4 may — Mashhur mutasavvuf shayx Abdulloh Ansoriy tavallud topgan kun.

077
Тасаввуфнинг йирик намояндаси Хожа Абдуллоҳ Ансорий 1006 йилнинг 4 апрелида Ҳиротда туғилган. “Пири Ҳирот” лақаби билан машҳур. Насаби ансорларга тақалгани учун “Ансорий” лақабини олган.
21 ёшида илм олиш учун Тус,Бистом,Нишопурга борган. 1033 й.да шайх Абу Сайид Ҳарақоний, 1049 й.да шайх Абу Сайид Абулхайр билан танишган. Дунёқараши вужудуюн (пантеизм)га мойил. Ҳиротда шайхулислом ва пир даражасига кўтарилган. Араб ва форс тилида ижод қилган. Форсий адабиёт тарихида насрда сажъга асос солган ва насрий асарларда биринчи бўлиб шеърий парчалар келтирган.
 Шеърий мероси 3 девондан иборат (афсуски, бирортаси тўлиқ сақланмаган). Фалсафа ва тасаввуфга оид “Кашф ул-асрор”” (“Сирлар кашфи”),“Илоҳийнома”, “Зод ул-орифийн” (“Орифлар йўл озиғи”), “Канз ус -соликин” (“Йўловчилар бойлиги”), “Қаландарнома” ва бошқа асарларни ёзган. “Муножот ва мақолот”, “Манозил ус-соирин” каби асарлари,айниқса машҳур бўлган. 1088 йилда вафот этган.
Темурий шаҳзода Бойсунқур Мирзо Ҳиротда Ансорий қабрига муҳташам мақбара бунёд этган.
 Алишер Навоий Ансорийни “муқарраби борий” (“Тангрининг яқини”) деб тилга олади ва умрининг охирида Ансорий мозорининг жўрубкаши (супурувчиси) бўлишни орзу қилган ва у ерда хонақоҳ қурдириб, атрофини обод қилган

222

ХОЖА  АБДУЛЛО АНСОРИЙ РУБОИЙЛАРИ
Жамол Камол таржимаси

1

Ҳақ йўлида икки Каъба бўлмиш ҳосил,
Бир — Каъбайи суврат эса, бир — Каъбайи дил.
Сен сайла ва дилларни зиёрат айла.
Минг Каъбадин ортиқроқ эмишдир бир дил.

2

Мақсуди дилинг, муроди жонинг ишқдир,
Сармояйи умри зиндагонинг ишқдир.
Ёд айлаки, ишқдин бақо топди Хизр,
Яъники, ҳаёти жовидонииг ишқдир.

3

Мастингман ўзим, журъаву жом билмасмен,
Сайдингман ўзим, донаву дом билмасмен.
Ул Каъбаю бутхонада мақсад — сенсан,
Сенсиз надир ул икки жаҳон, билмасмен…

4

Сендин на ҳаёти жовидон истармен,
На айши тараб, гашти жаҳон истармен.
На коми дилу роҳати жон истармен,
Ҳар неки раво айла — ҳамон истармен…

5

Ҳар кимса сени билса, бу жонни на қилар?
Фарзанду аёлу хонумонни на қилар?
Девона қилиб, икки жаҳон бергайсен,
Девона қулинг икки жаҳонни на қилар?

6

Пайваста дилим мудом ризойинг айтсин,
Жоним нафас олганда дуойинг айтсин.
Қабрим бошида агар ўтар бўлса гиёҳ,
Япроғи атир сочиб, вафойинг айтсин.

7

Келдим кеча, қон килди юришмай корим,
Бул кун қизимай, касод эрур бозорим.
Эрта кетадурман, билмайин асрорим,
Не афзал эмиш бўйла йўқимдин борим?..

8

Дийдамда ўзинг аён экансен, билдим,
Сийнамда ўзинг ниҳон экансен, билдим.
Излаб сени шу жумла жаҳондин сўрадим,
Шу жумлаю шу жаҳон экансен, билдим…

9

Кўнглим, малагим дардини даъво этма,
Жоним, ғамипи ўзингга ошно этма.
Дарду ғами не унинг, сира айтмасмен,
Кўксим куйиги, сен мени расво этма…

10

Ё Раб, йўлингда рост нишон истармен,
Тупроқ ила танимга жон истармен.
Етдим бори неъматингга, эвоҳ, энди
Шукримни дейишга бир забон истармен…

11

Ё Раб, дилимга ҳимматингдан жон бер,
Шу дарди дилимга сабр ила дармон бер.
Бу банда на билсинки — не айтмоқ лозим?
Ҳар неки биларсан, бер уни, чандон бер…

12

Маҳшар куни ошиққа бўлак кор бўлмас,
Ёр юзига боқмас эрса ул, бор бўлмас.
Васлинг кўйидин биҳишт сари бошласалар,
Бормасмен, агар ваъдайи дийдор бўлмас…

13

Ҳар ерда инояти худолик бўлгай,
Фисқ охири поку порсолик бўлгай.
Ҳар ердаки қаҳру кибриёлик бўлгай,
Сажжодани қўй, калисиёлик бўлгай…

14

Жоним чу ажал йўлингда ҳосил бўлмиш,
Айбсиз бўлибон кўзингга дохил бўлмиш.
Сиз илмсизу мен ҳамон айбсизмен,
Терс боқма, бу жой ўзингга маъқул бўлмиш…

15

Ё Раб, шу ҳолимга боқиб, раҳмат қил,
Ҳажринг ўти бағримни ёқиб, раҳмат қил.
Раҳмат сўрамасмен нотавон кўксим учун,
Ўртар мени кўз ёшим оқиб, раҳмат қил…

16

Кибрим ипидин ўзинг халос эт, ё Раб,
Нафсим итидин ўзинг жудо эт, ё Раб.
Бегона эрурмен, ошнолик кўргиз,
Кел, энди ўзингга ошно эт, ё Раб…

17

Эй лутфи кабир, лутфу карам эҳсон қил,
Гар лутфи карам айлар эсанг, чандон қил.
Бандангни гуноҳлар юкидин озод эт…
Чарчоқ шу фақирлар ишини осон қил…

18

Ишқ келдию ошуфта бўлиб жону кўнгил,
Дўст меҳрию дўст ёдига тўлдим буткул.
Аъзойи вужудимни тамом дўст олди,
Ном қолди фақат менгаю қолган бари ул…

19

Юз йил ёнамен оловда, ёнмоқ не эмиш,
Ёнмоқ менга ўйла роҳати кавсар эмиш.
Суҳбат қила кўрма ноаҳллар била ҳеч,
Ўлмоқ ўшалар суҳбатидин афзал эмиш…

20

Шарт улки, мудом соҳиби дард бўлгайсен,
Тупроқ ила чанг бўлишда гард бўлгайсен.
Ҳар кимса муродин кам этар, мард бўлгай,
Кўп орзу-ҳавас айлама, мард бўлгайсен.

21

Ҳар гўшада бўйла ҳозиру борсан ўзинг,
Йўл кўрсат ўзинг, йўловчига ёрсан ўзинг.
Илкимни чўзиб, не мадад этгаймен?
Зероки, уларга чин мададкорсан ўзинг…

22

Ё Раб, ўзимни бир гадо истармен,
Шу телба кўнгилни подшо истармен.
Ҳар кимса келиб, айрича ҳожат сўргай,
Мен эрсам ўзингни, эй Худо, истармен…

23

Ё Раб, менга шу омонатим бергайсен,
Лойиқ шарафим — ибодатим бергайсен.
Ҳиссамга тушибдир у жаҳону бу жаҳон,
Ҳар иккисида фароғатим бергайсен…

24

Ул субҳи висолдин йироқ эрди адам,
Ишқинг била бир гўшада эрдик ҳамдам.
Кундузлари, оҳ, қошимда ҳамдам йўқдир,
Тунларда ғаминг ҳамдан эрур менга, не ғам…

25

Мендин неча юз журму гуноҳ кўрмишсен,
Лек лутфу карам бирла аяб турмишсен,
Сен менга суюксен, аҳли оламга суюк,
Чин лутфу карам соҳиби сен эрмишсен…

022

09
Алишер Навоийнинг «Хамсатул мутаҳаййирин» асаридан:

Бир кун мавлоно шайх Абдуллоҳ котиб муқарраби ҳазрати борий Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Илоҳийнома»ға мавсум муножот рисоласин фақир қошиға келтуруб эрди ва мавлонойи мазкурнинг кутуб байъ ва широсиға ҳам муносабати, ҳам ҳазрати хожаға авлодлиғ нисбати бор. Фақир ул рисоланинг аввал саҳифасин очиб, хутбасин ўқумоқ бунёд қилдим, бу хаёл билаким, бир саҳифа ё ғояташ бир варақ ўқулғай, андоқки эл маъҳудидур, сўзнинг хўблуғ ва равонлиғидин ҳеч ерда бас қила олмадим, то рисолаким, икки жузвдин ортуғроқ эди — итмомға етти. Мажлис ҳуззори воқиф бўлуб, таажжуб қилдиларким, бир рисолаким, икки жузвға яқин, балки ортуғроқ бўлғай, бир таважжуҳ била боштин-оёққача ўқумоқ холи аз ғаробат эмас.
Тонгласи ҳазрати Махдум бандахонаға ташриф келтурдирлар. Ул рисола ҳозир эрди, олиб очиб, муборак назарларин солдилар. Туно кунги асҳоб андоқки рўзгор аҳлининг ойину даъби бўлур, таажжуб изҳори юзидин туно ўтган воқеани ул ҳазрат хизматларида арз қилдилар. Алар табассум қилиб, дедиларким: «Ажаб амри иттифоқий бизнинг ва сизнинг оралиқда воқеъ бўлғон эрмиш: икки ё уч кун бурунроқ мавлоно шайх Абдуллоҳ ушбу рисолани бизнинг қошимизга келтуруб эрди, биз доғи аввалдин бунёд қилдук, охириға дегинча ҳеч ерда турмоқ бўлмай туганди».
Тонгласи мавлоно шайх Абдуллоҳ келди, то китобин ё баҳосин олған. Баъзи анга айттиларким: «Фалон (яъни банда) бу китобни аввалдинким ўқумоқ бунёд қилди, тугагунча иликдин қўймади».
Ул таажжуб юзидин дедиким: «Ҳазрати Махдумий хизматлариға ҳам элти бердим, аларға ҳам ушбу ҳол воқеъ бўлди».

09
Алишер Навоийнинг «Лисонут-тайр» асаридан:

Ҳикоят

Хожа Абдуллоҳ Ансорий деди,
Улки бу йўл аҳлиға ҳодий эди:

«Ким киши соз айлабон оҳанги руд,
Тузса ул оҳанг аро лаҳни суруд,

Лек бу руду сурудидин мурод,
Бўлса тенгри ёди, эй пок эътиқод,

Яхшироқим ғафлат оҳангин тузуб,
Ўқуғой Мусҳаф тиловат кўргузуб.

Бўлса лаҳну нағмада огоҳлиғ,
Беҳки тоат вақтида гумроҳлиғ».

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring