25 noyabrda tug’ilgan: Rashod Nuri Guntekin.

08ф9
Tурк адабиётининг XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг биринчи ярмидаги даврини олтин давр деб аташ мумкин. Бу давр адабиётида катта сифат ўзгаришлари рўй берди. Турк адабиётида проза (ҳикоя,роман), драматургия жанрларида кўплаб ажойиб асарлар яратилди,турк поэзиясида эса бир неча адабий мактаблар юзага келди. Жаҳон адабиётининг таъсири ҳамда Туркиядаги ижтимоий тараққиёт натижасида майдонга келган бу давр адабиётидаги сўз усталари ўз асарларида биринчи навбатда оддий халқ ҳаётини, мамлакат олдида турган муҳим муаммоларни акс эттира бошладилар. Ана шундай ёзувчиларнинг етакчи вакилларидан бири, илғор фикрли турк ижодкорларининг маънавий издоши Рашод Нури Гунтекиндир.

099

Адҳамбек Алимбеков
ЧОЛИҚУШИНИНГ БУРГУТОНА ПАРВОЗИ

Катта тарихий йўлни босиб ўтган турк адабиётининг юксалиши бирдай кечмади. Аммо мазкур адабиётнинг XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг биринчи ярмидаги даврини олтин давр деб аташ мумкин. Бу давр адабиётида катта сифат ўзгаришлари рўй берди. Турк адабиётида проза (ҳикоя,роман), драматургия жанрларида кўплаб ажойиб асарлар яратилди,турк поэзиясида эса бир неча адабий мактаблар юзага келди. Жаҳон адабиётининг таъсири ҳамда Туркиядаги ижтимоий тараққиёт натижасида майдонга келган бу давр адабиётидаги сўз усталари ўз асарларида биринчи навбатда оддий халқ ҳаётини, мамлакат олдида турган муҳим муаммоларни акс эттира бошладилар. Ана шундай ёзувчиларнинг етакчи вакилларидан бири, илғор фикрли турк ижодкорларининг маънавий издоши Рашод Нури Гунтекиндир.
Машҳур турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтекин 1889 йилнинг ноябрида Истанбулда туғилди. Унинг отаси Нури Бей хизмат вазифасига кўра Онадўлининг кўп ерларида бўларди. Доимо отаси ёнида бўлган Рашод турк деҳқонининг оғир аҳволи билан эрта танишди. Мана шу кўрган-кечирганлари келажакда ёзувчи асарларида ўз аксини топди. Бўлажак ёзувчи бошланғич маълумотни Чаноққалъада олади ва ўрта мактабни Измирда тамомлайди. Илмга чанқоқ Рашоднинг орзуси ўқишни давом эттириш ва келажакда ёш авлодни маърифатли қилиб тарбиялаш эди. У махсус мактабда француз тилини ўрганади, сўнг Истанбул университетининг турк тили ва адабиёти бўлимини тамомлайди. Бурса, Истанбул шаҳарларидаги лицейларда француз тилидан, турк тили ва адабиётидан дарс беради. Кейинчалик маориф вазирлигида мутахассис бўлиб ишлайди. Хизмат юзасидан мамлакат бўйлаб кезишлар ёзувчига халқ ҳаёти билан чуқуррор танишиш имконини туғдиради. 1939 йилдан умрининг охиригача Туркия Буюк Миллат мажлиси ноиби, Туркиянинг ЮНЕСКОдаги вакили бўлган Р. Н. Гунтекин 1956 йили Лондонга даволанишга борганида вафот этади.
Рашод Нури ёшлигиданоқ адабиёт ва санъатга қизиқар, айниқса, халқ эртакларини завқ билан тингларди. Университетда машҳур адабиётшунос Ҳамдулло Субҳий, шоир Меҳмед Окифлардан сабоқ олган Рашод Нури адабиётга биринчи жаҳон урушининг бошларида, театр муаммолари ҳақида тақризлар, мақолалар, пьесалар ёзиш билан кириб келди. Даврининг илғор ёзувчиси Холид Зиё Ушоқлигилни устоз билиб, унинг асарларидан руҳланди. Ёзувчи дастлабки ҳикояларидаёқ оддий кишилар турмуш тарзини акс эттиришга ҳаракат қилди. 20-йилларда “Рожилд  Бей”, “Сўнган юлдузлар”, “Меҳмон”, “Лайли ва Мажнун” каби бир қанча ҳикоялар тўплами нашр қилинди. Адиб ҳикояларида миллий озодлик кураши воқеалари, оддий кишиларнинг қаҳрамонликлари ва урушда талафот кўрган халқининг дард- аламлари акс эттирилади. Рашод Нури болалар тарбияси ва оилавий муносабатларга оид ҳикояларида (“Ишқий мактублар”) жамиятни соғломлаштириш учун мустаҳкам ахлоқий принциплар бўлиши кераклигини уқтиради. У реалист ёзувчи сифатида ўша давр турк халқи ҳаётини ўз ҳикояларида ҳаққоний тасвирлайди. Р. Н. Гунтекин турли жанрларда ижод қилса-да, унга адабий шуҳратни романлари келтирди.
Адиб биринчи романи – “Сирли қўл” (1920) асарида уруш баҳона бойлик орттиришга интилган, маънавий тубанлашган шахслар ҳаётини очиб беради.
Ёзувчининг кўпгина асарлари қаҳрамонлари ёшлардир. У замон зиддиятлари ҳақида фикр юритадими ёки Туркия қишлоқларидаги аҳвол, деҳқонлар турмуши ҳақида гапирадими, бунга кўпроқ ўша давр ёшларининг кўзи билан қарашга, Туркиянинг келажаги бўлган ёш зиёлилар ақли билан ёндошишга интилади. Рашод Нурига оламшумул шуҳрат келтирган “Чолиқуши” романида бу нарса яққол кўринган. Романга муаллиф ижодининг бошланиш даврида ёзилган “Истанбуллик қиз” пьесаси асос бўлган. Гарчи пьеса унчалик муваффақият қозонмаган бўлса-да, аммо романдаги Фарида миллионларнинг севимли қаҳрамонига айланди.
Рашод Нури йигирмага яқин романлар ёзди. Деярли барча асарларида ёзувчи ёшлар ҳаётини ижтимоий воқелик билан боғлаб кўрсатади. Замон иллатларининг ёшлар онгига таъсири, муҳим ахлоқий муаммолар ҳақида фикр юритади. Таниқли таржимон Миад Ҳакимов турк тилидан ўзбекчага маҳорат билан ўгирган “Хазонрезги” ва “Тамға” романлари шу жиҳатдан характерлидир. “Хазонрезги”даги Али Ризобей фарзандлари Шавкат, Фикрат, Нажло, Лайло, Ойшаларнинг “ахлоқий тарбиясига кўп эътибор берган”, шунинг учун у фарзандларининг “ор-номусли, биллурдек тоза, олмосдек мустаҳкам”лигига шубҳа қилмайди. Бироқ ота ишдан кетгач, оилада унинг қадри пасая боради. Моддий етишмовчилик туфайли уйда жанжал авжига минади. Хуллас, аввал бошқаларга намуна бўлган оила энди ичдан чирий бошлайди. Оқибат Али Ризобейнинг ўғли қамалади, қизлари ёмон йўлга кириб кетади. Хасталанган отанинг куни “биллурдек тоза” қизининг ҳафтада бир келадиган жазманига қолади. Роман қаҳрамонларининг характерини очишда ёзувчи психологик таҳлилга алоҳида эътибор берган. Ор-номусли оилада вояга етган ёшларнинг шароит туфайли тубанлашувини усталик билан кўрсата олган. Гарчи ёзувчи тузум ҳақида бирон нима демаса ҳам, оила таназзулига ўша тузум, ахлоқ нормалари сабаблиги англашилади.
“Тамға” романида Иффатбейнинг оилали жувон Водияга бўлган муҳаббати ҳикоя қилинади. Иффатбей севгилиси номусига доғ туширмаслик учун “ўғри” тамғасини олади. Водиянинг ҳам севишига ишониб,не-не қийинчиликларни бошидан кечирган романтик Иф- фатбей севгиси рад этилгач, пуч орзуга учиб, умрини бекорга ўтказганлигини кеч тушунади.
Рашод Нури романлари мавзу жиҳатдан ранг-барангдир. “Муҳаббат симфонияси” “Чолиқуши”га ўхшаш лиризмга бой ишқий йўналишдаги асар бўлса, “Тегирмон” сатирик романдир. “Қон даъвоси”, “Яшил кеча” романларида эса ижтимоий руҳ устувор. Шахс ва жамият ўртасидаги зиддиятни ёзувчи “Яшил кеча” асарида Шоҳин афанди образи орқали акс эттирган. Гунтекин бу романида турк адабиётида биринчилардан бўлиб, ўз идеали йўлида ҳеч нимадан қайтмайдиган, онгли равишда ўзини халққа бағишлаган курашчи образини яратди. Нозим Ҳикмат “Яшил кеча” романида кўтарилган муаммо ўша даврда Туркия учун ҳам жуда муҳимлигини бежиз таъкидламаганди. Бу асар жаҳолатпараст диндорларга қарши яратилган жаҳон адабиётининг сара намуналари қаторидан ўрин олган. Р.Н. Гунтекин асарлари ҳақида машҳур озарбайжон ёзувчиси Исмоил Шихли шундай ёзганди: “Ўттизинчи йилларда озарбайжон талабалари қўлидан учта китоб сира тушмас эди. Улардан бири машҳур ҳинд ёзувчиси Р.Тагорнинг “Ҳалокат”, иккинчиси турк адиби Рашод Нурининг “Чолиқуши”, учинчиси эса ўзбек ёзувчиси А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи эди”. (“ЎзАС” 1985. 1 ноябрь).
Р.Н. Гунтекин китобхон қаҳрамонлар руҳий ҳолатини чуқурроқ тушуниши, воқеалар ичига тезроқ кириши учун халқ оғзаки ижоди намуналаридан унумли фойдаланди, асарларини оригинал воқеалар билан бошлашга ҳаракат қилди. Рашод Нури Гунтекин турк адабиёти тарихида наср устаси, драматург сифатида алоҳида ўрин тутади. Унинг қатор ҳикоялари, романлари, пьесалари бугунги кунда кўпгина жаҳон халқларининг маънавий мулкига айланиб, руҳий озиқ бериб келмоқда. Рашод Нурининг “Чолиқуши”, “Тамға”, “Яшил кеча”, “Қон даъвоси”, “Муҳаббат симфонияси”, “Хазонрезги” каби романлари, кўплаб ҳикояларини ўзбек китобхонлари севиб мутолаа қилишмоқда. Унинг романлари асосида илмий ишлар ёзилган. “Миршаблар ва гўзаллар”, “Ҳалала” пьесалари ўзбек театр саҳналарида қўйилган. Д.Усмонова томонидан “Чолиқуши” романи асосида “Фа- риданинг кундалиги” инсценировкаси яратилган. Рашод Нури Гунтекин асарлар қайта-қайта таржима қилиниб, аллақачонлар ўзбек китобхонининг маънавий хазинасидан жой олган.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,2012.11

099

Рашод Нури Гунтекин
ҒАМСИЗНИНГ ЎЛИМИ
Ҳикоя

Ўша куни эрталаб, талабалар байрами нишонланадиган куни болалар боғчасида олдингидан фарқли бесаранжомлик ва жонланиш юз берди. Кўчалардан гуруҳ-гуруҳ бўлиб бошланғич ва ўрта мактабларнинг ўқувчилари марш айтиб ўтишар, ҳаммаси шаҳарнинг олис сайлгоҳларига йўл олишарди.

Энг катта тарбияланувчиси олти ёшда бўлган бу боғча болаларини узоқроқ жойга элтиш бироз мушкуллиги туфайли ҳар йили улар байрамни кичкина оёқлари билан 20 дақиқача йўл босиб бориладиган хушманзара сой бўйида нишонлашади.

Тайёргарлик жой-жойида. Боғча турли-туман рангли кийимдаги жонли гуллар даласидек тўлиб-тошган. Ўғил болалар янги пойабзалларини артиб тозалашса, қизлар бир-бирининг сочларини тўғрилаб, бузилган ленталарини боғлаб қўйишар, тугмаларини ўтказишарди. Бу пайтда олти ёшли бир қизалоқ тош зинага ўтириб, тўрт ёшли етим ўртоғининг сўкилган кўйлагини тикишга уринар, бу эса албатта, кўрган одамнинг ҳайратига сабаб бўларди.

Ниҳоят тайёргарлик тугаб, қувноқ болалар гуруҳи йўлга тушди. Кичкинтойлар бир қўлларида рангли пакетлар, ўйинчоқ ва егуликлар билан тўла саватларни кўтариб олишган, иккинчиси билан эса ўртоқларининг қўлларидан маҳкам тутишганча йўлларида давом этишарди. Кўчада ортиқча шовқин-сурон чиқармаслик учун ўқитувчилар болаларга марш айттира бошлашди. Катта болалар қоматларини бор кучи билан кўтариб, хурсандчиликдан ичига сиғмай куйлашарди. Кичкиналар юришда қандай бўлса ашула айтишда ҳам шундай орқада қолишар, натижада пала-партиш овозлар пайдо бўларди. Болалар кўчалардан ўтишаркан, деразалар очилиб аёллар бошларини чиқарар, дўконлардаги сотувчилар нима бўлаётганини билиш учун қизиқиб қарашарди.

Болалар боғчасининг ҳамма саёҳатларида бўлгани каби бу гал ҳам сафнинг бошида ғамсиз кичкиналар билан бирга илдамлашарди Fамсиз сариқ рангли қари ит. У болалар боғчаси жойлашган маҳаллада яшайди. Fамсиз одамлардек тушуна олади. Лекин у баъзи одамларга қараганда вафодорроқ жонивор. Дайди юргани учунми, маҳалладагилар унга ғамсиз деб ном қўйишган. Дарҳақиқат, ростдан ҳам у жаъми итларнинг энг ғамгини. Бунга бир неча йил аввал катта бахтсизликка учрагани сабаб бўлган.

Ўшанда у тўрт боласининг бирданига заҳарланиб, кўз ўнгида тўлғона-тўлғона ўлганидан қаттиқ ғамга ботганди. Ўлик болаларини ортиб олиб кетаётган машинанинг орқасидан анча олисгача чопиб бориб, бир ҳафта орқага қайтмаганди.

Ўшанда уни бирор жойда фалокатга учраб жон берганини тахмин қилганлар ҳам бўлди. Бироқ ғамсиз девона ва ўйчан кўрингани билан жуда зийрак ит эди. У душманларини тез пайқаб олса-да, баъзан ўзини уларга ишониб заҳарли овқатларини еб, тузоқларига тушадигандек кўрсатарди. Лекин бундай қилмасди. Шу сабабли душманлари уни ўлдиришнинг иложини топишолмасди. Ўшанда у тез-тез қулоққа чалинаётган совуқ гапларни чиппакка чиқариб, бир ҳафтадан кейин яна маҳаллага қайтиб келганди. Аммо у энди бахтга қарши қариб, ғамгинлашиб қолган, узун сариқ туклари лойга буланиб, яраланган оёқлари билан оқсоғланиб қадам ташларди.

Билмадим, ростми-ёлғон, маҳалладаги аёллар у ҳақидаги бир воқеани кўп гапиришарди. Ёамсиз болаларининг ўлимидан кейин яшашни истамаган эмиш… Вайронага айланган бинолар олдида турганча осмонга қараб ёлворгандек тўхтаб-тўхтаб улиган, болаларини заҳарлаган овқатдан унга ҳам беришларини сўраганмиш… Ҳатто бир марта заҳарланган экан-у, ўлмаган эмиш… Кўп азоб чекиб, анча пайт судралиб юргандан кейин яна оёққа туриб кетганмиш…

Fамсиз болалари ўлгач маҳалладагилардан хафа бўлиб, болалар боғчасининг орқасидаги вайронага жойлашиб олганди. У энди олдингидек кўчаларда айланиб юрмас, фақат аҳён-аҳёнда боғча дарвозасидан ийманиб ичкарига кириб болалар билан ўйнар, тушлик вақтида улардан ортган егуликларни ер эди.

Катталарга қараганда кўпроқ болаларга ишонарди. Кичиклардан ёмонлик кўрмаслигини билгани ва уларни ҳам ўлиб кетган кичкина жигарпоралари каби ҳимоясиз эканини ҳис қилгани учунми, шундай қиларди.

Ўқитувчилар бу олтин рангли, ҳаммага маҳзун ва ўзгача меҳр билан қараб қўядиган, болаларнинг ҳар бир эркалиги-ю жабр-зулмига бардош берадиган қари, кўча итини қувишмас, уни ҳимоя қилишарди. Шунинг учун болалар боғчасининг қоровули ва ходимлари унга ғамхўрлик қилишарди. У кичкинтойларнинг энг севимли дўстига айланганди.

Болалар боғчалари жамиятнинг кичиклаштирилган бир бўлагига ўхшайди. Бу ерда камбағаллик, оилага доғ тушиши каби сабаблар билан жамиятдан ажратиб қўйилган ёки турли хил важ туфайли ёлғиз яшаш истагида уйидан қочган мурғак болалар ҳаёт кечиришади. Fамсиз боғчанинг бир чеккасида болалар билан овунади. Муштдек юракларида айтиб бўлмайдиган дард-у ғамларини сиғдириб яшаётган болалар унинг лой оёқларини қўлларида тутганча жонивор билан суҳбатлашарди.

Fамсиз ҳам болаларга меҳрибонлик қиларди. Ҳатто бир марта унинг боғчада югуриб йиқилган кичкинтойнинг яраланган тиззасини тили билан ялаётганини кўрган ўқитувчилар ҳайрон қолишганди.

Болалар тўдаси маҳалладан чиқиб ям-яшил далалардан ўтадиган тор сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланар, ғамсиз ҳаммадан олдинда мағрур илдамларди. Лекин нимагадир бугун унинг кўзларида маъюс кайфият зоҳир эди.

Ниҳоят байрам ўтказиладиган жойга етиб боришди. Бу ер соя-салқин дарё соҳили бўлиб, сув остида силкинаётган яшил сувўтлари тепадан аниқ кўриниб турарди. Болаларнинг шовқин-суронидан ўтлоқдаги қушлар ҳуркиб учиб кетди. Ҳозир уларнинг хурсандчилик қиладиган пайти. Улар қичқириб-қувалашиб ҳар тарафга тарқалишар, баъзилар дарахтга тирмашиб чиқа бошлашса, баъзилар ўтлоқзорда юмалашиб ўйнарди. Кечқурун бўлишига ҳали анча вақт борлигини ҳисобга олмасдан бутун куч ва шодликларини сарф қилишар, айримлари ул-бул егуликларини тановвул қилишни ҳам бошлаб юборишди.

Fамсиз бироз жонланиб болалар билан ўйнай бошлади. Лекин бирданига тўхтади. Бошини кўтариб аламли фарёд қилди. Кейин аста-секин жимиб қолди-ю, каттакон иккита тошнинг орасида тўлғона-тўлғона ётиб қолди.

Ит касалланган эди. Буни дарҳол фаҳмлаган болалар унга овқат олиб бордилар. У овқатни емас, вақти-вақти билан инграб, тишларини ғижирлатиб қўярди. Унинг изтиробли боқишларини ўқитувчилар ҳам кўришди.

— Яқинлашманглар, болалар… Нима бўлгандаям бу ҳайвон, балки қутурган бўлиши мумкин, — дейишди катталар.

Болаларни тартибга келтира олишмагандан кейин ходимлардан бирини навбатчи қилиб қўйишга мажбур бўлишди.

* * *

Олти-етти ёшлардаги қиз ниманидир эслаб, бақира бошлади.

— Эй, воҳ, Ғамсизни заҳарлашди. Бугун эрталаб харид қилгани баққолга боргандим. Бир чеккадаги ахлатлар олдида уни кўргандим. Бошқа итлар билан бирга бир нималарни ейишарди. Менимча, ана шу аниқ заҳарли овқат эди…

Ўқитувчилар қари итнинг бундай эҳтиётсизлик қилишини кутишмаганди. Бироқ қизчанинг айтганлари тўғри эди. Fамсиз заҳарланиб қийналадиган ҳамма итлар каби тўлғониб-тўлғониб типирчиларди. Энди болаларнинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Байрам ўтаётган ўтлоқзор жим-жит бўлиб қолди. Шу етмагандай, баъзи болалар йиғлай бошлашди. Ҳамма қиладиган ишини унутгандай, паришон бўлиб қолганди.

Fамсиз боғчанинг қадрдон ҳайвони бўлиб қолган бўлса-да, ўқитувчилар байрамни болаларга заҳар қилишни исташмади.

— Болалар, қўрқманглар! Сизлар билмайсизлар, ғамсиз олдин ҳам бир неча марта заҳарланиб, кейин тузалиб кетганди. Унга ҳеч нарса бўлмайди, қани, ҳамма ўйинга! — деди ўқитувчилардан бири.

Кичкинтойларни қийинчилик билан тарқата бошладилар. Кимдир йиғлашда давом этар, яна кимдир катталарнинг сўзидан таскин олиб, Қамсиз сабрли жонивор, унга ҳеч нарса қилмайди, дейишарди. Ҳатто кичкина ҳовучларини очиб, уни дуо қилганлар ҳам бўлди.

Болаларни ғамсиздан узоқлаштиришнинг иложи бўлмади ва ўқитувчилар бунинг бошқа чорасини ўйлаб топишди. Улар байрам жойини икки-уч дақиқа олисликдаги бошқа бир ерга кўчиришга қарор қилишди. Тўшанчилар, пакетлар йиғиштирилиб, болалар ғамсизни ёлғиз ташлаб кета бошлашди…

* * *

Болалар ўзаро келишиб олишдими, ҳар тўрт-беш дақиқада бир ўқувчи йўқолиб қолар ва улар ҳеч кимга билдирмай ғамсизнинг аҳволидан хабар олишарди. Бундан энг кичкина болалар ҳам хабардор бўлса-да, ўқитувчилардан сир тутишиб миқ этишмасди.

Бир соат ўтиб, ғамсиз жон таслим қилаётгани ҳақидаги совуқ гап тарқалди. Бечора ётиб олган тошлар орасидан чиқиб, ачинарли аҳволда типирчиларди. Fамсизнинг оғзидан қон келаётгани учун юз-кўзи, оёқлари қип-қизил тусга кирганди. Энди на буйруқ, на дўқ-пўписа болаларни итнинг олдига боришдан тўхтатиб қола оларди. Ҳамма болалар бирданига бақириб йиғлаб чопа бошладилар… Ўқитувчилар зўрлик билан икки-учтасини қайтариб қолишса, яна бошқа саккиз-тўққизтаси қочиб кетишарди.

Бироқ энди ҳеч ким итга яқинлаша олмади. Чунки ғамсизнинг типирчилаши қўрқинчли тус олган эди. У ўзини қўярга жой тополмай типирчилар, оёқлари билан ҳар тарафга тупроқни титкилар, қонга бўялган оғзини осмонга қаратиб, таҳдид қилаётгандай тушунарсиз овозда ғингширди. Бу ҳол бир муддат давом этгач, охири у сўнгги кучини тўплади. Ва ичини ёндираётган оловни пасайтириш учун дарё томонга югуриб кетди.

* * *

Худди шу пайтда дарё устидаги омонатгина тахта кўприк яқинида, чамаси, беш ёшлардаги икки қизча ўйнаб юрарди. Улар итнинг чанг-тўзонга буланиб ўзлари томонга югуриб келаётганини кўриб, қўрқиб кетишди. Кўприкдан нариги тарафга ўтиб олмоқчи бўлишди-ю, азбаройи шошилганидан биттаси дарёга тушиб кетиб, жон ҳолатда питирлай бошлади.

Фалокатни кўрган ғамсиз дарҳол тўхтаб қолди. Йўлини кўприк тарафга ўзгартириб чопди ва қизчанинг орқасидан сувга отилди. Оғзи билан унинг кийимидан тишлаб саёзроқ жойга олиб чиқди. Ўқитувчилар етиб келгунича уни сув устида ушлаб турди.

Кейин сабри ва насибаси тугади чоғи, аста оёқлари остида сувга йиқилди. Бир-икки марта шўнғиб атрофдаги сувни ҳаракатлантирди ва жони узилди. Бўшашиб қолган танаси бир зайлдаги сув оқимига бўйсуниб, аста-секин соҳилдан узоқлаша бошлади.

Исматулла ДЎСТМУРОДОВ таржимаси

033

Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» романини турк тилида Calameo дастури ёрдамида мутолаа қилинг,принтердан чиқаринг,юклаб олинг.

Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» романини ўзбек тилида (таржимон Мирзакaлон Исмоилий) Calameo дастури ёрдамида мутолаа қилинг,принтердан чиқаринг,юклаб олинг.

(Tashriflar: umumiy 549, bugungi 1)

Izoh qoldiring