Abulqosim Mamarasulov. Ikki hikoya.

09
5 февраль — Ёзувчи Абулқосим Мамарасулов (1958) таваллуд топган кун.

Ғайритабиий қиз! Кўзлари сокин қиз! Юришлари бамайлихотир қиз! Ким экан у? Яна учратармикан? Йўқ. Учратмади. Тасодиф билан бир дуч келдию, Ҳабибнинг ороми бузилди. Унга нимадир етишмайди.
Орадан бир йил ўтди. Нимагадир Ҳабиб нуқул ўша воқеани, ўша қизни қайта-қайта эслайверди.

099
Абулқосим Мамарасулов
ИККИ ҲИКОЯ

ТЕЛБА МУҲАББАТ

Ўзбекнинг полвони Турсун Али Муҳаммадга

Шамол қари бургутни булутлар уюрига қўшиб ҳайдаб кетишига сағал қолди.

“Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайғунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз.”

Йўлдош Эшбек

Ўша куни Ҳалима шифохонадаги узун курсиларда дугоналари билан қалдирғочлардай тизилишиб ўтиришганди. Мурод бир тўда йигитлар билан аллақаёқдан келаверди. Ҳаммасининг думоғи чоғ.
Осмон узилиб ерга тушмади. Ер чаппа айланмади. Бўрон кўтарилмади. Оламни ларзага солиб, момоқалдироқ қарсилламади. Чақмоқ чақмади. Жала қуймади. Фақат Ҳалима – миқтигина, чайир, кўзлари шўхчан, қорачадан келган, истараси иссиқ қиз ўтирган жойида – доим китобларда ёзилганидек – қотиб қолганди. Гўё елкасида бир ботмон тош. Ҳайрат тўла қоп-қора қорачиқлари кенгайиб кетгандай.
— Ана, сенинг йигитинг! – деди қизлардан бири.

Қизлар кулиб юборишди, чунки Мурод Ҳалиманинг ҳеч қанақа “йигити” эмас, уч ярим ойдан бери шифохонада баравар ётишса-да, ҳали бирон марта юзма-юз дуч келишмаганди.
Умуман, Мурод жуда ғалати.
Ғалатилиги учунми, Ҳалима унга қизиқиб, қизлар даврасида бир-икки марта ундан гап очган, шунинг учун қизлар Муродни Ҳалиманинг “йигити”га айлантиришганди. Бу шунчаки ҳазил. Ҳазил дея авваллари Ҳалима ҳам ўзини ишонтирарди, лекин…
Бора-бора давраларда Ҳалима Муроддан гап очмай қўйди.
Бора-бора Ҳалима иштирок этадиган давраларда қизлар атайлаб, Муроддан гап очадиган бўлишди.
Бора-бора Муроддан гап очилса, Ҳалима қизарадиган, юраги типирчилайдиган ва бу суҳбатга ўзини гўё унча эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадиган бўлиб қолди.
Ҳалима истардики, бир кун Мурод уни тушунса, ўт-олов кўзларини қадаб, ёнига келса ва… нимадир деса… Аммо Мурод ҳалигача Ҳалиманинг яқинига йўламаганди. Ҳалима эса шундай дамни кутарди. Умид қилар ва кутарди.

Даволанувчилар орасида “кандидат” лақабини олган Мурод ҳақиқатан ҳам ғалати эди. Кўпинча ёлғиз юрар, умуман, шифохона ҳовлисида кам кўринарди. Миш-мишларга қараганда палатасида ўтириб олиб, нуқул диссертация ёзгани-ёзганмиш. Яқинда фан кандидати бўлармиш. Дугоналар тегишиб, Ҳалимани “кандидатнинг хотини” деб чақиришарди. Бу ҳазил Ҳалимага ёқарди. Шундай йигит умрига йўлдош бўлиш — бахт.
Келишган, хушбичим, билимли, ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Ҳалима гоҳо йигитлар даврасида Мурод жуда қизиқ гаплар айиб, ҳаммани кулдираётганини кўриб қоларди. Ҳа-да! Айнан ҳаммадан четда юрадиган, хаёлпараст йигитни кўпчиликнинг ўртасида кўрсанг қизиқ бўларкан. Яна, ҳаммани кулдирса.
Ўша дамда “сенинг йигитинг” деган қиз Ҳалиманинг яхшигина муштини еди. Бари бир Ҳалимага “сенинг йигитинг” ибораси ёққан, юраги ширин орзиқиб, ҳатто Мурод узоқдан кўрингандаёқ анча-мунча талвасага тушган, зўр бериб ўзини бепарво кўрсатишга уринаётганди. Аммо қалбан Муроднинг йигитлар даврасидаги ҳар бир қадамини, ҳар бир қарашини кузатаётганди. Кам ҳолларда бўлганидек, Мурод жуда хушҳол, кўзлари чақноқ. Дўстларига ниманидир қувнаб гапиряпти. Ҳалима ҳам қувониб кетди.
Қизлар ҳам шод эдилар. Боядан бери сафсата сотиб, кулишиб ўтиргандилар. Шу қувноқ руҳ боис Дилором:
— Мурод, бу ёққа келинг! – деб қолди.

Бирдан Ҳалиманинг нафаси ичига тушди. Устига биров бир пақир муздай ағдаргандай. Юрак уриши сустлашаётгандай. Муродни чақирган Дилоромга жавдираб бир қарадию, кўзларини ерга тикди.
Мурод яқинлашди.
“Ўзини тутгани маъқул. Тағин, Ҳалима чиндан яхши кўриб қолипти, деб ўйлашмасин”.
— Сиз нега бунчалар бепарвосиз? – деди дабдурустдан Дилором, дугоналарга кўз қисаркан.
— Нима, биронтаси мени севиб қолдими? – сўради Мурод, хушҳол қизларга бир-бир назар ташларкан, ҳаммасининг валақлашгиси келаётганини пайқагандай.
Кўз танишлигини ҳисобга олмаганда Мурод бу қизларнинг биронтаси билан ҳалигача ҳамсуҳбат бўлмаган, ҳозирги ҳазил-чин аралаш гап қўшишлар эса табиий равишда уларни бирдан руҳан яқинлаштираётган, йигит қизларнинг мақсадини гаплари тугамасдан англаб етганди.
— Албатта-да! – Дилором юзига ачиниш тусини берди. – Бечора Ҳалима дугонамиз сизнинг дардингизда куйиб кул бўлди. Адо бўлди! Бир қарамайсиз ҳам, аҳволини сўрамайсмз ҳам! – Дилором Ҳалимани бағрига босди, сочлари, юзини силаб овутган бўлди.
Бутун вужуди билан асл ҳолатини билдириб қўймасликка уринаётган Ҳалима ҳам ёлғондакам қовоқларини солганча, қўлларини икки ёнга осилтириб, ерга қаради.
— Си-из? Мени яхши кўриб қолдингизми?! Наҳотки?..
— Ҳа,.. энди,.. сизни… – деди Ҳалима тутила-тутила, худди ҳозир йиғлаб юборадигандай (аслида ҳам йиғлашига сал қолиб), — кўпдан бери… кўз остига… олиб юргандим.

Қийқириқ кулгу кўтарилди.
— О, Ҳалима! – Мурод ногаҳон унинг қаршисида тиз чўкди. – Қиз ҳатто кафтлари йигитнинг кафтларига тушиб қолганини сезмади ҳисоб. Сезса-да, тортиб олишга юраги бетламади. – Наҳотки сиз рост сўзлаяпсиз?! Наҳотки мана шу беғубор кўзлар алдамайди? Наҳотки бу ошуфта кўзлар бир умр менга мафтункорона термулади? — Мурод шунақанги илҳом билан кўзлари ёниб гапирардики, қизлар ўзлари бошлаган кулгули машмашанинг давомини зўр қизиқиш билан кузатишарди. Мурод қизиқчилик қилаётгани аён эдию, бари бир севги изҳори ҳазилми, чинми, ҳеч кимни ҳеч қачон лоқайд қолдирмаган.
— Мен сизга ишонаман, Ҳалима! Бир сиз эмас, ахир мен ҳам олти ойдан бери ғойибона сизнинг дардингизда куяман! Ёнаман!! Мен ҳам сизни жон-дилимдан севаман, Ҳалима!!! Дардимни қандай етказишни билмай, аросатда эдим. Бахтли тасодифни қарангки, дугоналарингиз бизга холис хизмат қилдилар. О, бу қандай самовий бахт! Сира ишонгим келмаяпти… Ҳалима сизмисиз ўзи? — Мурод Дилоромга ўгирилди: — Мен айнан мени яхши кўриб қолган қизга севги изҳор қиляпманми?
Яна кулги кўтарилди.
— Ҳа, ҳа, адашмадингиз.
“Э, ажойиб йигит экан-ку бу Мурод деганлари!”
— Ана, — деди Мурод ҳамон ўша алфозда, — менинг юрагим ҳам сизга бўлган оташ муҳаббатга лиммо-лим. Сизга талпиняпман, севгилим! Энди сизсиз менга ҳаёт йўқ! Сиз борсиз – мен борман бу дунёда. Энди ҳеч қачон ажралмаймиз. Бирга яшаймиз. Эртага эрталаб загсдан ўтамиз, Йўқ, қизлар, сизлар кулмангизлар. Ҳалима, жонгинам, сиз ҳам кулманг, мен юрагимда бор гапларни айтяпман. Мен юрагимни бўшатиб олмасам, тарс ёрилиб кетади. Биз бирга бахтли яшаймиз. Болаларимиз кўп бўлади. Сиз “Қаҳрамон она” бўласиз. Олти марта эгизак туғиб берсангиз кифоя. О. Сиз билсангиз эди…
— Ие, севги изҳори шунақа бўларканми? – ажабланди қизлардан бири.
— Сиз менинг устимдан куляпсиз! Мен нечун ўз дардимни сизлардан яширишим керак? Бу ташна юрак тўлиб кетган. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деганлар. Ҳалима, сиз уялманг, майли, дугоналарингиз мени ҳазиллашяпти, деб ўйлайверсин. Ҳазил яхши. Кулишсин, майли. Ҳазил ҳазил билану, аммо мен сизни чиндан яхши кўриб қоляпман…
Шунча гапни қаердан оляпсиз? Доим индамай юрардингиз-ку! – сўради Дилором завқланиб.
— Мен асли камгап одамман, тўғри, — дея давом этди Мурод, аммо билингки?

Юраккинам алвон яйлов, титраб ётар, севгилим.
Ундан тинмай дукур-дукур, отлар ўтар, севгилим.

О, бу хўрланган юрак туёқларнинг топташларига бардош беролмайди. Йўқ, мен ортиқ чидолмайман. Мен кетаман! Бу ўлкалардан бош олиб кетаман. Алвидо, севгилим! – дея Мурод Ҳалиманинг қўлини лабига тортди, лекин қизнинг қўллари устида турган ўзининг қўлини ўпдию, жўнаб қолди.
— Индамай юргани билан кўп бало бор экан бу кандидатингизда! – деди Дилором. – Ҳаммани жим қилди, кетди.

* * *

Ўша воқеа бўлиб, Тошкентдан қайтгандан сўнг Ҳалима бир инсонга дардини ёролмай юрган кунларнинг бирида дефолиация навбати уларга келдию, механизатор касал бўлиб қолди. Ғўза ривожи бусиз ҳам кечки бўлиб, вақт ўтиб борар, дефолиацияни кечиктириш мутлақо мумкин эмасди. Шунинг учун Ҳалима ҳамма ташвишларини йиғиштириб қўйиб, трактор рулига ўзи ўтирди. Респиратор тақишу, яна бир қанча эҳтиёт чораларини кўриш хаёлига ҳам келмади. Алам зўр эдию Иккинчи дефолиацияда баргни тезроқ тўксин деб бутифос миқдорини кўпайтиришган эди,.. терим бошланмай ўзи касалхонага тушди. Ўпкасига заҳар йиғилиб қолганмиш! Ётипти ўшандан бери сил касаллар шифохонасида.. Биринчи кунлари “энди умрим дард билан ўтаркан”, деб неча бор йиғлаган бўлса ҳам табиатан хушчақчақ қиз тезда ўзини овутиб олганди. Шифохонадаги йигитларни қизларга “бўлиштирган”, ўзига Муродни “танлаган” ҳам Ҳалима эди. Давраларда Ҳалиманинг қаттиқ-қаттиқ овози, шўх кулгуси алоҳида ажралиб турарди.

Ана шу қиз Муродни чинакамига севиб қолди, шекилли.
Бир гапириб ўн куладиган, унча-мунча йигитларни мот қилиб кетадиган қиз Муроднинг қаршисида хижолатдан қизариб, тили айланмади.
Мурод ошхонада бир стол атрофида икки жувон билан ўтирарди. Мурод ҳазил тарифасида уларга ҳам севги изҳор қилганини ён томонда ўтиргани учун Ҳалима неча марталаб эшитган.

Мурод ҳозир ўзига ҳам ўшанақа гапларни ҳазил-мазах аралаш айтиб кетди.
Бари бир яхши гап яхши-да.
Энди Ҳалима Муродни кўрса ҳаяжонланаверади. Айниқса унинг қарашлари,.. кулишлари…
Мурод эса кўчада кам кўринади. Ошхонада ўша икки жувон билан чақчақлашиб ўтирар, кейин йўлакдан тўғри шифохона биносига йўл оларди.
Кечалари кинога ҳам чиқмайди.
Нуқул ёзармиш. Кандидат бўлиш осон эмас, шекилли.

Мурод йигирма тўртга тўлиб йигирма бешга ўтган, аспирантурада ўқир, ўзбек классик адабиётидан диссертация ёзар, шу сабабли ўзини адабиётчи дўстлари даврасида “классик” деб атар, улар эса Муродни дарвиш дейишар, буни Муроднинг ўзи ҳам биларди. У ҳақиқий кайфият кишиси бўлиб, дам олаётган пайтлари, агар вақти чоғ бўлса, тўғри келган қизга албатта ҳазил тариқасида севги изҳор қилаверар, қизиғи шундаки, ҳар бир сўзи чин юракдан айтилаётганга ўхшар, кўзлари қаршисидаги қизга энг соф муҳаббат илан тикиларди. Мурод ҳеч қачон қиз болага биринчи бўлиб сўз қотмаган, аммо қиз бола…

Орадан тўрт кун ўтди. Ҳалима Дилором билан кечки овқатдан чиқиб келишаётганди, кимдир қўлидан ушлаб тўхтатди. Ҳалима ўгирилди. Ўгирилдию, вужудига ҳарорат югурди. Хушҳол ишшайиб, Мурод турарди.
— Ҳа, бевафо! – деди у. – Кўринмайсиз! Учрашувга чиқмайсиз? Нима, умримиз висол дамларини интиқиб кутиш билан ўтиб кетадими? Ё бошқа биттасини топиб олдингизми?
Ҳалима лол. Юраги ийди. Кулимсиради. Айниқса, Муроднинг ўтли нигоҳи уни “ўлдираётганди”.
— Ҳалима бевафоми, сизми? – Дилором орага суқилди. – Севги изҳор қилгандан бери думингизни ушлатмайсизку!
— Мен Ҳалимани бу ўлкалардан олиб кетмоқ истайман. Не бахтки, биз бир-биримизни шифохонадан топдик. Энди кетамиз. Менинг юртимга кетамиз.
— Юртингиз қаёқда? – сўради Дилором.
— Бахмалда. Бахмал тоғларини, Ойқор чўққисини эшитганмисиз? Ўша тоғлар этагида бизнинг Барлос қишлоғимиз бор.
— Мен тоғда яшолмайман! – деди Ҳалима азбаройи ҳаяжонланганидан, гўё Мурод уни ҳозир олиб кетиб қоладигандай.
— Яшайсиз! – деди Мурод комил ишонч билан. – Биз сизга барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Ҳовлимизда йигирмата қўй, ўттизта эчки, йигирмата қорамол бор. Ҳар куни эрталаб соат тўртдан еттигача сиз уларни тоғ бағрида боқиб келасиз.
— Э, боқмайман!
— Нечун? Ахир бу сиз учун катта бахт-ку! Тонг отмасдан сиз Ойқор чўққисининг этагида ширин орзулар оғушида чўпонлик қиласиз. Тўғри, бизда бўрилар кўп. Еса еб кетар, нима бўпти? Ахир бу романтика-ку! Тасаввур қилинг: Агар қайтиб келмасангиз, бутун қишлоқ оёққа туради. Сизни излаймиз… ва харсанглар орасидан сизнинг қоп-қора қонга беланган оппоқ ҳарир кўйлагингизни топиб оламиз. Тўй кечаси сиз ана шу кўйлакда эдингиз. О, менинг армонларим! – Ушалмаган орзуларим! Қонли кўйлагингизни кўзларимга суртиб йиғлайман. Сиз эмас, бир умр мен бахтсиз бўлиб қоламан. О-о! Ойқорда бир қабр бор. Унга сиз дафн этилгансиз. Сиз эмас, у ерга менинг ушалмаган орзуларим дафн этилган. Ҳар тонг ғам-андуҳга ботган бир ғариб кимса қўлида бир даста анвойи гуллар била Ойқорга кўтарилади. У ҳар куни кабрни чангаллаб, сочларини юлиб, бетларини тимдалаб, фарёд чекади. У – мен! Севгилингиз, сининг бебахт севгилингиз! – Мурод гапдан тўхтади. Бир неча дақиқа ҳаммалари жимиб қолишди.

Одамнинг эти жунжикиб кетди, — деди Дилором ниҳоят ўзига келиб. – Гапларингиз бунча совуқ?
— Нима, диссертациянгизга шунақа нарсалар ёзяпсизми? – сўради Ҳалима чуқур ички ҳаяжон билан.
— Ҳа. “Мурод билан Ҳалиманинг фожиали севгиси тарихи” деган мавзуда.
— Қизиқ экансиз, — деди Ҳалима паст овозда, ҳаяжонини яширишга уриниб, чунки Муроднинг сўнгги гапи уни яна ларзага солганди. – Қачон жиддий гапиряпсиз, қачон ҳазиллашяпсиз, билиб бўлмайди. Уч-тўрт кунлаб кўринмайсиз. Кўринсангиз, гапириб-гапириб жўнаб қоласиз…
— Ёнингизда юришимни истайсизми?!
Ҳалима Муродга ўгирилди. Энг қўрққани – Муроднинг кўзларига дуч келдию… “Мен сени севаман!”, дерди Муроднинг кўзлари. Битмас-туганмас бахт ваъда қиларди бу кўзлар! Бу кўзлар ёнарди. Бу кўзлар Ҳалиманинг оромини ўғирлаганди.
— Нима бало, сиз мени ростдан яхши кўриб қоляпсизми, дейман-да, а!?
— Сиз-чи? Сиз ёлғондакам деб ўйлаганмидингиз? – дугонаси ўрнига Дилором жавоб берди.
— Ҳа-да!
— Демак, ўзингиз ҳам ёлғондан севги изҳор қилаётган экансиз-да?!
— Менку, Ҳалима деб эс-ҳушимни йўқотганман, аммо Ҳалима ҳазиллашяпти, менинг устимдан кулиб юрипти, деб ўйлагандим.
— Бу гапингиз ҳам ҳазилми?
— Тўғриси, қачон ҳазиллашаман, қачон жиддийман, ўзим ҳам ажратолмай қолдим. – Мурод кулиб юборди. – Хўш, борасизми бизнинг Бахмалга?
— Шунақа ваҳимали нарсалар айтяпсизки, мен Ҳалиманинг ўрнида бўлсам сираям бормасдим.
— Кўнгилга хуш ёқадиган нарсалар ҳам айтиш мумкин: Майли, Ҳалимани бўрилар емасин. Ҳалима ҳеч қачон қўй-эчки боқмасин. Тасаввур қилинг: Баҳор! Лолалар ҳамма тарафда қип-қизил бўлиб очилган. Қизғалдоқлар қир-адирларга тўшалган. Ён бағирдаги Ойшаррак булоғидан шарқираб оқаётган зилол сувлар сойларга томон югуради. Эрта тонг. Ҳалима оппоқ ҳарир келинлик либосида кўза кўтарганча булоқ бошига бормоқда. Майин тоғ шабадаси сочларини ўйнаяпти. Ҳалима бахтиёр! Лабларида сокин табассум. Ана! Юзини муздай сувга чайқаяпти. Шу пайт мен орқасидан бораману, кўзларини яшираман. Бу мен эканлигимни Ҳалима яхши билгани учун қўлларини қўлларим устидан босади. Қалблардаги ҳарорат қўлларга, қўллардаги ҳарорат қалбларга ўтади. Ҳалима ўзини менинг оғушимга ташлайди. Бир-биримизга термуламиз. “Мен бахтлиман!” дея пичирлайди Ҳалима ва кўзларини юмади. Мен Ҳалиманинг қоп-қора, майин сочларини меҳр билан силайман…
— Билибсиз! Кўзларимни яширганингиздаёқ кўза билан бошингизга солиб қоламан, — деди Ҳалима, оз-моз оғриниш билан.
— Ана сизга булоқ!Энди нима бўлди?
— Нима бўларди. Бошим ёрилиб, ҳушимдан кетиб, йиқиламан. Ҳалима ўгириладию, қаттиқ даҳшатга тушади, чунки мени қандайдир ёвуз ниятли одам деб ўйлаган-да. Тезда бошимни тиззасига олиб, пешанамни танғийди. Аммо қон оқаверади. Нафас олмай ётавераман. Ҳалима юзимга сув сепади, ёқамдан тортиб, силкийди, юм-юм йиғлайди. “Сизки бу дунёда йўқсиз, менга яшаш на даркор?”, деб сал наридаги тик жарлик томон югуради. Ҳалима ўзини ҳалок қилишга чоғланаётганини англайману, тўлқинланиб кетаман. (Ёлғондакам ўзимни ўлганга солиб ётган бўламан-да.). Томоғим бўғилади. “Тўхта, Ҳалима!” дея ҳайқираман. Ҳалима тўхтайди. Кўзларига ишонмайди. Мажоли қуриб чўкка тушади. Кулиб йиғлайди, йиғлаб кулади. Бармоқларини тишлаганча, титроғини босмоқчи бўлади, лекин босолмайди. Мен ҳам йиғлайман. Ҳеч ким ҳеч қачон мени Ҳалимадек сева олмаслигига ҳозиргина ишонганим учун йиғлайман. Сал бўлмаса Ҳалимадан ажраб қолишим мумкинлигини англаб етганим учун худога шукр қилиб йиғлайман…

Мурод бу эртагини ҳам тугатди.
— Ёзувчига ўхшаб гапирасиз-а! – Дилором ҳайратланди.
— Аспирантурага киришдан олдин мухбирлик қилганман. Ҳалималарнинг қишлоғида ҳам бўлганман, — деди Мурод. Ногоҳ унинг нигоҳи совуқ чақнади.
Шифохона биносига етиб келдилар. Қизлар ҳали сайр қилишни истардилар “Унда ўзларинг айланаверинглар”, деб Мурод ичкариг йўл олди.
“Демак, хабари бор шекилли”.
Ҳалиманинг бутун вужуди зирқираб кетди.

* * *

Ўшанда, марказда бўлган мажлисда Ҳалимани мукофотлашди. Мажлисдан чиқиб, Клара, Исмат билан бирга кечқурун ресторанга боришди. Ҳалиманинг мукофотини ювишди. Ҳалима ҳам озроқ ичди. Эс-ҳуши жойида эди. Меҳмонхона келиб, Клара иккови ўзларига ажратилган хонада ётишга ҳозирланишди. Кейин ярим кечага яқин “опа чақиряпти” деб, Исмат Ҳалимани чеккадаги бир хонада Эркин Эшбоевичга дуч қилди. “Опа” вилоят комсомол қўмитасининг биринчи котиби эди. У чақирган жойга бормаслик мумкин эмасди. Кейин… нима воқеа юз берганини Ҳалима фақат эрталаб англади. Лекин бақирмади, чақирмади, Эркин Эшбоевичга йиғлаб тармашмади. Шунақа ҳолга тушган қизлар ҳақида кўп эшитгани боис қачондир ўзи ҳам шу ҳолга тушиб қолишдан қўрқиб, ҳадиксираб юргани боисми, тушуниб бўлмайдиган бир хотиржамлик ва бефарқлик билан кийимларини кийиб, айвончага чиқди-да, панжарага суянди. Ўҳ-ҳў! Тўққизинчи қаватда… ўзини ташласачи? Нега? Нима учун? Ким учун?

— Ие, Ҳалима!
Ҳалима ўзини ташламоқчи деб ўйлади шекилли, Эркин Эшбоевич жонҳолатда югуриб келиб, қизнинг елкасидан тутди. Ҳалима бир силкиниб ўзини бўшатди.
— Эсингизни еб қўйдингизми? – Эркин Эшбоевич ҳансирарди. Кейин ўз қурбонининг ўта лоқайд, лўқ кўзларига қараб, шаштидан тушди. Қўлини тортиб олиб, “сизга нима бўлди?” деганча панжара томонга ўтди – Ҳалима, сиз менга қизим қаторисиз, ўз қизимдай… Билмайман, мени… Хаёлимда ҳеч нарса йўқ эди. Сизга ҳурматим жуда зўр. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Сиз менинг гапларимни эшитишни истамаяпсиз. Майли, бўлар иш бўлди. Тўғриси, олдимдан норози бўлиб чиқишингизни истамайман. Ҳозирча сиз мана шуни олиб кетинг. Қолганини кейин гаплашамиз.

Эркин Эшбоевич қизга бир даста пул тутқазди. Ҳалима ҳамон лоқайд аҳволда тургани учун пулни қандай олганини ўзи ҳам англамади. Қўлидаги пулга қарадию, биринчи марта хўрлиги келди. Демак… аммо… Эркин Эшбоевич яна гапга тушди. Бир бало қилиб, тинчгина қутулмоқчи. Ҳалима тирқираб келаётган кўз ёшларини кўрсатмаслик учун лом-мим демай чиқиб кетди. Хаёлига бир фикр келган эди. Шунинг учун тўғри Исматнинг хонасига борди. Ўйлаганидай, йўқ экан. Ўзларининг хонасига ўтди. Эшикни анча тақиллатишга тўғри келди. Ниҳоят сочларини нари-бери тараган Клара тугмаларининг кўпи қадалмаган халатининг ёқасини ғижимлаганча, эшикни қия очди. Ҳалима ўзини ичкарига урди.

Гумони тўғри эди. Исмат шу ерда экан. Шоша-пиша кийинарди. Ҳалимани кўриб, бармоқларининг учи тугмани қадай олмай, қалтираб қолди. Ҳалиманинг эс-ҳуши жойида, фикрларини жамлаб бир қарорга келган эди. Ўша лоқайд алфозда кўзларини лўқ қилиб, бир қадам олдга юрди. Исмат тисарилиб, диванга ўтириб қолди. Ҳалима қўлидаги пулни Исматнинг тиззасига қўйди. Сўнг жомадонини олиб, кийимларини йиғиштиришга тушди. Клара билан Исмат нима дейишларини, нима қилишларини билишмасди. Ҳалима эса, гўё хонада ҳеч ким йўқдай, сочиқни олиб, ваннахонага кириб ювинди, кийимларини алмаштирди. Бу орада ичкарида ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилиб турди. Клара билан Исмат ниманидир тортишарди. Ҳалима қайтиб чиққанда иккови яна жим бўлиб қолди. Ниҳоят Ҳалима жомадонини кўтариб, кетишга чоғланганда Исмат чидай олмади.
— Тўхтанг, Ҳалима! Бу биргина менинг ишим эмас! – Исмат йиғламсираганча пулни отиб ташлаб, кўкрагига муштлади. – Бўлиб ўтган гапларни билиб кетинг. Мен бор-йўғи буйруқни бажардим, холос. Менинг ҳеч қанча айбим йўқ. Сиз мени тушунинг, Ҳалима! – Исматнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди.

— Исмат Саъдуллаевич!
— Нима? Нима? Нима?!
Исмат ўгирилганча Клара томон юрганди, Клара уни шапалоқлаб солди. Исмат юзини ушлаганча ғазаби ҳам, алами ҳам сўнгандай диванга чўкди. Ҳалима ҳали айтилмаган гаплар борлигини англаб, тўхтади. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмасди. Ногаҳон Ҳалиманинг нигоҳи диванда, полда бетартиб сочилиб ётган пулларга тушди. Жомадонини қўйиб, эринмасдан пулларни битталаб териб олди-да, яна Исматнинг тиззасига қўйди.
— Буни ановинга беринг! – деди Исмат жонҳолатда пулларни Кларанинг юзига отиб. – Ҳамма ишни қилган ўша! Менга бундай қараманг, Ҳалима! Қаҳвага қўшиб берасиз, деб Эркин Эшбоевичга ухлатадиган дори топиб берган ҳам анови жалаб!..
— Аблах! – Кларанинг кўзлари телбаларча чақнаб, Исматнинг юзига чанг солди. – Син жалаб! Иркин Ишбаевич жалаб!..
Иккови жиққамушт бўлиб кетишди. Ҳалима тишларини тишларига босганча ташқарига отилди.

* * *

Ғалати йигитнинг ёнида юрсанг ўзинг ҳам ғалати бўлиб қоларкансан. Ҳалима бу гапларни айтаман, деб сира ўйламаганди.

Орадан яна уч-тўрт кун ўтди. Мурод яна аввалгидай паришонхотир ҳолда фақат ошхонада кўринар, қизларга кўзи тушса, бош рғаб саломлашар, тушмаса, ўзи билан ўзи банд, хаёл сурарди.
Ҳалима эса… Ҳалима энди… у ҳам ўзини ўзи тушунмаётганди. Мурод уни яхши кўрмаслиги аниқ. Шунда ҳам кўнгил… Дардларини дугоналаридан яширишга уринар, агар даврада Мурод ҳақда гап очилса, кулгу билан қутуларди. Мурод эса…

Бир куни оқшом шифохона боғида сайр қилиб юришганда тасодифан (тасодифмикан?) қаршиларидан Мурод бир дўсти билан чиқиб қолди.
— Менинг жондан азиз севгилим! – деди Мурод қулочларини ёзиб. – Наҳотки бу сиз?! Мен сизнинг дардингизда куйиб кул бўлдим. Сизни излаб чиққан эдим. Юринг. Ҳозир ҳаётимизда илк висол дамлари бошланади. Дилором, сиз менинг дўстимни оввутиб туринг. Бизнинг Ҳалима билан анча-мунча махфий гапларимиз бор.
Мурод Ҳалимани етаклаганча кичик йўлакча бўйлаб кетаверди. Ҳалима қаршилик қилишга ўзида на куч, на журъат топа олди.
— Сиз нега доим мендан қочасиз? – сўради Мурод йўл-йўлакай.
— Қочган менми, сизми?
— Демак, мени кузатаркансиз-да!
— Энди сиз,.. касалхонада ўзи битта йигитсиз, албатта кузатамиз, — деди Ҳалима оғриниб.
— Майли, шундай экан, бугундан, ҳозирдан бошлаб бир умрга бирга бўламиз, хўпми?
— Ғалати гаплар… худди бозордан мол сотиб олаётгандай савдолашасиз, а? – деди Ҳалиманинг кўнгли бузилиб.

Икковлон неча марта суҳбатлашган бўлса, Мурод биринчи марта гап тополмай қолди. Улар жимгина боғнинг қоронғи, хилват томонларига борардилар. Муроднинг юзидаги шод қувонч ўрнини аянчли ишшайиш эгаллаган, буни Ҳалима пайқамас, пайқашга уринмасди ҳам.
— Ҳалима! – деди жиддийлашган Мурод тўхтаганча уни икки елкасидан тутиб ўзига қаратаркан. Унинг важоҳати бузилган, қиз ўзини қаттиқ севиб қолганини эндигина пайқаётган, нималарнидир аниқлашга уринар, қизнинг муҳаббати уни ҳангу-манг қилиб қўйганди. – Мен ахмоқ нималарни ўйлаб… Эҳ! Наҳотки сиз мени севиб қолдингиз?
Ҳалима бошини эгди.
— Нимага жавоб бермайсиз, Ҳалима? – Муроднинг овози қалтиради. – Мен буни билишим керак.
Олисдаги симёғочга илинган электр чироғи иккови тарафга сал-пал нур таратар, Ҳалиманинг юзи зўрға кўринар, кайфияти қаттиқ бузилгани аниқ эди. Ҳалиманинг елкалари секин-секин титрай бошлади. Кейин йўлка ўртасига ўтирганча, тиззаларига бошини қўйди. Мурод ҳайрон бўлиб, чўккаладию, қизнинг бошини кўтариб, ўзига қаратишга уринди. Ҳалима уни силкиб ташлади. Ҳалима йиғларди. Унсиз, бутун вужуди қақшаб, қалтираб, йиғларди.
— Ий-э! Сизга нима бўлди?!
— Сиз? Сиз барига айбдорсиз! Мен ҳали сизни яхши кўриб ахмоқ бўлганим йўқ. Сизнинг нимангизни яхши кўраман? Кандидат бўлсангиз ўзингизга! Нима қиласиз мендан кўнгил сўраб? Бари бир икки дунёдаям менга уйланмайсиз-ку! Қизлар менга “йигитинг” деб сизни кўрсатишаяпти. Сиз ахир менинг йигитим эмасссиз-ку! Ҳозир мени пойлаб келдингиз. Сизни яхши кўришимни аллақачон билгансиз. Тоқатим тоқ бўлганига ишонч ҳосил қилиб мени қоронғуликка бошлаб келдингиз… Хўш, нега индамайсиз? Шумиди мақсадингиз? Шумиди?! Ё ёлғонми? Сиз нуқул қизларни ахмоқ қилиб ўргангансиз. Ё мени ҳам ахмоқ деб ўйладингизми?.. Мен ахмоқ бўлмасам, сиздек аблахни севиб қоламанми? Дунёда йигит зоти қуриб кетганми? Мен… эҳ, шўрпешана! Нимага жимсиз? Нимага?! Нимага?! – Ҳалима сакраб турганча, йигитнинг ёқасидан тутди. – Гапирсангизчи ахир, Мурод ака! Сиз индамаганингиз сари мен қўрқаяпман. Мен ахмоқман! Мен жинниман! Мен сизни яхши кўраман, Мурод ака!..
— Ҳалима, Ҳалима!.. – Мурод яна нимадир деб ғўлдираётганди, Ҳалима кафти билан унинг оғзини тўсди.
— Йўқ, гапирманг! Гапирсангиз баттар қўрқаман. Илтимос, Мурод ака, гапирманг. Мен жинни бўлиб қолаётганга ўхшайман…
— Ҳалима!!!
— Гапирманг! Кетинг! Кўргани кўзим йўқ сизни! – Ҳалима панжалари билан юзини тўсганча, яна чўккалади.
— Ҳалима, ўзингизни босинг.
— Кетинг дедим. Шафқатингизга зор эмасман. Истамайман,.. билдингизм, истаманман! – Ҳалима ўрнидан турганча ер депсинди. – Нимага бўзраясиз? Яна кўз ёшларимни кўрмоқчимисиз? Сиз учун йиғлаган мен тентак! – Ҳалиманинг кўзларидан шашқатор ёш қуйиларди. – Кетинг ахир!.. тинч қўйинг мени, илтимос…
Мурод ниҳоят бошини эгганча йўлга тушди.
— Мурод ака, сиз нима қиляпсиз?

Мурод шошилганча ўгирилди.
— Нега мени ташлаб кетяпсиз? Кет деса кетаверасизми? Сиз ахир йигитсиз-ку! – Ҳалима сал ёруғроққа чиққан, йиғидан нам кўзлари бахтиёр чақнар эдию Мурод чопқиллаб қайтиб келди.
— Сиз ҳақиқатан ҳам ғалатисиз, а, товба! Қиз боланинг ҳам айтганини қиларканми? Ушланг қўлтиғимдан, ҳа ана, энди юринг. Гап деган бундай бўпти-да. Вой товба-эй! Жуда ғалати қизга дуч келиб қолдим, деб ўйлаётган бўлсангиз керак, а?
— Ҳалима, мен сизга бир гапни…
— Йў, йў, гапингиз керак эмас, гапирманг.
— Мен билишингизни истайман! Мен уйланганман, ахир!

Бир дам Ҳалиманинг нафаси ичига тушиб кетди. Кейин шод кайфиятини йўқотмасликка уриниб, ясама қувноқ ҳолда, аммо синиқ овоз билан деди:
— Майли, ҳеч қачон менга уйланманг! Мана шу юришимизнинг ўзи мен учун катта бахт!
Уларнинг юриши тезлашиб, ёруққа чиқдилар. Дилором билан Муроднинг дўсти боғнинг четидаги курсида ўтиришган экан. Ҳалима йигитни қўлтиғидан бўшатди-да, “яхши сайр қилинг” деганча сирли, айни дамда аянчли шивирлаб, чопқллаганча Дилоромни судраб кетди. Палатага кирар-кирмас Ҳалима Дилоромни маҳқам қучоқлаганча ўпаверди. Тишлаб-тишлаб ўпарди. Дилором вой-войлаб юлқинар, аммо Ҳалима қўймасди.
— Еб ташлагим келяпти сизни! Э тавба! Жинниман мен, ғирт жинниман! Кандидатни капут қилдим. Бечора мунғайиб қолипти. Мен – маладес! Зўрман! Таржимаи ҳолини буткул айтиб беришга мажбур қилдим. Оҳ! Та-ра-рам-рам, та-ра-рам-рам!… – Ҳалима ўйинга тушиб кетди.

Дилором Ҳалиманинг телба-тескари ҳаракатларига кўникиб қолган эди, лекин…
— Сиз уни ҳақиқатан севиб қолипсиз!
— Мен сизга нима деяпман, ни-ма де-яп-ман?! – Шу топда Ҳалимани мутлақо тушуниб бўлмасди. – Мен уни эмас, у, у мени севиб қолди! У11
Хонага бошқа қизлар кириб келишди.
— Дсўтларим! – деди мағрур Ҳалима тантанавор, қўлларини кескин силкитаркан, — мен эс-ҳушимни йўқотдим. Биласизларми, мен… жинниман! – Ҳалима ўзини кроватга ташлади. – Биласизларми, севиш қандай яхши! Уҳ номарлар-эй. Нега индамайсизлар?.. Менга ҳеч нарса керак эмас. Биттанг ҳам керак эмассан! Кетинглар! Ҳамманг кет. – Ҳалима бирдан ўкириб йиғлаб юборди. Юзини ёстиққа яширди.
Қизлар ҳозиргина булбулдай бийрон сайраётган Ҳалимага тушунмасдилар.
— Кетинглар, кетинглар! – юлқинарди йиғлаётган Ҳалима. – Тинч қўйинглар мени. Ҳамманг,.. ҳаммаси… бир гўр! Севмайди у мени…

— Э, қуриб кетсин Муродингиз! – Дилором аччиқланди. – Қўйсангизчи, ўшанга ҳам йиғлайсизми? Мурод сизнинг тирноғингизга ҳам арзимайди, керак бўлса… Қизлар, боринглар энди, Ҳалима озроқ дам олсин.
Палатада икковлон қолишди. Ҳалима қимирламай жим ётар, Дилоромнинг эса юраги зиқ бўлиб кетган, аммо бир оғиз гап сўрашга журъати етишмасди. Ниҳоят Ҳалима ўгирилиб, дугонасига хомуш тикилди. Кулимсирашга уринди, аммо кўзларида ёш. Чексиз дард ётарди Ҳалиманинг қорачиқларида. Бу дардларни Сўз билан ифодалаш шарт эмас.
Муҳаббат ана шундай кучли…
Ҳақиқий муҳаббат минг йилда бир келади, деганлари ростмикан?
— Қўйинг ўшани, — деди Дилором дугонасини юпатишга уриниб. – Дунёда ундан минг карра яхши йигитлар тўлиб-тошиб ётипти.
Ҳалима сукут сақлади. Армон билан кўзларини юмди. У ҳозирги ҳолатида умрини йиғи билан ўтказган, кулиш нималигини билмайдиган одамга ўхшарди. Муродга кўнгил қўя бошлагандан бери дилининг тўрида чўкиб, тўпланиб ётган армонлари ҳозир бирваракай жунбушга келиб, Ҳалимани минг бир кўйга солаётганди.
— Гапирсангизчи, юрагим тўлиб боряпти. Ҳозир мен ҳам йиғлаб юбораман. Нимага… ғалати бўлиб қолдингиз? – Дилором “жинни” деб юборишига сал қолди.

Ҳалима мийиғида кулимсиради.
— Уйлансанг уйлан, йўқса калламни гаранг қилма, менга сендан бошқа совчи юбораётганлар ҳам тўлиб ётипти, демадингизми?
— Бизнинг баҳоримиз ўтган, — деди Ҳалима афсус билан, — ўн саккиз ёшли қизлар камми?
— Вой номард-эй! Ҳали ўшанақасидан оламан, дедими? Унда “нега тиз чўкдинг? Нега у гапларни айтдинг?”, деб ёқасидан олмадингизми?
Ҳалима маюс бош чайқади.
— Шошмай турсин, кўрсатиб қўяман унга… Менинг қўлимга тушади ҳали. Уфф! Ёниб боряпман! – Дилором шашт билан айвонча эшигини очди.
Палатага хушбўй баҳор ҳавоси кириб келди. Май ойининг энг латиф кечаларидан бири. Шифохона бўйлаб экилган қатор тераклар охирги тўртинчи қаватдан ҳам баланд. Дарахтларнинг нарёғи бедазор. Яқинда ўрим бошланади. Ҳалималарнинг хонаси учинчи қаватда…
Юқориги қаватдан ҳазин хиргойи эшитиларди. Айвончада тинмай гапираётган Дилором ўгирилиб дугонасига қарадию,.. Ҳалима жилмаярди.
— Нима бало, ростдан жинни бўлиб қолдингизми?
— Эшитинг, — дея шивирлади Ҳалима, кўрсаткич бармоғини лабига босиб шивирлаган кўйи айвончага чиқаркан.

Тўртинчи қаватда, ўзларидан икки дераза нарида Мурод айвонча панжарасига суянганча, қоронғилик қаърига маюс тикилиб, қўшиқ айтарди:

Сени юпатмоққа журъат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.

Мурод қизларни кўрмасди. Ўзича хиргойи қиларди. Балки атайлаб Ҳалима учун куйлаётгандир.
— Оббо жиннилар-эй! – Дилором ўзини тўхтата олмасди. – Бир сизми десам, у сиздан баттар.
Ҳалима Дилоромнинг гапини эшитмади. Эшитса ҳам эътибор бермади. Мурод уни…
— Сизларни тушунмаяпман, — ажабланди Дилором. – Бир дақақа ўтмайди – куласиз. Бир дақиқа ўтмайди – йиғлайсиз.
Мурод эса куйларди:

Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин!
Тишларингни секин қайраб йиғлагин!

— Ҳа, дў-ўст! – дея юқорига қичқирди Дилором. – Жуфт бўлсин. Янгилик-ку! Битта-яримтаси юракдан урдими?
— Ҳа-да! Ошиқ кўнгил куйламоқ истайди, — деди Мурод куйлашдан тўхтаб. – Бу телба кўнгил кўп нарсалар истайди.
— Нимагадир шу ишларинг менга ёқмаяпти, — деди бир жойда туролмай ичкарига кириб чиқаётган Дилором. – Сиз соғлигингизни ўйлашингиз керак. Врачнинг гапини унутдингизми?
“— Сиз ўзингизни ниҳоятда эҳтиёт қилишингиз керак, — деган эди врач Ҳалимага. – Бутифос нафақат ўпкангизга, балки жигарингизга, юрагингизга ҳам таъсир қилган. Сизга қаттиқ ҳаяжонланиш мутлақо мумкин эмас. Агар айтганларимни қилсангиз, ҳали узоқ йиллар яшайсиз. Сиз ҳали ҳаётда нимани кўрипсиз”
— Ҳалима маюс, паришон кулимсираб кроватига ўтиб ётди. Дилором чироқни ўчирди.
Ҳалима ухлай олмас, тўлғанарди. Кечаси билан Дилором Ҳалиманинг гоҳ ҳиқиллаб, гоҳ шивирлаб нималарнидир гапиринаётганини сезиб ётди. Фақат тонг олдидан Ҳалима тинчиб қолди.
Тонг отди. Навбатчи ҳамшира аввал палаталарга бир-бир кириб, кимга иссиқлик ўлчагич кераклигини сўраб чиқди, кейин дори ташлаб кетди.

Ҳалима деворга ўгирилганча қимир этмай ётаверди.
Дилором ювиниб келди, ошхонага нонуштага бориш пайти яқинлашди ҳамки, Ҳалима қимирламасди. Ниҳоят нонуштага боришга тайёрланаётган Дилором ўз кроватида ўтириб, соч тараркан:
— Туринг, эй, ошиқи-беқарор! Муродингиз кўзлари тўрт бўлиб, йўлакда сизни кутяпти, — деди.
Ҳалима қимирламай ётаверди. Авваллари Муроддан гап очилса, Ҳалима ҳазилми, чинми, типирчилаб қоларди.
— Турсангизчи! – Дилором чўзилиб, Ҳалиманинг елкасидан тортди.
Ҳалима шилқиллаб ағдарилдию, ярим юмуқ кўзлари шифтга тикилганча, қотди. Унинг бадани дақиқа сайин совуб борар, қоп-қора қорачиқларида ҳайронлик, ҳайрат, изирб, алам, “мен дунёга келиб нима кўрдим?” деган аччиқ савол ва билинар-билинмас табассум қотиб қолган эди.

БИРИНЧИ ҚОР

Ҳабиб одатига кўра эрта турди. Деразанинг табақаларини очганда палатага гупиллаб қор ҳиди урилди. Қор ёғяпти! – Биринчи қор! Оппоқ…
У ҳар куни тонгда югуради. Чиниқиш керак.
Ҳабиб спорт кийимини кийиб, ташқарига отилди. Ҳовлига чиқаверишда мудраб ўтирган қоровул чол унга ҳайрон бўлиб тикилди:
— Ўғлим, бугун қор ёғяпти-ку.
— Ота, бир айланиб келмасам кўнглим тинчимайди.

Қоровул чол ўзи шунақа. Ҳабиб ҳар сафар эрталаб чиқаётганда бир баҳонани айтиб туради. Бир «совуқ» деса, иккинчи гал «ёмғир ёғяпти», дейди. Ҳабиб ҳар сафар шу тахлит жавоб қайтариб, ўтиб кетаверади. Чол унга қараб қолаверади: «Ғалати йигит!»
Ҳабиб югуриши керак. Соғлигига фойдали. Аммо қор кўп ёғипти. Совқотиб қолмасмикан? Ҳечқиси йўқ, бир айланса, қизийди.
Қор ёғарди. Биринчи қор!

Ҳабиб секингина югуриб кетди. Қор майин-майин. Цемент йўлка бўйлаб эмас, худди момиқ кўрпа бўйлаб югураётгандай. Қор бетларига, сочларига урилади. Мулойим-мулойим, гўё суйган қизи эркалаётгандай. Ҳабибнинг завқи келди. Қўлларини ёзиб, осмонга қаради. Оғзини каппа-каппа очиб, қор доначаларини юта бошлади. Баданида роҳатли жунжикиш сезди-да, яна югуриб кетди. Қандай яхши! Биринчи қор бўйлаб ҳали ҳеч ким юрмапти. У ортига қаради: қорда фақат унинг излари яхлит-яхлит бўлиб қолган.
Гулсара нима қилаётган экан? Ўрнидан турдимикан? Биринчи қорни кўрдимикан?

…Ўшанда ҳам қор ёққанди. Студентчилик. Йигитлик қони кўпирган пайт. Ҳабиб бир тўда ўртоқлари билан кўчада дилозорлик қилиб, тўғри келган қизга қор отиб, иложи бўлса, тўхтатиб, юзига ишқаётгандилар. Ҳабиб отган қор ногоҳ йўлка четида бораётган қизнинг елкасига тегди. Қиз тўхтаб, қорни қоқди, ўгирилиб, ўзига ишшайиб турган аллақандай йигитни кўрди-да, ҳеч нарса бўлмагандай, йўлида давом этди. Бу Ҳабибга таъсир қилди. Қорни думалоқлаганча югуриб, қизга етди. Елкасидан тутиб, юзига ишқалади. Воажаб! Қиз на қаршилик кўрсатди, на ҳимояланиб эгилди. Юзидаги қорни осоййишта артиб, Ҳабибга бамайлихотир қараб турарди. Бу кўзлар: «Бўлдими, ё яна бошқа ҳунарларинг ҳам борми?», деб сўрарди.

Қаршилик кўрсатса бўлмасмиди? Дод-вой қилиб қочса бўлмасмиди? Бу қандай бедодлик? Йигит ва қиз. – Ҳабиб ва Гулсара! Бир-бирига тикили-иб туришарди. Ҳабиб қизнинг чинқиришини, хурсанд бўлиб ўзини ҳимоя қилишини, ҳеч бўлмаганда иккита нордон гап айтишини кутганди. Агар шундай қилса, ердан яна қор олиб, ўхшатиб, юзига ишқамоқчи эди. Бунинг гашти бошқача-да. Кўчада кетаётган қизларнинг кўпчилиги шунақа қилишади. Чинқиришади. Узоқроққа боргандан кейин хурсанд бўлиб, мушт ўқталишади. Аммо бу қиз…
Қизнинг юзига яна қор чаплаш учун кўтарилган қўл аста-секин ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги қор ерга тушди. Лол бўлиб, қизнинг кўзларига тикилди. Ҳайҳот! Бу кўзларда нима бор? Йигитнинг юрагига бир нима қаттиқ урилгандай, вужуди қизиб кетди. Қўллари қалтирай бошлади. Нималардир демоқчи эди, овози чиқмади. Томоқларигача қалтирарди. Илжаймоқчи бўлди, аммо уддалай олмади. Юзи худди йиғламоқчи бўлаётган киши ҳолатини акс эттирди. Қиз эса ҳамон осойишта тикиларди. Йигит кўзларини олиб қочди. Ий-е! Ҳабиб бунчалар бўшанг эмасди-ку. Унга нима бўлди?

Йигитдан садо чиқмагандан кейин қиз аста ёнидан ўтиб, йўлида давом этди. Ҳабиб ортидан қараб қолди. У ҳозир бирон бир жўяли тадбир ўйлаб топишга ноқодир эди…
Ҳабиб касалхона атрофини бир марта айланиб чиқди. Одати бўйича яна икки марта айланиши керак. Сочлари оппоқ бўлиб қолибди.
… Ўшанда Ҳабиб бирдан сустлашиб, ўйчан кета бошлади. Югуриб юрган дўстларидан бири унга қор отди. Қор қулоғининг тагига тегиб, баданини ачиштирди, аммо Ҳабиб қорни ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз қоқиб ташлади. Назарида, юраги бирдан бўшаб қолгандай. Илгари ҳам шундай, юўш бўлгану, буни ўзи пайқамагандай. Бўш жойни тўлдириш жуда зарур эди, шекилли.

Ғайритабиий қиз! Кўзлари сокин қиз! Юришлари бамайлихотир қиз! Ким экан у? Яна учратармикан? Йўқ. Учратмади. Тасодиф билан бир дуч келдию, Ҳабибнинг ороми бузилди. Унга нимадир етишмайди.
Орадан бир йил ўтди. Нимагадир Ҳабиб нуқул ўша воқеани, ўша қизни қайта-қайта эслайверди.
Ёппасига рентген кўригидан ўтишаётганда Ҳабибнинг ўпкасида доғ борлиги аниқланди. Ана холос! Соппа-соғ одамга бетинг-кўзинг демай, «ўпка касалсан», деса алам қиларкан. Ҳабибнинг ҳеч ери оғримасди ахир! Бари бир врачлар қўйишмади: касаллик энди бошланаётган эмиш. Олди олинса яхши бўлармиш. Касалхонага тушгандан сўнг иккинчи куни унга дори ёзишди. Руҳсиз бир ҳолатда кечки овқат олдидан дори олиш учун ҳамширанинг хонасига кирди. Ўз хаёллари билан бўлиб, узатилган дорини олганча, изига бурилганди…
— Шу ерда ичинг!
Ҳабиб ҳамширанинг овозини эшитди-да, бошини кўтарди. Кўтардию, вужудига нимадир югуриб, қизиб кетди. Қўллари бемажол икки ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги дорилар полга тушди. Ҳамшира унга синовчан тикилиб турарди. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Ўша! Юзига қор ишқалаган қиз! Ҳамшира экан-а! Қандай яхши! – Ҳабиб титрарди. Бутун борлиғи титрарди.
— Сизга нима бўлди? – еб сўради қиз. У ҳайрон.

Йигит ўзига келиб, эгилганча, дориларни тера бошлади.
— Ташланг энди. – Қизнинг меҳрибон ва далдали овози эшитилди. – Бошқасини бераман.
Ҳабиб қаддини ростлади. Ҳамшира унга янги дори тутди. Олаётиб, кафти кафтига тегиб кетди. Бирдан… бирдан Ҳабибнинг юрагидаги бўш жой тўлгандай бўлди. Ҳаяжони кучайди. Аммо қиз бепарво. Бир-икки марта ажабланиб қараб қўйгандай бўлди: «Ғалати йигитга ўхшайди. Бунча қизариб-бўзармаса…»
Ҳабиб ҳайрон. Қиз уни танимади. Эътибор бермади. Исми Гулсара экан. Барлос қишлоғида яшаркан. Кечки навбатчиликка ҳар уч кунда бир келаркан.

Ҳабиб энди ҳар сафар интизорлик билан Гулсаранинг навбатини кутади. Қиз танимагандан кейин у ҳам ҳеч нарса дея олмади. Алоқалари расмийлигича қолаверди. Қачон у келса, Ҳабиб дори ичишга интиқ. Бир неча дақиқа Гулсарага тикилса, кифоядай туюладию, аммо дорини ичиб чиқиб, ўзидан қониқмай, яна Гулсарани кўргиси келаверади. Қайтиб киришга истиҳола қилади-да, коридорда деворга суяниб тураверади. Тураверади, тураверади… То ҳамшира бир кўринмагунча ҳеч ёққа кетмайди. Агар чиқса, гўё ўзини унга эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадию, бари бир…

Ҳабиб касалхонани иккинчи марта айланиб чиқди. Ҳаракати енгиллашиб, янада тезроқ югурди. Сочлари оппоқ қор. Ким айтади уни сил касал деб? Сил касал шундай югура оладими? Ҳали врачларга соғлигини исботлайди. Шошмай туришсин. Ҳабиб энди анча тез югурса-да, ҳамон бурнидан нафас олишга ҳаракат қиларди. Охирги икки юз қадам қолганда оғзини очди. Нафас олиш жуда осонлашиб, оғриётгандай бўлаётган оёқлари енгил кўча бошлади. Охирги юз қадамни, худди иккинчи нафас йўли очилгандай, жуда тез югуриб ўтди.

Югуришдан кейинги махсус машқларни бажариб бўлганида Ҳабибнинг юзида тер томчилари пайдо бўлганди. Йўлакда бир-иккита одам боряпти. Телпак, пальто кийиб олишган. У эса спорт пиджагини ҳам ечиб ташлади. – Жуда иссиқ! Баданини ушлаб кўрди – сув бўлиб кетибди. Юзига, бўйнига, билакларига, кўкрагига қор ишқалади. Қани энди, ҳозир Гулсара ҳам ёнига югуриб келсаю, иккови қорбўрон ўйнашса. У қаршилик кўрсатса. Кулса. Қочса. «Акажон, бошқа керакмас, бўлди, қўйинг!», деб ялинса. Муштоқ ва меҳрибон кўзларини тикса. Ҳабиб ҳам қўлидаги қорни ерга ташлаб, қизга тикилса. Синовчан кўзларига тўйиб-тўйиб боқса. Дори тутган қўлларини узоқ-узоқ ушласа. Унинг ҳарорати бунга ўтса. Бунинг ҳарорати унга ўтса. Баб-баробар ҳаяжондан қалтирашса. Баб-баробар бир-бирига интилишса… Фақат иккови бўлса. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Севгига ташна юраклар! Улар висолни кутадилар! Ширин дамларни кутадилар! У дамлар келармикан? ..

Гулсара кеча кечқурун навбатчиликка келган эди…
Ҳабиб ўзини қорга ташлади. Кенг пешанасини қорга босиб, бир дам ўйларига ором берди ва!.. Топди! – Ҳабиб қувониб кетди. – Биринчи қорни совға қилади. Севгилисига! – Гулсарага! Ўша дамларни эслатади…
Қўлида бир ҳовуч қор билан ҳамшира хонаси ёнида Ҳабиб пайдо бўлди. Юзи ҳовриққан, намланган, сочидаги қорлар эриб, юзига сизяпти. Юраги гурсиллаб ураётгани кўп югурганидан дейиш мумкин. Аслида висол дамларини кутиб, изтиробга тушаётганидан.
Ана! Эшик ортида у истаган қиз бор. – Гулсара! Мен келдим!

Ҳабиб эшикни тақиллатди. Ичкаридан жавоб эшитилдию, остонада ҳамшира пайдо бўлди. – Гулсаранинг дугонаси, улар бирга навбатчилик қилишади. Ҳамшира йигитнинг бесаранжом ҳаракатларидан кулгиси қистаб, бир юзига, бир қўлидаги қорга тикилди.
— Илтимос, Гулсарани чақириб юборинг.
— Гулсара кетган.
— Кечқурун шу ерда эди-ку!
— Кечқурун шу ерда эди. Тонг азонда кетди, – деди ҳамшира зарда қилиб. – Яна саволлар борми?
Ҳабиб қўлидаги қорни эзғилаганча, изига қайтди. Узун коридор бўйлаб, қордан сирқиган сув томчилари йўл бўйлаб борарди. Худди кимнингдир аламли кўз ёшларидек.
Гулсара уч кейинги навбатчилигига келмади. Бир ҳафтадан кейин ҳам, бир ойдан кейин ҳам…
Гулсара қандайдир бир шофёр йигитга эрга тегиб кетган эмиш…

Ёзувчи ҳақида

029 Абулқосим Мамарасулов 1958 йил 5 февралда Самарқанд (ҳозирги Жиззах) вилоятининг Булунғур (ҳозирги Бахмал) туманидаги Барлос қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг рус филологияси факултетини тугатган (1979). «Суюнчи» (1982), «Ҳаётнинг бир лаҳзаси» (1985), «Сен учун ёниб» (1988), «Барлос қишлоғининг зумрад тонглари» (1990), «Севишганлар» (1992) каби асарлари нашр этилган.

099

Abulqosim Mamarasulov
IKKI HIKOYA

TELBA MUHABBAT

O‘zbekning polvoni Tursun Ali Muhammadga

Shamol qari burgutni bulutlar uyuriga qo‘shib haydab ketishiga sag‘al qoldi.

“Men senga qo’shilib yig’lay olmasman,
Faqat bosh egaman qayg’ungga so’zsiz.
Men senga talpinib aslo tolmasman,
Men seni sevaman, yig’layotgan qiz.”

Yo’ldosh Eshbek

O’sha kuni Halima shifoxonadagi uzun kursilarda dugonalari bilan qaldirg’ochlarday tizilishib o’tirishgandi. Murod bir to’da yigitlar bilan allaqayoqdan kelaverdi. Hammasining dumog’i chog’.
Osmon uzilib yerga tushmadi. Yer chappa aylanmadi. Bo’ron ko’tarilmadi. Olamni larzaga solib, momoqaldiroq qarsillamadi. Chaqmoq chaqmadi. Jala quymadi. Faqat Halima – miqtigina, chayir, ko’zlari sho’xchan, qorachadan kelgan, istarasi issiq qiz o’tirgan joyida – doim kitoblarda yozilganidek – qotib qolgandi. Go’yo yelkasida bir botmon tosh. Hayrat to’la qop-qora qorachiqlari kengayib ketganday.
— Ana, sening yigiting! – dedi qizlardan biri.
Qizlar kulib yuborishdi, chunki Murod Halimaning hech qanaqa “yigiti” emas, uch yarim oydan beri shifoxonada baravar yotishsa-da, hali biron marta yuzma-yuz duch kelishmagandi.
Umuman, Murod juda g’alati.
G’alatiligi uchunmi, Halima unga qiziqib, qizlar davrasida bir-ikki marta undan gap ochgan, shuning uchun qizlar Murodni Halimaning “yigiti”ga aylantirishgandi. Bu shunchaki hazil. Hazil deya avvallari Halima ham o’zini ishontirardi, lekin…
Bora-bora davralarda Halima Muroddan gap ochmay qo’ydi.
Bora-bora Halima ishtirok etadigan davralarda qizlar ataylab, Muroddan gap ochadigan bo’lishdi.
Bora-bora Muroddan gap ochilsa, Halima qizaradigan, yuragi tipirchilaydigan va bu suhbatga o’zini go’yo uncha e’tibor bermayotganday ko’rsatishga urinadigan bo’lib qoldi.
Halima istardiki, bir kun Murod uni tushunsa, o’t-olov ko’zlarini qadab, yoniga kelsa va… nimadir desa… Ammo Murod haligacha Halimaning yaqiniga yo’lamagandi. Halima esa shunday damni kutardi. Umid qilar va kutardi.
Davolanuvchilar orasida “kandidat” laqabini olgan Murod haqiqatan ham g’alati edi. Ko’pincha yolg’iz yurar, umuman, shifoxona hovlisida kam ko’rinardi. Mish-mishlarga qaraganda palatasida o’tirib olib, nuqul dissertatsiya yozgani-yozganmish. Yaqinda fan kandidati bo’larmish. Dugonalar tegishib, Halimani “kandidatning xotini” deb chaqirishardi. Bu hazil Halimaga yoqardi. Shunday yigit umriga yo’ldosh bo’lish — baxt.
Kelishgan, xushbichim, bilimli, va hokazo, va hokazo…
Halima goho yigitlar davrasida Murod juda qiziq gaplar ayib, hammani kuldirayotganini ko’rib qolardi. Ha-da! Aynan hammadan chetda yuradigan, xayolparast yigitni ko’pchilikning o’rtasida ko’rsang qiziq bo’larkan. Yana, hammani kuldirsa.
O’sha damda “sening yigiting” degan qiz Halimaning yaxshigina mushtini yedi. Bari bir Halimaga “sening yigiting” iborasi yoqqan, yuragi shirin orziqib, hatto Murod uzoqdan ko’ringandayoq ancha-muncha talvasaga tushgan, zo’r berib o’zini beparvo ko’rsatishga urinayotgandi. Ammo qalban Murodning yigitlar davrasidagi har bir qadamini, har bir qarashini kuzatayotgandi. Kam hollarda bo’lganidek, Murod juda xushhol, ko’zlari chaqnoq. Do’stlariga nimanidir quvnab gapiryapti. Halima ham quvonib ketdi.
Qizlar ham shod edilar. Boyadan beri safsata sotib, kulishib o’tirgandilar. Shu quvnoq ruh bois Dilorom:
— Murod, bu yoqqa keling! – deb qoldi.
Birdan Halimaning nafasi ichiga tushdi. Ustiga birov bir paqir muzday ag’darganday. Yurak urishi sustlashayotganday. Murodni chaqirgan Diloromga javdirab bir qaradiyu, ko’zlarini yerga tikdi.
Murod yaqinlashdi.
“O’zini tutgani ma’qul. Tag’in, Halima chindan yaxshi ko’rib qolipti, deb o’ylashmasin”.
— Siz nega bunchalar beparvosiz? – dedi dabdurustdan Dilorom, dugonalarga ko’z qisarkan.
— Nima, birontasi meni sevib qoldimi? – so’radi Murod, xushhol qizlarga bir-bir nazar tashlarkan, hammasining valaqlashgisi kelayotganini payqaganday.
Ko’z tanishligini hisobga olmaganda Murod bu qizlarning birontasi bilan haligacha hamsuhbat bo’lmagan, hozirgi hazil-chin aralash gap qo’shishlar esa tabiiy ravishda ularni birdan ruhan yaqinlashtirayotgan, yigit qizlarning maqsadini gaplari tugamasdan anglab yetgandi.
— Albatta-da! – Dilorom yuziga achinish tusini berdi. – Bechora Halima dugonamiz sizning dardingizda kuyib kul bo’ldi. Ado bo’ldi! Bir qaramaysiz ham, ahvolini so’ramaysmz ham! – Dilorom Halimani bag’riga bosdi, sochlari, yuzini silab ovutgan bo’ldi.
Butun vujudi bilan asl holatini bildirib qo’ymaslikka urinayotgan Halima ham yolg’ondakam qovoqlarini solgancha, qo’llarini ikki yonga osiltirib, yerga qaradi.
— Si-iz? Meni yaxshi ko’rib qoldingizmi?! Nahotki?..
— Ha,.. endi,.. sizni… – dedi Halima tutila-tutila, xuddi hozir yig’lab yuboradiganday (aslida ham yig’lashiga sal qolib), — ko’pdan beri… ko’z ostiga… olib yurgandim.
Qiyqiriq kulgu ko’tarildi.
— O, Halima! – Murod nogahon uning qarshisida tiz cho’kdi. – Qiz hatto kaftlari yigitning kaftlariga tushib qolganini sezmadi hisob. Sezsa-da, tortib olishga yuragi betlamadi. – Nahotki siz rost so’zlayapsiz?! Nahotki mana shu beg’ubor ko’zlar aldamaydi? Nahotki bu oshufta ko’zlar bir umr menga maftunkorona termuladi? — Murod shunaqangi ilhom bilan ko’zlari yonib gapirardiki, qizlar o’zlari boshlagan kulguli mashmashaning davomini zo’r qiziqish bilan kuzatishardi. Murod qiziqchilik qilayotgani ayon ediyu, bari bir sevgi izhori hazilmi, chinmi, hech kimni hech qachon loqayd qoldirmagan.
— Men sizga ishonaman, Halima! Bir siz emas, axir men ham olti oydan beri g’oyibona sizning dardingizda kuyaman! Yonaman!! Men ham sizni jon-dilimdan sevaman, Halima!!! Dardimni qanday yetkazishni bilmay, arosatda edim. Baxtli tasodifni qarangki, dugonalaringiz bizga xolis xizmat qildilar. O, bu qanday samoviy baxt! Sira ishongim kelmayapti… Halima sizmisiz o’zi? — Murod Diloromga o’girildi: — Men aynan meni yaxshi ko’rib qolgan qizga sevgi izhor qilyapmanmi?
Yana kulgi ko’tarildi.
— Ha, ha, adashmadingiz.
“E, ajoyib yigit ekan-ku bu Murod deganlari!”
— Ana, — dedi Murod hamon o’sha alfozda, — mening yuragim ham sizga bo’lgan otash muhabbatga limmo-lim. Sizga talpinyapman, sevgilim! Endi sizsiz menga hayot yo’q! Siz borsiz – men borman bu dunyoda. Endi hech qachon ajralmaymiz. Birga yashaymiz. Ertaga ertalab zagsdan o’tamiz, Yo’q, qizlar, sizlar kulmangizlar. Halima, jonginam, siz ham kulmang, men yuragimda bor gaplarni aytyapman. Men yuragimni bo’shatib olmasam, tars yorilib ketadi. Biz birga baxtli yashaymiz. Bolalarimiz ko’p bo’ladi. Siz “Qahramon ona” bo’lasiz. Olti marta egizak tug’ib bersangiz kifoya. O. Siz bilsangiz edi…
— Ie, sevgi izhori shunaqa bo’larkanmi? – ajablandi qizlardan biri.
— Siz mening ustimdan kulyapsiz! Men nechun o’z dardimni sizlardan yashirishim kerak? Bu tashna yurak to’lib ketgan. Oshing halol bo’lsa ko’chada ich, deganlar. Halima, siz uyalmang, mayli, dugonalaringiz meni hazillashyapti, deb o’ylayversin. Hazil yaxshi. Kulishsin, mayli. Hazil hazil bilanu, ammo men sizni chindan yaxshi ko’rib qolyapman…
Shuncha gapni qaerdan olyapsiz? Doim indamay yurardingiz-ku! – so’radi Dilorom zavqlanib.
— Men asli kamgap odamman, to’g’ri, — deya davom etdi Murod, ammo bilingki?

Yurakkinam alvon yaylov, titrab yotar, sevgilim.
Undan tinmay dukur-dukur, otlar o’tar, sevgilim.

O, bu xo’rlangan yurak tuyoqlarning toptashlariga bardosh berolmaydi. Yo’q, men ortiq chidolmayman. Men ketaman! Bu o’lkalardan bosh olib ketaman. Alvido, sevgilim! – deya Murod Halimaning qo’lini labiga tortdi, lekin qizning qo’llari ustida turgan o’zining qo’lini o’pdiyu, jo’nab qoldi.
— Indamay yurgani bilan ko’p balo bor ekan bu kandidatingizda! – dedi Dilorom. – Hammani jim qildi, ketdi.

* * *

O’sha voqea bo’lib, Toshkentdan qaytgandan so’ng Halima bir insonga dardini yorolmay yurgan kunlarning birida defoliatsiya navbati ularga keldiyu, mexanizator kasal bo’lib qoldi. G’o’za rivoji busiz ham kechki bo’lib, vaqt o’tib borar, defoliatsiyani kechiktirish mutlaqo mumkin emasdi. Shuning uchun Halima hamma tashvishlarini yig’ishtirib qo’yib, traktor ruliga o’zi o’tirdi. Respirator taqishu, yana bir qancha ehtiyot choralarini ko’rish xayoliga ham kelmadi. Alam zo’r ediyu Ikkinchi defoliatsiyada bargni tezroq to’ksin deb butifos miqdorini ko’paytirishgan edi,.. terim boshlanmay o’zi kasalxonaga tushdi. O’pkasiga zahar yig’ilib qolganmish! Yotipti o’shandan beri sil kasallar shifoxonasida.. Birinchi kunlari “endi umrim dard bilan o’tarkan”, deb necha bor yig’lagan bo’lsa ham tabiatan xushchaqchaq qiz tezda o’zini ovutib olgandi. Shifoxonadagi yigitlarni qizlarga “bo’lishtirgan”, o’ziga Murodni “tanlagan” ham Halima edi. Davralarda Halimaning qattiq-qattiq ovozi, sho’x kulgusi alohida ajralib turardi.

Ana shu qiz Murodni chinakamiga sevib qoldi, shekilli.
Bir gapirib o’n kuladigan, uncha-muncha yigitlarni mot qilib ketadigan qiz Murodning qarshisida xijolatdan qizarib, tili aylanmadi.
Murod oshxonada bir stol atrofida ikki juvon bilan o’tirardi. Murod hazil tarifasida ularga ham sevgi izhor qilganini yon tomonda o’tirgani uchun Halima necha martalab eshitgan.
Murod hozir o’ziga ham o’shanaqa gaplarni hazil-mazax aralash aytib ketdi.
Bari bir yaxshi gap yaxshi-da.
Endi Halima Murodni ko’rsa hayajonlanaveradi. Ayniqsa uning qarashlari,.. kulishlari…
Murod esa ko’chada kam ko’rinadi. Oshxonada o’sha ikki juvon bilan chaqchaqlashib o’tirar, keyin yo’lakdan to’g’ri shifoxona binosiga yo’l olardi.
Kechalari kinoga ham chiqmaydi.
Nuqul yozarmish. Kandidat bo’lish oson emas, shekilli.
Murod yigirma to’rtga to’lib yigirma beshga o’tgan, aspiranturada o’qir, o’zbek klassik adabiyotidan dissertatsiya yozar, shu sababli o’zini adabiyotchi do’stlari davrasida “klassik” deb atar, ular esa Murodni darvish deyishar, buni Murodning o’zi ham bilardi. U haqiqiy kayfiyat kishisi bo’lib, dam olayotgan paytlari, agar vaqti chog’ bo’lsa, to’g’ri kelgan qizga albatta hazil tariqasida sevgi izhor qilaverar, qizig’i shundaki, har bir so’zi chin yurakdan aytilayotganga o’xshar, ko’zlari qarshisidagi qizga eng sof muhabbat ilan tikilardi. Murod hech qachon qiz bolaga birinchi bo’lib so’z qotmagan, ammo qiz bola…
Oradan to’rt kun o’tdi. Halima Dilorom bilan kechki ovqatdan chiqib kelishayotgandi, kimdir qo’lidan ushlab to’xtatdi. Halima o’girildi. O’girildiyu, vujudiga harorat yugurdi. Xushhol ishshayib, Murod turardi.
— Ha, bevafo! – dedi u. – Ko’rinmaysiz! Uchrashuvga chiqmaysiz? Nima, umrimiz visol damlarini intiqib kutish bilan o’tib ketadimi? Yo boshqa bittasini topib oldingizmi?
Halima lol. Yuragi iydi. Kulimsiradi. Ayniqsa, Murodning o’tli nigohi uni “o’ldirayotgandi”.
— Halima bevafomi, sizmi? – Dilorom oraga suqildi. – Sevgi izhor qilgandan beri dumingizni ushlatmaysizku!
— Men Halimani bu o’lkalardan olib ketmoq istayman. Ne baxtki, biz bir-birimizni shifoxonadan topdik. Endi ketamiz. Mening yurtimga ketamiz.
— Yurtingiz qayoqda? – so’radi Dilorom.
— Baxmalda. Baxmal tog’larini, Oyqor cho’qqisini eshitganmisiz? O’sha tog’lar etagida bizning Barlos qishlog’imiz bor.
— Men tog’da yasholmayman! – dedi Halima azbaroyi hayajonlanganidan, go’yo Murod uni hozir olib ketib qoladiganday.
— Yashaysiz! – dedi Murod komil ishonch bilan. – Biz sizga barcha shart-sharoitlarni yaratib beramiz. Hovlimizda yigirmata qo’y, o’ttizta echki, yigirmata qoramol bor. Har kuni ertalab soat to’rtdan yettigacha siz ularni tog’ bag’rida boqib kelasiz.
— E, boqmayman!
— Nechun? Axir bu siz uchun katta baxt-ku! Tong otmasdan siz Oyqor cho’qqisining etagida shirin orzular og’ushida cho’ponlik qilasiz. To’g’ri, bizda bo’rilar ko’p. Yesa yeb ketar, nima bo’pti? Axir bu romantika-ku! Tasavvur qiling: Agar qaytib kelmasangiz, butun qishloq oyoqqa turadi. Sizni izlaymiz… va xarsanglar orasidan sizning qop-qora qonga belangan oppoq harir ko’ylagingizni topib olamiz. To’y kechasi siz ana shu ko’ylakda edingiz. O, mening armonlarim! – Ushalmagan orzularim! Qonli ko’ylagingizni ko’zlarimga surtib yig’layman. Siz emas, bir umr men baxtsiz bo’lib qolaman. O-o! Oyqorda bir qabr bor. Unga siz dafn etilgansiz. Siz emas, u yerga mening ushalmagan orzularim dafn etilgan. Har tong g’am-anduhga botgan bir g’arib kimsa qo’lida bir dasta anvoyi gullar bila Oyqorga ko’tariladi. U har kuni kabrni changallab, sochlarini yulib, betlarini timdalab, faryod chekadi. U – men! Sevgilingiz, sining bebaxt sevgilingiz! – Murod gapdan to’xtadi. Bir necha daqiqa hammalari jimib qolishdi.
Odamning eti junjikib ketdi, — dedi Dilorom nihoyat o’ziga kelib. – Gaplaringiz buncha sovuq?
— Nima, dissertatsiyangizga shunaqa narsalar yozyapsizmi? – so’radi Halima chuqur ichki hayajon bilan.
— Ha. “Murod bilan Halimaning fojiali sevgisi tarixi” degan mavzuda.
— Qiziq ekansiz, — dedi Halima past ovozda, hayajonini yashirishga urinib, chunki Murodning so’nggi gapi uni yana larzaga solgandi. – Qachon jiddiy gapiryapsiz, qachon hazillashyapsiz, bilib bo’lmaydi. Uch-to’rt kunlab ko’rinmaysiz. Ko’rinsangiz, gapirib-gapirib jo’nab qolasiz…
— Yoningizda yurishimni istaysizmi?!
Halima Murodga o’girildi. Eng qo’rqqani – Murodning ko’zlariga duch keldiyu… “Men seni sevaman!”, derdi Murodning ko’zlari. Bitmas-tuganmas baxt va’da qilardi bu ko’zlar! Bu ko’zlar yonardi. Bu ko’zlar Halimaning oromini o’g’irlagandi.
— Nima balo, siz meni rostdan yaxshi ko’rib qolyapsizmi, deyman-da, a!?
— Siz-chi? Siz yolg’ondakam deb o’ylaganmidingiz? – dugonasi o’rniga Dilorom javob berdi.
— Ha-da!
— Demak, o’zingiz ham yolg’ondan sevgi izhor qilayotgan ekansiz-da?!
— Menku, Halima deb es-hushimni yo’qotganman, ammo Halima hazillashyapti, mening ustimdan kulib yuripti, deb o’ylagandim.
— Bu gapingiz ham hazilmi?
— To’g’risi, qachon hazillashaman, qachon jiddiyman, o’zim ham ajratolmay qoldim. – Murod kulib yubordi. – Xo’sh, borasizmi bizning Baxmalga?
— Shunaqa vahimali narsalar aytyapsizki, men Halimaning o’rnida bo’lsam sirayam bormasdim.
— Ko’ngilga xush yoqadigan narsalar ham aytish mumkin: Mayli, Halimani bo’rilar yemasin. Halima hech qachon qo’y-echki boqmasin. Tasavvur qiling: Bahor! Lolalar hamma tarafda qip-qizil bo’lib ochilgan. Qizg’aldoqlar qir-adirlarga to’shalgan. Yon bag’irdagi Oysharrak bulog’idan sharqirab oqayotgan zilol suvlar soylarga tomon yuguradi. Erta tong. Halima oppoq harir kelinlik libosida ko’za ko’targancha buloq boshiga bormoqda. Mayin tog’ shabadasi sochlarini o’ynayapti. Halima baxtiyor! Lablarida sokin tabassum. Ana! Yuzini muzday suvga chayqayapti. Shu payt men orqasidan boramanu, ko’zlarini yashiraman. Bu men ekanligimni Halima yaxshi bilgani uchun qo’llarini qo’llarim ustidan bosadi. Qalblardagi harorat qo’llarga, qo’llardagi harorat qalblarga o’tadi. Halima o’zini mening og’ushimga tashlaydi. Bir-birimizga termulamiz. “Men baxtliman!” deya pichirlaydi Halima va ko’zlarini yumadi. Men Halimaning qop-qora, mayin sochlarini mehr bilan silayman…
— Bilibsiz! Ko’zlarimni yashirganingizdayoq ko’za bilan boshingizga solib qolaman, — dedi Halima, oz-moz og’rinish bilan.
— Ana sizga buloq!Endi nima bo’ldi?
— Nima bo’lardi. Boshim yorilib, hushimdan ketib, yiqilaman. Halima o’giriladiyu, qattiq dahshatga tushadi, chunki meni qandaydir yovuz niyatli odam deb o’ylagan-da. Tezda boshimni tizzasiga olib, peshanamni tang’iydi. Ammo qon oqaveradi. Nafas olmay yotaveraman. Halima yuzimga suv sepadi, yoqamdan tortib, silkiydi, yum-yum yig’laydi. “Sizki bu dunyoda yo’qsiz, menga yashash na darkor?”, deb sal naridagi tik jarlik tomon yuguradi. Halima o’zini halok qilishga chog’lanayotganini anglaymanu, to’lqinlanib ketaman. (Yolg’ondakam o’zimni o’lganga solib yotgan bo’laman-da.). Tomog’im bo’g’iladi. “To’xta, Halima!” deya hayqiraman. Halima to’xtaydi. Ko’zlariga ishonmaydi. Majoli qurib cho’kka tushadi. Kulib yig’laydi, yig’lab kuladi. Barmoqlarini tishlagancha, titrog’ini bosmoqchi bo’ladi, lekin bosolmaydi. Men ham yig’layman. Hech kim hech qachon meni Halimadek seva olmasligiga hozirgina ishonganim uchun yig’layman. Sal bo’lmasa Halimadan ajrab qolishim mumkinligini anglab yetganim uchun xudoga shukr qilib yig’layman…
Murod bu ertagini ham tugatdi.
— Yozuvchiga o’xshab gapirasiz-a! – Dilorom hayratlandi.
— Aspiranturaga kirishdan oldin muxbirlik qilganman. Halimalarning qishlog’ida ham bo’lganman, — dedi Murod. Nogoh uning nigohi sovuq chaqnadi.
Shifoxona binosiga yetib keldilar. Qizlar hali sayr qilishni istardilar “Unda o’zlaring aylanaveringlar”, deb Murod ichkarig yo’l oldi.
“Demak, xabari bor shekilli”.
Halimaning butun vujudi zirqirab ketdi.

* * *

O’shanda, markazda bo’lgan majlisda Halimani mukofotlashdi. Majlisdan chiqib, Klara, Ismat bilan birga kechqurun restoranga borishdi. Halimaning mukofotini yuvishdi. Halima ham ozroq ichdi. Es-hushi joyida edi. Mehmonxona kelib, Klara ikkovi o’zlariga ajratilgan xonada yotishga hozirlanishdi. Keyin yarim kechaga yaqin “opa chaqiryapti” deb, Ismat Halimani chekkadagi bir xonada Erkin Eshboevichga duch qildi. “Opa” viloyat komsomol qo’mitasining birinchi kotibi edi. U chaqirgan joyga bormaslik mumkin emasdi. Keyin… nima voqea yuz berganini Halima faqat ertalab angladi. Lekin baqirmadi, chaqirmadi, Erkin Eshboevichga yig’lab tarmashmadi. Shunaqa holga tushgan qizlar haqida ko’p eshitgani bois qachondir o’zi ham shu holga tushib qolishdan qo’rqib, hadiksirab yurgani boismi, tushunib bo’lmaydigan bir xotirjamlik va befarqlik bilan kiyimlarini kiyib, ayvonchaga chiqdi-da, panjaraga suyandi. O’h-ho’! To’qqizinchi qavatda… o’zini tashlasachi? Nega? Nima uchun? Kim uchun?

— Ie, Halima!
Halima o’zini tashlamoqchi deb o’yladi shekilli, Erkin Eshboevich jonholatda yugurib kelib, qizning yelkasidan tutdi. Halima bir silkinib o’zini bo’shatdi.
— Esingizni yeb qo’ydingizmi? – Erkin Eshboevich hansirardi. Keyin o’z qurbonining o’ta loqayd, lo’q ko’zlariga qarab, shashtidan tushdi. Qo’lini tortib olib, “sizga nima bo’ldi?” degancha panjara tomonga o’tdi – Halima, siz menga qizim qatorisiz, o’z qizimday… Bilmayman, meni… Xayolimda hech narsa yo’q edi. Sizga hurmatim juda zo’r. Bundan keyin ham shunday bo’lib qoladi. Siz mening gaplarimni eshitishni istamayapsiz. Mayli, bo’lar ish bo’ldi. To’g’risi, oldimdan norozi bo’lib chiqishingizni istamayman. Hozircha siz mana shuni olib keting. Qolganini keyin gaplashamiz.
Erkin Eshboevich qizga bir dasta pul tutqazdi. Halima hamon loqayd ahvolda turgani uchun pulni qanday olganini o’zi ham anglamadi. Qo’lidagi pulga qaradiyu, birinchi marta xo’rligi keldi. Demak… ammo… Erkin Eshboevich yana gapga tushdi. Bir balo qilib, tinchgina qutulmoqchi. Halima tirqirab kelayotgan ko’z yoshlarini ko’rsatmaslik uchun lom-mim demay chiqib ketdi. Xayoliga bir fikr kelgan edi. Shuning uchun to’g’ri Ismatning xonasiga bordi. O’ylaganiday, yo’q ekan. O’zlarining xonasiga o’tdi. Eshikni ancha taqillatishga to’g’ri keldi. Nihoyat sochlarini nari-beri taragan Klara tugmalarining ko’pi qadalmagan xalatining yoqasini g’ijimlagancha, eshikni qiya ochdi. Halima o’zini ichkariga urdi.
Gumoni to’g’ri edi. Ismat shu yerda ekan. Shosha-pisha kiyinardi. Halimani ko’rib, barmoqlarining uchi tugmani qaday olmay, qaltirab qoldi. Halimaning es-hushi joyida, fikrlarini jamlab bir qarorga kelgan edi. O’sha loqayd alfozda ko’zlarini lo’q qilib, bir qadam oldga yurdi. Ismat tisarilib, divanga o’tirib qoldi. Halima qo’lidagi pulni Ismatning tizzasiga qo’ydi. So’ng jomadonini olib, kiyimlarini yig’ishtirishga tushdi. Klara bilan Ismat nima deyishlarini, nima qilishlarini bilishmasdi. Halima esa, go’yo xonada hech kim yo’qday, sochiqni olib, vannaxonaga kirib yuvindi, kiyimlarini almashtirdi. Bu orada ichkarida g’o’ng’ir-g’o’ng’ir ovozlar eshitilib turdi. Klara bilan Ismat nimanidir tortishardi. Halima qaytib chiqqanda ikkovi yana jim bo’lib qoldi. Nihoyat Halima jomadonini ko’tarib, ketishga chog’langanda Ismat chiday olmadi.
— To’xtang, Halima! Bu birgina mening ishim emas! – Ismat yig’lamsiragancha pulni otib tashlab, ko’kragiga mushtladi. – Bo’lib o’tgan gaplarni bilib keting. Men bor-yo’g’i buyruqni bajardim, xolos. Mening hech qancha aybim yo’q. Siz meni tushuning, Halima! – Ismatning ko’zlaridan tirqirab yosh chiqdi.
— Ismat Sa’dullaevich!
— Nima? Nima? Nima?!
Ismat o’girilgancha Klara tomon yurgandi, Klara uni shapaloqlab soldi. Ismat yuzini ushlagancha g’azabi ham, alami ham so’nganday divanga cho’kdi. Halima hali aytilmagan gaplar borligini anglab, to’xtadi. Lekin hech kimdan sado chiqmasdi. Nogahon Halimaning nigohi divanda, polda betartib sochilib yotgan pullarga tushdi. Jomadonini qo’yib, erinmasdan pullarni bittalab terib oldi-da, yana Ismatning tizzasiga qo’ydi.
— Buni anovinga bering! – dedi Ismat jonholatda pullarni Klaraning yuziga otib. – Hamma ishni qilgan o’sha! Menga bunday qaramang, Halima! Qahvaga qo’shib berasiz, deb Erkin Eshboevichga uxlatadigan dori topib bergan ham anovi jalab!..
— Ablax! – Klaraning ko’zlari telbalarcha chaqnab, Ismatning yuziga chang soldi. – Sin jalab! Irkin Ishbaevich jalab!..
Ikkovi jiqqamusht bo’lib ketishdi. Halima tishlarini tishlariga bosgancha tashqariga otildi.

* * *

G’alati yigitning yonida yursang o’zing ham g’alati bo’lib qolarkansan. Halima bu gaplarni aytaman, deb sira o’ylamagandi.

Oradan yana uch-to’rt kun o’tdi. Murod yana avvalgiday parishonxotir holda faqat oshxonada ko’rinar, qizlarga ko’zi tushsa, bosh rg’ab salomlashar, tushmasa, o’zi bilan o’zi band, xayol surardi.
Halima esa… Halima endi… u ham o’zini o’zi tushunmayotgandi. Murod uni yaxshi ko’rmasligi aniq. Shunda ham ko’ngil… Dardlarini dugonalaridan yashirishga urinar, agar davrada Murod haqda gap ochilsa, kulgu bilan qutulardi. Murod esa…
Bir kuni oqshom shifoxona bog’ida sayr qilib yurishganda tasodifan (tasodifmikan?) qarshilaridan Murod bir do’sti bilan chiqib qoldi.
— Mening jondan aziz sevgilim! – dedi Murod qulochlarini yozib. – Nahotki bu siz?! Men sizning dardingizda kuyib kul bo’ldim. Sizni izlab chiqqan edim. Yuring. Hozir hayotimizda ilk visol damlari boshlanadi. Dilorom, siz mening do’stimni ovvutib turing. Bizning Halima bilan ancha-muncha maxfiy gaplarimiz bor.
Murod Halimani yetaklagancha kichik yo’lakcha bo’ylab ketaverdi. Halima qarshilik qilishga o’zida na kuch, na jur’at topa oldi.
— Siz nega doim mendan qochasiz? – so’radi Murod yo’l-yo’lakay.
— Qochgan menmi, sizmi?
— Demak, meni kuzatarkansiz-da!
— Endi siz,.. kasalxonada o’zi bitta yigitsiz, albatta kuzatamiz, — dedi Halima og’rinib.
— Mayli, shunday ekan, bugundan, hozirdan boshlab bir umrga birga bo’lamiz, xo’pmi?
— G’alati gaplar… xuddi bozordan mol sotib olayotganday savdolashasiz, a? – dedi Halimaning ko’ngli buzilib.
Ikkovlon necha marta suhbatlashgan bo’lsa, Murod birinchi marta gap topolmay qoldi. Ular jimgina bog’ning qorong’i, xilvat tomonlariga borardilar. Murodning yuzidagi shod quvonch o’rnini ayanchli ishshayish egallagan, buni Halima payqamas, payqashga urinmasdi ham.
— Halima! – dedi jiddiylashgan Murod to’xtagancha uni ikki yelkasidan tutib o’ziga qaratarkan. Uning vajohati buzilgan, qiz o’zini qattiq sevib qolganini endigina payqayotgan, nimalarnidir aniqlashga urinar, qizning muhabbati uni hangu-mang qilib qo’ygandi. – Men axmoq nimalarni o’ylab… Eh! Nahotki siz meni sevib qoldingiz?
Halima boshini egdi.
— Nimaga javob bermaysiz, Halima? – Murodning ovozi qaltiradi. – Men buni bilishim kerak.
Olisdagi simyog’ochga ilingan elektr chirog’i ikkovi tarafga sal-pal nur taratar, Halimaning yuzi zo’rg’a ko’rinar, kayfiyati qattiq buzilgani aniq edi. Halimaning yelkalari sekin-sekin titray boshladi. Keyin yo’lka o’rtasiga o’tirgancha, tizzalariga boshini qo’ydi. Murod hayron bo’lib, cho’kkaladiyu, qizning boshini ko’tarib, o’ziga qaratishga urindi. Halima uni silkib tashladi. Halima yig’lardi. Unsiz, butun vujudi qaqshab, qaltirab, yig’lardi.
— Iy-e! Sizga nima bo’ldi?!
— Siz? Siz bariga aybdorsiz! Men hali sizni yaxshi ko’rib axmoq bo’lganim yo’q. Sizning nimangizni yaxshi ko’raman? Kandidat bo’lsangiz o’zingizga! Nima qilasiz mendan ko’ngil so’rab? Bari bir ikki dunyodayam menga uylanmaysiz-ku! Qizlar menga “yigiting” deb sizni ko’rsatishayapti. Siz axir mening yigitim emasssiz-ku! Hozir meni poylab keldingiz. Sizni yaxshi ko’rishimni allaqachon bilgansiz. Toqatim toq bo’lganiga ishonch hosil qilib meni qorong’ulikka boshlab keldingiz… Xo’sh, nega indamaysiz? Shumidi maqsadingiz? Shumidi?! Yo yolg’onmi? Siz nuqul qizlarni axmoq qilib o’rgangansiz. Yo meni ham axmoq deb o’yladingizmi?.. Men axmoq bo’lmasam, sizdek ablaxni sevib qolamanmi? Dunyoda yigit zoti qurib ketganmi? Men… eh, sho’rpeshana! Nimaga jimsiz? Nimaga?! Nimaga?! – Halima sakrab turgancha, yigitning yoqasidan tutdi. – Gapirsangizchi axir, Murod aka! Siz indamaganingiz sari men qo’rqayapman. Men axmoqman! Men jinniman! Men sizni yaxshi ko’raman, Murod aka!..
— Halima, Halima!.. – Murod yana nimadir deb g’o’ldirayotgandi, Halima kafti bilan uning og’zini to’sdi.
— Yo’q, gapirmang! Gapirsangiz battar qo’rqaman. Iltimos, Murod aka, gapirmang. Men jinni bo’lib qolayotganga o’xshayman…
— Halima!!!
— Gapirmang! Keting! Ko’rgani ko’zim yo’q sizni! – Halima panjalari bilan yuzini to’sgancha, yana cho’kkaladi.
— Halima, o’zingizni bosing.
— Keting dedim. Shafqatingizga zor emasman. Istamayman,.. bildingizm, istamanman! – Halima o’rnidan turgancha yer depsindi. – Nimaga bo’zrayasiz? Yana ko’z yoshlarimni ko’rmoqchimisiz? Siz uchun yig’lagan men tentak! – Halimaning ko’zlaridan shashqator yosh quyilardi. – Keting axir!.. tinch qo’ying meni, iltimos…
Murod nihoyat boshini eggancha yo’lga tushdi.
— Murod aka, siz nima qilyapsiz?
Murod shoshilgancha o’girildi.
— Nega meni tashlab ketyapsiz? Ket desa ketaverasizmi? Siz axir yigitsiz-ku! – Halima sal yorug’roqqa chiqqan, yig’idan nam ko’zlari baxtiyor chaqnar ediyu Murod chopqillab qaytib keldi.
— Siz haqiqatan ham g’alatisiz, a, tovba! Qiz bolaning ham aytganini qilarkanmi? Ushlang qo’ltig’imdan, ha ana, endi yuring. Gap degan bunday bo’pti-da. Voy tovba-ey! Juda g’alati qizga duch kelib qoldim, deb o’ylayotgan bo’lsangiz kerak, a?
— Halima, men sizga bir gapni…
— Yo’, yo’, gapingiz kerak emas, gapirmang.
— Men bilishingizni istayman! Men uylanganman, axir!
Bir dam Halimaning nafasi ichiga tushib ketdi. Keyin shod kayfiyatini yo’qotmaslikka urinib, yasama quvnoq holda, ammo siniq ovoz bilan dedi:
— Mayli, hech qachon menga uylanmang! Mana shu yurishimizning o’zi men uchun katta baxt!
Ularning yurishi tezlashib, yoruqqa chiqdilar. Dilorom bilan Murodning do’sti bog’ning chetidagi kursida o’tirishgan ekan. Halima yigitni qo’ltig’idan bo’shatdi-da, “yaxshi sayr qiling” degancha sirli, ayni damda ayanchli shivirlab, chopqllagancha Diloromni sudrab ketdi. Palataga kirar-kirmas Halima Diloromni mahqam quchoqlagancha o’paverdi. Tishlab-tishlab o’pardi. Dilorom voy-voylab yulqinar, ammo Halima qo’ymasdi.
— Yeb tashlagim kelyapti sizni! E tavba! Jinniman men, g’irt jinniman! Kandidatni kaput qildim. Bechora mung’ayib qolipti. Men – malades! Zo’rman! Tarjimai holini butkul aytib berishga majbur qildim. Oh! Ta-ra-ram-ram, ta-ra-ram-ram!… – Halima o’yinga tushib ketdi.
Dilorom Halimaning telba-teskari harakatlariga ko’nikib qolgan edi, lekin…
— Siz uni haqiqatan sevib qolipsiz!
— Men sizga nima deyapman, ni-ma de-yap-man?! – Shu topda Halimani mutlaqo tushunib bo’lmasdi. – Men uni emas, u, u meni sevib qoldi! U11
Xonaga boshqa qizlar kirib kelishdi.
— Dso’tlarim! – dedi mag’rur Halima tantanavor, qo’llarini keskin silkitarkan, — men es-hushimni yo’qotdim. Bilasizlarmi, men… jinniman! – Halima o’zini krovatga tashladi. – Bilasizlarmi, sevish qanday yaxshi! Uh nomarlar-ey. Nega indamaysizlar?.. Menga hech narsa kerak emas. Bittang ham kerak emassan! Ketinglar! Hammang ket. – Halima birdan o’kirib yig’lab yubordi. Yuzini yostiqqa yashirdi.
Qizlar hozirgina bulbulday biyron sayrayotgan Halimaga tushunmasdilar.
— Ketinglar, ketinglar! – yulqinardi yig’layotgan Halima. – Tinch qo’yinglar meni. Hammang,.. hammasi… bir go’r! Sevmaydi u meni…
— E, qurib ketsin Murodingiz! – Dilorom achchiqlandi. – Qo’ysangizchi, o’shanga ham yig’laysizmi? Murod sizning tirnog’ingizga ham arzimaydi, kerak bo’lsa… Qizlar, boringlar endi, Halima ozroq dam olsin.
Palatada ikkovlon qolishdi. Halima qimirlamay jim yotar, Diloromning esa yuragi ziq bo’lib ketgan, ammo bir og’iz gap so’rashga jur’ati yetishmasdi. Nihoyat Halima o’girilib, dugonasiga xomush tikildi. Kulimsirashga urindi, ammo ko’zlarida yosh. Cheksiz dard yotardi Halimaning qorachiqlarida. Bu dardlarni So’z bilan ifodalash shart emas.
Muhabbat ana shunday kuchli…
Haqiqiy muhabbat ming yilda bir keladi, deganlari rostmikan?
— Qo’ying o’shani, — dedi Dilorom dugonasini yupatishga urinib. – Dunyoda undan ming karra yaxshi yigitlar to’lib-toshib yotipti.
Halima sukut saqladi. Armon bilan ko’zlarini yumdi. U hozirgi holatida umrini yig’i bilan o’tkazgan, kulish nimaligini bilmaydigan odamga o’xshardi. Murodga ko’ngil qo’ya boshlagandan beri dilining to’rida cho’kib, to’planib yotgan armonlari hozir birvarakay junbushga kelib, Halimani ming bir ko’yga solayotgandi.
— Gapirsangizchi, yuragim to’lib boryapti. Hozir men ham yig’lab yuboraman. Nimaga… g’alati bo’lib qoldingiz? – Dilorom “jinni” deb yuborishiga sal qoldi.
Halima miyig’ida kulimsiradi.
— Uylansang uylan, yo’qsa kallamni garang qilma, menga sendan boshqa sovchi yuborayotganlar ham to’lib yotipti, demadingizmi?
— Bizning bahorimiz o’tgan, — dedi Halima afsus bilan, — o’n sakkiz yoshli qizlar kammi?
— Voy nomard-ey! Hali o’shanaqasidan olaman, dedimi? Unda “nega tiz cho’kding? Nega u gaplarni aytding?”, deb yoqasidan olmadingizmi?
Halima mayus bosh chayqadi.
— Shoshmay tursin, ko’rsatib qo’yaman unga… Mening qo’limga tushadi hali. Uff! Yonib boryapman! – Dilorom shasht bilan ayvoncha eshigini ochdi.
Palataga xushbo’y bahor havosi kirib keldi. May oyining eng latif kechalaridan biri. Shifoxona bo’ylab ekilgan qator teraklar oxirgi to’rtinchi qavatdan ham baland. Daraxtlarning naryog’i bedazor. Yaqinda o’rim boshlanadi. Halimalarning xonasi uchinchi qavatda…
Yuqorigi qavatdan hazin xirgoyi eshitilardi. Ayvonchada tinmay gapirayotgan Dilorom o’girilib dugonasiga qaradiyu,.. Halima jilmayardi.
— Nima balo, rostdan jinni bo’lib qoldingizmi?
— Eshiting, — deya shivirladi Halima, ko’rsatkich barmog’ini labiga bosib shivirlagan ko’yi ayvonchaga chiqarkan.

To’rtinchi qavatda, o’zlaridan ikki deraza narida Murod ayvoncha panjarasiga suyangancha, qorong’ilik qa’riga mayus tikilib, qo’shiq aytardi:

Seni yupatmoqqa jur’at yo’q menda,
Sen mening kechmishim, umrim bo’lagi.

Murod qizlarni ko’rmasdi. O’zicha xirgoyi qilardi. Balki ataylab Halima uchun kuylayotgandir.
— Obbo jinnilar-ey! – Dilorom o’zini to’xtata olmasdi. – Bir sizmi desam, u sizdan battar.
Halima Diloromning gapini eshitmadi. Eshitsa ham e’tibor bermadi. Murod uni…
— Sizlarni tushunmayapman, — ajablandi Dilorom. – Bir daqaqa o’tmaydi – kulasiz. Bir daqiqa o’tmaydi – yig’laysiz.
Murod esa kuylardi:

Yig’lamoq tilarman, qaynab yig’lagin!
Tishlaringni sekin qayrab yig’lagin!

— Ha, do’-o’st! – deya yuqoriga qichqirdi Dilorom. – Juft bo’lsin. Yangilik-ku! Bitta-yarimtasi yurakdan urdimi?
— Ha-da! Oshiq ko’ngil kuylamoq istaydi, — dedi Murod kuylashdan to’xtab. – Bu telba ko’ngil ko’p narsalar istaydi.
— Nimagadir shu ishlaring menga yoqmayapti, — dedi bir joyda turolmay ichkariga kirib chiqayotgan Dilorom. – Siz sog’ligingizni o’ylashingiz kerak. Vrachning gapini unutdingizmi?
“— Siz o’zingizni nihoyatda ehtiyot qilishingiz kerak, — degan edi vrach Halimaga. – Butifos nafaqat o’pkangizga, balki jigaringizga, yuragingizga ham ta’sir qilgan. Sizga qattiq hayajonlanish mutlaqo mumkin emas. Agar aytganlarimni qilsangiz, hali uzoq yillar yashaysiz. Siz hali hayotda nimani ko’ripsiz”
— Halima mayus, parishon kulimsirab krovatiga o’tib yotdi. Dilorom chiroqni o’chirdi.
Halima uxlay olmas, to’lg’anardi. Kechasi bilan Dilorom Halimaning goh hiqillab, goh shivirlab nimalarnidir gapirinayotganini sezib yotdi. Faqat tong oldidan Halima tinchib qoldi.
Tong otdi. Navbatchi hamshira avval palatalarga bir-bir kirib, kimga issiqlik o’lchagich kerakligini so’rab chiqdi, keyin dori tashlab ketdi.
Halima devorga o’girilgancha qimir etmay yotaverdi.
Dilorom yuvinib keldi, oshxonaga nonushtaga borish payti yaqinlashdi hamki, Halima qimirlamasdi. Nihoyat nonushtaga borishga tayyorlanayotgan Dilorom o’z krovatida o’tirib, soch tararkan:
— Turing, ey, oshiqi-beqaror! Murodingiz ko’zlari to’rt bo’lib, yo’lakda sizni kutyapti, — dedi.
Halima qimirlamay yotaverdi. Avvallari Muroddan gap ochilsa, Halima hazilmi, chinmi, tipirchilab qolardi.
— Tursangizchi! – Dilorom cho’zilib, Halimaning yelkasidan tortdi.
Halima shilqillab ag’darildiyu, yarim yumuq ko’zlari shiftga tikilgancha, qotdi. Uning badani daqiqa sayin sovub borar, qop-qora qorachiqlarida hayronlik, hayrat, izirb, alam, “men dunyoga kelib nima ko’rdim?” degan achchiq savol va bilinar-bilinmas tabassum qotib qolgan edi.

BIRINCHI QOR

Habib odatiga ko’ra erta turdi. Derazaning tabaqalarini ochganda palataga gupillab qor hidi urildi. Qor yog’yapti! – Birinchi qor! Oppoq…
U har kuni tongda yuguradi. Chiniqish kerak.
Habib sport kiyimini kiyib, tashqariga otildi. Hovliga chiqaverishda mudrab o’tirgan qorovul chol unga hayron bo’lib tikildi:
— O’g’lim, bugun qor yog’yapti-ku.
— Ota, bir aylanib kelmasam ko’nglim tinchimaydi.
Qorovul chol o’zi shunaqa. Habib har safar ertalab chiqayotganda bir bahonani aytib turadi. Bir «sovuq» desa, ikkinchi gal «yomg’ir yog’yapti», deydi. Habib har safar
shu taxlit javob qaytarib, o’tib ketaveradi. Chol unga qarab qolaveradi: «G’alati yigit!»
Habib yugurishi kerak. Sog’ligiga foydali. Ammo qor ko’p yog’ipti. Sovqotib qolmasmikan? Hechqisi yo’q, bir aylansa, qiziydi.
Qor yog’ardi. Birinchi qor!
Habib sekingina yugurib ketdi. Qor mayin-mayin. Sement yo’lka bo’ylab emas, xuddi momiq ko’rpa bo’ylab yugurayotganday. Qor betlariga, sochlariga uriladi.
Muloyim-muloyim, go’yo suygan qizi erkalayotganday. Habibning zavqi keldi. Qo’llarini yozib, osmonga qaradi. Og’zini kappa-kappa ochib, qor donachalarini yuta boshladi. Badanida rohatli junjikish sezdi-da, yana yugurib ketdi. Qanday yaxshi! Birinchi qor bo’ylab hali hech kim yurmapti. U ortiga qaradi: qorda faqat uning izlari yaxlit-yaxlit bo’lib qolgan.
Gulsara nima qilayotgan ekan? O’rnidan turdimikan? Birinchi qorni ko’rdimikan?
…O’shanda ham qor yoqqandi. Studentchilik. Yigitlik qoni ko’pirgan payt. Habib bir to’da o’rtoqlari bilan ko’chada dilozorlik qilib, to’g’ri kelgan qizga qor otib, iloji bo’lsa, to’xtatib, yuziga ishqayotgandilar. Habib otgan qor nogoh yo’lka chetida borayotgan qizning yelkasiga tegdi. Qiz to’xtab, qorni qoqdi, o’girilib, o’ziga ishshayib turgan allaqanday yigitni ko’rdi-da, hech narsa bo’lmaganday, yo’lida davom etdi. Bu Habibga ta’sir qildi. Qorni dumaloqlagancha yugurib, qizga yetdi.
Yelkasidan tutib, yuziga ishqaladi. Voajab! Qiz na qarshilik ko’rsatdi, na himoyalanib egildi. Yuzidagi qorni osoyyishta artib, Habibga bamaylixotir qarab turardi. Bu ko’zlar: «Bo’ldimi, yo yana boshqa hunarlaring ham bormi?», deb so’rardi.
Qarshilik ko’rsatsa bo’lmasmidi? Dod-voy qilib qochsa bo’lmasmidi? Bu qanday bedodlik? Yigit va qiz. – Habib va Gulsara! Bir-biriga tikili-ib turishardi. Habib qizning chinqirishini, xursand bo’lib o’zini himoya qilishini, hech bo’lmaganda ikkita nordon gap aytishini kutgandi. Agar shunday qilsa, yerdan yana qor olib, o’xshatib, yuziga ishqamoqchi edi. Buning gashti boshqacha-da. Ko’chada ketayotgan qizlarning ko’pchiligi shunaqa qilishadi. Chinqirishadi. Uzoqroqqa borgandan keyin xursand bo’lib, musht o’qtalishadi. Ammo bu qiz…

Qizning yuziga yana qor chaplash uchun ko’tarilgan qo’l asta-sekin yoniga osildi. Mushti yozilib, kaftidagi qor yerga tushdi. Lol bo’lib, qizning ko’zlariga tikildi.
Hayhot! Bu ko’zlarda nima bor? Yigitning yuragiga bir nima qattiq urilganday, vujudi qizib ketdi. Qo’llari qaltiray boshladi. Nimalardir demoqchi edi, ovozi chiqmadi. Tomoqlarigacha qaltirardi. Iljaymoqchi bo’ldi, ammo uddalay olmadi. Yuzi xuddi yig’lamoqchi bo’layotgan kishi holatini aks ettirdi. Qiz esa hamon osoyishta tikilardi. Yigit ko’zlarini olib qochdi. Iy-ye! Habib bunchalar bo’shang emasdi-ku. Unga nima bo’ldi?
Yigitdan sado chiqmagandan keyin qiz asta yonidan o’tib, yo’lida davom etdi. Habib ortidan qarab qoldi. U hozir biron bir jo’yali tadbir o’ylab topishga noqodir edi…

Habib kasalxona atrofini bir marta aylanib chiqdi. Odati bo’yicha yana ikki marta aylanishi kerak. Sochlari oppoq bo’lib qolibdi.
… O’shanda Habib birdan sustlashib, o’ychan keta boshladi. Yugurib yurgan do’stlaridan biri unga qor otdi. Qor qulog’ining tagiga tegib, badanini achishtirdi, ammo Habib qorni hech qanday his-hayajonsiz qoqib tashladi. Nazarida, yuragi birdan bo’shab qolganday. Ilgari ham shunday, yuo’sh bo’lganu, buni o’zi payqamaganday. Bo’sh joyni to’ldirish juda zarur edi, shekilli.
G’ayritabiiy qiz! Ko’zlari sokin qiz! Yurishlari bamaylixotir qiz! Kim ekan u? Yana uchratarmikan? Yo’q. Uchratmadi. Tasodif bilan bir duch keldiyu, Habibning oromi buzildi. Unga nimadir yetishmaydi.
Oradan bir yil o’tdi. Nimagadir Habib nuqul o’sha voqeani, o’sha qizni qayta-qayta eslayverdi.
Yoppasiga rentgen ko’rigidan o’tishayotganda Habibning o’pkasida dog’ borligi aniqlandi. Ana xolos! Soppa-sog’ odamga beting-ko’zing demay, «o’pka kasalsan», desa alam qilarkan. Habibning hech yeri og’rimasdi axir! Bari bir vrachlar qo’yishmadi: kasallik endi boshlanayotgan emish. Oldi olinsa yaxshi bo’larmish. Kasalxonaga tushgandan so’ng ikkinchi kuni unga dori yozishdi. Ruhsiz bir holatda kechki ovqat oldidan dori olish uchun hamshiraning xonasiga kirdi. O’z xayollari bilan bo’lib, uzatilgan dorini olgancha, iziga burilgandi…

— Shu yerda iching!
Habib hamshiraning ovozini eshitdi-da, boshini ko’tardi. Ko’tardiyu, vujudiga nimadir yugurib, qizib ketdi. Qo’llari bemajol ikki yoniga osildi. Mushti yozilib, kaftidagi dorilar polga tushdi. Hamshira unga sinovchan tikilib turardi. Yigit va qiz! – Habib va Gulsara! O’sha! Yuziga qor ishqalagan qiz! Hamshira ekan-a!
Qanday yaxshi! – Habib titrardi. Butun borlig’i titrardi.
— Sizga nima bo’ldi? – yeb so’radi qiz. U hayron.
Yigit o’ziga kelib, egilgancha, dorilarni tera boshladi.
— Tashlang endi. – Qizning mehribon va daldali ovozi eshitildi. – Boshqasini beraman.
Habib qaddini rostladi. Hamshira unga yangi dori tutdi. Olayotib, kafti kaftiga tegib ketdi. Birdan… birdan Habibning yuragidagi bo’sh joy to’lganday bo’ldi.
Hayajoni kuchaydi. Ammo qiz beparvo. Bir-ikki marta ajablanib qarab qo’yganday bo’ldi: «G’alati yigitga o’xshaydi. Buncha qizarib-bo’zarmasa…»

Habib hayron. Qiz uni tanimadi. E’tibor bermadi. Ismi Gulsara ekan. Barlos qishlog’ida yasharkan. Kechki navbatchilikka har uch kunda bir kelarkan.
Habib endi har safar intizorlik bilan Gulsaraning navbatini kutadi. Qiz tanimagandan keyin u ham hech narsa deya olmadi. Aloqalari rasmiyligicha qolaverdi.
Qachon u kelsa, Habib dori ichishga intiq. Bir necha daqiqa Gulsaraga tikilsa, kifoyaday tuyuladiyu, ammo dorini ichib chiqib, o’zidan qoniqmay, yana Gulsarani ko’rgisi kelaveradi. Qaytib kirishga istihola qiladi-da, koridorda devorga suyanib turaveradi. Turaveradi, turaveradi… To hamshira bir ko’rinmaguncha hech yoqqa ketmaydi. Agar chiqsa, go’yo o’zini unga e’tibor bermayotganday ko’rsatishga urinadiyu, bari bir…
Habib kasalxonani ikkinchi marta aylanib chiqdi. Harakati yengillashib, yanada tezroq yugurdi. Sochlari oppoq qor. Kim aytadi uni sil kasal deb? Sil kasal shunday yugura oladimi? Hali vrachlarga sog’ligini isbotlaydi. Shoshmay turishsin. Habib endi ancha tez yugursa-da, hamon burnidan nafas olishga harakat qilardi.
Oxirgi ikki yuz qadam qolganda og’zini ochdi. Nafas olish juda osonlashib, og’riyotganday bo’layotgan oyoqlari yengil ko’cha boshladi. Oxirgi yuz qadamni, xuddi ikkinchi nafas yo’li ochilganday, juda tez yugurib o’tdi.
Yugurishdan keyingi maxsus mashqlarni bajarib bo’lganida Habibning yuzida ter tomchilari paydo bo’lgandi. Yo’lakda bir-ikkita odam boryapti. Telpak, pal`to kiyib olishgan. U esa sport pidjagini ham yechib tashladi. – Juda issiq! Badanini ushlab ko’rdi – suv bo’lib ketibdi. Yuziga, bo’yniga, bilaklariga, ko’kragiga qor ishqaladi. Qani endi, hozir Gulsara ham yoniga yugurib kelsayu, ikkovi qorbo’ron o’ynashsa. U qarshilik ko’rsatsa. Kulsa. Qochsa. «Akajon, boshqa kerakmas, bo’ldi,
qo’ying!», deb yalinsa. Mushtoq va mehribon ko’zlarini tiksa. Habib ham qo’lidagi qorni yerga tashlab, qizga tikilsa. Sinovchan ko’zlariga to’yib-to’yib boqsa. Dori tutgan qo’llarini uzoq-uzoq ushlasa. Uning harorati bunga o’tsa. Buning harorati unga o’tsa. Bab-barobar hayajondan qaltirashsa. Bab-barobar bir-biriga intilishsa… Faqat ikkovi bo’lsa. Yigit va qiz! – Habib va Gulsara! Sevgiga tashna yuraklar! Ular visolni kutadilar! Shirin damlarni kutadilar! U damlar kelarmikan? ..
Gulsara kecha kechqurun navbatchilikka kelgan edi…
Habib o’zini qorga tashladi. Keng peshanasini qorga bosib, bir dam o’ylariga orom berdi va!.. Topdi! – Habib quvonib ketdi. – Birinchi qorni sovg’a qiladi.
Sevgilisiga! – Gulsaraga! O’sha damlarni eslatadi…
Qo’lida bir hovuch qor bilan hamshira xonasi yonida Habib paydo bo’ldi. Yuzi hovriqqan, namlangan, sochidagi qorlar erib, yuziga sizyapti. Yuragi gursillab urayotgani ko’p yugurganidan deyish mumkin. Aslida visol damlarini kutib, iztirobga tushayotganidan.
Ana! Eshik ortida u istagan qiz bor. – Gulsara! Men keldim!
Habib eshikni taqillatdi. Ichkaridan javob eshitildiyu, ostonada hamshira paydo bo’ldi. – Gulsaraning dugonasi, ular birga navbatchilik qilishadi. Hamshira yigitning besaranjom harakatlaridan kulgisi qistab, bir yuziga, bir qo’lidagi qorga tikildi.
— Iltimos, Gulsarani chaqirib yuboring.
— Gulsara ketgan.
— Kechqurun shu yerda edi-ku!
— Kechqurun shu yerda edi. Tong azonda ketdi, – dedi hamshira zarda qilib. – Yana savollar bormi?
Habib qo’lidagi qorni ezg’ilagancha, iziga qaytdi. Uzun koridor bo’ylab, qordan sirqigan suv tomchilari yo’l bo’ylab borardi. Xuddi kimningdir alamli ko’z yoshlaridek.
Gulsara uch keyingi navbatchiligiga kelmadi. Bir haftadan keyin ham, bir oydan keyin ham…
Gulsara qandaydir bir shofyor yigitga erga tegib ketgan emish…

Yozuvchi haqida

029 Abulqosim Mamarasulov 1958 yil 5 fevralda Samarqand (hozirgi Jizzax) viloyatining Bulung’ur (hozirgi Baxmal) tumanidagi Barlos qishlog’ida tug’ilgan. Alisher
Navoiy nomli Samarqand Davlat universitetining rus filologiyasi fakultetini tugatgan (1979). «Suyunchi» (1982), «Hayotning bir lahzasi» (1985), «Sen uchun
yonib» (1988), «Barlos qishlog’ining zumrad tonglari» (1990), «Sevishganlar» (1992) kabi asarlari nashr etilgan.

(Tashriflar: umumiy 255, bugungi 1)

Izoh qoldiring