Qutlibeka. Vatan mening ichimda. Suhbat va she’rlar.

015
9 феврал — Ўзбек шеъриятининг ёрқин шоираси Қутлибеканинг туғилган куни.

   Илк китобчамга онамга дастхат ёзиб жўнатганим, қизим, ўғлимнинг дунёга келган онлари, ўн йилдан сўнг ҳамкурслар билан учрашув, хуллас, ўтган кунларимни бирров варақласам, саодатли онларим кўп экан. Ўзгаларнинг бахтидан бахтли бўлган дақиқаларимни бунга қўшсам, эҳтимол, бахтимнинг йўллари, йиллари яна ҳам узаяр. Чунки одам ёлғиз ўзи бахтиёр бўлиб яшай олмайди. Унга, албатта, замондош, заминдошларининг кайфияти, руҳияти таъсир қилади. Демоқчиманки, ўз саодатингни ўзгалар саодати мукаммаллаштиради.

1952

Қутлибека
ВАТАН МЕНИНГ ИЧИМДА … 
Радиожурналист Абдулла Искандарнинг шоира билан суҳбатидан лавҳалар

иудпш

Мен оддий қишлоқнинг зиëли оиласида туғилиб ўсганман. Болалигим 1960, 1970 йиллардаги болаларникига ўхшаб олдин ўқиш, кейин дала ишлари билан ўтган. Болалик деганда кўз олдимга биринчи бўлиб оилам келади. Онам ўқитувчи бўлиб, жуда ҳам китобни яхши кўрадиган аëл эди. Отам эрта вафот этгани учун болалигимнинг асосий овунчоқлари китоблар бўлган. Ватанпарварлик, ҳарбий мавзуларда ëзилган китобларни жуда ҳам яхши кўрар эдим. Маҳаллада ўғил болалар кўплиги учун кўпроқ ўғил болалар билан ўртоқ эдим.

Болалигим деганда кўпроқ онам эсимга келади, чунки онам 1930 йилларда Украинага сургун қилинган. Кейин уруш арафасида қайтиб келган. Онам менга Украинада кечган ҳаëт йилларини гапириб берарди. Ватан тушунчаси, унинг қадрига етиш, ватан қандай бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш, оғриғидан оғриниш, яхши кунлари учун ҳаракат қилиш туйғулари балки болалигимдан қолган бўлса керак.

иудпш

Онамнинг аммаси тақдир тақозоси билан Фарғонага бориб қолган ва оилали бўлиб, у ерда ўрнашиб қолган. Шунинг учун уйдагилар мени борганингда кутиб оладиган одам бор, ўқишга киргунингча турадиган жой бор, деб Фарғонага юборган. Мендан олдин у ерда холаларим ўқиган. Ўзи одат бор-ку, бир жойга талабалар қайси қишлоқдан бориб ўрнашса, қолганлари ҳам ўшаларнинг орқасидан бораверади.

иудпш

Мен шоира бўламан, деб ҳеч ҳам ўйламаганман ва ҳозир ҳам ўзимни мукаммал шоира аташга ҳақ-ҳуқуқим йўқ. Шеъриятга кириб келиш 7-8-синфларда бошланган. Фарғона педагогика институтида ўқиб юрган пайтимда ҳам мен шеъриятга жиддий эътибор бермаганман. Тадқиқотчи ëки адабиëтшунос бўламан, деб ўйлар эдим. Тақдир тақозоси билан шеъриятга кириб қолдим.

Ўзбекистонда мустақиллик учун бўлган ишонч 1980 йилларда бошланган ва 1989, 1990 йилларда ўзининг авж палласига чиққан. Бу йиллар мустақил бўлишимиз мумкин, деган ишонч билан яшаган йилларим бўлгани учун ҳам ҳаëтимдаги энг ëруғ йиллар, деб ўйлайман…
Бу даврларга мен ўз онгимнинг уйғониш фасли, деб қарайман. Тошкентга келгунимга қадар шўро ҳукуматининг бу қадар қип-қизил алдоқчи эканини ҳис қилмаган эдим. 1980 йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиëт ва санъат нашриëтида ишлаганман. Бу ерда ўша даврнинг энг илғор ëзувчи ва шоирлари ишлар эди. Мен ўша ерда биринчи марта миллатнинг миллат бўлиб шаклланиши учун, дунë майдонида тик оëққа туриши учун ўзи мустақил яшаши кераклиги ҳақидаги фикр амалга ошиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим. Олдин бу нарса мумкин эмас, деб ўйлар эдим.

иудпш

Қутлибека совет пайтидаëқ “Мустақил Ўзбекистон байроғи юрагимдадир”, дея шеърлар ëзди. Туркий “санжоқ” калимасининг байроқ эканини ўша пайтда биров билди, биров билмади.

Ватан менинг ичимда шу ҳур санжоғи билан, ундаги доғи билан,
Ватан менинг ичимда шу ҳур санжоғи билан, унда титроғи билан.
Миллат менинг ичимда шикаста ҳақиқати, шундай алдови билан,
Миллат менинг ичимда, ичида ëмон қўрқинч ва ëмон ëви билан.

иудпш

Мен бошқача руҳдаги одамман. Эл нима еса еб, нима кўрса кўриб юрибман. Мен миллатни бутунлигича қабул қилишни истайман… Бу менинг миллатим. Мен уни ҳеч қайси миллатга алмаштирмайман. Бу элнинг яхшисини ëмони билан қўшиб севаман. Ўзликни англаш йиллар давомида амалга ошадиган нарса. Бу секинлик билан амалга ошадиган жараëн. Шунинг учун мен халқнинг яхшисини кўпайтириб, ëмонидан қутилишга ҳаракат қиламан. Гапни қанчалик ковласанг, таги шунчалик очилиб кетаверади. Оила сирини айтаверсанг, гап кўпайиб кетаверади. Орқангни очма, ўз айбингни ўзинг тузат, дейишади-ку. Мен шу принципга амал қиламан. Шахсан ўзим бировнинг айбини топиш, бировнинг орқасини ковлаб юриш каби ëмон одатлардан йироқман. Мен ҳамма нарсага очиқ кўз билан қарайман. Миллатдаги мавжуд ëмон урф-одатларни кескинлик билан, инқилоб билан ўзгартириб бўлмайди. Бу нарсани ëш авлодга тўғри тарбия бериш, маърифатга етаклаш орқали ўзгартириш мумкин.

иудпш

Шоира Қутлибека Раҳимбоева Ўзбекистон ташқарисида юрган ўзбек муҳожирлари она тилларини унутмасинлар, дея истак билдирди.

Қадрдон қушларнинг куйин унутинг,
Бахмал майсаларнинг бўйин унутинг,
Она тилингизни унутманг фақат,
Мен сенинг болангман, деб айта олмайди,
Оғрисанг чорангман, деб айта олмайди.

иудпш

Кейинги 16 йилда бошдан кечирганларингизни болаларингизга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз Қутлибекадан.
“Нима учун раво кўрмас эканман? Қулликдан қутилиб, мустақилликка чиққан бўлсак. Нима, энди мен уларга 1980 йилдан олдинги ҳаëтни раво кўришим керакми? Тўғри, қийинчилик бор. Мустақилликнинг дастлабки даврида ҳар қандай давлат қийинчиликни бошдан кечирган. Менинг болаларим ҳам қийинчиликни кўрсагина бир нарсанинг қадрига етиши мумкин. Мен ëки болаларим гуллаб яшнаган даврни кўра олмас, лекин невараларим 50, 100 йилдан шу даврларни кўради-ку”,- дейди Қутлибека.

902

«УЗУН КУНДУЗЛАР»   КИТОБИДАН

БАҲОРНИНГ БИР КУНИ

Чақмоқ булутларни тилиб юборди:
ёмғир минг шодали марварид каби
ярқираб-ярқираб тўкилди.

…Кейин кечки сабо сайрга чиқди:
Дарахтдан тўкилган марваридларни
олиб бермоқ учун ўтлар эгилди.

Қуёш бир қизариб, ботди қайтадан.
Унинг ташрифидан суюнганданми
уфқ бирданига қизариб кетди.

…Кейин бўшаб қолди қумролранг осмон
Қучли қушчалар ҳам секин айланиб,
ёмғир ҳиди тўлган боғларга ўтди.

Ой чиқди, юлдузлар чиқдилар секин.
Анҳор тўлқинига ўтқазиб оқди
чўктириб юбормай улар сувратин.

Ойдан-да ёруғроқ баланд ўриклар
тутиб бир-бирининг сергул шохини
боққа киргизмади туннинг зулматин.

Тун кетди, тонг келди ранглар кўтариб,
кундузни ясатиб юборди беҳад
тонгдан бўёқ олган гулларнинг бари.

Шунчалар улуғвор, гўзал яшашни
бировдан ўрганмай, қандай биларкин
табиатнинг доно фуқаролари…

* * *

Шуҳрат Абдурашидни эслаб

Дўстлари бахтига
қилмасди ҳасад.
Ота-бобосининг
кимлигини ҳам
унутиб юргани йўқ эди.
Бор-йўғи —
нигоҳи умидга
тўла онанинг;
нигоҳи ишончга
тўла боланинг;
нигоҳи севгига
тўла шоирнинг
улкан сувратларин
чизарди фақат.
Сен уни нимага
ўлдириб қўйдинг?
Кўзларинг кўрмиди,
ахир, тасодиф?!

* * *

Исфандиёрнинг «Куз. Шамолли кун» манзарасига ёзув

Қуёшранг боғларга кириб берухсат,
Нечун сувратини ўзгартдинг кузнинг?
Собит ҳаётига қилдингми ҳасад,
Ё маржон меваси куйдирди кўзинг?!

Шу боғ-ку яқинда кенг этагингга
Тўлдириб-тўлдириб тўккан оқ гуллар.
Салқин оғушидан жой берган сенга
Саратон сувни ҳам ёндирган кунлар.

Баланд новдаларни қайириб, узиб,
Жойингни кенгайтмоқ истайсан, бироқ;
Дарахт бўлолмайсан ахир сен ўзинг,
Илдиз отолмайсан, ёзмайсан япроқ.

Кўрдингми, туташар новдалар, ана,
Яшашинг қийиндйр энди бемалол.
Улар бирлашдими, қилар тантана,
Мен бу дарахтларни биламан, шамол.

СИЗ КЕЛАР КУН

Гуллардай
тилсиз бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.
Гуллардай кучсиз бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.
Лекин
ундан ҳам олдин,
бундан ҳам олдин
Гуллардай чиройли бўлиб уйғонгим келяпти
шу тонгда.

ВАТАН
Марина Цветаевадан

Бунча қайсарсан, забон!
Мендан олдин ҳам деҳқон:
— Россия, ватаним, — деб
Куйлашни қилган-ку эп.

Калуга қирларидан
Юртга боқардим ҳар дам.
Энди олис масканим,
Ғариб элим, ватаним.

Олислик — битмас ярам,
Топилмас унга малҳам.
Қайга борсам кўксимда
Йўл босар ўзим билан.

Яқинни йироқ қилган
Олислик кириб тилга:
«Уйга қайт», — дер тинимсиз,
Тўрт ёним, ҳатто юлдуз.
Мен бошимни бекорга
Урармидим деворга?
Сўнгги йўлга кетар дам
Икки қўлсиз қолсам ҳам
Бошим ётган кундага
Лабларимда ёзаман:
«Қаддингни ростла, бағрим,
Ватаним, менинг фахрим!»

ШОИР ДЎСТЛАРИМГА

Дарахтлар борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан баландроқ дўстларинг улар.
Сенинг юрагингда кўпаяр қувонч,
Дарахтларнинг барги кўпайган кунлар.

Келтириб қўйишса беҳуш мажнунни,
Боғлар гуллаганда, ойдин тун пайти,
Ўйлайсан: тонггача у шоир бўлар
Тафаккур, ҳайрати аслига қайтиб.

Қўшиқлар борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан суюкроқ дўстларинг улар.
Тилингга келгандан, жисминг қуш бўлиб
Кўзларинг камалак рангига тўлар.

Ойлаб Кун кўрмаган бемор ёнида
Ҳофизлар куйласа ойдин тун пайти,
Ўйлайсан: тонггача кириб мадорга,
Қуёшга чиқар у «Омон ёр» айтиб.

Муҳаббат борлигин бахт деб биласан,
Ўзингдан қудратли дўстинг — муҳаббат.
У билан энг нафис ва энг кучлисан,
Усиз кўнглинг бўм-бўш, ғариб бир хилқат.

Бир лаҳза, бир кунда тасодиф бўлиб,
Барча ишқ дардига бўлса гирифтор,
Ўйлайсан: кичрайиб қоларди ғамлар,
Осонлашар эди яшамоқ минг бор…

Ўзинг ҳам бир парча бахтсан, билмайсан!

* * *

Оға, иккимизнинг томиримиз бир,
Менинг ҳам бобо юрт, ота юртим шу.
Кўз очиб кўрганим — Кунга яқин ер,
Кўзларим юмилса, ётар юртим шу.

Улғайдим саратон, қаҳратонида,
Иссиғи-совуғи бошимдан ўтди.
Менинг ҳам осмонранг минор ёнида
Кўнглим осмон бўйи юксалиб кетди.

Ўтмишин ёритиб турган ёруғлик —
Даҳоларин таниб, мен ҳам ёришдим.
Яхши-ёмонига сапчимадим тик,
Ҳамма боримига бирдай боришдим.

Амунинг узумранг мавжлари билан
Узун саволларим оқди қўшилиб.
Мавжлари йўқотган авжлари билан
Тунлар қароғимга қайтди туш бўлиб.

Мен ҳам Ҳожихонни тинглаб ҳар сафар
Тилимга сўз келмай титроқда турдим.
Қумларнинг устида ўсган оқ шаҳар —
Пахтазор оралаб неча бор юрдим.

Юзидан юраги хушсуврат қизлар
Менинг ҳам опамдир, синглим, чиқоним.
Тупроққа эгилиб, баланд шон излар,
Гоҳи уларни деб қийналди жоним.

Юртимнинг кўргани, энди кўрари
Кўзингизга хаёл бўлиб тўлгандир.
Мен ҳам шу хаёлда юрибман оғриб,
Нечун танимайсиз, билмайсиз, ахир?

Иш борми? Буюринг, энг зарур дамда
Етган манзилларим қолар, Тушаман.
Қўрқманг, узун кўйлак, ушоқ жуссамдан
Юрт юкин сиз билан тенг тортишаман.

1952

ҚАЛБГА ЯНА ИСТАКЛАР ТЎЛДИ
«Шарқ юлдузи» журнали,2012 йил,2-сон

* * *

Тилимланди, Ой яна тўлди,
Не савдолар кўрди ҳар тилим?!
Қалбимда кўп истаклар ўлди,
Мени қаттиқ севгин, севгилим.

Баҳор тутиб яшил байроқлар
Тикланишга чорлар улусни.
Қарсиллатиб ёзар чақмоқлар
Булут шунча гизлаган сўзни.

Қушга ҳавас, қушга тақлидан
Болакайлар чопар тўрт ёнга,
Юракларин варрак шаклида
Етказмоқчи бўлар осмонга.

Ҳамма ушлар умид баридан,
Ҳамма бахтли бўлгиси келар.
Ишқнинг баланд гулханларидан
Бахтнинг аниқ белгиси келар.

Қалбга яна истаклар тўлди,
Жуда қаттиқ севгин, севгилим.
Тўққизта гул кун кўрмай ўлди,
Титраб турар энг сўнгги гулим.

Балки рост

“Сенга бир жон дўстинг хиёнат этди!”
Балки рост ё ёлғон… Айтилди-қўйди.
Ишонч боғларимга ўт тушиб кетди,
Япроқларим куйди, гулларим куйди.

Йиғладим, кўзимнинг чўғлари сўнди,
Йиғладим, юзимнинг гул рангги ўчди.
Меҳр қушларимнинг сайроғи тинди,
Лаҳзада минг йиллар азобин ичдим.

Ҳолбуки, теграмда кўкариш фасли,
Яшил гиёҳ унди қора тупроқда.
Қор, музлар қуёшга бўлмоқда таслим,
Хуш ҳидлар гуркираб келар тўрт ёқдан.

Ҳолбуки, бошимда омон бош эгам,
Номус қўрғонимнинг содиқ соқчиси.
Ўғлим бор, қизим бор, ахир, нимам кам,
Уйим бахтхонадир, уйим яхшидир.

Ҳолбуки, шеърим бор, кўнглим дашт эмас,
Сўзларим шовуллаб ёғар ёмғирдай.
Номим ҳам паст эмас, шаъним паст эмас,
Бироқ, хиёнатга чидайман қандай?

Хиёнат айтилди, ростми ё ёлғон,
Эшитдим. Бу ғамдан қандай чиқаман?
Бут эдим, минг бўлиб сочилдим ҳар ён,
Сочилган жонимни қандай йиғаман?

Ҳавас

Тилло балдоқларим рақс этса,
Ойнинг бўлагидай қулоқларимда.
Ишқли қароқлари акс этса,
Туннинг бўлагидай қароқларимда.

Тилло товушларим куйласа,
Кумуш бўлагидай оёқларимда.
Куйига кокилим ўйнаса,
Насимлар мушкланса ҳар ёқларимда.

Тилло кўйлакларим чоғланса,
Куннинг бўлагидай жисмимда.
Бу дунё ўнгланса, ўнглансак,
“Хон” қўшиб айтилса исмимга.

Келинг, жон…

Ўртамизга ёқиб умид шамини,
Таскин билан бўйлаб дунё камини,
Ишқ билан қайтариб ғусса дамини,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Мен сизни Ҳумодан тушган патим, дей,
Нозларим кўтаргич заранг қошим, дей,
Дил дардларимни тиккич тилло қатим, дей,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Жаннат бўйин тўккан жамбилим, денг, сиз
Сайраб-сайраб ўпган булбулим, денг, сиз,
Тиззамга тиз чўккан сунбулим, денг, сиз,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Роҳат қўрғонимнинг синчисиз, дей, мен,
Чайқалгич уммоним тинчисиз, дей, мен,
Мулкимнинг сотилмас ганжисиз, дей, мен,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Лабларида ғунча ундиргувчим, денг,
Ғам лашкари босса синдиргувчим, денг,
Ялиниб, амрига кўндиргувчим, денг,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

Кўнглимиз ойларда, овоз найдадир,
Бугунги бу жунун эрта қайдадир,
Ҳарна дунёлари ишқдан майдадир,
Келинг, жон, бир тоза суҳбат қуроли!

1952

БАХТ НИМА?
«Ёшлик» журнали — 2011 йил, 1-сон

Одам боласи ҳамиша ҳаракат майдонида яшайди. Унинг юраги, тафаккури, идроки ҳамиша йўлда. Орзу қилади, интилади, қоқилади, йўқотади, топади… Айрилади, куяди, соғинади, кутади, етишади… Инсон умри ана шундай бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган лаҳзалар маржони. Бахт эса ана шу лаҳзалардан биттасининг исми. Яъни инсон мутлоқ бахтиёр бўлиши (мутлоқ чемпион дегандай) мумкин эмас. У ҳаётнинг баъзи соатлари, баъзи кунлари, баъзи ойларидагина бахтли яшаши мумкин. Лекин ўша дақиқалар унинг қалбидан шунчаки ўтиб кетмайди. Бахтнинг ҳатто, хотираси ҳам тотли. Шунингдек, бахтни бирор қиёфа ё шаклга солиб, «мана шу!», деб ҳаммага тақдим этиб, барчани ишонтириб бўлмайди. Бу ҳиссиётнинг суврати, кўриниши, мезонлари ҳар кимнинг ўз кўнгил кенгликларига, тафаккур баландлиги, идрок теранликларига тенг.
Ўзимга келсак… Дадам уч яшар пайтимда қамалиб қолганлар. Хўжалик раиси бўлганлар. Кузда ҳосил кўтарилганда қайтариш шарти билан хўжалик аъзоларига (муҳтож бўлган аъзоларига) уруғлик буғдой берганлар. Бу ишни қонундан ташқари, одамгарчилик юзасидан қилганлар ва «дўст»лари чақувидан сўнг қамалганлар. Тўққиз йилга қамалиб, беш йилда қайтдилар ва тўрт ярим ойдан сўнг юрак хасталиги билан вафот этдилар. Бир умр ота соғинчи билан яшадим.
Ўқувчилигимда ҳақ талашадиган, саркашгина қиз бўлганман. Дарсдан сўнг доим қишлоқ хўжалик ишларига чиқардик. Ер текислаш, ўтоқ, ягана, қатқалоқ, чеканка, терим – тайёр текин хизматчи эдик. Баъзан ўзимча исён қилиб, дарсдан сўнг уч-тўрт нафар синфдошимни эргаштириб, уйга қайтардим. Шундай кунларнинг бирида синф раҳбаримиз: “Сен мактабни йиқитмоқчимисан? Бу феълинг бўлса, сендақаларни институт остонасидан қўлтиғингдан ушлаб ирғитиб юборади!” деганлар.
Институтга 3 та фандан (у пайтлар имтиҳон топширилар эди) «5» баҳо олиб, 15 балл билан кирганимда, осмонларга учганман. «Фикрим бор-у, чиройли ифода тополмайман», дея ўзимга ишонмай юрганимда – 1976 йил «Саодат» журналининг 11-сонида жаннатмакон устозимиз Зулфиянинг «Оқ йўл»и билан шеърий туркумим эълон қилинган.
Илк китобчамга онамга дастхат ёзиб жўнатганим, қизим, ўғлимнинг дунёга келган онлари, ўн йилдан сўнг ҳамкурслар билан учрашув, хуллас, ўтган кунларимни бирров варақласам, саодатли онларим кўп экан. Ўзгаларнинг бахтидан бахтли бўлган дақиқаларимни бунга қўшсам, эҳтимол, бахтимнинг йўллари, йиллари яна ҳам узаяр. Чунки одам ёлғиз ўзи бахтиёр бўлиб яшай олмайди. Унга, албатта, замондош, заминдошларининг кайфияти, руҳияти таъсир қилади. Демоқчиманки, ўз саодатингни ўзгалар саодати мукаммаллаштиради.
Бу – оддий бир инсоннинг юрак йўлидаги нурли бекатлар… Лекин ўзини юрт тақдири, миллат қисмати билан боғлаб яшайдиган инсонларнинг, «мен шу юрт, шу миллат учун жавобгарман» деб яшашга маънавий ҳуқуқи бўлган инсонларнинг бахт ҳақидаги тушунчалари меникидан кўп бора улканроқ бўлади.
Ҳарна бўлгандаям, бахт инсондан ташқаридаги ҳодиса эмас. У инсон кўнглининг энг чиройли мулки. Бир соатликми, бир ҳафталикми, инсонни оддий ер кишисидан юқориларга олиб чиқади, кунларига кўрк бағишлайди, атрофни, атрофда яшаётганларни кўзига чиройли кўрсатади, севдиради. Шу нуқтаи назардан, бахт – маънавий эҳтиёж ҳам. Бахт бўлмаса, бахт орзуси бўлмаса, одам маънан қашшоқ, суст бўлади.
Саодат истаги кишининг ҳаракатларини тезлаштиради, қатъият бағишлайди. Шу мавзу атрофида ёзилган бир шеър эсимга келди:

Туйғу, туғёнларга юпқамиз ғоят,
Гулми ё майсанинг адашларимиз.
Кўнгилга қандайдир тушса бир соя,
Оқиб кетаверар кўз ёшларимиз.

Йиғлаймиз, аёзми ё қишларида,
Кўкарса, яшнаса соҳир бойчечак.
Қорга айланмай қор оғушларида,
Гул бўлиб яшаса ботир бойчечак.

Йиғлаймиз, қалдирғоч – кўзи сурмалар,
Кетган баҳорларни олиб қайтганда.
Оғзибир элатдай зичсаф турналар,
Осмонга арғимчоқ солиб қайтганда.

Қуллик, Эрк ораси яқинмас асли,
Эврилиб ётибди давру давронлар.
Дукчи эшонларнинг дордаги расмин –
Кўрганда ҳозир ҳам қоврилар жонлар.

Заҳарланган ишқи Кумушойимнинг,
Ҳануз оғриқ берар, беради озор.
Гоҳида суюниб, гоҳи койиниб,
Беҳол яшамаймиз, яшаймиз бедор.

Юрагин яшириб юрарми шоир,
Ёмғирми, офтобга ердай очиқмиз.
Шу миллат, шу юртга бўлса гар доир,
Қувонч, ҳасратига бирдай ошиқмиз.

Йиғласак, йиғлабмиз, кўнгилларда нур,
Кундузлар қуёшли, кечалар ойли.
Севинчимиз денгиз, кўз ёшимиз дур,
Бизга келгач, бахт ҳам, дард ҳам чиройли.

qutlibeka

09

(Tashriflar: umumiy 119, bugungi 1)

2 izoh

  1. Гўзал!!! Эрталабда шундай инжа шеърларни ўқиб кўнглимга ёруғлик кирганидан, руҳиятимдаги онам, юртим, жигарларим соғинчи тафти бир оз босилгани учун Қутлибека хонимдан ҳам, кутубхона соҳибидан ҳам миннатдорман! Бу ҳам бир чимдим бахт. Биз Қутлибека хоним билан бир қаватда бирга ишлашганмиз, бир неча марта, йўлакда бир-биримизга дуч келиб қолганимизда салом-алик қилганмиз, лекин афсуски, кўнгил очиб гаплашмаганмиз. Даврий матбуотда чиқишларини доимий ўқиб борардим, сўзлари ёқарди. Лекин негадир ўзига йўл қидирмадим. Ёнма-ён ишлаб дийдорга, мулоқотга интилмадим. Нега шундайлигини билмайман.
    Умуман, шеър ўқиб туйганим лаззатлар учун раҳмат!

Izoh qoldiring