3 iyul — Taniqli adib va jurnalist Nusrat Rahmat tavallud topgan kun. Chin dildan qutlaymiz!

021

Таниқли ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.
«Ленин йўли” газетасида ишлаган, «Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлган. Кейин Тошкентга кўчиб «Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, » Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган.
«Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилди. Кейин «Чанқовуз”, «Олис-олис сўқмоқлар”, «Дашт”, «Замондош ўйлари”, » Селекция муъжизаси”, «Сўқмоқлар ва сабоқлар” цингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган.
«Тақдимот” шеърлар, «Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, «Мен мухбирман”, «Мен редакцияданман”, «Энг ашаддий каллакесар», «Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва Интернет сайтларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган.
У 2004 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.
Нусрат акани таваллуд куни билан қутлар эканман, сиҳат саломатлик, фарзанду набиралар камолини кўриб юришларини, янги асарлар тилаб қоламан.

098

Нусрат Раҳмат
ҲИКОЯЛАР

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ

— Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум тин олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу — ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди — чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан сийлашарди. Айиқ эса турли илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан нафсини қондирарди.

Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.
Соҳил бўйлаб одимлашларининг сабаблари кўп. Улар бир нарсани — ватанлари ана шу дарё йўл бошлаган тоғлар орасида эканлигини унутишмаганди ва Зарафшон она юртларига адаштирмай етказишига умид боғлашганди.
Икковлари ҳам ёшини яшаб, ошини ошаганлардан эди.

Айиқ етаклаган амакининг номи — Сафарали. Ёши етмишнинг нари-берисида бўлиб, пешона тери ва кўз ёши таъмини роса татиган; чайир, андак букчайиб юрадиган, ўртабўй киши. Айиқ (лақаби — Дар-дар)нинг ҳам елка суяклари бўртиб турганлиги, жунларининг дағаллашгани, ўта итоаткорлиги, кўзлари хиралашиб, тишлари тўкилганлигини кўрган киши русларнинг: «Старост — не радост» деган нақли фақат одамларга эмас, жониворларга ҳам тааллуқли эканлигига ишонч ҳосил қиларди.

Тақдир бу икки шўрликни бу томонларга улоқтириб ташлаганига ўн беш йиллар чамаси бўлиб қолди. Касбу кор, тирикчилик, аниқроғи, ўттиз икки сабаб барига. Айиқ ўйнатиб, нон топиш Сафарали учун — ота касб. Унинг бобокалонлари ҳам тоғдан ҳали кўзи очилмаган айиқ болаларини олиб келиб, бир қўлда қамчи, бир қўлда ширинлик билан, уларни йўлга солишган: тил топишган, гаплашишган.

Сафарали Дар-дар билан унинг акасини қўлга киритиш учун обдон тайёргарлик кўрган, роса пайт пойлаганди ўшанда. Бу ердаги она айиқлар қишки уйқу пайтида — феврал ойининг охирларида кўз ёришини, болакайларнинг кўзи қирқ кунгача юмуқ бўлишини отасидан эшитганди. Шунинг учун ҳам кунлар исиб, она инидан чиқиб кетишини интиқлик билан кутишга тўғри келди.

Она инидан чиққан биринчи куниёқ у болакайларни ўғирлади. Кўп ўтмай бечора она дараларни ларзага солиб ўкирди: ногаҳонда икки навқирон ўғлидан жудо бўлган сийначок онанинг дардли фарёди эди бу. Ини ичида инсон ҳиди иниб қолганиданоқ бу бедодликни ўша икки оёқли душмани қилганини азалий инстикти билан ҳис этди. Шундай дақиқаларда атрофда одамга дуч келса, тилка-пора қилиши турган гап эди.

Айиқ деганлари ҳаммахўр жонивор: гўштми, мевами, илдизпоями паққос туширишни хуш кўради. Лекин кўзи эндигина очилаётган мурғак айиқчаларни сут, атала, қийма гўшт билан боқиш талаб этиларди. Қўшнининг боласи айиқчаларнинг каттасини қуғирчоққа ўхшатди ва шу кундан эътиборан унинг лақаби Лўхтак бўлиб қолди. Кичигига эса Ар-ар деб ном қўйишди. Қишлоқларининг ҳам номи Ар-ар, аммо бунинг бир-бирига алоқаси камроқ. Айиқча эрталаблари она ҳиди, ҳарорати, сутини қумсаб бўкирарди ва бутун оила ваҳимага тушар, она айиқ келиб қолишидан хавотир тортарди. Шу сабаб Ар-ар бўлиб қолганди унинг лақаби.
— Сен ҳайвонсан,- йўлида ва сўзида давом этди Сафарали,- кўп нарсани билмайсан — ёдингдан чиқариб юборасан. Биз келганимизда чегара деган гап йўқ эди — бемалол ўтиб келаверардик. Энди унақамас…

Бу — хавотирланиш эди. Улар ҳар йили баҳорда келиб, кузда қайтиб кетишарди: айиқ қишки уйқуни ўз юртида ўтказарди. Аммо ногаҳонда вазият ўзгарди. Ёз давомида тўйларда, сайлгоҳларда томоша кўрсатиб, тузуккина пул топишди-ю, аммо қайтишдла автомат тутган ҳарбийлар уларнинг йўлларини тўсишди: ҳукмфармолик билан ҳужжат талаб қилишди. Табиийки, уларда ҳужжат йўқ эди, илтимос, илтижолари эса уларнинг тош юрагини илитолмади: ноумид орқага қайтишга мажбур бўлдилар.

Ариқ бўйида лўлилардан қолган кулбада яшашганди. Тағин ўша ерга қайтишга тўғри келди. Бу ер ўнғай эди: қўни қўшни йўқ: жониворнинг важоҳатидан, бўкиришидан чўчиб, ҳеч ким шикоят қилмасди. Улар ҳамроҳликда кўчага чиқишар, танишлардан гўшт, нон, ёнғоқ сотиб олишарди. Кўп ўтмай Дар-дар қишки уйқуга кетди.
-Ўша қиш яхши ухламадиларинг,- сўзида давом этди Сафарали, — бу ерда ҳаво тоза эмасди, шовқунлар ҳам бўлиб турарди. Гоҳида миршаб келиб, мендан пул талаб қилишини ҳисобга олмаганда, ҳеч ким тинчимизни бузмасди.

Улар йўлда давом этардилар. Атиги бир неча қадам нарида донлаб юрган тустовуқлар галаси, дарё ювиб, кўлмаклар ҳосил бўлган жойлардаги ширмой балиқлар иштаҳаларини қитиқлар, аммо уларнинг ортидан тушиш бефойда эканлигини ҳис этиб, йўлнинг танобини тортишарди.

Ногаҳонда Дар-дар бошини кўтариб, ҳавони узоқ ҳидлади. Кейин чап томонга интилди. Сафарали хавотир аралаш иккиланиш билан унинг ортидан эргашди; кўп ўтмай, тандирда жизғанак бўлган нон парчасининг ҳидини туйди. Қишлоқ чекасида бир аёл нон ёпарди. У хавотир тортмаслиги учун Сафарали Ар-арнинг бўйнига занжирни илинтирди ва анча яқинроқ бориб тин олишди. Аёл аввал ажабланиб турди, сўнг ҳаммасини тушунди ва боласидан бир жуфт иссиқ нон бериб юборди. Кейин эса бу ногаҳоний меҳмонлар боласига бирор зарофат етказишидан кўнгли тап тортиб, зийрак кузатиб турди.
— Ўзбек аёллари яхши,- деди Сафарали,- юр, энди нонни сувга ботириб еймиз.

Улар дарё бўйида тин олиб, нонни сувга бўктирдилар.
— Акамни кўрмаганимга ўн беш йилдан ошди,- сўзида давом этди Сафарали, қоринни тўйғазиб, йўлга тушгач,- кексайиб қолган бўлса керак. Эҳтимол, мени танимас ҳам. Мен эса: «Ака, ман Сафаралиман!», дейман. Сенинг ҳам қавмларинг дастлаб бегонасирашади; кейин таниб олишади. Энди кексайдик: ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди! Ўз юртингда оёқ узатганингга нима етсин?! Сенинг аканг барвақт нобуд бўлди — кечир мен нотавонни…

Гап шундаки, дастлабки йиллари омад уларга бот-бот ўнг қўлини чўзиб турди. Илк бор Регистонда томоша кўрсатишгани эса сира ёдларидан чиқмайди. Дастлаб Лўхтак ҳам Ар-ар ҳам батамом бегона ҳид, нотаниш қиёфалардан ҳадиксираб туришди, аммо хўжайин нигоҳидаги жиддийлик аралаш хайрихоҳлик дилларига қувват ато этди. Ноғора «Андижон полкаси»ни бошлаши билан иккиланмай, оҳангга ҳамоҳанг йўрғалашга тушишди. Атрофдаги болакайлар қиқирлаб кулишди, катталар илжайишиб, тартибсиз қарсак чалишди. Анчагина давом этди бу завқовар томоша. «Муҳтарам томошабинлар, тиржайиб турган юзлаб башараларга мурожаат қилди хўжайин шу билан рақсни якунлаймиз. Энди ака-укалар кураш тушишади — даврани кенгроқ олинг! Ширий круг! Ширий круг!»

Тўпланганларнинг юзларидаги қизиқиш, ҳангоматалаблик майллари кучайгандай бўлди. Ноғора бу гал вазминроқ, ҳатто мунглироқ оҳанг бошлади. Улар паҳлавонларга монанд ҳаракатлар қилиб, икки бор давра айланишди, бир-бирларини курашга чорлаб, пўписа-ю иддаолар қилгандай бўлишди. Кейин (хўжайин ўргатгандай қилиб) Дар-дар илкисда акасига ташланиб қолди. Лўхтак ҳам анойилардан эмасди — рақибни белидан қучоқлаб даст кўтариб турди-ю, ҳангоматалаб оломоннинг ҳаяжонларини роса кўпиртиргач, кўтариб ташлади. У эса ирғиб туриб, рақибининг оёғидан олмоқчи бўлганда, Сафарали адолатпеша ҳакамлардай орага кирди: «Ҳай-ҳай! Ғирромлик чикора?! Мардлик — ҳалолликда!». Хуллас, узоқ давом этмаган курашдан кейин (ҳамишадагидек) Дар-дарнинг қўли баланд келди. Сафарали барабан чалишдан тўхтаб, муддаога ўтабошлади: қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қабилида шаъма билан ака-укага мурожаат қилди: «Сизлар жуда узоқдан — ҳов тоғлар орасидан самарқандликларга шод-у хуррамлик улашиш учун келгансизлар. Мана, роса ўйнадиларинг, кураш тущдиларинг. Албатта, андак чарчаб, қоринларинг ҳам очқагандир. Аммо сизларга у-бу олиб берай десам, шу кунларда ўзим ҳам жилла камхаржроқ бўлиб турибман. Энди бир давра айланиб чиқинглар: якка-ю ягона умидимиз Худодан — саховатпешалар, жўмардлар бу шаҳри азимда кўп деб эшитганмиз. Қани биродари азизлар, қўлларингни дуога кўтаринглар! Марҳаматини дариғ тутган, тутмаганни Аллоҳ ўз паноҳида сақлаган бўлсин! Худои меҳрибоним фарзанд талабларга — фарзанд, тўшакда михланиб ётган беморларга шифо ато этсин! Омин!»

Хўжайиннинг таниш ишорасидан кейин Ар-ар Лўхтакнинг елкасига миниб олди. Сафарали, одатдагидек, унинг қўлига эски шляпани тутқазди ва барабанда мунгли куй чалабошлади. Бу оҳанг оғир тоғ йўлларини, ҳаёт машаққатларини ёдга соларди. Пул қанча кўп тушса, оҳанг шунчалик авжига чиқар, Сафаралининг ҳаяжони, хурсандчилиги ошарди. Томошадан кейин эса, кўп ҳолларда, Сафарали сахий бўлиб кетар: ака-укани гўшт, мева билан сийларди, аммо шуниси нохушки, гоҳида ўзи ҳам арақ ичар, бундан айиқ полвонларнинг дили беҳузур бўларди. Буниси ҳам майли: шундай хушфеъл хўжайин ичгандан кейин сўрраяр, кўзларини жовдиратар, жоҳиллашиб кетар, ака-укага дўқ урар, гоҳида золимона қамчилаб қоларди. Бир бор шундоққина йўлакда чўзала тушиб ётиб қолди; чўнтагида эса анча-мунча пули бор эди. Бир неча соатгача миршаб-у, ўғриваччалардан қўриқлаб туришга тўғри келганди уни.
— Эҳ, яхши даврлар эди,- сўзида давом этди Сафарали,- ҳамма бизни яхши кўрарди: томошалар, базмлар, тўйларга таклиф этадиган бўлишди. Сен тентакларни ҳайвонот боғига ҳам олиб киргандим…Лекин беодобли қилиб қўйдиларинг: ҳижолат чекдим.

Гап шундаки, ўша йили Самарқанддга кўчма ҳайвонот боғи келганди. Уччовлашиб томошага киришди. Қизиқ бўлганди шунда. Бир қафасда урғочи айиқни кўриб, иккаласи ҳам ўша томонга ташланишди, хужайинни ҳам тортиб кетишди. Ҳали бирор бор жинсий эҳтиросларини қондирмаган навқирон йигитчаларни тушуниш мумкин эди. Қафасдаги айиқ ҳам ажиб бир мойиллик ила булар томон интилди — лаҳзалик бўлса ҳамки, шавқовар лаззатга ташна эди: улар лабга-лаб босиб, ташналикларини андак қондирган бўлишдиди. Аммо ярамас темир қафас бундан бошқасига имкон бермади.

Одатда ҳаёт, улашадиган арзимас шодликлари учун жуда кўп ҳақ талаб қилади. Уларнинг ҳам бу сарафроз кунлари икки йилдан ошмади: нима бўлди-ю, айиқлар касалланиб қолишди — иштаҳалари тушиб, ориқлаб кетишди; кечалари нолиш қиладиган бўлишди. Сафарали жуда ташвишга тушди, нигоҳлари сўник, меров бўлиб қолди. Ахир, Дар-дар билан Лўхтакдан ўзга ҳеч кими йўқ эди-да, бу бояқиш мусофирнинг. Бунинг устига тирикчилик ҳам шу ака-укалар туфайли. Хуллас, айро яшашни тасаввур қилиб бўлмасди! Томоша пайтида бир рус қизи Сафаралига яқинлашиб, жониворлар касаланганини ва вокзал томонда уларни даволайдиган клиника борлигини, ўзи ўша ерда ишлашини айтди, манзилгоҳни ёзиб берди.
— Дар-дар, ёдингдами у ердаги ўрис қизлар журъатли, жонсўз, меҳрибон экан: иккалангни ҳам оғзингни чаққон боғлашди, ҳароратларингни ўлчашди. Кейин тезакларингни текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашди. Биз кечгача ўтирдик. Овқат емай қўйганларинг сабаб, қоринларингни бўшатишларинг ҳам қийин кечди. Ниҳоят, қизлар ахлатларингни олиб, заррабинга қўйишди ва ўксиниб кетишди: ўпка, жигарларингда қурт бор экан. Улар дорилар беришди, аммо пул олишмади. Шуларнинг шарофати сабаб сен тирик қолдинг, акангни эса тупроққа топширдик. Ёлғиз ўзингни эргаштириб, мактабларга борардим — болаларга турли томошалар кўрсатиб, ризқ рўзимизни топарди. Аммо ҳаёт кундан-кун даҳшатли даражада зерикарли бўлиб борарди…

Сафаралининг гапи илкисда узилиб қолди: нарироқда, дилига ҳамиша ғулғула солиб келган, елкасига автомат илган ҳарбий кишини кўриб қолганди. У сўхтаси совуқ бир пас ажабланиб турди-ю, сўнг ўнг қўли билан «орқага» деб ишора қилабошлади. Бу бағритош қашшангнинг бўйруғини бажармаслик эса нохуш оқибатларга олиб келишини Сафарали яхши биларди. Аммо ватанга қайтиш, жисму жонларини ўша тоғ-у тошлар бағрида эгасига топшириш истаги бундан-да кучли эди. Шунинг учун дарё бўйлаб эмас, Бахмал тоғлари ёнбағирларидан ўтиб кетишни режалаштирди. У ерда ҳам ҳарбийлар бўлиши мумкин, ўйларди Сафарали, аммо тунда харсанг-у буталар оралаб, уларнинг нигоҳларини шамғалат қилиб кетса бўлар…

Улар Ойқор чўққисини мўлжаллаб йўлнинг танобини тортишга киришишди. Сафарали бирор номаҳрамнинг эътиборини тортмаслик учун, асосан тунда йўл босишга қарор қилганди. Шу тариқа қишлоқлар, экин майдонлари ортда қолабошлади. Тонгда қир қўйнида асалари қутилари кўзга ташланди. У Дар-дарнинг бўйнига занжир солди, жониворнинг асалга ўчлигини яхши биларди: бирор бебошлик қилиб қўйишидан хавотир тортганди. Бир неча қадам қолганда, тин олишди. Асаларичи ҳам ўша нон пишираётган аёлдай саховатпеша экан: шогирдидан бир косача асал жўнатди. Сафарали нон билан икки бор ялади, холос; қолганини Дар-дарга берди: у сўнгги томчисигача ялагач, улар енгил тортишди ва тоққа тирмашабошладлар.
— Мана шу икки тоғдан ошсак, у ёғи ўзимизнинг юрт. Уша чўққида ярамас ҳарбийлар бўлиши мумкин: ундан тунда ўтамиз,- деди Сафарали андак ишонч билан.

Бу ерда қўй-эчкиларнинг сўқмоқлар мўл эди ва уларнинг аксари ёнбағир бўйлаб, баландликка олиб чиқарди. Икковлон ана шу йўлаклардан юқорига қараб юришарди. Биринчи тоғдан ошиб ўтишганда тағин қоронғулик чўкди. Бу — айни муддао эди: асосий довондан бирорта пашшанинг ҳам эътиборини тортмай ўтиб кетса бўларди. Улар ўғрилардек, овоз чиқармай, шарпасиз юқорига чирмашабошладилар.

Икковлон сўнгги довонга чиқишганда, тонг бўзарабошлаганди. Қаршиларидаги сарҳадсиз пасттекисликни кўриб энтикиб кетишди: ёшликда дилларига жо бўлиб қолган таниш чўққилар, даралар — киндик қони томган она юрт бор бўёқлари, жозибалари билан намоён бўлганди. Диллари лиммо-лим сурур ва шавқоварликка тўлиб, бир неча дақиқа тин олишди.
— Пастга эниб олсак, кечгача уйга етамиз,- деди Сафарали аллақандай қониқиш, ҳаяжон аралаш. Унинг ҳозирги ҳолати узоқ сафардан қайтиб, ўзи туғилган уйнинг эшигини очмоқчи бўлган кишининг шавқовар ҳолатини эслатарди. Дар-дар буни ҳис қилиб олдинга интилди. Улар бирнеча қадам босишлри билан…

Кутилмаган бу фожеани фақат киночиларгина бор ҳақиқати, бўёқлари билан ишонарли намоён қилишлари мумкин эди. Менинг эса қаламим ожиз. Ногаҳоний вулқонга ўхшаш куч уларни ёнбағирга улоқтириб юборганди, нимадир қаттиқ гумбурлаб, уларнинг фарёдларини босиб кетди, худди чақмоқ чаққандек, борлиқ бир лаҳза ёришди.

Сафарали қачон ўзига келганини билмайди. Аввал кўз ўнгида хира туман қилт этмай тургандай бўлди, кейин у тиниқлашиб юлдузли осмонга айланди. Нима ҳодиса рўй берганини тасаввур қилолмай, мадорсиз қўллари билан атрофини пайпаслади ва қўли аввал Дар-дарнинг совуқ вужудига, кейин эса шилимшиқ нарсага тегди.

Уларинг вужудларидан оқаётган қон бир жойда ҳалқоб бўлаётганини тасаввур қилишга эса қувваи ҳофизаси ожизлик қиларди.
Кейин жимлик чўкди.

НОМАЪЛУМ РАССОМ

Маҳалладошлар уни хушламайди. Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл жиҳозлари нопок йўл билан келаётганини ҳамма билади. Шунга қарамай унинг олдига келиб туришади, илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров машина оломай ҳалак. Бунақа юумушларга унинг суяги йўқ: танишларини ишга солади, урушда «қон тўкканини» пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.

Шаҳарга туташ колхознинг бригадири унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон олиб беради.

Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса, бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман. Бу даргоҳга ижара излаб келганим кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болохонадаги уй бўшлигини, хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.
–Ургутданман, — дедим, сўнг қўшиб қўйдим: — Юрфакда ўқийман.
–Ҳа, тузук, — деди у чиройи очилиб.

Шу билан гапимиз тугади. Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
– Майли, — деди у ниҳоят, — аммо маст бўлинса, аёл-паёл олиб келинса хафалашиб қоламиз.

Кўчиб келганимнинг биринчи ҳафтаси эди. Кечқурун хонамга кириб кетаётганимда, хивичдан тўкилган креслода ялпайиб ўтирган хўжайин мени чойга таклиф қилиб қолди. Унинг рўпарасидан жой олдим-у, нигоҳим кўкрагига чизилган катта расмга тушди. Табиатан баданига турфа ёзувлар ва расмлар бўлган кишиларни ёқтирмасдим. Нохуш бўлдим. Хўжайин ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, чой узатди. Унинг кайфияти яхши эди. Ўзимни мумкин қадар бепарво тутишга уриниб, унинг кўкрагига тағин назар ташладим. Балоғат ёшидаги қизнинг жуда зўр ҳафсала ва дид билан чизилган расми эди у. Қиз бошини осиёлик жувонларга хос танғиб олган бўлса-да, қирра бурни ва яна алланималари европача эди. Кўкраги жуда бўлиқ, сийнабанди осмонранг. Кўкрагининг ярми хўжайиннинг майкаси остида қолганди. Аммо, синчиклаб қаралса, тўр остидаги унинг бор вужудини кўриш мумкин эди. Назаримда у ҳозиргина чўмилишдан чиққандай, устига мато ташлаб олганди. Қизнинг боши негадир бир оз хам қилиб чизилган, табассумида билинар-билинмас ғуссами, истеҳзоми яширинганди.
–Ўқиш қачон тамом бўлади? – ногаҳонда сўраб қолди хўжайин.
–Яна бир йил бор.
–Яхши! Кейин ҳаёт тузук бўлиб кетади. Ҳозир судяю терговчиларнинг пичоғи мой устида.

У раёнимизда бадавлат одамлар кўплигини айтиб, Гена деган серпул кишини суриштириб қолди. Танимаслигимни билгач, афсусланди.
–Жуда ҳам уддабурро одам. Бир вақтлар Москвадаги бир ресторанда директорлик қилган. Бундай одамларни таниб қўйиш керак!

Унинг ўгитларини тинглаган киши бўлиб, тағин расмга назар ташладим. Ҳар қалай бу улкан санъаткорнинг иши эди. Расм учун чап сийнанинг усти яъни юрак атрофи танлангани бежиз эмасди. Юрак тепканда қизнинг узун киприклари, бўлик, оппоқ кўкси тебраниб кетар ва бу ғайритабиий ҳол кишини беихтиёр ҳаяжонга соларди. Бу соҳибжамолнинг нозик бармоқлари ҳам шу қадар оппоқ ва навосатли эдики, таърифига ҳам сўз ожизлик қиларди.

Хўжайин қўзғалди, негадир деканимизнинг фамилиясини суриштириб қолди. Мен чўчиб тушдим ва жавоб бердим.
–Танийман, — деди у. – агар бирор иш чиқиб қолса, менга айтилсин, ёрдам бераман!

У ҳомуза тортиб, хонасига кириб кетди. Расм эса хаёлимга кўчди ва михланиб қолди.

Эртаси хўжайин кеч келди. Унинг кайфи баланд эди. Бека саросималаниб унга сув тайёрлади.
–Биласанми, хотинлар нима учун яратилган? лаблари тамшаниб, хотинига савол берарди у.
–Биламан, биламан – эркакларнинг эрмаги учун, — ҳазил тариқасида, қўрқибгина жавоб қайтарарди хотини.

Аёл эрини уйига олиб кирди. Хўжайин кимнидир болохонадор қилиб сўкди. Кейин жимлик чўкди.

Бир ҳафтагача унинг майкачан чиқишини кутиб юрдим. Якшанба куни эндигина креслодан жой олганда, ҳалиги таниш бригадир келиб қолди. У расмга мутлақо эътибор бермай, нуқул илтимос қиларди.
–Фақат помидор қолди. Икки кун турса бари эзилиб кетади. Борамизу келамиз.

Улар чиқиб кетишди ва тушдан кейин ширакайф бўлиб қайтишди. Ток остида жой ҳозирлашгач, қимтинибгина пастга тушдим.
–Қани, студент, бир-ир чой ичайлик.

Мен ичкаридан омонатгина жой олиб, ташна нигоҳларимни бўлса керак, қизнинг яноқларида реза-реза тер ялтирарди. Инсон қиёфаси акс этган жамики полотнолар, портретлар, ҳайкаллардан фақрли ўлароқ, бу расм жонли эди: у қизарар, терлар, гоҳида чимирилар, табассум қилган бўларди.

Бригадир нуқул бу йил ҳосил баракали бўлганини, биринчи уни таърифлаганини такрорларди. Хўжайин эзма суҳбатдошининг гапига шунчаки одоб юзасидан қулоқ солгандай бўлса-да, аслида батамом бошқа нарсаларни ўйлаётганини билиб олиш қийин эмасди. Нафсиламбирини айтганда, учаламиз ҳам рол ижро этаётган актёрларга ўхшаб кетардик шу тобда.
–Топширишни ўйламанг, — далда берган бўлди хўжайин, — биз бор эканмиз, ҳосилингиз ерда қолмайди.

Суҳбат қовушавермагани учун бўлса керак, бригадир узр сўраб, кетишга шайланди. Уни дарвозагача кузатиб қўйдик. Хўжайин креслодан олиб, хотинини чақирди.
–Қарзни обкелдими, ана у? – қўшни томон имлади.

Йўқ! Кейинроқ берар, хотинини Ленинградга олиб кетди. Бу ерда даволаб бўлмасмиш…
–Нодон! Ризқи бут бўлса, нима фарқи бор?!

Аёл мендан хижолат бўлди. Мавзуни усталик билан бошқа томонга бурди.
–Ўғлингиз аттестатини олибди… Билим юртига борсам майлими, деяпти…
–Йўқ, — деди у кескин, — ё юрфакка ёки савдо системасига боради. Мана шу болалар, — у мен томон имлади, — қишлоқдан келиб ўқияптилар-ку.

Шундан кейин орадан ўн кунлар чамаси вақт ўтди. Менинг ширин умидларим, орзиқиб кутишларим сароб бўлиб қолаверди. Бу орада бека мени жуда қадрлайдиган бўлиб қолди. Ўша куни унинг маслаҳати билан маҳаллага тўйга боргандим. Хизмат қилиб юрганимда хўжайин келиб қолди. Уч-тўрт баковул унга пешвоз чиқиб тўрдан жой кўрсатишди. Сўнг алоҳида дастурхон ёзиб, ноз-неъмат келтиришди. Хўжайин бу ерда ҳам ўзига хос виқор билан ўтирди. Маҳалла комитетининг раиси билан қадаҳ уриштирди, кимгадир зарда қилди. У чиқиб кетиши билан одамлар ғийбатга тушиб кетдилар.
–Маст бўлди муттаҳам!
–Бу зулукни одам қилиб юрган – ўша хотини. Бўлмаса аллақочон балои азимга дучор бўларди.

Уларни гапидан шу нарса аён бўлдики, бека хўжайиннинг учинчи хотини экан. Биринчиси узоқ йил кутган бўлишига қарамай, хўжайин ўша ёқдан хотин олиб келибди. Кейин иккаласи муроса қилмагани учун жавобларини бериб юборибди.
–Бари бир маҳаллага шунақа одам керак, ғийбатни якунлашди улар, — ёрдами тегиб туради.

Тўйдан келсам, хўжайин креслода майкачан ўтирган экан. Жуда қувониб кетдим.
–Хўш, студент, ишлар жойидами, тўйга борилдими?
–Ҳа.
–Кўрилдими, бари менга думини ликиллатади. Лекин қўлларидан келса бир кун қўймайди, бу нокаслар!

Таниш расмга кўзим тушиб, юрагим гупиллаб ура бошлади. Унинг нигоҳларида бу гал ўта жоҳил одамнинг қўлига тушиб қолган бокира аёлнинг изтиробларини кўргандай бўлдим. Эҳ, гўзал эди у.

Шундан кейин ҳар гал унинг янгидан-янги қирраларини кашф этардим. Мен у қизни интиқлик билан, бир ташналик билан қўмсардим, негадир пешоналарини силагим, далда бергим келарди. Хўжайин эса аксига олиб, кўпинча халат кийиб чиқар ва менинг ташна нигоҳларим мунғайиб қолаверарди.

Ўша куни маҳалладан бир киши илтимос билан кириб келди.
–Шу акамиз касал бўлиб қолган денг. Духтурга борсак, жой йўқ, дейди…

Хўжайин креслода ястаниб ўтириб олди, хотини телефон аппаратини олдига келтириб қўйди. У кимларгадир телефон қилиб, ҳалиги одамнинг ҳожатини чиқарди. Сўнг сўради:
–Қаерларда ишлаяпсиз?
–Ўша – аввалги жойда.
–Аввалги жой қаер эди?
–Паррандачилик фабрикаси.
–Дарвоқе, товуқлар семириб юрибдими?
–Семириб юрибди.
–Нима, эшитиш бор-у, кўриш йўқми?

У бугуноқ етказишга сўз берди. Хўжайин қувонди ва негадир намойишкорона халатини ечиб кўкрагини очди.
–Мана, студент…

Мен хижолат тортдим. Хўжайин расмни ёқтириб қолганимни билмайди, деб ўйлагандим-да.
–Билганман, студент, билганман шу расм ёқиб қолганини.

Мени ногаҳоний хижолатдан чиқариш учун бўлса керак, у қадаҳларга конъянк қуйди, бирини менга узатди.
–Ҳеч ичолмайман! Ичмаганман!
–Олинсин, студент, расмнинг тарихини айтиб бераман!

Мен қадаҳни олдим.
–Бу расм – Полшадан ёдгорлик. Контслагердан.

Қизиқишим ошиб, унга яқинлашдим. У ҳам эътиборимни жамлаб олишим учун бир лаҳза сукут сақлаб давом этди.
–Бир рассом билан бирга тушиб қолгандик. Жуда мўмин-қобил одам эди. Бизнинг тақдиримиз маълум эмасди. Ўзимизникилар яқинлашиб келаётган пайтлар эди ўшанда.

«Дўстим, — деди бир куни ўша рассом жуда илтижо билан, — ўттиз йилдан бери хаёлимда бир сиймони олиб юрибман. Йўқ дема, шуни сенинг кўкрагингга чизай. Кўксинг жуда кенг, беғубор экан».

«Расм чизишга бало борми, — дедим нохуш, — эрта-индин ўладиганга ўхшаб турибмиз-у…»

«Йўқ, биз ўлмаймиз, — деди у ишонч билан, — бу расм сенга асқотади. Ишонавер!»

Мен чалқанча ётдим. У анча уннади. Қалам билан чизиб, игнани қора рангга ботириб санчиб чиқди. Бир ҳафтадан кейин бизни отишга олиб чиқишди. Аблаҳ фашистлар баримизни қатор қилиб қўйишди. Бир маҳал мўъжиза рўй берди. Сафнинг олдидан ўтиб кетаётган офитсер атайин орқага қайтиб, кўкрагимдаги расмга суқланиб тикилиб қолди. Сўнг шерикларини ҳам чақирди. Улар алламағалгача чулдираб муғокама қилишди. Кейин офиер мени сафдан чиқариб юборди.
–Қолганлар-чи? – шошиб сўрадим.
–Отиб ташлашди, — деди у совуққина қилиб.
–Рассомни ҳамми?
–Ҳа!
–Афсус! Номини сўрамаганмидингиз?
–Ёдимдан чиқиб кетган, — деди у лоқайдгина, — кейин ўша офитсер расмни яхши кўриб қолди. Мени Германияга олиб кетмоқчи бўлганди, аммо бизникилар бостириб келиб, иложи бўлмади. Кейин ўпкам шамоллаб госпиталда ётдим. Врачим ҳам шу расмни яхши кўриб қолса бўладими. Кейин билсам, тузалганимдан кейин ҳам жавоб бермай юрган экан. Бир ҳамшира билан соз бўлиб қолдик. Ўшани олиб, қайдасан Самарқанд деб йўлга тушдим. Бу ерда кундошлар келимолмади. Иккаласидан ҳам воз кечиб, бу аёлимга уйланганман.

Хўжайин тин олди. Менинг кўз ўнгимда ўлимга маҳкум этилган истеъдодли рассом, мана бу галварсни бир неча йил кутиб, орзулари саробга айланган аёл, яна алланималар гавдаланди. Хўжайин давом этарди:
–Бир куни ҳаммомда бир чол шу расмни ёқтириб қолди. Рассом экан. «Рухсат бер, пешанасидан бир ўпай», деб ялинди. Жавоб солдим.

У қаршисидан қадаҳни тўлдирди. Менинг рюмкамни ҳам зўрлаб тутқазди.
–Давай, студент, ичамиз!
–Майли.
–Давай!
–Нуқул яхши одамларга қирон келтирган урушга қирон келиши учун!

Кейин хонамга шошилдим. Ҳаёт-мамот жангида қатнашган хўжайин, уни эзгуликка чорлаган рассом ва яна аллакимлар кўз ўнгимдан худди кино лентасидай пайдар-пай ва бот-бот ўтиб турди.

СЎҚМОҚЛАР ВА САБОҚЛАР

Бобо

У кишини бу музофотда Шўро бобо ҳам, Хўжаев бобо ҳам, Раис бобо ҳам дейишади.

Отахон аслида Бухоро шаҳрига туташ жойдан. Улуғ Ватан урушидан олдинги нотинч йилларда Файзулла Хўжаев туҳматга учраганда аайрим калтабин кишилар фамилияси ХЎжаев бўлганларни ҳам шубҳа остига оладилар. Шунда Шўро бобо бир кечада она қишлоғини тарк этиб Пахтаободга келиб қолади. У паст-баландни биладиган билимдон киши бўлгани учун аввал бригадир, сўнг хосилот шўро, кейин раисликка сайлашади.

Уруш бошланади. Ўшанда ҳам раис тадбир билан иш юритиб, колхознинг шуҳратини улуғлайди. Эркаклар фронтга кетиб, далада асосан хотин-халаж қолганига қарамай колхоз биринчи бўлиб қолаверади. Раис фронтга кўплаб ғалла, мева жўнатиш билан бирга одамларга ҳам анча-мунча буғдой тақсимлашни канда қилмайди.

Шуларнинг эвазига бўлса керак колхозга эскигина юк машинаси — «политурка» беришади. Аммо ҳадеганда уни ҳайдайдиган шофёр топилавермайди. Шунда раис шаҳарга тушиб Вася деган озғин, сарғиш йигитни эргаштириб келади.
–Бугундан эътиборан Вася колхозимизнинг шофёри, — дейди раис, — уни ҳеч ким ранжитмаслиги керак!

Васянинг ўзи ҳам бағоят хушфеъл, камтарин, меҳнаткаш йигит чиқиб қолади. Қишлоқ болаларининг пешонасидан ихлос билан ўпишни, аёллар, кексаларнинг ҳожатини чиқаришни одат қилади, шоввоз. Икки бортига «Пахтаобод колхози» деб ёзилган машина раёнда ҳам кўпчиликка таниш, қадрдон бўлиб қолади. Раис унинг кабинасига ўтириб олиб, илғорларни бот-бот шаҳарга олиб чиқади.

Аммо шўрлик Шўро бобони Бухорода таъқиб этган машъум қисмат бу ерга ҳам етиб келади. Вася аслида немис эканлиги, унинг ҳақиқий номи Вайслиги аён бўлиб қолади. Бу нохуш гапдан Пахтаобод сесканиб тушади. Шу дақиқадан эътиборан одамлар машинага йўламай қўядилар. Васяга бўлган илиқ меҳр ўрнини беҳудуд нафрат эгаллайди.

Шофёр зудлик билан жуфтакни ростлайди-ку-я, аммо қишлоқда раис ҳақида ҳам нохуш гап оралаб қолади. «Хўжаев немисларга сотилган эмиш. Ўзи асли халқ душмани бўлган эмиш».

Одамлар раисдан ўзларини олиб қочадиган, унга ёвқараш қилиб ўтадиган бўлиб қолишади. НКВД Хўжаевнинг ижтимоий келиб чиқиши билан қизиқиб қолади.

У колхоз муҳрини қоровулга топшириб, бир кечада Пахтаободдан ғойиб бўлади. Шунда: «Хўжаев немислар томонга ўтиб кетибди», дейишади одамлар. Бир неча ойгача пахтаободликлар уни нафрат билан эслаб юрадилар.

Орадан икки-уч йил ўтгач, ҳамқишлоқлар уни ўзгача оҳангда эслай бошлайдилар: «Шўро бобо жуда меҳрибон одам эди», «Колхозчининг бошини силарди», «Бирор кишининг бурнини қонатмасди».

Бунақа илиқ гаплар шунинг учун авж оладики, биринчидан, Хўжаев ўз қишлоғида бригадир эканлиги аён бўлиб қолади. Иккинчидан, ундан кейин раисбўлиб келган Шўро бобо қўйган қадрларни зудлик билан алмаштиради, айрим бегуноҳ кишиларни қувғин остига олади. Колхоз планни бажаролмай қолади. Колхозчилар анча қашшоқлашиб, ҳатто уруш йиллари оладиган буғдой, оқжўхори сингари улушлардан маҳрум бўлиб қоладилар. Иккинчи йили аҳвол ундан ҳам хароб бўлади. Райком раисни янгилашдан ўзга илож тополмайди.

Янги раис атиги бир йил ишлади. Қишлоқдаги бир енгилоёқ аёл билан дон олишиб қолгани аён бўлгач, ўзи жуфтакни ростлаб қўя қолади.

Колхозчилар ўзларига муносиб раис излаб юрган кунларнинг бирида қишлоққа тасодифан Шўро бобо кириб келади. Одамлар унга бағоят хушфеъллик ва хурсандлик билан пешвоз чиқадилар.

АЁн бўлишича, раис ҳақиқатан ҳам она қишлоғига қайтиб кетган экан. Бориши билан жону ҳолига қўймай бригадир қилиб тайинлашибди. Кўп ўтмай раисликка ҳам лозим кўришибди. Шўро бобо тадбиркор эмасми хўжаликни тез кўтарибди. Пахта, ғалла плани ошиғи билан бажарилибди. Шунда катта бир йиғилишда раисга сўз бериб, ана шу ютуқларнинг омиллари ҳақида гапиришни сўрашибди. «Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, — дебди раис, — ерга нури бериб, одамларга ҳақ тўласанг, ҳар қандай хўжаликни юксалтириш мумкин. Қолган ҳамма омиллар иккинчи даражали»..

Йиғилишдан кейин НКВД бошлиғи уни кабинетига таклиф қилибди.

«Сиз ерга нури билан одамларга ҳақ тўлашдан бошқа ҳамма факторлар иккинчи даражали, дедингиз. Ўртоқ Сталиннинг раҳбарлик сиёсатини ҳам… Бизга тушунтириш хати ёзиб беринг!»

У тушунтириш хати ёзиб берибди-ю, Пахтаободга қараб йўл олибди. Пахтаободликлар Хўжаевни бирор ҳафтагача иззатини жойига қўйиб меҳмон қилгач, раис бўлишини илтимос қилиб қолишибди.

«Йўқ,- дебди у, — мен энди раҳбарлик қилмайман! Лозим топсаларинг тегирмонни беринглар, юргизиб юраман».

Одамлар жону ҳолига қўймайдилар. У аввал ҳосилот шўро, сўнг раис бўлади.

Пахтаобод тағин йилма-йил тараққий этади. Колхознинг номи газеталарнинг биринчи саҳифаларида, ҳурмат тахталарида жаранглаб қолади. Катта мажлисларда Хўжаев нуқул президиумга сайланадиган бўлади. Қисқа вақтда замонавий посёлка, стадион қурилади. Нуфузли меҳмонларни кўпинча Пахтаободга олиб келадиган бўладилар.

Олтмишинчи йилларнинг бошларигача давом этади бу ширин даврон.

Ўша йили Россия шаҳарларидан бирида яшовчи тўқимачилик фабрикаси коммерсия ишлари бўйича директор ўринбосарининг уйини ўғри уради. Табиийки, жабрдийда зудлик билан милитсияга хабар етказади. Оператив группа тузилади, исковуч ит олиб келишади, хуллас, ўғрилар қўлга тушишади. Улар бир неча ўсмир йигитчалар экан. Болалар анча-мунча олтин, марварид буюмларни пуллашга ҳам улгуришибди.

Ўсмирлар қамоққа олинадилар. Орадан анча вақт ўтгач, ҳалиги йигитчалардан бири марказий газета редактсиясига жуда таъсирли хат йўллайди. Ота-онаси эртадан-кечгача фабрикада ишлашларига қарамай, уйларида лоақал радиоприёмниклари ҳам йўқлигини, бу мансабдор эса битиб кетганини ёзади, редактсиядан адолат мурувват сўрайди. Редактсия хатни прокурорга жўнатади. Прокурор жиноий иш қўзғайди. Ҳалиги амалдор ўз тушунтириш хатида бу бойликлар ота мерос эканлигини ёзиб, отасининг васиятномаси, нотариус тасдиқлаган бир талай ҳужжатларни ҳам кўрсатади. Прокурор бу ҳақиқатни редактсияга маълум қилишга ва ишни ёпишга қарор қилади. Аммо, тасодифан қарангки, у автомобил ҳалокатига учраб, иш охирига етмай қолади.. Унинг ўрнига тайинланган прокурор ишни қайтадан бошлаб, чуқурроқ тергов ўтказади. Маълум бўлишича, ҳалиги амалдорнинг отаси бетайин бир алкаш ўтган экан. Бошқа ҳужжатлар ҳам анчайин қалбаки ўтган экан. Уни бироз исканжага олишга тўғри келади. Директор ўринбосари бу бойликларни ўзбекистонлик айрим дўстлари совға қилишганини ёзади.

Бу «дўст» лардан бири пахта заводи савдо бўлимининг мудири экан. Милитсия унинг ҳиқилдоғидан тутади. У анча-мунча талмовсираб, тайсалга солиб кўради-ю, ниҳоят пахтапурушлик қилганини бўйнига олади. Бу қорчалонга пул чўзган раислар, бухгалтерлар, кассирлар рўйхатини ҳам ундан «суғуриб» оладилар.

Масала катта қозонда қайнайди. Аввал раёндаги, сўнг областдаги казо-казо раислар устидан жиноий иш қўзғалади.

Бошқа хўжаликлар қатори Пахтаободни ҳам тафтиш қилишади. Маълум бўлишича, илғор бригадалардан бири ана шу нопоеликка аралашиб қолган экан.

«Мажбуриятни бажаришига икки протсент қолганди Раис бобо хафа бўлмасинлар, деб шундай қилдим», дейди у.

Бригадирни қамоққа олишгандан кейин Шўро бобо жуда ўксиб кетади. Бир ҳафтада букчайиб қолади. Райкомга ёзган аризасида: «Мен раисликка нолойиқман, колхозда шундай ҳол беришига мен ҳам айбдорман», деб ёзади. Йўқ, уни ҳеч ким айбламади. Аммо илтимосу илтижоларини инобатга олиб раисликдан озод қилишади.

Отахон пенсияга чиқиб, одамларнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган жувозни тиклайди.

Арзи ҳол

Ҳурматли дўстим Годердзе!
Анча вақтдан бери мактуб ёзмаганим учун кечир! Ишга кўмилиб қолдим. Бунинг устига уй-рўзғор ишлари кўпайиб кетди. Ўйлаб қарасам, сен билан армияда хизмат қилган пайтларимиз олтин давр экан. Нақадар беташвиш, беғубор кунлар эди.

Армиядан қайтиб келганимдан кейин алламаҳалгача бекор юрдим. Аниқроғи, нима иш қилишимни билмай қолдим. Айрим тенгдошларим раёндаги турли ташкилотларга қатнаб ишлашади. Улар менга анча-манча иш ҳам топишди. Аммо ота мерос бир парча заминни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Бусиз ҳам қаровсизликдан томорқалар қақраб, иморатлар тўкилай деб қолганди. Шунинг учун қишлоқда қолиб тақдиримни синаб кўрмоқчи бўлдим. Тўғри, колхозда ишнинг боши ҳам, охири ҳам бўлмайди. Маошингни ҳам вақтида ололмайсан. Аммо заминни, ҳамқишлоқларни ташлаб кетавериш ҳам унчалик жўн иш эмас экан!

Едингда бўлса, сенга Шўро бобо ҳақида гапириб берган эдим. Ҳозир қишлоғимизда отахоннинг ўғли – Файзулла раис бўлган. Бир-икки ҳафта дам олгач, шунинг олдига кирдим. Яхши йигит экан.

«Хўш, сенга нима иш берсам экан-а», деди у ўйланиб. «Менга трактор беринг, — дедим фурсатдан фойдаланиб, — ҳужжатим бор, армияда ҳам танкист бўлганман!»

У бош инженерни дараклаб, менга иш беришни тайинлади. Инженеримиз ҳам камтарин, камсуқум йигит экан. Мени трактор паркига эргаштириб борди-ю, бир чеккада турган шалоқ «Белорус» ни кўрсатиб, бор ҳақиқатни гапириб берди.
–Бултур эгаси йўл қурилиши идорасига кетиб қолди. Бир оз ҳаражат қилиш керак. Биз ҳам қараб турмаймиз…

Тракторни даладан лой ҳолда ҳайдаб келиб, шундайгина ташлаб кетгани учун у занглаб кетганди. Аккумулятори, стартёри, фараларидан ташқари генератори, кичик филтри, бир форсункаси ҳам йўқ эди. Ноинсоф тракторчилар кабинадаги қўлга илинадиган асбоб-ускуналарни ҳам ўмариб кетишганди. Рости гапки, хафа бўлиб кетдим. Буни инженер сезди.
–Бугун форсунка билан генераторни топиб беришади, — деди меҳрибон оҳангда, — механик билан уё-буёғини тортаверинглар, қани, тағин бир гап бўлар.

Дўстим Годердзе! Бу шалоқ даҳмазани эпақага келтириш учун нақ бир ой уннадим. Шодивой деган таксичи дўстимдан бир оз қарз кўтаришга ҳам тўғри келди. (Акамдан сўрамоқчи бўлдим-у, янгамдан андиша қилдим.) Тракторни не-не машаққатлар билан ҳайдаб чиққанимдан кейин ҳам иш топиш амримаҳол бўлди. Ҳамма бриганинг ўз трактори, тракторичиси бор экан. Лекин мени ҳам ишсиз қолдиришмади. Тракторларга ёқилғи ташишга қўйишди.

Рости гапки, бу иш мени сира қаноатлантирмасди. Тушгача барча тракторларни заправка қилиб чиқаман-у, кейин нима иш қилишимни билмайман. Томорқага зўр бўрмоқчи бўлгандим, чнгам рўйхушлик бермади. «Биз у ерда иморат қурмоқчимиз», деди.

Бир куни «Белорус» ни чоптириб кетаётганимда йўлда Шўро бобони кўриб қолдим. Тормозни босиб, тушиб кўришдим. (Колхозимиздаги ҳамма шофёр-у, тракторчилар шундай қилишади.)

«Сен Очил тегирмонни ўғлимисан? Нима иш қилиб юрибсан? Сани ўрнингда бўлсам, кўчани чангитиб юрмай, Дарёвотни обод қилардим», деди у киши.

Мен отахон билан хайрлашдим-у, бот-бот дадам ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Раҳматлини Очил тегирмон дейишарди. Магазинларда ун кўпайиб, касбу кори касод бўлгунча тегирмончилик қилган у. Кейин арава беришди. Умрининг охирида аравадан ҳам воз кечиб, сой бўйида боғ қилишга киришди.

Дадамнинг ногаҳонда бундай қарорга келишининг боиси менга қороғу эди. Қишлоқдоўларимиз Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар сой соҳилида бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроқтош кўплигидан кетмон уриб бўлмасди. Дадам эрта баҳорда ана шу ёнбағирлрга ёнғоқ, шотут, олма – хуллас, қўлига тушган ниҳолни қадайверди. Тоғда бир нечта дўлана ҳам кўчириб келди.

Бу қашшоқ заминда ниҳол кўкартириш унча жўн иш эмасди, албатта. Дадам аввал бағоят синчковлик билан жой танлар, сўнг сандалдай ернинг шағал, қумларини чиқариб, ўрнига тоза тупроқ ташиб келарди. Мен ҳам ҳар куни мактабдан чиқиб Дарёвотга йўл олардим. Кўпинча акам ҳам менга ҳамроҳ бўлар ва биз учовлашиб алламаҳалгача тер тўкардик. Ҳаммадан ҳам ноҳолларнинг атрофини ўраш қийин бўлганди. Тоҳдан ёввойи бодомча ташиб, четан девор тиклагандик. Азои баданимга тикан қадалиб, роса озор чекканман.

Ўша баҳор – кўчатларнинг олди барг ёзганда дадамнинг шундоққина кўкраги устидан без чиқди. Биз сесканиб тушдик. Чунки бобомни ҳам кўкрак устидан чиққан ана шунақа без олиб кетганини билардик-да!

Дадамнинг мадори қуриб, иштаҳаси бўғиладиган бўлди. Лекин у имкон борича кўпроқ ишлашга, аниқроғи, кўпроқ улгуришга ички бир талваса билан тиришадиган бўлди.

Грачанд дарё яқин бўлса-да, ундан челаклаб сув ташишга тўғри келар, бу эса осон эмасди. Не-не уқубатларда олиб чиқилган сувни чанқоқ замин ташна туядай бир қултум ққилиб симириб юборарди. Бу ерда томчи сув ҳисобда бўларди. Мен дадамга тушлик олиб борганимда, гоҳ у, гоҳ бу ниҳол остида қўл ювар ва ички бир қониқиш билан таъкидлаб қўярди: «Бунинг ҳам ҳалқумига сув тегди!»

Без йириклашди: аввал данакдай, сўнг ёнғоқдай… Бормаган доктору дуохонларимиз қолмади. Аммо дарднинг мудҳиш чангали бешавқат экан. Дадам ётиб қолди. Кундан-кун қоқсуяк бўлиб бораётган дадажонимни қувонтиришнинг бирдан-бир йўли ниҳолларни суғориш эканлигини ич-ичимдан ҳис этардим. Дарсдан чиқиб, тўғри Дарёвотга йўл олардим. Аммо ҳарчанд қилмайин боғ ҳам дадамга ўхшаб қовжирайверди. Бир жуфт дўлана билан ёнғоқ жон сақлаб қолди, холос.

Шўро бобо билан саломлашган куннинг эртасидаёқ Дарёвотга йўл олдим. Қарасам, дарахтлар анча улғайиб қолишибди. Чамалаб кўрсам, бу ерда салкам чрим гектар ер беҳуда ётибди. Битта насос сотиб олсам, Шўро бобо айтгандай каттагина боғ қилиш мумкиндай эди. Шундан кейин куну тун боғни ўйлайдиган бўлдим. Бирор ҳафта ўтар-ўтмас шу масала билан раисга кирдим.

«Давай, — деди у одатдагидек, гапимни охиригача ҳам эшитмай, — ўзим ёрдам бераман. У ерда икки гектарча ер бор. Булъдозер биздан, мотор ҳам топиб бераман. Келажакда боғларни кўпайтиришимиз керак!

Дўстим Годердзе! Бу ердаги чўққига чиқиб қарасанг, Дарёвот катта ҳовучга ўхшаб кетади. Деҳқоннинг беўхшов ҳовучига!

Ҳар бири етмиш беш, юз от кучига эга бўлган булдозер ва тракторлар ана шу «ҳовуч» нинг ичини бир ҳафта ичида эпақага келтирдилар. Тупроқ остидан беҳисоб тош, шағал чиқди. Мен ён-веримга қарамай тош теришга тушиб кетдим. Тезда хотиним, синглим ёнимга киришди.

Орадан кўп ўтмай Дарёвотга раис келди-ю, қувониб кетди.

«Давай,-деди, — бу ёғини ҳам зичланг! Нима ёрдам керак бўлса, биз-за! Агроном шу ҳафта ичи ниҳол олиб келади. Одам ҳам топиб бераман.!»

Шундай қилиб ниҳолларни ҳам қадаб олдик. Раиснинг маслаҳати билан ораларига чигит экдим. Ҳозир уларни парваришлаб юрибман. Қийинчилик кўп, аммо нолийдиган жойим йўқ. Колхоз ёрдам бериб турибди.

Ҳозирча бор гап шую Тағин ўзгаришлар бўлса ёзарман. Сенинг ҳам мактубингни кутаман. Салом билан: РАУФ.

Жавоб

Қадрли дўстим Рауф! Мени кечир! Ойлар, йиллар ўтиб мактубингга жавоб ёзолмадим. Сенга ўхшаб менинг ҳам ташвишларим кўпайиб кетди. Бошимга анча ташвишлар тушди, дўстим.

Ёдингда бўлса бобом юздан ошганлигини ёзган эдим. У кишидан ажралиб қолдик. Армиядан келиб ишга жойлашиш ташвишида юрган кунларим эди ўшанда… Ҳали-вери ўладиган эмасди-ю, фалокат рўй берди.

Байрам арафасида уни ногаҳонда шаҳарга таклиф қилиб қолишди. Бобом кўнмади. Чунки салкам эллик йилдан бери шаҳарга тушмаган эди-дп. Уруш йиллари фронтга мандарин, узум жўнатгани тушган, холос. У рози бўлмаса ҳамки, мен галварс жону ҳолига қўймай боришга даъват этдим. «Орден-медалларингизни тақиб олинг, — дедим, — ҳар эҳтимолга қарши, Сталин, Оржоникидзе билан тушган суратларингиз ҳам қолиб кетмасин. Эҳтимол ложага чиқариб қўйишмоқчидир. Балки сўз бериб қолишар».

Йўқ, ложага ҳам чиқаришмабди, сўз ҳам беришмабди. Шунчаки юз ёшдан ошган мўйсафидларни машинага миндириб майдондан олиб ўтишибди. Худди яхши отларни намойиш қилгандай уларни ҳам халойиққа, раҳбарларга кўрсатишибди. Матсдондан ўтгач, бурилишда машна силкиниб кетибди-ю, бобом йиқилиб тушибди.

Етиб борганимда тирик эди бояқиш. Менга қараб жилмайди ҳам. «Сизга нима бўлди?» – сўрадим ваҳм билан. У жавобан батамом бошқа гапларни гапирди: «Годердзе, саклани эҳтиёт қил! Токлар, мандаринлар қовжираб қолмасин!»

Кейин ҳарчанд қилсам ҳам гапирмади. Қишлоққа олиб борганимдан кейин жон берди.

Бир ҳамқишлоғим бор эди – Гогиашвили деган.Отаси нақ юз ўн йил яшади. Чолнинг вафотидан кейин қабрига шундай зўр мақбара ўрнатдики, нақ оғзинг очилиб қолади. Мармарда кекса Гогиашвили ток новдаларини авайлаб боғлаётгани акс эттирилганди. Аслини олганда чол шунча йил яшаган бўлса ҳамки, ўзидан бошқани ўйламаганди. Умрини тоғдан ёғоч кесиб сотиш, дарёдан балиқ тутиб пуллаш билан ўтказганди. Ўғли ҳам отасига ўхшаб яшянинг йўлини биларди: нкқул мандаринпурушлик қиларди. Энди ўзинг ўйлаб кўр: дадам инқилобдан олдин яширин партия ташкилотига аъзо бўлиб кирган, урушда икки ўғлидан ажралган бўлса-ю, унинг қабри муғайиб турса. Йўқ, дедим, бунақаси кетмайди! Аммо бунинг учун анча-мунча пул керак эди. Шундай қилиб пул топиш пайига тушдим. Шаҳардаги атеистлар идорасига шофёр бўлиб олдим. Бу ерда ишнинг тайини йўқ эди. Шунинг учун ҳам бекор ўтиравермай одамларнинг ҳожатини чиқаришга тушдим. Кимда ташвиш йшқ: биров вокзалга шошади, бошқа биров эса бозорга бориши керак. Албатта, хўжайиннинг ҳожатини ҳам чиқариб турдим. Кейин гап-сўз бўлиб юрмасин, кўпам шубҳаланишмасин деб, машинанинг эшигига шахмат чиздириб олдим. Ҳар эҳтимолга қарши эски таксометр ҳам ўрнатдим. Эътибор беряпсанми – қонуний таксининг ўзи эди-да! Лекин ҳаммага ҳам хизмат қилавермасдим, ўз мухлисларим бор эди: монахлар, поплар… Улар шикоят қилишмайди, майда-чуйдаларга эътибор беришни гуноҳ деб билишади. Шу тариқа пул топиб, зўр соғона қурдирдим. Аслида шундан кейин қишлоққа қайтишим, бобомнинг васиятини бажо келтиришим керак эди. Мен нодон бўлсам, баднафслик қилиб, эрта, индин кетаман, деб қўлга тушдим. Эҳ, кўп азоблар чекдим. Қамаб юборишди, жоҳиллар! Бир талай қурилишда ишладим.

Мажбурий хизматдан қайтиб келсам, сакла тўкилай деб қолибди. Шундай қилиб, енг шимарганча ишга киришдим. Бултур уйларни ҳам таъмирладим. Токларнинг ҳам бир қисмини янгиладим. Бу йил яхши ҳосил олсам керак. Чунки бутун оилам билан ёпишиб ишладик.

Боғбонлик, пахтакорлик қилаётганингни ўқиб қувондим. Чунки ерда ишлаган одам бебаҳра қолмайди. Одамларнинг дастурхонига мева, ўзларига либос тайёрлаб беришдан кўра эзгу иш бор. Бунинг устига магазинларда пахтадан тўқилган мато камайиб кетяпти.

Яқинда Самарқанд, Бухоро саёҳатида бўлган бир ҳамқишлоғим сизлар томонда ҳам бу борада аҳвол ночорлигини айтди. Ишонқирамадим. Наҳотки миллион тонналаб пахта ишлаб чиқарадиган юртда у танқис бўлса. Мантиққа тўғри келмайди! Ўзи ҳамқишлоғим лофчироқ. «У ерда кафанлик учун оқ сурп сотиб олишга ижроком рухсати керак», деди. Роса устидан кулдик.

Дўстим, Рауф! Мактуб йўлласанг, шу ҳақда ҳам батафсилроқ қалам тебрат. Умуман оиланг, ҳаётингда нималар бўлаётганидан бизларни воқиф эт.

Агар ёр-биродарлар бидан биз томонларга меҳмон бўлиб келсанг, бошим осмонга етарди!
Салом ва эҳтиром ила, дўстинг: Годэрзэ.

(Tashriflar: umumiy 82, bugungi 1)

Izoh qoldiring