9 sentabrda tug’ilgan: Lev Tolstoy. Hikoyalar,ertaklar va masallar

033
Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» мақолалари 1887—1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таникли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) цингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.

055

Наим Каримов
ЛЕВ ТОЛСТОЙ

Лев Николаевич Толстой [1828.28.8(9.9), Тула губерняси Ясная Поляна қишлоғи — 1910.7(20).11, Липетск вилояти, ҳоз. Лев Толстой бекати; Ясная Полянада дафн этилган] — рус ёзувчиси. Россиядаги кадимий дворянлар сулоласидан, граф. Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873), фахрий академиги. (1900). 1844—47 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факултетларида ўқиган. 1851—53 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган; илтимосига кўра, қамалдаги Севастополга ўтказилган. Қрим урушида қатнашган. Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернышевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С.Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши Толстойнинг «Севастопол ҳикоялари» (1855) тўпламига кирган ҳикоя ва очеркларида ўз ифодасини топган.
50-йиллар Толстой руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Бу асарда ўз инъикосини топган халқ ҳаёти мавзуи ва воқеликнинг эпик тасвири Толстойнинг 60-йиллар ижодида янада теранлашади.
Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсаларда, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга қарши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.
Толстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. «Уруш ва тинчлик»дан бу романни ёзгунига қадар бўлган даврда Толстойнинг рус жамиятидаги ижтимоий тенглик ва адолат тўғрисидаги орзу умидлари рўёбга чиқмади. 60-йиллардаги ислоҳот ёзувчи кутган натижани бермади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат 3 оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига катта эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг диний қарашлари жамият ва шу жамиятда яшовчи кишиларга, бинобарин, у ёки бу қаҳрамонига бўлган муносабатига, шак-шубҳасиз, таъсир ўтказган. Толстойнинг оила масаласига, чунончи, Каренинлар оиласида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувида ҳам диний қарашлари сезилади. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади.
70-йилларда руҳий изтироб иқлимида яшаган Толстой ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказди ва шу жараёнда ижтимоий келиб чиқиши, тарбияси ва ҳаёт йўли билан боғлиқ жамият қатламининг маънавий асослари ёлғонга асосланган, деган хулосага келди. Унинг бундай қарашлари «Иқрорнома» (1880) ва «Эътиқодим нимада?» (1884) асарларида ўз ифодасини топди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида «Иван Иличнинг ўлими» (1886), «Крейтсер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ.
Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган.
Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романи (1889—99)да ўз аксини топди. Хдётда бўлиб ўтган оддий воқеа — бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги масаласи «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган.
Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда», 1890; «Балдан сўнг», 1903 ва б.) да ҳам акс этган. Толстой ҳаётининг Ясная Полянадаги сўнгги кунлари руҳий изтироблар пўртанасида кечди. У яқин кишилари тўқиган иғво ва фасод тўридан қочиб, 1910 йил Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетади ва йўлда шамоллаб, вафот этади.
Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» мақолалари 1887—1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таникли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) цингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.
Толстой нафақат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

011

Лев Толстой
ҲИКОЯ,ЭРТАК ВА МАСАЛЛАР

019

ЎЙИНДАН ЎТ ЧИҚАДИ

Иван Шчербаков деган деҳқон бўларди. Тирикчилиги ёмон эмас, бардам-бадавлат, қишлоқдаги ман-ман деган мардумлардан эди. Иваннинг ўғиллари ҳам аллақачон ёнига кирган. Улкани уйли-жойли, ўртанчаси унаштирилган, кенжатойи ҳали ўсмиру, лекин у ҳам бўйга етиб, омоч ҳайдашга яраб қолган эди. Иваннинг онаси эсли-жўяли, рўзғорнинг жонини киргизадиган хотинлардан эди. Xотини эса, мўмин-қобилгина, оёқ-қўли чаққон аёллар тоифасидан. Xуллас, Иван Шчербаков рўзғоридан ғам емай айшини суриб юрса бўларди. Аммо Гаврило чўлоқ деган қўшниси билан оралари бузилдию тирикчиликнинг мазаси қочди.

Ҳамма бало арзимаган нарсадан бошланди. Иванларнинг товуғи ҳали ёш бўлса-да, тухум туғишга киришди. Иваннинг келини хурсанд бўлиб, ҳайитга тухум тўплай бошлади. Xудонинг берган куни қазноққа бориб араванинг қутисидан тухум олиб келарди. Бирданига тухум йўқоладиган бўлиб қолди. Афтидан болалар товуқни ҳуркитиб юборганми, у четан девордан қўшнисиникига учиб ўтиб, шу ёқда тухумлаб келадиган қилиқ чиқарибди. Бундан келин шўрликни хабари ҳам йўқ. Товуғи қақағласа тухум туғ¬япти деб хурсанд бўлади. Бир куни кечлатиб қазноққа борди. Қараса, тухум йўқ. Келини ҳайрон бўлди. Сизлар олмадингларми, деб уйдагилардан сўради. Йўқ, дейишди. Шу пайт кенжатой қайни Тараска, товуғинг доим анави ҳамсоямизникига чиқиб туғиб келади, ҳозир ҳам шу ёқдан учиб кирди, ўзим кўрдим, деб қолди. Келин қўноқда, хўрознинг биқинида қунишиб ўтирган товуғига қараб қўйди. Товуқнинг кўзи илинай-илинай деб турибди. Нима дейди? Ҳой, ноинсоф, тухумингни қайси гўрга ташлаб келдинг, деб сўрайдими?

Келин ҳамсояникига чиқди. Гаврилонинг онаси рўпара бўлди.
— Ҳм, нима керак эди, келин? — деди кампир хушламай.
— Ҳа, шу товуғимнинг важидан кирувдим, бувижон, — деди келинчак, — ҳали замон зорманда қақағлаб сиз томонга учиб ўтиб кетувди. Тухум-пухум қўймадимикан, деб…
— Кўрганим йўқ, — деди кампир тўрсайиб, — худога шукур, товуқ ўзимизда ҳам бор, анчадан бери тухумлаб турибди. Биз бировнинг ҳовлисига кириб тухум териб юришга ўрганмаганмиз.

Бу гаплар келинни ўмганидан ўтиб кетди. Кампирга гап қайтарди. Кампир иккини қўндирди. Шундай қилиб иккаласи чарс-чурс урушди қолди. Иваннинг хотини ариқдан сув олиб келаётган эди, у овсинининг ёнини олди. У ёқдан бақириб-чақириб Гаврилонинг хотини чиқди. Қўшнисига ёпишиб кетди. У рост-ёлғон гапларни аралаштириб ҳамсоясининг бетига ёзғира бошлади. Тўрт хотин тўрт томондан шанғиллайди, кимнинг нима деётганини билиб бўлмайди. Қий-чув, ҳақорат, қарғиш…

Жанжалнинг устига Гаврило келиб қолди. Xотинининг тарафини олди. Қий-чувни эшитиб уйдан Иван отилиб чиқди. Xотинлар бу ёқда қолиб энди эркаклар олиша кетди. Ур-йиқит бўлди. Иван бақувват эди, олдига келганни чирпирак қилиб ташлайверди. У Гаврилонинг бир тутам соқолини юлиб олди. Ҳай-ҳайлаб ён ёқдан халойиқ етиб келди, уришқоқларни базўр ажрим қилиб қўйдилар.

Ана шундай қилиб, икки қўшни орасида адоват бошланди. Гаврило юлиқ соқолини хатдафтарга ўрадию Иванни судга бергани бўлиснинг ҳузурига йўл олди.
— Мен соқолимни Ванка пахмоқсоч юлсин, деб ўстирганим йўқ. Соқол юлармиш-а. Шошмай тур ҳали…

Гаврилонинг хотини «Иванни судга бердик, ҳадемай у қамоққа тушади, Сибирга кетади», деб қўшнисига мақтанди.

Иваннинг отаси бетоб бўлиб тахмон-печкада ётарди. У болаларига насиҳат қилди, жанжал чиққан куниёқ уларни яраштирмоқчи бўлди. Бироқ ўғил гапга кўнмади.
— Ҳой, тентаклар, бир балони бошлай деб турибсанлар, — деди чол, — ўйиндан ўт чиқади, деган гап бор. Қўйинглар энди! Қилаётган ишларинг куракда турмайди. Бир дона тухум деб шунчаликка бординглар-а? Болапақир битта тухумингни олган бўлса — олибди. Нима бўпти, бир еринг камайиб қолдими? Xудонинг даргоҳи кенг, насибангни етказади. Ҳа, хўп, келиннинг оғзидан ёмон гап чиқиб кетибдими, унга ётиғи билан тушунтир, катталарга унақа қаттиқ гапирмагин, деб уришиб қўй. Сан-манга бориб ёқалашиб ҳам олибсанлар. Майли, турмушда ҳар нарса ўтади. Аммо уят иш бўлди. Энди, узр, қўшни, биздан ўтган бўлса, кечиринг, деб ярашиб олиш керак. Тамом, олам гулистон. Мен сендан қолмайман деб қасдлашсанг, оқибати ёмон бўлади. Болалар отанинг гапини қулоққа илмади. «Қоқбош чол-да, насиҳатни яхши кўради, ўзи болачаям тушунмайди», деб билганларидан қолмади.

Иван қўшнисига бўйин эгмади.

Иван судга кетди. Гаврило иккови ҳакам олдида ҳам, бўлис ҳузурида ҳам даъволашиб кўрдилар. Улар судма-суд қатнаб юрганларида Гаврилонинг аравасидан темир халқача йўқолиб қолди. Буни Иваннинг ўғлига тўнкадилар.

Яна дов-дастак бошланди. Иккала четда тинчлик қолмади. Xудонинг берган куни ё асаббозлик, ё ур-тўполон. Катталарнинг қилиғини кўриб, болалар ҳам сўконғич бўлиб кетди.

Мужиклар аввало бир-бирини ўғрига чиқариб, ўзаро туҳмат тоши отиб юришувди. Бора-бора кўздан нари ётган нарсаларни ташмалашга тушди. Аёллар ҳам, болалар ҳам бировнинг буюмидан ҳазар қилмайдиган бўлиб қолди. Уларнинг турмуши эса, тобора чигаллашиб борарди. Иван билан Гаврило чўлоқ қишлоқда, жамоат олдида ҳам, бўлису ҳакам олдида ҳам роса довлашди. Охири улар ҳамманинг жонига тегди. Гоҳо Гаврилонинг қўли баланд келиб, Иванга жарима тўлаттиради ёки бир-икки кунга қаматтириб қўяди. Гоҳо Иван ютиб чиқади, Гаврилонинг жазосини бердиради. Бири-биридан ўч олган сари иккови ҳам тобора ёвузлашиб, одамгарчиликдан чиқиб борарди. Ана шундай ур-сур билан олти йил ўтди. Қўшниларга инсоф кирмади. Чол эса, тахмон-печкада ётганича ҳамон бир хилда ўгит айтади:
— Ҳўв, токайгача итдай талашаверасанлар, а? Бўлди-да энди. Ўтган ишга саловат денг¬лар-қўйинглар. Бир-бирингга тиш қайраган билан баттар бўлади, яхшиликка олиб бормайди.

Отанинг гапи кор қилмади. Уруш-жанжалнинг еттинчи йили ўтиб борарди. Қайсиям бир тўйда Иваннинг хотини Гаврилони ўғрига чиқарди. Эл-юрт олдида, «Эшитдингларми, анави чўлоқ от ўғирлаб қўлга тушибди, одамлар кўрибди», деб жар солди. Гаврилонинг кайфи бор эди, ўзини тутолмади, аламидан ғийбатчи хотинни урди. Иваннинг хотини этликкина, хўппа семиз эди, муштдан ўзига келолмай бир ҳафтача ётиб қолди. «Энди қўлга тушдинг, аблаҳ», — деб қувонди ичида Иван ва арз кўтариб терговчининг олдига борди. «Энди энангни кўрасан, зўравон», — деди ўзича Иван, — «ё турмага тушасан, ё тўппа-тўғри Сибирга жўнайсан!»

Бироқ Иваннинг иши ўнгидан келмади, терговчи жабрдийда аёлни чақиртириб текшириб кўрди. У оёққа туриб кетган, бирон ерига шикаст етмаган эди. Иван тинчимай тағин жаноб ҳакамга арз қилди. Ҳакам ишни бўлисга юборди. Иван бўлиснинг кўнглини овлаш учун мирзаси икковига ярим пақир мусаллас берди. Xуллас, елди-югурди, Гаврилога жазо берадиган қарор чиқарди. Суд бўлди. Мирза ҳукмни ўқиди: «Суд қарор қилади. Мужик Гаврило Гордеевга бўлис маҳкамасида йигирма таёқ урилсин…» Иван ҳукмни эшитдию, «Хўш энди у нима қилар экан», дегандек қўшнисига қараб қўйди. Гаврилонинг бети докадек оқариб кетди. Сўнг индамай даҳлизга чиқди. Иван ҳам кўчага чиқди, от аравасига ўтириб уйига жўнамоқчи эди, Гаврилонинг гапини эшитиб қолди.
— Ҳай, майли, ниятига етди у. Таёқ есак-ермиз. Бироқ мен ҳам қараб турмайман. Уйингнинг кулини кўкка совураман. Ҳали пушаймон бўлади Иван.

Бўлис маҳкамадан қишлоққача ўн чақиримча келарди. Иван уйига кеч қайт¬ди. Пода қайтадиган вақт бўлибди. Иван отини аравадан чиқарди, аравани жойига қўйиб, отини боғлаб ичкари кирди. Уйда ҳеч ким йўқ. Xотинлар подага кетган шекилли, деб ўйлади Иван. Болалар ҳам даладан қайтмабди. Иван ичгани ўтиб, хўрак ейдиган стол олдида чўкди. Xаёлга толди, Гаврилони эслади. Ҳукм ўқилганда унинг оқариб кетгани, тескари ўгирилиб олгани кўз олдига келаверди. Юраги увишди. Агар калтакка уни эмас, мени буюрганларида қай аҳволга тушардим, деб ўй сурди. Бирдан Гаврилога раҳми келди. Шу пайт отасининг йўталгани эшитилди. У тўшакдан туриб оёғини осилтириб ва инқиллаб печкадан туша бошлади. Қайта-қайта йўталиб судралгудек бўлиб аранг столга етиб келди. Беҳол суяниб сўради:
— Нима бўлди? Гаврилога жазо беришдими?
— Ҳм. Йигирма таёқ буюрдилар, — деди Иван.

Қария бош чайқади.
— Бекор қиляпсан Ваня, оҳ, бекор қиляпсан! Ўз оёғингга ўзинг болта уряпсан, бола! Xўп, ана, Гаврило таёқ ҳам еди, дейлик. Бундан сенга бирон фойда борми? Бир бечорани калтаклатиб роҳат қиласанми?
— Иккинчи марта номаъқул иш қилмайдиган бўлади.
— Бу гапинг менга ёқмади. Ахир, сенинг қилмишинг уникидан ошиб тушди-ку, Ваня.
— Қанақасига ошиб тушаркан? Индамасам хотинимни уриб ўлдиради. Мана, бугун ҳам уйига ўт қўяман, деди. Мен нима қилишим керак, кечирсинлар, оёғига бош уришим керакми?

Қария уҳ тортиб тилга кирди:
— Иван, менга қара, болам, мана сенинг тўрт мучанг бутун. Бу ёруғ жаҳонда дориломон кезиб юрибсан. Пиёда юрибсан, отда юрибсан. Мен бўлсам неча йилдирки, печкага ёпишиб ўладиган бўлиб ётибман. Сен ерда юриб ҳамма нарсани биламан, деб ўйлайсан, отам тўшакда ётибди, у ҳеч балони сезмайди, деб хомхаёл қиласан. Йў-ўқ, йигитча, аксинча сен балониям билмайсан. Сенинг кўзларинг басир бўлиб қолган. Кўз олдингни жаҳолат тўсиб турибди. Ичингдаги тоғдай айбингни пайқамайсан, аммо бировнинг пашшадек гуноҳини дарров илғайсан. Гапингни қараю. «У ўзи ёмонлик қиляпти», эмиш. Агарда айб ёлғиз Гаврилонинг ўзида бўлганида ёмонликнинг тухуми урчимасди. Ким айтди сенга ёмонликни бир одам қилади, деб? Ёвузликнинг сабабчиси ҳеч қачон бир киши бўлолмайди. Уни икки одам биргалашиб қилади. Сен душманингнинг айбини кўриб турибсану ўзинг¬никини кўрмаяпсан, кўришни истамаяпсан. Мабодо у ахмоқ экан, сен донолик қилмайсанми? Шунда ўртада мунақа машмашалар чиқмасди. Гаврилонинг соқолини юлган ким? Xирмонни кун-паякун қилган ким? Ким уни судма-суд судраб сарсон қиляпти? Яна ҳамма айбни у бечорага тўнкаяпсан. Одамнинг феъли ёмон бўлса, бошқалар ҳам кўзингга хунук кўринади. Бизлар бунақа яшамагандик, болакай сенларга ҳам бўлакча тарбия берган эдик. Гаврилонинг отаси икковимиз қанақа эдик? Ён қўшни — жон қўшни эдик! Ўртада сеники, меники деган гап йўқ эди! Уларнинг уни тугаб қолса хотини кирарди. «Фрол тоға, пича ун бериб туринг». «Ана, келин, омборга киргину керагича олавер», дердик. Унинг отини суғоришгами, ўтлоққа олиб бориб боғлаб қўйишгами одам топилмаса, чоп, Ваня тоғанг¬га қарашвор, дердим, эсингдами? А, менга бирор нарса асқотиб қолса, тортинмай чиқардим. Ана шунақа қўшничилик қилардик бизлар. Сенлар ҳам яйраб юрардинглар. Энди-чи, энди? Сенларнинг машмашаларингни бутун қишлоқ эшитди. Шуям тирикчилик бўлдими? Xудодан қўрқмайсанми? Эркаксан, бир уйнинг эгасисан. Шу нима бўлса сен жавоб берасан. Мундоқ танангга ўйлаб кўр-чи, хотин-халаж билан болаларни нимага ўргатяпсан? Итфеълликка, уруш-жанжалга. Тунов куни Тарасканг Арина холани онасидан тушиб бўралаб сўкиб турибди. Бўлмаса, ўзи ҳали муштдай бола, оғзидан она сути кетмаган. Қайси рисолада бор бу? Охиратингни ўйлаб кўр. Одам боласи ҳам шунақа бўладими? Сен дард десанг, мен бало десам, сен бир тарсаки урсанг, мен икки марта туширсам… Шунақами? Йўқ, болакай, бу номаъқул юмиш. Бу худога ҳам хуш ёқмайди. Исо пайғамбаримиз дунё кезиб биз нодонларни нимага ўргатди? «Биров сенга қаттиқ гапирса, индамай қўя қол, ахмоқ билан тенг бўламанми, де. Охири ўша дилозорнинг ўзи ўсал бўлади» деган. Ҳм, нега миқ этмайсан? Гапим ёқмадими?

Иван индамай ерга қараб ўтираверди. Қарияни йўтал тутди. Узоқ йўталди. Бир четга тупуриб гапини давом эттирди:
— Мундоқ турмушингга саросат солиб кўр-чи, шунча йил жанжаллашиб нима топдинг? Судларнинг оғзини мойлайман, деб қанча дунёинг кетди. Уруш бўлган уйдан файз-барака қочади, дейдилар. Ҳаққи рост экан. Сен бор-будингдан айрила бошладинг. Нега? Чунки манмансан, ўжарсан. Болаларингни ёнингга олиб ўзинг қўшга чиқишинг керак эди. Ўзинг ер ҳайдаб, ўзинг ғалла экканингда дуруст бўларди. Йўқ, Гаврило билан судма-суд жиқиллашиб юрдинг. Оқибатда ризқ-рўзингдан қуруқ қолдинг. Она ерга эгилсанг, у ҳам сендан саховатини дариғ тутмайди. Мана, бу йил сули экдинг, битмади. Нега? Негаки, шаҳарда анави чўлоқ билан олишиб юриб кеч эккан эдинг. Демак, сен бировга жазо бераман, деб аслида ўзингни жазоладинг, тушунасанми? Ҳов бола, мендек ёмон чолнинг гапига ҳам қулоқ сол: минбаъд биров билан уришувчи бўлма, ёнингга болаларингни олиб ишингни билиб қилавер. Биров озор берса, парво қилма, сенинг гапинг¬ни елга бердим, деб қўя қол. Шунда ишинг олға босаверади, кўнглинг ҳам равшан бўлиб туради.

Иван ҳамон тек ўтирибди.
— Менга қара, Ваня, — деди ота. Ҳозир туриб тўғри оқсоқолнинг олдига боргину ишни бости-бости қилиб кел. Азонлаб Гаврилонинг олдига чиқ, кечирим сўра, меҳмонга чақир. Ахир, эртага ҳайит-а. Самовар қайнатинглар, яримтани қўйинглар ўртага. Ўтган ишга саловат деб араз-гинани унутинглар. Аёлларга ҳам, болаларингга ҳам тайинлаб қўй. Улар душманчиликни унутиб, бояги-боягидек бўлиб юришсин.

Иван хўрсинди. «Отам тўғри айтаяпти, шунча йил жиққа мушт бўлиб нима топдим, ке, ярашсам яраша қолай», деди ичида. Бироқ қайси бети билан Гаврилонинг олдига боришни ўйлаб хаёлга толди. Чол эса, гўё унинг фикрини ўқигандек тағин гап бошлади:
— Ҳм, бўла қол, Иван, ўйланма, тур ўрнингдан. Эсинг борида этагингни ёп, сўнгги пушмон ўзингга душман, дейдилар.

Қария яна нимадир демоқчи эди, хотинлар кириб қолишди.

Улар зағизғондай сайраб, ғийбат халтасини очдилар. Нима дейсан, қишлоқ ўқитувчиси Гаврилонинг номидан пошшо ҳазратларига арз ёзаётган эмиш, хатда Иванларнинг жамики ўғирлигини бирма-бир кўрсатган эмиш, энди Иванга тегишли томорқанинг ярми Гаврилога ўтармиш… Xотин-халажнинг ғийбатини эшитдию Иваннинг эриб турган кўнгли яна музлади қолди. «Ўлсам ҳам ярашмайман!» деди у ичида ва шартта ўрнидан туриб ҳовлига чиқиб кетди. Иш дегани тиқилиб ётарди. Иван сарой томонга ўтди. Пичан ғарамини тартибга келтириб кунни кеч қилди. Кун ботди. Уйига қайтди. Болалари даладан келишибди. Иван улардан ҳол сўради, отни аравадан чиқаришга кўмаклашди. Бўйинтуруқ сўкилган экан, кейин тикарман, деб бир четга қўйди. У энди даҳлизга кирувди, четан девор ортидан Гаврилонинг бақириб сўкингани эшитилди: «У иблис билан нима ишим бор? — деб кимгадир ўдағайлади Гаврило, — уни уриб ўлдирган одам савобга қолади». Бирдан Иваннинг кўксида сўна бошлаган олов қайта ловиллаб ёнди. У қўшнисининг гапига қулоқ солиб тағин бир пас даҳлизда турди-ю бир-бир босиб ичкари кирди. Уйда чироқ ёниб турарди. Келин бурчакда ип йигириб ўтирибди, кампир қозондан овқат сузмоқчи бўляпти, катта ўғли чориғини ямаяпти, ўртанчаси китоб ўқиб ўтирибди. Xуллас, уйда енгил бир сарфарозлик ҳукм сурарди. Ҳалигина Иваннинг ҳам димоғи чоғ эди, анави бадфеъл қўшниси кайфиятини ҳаром қилди.

Тавба, ўзини ўйламаганига ўласанми, — деди ичида Иван, — хас-хашак қуриб, чирсиллаб турибди. Унинг устига бар ёқда шамол. Секин уйнинг сиртига ўтиб ўт қўйиб юборса, ким билиб ўтирибди. Гуриллаб ёнади-кетади. Кейин бўйнига қўёлмайсан.

Иван саройини яна бир айланиб чиқди ва уйга кирмоқчи бўлди. Қараса сарой ортида бир нима ялт этиб ёндию яна ўчди. Иваннинг юраги шиғ этди. Таққа тўхтади, киприк қоқмай рўпарасига такилди. Шапка кийган бир киши чўнқайиб ўтирар, бир боғ похолни ёқишга уриниб ҳадеб гугурт чақарди. Иваннинг юраги потирлаб қинидан чиқиб кетай деди. «Энди қочиб қутулолмайсан, аблаҳ!» дедию ташланди. Лекин улгуролмади. Айвон тараф бирданига ярқ этди. Олов сомон уюмининг ичидан чиқиб томга ўрлади. Ҳамма ёқ чароғон, сал нарида эса Гаврило ғўддайиб турарди. Иван бўзтўрғайга ташланган бургутдай Гаврилога отилди. У жон ҳолатда оқсоқланиб қочди. Иван тўрт ҳатлаб Гаврилога етиб олди, ёқасига ёпишди. Гаврило юлқиниб қўлдан чиқди. Иван қўшнисининг этагидан тутди. Этак шир этиб йиртилдию Иван юзтубан йиқилди. Сакраб туриб тағин қува кетди. У йўл-йўлакай, «Ҳой ким бор, ёрдам беринглар-ар!» деб бақириб борарди.

Иван то ўрнидан тургунча Гаврило чўлоқланиб ҳовлисига етиб олди. Иван уни қувиб кирди. Унгача Гаврило катта сўйил кўтариб Иванни пойлаб турди. Иван қоронғида туртиниб бориб қўшнисининг ёқасидан олмоқчи эди, Гаврило сўйил билан Иваннинг калласига солди. Иван эсидан оғиб қолай деди. Ҳушига келганида Гаврило ғойиб бўлган эди. Ҳамма ёқ чарағон, унинг ҳовлисидан чирсиллаган, гувиллаган товуш келарди. Иван ортига ўгирилди. Молхонасининг орқаси ёниб бўлиб, ёнбошига ўтибди. Осмонга қора тутун ўрлади, олов вишиллаб, учқун сачратиб уй томонга босиб келарди.
— Бу қанақа бедодлик, биродарлар, қанақа бедодлик?! — деб бақирди Иван, қўлларини кўкка кўтариб. Сўнг икки сонини шапалоқлаб ура бошлади, — уни қўлга туширувдим, оёқ остига олишим қолувди, холос. Қанақа бедодлик бу, биродарлар!

У яна нимадир деб гапирмоқчи эди, нафаси тиқилиб товуши чиқмай қолди. Уйига қараб югурай деса оёғи чалиниб юролмайди. Тўхтаб-тўхтаб, судралиб кета бошлади. У саройига етгунча молхонасини тамом ўт олиб бўлган, олов уйнинг бир бурчагини, дарвозахонани қоплаган эди. Уйга кирай деса, киролмайди, ичкаридан вишиллаб олов чиқяпти.

Ҳар тарафдан ҳай-ҳайлаб одамлар чопиб кела бошлади. Бироқ энди кеч бўлган, уйда қутқарадиган ҳеч вақо қолмаган эди. Қўшнилар қўлга илинган буюм борки, ҳовлига таший бошладилар.

Иваннинг уйидан кейин Гаврилонинг ҳовли жойи ёна бошлади. Шамол кучайди, қўни-қўшниларникига ҳам ўт кетди.

Иванникидагилар бемор чолнию ўзларини қутқариб қолишди, холос. Уйдаги мол-дунё шундайлигича оловга ем бўлди. Тараска далага ҳайдаб кетган отлардан бўлак жами ҳайвон зоти ўтда қолиб куйиб кетди: қўноқдаги товуқлар ҳам, аравалар, омоч-бўйинтуруқлару хотинларнинг сандиғи, омбордаги ғалла — бари кул бўлиб кўкка совурилди.

Гаврилонинг молларини ҳайдаб чиқариб улгуришди. Лекин уйдаги ашёларнинг аксарияти олов домида куйиб адо бўлди.

Ёнғин тонг отгунча ўчмади. Азонда Иванни чақириб оқсоқолнинг ўғли келди.
— Иван тоға, отангиз ўлаяпти экан, шунга Иванни чақиринглар, видолашиб қолай, деди.

Фалокат ичида Иван отасининг ўлик-тиригини ҳам унутиб қўйган эди. Талмовсираб сўради:
— Кимнинг отасини айтаяпсан. Кимни чақиряпти?
— Отангиз сизни чақиряптилар. У киши бизникида ётибди. Сиз билан видолашиб қолмоқчи эканлар. Юринг, тоға, — болакай Иваннинг енгидан торт¬ди. Иван болага эргашиб йўлга тушди.

Қарияни уйдан кўтариб чиқаётганларида устига ёниб турган ёғоч тушиб бироз ерини куйдирган экан. Уни оқсоқолнинг уйига олиб бориб жойлаштирибдилар. Оқсоқол қишлоқдан чеккароқда турар, уникига ёнғин ўтмаган эди.

Иван оқсоқолникига кириб борди. Уйда оқсоқолнинг хотини бор экан. Қолган каттаю кичик ўт ўчиришга кетишибди. Иван отасига яқинлашди. Чол шам ушлаганча ёғоч курсида чалқанча ётар, эшикдан кўз узмасди. Ўғлини кўриб безовталанди. Иван отасига яқин борди. Ота аста сўз очди:
— Xўш, Ваня, қишлоққа ким ўт қўйди?
— Ана шу Гаврило, — деди Иван, — кўз олдимда похолни тутатиб томга отди. Ушлаб олгани улгуролмай қолдим. Қўлидаги тутантириқни юлиб олиб тепкилаб ташлаганимда ҳеч бало бўлмасди.
— Иван, — деди ота, — менинг қазоим яқин. Бир кун сен ҳам ўласан. Тўғрисини айт, айб кимдан ўтди?

Иван отасига тикилди, лекин лом деб оғиз очмади.
— Xудони ўртага қўйиб айт, Иван, айб кимда, сендами, ундами?

Бирдан Иваннинг кўзи ярқ этиб очилгандек бўлди.
— Мендан ўтибди, отажон! — У тиз чўкиб йиғлаб юборди, — Мени кечиринг? Сизнинг олдингизда ҳам, худонинг олдида ҳам гуноҳкорман…

Чол қўлларини аранг қимирлатди. Шамни чап қўлига олди, ўнг қўли билан чўқинмоқчи бўлдию мажоли етмади.
— Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! — деди қайта-қайта ва ўғлига кўз қирини солди, — Ванка, ҳа Ванка!
— Лаббай, отажон!
— Энди нима қиласан-а?
— Билмадим, ота, — деди Иван йиғлаб туриб, — энди бу ёғига қандай кун кўрамиз, ҳайронман.

Чол кўзларини юмди, тамшанди, сўнгги кучини тўплаб олгандек, аста кўзини очиб деди:
— Кунларингни кўрасан. Xудони ёдга олиб турсанглар кун ўтаверади, — чол жимиб қолди, оғзини қийшайтирди ва базўр ғудранди, — тилингга эҳтиёт бўл, Ваня, уйимга фалончи ўт қўйди, деб зинҳор айта кўрма. Сен бировнинг бир айбини кечирсанг, худо сенинг икки айбингни кечиради.

Чол шундай дедию икки қўллаб шамни ушлади, уни кўкрагига қўйди, оғир хўрсинди ва оёғини чўзиб жон таслим қилди.

Саъдулла Сиёев таржимаси

019

ТАДБИРКОР ДЕҲҚОН

Бир шаҳардаги майдонда каттакон ҳарсангтош ётарди. Тош анча жойни эгаллаган ва ўтган-кетганга халақит берар эди. Муҳандисларни чақириб, тошни қандай олиб ташлаш лозимлиги ва бунинг харажати қанчага тушиши мумкинлигини сўрашди.
Бир муҳандис тошни портлатгич билан парчалаб, бўлакларини ташиб кетиш керак, бу 8000 сўмга тушади, деди. Иккинчиси тошнинг тагига аравача олиб келиб, ўшанга ғилдиратиб чиқарвориш керак, бу 6000 сўмга тушади, деди.
Бир деҳқон бўлса тошни ўзим олиб ташлайман, ҳақига юз сўм кифоя?, деди.
Деҳқондан буни қандай уддалайсан, деб сўрашди. У шундай жавоб қилди: “Мен тошнинг тагидан каттакон ўра қазийман: тупроғини майдонга чиқариб, тошни ўрага юмалатаман-да, ерни текислаб қўя қоламан?
Деҳқон худди шундай қилди. Унга ўша юз сўмини бериб, тадбиркорлиги учун яна юз сўм қўшиб, сийлашибди.

019

БОЙҚУШ ВА ҚУЁН

Оқшом чўкканда бойқуш жарлик, пастқамликлар оша ўлжа қидириб учди.
Ялангликка каттакон кулранг қуён сакраб чиқди-ю ўзига оро бера бошлади. Қари бойқуш қуёнга қараб қўйиб, дарахтнинг шохига қўнди. Ёш бойқуш бўлса шундай гап қотди: ?Нега энди қуённи овламаяпсантҚари бойқуш жавоб қилиб дебди: ?Кучим етмайди ? қуён катталик қилади, унга ёпишсанг, чакалакзорга олиб қочади?. Ёш бойқуш ўжарлик қилиб дебди: ?Мен бўлсам панжамни ботиришим биланоқ иккинчи панжам билан дарахтга тармашиб оламан?.
Ёш бойқуш қуёнга ташланибди, тирноқларини тагигача ўлжасига ботирибди-ю иккинчи панжаси билан дарахтдан тутиб қолишга чоғланибди. Қуён уни судраши ҳамон бойқушча дарахтни тутиб қолибди ва ўзича: ?Қочиб бўпсан!? деб ўйлабди. Қуён чираниб тортган экан, бойқушни иккига бўлиб юборибди. Битта панжаси дарахтда, иккинчиси қуённинг орқасида қолибди. Кейинги йили овчи қуённи ўлдирибди ва орқасидаги бойқуш панжасини кўриб ҳайрон бўлибди.

019

ВАЗИР АБДУЛ

Эрон шоҳининг Абдул деган адолатпарвар вазири бўлган экан. Бир куни у шоҳ ҳузурига шаҳар бўйлаб кетаётганди. Бу ерда оломон тўполон чиқариш учун йиғилаётганди. Вазирни кўриши ҳамон оломон уни ўртага олиб, отини тўхтатибди ва айтганларига кўнмаса ўлдирамиз, деб дўқ қилишибди. Бир одам ҳаддидан ошиб, вазирни соқолидан тортиб, силкитибди.
Оломондан қутулган вазир шоҳ ҳузурига келибди ва халойиқнинг бу ўзбошимчалиги учун жазоламасликни ўтинибди.
Эртаси куни вазирнинг олдига дўкондор келибди. Вазир ундан сенга нима керак, деб сўрабди. Дўкондор шундай дебди: ?Кеча сени хафа қилган одамни айтгани келдим. Мен уни биламан, қўшним бўлади, исми Нагим, унга одам юбортириб, жазосини бер!?
Вазир дўкондорга ижозат берибди ва Нагимни чақиртирибди. Нагим кимдир уни сотганини фаҳмлабди-ю, жонидан умидини узиб, вазирнинг оёғига йиқилибди.
Вазир уни турғазиб, шундай дебди: ?Мен сени жазолаш учун чақиртирганим йўқ, фақат қўшнинг ярамас одам эканлигини эсингга солиб қўймоқчиман, холос. У сени сотди, эҳтиёт бўлгин. Энди борақол, худо ёр бўлсин?.

Шодмон Отабек таржимаси

(Tashriflar: umumiy 2 976, bugungi 4)

Izoh qoldiring