Ahmad A’zam. Xotira mavjlari & Ro’yo yoxud G’ulistonga safar. Roman

2828 июнь — Ёзувчи Аҳмад Аъзам туғилган куннинг 70 йиллиги

   Аҳмад Аъзам умрининг сўнгги йилларида «Рўё ёхуд Fулистонга сафар» деган роман ёзди. Адибнинг яхши-яхши қисса ва ҳикояларини билар эдик, аммо бу асари бўлакча — ғаройиб эканидан ҳайратга тушдик. Туғилган куни арафасида ёзувчининг олтмиш йиллик умрнинг кўп ўй-кечинмаларидан нақл қилинган ана шу асар бошланмасини сайтхонларимиз яна бир бор ўқисин деб ният қилдик. Саҳифа якунида асарнинг тўлиқ матни ҳам илова этилди.

Аҳмад Аъзам
ХОТИРА МАВЖЛАРИ
007

044Аҳмад Аъзам – ёзувчи, мунаққид, сценарист, таржимон, тележурналист. 1949 йили Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган.1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори,. “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган. Аҳмад Аъзам 2014 йил 4 январь куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

007

Кечалари безовталанаман. Калламда шовқин туради. Айниқса, эл ухлаб, ҳаммаёқ тинчиганда кучаяди. Ётолмайман, аллақандай шивир-шивир, узуқ-юлуқ сурнай оҳанги, жуда олисдаги гавжум бир бозорнинг ғала-ғовури келади. Шу ерда ётганим кўйи яна аллақандай издиҳомга аралашиб юргандек бўламан. Кундузги шовқин худди тошқин сувдек калламга кириб ўтиб кетаётганда, унинг ҳар жой-ҳар жойдаги чуқурчаларида қолиб кетгану энди шу лойқа кўлмаклар шилпиллаётганга ўхшайди. Кечалари кундуз давом этаётгандек…

Ухлаб, ухладимми-уйғоқманми, билмайман: баъзан одамлар шундоқ қулоғим тагида гаплашаётгандек, атайлаб, мен ётганимни билиб, тепамда шанғиллаб туради. Fовур-ғувур, ғўнғир-ғўнғирнинг ичида бошим итирқин, алла-паллага бо- риб ниҳоят уйқуга кетаман. Кундузи ланж, гарангсиб уйғонаман, юрагим ўйнаб туради, лекин қулоғимдаги шовқин йўқолган. Эрталабки офтобдан қийналаман, кўзим ачишиб ёшланади, ичим дирдираб юраман. Чошгоҳларга бориб, аччиқ чой дамлайман-да, бостириб-бостириб ичаман, чанқовим босилиб, бошим терлайди, сочим жиқ-жиқ ҳўл бўлади. Шундан сўнг ўзимни яна одамдек ҳис қиламан, дунё билан одамдек тиллашаман. Ҳангомалашишни яхши кўраман, шунданми, кўп гапириб юбораман. Ҳаяжон билан, худди ҳамсуҳбатларим эшитмай кетиб қоладигандек, илҳомланиб гурунг бераман. Аср вақтига бориб, бошим сал-пал айланаётганини туяман. Тамакидан дейман, рост, қанча чексам, шунча ёқмай қолади, аммо шу бемаза аҳволдан қутулай деб яна чекаман. Бирдан толиқаман, юриб юролмайман, ётиб ётолмайман. Китоб ўқий олмайман, телевизорга қараб юрагим сиқилади, каналларини алмаштиравераман. Ётишдан юрагим безиллайди — яна бошланади: босиқ ғовур, ғўнғиллаш, кимлардир паст товушда тинмай шанғиллайверади, одамзоднинг майда гапи сира тугамас экан, деб эзилиб ётаман.

Тушларим ҳам алоқ-чалоқ: кундузи нимани кўрсам, ким билан гаплашсам, нимани тортишган бўлсам, ҳаммаси тўппа- тўғри тушимга кўчиб ўтади, тағин денг, бунинг туш эканини билиб ётаман, била туриб ҳам, тушимда яйраб юролмайман, кундузи гапимни ўтказолмаганлар билан яна айтишаман, бўғиламан, асабим бузилади, кейин тушим ҳам ўзгаради: хотиним, болаларим борлигини билиб ётган ҳолимда ҳали уйланмай юрган йилларимга тушиб қоламан, машинамга ўтираман, лекин уни ҳайдай олмай, қандай юрғизиш керак эди, деб бошим қотади, машинанинг ўзи юриб кетади, мен уни бошқаролмайман, чунки оёғим қимирламайди, тепинаман-да, илкис уйғонаман, чунки оёғимга кўрпа ўралиб қолган бўлади. Баъзан қийналиб кетсам, тушимдаёқ уйғониб оламан, давомини кўриш азобини ўзим тўхтатаман. Йўқ, ҳалиям туш кўраётган бўламан, лекин тушимда “Ҳа! Ҳа! Қани, очдик!”, деб бир силкиниб, кўзимни мажбурлаб очаман.

Бир тушни бот-бот кўраман: ўн беш йилча бурун Жарариқда бир кампирнинг ҳовлисида турганман. Кампирнинг ўзи бу ҳовлига девор-дармиён қизининг уйида яшарди. Ўзининг ҳовлисига, яъни биз турган жойга камдан-кам ўтар, ижара пулини ҳам қизиникига чиқариб юборар эдик. Ким билсин, кампир пулга муҳтож эмас-у, шунчаки ҳовли ҳувилламасин, чироғи ёниб турсин дер эдими. Лекин бир қиз невараси бор эди, мени ўлгудек ёмон кўрарди, қўнғироқни босиб, тақиллатиб, хуллас, амаллаб дарвозасини очдирганимда бошини чиқариб нима гаплигини сўраш ўрнига “Ҳа-а!” деб шундай бақирардики, худди мен кампирни ўлдиргани келганману бу мегажиннинг эррайими мени фош қилиб қўйгандек, юрагим ёрилиб кетай дерди. Кампирнинг неварасини кейин ҳам унда-бунда кўриб қолсам, мазам қочарди, ўша қўрқув ҳали-ҳануз юрагимдан чиқмаган…

Шу ҳовли ҳадеб тушимга киради, яъни бошқа жойга кўчганимда неча ойликдир ижара пулини бермаган бўламан-да, ич-ичимдан эзилиб ўйлайвераман, ўйлайвераман, кампирни ахтариб боришни ният қиламан, лекин орадан шунча йил ўтган, Жарариқ бузилиб, у ҳовлининг ўрнига ҳам кўпқаватли уй тушган, кампир қизи билан кўчиб кетган, қизининг уйини топсам, кампирнинг ўзи борми ё ўтганми, эшигини тақиллатсам, яна ҳалиги невара чиқиб бақиради деган хавотир, хуллас, у ёқдан ўйлаганда ҳам, бу ёқдан ўйлаганда ҳам, чора- ечими йўқ эзгин бир хаёлда ётавераман. Қизиқ, балки ижара пулини баъзан ўз вақтида бермагандирман, лекин бирон марта еб кетганим йўқ, охирги марта, кўчиш олдидан, кампир билан ҳисоб-китоб қилиб, дуосини олганман, мени ёмон кўрадиган неварасига ҳам бирон ёмонлик қилмаганман, нега шунча йил ўтиб ҳам худди кампирга ижара пулини тўламай қочиб кетгандек туш кўраман — ҳайронман; гоҳида уйғониб ўйлайман, балки арзонгаров тургандирман, қарздорлик ҳисси шундандир дейман, қиз невараси мени бунча ёмон кўришига келсак… у мени яхши кўрган бўлса керак, яхши кўришини ўзи ҳам англамай, атайлаб, жон-жаҳди билан ёмон кўраман деб ўйлаган бўлса керак, дейман. Шуниси тўғрироқ чиқар, бўлмаса, нега бунча танлаб, ашаддий, ўқрайиб ёмон кўрган мени? Ҳарқалай, шу пайтгача ўша невара қизнинг ўзи эмас, ундан қолган қўрқувнинг тушимга кириши бежиз эмас. Кейин, тўғрисини айтсам, бир марта шундай бўлган ҳам, лекин бу ҳеч тушимга кирмайди.

Автобусда бир қиз билан айтишиб қолдим. Одам кўп эмас, лекин ўтиргани жой йўқ, туриб кетаётган эдим, қизни кўрганим ҳам йўқ, у бирдан менга: “Сен йи- гит ўлгур, нега менга бақраясан? Мен сенга томошақовоқми?”, деб сенлаб қичқириб қолса бўладими. Довдираганимдан: “Қачон қарадим, синглим?”, дея олдим, холос. “Қарадинг! Мана, қараяпсан-ку! Қараб турибсан-ку!”, дея шанғиллади яна. Атрофдагилар ҳам анграйиб менга қаради, лекин биров оғиз очмади, барибир жуда ўсал бўлдим, менга ғирт бегона бир қиз, илгари сира учратмаганман, автобусга чиққанда ҳам кўзим тушмабди, бирортасига ўхшатдими, бало-қазодек ёпиша кетди. “Э, бор-э!” деб юзимни зўрға буриб олдим. “Ҳа, энди кўзингни яширасанми? Ҳе шу кўзинг гўрда чирисин!”, деб тағин қарғашга тушди. Ёмон уялдим. Миқ этмадим, индаганимда ҳам бунга бас келишим амримаҳол эди. Ёнидан ўтаётганда қўл- пўлим бирон жойига тегиб кетдимикан десам, у орқа эшикдан чиққан, мен олдинги эшикдан. Яхши ҳамки, тушадиган бекатим келиб қолди. Буни қарангки, у ҳам ўрнидан турди, бекатимиз битта экан, биздан бошқа ҳеч ким тушмади. Автобус жўнади, бекатда икковимизгина, у менга тескари қараб турибди, кетишга шошмаётгандек назаримда. “Ўв синглим, жуда кўзим гўрда чиригулик нима ёмонлик қилдим сизга?”, десам, ялт этиб қаради-да, бирдан кўзлари ёшланиб: “Ҳа, нима қилай сизни яхши кўрсам? Эрим бўлса, у асли сиздан яхши! Мен эса сизни яхши кўрсам, хўш, сизни қарғамай кимни қарғай, қани, ўзингиз айтинг-чи?”, деса бўладими? Нима дейман, кўнглимдаги хўрланган ғурур билан тош қотиб қолавердим, у эса менга қараб турди-турди-да, шахт бурилиб, ўша мендан беҳроқ эрининг олдига жўнаб қолди. Тим қора кўзлари ўт, қадди сарвиравондек, ўзи ҳам чақнаб турган бир аломат жувон экан. Тилимга “Хайр!” деган калом ҳам келмади. Кампирнинг невараси ҳам балки муҳаббатини шундай изҳор қилгандир, лекин у сира тушимга кирмайди, ижарада турганим, кўнглимдаги қарздорлик ва ўша қиздан қўрқув туйғусининг ўзини ҳис этиб ётаман туш кўрганимда.

Баъзан жуда ёрқин, ажойиб тушлар кўраман, уйқуда кўтарилиб, баҳаво кенгликларга чиқиб кетганимни билиб ётаман. Оҳ, маза, тушим узилмасин, ишқилиб, охиригача кўрай деб, юзимни парёстиққа қаттиқроқ босаман, билиб туриб уйғонмайман, баъзан ҳатто уйғонсам ҳам, чуқур нафас олиб, ҳозиргина кўрган тушимни эслайман-да, келган жойидан давом эттираман.

Мана, биттасини айтай. Тушимда кўп иззат-ҳурмат билан Қашқадарёнинг қаеригадир борибман. Тоғ этагидаги бир қишлоқ, кулоллар яшармиш. Ўрта — сойлиқ, бир томони бир-бирига маташиб, худди расмларда кўрганим — Кавказдагидек устма-уст қурилган уйлар, бу томонидаги тоққа туташ адирнинг усти аралаш-қуралаш пасту баланд хумдон! Ҳамманинг ўз хумдони бор, жуда кўп. Мени уйлар орасидан олиб ўтиб, қишлоқ гузаридаги чойхонага бошладилар. Чойхона дарахтлар тагида, шифтини қурум босган, ўчоқлардан чиққан шекилли, кейин бу бирдан клубга айланди, кўп одам тўпланган, мен билан учрашув бўлганми, ишқилиб, одамларнинг иззат-ҳурматини сезиб ётибман, туман ҳокими ёки пойтахтдан борган бирор амалдорга билдирилган эътибор эмас, йўқ, қандайдир самимий, тоза, инсоний, манфаатсиз бир эҳтиром эди бу; ўзимга ҳам сал ноқулай, лекин қушдек енгилман, дил яйрайди. Бир вақт яна орқага қайтаётиб қарасам, осмонда оппоқ булут, оппоқми ё кулрангроқми, ишқилиб, жуда тепада, булутлар орасида елкасида кетмон, эшагини етаклаган одам учиб юрибди, яъни осмонда бемалол юриб кетяпти эшак етаклаб! Нарироқда яна бир одам, белидан юқориси кўринади, чайқалишига қараганда, у ҳам осмонда. Кўнглим… боя ичдан яйрайди, деганим ҳеч гап бўлмай қолди, жуда ёришиб кетди. Гўзал туйғулар чулғади. Одамлари осмонда худди ердагидек бемалол юрадиган шунақа жойлар бор, буни кўриш менга насиб қилди, деб роса қувониб кетдим. Кўнглимнинг бир чеккасида булар қандай қилиб осмонда юрар экан деган жичча қизиқсиниш бор, яна нега шу пайтгача буларни газетга ёзишмабди, сайёҳларга кўрсатишмабди, бизникиларга фақат пахта бўлса бас, деб жиндай яниш ҳам бор-у, лекин ўзим шунга гувоҳ бўлганимдан, газетчилар бундан бехабарлигидан хурсандман. Ёнимда бир- иккита одам бордек эди, улар осмондагилар билан шунчаки бош ирғаб саломлашиб қўяди, осмондагиларнинг саломидан менга ҳам тегди, шундан билдимки, булар ҳам истаган вақтда, йўлни қисқа қилиш учунми, ё шошилиб турсами, тўппа-тўғри осмонга чиқиб, борар манзилига кетавераркан. Шунақа самимий бир ҳайрату завқ билан томоша қилиб бораётганимда, осмонда фақат одамлар эмас, хумдоннинг мўрисини, тўғрироғи, ярмидан кўпроғини кўрдим. Хумдон — осмонга қурилган! Ёнимдагилардан: “Осмонда бемалол юришингиз-ку майли, лекин нега хумдонни ҳавога қургансиз?” деб сўрашга чоғланаман, лекин шундоқ ажойиб фазилатлари бор, яна мени меҳмон деб иззатлаб бораётган одамларнинг ҳурматини қилай деб гапирмайман. Ичим қизигандан қизийди: тоғда яшайдиган одам тоққа ўрганиб қолади, гулзор ичида яшайдигани дунёни бир гулзордек кўради, дунёдаги энг сулув, энг ҳусндор, энг кўркли қизга уйланган йигит унга оддий хотинга қарагандек қарайди, ўзини ҳам ҳамма қатори оддий бир эр деб билади, “Ҳей, бу гўзаллик, бу ноёб ҳодисаларнинг қадрига етмайсизми, ўзингизга шунчаки бир одам деб қараётганингиз нимаси, нега ўзингизни оддий одам қаторига туширасиз?”, деб шодон қичқиргим келади буларга. Ҳали уйғонсам ҳамгапларимга айтиб бераман, деган фикр ҳам бор тушимда. Кейин тушим сал ўзгариб, бу жой Қашқадарё эмас, Фориш тоғидаги бир қишлоқ бўлиб чиқади. Бу ерга келганимнинг сабаби ҳам саёҳат эмас, асли бу ердаги одамлар — она томондан қариндошларим, узоқлашиб кетган хешларимни ахтариб келган эканман, менга бўлган эътибор ҳам шундан экан. Бир уйга кириб чиқдик, ўртада балки бир уйғонган бўлсам керак, осмон тоза, булут ариган. Қарасам, боя эшак етаклаб осмонда юрган одамнинг ўрнида тиккалаб кетган баланд тоғ сўқмоғи, ҳали ҳам одамлар юрибди, бирови қўлида ўроқ тутиб, бирови елкасига арқон ташлаб, бирови ўтин елкалаб тушяпти. Шунда билдимки, боя кетмон кўтариб, эшак етаклаб учган одам менга булутнинг ёриғидан кўринган экан! Ҳалиги хумдон ҳам бошқа хумдонлардан баландда тургани, пастини ҳам, тепасини ҳам булут босгани учун менга осмонда муаллақ туюлган экан! Баттар завқим ошди. Ростдан! Ҳафсалам пир бўлгани йўқ, аксинча, фавқулодда бир манзара бўлиб кўринди-да! Фавқулоддалиги шундаки, асли қиялаб кўтарилиши керак бўлган тоғ тиккароқ келган, одамлар ҳам, хумдон ҳам менга жуда яқин кўринган эди. Кейин тушим яна давом этдими, эсимда йўқ, лекин эрталаб хуш кайфиятда уйғондим, ҳалиги кишиларнинг кўрса одамнинг ғурури тошадиган шундай гўзал маъвода яшаётганидан, у ерга борганимдан кўнглим ҳали ҳам ёришиб турган эди. Ишга ҳам хуш кайфиятда бордим, ҳамкасбларимга нуқул яхши гапиргим келаверди, улар ҳам, катта-кичик ҳаммаси шу кун менга яхши муносабатда бўлди, ҳатто мен билан сўзлашишни ўзига эп кўрмайдиганлари ҳам, жилла қурса, илиқ қараб қўйди. Шу-да, сен яхши — олам яхши, деб бекорга айтилмаган. Ҳалигача шу тушни эсласам, аллақандай бир тафтни ҳис этаман: бизда шундай маъволар борки, у ердаги қишлоқларнинг одамлари самода ҳам худди ердаги каби бемалол юргандек, хумдонларини булутларнинг ичида — ҳавода қуриб, сопол лаганларни ўша хумдонларда пишириб, кейин шу лаганларга сузилган ошни ўртага қўйиб, ҳавода муаллақ ёнбошлаб, гурунг қуриб ётгандек, ана шундай осмон одамлари менинг олис қариндошларим, нуроний тоғаларим жойнамоз — оппоқ булутлар устида намозларини адо этаётгандек бўлиб туюлади. Шунақа жаннат тушларидан кейин бу ёққа қайтиб ҳам уларни кўришга интиқ бўлиб юраман.

Шу соғинч билан тушимдан уйғондиму эсимдан чиқиб қолмасин деб, кундаликка туширдим. Вақти келиб ҳикоя ёзарман, деган эдим, аммо кейин шундай тушни қоғозга исроф қилишга қизғандим. Қизғанмаганимда ҳам ёза олмайман, ўзи ёзмай қўйганимга кўп бўлган, уйга қамалиб ўтирибман. Мени билган битта- ярим кўчада учраб қолса: “Кўринмайсиз? Жа уйга қамалиб олиб ёзяпсиз шекилли?”, дейди. “Қаёқда!” Ёзаман деган ўй кўп, режа бисёр, лекин чиқмайди. Ёзишга ўтираман, қоғозга бир-икки жумла тушираман, ўхшамайди. Бир куни “Викинглар” деган кинога тушдим. Яхши кино экан, таъсирланиб кўрдим. Кино тугади, шифтдаги чироқлар ёнди, доимгидек босинқи ғовур кўтарилди, ўриндиқлар орасидан ёнлаб чиқишга бораётганимизда қиз боланинг шодон қичқириғи эшитилди: “Вой, бу кимнинг сумкаси?”. Ҳамма ўша ёққа — тепага қаради. Қиз, йигити ёнида бўлса ҳам, унга бояги қичқириғидан пастроқ, лекин ҳамон баралла овозда гапирди: “Қаранг! Биров қолдириб кетибди!”. Қиз йигитнинг ортида, сумка эса йигитнинг олдидаги ўриндиқ бурчагида турарди. Йигит сумкани олиб, “Ҳой, кимники бу?”, деди. Олдиндаги бир йигит орқасига ўгирилиб, сумкага кўз ташлади-да, яна олдинга қараб: “Ҳэ-э, Сано!”, деб чақирди. Йигитнинг олдидаги қиз унга қаради. “Сумканг қолиб кетяпти-ку”, деди йигит. Негадир йигит дастлаб сумкага қўл чўзмади. “Вой-й! — Сано — Санобарнинг товушида таҳлика бор эди.

— Оберинг! Оберинг!”. Йигит сумкани бу йигитдан олиб, унга узатди. Қизнинг ёнида яна икки дугонаси бор эди, энг олдиндагиси ўгирилди: “Ҳа, Сано?”, деди талмовсираб. “Вой! Сумкам қолиб кетяпти экан!”, деди қиз. “Во-ой! — У қизнинг талмовсираши ваҳимага айланди. — Вой, Сано-ей!”. Қолиб кетаётган сумкани кўрган қиз эса тинмай йигитига бидирлайди: “Қарасам — сумка ётибди! Кимники деб ўйладим! Шундай, бурчакка тиқилиб ётибди. Биров унутган деб…” Йигити эса негадир хижолат бўлиб, ҳаммадан кўзини олиб қочади. Учинчи қиз паришон, юзида ачинишми, таассуфми, ишқилиб, шунга ўхшаган ифода, сумкасини топган қиз эса негадир унинг олдида ўзини гуноҳкор билиб, “Кинога эсим кетиб…”, деб нуқул ўзини оқлайди, сумкани бағрига маҳкам босади. “Сано!” деб қўрқиб кетгани эса сумкадан кўз узмайди. Энг биринчи қиз ҳамон гоҳ қизларга, гоҳ уларнинг ёнидаги йигитга аланг-жаланг қарайди-да, ўзининг йигитига бояги гапини қайтаради: “Шундай бурчакда ётибди-я! Кинога кирганда ёнига қўйгану тураётганда унутган…” Уч қизнинг ёнидаги йигит ниҳоят уларнинг эсига келмаган гапни айтди: “Раҳмат!”. Ҳалиги қиз эса маъюсланиб: “Шундай қарасам!.. Ўрнимдан тургандан кейин бирдан кўзим тушди”, деб яна такрорлади.

Шундан ҳикоя чиқармоқчи бўлдим, ҳар хил руҳий ҳолатни ўйладим:

а) қиз кино таъсирида ўзи ҳам кутмаган ҳолда яхшилик қилиб қўйиб, кейин кўнглининг туб-тубида, айтмай, билдирмайгина ўзим олсам бўлар экан дедими; йигити эса буни сезиб, ундан ўзини узоқроқ олиш пайига тушдими;

б) қиз сумкада қимматбаҳо нарса бор деб ўйладими ёки ўзи қилган яхшиликдан ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетиб, буни бошқалар унча қадрламагани учун ҳадеб бир гапни қайтаряптими, йигит асли қизни алдаб юрган бўлиб, энди шундоқ яхши қизнинг олдида ўзининг тубанлигидан уялиб кетдими;

в) “Вой, Сано!” деган қиз сумка йўқолмаганидан кўра, дугонасининг паришонлигидан хурсанд, униси эса ичиқоралигини яшириш пайида, ҳатто йигит ҳам сумкасини қолдирган қизга ўзини бегона кўрсатмоқчи, бўлмаса, уч қизнинг ичида юрадигани шу қиз.

Хуллас, у ёғини-бу ёғини ўйладим, икки йигиту тўрт қиздан ҳар бирининг ўз фикри, ўзича муносабати бор, шунда ҳам ҳеч бировининг ичи ташига тўғри келмайди. Яхши бир ҳикоя чиқиши мумкин эди, лекин кўнглим сезиб турибди- ю, бир якун ўйласам, унга акс бошқа бир хулоса келиб чиқадигандек туюлаверди. Кейин ёзганимда ҳам “Хўш, нима бўпти? Битта сумка йўқолганига шунча гапми?” деган савол кўндаланг чиқаверди. У вақтлар ҳар бир ёзган нарсангиз моҳиятида катта ижтимоий мазмун, ибратли бир сабоқ бўлиши шарт эди. Мен бир ҳикоямни пьесага айлантирганман. Унда иккита аспирант қизнинг стипендиясини бошқа бир қиз ўғирлайди, Мусо деган бир йигит учта аёлни уюштириб, уни фош қилишга киришади, лекин қўлидан ҳеч иш келмайди, ҳаммаси ўз ҳолича қолади, институтдаги ҳаёт илгаригидек давом этаверади. Воқеа жуда қизиқ эди, бир-иккита режиссёр ўқиб, саҳнага қўйса бўлади, оригинал, деди, вазирликда бир бошқарма бор экан, пьесаларни бор ёки йўқ қиладиган, шу ерга берсам, у ердагилар бир устоз танқидчига оширибди, устоз танқидчи: “Муаллиф танлаб олган воқеа жуда арзимас, унинг асосида кўпчилик диққат-эътиборини жалб қиладиган асар яратиш қийин…” қабилида тақриз ёзибди. Шундан бери кўрган-билган воқеалар замиридан катта ижтимоий мазмун ва улкан ижобий ибрат чиқмаса, уларни ҳикоя ё қиссага айлантиришни ўйлаб кўрадиган бўлдим. Тўғрироғи, ҳали ҳам ўйлаб кўряпман, ёзмаяпман. Кўп ажойиб, баъзан ғаройиб воқеаларга дуч келаман, азбаройи ижтимоий мазмунсизлиги, замиридан катта хулосалар чиқмагани учун, ёзмайман, дўстларимга оғзаки айтиб бераман. Ҳаммаси эшитган, баъзиларини қайта-қайта тинглаган, лекин димоқ чоғ, кайфият зўр пайтлари: “Ҳалиги, бор-ку, шуни айтиб беринг”, деб илтимос қилиб қолишади. Гоҳ баъзилари: “Йўқ, сиз яхши айтолмаяпсиз, олдин айтганингиз бошқача эди, мана, ўзим худди шундай қилиб айтиб бераман”, деб ҳикоямни оғзимдан олиб қўяди. Шу ҳикояларим билан ҳангома қизийди. Ҳикояларим ҳар хил, ҳаммаси ҳаётдан олинган, лекин ҳаммасини ҳам ёзиб бўлмайди, чунки “талаб” даражасида катта ижтимоий мазмун йўқ, социал буюртмага тўғри келмайди. Лекин, қизиқ, тушунмайман — мазмуни саёзроқ, воқеаси ҳам анчайин, чуқурроқ хулосаси бўлмаса ҳам, одамлар маза қилиб эшитади. Ўзим ҳам айтишни яхши кўраман. Ё ўзим саёзроқманми, деб ўйлаб ҳам қоламан баъзан.

Кейин баъзи воқеалар бўладики, уларни фақат айтиб бериш мумкин, ёзиб ўтиришга ярамайди. Мана, биттаси. Бир куни Отчопар бозоридан чиқиб келаётсам, қора кучукчани бағрига босиб олган бир ўрис кампир олдимни тўсиб: “Эй, тўхтанг, яхши одамга ўхшайсиз, юзингиз шундоқ очиқ экан”, деди. Ҳозир тиланади, деб ўйладим. Бозорчилар ҳам безор қилиб юборди ўзи. Кампирнинг кийимлари сал абгорроқ эди. Кучугини менга узатиб: “Шуни олинг!”, деди илтижо қилиб. “Э, йўқ, кучукни бошимга ураманми?”, деб ўзимни тортдим. Кампир ичади, шу кучукни яримтанинг пулига сотмоқчи, деб ўйладим. “Майли, пули керак эмас, шундай ола қолинг. Юзингиздан кўриниб турибди: сиз жонзотга озор берадиганлардан эмассиз. Яхши қўлга тушсин деяпман-да”, деб кампир мени яна мақтади. Уста кампир экан, одамни шундай деб эритади-да дедим, лекин, барибир, гапи ёқди, бозордан оёғимда оёқ йўқ, ҳориб-толиб чиқяпман, таъсир қилди. “Раҳмат! — дедим. — Раҳмат, лекин уйда кучукка қарайдиган одам йўқ. Ўғлим ҳам, қизим ҳам лицейда ўқийди, уйга фақат шанба-якшанба куни келишади”. Кампир ҳайрон бўлди: “Ўзингиз қаранг. Жуда яхши кучук бу, бир яхши одамга бераман деган ниятда турган эдим, сизни узоқдан кўрдиму шу одамга бераман, дедим”. Кучукнинг кўзлари мўлтиллайди, ҳайвон тилида, мени олиб кетинг, деб кампирга қўшилиб ялинаётгандек. Олсам ҳам бўларди-ку, лекин қандай олиб кетаман, ўғри тегмасин деб, машинасиз келганман, кийимим ҳам… Кучук чиройли, тим қора, кўзлари тўсдек, териси товланади, гавдаси узун, тумшуғи ҳам чўзинчоқ, ҳовлида ўйнаб юради-да, машинамни миниб келсам, олиб кетардим, деб ўйладим. Шуни кампирга тушунтиришга уриндим. “Бундай қиламиз, кучукни уйингизга бориб оламан, албатта бораман”, дедим. Кампир кучугини ҳозир менга ўтказмагунича қўймайди, деб ўйлаган эдим, йўқ, у бирдан кўнди: “Яхши, — деди хурсанд бўлиб, — биламан, бир сўзлик одамсиз, албатта борасиз. Мен Чилонзорнинг ўн еттинчи мавзеида тураман. Шундоқ болалар боғчасининг ёнидаги йўлга кўндаланг тушган уй, ёзиб олинг, йигирма тўрту ўн тўққиз”. Ёзиб олдим. Кампирдан узоқлашишим билан бошқа одамга айландим, “Ол-а, бир куним шунга қолдими? Кучукни деб атай Чилонзорга келиб юраманми?”. Уйга келиб, кечқурун чой ичиб ўтирганимизда “Бозордан чиқаётганимда бир ўрис кампир мени атай тўхтатиб, жуда яхши одам экансиз, юзингиздан кўриниб турибди, мен яхши одамларни юзидан танийман, деди”, деб келинингизга талтайдим. “Ўрис кампирлар учун яхши одам бўлсангиз керак-да”, деб чандиб қўйди келинингиз. “Э, ишонмадинг-а, текинга берди, олмадим. Чиройли, тоза кучукча эди”, деган эдим, бирдан қизим: “Вой, дада, нега олмадингиз? Шу вақтгача ҳовлимизда кучук бўлмаган”, деб афсусланди. Шу-шу қизим ҳар куни “Ўзим қарайман, ҳовлини ҳам супураман”, деб ялинади, ўғлим “Э-э, олиб келиб беринг шу қизингизга, бошни қотирворди-ку”, дейди, келинингиз ҳали келмаган кучукка қарашни икковига юклайди, кампирнинг “Бир сўзлик одамсиз, биламан, албатта борасиз”, деган гапи қулоғимдан кетмайди. Охири ўн беш кунча ўтиб, Чилонзорга бордим. Боғчанинг ёнидаги, йўлга кўндаланг тушган ўша йигирма тўртинчи уйни топдим. Кампирнинг эшиги биринчи қаватда экан, қўнғироғини босган эдим, ичкарида бирданига тўрт-беш ит ҳар хил вовуллаб юборди. “Ҳозир!”, деб кампир ҳам товуш берди. Эшик очилди-ю, пасту баланд саккиз-ўн кучук баравар отилиб чиқиб, ёнимдан ўқдек ўтиб кетди, иккитаси думалаб ҳам тушди. Ўзимни зўрға четга олиб қолдим. Уларнинг орқасидан “Серий! Серий! Орқага!” деб қичқириб кампир чиқди. Мени кўрдию жилмайди, “Юрагим сезган эди келишингизни, ҳойнаҳой, бугун келади-ёв деб ўтирган эдим”, деди. Салом бердим.

“Мана, кўряпсиз, менинг ҳаётим — шулар”, деди кампир. “Нечта ўзи булар?”, деб сўрадим. “Ўн саккизта!”, деди фахр билан кампир. “Уйингиз неча хонали?”, савол бердим яна. “Бир хонали”, деди кампир. Анграйиб қолдим, “Қанақасига? Битта хонада шунча ит!”, дедим тилим тутилиб.

Ташқарига чиқдик, итларнинг қайсиси буталар тагини ҳидласа, қайсиси дарахтлар тагида оёғини кўтарган, бир-бири билан иши йўқ. “Серий!” деб пўписа қилиб қўйди кампир катта оласига. “Шуларни деб яшайман-да, — деди кампир маъюс тортиб. — Бошқа кимим бор? Официантка эдим, ҳозир нафақадаман, энди идиш-оёқ ювувчиликка ўтиб олдим. Ҳар куни челак-челак сарқит олиб келаман, талашиб-тортишиб ейди булар. Шулар учун ишлаяпман-да. Раҳмат келганингизга, лекин нега дарров келмадингиз, барибир келар эдингиз-ку?”. “Иш кўп эди”, дедим базўр. Тезроқ кетгим келди. Итлар у ёқ-бу ёққа ивирсийди, Серий ёнимизга келиб, мени искалади. Атрофда уч-тўрт одам ола қарайди, турган гап, итлар ҳам, кампир ҳам жонларига теккан, бақириб беришмоқчи, аммо кампирнинг ёнида пўрим кийинган одам турибди. Кампир ҳам менинг ёнимда ўзини катта одам сезган.

Кучуклар орасидан менга кўкиш-оқ паҳмоқ кучукча ёқиб қолди, кампирнинг қарашидан сездимки, у ҳам шу кучукни сўрашимни билди, лекин бермоқчи эмас. “Оти нима шу кучугингизни?”, деб сўрадим. “Пушок”, деди кампир. “Шуни менга берсангиз”, дедим. “Ладани билмаяпсиз-да. Пушок нима — оддий кучук. Ладани берамиз сизга”, деди кампир ҳамма кучукларининг ҳам номидан. Мен Пушокни беринг, дедим, кампир Ладани бераман, деди, охири “Ладани олсангиз, Пушокни қўшиб бераман”, деди. Шунга келишдик. Ўзим ҳам бирон нарса берсамми, деб турган эдим, кампир мени ноқулай аҳволдан қутқариб, иримига — “итларининг ризқига” атиги ўн сўм сўради. Кучукларни уйга олиб келдим, бирпасда ҳовлига ўрганиб кетишди. Лекин бир-икки кун ўтиб қарасам, дарвозанинг олдида маҳалланинг итлари уймалашадиган бўлиб қопти, Fазирага бораётганда Ладани машинага солдим-да, ундан уч қишлоқ бери — Ботботда тўхтаб, итни бир ҳовлининг рўпарасига ташлаб кетдим. Ит бўлса ҳам, сезди шекилли, машинадан тушгандан кейин қимирламади, ортимдан қараб қолаверди. Жуда ичим ачиди, анчагача ўзимни гуноҳкор билиб юрдим.

Шундан кейин олти-етти ойлар ўтди-ёв, бир куни ичкари уйда қоғоз қоралаб ўтирган эдим, қизим ҳовлидан ранги ўчиб кирди. “Ҳа?”, дедим. “Дада, Пушогимизни сўраб бир кампир келди, олиб кетмаса эди”, деди. “Қизим, хаёлингга нималар келмайди-я”, дедим-у, бирдан ўша кампир ёдимга тушди. Аммо унга қайси кўча, қайси уйда туришимни айтмаганман-ку. “Пушок, деб чақирган эди, Пушок югуриб бориб суйкалди. Аниқ ўша кампир!”, деди қизим. Ҳовлига чиқсам, ростдан ҳам ўша кампир, у ҳовлига аланглайди, Пушокбой эса думини ликиллатиб, “гостинец” — емишни чангитиб уряпти. “Лада қани?” — кампирнинг саломлашгандан кейин сўрагани шу бўлди. “Уни қишлоққа бериб юбордим”, дедим тўғрисини айтишга кўнглим бўлмай. “Яхши одамлар олдими, ишқилиб?”, деб мунғайди кампир. “Ҳа, албатта, қариндошларим, сўраб қўймади”, дедим. Кампир лаққа ишонди: “Раҳмат сизга, Ладамни ёмон одамларга бермаганингизга ишонаман!”, деди. Мени ҳали ҳам яхши одам деб билганига сал ноқулай сездим ўзимни. “Менга қаранг, ҳовлимни қандай топиб келдингиз? Манзилни айтмаган эдим шекилли, отимни ҳам билмайсиз”, деб сўрадим. Кампир ожиз жилмай- ди: “Топдим-да, эски шаҳарда тураман, деган эдингиз-ку”. “Қанақасига?! — тонг қотдим мен. — Эски шаҳар катта-ю, Самарқанд дарвоза, Чуқур кўприкни билмасдингиз-ку?”. “Шу, келавердим, юрагим қаёққа бошласа, шу ёққа қараб юравердим. Ичимдан туйдим-да, мана, топиб ҳам келдим”, деди кампир.

Қаранг, турар жойимни ҳам, отимни ҳам билмай, ҳеч кимдан сўраб-суриштирмай, тўппа-тўғри ҳовлимга кириб келаверибди. Юраги сезиб! Бировга айтсанг, икки дунёда ишонмайди! Мен ишхонада, дўстлар даврасида, ишқилиб, ажабтовур воқеалар ҳақида гап кетса, албатта шуни гапириб бераман, оғзаки ҳикояга ёзишдан ҳам устароқман, аввалига “Йўғ-э, э-э, қойил!”, деб эшитадилар, бирпас ўйлагандан кейин “Бўлмаган гап, манзилни билган, юраги ҳар қанча сезгир бўлмасин, эски шаҳар жуда катта, билмаса, топиши қийин. Ё опқочяпсиз!” деб туриб оладилар. Лекин рост! Айнан шундай бўлган.

Пушокбой ҳали ҳам бор. Ҳозир ҳовлига ўрганиб кетган, эшикка чиқишим билан оёғимга тармашади, думини ликиллатиб қараб туради, кейин ҳаҳ-ҳаҳ деб думалайди, бирдан туриб қочиб кетади, яна пилдираб келади, орқа панжасида тик туриб, менга термулади, хуллас, дардини биламан — бир нарса бериб қолар деб умидвор! Кампирнинг хонасида яшамаганми, аввалига уй ичига киравериб безор қилди, ҳовлига чиқариб, эшикни ёпиб олсак, панжалари билан тақ-тақ уради денг! Шунинг Пушоклигини билиб турсак ҳам одамнинг кўнглини ваҳм босар экан.

Худди ақлли бир катта жонивордек! Лекин кейин бу ерда бошқа одамлар туриши, итни ҳеч қачон уйга қўймаслигини бўйнига олди, шунга ҳам хурсанд. Машинамни танийди, дарвозанинг очиқ эшигидан пилдираб-думалаб отилади, машинанинг атрофини айланиб чопади, бир куни мен келиб тўхтадим, шу пайт йўлдан бир “Москвич” ҳам ўтиб қолди, дарвозадан учиб чиққан Пушок тўппа-тўғри унинг тагига кириб кетса денг! “Москвич” ғийқиллаб тўхтади. Ўлди, деб ўйлаган эдим, бир лаҳзадан кейин кучук бечора шунақа ангиллаб бердики, “Москвич”дан тушган ҳайдовчининг ранги ўчиб кетди. Пушок бўлса, шу ангиллаганича машина тагидан чиқиб ичкарига отилди. Уч-тўрт кун оқсаб юриб, тузалиб кетди.

Пушокнинг ўзбекчаси — Пахмоқ, пахмоққа “аҳмоқ” уйқаш. “Ҳей, Пахмоқ — Аҳмоқ!” десам, негадир жўшиб кетади. Ҳовлини гир айланиб, кумуш пўстак ер бағирлаб учаётгандек, хўб чопади, кейин ёнимга келиб, икки оёғини кўтарганча таққа қотади, худди мукофот сўрагандек. Мен унга яна: “Эй Пахмоқ! Аҳмоқсан-да, Аҳмоқ!” дейман, у яна бирдан бурилиб чопишга тушади. Қаранг, ҳайвон-да, ҳайвоннинг кўнгли оқ, “аҳмоқ” деганимни ўзига мақтов деб билади.

Қани шуларни ёзсанг, лекин бундан ҳам чуқурроқ маъни қидириб одамни қийнайдилар. Баъзан улар истаган катта маънини ўйлаб топасан-у, шунга мос саргузашт тополмайсан. Уларга катта воқеа, қаҳрамон бўлса! Бир куни ўзим ҳам аввал қаҳрамон бўлдим, кейин қаҳрамонликдан тушдим. Ишдан чиқиб Шайхонтоҳурдаги бекатда турган эдим, трамвай келиб қолди, бирдан қий-чув бўлиб кетди. Бир одам рельсни кесиб, биз томон келаётганини кўргандек эдим, трамвай босиб кетибди уни. Одамлар қичқириб юборганда кўрмаган эканман, кейин қарасам, шундоқ рўпарамда, трамвай тагидан иккита оёғи чиқиб турибди. Ҳамма қотиб қолган. Қараб турсам, оёқнинг иккови ҳам қимирлаяпти! Илгариги қўш вагонли еттинчи трамвай эсингиздами, олди узун, бир ярим метрча келарди, бечорани шундоқ кўндаланг йиқитиб, тумшуғи тагига думалатиб, ғилдиракларига атиги ярим қарич қолганда тўхтабди. Секин палахса бетондан тушиб бордим-да, ҳалиги иккита оёқни ушлаб тортдим. Ишқилиб, бирон жойидан илиниб қолмаган бўлсин-да, деб ўйладим. Бечорани суғуриб олдим, костюми бошига ёпилиб қолибди, ҳамма “И-ий!” деб юборди. Қаранг-эй, мен тамом бўлган, деб ўйлаган одам, бирдан туриб ўтирди, костюмини шарт туширди, кўзи аланг-жаланг, карахт аҳволда, ҳеч нима қилмабди, фақат бурни эзилган, қонталаш кўкариб турибди. Худонинг асраганини! Бир-икки одам келиб елкамга қоқиб “Маладес!”, деди. Қаранг, ростдан-эй, қўрқиб, ўзимни йўқотиб қўймай буни трамвай тагидан бамайлихотир тортиб олибман! “Қалай, у ер-бу ерингиз лат емадими?”, деб қўлларини ҳам ушлаб кўрдим, жойида! Турмоқчи бўлиб қўлини мендан силтаб тортиб олди, лекин туролмади, ғирт маст экан. Шу вақт бир киши “Манг, сизларникими?”, деб қўлимга қоғозга ўралган бир нарса тутқазди. Ушласам, икки кило музлаган гўшт. Буники экан, мени унинг шериги деб ўйлашди чоғи. Гўштни унинг тиззасига қўйдим. Бирпасда тумонат тўпланди, муҳокама бошланди. Кимдир мелиса чақириш керак деди. Жингир-жингир қилиб бизнинг трамвай бу томондан келди. Агар мелисавозлик бўлса, ким кўрди, ким гувоҳ деб бошни қотиради, дедим-да, трамвайимга чиқиб кетвордим. Тик турибман. Ёнимдаги ўриндиқда икки қиз овозининг борича гаплашиб кетяпти. “Бир ургандаёқ тагига кириб кетди. Устидан икки бўлак қилиб ўтиб кетди, деб ўйлаган эдим”. “Икки эмас, уч бўлак қиларди”, деди униси. “Вой-й!” деб қичқириб юбордим!” деди буниси, “Мен ҳам. Тамом, ўлди, деб ўйладим-да”, деди униси. Ҳозир бўлган воқеани айтишяпти, тепасида турибман, булар мени кўрмаяпти. “Қизлар, нима бўлди? Нимани айтяпсизлар?” деб сўрадим. Иккови баравар менга қаради. Ҳозиргина бўлган воқеани “Мен айтаман”, “Йўқ, шошма, мен айтай”, деб талашиб-тортишиб гапириб беришди. Жўрттага “Э-э, шунақами? Ростданми?”, деб эшитяпман. “Шунда оқ костюм-шим кийган бир киши шундай борди-да, трамвай тагидаги одамнинг оёғидан тортиб чиқариб олди”, деди бири. “Киши эмас, йигит эди, — деди униси. — Ўзиям баланд бўйли, келишган йигит экан!”. “Жуда салобатли экан-да, кўзимга кишидек кўринди. Лекин йигит бўлса ҳам зўр экан! Қўрқмади ҳам. Ахир, ҳамма қўрқди-да. Ўлган бўлиши… ўлган одам- нинг оёғи бўлиши мумкин эди-ку! Тўғри бориб, шартта ушлади!”, деди буниси. “Роса чиройли экан!”, деди униси ҳаяжон билан. Шу ерга келганда завқим тошиб чидай олмадим, “Қаранглар-чи, шу йигит мен эмасми?” дедим мағрурланиб. Қизлар гапдан тўхтаб менга қаради. “Ҳечам-да!”, деди униси. “В-эй! — деди бу- ниси бурнини жийириб. — Башарангизга бир қаранг”. Мен ўзимга бир қараб олдим-да “Мана, менинг костюмим ҳам оқ”, дедим. “У йигитнинг костюми жуда қиммат, модний эди”, деди униси. “Менга қаранг, нимага бегона қизларнинг гапига суқиласиз? Уялмайсизми? Биз унақа қизлардан эмасмиз”, деди буниси. Мен кулиб юбордим, бошқа гапирмадим. Ҳар қанча исботламай, ўша йигит ўзим эканимга ишонтира олмайман. Бу қақажон қизларнинг хаёлидаги ўзим шу қадар баланд эдики, ҳозирги туришим ўша ўзимнинг олдида бир пул. Лекин барибир, боя трамвай тагидаги одамни тортиб олган киши бошқа, ҳозир трамвайда кетаётган ўзим бошқа кишидек, қизиқ аҳволга тушдим. Аҳволимнинг бетайинлигини қаранг-да энди, алам қилди.

Ана шу воқеани ёзсам ҳам бўлади-ю, лекин ўзингни қаҳрамон кўрсатиш, гарчи сени ҳеч ким танимаса ҳам, барибир ноқулай. Хўш, бир бечорани трамвай уриб кетибди, сен унинг оёғидан ушлаб, трамвай тагидан тортиб олибсан. Бор- йўғи шуми? У трамвай босганда ўлиб, сен уни тирилтирганинг йўқ-ку! Шунинг нимаси қаҳрамонлик? Лекин бошқа томони ҳам бор, аниқ эсимда: трамвай тагидан иккита оёқ чиқиб тургани, сал қимирлаётганини кўриб, фақат мен бордим, аввал эгилиб, шу оёқларга қарадим, кейин секин ушлаб тортдим. Суғуриб олдим ҳалиги одамни. Ҳа, шундай кўз олдимда турибди: одам кўп эди, лекин бирортаси унга яқинлашмади. Бу одам туриб ўтириб, қўлини силтаб тортиб олиб, менга олайиб қараб қўйгандан кейин бошқалар атрофини ўраб олди. Мен қилган иш катта қаҳрамонлик бўлмаса ҳам, ҳарқалай, бошқаларнинг юраги дов бермаган бир ҳаракат эди-да, барибир.

Бундай воқеалар давраларда айтиб беришга яхши, гапни гапга улайди, вақт  ўтганини билмай қоласан. Буни ҳам кўп айтиб юраман, таниш-билишларим, баъзилари ичида мени опқочяпти, деб ўйласа ҳам барибир берилиб тинглайди. Лекин бошқа нарсани кўп ўйлайман, ўзим гувоҳ бўлган шундай воқеаларни айтаётганда воқеани кўрган ҳозир гапираётган ўзимми ё бошқача эдимми унда дейман, чунки ўша воқеалардаги иштирокимни гапираётганда қандайдир бошқача, ҳозир гапираётганимдан мардроқ, тозароқ тасвирлайман ўзимни, шунда одамнинг ўзи ҳақидаги фикри ўзига унча тўғри келмайди, мен яшаётган ҳаёт ҳам кўриб турганимдан бошқачароқ шекилли, деган хаёлларга бориб, ҳаётнинг  асли билан у ҳақдаги тасаввурларим ўртасида адашиб юргандек бўламан.

Fулистонга ҳам шундай қилиб бориб қолдиммикан дейман. Ҳа, дарвоқе, у ҳеч тушимга кирмайди, яна бир кўрай, бориб бир қарай-чи, нима ўзгаришлар бўлган экан, хизматчи қизнинг тақдири нима кечди, боласи каттариб қолгандир, билай деб шу кўзимни чирт юмиб ётаман, ухлаганимда бошқа тушлар кўраман, фақат Fулистонни эмас. Лекин уйғоқлигимда ўйларимни тинч қўймайди, хотираларим хаёлимга бостириб кириб, мисоли қопонғич ит бўлиб талайверади…

28 iyun — Yozuvchi Ahmad A’zam tug‘ilgan kunning 70 yilligi

Ahmad A’zam umrining so‘nggi yillarida “Ro‘yo yoxud Fulistonga safar” degan roman yozdi. Adibning yaxshi-yaxshi qissa va hikoyalarini bilar edik, ammo bu asari bo‘lakcha — g‘aroyib ekanidan hayratga tushdik. Tug‘ilgan kuni arafasida yozuvchining oltmish yillik umrning ko‘p o‘y-kechinmalaridan naql qilingan ana shu asar boshlanmasini saytxonlarimiz yana bir bor o‘qisin deb niyat qildik. Sahifa yakunida asarning to‘liq matni ham ilova etildi.

Ahmad A’zam
XOTIRA MAVJLARI
007

11Ahmad A’zam – yozuvchi, munaqqid, ssenarist, tarjimon, telejurnalist. 1949 yili Samarqand viloyati, Jomboy tumanidagi G‘azira qishlog‘ida tug‘ilgan.1971 yili Samarqand davlat universitetining o‘zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O‘zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug‘ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo‘lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).1995 yildan O‘zbekiston televideniyesida bosh muharrir, “O‘zbekiston” telekanali bosh direktori,. “O‘zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O‘zbekiston televideniyesida yuzlab ko‘rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O‘zlik”, “Xalqning ko‘ngli”, To‘rtinchi hokimiyat” .“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog‘ tomonlarda”, “Soyasini yo‘qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so‘z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to‘plamlari, “O‘zi uylanmagan sovchi”, “Ro‘yo yoxud G‘ulistonga safar” romanlari chop etilgan. Ahmad A’zam 2014 yil 4 yanvar kuni Toshkent shahrida vafot etdi.

007

Kechalari bezovtalanaman. Kallamda shovqin turadi. Ayniqsa, el uxlab, hammayoq tinchiganda kuchayadi. Yotolmayman, allaqanday shivir-shivir, uzuq-yuluq surnay ohangi, juda olisdagi gavjum bir bozorning g‘ala-g‘ovuri keladi. Shu yerda yotganim ko‘yi yana allaqanday izdihomga aralashib yurgandek bo‘laman. Kunduzgi shovqin xuddi toshqin suvdek kallamga kirib o‘tib ketayotganda, uning har joy-har joydagi chuqurchalarida qolib ketganu endi shu loyqa ko‘lmaklar shilpillayotganga o‘xshaydi. Kechalari kunduz davom etayotgandek…

Uxlab, uxladimmi-uyg‘oqmanmi, bilmayman: ba’zan odamlar shundoq qulog‘im tagida gaplashayotgandek, ataylab, men yotganimni bilib, tepamda shang‘illab turadi. Fovur-g‘uvur, g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘irning ichida boshim itirqin, alla-pallaga bo- rib nihoyat uyquga ketaman. Kunduzi lanj, garangsib uyg‘onaman, yuragim o‘ynab turadi, lekin qulog‘imdagi shovqin yo‘qolgan. Ertalabki oftobdan qiynalaman, ko‘zim achishib yoshlanadi, ichim dirdirab yuraman. Choshgohlarga borib, achchiq choy damlayman-da, bostirib-bostirib ichaman, chanqovim bosilib, boshim terlaydi, sochim jiq-jiq ho‘l bo‘ladi. Shundan so‘ng o‘zimni yana odamdek his qilaman, dunyo bilan odamdek tillashaman. Hangomalashishni yaxshi ko‘raman, shundanmi, ko‘p gapirib yuboraman. Hayajon bilan, xuddi hamsuhbatlarim eshitmay ketib qoladigandek, ilhomlanib gurung beraman. Asr vaqtiga borib, boshim sal-pal aylanayotganini tuyaman. Tamakidan deyman, rost, qancha cheksam, shuncha yoqmay qoladi, ammo shu bemaza ahvoldan qutulay deb yana chekaman. Birdan toliqaman, yurib yurolmayman, yotib yotolmayman. Kitob o‘qiy olmayman, televizorga qarab yuragim siqiladi, kanallarini almashtiraveraman. Yotishdan yuragim bezillaydi — yana boshlanadi: bosiq g‘ovur, g‘o‘ng‘illash, kimlardir past tovushda tinmay shang‘illayveradi, odamzodning mayda gapi sira tugamas ekan, deb ezilib yotaman.

Tushlarim ham aloq-chaloq: kunduzi nimani ko‘rsam, kim bilan gaplashsam, nimani tortishgan bo‘lsam, hammasi to‘ppa- to‘g‘ri tushimga ko‘chib o‘tadi, tag‘in deng, buning tush ekanini bilib yotaman, bila turib ham, tushimda yayrab yurolmayman,
kunduzi gapimni o‘tkazolmaganlar bilan yana aytishaman, bo‘g‘ilaman, asabim buziladi, keyin tushim ham o‘zgaradi: xotinim, bolalarim borligini bilib yotgan holimda hali uylanmay yurgan yillarimga tushib qolaman, mashinamga o‘tiraman, lekin uni hayday olmay, qanday yurg‘izish kerak edi, deb boshim qotadi, mashinaning o‘zi yurib ketadi, men uni boshqarolmayman, chunki oyog‘im qimirlamaydi, tepinaman-da, ilkis uyg‘onaman, chunki oyog‘imga ko‘rpa o‘ralib qolgan bo‘ladi. Ba’zan qiynalib ketsam, tushimdayoq uyg‘onib olaman, davomini ko‘rish azobini o‘zim to‘xtataman. Yo‘q, haliyam tush ko‘rayotgan bo‘laman, lekin tushimda “Ha! Ha! Qani, ochdik!”, deb bir silkinib, ko‘zimni majburlab ochaman.

Bir tushni bot-bot ko‘raman: o‘n besh yilcha burun Jarariqda bir kampirning hovlisida turganman. Kampirning o‘zi bu hovliga devor-darmiyon qizining uyida yashardi. O‘zining hovlisiga, ya’ni biz turgan joyga kamdan-kam o‘tar, ijara pulini ham qizinikiga chiqarib yuborar edik. Kim bilsin, kampir pulga muhtoj emas-u, shunchaki hovli huvillamasin, chirog‘i yonib tursin der edimi. Lekin bir qiz nevarasi bor edi, meni o‘lgudek yomon ko‘rardi, qo‘ng‘iroqni bosib, taqillatib, xullas, amallab darvozasini ochdirganimda boshini chiqarib nima gapligini so‘rash o‘rniga “Ha-a!” deb shunday baqirardiki, xuddi men kampirni o‘ldirgani kelganmanu bu megajinning errayimi meni fosh qilib qo‘ygandek, yuragim yorilib ketay derdi. Kampirning nevarasini keyin ham unda-bunda ko‘rib qolsam, mazam qochardi, o‘sha qo‘rquv hali-hanuz yuragimdan chiqmagan…

Shu hovli hadeb tushimga kiradi, ya’ni boshqa joyga ko‘chganimda necha oylikdir ijara pulini bermagan bo‘laman-da, ich-ichimdan ezilib o‘ylayveraman, o‘ylayveraman, kampirni axtarib borishni niyat qilaman, lekin oradan shuncha yil o‘tgan, Jarariq buzilib, u hovlining o‘rniga ham ko‘pqavatli uy tushgan, kampir qizi bilan ko‘chib ketgan, qizining uyini topsam, kampirning o‘zi bormi yo o‘tganmi, eshigini taqillatsam, yana haligi nevara chiqib baqiradi degan xavotir, xullas, u yoqdan o‘ylaganda ham, bu yoqdan o‘ylaganda ham, chora- yechimi yo‘q ezgin bir xayolda yotaveraman. Qiziq, balki ijara pulini ba’zan o‘z vaqtida bermagandirman, lekin biron marta yeb ketganim yo‘q, oxirgi marta, ko‘chish oldidan, kampir bilan hisob-kitob qilib, duosini olganman, meni yomon ko‘radigan nevarasiga ham biron yomonlik qilmaganman, nega shuncha yil o‘tib ham xuddi kampirga ijara pulini to‘lamay qochib ketgandek tush ko‘raman — hayronman; gohida uyg‘onib o‘ylayman, balki arzongarov turgandirman, qarzdorlik hissi shundandir deyman, qiz nevarasi meni buncha yomon ko‘rishiga kelsak… u meni yaxshi ko‘rgan bo‘lsa kerak, yaxshi ko‘rishini o‘zi ham anglamay, ataylab, jon-jahdi bilan yomon ko‘raman deb o‘ylagan bo‘lsa kerak, deyman. Shunisi to‘g‘riroq chiqar, bo‘lmasa, nega buncha tanlab, ashaddiy, o‘qrayib yomon ko‘rgan meni? Harqalay, shu paytgacha o‘sha nevara qizning o‘zi emas, undan qolgan qo‘rquvning tushimga kirishi bejiz emas. Keyin, to‘g‘risini aytsam, bir marta shunday bo‘lgan ham, lekin bu hech tushimga kirmaydi.

Avtobusda bir qiz bilan aytishib qoldim. Odam ko‘p emas, lekin o‘tirgani joy yo‘q, turib ketayotgan edim, qizni ko‘rganim ham yo‘q, u birdan menga: “Sen yi- git o‘lgur, nega menga baqrayasan? Men senga tomoshaqovoqmi?”, deb senlab qichqirib qolsa bo‘ladimi. Dovdiraganimdan: “Qachon qaradim, singlim?”, deya oldim, xolos. “Qarading! Mana, qarayapsan-ku! Qarab turibsan-ku!”, deya shang‘illadi yana. Atrofdagilar ham angrayib menga qaradi, lekin birov og‘iz ochmadi, baribir juda o‘sal bo‘ldim, menga g‘irt begona bir qiz, ilgari sira uchratmaganman, avtobusga chiqqanda ham ko‘zim tushmabdi, birortasiga o‘xshatdimi, balo-qazodek yopisha ketdi. “E, bor-e!” deb yuzimni zo‘rg‘a burib oldim. “Ha, endi ko‘zingni yashirasanmi? He shu ko‘zing go‘rda chirisin!”, deb tag‘in qarg‘ashga tushdi. Yomon uyaldim. Miq etmadim, indaganimda ham bunga bas kelishim amrimahol edi. Yonidan o‘tayotganda qo‘l- po‘lim biron joyiga tegib ketdimikan desam, u orqa eshikdan chiqqan, men oldingi eshikdan. Yaxshi hamki, tushadigan bekatim kelib qoldi. Buni qarangki, u ham o‘rnidan turdi, bekatimiz bitta ekan, bizdan boshqa hech kim tushmadi. Avtobus jo‘nadi, bekatda ikkovimizgina, u menga teskari qarab turibdi, ketishga shoshmayotgandek nazarimda. “O‘v singlim, juda ko‘zim go‘rda chirigulik nima yomonlik qildim sizga?”, desam, yalt etib qaradi-da, birdan ko‘zlari yoshlanib: “Ha, nima qilay sizni yaxshi ko‘rsam? Erim bo‘lsa, u asli sizdan yaxshi! Men esa sizni yaxshi ko‘rsam, xo‘sh, sizni qarg‘amay kimni qarg‘ay, qani, o‘zingiz ayting-chi?”, desa bo‘ladimi? Nima deyman, ko‘nglimdagi xo‘rlangan g‘urur bilan tosh qotib qolaverdim, u esa menga qarab turdi-turdi-da, shaxt burilib, o‘sha mendan behroq erining oldiga jo‘nab qoldi. Tim qora ko‘zlari o‘t, qaddi sarviravondek, o‘zi ham chaqnab turgan bir alomat juvon ekan. Tilimga “Xayr!” degan kalom ham kelmadi. Kampirning nevarasi ham balki muhabbatini shunday izhor qilgandir, lekin u sira tushimga kirmaydi, ijarada turganim, ko‘nglimdagi qarzdorlik va o‘sha qizdan qo‘rquv tuyg‘usining o‘zini his etib yotaman tush ko‘rganimda.

Ba’zan juda yorqin, ajoyib tushlar ko‘raman, uyquda ko‘tarilib, bahavo kengliklarga chiqib ketganimni bilib yotaman. Oh, maza, tushim uzilmasin, ishqilib, oxirigacha ko‘ray deb, yuzimni paryostiqqa qattiqroq bosaman, bilib turib uyg‘onmayman, ba’zan hatto uyg‘onsam ham, chuqur nafas olib, hozirgina ko‘rgan tushimni eslayman-da, kelgan joyidan davom ettiraman.
Mana, bittasini aytay. Tushimda ko‘p izzat-hurmat bilan Qashqadaryoning qayerigadir boribman. Tog‘ etagidagi bir qishloq, kulollar yasharmish. O‘rta — soyliq, bir tomoni bir-biriga matashib, xuddi rasmlarda ko‘rganim — Kavkazdagidek ustma-ust qurilgan uylar, bu tomonidagi toqqa tutash adirning usti aralash-quralash pastu baland xumdon! Hammaning o‘z xumdoni bor, juda ko‘p. Meni uylar orasidan olib o‘tib, qishloq guzaridagi choyxonaga boshladilar. Choyxona daraxtlar tagida, shiftini qurum bosgan, o‘choqlardan chiqqan shekilli, keyin bu birdan klubga aylandi, ko‘p odam to‘plangan, men bilan uchrashuv bo‘lganmi, ishqilib, odamlarning izzat-hurmatini sezib yotibman, tuman hokimi yoki poytaxtdan borgan biror amaldorga bildirilgan e’tibor emas, yo‘q, qandaydir samimiy, toza, insoniy, manfaatsiz bir ehtirom edi bu; o‘zimga ham sal noqulay, lekin qushdek yengilman, dil yayraydi. Bir vaqt yana orqaga qaytayotib qarasam, osmonda oppoq bulut, oppoqmi yo kulrangroqmi, ishqilib, juda tepada, bulutlar orasida yelkasida ketmon, eshagini yetaklagan odam uchib yuribdi, ya’ni osmonda bemalol yurib ketyapti eshak yetaklab! Nariroqda yana bir odam, belidan yuqorisi ko‘rinadi, chayqalishiga qaraganda, u ham osmonda. Ko‘nglim… boya ichdan yayraydi, deganim hech gap bo‘lmay qoldi, juda yorishib ketdi. Go‘zal tuyg‘ular chulg‘adi. Odamlari osmonda xuddi yerdagidek bemalol yuradigan shunaqa joylar bor, buni ko‘rish menga nasib qildi, deb rosa quvonib ketdim. Ko‘nglimning bir chekkasida bular qanday qilib osmonda yurar ekan degan jichcha qiziqsinish bor, yana nega shu paytgacha bularni gazetga yozishmabdi, sayyohlarga ko‘rsatishmabdi, biznikilarga faqat paxta bo‘lsa bas, deb jinday yanish ham bor-u, lekin o‘zim shunga guvoh bo‘lganimdan, gazetchilar bundan bexabarligidan xursandman. Yonimda bir- ikkita odam bordek edi, ular osmondagilar bilan shunchaki bosh irg‘ab salomlashib qo‘yadi, osmondagilarning salomidan menga ham tegdi, shundan bildimki, bular ham istagan vaqtda, yo‘lni qisqa qilish uchunmi, yo shoshilib tursami, to‘ppa-to‘g‘ri osmonga chiqib, borar manziliga ketaverarkan. Shunaqa samimiy bir hayratu zavq bilan tomosha qilib borayotganimda, osmonda faqat odamlar emas, xumdonning mo‘risini, to‘g‘rirog‘i, yarmidan ko‘prog‘ini ko‘rdim. Xumdon — osmonga qurilgan! Yonimdagilardan: “Osmonda bemalol yurishingiz-ku mayli, lekin nega xumdonni havoga qurgansiz?” deb so‘rashga chog‘lanaman, lekin shundoq ajoyib fazilatlari bor, yana meni mehmon deb izzatlab borayotgan odamlarning hurmatini qilay deb gapirmayman. Ichim qizigandan qiziydi: tog‘da yashaydigan odam toqqa o‘rganib qoladi, gulzor ichida yashaydigani dunyoni bir gulzordek ko‘radi, dunyodagi eng suluv, eng husndor, eng ko‘rkli qizga uylangan yigit unga oddiy xotinga qaragandek qaraydi, o‘zini ham hamma qatori oddiy bir er deb biladi, “Hey, bu go‘zallik, bu noyob hodisalarning qadriga yetmaysizmi, o‘zingizga shunchaki bir odam deb qarayotganingiz nimasi, nega o‘zingizni oddiy odam qatoriga tushirasiz?”, deb shodon qichqirgim keladi bularga. Hali uyg‘onsam hamgaplarimga aytib beraman, degan fikr ham bor tushimda. Keyin tushim sal o‘zgarib, bu joy Qashqadaryo emas, Forish tog‘idagi bir qishloq bo‘lib chiqadi. Bu yerga kelganimning sababi ham sayohat emas, asli bu yerdagi odamlar — ona tomondan qarindoshlarim, uzoqlashib ketgan xeshlarimni axtarib kelgan ekanman, menga bo‘lgan e’tibor ham shundan ekan. Bir uyga kirib chiqdik, o‘rtada balki bir uyg‘ongan bo‘lsam kerak, osmon toza, bulut arigan. Qarasam, boya eshak yetaklab osmonda yurgan odamning o‘rnida tikkalab ketgan baland tog‘ so‘qmog‘i, hali ham odamlar yuribdi, birovi qo‘lida o‘roq tutib, birovi yelkasiga arqon tashlab, birovi o‘tin yelkalab tushyapti. Shunda bildimki, boya ketmon ko‘tarib, eshak yetaklab uchgan odam menga bulutning yorig‘idan ko‘ringan ekan! Haligi xumdon ham boshqa xumdonlardan balandda turgani, pastini ham, tepasini ham bulut bosgani uchun menga osmonda muallaq tuyulgan ekan! Battar zavqim oshdi. Rostdan! Hafsalam pir bo‘lgani yo‘q, aksincha, favqulodda bir manzara bo‘lib ko‘rindi-da! Favquloddaligi shundaki, asli qiyalab ko‘tarilishi kerak bo‘lgan tog‘ tikkaroq kelgan, odamlar ham, xumdon ham menga juda yaqin ko‘ringan edi. Keyin tushim yana davom etdimi, esimda yo‘q, lekin ertalab xush kayfiyatda uyg‘ondim, haligi kishilarning ko‘rsa odamning g‘ururi toshadigan shunday go‘zal ma’voda yashayotganidan, u yerga borganimdan ko‘nglim hali ham yorishib turgan edi. Ishga ham xush kayfiyatda bordim, hamkasblarimga nuqul yaxshi gapirgim kelaverdi, ular ham, katta-kichik hammasi shu kun menga yaxshi munosabatda bo‘ldi, hatto men bilan so‘zlashishni o‘ziga ep ko‘rmaydiganlari ham, jilla qursa, iliq qarab qo‘ydi. Shu-da, sen yaxshi — olam yaxshi, deb bekorga aytilmagan. Haligacha shu tushni eslasam, allaqanday bir taftni his etaman: bizda shunday ma’volar borki, u yerdagi qishloqlarning odamlari samoda ham xuddi yerdagi kabi bemalol yurgandek, xumdonlarini bulutlarning ichida — havoda qurib, sopol laganlarni o‘sha xumdonlarda pishirib, keyin shu laganlarga suzilgan oshni o‘rtaga qo‘yib, havoda muallaq yonboshlab, gurung qurib yotgandek, ana shunday osmon odamlari mening olis qarindoshlarim, nuroniy tog‘alarim joynamoz — oppoq bulutlar ustida namozlarini ado etayotgandek bo‘lib tuyuladi. Shunaqa jannat tushlaridan keyin bu yoqqa qaytib ham ularni ko‘rishga intiq bo‘lib yuraman.

Shu sog‘inch bilan tushimdan uyg‘ondimu esimdan chiqib qolmasin deb, kundalikka tushirdim. Vaqti kelib hikoya yozarman, degan edim, ammo keyin shunday tushni qog‘ozga isrof qilishga qizg‘andim. Qizg‘anmaganimda ham yoza olmayman, o‘zi yozmay qo‘yganimga ko‘p bo‘lgan, uyga qamalib o‘tiribman. Meni bilgan bitta- yarim ko‘chada uchrab qolsa: “Ko‘rinmaysiz? Ja uyga qamalib olib yozyapsiz shekilli?”, deydi. “Qayoqda!” Yozaman degan o‘y ko‘p, reja bisyor, lekin chiqmaydi. Yozishga o‘tiraman, qog‘ozga bir-ikki jumla tushiraman, o‘xshamaydi. Bir kuni “Vikinglar” degan kinoga tushdim. Yaxshi kino ekan, ta’sirlanib ko‘rdim. Kino tugadi, shiftdagi chiroqlar yondi, doimgidek bosinqi g‘ovur ko‘tarildi, o‘rindiqlar orasidan yonlab chiqishga borayotganimizda qiz bolaning shodon qichqirig‘i eshitildi: “Voy, bu kimning sumkasi?”. Hamma o‘sha yoqqa — tepaga qaradi. Qiz, yigiti yonida bo‘lsa ham, unga boyagi qichqirig‘idan pastroq, lekin hamon baralla ovozda gapirdi: “Qarang! Birov qoldirib ketibdi!”. Qiz yigitning ortida, sumka esa yigitning oldidagi o‘rindiq burchagida turardi. Yigit sumkani olib, “Hoy, kimniki bu?”, dedi. Oldindagi bir yigit orqasiga o‘girilib, sumkaga ko‘z tashladi-da, yana oldinga qarab: “He-e, Sano!”, deb chaqirdi. Yigitning oldidagi qiz unga qaradi. “Sumkang qolib ketyapti-ku”, dedi yigit. Negadir yigit dastlab sumkaga qo‘l cho‘zmadi. “Voy-y! — Sano — Sanobarning tovushida tahlika bor edi.

— Obering! Obering!”. Yigit sumkani bu yigitdan olib, unga uzatdi. Qizning yonida yana ikki dugonasi bor edi, eng oldindagisi o‘girildi: “Ha, Sano?”, dedi talmovsirab. “Voy! Sumkam qolib ketyapti ekan!”, dedi qiz. “Vo-oy! — U qizning talmovsirashi vahimaga aylandi. — Voy, Sano-yey!”. Qolib ketayotgan sumkani ko‘rgan qiz esa tinmay yigitiga bidirlaydi: “Qarasam — sumka yotibdi! Kimniki deb o‘yladim! Shunday, burchakka tiqilib yotibdi. Birov unutgan deb…” Yigiti esa negadir xijolat bo‘lib, hammadan ko‘zini olib qochadi. Uchinchi qiz parishon, yuzida achinishmi, taassufmi, ishqilib, shunga o‘xshagan ifoda, sumkasini topgan qiz esa negadir uning oldida o‘zini gunohkor bilib, “Kinoga esim ketib…”, deb nuqul o‘zini oqlaydi, sumkani bag‘riga mahkam bosadi. “Sano!” deb qo‘rqib ketgani esa sumkadan ko‘z uzmaydi. Eng birinchi qiz hamon goh qizlarga, goh ularning yonidagi yigitga alang-jalang qaraydi-da, o‘zining yigitiga boyagi gapini qaytaradi: “Shunday burchakda yotibdi-ya! Kinoga kirganda yoniga qo‘yganu turayotganda unutgan…” Uch qizning yonidagi yigit nihoyat ularning esiga kelmagan gapni aytdi: “Rahmat!”. Haligi qiz esa ma’yuslanib: “Shunday qarasam!.. O‘rnimdan turgandan keyin birdan ko‘zim tushdi”, deb yana takrorladi.

Shundan hikoya chiqarmoqchi bo‘ldim, har xil ruhiy holatni o‘yladim:

a) qiz kino ta’sirida o‘zi ham kutmagan holda yaxshilik qilib qo‘yib, keyin ko‘nglining tub-tubida, aytmay, bildirmaygina o‘zim olsam bo‘lar ekan dedimi; yigiti esa buni sezib, undan o‘zini uzoqroq olish payiga tushdimi;

b) qiz sumkada qimmatbaho narsa bor deb o‘yladimi yoki o‘zi qilgan yaxshilikdan o‘zi ham xursand bo‘lib ketib, buni boshqalar uncha qadrlamagani uchun hadeb bir gapni qaytaryaptimi, yigit asli qizni aldab yurgan bo‘lib, endi shundoq yaxshi qizning oldida o‘zining tubanligidan uyalib ketdimi;

v) “Voy, Sano!” degan qiz sumka yo‘qolmaganidan ko‘ra, dugonasining parishonligidan xursand, unisi esa ichiqoraligini yashirish payida, hatto yigit ham sumkasini qoldirgan qizga o‘zini begona ko‘rsatmoqchi, bo‘lmasa, uch qizning ichida yuradigani shu qiz.

Xullas, u yog‘ini-bu yog‘ini o‘yladim, ikki yigitu to‘rt qizdan har birining o‘z fikri, o‘zicha munosabati bor, shunda ham hech birovining ichi tashiga to‘g‘ri kelmaydi. Yaxshi bir hikoya chiqishi mumkin edi, lekin ko‘nglim sezib turibdi- yu, bir yakun o‘ylasam, unga aks boshqa bir xulosa kelib chiqadigandek tuyulaverdi. Keyin yozganimda ham “Xo‘sh, nima bo‘pti? Bitta sumka yo‘qolganiga shuncha gapmi?” degan savol ko‘ndalang chiqaverdi. U vaqtlar har bir yozgan narsangiz mohiyatida katta ijtimoiy mazmun, ibratli bir saboq bo‘lishi shart edi. Men bir hikoyamni pyesaga aylantirganman. Unda ikkita aspirant qizning stipendiyasini boshqa bir qiz o‘g‘irlaydi, Muso degan bir yigit uchta ayolni uyushtirib, uni fosh qilishga kirishadi, lekin qo‘lidan hech ish kelmaydi, hammasi o‘z holicha qoladi, institutdagi hayot ilgarigidek davom etaveradi. Voqea juda qiziq edi, bir-ikkita rejissyor o‘qib, sahnaga qo‘ysa bo‘ladi, original, dedi, vazirlikda bir boshqarma bor ekan, pyesalarni bor yoki yo‘q qiladigan, shu yerga bersam, u yerdagilar bir ustoz tanqidchiga oshiribdi, ustoz tanqidchi: “Muallif tanlab olgan voqea juda arzimas, uning asosida ko‘pchilik diqqat-e’tiborini jalb qiladigan asar yaratish qiyin…” qabilida taqriz yozibdi. Shundan beri ko‘rgan-bilgan voqealar zamiridan katta ijtimoiy mazmun va ulkan ijobiy ibrat chiqmasa, ularni hikoya yo qissaga aylantirishni o‘ylab ko‘radigan bo‘ldim. To‘g‘rirog‘i, hali ham o‘ylab ko‘ryapman, yozmayapman. Ko‘p ajoyib, ba’zan g‘aroyib voqealarga duch kelaman, azbaroyi ijtimoiy mazmunsizligi, zamiridan katta xulosalar chiqmagani uchun, yozmayman, do‘stlarimga og‘zaki aytib beraman. Hammasi eshitgan, ba’zilarini qayta-qayta tinglagan, lekin dimoq chog‘, kayfiyat zo‘r paytlari: “Haligi, bor-ku, shuni aytib bering”, deb iltimos qilib qolishadi. Goh ba’zilari: “Yo‘q, siz yaxshi aytolmayapsiz, oldin aytganingiz boshqacha edi, mana, o‘zim xuddi shunday qilib aytib beraman”, deb hikoyamni og‘zimdan olib qo‘yadi. Shu hikoyalarim bilan hangoma qiziydi. Hikoyalarim har xil, hammasi hayotdan olingan, lekin hammasini ham yozib bo‘lmaydi, chunki “talab” darajasida katta ijtimoiy mazmun yo‘q, sotsial buyurtmaga to‘g‘ri kelmaydi. Lekin, qiziq, tushunmayman — mazmuni sayozroq, voqeasi ham anchayin, chuqurroq xulosasi bo‘lmasa ham, odamlar maza qilib eshitadi. O‘zim ham aytishni yaxshi ko‘raman. Yo o‘zim sayozroqmanmi, deb o‘ylab ham qolaman ba’zan.

Keyin ba’zi voqealar bo‘ladiki, ularni faqat aytib berish mumkin, yozib o‘tirishga yaramaydi. Mana, bittasi. Bir kuni Otchopar bozoridan chiqib kelayotsam, qora kuchukchani bag‘riga bosib olgan bir o‘ris kampir oldimni to‘sib: “Ey, to‘xtang, yaxshi odamga o‘xshaysiz, yuzingiz shundoq ochiq ekan”, dedi. Hozir tilanadi, deb o‘yladim. Bozorchilar ham bezor qilib yubordi o‘zi. Kampirning kiyimlari sal abgorroq edi. Kuchugini menga uzatib: “Shuni oling!”, dedi iltijo qilib. “E, yo‘q, kuchukni boshimga uramanmi?”, deb o‘zimni tortdim. Kampir ichadi, shu kuchukni yarimtaning puliga sotmoqchi, deb o‘yladim. “Mayli, puli kerak emas, shunday ola qoling. Yuzingizdan ko‘rinib turibdi: siz jonzotga ozor beradiganlardan emassiz. Yaxshi qo‘lga tushsin deyapman-da”, deb kampir meni yana maqtadi. Usta kampir ekan, odamni shunday deb eritadi-da dedim, lekin, baribir, gapi yoqdi, bozordan oyog‘imda oyoq yo‘q, horib-tolib chiqyapman, ta’sir qildi. “Rahmat! — dedim. — Rahmat, lekin uyda kuchukka qaraydigan odam yo‘q. O‘g‘lim ham, qizim ham litseyda o‘qiydi, uyga faqat shanba-yakshanba kuni kelishadi”. Kampir hayron bo‘ldi: “O‘zingiz qarang. Juda yaxshi kuchuk bu, bir yaxshi odamga beraman degan niyatda turgan edim, sizni uzoqdan ko‘rdimu shu odamga beraman, dedim”. Kuchukning ko‘zlari mo‘ltillaydi, hayvon tilida, meni olib keting, deb kampirga qo‘shilib yalinayotgandek. Olsam ham bo‘lardi-ku, lekin qanday olib ketaman, o‘g‘ri tegmasin deb, mashinasiz kelganman, kiyimim ham… Kuchuk chiroyli, tim qora, ko‘zlari to‘sdek, terisi tovlanadi, gavdasi uzun, tumshug‘i ham cho‘zinchoq, hovlida o‘ynab yuradi-da, mashinamni minib kelsam, olib ketardim, deb o‘yladim. Shuni kampirga tushuntirishga urindim. “Bunday qilamiz, kuchukni uyingizga borib olaman, albatta boraman”, dedim. Kampir kuchugini hozir menga o‘tkazmagunicha qo‘ymaydi, deb o‘ylagan edim, yo‘q, u birdan ko‘ndi: “Yaxshi, — dedi xursand bo‘lib, — bilaman, bir so‘zlik odamsiz, albatta borasiz. Men Chilonzorning o‘n yettinchi mavzeida turaman. Shundoq bolalar bog‘chasining yonidagi yo‘lga ko‘ndalang tushgan uy, yozib oling, yigirma to‘rtu o‘n to‘qqiz”. Yozib oldim. Kampirdan uzoqlashishim bilan boshqa odamga aylandim, “Ol-a, bir kunim shunga qoldimi? Kuchukni deb atay Chilonzorga kelib yuramanmi?”. Uyga kelib, kechqurun choy ichib o‘tirganimizda “Bozordan chiqayotganimda bir o‘ris kampir meni atay to‘xtatib, juda yaxshi odam ekansiz, yuzingizdan ko‘rinib turibdi, men yaxshi odamlarni yuzidan taniyman, dedi”, deb keliningizga taltaydim. “O‘ris kampirlar uchun yaxshi odam bo‘lsangiz kerak-da”, deb chandib qo‘ydi keliningiz. “E, ishonmading-a, tekinga berdi, olmadim. Chiroyli, toza kuchukcha edi”, degan edim, birdan qizim: “Voy, dada, nega olmadingiz? Shu vaqtgacha hovlimizda kuchuk bo‘lmagan”, deb afsuslandi. Shu-shu qizim har kuni “O‘zim qarayman, hovlini ham supuraman”, deb yalinadi, o‘g‘lim “E-e, olib kelib bering shu qizingizga, boshni qotirvordi-ku”, deydi, keliningiz hali kelmagan kuchukka qarashni ikkoviga yuklaydi, kampirning “Bir so‘zlik odamsiz, bilaman, albatta borasiz”, degan gapi qulog‘imdan ketmaydi. Oxiri o‘n besh kuncha o‘tib, Chilonzorga bordim. Bog‘chaning yonidagi, yo‘lga ko‘ndalang tushgan o‘sha yigirma to‘rtinchi uyni topdim. Kampirning eshigi birinchi qavatda ekan, qo‘ng‘irog‘ini bosgan edim, ichkarida birdaniga to‘rt-besh it har xil vovullab yubordi. “Hozir!”, deb kampir ham tovush berdi. Eshik ochildi-yu, pastu baland sakkiz-o‘n kuchuk baravar otilib chiqib, yonimdan o‘qdek o‘tib ketdi, ikkitasi dumalab ham tushdi. O‘zimni zo‘rg‘a chetga olib qoldim. Ularning orqasidan “Seriy! Seriy! Orqaga!” deb qichqirib kampir chiqdi. Meni ko‘rdiyu jilmaydi, “Yuragim sezgan edi kelishingizni, hoynahoy, bugun keladi-yov deb o‘tirgan edim”, dedi. Salom berdim.

“Mana, ko‘ryapsiz, mening hayotim — shular”, dedi kampir. “Nechta o‘zi bular?”, deb so‘radim. “O‘n sakkizta!”, dedi faxr bilan kampir. “Uyingiz necha xonali?”, savol berdim yana. “Bir xonali”, dedi kampir. Angrayib qoldim, “Qanaqasiga? Bitta xonada shuncha it!”, dedim tilim tutilib.

Tashqariga chiqdik, itlarning qaysisi butalar tagini hidlasa, qaysisi daraxtlar tagida oyog‘ini ko‘targan, bir-biri bilan ishi yo‘q. “Seriy!” deb po‘pisa qilib qo‘ydi kampir katta olasiga. “Shularni deb yashayman-da, — dedi kampir ma’yus tortib. — Boshqa kimim bor? Ofitsiantka edim, hozir nafaqadaman, endi idish-oyoq yuvuvchilikka o‘tib oldim. Har kuni chelak-chelak sarqit olib kelaman, talashib-tortishib yeydi bular. Shular uchun ishlayapman-da. Rahmat kelganingizga, lekin nega darrov kelmadingiz, baribir kelar edingiz-ku?”. “Ish ko‘p edi”, dedim bazo‘r. Tezroq ketgim keldi. Itlar u yoq-bu yoqqa ivirsiydi, Seriy yonimizga kelib, meni iskaladi. Atrofda uch-to‘rt odam ola qaraydi, turgan gap, itlar ham, kampir ham jonlariga tekkan, baqirib berishmoqchi, ammo kampirning yonida po‘rim kiyingan odam turibdi. Kampir ham mening yonimda o‘zini katta odam sezgan.

Kuchuklar orasidan menga ko‘kish-oq pahmoq kuchukcha yoqib qoldi, kampirning qarashidan sezdimki, u ham shu kuchukni so‘rashimni bildi, lekin bermoqchi emas. “Oti nima shu kuchugingizni?”, deb so‘radim. “Pushok”, dedi kampir. “Shuni menga bersangiz”, dedim. “Ladani bilmayapsiz-da. Pushok nima — oddiy kuchuk. Ladani beramiz sizga”, dedi kampir hamma kuchuklarining ham nomidan. Men Pushokni bering, dedim, kampir Ladani beraman, dedi, oxiri “Ladani olsangiz, Pushokni qo‘shib beraman”, dedi. Shunga kelishdik. O‘zim ham biron narsa bersammi, deb turgan edim, kampir meni noqulay ahvoldan qutqarib, irimiga — “itlarining rizqiga” atigi o‘n so‘m so‘radi. Kuchuklarni uyga olib keldim, birpasda hovliga o‘rganib ketishdi. Lekin bir-ikki kun o‘tib qarasam, darvozaning oldida mahallaning itlari uymalashadigan bo‘lib qopti, Faziraga borayotganda Ladani mashinaga soldim-da, undan uch qishloq beri — Botbotda to‘xtab, itni bir hovlining ro‘parasiga tashlab ketdim. It bo‘lsa ham, sezdi shekilli, mashinadan tushgandan keyin qimirlamadi, ortimdan qarab qolaverdi. Juda ichim achidi, anchagacha o‘zimni gunohkor bilib yurdim.

Shundan keyin olti-yetti oylar o‘tdi-yov, bir kuni ichkari uyda qog‘oz qoralab o‘tirgan edim, qizim hovlidan rangi o‘chib kirdi. “Ha?”, dedim. “Dada, Pushogimizni so‘rab bir kampir keldi, olib ketmasa edi”, dedi. “Qizim, xayolingga nimalar kelmaydi-ya”, dedim-u, birdan o‘sha kampir yodimga tushdi. Ammo unga qaysi ko‘cha, qaysi uyda turishimni aytmaganman-ku. “Pushok, deb chaqirgan edi, Pushok yugurib borib suykaldi. Aniq o‘sha kampir!”, dedi qizim. Hovliga chiqsam, rostdan ham o‘sha kampir, u hovliga alanglaydi, Pushokboy esa dumini likillatib, “gostines” — yemishni changitib uryapti. “Lada qani?” — kampirning salomlashgandan keyin so‘ragani shu bo‘ldi. “Uni qishloqqa berib yubordim”, dedim to‘g‘risini aytishga ko‘nglim bo‘lmay. “Yaxshi odamlar oldimi, ishqilib?”, deb mung‘aydi kampir. “Ha, albatta, qarindoshlarim, so‘rab qo‘ymadi”, dedim. Kampir laqqa ishondi: “Rahmat sizga, Ladamni yomon odamlarga bermaganingizga ishonaman!”, dedi. Meni hali ham yaxshi odam deb bilganiga sal noqulay sezdim o‘zimni. “Menga qarang, hovlimni qanday topib keldingiz? Manzilni aytmagan edim shekilli, otimni ham bilmaysiz”, deb so‘radim. Kampir ojiz jilmay- di: “Topdim-da, eski shaharda turaman, degan edingiz-ku”. “Qanaqasiga?! — tong qotdim men. — Eski shahar katta-yu, Samarqand darvoza, Chuqur ko‘prikni bilmasdingiz-ku?”. “Shu, kelaverdim, yuragim qayoqqa boshlasa, shu yoqqa qarab yuraverdim. Ichimdan tuydim-da, mana, topib ham keldim”, dedi kampir.

Qarang, turar joyimni ham, otimni ham bilmay, hech kimdan so‘rab-surishtirmay, to‘ppa-to‘g‘ri hovlimga kirib kelaveribdi. Yuragi sezib! Birovga aytsang, ikki dunyoda ishonmaydi! Men ishxonada, do‘stlar davrasida, ishqilib, ajabtovur voqealar haqida gap ketsa, albatta shuni gapirib beraman, og‘zaki hikoyaga yozishdan ham ustaroqman, avvaliga “Yo‘g‘-e, e-e, qoyil!”, deb eshitadilar, birpas o‘ylagandan keyin “Bo‘lmagan gap, manzilni bilgan, yuragi har qancha sezgir bo‘lmasin, eski shahar juda katta, bilmasa, topishi qiyin. Yo opqochyapsiz!” deb turib oladilar. Lekin rost! Aynan shunday bo‘lgan.

Pushokboy hali ham bor. Hozir hovliga o‘rganib ketgan, eshikka chiqishim bilan oyog‘imga tarmashadi, dumini likillatib qarab turadi, keyin hah-hah deb dumalaydi, birdan turib qochib ketadi, yana pildirab keladi, orqa panjasida tik turib, menga termuladi, xullas, dardini bilaman — bir narsa berib qolar deb umidvor! Kampirning xonasida yashamaganmi, avvaliga uy ichiga kiraverib bezor qildi, hovliga chiqarib, eshikni yopib olsak, panjalari bilan taq-taq uradi deng! Shuning Pushokligini bilib tursak ham odamning ko‘nglini vahm bosar ekan.

Xuddi aqlli bir katta jonivordek! Lekin keyin bu yerda boshqa odamlar turishi, itni hech qachon uyga qo‘ymasligini bo‘yniga oldi, shunga ham xursand. Mashinamni taniydi, darvozaning ochiq eshigidan pildirab-dumalab otiladi, mashinaning atrofini aylanib chopadi, bir kuni men kelib to‘xtadim, shu payt yo‘ldan bir “Moskvich” ham o‘tib qoldi, darvozadan uchib chiqqan Pushok to‘ppa-to‘g‘ri uning tagiga kirib ketsa deng! “Moskvich” g‘iyqillab to‘xtadi. O‘ldi, deb o‘ylagan edim, bir lahzadan keyin kuchuk bechora shunaqa angillab berdiki, “Moskvich”dan tushgan haydovchining rangi o‘chib ketdi. Pushok bo‘lsa, shu angillaganicha mashina tagidan chiqib ichkariga otildi. Uch-to‘rt kun oqsab yurib, tuzalib ketdi.

Pushokning o‘zbekchasi — Paxmoq, paxmoqqa “ahmoq” uyqash. “Hey, Paxmoq — Ahmoq!” desam, negadir jo‘shib ketadi. Hovlini gir aylanib, kumush po‘stak yer bag‘irlab uchayotgandek, xo‘b chopadi, keyin yonimga kelib, ikki oyog‘ini ko‘targancha taqqa qotadi, xuddi mukofot so‘ragandek. Men unga yana: “Ey Paxmoq! Ahmoqsan-da, Ahmoq!” deyman, u yana birdan burilib chopishga tushadi. Qarang, hayvon-da, hayvonning ko‘ngli oq, “ahmoq” deganimni o‘ziga maqtov deb biladi.

Qani shularni yozsang, lekin bundan ham chuqurroq ma’ni qidirib odamni qiynaydilar. Ba’zan ular istagan katta ma’nini o‘ylab topasan-u, shunga mos sarguzasht topolmaysan. Ularga katta voqea, qahramon bo‘lsa! Bir kuni o‘zim ham avval qahramon bo‘ldim, keyin qahramonlikdan tushdim. Ishdan chiqib Shayxontohurdagi bekatda turgan edim, tramvay kelib qoldi, birdan qiy-chuv bo‘lib ketdi. Bir odam relsni kesib, biz tomon kelayotganini ko‘rgandek edim, tramvay bosib ketibdi uni. Odamlar qichqirib yuborganda ko‘rmagan ekanman, keyin qarasam, shundoq ro‘paramda, tramvay tagidan ikkita oyog‘i chiqib turibdi. Hamma qotib qolgan. Qarab tursam, oyoqning ikkovi ham qimirlayapti! Ilgarigi qo‘sh vagonli yettinchi tramvay esingizdami, oldi uzun, bir yarim metrcha kelardi, bechorani shundoq ko‘ndalang yiqitib, tumshug‘i tagiga dumalatib, g‘ildiraklariga atigi yarim qarich qolganda to‘xtabdi. Sekin palaxsa betondan tushib bordim-da, haligi ikkita oyoqni ushlab tortdim. Ishqilib, biron joyidan ilinib qolmagan bo‘lsin-da, deb o‘yladim. Bechorani sug‘urib oldim, kostyumi boshiga yopilib qolibdi, hamma “I-iy!” deb yubordi. Qarang-ey, men tamom bo‘lgan, deb o‘ylagan odam, birdan turib o‘tirdi, kostyumini shart tushirdi, ko‘zi alang-jalang, karaxt ahvolda, hech nima qilmabdi, faqat burni ezilgan, qontalash ko‘karib turibdi. Xudoning asraganini! Bir-ikki odam kelib yelkamga qoqib “Malades!”, dedi. Qarang, rostdan-ey, qo‘rqib, o‘zimni yo‘qotib qo‘ymay buni tramvay tagidan bamaylixotir tortib olibman! “Qalay, u yer-bu yeringiz lat yemadimi?”, deb qo‘llarini ham ushlab ko‘rdim, joyida! Turmoqchi bo‘lib qo‘lini mendan siltab tortib oldi, lekin turolmadi, g‘irt mast ekan. Shu vaqt bir kishi “Mang, sizlarnikimi?”, deb qo‘limga qog‘ozga o‘ralgan bir narsa tutqazdi. Ushlasam, ikki kilo muzlagan go‘sht. Buniki ekan, meni uning sherigi deb o‘ylashdi chog‘i. Go‘shtni uning tizzasiga qo‘ydim. Birpasda tumonat to‘plandi, muhokama boshlandi. Kimdir melisa chaqirish kerak dedi. Jingir-jingir qilib bizning tramvay bu tomondan keldi. Agar melisavozlik bo‘lsa, kim ko‘rdi, kim guvoh deb boshni qotiradi, dedim-da, tramvayimga chiqib ketvordim. Tik turibman. Yonimdagi o‘rindiqda ikki qiz ovozining boricha gaplashib ketyapti. “Bir urgandayoq tagiga kirib ketdi. Ustidan ikki bo‘lak qilib o‘tib ketdi, deb o‘ylagan edim”. “Ikki emas, uch bo‘lak qilardi”, dedi unisi. “Voy-y!” deb qichqirib yubordim!” dedi bunisi, “Men ham. Tamom, o‘ldi, deb o‘yladim-da”, dedi unisi. Hozir bo‘lgan voqeani aytishyapti, tepasida turibman, bular meni ko‘rmayapti. “Qizlar, nima bo‘ldi? Nimani aytyapsizlar?” deb so‘radim. Ikkovi baravar menga qaradi. Hozirgina bo‘lgan voqeani “Men aytaman”, “Yo‘q, shoshma, men aytay”, deb talashib-tortishib gapirib berishdi. Jo‘rttaga “E-e, shunaqami? Rostdanmi?”, deb eshityapman. “Shunda oq kostyum-shim kiygan bir kishi shunday bordi-da, tramvay tagidagi odamning oyog‘idan tortib chiqarib oldi”, dedi biri. “Kishi emas, yigit edi, — dedi unisi. — O‘ziyam baland bo‘yli, kelishgan yigit ekan!”. “Juda salobatli ekan-da, ko‘zimga kishidek ko‘rindi. Lekin yigit bo‘lsa ham zo‘r ekan! Qo‘rqmadi ham. Axir, hamma qo‘rqdi-da. O‘lgan bo‘lishi… o‘lgan odam- ning oyog‘i bo‘lishi mumkin edi-ku! To‘g‘ri borib, shartta ushladi!”, dedi bunisi. “Rosa chiroyli ekan!”, dedi unisi hayajon bilan. Shu yerga kelganda zavqim toshib chiday olmadim, “Qaranglar-chi, shu yigit men emasmi?” dedim mag‘rurlanib. Qizlar gapdan to‘xtab menga qaradi. “Hecham-da!”, dedi unisi. “V-ey! — dedi bu- nisi burnini jiyirib. — Basharangizga bir qarang”. Men o‘zimga bir qarab oldim-da “Mana, mening kostyumim ham oq”, dedim. “U yigitning kostyumi juda qimmat, modniy edi”, dedi unisi. “Menga qarang, nimaga begona qizlarning gapiga suqilasiz? Uyalmaysizmi? Biz unaqa qizlardan emasmiz”, dedi bunisi. Men kulib yubordim, boshqa gapirmadim. Har qancha isbotlamay, o‘sha yigit o‘zim ekanimga ishontira olmayman. Bu qaqajon qizlarning xayolidagi o‘zim shu qadar baland ediki, hozirgi turishim o‘sha o‘zimning oldida bir pul. Lekin baribir, boya tramvay tagidagi odamni tortib olgan kishi boshqa, hozir tramvayda ketayotgan o‘zim boshqa kishidek, qiziq ahvolga tushdim. Ahvolimning betayinligini qarang-da endi, alam qildi.

Ana shu voqeani yozsam ham bo‘ladi-yu, lekin o‘zingni qahramon ko‘rsatish, garchi seni hech kim tanimasa ham, baribir noqulay. Xo‘sh, bir bechorani tramvay urib ketibdi, sen uning oyog‘idan ushlab, tramvay tagidan tortib olibsan. Bor- yo‘g‘i shumi? U tramvay bosganda o‘lib, sen uni tiriltirganing yo‘q-ku! Shuning nimasi qahramonlik? Lekin boshqa tomoni ham bor, aniq esimda: tramvay tagidan ikkita oyoq chiqib turgani, sal qimirlayotganini ko‘rib, faqat men bordim, avval egilib, shu oyoqlarga qaradim, keyin sekin ushlab tortdim. Sug‘urib oldim haligi odamni. Ha, shunday ko‘z oldimda turibdi: odam ko‘p edi, lekin birortasi unga yaqinlashmadi. Bu odam turib o‘tirib, qo‘lini siltab tortib olib, menga olayib qarab qo‘ygandan keyin boshqalar atrofini o‘rab oldi. Men qilgan ish katta qahramonlik bo‘lmasa ham, harqalay, boshqalarning yuragi dov bermagan bir harakat edi-da, baribir.

Bunday voqealar davralarda aytib berishga yaxshi, gapni gapga ulaydi, vaqt o‘tganini bilmay qolasan. Buni ham ko‘p aytib yuraman, tanish-bilishlarim, ba’zilari ichida meni opqochyapti, deb o‘ylasa ham baribir berilib tinglaydi. Lekin boshqa narsani ko‘p o‘ylayman, o‘zim guvoh bo‘lgan shunday voqealarni aytayotganda voqeani ko‘rgan hozir gapirayotgan o‘zimmi yo boshqacha edimmi unda deyman, chunki o‘sha voqealardagi ishtirokimni gapirayotganda qandaydir boshqacha, hozir gapirayotganimdan mardroq, tozaroq tasvirlayman o‘zimni, shunda odamning o‘zi haqidagi fikri o‘ziga uncha to‘g‘ri kelmaydi, men yashayotgan hayot ham ko‘rib turganimdan boshqacharoq shekilli, degan xayollarga borib, hayotning asli bilan u haqdagi tasavvurlarim o‘rtasida adashib yurgandek bo‘laman.

Fulistonga ham shunday qilib borib qoldimmikan deyman. Ha, darvoqe, u hech tushimga kirmaydi, yana bir ko‘ray, borib bir qaray-chi, nima o‘zgarishlar bo‘lgan ekan, xizmatchi qizning taqdiri nima kechdi, bolasi kattarib qolgandir, bilay deb shu ko‘zimni chirt yumib yotaman, uxlaganimda boshqa tushlar ko‘raman, faqat Fulistonni emas. Lekin uyg‘oqligimda o‘ylarimni tinch qo‘ymaydi, xotiralarim xayolimga bostirib kirib, misoli qopong‘ich it bo‘lib talayveradi…

044

(Tashriflar: umumiy 1 151, bugungi 2)

Izoh qoldiring