Ashurali Jo‘rayev. Ikki hikoya

045    Истеъдодли ёзувчи ва ҳозиржавоб журналист Ашурали Жўраев 60 ёшга тўлди. Ўзбек адабиёти мухлислари, ижодкор ихлосмандлари ва сайтимиз муштарийлари номидан чин юракдан қутлаб, унга янги ижодий ютуқлар, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Фарҳод Эшмўминов
ИЖОД ЛАҲЗЛАРИ САОДАТИ
004

Ишдан келган Очил бобо болалари қуршовида кечки овқатга ўтирди. Одатга кўра тўнғичидан кундалик юмушлар, ука ва сингилларининг юриш-туриши ҳақида сўроқлади.

Жавобдан кўнгли тўлди, шекилли, чап тирсагига ёстиқни тираб каттасига яна сўз қотди:

– Ашурали ўғлим, ниятингдан қайтмадингми?

Отанинг қатъий саволига тўнғич ўғил дадил жавоб қайтарди:

– Йўқ, ота. Мен, албатта, журналист ва ёзувчи бўламан. Дуо қилинг, ота, ниятимга етай.

Беш ўғил ва беш қизни оқ ювиб, оқ тараётган Очил бобо ўғлини чин дилдан дуо қилди. Ёз оқшоми осмонида порлаб турган юлдузлар ҳам ўн етти ёшли ўспирин ниятига хайрихоҳдек ҳар кунгидан чароғон милтилларди.

Йиллар ота дуосини ўз кафтида улғайтирди. Шу қаторида пойтахтга илм ва ижод истаб келган ёш қаламкаш орзуларига қанот берди. У ўқиди, изланди. Тинимсиз қалам тебратди. Натижада ижод унинг умр мазмунига айланди. Бугунгача кечган қизғин фаолияти мобайнида қаламни чин дўст билди, унга ҳаётини бағишлади.

Ёзувчи ва публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев ўнлаб шогирдлари қуршовида умрининг ана шу лавҳаларини ёруғ хотиралар билан ёдга олади. Биз, ёш ижодкорларга соҳанинг сир-асрорларини ўргата туриб, “Ижодкорни фақат қалами танитади”, дея такрорлашни канда қилмайди. Бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Ашурали Жўраев билан “Гулхан” журнали таҳририятида бирга ишлаган йилларимни ҳозир катта соғинч билан эслайман. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, шу йиллар ҳаётимга ўзгача мазмун бахш этди. Бугун юрак ютиб ростини айтадиган бўлсам, устознинг қаттиққўллиги ва ўз ўрнида ғамхўрлигидан дунёни ва ижод сирларини тушуниб бордим. Дилкаш суҳбатларидан завқландим, шу билан бирга ўзим учун ҳаётий хулосалар ясадим.

Талабчан муҳаррир 2007–2013 йилларда республика болалар нашри – “Гулхан” журналига раҳбарлик қилди. Шу вақт давомида ҳақиқий болажон ижодкор ҳамда катта ташкилотчи, меҳрибон инсон эканлиги билан биз ёшларга ўрнак бўлди. Айниқса, жамоадаги барча ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватларди. Уларнинг барча муаммосига оқилона ечим топарди. Ана шундай дамларда устознинг мулоҳазакорлиги, юзага келган ҳар бир муаммога босиқлик билан одилона ёндашиши, самимияти ва эзгу насиҳатлари касбимга, ҳаётга бўлган иштиёқимни ошириб борарди.

Устоз – болажон инсон. Таҳририятга ўзининг бирор ижодий машқини кўтариб келган жажжи қаламкаш борки, кўнгли тоғдек кўтарилиб кетарди. Аввалига шундоқ рўпарасида турган бош муҳаррирнинг салобатидан ҳайиқса-да, қисқа муддатда ширинсухан устознинг ҳақиқий дўстига айланарди. Устоз болага бола тилида гапирар, маслаҳат берарди. Ҳеч бир ўқувчининг машқларига тезда муносабат билдиришга ошиқмасди. Уларга катта ижодкорлардек муомала қилиб кузатиб қўйишлари ҳайрат ва ҳавасимни орттирарди. Бош муҳаррир хонасига кирган болакай борки устознинг меҳри – ширинликлардан бебаҳра қолмасди.

Устоз Ашурали Жўраев ҳозирда “Ўзбекистон” НМИУ директорининг нашриёт ишлари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётган бўлса-да мудом болалар нашрлари билан бирга. Энди нафақат “Гулхан”, балки бошқа болалар нашрлари – “Ғунча” журнали, “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталарининг ҳам чинакам маслаҳатгўйи, фикрдоши.

Бирор кишига меҳр қўйдингми, унинг туғилиб вояга етган уйи мудом сен учун қизиқ, сирли. Ўтган йили ижодий сафар билан устознинг киндик қони тўкилган, Навоий вилояти, Кармана туманида жойлашган Жалойир қишлоғига борганимда, аввало, у киши улғайган ҳовлини зиёрат қилдим. Катта ижодкорнинг ўйинқароқ болалиги ўтган йўлларни, боғларни кездим. Қайга бормай, гўё Очил бобонинг ўн қоракўзи атрофимда чопқиллаб юргандек бўлади. Ҳовлидаги дарахтлар, ўт ва майсалар устоз ҳақида яна нималардир ҳикоя қилиб бермоқчидек шамолга монанд тебраниб қўяди. Кўчага юзланиб, Жалойирнинг дилкаш ва содда одамлари билан суҳбат қураман. Каттагина ҳудудни эгаллаган қишлоқнинг қай бир кишиси билан гаплашманг, танангиз ҳузур топади. Ҳамроҳимиз – туман халқ таълими бўлими ходими Шаҳодат опа Ҳамидова Ашурали Жўраевни нафақат қишлоқнинг, балки туман, вилоятнинг фахрига менгзайди. “Юринг, сизни устоз таҳсил олган қишлоқдаги 14-мактабга олиб бораман. Сўзимнинг тасдиғини ўша ерда кўрасиз”, дея йўл бошлайди. Мустақиллик шарофати билан замонавий тусга кирган бу таълим муассасидаги иқтидорли ёшлар билан учраша туриб, Шаҳодат опанинг эътирофи самимийлигига амин бўламиз. Устозни ўз мактабининг чинакам ифтихори деб биладиган ўқувчилар у кишидан халқига, юртига меҳнати сингадиган инсон бўлиб етишиш учун сидқидилдан ўқимоқда, изланмоқда. Мактаб директори Нарзулла ака Раҳмонов бу ердаги устоз йўлга қўйган ажойиб анъана ҳақида шундай дейди:

– Ашурали ака ўзи ўқиган китобни жуда яхши кўради. Шу сабабли қайга борса, аввало, китоб билан ҳамқадам юради. Бир неча йиллар олдин мактабимизга келганида ўқувчиларимизнинг китобга бўлган меҳри ва иштиёқини кўриб, севиниб кетди. Ва уларга ўз шахсий кутубхонасидан совғалар улашди. Шу-шу одат бўлиб қолган: Ашурали ака қачон мактабимизга келса қўнжи тўла китоб. Жажжи китобсеварларнинг қувончини кўриб, ўзи ҳам ёш боладек севиниб кетади.

Устоз узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратди ва яратмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида меҳнат қилган 1983–1996 йиллар давомида ҳақли равишда халқимиз меҳрини қозонди. Ўзининг долзарб муаммоларга бағишланган ўнлаб мақолалари билан минглаб муштарийлар ҳурматига сазовор бўлди. Ўз касбига фидойи А. Жўраев республиканинг барча ҳудудларида бўлиб, бир нечта журналистик суриштирувлари олиб борди. Турли хатарларга тик бориб, муаммонинг туб илдизларини аниқлашда жонбозлик кўрсатди. Биргина “Ҳамқишлоқларимга мактублар” номли сонма-сон эълон қилиб борилган чиқишлари натижасида халқимиз дунёқараши бойишига ва маданияти ўсишига туртки берди. “Ҳамқишлоқларимга мактублар”нинг кейинги сонларини кутиб яшайдиган одамлар кейинчалик ўз ҳаётидаги муаммолар ҳақида таҳририятга тинимсиз хат йўллай бошлади. Мазкур ташаббус натижасида халқимиз ҳаётидаги кўплаб муаммоларга ижобий ечим топилди.

А. Жўраев 1997–2007 йиллар мобайнида “Муштум” журнали ва “Афанди” газеталарига раҳбарлик қилиш асносида касбий эътиқодига содиқ қолди. Жамиятдаги муаммоларга энди сатирик усулда ёндаша бошлади. Устози Ўзбекистон халқ ёзувчиси, машҳур ҳажвчи Неъмат Аминов ижодий йўлини янада бойитди. Бу соҳада кўплаб ижодкорлар етиштирди. “Гулхан” журналининг “Муҳаррир суҳбати” рукни остида ҳам кўплаб долзарб мавзуларни кўтариб чиқди. “Шогирд бўлиш осонми?”, “Аҳвол қандай обуначи?”, “Мусиқа ва тарбия”, “Нима ўқияпсан, болакай?” каби ёшлар маънавияти ва таълим-тарбияси, мамлакатимиз мактаблари ҳаётига доир бир қанча мақолалари юртимиз ўқувчилари орасида баҳс-мунозаралар уйғотди. Юзага келган тўсиқларни бартараф этди.

Устоз А. Жўраев “Йўл бошида” (тўплам, 1985), “Тошбақалар пойгаси” (1986), “Юрак бўронлари” (1989), “Ўқ узган ким?” (1994), “Сенга кўнгил берсам” (1999), “Дил гавҳари” (2001), “Танимадинг-а?” (2005), “Саҳифага сиғмаган сатрлар” (2008), “Майсалар уйғонган тонг” (2010), “Онажон” (тўплам, 2013), “Конверт одам” (2015) каби бадиий ва публицистик асарлари орқали бугун минглаб, миллионлаб мухлисларига эга. Бир ўғил ва уч қизни вояга етказиб элга қўшган устоз ҳозирги вақтда ўн нафар ширин-шакар набиранинг севимли бобожониси. Анвар, Акбар ва Ферузахонлар бобосидан ҳар кеч бирор сабоқ олмаса уйқуга кўз юммайди.

Ўз касбининг чинакам фидойиси, сўз ва ҳажв устаси, биз каби шогирдларининг жонкуяр маслаҳатгўйи, меҳрибон устозимиз Ашурали Жўраев бугун умрининг олтмишинчи довонини қарши олмоқда.

Устоз! Шундай муборак кунда Сизни барча шогирдларингиз номидан самимий табриклаймиз. Илоҳим, мана шу шаҳдингизга, меҳнатсеварлигингиз ва ижодингизга кўз тегмасин. Умрингиз узоқ бўлсин, меҳрибон Устозим!

Манба: “Соғлом авлод” газетасининг 2016 йил 4 август сони

Ашурали Жўраев
ИККИ ҲИКОЯ
004

 002  Ашурали Жўраев 1956 йил 8 августда Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Жалойир кишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1999). Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтини тамомлаган (1978). «Тошбақалар пойгаси» (1986), «Юрак бўронлари» (1989), «Ўқ узган ким?» (1994), «Сенга кўнгил берсам» (1999), «Дил гавҳари» (2001), «Танимадинг-а?» (2005) каби китоблари нашр этилган.

004

КИЧИК ВАТАН

Ўшанда тўртинчи синфда ўқирдим. Оиламиз бош¬қа қишлоққа кўчадиган бўлди. Кўчишдан бир кун олдин акам билан отам молларни ҳайдаб янги уйимизга кетишди. Уларга итимиз ҳам эргашди.

Кўчамиз, деган кундан бошлаб бобом қандайдир безовталаниб келди. Ранг-рўйи ўзгариб, нигоҳларига ғамгинлик инди. Хушчақчақ бобом туйқус индамас одамга айланди.

Эрталаб турганимизда, бобомни ҳовлидаги эс¬ки тут дарахтига суяниб ўтирган ҳолда кўрдик. Гўё тут қулаб кетяптию бобом уни суяб тургандек эди. Сўнг бобом боғимиздаги дарахтлар ёнига бориб, айримларини қўллари билан силаб, айримларини меҳр билан ушлаб, улар билан аста-секин пичирлаб хайрлашди. Унгача эрталабки нонушта тайёрлаган бувим ҳаммамизни дастурхонга таклиф қилди.

– Мазангиз бўлмаяптими, бобоси, – чой узататуриб сўради бувим.
– Ҳаммаси яхши, хавотир олманглар, – деди бобом секингина хўрсиниб.

Бобом узоқ тиловат қилиб, фотиҳа ўқиди. Бобомдаги хомушлик фотиҳадан сўнг бир лаҳза ҳаммамизни чулғагандек бўлди. У кишининг овозидаги маҳзун дард бизнинг ҳам юракларимизга кўчди.

Кейин уйдаги қолган-қутган нарсаларни йиғиштириб, тугунларга боғладик, кичик қутиларга жойладик. Бироздан сўнг Шойим тоға машинасида етиб келди. Бобом мендан бошқа ҳаммани машинага чиқишга ундади.

– Яратган эгам ҳамроҳларинг бўлсин. Соғ-омон етиб олинглар, – деди бобом фотиҳага қўл очиб.

Ҳувиллаган ҳовлимизни ғалати жимлик чулғади. Бобом боғимиздаги дарахтларга, ишкомга, ҳовли этагидаги шийпончага, молхона ва бостирма томонларга қараб яна хўрсинди, оғир-оғир нафас олди.

Бу орада уйимизни сотиб олган Эрдон тоға оиласи билан кўчиб келди.Уларнинг ҳам юки бизникидай бир машина чиқар-чиқмас экан. Салом-аликдан сўнг бобом қўлидаги калитларни унга топшириб дуо қилди:

– Илоё, бу уйда тўйлар қилинг, хонадонингизда яхши кунлар кўп бўлсин.
– Кейинги ҳафтада худойи қиламиз. Хабар берамиз, келасиз-да, Жўра бобо, – деди Эрдон тоға хурсанд бўлиб.
– Албатта келамиз, Эрдонбой.

Сўнг бобом ҳовлини яна меҳр билан кузата бошлади. Унинг ҳовлидан узилгиси келмасди. Бир азиз нарсасини йўқотган одамдай жонсарак эди.

Уйнинг янги эгалари кўчларини тушириш ва киритиш билан машғул.

Бу манзарани кузатиб турган бобомнинг кўзлари ёшланганини кўриб менинг ҳам кўнглим бузилди. Буни сезган Эрдон тоға бобомни бир пиёла чойга таклиф қилиб, агар хоҳласа, қолиб меҳмон бўлиб кетишини ҳам алоҳида таъкидлади.

– Майли, бир пиёла чой ичайлик, кейин йўлга тушармиз, – деди бобом ҳамон кетгиси келмай.

Энди бизнинг собиқ, эски чорпоямизга янги дастурхон ёзилди. Нон, чой, қанд-қурс қўйишди.

– Бу ҳовли-жой отамдан қолган эди, – деб ҳикоясини бошлади бобом ҳазин овозда. – Болалигим мана шу ҳовлида ўтди. Шу ҳовлида вояга етдим, бола-чақалик бўлдим. Шу ҳовлида соч-соқолим оқарди. Ҳаётимнинг энг яхши ва оғир кунлари ҳам шу ҳовлида ўтди. Раҳматли ота-онам ва бир фарзандимни ҳам шу ҳовлидан чиқардим. Туғилиб ўсган уйинг ҳам кичик Ватан экан, Эрдонбой. Энди бу Ватанни сизга топширдим. Уни мендай яхши кўринг, мендай қадрланг. Бу Ватанга меҳр қўйинг, Эрдонбой иним.

– Бобожон, кичик Ватан ҳам бўладими? – беихтиёр сўрадим.
– Бўлади, болам, бўлади. Одамнинг туғилган уйи, ҳовли-жойи, бу кичик Ватани. Ана шу кичик Ватанлар йиғилиб-йиғилиб, бирлашиб-бирлашиб улуғ Ватанга айланади…

Мен бобом билан катта йўлга чиққанимизда, ҳамон кичик Ватан – уйимиз ҳақида, дўстларим ва уй билан боғлиқ ширин хотиралар оғушида эдим. Қалбимда эса улуғ ва бепоён Ватаннинг ёрқин манзаралари намоён бўла бошлаган эди…

Манба: «Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сони

ҒУССА

Беш ойдирки, Роҳила каллаи саҳарлаб туради. Аввал кўрган узуқ-юлуқ тушини эсламоқчи бўлади. Лекин эслолмайди. Сўнг тўзғиган, ок толалари кун сайин кўпайиб бораётган сочларини тузатади. Кейин ёнгинасида пишиллаб ухлаб ётган, юзлари кир-чир болаларига термуладию юраги эзилиб кетади. Чуқур хўрсиниб, эрталабки нонуштага нима тайёрлаши кераклигини ўйлай бошлайди. Кеча эрталаб охирги қандни бўлашиб берган эди. Бугун-чи?.. Йиртиқ дастурхонга нима қўяди?..

Беш ойдирки, Роҳила мусаффо тонглар билан хайрлашган. Эҳ, олдинлари-чи… У ёшлигидан тонгларни севарди. Соф ва мусаффо ҳаво томир-томирларигача кезиб юрганини ҳис қиларди, вужуди яйрарди. Шундай дилбар тонгларни яратган табиат мўъжизасидан ҳайратланар, уни меҳр ва муҳаббат билан синчиклаб кузатарди. Айниқса, сутга чайилгандек оппоқ, тонгларни дил-дилидан яхши кўришини таърифлаб бўлмасди…

Энди-чи? На завқ олади, на таъсирланади. На кулишини ва на йиғлашини билади, ўша касофат иш бўлдию ҳамма нарсадан юраги безиб, тонглардан ҳайратланмай кўйди. Кўзига ҳамма нарса совуқ ва ёқимсиз кўринади…

* * *

Унинг ҳар тонг биринчи қиладиган иши — ҳавозага қистирилган чўлтоқ супургини олади. Шўр босган супани, дарвозахонани, йўлакларни чиннидай қилиб тозалайди. Бу иши унга болалигидан одат. Эсида: раҳматли бувиси Жанғил кампир, ҳар тонг ўрнидан турғазиб кўлига супурги берарди ва: «Ёшлигидан ўргансин, бошига тушса қийналиб қолмайди», — дерди. Ёшлигидан ўрганган одатини тарк этгани йўқ. Ўзбекнинг эшиги доимо очиқ, биттанинг келиши, биттанинг кетиши бор. Нима бўлганда ҳам ҳаммаёқ топ-тоза тургани яхши-да.

Эри Боймурод ҳам тозаликни яхши кўрарди. У ҳам гўзал тонгларни севарди. Энди эса…

Сўнгра у дастаси қийшиқ, эски челакни олиб, бир нимадан умидвор бўлиб айвонга боради. Сигир ҳам гўё «сени кутиб турувдим-а» дегандай эринибгина қарайди. Айвоннинг четида ётган бузоқ жонивор хўмраяди. Кеча оқшом болалари Туркманариқнинг бўйидан териб келган ўтдан бир сиқим сигирга ташлайди ва уни соға бошлайди. Челакнинг остидаги билинар-билинмас сувга узун ва ориқ бармоқларини намлаб олиб, чандир эмчакларини умид билан тез-тез чўза бошлайди… Хайрият, берган сутига бир обгардон сув қўшса, ширчой бўлади. Болаларига тангадай-тангадай ёғ солиб берса ҳарқалай тўқ сақлайди. Бунинг устига кеча кенжасининг мазаси қочиб, врачга борган эди: «Янга, иложи борича сут билан қатиқ ичиринг», деб қолди. Бу ўлгурнинг у кундан бу кунга берадиган сути нимага ҳам етарди. Эрталаб болаларни авраса бўлгани. Энди кимга ҳам сут деб боради. Тунов куни ён қўшниси Арофатларникига қизчаси Тулғанойни юборса, «Ўзимизга етмайди-ю» деб тўнғиллаганмиш. Рост-да, уларга ҳам қийин. Бир ҳовлида ўн уч жон бир сигирдан умидвор. Ҳозир ҳеч ким ўзидан ортмайди. Бу ёқда хўжалик раҳбарлари оила бошига бир тоннадан шўра ва янтоқ чопиб бериш керак, деб оёқ тираб олган.

Уйдаги моллар эса оч…

У турар экан, катта-катта кўзларини унга қадаган сигирга аламзадалик билан қаради. Сўнгра сал юмшаб, ўйлай бошлади: «Ҳозир шунақа кунларга қолдик, жонивор. Мана, сен ҳам ҳадемай қуритасан. Кейин ҳолимиз не кечади? Мен билан сен борга ҳам, йўққа ҳам чидаймиз. Болаларимиз-чи?.. Ана шуларга қийин. Улар тушунармиди буни. Айб уларда ҳам эмас. Ҳаммамиз ҳам болаликда шунақа бўламиз…

Мана, олти ойдан бери хўжайинимиз йўқ. Уни ноҳақ қамашди. Тепада Худо бор, унинг заррача ҳам айби йўқ эди. Бир оғиз гапга қамашди-қўйди. Энди ҳаммамизга оғир бўлди. Ахир, ҳовлида бир эркакнинг бўлгани яхши-да.

Ҳозирги кунда бошингга оғир кун тушмасин. Оғайнингни ҳам, дўстингни ҳам катта-кичиги сендан юз ўгирар экан. Ўшандан буён бу уйда одам борми-йўқми, деб ҳеч ким сўраб келмади. Ана шундай пайтда билинади-да, одамзотнинг қадри. Пичоқ ур — қон чиқмайди. У бечора ҳеч кимга ёмонлик қилган банда эмас. Энди бир оғиз гап қайтарганига номардлар шу кўйга солишдида уни. Номи ёмонотлиқ бўлди. Лекин Худойим ҳаммасини кўриб турибди. Ёмонларнинг албатта жазосини беради.

Сен жониворда ҳам нима айб. Емишингни ўз вақтида беролмасак, етаклаб боқишга ҳам ҳозир жой йўқ. Кўп хўрсинаверма, жонивор, ҳаммамиз ҳам мусофирмиз. Бирон кун қорнинг тўядиган вақт келар, ўшанда челак-челак сут берарсан. Ишқилиб, хўжайин тезроқ қайтсин-да. Болалар ҳам у кишини жуда соғинган…»

Бузоқча чўзиб маъради. Сигир боласига ўгирилди. Роҳила эса бир тутам ўт олиб бузоқчага берди. Сўнг қўлидаги челакни айвонча четидаги илгакли симга илдириб, «Товуқлар қурғур тухум қўйгандир», деган хаёлда товуқхона томон юрди.

— Э, қақилламай қақодонинг тешилгурлар-ей!

Унинг овоз чиқариб койинишлари бекор кетди. Бешта товуқдан зўрға биттаси туғибди. Ҳафсаласи пир бўлди. «Бекорга қақиллашади, — товуқхона четидаги кундага ўтириб, ўйлай бошлади у. — Қуруққа томоқ қоқишади. Шу товуқлар ҳам одамни алдайди-я. Уч кундан буён битта тухумга шунча қақ-қақ. Тавба, булар ҳам Худонинг бир маҳлуқи-да. Шу ўлгурларда ҳам нафс бор. Ризқини териб ейди. Қани, энди одамзот шундай бўлса. Йўқ! Унда «сен ёмонсан, сен бошлиқни сўқдинг», деб кимни қамашади? Ўшанда ким бўйруқ қилади-ю, ким бажаради? Шундай яратганига ҳам шукур, бўлмаса, бир-бирининг кўзларини чўқиб оларди, бу одамлар… Энди шу кунларда муштдай-муштдай тухумларингни тўтиё қилманглар. Кўриб турибсизлар, хўжайинимиз кетгандан буён аҳволимиз оғирлашиб қолди. Айниқса, болаларга қийин. Сизлар бола туғиб кўрмагансизлар-да, билмайсизлар, қақажонлар. Тунов куни Марзияга муаллими «агар форма олмасанг, дарсга келма», дебди. Пул йўқ, қаердан оламиз. Бечора беш кундан бери йиғлайди, мактабга бормайди. Ахир, битта менинг кетмон чопганим нимага ҳам етарди?

Энди сизлардан бир нарса олиш учун бир нарса бериш керак. Доннинг ҳам қолганини экдик. Нима қиламиз? Хўжайинимиз қайтгунча тақдирга тан бериб яшайвераймиз-да…

Ўзларинг ҳам биласизлар-ку, ўша куни ҳовлида донлаб юрган эдиларинг. Ер ўлчовчилар келиб қолди. Ҳалиги дароз ҳисобчи таноб чўпини у ёқдан бу ёққа ташлаб чиқди. Икки таноб ер зиёд экан. Улар бир-бирларига «нима қиламиз?» деб қараб туришганди, совхознинг парткоми келиб қолди. Ҳисобчи бола бидирлаб ҳаммасини унга тушунтирди. Партком ҳовлининг ичини ўзича чамалаб, кейин юқорида экилган буғдойзорга ишора қилиб: «Ҳув, ўша ерни бузинглар, ўрнига пахта экасизлар», — деди. «Ака, бешта болам бор. Уларнинг ризқини қирқманг. Келгуси йил экмаймиз, давлатга берамиз», — деди Боймурод гапга аралашиб. «Шунча ортиқча ерни эгаллаб олибсиз, яна гапингизни қаранг. Ўроқ солинглар», — деб буйруқ берди партком ер ўлчовчиларга.

Шунда Боймурод ҳоатада ўйнаб юрган болаларини буғдойзорнинг четига қатор қилди. «Буғдойнинг эгаси шулар!», — деб туриб одди. Болалар эса изиллаб йиғлашарди. Менинг ҳам юракларим қон бўлди.

— Ҳали шунақа қилиб енгмоқчимисан ё қўрқитмоқчимисан, ахмоқ! — бақирди партком.

Боймурод ҳам тўлиб турган эканми:
— Ўзинг аҳмоқсан! Сизлар ҳам биласизлар кимни сиқишни, — деди жаҳл билан.

Бўлган гап шу. Шу ерда акт тузишди. Кечқурун мелиса келиб олиб кетди. Карманада ўн беш кун етди. Сўнг Каттақўрғон турмасига олиб кетишди. Бориб кўролмадик ҳам бечорани. Майли, ярми қолди. Начора, кутамиз. Ёмонларнинг жазосини Худо берар… Кўп ҳам туғмасдан юрманглар, ҳеч бўлмаса кун ора туғиб туринглар. Бир шамолланглар…»

У товуқхонани очиб товуқларни чиқариб юборди. Ўзини енгил ҳис қилди. Ғуссаси бироз тарқагандай бўлди…

* * *

Ранглари синиқиб қолган Роҳила болаларига ширчой қилиб ичирди. Катта қизи Марзияга укаларини қолдириб, ишга жўнаш тараддудига тушди.

— Она, қачон форма олиб берасиз, бугун ҳам мактабдан қоламанми? — деб йиғлади қизи.
— Йиғлама, келаётган бозорда товуқлардан сотамиз. Ўша пулдан олиб бераман. Укаларингдан эҳтиёт бўл. Ҳовлининг у ер-бу ерларидан ўт юлиб сигирга беринглар. Укаларинг йигласа, саватдаги қотган нондан ивитиб бергин.

У ишга кетатуриб: «Э, лаҳатга тиқай сенларни. Қаро ерга бориб қақилланг! Кишт-е», — дея супа юзидаги йиртиқ ковушни олиб, янги экилган буғдойларни титкилаётган товуқларга қараб ирғитди.

008

   Iste’dodli yozuvchi va hozirjavob jurnalist Ashurali Jo’raev 60 yoshga to’ldi. O’zbek adabiyoti muxlislari, ijodkor ixlosmandlari va saytimiz mushtariylari nomidan chin yurakdan qutlab, unga yangi ijodiy yutuqlar, sihat-salomatlik tilaymiz.

Farhod Eshmo’minov
IJOD LAHZLARI SAODATI
004

Ishdan kelgan Ochil bobo bolalari qurshovida kechki ovqatga o‘tirdi. Odatga ko‘ra to‘ng‘ichidan kundalik yumushlar, uka va singillarining yurish-turishi haqida so‘roqladi.

Javobdan ko‘ngli to‘ldi, shekilli, chap tirsagiga yostiqni tirab kattasiga yana so‘z qotdi:

– Ashurali o‘g‘lim, niyatingdan qaytmadingmi?

Otaning qat’iy savoliga to‘ng‘ich o‘g‘il dadil javob qaytardi:

– Yo‘q, ota. Men, albatta, jurnalist va yozuvchi bo‘laman. Duo qiling, ota, niyatimga yetay.

Besh o‘g‘il va besh qizni oq yuvib, oq tarayotgan Ochil bobo o‘g‘lini chin dildan duo qildi. Yoz oqshomi osmonida porlab turgan yulduzlar ham o‘n yetti yoshli o‘spirin niyatiga xayrixohdek har kungidan charog‘on miltillardi.

Yillar ota duosini o‘z kaftida ulg‘aytirdi. Shu qatorida poytaxtga ilm va ijod istab kelgan yosh qalamkash orzulariga qanot berdi. U o‘qidi, izlandi. Tinimsiz qalam tebratdi. Natijada ijod uning umr mazmuniga aylandi. Bugungacha kechgan qizg‘in faoliyati mobaynida qalamni chin do‘st bildi, unga hayotini bag‘ishladi.

Yozuvchi va publitsist, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan jurnalist Ashurali Jo‘rayev o‘nlab shogirdlari qurshovida umrining ana shu lavhalarini yorug‘ xotiralar bilan yodga oladi. Biz, yosh ijodkorlarga sohaning sir-asrorlarini o‘rgata turib, “Ijodkorni faqat qalami tanitadi”, deya takrorlashni kanda qilmaydi. Bu boradagi o‘z tajribalari bilan o‘rtoqlashadi.

Ashurali Jo‘rayev bilan “Gulxan” jurnali tahririyatida birga ishlagan yillarimni hozir katta sog‘inch bilan eslayman. Hech ikkilanmay aytishim mumkinki, shu yillar hayotimga o‘zgacha mazmun baxsh etdi. Bugun yurak yutib rostini aytadigan bo‘lsam, ustozning qattiqqo‘lligi va o‘z o‘rnida g‘amxo‘rligidan dunyoni va ijod sirlarini tushunib bordim. Dilkash suhbatlaridan zavqlandim, shu bilan birga o‘zim uchun hayotiy xulosalar yasadim.

Talabchan muharrir 2007–2013 yillarda respublika bolalar nashri – “Gulxan” jurnaliga rahbarlik qildi. Shu vaqt davomida haqiqiy bolajon ijodkor hamda katta tashkilotchi, mehribon inson ekanligi bilan biz yoshlarga o‘rnak bo‘ldi. Ayniqsa, jamoadagi barcha yosh ijodkorlarni har tomonlama qo‘llab-quvvatlardi. Ularning barcha muammosiga oqilona yechim topardi. Ana shunday damlarda ustozning mulohazakorligi, yuzaga kelgan har bir muammoga bosiqlik bilan odilona yondashishi, samimiyati va ezgu nasihatlari kasbimga, hayotga bo‘lgan ishtiyoqimni oshirib borardi.

Ustoz – bolajon inson. Tahririyatga o‘zining biror ijodiy mashqini ko‘tarib kelgan jajji qalamkash borki, ko‘ngli tog‘dek ko‘tarilib ketardi. Avvaliga shundoq ro‘parasida turgan bosh muharrirning salobatidan hayiqsa-da, qisqa muddatda shirinsuxan ustozning haqiqiy do‘stiga aylanardi. Ustoz bolaga bola tilida gapirar, maslahat berardi. Hech bir o‘quvchining mashqlariga tezda munosabat bildirishga oshiqmasdi. Ularga katta ijodkorlardek muomala qilib kuzatib qo‘yishlari hayrat va havasimni orttirardi. Bosh muharrir xonasiga kirgan bolakay borki ustozning mehri – shirinliklardan bebahra qolmasdi.

Ustoz Ashurali Jo‘rayev hozirda “O‘zbekiston” NMIU direktorining nashriyot ishlari bo‘yicha birinchi o‘rinbosari sifatida faoliyat yuritayotgan bo‘lsa-da mudom bolalar nashrlari bilan birga. Endi nafaqat “Gulxan”, balki boshqa bolalar nashrlari – “G‘uncha” jurnali, “Tong yulduzi” va “Klass!” gazetalarining ham chinakam maslahatgo‘yi, fikrdoshi.

Biror kishiga mehr qo‘ydingmi, uning tug‘ilib voyaga yetgan uyi mudom sen uchun qiziq, sirli. O‘tgan yili ijodiy safar bilan ustozning kindik qoni to‘kilgan, Navoiy viloyati, Karmana tumanida joylashgan Jaloyir qishlog‘iga borganimda, avvalo, u kishi ulg‘aygan hovlini ziyorat qildim. Katta ijodkorning o‘yinqaroq bolaligi o‘tgan yo‘llarni, bog‘larni kezdim. Qayga bormay, go‘yo Ochil boboning o‘n qorako‘zi atrofimda chopqillab yurgandek bo‘ladi. Hovlidagi daraxtlar, o‘t va maysalar ustoz haqida yana nimalardir hikoya qilib bermoqchidek shamolga monand tebranib qo‘yadi. Ko‘chaga yuzlanib, Jaloyirning dilkash va sodda odamlari bilan suhbat quraman. Kattagina hududni egallagan qishloqning qay bir kishisi bilan gaplashmang, tanangiz huzur topadi. Hamrohimiz – tuman xalq ta’limi bo‘limi xodimi Shahodat opa Hamidova Ashurali Jo‘rayevni nafaqat qishloqning, balki tuman, viloyatning faxriga mengzaydi. “Yuring, sizni ustoz tahsil olgan qishloqdagi 14-maktabga olib boraman. So‘zimning tasdig‘ini o‘sha yerda ko‘rasiz”, deya yo‘l boshlaydi. Mustaqillik sharofati bilan zamonaviy tusga kirgan bu ta’lim muassasidagi iqtidorli yoshlar bilan uchrasha turib, Shahodat opaning e’tirofi samimiyligiga amin bo‘lamiz. Ustozni o‘z maktabining chinakam iftixori deb biladigan o‘quvchilar u kishidan xalqiga, yurtiga mehnati singadigan inson bo‘lib yetishish uchun sidqidildan o‘qimoqda, izlanmoqda. Maktab direktori Narzulla aka Rahmonov bu yerdagi ustoz yo‘lga qo‘ygan ajoyib an’ana haqida shunday deydi:

– Ashurali aka o‘zi o‘qigan kitobni juda yaxshi ko‘radi. Shu sababli qayga borsa, avvalo, kitob bilan hamqadam yuradi. Bir necha yillar oldin maktabimizga kelganida o‘quvchilarimizning kitobga bo‘lgan mehri va ishtiyoqini ko‘rib, sevinib ketdi. Va ularga o‘z shaxsiy kutubxonasidan sovg‘alar ulashdi. Shu-shu odat bo‘lib qolgan: Ashurali aka qachon maktabimizga kelsa qo‘nji to‘la kitob. Jajji kitobsevarlarning quvonchini ko‘rib, o‘zi ham yosh boladek sevinib ketadi.

Ustoz uzoq yillik ijodiy faoliyati davomida ko‘plab badiiy, publitsistik asarlar yaratdi va yaratmoqda. Ayniqsa, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida mehnat qilgan 1983–1996 yillar davomida haqli ravishda xalqimiz mehrini qozondi. O‘zining dolzarb muammolarga bag‘ishlangan o‘nlab maqolalari bilan minglab mushtariylar hurmatiga sazovor bo‘ldi. O‘z kasbiga fidoyi A. Jo‘rayev respublikaning barcha hududlarida bo‘lib, bir nechta jurnalistik surishtiruvlari olib bordi. Turli xatarlarga tik borib, muammoning tub ildizlarini aniqlashda jonbozlik ko‘rsatdi. Birgina “Hamqishloqlarimga maktublar” nomli sonma-son e’lon qilib borilgan chiqishlari natijasida xalqimiz dunyoqarashi boyishiga va madaniyati o‘sishiga turtki berdi. “Hamqishloqlarimga maktublar”ning keyingi sonlarini kutib yashaydigan odamlar keyinchalik o‘z hayotidagi muammolar haqida tahririyatga tinimsiz xat yo‘llay boshladi. Mazkur tashabbus natijasida xalqimiz hayotidagi ko‘plab muammolarga ijobiy yechim topildi.

A. Jo‘rayev 1997–2007 yillar mobaynida “Mushtum” jurnali va “Afandi” gazetalariga rahbarlik qilish asnosida kasbiy e’tiqodiga sodiq qoldi. Jamiyatdagi muammolarga endi satirik usulda yondasha boshladi. Ustozi O‘zbekiston xalq yozuvchisi, mashhur hajvchi Ne’mat Aminov ijodiy yo‘lini yanada boyitdi. Bu sohada ko‘plab ijodkorlar yetishtirdi. “Gulxan” jurnalining “Muharrir suhbati” rukni ostida ham ko‘plab dolzarb mavzularni ko‘tarib chiqdi. “Shogird bo‘lish osonmi?”, “Ahvol qanday obunachi?”, “Musiqa va tarbiya”, “Nima o‘qiyapsan, bolakay?” kabi yoshlar ma’naviyati va ta’lim-tarbiyasi, mamlakatimiz maktablari hayotiga doir bir qancha maqolalari yurtimiz o‘quvchilari orasida bahs-munozaralar uyg‘otdi. Yuzaga kelgan to‘siqlarni bartaraf etdi.

Ustoz A. Jo‘rayev “Yo‘l boshida” (to‘plam, 1985), “Toshbaqalar poygasi” (1986), “Yurak bo‘ronlari” (1989), “O‘q uzgan kim?” (1994), “Senga ko‘ngil bersam” (1999), “Dil gavhari” (2001), “Tanimading-a?” (2005), “Sahifaga sig‘magan satrlar” (2008), “Maysalar uyg‘ongan tong” (2010), “Onajon” (to‘plam, 2013), “Konvert odam” (2015) kabi badiiy va publitsistik asarlari orqali bugun minglab, millionlab muxlislariga ega. Bir o‘g‘il va uch qizni voyaga yetkazib elga qo‘shgan ustoz hozirgi vaqtda o‘n nafar shirin-shakar nabiraning sevimli bobojonisi. Anvar, Akbar va Feruzaxonlar bobosidan har kech biror saboq olmasa uyquga ko‘z yummaydi.

O‘z kasbining chinakam fidoyisi, so‘z va hajv ustasi, biz kabi shogirdlarining jonkuyar maslahatgo‘yi, mehribon ustozimiz Ashurali Jo‘rayev bugun umrining oltmishinchi dovonini qarshi olmoqda.

Ustoz! Shunday muborak kunda Sizni barcha shogirdlaringiz nomidan samimiy tabriklaymiz. Ilohim, mana shu shahdingizga, mehnatsevarligingiz va ijodingizga ko‘z tegmasin. Umringiz uzoq bo‘lsin, mehribon Ustozim!

Manba: “Sog‘lom avlod” gazetasining 2016 yil 4 avgust soni

Ashurali Jo’raev
IKKI HIKOYA
004

001 Ashurali Jo’raev 1956 yil 8 avgustda Navoiy viloyatining Karmana tumanidagi Jaloyir kishlog’ida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist (1999). Abdulla Qodiriy nomidagi Toshkent Davlat madaniyat institutini tamomlagan (1978). «Toshbaqalar poygasi» (1986), «Yurak bo’ronlari» (1989), «O’q uzgan kim?» (1994), «Senga ko’ngil bersam» (1999), «Dil gavhari» (2001), «Tanimading-a?» (2005) kabi kitoblari nashr etilgan.

004

KICHIK VATAN

O’shanda to’rtinchi sinfda o’qirdim. Oilamiz bosh¬qa qishloqqa ko’chadigan bo’ldi. Ko’chishdan bir kun oldin akam bilan otam mollarni haydab yangi uyimizga ketishdi. Ularga itimiz ham ergashdi.

Ko’chamiz, degan kundan boshlab bobom qandaydir bezovtalanib keldi. Rang-ro’yi o’zgarib, nigohlariga g’amginlik indi. Xushchaqchaq bobom tuyqus indamas odamga aylandi.

Ertalab turganimizda, bobomni hovlidagi es¬ki tut daraxtiga suyanib o’tirgan holda ko’rdik. Go’yo tut qulab ketyaptiyu bobom uni suyab turgandek edi. So’ng bobom bog’imizdagi daraxtlar yoniga borib, ayrimlarini qo’llari bilan silab, ayrimlarini mehr bilan ushlab, ular bilan asta-sekin pichirlab xayrlashdi. Ungacha ertalabki nonushta tayyorlagan buvim hammamizni dasturxonga taklif qildi.

– Mazangiz bo’lmayaptimi, bobosi, – choy uzataturib so’radi buvim.
– Hammasi yaxshi, xavotir olmanglar, – dedi bobom sekingina xo’rsinib.

Bobom uzoq tilovat qilib, fotiha o’qidi. Bobomdagi xomushlik fotihadan so’ng bir lahza hammamizni chulg’agandek bo’ldi. U kishining ovozidagi mahzun dard bizning ham yuraklarimizga ko’chdi.

Keyin uydagi qolgan-qutgan narsalarni yig’ishtirib, tugunlarga bog’ladik, kichik qutilarga joyladik. Birozdan so’ng Shoyim tog’a mashinasida yetib keldi. Bobom mendan boshqa hammani mashinaga chiqishga undadi.

– Yaratgan egam hamrohlaring bo’lsin. Sog’-omon yetib olinglar, – dedi bobom fotihaga qo’l ochib.

Huvillagan hovlimizni g’alati jimlik chulg’adi. Bobom bog’imizdagi daraxtlarga, ishkomga, hovli etagidagi shiyponchaga, molxona va bostirma tomonlarga qarab yana xo’rsindi, og’ir-og’ir nafas oldi.

Bu orada uyimizni sotib olgan Erdon tog’a oilasi bilan ko’chib keldi.Ularning ham yuki biznikiday bir mashina chiqar-chiqmas ekan. Salom-alikdan so’ng bobom qo’lidagi kalitlarni unga topshirib duo qildi:

– Iloyo, bu uyda to’ylar qiling, xonadoningizda yaxshi kunlar ko’p bo’lsin.
– Keyingi haftada xudoyi qilamiz. Xabar beramiz, kelasiz-da, Jo’ra bobo, – dedi Erdon tog’a xursand bo’lib.
– Albatta kelamiz, Erdonboy.

So’ng bobom hovlini yana mehr bilan kuzata boshladi. Uning hovlidan uzilgisi kelmasdi. Bir aziz narsasini yo’qotgan odamday jonsarak edi.

Uyning yangi egalari ko’chlarini tushirish va kiritish bilan mashg’ul.

Bu manzarani kuzatib turgan bobomning ko’zlari yoshlanganini ko’rib mening ham ko’nglim buzildi. Buni sezgan Erdon tog’a bobomni bir piyola choyga taklif qilib, agar xohlasa, qolib mehmon bo’lib ketishini ham alohida ta’kidladi.

– Mayli, bir piyola choy ichaylik, keyin yo’lga tusharmiz, – dedi bobom hamon ketgisi kelmay.

Endi bizning sobiq, eski chorpoyamizga yangi dasturxon yozildi. Non, choy, qand-qurs qo’yishdi.

– Bu hovli-joy otamdan qolgan edi, – deb hikoyasini boshladi bobom hazin ovozda. – Bolaligim mana shu hovlida o’tdi. Shu hovlida voyaga yetdim, bola-chaqalik bo’ldim. Shu hovlida soch-soqolim oqardi. Hayotimning eng yaxshi va og’ir kunlari ham shu hovlida o’tdi. Rahmatli ota-onam va bir farzandimni ham shu hovlidan chiqardim. Tug’ilib o’sgan uying ham kichik Vatan ekan, Erdonboy. Endi bu Vatanni sizga topshirdim. Uni menday yaxshi ko’ring, menday qadrlang. Bu Vatanga mehr qo’ying, Erdonboy inim.

– Bobojon, kichik Vatan ham bo’ladimi? – beixtiyor so’radim.
– Bo’ladi, bolam, bo’ladi. Odamning tug’ilgan uyi, hovli-joyi, bu kichik Vatani. Ana shu kichik Vatanlar yig’ilib-yig’ilib, birlashib-birlashib ulug’ Vatanga aylanadi…

Men bobom bilan katta yo’lga chiqqanimizda, hamon kichik Vatan – uyimiz haqida, do’stlarim va uy bilan bog’liq shirin xotiralar og’ushida edim. Qalbimda esa ulug’ va bepoyon Vatanning yorqin manzaralari namoyon bo’la boshlagan edi…

Manba: «Yoshlik» jurnalining 2012 yil 2-soni

G’USSA

Besh oydirki, Rohila kallai saharlab turadi. Avval ko’rgan uzuq-yuluq tushini eslamoqchi bo’ladi. Lekin eslolmaydi. So’ng to’zg’igan, ok tolalari kun sayin ko’payib borayotgan sochlarini tuzatadi. Keyin yonginasida pishillab uxlab yotgan, yuzlari kir-chir bolalariga termuladiyu yuragi ezilib ketadi. Chuqur xo’rsinib, ertalabki nonushtaga nima tayyorlashi kerakligini o’ylay boshlaydi. Kecha ertalab oxirgi qandni bo’lashib bergan edi. Bugun-chi?.. Yirtiq dasturxonga nima qo’yadi?..

Besh oydirki, Rohila musaffo tonglar bilan xayrlashgan. Eh, oldinlari-chi… U yoshligidan tonglarni sevardi. Sof va musaffo havo tomir-tomirlarigacha kezib yurganini his qilardi, vujudi yayrardi. Shunday dilbar tonglarni yaratgan tabiat mo»jizasidan hayratlanar, uni mehr va muhabbat bilan sinchiklab kuzatardi. Ayniqsa, sutga chayilgandek oppoq, tonglarni dil-dilidan yaxshi ko’rishini ta’riflab bo’lmasdi…

Endi-chi? Na zavq oladi, na ta’sirlanadi. Na kulishini va na yig’lashini biladi, o’sha kasofat ish bo’ldiyu hamma narsadan yuragi bezib, tonglardan hayratlanmay ko’ydi. Ko’ziga hamma narsa sovuq va yoqimsiz ko’rinadi…

* * *

Uning har tong birinchi qiladigan ishi — havozaga qistirilgan cho’ltoq supurgini oladi. Sho’r bosgan supani, darvozaxonani, yo’laklarni chinniday qilib tozalaydi. Bu ishi unga bolaligidan odat. Esida: rahmatli buvisi Jang’il kampir, har tong o’rnidan turg’azib ko’liga supurgi berardi va: «Yoshligidan o’rgansin, boshiga tushsa qiynalib qolmaydi», — derdi. Yoshligidan o’rgangan odatini tark etgani yo’q. O’zbekning eshigi doimo ochiq, bittaning kelishi, bittaning ketishi bor. Nima bo’lganda ham hammayoq top-toza turgani yaxshi-da.

Eri Boymurod ham tozalikni yaxshi ko’rardi. U ham go’zal tonglarni sevardi. Endi esa…

So’ngra u dastasi qiyshiq, eski chelakni olib, bir nimadan umidvor bo’lib ayvonga boradi. Sigir ham go’yo «seni kutib turuvdim-a» deganday erinibgina qaraydi. Ayvonning chetida yotgan buzoq jonivor xo’mrayadi. Kecha oqshom bolalari Turkmanariqning bo’yidan terib kelgan o’tdan bir siqim sigirga tashlaydi va uni sog’a boshlaydi. Chelakning ostidagi bilinar-bilinmas suvga uzun va oriq barmoqlarini namlab olib, chandir emchaklarini umid bilan tez-tez cho’za boshlaydi… Xayriyat, bergan sutiga bir obgardon suv qo’shsa, shirchoy bo’ladi. Bolalariga tangaday-tangaday yog’ solib bersa harqalay to’q saqlaydi. Buning ustiga kecha kenjasining mazasi qochib, vrachga borgan edi: «Yanga, iloji boricha sut bilan qatiq ichiring», deb qoldi. Bu o’lgurning u kundan bu kunga beradigan suti nimaga ham yetardi. Ertalab bolalarni avrasa bo’lgani. Endi kimga ham sut deb boradi. Tunov kuni yon qo’shnisi Arofatlarnikiga qizchasi Tulg’anoyni yuborsa, «O’zimizga yetmaydi-yu» deb to’ng’illaganmish. Rost-da, ularga ham qiyin. Bir hovlida o’n uch jon bir sigirdan umidvor. Hozir hech kim o’zidan ortmaydi. Bu yoqda xo’jalik rahbarlari oila boshiga bir tonnadan sho’ra va yantoq chopib berish kerak, deb oyoq tirab olgan.

Uydagi mollar esa och…

U turar ekan, katta-katta ko’zlarini unga qadagan sigirga alamzadalik bilan qaradi. So’ngra sal yumshab, o’ylay boshladi: «Hozir shunaqa kunlarga qoldik, jonivor. Mana, sen ham hademay quritasan. Keyin holimiz ne kechadi? Men bilan sen borga ham, yo’qqa ham chidaymiz. Bolalarimiz-chi?.. Ana shularga qiyin. Ular tushunarmidi buni. Ayb ularda ham emas. Hammamiz ham bolalikda shunaqa bo’lamiz…

Mana, olti oydan beri xo’jayinimiz yo’q. Uni nohaq qamashdi. Tepada Xudo bor, uning zarracha ham aybi yo’q edi. Bir og’iz gapga qamashdi-qo’ydi. Endi hammamizga og’ir bo’ldi. Axir, hovlida bir erkakning bo’lgani yaxshi-da.

Hozirgi kunda boshingga og’ir kun tushmasin. Og’ayningni ham, do’stingni ham katta-kichigi sendan yuz o’girar ekan. O’shandan buyon bu uyda odam bormi-yo’qmi, deb hech kim so’rab kelmadi. Ana
shunday paytda bilinadi-da, odamzotning qadri. Pichoq ur — qon chiqmaydi. U bechora hech kimga yomonlik qilgan banda emas. Endi bir og’iz gap qaytarganiga nomardlar shu ko’yga solishdida uni. Nomi yomonotliq bo’ldi. Lekin Xudoyim hammasini ko’rib turibdi. Yomonlarning albatta jazosini beradi.

Sen jonivorda ham nima ayb. Yemishingni o’z vaqtida berolmasak, yetaklab boqishga ham hozir joy yo’q. Ko’p xo’rsinaverma, jonivor, hammamiz ham musofirmiz. Biron kun qorning to’yadigan vaqt kelar, o’shanda chelak-chelak sut berarsan. Ishqilib, xo’jayin tezroq qaytsin-da. Bolalar ham u kishini juda sog’ingan…»

Buzoqcha cho’zib ma’radi. Sigir bolasiga o’girildi. Rohila esa bir tutam o’t olib buzoqchaga berdi. So’ng qo’lidagi chelakni ayvoncha chetidagi ilgakli simga ildirib, «Tovuqlar qurg’ur tuxum
qo’ygandir», degan xayolda tovuqxona tomon yurdi.

— E, qaqillamay qaqodoning teshilgurlar-yey!

Uning ovoz chiqarib koyinishlari bekor ketdi. Beshta tovuqdan zo’rg’a bittasi tug’ibdi. Hafsalasi pir bo’ldi. «Bekorga qaqillashadi, — tovuqxona chetidagi kundaga o’tirib, o’ylay boshladi u. — Quruqqa tomoq qoqishadi. Shu tovuqlar ham odamni aldaydi-ya. Uch kundan buyon bitta tuxumga shuncha qaq-qaq. Tavba, bular ham Xudoning bir mahluqi-da. Shu o’lgurlarda ham nafs bor. Rizqini terib yeydi. Qani, endi odamzot shunday bo’lsa. Yo’q! Unda «sen yomonsan, sen boshliqni so’qding», deb kimni qamashadi? O’shanda kim bo’yruq qiladi-yu, kim bajaradi? Shunday yaratganiga ham shukur, bo’lmasa, bir-birining ko’zlarini cho’qib olardi, bu odamlar… Endi shu kunlarda mushtday-mushtday tuxumlaringni to’tiyo qilmanglar. Ko’rib turibsizlar, xo’jayinimiz ketgandan buyon ahvolimiz og’irlashib qoldi. Ayniqsa, bolalarga qiyin. Sizlar bola tug’ib ko’rmagansizlar-da, bilmaysizlar, qaqajonlar. Tunov kuni Marziyaga muallimi «agar forma olmasang, darsga kelma», debdi. Pul yo’q, qaerdan olamiz. Bechora besh kundan beri yig’laydi, maktabga bormaydi. Axir, bitta mening ketmon chopganim nimaga ham yetardi?

Endi sizlardan bir narsa olish uchun bir narsa berish kerak. Donning ham qolganini ekdik. Nima qilamiz? Xo’jayinimiz qaytguncha taqdirga tan berib yashayveraymiz-da…

O’zlaring ham bilasizlar-ku, o’sha kuni hovlida donlab yurgan edilaring. Yer o’lchovchilar kelib qoldi. Haligi daroz hisobchi tanob cho’pini u yoqdan bu yoqqa tashlab chiqdi. Ikki tanob yer ziyod ekan. Ular bir-birlariga «nima qilamiz?» deb qarab turishgandi, sovxozning partkomi kelib qoldi. Hisobchi bola bidirlab hammasini unga tushuntirdi. Partkom hovlining ichini o’zicha chamalab, keyin yuqorida ekilgan bug’doyzorga ishora qilib: «Huv, o’sha yerni buzinglar, o’rniga paxta ekasizlar», — dedi. «Aka, beshta bolam bor. Ularning rizqini qirqmang. Kelgusi yil ekmaymiz, davlatga beramiz», — dedi Boymurod gapga aralashib. «Shuncha ortiqcha yerni egallab olibsiz, yana gapingizni qarang. O’roq solinglar», — deb buyruq berdi partkom yer o’lchovchilarga.

Shunda Boymurod hoatada o’ynab yurgan bolalarini bug’doyzorning chetiga qator qildi. «Bug’doyning egasi shular!», — deb turib oddi. Bolalar esa izillab yig’lashardi. Mening ham yuraklarim qon bo’ldi.

— Hali shunaqa qilib yengmoqchimisan yo qo’rqitmoqchimisan, axmoq! — baqirdi partkom.

Boymurod ham to’lib turgan ekanmi:
— O’zing ahmoqsan! Sizlar ham bilasizlar kimni siqishni, — dedi jahl bilan.

Bo’lgan gap shu. Shu yerda akt tuzishdi. Kechqurun melisa kelib olib ketdi. Karmanada o’n besh kun yetdi. So’ng Kattaqo’rg’on turmasiga olib ketishdi. Borib ko’rolmadik ham bechorani. Mayli, yarmi qoldi. Nachora, kutamiz. Yomonlarning jazosini Xudo berar… Ko’p ham tug’masdan yurmanglar, hech bo’lmasa kun ora tug’ib turinglar. Bir shamollanglar…»

U tovuqxonani ochib tovuqlarni chiqarib yubordi. O’zini yengil his qildi. G’ussasi biroz tarqaganday bo’ldi…

* * *

Ranglari siniqib qolgan Rohila bolalariga shirchoy qilib ichirdi. Katta qizi Marziyaga ukalarini qoldirib, ishga jo’nash taraddudiga tushdi.

— Ona, qachon forma olib berasiz, bugun ham maktabdan qolamanmi? — deb yig’ladi qizi.
— Yig’lama, kelayotgan bozorda tovuqlardan sotamiz. O’sha puldan olib beraman. Ukalaringdan ehtiyot bo’l. Hovlining u yer-bu yerlaridan o’t yulib sigirga beringlar. Ukalaring yiglasa, savatdagi qotgan nondan ivitib bergin.

U ishga ketaturib: «E, lahatga tiqay senlarni. Qaro yerga borib qaqillang! Kisht-ye», — deya supa yuzidagi yirtiq kovushni olib, yangi ekilgan bug’doylarni titkilayotgan tovuqlarga qarab irg’itdi.

008

(Tashriflar: umumiy 390, bugungi 1)

Izoh qoldiring