Abdulla Qodiriy. 20-yillar maqolalari.

011
Абдулла Қодирий шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларида нафақат ўзбек адабиётидаги биринчи роман «Ўтган кунлар» ни яратди, шу билан бирга журналист сифатида кўплаб публицистик ва ҳажвий асарлар ёзди. Буюк адиб таваллудининг 120 йиллиги нишонланаётган кунларда унинг айни шу йўналишда қолдирган меросига диққатни қаратишимиз бениҳоя ибратлидир.

012
Абдулла Қодирий
20-ЙИЛЛАР МАҚОЛАЛАРИ

САЙЛОВМИ, БОСҚУНЧИЛИКМИ?
01
Айнан

Уламо ва бойларимиз иттифоқга келмовлари ила баробар сайловни зўр тартибсизлик ила ўтқаздилар. «Шўрои ислом»га товуш берувчига такфир қилувлардин ва бошқа зўрлик ила ўз нўмирларини халққа таратувдин, учунчи нўмирни олмай ўнунчига товуш берувни хоҳлаганларни маҳалладан чиқармоқ, ўлук-тиригиға кирмаслик ила таҳдид қилдилар. Сайлов куни низомға хилоф ўлароқ, ҳар кимни ўз тарафиға кучлаб ундадилар. Масалан бизнинг «Беш оғоч» даҳасина тобеъ «Хўжа Нуриддин» мозорида шундай воқиъалар бўлди: эрта билан сайловга бормоқ қасди ила кўчага чиқдим. Катта саллалик муллалар, зўр қоринлик бойлар қўлларинда даста-даста ўз сайлов нўмирларин олиб, баланд овоз ила ўткан-кетканларга ўз нўмирларин тарғиб қилмакда, ҳаттоки «Учунчини олмаган кофир! Ўнунчини хоҳлаган бадмазҳаб!» деб қичқирмакда эдилар. Бу зотларнинг ҳадларидан бунча тажовуз қилганлариға таассуф чекиб, участка эшикиға етдим.

Бу ерда қўлларинда учунчи нўмир қоғаз ушлаган муллалар ва маҳалла имомлари дасталаб бўлиб, контрўл равишинда текшириб, агарда учунчи тарафдори бўлса хўб, ўнунчи бўлса неча хил мазаммат ила қўлидан конвертин олиб, ўз қўллариндаги учунчи жойланган конвертни бермакда эдилар. Сайлов бутун босқунчилик ҳолин олган эди.

Бу ҳолни кўргач, милитсияга мурожаат қилдим. «Маат-таассуф, муллалардан қўрқаман!» деган жавобни эшитдим. Раисга билдирмоқ бўлиб эдим, тиғизлиқдан уйга кирмоқ мумкин бўлмади. Ҳайрон бўлиб туриб эдим, бир танишим ёнимга келиб: «Бу ерда ўнунчидан дам ура кўрманг, муллаларнинг тарафидан қўюлган махсус кишилар бор, агарда муллаларга еткузсалар снзга ҳужум қилувлари эҳтимол», деди. Воқиъан ҳужум қилувларин ўзимда сезган эдим. Чунки баъзи муллаларнинг ва бойларнинг ўз оғзидан: «Ҳар ким ўнунчига тарғиб қилса тўб-тўғри уриб ўлдириш», деганларини ҳалидан ҳали эшитмакда эдим. Бу ҳолларни кўргач, бутун ҳушим бошимдан учди.

Бояги эшик контрўллари олдига қайтиб оларнинг сиёсатларига қараб туриб эдим, қора куч тарафдорлариндан бир махдум менга ўқрайди. Бу муҳтарам зот-бобаракот махдумнинг хўмраювин дарров сездим ва дедимки: «Махдум афанди, мен халқни таҳдид ва такфир ила қўрқутиб «Шўрои ислом» испискасиға тарғиб қилмаячиқмин. «Шўрои ислом» бу ишни ҳар бир кишининг инсоф виждонина топширмишдир. Аммо сиз муҳтарам махдумнинг уламо-боён жамиятингиз тарафидан билмадим на учундир низом ва қонунға хилоф ҳаракатлар кўрулмакдадир. Менга ўқрайманг! Ҳақсизлик қаю тарафда бўлса шу тарафка ўқрайинг!», дедим.

Шу аснода атрофимни ҳалиги махдумга ўхшаш зотлар чулғаб олмиш, гўёки махдумнинг буйруғини кутмақдалар, токи менга ҳужум келтурсунлар. Махдум ранги бўзарган ҳолда маним ёнларимга ва қўлтуғим орасига қаранур эди. Токи ўнунчи нўмирдан бўлса тортиб олсун ҳамда дўстларига буюриб урдирсин. Менда ҳеч нарса йўғлигини билиб бошқа тарафка йўналди.

Ҳамон бояги босқунчилик ҳукм сурмакда, ўнунчини йиртиб, учунчини бермоқ давом этмақда, балки борган сайин ривожланмакда эди. Такфир ва таҳдидлар…

Шул орада ёшлардан мулла Зайниддин афанди Ҳусаинов қора куч тарафиндан қаттиғ равишда қийналди. Бу ҳолларни кўргач, қора халқ орасинда турмакни хавфлик санаб, участкадан чиқдим. Маним ила баробар кўб кишилар учунчига овоз берувга виждонлари қабул қилмай, ўнунчига бермоққа муллалардан қўрқиб, сайловдан маҳрум бўлиб кетдилар. Биноан алайҳи бу сайловимиз яширин, текиз, ҳар кишининг хоҳишича бўлмай, уламо, бой ва махдумлар босқунчилиги остинда ижро этилди. Бунга таассуф этмаска мумкин тугил. Чунки учунчи испискада ҳуррият ва ҳуқуқға шул қадар қарши эскилик тарафдори қора гуруҳлар борки, булар ҳоким бўлғанда на бир тартибли мактаб ва на бошқа ислоҳот кўрурга мумкин тугил[1].

Мазлум (Эски шаҳарлик)

«Улуғ Туркистон»[2] — 1917 йил, 4 август, 20-сон, 4-бет
———————————-
[1] Мақола шаҳар думасига қайта сайлов муносабати билан ёзилган. Думалар ҳайъатининг учдан икки қисми христианлар ва учдан бир қисми мусулмонлардан иборат бўлган.

1917 йил 30 июлда Тошкент шаҳар думасига навбатдаги қайта сайлов бўлиши белгиланади. Бу сайловда асосан эскиликни ёқловчи «Уламо» жамияти, тараққийпарвар «Шўрои исломия» жамияти ва болшевиклар орасида номзодлик учун кескин кураш кетади. Сайлов кунидан бир мунча илгариёқ руслар бу сафарги думага сайловда мусулмонларнинг қўли баланд келишини сезиб «Шаҳарнинг янги қисми учун алоҳида дума сайлаймиз», деб Тошкент думасини иккига бўлиш таклифини кўтариб чиқадилар. Бу ҳолнинг олдини олиш учун «Шўрои исломия» жамияти — агар рус тилини билмаган, сиёсий маълумоти бўлмаган «Уламо» жамиятининг номзодлари сайловда ғолиб келса, думада рус номзодлари билан биргаликда иш юрита олармиканлар, агар юрита олмасалар, думанинг иккига бўлинишини аниқ билиб, оқибатда маҳаллий мухторият, мустақиллик олишга ғов бўлишларини, яна мустамлака ҳолида қолиб кетишларини билиб, иложи борича ўз жамиятларидан дума номзодлигига озми-кўбми русча маълумотли, янгича тарбияси бўлган юрист, доктор, комиссар, муаллим, зиёли савдогар, русча маълумотли приказчик, очиқ фикрли уламоларни кўрсатадилар. Лекин «Уламо» жамияти Эски ва Янги шаҳар авом халқи орасида «Шўрои исломия» жамиятининг номзодлари бадмазҳаб кафказли, динсиз татарлардан уларга овоз берманглар деб ташвиқ қиладилар. Натижада авом халқ муллалар ва бойлар жамияти «Уламоининг номзодларига овоз бериб, улардан 62 номзод ўтади, тараққийпарвар зиёлилардан эса фақат 11 киши сайланади… Думанинг ишларида бу «Уламо» жамнятининг номзодлари «Муваққат мактаб комитети» ҳайъатига номзод сайлашда ҳатто Мунавварқори ва Содиқ Абдусатторовга овоз бермайдилар. Ва бошқа ташкилий ишлар ҳайъатига овоз беришда ҳам ўша ўн бир тараққийпарвар ўрнига русларга овоз берадилар… Бахтга қарши Тошкент думаси большевикларнинг зўрлиги билан 1917 йил 2 декабрдаги фармонига биноан тарқатиб юборилади.

Ёзувчи Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида Абдулла Қодирий ва унинг маҳалладоши, Зайниддин Ҳусайн ўғлининг ўша йилги шаҳар думасига бўлган сайловда қатнашганларини ва уларнинг бошндан ўтган воқеани ёзиб ўтадилар. Ёзиб ўтилган хотира юқоридаги мақоланинг руҳи ва мазмунига мос келгани учун бу мақолани Қодирий қаламига мансуб, деб тўпламга киритдик.

[2] «Улуғ Туркистон» — Тошкентдаги татар буржуазияси газетаси. Феврал революциясидан кейин нашр этилгаи, миллатчилик қарашларини илгари сурган, муҳаррири Кабир Бакир.


МАЪОРИФ ШЎРОСИ ДИҚҚАТИҒА

01

Сўйлаб ўлтурувнинг ҳам лузуми йўқдурким, бизим учун бир-бир масаладан ҳам илгарироқ мактаб масаласига жиддий қараб, камчилик-етишмаган ерларини такмил ва ислоҳ этмак маорифга чўл халқимизнинг диққатини шул нуқтага жалб этмак керакдир.

Бошқа ишларга эътиборсиз қараганимиз каби, бу маориф ишини ҳам мухмал қолдирсак вақтидан истиъфода этмаган, тушимизга ҳам кирмаган енгиликларга куфрони неъмат этган бўлурмиз.

Истибдод даврида биз мусулмон ёшларнинг кеча-кундуз мактаб-мактаб дея бақирдиқларимизни кўз олдимизға келтирсак, энди ўшал вақтда имтилган амалимизни кўз олдимизда кўрармиз. Иш шундоғ экан, энди ҳам танбаллик этсак, бутун масъулият келажак тарихда бизим устимизда бўлур.

Мундан бир неча кунлар илгари бир неча ўртоқлар ила мусоҳаба этишмоқда эдик. Мусоҳиблар ичида ибтидоий мактабларимиздан бирининг мудири… афанди ҳам бор эди. Миллатнинг истиқболи фақат мактаблар ила порлаяжағига имон келтирдиғимдан ҳалиги афандидан ҳозирги ибтидоий мактабларимизнинг боришиндан, бу йилги қишга мактаб ҳаётида ҳозирликдан саволлар бердим. Афанди шундоқ жавоб берди:

«Халқимизнинг янги мактабларга рағбати жуда яхши. Мактабда жой етишмайдир. Бошқа мактаб муаллимларининг ҳолидин хабарим бўлмаса ҳам ўзимизнинг муаллимларнинг ўз вазифасига тушуниб ҳаракат этувчилар, дея оламан. Лекин ёзув асбобларига фавқулодда эҳтиёж кечирмоқдамиз. Ўқуш учун ёзув асбоблари сўраб гуруҳлаб «Маориф шўроси»га мурожаат этсак ҳам, шу чоққача бир натижа чиқмади. Маориф шўросининг бизга жавоби «Шошманг, бариси топилур»дан нарига ўтмай бу йўлда ҳаракат этдиклари кўрилмайдир. Агарда қиш учун қалам, дафтар ва бошқалар ҳозирланмаса — кўнгилсиз натижа бериши табиъийдир. Чунки мактаб болаларининг аксариси ишчи-камбағал болалари бўлиб, бир дона дафтарни 40-50 сўмга, бир дона қаламни 30-40 сўмга олувлари ғайримумкиндур. Ҳолбуки дафтар бир бола учун ёлғуз биргина эмас, дарсга қараб олти-еттитача лозимдир. Мана шу тарафларини ўйлаганда билмадим, мактабларимиз қишда не ҳол кечирар. Аммо маориф шўросини бу масалага илтифоти бояги».

Ман бу сўзни мундан илгари ҳам бир муаллимдан эшитган эдим. Энди бунинг ила иккинчи бўлди. Ёзув асбоби масаласи ҳақиқатан ҳам муҳум бир масала бўлиб, вақтинда тадбири кўрилмаса ҳалиги афандининг айтканидек, яхшилик ила натижаланмаса керак.

Мактабдаги ўқувчи шогирдлар камбағал кишиларнинг болалари ўлдиқдан дафтар-қаламни ўз ёнларидан олувлари мумкин эмас. Зўрғагина кунини ўтказиб турган ишчи халқ ўғлининг дафтар-қалами учун ойига бир-икки юз сўм чиқимдор бўлиб бола тарбия этуви, бошқа миллат ишчилари учун бизга қараганда онгли бўлдиқларидан енгил бир иш бўлса ҳам, бизнинг эндигина шу йўлга оёқ боскан камбағал халқимиз учун осон бўлмаса керак.

Бизнинг қора-нодон ишчиларимиз ўғлининг мактаби учун ойига бир-икки юз сўм чиқимдор бўлуви эса тўғридан-тўғри: «Ман сенинг мактабингға мунча чиқимдор бўлиб ўқита олмайман», дейдирда, ўғлини мактабдан олиб, ўқувдан маҳрум этар. Бу бизим учун табиий бир ишдир. Ҳозирда ўқув асбоблари бозордан топилиб турган бўлса ҳам сўнгроқ топилмов эҳтимоли ҳам бор. Ишчи болалари ёнлариндан дафтар-қалам олганларинда, оқчага ҳам топилмай бошласа тағи бир бало бўлур.

Шунинг учун «Маориф шўроси»нинг бу масалага яхширок аҳамият беруви, албатта, лозимдир. Масаланинг аҳамиятига тушинган «Маориф шўроси» балки мунинг гадосига киришкан чиқар, лекин бу ҳолда бу ишга тадбирсиз қарамак, эндигина йўлга қўйилган ибтидоий мактабларимизга ўтказилган миллат гуллари болаларимиз учун бир жиноят бўлур.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1919 йил, 23 сентябр, 180-сон

БИЗДА ТЕАТРУ ИШИНИНГ БОРИШИ
01

ТЕАТРУ ВА МУЗИҚА

Маълумдирки, бизим Туркистонда драма ҳам театрнииг тарихлари 1912 йилдан бошланиб, буларни қабул этканимизга етти йиллар бўлади.

1912 йилдан илгари Туркистонда татар қариндошлар тарафидан театр ўюнлари бўлуб турса ҳам табиий бизим турмушимиздан четдароқ бир руҳдаги асарлар ўлдиқдан ерли ёшларни у даражада ўзига жалб эта олмаған, тўғриси ул вақтда Туркистон ёшлари жуда оз ва шу нисбатда шеърий асарлардан йироқ масофада турарлар эди.

1912 йилдан бошлаб «Падаркуш» исминда ўз турмушимиздан олинған театр рисоласи Маҳмудхўжа Беҳбудий тарафидан майдонга қўйилур. «Падаркуш» рисоласи Туркистоннинг умуман деярли ҳар бир катга кичик шаҳарларинда мавқиъ томошага қўйилуб, ёшларимиз учун бир даража театру мақсади онглашилур. Мана шундан сўнг бизда театр масаласи бош кўтаруб, ярим-ёрти театр рисолалари ёза бошлаймиз. Бундай шеърий асарларни тақлид сўнгинда қабул этмак маданий миллатларнинг бир қонуни эса-да, бизда биринчидан, бу ишга янгилиқ ва матбуотсизлиққа, алалхусус бундай нимарсаларни танқид қилурға иқтидорлик мунаққидларимиз йўқлиғиндан шу кўйинча қабул этилиб, матбуот элагиндан ўтқузилмас.

Бу ҳол 1912-1917 йилгача давом этиб, 1918-йилдан эътиборан, маълум ҳар бир иш учун кенг йўл очилдиғи каби маориф ишлари учунда ўртадаги тўсқинлар олинғач, театрлар ёзмоқ иши ҳам ҳар бир қўлидан ёзув келадирған ёшлар ва ўқувчи шогирдлар учун бир эрмак ёки ҳавас шаклиға кирди.

Бу ҳол Туркистоннинг бошқа гўшалариндан кўра бизим Тошканд ёшлари орасинда кўбрак кўрилди. Бир нечаларини истисно ила, ўз имлосин тўғрилаб ёза олмағанлар, «драматург», «комик» ҳатто «оператўр» ҳам бўлиб майдонга чиқдилар-да («трагедия»ни ёзмағанларига шукр қиласан энди!) Тошкандни ола-чипор драма, комедия ва опералар ила тўлдирдилар. Буларни ўйналғали турли формадаги артистлар ҳам топилиб, ҳафтада бир неча мартабалаб театр кечалари бўлиб, Тошканд том бир маданий халқ турмушини онглататурған бўлди.

Бу театрулар халқимизга табиий таъсирларин бераларми, масаласига келганда маъаттаассуф биз иккинчи турли таъсир сезамиз: томошачилар театрни бекорчиликка эрмак ва ўзларининг эскидан қолма масхарабозлиқлари, дея қарий бошлағанлар. Ҳақиқатан ҳам, ўйлаб кўрганда, бизда театр ишининг бу равишда бориши ярим маданий халқимизға шундай таъсир қолдирмай мумкин эмасдир. Бир неча асрлардан бери сафсата ва сиҳрбозлиқлар ила заҳарланиб келмакда бўлған халқимизға адабий мактаб бўлур умидинда бўлдиғимиз театрнинг бу ҳоли ғоятда аянчлидир.

Театрларга халқимизнинг бу назарда қарай бошлови шубҳасиз театр асарларимиз аҳлсизлар тарафидан бажарилувидандир. Театр, турмушдаги етишмаган ва ортиқча ерларни кўз олдимизға мужассам этиб кўрсатувчи бир ойнадир. Иш шундоғ экан, биз ҳам ўз театрувимизни кўрганда турмушимизнинг аксини кўрмагимиз керакдир.

Лекин биз ўз саҳнамизда шу чоққача ўзининг санъаткороналиғ ила ичига киритиб юбориб асарлантиратурған на бир драма ва на бир комедия кўрамиз. Аммо кўрдик, маъаттаассуф, на драмалик номиға, на комедиялиғ отиға мувофиқ бир асар учрата олмадик. Қайси бир янги ёзилған драмасига қарама, бузуқлиқ, саҳна учун хиёнат!..

Комедия, дегач нима тўғри келса шундан кула бермак эмас, балки ўзининг туб шартига мувофиқ этиб кулмак, драма ёзғанда мавзуни турмушимизнинг нақ бир чирик жойидан олмоқ ва шунинг ила баробар адабиёт торозусига солиб ёзмоқ керакдир.

Боқингиз, муҳаррирлик ғурури ила ёзилған драмаларгаким, бунда бирисининг олдиғи мавзу ғоят аҳамиятсиз, турмушимизда йўқ, яъни фантазия шаклли бир нарса, иккинчисининг олған мавзуи аҳамиятли, лекин воқиъали тасвир йўли сўнг даража бузуқ, асардаги қаҳрамоннинг сўз ва иши характерига номувофиқ, диалог ўрнига монолог ишлатилган, монологни талаб этган бир ўрин бутун кўрсатилмаган. асар қаҳрамонининг ички сири очилмай томошачиларни қабзиятга еткурган ва актлар тўла кўрсатилмаган учун кўб ерлар мажҳул ва ҳоказо…

Шу яқин орада «Темир тўдаси»[1] тарафидан «Жадид-қадим»[2] исмли бир драма қўйилуб ўтди. Таассуфки, баъзи монеълар сабабли бу драмани кўра олмадим. Эшитувимға қарағанда, бу драманинг мавзуи исминдан ҳам маълум бўлувиға кўра, жадид ва қадим орасиндаги маслак кураши ила бошланур экан-да, натижа қадим жадидни ўлдируви ила тамомланур экан. Бу эса турмушимизда йўқ бир воқиъа. Дуруст, жадид-қадим орасинда маслак кураши бор, бу маълум. Аммо жадид қадимнинг бир-бирини ўлдиришмак даражасига етуви шу асарда биринчи мартаба кўрилур. Бу турмушимизда биринчи ихтиро!.. Дуруст, Бухорода қадимлар тарафидан (уламо фатвоси ила) кўб ёшлар қурбон этилди. Бунинг омиллари қора халқ ва ҳукумат эди. Аммо бизнинг бу ерларда бундай воқиъаларни юз кўрсатиши ҳеч эшитилмаган ишдир. Агарда бизда ҳам шундоқ яширин сирлар бўлса, ошкор этдиги учун бу асар муҳарририга ташаккур этамиз.

Хулоса, мундоқ келишсиз ишлар театр оламинда шу даража кўбдирки, буларни ёзиб кўрсатув учун бутун вақтни фақат шунга боғламоқ керак бўлур. Бу ҳолнинг давоми ёш саҳнамиз учун жиноят, суистеъмолдир. Бунинг каби эътиборсизликларни орадан кўтарув учун бирдан-бир чора бўлса, у ҳам танқид йўлидир. Лекин бундоқ ҳавасаки, майда-чуйдаларни очиб кўрсатиб, аҳли тарафидан ёзилған шеъриятли театр мажмуъаларнигина жавоҳиран очиб бературган бир мунаққидимиз йўқдир. Балки бордир, лекин майдонга чиқмилар.

Бундан бир неча кунлар муқаддам «Тўкма» театрининг бузуқлиғина қарши чиқған «Ишчи» ўзига бир даража кўнгил боғлатған эди. Лекин анинг ҳам айтмакда бўлдиғи танқидлар ёлғуз саҳна камчиликлари, артистларнинг ўюнни бузуқ ўйновлари ва шунга ўхшаш иккинчи даражадаги ўринларни танқидидан нариға ўтолмади. Меним бу дедигимдан «Саҳна ва артистларни танқид этув ноўрин эмиш», деган мақсад онглашилмасун. Албатта, булар ҳам ўз мавқеъинда тейишли ишлар, лекин демоқ истайманки, кенг маънавий жиҳатдан ўлдиқдан илгари театр асарларининг асл ўзини умумий адабиёт ўлчовина солиб операсия қилиб чиқиш биринчи мартаба лозимдир. Билсунки, асар саҳнага қўйилатурған бир нарсами ё йўқ.

«Ишчи»нинг этдиги танқидларидан ҳар бир чўпчак ҳам бир ҳақиқий асар бўлиб танилуб, ҳалиги дедигимиз иккинчи даражадаги тараф, тузук бўлса бас, деган мақсад онглашиладир. Бу камчилик эса «Ишчи»нинг оз тажрибалилиғиндан бўлса керак. Мен ўз тириклигимиздан кўпия бўлған шеърий асарларни кўпаювин тилайман. Тилаймангина эмас, ҳамон ҳарорат ила кутаман. Буни эса қўлидан ёзув келадурган ҳар бир кишидан эмас, ўзининг аҳлидан кутаман.

Ёшларимизнинг тарбия ери мактаб бўлса, катталаримизники театрулардир.

Катталаримизнинг мактаби ёзувчилиқ, педагўгларнинг ёздиқлари дарслар. Фантазия, уйдирмалар бўлмасин.

Турмушимизнинг акси — уста рассом томонидан олинған акс бўлсин, — дейман.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» 1919 йил, 11 декабр, 239-сон, 2-бет
—————————————
[1] «Темир тўдаси» — ҳарбий ватанпарвар ёшлардан тузилган гуруҳлар бўлиб, улар мактабларда ташкилий ишларни бажаришган, болаларга жисмоний тарбиядан дарс беришган, пьесаларни саҳналаштирганлар.
[2] «Жадид-қадим» — шоир Хуршиднинг асари.

БИЗДА АСКАРЛИК МАСАЛАСИ
01

Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушингни эшитдируб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуролингға, аскарий кучингға қараб бўлур.

Кўрамизким Оврупо, Омриқо миллатлари бунчалиқ шаън-шавкатни фақат ҳарбий куч ила қозонмишлардир. Оврупо, Омриқо империалистлари Шарқ халқини фақат қурол кучи ила ўзлариға асир этмишлар ва ҳали ҳам ҳарбий куч ила Шарқ мазлумларини занжирда тутарлар.

Аммо биз шарқли мазлум мусулмонлар эса шу қуролсизлик, аскар йўқлик ила шу золим хунхўрлар занжирига банд бўлмишмиз. Дуруст, биз шарқлилар ғарблиларга қараганда маданиятча бик тубандамиз, бизим мазлумиятимиз маданиятсизлигимиз учун дейилса мумкин. Лекин шундоғ бўлса ҳам истиқлол олиб, аскарсиз яшамоқ бутунлай мумкин эмас. Натижаси бошқа қуролли мамлакатларга қул асоратда юрилувдир. Бунинг учун далил қилиб афғон қариндошларимиздан кўрсатилса мумкиндирки, афғон халқи ҳозирда ва мундан элли-олтмиш йил илгарида ҳам маданиятча биз туркистонлилардан ортиқ бўлмай юрар эди. Лекин бошқа маданий миллатларнинг тахт ҳокимиятига ўткани йўқдир. Бу нимадан эди?..

Кўз олдимиздадирким, шу маданиятсиз афғон халқи бутун дунёга ҳокимлик даъвосига етишкан Онглиядан ўзининг озгина ҳарбий кучи ила ўз тилагини имзо этдирди[1]. Аммо биз Туркистон ишчиларига келганда оғзимизға қўюлган тайёр ошни ҳам эблаб ичолмаймиз. Қурол, кийим, жой ва овқат ҳозир бўлган ҳолда аскар бўлувдин фарсахларча йироқға қочамиз…

Дуруст, бизим бу қўрқоқлигимизни ҳам ўрни бор, мундин элли йиллар илгари ор-номусли Алимқулимиз, Қаноатшоҳларимиз ва ….ларимиз бўлган, ватанимиз чор ҳукумати тарафиндан забт этилгач, энди ўз истибдоди остинда қул этиб қолдирмак нияти золимонасинда ёнимизда пичоқ тақиб юритувни ҳам манъ эткан. Шу золимона политика орқасинда ҳозирги қўрқоқлик ҳолига таназзул этканмиз.

Биз мусулмон меҳнаткашлари буюк Ўктабр инқилобидан сўнг ҳурриятни, истиқлолни яна эгаллаш ила бошладик. Ўзимиз учун маҳкумиятдан қутулиб яшовнинг мумкинлиғин сездик. Бошлаб қўлдан кеткан ҳуқуқларимиз ўз қўлимизга кира бошлади. Сўнгғи вақтларда ватанимиз бўлган Туркистон идораси ҳаммаси бўлмаса ҳам ярмиси деярлик ўз йигитларимиз қўлиға ўтди.

Демак, мамлакатнинг ярим идораси ўз қўлимизда. Туркистоннинг бутун меҳнаткашларининг имони комил бўлса керакки, яқинда рус меҳнаткаш биродарлар: «Шу кунгача биз сизнинг ўз вазифангиз бўлган бу ишларга узвий биродарлик учун ёрдамлашиб келдик. Энди марҳамат этиб, ўз ишингизни ўзингиз ишлангиз, мундин сўнг биздан сизга ёрдам бўлмаяжак!», дебдурлар. Бу бир табиий иш.

Юқорида ҳам сўйланиб ўтилди: «Мамлакат идораси аскарсиз мумкин эмас». Идора ўз қўлимизга ўткач, табиий, ватанимизнинг душмандан муҳофазати ўз устимизга тушажак. Бунинг учун ўз аскаримиз бўлурға керак. Табиийдирки, мамлакат идораси бизнинг қўлда бўлиб аскарликни бошқалар қилмаяжак. Бу мумкин ҳам эмас. Шунинг учун агарда биз мустағил, қуллиқдан қутулиб яшовни хоҳлар эканмиз, яқин истиқболимиздаги бахтли кунлар учун аскар бўлувимиз, ватан муҳофазасига ҳозирланувимиз лозим. Лозимгина эмас алзамдир. Мусулмон ишчилариндан аскарлар ҳозирлов эҳтиёжи энди сиз ёшларга бўлса керакки, мусулмон ишчилариндан кўнгилли аскарлар йиғмоқ ҳақинда Марказ мусулмон бюроси тарафиндан Эски шаҳар синфий иттифоқлар шўросига бир мурожаатнома тушурилган экан. Бу мурожаатнома мазкур шўронинг шу сўнгғи умумий мажлисинда кўрилиб, тубандаги қарор берилганки, аҳамиятига кўра шу қарорни айнан кўчириб ёзаман:

«Мусулмонлардан кўнгилли аскар йиғмоқ Туркистон ўзбак ишчилар ҳаётини таъмин ва четлар тарафиндан топталган ҳуқуқини тиргизу деган сўздир. Биз бу аскарлик масаласини шундоғ онглаб, Марказ мусулмон бюросининг мурожаатини тамом шодлиқ ила қарши оламиз. Остинда эзила-эзила тамом ишдан чиқған аскар бўлув сўзини бир ваҳималик ва … деб онглий бошлаганлар. Шунинг учун мусулмон ишчилариндан аскар йиғувга зўр ташвиқот лозимдир. Биноан алайҳи, бизнинг ўттуз тўрт минг меҳнаткаш намоёндалари Марказ мусулмон бюросига мурожаат этамизким, кўнгилли аскар йиғув ташвиқотига бизим ёнимизга муқтадири мушаввиқлар бериб, бизим ташвиқот ишимизга ёрдамлашсун. Эски шаҳарга таълим жойлари очиб ҳарбий муаллимларни мусулмонлардан қўйсун. Мусулмонларнинг ўзидан аскарий муаллимлар еткузмак учун курслар очиб, шу кундан эътиборан Эски шаҳар синфий иттифоқлари шўросига бир нафар ўз ҳарбий вакилини доимий этиб тушурсун».

Мана бу қарор ғоятда кўнгилли бир иш, лекин бошқа қарорларимиз каби бунда — қоғаздагина қолиб кетмови матлубдир. Яхши соатда!

Жулқунбой

«Иштирокиюн» 1919 йил, 4 ноябр, 211-сон
—————————————
[1] Ўша вақтда Афғонистон подшоси Омонуллохон (1892-1960) юртининг мустақиллиги учун кескин кураш олиб бориш ниятида эканлигини баён қилиб, Совет ҳукумати билан дипломатик ёзишмалар олиб боради. 1919 йил май ойида Совет қукумати Афғонистоннинг давлат мустақиллигини тан олади. Ўша кунларда инглизлар Афғонистонга қарши қуролли ҳужум уюштнради. Лекии улар мағлубиятга учраб, афғон халқининг мустақнллнгини тан олишга мажбур бўлади.

ҚИММАТЧИЛИК МАСАЛАСИ
01

«Иштирокиюн»нинг бир нўмиринда Тошқун ўртоқ «Қимматчилик тинкамга тегди» унвонли бир мақола ёзиб: ман сўққабош бўлатуриб шунча қийналмоқдаман, аммо бола-чақалик акаларнинг ҳоли нима кечмоқда экан, мазмунида бир сўз сўзлийдир. Бола-чақалик бир йигит ўлдиғимдан Тошқун оғанинг бояги сўзи маним ярамга туз сепди. Шу қимматчилик вақтининг оиладор бир кишиси бўлувим сабаби ила қўлимга қалам олиб ман-да ўз ҳасратимни ёзиб ўтмоқчи бўлдим. Лекин маним кечирмоқда ўлдиғим кунлар олдида Тошқун ўртоғимники ҳолва бўлиб қоладир. Мана тубанда ўқуб кўрулсун: Ош-нон емоқдан бошқага ярамаган бир чол отам ила бир кампир онам, ёлғуз сўз сўйлаш ила ош пиширишка яратилган бир хотуним бор. Кўчага юз карра чиқиб, ҳар уйга кирганда «Ойи, нон бер!»ни ўзиники қилиб олган бир қизим, топканини кўчада чиқим қилиб, эрта-кеч маним овқатимга шерик бўладирган бир иним бор. Булардан бошқа тағи бир яшар ўғлум бўлса ҳам, Худога шукр, ҳали тиши чиқғанча йўқ. Маним қаровимдаги жамъи муфтхўрлар олти жон, ўзим ила етги жон бўламиз. Мана шу юқорида кўрсатганларимни тўйдирмоқлик кафолати маним устимга юклангандир. Ўзим… да хидмат қилиб, ойлик вазифам саккиз юз қирқ сўм, ҳар кунига йигирма саккиз сўм 33 тийин тушса керак. Энди шу жонвор йигирма саккиз сўм 33 тийиннинг устидаги («Ишчи» ўртоқнинг таъбиринча) машмашага томоша қилинса: ман Эски шаҳар озиқ шўъбаси тарафидин берилажак озиқларни ҳисобга олмай, тўп-тўғри бозор баҳосига ҳисоб юритаман, чунки Эски шаҳар озиқ шўъбасининг берадирган йигирма кунда бир карра нонини, икки ойда бир мартаба оила бошига икки қадоқ зиғир мойини, бир ярим ойда жон бошига бир қадоқ сўк ва биринчни, оҳ ўлдим, деганла ярим қадоқ гўшини бутунлай ҳисобга олмайман. Ийднинг биринчи кунидан бошлаб то алҳолгача билмадим, нима сабабдандир нон ҳам бергани йўқ. Бошқа нимарсалар ҳам ҳоказо… Агарда қаттиғ тегмаса озиқ шўъбасининг мутасаддиларига шундай тавсияда бўлинур эдим: Бизадек камбағал Жулқунбойларни, ўзингизни, ҳам комитетингиздаги икки юзми, уч юзми хидматчиларингизни жавобини берингиз-да, ҳаммамизни оворагарчиликдан ҳам тамуғликдан қутқаринг!

Мақсаддан йироқ тушибман. Эрталабки чойни беш дона нон ила ичамиз. Бир пут унни ўрта ҳисоб ила икки юз сўм қилганда ҳар донаси беш сўмдан тушиб, йигирма беш сўм бўладир. Чойни ҳам уч сўм ҳисоблаганда юқорида кўрсатиб ўткан бир кунлик топишимнинг машмашаси тамом бўлиб, куннинг мундан бу ёғига бўладирган харажатлар бутунлай ўринлидир. (Эҳтимолки, бу сахиёна ёлғуз эрталабки чой учун бериладургандир).

Ўрни йўқ чиқимлар: тушлик чойга уч дона нон пули ўн беш сўм. Ўзим хизмат вақтида арзон баҳо ошхонадан бир коса ош ейман — пули олти сўм. Жамъи йигирма бир сўм. Энди кечқурунги ошлик тури ҳафтада шу равишча бўладир: шанба ила душанба кун мошхўрда, якшанба ила сешанба мошкичири, чаҳоршанба кун сўк оши, панжшанба куни убра, жумъа куни палов. Паловдан бошқаларининг чиқими озроқ фарқли бўлгани учун бир кунлик масаллиқ тубандагича ҳисобланса мумкиндир. Ярим қадоқ мош беш сўмдан етти сўм элли тийин. Ярим қадоқ биринч олти сўмдан тўққуз сўм. Чорак қадоқ мой ўн сўм. Бир қадоқ картўшка олти сўм (гўш ўрнига картўшка ишлата бошлаганимизга икки ойлар бўлди. Гўшнинг исминигина эшитамиз. Бу яқинда ўзини кўрганимиз йўқ). Хожжи туз ва ўтундан бошқа ош чиқими 36 сўм 50 тийин. Ҳафтада кир собундан бир қадоқ кетадир. Пули 60 сўм. Бул ҳам бир кунга 10 сўм тушади. Ош харажатидан тағи бир нарса ёдимдан кўтарилибдир. Ҳафтага бир хурмача қатиқ пули 35 сўм, кунига 6 сўмдан зиёдроқ тушса керак. Жамъи ўринсиз харажат 64 сўм 50 тийин. Ўринлик — 26 сўм ила жамъи 102 сўм 50 тийин. Юқорида ёлғуз овқат харажатларини кўрсатдим. Тошқун ўртоқ айтмишли ҳам ёзнинг кўнгил сус кетадурған мевалари ҳам бор. Ўлдим деганда ўтгуз-қирқ сўмни бунга ҳам бермай иложинг йўқ. Майда-чуйдалари ила ҳисоблаганда маишатимга бир юз сўм етадир. Бу юз сўмни нима қилмоқ керак. Бунга ким айбли? Молни қимматландирувчи испикулянтми? Ёки вазифани оз берувчи ҳукуматми? Бу хусусда чурқ этмасдан ҳукмни ўқигучининг муҳокамасига ташлаб ўтаман.

Боболаримизнинг «Қарзинг мингга етса, мурғи мусамман егин!»[1] деган бир мақоллари бор. Лекин ҳозирда қарзим беш мингга етти ҳам мурғи мусаммандан дарак йўқ. Агарда бу сўз тўғри бўлса эди, мурғи мусаммандан бешини еган бўлур эдим.

Ўюн-кулгига, томошага ўчроқ (харисроқ) бўлсам ҳам оқчасизликдан ташлаб юборганимга кўб вақтлар ўтди. Матбуотга майда-чуйда ёзишка иқтидорим бўлса ҳам бу ишим яхшигина эди. Малъун қимматчилик қисириқидан кўбдан тарк этиб юбордим. Юқоридаги бир неча сатр ҳасратни ёзарга «Кампирнинг дарди ғўзада», деган каби Тошқунбой мақоласи сабаб бўлди. Ман-да ўз дардимни ёздим. Йўқса эзмаланиб ўлтурмоққа вақтим ҳам йўқ эди. «Иштирокиюн» бошқармаси бу эзмаликни босарми, йўқми маним ишим эмас. Ҳар ҳолда ҳасрагимни ёзиб, юракимни бўшатиб олганим учун ўзимни енгил каби сезмоқдаман. Бу ёзганларим ўқувчига ортиқча бир эзмалик бўлиб сезилур, шунинг ила баробар ўринлик ҳам деб ўйлайман.

Жулқунбой

«Иштирокиюн»[2] — 1919 йил, 5 август. 148-сон, 2-бет
—————————————
[1] Мурғи мусамман — гавҳар тухум қиладиган само қуши; қуш гўштини одатда аслзодалар ейди, «Кунинг етиб қарзга ботиб кетсанг қам обрўни қўлдан берма, отдан тушсанг қам эгардан тушма», деб муаллиф киноя қиляпти.

[2] «Иштирокиюн» («Коммунист») — 1918 йил 20 июндан бошлаб «Улуғ Туркистон» газетаси шу ном билан Тошкентда чиқа бошлаган. Туркистон Миллий ишлар комисарлигининг нашр афкори. Газетага Кабир Бакир, Назир Тўрақулов, Ақмад Донской, Ханафий Бурнишев, Мирмуҳсинлар мухаррирлик қилган. Газета ходимларининг кўпи татарлар бўлгани учун татарча сўзлар ҳам ишлатилган.

ЭСКИ ШАҲАР «ЧеКа»СИ АТРОФИНДА
01

Икки йил энди ярим ёрти ҳукумат ишлари ўз қўлимизга берилиб келадир. Бизнинг учун ўлка масштабинда иш кўрмоқ (озгина истисно ила) тўғри келмаса ҳам шаҳар, уяз, қишлоқ ишларимиз ўзимизга топширилди. Икки йилдан бери баъзи жузъий ишларимизни ўзимиз юритиб келамиз. Табиий, илгарироқ идораларимиз бошига ўлтурган меҳмонлар тажрибасизликдан идора ишинда ўзларини тута олмаганликдан ва…лардан халқни ташвиш остинда қолдириб келдилар. Инқилоб тўлқуни босила тушди, сув тинди. Кимни ким эканлиғи аниқлана бошлаб, иш бошиға ҳақиқий халқ хизматчилари бўлған номзодларгина ўтқузулди.

Ўтқузулди, аммо айни бир фожиъа қаршисига фаҳмим етди. Бу, ўзимиздан идора ишларини юргузарлик иш кишилари йўқлиғи эди. Табиий Некалай истибдоди ила биз идора ишларидан четка қоқиб, ҳайвон каби маишат этмоқға мажбур айладик. Аммо инқилобдан сўнг бизга керакли иш кишиларни ҳозирламоқ эди. Буни ишнинг кетиши ҳам бизга сездирар эди. Лекин биз бунга эътибор этмадик. «Бўлар-кетар»да давом этдик, аммо бунинг натижаси бу кун қаршимизда гавдаланиб турадир.

Ҳозир идора ишларимизни юргузмоқға кишимиз йўқ, табиий, руслардан қўямиз. Лекин руслар бизнинг тилимизга, урф-одатимизга бутунлай таниш эмас. Ишка русдан хизматчи олсақ тил билмайдир, ёнига бир таржимон берай десак, бизда таржимон анқонинг тухуми! Мана фожиъа!..

Мен бизнинг идорамиздаги оқсовни шу лаҳзада деб билганлигимдан бу кундан эътиборан иш кишилари ҳозирлов чоралариға киришувни ўз аҳлининг ёдига тушуриб ўтаман. Бу кундан бўлак тадбирига киришмасак, келажакда мундан ҳам ёмонроқ натижалар беруви кўз олдидадир.

Эски шаҳар ЧеКаси (тергов ҳайъати) уч-тўрт давр кечириб, бир неча хоинлар қўлинда ноҳақ ўюн бўлган кунлари ҳам бўлди. Аммо сўнгғи вақтларда ўзимизнинг муқтадири» халқ ходими бўлган кишиларимизни бу ўрунга қўйдик. Дарвоқиъ, бу ўрунга лаёқатли деб билган кишиларимиз ҳозиргилар бўлиб, булардан бошқа лаёқатлигини топмоқ бизнинг учун ғайри мумкин эди. Лекин иш шундоғ бўлса ҳам Эски шаҳар тергов ҳайъати ўз табиий ҳолинда бора олмайдир. Бунинг сабаби маълум: — иш кишиларимизнинг йўқлиғи!

Шу яқин орада тергов ҳайъати ўринлашган бинода ёнғин воқиъ бўлиб, бир неча кунлар ЧеКанинг ишлари тўхтамоқға мажбур бўлди. Ҳайъат раиси Эргаш ўртоқ Нурмуҳаммад ўғли на учундур бир неча бора хизматдан озод этилувни сўраб истеъфо берди эса-да, қабул этилмади шекилли, у ҳамон истеъфосинда исрор этади.

Эшитилган сўзларга қараганда, Эргаш ўртоқни юқори доиралар хизматига олинув эҳтимол тутиладир. Ҳар ҳолда Эргаш ўртоқ фидойи халқ хизматчиси бўлганлигидан бу ўртоқдан фойдали хизматлар кутулса бўладир. Эргаш ўртоқни бу ўрундан олинган тақдирда Крайкомнинг лаёқатли кишини таъйин этувига ишонамиз. Аммо илгариги ҳолларнинг такрор этилмови кўзда тутилурга тевиш.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 3 март, 47-сон

ҚИРОАТХОНАЛАРИМИЗ
01

Эски вақтларда Туркистоннинг иккинчи даражадаги шаҳарларидан бўлған Самарқанд, Хўқанд ва Андижон каби шаҳарларда мусулмон қироатхоналари бўлса ҳам Туркистоннинг маркази бўлған Тошкандда мусулмон қироатхоналари йўқ эди. Туркистоннинг бошқа ерларига кўра Тошкандда зиёли синфи кўб бўлса-да, ўзларинда бўлмағанда биргина бўлсун қироатхона бўлиндира олмовлари қироатхонаға жуда совуқ қарашлариндан — аҳамият бермовлариндан бошқа нарса эмас эди.

Маданий халқлар ўзларининг энг кичкина қишлоқларинда ҳам бўлмағанда бир-икки қироатхона бўлиндиралар, катта шаҳарларинда, албатга, йигирма-ўттуз қироатхоналари бўладир. Бизнинг Тошкандда биринчи мартаба очилған қироатхона 1918 йилнинг декабиринда бир икки йигитларимизнинг ғайрати ила «Турон» жамиятининг[1] Ориф Клеблеев номинға очилған қироатхонаси бўлди. Лекин биринчи мартаба очилған бу қироатхона яхши йўлға кета олмади. Чунки китоб келтурмакка атроф йўллари ёпиқ ва бунинг устига қироатхона учун ҳукуматдан ёрдам ҳам йўқ эди. Бошида қироатхона маҳаллий кишиларнинг ҳадя эткан китоблари ила юриб турса ҳам, сўнгроқ Миллий ишлар комиссарлиғининг Ориф Клеблеев исмига ёдгор бўлсун, деб берган ўн минг сўм оқчаси билан баъзи маданий ишлар ишлаб турди. Лекин бу оқча ва бу ҳол ила қироатхона ўзинда бор китоблар билан халқни қаноатландирув мумкин бўлмағач, шахсий китоби бор кишилардан китоблар реквизисия тариқасинда қироатхонаға олинди. Бунинг ила ҳам иш радламагач юз минг балолар ила ўшал вақтли Миллий ишлар комиссарлиғиндан тўқсон беш минг сўмлар чамаси оқча олинған. Бу оқча ила китоб келтурмакка атроф шаҳарларга вакиллар юборув китобхонанинг муддаоси эса-да, ҳамма йўлларнинг ёпиқлиғи ва темир йўлларнинг тартибсизлиги бунга монеъ бўлуб, Тошканднинг ўзидаги кишилардан бўлған китобларни гарчи жуда қиммат баҳо билан бўлса ҳам олина бошлаған. Ушбу Миллий ишлар комиссарлиғининг берган тўқсон беш минг сўм оқчаси билан 1919 йилнинг ноябриға қадар қироатхона давом этмакда эди. Декабрдан эътиборан Ўлка кутубхонасининг назоратига ўтуб, ушбу йилнинг апрелиға қадар онинг қарамоғинда давом этди. Бу вақтларда қироатхонанинг моддий жиҳати яхшигина таъмин этилиб, анчагина китоблар олмоқға-да муваффақ бўлинди.

Таассуфки, Ўлка кутубхонасининг қарамоғинда кўб давом этувга мумкин бўлмай, ушбу йилнинг 1 майиндан бошлаб Эски шаҳар маориф шўъбаси ёнидаги «Мактабдан иш маориф таратув шўъбаси» идорасиға ўтди. Бунинг учун: «Энди қироатхона дардимизга яқиндан таниш бу шўъба қарамоғига ўтди. Бундан сўнг, албатта, қироатхона йўлға қўюлиб юборилса керак», деб шодланилса ҳам, лекин умидимиз бўшка чиқуб қироатхонанинг Ўлка кутубхонаси давриндаги вақтларини соғина бошлади. Бу кунда кутубхона сотуб олув оқчасизликдан бугунлай тўхтаған. Бунинг устига «Мактабдан иш маориф таратув шўъбаси» тарафидан қироатхона устига таъйин этилган киши қироатхона ишлари ила ноаҳл бир киши бўлғани учун, қироатхонаға нима керак, қироатхонанинг эҳтиёжи нимага ортиғроқ ва ишни нима билан бошламоқ керак эканин билмас экан.

Тошканд мусулмон халқининг бирдан-бир қироатхонаси бўлған бир кутубхонанинг бу ҳолда бўлуви, хусусан ҳолни маориф шўъбаси қарамоғиға ўткандан сўнг юз кўрсатуви таассуфли бир ҳолдир. Мактабдан иш маориф таратувни хоҳлаган «Маориф шўъбаси»нинг диққатини бу нуқтага жалб этамиз.

Клеблеев номиға очилған қироатхонада ҳозир тўрт юз жилдга болиғ мусулмон китоблари бўлуб, Тошканд мусулмонлари каби икки юз минглаб ҳисобланған бир халқ учун бўлған оу қироатхонаға нол даражасинда оздир. Энг ози тўрт-беш минг жилдларга еткурилуви матлуб бўлуб, бунинг учун ички Русия, Боку каби жойларға вакиллар юбориб, китоб келтирилуви керакдир. Бўлғани шул, деб ётган билан макгабдан иш маориф таратув вивескаси у даража кунгиллик натижа бермас.

Эски шаҳарда «Турк РЎСТА»нинг саксондан ортиқ қироатхонаси бор. Қайси чойхонанинг ёнидан ўтма «Турк РЎСТА»нинг фалончи қироатхонаси» деган вивеска ва чойхонанинг бурчагида устол устида чанг босуб ёткан беш-олти нўмир «Иштирокиюн» ва деворий «РЎСТА» газетасиға кўзинг тушмай қолмас. «Турк РЎСТА» қироатхоналари очилғандан бери буларда ўқуб турган бир киши кўрилмайдир. Бир вақтларда халқға ўқуб бермак учун ҳар бир қироатхонага кишилар таъйин этилгай, деган бир хабарни эшитуб сўюнган эдик. Лекин бу ҳол узоқ давом эта олмағанға ўхшайдир. Энди бу қироатхоналар ўргумчакка уя бўлуб ёта берсунми! Мактабдан ишчилар ва ё «Турк РЎСТА»чилар бунинг бирор тадбирини кўришка ўйлаб боқадирларми?

Жулқунбой

«Иштирокиюн»— 1920 йил, 23 июн, 125-сон

————————————
[1] «Турон» жамияти — тараққийпарвар зиёлилар жамияти, Тошкентнинг Эски жўва майдони ёнида, Махсидўз кўчасидаги Ҳарбий комитет ўрнида бўлган, Тошкентнинг маданий-маърифий маркази бўлган, сақна асарлари ижро этилган. 1927 йилда тарқатиб юборилган.

ЯНГИ СИСТЕМ БЕТАРАФЛИК
01

Инқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ажиб, ғариб ихтиролар юз берди ва бермакдадирким, бу янги ажойиб аул-тараша бозорларни ёзуб кўрсатув инсон тоқатидан фавқ бир ишдир. Бутун дунёнинг театру бозорида, адабиёт тарихида кўрулмаган равишда янги нафис ўзбак театрулари, ўзбак адабиётлари, ўзбак артистлари, муаллимлари, мунажжимлари, муҳандис муҳтариълари, муҳаррир ва имлочилари, қомпозитўр рассомлари, шупургичи аробакашлари, қўйингчи, домлаларча қилуб сўзни қисқартғанда ва ҳоказо ва ҳоказолари ўзбакларнинг янги систем санои нафисалари жумласидандирлар…

Аллоҳдан барака ва давомини сўрарға керакдурким, ўзбаклар бундай янги систем ихтироларни ҳали ҳам кун сайин ва дақиқа, сония сайин йўқлиқ оламидан борлиқ дунёсиға чиқаруб, ақлларни ҳайрон, кўзларни кўрмас, қулоқларни эшитмас, қўлларни тутмас, оёқларни юрмас, оғзингдан калава-калава сўлакайларингни оқузиб баъзиларни ҳайвони нотиқалиқдан ҳайвони ғайри нотиқалиқға айлантирмоқдадирларким, бу ҳол эса янги систем ихтироларнинг асари махсусаи маждубаи макшуфаи махсусасидандурлар.

Ўзбак элига яна бир башорат!
Қандай башорат?

Жуда ҳам кагга, жуда ҳам шаъшаъадор башорат. «Янги систем бетарафлик» башорати! Яна бир янги ихтиро башорати!

Башоратномамизнинг ва «Янги систем бетарафлик»нинг асл ихтироиға сабаб бўлғани учун асл масаланинг жараёнидан қисқағина бўлса ҳам ёзиб ўтайлук:

Ёдимдан кўтарилмаган бўлса, «Қизил байроқ» газетасининг 131-рақамида «Илмий хидмат» лавҳаси остида «Биров» имзоли бир бечора («Қизил байроқ» таъбирича ҳам бечорадир) машҳур «авантюрист» (бу таъбир «Биров» биродаримникидир) Мунавварнинг янги имлоға қаршилиғи учун марҳум немиснинг бир юз ўн беш дуймалик тўпидан «авантюрист» устига шу кадар ўқ ёғдирған эдики, каминангиз мазлум Мунавварни бу жаҳаннам ўти ичида куюб кул бўлғанлиғиға қарор қўйған ва беихтиёр тилимга «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» оятини жорий қилған эдим. Аммо меним бу фоли бадим бекорга кетуб орадан бир қанча вақт ўтар-ўтмас «авантюрист» Мунавварнинг тирик қолғанлиғи ва майдонда ўзининг Некалай давридан қолған эски гурзисини кўтаруб, жавлон қилғанлиғи кўрилди-да, Лаҳавла… ўқуй бошладим. Чиндан ҳам бу, «авантюрист»нинг «Биров» афандининг жаҳаннам ҳужумидан саломат қолувининг ўзи ҳам Лаҳавла ўқутдирарлиқ эди.

«Авантюрист» Мунаввар инқилобдан бери турли томондан муштум еб, аммо чурқ этмай келганликдан мен уни энди жуда ҳам абжақ бўлуб қолғандир деб ўйлар эдимки, аммо иш бу фикримнинг тамомо акси бўлуб чиқди.

Андоғ ривоят қилурларким, Мунаввар «авантюрист» майдонда жавлон урди, гурзисини салмоғлаб бошидан айлантурди ва наъра тортди. «Қизил байроқ» таъбирича, бечора «Биров» ўртоғимнинг устига андоғ зарб урдики, ерлар титради, кўклар дарз кетди. Бир вақт қарасам, «Қизил байроқ» майдонининг ўртасида мажруҳ «Биров» ўртоғимни бағрига босқан ҳолда «Қизил байроқ» идораси ўлтурадир. Идора атрофидағи томошачиларға айтадир: «Бу музораба тўғрисида савол-жавобни чўзуб ўлтурмаслик учун «Қизил байроқ» бундан кейин бу тўғрида иккинчи музорабаларга йўл бермайдур. Шунинг билан бирга бетараф бўлған ҳолда ўзининг фикрини баён қиладур».

Бу вақт «Қизил байроқ» идорасининг кўзи бағридағи кўзини термултуруб ётқан мажруҳ «Биров»га тушадир-да, ихтиёрсиз оталиқ ва оғалиқ кўз ёшисини тўка бошлайдур. Қаршисидағи «авантюрист»га боқадир-да: «Сиёсий ўюнчи» дейдур. Бағридағи мажруҳга қарайдир-да: «Бечора бировим, мазлум бировим» дейдур, ҳўнграб йиғлайдур. Яна аччиғиға чидолмай «авантюрист»ни қарғий бошлайдур: «Ҳийлагар, макрчи, жувонмарг!»

«Қизил байроқ» идораси кўзидан ёшини оқуза-оқуза алла нарсаларни сўзлаб, «авантюрист»нинг зарбасини, «мантиқсизлик ва золимлик», дейдир. Шунинг ила «Қизил байроқ» ўзининг юқорида сўзлаган «Бетараф бўлған ҳолда» жумласини унутуб юборадир-да, Мунавварга очиқдан-очиқ ҳужум эта бошлайдир.

Мана бу «бетарафлик» ўзимизнинг ота-бободан қолған эски бетарафлик эмас, «Янги систем бетарафлик!» Бу — «Қизил байроқ» газетасининг янги ихтиройи, янги ижоди!

Янги ихтирочиларга дуочи Жулқунбой

«Инқилоб» — 1922 йил, 2-сон, 45-46-бетлар

ТИЛАНЧИЛИК ЁХУД ЕНГИЛ КАСБ
01

Инсоният оламинда энг мазмум ва манфур бир иш бўлса, ул ҳам тиланчилик — сойилликдир.

Тиланчилик — илм-ҳунарсизлик орқали тарқалатурған бир мараз бўлғанлиқдан табиий бу касал бизим ислом оламинда кўбдир; шу даража кўбдирки, баъзи ислом мамлакатларинда, ойниқса, бизим Туркистонда бир касб тусини олмишдир. Бизим бу, тиланчиликни ўзлариға касб этиб олувчи зотлар назаринда гўё бу иш олар учун шаръий бир ҳунар ҳисоб этилур. Ватанимизда тамаъ ила умр ўткарувчи эшон, шайх, назрихўр, дуогўй, билмам тағи аллақандай дарвишлардан қатъи назар, очиқдан-очиқ тиланчилик этувчи қаландарларимиз, маддоҳ ва ашурочиларимиз, кўчама-кўча тентировчи эр-хотун, бола-бақраларимиз ва тиланчилик савдосинда шаҳар-қишлоқларда кезувчиларимизга қаралса, бизда тиланчиликнинг на даражада тараққий этиб, касб суратига кириб борғанлиғин кўрилур. Буларнинг ҳаммалари деярлик ишларга қодир кишилар бўлғанлиқдан шаръан бўлсун, виждонан бўлсун тиланчилик этарга ҳақлари йўқ кишилардир.

Қаландар, маддоҳ… исмли сафилларимизнинг ичида катта-катта бойлари бор бўлғани каби топқан оқчаларини қимор, нашахоналарда барбод берувчилари ҳам ўзларига етмаган шекилли, ёш, маъсум болаларини ҳам бу ёмон касбга қурбон этмакдадирлар. Бу бадбахтларга «Ўзинг-ўзинг, энди ўғлунгни ўқутуб бирор касб ўргатсанг яхши бўлмайдирми?», десанг: «Эй-й, бу касб бизнинг ота-боболардан қолиб келмакда бўлған иш. Ҳар кимга ўз ота касбини қилмоқ керак!», жавобини берадирлар.

Кўрасиз! Алар учун тиланчилик ўзи бир касб ота мероси! Исломият бунинг каби ялқов тамаъкорликға қаттиғ қарши бўлгани каби букунги ижтимоий олимлар ҳам жиддан қаршидир. «Тоғдан ўтун келтируб сотиб, шундан муҳтожларга садақа берувингиз тиланиб юрмоқдан яхшироқдир», деган каби ҳадислар тиланчиликдан, ялқовчилиқдан халқни қаттиғ манъ этадир.

Русия ижтимоий қўшма шўролар жумҳурияти ҳам тиланчиларга йўл қолдирмов учун «Ижтимоий таъминот» исминда кучдан-қувватдан қолмиш меҳнаткашларга ёрдамхоналар очмишлардирким, бу сойилликға қарши бир чорадир.

«Ижтимоий таъминот»лар бизим саломат вужудлик, юзлариндин қон томар маддоҳ, қаландар исмли енгил касбчиларимиз учун эмас, балки қари, ишка ярамовчи, кўр, шол касалли, сағир, етимлар ва шуларнинг амсоли учундир. Исломиятнинг бўлсун ва олими ижтимоиётнинг бўлсун бизнинг енгил касбчиларимиз бўлган маддоҳ, қаландар ва амсолига жавоби шулдир:

— Кучинг бор, вужудинг саломат ва ақлинг комил экан, ишлаб е! Бошқаларнинг қўлидағиға осилма!

Аммо биз бугун ҳаёти ижтимоия кечирур эканмиз, ҳануз бояги енгил касбчи сафилларимизнинг касбларинда мудовамат этувлари «дунё омиллари» шиори қаршисинда бунинг аксини ишловчиларнинг-да бўлинуви ғоятда таассуфли бир ҳолдир.

Ишка ноқобил заифаларимизнинг «Ижтимоий таъминот»лари бўлинатуриб-да, кўчаларда залилона кезинишлари бундай муассасаларнинг борлиғиндан бехабарликдан ёхуд илгариги сойиллик лаззатини унута билмаганликдан бўлуб, бунинг тевишли чорасига киришмак ўз аҳлининг биринчи навбатдаги вазифасидир.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 20 феврал, 38-сон

Манба: http://www.ziyouz.uz/

099

(Tashriflar: umumiy 131, bugungi 1)

Izoh qoldiring