Abdunabi Boyqo’ziyev. Ko’ngil degani…& Qozoqboy Yo’ldoshev «Mening kutubxonam» teleloyihasida

056Саҳифа таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг 70 ёшлигига бағишланади

   Ўша кунги кўнгил даъвати менинг ҳаётимни эзгуликка хизмат қиладиган яхши сўзни, гарчанд у зиғирдаккина бўлса ҳам, қувониб кутиб оладиган, илмий қарашларию, сўз адолати бобида тамом бетакрор адабиётшунос олим билан музайян қилгани ҳам рост. Бу зот педогогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой ака Йўлдошев эди…

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
КЎНГИЛ ДЕГАНИ…
021

Кўнгил дегани қизиқ нарса, баъзан яхшиликлар сари сени ўзи етаклайди. Ўшанда ҳам шундай бўлди: мушоирага борайлик, борайлик, деб туриб олди…

Кўнглимнинг ўша кунги саркашлигини энди хурсанд бўлиб эслаб қўяман.

***

2010 йиллар… Ёдингизда бўлса, Навоий номидаги давлат кутубхонасида бадиий ижоднинг турли мавзуларига бағишлаб учрашув, кечалар ўтказиш одат тусига кирган. Ташкилотчилигини руҳшунос олим, шоир Маҳмуд Йўлдош қиларди. Боши осонликча қовушмайдиган қалам аҳлини жамлаб, дийдорга имкон яратадиган бу ҳайрли ишни кутубхонанинг ўша пайтдаги раҳбари, адабиёт аҳли ғоят хурмат қиладиган ажойиб олим Абдусалом Умаров шахсан қўллаб-қувватлаб турарди. Кечаларда ўзи ҳам иштирок этар, баъзида сўзга ҳам чиқарди.

Тадбирларга таниқли олимлар, ёзувчилар, шоирлар, айниқса, бадиий нафосатга ихлосли ёшлар гурас-гурас келишарди. Ҳар бир кеча ижоднинг бирон бир долзарб муаммосига бағишланар, бахс-мунозарали, тортишувли ўтарди. Якуни, албатта, қизғин мушоира, ижодий ўқишлар, дўстона фикрлашувларга уланиб кетарди.

Кечанинг тансиқлиги яна шунда эдики, ижодкорлар кўнглида тугулиб қолган, Ёзувчилар уюшмасида гапирса малол олинадиган ёки айта олмайдиган “гап-сўзлар”ини бу ерда бир мунча эркин баён этиши, мунозараларга киришиб, маълум хулосалар чиқариб олишлари мумкин бўларди.

***

Ижодда омад қачон кулиб боқади, билмайсан. Бироқ, ўша кўнгил деган нарса, қайсидир маънода, буни ҳам олдиндан шивирлаб туради.

Ўша кунги кўнгил даъвати менинг ҳаётимни эзгуликка хизмат қиладиган яхши сўзни, гарчанд у зиғирдаккина бўлса ҳам, қувониб кутиб оладиган, илмий қарашларию, сўз адолати бобида тамом бетакрор адабиётшунос олим билан музайян қилгани ҳам рост. Бу зот педогогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой ака Йўлдошев эди…

05Ўша кунги кечанинг асосий мавзуларидан бири, адашмасам, ўзбек адабиётида таржима санъати ва маҳоратига бағишланди. Сўзга чиққанларнинг аксарияти миллий таржимачилик мактабининг ўтган асрдаги ҳарорати анча тоб ташлаганини афсус билан эътироф этишди. Таниқли шоир, романнавис Омон Мухтор бу масалада жудаям куюнчаклик билан гапирди. Чет эл адабиётидан муваффақиятли таржима қилинган қатор асарларни бирма бир санади, таърифлади. Лермонтовнинг ижодидан ўзи шахсан ўгирган катта бир шеърни ва яна бошқалар қилган таржималардан парчаларни айрича эҳтиром, гўзал ҳаяжон билан ёддан ўқиди. Муаллифлару таржима соҳибларининг иқтидорига тасаннолар айтиб, Омон акани қарсаклар билан олқишлаганимиз кечагидай ёдимда.

Қозоқбой домла хоним ёзувчилар орасида баёнда анчайин эркин ва эрка Саломат Вафо асарлари ҳақида кутилмаган қарашлари билан чиқиш қилди. Адибанинг айрим олимлар томонидан “андишали ўзбек прозаси табиатига сингмайдиган”рқ реализмига ҳам кўникавериш зарурлигини, ана шундай асарлар пайдо бўлиб қолса шоша-пиша қўриқчининг шақилдоғига ёпишмай, сал бағри кенглик билан, бадиий таҳлил пайидан бўлиш адабиётга кўпроқ фойда келтиришини таъкидлаб, кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Мушоирада мендан шеър ўқиш сўралди. Қайси нарсани ўқиганимни ҳозир аниқ айтолмасман. Аммо чиқишим даврада анча яхши таассурот қолдираётганини сезиб турардим. Бунинг аҳамияти мен учун катта эди. Сабаби, жиддий ижодга кечикиброқ киришганим боис, одатда адабий давраларга “суқилиб” боравермасдим. Бундай издиҳомларда негадир ўзимни ноқулай ҳис қилар, таниқли адабиётшуносларданку нарироқ юрганим маъқул, дердим. Ким бўпманки… Ижодим ҳақида биронта олим билса, тайинли гап айтган бўлмаса, деб ўйлардим. Бу андиша мени то беш-олтита китоб чоп эттиргунимча ҳам тарк этмади…

Энди ўйласам, айни ана шу кунги кеча ўзимни ижодкор сифатида тузукроқ ҳис этишим, англаб олишимга омил бўлган экан. Буни тадбир тугаб, кетар асносида, одамларнинг кўзидаги ҳайрихоҳ боқишлардан ҳам сезиб турардим…

***

Ана бўлди… Шеърингни ўқидинг. Ҳамма кўнгил яқинлари билан бир-бир кузаяпти. Иззатинг тамом тугагунча, турасанми? Бас, етар энди, уйингга бор, оғайни, дейди ички бир овоз. Аммо, кетиб ҳам бўлмасди. Сал нарида, “ўзгача фикрловчи қалам соҳибларини ҳам тушунмоқ, ҳис этмоқ адабиётшуносликнинг виждоний бурчи” эканлигини исботлаб, бутунги издиҳомни тамом ўйга толдириб қўйган, ўзгача қарашлари билан адабий жамоатчиликни-да ўзгача ўйлар гирдобига тортиб кетадиган олим Қозоқбой домла кимлар биландир суҳбатлашиб турарди. Ажабо, ёзган мақолалари, катта-катта йиғинларда арбоб ёзувчиларни ҳам аяб ўтирмай, фикрларини баралла айтишларини кўриб, шу миқтигина одамнинг юраги бунча катта бўлмаса, дейсан. Туйқус, сенинг ичингда ҳам унга, унинг илмига нисбатан катта эҳтироминг борлигини ҳис этиб, ҳурсанд бўлиб кетасан…
Аммо, бу зотнинг шахси, феъли қандай бўлса экан?! Кўринишидаги қатъият, кибор, аслзодаларга хос суврату сийрат, ноанъанавийроқ соқол кузаши ва ўзига жудаям ярашимли бежирим кийинишларидан… У кишининг олдига бориш, қўлларини олишни ўйлаш… Сендайларга йўл бўлсин, ўзингни бос, оғайни!

Бироқ одмигина туриши, ён-веридагилар билан солимгина суҳбат қилишларидан унчалик “мураккаб” одамга ҳам ўхшамайди. Ўхшамайди-ю, аммо ичимдаги бир бемаза ҳамият ўз нафсиятини пеша қилишини ҳам қўймайди: “Катта олимларнинг эшигини тақиллатмай эллик бешга кирдинг! Бу ёғига ҳам бир нави яшайсан, оғайни!…”

Шундай ўйлар талошида эканимда, қизиқ ҳолат бўлди. Олим билан суҳбатлашаётганлар бир-бир ҳайрлашдилар. “Катта юрак”нинг бир ўзи қолди. Кўринишидан, у бирон ёққа шошмаётгандай. Тараддудланиб қўйганимни сезган чоғи, бир икки бор кўз қирини ташлади-ю, айнан мен юрадиган томон кета бошлади. Бу ҳам худонинг марҳамати эди. Нима бўлса бўлди, таваккал! Ортидан юрдим. Етиб олдим. Юрак ютиб, салом бердим…

– Ва алайкум ассалом. Шеърларингиз яхшийкан. Бир яхши ўқиркансиз.
– Раҳмат домла…

Жавобим шугина бўлди. Тамом. Яна нимадир дейишим, суҳбатни давом эттиришим керак. Лекин қани энди бу тил ўлгурга бирон маънили гап келса. Хайрият, вазиятни домланинг ўзи ўнглади:

– Шу томонга юраркансизда? ЦУМга боришим керак эди. Автобус ўша ердан бўлади…

Суҳбатлашиб бориб, “Шарқ” нашриётининг соатли биноси остидан чиқиб қолибмиз. Биринчи қавати ишчи-хизматчилар учун ошхона. Таомлари татимлигина, муҳими, арзон. Бир чеккасида чоғроқққина буфетчасиям бор. “Бармен”и юзта-юзтага ишқивоз ишчи ёки ижодкор зоти борки, ҳаммасини танийди. Илтимос ила борсангиз, яримталикни насияга ҳам бериб тураверади. Қўйингки, қандай амалга ошди, билмадим, хуллас, домла билан ўша жойга кириб қолдик.

– Ҳамонки, шу ерга келибмиз, –деди домла, – қудам Абдуҳолиқниям чақирмасак..

Абдуҳолиқ Абдураззоқ, биласиз, таниқли публицист, шоир. Нашриётга ёндош бинода жойлашган “Ишонч” газетасида бош муҳаррир.

Қудасининг дарагини эшитган Абдуҳолиқ ака ҳам кўп куттирмади.

Буфетчига бир “мўлтираган” эдим, муродимни хосил қилди. У ёғига… домланинг ўзи раҳбарликни тамом қўлга олди. Сотувчига мени ортиқ музтар қилиб ўтирмади.

Шу пайт қўлида бир даста ручка билан рангпаргина соқов бола пайдо бўлди. Бир нечтасини столимиз устида қолдириб, қандайдир имо-ишоралар қилди ва нари кетди. Мен илгари бундай манзарага дуч келмаган эканман, соқов боланинг мақсадини англаёлмай, ҳайрон бўлиб қолдим. Домла ажабланмади. Ручкаларнинг бежиримроғидан учтасини ажратиб олиб бола имо-ишора билан англатган пулини бериб юборгач, деди:

– Кўп савдогарларнинг ишидан шу соқовники савоблироқ.

Ручкаларни биттадан бўлиб олсак керак, деб ўйладим. Йўқ, иккиттаси менга, биттаси Абдуҳолиқ акага кўнди. Биттаси етади, демоқчи бўлувдим домла лутф қилди:

– Ручка олимдан кўра шоирларнинг қўлида нафосатга кўпроқ хизмат қилади.

Ўша куни анча ўтирдик. Суҳбатимиз албатта, асосан, адабиёт, ижод, улуғ устозлар, тарих ва келажак теварагида бўлди.

***

Қозоқбой домла одатда йилт этган фикр ёки “кул тагида қолаётган чўғ”ларни излаб топиб, пуф-пуфлаб ёлвиратишга харис адабиётшунослардан. Ҳа, таниқлилар ҳақида ҳамма ёзади. Ҳали ҳеч кимнинг назарига тушмаган “қалам” тўғрисида ёзиш учиб келиши даргумон илвасинни мўлжалга олиб ўқ отишдай гап. Шундай эмасми? Аммо Қозоқбой ака омадли овчилардан. Ўқи хато кетган вазиятлар деярли бўлмаган. Кетган бўлса ҳам адабиёт, адабиётшунослик фойдасига кетган.

Қозоқбой домла кашф этган, очиб ўзлаштирган “ижодий қўриқлар” ҳақида сўз юритилса алоҳида рисола бўлади. Улар сирасида каминанинг номи борлигидан ҳам ифтихор туяман.

***

Ёзганларим Қозоқбой домланинг назарига тушади деб бирон марта ҳам ўйламовдим. Аммо, омад кулиб боқса, Бойқўзиев деганга ўхшаш “бежирим” фамилиядан ҳам шоир “кашф этса” бўларкан. Домланинг бир-иккита мақоласидан кейин номимиз вақтли матбуот ва жамоатчиликнинг тилига тушди-қолди!…

Сарасоп солсам, бугун, камина ижодига бағишланган битиклар (турли жанр ва кўринишларда) бир китоб қилгулик бўлиб қолибди. Уларнинг ичида Қозоқбой домланинг кўнглидан чиққанлари, барибир самимий, дилбар, дилдорроқ экан. Чунки бу битикларда мақтов ёки алқовдан кўра таҳлил устун. Бу гапни таъкидлаб айтишимнинг боиси, мен ўз кўнглимда, узоқ йиллар ўзимга меҳрибон устоз, ҳамдард, ҳамюрт, дўст санаб, ардоқлаб юрганим айрим ижодкор акаларимизнинг кўпи ижобий фазилат ёки қусурни ижодимиздан эмас, шахсимиздан излаш, ёзиш, ўрни келса матбуотда эълон қилиш билан андармон бўлдилар. “Холис” фикрларини ҳар хил йиғин ва давраларга, ўзларича, холис деб билган газета ва журналларга сундилар. Улар айтган гапларнинг қадри энди фақат оғизда – “миш-миш”ларда қолди.

Шу холос…

***

Абдуҳолиқ ака ва Қозоқбой домланинг ўзоро муносабатларида улар, нафақат қуда-анда, балки бир-бирини беҳад қадрловчи қалин дўст, дили дилига яқин, ҳамфикр биродар ҳам эканликлари шундоқ кўриниб турарди. Уларга ҳавас қилдим. Ичимда ўзимга ҳам ана шундай дўст, ҳам иззатли
қудалар насиб этишини тиладим…

Қозоқбой ака билан танишувимиз ана шундай кечган эди, деб сўзимга якун ясар эдим. Бироқ, рангпар соқов боладан олинган ручкалар билан кўнгилдаги қанча туйғуларни қоғозга тўкканим ёдимга тушди. Ана шу сатрларнинг ҳам бугун омади кулди, назаримда. Қозоқбой акамизнинг мана шундай яхши кунларида улардан бир иккитасини ўқиб олсам, малол келмайдиганга ўхшаяпти. Демак:

11

ТАНИШУВ
Устоз Қозоқбой Йўлдошга

Муҳтарам профессор,
Ёдингиздами,
Ҳув бир арзон… қаҳвахонада,
Бир ажойиб суҳбат қургандик.
Ўшанда Сиз,
Ёзғич сотиб олиб соқов боладан,
Каминага ҳадя этдингиз.

Эслайсизми, ўша кеч
Чиққан эдик мушоирадан.
Ёруғ эди руҳиятимиз,
Менинг қувончимга ҳад йўқ эди, ҳеч…
Ва, Сиз – дунёнинг энг қадоққўл,
Виждонига қул домласи билан
Бекат излаб… саргардон кездик.

Адашмасам, ўшанда,
“Бир гапларинг мақбул”,- девдингиз.
Ҳар қалайки, шеърларимда
Эл дардига дардим ёр экан.
Ичимдан бир қувонч, бир суюнч келди:
Ҳайриятки, битта бўлса ҳам,
Дардимга ҳаридор одам бор экан!..

Ўша ёзғич – илтифотингиз
Нурдай ёритдими, руҳларим қатин,
Уйга чопа ўзни тўшакка эмас,
Шеърий изтироблар бағрига отдим.
Шундан буён ғужғон ўйларим,
Шундан буён хаёлим тўзғин.
Келар нондай бир шеър бўйлари,
Ва… тароват излайман сўздан.

Шундан буён
Излайман бир СЎЗ,
Ва ўша, ҳий соқов болани.
Им-розида мунграниб турган
Жуда таниш беун нолани.

Биласизми, бола, ким эди?
Кимнинг эди кўзидаги ғам?
У – мен эдим,
У – сиз эдингиз,
Биз эканмиз ўша мунг, билсам,
Биз эканмиз – ўша гунг, билсам!

Шундан буён бир сўз излайман,
Энди уни топмасам бўлмас!..

2010

УНЛАРИМ, УНЛИҒЛАРИМ…

Адабий тилимизда мавжуд, миллат нутқида яшаётган бир неча унли ва ундош товушларимизга тегишли белги ажратилмаган.
Қозоқбой Йўлдош.

Қозоқбойка,
Майлида,
Мен ҳам битта шоирман,
Шох-бутоғин чилпитмаган
Четандан чет бойирман.
Ўз тилига элак тутган
Ёзарларга доирману,
Бироқ бир бут сўзкент излаб,
Йўлга чиққан сойирман.

Қозоқбойка,
Ай, ўзимнинг
Бағри қон бир найманим!
Мен-да, мен-да куйлай дейман…
Ёзғилиқли унлиғларим.
Бўғзимдаги унларимдай
Унлайдиган най қани?!

Ҳа, унимнинг унлуғлари
Халқда бор, лавҳимда йўқ?
Лабзимда бор бир унларим
Аслимда бор, менда йўқ!

Қозоқбойка, биз сизни,
Айтинг, қачон уқармиз?!..
Ўз унимиз токайгача
Нуратармиз, йиқармиз?!.
Сизни уқмоқ учун миллат,
Бўлар қанча андармон?
Лафзимизда, лавҳимизда
Токайгача кулар армон?!

Айтинг, домла,
Айтинг бизга,
Битта гапни бугуноқ,
Лавҳида йўқ унларимиз
Қачон бутлаб битамиз?
Айтинг, қачон бут унимиз
Жужуқларга тутамиз?
Қачонгача “нг”ни “нғ”лаб
Айтгандан ор этамиз?
Парвоз – “уч”ни баҳо – “уч”га
Алаштириб ўтамиз?!
Айтинг, қачон, ўз унимиз
Алифбода бийлаюб…
Айтинг, қачон ўз тилимиз
Яйратамиз, сийлаюб?

Айтинг қачон? Қачонгача?!…

2014

Муаллиф ҳақида: Абдунаби Бойқўзиев 1954 йили Андижон вилоятида туғилган. “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!”, “Дилхирож туйғулар”, “Кетаётган турналар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим”, “Тешикмозор ҳангомалари”, “Ай акам, дарё экан” номли шеърий, насрий, ҳажвий юмористик ҳамда публицистик китоблари чоп этилган.

Sahifa taniqli adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo’ldoshevning 70 yoshligiga bag’ishlanadi

   O’sha kungi ko’ngil da’vati mening hayotimni ezgulikka xizmat qiladigan yaxshi so’zni, garchand u zig’irdakkina bo’lsa ham, quvonib kutib oladigan, ilmiy qarashlariyu, so’z adolati bobida tamom betakror adabiyotshunos olim bilan muzayyan qilgani ham rost. Bu zot pedogogika fanlari doktori, professor Qozoqboy aka Yo’ldoshev edi…

Abdunabi BOYQO’ZIEV
KO’NGIL DEGANI…
032

Ko’ngil degani qiziq narsa, ba’zan yaxshiliklar sari seni o’zi yetaklaydi. O’shanda ham shunday bo’ldi: mushoiraga boraylik, boraylik, deb turib oldi…

Ko’nglimning o’sha kungi sarkashligini endi xursand bo’lib eslab qo’yaman.

***

2010 yillar… Yodingizda bo’lsa, Navoiy nomidagi davlat kutubxonasida badiiy ijodning turli mavzulariga bag’ishlab uchrashuv, kechalar o’tkazish odat tusiga kirgan. Tashkilotchiligini ruhshunos olim, shoir Mahmud Yo’ldosh qilardi. Boshi osonlikcha qovushmaydigan qalam ahlini jamlab, diydorga imkon yaratadigan bu hayrli ishni kutubxonaning o’sha paytdagi rahbari, adabiyot ahli g’oyat xurmat qiladigan ajoyib olim Abdusalom Umarov shaxsan qo’llab-quvvatlab turardi. Kechalarda o’zi ham ishtirok etar, ba’zida so’zga ham chiqardi.

Tadbirlarga taniqli olimlar, yozuvchilar, shoirlar, ayniqsa, badiiy nafosatga ixlosli yoshlar guras-guras kelishardi. Har bir kecha ijodning biron bir dolzarb muammosiga bag’ishlanar, baxs-munozarali, tortishuvli o’tardi. Yakuni, albatta, qizg’in mushoira, ijodiy o’qishlar, do’stona fikrlashuvlarga ulanib ketardi.

Kechaning tansiqligi yana shunda ediki, ijodkorlar ko’nglida tugulib qolgan, Yozuvchilar uyushmasida gapirsa malol olinadigan yoki ayta olmaydigan “gap-so’zlar”ini bu yerda bir muncha erkin bayon etishi, munozaralarga kirishib, ma’lum xulosalar chiqarib olishlari mumkin bo’lardi.

***

Ijodda omad qachon kulib boqadi, bilmaysan. Biroq, o’sha ko’ngil degan narsa, qaysidir ma’noda, buni ham oldindan shivirlab turadi.

O’sha kungi ko’ngil da’vati mening hayotimni ezgulikka xizmat qiladigan yaxshi so’zni, garchand u zig’irdakkina bo’lsa ham, quvonib kutib oladigan, ilmiy qarashlariyu, so’z adolati bobida tamom betakror adabiyotshunos olim bilan muzayyan qilgani ham rost. Bu zot pedogogika fanlari doktori, professor Qozoqboy aka Yo’ldoshev edi…

O’sha kungi kechaning asosiy mavzularidan biri, adashmasam, o’zbek adabiyotida tarjima san’ati va mahoratiga bag’ishlandi. So’zga chiqqanlarning aksariyati milliy tarjimachilik maktabining o’tgan asrdagi harorati ancha tob tashlaganini afsus bilan e’tirof etishdi. Taniqli shoir, romannavis Omon Muxtor bu masalada judayam kuyunchaklik bilan gapirdi. Chet el adabiyotidan muvaffaqiyatli tarjima qilingan qator asarlarni birma bir sanadi, ta’rifladi. Lermontovning ijodidan o’zi shaxsan o’girgan katta bir she’rni va yana boshqalar qilgan tarjimalardan parchalarni ayricha ehtirom, go’zal hayajon bilan yoddan o’qidi. Mualliflaru tarjima sohiblarining iqtidoriga tasannolar aytib, Omon akani qarsaklar bilan olqishlaganimiz kechagiday yodimda.

Qozoqboy domla xonim yozuvchilar orasida bayonda anchayin erkin va erka Salomat Vafo asarlari haqida kutilmagan qarashlari bilan chiqish qildi. Adibaning ayrim olimlar tomonidan “andishali o’zbek prozasi tabiatiga singmaydigan”rq realizmiga ham ko’nikaverish zarurligini, ana shunday asarlar paydo bo’lib qolsa shosha-pisha qo’riqchining shaqildog’iga yopishmay, sal bag’ri kenglik bilan, badiiy tahlil payidan bo’lish adabiyotga ko’proq foyda keltirishini ta’kidlab, ko’pchilikni hayron qoldirdi.

Mushoirada mendan she’r o’qish so’raldi. Qaysi narsani o’qiganimni hozir aniq aytolmasman. Ammo chiqishim davrada ancha yaxshi taassurot qoldirayotganini sezib turardim. Buning ahamiyati men uchun katta edi. Sababi, jiddiy ijodga kechikibroq kirishganim bois, odatda adabiy davralarga “suqilib” boravermasdim. Bunday izdihomlarda negadir o’zimni noqulay his qilar, taniqli adabiyotshunoslardanku nariroq yurganim ma’qul, derdim. Kim bo’pmanki… Ijodim haqida bironta olim bilsa, tayinli gap aytgan bo’lmasa, deb o’ylardim. Bu andisha meni to besh-oltita kitob chop ettirgunimcha ham tark etmadi…

Endi o’ylasam, ayni ana shu kungi kecha o’zimni ijodkor sifatida tuzukroq his etishim, anglab olishimga omil bo’lgan ekan. Buni tadbir tugab, ketar asnosida, odamlarning ko’zidagi hayrixoh boqishlardan ham sezib turardim…

***

Ana bo’ldi… She’ringni o’qiding. Hamma ko’ngil yaqinlari bilan bir-bir kuzayapti. Izzating tamom tugaguncha, turasanmi? Bas, yetar endi, uyingga bor, og’ayni, deydi ichki bir ovoz. Ammo, ketib ham bo’lmasdi. Sal narida, “o’zgacha fikrlovchi qalam sohiblarini ham tushunmoq, his etmoq adabiyotshunoslikning vijdoniy burchi” ekanligini isbotlab, butungi izdihomni tamom o’yga toldirib qo’ygan, o’zgacha qarashlari bilan adabiy jamoatchilikni-da o’zgacha o’ylar girdobiga tortib ketadigan olim Qozoqboy domla kimlar bilandir suhbatlashib turardi. Ajabo, yozgan maqolalari, katta-katta yig’inlarda arbob yozuvchilarni ham ayab o’tirmay, fikrlarini baralla aytishlarini ko’rib, shu miqtigina odamning yuragi buncha katta bo’lmasa, deysan. Tuyqus, sening ichingda ham unga, uning ilmiga nisbatan katta ehtiroming borligini his etib, hursand bo’lib ketasan…
Ammo, bu zotning shaxsi, fe’li qanday bo’lsa ekan?! Ko’rinishidagi qat’iyat, kibor, aslzodalarga xos suvratu siyrat, noan’anaviyroq soqol kuzashi va o’ziga judayam yarashimli bejirim kiyinishlaridan… U kishining oldiga borish, qo’llarini olishni o’ylash… Sendaylarga yo’l bo’lsin, o’zingni bos, og’ayni!

Biroq odmigina turishi, yon-veridagilar bilan solimgina suhbat qilishlaridan unchalik “murakkab” odamga ham o’xshamaydi. O’xshamaydi-yu, ammo ichimdagi bir bemaza hamiyat o’z nafsiyatini pesha qilishini ham qo’ymaydi: “Katta olimlarning eshigini taqillatmay ellik beshga kirding! Bu yog’iga ham bir navi yashaysan, og’ayni!…”

Shunday o’ylar taloshida ekanimda, qiziq holat bo’ldi. Olim bilan suhbatlashayotganlar bir-bir hayrlashdilar. “Katta yurak”ning bir o’zi qoldi. Ko’rinishidan, u biron yoqqa shoshmayotganday. Taraddudlanib qo’yganimni sezgan chog’i, bir ikki bor ko’z qirini tashladi-yu, aynan men yuradigan tomon keta boshladi. Bu ham xudoning marhamati edi. Nima bo’lsa bo’ldi, tavakkal! Ortidan yurdim. Yetib oldim. Yurak yutib, salom berdim…

– Va alaykum assalom. She’rlaringiz yaxshiykan. Bir yaxshi o’qirkansiz.
– Rahmat domla…

Javobim shugina bo’ldi. Tamom. Yana nimadir deyishim, suhbatni davom ettirishim kerak. Lekin qani endi bu til o’lgurga biron ma’nili gap kelsa. Xayriyat, vaziyatni domlaning o’zi o’ngladi:

– Shu tomonga yurarkansizda? SUMga borishim kerak edi. Avtobus o’sha yerdan bo’ladi…

Suhbatlashib borib, “Sharq” nashriyotining soatli binosi ostidan chiqib qolibmiz. Birinchi qavati ishchi-xizmatchilar uchun oshxona. Taomlari tatimligina, muhimi, arzon. Bir chekkasida chog’roqqqina bufetchasiyam bor. “Barmen”i yuzta-yuztaga ishqivoz ishchi yoki ijodkor zoti borki, hammasini taniydi. Iltimos ila borsangiz, yarimtalikni nasiyaga ham berib turaveradi. Qo’yingki, qanday amalga oshdi, bilmadim, xullas, domla bilan o’sha joyga kirib qoldik.

– Hamonki, shu yerga kelibmiz, –dedi domla, – qudam Abduholiqniyam chaqirmasak..

Abduholiq Abdurazzoq, bilasiz, taniqli publitsist, shoir. Nashriyotga yondosh binoda joylashgan “Ishonch” gazetasida bosh muharrir.

Qudasining daragini eshitgan Abduholiq aka ham ko’p kuttirmadi.

Bufetchiga bir “mo’ltiragan” edim, murodimni xosil qildi. U yog’iga… domlaning o’zi rahbarlikni tamom qo’lga oldi. Sotuvchiga meni ortiq muztar qilib o’tirmadi.

Shu payt qo’lida bir dasta ruchka bilan rangpargina soqov bola paydo bo’ldi. Bir nechtasini stolimiz ustida qoldirib, qandaydir imo-ishoralar qildi va nari ketdi. Men ilgari bunday manzaraga duch kelmagan ekanman, soqov bolaning maqsadini anglayolmay, hayron bo’lib qoldim. Domla ajablanmadi. Ruchkalarning bejirimrog’idan uchtasini ajratib olib bola imo-ishora bilan anglatgan pulini berib yuborgach, dedi:

– Ko’p savdogarlarning ishidan shu soqovniki savobliroq.

Ruchkalarni bittadan bo’lib olsak kerak, deb o’yladim. Yo’q, ikkittasi menga, bittasi Abduholiq akaga ko’ndi. Bittasi yetadi, demoqchi bo’luvdim domla lutf qildi:

– Ruchka olimdan ko’ra shoirlarning qo’lida nafosatga ko’proq xizmat qiladi.

O’sha kuni ancha o’tirdik. Suhbatimiz albatta, asosan, adabiyot, ijod, ulug’ ustozlar, tarix va kelajak tevaragida bo’ldi.

***

Qozoqboy domla odatda yilt etgan fikr yoki “kul tagida qolayotgan cho’g’”larni izlab topib, puf-puflab yolviratishga xaris adabiyotshunoslardan. Ha, taniqlilar haqida hamma yozadi. Hali hech kimning nazariga tushmagan “qalam” to’g’risida yozish uchib kelishi dargumon ilvasinni mo’ljalga olib o’q otishday gap. Shunday emasmi? Ammo Qozoqboy aka omadli ovchilardan. O’qi xato ketgan vaziyatlar deyarli bo’lmagan. Ketgan bo’lsa ham adabiyot, adabiyotshunoslik foydasiga ketgan.

Qozoqboy domla kashf etgan, ochib o’zlashtirgan “ijodiy qo’riqlar” haqida so’z yuritilsa alohida risola bo’ladi. Ular sirasida kaminaning nomi borligidan ham iftixor tuyaman.

***

Yozganlarim Qozoqboy domlaning nazariga tushadi deb biron marta ham o’ylamovdim. Ammo, omad kulib boqsa, Boyqo’ziyev deganga o’xshash “bejirim” familiyadan ham shoir “kashf etsa” bo’larkan. Domlaning bir-ikkita maqolasidan keyin nomimiz vaqtli matbuot va jamoatchilikning tiliga tushdi-qoldi!…

Sarasop solsam, bugun, kamina ijodiga bag’ishlangan bitiklar (turli janr va ko’rinishlarda) bir kitob qilgulik bo’lib qolibdi. Ularning ichida Qozoqboy domlaning ko’nglidan chiqqanlari, baribir samimiy, dilbar, dildorroq ekan. Chunki bu bitiklarda maqtov yoki alqovdan ko’ra tahlil ustun. Bu gapni ta’kidlab aytishimning boisi, men o’z ko’nglimda, uzoq yillar o’zimga mehribon ustoz, hamdard, hamyurt, do’st sanab, ardoqlab yurganim ayrim ijodkor akalarimizning ko’pi ijobiy fazilat yoki qusurni ijodimizdan emas, shaxsimizdan izlash, yozish, o’rni kelsa matbuotda e’lon qilish bilan andarmon bo’ldilar. “Xolis” fikrlarini har xil yig’in va davralarga, o’zlaricha, xolis deb bilgan gazeta va jurnallarga sundilar. Ular aytgan gaplarning qadri endi faqat og’izda – “mish-mish”larda qoldi.

Shu xolos…

***

Abduholiq aka va Qozoqboy domlaning o’zoro munosabatlarida ular, nafaqat quda-anda, balki bir-birini behad qadrlovchi qalin do’st, dili diliga yaqin, hamfikr birodar ham ekanliklari shundoq ko’rinib turardi. Ularga havas qildim. Ichimda o’zimga ham ana shunday do’st, ham izzatli
qudalar nasib etishini tiladim…

Qozoqboy aka bilan tanishuvimiz ana shunday kechgan edi, deb so’zimga yakun yasar edim. Biroq, rangpar soqov boladan olingan ruchkalar bilan ko’ngildagi qancha tuyg’ularni qog’ozga to’kkanim yodimga tushdi. Ana shu satrlarning ham bugun omadi kuldi, nazarimda. Qozoqboy akamizning mana shunday yaxshi kunlarida ulardan bir ikkitasini o’qib olsam, malol kelmaydiganga o’xshayapti. Demak:

TANISHUV
Ustoz Qozoqboy Yo’ldoshga

Muhtaram professor,033
Yodingizdami,
Huv bir arzon… qahvaxonada,
Bir ajoyib suhbat qurgandik.
O’shanda Siz,
Yozg’ich sotib olib soqov boladan,
Kaminaga hadya etdingiz.

Eslaysizmi, o’sha kech
Chiqqan edik mushoiradan.
Yorug’ edi ruhiyatimiz,
Mening quvonchimga had yo’q edi, hech…
Va, Siz – dunyoning eng qadoqqo’l,
Vijdoniga qul domlasi bilan
Bekat izlab… sargardon kezdik.

Adashmasam, o’shanda,
“Bir gaplaring maqbul”,- devdingiz.
Har qalayki, she’rlarimda
El dardiga dardim yor ekan.
Ichimdan bir quvonch, bir suyunch keldi:
Hayriyatki, bitta bo’lsa ham,
Dardimga haridor odam bor ekan!..

O’sha yozg’ich – iltifotingiz
Nurday yoritdimi, ruhlarim qatin,
Uyga chopa o’zni to’shakka emas,
She’riy iztiroblar bag’riga otdim.
Shundan buyon g’ujg’on o’ylarim,
Shundan buyon xayolim to’zg’in.
Kelar nonday bir she’r bo’ylari,
Va… tarovat izlayman so’zdan.

Shundan buyon
Izlayman bir SO’Z,
Va o’sha, hiy soqov bolani.
Im-rozida mungranib turgan
Juda tanish beun nolani.

Bilasizmi, bola, kim edi?
Kimning edi ko’zidagi g’am?
U – men edim,
U – siz edingiz,
Biz ekanmiz o’sha mung, bilsam,
Biz ekanmiz – o’sha gung, bilsam!

Shundan buyon bir so’z izlayman,
Endi uni topmasam bo’lmas!..

2010

UNLARIM, UNLIG’LARIM…

Adabiy tilimizda mavjud, millat nutqida yashayotgan bir necha unli va undosh tovushlarimizga tegishli belgi ajratilmagan.
Qozoqboy Yo’ldosh.

Qozoqboyka,
Maylida,
Men ham bitta shoirman,
Shox-butog’in chilpitmagan
Chetandan chet boyirman.
O’z tiliga elak tutgan
Yozarlarga doirmanu,
Biroq bir but so’zkent izlab,
Yo’lga chiqqan soyirman.

Qozoqboyka,
Ay, o’zimning
Bag’ri qon bir naymanim!
Men-da, men-da kuylay deyman…
Yozg’iliqli unlig’larim.
Bo’g’zimdagi unlarimday
Unlaydigan nay qani?!

Ha, unimning unlug’lari
Xalqda bor, lavhimda yo’q?
Labzimda bor bir unlarim
Aslimda bor, menda yo’q!

Qozoqboyka, biz sizni,
Ayting, qachon uqarmiz?!..
O’z unimiz tokaygacha
Nuratarmiz, yiqarmiz?!.
Sizni uqmoq uchun millat,
Bo’lar qancha andarmon?
Lafzimizda, lavhimizda
Tokaygacha kular armon?!

Ayting, domla,
Ayting bizga,
Bitta gapni bugunoq,
Lavhida yo’q unlarimiz
Qachon butlab bitamiz?
Ayting, qachon but unimiz
Jujuqlarga tutamiz?
Qachongacha “ng”ni “ng’”lab
Aytgandan or etamiz?
Parvoz – “uch”ni baho – “uch”ga
Alashtirib o’tamiz?!
Ayting, qachon, o’z unimiz
Alifboda biylayub…
Ayting, qachon o’z tilimiz
Yayratamiz, siylayub?

Ayting qachon? Qachongacha?!…

2014

Muallif haqida: Abdunabi Boyqo’ziyev 1954 yili Andijon viloyatida tug’ilgan. “G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O’zbeknavo yulduzlari”, “Judolig’ dashti”, “Ko’zlari daryoyim!”, “Dilxiroj tuyg’ular”, “Ketayotgan turnalar”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im”, “Teshikmozor hangomalari”, “Ay akam, daryo ekan” nomli she’riy, nasriy, hajviy yumoristik hamda publitsistik kitoblari chop etilgan.

03

(Tashriflar: umumiy 299, bugungi 1)

Izoh qoldiring