27 noyabr — Shoir Asqar Mahkam tavalludiga 55 yil to’ldi.

066
Асқар Маҳкам ўзбек адабиётини Аҳмад Югнакийдан Абдулла Орифга қадар, тожик адабиётини Рўдакийдан Лоиққа қадар ўрганиб чиққан, Қуръон тафсири ва ҳадис илмини пухта ўзлаштирган ижодкор сифатида улкан Ҳақиқатни англаб етган одам эди.

011

Неъматулло Иброҳим
МЕН ШОИР ЭМАС, ШУНЧАКИ РОСТГЎЙ ЭДИМ…

Асқар Маҳкам ўзбек адабиётини Аҳмад Югнакийдан Абдулла Орифга қадар, тожик адабиётини Рўдакийдан Лоиққа қадар ўрганиб чиққан, Қуръон тафсири ва ҳадис илмини пухта ўзлаштирган ижодкор сифатида улкан Ҳақиқатни англаб етган одам эди. У ана шу Ҳақиқат учун ўзини қурбон қилишга-да тайёр ҳолда яшарди. Менинг назаримда унинг Худога муҳаббати, одмийзотга юксак эҳтироми… ва нафрати, ёрқин тафаккурга қоришиб кетган ҳиссиёти, қувонч ва изтироби чексиз ва чексиз эди. Бундай ҳолатни фақат даҳо ижодкорлардагина кузатиш мумкин, холос.
У ижодда зўракиликни ёмон кўрарди. Шеърни махсус мавзу топиб, ақлий тайёргарлик билан ёзадиган дўстларимиз устидан кинояли кулиб қўярди. “Неъмат ака, мени шеърнинг биринчи мисраси қийнайди,—деган эди у бир сафар,—биринчи мисрани топдимми, тамом, ёзаётган нарсамни осонгина тугатаман.” Чексиз тафаккурли ижодкор экани учунми, унинг шеърлари баъзан ҳаддан ташқари узун бўлиб тугарди. Достонга ўхшаб кетадиган шеърлари ҳам кўп. Суҳбатларимиз давомида мен унга Александ Блокнинг “Лирик шеър йигирма мисрадан ошмаслиги керак” деган гапини бот-бот эслатиб турардим. У эса: “Жаноб Блокнинг бу аксиомаси менга тўғри келмас экан. Ёзаётганда айтадиган гапларим кўплигиданми, ўзимни тўхтатолмайман”,- дерди кулиб. Ижодий ишда унинг айтадиган гаплари ниҳоятда кўп эди. Чунки у ўзбек, рус ва форс адабиётини чуқур ўзлаштирган эди.( Ҳамкурси Абдулло Зуҳурнинг айтишича, талабалик йилларида у Пушкин, Лермонтов ва Есенин шеърларини сатрма-сатр чизиб ўрганган экан.)
Дарҳақиқат, Асқар Махкам адабиётимизнинг энг тафаккурли шоири эди. Фикримнинг далили сифатида унинг ҳар бир сатри ҳикмат даражасига етган “Таважжуҳ” достонини эслатмоқчиман.(Бу достон таҳлили алоҳида катта бир мавзу бўлади.) Мана, йигирма уч йилдирки, адабиётимизда “Таважжуҳ”га ўхшаш бошқа бир достон яратилмади.
Бир сафар мен унга: “Сиз арузни яхши биласиз, нега рубоий ёзмайсиз?”—дедим. У эса жиддий охангда: ”Эшонбобо, дуода бўлинг, шунақа бир нарсалар ҳам ёзиш ниятидаман”,- деб қўйди. Ўша йилларда (назаримда, 1998 йил бўлса керак) яна Тошкентга тушиб, Асқар Маҳкамнинг уйида меҳмон бўлиб турган кунларим: “Янги нарсаларингиз борми, ўқийлик”,— деб қолди. Мен дўстимнинг қўлига энди бошлаган “Дарвишона” китобимдан ўн-ўн беш саҳифани узатдим. Бу кичик ғазаллар туркуми этди.Диққат билан ўқиди, кейин яна такрор ўқиб чиқди-да, чеҳраси ёришиб деди: “Машрабона чиқибди! Неъмат ака, агар китоб охиригача шу зайлда кетса, ҳозирги ўзбек арузида бир янгилик бўларди!” Кейин менга икки саҳифалик қўлёзмасини узатди: “Мен ҳам шунга яқин вазнда рубоийлар бошлаб қўйдим.” Мен бу рубоийларни катта қизиқиш билан ўқидим. (Биз бир-биримизга овоз чиқариб шеър ўқимасдик. Ёзганларимизни фақат қоғозда ўқирдик.) Ўша кунларда Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” деб номланган 500 саҳифалик сайланмаси Душанбедаги “Адиб” нашриётига топширилган, фақат унга мен билан Абдулло Зуҳурнинг муқаддима ёзишимиз қолганди, холос. Кейинчалик 2003 йил шоирнинг 450 саҳифалик “Аналҳақ” китоби Тошкентда (Абдулла Қодирий номидаги Халқ Мероси нашриётида) нашрдан чиқди ва унинг барча рубоийлари(100дан ортиқ) ана шу китобига киритилди.
У ўз рубоийларида кенг кўламли бошқа асарлари (шеърлари, достонлари ва насрий китобларида) айтолмаган фикрларини гўзал шакл ва оҳангдор, ихчам мисраларда баён қилди.Бу рубоийларида у орифона мажоз ва тамсиллари билан, тафаккури ва ҳиссиётининг юксак мақомдаги тажассуми билан ижоддаги ўзига хослигини яна бир бор исботлаб кетди..

077

АСҚАР МАҲКАМ РУБОИЙЛАРИДАН НАМУНАЛАР

***

Бизларни бино айлаган ул Зотга ҳамд,
“Иқро” деган ул Холиқи Устодга ҳамд.
Гар аслимиз тупроқ эди бок йўқдир ҳеч,
Одамлигимиз етар, бу ижодга ҳамд.

***

Масжид ва ё қаср қурар бу борлар,
Пешонасини пеша қилар абгорлар.
Сен кимники бор айладинг, у бор қилар,
Айтгил, нимани бор қилар ночорлар?

***

Умр ўтди ғариб кулбадаю бўрёда маним,
Кўнглим бор эди Лайлию Зуҳрода маним.
Ҳарчандки ҳеч вақоси йўқ шоир эдим,
Бир муштипарим бор эди дунёда маним.

***

Эй оқилу девона, магарким борсиз,
Шоядки ғаний, балки жуда ночорсиз.
Ошиқ ўлинг, ошиқ ўлинг, ошиқ ўлингиз,
Гулзор—бугун, эртасига—мозорсиз.

***

Мен ҳам на валий, на анбиёман, эй дўст,
Лекин бу фақир марди Худоман, эй дўст.
Бир умр фақат севдиму севдим, эй воҳ,
Севган ҳама ёрдан жудоман, эй дўст.

***

Айтинг, ҳали ҳам кеч эмас, эй аждодлар,
Қабрингиз уза сарвми ё шамшодлар?
Қирғинми, қиёматми—нима берса-да рўй,
Дунёни аёл қутқаради, жаллодлар.

***

Ер гарчи Худо мулки эди, топтадилар,
Айтинг, нима ҳам қолди улар сотмадилар?
Сотқин эди барча, барчаси савдогар,
Охир на вафою на вақо топмадилар.

***

Ҳайф айлади ўзни, эй Худо бандаларинг,
Сендан ўзини этди жудо бандаларинг.
Дил боғлама деб эдинг “матоад-дунё”,
Қилди бу матога жон фидо бандаларинг.

***

Жайронга жилов солдию ўлдирди улар,
Оҳуни хачирсан дея кўндирди улар,
Оламни яратмоқдан азал Ишқ эди ком,
Дунёни разолат била тўлдирди улар.

***

Токай бу ҳаёт сайд ила сайёддир,
То сайд ила сайёд эса, оҳ, барбоддир.
Лаънат сенга, эй қонсираган қон аҳли,
Ким ошиқ эмас, демакки у жаллоддир.

***

Эй, аҳли Нишопур, сиза мен ҳам ёрман,
Дунёю бу дун мардумидан безорман,
Жонимга чунон тегди бу ҳушёр оломон,
Хайём, менга фотиҳа бер, ночорман.

***

Сиртим мени султону сирим йўқсилдир,
Подшоҳ агар сувратим, аслим қулдир.
Шоир, дея тақдири азал чекди рақам,
Пирим, менга бу шону шараф бир пулдир.

***

Бобур деди: “Ўзни шод тутмоқ керак,
Бизларни унутқонни унутмоқ керак.
То даҳр ҳама мард ила номард уйидир,
Бир ёри вафодор деб ўлмоқ керак.

***

Ким шам кўтариб кезди бу кенг оламни,
На Хизрни топмади ва на Ҳотамни.
Ўғлимга нуқул дедим: “Болам, одам бўл!..”
У дедики: “Биргина кўрай Одамни…”

***

Ҳорут била Морутни сўранг Зуҳродан,
Иймонни сўранг Нажмиддини Кубродан.
Одам боласи бир умр Ҳақ ахтарадир,
Осмонда ҳақиқат, шотиси—тиллодан.

***

Лайлога фақат Қайс назар қилгайдир,
Лайлога фақат Қайс асар қилгайдир.
Мажнунни фақат у қиладир девона,
Қолган ҳама шоядки ҳазар қилгайдир.

***

Ўлсам, мени Хайём била ёд этинг,
“Оллоҳга ҳамд, ўлди”, дея дод этинг.
Ер устида ҳам, остида ҳам ором йўқ,
Саҳрога чиқиб, бод ила барбод этинг.

***

Бу оҳу фиғон ичра менинг нолам йўқ,
Бечорага чора истадим, чорам йўқ.
Мен ҳам ўша иблисни рад қилдим, лек,
Одамга сужуд қилай десам, Одам йўқ.

***

Илкимда фақат саҳфаю дафтар қолди,
Эгнимдаги жома йитди, астар қолди.
Дунёни варақ-варақ ўқиб жим қолдим,
Шоядки, башар олдида маҳшар қолди.

***

Эй, ҳушёрлар, мен-да нажиб куй эдим,
Гоҳ мотаму гоҳ жаноза, гоҳ тўй эдим.
Шоядки бу бандани-да ёд айласангиз,
Мен шоир эмас, шунчаки ростгўй эдим…

Манба: “Аналҳақ”. 429-445 саҳифалар.

(Tashriflar: umumiy 252, bugungi 1)

Izoh qoldiring