Anvar Jo’raboyev. So’z — basharning jonbaxsh o’zagi.

055
Бошимиз эгик, кўнглимиз синиқ ўша аламли кунларда Чингиз Айтматовнинг “Правда”даги “Қайта қуриш, ошкоралик—омонлик дарахти” мақоласи чақиндай чақнайди!  “Ўзбек меҳнаткашларининг мамлакат учун қилган ишларини айтаверсак, уларнинг бари таъзимга лойиқ юмушлардир. Кадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини Кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз-у юзимиз эди, бугун ҳам худди шундай. Йўқ, ўзбек халқининг тоза чеҳрасига ҳеч нарса доғ сололмайди!” деб ёзганди адиб. Яқиндагина бошига кулфат тушганига қарамай, Айтматов мақоласида биз ўзбекларни ҳимоя қилганди, халқимиз ҳақида бири-иккинчисидан-да чиройли гаплар айтганди!

090
Анвар Жўрабоев
СЎЗ- БАШАРНИНГ ЖОНБАХШ ЎЗАГИ
Чингиз Айтматов ҳакида
08

091инг тўққиз юзу олтмиш учинчи йилда совет адабиёти тарихида бир йўла икки сенсация юз берди!
Биринчиси: адабиётга атиги етти йил илгари кириб келган, номини деярли ҳеч ким билмайдиган, олис қишлоқда туғилиб ўсган собиқ зоотехник «Тоғу чўллар қиссалари» китоби учун Иттифоқнинг энг олий унвони — Ленин мукофоти лауреатига сазовор бўлди!
Иккинчиси: у ўттиз беш ёшда эди. Унгача бу ёшдаги ҳеч қайси ёзувчию шоир бундай мукофотга сазовор бўлмаганди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўша 1963 йилдан 1991 йилнинг декабригача яъни то Совет Иттифоқи тарқалгунича бундай мукофот ўттиз беш ёшли бошқа бирор адибга насиб қилмади.

Орадан қирқ беш йил ўтгач, икки минг саккизинчи йилнинг февралида адабиётда тағин сенсация содир бўлди. Бу гал дунё адабиётида: аллақачон жаҳон адабиёти классиги деб тан олинган ( ҳаётлигида бундай улуғ рутбага эришган ёзувчилар ниҳоятда оз) ўша лауреат,Чингиз Айтматовнинг асарлари, ЮНЕСКОнинг маълумотига кўра, хорижий тилларга таржима қилиниш бўйича биринчи ўринни эгаллабди: қиссаларию романлари бир юзу етмиш тилга ўгирилибди! Ер юзида Китоб пайдо бўлганидан буён ҳеч қайси адибнинг асарлари шунча тилга таржима қилинмаган экан! Айтматовнинг хорижда чоп этилган китоблари сони эса етмиш миллиондан ошганди! Унинг ҳар бир янги китоби шов-шувга айланар, қизғин мунозараларга сабаб бўларди. Асарларини гарчанд энг катта, ҳатто, миллион-миллион нусхада чоп этишса-да, дўконлардан топишнинг иложи йўқ, чунки сотувга чиқиши биланоқ,тугаб қоларди. Кутубхоналардан олиб ўқиш учун эса ойлаб навбатда туриларди. Унинг қиссасию романлари бўйича энг йирик кино-студияларда фильмлар олинар, асарлари асосида Анқара,Вашингтон,Вена, Деҳли, Истанбул, Москва, Нью-Йорк, Парижу Пекин каби шаҳарлардаги нуфузли театрларда нафақат драматик спектакллар,балки операю балетлар ҳам саҳналаштириларди. Унинг асарлари Европа ва Осиёдаги ўнлаб мамлакатларнинг мактаблари,институту университетларининг ўқув дастурларига киритилган. Бир неча давлатлар, чунончи, Австрия, Германия, Туркия ҳамда Японияда вақти-вақти билан Айтматов кунлари ўтказилиб, уларда ёзувчининг ҳаётию фаолияти ҳақида жамоат ва давлат арбоблари, адабиётшуносу санъаткорлар ўзларининг дил сўзларини айтишар, сўнг асарлари асосида тайёрланган фильму спектакллар кўрсатиларди.

Айтматов жаҳонда адабиёт бўйича таъсис этилган Нобелдан бўлак (унинг бу мукофотга номзоди туркий дунё намояндалари томонидан 2008 йилнинг мартида кўрсатилганди. Аммо, минг афсуски…) барча мукофоту унвонлар, шунингдек, қатор мамлакатларнинг нуфузли орденлари билан ҳам тақдирланган. Дунёдаги бошқа бирор адиб ҳозирча бунақанги юксак эҳтиромга сазовор бўлгани йўқ.  Унинг Австралия, Америка,Африка, Европа ва Осиё қитъаларидаги юзлаб мамлакатларда миллионлаб мухлислари бўлиб, улар орасида кексаю ёшлар, турли касб эгалари билан бир қаторда, Императору қироллар, герцогу президентлар ҳам анча.

2004 йилнинг июлида миокардинфарктини бошидан кечирган адибнинг юраги зудлик билан Туркияда операция қилиниши зарурлигидан хабар топган Россия Президенти Владимир Путин Москвадан Бишкекка энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган самолёт ва уч-тўрт нафар доктор жўнатади ( Путин  Чингиз акани ўзининг севимли ёзувчисигина эмас,маънавий устозларидан бири деб ҳам ҳисобларкан). Ва ўша самолётда Анқарага ҳарбий-тиббий Академия клиникасига олиб келинган Айтматовни муваффақиятли операция қилишади (ушбу жараён бошида… мамлакатнинг ўшандаги Президенти Аҳмад Нежет Сезер ва собиқ Президенти Сулаймон Демирэл туришганди). Адибнинг асарларини Туркияда нафақат бу икки давлат арбоби, балки бутун турк халқи юрак-юракдан ардоқлайди.

Худо ноёб истеъдод, фавқулодда зеҳну заковат берган адиб Сўз билан бемалол тиллашарди. Ёзувчининг тоғлардай пурвиқор, шунқордай шиддатли,самодай сокин, ханжардай ўткир, баҳор насимидай тароватли жумлалари умидини йўқотганларга некбинлик бағишлар, адашганларни ҳақ йўлига бошлар, юракларнинг сўқир кўзларини очар, дилларга эзгулик уруғларини сочарди. У қаҳрамонларининг сийратини тадқиқ этишдек нозик юмушни ҳам қойиллатиб уддаларди. Уларнинг қалбларини китобхонлар қалби билан Сўздан яратган ришталари орқали чамбарчас боғлаб,қалбни ижод манбаига айлантирганди! Адиб сўнгги даврларда “капиталистик реализм”нинг (таъбир жоиз бўлса, шундай атама “кашф” этишга жазм қилдим…) моддиюнлиги, “социалистик реализм”нинг сиёсий ўйинларидан, оммавий маданиятнинг хуружларидан ўзлигини йўқота бошлаган Адабиётни асл ҳолига қайтариш мақсадида уни ёлғонлару чала ҳақиқатдан,такаббурлигу риёдан,иккиюзламачилигу айёрликдан,номардлигу қўрқувдан, ёвузлигу сохталикдан, виждонсизлигу беҳаёликдан халос этиш учун бутун жисми-жонини бағишлаганди…

Айтматовнинг тағин бир новаторлиги шундаки,у Адабиётни унинг оёғини Ердан узмаган ҳолда Коинотга олиб чиқиб,унга Планетар тафаккур ато этди,ушбу тафаккурга эса толерантлик — ўзгалар фикрига сабру бардош ила муносабат билдириш ақидасини пайвандлади. Худди шу толерантлик унинг ташаббуси билан барпо этилиб,ёзувчи 1986 йилдан умрининг охиригача президенти бўлган “Иссиқкўл форуми” фаолиятида етакчи ўрин эгаллаганди. Шу боис ҳам монанди йўқ ушбу халқаро ҳаракат фаоллари: дунё қарашлари бир-бирларига тамомила зид бўлган жаҳонга машҳур олимлару ижодкорлар қўлни- қўлга беришиб, сайёрамиздаги қатор долзарб муаммоларнинг ҳал этилишига ижобий таъсир кўрсатган бир қанча концепциялар яратишганди.

***

087Бир қараганда, Айтматовнинг Адабиётдаги йўли силлиққина кечганга ўхшайди.Аммо…
Эллигинчи йилларнинг ўрталарида — унинг дастлабки асарлари, шу жумладан,“Жамила”си чиққач, ёш ёзувчининг бошига шунчалар маломат ёғилдики. “Бу қаламкашнинг қаҳрамонларида қирғизлардан ҳеч вақо йўқ, чунки у халқ ҳаётини ҳам, қирғиз тилини ҳам билмайди”,дея дунёни бузишганди бир гуруҳ…қирғизлар.
Ҳолбуки, у ҳудудига Шакардан ташқари тағин икки-уч овул кирувчи қишлоқ кенгашига ўсмирлик пайтидаёқ котиб этиб тайинланган, бир неча йил мобайнида шу овулларни пиёдаю отда кезиб, қишлоқ ҳаётининг пасту баланди, овулдошларининг Қалблари билан танишишга, уларнинг ташвишларию қувончларини биргаликда баҳам кўришга муваффақ бўлганди.

Ижодини қирғиз тилида бошлаб (бир неча ҳикоялари, Ленин мукофоти лауреати берилган китобига кирган “Биринчи ўқитувчи”,“Момо ер”, “Сарвқомат дилбарим” каби қиссаларини қирғизчада битганди), кейин русча ёзишга ўтган адибнинг матбуотда чиққан илк иншоси “Қирғиз тилинин терминологияси ҳақида” (1952 йил) деб аталган бўлиб, унда тил бўйича энг долзарб муаммолар ҳақида фикр юритилганди.
Шунингдек, у рус тилидан қирғизчага ўгирилган туркум шеърларнинг тилини профессионал даражада таҳлил қилганди.

Француз адиби Луи Арагон “Жамила”ни она тилига ўгириб, ўзи битган сўзбошисида Айтматов ҳамда унинг ушбу қиссасига катта баҳо бергач, асар инглиз, немис,испан… тилларига ҳам таржима қилиниб, олдинига Европа, сўнг бутун дунё китобхонларининг севимли китобига айланганди. “Жамила” Чингиз Айтматовнинг Қирғизистону қирғизларни жаҳонга танитиш борасидаги биринчи, аммо ниҳоятда қутлуғ қадами ҳисобланади ҳам.
Ёзувчининг кейинги асарлариям қирғизларни дунёга олиб чиқишда бебаҳо аҳамият касб этганди. Ва ўшанда “Чингиз дегани — қирғиз дегани, қирғиз дегани — Чингиз дегани” ибораси пайдо бўлганди.
Адиб юртию юртдошларини нафақат ҳар сатрида миллий руҳ уфуриб турган асарлари,балки маданиятию фольклорининг тарғиботи орқали жаҳонга таништиришга уринарди.   Шунингдек, ушбу бетакрор қадриятлар, айниқса, қирғиз тилини бутун вужуди билан балою қазолардан ҳимоя қиларди ҳам.

“Айримлар халқимиз ҳақида гап борганида, қирғизлар ўтмишда маданиятсиз эди”, дейишади. Объектив ва субъектив сабаблар,жумладан, бошимиз, кўпинча озодлик учун олиб борилган курашлардан чиқмагани боис бизни европаликларга насиб этган санъат турлари, дейлик, опера, балет,рассомлик, меъморлик… четлаб ўтди. Лекин бу қадимий халқлардан бири ҳисобланмиш қирғизларга “ ўтмишда маданиятсиз эди” деган айб тақашга асос бермайди. Ўз ёзувимиз бўлган: кўҳна Урхун-Энасой ёзувлари аждодларимизнинг ҳам ёзуви ҳисобланарди. Аммо бизда халқ оғзаки ижоди ниҳоятда гуллаб-яшнаганди. Катор- қатор етук достонлар яратганмиз.Улар оғиздан-оғизга ўтиб, ҳозирги замоннинг адабий уммонини безаб турибди, айниқса, “Манас” достони. Бу бебаҳо асарлар савияси баланд,ўн минглаб шеърий сатрлардан иборат. Уларга бўлган қизиқиш дунёда тобора ортиб бормоқда. Мен ҳар сафар “Манас”ни ўқиганимда ота-боболарим бундан бир неча асрлар илгари шундай мўътабар асар яратишганидан чексиз фахрланиб, кўзларимни қувонч ёшлари қоплайди…

“Биз, қирғизлар,ўзгаларнинг маданиятига зор бўлмаганмиз ва ҳозир ҳам зор эмасмиз.Худо бизга етарлича маданият ато этган”, — деганди мен билан суҳбатда,доно бахшиларимиздан бири Саяқбой Коралаев. Унинг фикрига юз фоиз қўшиламан”. Айтматов бу сўзларни минг тўққиз юзу саксон бешинчи йилнинг қишида, Кирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган катта бир йиғинда айтганди. Ўшанда билингвизм — икки тиллилик муаммолари ҳақидаям аччиқ-аччиқ гаплар бўлувди. “Билингвизм икки — бири жаҳонда тан олинган, иккинчиси маҳаллий миллий тилнинг параллел фаолияти дегани. Бунда ўзаро тенглик қоидаси ҳукмрон бўлиши шарт. Яъни бир тил иккинчисини камситмаслиги, топтамаслиги керак. Айримлар қайси тилнинг фойдали иш коэффиценти қанча кўп бўлса, ўшанинг амри вожиб бўлади, деган тушунчани билингвизмда ҳам қўллашга уринмоқда. Бу ҳол техникада ҳисобга олинади, холос. Лекин маданияту тил соҳасида қўлланилса, жаҳон саҳнасига чиқиб олган тил шеригини шундай хўрлайдики, охири, ассимиляция ҳолати юз беради ёки бошқача қилиб айтганда, ўша ожизгина маҳаллий тил бора-бора, буткул йўқолади.

Кўплаб тилларнинг ана шу тарзда ўлиб кетганига мозий гувоҳ. Фожиа шундаки, бу тиллар ҳеч қачон қайта тикланмайди. Натижада у ёки бу халқнинг маданияти инқирозга юз тутади. Ўйлайманки, буюк рус тили Ўрта Осиёдаги маҳаллий тиллар тақдирига ҳеч қачон таҳдид солмайди.

АММО ЮБИЛЕЙИГА…

Лекин… шуни ҳам таъкидлашни истардимки, ҳозир тил масаласида Кирғизистонда ғалати ҳол ҳукм сурмоқда. Республикамиз аҳолисининг маълум қисми, аниқроғи, шаҳарда истиқомат қилувчи қирғизларнинг аксарияти ўз она тилини билмайди, билганлари эса чала билади, табиийки,миллий урф-одатларни ҳам, чунки тил билан миллий маданият чамбарчас боғлиқда. Салбий оқибатларга олиб келувчи бу нохуш вазиятни бартараф этиш учун қирғиз тилига ҳам давлат тили мақоми берилиб, унинг нуфузини кўтариш шарт. Иккинчидан, қирғиз тилидаги мактаблар ( Кирғизистон пойтахтида атиги иккита шундай мактаб мавжудлигини қандай изоҳлаш мумкин…), қирғизча китоблар, табиийки, дарсликлар,оммавий нашрлар сонини, радио ва телевидениеда қирғиз тилидаги дастурлар учун ажратилаётган вақтни кескин кўпайтириш лозим.Шунингдек, ўрта ва махсус олий ўқув юртларида қирғиз тилида берилаётган сабоқ сифатини ҳам тубдан ўзгартириш керак деб ўйлайман”.

Кўпчилик Чингиз Айтматовнинг қирғиз тили хусусида айтганлари маъқул келганини қайта-қайта таъкидлаб, адибнинг фикри асосида ҳукумат, албатта, махсус қарор қабул қилишини таъкидлади. Йиғинда республикадаги шаҳарлару районларнинг, айрим кўчаларнинг номларини ўзгартириш муаммоси ҳам кўриб чиқилди. “Улар миллатимизга дахли йўқ одамлар: давлат, фан, маданият арбоблари, адибларнинг номлари билан аталгани миллий ғуруримизни поймол қилишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ахир бизда ҳам шундай инсонлар кўп-ку,уларнинг номлари эса… бир четда қолиб кетган…”,— дейишди қатор зиёлилар сўзга чиқишиб. Бир ўқитувчи эса Кирғизистон пойтахтидан Фрунзе номини олиб ташлаб, унинг ўз номи — Бишкекни қайта тиклаш хусусида таклиф киритди. …Бу фикрни ҳатто… айрим маданият арбоблари рад этишди. Йиғин охирроғида сўз олган Чингиз Айтматов эса муаллимнинг таклифини маъқуллагач, ушбу таклиф ана шундай мажлисларнинг бирида яна муҳокама қилинадиган бўлди… Ўша йиғиннинг овозаси тезда бутун республикага тарқалди. Минглаб одамлар Чингиз Айтматовнинг фидойилигию элпарварлигига қувона-қувона таҳсинлар айтишди.

…Орадан хиёл ўтмай, Янги — 1988 йил кириб қадам босди. Шу қутлуғ йилнинг ўн иккинчи декабрида Айтматов олтмишга тўларди. Нафақат Кирғизистону Совет Иттифоқи, балки бир неча хорижий давлатларда ҳам адибнинг юбилейига қизғин тайёргарлик кўриларди. Ҳатто баъзи тадбирлар январдаёқ бошланди. Катор ўқув юртлари, маданият муассасаларида ёзувчи билан учрашувлар бўлди, газеталарда унинг ҳаётию ижоди хусусида мақолалар чоп қилинди, радиою телевизорда эшиттиришлару кўрсатувлар берилди.

Аммо ногаҳон… 1988 йилнинг 16 январида — юбилейга ўн бир ой қолганида, салтанатнинг адади бир неча миллион нусха бўлган, хорижий мамлакатлардаям кенг тарқаладиган ўта машҳур газетаси —“Комсомольская правда”да С. Романюк деган имзо билан чиққан катта бир мақолада… Чингиз Тўрақуловичнинг бошига бир челак мағзава ағдарилди.

Ҳали бирор бир совет газетаси бирор совет адибига қарши бундай мақола чоп этиб, унинг шаънини бу қадар оёқ ости қилмаганди. Мақолада Айтматов демагоглигу тутуриқсизликда, миллатчилигу шуҳратпарастлик, ҳатто… пайғамбарликка даъво қилаётганликда ва яна алламбалоларда айбланиб, совет ёзувчисига ёт бу “ярамас қусурлари” анчагина далиллар орқали “исботланганди”. Уни ўқиганларнинг деярли бари фалаж бир ҳолга тушганди…
Аммо кўпчилик бу мақола Кремлнинг буюртмаси бўлиб, у адибдан ўша “шаккок”лиги учун ўч олиш, уни бутун дунёга шармандаю шармисор қилиб, овозини ўчириш, ҳам маънан, ҳам жисмонан мажруҳга айлантириш ниятида чоп этилганини дарҳол тушунишди…

Ёлғонлардан, бўҳтону туҳматлардан яралган бу ифлос мақолани ўқиб чиқишим биланоқ, юрак-бағрим эзилиб кетади. Сўнг ичимда пайдо бўлган тўфон ўша мақолаю газета, қизил салтанатнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши исёнга айланиб, бир онда қоғозга кўчади. Уни эрталабгача машинкалаб, Москвага, бир йўла икки — “Комсомольская правда”ю “Литературная газета”га жўнатаман…

Мен шу қадар азоб чекаётган бўлсам, Чингиз ака қай ҳолга тушганини кўз ўнгимга келтириб, унинг дардига шерик бўлиш ма қсадида, ишхонасига қўнғиро қ қиламан. Дастакни ҳеч ким кўтармагач, ўша машҳур мажлисда адибнинг фикрларини қўллаб- қувватлаган зиёлилардан бири билан боғланаман.
—Айтматов қаерда?— с ўрайман ундан хавотирлана-хавотирлана.
—Ўлиб қолди!
—Нима?! Качон?!— даҳшатга тушаман.
—Маънавий жиҳатдан ўлди у. “ Қўрқоқ ўлимидан бурун ўлади”, деган гап бор бизда. Қайсидир шоир кўп такрорларди: “Агар Чингизхон қиличи билан дунёнинг ярмини босиб олган бўлса, бизнинг Чингиз оғамиз оддий қалами билан бутун дунёни забт этган ботирдир!” деб. Аслида шунчалар қўрқоқ эканки у, мақола чиққач, Кремль мени тинч қўймайди деб, эрталаб хорижга қочиб кетди. Ўшанда мажлисда унга суяниб бекор катта-катта гапирибман. Энди мен ҳам, олганимни оламан…” дея чуқур уф тортиб, яна нималардир деб ғулдирай бошлаганида, дастакни шартта қўйдим.

Кечаси тағин азоб чекиб, деярли ухлолмадим. Эртасига соат миллари ўнга яқинлашгач, Чингиз аканинг ишхонасига телефон қилдим. Хайрият! Дастакни ёрдамчиси Туратбек кўтарди! Овозида ма ҳзунликдан асар ҳам йўқ. Тетик ва бардам эди у.
“Чингиз Тўрақулович “Ит ҳураверади, карвон ўтаверади” деб, Москвага учиб кетди. Янги китобининг тақдимот маросими бўларкан, кейин хорижга йўл олади… Юбилей тадбирлари ўтиб турибди. Ґатто чет элларда ҳам. Бош тантаналар ноябру декабрда ўзимизда бўлади. Албатта кел!”, дейди Туратбек.

Орадан бир неча кун ўтгач, аниқроғи, 1998 йилнинг 23 февралида салтанатнинг бош газетаси “Правда”да Айтматовнинг қарийб бир бетли мақоласини (муаллифнинг фотосурати билан) кўриб, юрагимни тағин   хавотир қоплайди. Шу боис уни тез-тез ўқий бошлайман.

…Саксонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистон — занжирбанд шер энди уйғонаётганида, юракларини ва ҳима қоплаган мустамлакачилар ўзбек халқининг қаддини эгиб ташлаш учун уни бутун дунёга бадном эта бошлашди. Бир неча жўмардларимиз бу қабиҳликка қарши исён кўтаришди, кескин-кескин гаплар айтишди. Лекин ўшандаги манқурт раҳбарларимиз уларнинг овозларини ўчириш билан чекланмасдан, кремлдагиларни бутун вужудлари ила қўллашарди. Шу боис ҳам халқимиз тобора оёқости қилинарди… Бошимиз эгик, кўнглимиз синиқ ўша аламли кунларда Чингиз Айтматовнинг “Правда” даги “ Кайта қуриш, ошкоралик—омонлик  дарахти” мақоласи чақиндай чақнайди! “Ўзбек меҳнаткашларининг мамлакат учун қилган ишларини айтаверсак, уларнинг бари таъзимга лойиқ юмушлардир. Кадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган  таъсирини Кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз-у юзимиз эди, бугун ҳам худди шундай. Йўқ, ўзбек халқининг тоза чеҳрасига ҳеч нарса  доғ сололмайди!” деб ёзганди адиб. Яқиндагина бошига кулфат тушганига қарамай, Айтматов ма қоласида биз ўзбекларни ҳимоя қилганди, халқимиз ҳақида бири-иккинчисидан-да чиройли гаплар айтганди!

Чингиз оғанинг жасоратидан юрагим ҳаяжонга тушиб, ўзимни тутолмай, йиғлаб юбораман…
Эртасига эрталаб, бор-й ў ғини суриштирмай, тўғри Қирғизистонга учаман. Кеча хорижга жўнаб кетибди. Биз ўзбекларни ҳимоя қилгани учун раҳмату таъзимимни етказишларини сўраб, бағрим фахру қувончга тўлиб, уйга қайтаман…

Кизил мустамлакачиларнинг бош газетаси бу с ўзларни қандай босиб чиқарганига ҳайрон қоламан ҳам. Кейинроқ Чингиз ака билан учрашганимда, сабабини билиб олдим. Маълумки, Москва ўзининг “ қайта қуриш” си Ёсати кўпроқ тарғиб этилишини ни ҳоятда хуш кўрарди, айниқса, Айтматовдек тани қли адиблар томонидан. Ва “Правда”нинг бош му ҳарририга Ёзувчидан шу мавзуда мақола ундириш вазифаси топширилади. Адиб эса “Майли, Ёзаман, аммо мақолада ўзбекларни ҳимоя қиламан, чунки уларни ноҳақдан ноҳақ айблашяпти”, деб шарт қўйган. Бош муҳаррир ноилож бунга рози бўлган. Бу эса салтанат ҳукмдорлари, айниқса, Сиёсий бюродаги мустамлакачилик ақидалари ҳар бир ҳужайрасига сингиб кетган қари қашқирларнинг Айтматовга бўлган ғазабини кучайтириб юборганди. Уларда ёзувчига нисбатан илк нафрат Чингиз ака адабиётга “манқурт” иборасини киритганида пайдо бўлганди. Чунки бу ибора улар октябрь тўнтаришидан буён олиб боришаётган сиёсатнинг асл башарасини фош этаётганди-да. Ва ҳар гал унга рўбарў бўлишганида, “унинг цензура чегарасидан ўтиб кетишига йўл қўйган миясиз Брежнев Леонид Ильичнинг кўкрагига ордену медаллар  тақавериб, зийраклигини йўқотган Суслов”нинг гўрларига ғишт қалашарди.

“Агар Юрий Андропов ўлиб қолмаганида, бу занғар қирғизни ўша ибора-пибораси билан КГБнинг подвалида чиритиб юборарди!” дея афсусланишарди. “Горбачёв эса… Унинг тахти лиқиллаб қолган, бунда Айтматов топган ўша иборанинг ҳам “хизмати” анча, бундан бу ёғига унинг таҳдиди тағин-да ортади. Бу нафақат Горбачёв, балки бутун салтанат учун ҳам ўта хавфлидир. Шу боис уни зудлик билан луғатлардан чиқариб ташлаш, муаллифининг танобини эса янада қаттиқроқ тортиб қўйиш керак!”. Лекин партия Бош котиби уларнинг бу таклифини рад этди. “Ахир биз демократик давлат қуряпмиз, ортга қайтсак, бутун дунё  устимиздан кулади! Оғиздан чиққан сўзни, одатда, чумчуққа ўхшатишади. Майли, ҳозирча учиб юраверсин ўша ибора. Аммо шуни билингларки, чумчуқнинг умри қисқа бўлади. Айтматов масаласига келсак… уни  бутунлай ўзимизники қилиб олсак, истеъдодию заковати фақат фойда келтиради ҳаммамизга!” дея улар билан суҳбатни якунлаганди Горбачёв…

…Ва июлда қувончли хабар эшитаман: Айтматов салтанатнинг мавқеини ҳоятда баланд ҳисобланадиган “Иностранная литература”нинг бош муҳаррири қилиб тайинланибди! Бу журналга ҳали ҳеч қачон бошқа миллат вакили раҳбарлик қилмаган эди. “Устига-устак”, Чингиз ака ўз лавозими — Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифасида ҳам қолдирилганди! “Одатда бизлар Москвадан келаётган буйруқлар   бўйича ишлаган бўлсак, энди Чингиз оғамиз Бишкекдан туриб Москвадагиларга вазифа топширади!” дейишганди бир-бирларини қутлаб қирғизистонликлар фахр билан. Айтматов бош муҳаррир этиб тайинланиши арафасида журналнинг мавқеи бирмунча пасайиб кетганди. Адиб қисқа муддатда унинг олдинги нуфузини тиклади!

Биринчидан, гарчанд журнал Хал қаро кенгаши аъзолари бир пайтлар партия Марказий Комитети томонидан қўйилиб, уларга дахлсизлик мақоми берилган эса-да, янги бош муҳаррир, на фикр, на иш бераётган ўша номдор — эркатойларни кенгашдан чиқариб, унинг таркибига улардан-да машҳур, аммо ишчан, нигоҳлари теранроқ ижодкорларни киритиб, уларнинг муло ҳазалари асосида таҳририят фаолиятида туб бурилишлар ясади (бунда Чингиз аканинг илгари беш йил давомида “Правда” газетасининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўйича махсус мухбири, “Литературный Киргизистан” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаганида журналистикаю му ҳаррирлик бўйича орттирган ўзига хос тажрибаси ҳам ас қотганди, албатта). Иккинчидан, цензура арзимаган   баҳоналар сабабли қайтарган асарлар билан шахсан ўзи танишиб, кўпини чиқартирди, янги рукнлар жорий этди, ўткир-ўткир давра суҳбатлари ўтказа бошлади. Марказий Комитет асосан “киборлар” ўқишлари учун   журнал обунасини атайлаб чеклаб ташлаганди. Айтматов шу чеклов—лимитни олдиргач, “Иностранная литература” халқ орасига ҳам кирадиган б ўлди…

Адиб билан унинг юбилейи доирасида Бишкекда—филармония биносида ўтказилган “Айтматов ва театр” Умумиттифо қ фестивалида к ўришдим. Бир неча соат давом этган ушбу тадбир давомида қатор театрларда ёзувчининг асарлари бўйича саҳналаштирилган пьесалардан лавҳалар ҳам намойиш қилинди…
Фестиваль якунида тани қли санъаткорлару театршунослар Айтматовнинг нафақат Иттифо қ, балки жаҳон театри ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам маърузалар қилишди… Эртасига Чингиз аканинг хонадонида бўлиб, адибни юбилейи билан табриклаб, тўну дўппи кийдирдим.
Ойнинг охиригача шаҳарнинг яна уч-т ўрт жойида тантаналар ўтказилиши режалаштирилган экан. Аммо,
тўсатдан, отамнинг соғли ғи оғирлашиб қолганини эшитиб, уйга қайтаман…

Дадамни еттинчи декабрда тупроққа топшириб, Булунғурдан Тошкентга келган куним Айтматов телефон қилиб, таъзия билдирди-да, ёшини сўради.
—Икки кам тўқсонда эди…
—Жойи жаннатда бўлсин, раҳматлининг… Сен эса, Анваржон, юз билан юзлаш, — деди Чингиз ака ва хайрлашаётганимизда, январнинг охирларида Бишкекка келиб кетишимни, менда иши борлигини айтди.  Бордим. Москвада экан. Икки кундан сўнг дийдорлашдик.

Адиб тағин таъзия билдиргач, Тошкентдаги с ўнгги янгиликлар, ижодкор дўстлари ҳақида талай саволлар беради. Уларга билганимча жавоб қайтарганимдан сўнг Москва театрларидан бири “Асрга татигулик кун”нинг янги саҳнавий тал қинини тайёрлаётгани, ҳатто репетицияда қатнашиб, уч-тўртта лавҳани томоша қилгани, Германияда “Кунда” романи чоп этилгани ҳақида завқлана-завқлана гапиради.
—Ўзинг нималар билан бандсан?— с ўрайди у.
1985 йилда устида иш бошлаган “Йигирманчи асрим менинг” китобим бўйича амалга оширган юмушларим, чунончи, архивлардан анча фотосуратлару ҳужжатлар йиққаним, шунингдек, унинг мазмун- моҳиятию йўналиши, унга кимлар билан интервьюларимни киритишни мўлжаллаётганим, китобнинг дизайнини яратиш юзасидан ҳам   изланишлар олиб бораётганим, ҳатто меҳмонхонада бир нечта макет чизганимни айтаман.
—Кечқурун бизникига ўтиб, асаринг ҳақидаги ахборотни ўша ерда тўлдирасан,—дейди ёзувчи.
Айтматовникига жон-жон деб боргим, юрагимни бўшатиб, тўйиб- тўйиб гаплашгим келар, аммо эртага отамнинг маъракаларидан бири ўтказилиши туфайли сўнгги рейсда учиб кетишим керак эди.
— Йўқса, энди келганингда, тўғри уйга ўт. Ҳозир эса меҳмонхонада тайёрлаган ўша макетларингни келтир, жуда қизиқиб қолдим…
Қайтгач, макетларни бир-бир кўрсатиб, изоҳлайман.
— Режанг менга жуда ёқди, табиийки, ҳали янада такомиллаша боради у. Дунё миқёсидаги шарафли, аммо ўта масъул ва машаққатли юмушга қўл уришга журъат қилибсан! Китоб ғоясига Михаил Шолоховнинг асос солгани жуда яхши бўлибди…
Бу мақсадни амалга ошириш учун бетиним изланишинг, ҳатто курашишинг, ҳаёт лаззатларидан воз кечишинг керак бўлади. Ҳасаду ғийбатларга парво қилмай, олға интилавер. Ҳеч қачон тушкунликка тушма, қирқига чидасанг, қирқ бирига ҳам чидаб, асарингни албатта, ниҳоясига етказ. Сенга сабру бардош тилайман! (Дар ҳақиқат, Чингиз ака вақти зиқлигига қарамай, маслаҳату кўмагини аямади: бирида Тошкентга, бирида Бишкекка келганида, Бельгияга — ё хонадони ёки элчихонага қўнғироқ қилиб гаплашганимизда китоб тақдири билан албатта қизиқарди…
Айтматовнинг бу яхшиликларини бир умрга унутмайман!).

— Ёрдаму маслаҳатим зарур б ўлса, тортинмай мурожаат қилавер… — дерди.
Устозга қайта- қайта раҳмат айтаман…
…Чингиз ака деворга суяб қўйилган улкан портретига ишора қилиб, дейди: “Сенга совға, Тошкентга олиб кетасан”.

Энг олий навли ёғочлардан инкрустация, яъни қадама нақш услубида яратилган маҳобатли ва… нафис бу асар ни ҳоятда қимматбаҳо эди… Мен ҳеч қачон, ҳеч кимдан бундай ҳадя олмагандим… Юрагим ҳаприқиб кетади, “Узр, Чингиз ака, узр, арзимайман унга” дея, такрорлайман, бошқа сўз тополмай.

—Йиғиштир бундай гапларни!..—хиёл қизиша бошлайди Айтматов. Унинг асабийлашганини биринчи бор кўраётгандим.
—Турат! — чақиради сўнг ёрдамчисини, — Цумга ўтиб, кўтаришга қулай шаклда ўратиб кел картинани,—дея буюради унга. Келтиргач, “Э ҳтиётлаб оббор!” деб қўлимга тутқазади (мана ўн тўққиз йилдирки, у шахсий галереямдаги энг азиз асар сифатида эъзозланиб сақланмоқда).

— Таъзим Сизга! Илоё, Нобелли бўлинг! Душманларингиз қирилиб кетсин!—дейман ҳаяжонга тушиб.
— Нима. Қирилиб кетсин?! — шарақлаб кулади Чингиз ака. — Ҳеч ким қирилмасин. Аммо шундай ишлар қилайликки, ҳатто душманларимизнинг ҳам ҳаваси келсин. Ўшанда ёвузлик камая боради! Сўнг Туратга   дейди: — Қабулхонада ўтириб турсанг, Анварда икки минутлик ишим бор. Ҳеч кимни қўйма.

—Айланай, сендан, укажон, мени деб бошингга не савдолар тушиши мумкин эди-я… Ўша хатингни ўқиб чиқдим. Мен ҳеч қачон ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож бўлмаганман ва бундан буёғигаям муҳтожлик сезмайман деб ўйлайман. Аммо сенинг хатинг… Ҳақиқий дўстнинг мактуби… Калам эмас, юрагинг билан ёзибсан…

— Нима бўпти у Сизнинг ҳимматингиз олдида… Ахир, биз — ўзбекларни деб бошингизни кундага қўйдингиз — ку!..
— Нега “биз— ўзбеклар” деб ажратасан?! Мен ҳам қирғизман, ҳам қозоғу ўзбекман, ҳам турку туркманман… Биз битта халқ — туркиймиз! Ва доимо бир-биримизнинг қувончу ташвишимизга, бахту бахтсизлигимизга шерик бўлишимиз, бир-биримизни ҳимоя қилишимиз керак!..

Шу пайт ҳукумат телефони жиринглаб, Айтматовни катта идорадаги мажлисга таклиф этишади…
— Хизматчилик, бориш керак,—дея, тортмасидан бир сурат чиқариб, устига нималарнидир ёзади-да, уни стол устида турган “Олатов” журналининг ичига жойлаб, менга узатади.
— Икковимизнинг “Шарқ юлдузи”даги суҳбатимизни қирғизчага ўгириб чоп қилишган… Кўриб чиқарсан.
Тошкентдаги барча оғайниларимизга, келинимгаю ўғилларингга салом айт. Китобинг хусусида хабардор қилиб тур! Яна бир марта раҳмат сенга, бошинг тошдан бўлсин! Хайр!—дейди Чингиз ака мени қучиб…

Самолёт керакли нуқтага етиб, бир текисда парвоз қила бошлагач, “Олатов”ни варақлаб, Чингиз ака солган фотосуратни қўлимга оламан. Ундаги “Анвар Жўрабоев укамга! Мендай оғангни сийлаганинг учун Худо сени ҳам сийласин. Чингиз Айтматов” деган дастхатни ўқишим билан, кўзимни қоплаётган ёшларни биров кўриб қолмасин деб, шоша-пиша дастрўмолимни қидира бошлайман…

* * *

Орадан икки ой ўтгач, 1991 йилнинг 26 мартида Иттифоқ парламентига муқобиллик асосида ўтказилган сайловга Айтматовнинг ҳам номзоди қўйилиб, у катта овоз билан СССР халқ депутати этиб сайланди. Кейин  салтанат ҳукмдорлари парламентнинг энг катта — маданият ва миллий масалалар қўмитаси раиси ҳамда СССР Президенти Кенгаши аъзолигига сайлаттиришиб, унга Кремлдан кўркам кабинет ажратишади. …

Болтиқ бўйида мустақиллик учун бошланган ҳаракатлар эпкини Грузия-ю Озарбайжон, сўнг Қозоғистонга ҳам ўтгач, салтанат ушбу ҳудудларни қонга белаганди. Бу шиддатли бўрон Марказий Осиёдаги бошқа республикаларга ҳам кўчиш хавфи борлигини сезган Москва ушбу минтақага нисбатан янги тазйиқ бошлади. Бунда мустамлакачиликнинг “Аввал бўлиб ташла, сўнг ҳукмронлик қил!” деган “олтин қоида”сини қўллашга   аҳд қилди. У асосда ўта ёвуз сценарий битилди. Ва… кимларнингдир даъватига кўра, Кирғизистон жанубидаги Ўш ва Ўзганда қирғизлар… ўзбек оилаларига ҳужум уюштириб, юзлаб одамлар, ҳатто   болаларни ҳам ўлдиришди. Минг йиллар давомида бир онанинг фарзандларидай яшаб, душманларга қарши мудом биргаликда курашиб келган, бири иккинчисига умрида қўл кўтармаган бу икки халқ бир-бирига душманга айлантириларди.
Худо кўрсатмасин, агар ўша сценарийнинг биринчи қисмидаги ўт алангага айланса, қирғизу ўзбек халқлари ўртасида уруш бошланиб, юз минглаб одамлар қирилиб кетарди. С ўнг Марказ “тинчлик ўрнатиш” мақсадида, Қирғизистону Ўзбекистон ҳудудига сон-саноқсиз қўшинлару танклар киритар ва ушбу икки республиканинг ҳар бир яшовчиси назорат остига олинарди. Аммо, нафақат бу икки республика, балки бутун Марказий Осиё ҳаётини остин- устун қилиб юборишга мўлжалланган бу қирғинбаротнинг бартараф этилишига Айтматов ҳам қўшилишини Марказ ҳатто хаёлига келтирмаганди. Чунки унга катта-катта мансаблар бериб,  “ўзига ағдариб” олганди-да. Чингиз ака эса амал курсиларини бир четга йиғиштириб, аввало, матбуотда қирғиз ва ўзбек халқларига мурожаат қилиб, шундай деганди: “Азизларим, қон тўкишни тўхтатиб, ўртамизга оралаган муаммоларни тинч йўл билан, ақл билан ҳал қилайлик. Биз — қонимизу тилимиз бир халқ — туркийлармиз-ку, ахир! Ота-боболаримиз бир-бирларига тиғ кўтариш ўрнига, қўлни қўлга бериб яшашганди-ку. Не жин урди бизларни!?  Бу йўлдан қайтайлик! Ҳозирги ёвузлигимиз болаларимизу невара- чевараларимизнинг ҳам тақдирига таҳдид солади!..”

Сўнг Москвадан Тошкентга учиб келиб, ўзбекистонлик ҳамкасблари Одил Ёқубову Пиримқул Кодиров билан Ўшга бориб, ўлдирилганларнинг, азият чекканларнинг қариндош-уруғлари билан суҳбатлашди, уларга ҳамдардлик билдирди. Кимларнингдир макрига учиб, бу ваҳшийликка қўл урганларни телевизордаги чиқишида   лаънатлаб, “Сизлардан нафратланаман!” деганди кўзида Ёш билан…

ЕВРОПАГА КЎНИКЯПМАН

Москвага қайтиб келгач эса… Ўш фожиасининг сабабларини аниқлаш ҳаракатига тушади. Аниқласа, Кремлнинг жаҳон ҳамжамияти олдида шармандаси чиқарди, албатта. Айтматовнинг овозини ўчирай дейишса… энди кучлари етмас, чунки обрўйи ер юзида кун сайин ошиб борарди… Ва ногаҳон миш-миш тарқалди: “Москва Айтматовдан қутулиш йўлларини излаяпти, “яхшиликни билмайдиган, бу нонкўр ёзувчини қайсидир мамлакатга   “маданий сургун” қилишмоқчи”. Эртасига Кремлга, Айтматовнинг кабинетига телефон қиламан. Дастакни маслаҳатчиси олади. Ўзи сафарда экан.
— Чингиз Тўрақуловични хорижга жўнатишаЁтгани тўғрими?
— Ҳозирча номаълум. Ким билади, балки элчи қилиб тайинлашар,— дейди у аллақандай сирли оҳангда. — Сабабими? Буни ўзидан сўрайсиз…
— Качон келади?
— Беш кундан сўнг…

Ғул ғулам янада ошади. Миш-мишлар эса тобора кучаярди. Тўрт кун ўтгач,уйимизга Айтматовнинг ўзи қўнғироқ қилади! Салом-аликдан сўнг гапни қандай давом эттиришни билмай турганимда (шошиб қолувдим-да), Чингиз ака ишим билан қизиқиб қолади ( ўшанда яқиндагина ташкил қилинган “Халқ сўзи”га   бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинлангандим)…
Мени янги лавозим билан қутлаб, “газеталаринг халқнинг дардини дадил айта оладиган минбарга   айлансин”, дейди-да қўшиб қўяди: — Анваржон, мен янги ишга ўтяпман.
— Қаерга? Нима иш?
— Люксембургга. Элчиликка. Йигирманчи ноябрда оилам билан жўнаб кетамиз.
—Миш-мишлар рост экан-да?
— Қанақанги миш-мишлар?— ҳайрон қолади Чингиз ака.
— Айтишларича, Сиз Горбачёв билан талашиб… Хуллас, шу боис Сизни чет элга… сургун…
— Йўғ-е, —г апимни бўлади Айтматов, — рости, бу ердаги сон-саноқсиз лавозимлар қўл-оеғимни буткул боғлаб, Ёзув-чизувдан маҳрум қилиб қўйди. Энди биттагина лавозимим бўлади ва ишонаманки, ёзишга имкон туғилади. Ахир, Ёзувчи Ёзмаслиги мумкинми?! Шунинг учун ҳам… иложини топсанг, Люксембургга телефон қил. Китобинг ҳақидаям ахборот беришни унутма. Хайр!..

“Нега бор гапни айтмаяпти? Ҳа, телефони “подслушкада” бўлса керак”, ўйлайман ичимда…
1991 йилнинг 22 март куни — Наврўз байрамининг эртасига телефон мени Чингиз ака билан яна боғлайди.
— Алло, Тошкентми? Люксембургни улаймиз,—дейди алоқа бўлимидаги аёл…
— Алейкум ассалом! Соғлиқларинг яхшими?.. Аста-секин дипломатияни ўрганяпман, Европага кўникяпман…

Адибга бундан бир неча кун илгари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида Шартнома тузилганини айтаман.
— Хабарим бор, — дейди Айтматов,— бу ҳужжатнинг пайдо бўлишида Ислом Каримовнинг саъй- ҳаракатлари катта бўлганини эшитиб, роса суюндим. Ишончим комилки, энди ўзбегу қирғиз ўртасига ҳеч ким раҳна сололмайди!

Тўққиз ой ўтгандан сўнг қизил салтанат қулаб, янги тарихимиз бошланди… Айтматов олдинига мустақил
Қирғизистоннинг Люксембург, кейин Бенилюкс мамлакатлари (Люксембург, Бельгия, Нидерландия) шунингдек, Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчисию Европа ҳамжамияти, НАТО ҳамда ЮНЕСКОдаги Доимий вакили этиб
тайинланади. Шу лавозимларда то 2008 йилнинг мартигача, яъни қарийб ўн етти йил давомида ишлаган
Айтматов жа ҳоннинг таниқли дипломатлари сафидан жой олганди.
Чингиз ака элчилик билан бир қаторда, ижод билан ҳам тинмай шуғулланиб,тағин икки улуғ асар: “Кассандра тамғаси” ва “Тоғлар қулаётганда ёки Боқий қаллиқ ” романларини яратди.

ТУРКИСТОН ТУЙҒУСИ

1995 йилда минтақа зиёлиларининг Тошкентда ўтказилган анжуманида Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси ташкил этилиб, Чингиз Айтматов унинг президенти, Одил Ёқубов биринчи вице -президенти этиб сайланишди. Бош қарорго ҳи Ўзбекистон пойтахтидаги — Мустақиллик майдонида жойлашган ушбу Халқаро ташкилот атрофига энг таниқли адиблар, санъаткорлар, олимлар, хуллас, ижодкор зиёлиларни бирлаштирди. Ота- боболаримиздан мерос бўлиб қолган тарихий бирлигимиз туйғусини, муқаддас Туркистон туйғусини  қайтадан тиклаш, уни одамлар қалбига пайванд этиш борасида анча эзгу ишларни амалга оширди…

06

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring