1432 yilning 30 martida Konstantinopolni zabr etgan Sulton Mehmet (Muhammad) Fotih dunyoga keldi.

345

МЕҲМЕД II ФОТИҲ (1432-1481) — усмонлилар сулоласига мансуб турк султони (1444-46, 1451-81). Мурод II нинг 4-фарзанди. Меҳмед II Фотиҳ турк, араб, форс, юнон, славян тилларини билган. Турк қўшинларининг юришига шахсан қўмондонлик қилиб, жаҳонгирлик сиёсати юргизган. 1452 й.нинг мартида Меҳмед II Фотиҳ буйруғига биноан, Босфорнинг Осиё қисмида Боязид I Йилдирим томонидан барпо этилган Анадўлиҳисорнинг қарама-қаршисида, яъни Босфорнинг Европа қисмида Румелиҳиюра қурилади. Натижада Босфордан сузиб ўтаётган хорижий кемаларни божхона текширувидан ўтказиш имконияти туғилади. 1453 й.нинг мартида Меҳмед II Фотиҳ 150 минг кишилик қўшин, 80 ҳарбий кема ва 300 дан ортиқ юк кемалари б-н Византия пойтахти Константинополь томон юриш бошлаган. Қирқ кунлик (18 апр. — 29 май) қамалдан сўнг шаҳар забт этилган. Константинополнинг турклар томонидан забт этилиши якунланади. Константинополнинг қулаши Византия империясига хотима ясаган ва, аксинча, Усмонли турк империясини жаҳондаги энг қудратли салтанатлардан бирига айланиишга олиб келган. Шаҳар туркча Истанбул деб номлана бошлаган. Меҳмед II Фотиҳ шундан сўнг Болқон ҳамда Марказий Европа мамлакатларини забт этишга киришган. Дастлаб у Сербияга зарба берган, аммо, 1456й.нинг 27 июлида Белфад остонасида Янош Хуньяди лашкари б-н бўлган жангда мағлубиятга учраган. 1459 й. турклар Сербияни, 1460 й. Мореяни, 1463 й. Боснияни, 1476 й. Валахияни, 1478—79 й. Албанияни ўз тасарруфига киритганлар. Меҳмед II Фотиҳ 10 йилдан зиёд муддат давомида Караман бейи ҳамда Оқ қўюнли давлати ҳукмдори Узун Ҳасанга қарши сиёсий кураш олиб бориб бутун Кичик Осиёда ўз ҳокимиятини ўрнатган. 1475 й. Меҳмед II Фотиҳ Кафа, Керчь, Судак сингари Қора ва Азов денгизи бўйларидаги шаҳарларни истило этиб, Қрим хонлигини ўзига вассал қилган. 1461 й. савдо йўлидаги муҳим юнон давлати Трапезунд (Трабзон)ни жангсиз эгаллаган. Турк қўшинларининг зафарли юришлари Меҳмед II Фотиҳни Европанинг Венгрия, Италия, Германия каби давлатлари ҳудудларини ҳам истило қилиш режасини тузишга руҳлантирган. 1480 й. 300 кемага жойлашган 100 минг нафар қўшин Жан. Италиянинг Отранго ш. томон йўл олади ва уни 2 ҳафталик қамаддан сўнг қўлга киритган. Шаҳар аҳолисининг ярми қириб ташланиб, 8 мингги қулга айлантирилган. Шунга қарамай, Меҳмед II Фотиҳнинг ушбу юриши муваффақиятсизликка учраган. Итальянлар кучларини бир ерга жамлаб туркларга бир қанча кучли зарбалар беришган. Меҳмед II Фотиҳ тахт вориси Боязид II буйруғига мувофиқ, хос табиби томонидан заҳарлаб ўлдирилган. Меҳмед II Фотиҳ даврида Усмонли турк империясининг илк қонунлар мажмуаси («Қонуннома») тузилган. Меҳмед II Фотиҳ ҳарбий ва маъмурий бошқарув ислоҳоти ўтказиб, армия ва давлатни мустаҳкамлаган. У олим ва фузалоларга ҳомийлик қилган, қурилиш ишларига катта эътибор берган, ҳукмронлиги даврида мамлакатда 380 та масжид қурдирган, Истанбул университига асос солган. М. II Ф. форс, юнон ва араб адабиёти-ни яхши билган, ўзи ҳам «Авний» та-халлуси б-н шеърий девон битган (Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан).

08

МУҲАММАДНИНГ ЗАБТКОРЛИГИ (1451-1481).

Энди тожу тахт энг йирик турк султонларидан бирига – Муҳаммад алайҳиссалом динининг жонкуяри сифатида Забткор номи билан шуҳрат қозонган Муҳаммад II га тегди. Тахтга ўтирганида энди 21 ёшда бўлган бу йигит ўттиз йил подшоҳлик қилди. Амир Муовия давридан бери кўплаб қамалларга бардош бериб, Ислом кучларига таслим бўлмаган Константинополни босиб олишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Унинг императори туркларга қарам бўлиб, солиқ тўлаб турарди, шаҳар барча овруполиклар учун ва, айниқса, юз эллик йил мобайнида турклар билан жангу жадаллар олиб борган Шарқий Оврупо насронийлари учун очиқ эди. Илгариги султонлар Босфорнинг Осиё қисмида, Константинополга бевосита яқин бўлган Онодўли Ҳиссор деб номланган жойда қурдирган қасрини у Румели Ҳиссор, яъни Оврупо саройи деб атади. Қалъа қуриб тугатилгач, Муҳаммад ўрта асрлар охирида ўз номи билан боғлиқ машҳур бўлиб қолган қамалларидан бирини амалга оширишга киришди.

24

КОНСТАНТИНОПОЛНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ (1453 йил).

Эски шаҳарда 10 минг аскар бор эди. Венеъияликлар ва юнонлар туркларнинг шу атрофдаги ҳарбий-денгиз кучлари устунлигига қарамасдан, қуршовда қолганларга ёрдамга келдилар. Шаҳар шарқ томондан ҳимоя қилинди. Чунки византияликлар йўғон чўян занжир тайёрлатишиб, у билан Олтиншоҳ кўрфазини бирорта кема киролмайдиган даражада тўсиб қўйган эдилар. Муҳаммад II шаҳарнинг қувватли деворларини ғарбий ва шимолий томондан ўққа туттирди, бироқ эпчил ҳарбий қисм унинг ўпирилган жойларини зудлик билан ямаб турарди. Муҳаммад шаҳарнинг жанубидан ёки шарқидан кўринишга жазм этмади. «Занжирни узишга уриниб кўрсаммикин?» Бунга ҳам имконият йўқ, чунки шаҳар девори устига ўрнатилган тўплар тўппа-тўғри кўрфазни нишонга олиб туришарди. Қани энди кемалари нариги томонда бўлса! Умуман уларни бошқа соҳилда барпо этса бўлармиди? Йўқ, бўлмасди, сабаби у томонда бирорта кемасозлик майдони йўқ. Улар қирғоқ бурунларига урилишлари ва қитъа кўрсаткичи ёнидаги гирдобда соҳиллар орасида илиниб қолишлари мумкин эди. Таваккал қилиб кўрсинми? У денгизчи муҳандисларга маслаҳат солди. Улар бир синашиб боқишга, ўз навбатида Муҳаммад эса бунинг учун катта мукофот беришга ваъдалашдилар. Қуруқлик оша етмишта енгил кемани Қора денгизга судраб олиб келиб, тўлиқ жиҳозланган аскарлари ва замбараклар билан сузишга қўйиб юбордилар. Унчалик катта бўлмаган бу денгиз кучлари шаҳарга орқа томондан ҳужум қилишиб, қуршовни дарз кетдиришди. Муҳаммад ғарб томондан зарба бериб, қалъа деворининг йиқитилган жойидан эски шаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди. Қонли жангда сўнгги император Константик ўлдирилди. Венеъияликлар ва генуяликларнинг кемалари кўпгина насронийларни омон сақлаб қолдилар. Ниҳоят, қудратли Константинопол шаҳри таслим бўлди. Бу воқеа катта сиёсий аҳамият касб этмади, чунки турклар юз йиллар мобайнида Болқонда хўжайинлик қилиб турдилар. Лекин мазкур ғалабанинг бошқача бир аҳамияти бор эди. Қадимий маданият соҳиби бўлган бу шаҳар собитқадам черков маркази ва азалий императорлар маскани бўлиб бўлиб келганди. Унда бутун Оврупо ардоғидаги Авлиё София кафедрал собори жойлашган. Шу сабабдан ҳам шаҳарнинг қўлдан кетишидан бутун қитъа оғир қайғуга чўмди. Ойдинлар шаҳарни тарк этишаркан, қадимий адабий хазинани ўзлари билан олиб кетиб, Оврупони бойитдилар. Бироқ қитъа аҳолиси бу йўқотишни ҳеч қачон унута билмади ва туркларни ҳам авф эта олмади. Шу даврдан бошлаб Овруподаги ҳар бир қўл туркларга қарши чўзилаверадиган бўлди. Қитъадаги барча халқлар бирин-кетин улар билан курашиб чиқдилар, шу тариқа уруш тўрт юз йил давом этди. Насронийлар 1492 йили Ғарнотадаги сўнгги мусулмон подшоҳлигини барбод қилмагунларича унга ҳужум қилавериб аламларидан чиқдилар.

25

МУҲАММАД ФОТИҲ.

Бундай унвонга у фақат Константинополни забт этганлиги учун эмас, балки кўп марталаб зафар қучганлиги туфайли сазовор бўлган. Хунёди ҳали турк ерларига юриш қилиб турарди. Муҳаммад ҳам ўз навбатида 1456 йилда Сербиянинг пойтахти Белград шаҳрини қамал қилди. Шундай бир пайтда Хунёди вафот этиб, Муҳаммад эса ғолибона юришини давом эттирди. У 1458 йилда Сербияни, 1458 ва 1461 йиллар оралиғида Босния билан Ҳеръеговинани эгаллади. Бу минтақаларда кўпчилик Ислом динини қабул қилди. Шу йиллари туркларнинг денгиз кучлари Эгей баҳридаги оролларни босиб олди. Бироқ ҳар қадамда Венеъия ва Генуяга мададкор бўлиб келаётган машҳур Искандар бошчилигидаги Албания бир чеккада қолаётган эди. Искандарбек вафотидан кейин 1467 йили бу малакат ҳам босиб олинди. Ана шу ғалабалар Оврупони таҳликага солиб қўйди. Мусулмонларнинг бошқа бир шохобчаси қитъада шарқ томондан ҳам хуруж қилаётган эди. Венеъия, айниқса, ташвишга тушиб қолди. Усмонийлар Византияга қарам барча Эгей оролларини эгаллаб, Венеъия билан Русиянинг кўпгина тижорат бозорлари жойлашган Қора денгиз бандаргоҳларига олиб борадиган савдо йўлини ёпиб қўйдилар. Ҳаяжонга тушган Папа яна «Насронийлар хавф остида!» деган эски даъват билан навбатдаги салиб юришини уюштиришга чоғланди. У ҳатто маълум натижага эришди ҳам. Можаристон билан Венеъия жангга ҳозирлик кўра бошлашди, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади. Бетайинликдан чарчаган турклар орқага қайтиб кетдилар. 1469 йили Долматия ва Хорватия, 1470 йили Адриатика денгизидаги Негропарте бандаргоҳи эгалланди. Венеъияликлар Форс билан иттифоқ тузиб, шоҳни шарқдаги туркларга қарам ўлкаларга ҳужум қилишга тезлашди. Форслар жангга отландилар, лекин турклар 1473 йилида Эрзинжонда уларга зарба берганларидан кейин Венеъия томонга бурилиб, шимолий Албаниядаги бир қанча шаҳарларни ҳам қўлга киритдилар. Венеъия денгиз кучлари Скутарига ҳужум қилди, турк денгизчилари эса Адриатикага сузиб кирганларича Венеъиянинг ўзини нишонга олишиб, уни муомалага ўргатиб қўйганликларидан ташқари кўп кулфатларга сабаб бўлган урушга чек қўйган сулҳ битими имзоланишига ҳам бошлаб келдилар. Турклар юқори Албанияни, Негропартени, Эгей оролларини ишғол қилдилар. Қора денгизда савдо қилиш ижозати учун Венеъия ҳар йили султонга 10 минг дукат тўлаб туришга рози бўлди.

778

МУҲАММАДНИНГ ҲУКМДОРЛИГИ.

Муҳаммад фотиҳликда ҳам, маъмур сифатида ҳам буюк эди. Константинополни эгаллагач, у насронийлар ва юнонларга шаҳарда қолишга рухсат берди, ҳатто юнонларнинг қабила бошлиғи Геннадиосни турк ерларидаги барча насронийларнинг дин пешвоси сифатида қабул қилди, арман черковини ҳам эътироф этди. Янги сарой ҳамда подшоҳ қулларини ўқитиш учун мактаб қурдирди ва янгича ўқув тартибини жорий этди. Хорижий юртларнинг элчиларини султонга рўпара бўлишларига қадар қабул қилиб туриш учун бош вазирга ўз саройига эга бўлиш ихтиёри берилди. Бу сарой Боби Али (Катта дарвоза), Оврупода эса «Гранд гейт» ёки «Сублим порте» деб ном олган. Куч-қувватга тўлган Муҳаммад улуғ ниятлар билан яшарди. У, шунингдек, шеърият ва санъатга ихлос қўйган маданиятли киши эди. Ислом тадқиқотларига зўр мухлис бўлган Муҳаммад, айниқса, форс шеъриятини жуда севарди, юнон маданиятига қойил қоларди. Бир куни унга Рагуси шаҳридан юнон қўлёзмаларини ҳадя қилиб келтиришганди. У ҳуқуқшуносликни йўлга қўйди, мактаб очдирди, масжидлар ва касалхоналар қурдирди, ғоят илғор дунёқарашга эга бўлганлиги учун фанлар ва билим соҳасига ҳомийлик қилиб турар, фозилу фузалолар билан мулоқотдан жуда роҳатланар эди. У бутун Оврупода ажойиб инсон сифатида танилди. Венеъиялик рассом Беллини унинг тасвирини акс эттирган.

АЙРИМ ТАРИХИЙ САНАЛАР

1453 йил — Фотиҳ Султон Меҳмед Хон қўшинининг 53 кун давом этган йигирма тўққизинчи Истанбул муҳосарасида 29 май куни муваффақият қозониши; ўрта аср характеридаги Византия императорлиги ўрнига янги асрнинг васфларини жонли тарзда яшатган Усмонли-Турк императорлигининг бошланиши (императорликнинг барҳам топиши 1918/30/10 Мондрас муторақаси).

1463 йил — Истанбулда Фотиҳ жомеъи атрофида тўрт даврали (Хориж, Дохил, Мусила, Саҳн мадрасалари) ва саккиз факулталик «Фотиҳ мажмуаси» дейилувчи дунёнинг энг катта ва мукаммал бир дорулфунунининг қурилиши.

1474 йил — Фотиҳ даври математикларидан Али Қушчи номи билан танилган Алоуддин Алининг вафоти (ҳ. 879) (Улуғбек ўлимидан сўнг унинг шогирди Али Қушчи Истанбулда султон Меҳмед II Фотиҳ саройида хизмат қилган ва аё-София мадрасасининг бош мударриси бўлган.).

1487 йил — Фотиҳнинг устози Мулла Гуронийнинг вафоти (ҳ. 893).

(Tashriflar: umumiy 314, bugungi 1)

Izoh qoldiring