Robert Byorns. She’rlar.

04
25 январ — буюк шотланд шоири Роберт Бёрнс таваллуд топган кун.

   Роберт Бёрнс  (1759.25.1, Эр ш.-1796.21.7, Дамфрис)—шотланд шоири. Ўзига хос шеърият яратган, бунда меҳнатни, халқни, эркинликни, беғараз, фидойи севги ва дўстликни улуғлаган. «Шотландлар учун брюс» ватанпарварлик мадҳияси, «Қувноқ гадолар» кантатаси, фуқаролик ва севги тараннум этилган лирик шеърлар тўплами («Озодлик дарахти», «Жон Арпа дони» ва б.) муаллифи. Бёрнс ўз ижоди б-н чамбарчас боғлиқ бўлган шотланд насрий ва мусиқий фольклор намуналарини тўплаб нашр эттирган. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган (Қўшиқ ва балладалар, Т., 1971; Ёр кўнглининг қиролиман,Т.,2011).

пгд

РОБЕРТ БЁРНС – ЭРК ВА МУҲАББАТ КУЙЧИСИ

бёрнсЖаҳон адабиёти хазинасига катта ҳисса қўшган буюк шотланд шоири Роберт Бёрнс (1759–1796) нинг ҳаётбахш поэзияси бугунги кунда ҳам дунёнинг кўп тилларида жарангламоқда.  Ўтнафас шоирнинг ўхшаши йўқ, бетакрор шеърияти уч асрдан бери шеърият  ихлосмандларини ром этиб келмоқда.
Роберт Бёрнс илҳомни йироқлардан қидириб юрмайдиган шоирлардан. Унга илҳом – ёнидаги севгилисида, севгилисининг табассумида, жавдарзорда, қизларнинг гґзал чеҳраларида, ўз юртининг водийларида, дарёси-ю тоғларида, мустамлака Ватаннинг тарихида, озодлик учун курашган Уоллес, Брюс сингари халқ қаҳрамонларининг изтиробларида мужассам бўлиб кўринади. Шоир кўп шеърларини атай шотланд лаҳжасида ёзади, чунки у Ватанини, халқини севарди.
Ўзбек ўқувчилари Бёрнснинг қўшиқ ва балладалари билан 1971 йилда таниіли шоир, таржимон Муҳаммад Али таржимасида танишганлар. Устоз ўз таржималарини воситачи тил – рус тили орқали амалга оширганлар.
Давр талаби билан аслиятдан таржималарга эҳтиёж ортгани боис, биз довруқли шоир Роберт Бёрнс шеъриятига қайта мурожаат этиб, унинг шеърий асарларидан бир қанчасини инглиз тилидан бевосита она тилимизга ўгирдик. Улардан ўнтаси ўзбек тилида илк маротаба эълон қилинди.
Дўстлик ва муҳаббатни, умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи бу ёрқин шеърият қалбингизни хушнуд этади деган умиддамиз.

Таржимон

090
Роберт Бёрнс
ШЕЪРЛАР

ЖОН АРПА ДОНИ
Баллада
(Қадимий шотланд қўшиқлари асосида)

Қадим замонда шарқда
Яшаганди уч қирол,
Элнинг оғзида машҳур,
Шон-шуҳратга ўч қирол.

Кўринг учта номардни,
Назарини паст қилди.
Жон Арпа Дондек марднинг
Ҳаётига қасд қилди.

Шумниятлар ўч билан
Ҳукму фармон ёздилар.
Далада омоч билан
Жонга қабр қаздилар.

Кўклам, дарёда сув мўл,
Майсалар бош кўтарди.
Жон Арпа Дони дадил
Ер бағридан кўкарди.

Ёз фасли келгани он
Ёғий келолмас ёвуқ.
Бошоқ тортиб Арпа Дон
Ёйига жойлади ўқ.

… Куз киргач маҳзунгина,
Ранг-рўйи сомон бўлар.
Танда қолмай мадори,
Аҳволи ёмон бўлар.

Жон Арпа Донни, афсус,
Қартайгани билинди.
Бадният душманларин
Тузоғига илинди.

Чалғи билан ўришиб,
Товонидан сўйдилар.
Боғлам-боғлам қилишиб,
Ерга ёйиб қўйдилар.

Бўктириш-чун қудуққа
Солган эдилар яна,
Сувга ҳам чўкмади Жон,
Қалқиб чиқди мардона.

Шунда суякларини
Алангага отдилар.
Ловуллаган юрагин
Тегирмонда тортдилар.

Қозонга солиб Жонни,
Ўчоққа ўт қалашди.
Шароб қилиб қонини
Қадаҳларда улашди.

Бежиз эмас, ахир Жон
Ҳам мардона, ҳам ўктам.
Руҳин кўтаролган у
Кўнгли яримларнинг ҳам.

Бир қадаҳдан жонланар
Муҳаббатнинг шеваси,
Fам-андуҳин унутар
Аскарларнинг беваси…

Мудом Арпа Дон ила
Қадаҳлар майга тўлсин.
Кўҳна шотланд ўғлонлари
Бу дунёда бор бўлсин!

АРПАЗОРДА

Айни ўрим чоғида,
Арпа, буғдой – дон яхши.
Арпазор қучоғида
Ёр-ла ўтган он яхши.

Август эди ўшанда…
Ўтиб хиёл панага,
Арпазор орасидан
Пешвоз чиқдим Аннага!

Эрта тонгдан шомгача
Ёнидан жилмай сира,
Сайр этмоққа кўндирдим
Уни арпазор ичра.

Арпалар сара,бўлиқ,
Игна бордай учида.
Санчилса-да шод бўлиб,
Думалашдик ичида.

Сархуш, маст-аласт бўлдим
Муҳаббатнинг бўйидан.
Ёрдан бўсалар олдим,
Бахтли этиш ўйида.

Қизни қаттиқ қучгандим,
У бағримда тўлғонди.
Севги иқрори бўлиб,
Ёноқлар лов-лов ёнди

Тўй-томоша, зиёфат…
Дўстдан камим бўлмаган.
Пул бўлса-да, йўқ роҳат,
Кўнглим ёлғиз, тўлмаган…

Аммо менга баридан
Ёрни қучган кун азиз.
Арпазорда у билан,
Бирга бўлган тун азиз!

ҚИЗИЛ АТИРГУЛ

О менинг муҳаббатим,
Қизил атиргул янглиғ.
Сирли оҳанги қадим,
Наволар-у, куй янглиғ.

Эй чеҳраси нурафшон
Ёр, сизга шайдодирман.
Қуриб битса-да уммон,
Ишқим-ла пайдодирман.

Ишқим ҳароратидан
Тоғлар эриб кетгуси.
Сизга бўлган пок севгим,
Асрларга етгуси.

Алвидо, ёр, сирдошим!
Алвидо, нозли дилдор!
Ўкинманг, йиллар ошиб,
Бир кун қайтурман такрор!

* * *

Хайр энди, гўзалим,
Соғлигинг-чун ичаман.
Гарчи севгим ўт ҳали,
Мен баридан кечаман.

Маъзур тутгил, умримнинг
Гуллар ҳали баҳори.
Кимга тегсанг-тегавер,
Ўзингда ихтиёринг.

Дейсан турмуш, ташвишни
Бошгинамга урмайман.
Мен ҳам тентак эмасман,
Сени кутиб турмайман.

Қариндошларинг сени
Бойга бермоқ истайди.
Тақдиринг ўйинчоқми,
Роса кулгим қистайди.

Десалар-да камбағал,
Қўлимдадир ўз эрким.
Fуруримни ҳеч маҳал
Топтай олмайди ҳеч ким.

Тан сиҳатлик-бойлигим,
Меҳнатдир ифтихорим.
Тоғни талқон қилурман,
Бор экан куч-мадорим.

Тўғри, баъзан чўққини
Забт этаркан сор-бургут,
Қанотида ҳорғинлик
Сезса сақлайди сукут.

Хайр, ёрим, яхши қол,
Бу ерлардан кетарман.
Даричангдан эҳтимол
Бир бор қараб ўтарман…

* * *

Шароб бергил, тўлдириб бергил
Биллур қадаҳларда сен бугун.
Сафар олди сўнгги бор ичай
Гўзал ёрим соғлигинг учун.

Силкинади кема лангари,
Синагандай шамолнинг кучин.
Кетмай туриб заминдан нари,
Мен сен учун ичаман, Мэри!

Бизни кутар суронли онлар,
Жангга чорлар ҳилпираб байроқ.
Садо берар ҳарбий фармонлар,
Найзалар ҳам саф тортар шу чоқ.

Мен қўрқмайман жангу жадалдан,
Ўткинчидир мен учун бари.
Лек қандоғам айрилай сендан
Ёлғизгинам, севгилим, Мэри!

ВИЛЛИ

Омади чопмаган Вилли,
Бозорга борди бир кун.
Сотиб, эски ғижжагини
Бошқа мол олмоқ учун.

Сотмоқчи бўлдию аммо
Ғамли кўзи ёшланди.
Шўрлик Вилли ташвишланма,
Дарҳол уйга отлангин.

– Алмисоқдан қолган хароб
Матоҳинг сот, ўтирма.
Бир қадаҳдан келтир шароб,
Бўлди, бошинг қотирма.

– Ғижжагимни сотганимда
Эсдан оғардим буткул.
Ахир, қанча бахтли дамда
Менга ҳамроҳ бўлган ул?!.

…Борар эдим шаҳар бўйлаб,
Майхона очиқ турар.
Унда истироҳат айлаб
Вилли дўстим ўлтирар.

Дўстлар даврасида гўё
Кўринсанг-да, сен хушҳол,
Дилинг кемтик, Вилли жўрам,
Кел, бағримга келақол.

ЁР КЎНГЛИНИНГ ҚИРОЛИМАН

Денгиз қироли Жорж, Луи,
Ким бўлибдилар олдимда?
Жиндай азиз ёрнинг ўйи,
Ғужғон урганда қалбимда.

Ёр кўнглининг қиролиман,
Бахтим бўйлайди кўк қадар.
Менинг олдимда қироллар,
Қиролмас, йўқ, бир дарбадар.

* * *

Астагина ўпишдик гирён,
Айри тушди йўллар ҳар томон.
Видолашдик гарчи пичирлаб,
Фарёд солди юрак қон йиғлаб.

Тақдир экан, не ҳам қилдик биз,
Умидни чин бахт деб билибмиз.
Аммо, бугун кўзларимда ёш,
Сенсиз йўлим ёритмас қуёш.

Қалбда туғён уриб эҳтирос,
суйдим сени телбаларча, рост.
Сени кўрмоқ – севмоқ-ку, ўзи,
Сен севгининг мангу юлдузи.

Оҳ, қайданам кўришдик бизлар,
Оҳ, қайданам севишдик бизлар?
Севмасайдик бунчалар интиқ,
Абгор этмасмиди айрилиқ

Майли, омон бўлгин сен гулим,
Кўнгил мулким, азиз севгилим.
Ҳамроҳ бўлсин қалбингга абад
Тинчлик ила эзгу муҳаббат.

Астагина ўпишдик гирён,
Айри тушди йўллар ҳар томон.
Видолашдик гарчи пичирлаб,
Фарёд солди юрак қон йиғлаб…

ҚИЗ ҚЎШИҒИ
Шотланд халқ қўшиқлари оҳанггида

Дарё денгизга оқади,
Мавжлари дилга ёқади,
Соҳилда кимдир боқади,
Билдим, у – тикувчи йигит.

Еттита йигит йўлимни
Тўсдилар сўраб қўлимни,
Улар билмайди кўнглимни,
Кўнглим тикувчи йигитда!

Ота-онам зорлайдилар,
Бойга тег деб зўрлайдилар,
Унутгин, деб хўрлайдилар,
Қувноқ тикувчи йигитни.

Отам шафқатсиз, димоғдор,
Дейди: “Унга бермам зинҳор!”
Аммо, қалбим беозор ёр –
Ўшал тикувчи йигитда.

Токи, дарё шовқин солар,
Арилар гул болин олар,
Жавдар ёмғир ичра қолар,
Севганим тикувчи йигит.

Инглиз тилидан Бегойим Холбоева таржималари

(Tashriflar: umumiy 48, bugungi 1)

Izoh qoldiring