Shukur Xolmirzayev. Ot egasi & Olim Toshboyev.»Men yomon yozuvchimasman…»

11  Устоз «Адабиёт ўладими?» мақоласини Ёзувчилар уюшмасида катта адабий йиғинда мана шундай тик туриб, ғулдираган овозда ўқиб берганида йиғилганлар шеър ёхуд достон каби тинглаганлари кўз ўнгимда турибди. Йиғилиш қизғин мунозаралар билан якунланганди ўшанда. Адиб ҳаётининг сўнггигача такрорлаб кетган «Мен адабиётга хиёнат қилмадим», деган гапини энди-энди англаётгандекман…

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
ОТ ЭГАСИ…
4

Иноднинг учта бойлиги бор эди. Бири — сой бўйидаги сердарахт қишлоғи; қишлоқ четида босмачилар билан урушда ҳалок бўлган отасининг қабри дўппайиб турар, Инод гоҳо уни зиёрат қилгани борарди. Иккинчи бойлиги — қишлоқ ўртасидаги тепада ўрнашган икки хонали мактаби эди; бу мактабга тоғнинг олис-олис бурчакларидан отли, эшакли бўлиб ўқувчилар қатнар, ҳаммасининг ягона муаллими шу Инод эди. Унинг учинчи бойлиги — қорабайир оти эди; бу отнинг олис авлоди муаллимнинг отасига ҳам вақтида хизмат қилган, уни кўп жангу жадаллардан омон олиб ўтган эди. Лекин Иноднинг қўлидаги ушбу қорабайир ҳам унга содиқ хизматини ўтарди, икки бор анави сойни сел суви босганда, эгасини олиб чиққан, тўрт йилдан буён кўпкариларда улоқни муттасил шу айириб чиқар, яна унинг бир хосияти қуйидагича эди… Узоқ йили Иноднинг бор-йўқ икки фарзанди беда солинган бостирмага туйнукдан кириб, гугурт ўйнайди, бедага ўт кетади. Уларнинг қий-чувини эшитган оналари бориб, эшикни очмоқчи бўлади, бироқ эшик қулф, у ҳам жонсарак ҳолатда туйнукдан ўзини ичкарига ташлайди. Болаларини топади, бироқ тутуну олов босган хонада кирган туйнугини тополмайди. Алангани кўриб яёв чопиб келган Инод хотин, бола-чақасининг аллақачон соб бўлганини кўради. Сўнг уларни отаси ётган қабристонга кўмиб, чорбоғда ёлғиз қолади. У руҳан ва жисман ҳарчанд кучли бўлмасин, ғам уни эза бошлайди, қишлоғу мактабидан ҳам кўнгли совиб боради. Ночорликдан қорабайирни миниб, тоққа кетади. Чўпонлар овулида санғиб, марҳум отасининг жанг қилган ерларини кўради, зумрад қорли чўққилар остидан ўтиб, яшил ўтлоқларда тунайди ва ўзи сезмаган ҳолда кўнгли кўтарилиб, дарди пасайиб, қишлоққа қайтади. Шундан кейин дарсдан бўш кунларида қорабайирда сайр қилиш унга одат бўлиб қолади.

Ойлар ўтиб, йигит қалбидаги яра битгандек бўлади. Қишлоғию мактабига бўлган меҳри яна жўш уради. У азалги аҳволига қайтгандай ҳис этади ўзини.

Мактаб икки хонадан иборат бўлиб, бири даҳлиз, бири синфхона. Ана шу синфда етти яшар болакай ҳам, ўн икки яшар йигитча ҳам ёнма-ён ўтириб ўқишади, уларнинг ҳар бири ҳар хил синф ўқувчиси бўлгани ҳолда, бир синфда ўтириб сабоқ олишлари бир-бирига халақит бермайди. Чунки бу атрофда бундан ўзга мактаб йўқ, шу ерга қатнаб, имкони борича илм оладилар. Иноднинг ўзи вақтида ўн синфни битирганди, холос. Қолаверса, улар ўқитувчиларини севади, бу — бир қадар хўмрайган, оғиркарвон ва алланечук одамови йигитни ҳурмат қилишади. Инод бўш соатларда ва меҳнат дарсларида қорабайир отини мактаб қошидаги майдонга келтириб, ўқувчиларга арғумоқда юришни ҳам ўргатади, милтиқ отишни ҳам кўрсатади, гоҳо сой сувини банд қилиб, болалари билан балиқ ҳам тутади.

Бир кеч Инод мактабдан чорбоғ қоровули билан яёв қайтиб келаркан, қоровул Бўрибой:

— Эшитдингизми, шахсий от сақлаш ман бўлипти. Қарор чиқипти. Бир милиса кеча бизнинг ёнимиздаги юртдан бир чўпоннинг отини ҳайдаб кетди, — деди.

Иноднинг кўнгли хира бўлди:
— Янгилик-ку… Лекин мен отимни бермайман, — деди.

Дарҳақиқат, бу тоғ ёнбағирлари қарашли бўлган раёндаги партия комитети «нега ўзимиз тоғлик бўлиб, қимиз ишлаб чиқармаймиз!» деган мулоҳаза билан янги бир совхоз ташкил этишга қарор қилган, аҳолининг ортиқча байталларини сотиб олиш учун ташкилотлардан жойларга вакил жўнаган эди. Бу томонлардан бия сотиб олиш эса кичик лейтенант Эгамберди Худойбердиевга топширилган эди. Унинг эса дилида бошқа бир пинҳоний истаги ҳам бор эди: ана ўша тоғдаги сой бўйида жойлашган қишлоқда истиқомат қиладиган муаллимнинг кўп яхши, чопқир, чиройли оти бор-да. Шуни ўзиники қилишнинг иложи йўқмикин? У ўйлаб-ўйлаб, иложини топди: бир неча биянинг нархини бичиб, раёнга жўнатгандан кейин Тумшуқда битта чўпоннинг соппа-соғ байтали тургани ҳолда, унинг миниб юрувчи отини алдаб-сулдаб, қўрқитиб, дўқ уриб сотиб олди ва: «Нега бия олмадинг, деб сўрашса, бияси йўқ экан, отини бера қолди. Буни алмаштириш мумкин-ку дейман-да», деб ўйлади. У билардики, қишлоқ қоровули чўпонга қўшни, қишлоқда эса Инод муаллимдан бўлак киши йўқ ҳисоби. Аҳолиси бўз ерларга кўчиб кетган. Демак, бу хабарни қоровул чол Инодга етказади…

Инод пешайвонли уйи олдидаги бедапояда йўнғичқа ўрарди. Қуёш кунботарга эгилиб, кунчиқардаги адирлар бағрини ёритар, сойнинг ҳам у ер-бу ери йилтирар эди. Нари соҳилдан тўриқ от минган шапкали, погони бор киши пастлай бошлади. Сувни кечиб ўтиб, бу соҳилга чиқиб келди.

Инод унга бир қаради-да, ишидан қолмади.

Эгамберди пакана жийдаларни оралаб, бедапоя адоғида пайдо бўлди.
— Ҳов, саломатми? Қани бу, меҳмон келдими, демайсиз? — деди.

Инод қаддини кўтариб турди. Ўроқни ўрик танасига қаттиқ санчиб:
— Келинг, — деди дўриллаб.

Эгамберди тўриқни жадал. ҳайдаб, ўрик остига келди, эгардан сакраб тушиб, тизгиндан тутганича чорбоғ эгаси томон йўрғалади.
Инод у билан хомуш кўришди.

— Қани, бу маза йўқми? — деди Эгамберди кулиб ва тизгинни ўрик чўқморига боғлади, ўриб қўйган ўтдан бир қўлтиқ олиб от олдига ташлади; кафтларини бир-бирига уриб қоққанича, Инодга кулимсираб бокди. — Биламан, нимадан хафасиз? — деди, сўнг чуқур хўрсинди: — Энди, Инодбой, бу кўпга келган тўй, жўра. Биз оддий ижрочи. Шунинг учун биздан хафа бўлмайсиз энди.

— Йўғ-е, сиздан нимага хафа бўламан, — деб тўнғиллади Инод ва уйи томонга бурилди. Айвонга етиб, ичкаридан кўрпача олиб чикди. Шолчага ёзиб ташлаб: — Ўтиринг, чалоб ичасизми? — деди.

— Чалобми, чалобдан ҳам чакки маъқул! — деди милиционер кўрпачага чўккалаб.

Инод дастурхон чиқариб тўшади, устунга илиғлиқ қўй қорнидан қилинган тулум оғзини очиб, косага ёғоч қошиқ билан сузма олиб сола бошлади.

— Бу, Инод жўра, қачон уйланасан энди? — ўзини унга яқин кўрсатиш учун сен-сенлаб сўради Эгамберди.

— Э, ўлмасак уйланамиз-да бир куни, — деди Инод. Косани келтириб, дастурхонга қўйди. Қоровулнинг хотини ер тандирда пишириб юборган уй нонини тўрт бўлакка бўлиб, меҳмоннинг олдига тизди.

— Олинг, дастурхонга қаранг.
— Қани, ўзларидан, қани.

— Олаверинг, қорним тўқ… Лекин, Эгамберди, бекор кепсиз бу ерга, мен бари бир отимни бермайман. У менга… жуда қадрдон бўлиб қолган.

Эгамберди сузмага булаб олган нонни оғзига солиб, дудуқланганича бидиллай кетди:

— Биламан, биламан, жўражон. Сизларга от сув билан ҳаводай зарур! Лекин илож қанча… Лекин менга бермасанг, бошқаси келиб олиб кетади. Шундай эмасми? Масаланинг бошқа жиҳатиям бор. Мендан, Иноднинг оти қани, деб сўраганда нима деб жавоб бераман? А? Тўғрисини айтаман-да, шуни талаб қилишади, тўғри сўз айтганда жазоям камайтирилади. Унда, жўражон, ўзингга қийин бўлади… Қарорни бажаришдан бош тортган, дейишади сени. Бу ёмон гап, билсанг.

Инод бошини қуйи солиб, анча вақт жим ўтирди. Ниҳоят:

— Шундайми? — деди.
— Ҳа, албатта! — деди Эгамберди.

Инод яна жим қолди. Сўнг меҳмонга манглайи остидан қаради.

— Билишимча, сизлар келишувчиликкаям кўнасизлар, — деди.
— Қандай? — ўсмоқчилади Эгамберди.

— Шу… жўра деяпсиз мени, раҳмат бунга… Эгамберди, менда бир соғин сигир бор, шуни ола кетинг, ўзингизга… Лекин шу от қолсин менда, а?

Эгамберди чайнаётган нонини ютмай: «Э, бир сигирли бўламан-ку?»— деб ўйлади ва говмиш сигирга эгалик қилиш ҳисси унинг қорабайирга бўлган ишқини сусайтирди. Шундан кейин у жиддий тус олди:

— Бу порахўрлик-ку, давлатни алдаш-ку?

— Биламан, — деди муаллим ночорлик билан. — Биламан… Лекин сизнинг кўнглингизни олай дейман-да. Бу… сизга боғлиқ-ку? Майли, мен уч-тўрт йилгача отни раёнга йўлатмайман, ҳов тоққа, танишларнинг қўлига бериб қўяман, ўша ёкда турсаям кўнглим тўқ.

Эгамберди манглайини чангаллади: «Ҳозир сигирнинг устига ўн беш қўй бер десам ҳам беради!»— деб кўнглидан ўтказди.

— Хўп, лекин отинг ёнингда қолади, деб ваъда беролмайман, биронта катта пайқаб қолса, ўзинг жавоб берасан! — деди.

Эгамберди косани ялаб, турди.

— Мен анави қирнинг ортидаги Эшмат подачининг уйида бўламан, қош қорайгандан кейин… сигирни етаклаб ўт. Чолга бериб қўйсанг, ўзи подасининг ичида боқиб юраверади. Лекин шу гап шу ерда қолсин, — деди. Сўнг таҳдид билан давом этди: — Бировдан шу гапни эшитсам, Инодбой, билиб қўй, айб ўзингга тушади. Органнинг одамини йўлдан урмоқчи бўлган дейишади сени. Мен уни синаган эдим, қанча шахсий моли борлигини билмоқчи бўлган эдим, дейман… Менга ишонишади.

— Тўғри гапингиз, — деди Инод.

Эгамберди кетгандан кейин қорабайирга эгалик қилиш истаги унга яна тинчлик бермади, ҳафта ўтказиб, хафақон бир кайфиятда тағин тўриғини йўрттириб, Иноднинг чорбоғида пайдо бўлди.

— Бу ишимиз ўтмади, жўра, — деди у Инодга. — Сенда от борлигини раённинг етти яшаридан етмиш яшаригача биларкан. Ўлган десам ҳам ишонишмади. Яширган, топиб келинг… бўлмасам, ишга совуққонлик билан қараган, деб ўзингизни жавобгарликка тортамиз, дейишди. Мана, келдим.

— Яна бир марта йўқ деб юборинг, — деди Инод. — Ўн бош қўйим бор, шуям сизники… Отни берсам, куним қаттиқ бўлади, Эгамберди. Отамдан ёдгорлик. Эр йигитнинг оти бўлиши керак, дер эдилар. Шу от… менинг оғир кунимга яради.

Эгамберди яна манглайини ушлади, қўйларни ўзиники қилганидан кейин ҳам яна от хуморига тушиб келишини ҳис этди ва:

— Йўқ энди, жўражон! — деди. — Шу сигирингни олганимдан бери кўнглим қора. Хоҳласанг, бориб подачидан қайтиб ол.

— Шундайми?
— Ҳа! — деди Эгамберди ва кўнглига ғашлик тушиб, унинг нима қилишини кутди.

Инод йирик гавдасини оғир буриб, уйи орқасига ўтиб кетди. Арчазор ёнбағридаги қўрикда бойлоқ турган қорабайирни етаклаб келди. Уни ўрик остида қаққайган Эгамберди ёнида тўхтатиб, қашқали пешонасидан ўпди-да, бедапоянинг ўртасига олиб бориб, тизгини учини тиканга боғлади, уйга қайтди.

Эгамбердига Иноднинг ҳаракатлари жуда сирли кўриниб, кўнгли ваҳима тушди. «Нима қилмоқчи ўзи у?» — деб орқасидан қараб қолди. Сўнг кўм-кўк йўнғичқазорда сувсардек ялтиллаб, одатдаги отларникидан йўғон бўйнини гажак қилиб, одатдаги арғумоқларникидан кенг ўмровини кериб ва одатдаги чопқир отларникидан ингичка оёкдарини ерга қаттиқ тираб турган қорабайирга қаради. Унинг кўзларига кўзи тушиб, эти жимирлаб кетди.

От худди даҳшатли бир хавфни сезгандек олайиб, эгаси кириб кетган уйга қарар, ҳайратда қотган антиқа ҳайкалга ўхшар эди. «Ёпирай!» — деди Эгамберди ва хона эшигида Иноднинг қорасини кўрди. От бирдан титроқ товушда кишнаб юборди.

Шунда уй эшигидан отилган милтиқнинг тутуни чўзилиб чиқди, арғумоқ баландга сапчиши ҳамон ўқ овози эшитилди. Ниҳоят, эшикдан қўлида милтиқ тутган Инод чикди. Қорабайир ёнбошлаб ётиб оёқларини силкир, қисқа-қисқа кишнар эди, Эгамберди ўқ унинг пешонасига теккани, қон у ердан тирқираб чиқаётганини кўрди-ю, ҳам даҳшат, ҳам ачиниш билан кўзларини юмди. Инод милтиқни шолчага ташлаб, супа лабига ўтирди.

«Бунинг авзойи бузуқ», деб кўнглидан кечирди Эгамберди Худойбердиев ва милтиққа назар ташлади: бир тиғли. «У ўқ чиқариб жойлагунча анча ерга бориб оламан», деб ўйлади… Йигитнинг карахт гавдасига бир қараб олиб, тўриғини ечди, ўзини эгар устига олиши билан бу манзарадан юраги ёрилгудек бўлиб турган от уни олиб қочаётгандек югура кетди.

«Мени қамашадими?!» — лоқайд ўйлади Инод отлиқ орқасидан қараб ва бу ўйи кор қилмай, устунга суянди. Қорабайир хириллар, ҳамон ингичка оёқларини силкир, иссиқ қон ҳиди атрофга ёйилган эди.

От жимиб қолгандан кейин Инод унинг бошига борди ва бирдан унинг бўйнидан қучоқлаб, кўзларини юмди. От бадани совиди. Инод ўрнидан турди: қаршисидаги арчали тоғлар ҳам, чорбоғи, дарахтлари ҳам, анави сою олисда оқариб турган мактаби ҳам маъносини йўқотган, йигитнинг кўзлари лоқайд боқарди. У тағин от бошида чўнқайди-ю, қишлоқ ёқасидаги қабристоннинг оқ ялови, туғ учидаги қўчқор шохини кўрди. Беихтиёр от тизгини билан унинг оёқларини кулликлаб, билагига солди. Ёнбошига йиқилгудек майишиб судрай бошлади. Қабристонга етиб, жигарлари гўри ёнида отни қолдириб қайтди. Кетмон олиб бориб, ёрма гўр қазиди ва қорабайирни тушириб кўмди.

Сўнг кечгача шу ерда ўтирди, отаси ва бола-чақасининг ҳам руҳига тиловат қилган бўлди. Кейин уйга қайтиб, эшикларини қулфлади-да, сойга тушиб борди.

Унинг ёқаси билан юриб, қош қорайганда сув оқиб чиқаётган боғ бетига етди. Ўтирди. Ой чиқиб, олисда қолган қишлоқнию тепадаги мактабни равшан ёритди. Шунда Инод бош олиб кетиб, қаерда ҳам яшаши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди.

Инод бир неча ойдан кейин Эгамбердининг ўшандаги нияти нима эканлигини пайқади. Лекин бу вақтда унинг кўнглида қолган икки севгилиси — қишлоғию мактаби яна томир отиб улгурган эди.

Олим Тошбоев
«МЕН ЁМОН ЁЗУВЧИМАСМАН…»
08

Шукур акани биринчи марта тўртинчи синфдалигимда «Оғир тош кўчса…» китоби орқали таниганман. Отам зиёли бўлгани сабабли уйимизда анча-мунча китоблар бўлар эди. Бир куни отам ўқийсан, деб Миркарим Осимнинг «Жайҳун устида булутлар» ва Шукур Холмирзаевнинг «Оғир тош кўчса…» китобларини берди. Шукур аканинг китобига ишора қилиб: «Бу одам ўзимиздан чиққан ёзувчи», дея қўшиб қўйди.

Ёзувчи билан илк юзма-юз мулоқотимиз эса журналистика факультетининг иккинчи курсида ўқиб юрганимда бўлган. Талабаликка хос ғайрат ва беандишалик билан адиб ҳузурига борганман. Тирик ёзувчини кўриб, суҳбатини тинглаб, ҳаяжонланганман. Кейинчалик, аниқроғи, ёзувчининг «Олабўжи» романи «Шарқ юлдузи» журналида чоп этила бошлагандан сўнг шоир Эшқобил Шукурнинг таклифи билан «Саодат» журнали учун суҳбат ёзиб келганман. Ҳажман каттагина ушбу суҳбат 1993 йил журналнинг (муқовада ёзувчининг ўзига хос рангли сурати берилган) 2-3-сонларида эълон қилинди.

Юрт тарихини зўр биладиган, фольклорни, урф-одатларни нозик англайдиган, ўта китобхон ёзувчи эди Шукур ака. Адабиётга асоссиз даъво қилгувчи баъзи қаламкашлар ҳақида гапириб «Булар китоб ўқимайди. Китоб ёзади», деганларини бир неча маротаба эшитганман.

Устоз «Адабиёт ўладими?» мақоласини Ёзувчилар уюшмасида катта адабий йиғинда мана шундай тик туриб, ғулдираган овозда ўқиб берганида йиғилганлар шеър ёхуд достон каби тинглаганлари кўз ўнгимда турибди. Йиғилиш қизғин мунозаралар билан якунланганди ўшанда. Адиб ҳаётининг сўнггигача такрорлаб кетган «Мен адабиётга хиёнат қилмадим», деган гапини энди-энди англаётгандекман…

Шукур ака меҳри ҳам, қаҳри ҳам қаттиқ одам эди. Меҳри товланганни «ойнанай», дея кўпчиликнинг олдида бўлсин очиқ суяр, хуш кўрмайдиган одамини, масалан, «Ўтириб бўмийди, оғажон!» ёки биронтаси ўзига эътиборсиз бўлса, «Соқолиниям омийди, энағар!» деб янир эди. Аканинг Дўрмонда ўтган ижодий ҳаётини яқиндан биладиганлар яхши эслайди: Шукур ака адабий қаҳрамонлари каби мағрур ва ҳалол яшаб ўтди. Ўзига шароит яратиш илинжида бировга ялиниб бормади. Бозор иқтисодини, ҳаёт мураккабликларини баҳона қилиб йўллари айро тушган дўсту қадрдонларидан, беоқибат шогирду укаларидан гина қилса-да, кўнглида уларга нисбатан ғараз сақламади. Китоблари нашр этилмай турган йилларда бир асабийлашиб, яна ижод билан машғул бўлиб кетаверарди.

Ёзувчининг Дўрмондаги туғишган укаси Неъмат ака тиклаган пешайвонли, икки хонали уйи жуда кўп адабий суҳбат ва мунозараларга гувоҳ. Боғ ниҳоятда меҳр билан парваришланган: турли атиргул ва мевали дарахтлар ҳар қандай йўл ўткинчининг (Шукур аканинг дала ҳовлиси катта боғнинг кираверишида жойлашган) ҳавасини келтирар, ерга бунчалик меҳрнинг сирини сўрасангиз:

— Боғига бир туп ниҳол қадамаган одамнинг ватан ҳақида ёзганига ким ҳам ишонади?! — дея савол оҳангида гап қотар эди.

Адибимиз ўз қўллари билан яратган боғда яйраб суҳбат қуришни жуда яхши кўрар, боғдаги ҳар бир туп гул ва дарахтни кимдан ва қаердан олиб келганини эринмасдан ҳикоя қиларди. Боғ ҳосилга кирган йил Шукур ака учун унутилмас йил бўлди десак адашмаймиз. Шиғил мевалар ва сабзавотларга кимларнинг оғзи тегмаган дейсиз… Ана шундай суҳбатлар айланиб адабиётга келиб тақалар ва Шукур ака устози Абдулла Қаҳҳорнинг мана шундай ўтиришларда ҳикояларининг сюжетини айтиб пишитиб олганларини мароқ билан сўзлар ва ўзи ҳам кўпинча ёзилажак ҳикоя ва эсселарини образга кириб айтарди. Масалан, «Банди бургут», «Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди», «Уҳ», «Чиллак ўйин» каби ўнлаб асарлар сюжети ана ўшандай ўзаро суҳбат-гурунгларда эшитилган. Шукур ака насримизнинг шоири, шеърий таъби ниҳоятда нозик ва баланд эди. Навоий, Бобур, Машраб ғазалларини, Миртемир домланинг «Сурат» поэмасини, Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Усмон Азим ва бошқаларнинг энг зўр шеърларидан парчаларни ёд айтиб, сўнгида «Қалай? Зўр-а?» деб мамнун жилмаярди. Эсимда, бир газета муҳаррири бўлган шоирнинг китобига кирган айрим шеърларнинг бутун-бутун қаторларини чизиб, саҳи-фаларга «шеър эмас, сўзбозлик», «шеър шу ерда тугаган», дея изоҳлаб кетганини кўрганман.

Шукур ака ёзувчи одам шеъриятни яхши билиши кераклигани, шоир эса, аксинча, кўпроқ проза ўқиши лозимлигани уқтирарди.
Шукур ака ўзини туғишганларидан, Бойсундан, унинг ўзига хос характерли одамларидан айри тасаввур қила олмас ва мудом улар соғинчи билан яшар эди. Шукур аканинг онаси — Ойша момонинг маъракаларидан сўнг Дилобар жиянининг «06»сида Тошкентга жўнадик. Шукур ака билан мен орқага, ўғли Жамшид эса олд ўриндиққа жойлашдик. «Жигули» Биби Шириндан узоқлашмай туриб, устоз мўл юриб ҳориган йўловчидай: «Дилажан, сенга қувват берсин. Бизга эътибор қилма», дедилар ва: «Йўлнинг танобини тортамизми, оғам», деб менга юзландилар. Ўзига яраша сафар тадориги кўриб қўйилганидан хотиржам бўлиб, секин-аста йўл танобини торта бошладик. Деҳқонобод, Китоб, Булунғур, Ғаллаоролда кечган тонготар суҳбатларнинг ўзи бир тарих. Адибимиз, айниқса, Фозил Йўлдош номидаги хўжалик ҳудудида яшовчи тоға ва жиянлари даврасида кўрсатилаётган иззат-икромдан, қолаверса, қариндошлик ришталари бардавомлигидан ўзини эркин ва қудратли ҳис қилганди ўшанда. Мен ана шу тўрт кунлик ўзига хос саргузаштларга бой бўлган сафар давомида Шукур аканинг тутинган укаларига, жигарларига айрича меҳри борлигини кўрдим ва ўзимча хулосалар қилдим. Яна бир мисол.

Адибнинг дўсти, «Она тупроқ қўшиғи», «Боботоғ», «Пайғамбар ороли» каби гўзал эсселари билан маълуму машҳур археолог, ёзувчи Менгзиё Сафаровнинг қазоси ҳақидаги хабар келган кун Шукур ака билан телефонлашдик. Адиб тамом чўкиб, довдираб, дам-бадам уф тортар, аламли овозда «Менг-зиё, Менгзиё!» дея каловланарди. Кейинчалик «ЎзАС»да «Сенинг қадринг ўтди» (аслида «Сенинг қадринг ёмон ўтди» эди — О.Т.) деган хотираси эълон қилинди. Иродаси чўрткесар, ўз билганидан қолмайдиган, танти Шукур ака бир умрлик қадрдони вафотини оғир қабул қилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Менгзиё Сафаровнинг “Турналар учди” киссаси икки ижодкор дўстнинг бир-бирига ёзган хатларидан таркиб топганини, Менгзиё аканинг тарих, археология мавзуидаги суҳбатлари ва ўқийдиган китоблари таъсирида Шукур аканинг «Қадимги Бақтрия тупроғида» номли эссеси дунёга келганини кўпчилик билмаса керак.

«Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги муносабати билан 1999 йилда Ўзбекистон телевидениесининг «Юзма-юз» кўрсатуви орқали ака-ука суҳбат қилдик. Кўрсатувни кўчириб сақлаб қўйганман. Достоннинг моҳияту аҳамияти ҳақида тўлиб-жўшиб гапирган адиб: «Мустақил бўлганимиздан буён учиб юрибман, оғам. Энди мен билан гаплашадиган одам йўқ», деган эди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 1988 йил 6-сонида Шукур Холмирзаевнинг 1987 йил хикоячилиги ҳақидаги «Мўъжиза бўлиб қолсин» сарлавҳали ўйлари берилган. Гарчи адиб камтарлик ила ўйларим, деб атаган эса-да, ушбу мақола ёзувчининг миллий прозамиз, жумладан, ҳикоячилигимиз ҳақидаги жиддий чиқишларидан биридир. Муаллиф ҳикоячилигимиз ютуқ ва камчиликларини ёзувчи нигоҳи билан кўради, тадқиқ қилади. «Бир нарсани бемалол қайд қилишим керак: кўпчилик ҳикояларимизда ечим чатоқ», дейди адиб ва Чеховнинг «Ҳикояга янги ечим топиш — янги ҳикоячиликни бошлаш билан баробар», деган фикрини келтириб ўтади. Шукур Холмирзаевга кўра: «Ечим — ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғли билиши, қолаверса, маҳорат — профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир!»

Мақолада насримизда бўй кўрсатаётган янгича йўл-йўналишлар ҳақида ҳам тўхталиб, айрим димоғдор, даъвоси катта ёзувчиларга анчайин бир холис баҳо бериб: «Энди, умуман, маҳорат бобидаги тилак — оламни кенгроқ, дунёвийроқ мушоҳада этиш, демак, ўзимизга ижтимоий ва бадиий талабларни каттароқ қўйиш, қолаверса, ижод техникаси — профессионалликни мукаммалроқ эгаллашдан иборатдир», деган эди. Мақоланинг дунё юзини кўрганига йигирма йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Яқинда мақолани яна бир қур вараклаб, муаллифнинг эътироф ва эътирозлари асосан ўринли бўлганлигини, буни ўтган давр амалда исботлаганини англадим. Тўғрисини айтганда, сўнгги йилларда қайси ёзувчи-ижодкор мана шундай ички бир мажбурият ҳисси билан адабиёт, миллий наср, қолаверса, ҳикоячилигимиз ҳақида холис, мукаммал бир тадқиқот қилди?!

«Тафаккур» журналининг 1999 йил 1—2-сонларида ёзувчининг «Жамиятнинг мақсади» номли эссеси эълон қи-линди. Эссе миллат ва жамият ҳаётининг маънавий-ғоявий йўналиши, мафкуравий муносабатлари ҳақидадир. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, адабиётдан анчайин йироқ бир мавзу тадқиқига ёзувчимиз қандай эҳтиёж туфайли қўл урди? Асар мутолаасидан чиққан ўқувчи шуни ҳис қиладики, ёзувчи ўзи мансуб бўлган халқ ва унинг маънавий-ғоявий ҳаётидаги долзарб масалага бефарқ бўла олмас экан. Уни фуқаролик, фарзандлик масъулияти мудом ҳушёр ва онгли фаолиятга ундаб турар экан. Ҳа, ёзувчининг зиммасида ижтимоий юк ҳам бор экан-да! «Мафкура… Нима у? Моддий нарса эмаски, ушлаб, салмоқдаб кўриш мумкин бўлса. Аммо нечун бу сирли сўз гоҳо даҳшатли куч бўлиб туюлади? Гоҳо ҳаётбахш умидлар, уларнинг рўёби ҳам шу бир калима мағзига жо эканига ишонасан киши…», деб бошланади эссе. Адибимиз мафкура инсоннинг энг оддий ва олий талабу эҳтиёжлари натижасида пайдо бўлиши ҳақида сўз юритиб, мафкура манзарасини шундай чизади: «Мафкура бир танда мавжуд икки қиёфали одамга ўхшайди. Бир қиёфаси — эзгулик суратида. Ажабки, ушбу сурат туширилган полотно йўқ, яъни эзгуликка хизмат қилувчи мафкуранинг ёзилган китоби бўлмайди. Қабиҳликка, талончиликка, босқинчилик ва тўймас нафсни қондиришга ундайдиган иккинчи қиёфасининг эса шакли-сурати, яъни битилмиш қомуси бор…».

Муаллиф ўқувчини хаёлан аввало қадим тарих — Кофарниҳон дарёси бўйларида яшаб ўтган аждодларимизнинг Сув тангрисига қурбонлик маросимига, ундан кейин Америка ҳиндулари ҳаётига сайр қилдиради: диний урф-одатларнинг моҳиятига назар солиш ва уни англашга ундайди. Воқеалар ривожи баробарида биз такомилга етган даврлар манзарасини кўрамиз, инсоният ривожлангани сайин унинг маънавий-ғоявий дунёси ҳам мураккаблаша борганини кузатамиз. Муаллиф ўз кузатувларини шарҳлар экан, қатъий бир фикрни ўртага ташлайди: «Маълумки, ҳар қандай мафкура дин ва инсоний қомуслар (конституциялар) бағрида, қаватида, улардан руҳ олиб, озиқланиб униб-ўсади. Кейин ўз навбатида қомусга ҳам, динга ҳам ўз таъсирини ўтказади. (Тўғри, баъзан мафкура шунчаки дин шаклида бўлиб, унинг йўриқлари доирасида иш тутади, баъзан конституция шаклида ҳам қолаверади)».

Эсседа эътироф этилганидек, «инсонлар бир-бирига тенг ва эркин ҳаёт кечирадиган давлат» ғояси атрофида устоз-шогирд — Арасту ва Афлотун бир-бирини инкор этди. Аммо бу ғоя ўн асрлар ўтиб Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» рисоласида кўтарилди. Франдуз алломалари Ж.Ж.Руссо ва Вольтернинг «идеал давлат» ҳақидаги чиқишлари Париж коммунасига замин яратди. Рус большевиклари Франдуз инқилобидан илҳомланиб, улар куйлаган «Марсельеза»ни ўзларига мадҳия қилиб олиш баробарида қўшиқ матнига ҳамоҳанг — «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!» деган шиорни байроқ қилиб кўтардилар. Шукур Холмирзаевнинг фикрича, коммунистлар мафкурасининг илк банди — инсонларни тенг қилиш (бойларни йўқотиш) дастури аслан нотабиий бўлгани учун товламачилик, ёлғончилик ва кўз бўямачиликларни юзага келтирди. Халқнинг яхшилик ва ёмонлик, тўғрилик ва эгрилик борасидаги табиий шаклланган (қадим эътиқодлар туфайли) ва муқаддаслик тусини олган ақидаларига путур етди.

Эссе нафақат илмий, балки адабий-тарихий қимматга ҳам эгадир. Муаллиф инсоният ибтидосидан бугунгача келиб-кетган, алдов ва зўравонлик асосига қурилган салтанатларнинг мафкуравий манзарасини ёзувчи кўзи билан кўради. Тадқиқотнинғ жозибаси ҳам аслида мана шу омил билан бевосита боғлиқ, дейиш мумкин.

Шукур аканинг «Шукур ўлди» деган ҳикояси бор. Ака раҳматли бу ҳикоя сюжетини ўзаро гурунгларда ҳазил-чин оҳангида айтиб, охирида тинглаб ўтирганларнинг фикрини сўрар эди. Хуллас, ҳикояда ёзилишича, Шукур Холмирзаевнинг «ўлганлиги» ҳақидаги хабар Сурхондарёга, аниқроғи, Бойсунга етказилади. Ҳамма бир-бирини сим орқали хабардор қилади. Лекин Тошкентга тезроқ етиб бориш ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. «Ўлик» беэга қолади… Ҳикоя матбуотда эълон қилингани йўқ. Балки ёзувчининг қўлёзмалари орасидадир, балки бу ҳақиқатан ҳам қоғозга тушмасдан, хаёл маҳсули сифатида қолиб кетгандир. Билмадим…

Адибимиз мустақиллик йилларида «Озодлик», «Чиллак ўйин», «Банди бургут», «Аросат», «Булут тўсган ой», «Танҳолик», «От йили» каби адабиётимизнинг чин маънода мулки бўлган ҳикоя ва қиссалар, эсселар ва «Олабўжи», «Динозавр» отли икки роман битди. Таажжубки, ёзувчи ижоди, адабий мероси ҳаётлигида нисбатан кам ўрганилди. Бугун ҳам… Тўғри, адибнинг ҳикоячиликда мактаб яратгани ёзувчи ва мунаққидлар томонидан эътироф этилган эса-да, Шукур Холмирзаев ҳикоячилиги кенг кўламда илмий-танқидий ўрганилган эмас.

Адиб «Сайланма»сининг учинчи жилдида қизи Сайёрага ёзган миннатдорлик мактуби бор. Унда шундай дейилади: «Мен бу ҳикояларнинг ҳар бирини дунё адабиёти ҳикоячилигига бўйлаб ёзганман. Булар қандайдир синтез жавоҳирлар эди, уларнинг фазилати катта. Болам, бу жилдлар дунё адабиётида ҳам янгилик, бойлик, ҳали бу асарлар ўз қадрини топади».

Яхши асар ва ёзувчининг умри боқий бўлади, дейишади. XX асрнинг иккинчи ярми ва XXI аср бошларидаги миллий адабиётимиз тарихида Шукур Холмирзаев алоҳида бир зарварақ. Бадиий сўз муҳиблари ҳар қанча фахру ифтихор ила ёдласа арзийдиган сиймо.

2008

Мақола Сайёра Холмирзаева томонидан тайёрланган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган.

Ustoz «Adabiyot o’ladimi?» maqolasini Yozuvchilar uyushmasida katta adabiy yig’inda mana shunday tik turib, g’uldiragan ovozda o’qib berganida yig’ilganlar she’r yoxud doston kabi tinglaganlari ko’z o’ngimda turibdi. Yig’ilish qizg’in munozaralar bilan yakunlangandi o’shanda. Adib hayotining so’nggigacha takrorlab ketgan «Men adabiyotga xiyonat qilmadim», degan gapini endi-endi anglayotgandekman..

Shukur XOLMIRZAEV
OT EGASI…
04

Inodning uchta boyligi bor edi. Biri — soy bo’yidagi serdaraxt qishlog’i; qishloq chetida bosmachilar bilan urushda halok bo’lgan otasining qabri do’ppayib turar, Inod goho uni ziyorat qilgani borardi. Ikkinchi boyligi — qishloq o’rtasidagi tepada o’rnashgan ikki xonali maktabi edi; bu maktabga tog’ning olis-olis burchaklaridan otli, eshakli bo’lib o’quvchilar qatnar, hammasining yagona muallimi shu Inod edi. Uning uchinchi boyligi — qorabayir oti edi; bu otning olis avlodi muallimning otasiga ham vaqtida xizmat qilgan, uni ko’p jangu jadallardan omon olib o’tgan edi. Lekin Inodning qo’lidagi ushbu qorabayir ham unga sodiq xizmatini o’tardi, ikki bor anavi soyni sel suvi bosganda, egasini olib chiqqan, to’rt yildan buyon ko’pkarilarda uloqni muttasil shu ayirib chiqar, yana uning bir xosiyati quyidagicha edi… Uzoq yili Inodning bor-yo’q ikki farzandi beda solingan bostirmaga tuynukdan kirib, gugurt o’ynaydi, bedaga o’t ketadi. Ularning qiy-chuvini eshitgan onalari borib, eshikni ochmoqchi bo’ladi, biroq eshik qulf, u ham jonsarak holatda tuynukdan o’zini ichkariga tashlaydi. Bolalarini topadi, biroq tutunu olov bosgan xonada kirgan tuynugini topolmaydi. Alangani ko’rib yayov chopib kelgan Inod xotin, bola-chaqasining allaqachon sob bo’lganini ko’radi. So’ng ularni otasi yotgan qabristonga ko’mib, chorbog’da yolg’iz qoladi. U ruhan va jisman harchand kuchli bo’lmasin, g’am uni eza boshlaydi, qishlog’u maktabidan ham ko’ngli sovib boradi. Nochorlikdan qorabayirni minib, toqqa ketadi. Cho’ponlar ovulida sang’ib, marhum otasining jang qilgan yerlarini ko’radi, zumrad qorli cho’qqilar ostidan o’tib, yashil o’tloqlarda tunaydi va o’zi sezmagan holda ko’ngli ko’tarilib, dardi pasayib, qishloqqa qaytadi. Shundan keyin darsdan bo’sh kunlarida qorabayirda sayr qilish unga odat bo’lib qoladi.

Oylar o’tib, yigit qalbidagi yara bitgandek bo’ladi. Qishlog’iyu maktabiga bo’lgan mehri yana jo’sh uradi. U azalgi ahvoliga qaytganday his etadi o’zini.

Maktab ikki xonadan iborat bo’lib, biri dahliz, biri sinfxona. Ana shu sinfda yetti yashar bolakay ham, o’n ikki yashar yigitcha ham yonma-yon o’tirib o’qishadi, ularning har biri har xil sinf o’quvchisi bo’lgani holda, bir sinfda o’tirib saboq olishlari bir-biriga xalaqit bermaydi. Chunki bu atrofda bundan o’zga maktab yo’q, shu yerga qatnab, imkoni boricha ilm oladilar. Inodning o’zi vaqtida o’n sinfni bitirgandi, xolos. Qolaversa, ular o’qituvchilarini sevadi, bu — bir qadar xo’mraygan, og’irkarvon va allanechuk odamovi yigitni hurmat qilishadi. Inod bo’sh soatlarda va mehnat darslarida qorabayir otini maktab qoshidagi maydonga keltirib, o’quvchilarga arg’umoqda yurishni ham o’rgatadi, miltiq otishni ham ko’rsatadi, goho soy suvini band qilib, bolalari bilan baliq ham tutadi.

Bir kech Inod maktabdan chorbog’ qorovuli bilan yayov qaytib kelarkan, qorovul Bo’riboy:

— Eshitdingizmi, shaxsiy ot saqlash man bo’lipti. Qaror chiqipti. Bir milisa kecha bizning yonimizdagi yurtdan bir cho’ponning otini haydab ketdi, — dedi.

Inodning ko’ngli xira bo’ldi:
— Yangilik-ku… Lekin men otimni bermayman, — dedi.

Darhaqiqat, bu tog’ yonbag’irlari qarashli bo’lgan rayondagi partiya komiteti «nega o’zimiz tog’lik bo’lib, qimiz ishlab chiqarmaymiz!» degan mulohaza bilan yangi bir sovxoz tashkil etishga qaror qilgan, aholining ortiqcha baytallarini sotib olish uchun tashkilotlardan joylarga vakil jo’nagan edi. Bu tomonlardan biya sotib olish esa kichik leytenant Egamberdi Xudoyberdiyevga topshirilgan edi. Uning esa dilida boshqa bir pinhoniy istagi ham bor edi: ana o’sha tog’dagi soy bo’yida joylashgan qishloqda istiqomat qiladigan muallimning ko’p yaxshi, chopqir, chiroyli oti bor-da. Shuni o’ziniki qilishning iloji yo’qmikin? U o’ylab-o’ylab, ilojini topdi: bir necha biyaning narxini bichib, rayonga jo’natgandan keyin Tumshuqda bitta cho’ponning soppa-sog’ baytali turgani holda, uning minib yuruvchi otini aldab-suldab, qo’rqitib, do’q urib sotib oldi va: «Nega biya olmading, deb so’rashsa, biyasi yo’q ekan, otini bera qoldi. Buni almashtirish mumkin-ku deyman-da», deb o’yladi. U bilardiki, qishloq qorovuli cho’ponga qo’shni, qishloqda esa Inod muallimdan bo’lak kishi yo’q hisobi. Aholisi bo’z yerlarga ko’chib ketgan. Demak, bu xabarni qorovul chol Inodga yetkazadi…

Inod peshayvonli uyi oldidagi bedapoyada yo’ng’ichqa o’rardi. Quyosh kunbotarga egilib, kunchiqardagi adirlar bag’rini yoritar, soyning ham u yer-bu yeri yiltirar edi. Nari sohildan to’riq ot mingan shapkali, pogoni bor kishi pastlay boshladi. Suvni kechib o’tib, bu sohilga chiqib keldi.

Inod unga bir qaradi-da, ishidan qolmadi.

Egamberdi pakana jiydalarni oralab, bedapoya adog’ida paydo bo’ldi.
— Hov, salomatmi? Qani bu, mehmon keldimi, demaysiz? — dedi.

Inod qaddini ko’tarib turdi. O’roqni o’rik tanasiga qattiq sanchib:
— Keling, — dedi do’rillab.

Egamberdi to’riqni jadal. haydab, o’rik ostiga keldi, egardan sakrab tushib, tizgindan tutganicha chorbog’ egasi tomon yo’rg’aladi.
Inod u bilan xomush ko’rishdi.

— Qani, bu maza yo’qmi? — dedi Egamberdi kulib va tizginni o’rik cho’qmoriga bog’ladi, o’rib qo’ygan o’tdan bir qo’ltiq olib ot oldiga tashladi; kaftlarini bir-biriga urib qoqqanicha, Inodga kulimsirab bokdi. — Bilaman, nimadan xafasiz? — dedi, so’ng chuqur xo’rsindi: — Endi, Inodboy, bu ko’pga kelgan to’y, jo’ra. Biz oddiy ijrochi. Shuning uchun bizdan xafa bo’lmaysiz endi.

— Yo’g’-e, sizdan nimaga xafa bo’laman, — deb to’ng’illadi Inod va uyi tomonga burildi. Ayvonga yetib, ichkaridan ko’rpacha olib chikdi. Sholchaga yozib tashlab: — O’tiring, chalob ichasizmi? — dedi.

— Chalobmi, chalobdan ham chakki ma’qul! — dedi militsioner ko’rpachaga cho’kkalab.

Inod dasturxon chiqarib to’shadi, ustunga ilig’liq qo’y qornidan qilingan tulum og’zini ochib, kosaga yog’och qoshiq bilan suzma olib sola boshladi.

— Bu, Inod jo’ra, qachon uylanasan endi? — o’zini unga yaqin ko’rsatish uchun sen-senlab so’radi Egamberdi.

— E, o’lmasak uylanamiz-da bir kuni, — dedi Inod. Kosani keltirib, dasturxonga qo’ydi. Qorovulning xotini yer tandirda pishirib yuborgan uy nonini to’rt bo’lakka bo’lib, mehmonning oldiga tizdi.

— Oling, dasturxonga qarang.
— Qani, o’zlaridan, qani.

— Olavering, qornim to’q… Lekin, Egamberdi, bekor kepsiz bu yerga, men bari bir otimni bermayman. U menga… juda qadrdon bo’lib qolgan.

Egamberdi suzmaga bulab olgan nonni og’ziga solib, duduqlanganicha bidillay ketdi:

— Bilaman, bilaman, jo’rajon. Sizlarga ot suv bilan havoday zarur! Lekin iloj qancha… Lekin menga bermasang, boshqasi kelib olib ketadi. Shunday emasmi? Masalaning boshqa jihatiyam bor. Mendan, Inodning oti qani, deb so’raganda nima deb javob beraman? A? To’g’risini aytaman-da, shuni talab qilishadi, to’g’ri so’z aytganda jazoyam kamaytiriladi. Unda, jo’rajon, o’zingga qiyin bo’ladi… Qarorni bajarishdan bosh tortgan, deyishadi seni. Bu yomon gap, bilsang.

Inod boshini quyi solib, ancha vaqt jim o’tirdi. Nihoyat:

— Shundaymi? — dedi.
— Ha, albatta! — dedi Egamberdi.

Inod yana jim qoldi. So’ng mehmonga manglayi ostidan qaradi.

— Bilishimcha, sizlar kelishuvchilikkayam ko’nasizlar, — dedi.
— Qanday? — o’smoqchiladi Egamberdi.

— Shu… jo’ra deyapsiz meni, rahmat bunga… Egamberdi, menda bir sog’in sigir bor, shuni ola keting, o’zingizga… Lekin shu ot qolsin menda, a?

Egamberdi chaynayotgan nonini yutmay: «E, bir sigirli bo’laman-ku?»— deb o’yladi va govmish sigirga egalik qilish hissi uning qorabayirga bo’lgan ishqini susaytirdi. Shundan keyin u jiddiy tus oldi:

— Bu poraxo’rlik-ku, davlatni aldash-ku?

— Bilaman, — dedi muallim nochorlik bilan. — Bilaman… Lekin sizning ko’nglingizni olay deyman-da. Bu… sizga bog’liq-ku? Mayli, men uch-to’rt yilgacha otni rayonga yo’latmayman, hov toqqa, tanishlarning qo’liga berib qo’yaman, o’sha yokda tursayam ko’nglim to’q.

Egamberdi manglayini changalladi: «Hozir sigirning ustiga o’n besh qo’y ber desam ham beradi!»— deb ko’nglidan o’tkazdi.

— Xo’p, lekin oting yoningda qoladi, deb va’da berolmayman, bironta katta payqab qolsa, o’zing javob berasan! — dedi.

Egamberdi kosani yalab, turdi.

— Men anavi qirning ortidagi Eshmat podachining uyida bo’laman, qosh qoraygandan keyin… sigirni yetaklab o’t. Cholga berib qo’ysang, o’zi podasining ichida boqib yuraveradi. Lekin shu gap shu yerda qolsin, — dedi. So’ng tahdid bilan davom etdi: — Birovdan shu gapni eshitsam, Inodboy, bilib qo’y, ayb o’zingga tushadi. Organning odamini yo’ldan urmoqchi bo’lgan deyishadi seni. Men uni sinagan edim, qancha shaxsiy moli borligini bilmoqchi bo’lgan edim, deyman… Menga ishonishadi.

— To’g’ri gapingiz, — dedi Inod.

Egamberdi ketgandan keyin qorabayirga egalik qilish istagi unga yana tinchlik bermadi, hafta o’tkazib, xafaqon bir kayfiyatda tag’in to’rig’ini yo’rttirib, Inodning chorbog’ida paydo bo’ldi.

— Bu ishimiz o’tmadi, jo’ra, — dedi u Inodga. — Senda ot borligini rayonning yetti yasharidan yetmish yasharigacha bilarkan. O’lgan desam ham ishonishmadi. Yashirgan, topib keling… bo’lmasam, ishga sovuqqonlik bilan qaragan, deb o’zingizni javobgarlikka tortamiz, deyishdi. Mana, keldim.

— Yana bir marta yo’q deb yuboring, — dedi Inod. — O’n bosh qo’yim bor, shuyam sizniki… Otni bersam, kunim qattiq bo’ladi, Egamberdi. Otamdan yodgorlik. Er yigitning oti bo’lishi kerak, der edilar. Shu ot… mening og’ir kunimga yaradi.

Egamberdi yana manglayini ushladi, qo’ylarni o’ziniki qilganidan keyin ham yana ot xumoriga tushib kelishini his etdi va:

— Yo’q endi, jo’rajon! — dedi. — Shu sigiringni olganimdan beri ko’nglim qora. Xohlasang, borib podachidan qaytib ol.

— Shundaymi?
— Ha! — dedi Egamberdi va ko’ngliga g’ashlik tushib, uning nima qilishini kutdi.

Inod yirik gavdasini og’ir burib, uyi orqasiga o’tib ketdi. Archazor yonbag’ridagi qo’rikda boyloq turgan qorabayirni yetaklab keldi. Uni o’rik ostida qaqqaygan Egamberdi yonida to’xtatib, qashqali peshonasidan o’pdi-da, bedapoyaning o’rtasiga olib borib, tizgini uchini tikanga bog’ladi, uyga qaytdi.

Egamberdiga Inodning harakatlari juda sirli ko’rinib, ko’ngli vahima tushdi. «Nima qilmoqchi o’zi u?» — deb orqasidan qarab qoldi. So’ng ko’m-ko’k yo’ng’ichqazorda suvsardek yaltillab, odatdagi otlarnikidan yo’g’on bo’ynini gajak qilib, odatdagi arg’umoqlarnikidan keng o’mrovini kerib va odatdagi chopqir otlarnikidan ingichka oyokdarini yerga qattiq tirab turgan qorabayirga qaradi. Uning ko’zlariga ko’zi tushib, eti jimirlab ketdi.

Ot xuddi dahshatli bir xavfni sezgandek olayib, egasi kirib ketgan uyga qarar, hayratda qotgan antiqa haykalga o’xshar edi. «Yopiray!» — dedi Egamberdi va xona eshigida Inodning qorasini ko’rdi. Ot birdan titroq tovushda kishnab yubordi.

Shunda uy eshigidan otilgan miltiqning tutuni cho’zilib chiqdi, arg’umoq balandga sapchishi hamon o’q ovozi eshitildi. Nihoyat, eshikdan qo’lida miltiq tutgan Inod chikdi. Qorabayir yonboshlab yotib oyoqlarini silkir, qisqa-qisqa kishnar edi, Egamberdi o’q uning peshonasiga tekkani, qon u yerdan tirqirab chiqayotganini ko’rdi-yu, ham dahshat, ham achinish bilan ko’zlarini yumdi. Inod miltiqni sholchaga tashlab, supa labiga o’tirdi.

«Buning avzoyi buzuq», deb ko’nglidan kechirdi Egamberdi Xudoyberdiyev va miltiqqa nazar tashladi: bir tig’li. «U o’q chiqarib joylaguncha ancha yerga borib olaman», deb o’yladi… Yigitning karaxt gavdasiga bir qarab olib, to’rig’ini yechdi, o’zini egar ustiga olishi bilan bu manzaradan yuragi yorilgudek bo’lib turgan ot uni olib qochayotgandek yugura ketdi.

«Meni qamashadimi?!» — loqayd o’yladi Inod otliq orqasidan qarab va bu o’yi kor qilmay, ustunga suyandi. Qorabayir xirillar, hamon ingichka oyoqlarini silkir, issiq qon hidi atrofga yoyilgan edi.

Ot jimib qolgandan keyin Inod uning boshiga bordi va birdan uning bo’ynidan quchoqlab, ko’zlarini yumdi. Ot badani sovidi. Inod o’rnidan turdi: qarshisidagi archali tog’lar ham, chorbog’i, daraxtlari ham, anavi soyu olisda oqarib turgan maktabi ham ma’nosini yo’qotgan, yigitning ko’zlari loqayd boqardi. U tag’in ot boshida cho’nqaydi-yu, qishloq yoqasidagi qabristonning oq yalovi, tug’ uchidagi qo’chqor shoxini ko’rdi. Beixtiyor ot tizgini bilan uning oyoqlarini kulliklab, bilagiga soldi. Yonboshiga yiqilgudek mayishib sudray boshladi. Qabristonga yetib, jigarlari go’ri yonida otni qoldirib qaytdi. Ketmon olib borib, yorma go’r qazidi va qorabayirni tushirib ko’mdi.

So’ng kechgacha shu yerda o’tirdi, otasi va bola-chaqasining ham ruhiga tilovat qilgan bo’ldi. Keyin uyga qaytib, eshiklarini qulfladi-da, soyga tushib bordi.

Uning yoqasi bilan yurib, qosh qorayganda suv oqib chiqayotgan bog’ betiga yetdi. O’tirdi. Oy chiqib, olisda qolgan qishloqniyu tepadagi maktabni ravshan yoritdi. Shunda Inod bosh olib ketib, qayerda ham yashashi mumkinligi haqida o’ylab qoldi.

Inod bir necha oydan keyin Egamberdining o’shandagi niyati nima ekanligini payqadi. Lekin bu vaqtda uning ko’nglida qolgan ikki sevgilisi — qishlog’iyu maktabi yana tomir otib ulgurgan edi.

Olim Toshboev
«MEN YOMON YOZUVCHIMASMAN…»
04

Shukur akani birinchi marta to’rtinchi sinfdaligimda «Og’ir tosh ko’chsa…» kitobi orqali taniganman. Otam ziyoli bo’lgani sababli uyimizda ancha-muncha kitoblar bo’lar edi. Bir kuni otam o’qiysan, deb Mirkarim Osimning «Jayhun ustida bulutlar» va Shukur Xolmirzaevning «Og’ir tosh ko’chsa…» kitoblarini berdi. Shukur akaning kitobiga ishora qilib: «Bu odam o’zimizdan chiqqan yozuvchi», deya qo’shib qo’ydi.
Yozuvchi bilan ilk yuzma-yuz muloqotimiz esa jurnalistika fakul`tetining ikkinchi kursida o’qib yurganimda bo’lgan. Talabalikka xos g’ayrat va beandishalik bilan adib huzuriga borganman. Tirik yozuvchini ko’rib, suhbatini tinglab, hayajonlanganman. Keyinchalik, aniqrog’i, yozuvchining «Olabo’ji» romani «Sharq yulduzi» jurnalida chop etila boshlagandan so’ng shoir Eshqobil Shukurning taklifi bilan «Saodat» jurnali uchun suhbat yozib kelganman. Hajman kattagina ushbu suhbat 1993 yil jurnalning (muqovada yozuvchining o’ziga xos rangli surati berilgan) 2-3-sonlarida e’lon qilindi.

Yurt tarixini zo’r biladigan, fol`klorni, urf-odatlarni nozik anglaydigan, o’ta kitobxon yozuvchi edi Shukur aka. Adabiyotga asossiz da’vo qilguvchi ba’zi qalamkashlar haqida gapirib «Bular kitob o’qimaydi. Kitob yozadi», deganlarini bir necha marotaba eshitganman.

Ustoz «Adabiyot o’ladimi?» maqolasini Yozuvchilar uyushmasida katta adabiy yig’inda mana shunday tik turib, g’uldiragan ovozda o’qib berganida yig’ilganlar she’r yoxud doston kabi tinglaganlari ko’z o’ngimda turibdi. Yig’ilish qizg’in munozaralar bilan yakunlangandi o’shanda. Adib hayotining so’nggigacha takrorlab ketgan «Men adabiyotga xiyonat qilmadim», degan gapini endi-endi anglayotgandekman…
Shukur aka mehri ham, qahri ham qattiq odam edi. Mehri tovlanganni «oynanay», deya ko’pchilikning oldida bo’lsin ochiq suyar, xush ko’rmaydigan odamini, masalan, «O’tirib bo’miydi, og’ajon!» yoki birontasi o’ziga e’tiborsiz bo’lsa, «Soqoliniyam omiydi, enag’ar!» deb yanir edi. Akaning Do’rmonda o’tgan ijodiy hayotini yaqindan biladiganlar yaxshi eslaydi: Shukur aka adabiy qahramonlari kabi mag’rur va halol yashab o’tdi. O’ziga sharoit yaratish ilinjida birovga yalinib bormadi. Bozor iqtisodini, hayot murakkabliklarini bahona qilib yo’llari ayro tushgan do’stu qadrdonlaridan, beoqibat shogirdu ukalaridan gina qilsa-da, ko’nglida ularga nisbatan g’araz saqlamadi. Kitoblari nashr etilmay turgan yillarda bir asabiylashib, yana ijod bilan mashg’ul bo’lib ketaverardi.

Yozuvchining Do’rmondagi tug’ishgan ukasi Ne’mat aka tiklagan peshayvonli, ikki xonali uyi juda ko’p adabiy suhbat va munozaralarga guvoh. Bog’ nihoyatda mehr bilan parvarishlangan: turli atirgul va mevali daraxtlar har qanday yo’l o’tkinchining (Shukur akaning dala hovlisi katta bog’ning kiraverishida joylashgan) havasini keltirar, yerga bunchalik mehrning sirini so’rasangiz:

— Bog’iga bir tup nihol qadamagan odamning vatan haqida yozganiga kim ham ishonadi?! — deya savol ohangida gap qotar edi.

Adibimiz o’z qo’llari bilan yaratgan bog’da yayrab suhbat qurishni juda yaxshi ko’rar, bog’dagi har bir tup gul va daraxtni kimdan va qaerdan olib kelganini erinmasdan hikoya qilardi. Bog’ hosilga kirgan yil Shukur aka uchun unutilmas yil bo’ldi desak adashmaymiz. Shig’il mevalar va sabzavotlarga kimlarning og’zi   tegmagan deysiz… Ana shunday suhbatlar aylanib adabiyotga kelib taqalar va Shukur aka ustozi Abdulla Qahhorning mana shunday o’tirishlarda hikoyalarining syujetini aytib pishitib olganlarini maroq bilan so’zlar va o’zi ham ko’pincha yozilajak hikoya va esselarini obrazga kirib aytardi. Masalan, «Bandi burgut», «Quyosh-ku falakda kezib yuribdi», «Uh», «Chillak o’yin» kabi o’nlab asarlar syujeti ana o’shanday o’zaro suhbat-gurunglarda eshitilgan. Shukur aka nasrimizning shoiri, she’riy ta’bi nihoyatda nozik va baland edi. Navoiy, Bobur, Mashrab g’azallarini, Mirtemir domlaning «Surat» poemasini, Cho’lpon, Usmon Nosir, Abdulla Oripov, Xurshid Davron, Usmon Azim va boshqalarning eng zo’r she’rlaridan parchalarni yod aytib, so’ngida «Qalay? Zo’r-a?» deb mamnun jilmayardi. Esimda, bir gazeta muharriri bo’lgan shoirning kitobiga kirgan ayrim she’rlarning butun-butun qatorlarini chizib, sahi-falarga «she’r emas, so’zbozlik», «she’r shu yerda tugagan», deya izohlab ketganini ko’rganman.

Shukur aka yozuvchi odam she’riyatni yaxshi bilishi kerakligani, shoir esa, aksincha, ko’proq proza o’qishi lozimligani uqtirardi.

Shukur aka o’zini tug’ishganlaridan, Boysundan, uning o’ziga xos xarakterli odamlaridan ayri tasavvur qila olmas va mudom ular sog’inchi bilan yashar edi. Shukur akaning onasi — Oysha momoning ma’rakalaridan so’ng Dilobar jiyanining «06»sida Toshkentga jo’nadik. Shukur aka bilan men orqaga, o’g’li Jamshid esa old o’rindiqqa joylashdik. «Jiguli» Bibi Shirindan uzoqlashmay turib, ustoz mo’l yurib horigan yo’lovchiday: «Dilajan, senga quvvat bersin. Bizga e’tibor qilma», dedilar va: «Yo’lning tanobini tortamizmi, og’am», deb menga yuzlandilar. O’ziga yarasha safar tadorigi ko’rib qo’yilganidan xotirjam bo’lib, sekin-asta yo’l tanobini torta boshladik. Dehqonobod, Kitob, Bulung’ur, G’allaorolda kechgan tongotar suhbatlarning o’zi bir tarix. Adibimiz, ayniqsa, Fozil Yo’ldosh nomidagi xo’jalik hududida yashovchi tog’a va jiyanlari davrasida ko’rsatilayotgan izzat-ikromdan, qolaversa, qarindoshlik rishtalari bardavomligidan o’zini erkin va qudratli his qilgandi o’shanda. Men ana shu to’rt kunlik o’ziga xos sarguzashtlarga boy bo’lgan safar davomida Shukur akaning tutingan ukalariga, jigarlariga  ayricha mehri borligini ko’rdim va o’zimcha xulosalar qildim. Yana bir misol.

Adibning do’sti, «Ona tuproq qo’shig’i», «Bobotog’», «Payg’ambar oroli» kabi go’zal esselari bilan ma’lumu mashhur arxeolog, yozuvchi Mengziyo Safarovning qazosi haqidagi xabar kelgan kun Shukur aka bilan telefonlashdik. Adib tamom cho’kib, dovdirab, dam-badam uf tortar, alamli ovozda «Meng-ziyo, Mengziyo!» deya kalovlanardi. Keyinchalik «O’zAS»da «Sening qadring o’tdi» (aslida «Sening qadring yomon o’tdi» edi — O.T.) degan xotirasi e’lon qilindi. Irodasi cho’rtkesar, o’z bilganidan qolmaydigan, tanti Shukur aka bir umrlik qadrdoni vafotini og’ir qabul qildi.

Shu o’rinda aytish joizki, Mengziyo Safarovning “Turnalar uchdi” kissasi ikki ijodkor do’stning bir-biriga yozgan xatlaridan tarkib topganini, Mengziyo akaning tarix, arxeologiya mavzuidagi suhbatlari va o’qiydigan kitoblari ta’sirida Shukur akaning «Qadimgi Baqtriya tuprog’ida» nomli essesi dunyoga kelganini ko’pchilik bilmasa kerak.

«Alpomish» dostonining 1000 yilligi munosabati bilan 1999 yilda O’zbekiston televideniesining «Yuzma-yuz» ko’rsatuvi orqali aka-uka suhbat qildik. Ko’rsatuvni ko’chirib saqlab qo’yganman. Dostonning mohiyatu ahamiyati haqida to’lib-jo’shib gapirgan adib: «Mustaqil bo’lganimizdan buyon uchib yuribman, og’am. Endi men bilan gaplashadigan odam yo’q», degan edi.

«Sharq yulduzi» jurnalining 1988 yil 6-sonida Shukur Xolmirzaevning 1987 yil xikoyachiligi haqidagi «Mo»jiza bo’lib qolsin» sarlavhali o’ylari berilgan. Garchi adib kamtarlik ila o’ylarim, deb atagan esa-da, ushbu maqola yozuvchining milliy prozamiz, jumladan, hikoyachiligimiz haqidagi jiddiy chiqishlaridan biridir. Muallif hikoyachiligimiz yutuq va kamchiliklarini yozuvchi nigohi bilan ko’radi, tadqiq qiladi. «Bir narsani bemalol qayd qilishim kerak: ko’pchilik hikoyalarimizda yechim chatoq», deydi adib va Chexovning «Hikoyaga yangi yechim topish — yangi hikoyachilikni boshlash bilan barobar», degan fikrini keltirib o’tadi.

Shukur Xolmirzaevga ko’ra: «Yechim — yozuvchining dunyoni zuhur etishi, inson ruhining ichki va sirtqi qonuniyatlarini nechog’li bilishi, qolaversa, mahorat — professionallik, ijod texnikasini qanchalik egallagani bilan bog’liq masaladir!»

Maqolada nasrimizda bo’y ko’rsatayotgan yangicha yo’l-yo’nalishlar haqida ham to’xtalib, ayrim dimog’dor, da’vosi katta yozuvchilarga anchayin bir xolis baho berib: «Endi, umuman, mahorat bobidagi tilak — olamni kengroq, dunyoviyroq mushohada etish, demak, o’zimizga ijtimoiy va badiiy talablarni kattaroq qo’yish, qolaversa, ijod texnikasi — professionallikni mukammalroq egallashdan iboratdir», degan edi. Maqolaning dunyo yuzini ko’rganiga yigirma yildan ziyodroq vaqt o’tdi. Yaqinda maqolani yana bir qur varaklab, muallifning e’tirof va e’tirozlari asosan o’rinli bo’lganligini, buni o’tgan davr amalda isbotlaganini angladim.

To’g’risini aytganda, so’nggi yillarda qaysi yozuvchi-ijodkor mana shunday ichki bir majburiyat hissi bilan adabiyot, milliy nasr, qolaversa, hikoyachiligimiz haqida xolis, mukammal bir tadqiqot qildi?!

«Tafakkur» jurnalining 1999 yil 1—2-sonlarida yozuvchining «Jamiyatning maqsadi» nomli essesi e’lon qi-lindi. Esse millat va jamiyat hayotining ma’naviy-g’oyaviy yo’nalishi, mafkuraviy munosabatlari haqidadir. Shu o’rinda aytib o’tish lozimki, adabiyotdan anchayin yiroq bir mavzu tadqiqiga yozuvchimiz qanday ehtiyoj tufayli qo’l urdi? Asar mutolaasidan chiqqan o’quvchi shuni his qiladiki, yozuvchi o’zi mansub bo’lgan xalq va uning ma’naviy-g’oyaviy hayotidagi dolzarb masalaga befarq bo’la olmas ekan. Uni fuqarolik, farzandlik mas’uliyati mudom hushyor va ongli faoliyatga undab turar ekan. Ha, yozuvchining zimmasida ijtimoiy yuk ham bor ekan-da! «Mafkura… Nima u? Moddiy narsa emaski, ushlab, salmoqdab ko’rish mumkin bo’lsa. Ammo nechun bu sirli so’z goho dahshatli kuch bo’lib tuyuladi? Goho hayotbaxsh umidlar, ularning ro’yobi ham shu bir kalima mag’ziga jo ekaniga ishonasan kishi…», deb boshlanadi esse. Adibimiz mafkura insonning eng oddiy va oliy talabu ehtiyojlari natijasida paydo bo’lishi haqida so’z yuritib, mafkura manzarasini shunday chizadi: «Mafkura bir tanda mavjud ikki qiyofali  odamga o’xshaydi. Bir qiyofasi — ezgulik suratida. Ajabki, ushbu surat tushirilgan polotno yo’q, ya’ni ezgulikka xizmat qiluvchi mafkuraning yozilgan kitobi bo’lmaydi. Qabihlikka, talonchilikka, bosqinchilik va to’ymas nafsni qondirishga undaydigan ikkinchi qiyofasining esa shakli-surati, ya’ni bitilmish qomusi  bor…».

Muallif o’quvchini xayolan avvalo qadim tarix — Kofarnihon daryosi bo’ylarida yashab o’tgan ajdodlarimizning Suv tangrisiga qurbonlik marosimiga, undan keyin Amerika hindulari hayotiga sayr qildiradi: diniy urf-odatlarning mohiyatiga nazar solish va uni anglashga undaydi. Voqealar rivoji barobarida biz takomilga yetgan davrlar manzarasini ko’ramiz, insoniyat rivojlangani sayin uning ma’naviy-g’oyaviy dunyosi ham murakkablasha borganini kuzatamiz. Muallif o’z kuzatuvlarini sharhlar ekan, qat’iy bir fikrni o’rtaga tashlaydi: «Ma’lumki, har qanday mafkura din va insoniy qomuslar (konstitutsiyalar) bag’rida, qavatida, ulardan ruh olib, oziqlanib unib-o’sadi. Keyin o’z navbatida qomusga ham, dinga ham o’z ta’sirini o’tkazadi. (To’g’ri, ba’zan mafkura shunchaki din shaklida bo’lib, uning yo’riqlari doirasida ish tutadi, ba’zan konstitutsiya shaklida ham qolaveradi)».

Esseda e’tirof etilganidek, «insonlar bir-biriga teng va erkin hayot kechiradigan davlat» g’oyasi atrofida ustoz-shogird — Arastu va Aflotun bir-birini inkor etdi. Ammo bu g’oya o’n asrlar o’tib Forobiyning «Fozil odamlar shahri» risolasida ko’tarildi. Franduz allomalari J.J.Russo va Vol`terning «ideal davlat» haqidagi chiqishlari Parij kommunasiga zamin yaratdi. Rus bol`sheviklari Franduz inqilobidan ilhomlanib, ular kuylagan «Marsel`eza»ni o’zlariga madhiya qilib olish barobarida qo’shiq matniga hamohang — «Butun dunyo proletarlari, birlashingiz!» degan shiorni bayroq qilib ko’tardilar. Shukur Xolmirzaevning fikricha, kommunistlar mafkurasining ilk bandi — insonlarni teng qilish (boylarni yo’qotish) dasturi aslan notabiiy bo’lgani uchun tovlamachilik, yolg’onchilik va ko’z bo’yamachiliklarni yuzaga keltirdi. Xalqning yaxshilik va yomonlik, to’g’rilik va egrilik borasidagi tabiiy shakllangan (qadim e’tiqodlar tufayli) va muqaddaslik tusini olgan aqidalariga putur yetdi.

Esse nafaqat ilmiy, balki adabiy-tarixiy qimmatga ham egadir. Muallif insoniyat ibtidosidan bugungacha kelib-ketgan, aldov va zo’ravonlik asosiga qurilgan saltanatlarning mafkuraviy manzarasini yozuvchi ko’zi bilan ko’radi. Tadqiqotning’ jozibasi ham aslida mana shu omil bilan bevosita bog’liq, deyish mumkin.

Shukur akaning «Shukur o’ldi» degan hikoyasi bor. Aka rahmatli bu hikoya syujetini o’zaro gurunglarda hazil-chin ohangida aytib, oxirida tinglab o’tirganlarning fikrini so’rar edi. Xullas, hikoyada yozilishicha, Shukur Xolmirzaevning «o’lganligi» haqidagi xabar Surxondaryoga, aniqrog’i, Boysunga yetkaziladi. Hamma bir-birini sim orqali xabardor qiladi. Lekin Toshkentga tezroq yetib borish haqida hech kim qayg’urmaydi. «O’lik» beega qoladi… Hikoya matbuotda e’lon qilingani yo’q. Balki yozuvchining qo’lyozmalari orasidadir, balki bu haqiqatan ham qog’ozga tushmasdan, xayol mahsuli sifatida qolib ketgandir. Bilmadim…

Adibimiz mustaqillik yillarida «Ozodlik», «Chillak o’yin», «Bandi burgut», «Arosat», «Bulut to’sgan oy», «Tanholik», «Ot yili» kabi adabiyotimizning chin ma’noda mulki bo’lgan hikoya va qissalar, esselar va «Olabo’ji», «Dinozavr» otli ikki roman bitdi. Taajjubki, yozuvchi ijodi, adabiy merosi hayotligida  nisbatan kam o’rganildi. Bugun ham… To’g’ri, adibning hikoyachilikda maktab yaratgani yozuvchi va munaqqidlar tomonidan e’tirof etilgan esa-da, Shukur Xolmirzaev hikoyachiligi keng ko’lamda ilmiy-tanqidiy o’rganilgan emas.

Adib «Saylanma»sining uchinchi jildida qizi Sayyoraga yozgan minnatdorlik maktubi bor. Unda shunday deyiladi: «Men bu hikoyalarning har birini dunyo adabiyoti hikoyachiligiga bo’ylab yozganman. Bular qandaydir sintez javohirlar edi, ularning fazilati katta. Bolam, bu jildlar dunyo adabiyotida ham yangilik, boylik, hali bu asarlar o’z qadrini topadi».

Yaxshi asar va yozuvchining umri boqiy bo’ladi, deyishadi. XX asrning ikkinchi yarmi va XXI asr boshlaridagi milliy adabiyotimiz tarixida Shukur Xolmirzaev alohida bir zarvaraq. Badiiy so’z muhiblari har qancha faxru iftixor ila yodlasa arziydigan siymo.

2008

Maqola Sayyora Xolmirzaeva tomonidan tayyorlangan “Shukur Xolmirzaev zamondoshlari xotirasida” (Toshkent, G’afur G’ulom nomidagi NMIU, 2010) to’plamida e’lon qilingan.

044

(Tashriflar: umumiy 3 346, bugungi 2)

Izoh qoldiring