To’lepbergen Qaipbergenov. Videofilm.

«Мен туғилганимда отам эллик ёшларда эди, — деб ҳикоя қилади Тўлепберген Қаипберганов, — Мендан олдинги фарзандлар туришмаган, гўдаклик чоғидаёқ нобуд бўлиб кетаверишган. Шунинг учун мени еру – кўкка ишонишмасди. Отам қаерга борса, бирга олиб борарди. Бола бўлишимга қарамай, куним катталарнинг гап – гаштагида ўтарди. У пайтда одамлар йиғилса, маънили – маърифатли суҳбатлар ўтқазилар, баҳри – байт айтилар, бахшилар халқ термалари, достонларидан айтишарди. То қўшни овулдан қайтгунча отам, кўрган эшитганларимни айтиб беришни талаб қиларди. Уйга келгач эса, онамга ҳам айтиб берар, шундай қилиб ўзим билмаган ҳолда гўяндага айланиб қолгандим. Такрорлайвериб, жуда кўп ривоятларни, афсоналарни, достонларни миямга сингдириб олгандим. Менда, ёзувчиликка ҳавас, балки шундан кейин, ичимда жуда кўп тааъсуротлар тўплангандан сўнг, уйғонгандир, қобилиятим шу тарзда шакллангандир.Кўрган билганни такрорлаш, ҳаётимни сўнггигача давом этди. Кўрган – билганларимни ҳар кун алоҳида дафтарга ёзиб борадиган бўлдим. Ёзганларим бугунга келиб ўн томлик китобга жо бўлса ажабмас! Саккиз ёшимдаги одат саксон ёшимгача давом этди!»

087

876

ҚАЙИПБЕРГЕНОВ Тўлепберген (1929.7.5, Қорақалпоғистон, Кегейли тумани) — Ўзбекистон (1994) ва Қррақалпоғистон ҳалқ ёзувчиси (1974). Ўзбекистан Қаҳрамони (2003). Хўжайли педагогика билим юртини (1947), Қорақалпоғистон пед. институтининг рус тили ва адабиёти ф-тини тугатган (1955). «Амударё» журналида (1955—57), Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1957—58). Қорақалпоғистон телерадиокомитетида катта муҳаррир, раис ўринбосари (1958— 59), «Жас ленинши» газ. бош муҳаррири (1959—60), «Қорақалпоғистон» нашриёти директори, «Совет Қорақалпоғистони» газетаси бош муҳаррири (1962— 72). Қорақалпоғистон нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси ишлари давлат комитета бошлиғи (1972 й.дан), Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари (1980 й. дан). Дастлабки қиссаси — «Секретарь» (1956). «Раҳмат, муаллим» (1958), «Совуқ томчи» (1964), «Уйқусиз тунлар» (1965) қиссаларининг, «Сўнгги…» (I960), «Қорақалпоқ қизи» (1— 2-китоблар, 1963—65), «Қорақалпоқ  достони» трилогиясини ташкил этган «Маманбий афсонаси» (1968), «Бахтсизлар» (1971), «Гумроҳлар» (1974) романлари муаллифи. «Қорақалпоқнома» роман-эссеси (1978), «Уйқусиз тунлар» (1979), «У дунёга бобомга хатлар» (1982) асарлари чоп этилган. «Қорақалпоқман — таваккалчиман» (2003) асари, шунингдек, «Фамилия» пьесаси, «Бердақ» («Саҳро булбули»), «Ойдўст бобо» драматик асарлари ўзбек, қозоқ, рус ва қорақалпоқ тилларида саҳналаштирилган. Асарлари қорақалпоқ халқининг 17— 18-асрлардаги тарихи, Орол фожиаси, минтақадаги экологик вазият, туркий тилли халкларнинг ўзаро қардошлиги ҳақида. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари (1987—91). Марказий Осиё халқлари маданияти жамғармаси раиси (1995). Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1967), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1971) лауреати. 2010 йил сентябрь ойида вафот этган. (Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан)

999

Хуршид Даврон
ВАТАН
(Учбитик)
Тўлепберген Қаипбергеновга

1. ДАРЁ

Тушларимга кирганча,
Кенгликларни оралаб,
Юксак-юксак тоғлардан
Кўзларимни қоралаб
Оқиб келарди
Дарё.

Булут, яшил ранг бўлиб,
Қон бўлиб, оҳанг бўлиб
Осмонларга учарди,
Баъзан сарин ел бўлиб
Қизларни шўх қучарди,
Тонгда пойига келиб
Йўлбарслар сув ичарди.

Кеча-кундуз шарқираб,
Саҳролар тинчин бузиб,
Гиёҳларга сув тутиб
Оқиб келарди
Дарё.

Балиқлари бор эди
Тойчоқлардек ўйнаган,
Бақалари бор эди
Булбуллардек куйлаган,
Кемалари ютгувчи
Гирдоблари бор эди,
Шаҳарларни ювувчи
Тўлқинлари бор эди.

Саҳролар ўртасида
Менинг дарём бор эди.
Энди ўша дарё йўқ.

Энди унинг сувини
Чанқасам ичолмайман,
Ҳатто унинг бағрига
Чўколмайман ҳеч қачон.

2. ДЕНГИЗ

Бу денгиз бор эди деб
Энди биз болаларни
Қандай ишонтирамиз?!
Чағалайлар – армоним,
Ҳамон учиб юрарлар,
Балиқлари – қувончим,
Кетиб қолди қайларга?!
Қирғоғи тўлиб кетди
Дардларимни айтгувчи
Узун-узун найларга…

Баъзан келиб йиғлайман
Кўзларимни юмганча:
Ўшанда кўз ёшимдан
Тўлиб кетади денгиз,
Қирғоғидан тулпордек
Ошиб кетади денгиз.

3. ЕР

Қулоғи кар – ҳеч қачон
Уйғотолмас наволар.
Бу ерни кўмиб бўлмас…
Юрагимга сиҳса-да,
Сиғмайди тобутга у.
Биз уни заҳарладик,
Энди заҳар тутар у.

Боболар шу ерни деб
Тўккан эди қонини,
Шу тупроққа тенгларди
Боболар имонини.
Куйдиради қўлимни
Пахтанинг оқ толаси,
Гўё улар еримнинг
Энг сўнгги дил ноласи.

«Қақнус» китобидан. Тошкент,»Ёш гвардия» нашриёти, 1987.

 

(Tashriflar: umumiy 49, bugungi 1)

Izoh qoldiring