (1947) номи билан нашр этилди. Шундан сўнг «Ўқувчига эсдалик» (1947), «Шеър ва эртаклар» (1947), «Орзу» (1948), «Баҳор келди» (1950), «Дунёда энг қучли нима?» (1951), «Қирқ ўғил ва қиз» (1951), «Бизнинг дўстларимиз» (1952), «Сен туғилган кун» (1952), «Янги уй» (1953), «Меҳрибон дўстлар» (1953), «Қўнғизбой билан Сичқонбой» (1955), «Тугмача» (1956), «Танланган асарлар» (1957) каби ўттиздан ортиқ китоблари босилиб чиқди. Унинг тўрт китобдан иборат «Табиат алифбоси» китоби, айниқса, «Очил дастурхон» (1970) каби халқ оғзаки ижоди анъаналари руҳидаги асарлари адибга катта шуҳрат келтирди. Унинг «Қанотли дўстлар» номли шеърий китоби 1970 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Шоир 1977 йили «Ўзбекистон халқ шоири» унвони билан тақдирланди.

Дилором ТЎРАЕВА
“ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР”

“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, дейди доно халқимиз. Инсон зоти борки, оддий устадан тортиб, таниқли олимгача, кимнидир ўзига устоз деб билади. Унинг этагидан маҳкам тутиб, панду-насиҳатларига қулоқ солиб, сўнгра, ўзи ҳам мустақил қадам қўя бошлайди. Инсоннинг дунёга келишига ота-она сабабчи бўлса, унинг “ҳаёт” аталмиш умр сўқмоқларида ўзининг тўғри йўлини топиб боришида устозларнинг ўрни беқиёсдир.
Қисқа умри давомида ўзбек болалар шеъриятининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган Қудрат Ҳикмат қалбида шеъриятга муҳаббат мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ пайдо бўлган. У ёш шоир сифатида, дастлаб, мактаб деворий газеталарида кўрина бошлайди. Қалбидаги шеъриятга бўлган ошнолик, уни адабиёт тўгараги томон етаклайди. Бўлажак шоирнинг истеъдоди ушбу тўгаракда шаклланади.
Қудрат Ҳикмат дастлабки шеърларини катталар учун ёзган эди. Устози Қуддус Муҳаммадий раҳбарлик қилган тўгаракда қатнашгандан сўнг, унинг шеърларидан илҳомланибми ёки болалар ҳаётига нисбатан бўлган қизиқиши боисми, у ижодини буткул болаларга бағишлади.
Адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов устоз-шогирд ижодларига назар ташлар экан: “Қуддус Муҳаммадий ўзбек болалар адабиётининг катта авлодига мансуб шоир.(Давомини ўқинг)

Салим АЗИМОВ
БОЛАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ ШОИРИ

Ўзбекистон халқ шоири Қуддус Муҳаммадий (1907-1997) ўзбек болалар адабиётининг мумтоз намояндаси даражасига кўтарилган таниқли адибдир. Қуддус Муҳаммадий фақат шоиргина эмас, таржимон сифатида ҳам танилди.
Рус болалар адабиётининг таниқли намояндаларидан бири Сергей Михалков Қуддус Муҳаммадийнинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан бундай деб ёзади: “Қуддус Муҳаммадий улкан шоир албатта. У фақат болаларнинггина эмас, ёзувчиларнинг ҳам муҳаббат ва ҳурматини қозонди. Бунга осонликча эришиб бўлмайди. У жуда образли, ширали, эсда қоладиган қилиб ёзади. Шунинг учун ҳам Қуддус Муҳаммадий шеърларининг ёш китобхонларга ҳам, катта китобхонга ҳам манзур бўлиши бутунлай табийдир!”.(Давомини ўқинг)

линия

НОЯБР

линия

6 ноябр — Йирик давлат арбоби, адиб Шароф Рашидов (1917-1983) таваллудининг 95 йиллиги

линия

Rashidov

Шароф Рашидов

Адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 5 ноябрида Жиззахда деҳқон оиласида таваллуд топган, Наримонов мактабида таҳсил кўрди. 1934 йилда Жиззахдаги педагогика техникумини, 1941 йилда Самарқанд дорилфунунини тугатади. Шундан сўнг муаллим ва мухбир сифатида ўз фаолиятини бошлайди.
1938-1941 йилларда Самарқанд вилоятининг «Ленин йўли» рўзномасида ишлайди. 1941-1942 йилларда Улуғ Ватан урушида қатнашади. Фронтдан қайтгач, 1944-1947 йилларда раҳбарлик ишига ўтади. Самарқанд вилоят партия котиби бўлиб фаоллик кўрсатади,
1947—1949 йилларда «Қизил Ўзбекистон» рўзномасига муҳаррирлик қилади. 1940-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг Биринчи котиби бўлиб ишлади. Токи умрининг охиригача Республика партия ташкилотига раҳбарлик қилди. Шунингдек, Иттифоқ Партия Марказий қўмитаси Сиёсий Бюроси аъзолигига номзод ҳам эди. У ўн бир марта «Ленин ордени», икки марта (1974, 1977) «Меҳнат қаҳрамони Олтин юлдузи» ва Ленин мукофоти совриндори ҳам бўлган.
Унинг ижоди асосан 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган бўлиб, дастлаб шеъриятда қалам тебратган. Унинг биринчи шеърий тўплами «Самарқанд куйлари” номи билан босилган. Сўнг эса «Ўлкам», «Орзуимиз» (1939) каби шеърлари чоп этилган. Улуғ Ватан уруши даврида фашизмга қарши ғалабага етакловчи шеърлар ёзиб, 1945 йилда «Қаҳрим» номи билан тўплам сифатида чоп эттиради. У айни чоғда адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган эди. У жанг майдонларида:

Агар жангдан қайтсам орқамга,
Лаънат ўқинг, яшашим бекор,

деган аҳд билан она-Ватан душманларига, фашизмга қарши қаҳр-ғазаб туйғуларини тўкиб сочади.
Шароф Рашидов мақоланавис — публисистликдан камолга етган адиб даражасига кўтарилди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчи ўринни эгаллайди. Адибнинг катта наср намуналари бўлган «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин” романларида урушдан кейинги Ўзбекистон халқини, тикланиш йилларидаги меҳнат жасоратлари бадиий ифодасини топган.
Ижодкорнинг «Кашмир қўшиги», «Комде ва Мудан” каби лирик қиссалари анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзал ҳаёт нашидаси мадҳига бағишлангандир. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган «Дил амри» қиссаси Ватан уруши йилларида Белорус заминида кечган жанг манзаралари, турли миллат жангчиларининг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирига багишланган.
Шароф Рашидов Шўро ҳокимияти даврининг барча давлат арбоблари сингари вафотидан кейин қораланди. Ҳаёти ва ижодини ўрганиш таъқиқланди. Мустақиллик шарофати билан камтарин адиб ва давлат арбобининг номи қайта тикланди. У 1983 йилнинг кузида тўсатдан вафот этди.

Мультфильм поставлен по мотивам повести Шарафа Рашидова “Кашмирская песня”. Весна. Повелителя пчёл Бамбура никогда никто не видел и цветок Наргис в ожидании его. При помощи ведьмы, повелитель бурь Хоруд превращается в юношу и выдаёт себя за Бамбура, однако его скоро разоблачают. Хоруд губит Наргис, но приходит Бамбур и воскрешает её…

линия

13 ноябр —  Ўзбек шоири Усмон Носир (1912-1944) таваллудининг 100 йиллиги

линия

usmon-nosir

Усмон Носир

Жўшқин истеъдод эгаси Усмон Носирнинг асарлари ҳамиша кишини ҳаяжонга солади. Усмон Носир шеърияти, аввало, ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, айни чоғда, содда ва равонлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олган. Унинг номидаги маҳалла, кўча, мактаб, маданий-маърифий ўчоқлар шундан далолатдир.

Таржимаи ҳол

30-йилларда кўзга кўринган ва эл оғзига тушган истеъдодли шоир Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрида дунёга келди.
Ёшлиги Қўқондаги болалар уйида ўтган Усмон ўрта мактабни битиргач, 1931 йилдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Самарқанд Педагогика академиясининг тил ва адабиёт факультетида Амин Умарий, Адҳам Ҳамдамлар билан биргаликда таҳсил олди.
Жўшқин истеъдод эгаси Усмон Носирнинг асарлари ҳамиша кишини ҳаяжонга солади. Усмон Носир қатағон даврининг қурбонларидан бири сифатида ёш умрини шўро лагерларида азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йили вафот этган.
Чиндан ҳам, унинг номи ўлмас ва ўчмасдир. Унинг номидаги маҳалла, кўча, мактаб, маданий-маърифий ўчоқлар шундан далолатдир.
Усмон Носирнинг таржима соҳасидаги хизмати ҳам бебаҳодир. Унинг таржимасида А.С.Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», М.Ю.Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонлари ўзбек китобхонларининг қалбига етиб борган.
Фаолияти
Усмон Носирнинг илк шеърлари мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ матбуотда кўрина бошлаган эди. Шоирнинг «Қуёш билан суҳбат» (1932), «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» достонлари бирин-кетин нашр қилинди. Унинг «Норбўта» (1932) асарида Ўзбекистондаги фуқаролар уруши мавзуи, «Нахшон»да қардош арман халқи фарзандларининг озодлик учун интилишлари куйланган бўлса, антик дунёдаги қуллар кураши «Нил ва Рим» каби поэтик асарларида ўз аксини топди.
Усмон Носир шеърияти, аввало, ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, айни чоғда, содда ва равонлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олган. Шундан бўлса керак, шоир шеърлари ҳамон давраларда тез-тез ёд айтилади:

Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг,
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.

Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчим тошди қирғоқдан,
Тилим чарчар, ажаб гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.

Усмон Носир 1937 йилнинг 18 июлида ҳибсга олинганда ҳали 25 ёшга тўлмаган эди. Худди шу дамларда у А.С.Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани» достонини таржима қилиш баҳонасида Москвада улуғ шоир таваллудининг 100 йиллигида иштирок этишга муяссар бўлган. Хусусан, у таржима қилган «Улуғ кун» Ҳамза театрида муваффақият билан намойиш этилган. «Ватан ҳақида қўшиқ» (Мутал Бурҳонов мусиқаси) Москвада илк бор ўтказилган Ўзбекистон санъати ўн кунлигида ижро этилганда гулдурос қарсаклар билан қарши олинган. Фожиани қарангки, буюк истеъдоднинг ана шундай камолотга кўтарилган бир даврида уни совет давлатининг қатағон сиёсати аямади.

Шоир бир шеърида:
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим.
Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман, —

деган эди.

usmon-nosir
ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси.
Усмон Носир шеърларидан намуналар (Давомини ўқинг)

усман носир

Мукаррама Муродова
«МЕН —ДАВРНИНГ КИЧИК ПАРЧАСИ…»

Ўзбек шеъриятининг баҳор фаслида чақмоқдек ярқираб, «Ҳаёт учун биз гўё кўкдан отилган юлдуз», деб эркаланган шоир Усмон Носирнинг ижодий парвози тарихимизнинг «қаноти куйган», «умр тепасида мушт туйган» даврига тўғри келди.
Шоир «Сўзла, тарих — чол» шеърида бор ҳақиқатни «сочлари оқарган… тарих сўзласин», деган эди. Бинобарин, ушбу мақоламизда асосан тарихнинг ўзини сўзлатиш ва тарихий далиллар тили билан сўзлашни маъқул кўрдик.(Давомини ўқинг)

линия

ДЕКАБР

линия

12 декабр — Ўзбек адабиётшуноси Наим Каримов (1932) 80 ёшда

линия

Наим каримов

Наим Каримов

Таниқли ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор, илмий ва оммабоп асарлар муаллифи, Беруний мукофоти лауреати, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Наим Каримов бутун умрини адабиёт соҳасига бағишлаб эл-юртга хизмат қилди. Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлидаги беминнат хизмати учун «Эл-юрт ҳурмати» ордени юксак унвонига сазовор бўлган.

Таржимаи ҳол

Ўзбек адабиётшуноси Наим Фатиҳович Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкентда зиёли оиласида туғулган. У 1955 йилда САГУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факултетини тамомлаган.
Наим Каримов дорилфунунда ўқиб юрган кезларидаёқ жуда синчков, илмга ташна, қизиққан нарсасининг тагига етмагунча қўймайдиган бир талаба сифатида танилди. Талаба бўш вақтининг ҳаммасини кутубхоналарда эски журналлар ва газеталарни титкилаб ўтказар, бирор тузукроқ материални нон ушоғини тергандай йиғиб олишга интилар эди.. Эҳтимол, шунинг учун ҳам у адабиётимиз тарихини жуда яхши биладиган, унинг кўпгина тафсилотларидан хабардор мутахассис бўлиб етишишига сабаб бўлган.
Наим Каримов 1955 йилда дорилфунунни битиргандан бери Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида хизмат қилиб келмоқда. У ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар яратди, турли конференциялар ва симпозиумларда маърузалар қилди, ёрқин илмий фаолияти учун Беруний номидаги республика давлат мукофоти билан такдирланди, филология фанлари доктори, профессор илмий унвонига сазовор бўлди. Хуллас, салкам ярим асрлик ижодий фаолияти натижасида Наим Каримов ўзбек адабиётшунослиганинг ўзига хос, бетакрор намояндаларидан бирига айланди. Ҳар ҳолда, XX асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбек адабиётидаги ривожланшини Наим Каримовсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
«Наим Каримовнинг адабиётшунослик илмига қўшган ҳиссаси нималарда кўринади», деб сўралса, нима деб жавоб бериш мумкин? Биринчи навбатда, унинг матншунослик соҳасига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаш керак. XX асрдаги ўзбек ёзувчиларнинг асарларини тайёрлаш ва нашр қилиш ишини назарда тутмоқ керак. Маълумки, кейинги йилларда Ойбекнинг 20 жилдлик, Ҳамид Олимжоннинг 10 жилдлик, Ғафур Ғуломнинг 12 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламлари нашр этилди. Уларнинг ёнига Ҳамза Ҳакимзоданинг ҳам 5 жилдлик асарлар тўпламини қўшиб қўймоқ керак. Бу ишларнинг ҳаммасида Наим Каримов ё илмий раҳбар сифатида, ёхуд фаол иштирокчи сифатида қатнашди.
Тўғри, бу асарларни нашр этиш принциплари, уларнинг таркиби масалаларида мунозара қилиш мумкиндир, масалан, Ҳамид Олимжон «Пўлат қандай тобланди» романини таржима қилган бўлса, уни шоир асарларининг мустақил жилди сифатида нашр қилиш шарт эмас эди. Лекин нима бўлганда ҳам, бу муаллифларнинг Мукаммал асарлар тўпламини нашр этиш адабиётшуносликда янги бир саҳифа очди. Чунки улар биринчи марта ёзувчиларнинг архивларини, кўлёзма меросларини чуқур ўрганиш асосида қилинган эди. Бу китоблар XX аср классикларининг ижодини ўрганиш ишларини олдинга силжитади.
Ёки бўлмаса, Наим Каримовнинг ёзувчилар ҳақидаги монографияларига назар ташлайлик. Маълумки, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом каби ёзувчилар ҳақида Наим Каримовдан аввал ҳам монографиялар ёзилган эди. Бу ўринда, масалан, раҳматли домламиз Ҳомил Ёқубовнинг Ойбек, Ғафур Ғулом ҳақидаги китобларини эслаш мумкин. Шунга қарамай, Наим Каримов бу ижодкорлар тўғрисида яна ёзишга журъат этди ва ўз сўзини айтишга муваффақ бўлди. Масалан, у Ҳамид Олимжон маҳоратини зукколик билан тадқиқ қилади ва унинг шеърий соҳаси тўғрисида жуда кўп ўринли кузатишлар ҳамда мулоҳазаларни ўртага ташлайди. Олимнинг Ойбек ҳақидаги китоби ҳам илмий кузатишларга бойлигидан ташқари, жуда бой эмоционал кўтаринкиликка эга.
Наим Каримов ким тўғрисида ёзмасин, китобида, рисоласида ва ҳатто мақолаларида, албатта, бирон янги гап айтишга, ёзувчининг ижоди билан боғлиқ биронта муҳим тафсилотни баён этишга уринади. Масалан, унинг Ҳамза Ҳакимзода вафотига бағишланган кичкина мақоласида илмий жиҳатдан анча кенг ёритилган бу ҳодисага бутунлай янгича ёндошади ва унинг ўлими тасодифий бўлмагани тўғрисидаги тахминни олдинга суради. Ёки олимнинг Усмон Носир ҳақидаги иккита рисоласи ҳам бошдан-оёқ янги материаллар асосида ёзилган.
Наим Каримов Чўлпон тўғрисида ҳам анча юксак савияда рисола яратди. Бу илк рисоладан бири эди. Наим Каримов шоирнинг туғилган жойи Андижон эмас, Ёрқишлоқ экани тўғрисидаги таҳмин оддинга сурилади ёки унинг яқин қариндош-уруғларининг (жумладан, Фоиқа аянинг) хотираларидан кенг фойдаланади. Улариинг бари китобга ўзига хос ранг берган ва уни Чўлпон ижодини ўрганишдаги қимматли манбалардан бирига айлантирган.
Мустақиллик йилларида олим истедодининг янги қирралари намоён бўла бошлади. Ўзининг студентлик йилларида дарсликсиз қийналиб ўқиганлари туртки бўлдими ёки бошқа бирон сабаб биланми Наим Каримов мактаблар, олий ўқув юртлари учун дарсликлар яратиш ишига жиддий эътибор бера бошлади. Натижада унинг академик Б. Назаров, профессор У. Норматовлар билан бирга яратган 9-синф ўқувчилари учун «Адабиёт» китоби нашр қилинди. Айни чокда олий ўқув юртлари учун яратилган «XX аср ўзбек адабиёти тарихи» деган китоби ҳам (бошқа муалифлар билан бирга) бу соҳадага тадқиқотларни умумлаштирувчи асар бўлди.
Мустақиллик йилларида Наим Каримов ижодида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган янга бир мавзу пайдо бўлди. Бу шўро замонидаги оммавий қатағон мавзуси бўлиб, Наим Каримов унинг адабиёт билан боғлиқ жиҳатларини ёритишга ва шу билан яқин тарихимизнинг ўқилмай қолган ёхуд нотўғри ўқилган саҳифаларини қайта тиклашга ҳаракат қилди. Бу интилиш унинг ижодида, айниқса, 1991 йилдан бошлаб жуда кенг кўламда ишлана бошлади. Масалан, ўша кезларда оммавий бўлган «Фан ва турмуш» журналида «Наркомпрос иши», «Чўлпон учун кишан», «Ассалому алайкум, дорнинг оғочи», «Қодирийнинг боши — Янги йил совғаси», «Тош экан бу бошим» каби мақолалари босилдики, уларда анча ихчам шаклда бўлса ҳам, адабиётимизнинг шу пайтгача мутлақо тилга олинмай келинган жиҳатлари очилди.

Шунингдек, Наим Каримов сўнгга бир неча йиллар мобайнида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва бошқа газеталарда ҳам адабиёт, санъат ва маданиятимизнинг ёрқин намояндалари тўғрисида кўпгана жажжи портретлар эълон қилди ва уларда адабиётшуносликда ҳам миниатюра жанри яшашга ҳакли эканлигини, чинакам истеъдодли олим кичик ҳажмли асарда ҳам теран ва муҳим фикрлар айтиши мумкинлигинини исботлаб берди. Бу танқидий миниатюралар катта-катта тадқиқотларнинг ибтидоси бўлса ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам, улар ўзбек адабиёти ҳамиша ёрқин истеъдодларга бой бўлганини ва шўроларнинг қатлли ов машинаси бу истеьдодларга қирон келтирганини яхши очиб беради.
Наим Каримов бир неча йилдан бери мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссиясининг раиси сифатида ишлаб келмокда. У, айниқса, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуини бунёд этишда, шунингдек, «Қатағон курбонлари хотираси» музейини ташкил этишда катта жонбозлик кўрсатди. Бугунги кунда «Қатағон курбонлари хотираси» музейини ташкил қилиш бениҳоя қийин иш, чунки улардан қолган суратлар, қўлёз-малар, ҳужжатлар, кийим-кечак ва бошқа ашёларни топиш ғоятда мушкул иш. Шунга қарамай, зарур экспонатлар йиғилди ва музей белгиланган муддатда очилди. Музейни республикамиз Президенти келиб кўрди ва ўз фикр-мулоҳазаларини айтди. “Ҳеч шубҳамиз йўқки, бу музе鬬¬¬¬ –ватанимизнинг кечаги аламли ўтмишини, бугунги улуғворлигини ҳам ёш авлодга уқтиришда катта роль ўйнайди”.
Наим Каримов фаолияти, унинг бутун умри адабиёт воситасида эл-юртга хизмат қилиш билан ўтганидан далолат беради. Ҳукуматимиз унинг бу соҳани ривожланитиришидаги беминнат ҳиссаси учун «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Озод Шарафиддинов
ОЛИМ ҲАЁТИНИНГ САҲИФАЛАРИ

Наим Каримов нима учун бошқа бирон соҳани эмас, айнан адабиёт соҳасини танлаган, унинг қалбида бу соҳага меҳр қачон ва қандай пайдо бўлиб қолган — буни аниқ билмайман. Лекин ўйлайманки, унинг бу йўлни танлашида отасининг таъсири катта бўлиши керак.
Мен Наимжондан олдинроқ унинг отаси билан танишган эдим. Уруш йиллари, адашмасам, 6-синфда ўқиб юрган кезларим. Бирдан шеър ёзгим қистаб кетди, бир-икки кун ўтириб, уч-тўртта шеърни қоралаб ҳам ташладим, кейин уларни чиқариш ҳаракатига тушиб қолдим. (Давомини ўқинг)

линия

24 декабр — Ўзбек болалар шоири Пўлат Мўмин (1922-2004) таваллудининг 90 йиллиги

линия

пулат мумин

Пўлат Мўмин

Пўлат Мўмин шоир, драматург ва носир сифатида адабиёт ихлосмандларига, хусусан ёш авлодга таниш ва яқиндир. Ўзининг қувноқ шеърлари, завқли кўшшутари ва қизипқарли достонлари, эртак ва драматик асарлари билан болаларнинг севимли адибларидан бири бўлиб қолган.
У 1922 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Аввал педагогика билим юртида таҳсил олади. Сўнг Низомий номидаги пегагогика (1944) институтини тугатиб, ўқитувчилик қилади. “Ленин учқуни” рўзномасида адабий ходнм, 1951-1952 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида болалар адабиёти бўлиминжнг мудири бўлиб ишлайди. 1954—1960 йилларда Ёзувчилар уюшмасида, 1962—1964 йилларда Маданият Вазирлиги қошидаги Санъат бошқармасида нуҳаррирлик қилади.
1949 йилга келиб, унинг «Сайранг, қушлар» номли илк тўплами чоп этилади. Кетма-кет «Бўл, тайёр!», «Тиш чўткаси эртаги» (1955), «Ҳунардан унар» (1958), «Тўғри ўсган гул бўлар» (1960), «Ақл қаерда бўлар» (1962), «Олтин най» (1967), «Раҳматга раҳмат!» (1969), «Есон ва Омон» (1971), «Одоб ва офтоб» (1971) ҳамда «Яхшиларга ўхшасам», «Гул ва Пиёз», «Кулди хиёл», «Мен севаман, сен севасанми?», «Олтин бошоқлар», «66 олтин кўл» каби ўнлаб тўпламларп нашр этилди. Уларнинг кўпчилигида ёшларнинг беғубор руҳий дунёлари, қалб ҳарорати ва изтироблари ифодаланган.
Пўлат Мўмин драматург сифатида ҳам «Қовоқвой билан Чаноқвой» (1970), «Суқатой ва Конфетвой», «Баҳодирнинг жасорати» каби асарларини яратди. У моҳир қўшиқчи сифатида элга танилган. Шоирнинг «Индамади», «Онадур ул, онадур», «Ей, муҳаббат». «Сенга бир гап айтаман» каби ўнлаб қўшиқлари ўзининг содда ва равонлиги, мусиқий ва халқчиллиги билап эл оғзида куйланиб келинади.
У моҳир таржимон сифатида А. С. Пушкин, В. Маяковский, С. Маршак, С. Михалков, А. Барто, Н. Носов асарларини она тилига ағдарди. Кўпгина асарлари ўзга тилларга таржима қилинди.
Пўлат Мўминнинг адабиёт олдидаги хизматлари халқ ва ҳукумат томонидан юқори баҳоланди. 1992 йилда унга Ўзбекистон халқ ёзувчиси фахрий унвони берилди. 2004 йилда вафот этган.

ЎЗБЕКНИНГ МЎМИНИ
Умида Абдуазимова

Пўлат МЎМИН… Бу номни болалар эшитса, қувноқ қўшиқлари авжланади. Катталар қалби эса унинг шеърлари оҳангида мавжланади. Театрда ҳам, санъат саройларида ҳам бу ном такрор-такрор жаранглайди. Менинг оламимда ҳам куй ва оҳанглар аро — Пўлат ака!..
Катталарга ҳам, болаларга ҳам нимадир ёзар эканман, ҳар борада осон қалам тебратадиган устозимни эслайман…

Мен бу ижодкорга «ака» деб мурожаат қиларканман, отамдан уч ёш катта эканликларини ўйлаб, уялиб кетардим… Бу шоирни менга отам танитгандилар. Бутун умр оддий ҳайдовчи бўлиб ишлаган отажоним куй-қўшиқни жуда яхши кўрардилар. Ишдан чарчаб келганларида уйимиз бурчагидаги сандиқдек магнитофон қулоғини бураб, узун ленталари сочилиб кетгунча гоҳ Фахриддин, гоҳо Таваккалу Олмахонларнинг қўшиқларини тинглаб, дам олардилар. Бу қўшиқлар қайта-қайта қўйила берганидан бизга ҳам ёд бўлиб кетганди:

Юрагимдан юрагингга йўл топдим,
Тилагимдан тилагингни мўл топдим,
Сўзи асал, ўзи гўзал, шошмай тур…

— Умидани шу қўшиқни ёзган Пўлат акага шогирд қилиб бераман, — дегандилар отам. — Шеър ёзишни ўргатади…

«Адабиётга танишлар орқали кириб бормоқчимисан?..»

Пўлат Мўмин ҳар кундан шеър ахтариб, ҳар кимдан камтарлигу самимият тилаб яшаб ўтдилар. Бўлмасам, болалар газетасига, Сафар Барноев, Тоҳир Маликлар бошқарадиган адабиёт тўгарагига тез-тез келиб, биз болакайларнинг нималар ёзаётганимиз билан бунчалар қизиқиб ўтирармидилар? Ўшанда менинг машқларимга алоҳида эътибор билан қараб, бошқа газета ва журналларда ҳам мунтазам қатнашиб туриш кераклигини таъкидлагандилар. Мана бугун менинг болалар ижодиётига алоҳида диққат қилишим, уларга қўлдан келганча йўл-йўриқ кўрсатишга, қўллашга интилишим — Пўлат акадан мерос.
Биз-ку иш, турмуш икир-чикирлари деб ҳамиша ҳам устозларни йўқлай олмаймиз. Аммо ёшлари улуғлашиб қолса-да, иш жо¬йимизга келиб маслаҳатлар беришдан оғринмайдиган Пўлат ака бизга чин маънода одамийлик дарсларини бериб кетган эканлар. Ким ўйлабди ўшанда, «Болаларга эътиборли бўлинг», дея қайта-қайта уқтираётган Пўлат акани бир ҳафтадан кейин мангуга йўқотиб қўйишимизни…
Мактабни тугатиб, медицина олийгоҳига киришга тайёрланаётган кунларимда келажак ҳаётимни журналистика томон осонгина йўналтириб юборган инсон — шу Пўлат ака бўлганлар.
— «Умидага умидли оқ йўл», деб «Гулхан»¬да бекор ёзганманми? Ҳалиям кеч эмас, имтиҳонга икки кун бор, тезда ҳаракатингни қил, — дегандилар менга қатъий.
— У ерда инглиз тилидан ҳам имтиҳон бўларкан. Мактабимизда чет тили ўқитувчиси йўқ эди, шунга… чала ўқиганман, — дегандим ўшанда руҳим чўкиб.
— Чала ўқиган бўлсанг, ундан имтиҳон топширмайсан. Биринчисидан «беш» олсанг бўлди.
— «Беш» олармикинман… Ахир бирорта ҳам танишим йўқ-ку, — дебман қаранг.
— Ия, сен адабиётга танишлар орқали кириб бормоқчимисан? Битта имтиҳондан «беш» баҳо олишга кўзинг етмаса, қандай қилиб олтин медал олдинг?..
Пўлат аканинг ҳар бир сўзи менга қанот, келажагимга сабот эди. Энг аввало, инсон ўзига ёққан касбни танласин экан, акс ҳолда асаблари чарчаб, меҳнати машаққатга айланади. Кетма-кет туғилган фарзандларим ҳам мени газетачиликдек машаққатли касбимдан совута олмади.
— Турмуш ўртоғинг ҳалол, меҳнаткаш инсон экан, энг аввало у билан иноқ бўл! Қайнона-қайнотанг кўнглига меҳру оқибатинг орқали йўл топасан, қаламни эса асло қўйма, — тайинлардилар Пўлат ака. — Вақт ўтиб, ҳали кўрасан, сен билан адабиётга кириб келганларнинг қанчаси қолар экан…

«Устозим олмаган унвонни мен қандай оламан?!»

Мен кўп ҳолларда аёллигимга бориб, ўтган ижодкорларнинг ҳаёти ҳақида яқинроқ билгим келар, бу борада устозни кўп гапга солар эдим. Пўлат Мўмин эса айрим саёз ёзувчи-ю, сотқин шоирлар ҳақида ҳам «Унинг юраги тоза, аммо дилидагини тилига чиройли қилиб чиқара олмайди», «Бунинг тили равон, ҳали қараб турасан, тўғри йўлга тушиб олади», дея фикримни ижобий томонга буриб юборардилар. Ўйлаб қарасам, бу борада ҳам менга катта сабоқ берган эканлар.
— Аввалгидек ҳолим йўқ, бунақада кетиб қоламанми… — деб қолдилар бир куни Пўлат ака. Мен эса, кулгуга олдим:
— Айтинг, қаерингиз безовта қилаяпти? Та¬йин касалингиз йўқ-ку, кетаман деб қўр-қитасиз… Ўлган билан ер тўярмиди? Мабодо ўлиб қолсангиз, отамга салом айтиб қўйинг…
Ҳазилим Пўлат акага деярли таъсир қилмади.
— Бандамиз-да, — деганча ерга қараб ўй суриб қолдилар. Юрагим орқамга тортиб кетди. Устоз сезгир одам эдилар, ҳолимни сезиб, мавзуни дарҳол ўзгартирдилaр:
— Унвонга интилувчилар кўп. Aммо улар ўзларига устозлик қилганлар шу унвонни олганми, йўқми, буни ўйлаб ҳaм кўрмайдилар! Менга эллик ёшимда Халқ шоири унвонини берадиган бўлишди. Устозим олмаган унвонни мен қандай оламан, дедим. Тушунишди. Ўша йили Ҳамид Ғулом Халқ шоири бўлдилар, мен эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби бўлдим. Олтмиш ёшимда Халқ шоири унвонини беришди…
Ҳа, Пўлат ака, унвону шуҳратлари билан мақтанишни ёмон кўрардилар. Устоз ўзларидаги энг сара инсоний фазилатлари, халқ ичидаги обрў-эътиборлари билан ҳам қад кериб яшасалар арзирди. Аммо у киши керак бўлса автобус бекатларида соатлаб ўтиришдан ҳам ор қилмасдилар. Бир гал:
— Қийналиб қолманг, устоз, ҳозир айтаман, уйингизга олиб бориб қўйишади, -десам, «Fофур Ғулом кўчасидан Ғофур аканинг руҳи уйимга осон етказиб қўяди», деганлари ёдимда…

Мўминликка етказсин

— Ҳажга бормайсизми? — деб сўрагандим устоз билан сўнгги кўришувларимиздан бирида, у кишининг хомуш хаёлларини чалғитиш учун.
— Опоқинг бориб келди. У беш вақт намозни канда қилмайди… Мен эса уддалай олмаяпман. Тилда худо деб, дилда бошқа иш қиладиганларга ўхшагим келмаяпти-да, — дегандилар ўшанда Пўлат Мўмин. Ҳа, устозим чин маънодаги мўмин инсон эдилар.
— Пўлат Мўминга ҳавасим келади, — деган эди шоира Мукаррама Муродова. — Уч яшар набирам менинг ёзганларимни бирорта сатрини ҳам билмайди, лекин Пўлат аканинг шеър¬ларини ёдлаб, қўшиқларини куйлаб юради…
Ҳа, Пўлат Мўмин болаларимиз тилида, дилида яшаяптилар. Ҳар гал бу мўмин инсонни эсларканман, ҳаммамизни ҳам мўминликка етказсин, дея дуо қиламан.

линия

31 декабр — Ўзбекистон халқ артисти Назира Алиева (1912-1980) таваллудининг 100 йиллиги

линия

nazira-aliyeva-dezdemona

АЛИЕВА Назира Насриддиновна (1912.31.12 — Тошкент — 1980.19.6) -Ўзбекистон халқ артисти (1969). Боку театр техникумини (1927), Москва дав-лат театр санъати ин-тини (1934) ту-гатган. Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-ти катта ўқитувчиси (1945 й.дан), кафедра мудири (1949—66), доценти (1961 й.дан). А. 1935—41 й.ларда М. Азиз-беков номидаги Озарбайжон давлат академик драма театрида Сўлмас (Ж. Жаб-борли, «Ўт келини»), Дурдона (Ҳ. Жовид «Сиёвуш»), Жульетта (У. Шекспир, «Ромео ва Жульетта») образларини озар¬байжон тилида яратди. 1934, 1941—48 й.ларда Ҳамза номидаги театрда Дездемона (У. Шекспир, «Отелло»), Холис-хон, Жамила (Ҳамза, «Холисхон», «Бой ила хизматчи»), Ширмон (И. Султон, «Бургутнинг парвози»), Саодат (К. Яшин ва А. Умарий «Хамза») каби йирик ролларни ижро этди. «Сепсиз қиз» (А. Ост¬ровский), «Алишер Навоий» (Уйғун, И. Султон), «Денгиздагилар шарафига» (Б. Лавренев) спектаклларига реж.лик қил-ган. «Ўлим қудуғи», «Уйқусиз тунлар», «Маҳаллада дув-дув гап» фильмларида ўйнаган. М. Шамхаловнинг «Қайнона» комедиясини, М. Урдубодийнинг «Қилич ва қалам» романини узбек тилига таржима қилган. «Саҳна нутқининг равон ва аниқ бўлишида муҳим шартлар», «Ўзбек саҳна нутқининг баъзи техник элементлари» илмий-методик ишлар, «Санъат — менинг ҳаётим» эсдаликлари муаллифи.

линия

2012 йилда нишонланган муҳим саналар

линия

Шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) таваллудининг 765 йиллиги

линия

пахлавон

Паҳлавон Маҳмуд
(1247-1326)

Машҳур файласуф олим, инсонпарвар шоир, Хоразмда Нажмиддин Кубродан бошланган жавонмардлик тариқатининг давомчиси, Шарқда номи чиққан паҳлавон ва паҳлавонларга устозлик қилиб, «Пурёи валий» («Азиз ва мукаррам») лақабини олган Маҳмуд 1247 йили Хива яқинида пўстиндўз оиласида туғилган. Мазмунан бой ва теран, шаклан пишиқ ва гўзал фалсафий рубоийлари туфайли «Хоразм Хайёми» номи билан шуҳрат қозонган бу улуғ инсон ҳассос шоир, енгилмас паҳлавон ва машҳур авлиёдир. Эрон, Ҳинд каби кўплаб Шарқ мамлакатларидаги кураш мусобақаларида қатнашиб, ҳамиша зафар қучган, бир умр кураги ерга тегмай, мамлакатнинг биринчи полвони, паҳлавонлар пешвоси бўлган.
У ҳаётда мардлик ва жасурликни, муҳтожларга беминнат саховат кўрсатиш, ўзи учун эса ҳеч нарса таъма қилмасликни тарғиб этган. Кўҳна Урганч ва Хива мадрасаларида таълим олган, кураги ерга тегмаган баҳодир сифатида шуҳрат қозонган. Адиб форс-тожик тилида ижод қилиб, «Қитолий» ва «Пурёи вали» тахаллусларини қўллаган, пўстиндўзлик ва телпакдўзлик билан шуғулланган.
У форс тилида «Қанзул ҳақойиқ» номли маснавий ва кўплаб рубоийлар ёзиб, сўфиёна ғояларни баён этган. Аммо Ё. Ишоқовнинг маълумот беришича, эронлик олим Саид Муҳаммад Али Сафир 1967 йили «Қанзул ҳақойиқ»ни Маҳмуд Шабустарийга нисбат бериб, нашр эттирган.
Шоир 1326 йилда она шаҳрида вафот этган. Ҳамшаҳарлари унинг қабри устида муҳташам мақбара тикладилар (мақбара деворлари пештоқларига унинг рубоийлари бадиий нақш сифатида туширилган).
Паҳлавон Маҳмуд «дин назарияси, фалсафа ва мантиққа доир бир неча рисолалар ёзган» бўлса-да, улар ҳозиргача топилган эмас. Паҳлавон Маҳмуднинг васиятига кўра шогирдлари уни ўзининг пўстиндўзлик дўкони атрофига дафн этганлар. Кейинчалик у қабр устида мақбара тикланиб, авлиё пойига Қўнғирот уруғидан бўлган Хива хонлари кўмилган. Бу мақбара нодир меъморчилик ёдгорлиги сифатида мана неча асрдирки, барчанинг диққатини ўзига тортиб келмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар бу буюк инсоннинг қабрини зиёрат қиладилар. Мақбара деворларига шоир рубоийлари дарж этилган.

ХIХ аср бошларида Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) бу жойни зиёратгоҳга айлантирган. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини Имомиддин Қосимов (Улфат), Омонулла Валихонов (Бокир), Муинзода, Шоислом Шомуҳамедов, Тўхтасин Жалолов, Васфий, Матназар Абдулҳақим, Эргаш Очиловлар таржима қилишган.
Паҳлавон Маҳмуд Хивадаги футувватчилар жамоасининг бошлиғи, жавонмардлар пешвоси бўлган. Унинг ўзи ҳам мардлик ва саховатнинг энг олий намуналарини кўрсатиб, бошқаларга ибрат бўлган. Рубоийларида футувватнинг назарий қоидаларини баён қилган.
Маълумки, жавонмардликка кўпроқ паҳлавонлар талабгор бўлганлар. Шу жиҳатдан, Паҳлавон Маҳмуд паҳлавонларни тарбияловчи устозгина бўлиб қолмай, балки жавонмардлик одобини ўргатувчи пир ҳам эди. Жавонмардларнинг шиори дунёдаги ёвузликнинг барча кўринишларига қарши ҳамиша, ҳамма ерда эзгуликни ҳимоя қилиш, тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Бу ғоялар Паҳлавон Маҳмуднинг кўпгина рубоийларида ўз аксини топган.
Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодини ўрганиш, рубоийларини топиб, халққа етказишда таниқли олим ва забардаст мутаржим Тўхтасин Жалоловнинг хизматлари катта. Шоир рубоийларини, шунингдек, Муинзода, Васфий, Улфат, Боқир, М. Абдулҳаким каби таржимонлар ҳам таржима қилганлар. Ё. Ишоқов, Ҳ. Ҳомидий, Н. Комилов, С. С. Бухорий, М. Ҳасаний, Й. Жумабоев каби олимлар бу буюк ватандошимиз адабий мероси ва таржимаи ҳолини маълум даражада тадқиқ этганлар.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари бадиий тасвир воситаларига бой, халқона содда ва енгил услубда, ифода тарзи аниқ ва лўнда, ўйноқи, сершиддат туйғуларга йўғрилган. Барча Шарқ шоирлари каби Паҳлавон Маҳмуд ҳам икки улуғ манба — Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан таъсирлангани, улардан илҳомланиб қалам тебратгани қудсий нафас уфуриб турган рубоийларидан шундоққина сезилиб туради. Айниқса, илоҳий ишқ тараннум этилган ва ваҳдати вужуд фалсафасини тушунтиришга бағишланган шеърларида бу нарса яққол кўзга ташланади. Лекин шоир фақат илоҳий мавзулар билангина чегараланмай, заминий дардни ҳам қаламга олган. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида илоҳий ва дунёвий дард кўпинча бирга, ўзаро қўшилиб зуҳур этади.
Н. Комилов: «Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини тўрт гуруҳга бўлиш мумкин: биринчиси — замона аҳлидан нолиш, ижтимоий тенгсизликни ифодаловчи рубоийлар; иккинчиси — тариқат сулуки ҳақида ёзилган рубоийлар; учинчиси — ваҳдати вужуд фалсафаси асосларини тушунтирувчи рубоийлар ва тўртинчиси — илоҳий ишқни тараннум этган рубоийлар», — деб ёзган эди. Кези келганда, биз шу пайтгача шоирнинг ахлоқий қарашларига нисбат бериб тадқиқ этган панд-насиҳат руҳидаги рубоийлари аслида футувват рукнларининг шеърий ифодасидан иборат эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳа, бундай шеърларида у жавонмардлар ахлоқини тарғиб этган, улардан ибрат олишга чақирган.

ruboiy

Паҳлавон Маҳмуд
РУБОИЙЛАР

Оҳ тортган чоғингда йўлга кўз тутгил,
Йўлда қудуқ бордур, эҳтиётинг қил,
Дўст уйида маҳрам бўлган вақтингда,
Кўлингни, кўзингни, дилни тия бил.

* * *

Ул қодирки арпу афлок яратди,
Кўнгулда доғ, дилни ғамнок яратди.
Мушкин зулфларнию ёқут лабларни
Ерга қориб, охирда хок яратди.
(Давомини ўқинг)

Mazkur film uzoq yillardan buyon O’zbekiston milliy tele-radiokompaniyasi tomonidan tasvirga olib kelinayotgan «Buyuk ajdodlarimiz» turkumidagi ma’rifiy filmlarning biridir.

линия

Машҳур Қорақалпоқ шоири ва мутафаккир, қорақалпоқ адабиётининг асосчиси Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғли (1827-1900) таваллудининг 185 йиллиги

линия

бердах
Бердақ –қорақалпоқ адабиётининг асосчиси

Жаҳон адабиёти тараққиётидан маълумки, ҳар бир халқ тарихида, ижтимоий ва маданий ҳаётида ўзининг сезиларли «муҳри», табаррук «из»ларини қолдирган улкан санъаткорлар бор. Улар ўзларининг ҳаётий фаолиятлари ва ижодларини ҳамиша оддий меҳнаткаш халқ тақдири билан бирга ҳис қилганликлари, ҳар қандай шароитда ҳам халқ дарди, орзу-умидларига ҳамдард ва ҳамнафас бўла олганликлари учун ҳам умри боқий ва буюкдирлар. Бундай санъаткорлар ҳақида тариҳдан жуда кўп сиймоларнинг номларини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин: Фирдавсий, Низомий, Навоий, Жомий, Саъдий, Фузулий, Пушкин, Махтумқули, Лермонтов, Некрасов, Абай, Толстой … Қардош қорақалпоқ халқининг фарзанди, бу халқ адабиётининг фахри ва асосчиси, демократ шоир Бердақ ҳам юқорида қайд қилинган машҳур санъаткорлар сирасига мансубдир.
Бердақ XIX асрда, Туркистон ўлкасидаги феодал хонликларда,ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт ниҳоятда оғир, мураккаб шароитларга тушиб қолган ва Ўрта Осиёни Россия босиб олинган даврда яшади ва ижод этди. Шоир 73 йил умр кўрди, унинг қарийб ярим асрдан мўлроғини бадиий ижоддек машаққатли, масъулиятли, лекин шарафли ишга бағишлади.
Авлодларга 20 минг мисрадан зиёд шеър, халқ ҳаёти ва курашининг турли даврларини бадиий шаклда кўрсатиб беришга бағишланган ўнга яқин йирик эпик достонларни мерос этиб қолдирди.

Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг сезганин, билганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурми деб яхши кунлар халқ учун

деб ёзган шоирнинг қалб сўзлари ҳаққонийлигини тарихий фактлар мисолида ҳам кўриш мумкин. (Давомини ўқинг)

линия

Ўзбек ва тожик халқининг машҳур мутафаккири, олим ва файласуфи Аҳмад Дониш (1827-1897) таваллудининг 185 йиллиги

линия

линия

Аҳмад Дониш

«Аҳмад Калла», «Аҳмад махдум» номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган Аҳмад Дониш ХIХ аср Бухоронинг қомусий илм эгаларидан эди. У Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилди. Отаси мадрасасида ўқиди. Ёшлигида наққошлик, рассомлик, ҳаттотлик ҳунарларини ўрганди.

Таржимаи ҳол

Тарих ва фалсафага кўнгил қўйди. Зеҳни, салоҳияти билан дарров кўзга ташланди. 1857 йилнинг кузида Амир Насруллонинг Русия императори Николай II вафотига таъзия билдириш ва валиаҳд Александр II нинг тахтга чиқишини қутлаш учун юборилган элчи Муллажон Мирохўрга котиблик қилади. Петербургда уч ой санъат-маданият обидалари билан танишади.
1869 йили янги шарт-шароит тақозоси билан Амир Музаффар Петербургга яна элчи юборди. Бу элчилик ярим вассалга айланган давлатнинг ҳокими мутлақ кўнглини олиш ҳаракати эди. Унинг ҳам котиблигига Аҳмад Дониш танланди.
1873 йилнинг охирида Аҳмад Дониш учинчи маротаба элчилик таркибида Русияга йўл олди. 1874 йил январ — март ойларида Петербургда туриб қайтди. Александр ИИ билан учрашди. Сўнгроқ буларни қоғозга туширди. ҳозирда ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг 16 қўлёзма асари сақланади. Аксарияти унинг ўз қўли билан ёзилган асл нусхалардир.
Муаллифнинг «Наводирул-вақое» асари 15 йил давомида, 1870- 1885 йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асардир. 23 бобдан ташкил топган бу асар ҳалигача тўла нашр этилган эмас. Унинг айрим бобларигина чоп қилинган. Шу жумладан, унинг бир қисми 1964 йили ўзбекчага ҳам ағдарилган ва босилган эди. Китобнинг икки бобида Русия сафари таассуротлари берилган. Чунончи: VII боби А. Донишнинг 1869 йилги Русия сафарига бағишланган ва 1957 йилда чоп этилган.
VIII- боиб подшоҳ Александр II нинг қизи Мариянинг 1874 йилда бўлган никоҳ тўйига юборилган элчи Абдулқодирбек сафари ҳақида. Қолган боблари хилма-хил мавзуда. Масалан, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (б-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касбкор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), Бедил байтлари (20-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби Тамаддун (маданият) ҳақидаги рисоласи (15-боб) ва хилма-хил воқеий ҳикоялар (18, 21-боблар) ҳам ундан жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳам муҳим ва қизиқарлидир. Масалан, сўнгги рисолада подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан, у бир томондан, Юсуф Хос ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идаги бек ва раият муносабатларини эсга туширса, иккинчи ёқдан, Руссонинг «Ижтимоий шартнома»сини ёдга солади.
Ёки танлаган усулини олинг. Муаллиф касб-ҳунар эгаллаш ҳақида ёзар экан, уни ўз ўғилларига «васиятнома»га айлантиради. Ва бу орқали ўқувчида катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо қилади. Дарҳақиқат, адиб бошидан кечган бахтли-бахтсиз, ширин-аччиқ кунлар, ҳаёт, саёҳат хотиралари, сафарлар давомида дўстлардан тингланган ҳикоялар ва булардан келиб чиқувчи ибратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими шундаки, бу ибратлар XIX аср Европа тамаддунини ўз кўзи билан кўрган, айни пайтда, шу давр Шарқ илм-фанининг Туркистон сарҳадидаги энг буюк намояндаси васиятлари эди.
Касб-ҳунарга, илм-фанга меҳр, ҳалоллик, мансаб-мартаба, мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлиш, бани башарга хайрихоҳлик, ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, исломий ахлоқ бу васиятларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Диққатга сазовор яна бир нарса шундаки, Аҳмад Дониш фаранг донишмандлари, «сиёсий ҳукамолар»и ҳақида ёзди. Уларнинг «ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб», барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини «давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши»дан топганликларини маълум қилди.
Улар шу сабабли эски «давлат тузумини ўзгартирганлар», деб ёзди. Улар «ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги»га риоя этишлари, даражалар эса, кишиларнинг «фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига қараб бўлиши», «давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши» ҳақида «қонунлар чиқарганлари»ни уқдирди. Европанинг «барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари»да бу асосий омил бўлганини таъкидланади.
Дарҳакиқат, ушбу васиятнома таълимий-ахлоқийгина эмас, муҳим ижтимоий-сиёсий мазмун ҳам ташир эди.
Шунингдек, унинг «Мажмуаи ҳикояти Аҳмад Калла» («Аҳмад Калла ҳикоятлари тўплами») (1877), «Ислоҳ миёни шиа ва сунн» («Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат») каби рисолалари, «Дафтари тақвим» («Кундаликлар»)и ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Аҳмад Дониш умрининг охирларида «Тарих рисоласи» китобини ёзди. Бир ёқдан, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан, Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.
Бу асарлар содда ва жонли тили, ифода услуби билан ўтмишдошлариникидан ажралиб туради. Синчков илмий мулоҳаза, танқидий ва таҳлилий тафаккур уларга алоҳида руҳ бағишлайди. Тасвир ва ифодадаги драматизмга мойиллик, суҳбат диалогдан унумли фойдаланиш муаллиф фикрларининг ўқувчи онгига етиб боришини осонлаштиради.

калла

Иброҳим Ҳаққул
АҲМАД КАЛЛА
Эссе
Устод Иброҳим Мўминов хотирасига бағишланди.

Биз мумтоз адабиётимиз билан фахрланамиз. Унинг ўзига хос хусусиятлари ва тафаккур тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида кўп гапирамиз. Албатта, ҳар қанча гапирсак, фахрлансак арзийди. Бироқ бу ҳақда сўз кетганда фақат ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, адабиётнинг мураккаб ривожланиш йўлидан бугунги кунимиз учун тегишли сабоқ ва хулосалар ҳам чиқарсак мақсадга мувофиқ бўлади. (Давомини ўқинг)

линия

Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров (1912-1977) таваллудининг 100 йиллиги

линия

karim-zokirov

Карим Зокиров

Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек хонандаси, опера солисти, актёр Карим Зокиров Ўзбек Давлат драма театрида, Ишчи-ёшлар театрида ишлаган. Тошкентдаги Ўзбек Давлат мусиқали театри солисти, А.Навоий номидаги Опера ва балет театрининг солисти бўлиб, 40дан ортиқ образлар яратган.

Таржимаи ҳол

Зокировлар сулоласининг асосчиси, етук ўзбек хонандаси ва опера солисти Карим Зокиров 1912 йилда Тошкентда туғилган. 1934—1936 йилларда Москва Давлат консерваторияси ҳузуридаги Ўзбек Опера студиясида ўқиган. Ижодий фаолиятини 1928 йилдан драматик актёр сифатида бошлаган.
К.Зокиров дастлабки ролларини 1929 йилда Ўзбек Давлат драма театрида, 1930—1931 йилларда Ишчи-ёшлар театрида ўйнаган.
1936—1938 йилларда Тошкентдаги Ўзбек Давлат мусиқали театри, 1939 йилдан Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театрининг солисти бўлиб, 40 дан ортиқ образлар яратган.
Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмаларида Фарҳод ва Қайс, С. Абдулланинг «Пўртана»сида Ботир каби ролларни, операларда эса С. Василенко, М.Ашрафийнинг «Бўрон»ида Бўрон, С.Бобоевнинг «Ҳамза»сида Ҳамза, С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши»да Мулладўст ва бошқа ролларни ижро этган. Актёр яратган Мулладўст образи ўзининг ҳаётийлиги, табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради.
К. Зокиров эл назарига тушган хушовоз хонанда ҳам эди. Унинг куйлаш санъати ўзбек халқ профессионал ижрочилик анъаналари билан узвий боғлиқ. Хонанда айтган — «Ишқ бошқа, ҳавас бошқа» ва «Кўча боғи-2», «Чоргоҳ-1-2-3», «Ул кун жонон», «Хуш келибсиз», «Навбаҳор», «Дилоромимга айт», «Дилбар», «Гиря», «Мустаҳзод», «Илғор», «Истарман», «Сувора», «Сафти чоргоҳ» каби нодир мумтоз ашулалар санъат мухлис-лариви ўзига мафтун этиб, уларга эстетик, завқ бағишлаган.
К. Зокиров ўзига хос мактаб яратган ва бу мактабни давом эттирган Ботир, Луиза, Фарруҳ, Навфал, Жамшид ва Равшан каби ҳаётини санъатга бағишлаган фарзандларнинг меҳрибон отаси ҳамда азиз устозидир. Ўзбек эстрада қўшиқчилик санъатини юқори чўққига кўтаришда Ботир ва Фарруҳ Зокировларнинг хизматлари бениҳоя катта бўлди.
К. Зокировнинг самарали ва серқирра ижоди муносиб тақдирланди. Унга 1939 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони берилди.
Карим Зокиров 1977 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Карим Зокиров мусиқали драма ва опера асарларида Фарҳод, Қайс, Мулладўст каби ролларнинг ва қатор мумтоз ва лирик қўшиқларнинг моҳир ижрочиси сифатида ўзбек театр ва опера санъати тарихида ўз ўрнига эга.

линия

Атоқли ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897-1938) таваллудининг 115 йиллиги

линия

cholpon

Абдулҳамид Чўлпон
(1897 — 1938)

Ўзбек янги шеъриятининг асосчиларидан бири, драматург, носир, публицист ва таржимон.
Чўлпон 1897 йили Андижонда туғилган. Эски мактабда савод чиқарган. Кейин рус-тузем мактабида ўқиган. 1914 йили Тошкентга келади ва ўз фаолиятини “Садои Туркистон” газетаси билан боғлайди. Унинг асарлари Оренбург, Уфа, Қозон ва Боғчасаройда чиқадиган газета ва журналларда ҳам босилиб турган. 1916-1917 йилларда Оренбургда яшайди ва у ерда бошқирд ҳукумати маҳкамасида котиб бўлиб ишлайди. Сўнг Тошкентга қайтади. 1920 йилгача ТуркРосТАда хизмат қилади. 1920 йили Бокуда бўлган Шарқ халқлари қурултойида қатнашади. Ўша йили Фитрат таклифи билан Бухорога боради ва ўзбек тилида чиқадиган “Бухоро ахбори” газетасига раҳбарлик қилади. Бир йилча ишлаб Тошкентга қайтади. Адабиёт ва маданият ишлари билан шуғулланади. 1924-1926 йилларда Чўлпон Москвада яшайди. У ерда очилган ўзбек драмстудиясига раҳбарлик қилади.
Шундан кейин жадидларга қарши бошланган компания Чўлпонни ҳам четлаб ўтмади. Таъқиб ва тазйиқларга қарамай, у қизғин ижодий фаолият билан шуғулланди. 30-йилларнинг бошида яна Москвага кетади ва СССР Марказий Ижроия Комитетида таржимон бўлиб ишлайди. Чўлпон 1937 йил 14 июлда қамоққа олинади ва 1938 йил 4 октябрда отиб ўлдирилади.
Чўлпоннинг “Ўзбек ёш шоирлари” (1923), “Гўзал ёзғичлар” (1925), “Адабиёт парчалари” (1926) мажмуаларида чоп этилган шеърлари, ўз шеърлари асосида нашр қилинган “Уйғониш” (1922), “Булоқлар” (1923), “Тонг сирлари” (1926), “Соз” (1935) каби тўпламлари янги ўзбек шеърияти тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Унинг “Кеча ва кундуз” (1936) романи, “Дўхтур Муҳаммадёр” (1914), “Қор қўйнида лола”, “Новвой қиз”, “Ойдин кечаларда” ҳикоялари янги давр ўзбек насри ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Чўлпоннинг “Ёрқиной” (1920), “Халил фаранг” (1921), “Чўрининг исёни” (1926), “Яна уйланаман” (1926), “Муштумзўр” (1928), “Ўртоқ Қаршибоев” (1928), “Ҳужум” (1928) каби драмалари унинг драматург сифатида ҳам самарали ижод қилганлигини кўрсатади.
Миллий истиқлол ва озодлик ғоялари Чўлпон ижодининг лейтмотивини белгилайди.
Чўлпон Пушкиннинг “Дубровский”, “Борис Годунов” асарларини, Горькийнинг “Она” романи ва “Егор Буличев” пъесасини, Лоҳутийнинг “Европа сафари”ни, Гоцийнинг “Маликаи Турандот”, Шекспирнинг “Ҳамлет” драмаларини ўзбек тилига таржима қилиш орқали ўзбек ва жаҳон адабий алоқалари ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Вафотидан сўнг шоирга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

антология
ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси.
Чўлпон шеърларидан намуналар

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..
(Давомини ўқинг)

чулпон

Наим Каримов
Чўлпон — истиқлол йўлида

Чўлпоннинг улуғворлиги шундаки, у XX аср ўзбек адабиётини янги бир поғонага кўтариб, ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва равнақ топишига улкан ҳисса қўшибгина қолмасдан, халқда Ватан, Миллат, Истиқлол тушунчаларининг теран маъно касб этишига ҳам мислсиз даражада катта таъсир кўрсатди. Ўзга сўзлар билан айтганда, у халқда Ҳуррият туйғусини уйғотди, унинг кўзидаги ғафлат пардасини олиб ташлади, унда Ватанга муҳаббат, Келажакка ишонч ҳисларини тарбиялади. Унинг фуқаролик жасорати худди шундадир.(Давомини ўқинг)

линия

(Tashriflar: umumiy 1 207, bugungi 1)

Izoh qoldiring