Guljamol Asqarova. She’rlar.

3334
5 март — шоира Гулжамол Асқарова таваллуд топган кун.

     Гулжамол Асқарова 1978 йил 5 март куни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Бешдарғат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. 2001 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. «Дил фасли», «Рўшнолик», «Бедор қўнғироқ»,»Бахт дастхати» номли шеърий китоблари нашр этилган. 

01
Гулжамол Асқарова
ШЕЪРЛАР

УМИД…

Биламан бир кун келиб,
Руҳим оппоқ бўлгайдур.
Билмам қирқ йилдан кейин,
Ҳолим қандоқ бўлгайдур.

Хазон бўлди гулларим,
Хазон бўлди йилларим.
Бу хазонлар қайтадан
Қачон япроқ бўлгайдур.

Гулдан яралгандимку,
Нурдан яралгандимку
Наҳот оппоқ қўлларим,
Қаро тупроқ бўлгайдур.

Гоҳ ғамларга тўларман,
Ай не бўлсам бўларман.
Не бўлсам ҳам сўзларим
Элга байроқ бўлгайдур!

ДЎСТИЖОН
«Қани анҳор, маниким оқибат дарёга етказгай!»
(Румий)
(Гулнора опага)

Ай дўстижон, кўзларингни бир кўрай,
Худо бизга бахт берганми билмадим.
Менинг учун борлигингни ўзи бахт
Дунё сендай гул кўрганми, билмадим.

Юрагимни қийнаб ётар дийдоринг,
Сочларингни толасича озоринг.
Йиғиштирсанг бўлмасми бу бозоринг,
Ахир мен ҳам ғамсиз юртдан келмадим.

Дўстижоним, дунё биздан қоларку,
Қолганда ҳам ўз ҳаққини оларку.
Бошимизга не савдолар солар у,
Бахт бозордан бир бозорлик қилмадим.

Юзларингда Худойимдан нур кўрдим,
Кўзларингда ҳеч ким билмас сир кўрдим.
Ёлғиз сени ҳур кўрдима-а, ҳур кўрдим,
Сендан ўзга нурни кўзга илмадим.

Дийдорингни кўролмайин доғдаман,
Ҳолингни бир сўролмайин доғдаман.
Бағрим ерда, туролмайин доғдаман,
Минг йил бўлди жилмаймадим, кулмадим.

Мағрур эдим, тикка кетган йўл эдим,
Соғинчингда олов бўлдим, кул эдим.
Эрта индин сўладиган гул эдим,
Сени бир бор кўрай дея сўлмадим.

Ўтиб қўйсанг бўлмайдику бағримдан,
Қаҳратонлар қўрқар эмиш қаҳрингдан.
Сенга боллар ясаб берай заҳримдан,
Ўзим бемор, ҳеч табибинг бўлмадим.

Ғаниматман, кўзларимни кўриб қол,
Бу офтоблиғ юзларимни кўриб қол.
Кетаяпман, изларимни кўриб қол,
Меҳр тилаб остонангдан жилмадим.

Дўстижоним, айтгин қачон сенсизман.
Пойинг ўпганларинг аро тенгсизман.
Мен меҳрдан бунёд бўлган денгизман,
Бағрингни оч, ҳеч баҳрга тўлмадим.

Бу эл ичра шоир деган шоним бор,
Шарафларга тўлиб кетган номим бор.
Бу лаззатлиғ неъматларга тўйдиму,
Сенинг мунглиғ дийдорингга тўймадим.

Худойимнинг дунёсида зерикдим,
Бошдин охир рўёсида зерикдим.
Ўзинг менга бир дунё бўл дўстижон,
Бу дунёда ман сани деб ўлмадим.

Кел дўстижон кўзларингни бир кўрай.

***

Мен сизни безовта қилмасман ортиқ,
Билдим, бўғзингизга келди малолим.
Аммо мен нетайки ишқсиз дунёда,
Мудом бўйнингизда қолмиш заволим.

Ёдингизга ёдим малоли келмиш,
Кўзингиз зериккан мендан биламан.
Гўзал туйғуларим хўрланган жойда,
Мен нима қиламан?

Йиғлаб чорламасман иложин топсам,
Энди кўзингизда отмас тонгларим.
Нурдан тупроққача сирли дунёда,
Мен Сизни англадим?

Нур излаб келгандим дунёингизга,
Зулматлар дарчасин ёполмадим ҳеч.
Айрилиқ ранглари тўлган дунёда,
Мен яшил рангимни тополмадим ҳеч.

Хайр, мен ўзига бегона одам,
Сизга ҳам қадрдон бўлмоғим қийин.
Мабодо соғиниб қолсангиз агар,
Қўнғироқ қиларман…
Минг йилдан кейин.

***

Сан ўзинг дўстижоним,
Ҳам ўзинг қасди жоним.
Сенга ғам тутса синсин,
Дунёнинг дасти жоним.

Қачон жабр етказдинг,
Онча сабр етказди.
Жаннатлардан кўринди,
Бўйингни басти жоним.

Кўзларингда ўлмасам,
Сўзларинг деб ўлмасам.
Бўлармидир кўзларинг,
Кўзимнинг масти жоним.

Чорламадинг, келмадим,
Ҳеч билмадим, билмадим,
Пойларингда бул қадрим,
Хазонми, хасми жоним.

Дерлар: чин ишқ нурамас,
Ошиқ қадр сўрамас.
Лек беқадр дунёнгда ,
Дилни ғам босди жоним.

Не ғамларни кўрдимку,
Аламларни кўрдимку,
Чикора энди дуннинг,
Баланду пасти жоним.

Қонларингда оқмасам,
Жонларингни ёқмасам.
Дунёларни ёқарман
Гапимнинг рости жоним.

Сан ўзинг дўстижоним,
Ҳам ўзинг қасди жоним.
Сенга ғам тутса синсин,
Дунёнинг дасти жоним.

***

«Ортиқ сиғдирмади мени бу даргоҳ»
Г. Отабоева

Яхши бўлди сендан айрилдим,
Кетмоғим чун топиб бердинг йўл.
Бу дунёда сени топдим деб,
Йўқотибман ўзимни буткул.

Яхши бўлди ечилди бугун,
Оёғимдан бу занжир, бу ғул.
Икки дунё сени шоҳим деб,
Қул қилибман, ўзимни буткул.

Яхши бўлди ёмон бўлса ҳам,
Юрагимни эзса ҳам дардинг.
Мен ақлини топган телбадай,
Пойларингдан бошим кўтардим.

Кечир, озор бериб меҳримла,
Зериктирдим, мен содда, мен гўл.
Бу дунёда сени борсан деб,
Бошқалардан кечибман буткул.

Худойимнинг жазоси қутлуғ,
Сендан кетдим, эй қаҳрли гул.
Шукр, шукр сени ёд этиб,
Унутмабман Худони буткул.

Шунинг чун ҳам омон бўл энди,
Мен барига силкиб қўйдим, қўл.
Англадимки сени йўқотсам,
Худойимни топаман буткул.

Энди хайр, энди алвидо!
Бари рўё, бари сароб, кул.
Даргоҳингга сиғмаганимдай,
Юрагимга сиғмассан буткул.

Мен меҳрманд, телба гўдакдай,
Кўз ёшимга ёмон тойрилдим.
Яхши эди… сени топганим,
Яхши бўлди… Сендан айрилдим.

ХАЛҚОНА ОҲАНГЛАР

Куярмиш кўрган кўнгил,
Ишққа юз бурган кўнгил,
Ёшликда берган кўнгил,
Ёмон бўлар дейдилар.

Йиллар қоқсалар чангинг,
Кетказармидир зангинг.
Севганингда ол рангинг,
Сомон бўлар дейдилар.

Кўксида бўлса бошинг,
Тўкилмаса кўз ёшинг.
Васл онларинда қошинг,
Камон бўлар дейдилар.

Ҳолим ғам сиёҳинда,
Унсам ҳар гиёҳинда,
Бошинг ёр оёғинда
Омон бўлар дейдилар.

Ишқ йўлинда ғам чексанг,
Ҳажрингда чўксанг, чўксанг.
Кўз ёшларинг юзингда
Равон бўлар дейдилар.

Икки дунё йўқ висол,
Висолинг менга завол.
Ёрни кўрса Гулжамол,
Тамом бўлар дейдилар.

ИККИ ҚЎРҒОН

Онанг кетса савлатларинг кетгайдир,
Отанг кетса давлатларинг кетгайдир.
Шу иккала қўрғонингдан айрилсанг,
Манглайдаги зар хатларинг кетгайдир.

Отаси йўқ чўлда қолган гиёҳдай,
Онаси йўқ ранги рўйи сиёҳдай.
Кимнинг агар қўрғонлари йиқилса,
Тўрт томондан тўрт минг озор етгайдир.

Нари борса тўрт йил кутар дилдоринг,
Ўн йил кутар садоқатли дўст-ёринг.
Лекин отанг сабр тошга айланар,
Онанг қирқ йил кўз юммайин кутгайдир.

Отанг ўлса, ўлди дема ҳаёт у,
Кўксингдаги сўнмайдиган баёт у.
Ногоҳ агар йўлларингда қоқилсанг,
Онанг руҳи қўлларингдан тутгайдир.

Бошингга иш тушганида синаб кўр,
Ғамингга ғам қўшганида синаб кўр.
Кимларингдир сен деб кўз ёш ютар лек,
Отанг қилич, онанг қонлар ютгайдир.

Шон-шуҳратинг кетса кетар дўстларинг,
Мол-давлатинг кетса кетар дўстларинг.
Отанг-онанг қолар сенла, қолгани
Шунчаки… кўчангдан бир-бир ўтгайдир.

ЎЗИМ

Менам банда, худойимдан бир нур сўраб юрибман,
Атрофим лой, мен қалбимни гулга ўраб юрибман.
Дўсту ёр кўп, лек барибир азал қонун биттадир:
Ўз бошимга ёққан қорни ўзим кураб юрибман.

Эҳтимолки зоҳиримга тоғлик бермиш худойим,
Оҳ, нетайки, юрагимни доғлик бермиш худойим.
Айтурларки: сиз бир тоғсиз, ғамлар сизга кор қилмас,
Билмасларки, ич-ичимдан нураб-нураб юрибман.

Билмай қолдим, ўз умридан безорликми тириклик,
Ё шунчаки бир ўйинми, бекорликми тириклик.
Эл корига ярайман деб қўлга қалам тутгандим,
Бу не замон, ўз коримга ўзим яраб юрибман.

Мунофиқлар ичра қолиб кетган тошман эҳтимол,
Қибласини тополмайин қолган бошман эҳтимол.
Тилимдаги тиловатни қушлар олиб кетдилар,
Не бахт, бугун худойимни дилга жойлаб юрибман.

Бир умрида бир гуллашга зориққан дарахтдекман!
Баҳорини кутавериб, зериккан дарахтдекман!
Бир пайтлар ажал маним йўлим пойлаб юрарди,
Не тонг бугун ажал йўлин ўзим пойлаб юрибман.

Бир умрида бир гуллашга зориққан дарахтдекман.

ХИРГОЙИ

Қачон гул очаркинман,
Қачон нур сочаркинман.
Худойим-а, худойим,
Айтгил ўзи ман КИММАН?
Айтгил ўзи ман КИММАН?

Дунёингдек золим йўқдир,
Заҳрим кўп, болим йўқдир.
Ман курашиб чарчадим,
Яшашга ҳолим йўқдир.
Яшашга ҳолим
Йўқдир!!!

Ёр кўзим бойла мани,
Кел телба айла мени,
Ўлиб қолсам нетарсан
Жонингга жойла мени,
Жонингга жойла
Мени!

Замон ҳолим сўрмади,
Макон ҳолим сўрмади,
Менам томчи эдимку,
Уммон ҳолим сўрмади,
Уммон ҳолим
Сўрмади!

Қачон гул очаркинман,
Қачон нур сочаркинман.
Худойим-а, худойим,
Айтгил ўзи ман КИММАН?
Айтгил ўзи ман КИММАН?

СИЗГА

Сизнинг
борлигингиз
нақадар
яхши,
Дунёда
гулларнинг
борлиги
каби…
Сизнинг
борлигингиз
нақадар
яхши,
Яшил
Майсаларнинг
овози
янглиғ.

Сизнинг
Борлигингиз
нақадар
яхши,
Муқаддас
сўзларнинг
мавжудлигидек…
Сизнинг
борлигингиз
нақадар
яхши,
Самимий
қўлларнинг
эҳтиромидек.

Сизнинг
борлигингиз…
Бу гўзал маъво,
Осмон каби гўзал,
осмон каби кенг.
Сизнинг
борлигингиз
нақадар
яхши,
Дунёда
борлиги
каби ХУДОнинг!!!

ХАВОТИР

Энди бахтли бўлармиканмиз,
Дилда яна қайғулар, ғамлар.
Энди бахтга кечиккандаймиз,
Сўнгандайин биз ёққан шамлар?

Биз деб куйган фасллар ўтди,
Ўтди бизни ўпган саболар.
Тарк этгандай ишқ шивирлари,
Дилда тағин ғамгин наволар.

Бир пайтлар эй ошиқ йигит
Айтар эдинг: Ҳаётимга кир!
Олдда мени кутяпти бахт деб,
Сени ташлаб кетгандим кечир!

Жуда бахтли бўлгим келяпти,
Кўзимдан ёш қуйилар кулсам.
Нима гуноҳ ахир менда ҳам,
Саробларга ишонган бўлсам.

Бугун шундоқ бир ғариб ҳолман,
Юрак тўла қайғудай, оҳдай.
Не қиларим билмайин лолман,
Олтинлари мис чиққан шоҳдай.

АФСУС

Майса бўлиб келсам дунёга,
Бўлармидим балки бахтлироқ.
Худойимнинг бандаларгамас,
Ялпизларга шафқати кўпроқ.

Дарахт бўлиб келсам дунёга,
Япроқларда яшарди сирим.
Дарахт бўлсам гуноҳ ичрамас,
Ибодатда ўтарди умрим.

Мен на майса, на дарахт бўлдим,
Қайғуларга ўралди сатрим,
Одам бўлиб яшолмаяпман,
Қачон тупроқ бўламан тангрим?!

ДУОТАЛАБ РУҲ

Яхши фарзанд бўлолмадим ҳеч,
Кўпайтирдим бошимда ғамни.
На отамнинг дуосин олдим,
На дуосин олдим онамнинг.

Бировларга эгилавериб,
Кетди отам берган ғурурлар.
Пойгакларда эзилавериб,
Ўлди онам берган сурурлар.

Мен шайдондек қувғинди одам,
Юраклардан ҳайдалган итман.
Мен ўзимга қазилган қабр,
Мен ўзимга келган тобутман.

Туғилдиму кўзгуга боқсам,
Кўзимда ёш турар жовдираб.
Ота сенинг дуоингни излаб,
Сарсон руҳим юрар довдираб.

Мен ҳек кимни рози қилмадим,
Сиртмоқлардек тақдирим чигал.
Қарға мени, отажон қарғаб,
Ажалимни чақириб бергил.

Жаннатларга ярашмас руҳим,
Тириклигим ўзимга хатар.
Ўз ўзимга жабрим кўп менинг,
Бир жазом бор дўзахдан батдар.

Кимман ўзи, одамманми мен,
Босган ҳар бир қадамим гуноҳ.
На яшашни эплаган гўлман,
На ўлишни эплаган гумроҳ.

Бир кун кетсам дунёни ташлаб,
Ота, ризо қилмасам сени.
Сен руҳимга оятлар айтма,
Бахтли бўл деб дуо қил мени!

Яхши фарзанд бўлмадим кечир.

***
Она қандоқ ўйин бошлаб қўйдим мен,
Қандоқ савдоларга бошимни бердим.
Қандоқ саҳроларда юргандим она,
Қирқ йил товонимдан тиканлар тердим.

Ҳаёт эгиб борар мағрур бошимни,
Боқсам юрагимда мислсиз доғлар.
Лекин ҳавасимни келтирар мудом,
Бировга суянмай юксалган тоғлар.

Мен ахир тупроқдан куч олган қизман,
Тупроқнинг ичида қотган суягим.
Онажон, бу ўхшаш қисматни қара,
Отамнинг қўлидек қадоқ юрагим.

Ҳамон болалигим чорлайди мени,
Ҳамон турналарга келар ҳавасим.
Мен мудом гўдакка ўхшайман она,
Ойнинг ёғдусига ўхшар нафасим.

Ҳануз майсаларнинг бошини силаб,
Шивирлаб айтаман: Нурдек тозаман.
Мудом капалакка эгиздир руҳим,
Ҳамон япроқларга шеърлар ёзаман.

Бироқ қандоқ ўйин бошлаб қўйдим мен.
Бу қандоқ жанггоҳдир еяр руҳимни.
Ҳар тонгки ортимга қараб айтаман,
Мен бу оловлардан омон чиқдимми?

Тобора руҳимни эзар бир азоб,
Ҳар лаҳза руҳимда чақмоқда чақин.
Бўғзимга қадалиб келмоқда бир оҳ.
Тобора бошимга қиличлар яқин,

Онажон, мен бир кун осмон бўламан,
Сен ишон руҳимда гуллайди боғлар.
Ахир, ҳавасимни келтирар мудом,
Ҳеч кимга суянмай юксалган тоғлар.

РУҲИМНИНГ ШЕЪРИ

Гарчанд бугун пойгакларда менинг жойим,
Гарчанд бугун унутилган бир даламан.
Лек бир куни пойим ўпиб келар тоғлар,
Булутларга оёқ қўйиб юксаламан.

Ватанимга юрагимдан қон ичирдим,
Ҳур руҳимга ор ичирдим, шон ичирдим,
Шу ватаннинг юрагига бошим қўйиб,
Мен қуёшга қўлим бериб юксаламан.

Азал абад шу тупроқнинг қизиман мен,
Тўмариснинг қонда қолган изиман мен.
Гарчи бугун осмон чорлар, лек барибир,
Мен тупроққа кўксим бериб юксаламан.

Шу тупроқдан юксалгайдур қўрғонлар ҳам,
Тупроқ қучса қайнагайдур қумғонлар ҳам.
То тупроқда экан маним илдизларим
Мен тоабад юксаламан… юксаламан!

МЕНИ КЕЧИР

Кечир сени асрай олмадим,
Балолардан, зимистонлардан.
Ҳаётингга фаришта бўлиб
Киролмадим мени кечиргил!

Кечир сени севдиму лекин,
Бир тумордек асрай олмадим.
«То ўлгунча севасанми» деб,
Сўролмадим мени кечиргил.

Сенгача йўл бир қадам эди,
Сени излаб кездим дунёни.
Лекин ўша битта қадамни,
Юролмадим мени кечиргил.

Қўлларингни қўлларим топди,
Кўзларингни кўрди кўзларим.
Аммо қалбинг яраларини
Кўролмадим… мени кечиргил.

Мен ишқингда не бўлсам бўлдим,
Ҳолим хароб, адолар бўлдим.
Фақат сенга битта кўзмунчоқ
Бўлолмадим мени кечиргил.

Мана бугун келдим қошингга,
Саҳроларни кезиб сар-сари.
Энг сўнгги дам сени бир кўрмай,
Ўлолмадим…мени кечиргил.

Ўлолмаяпман мени кечиргил
Ҳаётинга фаришта бўлиб
Киролмадим, мени кечиргил.

ОШИҚ ХАЁЛИ

Мен дунёни ишқим билан забт этсайдим,
Ошиқларнинг оёқ гардига етсайдим.
Дунёсига хайр-хушлар айтиб кейин
Тупроқ билан ошно бўлгали кетсайдим.

Тахтим баланд бўлса шохлар тахтидан ҳам,
Бахтим гўзал бўлса ҳурлар бахтидан ҳам.
Ишқ шаҳрида маликалар тожин кийиб,
Ёр бағрига ойдай тўлгали кетсайдим.

Недин ахир руҳимдаги хавотирлар,
Сиз қайдасиз эртакдаги баҳодирлар.
Неча йилки дунё дилим маъюс қилди,
Энди бахтдан хушнуд кулгали кетсайдим.

Гулман дедим, ёр бағрингда яшнатмадинг,
Бир лаҳза ҳам ободликда яшатмадинг.
Сенинг азиз дийдорингни кўрарман деб,
Остонангга гулдай сўлгали кетсайдим.

Бир бор тўлса кўзларимга у қоматлар,
Кейин майли бўлиб кетсин қиёматлар.
Не бўлса ҳам ёр кўксингга бошим қўйиб,
Васлинг кўриб, сархуш ўлгали кетсайдим,

Ёр бағрига ойдай тўлгали кетсайдим.

***

Мен бир кун ўлганимда
Ёримни бир кўрай деб,
Очиқ қолган кўзимни
Юмиб қўйсинлар дедим.

Мен бир кун ўлганимда
Эсиз-а, эсиз жони
Дея маҳзун хаёлга
Чўмиб қўйсинлар дедим.

Ёрижоним, васлинг деб
Мен бир кун ўлганимда
Бошимни остонангга
Кўмиб қўйсинлар дедим.

ШОИР ҲАСРАТИ

Она!
Давраларнинг гули бўлдим мен,
Ёлғон мақтовларнинг қули бўлдим мен.
Қуёшнинг тик кетган йўли бўлдим мен,
Қумлари тўзғиган чўлча қадрим йўқ.

Тўкила олмасман тўлганим билан,
Кимнинг ҳам иши бор ўлганим билан.
Нархимни осмонлар қилганим билан
Бозорда сотилган қулча қадрим йўқ.

Юраги уйғоқлар хор ўтдиларми,
Мен каби қабрида қон ютдиларми.
Қандоқ олов эдим, унутдиларми,
Ўчоқда совиган кулча қадрим йўқ.

Ишқлари қиёмат қадар эдилар,
О, кошики билмасам, алдар эдилар.
Дарёдил шоир деб алқар эдилар
Ай, бугун кўлмакча, кўлча қадрим йўқ.

Ватан, илдизларинг ватан айловдим,
Ялпизлардан яшил кафан айловдим.
Не-не чўлларингни чаман айловдим,
О бугун қуриган гулча қадрим йўқ.

Бир ҳақ сўзни излаб сайёра эдим,
Бу юртда энг машҳур фаввора эдим.
Оввора эдим-а, оввора эдим,
Ҳамонки, тупроқча, гилча қадрим йўқ.

Мен бир шоир эдим, оҳанглари хуш,
Онамнинг қорнида кўрган эдим туш.
Мен озод боғларда куйлаган бир қуш,
Қафасида ўлган… булбулча қадрим йўқ.

***

Қўлларингни қўлимга бер, меҳрим ўтсин,
Кўзларингни кўзимга бер сеҳрим ўтсин.
Қаттиқроқ сев, бор борлиғим ишқдир мани,
Пойимга чўк, пойим тилло кўшкдир мани.

Кўзинг маним юрагимни доғлаб қўйган,
Худо мани кўзларингга боғлаб қўйган,
Кўзимга боқ, Сенга ишқимнинг асли бу,
Ёнимга кел, гуллайдиган ишқ фасли бу.

ҚУРБОНОЙ ОПАНИНГ ШЕЪРИ

Ўзимни ўзимга қамаб қўйганман,
Дилимнинг дарзини ямаб қўйганман.
Сочим толасини санаб қўйганман,
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Қайғуни ўсмадек қошимга қўйдим,
Қандоқ гуноҳим бор, лошимга қўйдим,
Неки дард бердинг сен, бошимга қўйдим,
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Юқтирмайин девдим дунё наҳсини,
Кўрдикку ғанимнинг турфа рақсини,
Яшай деганимда кетсам яхшими
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Туморлар таққулик шеърлар ёздим мен,
Офтоблар боққулик шеърлар ёздим мен.
Дунёни ёққулик шеърлар ёздим мен,
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Кимлардир мусаффо тонгдан айтурлар
Шуҳрат истаганлар шондан айтурлар,
Қон кечиб келганлар қондин айтурлар,
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Шеърга жигар қонин ичирган қизман,
Кўксимни тоғлардан кўчирган қизман.
Манглайдан бахтини ўчирган қизман,
Энди асрамасанг бўлмас Худойим.
Шундоқ бир жавобсиз саволман ўзим,
Лек бир ҳақиқатга етгайдир кўзим.
Мени ўлимдан ҳам қутқарар Сўзим
Фақат асрамасанг бўлмас Худойим.

ЭЪТИРОФ

Юрагимда тинчим йўқ,
Дунёдан илинжим йўқ.
Худодан ўтинчим йўқ
Сизга қолган куним бор.

Рангим сомон азизим,
Бу не замон азизим?
Ҳолим ёмон азизим
Сизга қолган куним бор.

Тиғлар занглар кўксимда,
Ғубор чанглар кўксимда.
Мудом жанглар кўксимда
Сизга қолган куним бор.

Сизми бошимда тожим,
Ишқим дунёга божим.
Бору йўқ эҳтиёжим,
Сизга қолган куним бор.

Руҳим бор нур, зиёда,
Бугун қайғум зиёда.
Ҳеч нарсам йўқ дунёда
Сизга қолган куним бор.

***
Мен йўлимни топиб олдим…
Ўзим топган йўлда юрибман
Адашиб ўзим…

***
Худойим!
Баъзан яратганингга шукр деймиз.
Баъзан нега яратдинг деймиз.
Шундоқ ўтяпти
Умримиз.

***
Ибодатим чала,
Тоатим чала
Чала менинг
Ёзган шеърларим
Чала иморатдек
Битмадим сира…

БЕВАФО ДЎСТ

Сочимдан тирноғим қадар севилдим,
Оловдан тупроғим қадар севилдим.
Бир ёруғ юз излаб дунёлар кездим,
Эй худо, юзингдек юзни топмадим.

Ҳар ким муҳаббатга ҳар йўлдан борар,
Ким арқондан борар, ким қилдан борар.
Ишқни ўйин билган йигит кўрдим, лек.
Ишқ деб йиғламаган қизни топмадим.

Менам яхши шоир бўламан чоғи,
Сенга шеър ёзолмай ўламан чоғи.
Онажон сен мендан оғринма сира,
Таърифингга арзир сўзни топмадим.

Тунларим ёнади: Сени бир кўрсам,
Кунларим ёнади: Сени бир кўрсам.
Ёрни кўрганида васл завқида
Юлдуздек порламас кўзни топмадим.

Кеча юрагимга нурдек тўлган дўст,
Бугун қарғаларга ошно бўлган дўст.
Бағримни минг бора пайпаслаб кўрдим,
Негадир…негадир… Сизни топмадим.

ИЧИМДАГИ ИБОДАТИМ
(Гулчиройга)

Опа, қўлларингни соғинаяпман
Мушфиқ екаларимни силовчи
меҳрибон қўлларингни…
Тинмай менга бахт сўрайсан
Худодан!
То бошинг омон экан,
25 ёшимда англадим опа
Бахтсизлик ёмон экан
Бахтсизлик ёмон экан.
Опажон!
Сўзнинг орқасидан юрибсан дейсан,
Тузнинг орқасидан юрибсан дейсан.
Кўзларингга термулсам
пешонамдан ўпасан,
гўё
Бахтим қулфларини очадигандек…

Опа!
Отам 40 йил кетган тупроқ бўлсайдим,
Отам 40 йил ўпган тупроқ бўлсайдим.
Бахтлироқ бўлармидим?
Опа!
Отам ичган шаробнинг қуйқасича
Қадрим бўлсайди бу дунёсида.
Онам супурган хазонларча
Қадрим бўлсайди бу дунёсида.
Яхши одам бўлардим, балки…

Опажон!
Саросар ўтмоқда умрим.
Тириклик шамига парвона бўлиб,
Бўғзимгача изтиробим бор,
бўғзимгача ғамим бор менинг.

Опажон!
Қандайсан, омонмисан дейсан.
Ҳаммаси яхши дейман жилмайиб
Ҳеч қачон ҳаммаси яхши бўлмаган
дейди кўзларинг…
Кўзларимни олиб қочаман.

Опа!
Изтиробга қорилмиш умрим.
Ким-кимларга улашдима меҳримни
Эвазига лаънатлар олдим…

Опа!
Азоблардан қорилмиш лойим.
Менга сўз дардини бермишдир Худо!
Ҳайрон бўлиб қараб турибман худойимга ҳам
Ўзи мен ростдан ҳам шоирманми, деб.

Опажон!
Рози қилолмаяпман отамни.
Онам мендан розимикан билмадим.
Чумолидек уйимга ризқ ташидим.
Жаннатга айлантирай дегандим
Мен бу дўзахни…
Кўнглимда ҳеч нарсам қолмади, опа!

Опа!
Сен Самарқанддасан
Мен Тошкентдаман.
Ўртамизда масофалар залвори…
Икковимиз икки томонда
Юзланиб турибмиз Худога!
Сен менга бахт сўрайсан;
Синглим ёлғиз юрибди дейсан,
Мусофир юртларда хазоним дейсан.
Сен мени ўйлама опажон!
Худо менга муножот лаззатин бермиш
Менда шундай нодир имкон бор.
Ҳар куни Худойим билан
Гаплашиб олиш имкони…

Опа!
Иркит бу ташвиш — тирикчилик бўлмаганда эди
Ўйламаганимда эди, юрагимдан кўра нафсимни,
Пулдан баланд қилсайди қадримни замон
Тахтлардан ҳам баланд бўлсайди руҳим,
Кишанлардан қўрқмаганда эди қўлларим
Сиртмоқлардан йўғон бўлсайди бўйним,
Азиз қилса эди бошимни Худо,
Қандоқ шоир бўлардима-а, опажон!?

Опа!
Қушга ўхшайди укаларимиз,
Йиғлагинг келади соддалигига.
Бизнинг шу уй, шу оила,
дўзахлари, азоблари бўлса-да,
Қашшоқликнинг нуқси келса-да, баъзан
агар қайта дунёга келсам,
шу уйда туғилмоқни танлардим,
Сенинг борлигинг учун!

Опа!
Сингилдан ҳам яқинроқ сўз излайсан,
Исм тополмайсан менга бўлган туйғуларингга,
Яқинсан жон томиримдан ҳам дейсан,
Айтасан бошимни қучиб:
«Сенга бир гап бўлса, ўламан Гули»
шунча йил яшаб
топган меҳрим шу бўлди менинг.
Шунчалар яшаб,
Нима топганимни билмадим.
лекин йўқотганларимнинг
жароҳати турибди юрагимда
Илдизи қўпорилган дарахтларнинг ўрнидек…

Опажон!
Суврати малойиклардан олинган опам.
Сенинг жонбахш овозинг,
Ичингда айтган дуоларинг,
Бошимдаги бойқушларни ҳайдайди!
Бошимда бўл мудом,
Бошимда тур мудом.
Мен Тошкентдаман,
Сен Самарқанддасан!
Жойнамоз тўшадим Самарқандгача…

Опажон!
Ибодатларим ҳаққи омон бўл!
Ишон бир куни уйғонаман,
Мен бу рўёдан.
Ва бир куни бахтли бўламиз,
Акамнинг кўзидек ғамгин дунёда!

Опа!
Ичимда ибодат қилдим:
Азиз бошинг омон бўлсин деб!
Юрагингни топиб боргайлар,
Юрагингга ёзган хатларим.
Икки дунё асрайди сени,
Ичимдаги Ибодатларим!

***
Нима бўлди, нималар бўлди,
Икки ёнга кетдик айрилиб.
Кетарканман қарагим келди,
Сўнг бора ортимга қайрилиб.

Қарамадим, қарай олмадим,
Эгсам ҳамки бу мағрур бошни.
Ҳеч кўрсатгим келмади Сизга,
Кўзларимга тўлган кўз ёшни.

Мен меҳрлар бергандим Сизга,
Ёниб ёниқ оташ меҳрлар.
Бугун менинг қўрларим сўнган
Бугун Сизни кимлар сеҳрлар.

Маъюсланиб қоласиз ногоҳ,
Нафратмидир кўксимда ўсган.
Зор бўласиз бир кун барибир,
Жаннатларда топилмас ҳисга.

Кимдан хато ўтди билмадим,
Сиз ҳануз жим, мен ҳамон жимман.
Қаҳратонли бир совуқ кунда,
Худо бир ўт олар кўксимдан.

«Қайтариб бер меҳрингни» дейсиз,
Билмайсиз қалб ғамдан толганин.
Пичирлайман совуқ, хотиржам:
«Банда бермас Худо олганин».

***

Умидландим кўп умидландим:
Манглайда бахт дастхати бордир.
Сендан айрилдимку бунда ҳам
Худойимнинг ҳикмати бордир.

Топганим ҳам бежизга эмас,
Ҳикмат туйдим йўқотганим дам.
Мен сендан ўзимни топибман,
Эй ўзини топмаган одам.

Сени топиб, топдим ўзимни,
Гарчи бағрим юрагим яро.
Ахир умрим йиғлаётибди,
Йўқотишлар топишлар аро.

Бир ҳикматни англадим, етдим,
Бежизга ҳеч кирмамиш тикан.
Топганим бу йўқотганимдир,
Йўқотганим топганим экан.

«Дийдор энди қиёматгами?»
Дилга шундай қайғулар келди.
Топганимда йиғлайман маъюс,
Жилмаяман йўқотсам энди.

ВАТАН ВА ОСТОНА

Ассалому алайкум! Эй мовий осмон,
Сен менинг муқаддас бешигим Ватан.
Мени порлоқ кунлар чорлаган замон,
Дунёга очилган эшигим — Ватан.
Сен менга азизсан она сутидек,
Гўдаклик йиғимга гувоҳ бўлганим.
Илк бор қадамимни қутлаб, қувониб,
Севгим сирларидан огоҳ бўлганим.
Юрт кезиб соғинсам тупроқ гардини,
Соғинчимдан кўзи ёшланган Ватан.
Менинг юрагимга туташиб йўли,
Менинг остонамдан бошланган Ватан.
Илк бор айтган сўзим дунёга келиб,
Йўлларга кузатган Ўзбекистоним.
Қуёшдек нур сочиб, жилмайиб, кулиб,
Қўлларин узатган Ўзбекистоним.
Онамсан, отамсан, неки улуғ бор,
Сенинг номинг билан айтилар Ватан…
Бу дунёга келиб Сенга келинар
Ва бир куни Сенга қайтилар Ватан.
Менинг илк саломим алик олганим,
Илк бор қадамимни қутлаган макон.
Севги изҳоримдан энтиккан юрак,
Менинг муқаддасим, эй Ўзбекистон.

КЕЛИНЧАК ОРЗУСИ

Менинг ғамим йиғлатгувчимас,
Куч берар, қалб тиғлатгувчимас,
Мен боламга ухлатгувчимас,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Уйғон дейман шу юрт ҳаққи деб,
Уйғонмасанг бу халқ халқми деб,
Манглайимда нурдек балқи деб,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Ҳар ерларни қилмагил ҳавас,
Байроғингни берма бир нафас,
Иймонингни емирмасин нафс,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Соҳибқирон бўл, болам, дея
Пойингдадир бу олам дея,
Кўксимдаги ҳур нолам дея,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Ухла болам, алла демайман,
Бу дунё тўй, ялла демайман,
Ҳар деворни қалъа демайман,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Эй ботирим, ўғлоним дейман,
Ўқ ўтолмас қўрғоним дейман,
Жоним дейман, жаҳоним дейман,
Уйғотгувчи алла айтаман.
У уйғонар қаддингни тут деб,
Етмиш икки томири юрт деб,
Эл деганда оловлар ют деб,
Уйғотгувчи алла айтаман.
Шунда болам бедор бўлади,
Сарҳадларда ҳушёр бўлади,
Унга Худойим ёр бўлади.
Уйғотгувчи алла айтаман.

МЕН

Менинг онам жасорат азал,
Менинг отам шиддатдир асли.
Ёвқур қизман, қасоскор қизман,
Қиличлардан эканми наслим.
Тўмарисдан мерос орим бор,
Ғаним бошин қонга соларман.
Мен қасдимни нася қолдирмай,
Нақди-нақди билан оларман.
Жавоби бор қиличларимнинг,
Гар бошимга Чингиз келса ҳам.
Сипқораман то сўнгги қадар
Ўт келса ҳам, денгиз келса ҳам.
Айтадилар: бу аёл зоти
Нафосатга эгиздир ҳар дам.
Билмасларки, ўт, олов ичра
Хиром айлаб юрибман мен ҳам.
Бўронларим кезади баъзан
Юрагимдан парчалар узиб.
Қалбим аро қанча эҳтирос
Оққушлардек юрибди сузиб.
Мен биламан бу бахт дегани —
Ё ҳурлигим, ё зўрлигимдир.
Назокатим — ўт нигоҳиму,
Нафосатим — ёвқурлигимдир.

МУНОЖОТ

Қулаб тушмас том учун шукур,
Кундуз учун, шом учун шукур,
Бир кун тўлар жом учун шукур,
Тангрим, кечир, гуноҳларим бор.
Яшнармидим меҳринг бўлмаса,
Сир топмасдим сеҳринг бўлмаса,
Қўл урмадим муҳринг бўлмаса,
Парилардан гувоҳларим бор.
Айтдинг: “Сувдек пойимда оққил,
Олов бўлиб сувларни ёққил”.
Кўзим, кўнглим, руҳимга боққил,
Сендан ҳар дам огоҳларим бор.
Нажот борми исминг айтмасам,
Сендан келиб, сенга қайтмасам,
Қасам, қасам, ўзингга қасам,
Сенга айтар дил оҳларим бор.
Ҳар қадамда хатолар қилдим,
Сен шунда ҳам атолар қилдинг,
Ҳар тонг, ҳар тун англадим, билдинг,
Тушиб чиқар жар-чоҳларим бор.
Не наф мудом алам чекмоқдин,
Дил синдириб, дарахт экмоқдин,
Бир зум тинмам сени севмоқдин,
Кўксимда ишқ булоқларим бор.
Тангрим, кечир, гуноҳларим бор.

Манбаъ: Ziyouz.com

(Tashriflar: umumiy 804, bugungi 1)

2 izoh

  1. Рахмат! Жудаям хурсанд булдим!Ва нихоят китобларим чикди…факат кандай етказсам экан деб уйлаяпман…Яна бир бор рахмат…хурсандман…эътиборингизга арзитганингиз учун рахмат..

  2. Гулжамол қиз! Мен ҳам сизни таваллуд айёмингиз билан қутлайман! Танингиз соғ, умрингиз узоқ бўлсин! Биз сиз билан мен Тошкентдалигимда, Ҳалима опанинг туғилган кунларида кўришганмиз. Сиз мени эсламайсиз, албатта, чунки бундай кунларда одам кўп бўлади, қайси бирини эслайсиз… Даврани олиб бораркансиз, опанинг бунча шеърини ёддан билишингизга хайрон қолиб, ҳавасим келиб ўтирардим. Чунки ўзимнинг хотирам жуда ёмон, соғлик, қарилик дегандай. Шеърларингизни ўқиб уларнинг замиридан сизни танидим. Сизни туйдим! Сизни кўча\кўйда кўрганимда ҳам (сиз қаёқдандир «маршрутка»да келиб Хадрада туиб қолардингиз, мен пиёда ишга кетаётган бўлардим)юз\кўзингизда руҳиятингизни кўргандек бўлардим. Сизни туйгандек бўлардим. Шеърларингизни ўқиб бунга яна бир бор амин бўлдим. Сизга Худойим шоирликдек бир неъматини берибди\ки, будай сийловни бошқа миллионлаб бандаларига раво кўрмаган. Дамак, сиз Аллоҳнинг алоҳида яратиғисиз! Яратувчи қудрат минглаган кўнгил кишиларининг маъшуғи, Сизнинг эса ошиғингиз!У сизни, ўзи яратган бетакрор гўзалликни ўзидан бошқа ҳаммадан қизғонади! Сиз бу муҳаббатни, бу рашкни ардоқлаб яшайверинг, ойим, аминман, Ўзи бир кун шу муҳаббати ҳаққи яна марҳамат қилади! Сизни туғилган кунингиз билан яна бир бор табриклайман! Ишларингизга ривож тилайман! Дунёларнинг бу чеккасида туриб сизни бир жигарим, синглимдек ўпиб қоламан!

Izoh qoldiring