2014 yil yanvar oyidagi madaniyat,san’at va adabiyot sohasida sanalar taqvimi.

0334

    2013 йилнинг сўнгги кунлари ўтиб бормоқда.  Ўтаётган йилнинг баҳосини беришга шошилмасдан, ортимизда қолган ҳар бир  кунимизни онгу шуурумиз  элагидан ўтказайлик. Янги йил  халқимиз учун яхши келишига умид қилайлик. Орзу-умидларимиз амалга ошиши, аввалан, Аллоҳдан, сониян, ўзимизга боғлиқлигини англаб, ҳаракату тадорикни ўйлайлик. Янги йилда маданият, санъат ва адабиёт соҳасида нишонланадиган қутлуғ саналарга назар ташлайлик. Ўша муборак кунлар,қолаверса, ҳамиша,  халқимиз ва ватанимиз номини дунёга таратган мутафаккир  зотлар хотираси олдида бошимизни эгиб, ҳақларига тиловатлар қилайлик, бу улуғ зотлар қолдирган меросга ва ибратга муносиб бўлишга уринайлик.

001

2014  ЙИЛ ЯНВАР ОЙИДАГИ МАДАНИЯТ,САНЪАТ ВА АДАБИЁТ СОҲАСИДАГИ САНАЛАР ТАҚВИМИ

ЯНВАР

1 январ — Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов (1918-1988) таваллуд топган кун.
1 январ — Болалар шоири Турсунбой Адашбоев (1939) таваллудининг 75 йиллиги.
1 январ — Шоир Равшан Файз (1959-1995) таваллудининг 55 йиллиги.
2 январ — Шоир ва таржимон Карим Баҳриев таваллуд топган кун.
2 январ — Кинорежиссёр Латиф Файзиев (1929-1994) таваллудининг 85 йиллиги.
3 январ — Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий хотираси куни
3 январ — Адабиётшунос олим Умарали Норматов (1931)  таваллуд топган кун.
4 январ – Драматург Шароф Бошбеков (1951)  таваллуд таваллуд топган кун.
5 январ – Ўзбек маданиятининг ёрқин сиймоларидан бири,мусиқашунос олим, моҳир созанда ва ҳофиз,академик Юнус Ражабий (1897-1976) таваллуд топган кун.
5 январ — Ўзбекистон халқ артисти Шаҳодат Раҳимова (1919-1979)  таваллудининг 95 йиллиги.
7 январ — Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Тошхон Султонова (1909-1989)  таваллудининг 105 йиллиги
8 январ — Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон (1947) таваллуд топган кун.
8 январ — Адиб ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммад (1951) таваллуд топган кун.
10 январ – Атоқли ўзбек адиби ва шоири Ойбек (1905-1968)  таваллуд топган кун.
10 январ — Шоир Баҳром Рўзимуҳаммад (1961) таваллуд топган кун.
12 январ – Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов ( 1943)  таваллуд топган кун.
12 январ – Шоир ва таржимон Сулаймон Раҳмон (1946)  таваллуд топган кун.
14 январ – Ёзувчи Орзиқул Эргаш (1953)  таваллуд топган кун.
14 январ — Ватан ҳимоячилари куни
14 январ — Таниқли рассом Ўрол Тансиқбоев (1904–1974)  таваллудининг 110 йиллиги.
15 январ — Шоир Султон Жўра (1910-1943)  таваллуд топган кун.
16 январ — ўзбек тилшуноси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Фаттоҳ Абдуллаев (1914-1985)  таваллудининг 100 йиллиги.
16 январ — Атоқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов (1931)  таваллуд топган кун.
18 январ — Ёзувчи Хайриддин Султонов (1956)  таваллуд топган кун.
19 январ — Жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили,буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874 -1919) таваллудининг 140 йиллиги.
20 январ — Буюк турк шоири Нозим Ҳикмат (1902 –1963) таваллуд топган кун.
20 январ — Ўзбекистон халқ шоири ва тарихшунос Хуршид Даврон (1952)  таваллуд топган кун.
23 январ — Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1997)  таъсис этилган кун.
25 январ — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков (1934-1994) таваллудининг 80 йиллиги.
26 январ — Шоир ва таржимон Одил Икром (1960) таваллуд топган кун.
29 январ — Ўзбекистон халқ ҳофизи, бастакор Жўрахон Султонов (1903-1965)  таваллуд топган кун.
29 январ – Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов (1948)  таваллуд топган кун.

002

1 январ — Таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев (1939) таваллудининг 75 йиллиги.

054
Кичкинтойларнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоев сўзни сўзга жуфтлаб, ўз ҳайратию бор ғайратини қоғозга тушира бошлаганида 12-13 ёшларда бўлганини соғинч билан хотирлайди. «Менинг адабиётга кириб келишим, – деб ёзади шоир, – аввало, муаллимларимнинг, қолаверса, Абдуллажон Шаитовдай фидоий, адабиётга жуда меҳр қўйган одамларнинг таъсири туфайли бўлган, десам адашмайман.

Олтинчи синфда ўқиб юрган кезларим «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида машҳур олим Ҳоди Зарифнинг бир хати чиқди. Хатда газетхонларга халқ ичидаги достонларни ёзиб олишга ёрдам сўраб мурожаат этилганди. Мактабимиз директори газетани олиб келиб, қишлоқдаги тўйларда достон айтиб юрадиган Олим қарға деган кишини топиб, достонини ёзиб жўнатгин, дедилар менга. Мен бу ҳақда Ҳоди Зарифга хат ёздим. Ҳоди акадан: Ука, достоннинг ҳеч қаерига қўшмасдан, оғзидан қандай чиқса шундайлигича ёзиб жўнатишингизни илтимос қиламан, деган жавоб келди.

Бу «Ёзи билан Зебо» достони эди. Хуллас, мен Олим қарғани изладим, у киши қўшни қишлоқда пахса ураётган экан. Олим акани иш устида топдим, танишдим, мақсадимни айтдим. «Бўлди, менга бир ҳафта қоғоз қоралашасан, сенга достон айтиб ўтирсам, тирикчилигим қолиб кетади. Кечқурунлари ёзамиз», деди. Келишдик. Бир ҳафта деганда достонни қоралаб олдим ва Ҳоди Зариф домлага жўнатдим… Мана шу ўқувчилик йилларидаги қизиқишларим мени катта адабиётга етаклаган бўлса, ажабмас».

Кўринадики, кўпчилик ижодкорларда бўлгани каби Турсунбой Адашбоев истеъдодининг куртак отишида эртагу достонлар, ривояту чўпчаклар мисолидаги фольклор асарларининг роли катта бўлган. Дарҳақиқат, оғзаки сўз санъати қатига яширин бетакрор сеҳр-жозибага ошуфталик шоирнинг бутун ижодини ичдан нурлантириб турадиган омиллардандир.

Илк асарлари билан Миртемир ва Қудрат Ҳикмат каби устозлар эътиборини тортган, айни пайтда улардан олган сабоқларига юксак эътиқод билан амал қилиб келаётган Турсунбой Адашбоев бугунги кунда ўзбек болалар шеъриятининг етакчи намояндаси ҳисобланади.

1939 йилда қардош Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида таваллуд топган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, шоир, таржимон ва ношир Т.Адашбоев катта ҳаёт ва сермашаққат ижод йўлини босиб ўтди.

002

1 январ — Истеъдодли  шоир Равшан Файз (1959-1995) таваллудининг 55 йиллиги.

55Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Кўралос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). «Ухлаётган одам» (1989), «Ташриф» (1990), «Кел, эй кўнглим» (1997) каби асарлари нашр этилган. «Мен шамолни тутволдим» (1992) шеърий тўплами болаларга бағишланган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автохалокат туфайли) вафот этган.

 

КЕЛДИМ

Ой нуридай милён йил оқдим,
Сўнг кўзда ёш, кукайимда куй
Сенинг темир дарвозанг қоқдим:
Йўлимга чиқ, қўлимга сув қуй.

Мен бор-йўғи битта меҳмонман,
Сен-да мезбон бўлмоққа яра:
Эртаю кеч кулиб юр, шўх-шан,
Қадримга ет, кўнглимга қара.

Кечалари сиғмай ўзимга
Кўп сиқилиб кетаяпман, о.
Мўъжизага чанқоқ кўзимга
Мақтангулик ниманг бор, дунё?

Кийдир, тўйдир ва гоҳ-гоҳида
Айтиб бергин бир ғазал ё шеър.
Тингламасам койима, чида,
Тилинг тишла, шайтонга ҳай бер.

Хато қилсам, кўл силтаб қўй-у
Сибирларда бермагил жазо:
Сен шу қадар муқаддас, мангу,
Мен — беш кунлик меҳмонман, дунё!

002

2 январ — Атоқли кинорежиссёр Латиф Файзиев (1929-1994) таваллудининг 85 йиллиги.

Истеъдодли кинорежиссёр Латиф Файзиев 1929 йил 2 январда Тошкентда туғилган, 1941-1945 йилларда ижодий фаолиятини Ёш томошабинлар театрида, актёр сифатида бошлаб, 1951 йилда Москвадаги Бутуниттифоқ Давлат кинематография институтини тугатган.
054
Талабалик даврида Киевдаги Довженко номидаги киностудияда суратга олинган «Учинчи ҳужум», («Жанубий фронт»), «Тарас Шевченко» бадиий фильмларига режиссёр ассистенти бўлиш билан бирга, ушбу фильмларда эпизодик ролларни ҳам ўйнаган. 1951 йилда ёзувчи О. Гончарнинг «Микита Братус» повести асосида диплом иши фильмини суратга олган.
Латиф Файзиев 1951 йилдан то умрининг охиригача «Ўзбекфильм» киностудиясида етакчи режиссёр бўлиб ишлаган. Наби Ғаниевнинг «Фарғона водийси», «Академик», «Канаш» киноочеркларини суратга олишда режиссёр ассистенти бўлган. Ўзбекистонга бағишланган киножурналнинг йигирмадан ортиқ сонларини суратга олди ва ушбу журналнинг «Ғафур Ғулом», «Ҳамза театри 35 ёшда» ва «Қўриқ чўл» каби мавзудаги сонлари сценарийси унинг қаламига мансубдир. 1952 йилда «Амударё бўйлаб» номли уч қисмдан иборат жўғрофий фильмни, 1953 йилда режиссёр А. Гинзбург билан ҳамкорликда, ўз сценарийси асосида «Бой ила хизматчи» фильмини, 1954 йилда В. Басов билан ҳамкорликда биринчи ўзбек рангли фильми «Амирликнинг емирилиши»ни суратга олди.
Латиф Файзиев кейинчалик «Қутлуғ қон» (1956), «Иккинчи баҳор» (1959), «Синчалак» (1961), «Улуғбек юлдузи» (1964), кенг экранли биринчи ўзбек рангли фильми «Наташахоним» (1965), «Ватан ўғлонлари» (1968), «Альбомнинг жонли саҳифалари», «Жиззах қўзғолони», ўз сценарийси асосида «Эски қўрғон афсонаси» («Темур Малик», 1970) каби 20 дан ортиқ бадиий фильмларни кино ленталарига туширди.
У 1971 йилда «Мовий сарой ошиқлари» фильм-балетини яратиб, ўзбек киносида балет фильм жанрига асос солди. Кўп қиррали санъаткор «Наштар» ҳажвий киножурналига ҳам сюжетлар тайёрлашда фаол иштирок этган. Унинг фильмларининг асосий қисми ўзбек киносининг етук асарлари қаторидан ўрин олди.
1972-76 йилларда «Тожикфильм» киностудиясида «Шарқ афсоналари» ва «Ганг узра тонг» фильмларини экранлаштираркан, унинг сценарийси асосида режиссёр Л. Кимёгарова «Севги ғунчаси» телефильмини суратга олди. Латиф Файзиев 1976 йилда ҳинд киносанъаткорлари билан ҳамкорликда «Алибобо ва қирқ қароқчи», «Севги афсонаси», «Чангалзор қонуни» каби бадиий фильмларни ва «Фестиваль-76» ҳужжатли фильмини яратиб, кино мухлисларининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлди.
Латиф Файзиев қатор йиллар Ўзбекистон кино ходимлари уюшмасининг биринчи котиби сифатида фаолият юритди. Моҳир режиссёр экранлаштирган ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар ўзбек кино санъатида яратилган нодир асарлар қаторидан ўрин олди ва санъаткорнинг серқирра ва сермазмун ижоди 50-80-йиллар ўзбек кино маданияти равнақида муҳим аҳамият касб этди. Унинг ижодий фаолияти 1964 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони билан муносиб тақдирланди.
Серқирра ижодкор Латиф Файзиев 1994 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

002

044

3 январ — Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий хотираси куни

Ҳазрат Мир Алишер Навоий умрининг охирги йиллари оғир касалликка учрагани замондош муаррихлар асарларида,шунингдек,бобомиз ўзлари томонидан «Хазойин ул-маоний» дебочасида аниқ ва равшан қайд этилган. Манбаларга қараганда,Султон Ҳусайн Бойқаро шаддод ва бетамиз фарзандларининг навбатдаги исёнини даф этиб Астрободдан Ҳиротга қайтаётганидан хабар топган Алишер Навоий кутиб олишга чиқади ва 1501 йилнинг январ куни Ҳусайн Байқаро билан юзма-юз бўлган бир паллада ҳушдан кетиб йиқилади.
Алишер Навоий вафотига оид илк маълумотлар,асосан,муаррих Хондамир қаламига мансуб. У Навоий ўлими тафсилотларини «Макорим ул-ахлоқ» ҳамда «Ҳабиб ус-сият» асарларида етарлича ҳаққоний ва аниқ ифодалаб берган. Бу ҳақда тарихшунос олим Убайдулла Каримовнинг тадқиқоти мавжуд.
Сўнгги йилларда Ҳазрат Навоий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ чуқур ва машаққатли тадқиқотлар олиб борган Шуҳрат Сирожиддиновнинг таъкидлашича, улуғ шоир вафоти билан боғлиқ энг аниқ сана Хондамирга тегишлидир. У Навоий ҳижрий 906 йили,жумод ул-охир ойининг ўн иккинчиси,якшанба куни вафот этганлигини ёзиб қолдирган.
Айни 3 январ улуғ бобомиз хотирасини ёд этиш куни тарзида бугунги авлодлар учун анъанага айланишини жуда жуда истардим. Оиласи ва фарзанди бўлмаган Алишер Навоийнинг меросчилари,ҳар қадамда мақтаниб юрганимиздек,маълум маънода,унинг фарзандлари эканмиз, бобомиз хотирасини ёд этиш ва авайлаш бизнинг маънавий бурчимиз ва буюк ватандошимиз олдидаги қарзимиздир.

002

002

5 январ — Ўзбекистон халқ артисти Шаҳодат Раҳимова (1919-1979) таваллудининг 95 йиллиги.

Шаҳодат Раҳимова (1919.5.1-1979.8.12) — актриса, хонанда (драматик сопрано). Ўзбекистон халқ артисти (1940). Москва консерваториясини тугатган (1951). Ижодини Андижон театрида бошлаган (1932—39). Гулсара (К. Яшин,«Гулсара»), Гулчеҳра (У.Ҳожибеков,«Аршин мололон»), Ширин (Хуршид,«Фарҳод ва Ширин») каби образларни шу театрда яратган. 193953 й.лар Навоий номидаги театрида, 1953-58 й.лар Муқимий номли театрида, 1959—78 й.лар Ўзбек давлат филармониясида ишлаган. Норгул (М. Ашрафий, «Бўрон»), Жамила (О. Чишко, «Маҳмуд Торобий»), Оқ Жунус (Е. Брусиловский, «Эр тарғин»), Лайли (Т. Содикрв, Р. Глиэр, «Лайли ва Мажнун»),Полина (П. Чайковский, «Қарға моткаси») каби опера партияларини, Зухра (С. Абдулла, Т. Жалилов, «Тоҳир ва Зухра»), Нурхон (К. Яшин, Т. Жалилов, «Нурхон»), Ширин (Хуршид, Ю. Ражабий,«Фарҳод ва Ширин»), Обида (С. Абдулла, Т. Жалилов, «Мукимий»), Санам (А. Бобожон; К. Отаниёзов, «Азиз ва Санам») каби мусиқали драмалардаги роллари юксак ижроси, ўткир психологик талкини б-н ажралиб туради. Шаҳодат Раҳимова, шунингдек, «Эй дилбари жононим», «Ушшоқ», «Салламно», «Самарқанд ушшоғи» каби ашулалари б-н халқ орасида машҳур бўлган. «Қасам» (Саодат), «Ёқут юлдузлар» (Хайри) каби фильмларда суратга тушган.

002

7 январ — Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Тошхон Султонова (1909-1989) таваллудининг 105 йиллиги

Тошхон Султонова (1909.7.1,Фарғона вилояти Тошлоқ тумани —1989.25.12, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1955). Москва ўзбек драма студиясини тугатгач (1927), Ҳамза театрида ишлаган. Тошхон Султонова ижодига ўзбек аёллари образи хос, у айниқса, характерли роллар устаси. Қахрамонлари психологияси, уларнинг ички дунёсини очишда ҳаётий унсурлардан омилкорлик билан фойдаланган, уларнинг миллийлигига алохида эътибор берган. «Икки бойга бир малай»даги Смеральдина, «Ревизор»да Анна Андреевна, «Бой ила хизматчи»да Раҳима хола, «Муҳаббат»да Тошхон,«Юрак сирлари»да Рўзвон,«Туркия ҳақида ҳикоялар»да Фотима, «Оғриқ тишлар»да Роҳила, «Ҳуррият»да Хосият,«Парвона»да Адолат,«Мирзо Улуғбек»да Гавҳаршодбегим, «Комиссия»да Туҳфа каби роллари билан танилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979).

002
14 январ — Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев (1904-1974) таваллудининг 110 йиллиги.

044
Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Ўрол Тансиқбоев 1904 йил 14 январда туғилган. 1924—1928 йилларда Тошкент санъат музейи қошидаги рассом Н. Розанов студиясида, 1929 йилда Пенза Бадиий педагогика техникумида рус реалистик санъатининг моҳир усталаридан бири И. Горюшкин Сорокопудов қўлида таълим олди. Ижодини портретлар яратишдан бошлаган У. Тансиқбоев асосан 30-йилларда рассом сифатида шаклланди, ўз асарларини халққа яқин ва тушунарли бўлиши учун тинмай меҳнат қилди.
Бу вақтда «Ўзбек портрети», «Олтин куз», «Карвон», «Ҳосил» каби портрет, манзара асарларини яратди. «Озод бўлган шарқ аёллари», «16-йил қўзғалони» асарлари рассомнинг монументал рассомлик сари дадил қадам ташлаганини кўрсатди.
1940 йили яратилган «Алишер Навоий» портрети унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида «Ваҳшийнинг йўли», «Озод қилинган ерларда», «Партизан аёл» асарларини яратиш билан бирга жонажон ўлка манзараларини гавдалантирувчи «Қоплонбекда куз», «Тунги суғориш», 15 полотнодан иборат «Уруш йилларида» каби картина туркумларини ҳам яратди.
Кейинчалик рассом ижодида манзара етакчи ўринни эгаллади. «Пешин. Овқат пайти», «Ғўза суғориш», «Ўзбекистонда баҳор» картиналари шулар жумласидандир. Унинг «Тахиятош» «Қайроққум ГЭСи тонгги», «Янги ерда», «Тоғда куз», «Ўзбекистонда март», «Каттақўрғон сув омбори» «Бўстонлиқда баҳор» «Тоғдаги яйлов» каби асарлари ҳам тасвирий санъатнинг янги ютуғи сифатида кутиб олинган бўлса, «Чорвоқ қурилишида», «Мирзачўл канали» ва бошқа бир қатор картиналари уни моҳир рассом, табиат куйчиси сифатида элга танитди.
Ўрол Тансиқбоев асосан, лироэпик рассом эди. Унинг ҳар бир асарида жонажон ўлкага нисбатан чексиз муҳаббат бор. Ана шу муҳаббат билан Ўзбекистон манзарасининг улуғвор тасвирини чизди. У жамоат арбоби сифатида ҳам қатор ишларини амалга оширди. 1959-60 йилларда Ўзбекистон Рассомлар уюшмасининг раиси лавозимида ишлаб, ёш ижодкор мусаввирларга яқиндан ёрдам берди.
Таниқли рассом Ўрол Тансиқбоев 1974 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Ундан бой ва ранг-баранг мерос қолди. Унинг асарлари мамлакатнинг йирик музейлари — Третьяков галереяси, Шарк маданияти Давлат музейи, Олма-ота, Самарқанд, Нукус ва бошқа шаҳарлардаги расмлар галереяси ҳамда музейларидан муносиб ўрин эгаллаган.

Image

Image
002

16 январ — ўзбек тилшуноси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Фаттоҳ Абдуллаев (1914-1985) таваллудининг 100 йиллиги.

Фаттоҳ Абдуллаев (1914.16.1,Жамбул — 1985.11.9, Тошкент) — ўзбек тилшуноси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1984). Филол. фанлари д-ри (1961), проф. (1969), Ленинград давлат ун-тини тамомлаган (1939). Тошкент давлат пед. ин-тида (1939—44), Наманган давлат педагогика ин-тида (1944—47), Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-тида (1947 — 50 ва 1957 й.дан), Хоразм давлат педагогика ин-тида (1950—56) ишлаган.
Илмий ишлари ўзбек адабий тилининг тарихи, диалектологияси, лексикаси, фонетикаси, грамматикаси, шунингдек бадиий нутқ масалаларига бағишланган. Фаттоҳ Абдуллаев Хоразм шеваларини тадқиқ қилиб, уларнинг диалектологик харитасини тузган ва таснифини берган («Ўзбек тилининг Хоразм шевалари»).

002

043

23 январ — Жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874 -1919) таваллудининг 140 йиллиги.

Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини тезроқ рўёбга чиқишига етаклади. Унинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага ўз таъсириги ўтказмай иложи йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда у ўз мақолаларидан бирида отаси таълим берган «Ҳидоя» (Ислом ҳуқуқига шарҳлар) асарининг унинг тақдирида муҳим рол ўйнаганлигини бежиз қайд этмайди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланади. Рўзнома ва ойпомалардан жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб боради. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганишга киришиб, ислом тарихи ва назарияси билан шуғуллана бошлайди. 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфти унвонларига эга бўлиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Оврўпо маданияти билан ҳам қизиқади. Ўша даврдаги Қозон, Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги жарида ва рўзномалар билан ҳамкорлик қилади. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур рўзнома ва ойномаларда чиқа бошлайди. Мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турарди.

Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган Кадетлар партиясининг аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири катта бўлади. 1910 йилларга келиб, ўлкамизда «Шўрои Исломия», «Уламо», «Адолат», «Ёш бухороликлар» каби фирқалар пайдо бўлади. 1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд» рўзномаси, «Ойна» жаридаси чиқишида жонбозлик кўрсатади. У 1914 йилда Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмалари келтиради, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб, «жадидчилик» раҳнамоси, дахрий деб эълон қилинади. Шунга қарамай, татар мутафаккири Исмоил Гаспринлининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади, кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига киради. У бир қатор жаҳон тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.

Беҳбудий адиб сифатида ўзининг «Падаркуш» драмасини яратган. Унда туркистонлик ёшларни Оврўпо илмгоҳларида ўқитишни тарғиб қилган. Мазкур асар ўз даврида А. Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарларининг яратилишига ҳам таъсир кўрсатган. Ҳатто у Американинг Калифорния дорифунунида таржима ҳам қилинган.
Бундан ташқари, Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» (1903 йил, «Қисқача умумий жуғрофия»), «Китобул атфол» (1904 йил, «Болалар учун китоб»), «Мухтасари тарихи ислом» (1904 йил, «Ислом қисқача тарихи»), «Амалиёти ислом» (1905 йил), «Россиянинг қисқача географияси» (1908 йил) каби дарсликлар, китоблар ёзган. Унинг мақолалари 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Ҳуршид», «Шухрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржимон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойина» каби рўзнома ва ойномаларда чоп этилган.
Албатта, Беҳбудий қозонаётган бундай шуҳрат ҳоким синфлар ва амалдорларнинг ғашига тега бошлайди. Уни Бухородаги инқилобий кучларга хайрихоҳликда айблаб, Саид Олимхон томонидан 1918 йилда Қаршида қатл қилинади. Қарши шаҳри 20—30 йилларда Беҳбудий номи билан аталиб келинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1956 йилга келиб оқланади. Ҳозирги кунда у қолдирган ранг-баранг адабий-маданий мерос ўз халқи хизматига кирмоқда.
Хуллас, С. Айний ёзганидек: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида оъзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».

002

Абдулҳамид Чўлпон
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ХОТИРАСИ

Жилгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб, изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.

Амалимнинг юлдузи, ким кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим қони ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?”- деб,
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга.

Қўлидаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.

Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка.
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик-қора девни сўкмакка.

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб, чизған йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин,
Ер остида, пок руҳинг-ла сезмайсен.

Ана сочдим қалбимдаги гулларни
Термак учун чақирамен қўлларни..

1920

002

23 январ — Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1997) таъсис этилган кун.

КАМОЛИДДИН БЕҲЗОД НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ — адабиёт, санъат ва меъморлик соҳасидаги давлат мукофотларидан бири. 1997 й. 23 январда таъсис этилган. Шарқ уйғониш даври етук санъаткори, буюк миниатюрачи мусаввир Камолиддин Беҳзод номи б-н юритилади. Мукофот тасвирий ва амалий санъат, халқ ҳунармандчилиги соҳасида яратилган, миллий истиқлол ғояларини ёрқин бадиий шаклларда акс эттирган, Ўзбекистоннинг буюк тарихини ва ҳоз. юксалиш жараёнларини ҳаққоний образлар орқали гавдалантирган ва кенг жамоатчилик томонидан тан олинган етук санъат асарлари учун берилади. Мукофотга сўнгги тўрт йил мобайнида яратилган, кўргазмага қўйилган ёки бошқа тарзда эълон қилинган монументал тасвирий санъат, меъморлик-бадиий таъмирлаш ва ҳайкалтарошлик асарлари кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Мукофотга тақдим этиш тўғрисидаги қарорлар вазирликлар, давлат қўмиталари, ижодий уюшмалар, республика ва халқаро жамоат ташки- лотлари раҳбар органлари томонидан қабул қилинади. ЎзРнинг бошқа Давлат мукофотига илгари сазовор бўлган асарлар бу мукофотга тавсия этилмайди. Бир мукофотга талабгорлар сони 3 кишидан ошмаслиги лозим. Мукофотни ЎзР Президентининг фармони б-н ҳар уч йилда бир марта Мустақиллик байрами арафасида бериш тартиби жорий қилинган. Мукофотнинг ҳар бири 80 та энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Мукофотга сазовор бўлган ижодкорларга тантанали вазиятда совриндорлик ёрлиғи ва фахрий нишон топширилади. Мукофот совриндорининг нишони кўкракнинг ўнг томонига тақилади. Мукофот такроран берилмайди.

002

Камолиддин Бехзод

Ўзининг такрорланмас ижоди, гўзал санъати ва ажойиб маҳорати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиёти учун баракали ҳисса қўшган забардас мусаввир Камолиддин Беҳзод Ҳиротда 1455 йилда ҳунарманд-косиб оиласида дунёга келди.
Тарихий манбаларда ёзилишича, унинг исми Беҳзод бўлиб, Ҳирот шахри аҳолиси уни суюб, эркалаб Камолиддин, деб чақиришган экан.Беҳзод ота-онадан жуда эрта етим қолиб, таниқли Ҳирот рассоми ва хаттоти Мирак Наққош Хуросоний қўлида тарбия олади. Ўз даврининг таниқли рассоми, миниатюрасоз Мирак Наққош уйидаги нигористонидаги ижодий муҳит, гўзаллик ва нафосат ёш Беҳзодни ҳам санъат ва ҳунарга ҳавас қўйишга ундади, келажакдаги тақдири учун ижобий роль ўйнади.
Шунингдек, Беҳзод Пир Сайид Аҳмад Табризий шогирди, деб ҳам хисобланади. Пир Сайид Аҳмад Табризий эса бухоролик устод Жаҳонгирнинг шогирди, бухоролик Жаҳонгир эса ўз навбатида устод Гунг шогирди бўлганлиги қайд этилган. Беҳзоднинг асарларидаги ўзига хос хусусиятларда устозларнинг таъсири катта деб хисобланади.
Навоийнинг шахсий кутубхонасида ўша даврнинг етук санъаткорлари Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур каби хаттотлар ижод билан банд бўлганлар. Беҳзод шу кутубхонада, айниқса, хаттот Султон Али Машҳадий ва Ёрий Музаҳҳиб билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган. Беҳзод ижодининг мавзу доираси, қаҳрамонлари шу ерда Навоий ва бошқа санъаткорлар ижоди таъсирида камол топган.

Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, Султон Ҳусайн саройида хизматга чақирилган. 1487 йил Султон Ҳусайн фармони билан Беҳзод салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Кутубхонадаги музаҳҳиб, халкор, заркўб, лаввоҳ, саҳҳоф, жадвалкаш, наққош ва қоғозрезу давотчилар бевосита Беҳзод раҳбарлигида ишлаганлар. Кейинчалик бу жой ўз даврининг бадиий академиясига айланади. Уни мутахассислар «Нигор хонайи Беҳзод» ёки «Беҳзод академияси» деб атаганлар.
1507 – 1510 йилларда Беҳзод Ҳиротни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлган.
Манбаларда берилган маълумотларга кўра, 1520 йилда Шоҳ Исмоил ёш шаҳзода Таҳмосибга расм ўргатиш учун Беҳзодни ўз салтанати пойтахти Табриз шаҳрига таклиф этади. 1522 йил эса махсус фармон билан рассомни ўз кутубхонасидаги китоба аҳли (котиб, наққош, музаҳҳиб, жавдалкаш, ҳалкор, заркўб, дожувардшўй ва бошқалар)га мутасадди этиб тайинлайди.
Беҳзод Табризда истиқомат қила туриб санъаткор сифатида ҳаётида яна бир бор жасорат кўрсатди. Ғурбатда, ғоят руҳий азобларда, она шаҳридан олисда туриб яна бир нафис тасвирий санъат мактабини бунёд этади. Ҳиротдагидек бу ерда ҳам ўз атрофига истеъдодли рассом, наққош ва бошқа ҳунармандларни тўплади, уларга қунт билан раҳнамолик қилиб, ўзининг сеҳргар санъатининг сир-асрорларини ўргата бошлади. Табризда Султон Муҳаммад, Оқо Мирак, Мир Мансур Мусаввир, Мир Саид Али сингари ўнлаб истеъдодли мусаввирларни тарбиялади.

1537 йилда кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин у Рустам Али дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган бўлади. Бундай жудоликдан қаттиқ қайғурган, кекса мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади. Мусаввирнинг қабри Кўҳи Мухтор (Мухтор тоғи; Афғонистон ҳудудида)нинг хушманзара жойида. Унинг қабри тошига шоир Амир Дўст Ҳошимийнинг қуйидаги шеъри битилган:

Ваҳид-ул-аср Беҳзод он ке чун у
Зи батни модари айём кам зод,

Қазо чун суврати умраш бипардохт
Ажал хоки вужудаш дод бар бод.

Зи ман сувратгаре тарих пурсид,
Баъд у гуфтам жавоб аз жони ношод:
Агар хохе ке торихаш бидони,
Назар афкан ба «Хоки қабри Беҳзод».

Мазмуни: “Ўз асрининг ягонаси бўлган Беҳзод шундай буюк одамки, ундай кишилар онадан жуда кам туғилади… Қазо (ўлим) унинг ҳаётига хотима ясади, ажал унинг тана тупроғини елга топширди. Бу сувратгар Беҳзод вафотининг тарихини (йилини) мендан сўради. Унга ғам-ғусса билан шундай жавоб бердим: «Беҳзод вафот этган» йилини билишни истасанг, «Хоки қабри Беҳзод»га (яъни Беҳзод қабрининг тупроғига) назар сол».

Image

002

Хуршид Даврон
БЕҲЗОД

Яшил рангни келтирди баҳор,
қизил рангни келтирди қилич.
Сариғ рангни дилдаги ғубор,
юракдаги оғир бир илинж.

Ва уларни бирин-бирига
ёвқур замон қориб ташлади.
Сен қул бўлдинг ранглар сеҳрига –
биз рангларни таний бошладик.

1980

002

25 январ — Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, адиб Ўлмас Умарбеков (1934-1994) таваллудининг 80 йиллиги.

88
Ўлмас Умарбеков (1934.25.1 — Тошкент — 1994.10.11) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Ўзбекистонда хизмат курсатган санъат арбоби (1984). Ўрта Осиё ун-тининг филол. фтини тугатган (1956). Республика телевидение ва радиоэшиттириш давлат қўмитасида муҳаррир, бош мухаррир (1956 —71), Ўзбекистон К.П МКда сектор мудири (1971—74), «Ўзбекфильм» киностудияси директори (1971—81), Ўзбекистон Маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари (1982—86), вазири (1987—89), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (1985—89), Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (1989—91). Илк китоби — «Ҳикоялар» (1958). «Хатингни кутаман», «Юрак сўзлари» (1960); «Бобоёнғоқ» (1961), «Юлдузлар», «Менга ишонмайсанми?» (1962), «Ҳаёт абадий» (1964), «Чарос» (1966), «Кўприк» (1968), «Болгар қўшиклари», «Олтин япроқлар» (1972),
«Қиёмат қарз» каби ҳикояларида кишиларнинг маънавий-ахлоқий гўзаллигини тасвирлашга, инсоннинг жамият ва табиат олдидаги бурчини, масъулиятини кўрсатишга алоҳида эътибор берган.
«Болгар қўшиқлари» (1972) туркум ҳикоялари ҳам ихчамлиги, драматизмга бойлиги, шеърий-ритмик хусусиятлари б-н ажралиб туради. Унинг «Севгим — севгилим» (1963), «Кимнинг ташвиши йўқ» (1965), «Уруш фарзанди» (1972),«Ёз ёмғири» (1973), «Оқ қалдирғоч» (1974) ва б. қиссалари жанрий ранг- баранглиги, қаҳрамонлар руҳий оламининг теранлиги, бадиий тасвир усулларининг такрорланмаслиги б-н диққатга сазовор. «Одам бўлиш қийин» (1970) ва «Фотима ва Зуҳра» (1994) романларида ёшлар, кишиларнинг хулқатворида кўринган салбий жиҳатларни тасвирлаш оркали совет даври маънавиятидаги камчиликлар ҳаққоний очиб берилган.
Ўлмас Умарбеков ижодида драматургия муҳим ўринни эгаллайди. 70-й.ларда ўз истеъдодини театр санъати соҳасида синаб,«Оқар сувлар» (1971), «Суд», «Ёшлик денгизи» (1972), «Комиссия» (1974) сингари пьесаларни ёзган. У. 80 й.ларда «Ўз аризасига кўра», «Кузнинг биринчи куни», «Қиёмат қарз», «Ассалом, қуёш» сингари етук саҳна асарларини яратди. Айниқса, машҳур театр артисти Ш.Бурҳонов ижросидаги Сулаймон ота образи туфайли Ўлмас Умарбеков пьесаси асосида саҳналаштирилган «Қиёмат қарз» спектакли томошабинлар ўртасида катта шуҳрат қозонди. Адиб Ҳамза номидаги театр (х.03. Ўзбек Миллий академик драма театри)да саҳналаштирилган бу ва б. пьесалари б-н шу давр ўзбек драматургияси тараққиётига муҳим ҳисса қўшди. Ўлмас Умарбеков «Қизимга мактублар» («Мангу ҳаёт бўсағасида») деб номланган сўнгги публицистик асарида ҳаётга, ўткинчи умрга чуқур фалсафий назар ташловчи, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётий тажрибасидан юксак хулосалар чиқарувчи ёзувчи даражасига кўтарилганини намойиш этган. Умрининг сўнгги йилларида ёзган «Туҳмат» (1987), «Оқсоқол» (1991), «Ўзинг учун ўл етим» (1992, тугалланмаган) драмалари ҳам эътиборга лойиқ.
Ўлмас Умарбеков «Йигит ва қиз» (1967), «Асосий кун» (1971), «Икки солдат қиссаси» (1973), «Чангалзордаги ов», «Севги афсонаси» (1985) ва б. киносценарийларнинг муаллифларидан бири.
Ҳаётнинг ботиний қатламларини чуқур ўрганиш ва тахлил этиш, инсон тақдирида рўй берган зиддият ва ҳолатларни, белгиларни умумлаштириш, бадиий тафаккур тарозисига қўйиш, лиризмга мойиллик, инсон характерини унинг руҳий ҳолати, ҳистуйғулари орқали очиб бериш адибнинг ижодий услубига хос хусусиятлардир. Асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреата (1980).

0445

Ўлмас Умарбековнинг «Қизимга мактублар» қиссасини Calameo дастури ёрдамида мутолаа қилинг.

(Tashriflar: umumiy 442, bugungi 1)

4 izoh

  1. Ўтган улуғларимизни ёд этиш, уларнинг маънавий меросини биз ёшларга англатиб туриш ва ҳали ҳаёт бўлганларини қадарлаш кўп савобли иш. Бундай савобли ишни беминнат қилаётган Хуршид акадан Аллоҳ рози бўлсин! Барчани янги йил билан табриклайман.

  2. G’oya muallifining boshlagan bu tabarruk ishlariga omad yor bo’lsin! Qolgan oylardagi tavallud sanalarini ham intiqlik bilan kutib qolamiz! Ijodkorimizning hayrli ishlariga rivoj bersin!

  3. G’oya muallifining boshlagan tabarruk ishlariga omad yor bo’lsin. QOlgan oylardagi qutlug’ sanalrni ham intiqlik bilan kutib qolamiz. Ijodkorimizning hayrli ishlariga riivoj bersin!

  4. HICH BIR HAQIQAT KURMADIM

    ER U OSMON-NE KIZDIM , HICH BIR HAQIQAT KURMADIM ,
    AZAL DAN TO ABAD YORDIM , AMMO ADOLAT KURMADIM .

    QANCHA DIN-U QANCHA OYIN ,TORTISHAR HAQ YULIDA ,
    HICH BIRIDIN HAQ UCHUN , EZGU DIYONAT KURMADIM .

    BARCHA OTMISH-U BUGUN-NE , BIR CHAMALAB QARASAM ,
    ESKI OYU GHOYA SIDIN , TUZIK TIENAT KURMADIM .

    ANCHA SI KITGAN OTIB , BIR MUNCH SI YURGAN HOZER ,
    QANCHA ARBOBLAR NE KURDIM , ASLO SADOQAT KURMADIM .

    QANNI HURMAT , QANNI IZZAT , QAIDA UL INSONIYAT ?
    BIR BASHAR AVLODI ICHRA , UNSI ULFAT KURMADIM .

    EZGU SOZLAR MASJID-U MUNBAR ARO YAGRAR MUDOM,
    OZGA YARDA , TUGRI SOZ-U TUGRI NIYAT KURMADIM .

    YURTE QURGHONLAR GA BORIB , OCHRADIM MIN EL BILAN ,
    OZ DARDEGA QAVERILGAN ELIDA , HALOVAT KURMADIM .

    HUR -U ERKINLIK OCHUN , SOZBIRIB NI LOF ORDILAR ,
    ISH BILAN SOZLARIGA , HICH BIR SADOQAT KURMADIM .

    QAIDA QOLDI SOZ BIRIB EL ICHIDA GIRDAIGANI ,
    TILINI KUNGLI BILAN , HICH HAM LAYOQAT KURMADIM .

    EY HAQIQAT HAR DOYAM MEN , SIN OCHUN KURASHDA MAN ,
    OTDI OMRIM BIR KURAI DIB , SINDAN MURUVAT KURMADIM .

    YALGHON-U, NI FATNA LARDIN QURILGAN DUR BU JAHAN,
    BOSHIDAN -AYOG GACHA , YAKHSHI TABIYAT KURMADIM .

    HURMAT VA ADAB BILAN
    AZIZ FARYABI

    هیچ بیرحقیقت کؤرمه دیم

    یر و آسمان نی کیزدیم ، هیچ بیر حقیقت کؤ رمه دیم ،

    ازل دن تا ابد یوردیم ، اما عدالت کؤرمه دیم .

    قنچه دین و قنچه آیین ، تارتیشر حق یولیده ،

    هیچ بیریدن حق اوچون ، ایزگو دینانت کؤرمه دیم .

    برچه اؤتمیش و بوگون نی ، بیر چمه لب قره سم ،

    ایسکی اوی-یو غایه سیدن ، توزیک طینت کؤرمه دیم.

    انچه سی کیتگن اؤتیب ، بیرمونچه سی یورگن حاضر ،

    قنچه اربابلر نی کؤردیم ، اصلا صداقت کؤرمه دیم .

    قنی حرمت ، قنی عزت ، قیده اول انسانیت ؟

    بیر بشر اولادی ایچره ، انس و الفت کؤرمه دیم .

    ایزگو سؤز لر مسجد و منبر ارا ینگرر مدام ،

    اوزگه یرده ، تؤغری سؤز و تؤغری نیت کؤرمه دیم .

    یورت و قورغانلرگه باریب ، اوچره دیم مین ایل بیلن ،

    اؤز دردیگه قاوریلگن ایلیده ، حلاوت کؤرمه دیم .

    حورو ایرکینلیک اوچون ، سؤزبیریب نی لاف اوردیلر ،

    ایش بیلن سؤزلریگه ، هیچ بیر صداقت کؤرمه دیم .

    قیده قالدی سؤزبیریب ایل ایچیده گیرده ی گنی ،

    تیلینی کؤنگلی بیلن ، هیچ هم لیاقت کؤرمه دیم .

    ای حقیقت هردایم مین ، سین اوچون کوره شده من ،

    اؤتی عمریم بیر کؤره ی دیب ، سیندن مرووت کؤرمه دیم .

    یالغان — او ، نی فتنه لر دن قوریلگن دور بو جهان ،

    باشیدن — آیاغگچه ، یخشی طبعیت کؤرمه دیم .

    عزیز فاریابی

Izoh qoldiring