Asqad Muxtor. Insonga qulliq qiladurmen. Qissa & Radiospektakl @ Ildizlar. Qissalar

0_16b34f_2b62eba6_orig.png23 ДЕКАБРЬ – УСТОЗ АСҚАД МУХТОР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

«Инсонга қуллуқ қиладурмен» ҳикоямнинг асл номи «Инсонга қуллик қиладурмен» эди, билмадим,  кейин  ўзгартиришибди…(Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Асқад Мухтор ҳақидаги хотираларидан). Асарнинг радио(аудио) нусхасини бизга тақдим этган адабиётшунос олим дўстимиз Искандар Мадғозиевга миннатдорчилик билдирамиз.

МУАЛЛИФДАН
08

   Бу ҳикоя анча илгари, олтмишинчи йилларда битилган. Унинг ёзилиш тарихи хусусида ва нима учун қадрдон домламиз хотирасига бағишлаганим тўғрисида икки оғиз гапирай.

Ҳурматли домламиз Иброҳим Мўминов (охиратлари обод бўлғай) Самарқанд дорилфунунида талабаларнинг энг севимли муаллими эдилар. Чуқур билимли, хушмуомала, ҳаммамизнинг меҳримизни қозонган бу самимий инсоннинг дарсларига ёпирилиб кирардик. У кишининг нутқлари равон ва мароқли, каттакон аудиторияда ўзбек ва рус группаларини қўшиб, минбар ёнида оёқларини кенг қўйиб, ҳеч қандай қоғоз-китобсиз, 6аланд овоз билан дадил дарс ўтишлари ҳамон кўз ўнгимда.

У вақтларда талабаларни амалий-ижодий машғулотлар билан банд қилиш усуллари кўп бўлиб, Абрамов хиёбонининг сўлим гўшаларида қизлар билан сайр қилишга ҳам вақтимиз етишмас эди. Мисол учун айтсам, дарсдан ташқари машғулотлардан «курс иши» ёзиш одати бўларди. Бу бизнинг мустақил фикрлаш, ижодий қобиятларимизни очиш имконини берарди.

Бир куни Иброҳим ака ўрта аср тарихидан курс иши ёзиш учун мавзулар таклиф қилдилар. Мен «Темур даври» деган мавзуни танладим.

Вазифа бажарилганидан кейин домла «Сенинг ишинг маъқул», деб, мени дорилфунун кутубхонасининг «Кичик қироат зали»га бошлаб кирдилар. Бу ерда бизнинг адабий тўгарак машғулотларимиз ўтарди. Тўгарак юқори курс талабаси Шароф Рашидов ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, машғулотларни домла Садриддин Айний, профессор Абдураҳмон Саъдий ўтказганликлари учун у анча эътибор қозонган эди. Дорилфунунда бир қур лекциялар ўқиш учун ‘Гошкентдан келган Мақсуд Шайхзода ҳам тўгарагимизда бир неча машғулотлар ўтказган, «унинг номи Навоий тўгараги бўлсин», деб таклиф қилган эдилар.

— Навоий тўгарагидансан-а?— деб сўрадилар Иброҳим ака «Кичик зал»га кириб ўтирганимиздан кейин. У киши менинг «иш»имда баъзи бадиий бўёқларни пайқаган эканлар чоғи, ижоддан гап очдилар. Ва Амир Темур билан Айри Берди афсонасини ҳикоя қилиб бердилар, афсонанинг тарихий заминлари борлигини тушунтириб, баъзи адабиётларни — тавсия этдилар. Хуллас, шу ҳақда ҳикоями, қиссами ёзиш мумкинлигига шама қилиб, далда учун мен ҳақимда бир неча оғиз яхши сўз айтдилар.

Кисқаси, ҳикоянинг сюжетини менга домла туҳфа этганлар. Аммо уни мен ўша вақтда ёзолмадим, кўп ўйладим, кўп тараддуд қилдим, бир неча бор бошладим ҳам, аммо ёзолмадим, ҳозир ўйлашимча, ёзолмас эканман.  Даъвоси катта, думбул бир талаба эдик-да у вақтда.

Кейин уруш бошланиб, мени ҳарбий ўқув юртига олдилар, сўнгра дорилфунунимиз Ўрта Осиё дорилфунунига қўшилиб, Тошкентга кўчиб келди.

Аммо домланинг рағбати сўнмади. 1967 йил эди шекилли, Карл Маркс кўчасининг хиёбонга туташган жойида Иброҳим аки билан дучлашиб, ўша «Темур даври»ни ва афсона сюжетини эслашдик.

— Ёзганман, домла!— дедим мен.

Иброҳим ака ёзган нарсамга қизиқиб, учрашиш жойини тайинладилар. Сал нарида Олий Партия мактаби жойлашган эди, «Шунда дарсим бор, индинга шу ерга кел, директор хонасига», дедилар.

Индинига келдим. Директор хонани бўшатиб, чой, қуйиб берди. Ўқидик.

Домла узоқ сукутда қолдилар. Анчадан кейин, «Маъқул, маъқул…» деб такрорладилар-у, бош кўтармадилар.

— Лекин…— дедилар яна ўйлаб туриб,— сен буни ҳозир бирон жойга бермай қўяқол. Менинг куним сенинг ҳам бошингга тушиб ўтирмасин…

Ҳанг-манг бўлиб уйга қайтдиму қўлёзмани ташлаб қўйдим. Домланинг бошига нима иш тушганини кейинроқ билдик.

Яқинда архивларимни Кўлёзмалар институти учун олгани келганларида, эски қўлёзмалар орасидан ана шу ҳикоя чиқиб қолди. Мен уни севимли домламиз хотирасига бағишлаб нашр этишга қарор қилдим.

Албатта, анча жойларини қайта кўришга, қалам тегизишга тўғри келди. Ёшликда меъёрини ололмай, тилни жимжимадор қилиб юборган жойларимиз ҳам анчагина экан, уларга кўп ҳам тегинмадим. Ижоднинг тадрижий жараёни ўзича қолақолсин…

Асқад Мухтор
ИНСОНГА ҚУЛЛИҚ ҚИЛАДУРМЕН
08

Севимли муаллимим Иброҳим Мўминов хотирасига

«Дилларни ёқ сўзинг билан, пайғамбар!»
А. Пушкин

055    Қуёш субҳ ёқасини чок этиб, кўк майдонида жилва кўргузгач, Соҳибқирон Қуръони каримни лавҳ устига қўйдилар. Кун саратон буржида эди, шиддати беадад. Ўрда саҳнида давлатпаноҳнинг оқ чодирлари шукуҳу асъаса ила чарақлаб кунга юз тутди.

Шу маҳал хиргоҳнинг кўринишхона йўлагида соч-соқоли ўсиқ, дарвишона хирқа устидан кумуш фўта боғлаб унга эса туғро безаги таққан бир кимса пайдо бўлиб, мунгли кўзларини ердан олмай, шоҳона остонага қараб ўтаверди. Чодирнинг давлатхона қанотида Соҳибқиронга кўриниш бермоқ учун мунтазир ўлтирган казо-казо салтанат устунлари, фузалою уламо, сипоҳсолору нўёнлар, хосу раъиядан келган калонтару кадхудолар — бири ҳайратда, бири ғазабда, ноилож қараб қолдилар. Белидаги дархону туғро нишонлари бунинг учун ҳуқуқ берадирким, ул зот нақшинкор эшикни беижозат очиб, ичкарига юз тутди.
— Шул нопок девона била маҳрами асрор бўлибдурлар, давлатпаноҳ,— деб надомат қилди кимдир.

Яна биров маҳзал ила кулди:
— Бир маҳрамлари кал Иноқ, бир маҳрамлари бул рўдапоким, боши кесилиб кетмаганидан ҳоло мамнун эмас…

«Девона» кирганида Соҳибқирон жиғали саллани бошларидан олиб, меҳмонга жой кўрсатдилар. У ўлтиргач:
— Ниятларимиз, илоҳо, мустажоб бўлғай, — деб Оллоҳга такбир айтдилар. Соҳибқирон чорпоядаги нардни ҳам четга суриб, мубоҳасага кирмоқ учун шаймиз дегандек эътимод билдирдилар.

Ул зот ҳамон кўзини ердан олмай тааммулда қолгани учун, Соҳибқирон унинг ёдига солдилар:
— Мубоҳаса Исо алайҳиссалом хусусида эрди…

— Бале… Алҳол Биби Марям вазъ тўлғоқида афтода эрди,— фасоҳат билан бошлади  «девона», товуши ажаб оҳангдор, тиниқ эди,— Қулоқлариға ваҳий келдиким, аё умминисо, бу кун сандин бир ўғлон таваллуд ўлғайким, бу оламда шоҳу гадо ва жамъи маликуссалотин анга тиз чўкиб тоат қилгай ва абадул-абад атбоъ бўлурлар. Дарҳақ ул сабий манглайида шуълаи гардиш ила келдиким, то жониби Қуддуси шариф тамом мунаввар ўлди. Бу хабари арожиф исроил қавмининг Ирод отлиғ шаҳаншоҳига етиб, зулму фазиҳатда машҳур эрди, анинг ошуби ҳаддин ошди. Таҳликада қолган ул ғаддор амиру умаросиға, миршабу шабдонлариға, ҳатто жамъи яҳуда дояхонларигача амри дарғазаб қилдиким, ул кароматсаро сабийни топсинлар ва маҳв этсунлар. Илло гўдакни топмадилар. Алҳол, ул иблис алайҳуллаъна: «Жамъи шаҳру кентни, тамоми Исроил мулкини жустижў қилиб, шул кеча таваллуд топган ўғлонки бор, барини қатли ом қилинг», дея…

— Бас қил, муғанний…— дедилар Соҳибқирон.— Фаҳмладикким бизнинг гўдаклигимиз афсоналариға шама қилурсен.
— Оре,— деди тинглагувчининг эътимодидан қулфи-дили очилган сўзамол суҳбатдош.— Оре, сенинг чироғингни тангри ёндирибдур. Искандари Зулқарнайн туғилган мағорада Арасту ҳакимнинг лавҳаи номаси топилмиш, ани эшитиб билурсен. Ҳукамои Рум лавҳани ўқидилар: Мовароуннаҳрда бир ўғлон таваллуд топғайким, етти иқлим салотинин забун этгай, исми  Искандари Соний аталур ва рубъи маскун анинг тасарруфида бўлур, деб. Алҳол, ваҳимага тушган етти салотиннинг жосуслари улус аро елиб-югуриб…

— Тўхта. Дарҳақ, биз кўп жангу заҳмат ила ул етти салтанатга музаффару мансур бўлиб, алҳамдуллилоҳ, Мовароуннаҳрда барини яксар этдик…

— Тамоми мулки Туронзамин, Ҳўқонду Хўжанд, Андижону Марғинон, Қошғару Туркистон жатта зулмидин омон топдилар. Мовароуннаҳрни итини инсон гўшти билан боқадирғон жатталардан мосуво қилиб, парчину қирпичоқ бўлган Чиғатой улусини давлати қавий айладинг…

— Илло сабийлиқдағи сеҳру асрори каромат — бари фасонадур. Арасту уламои юнон турур. Аларда асотиру фасона бисёр бўлур. Сен ҳам фасоначи эркансен, Айри. Ҳамд-сано Оллоҳга бўлсин, лоф бандасиға нолойиқ. Ғиёсиддин Али Яздийким, жангномасида шаънимизга лофни кўп айтибдур, бадиасини рад этдик. Юнонистонда дағи Ҳомер отлиғ асотиргўй ўтган.  Улку батамом сўқир эрмиш. Сен эса бизни аён кўриб турибсен.

— Барибир, эл, Амир Темур Оллоҳ таолонинг баргузидасидур, дерлар. Зеро, Зуҳал ила Муштарий буржида таваллуд топибсенким, Оллоҳ таборак еру кўкни шул соатда яратмишдир.

Нужумотнинг бу ҳолати ҳар саккиз юзликда бир келурким, аларнинг чеҳрасида нури илоҳий зуҳур ўлғай. Аввало Искандари Зулқарнайн, андин сўнгра Муҳаммад алайҳиссалоту вассаллам ва дағи сен, қиблагоҳ…

Соҳибқирон, одатларича, лат еган чап елкаларига сал энгашганча силкиниб кулдилар:
— Абас бу, нағмасоз!  Ҳисобда ғалат кетдинг. Аввало Искандари соҳибқирон калимаи шаҳодатдин бехабар мушрикдур, бизнинг қаторимиздан эмас. Сен Исо алайҳиссаломдан бошлаб эдинг, анинг таваллуди…— дея яна ўринларида тебраниб кулдилар:—йўқ, бу бари тўқима, сен эса хизматимиздасен, номуносибдур.

— Йўқ, мен сўз хизматидамен, деб айтдим. Сўз эса ҳақ хизматидадур.

— Бале, шеъру шоир илоҳдин. Демишларким, отамиз Тароғай баҳодирнинг тўфанг ўқидин ўлмаган рақиблари Қозоғон нўён ҳазрат Сайфиддин шайхул-аъламнинг бир рубоийларидин телба бўлмиш. Сен ҳам бизни абётгўйлик ила телба қилмағай эрдинг,— дея яна кулдилар, аммо кўрдиларким, ҳамсуҳбатлари юзида табассум йўқ. Шунинг учун жиддий давом этдилар:

— Гўдак чеҳрамизда нури илоҳий зоҳир ўлғони лофдур, илло уламолар машварати жорий юзликда исломға ривож берган шу зот дея бизга фатво берганлари рост.
— Ҳа … Олам сеҳрлидур. Соҳибқирон. Унинг тарихи сенинг жангу жадалларингдангина иборат эмас. Анда руҳият, фусункор афсонаю илоҳий ҳикматлар…

— Сенинг тунги наволаринг…
— Оре, бари омухтадурким…

Ҳурматли китобхон, ижозатингиз билан, биз муҳобасани шу ўринда бўлиб, диққатингизни ўзга бир нимарсага жалб этамиз.

Кимдир бул тап тортмас шаддод?

Дунёда ҳеч ким, ҳатто ота-онаси ҳам сенламаган жаҳонгир ҳукмдорни сенлаб, у билан муроқаба қилур? Наҳот унинг жони ширин бўлмаса?!

Воқеа бундай бўлган эди.

Мовароуннаҳр ҳукмдори Хуросону Сейистонни ўғилларига суюрғол қилиб, Шому Ажам орзулари билан Форс ҳудудларида қароргоҳ тортиб турганларида Мозандарон доруғасидан шикоят етди. Шероз улуси музаффарийларнинг зулму мусаллатидан додини кимга айтишни билмай, қон йиғлаб, Соҳибқирондан имдод кутар эмиш. Бу паёмдан саркарданинг ташвишлари чандон ортдики, тоқату ҳаловатлари йўқ эди. Ё раб, бу мумсик волию ҳокимлар сўқирмики, на Худо қаҳрини, на раъият касрини кўрадир!  Шерозга лашкар тортиш сардори муаллонинг мўлжалларида йўқ эди, хаёллари бесари — пой бўлиб, оромлари қочди.

Маломат икки келур, нақлидан бўлиб, устига устак, шу кеча ватандан ялавоч чопар етиб, яна бир шумхабар айтди. Ялавоч аққим отидан бемажол йиқилиб, ўлар ҳолатда шивир бердиким, Дашти қипчоқдан Тўхтамишхон етовида келган катта сипоҳлари Мовароуннаҳрни яғмо ғорат қилиб, Соҳибқироннинг она бешиги Занжирсаройни оташзада, Бухорои шарифни эса қамал қилибдурлар. Бухорода толиби илму аҳли фузалонинг қатлиға жазм этмишлар…

Давлатпаноҳ юзларига қон қалқиб, у ён-бу ён юргач, қўлларидаги жўжи чўқморини уриб синдириб, жаҳл отидан тушган бўлиб тошга ўтирдилар.
— Эй фосиди фузуҳ!—дедилар Тўхтамишни эслаб.— Ўғлимиз тенги, нури айн деган эдик муртадни. Хожа Шамс мозорида Қуръони мажидни дастига елиб, «Сизга наузанбиллоҳ жиҳод қилмагаймен», дея онт ичган эди, қасамхўр! Ғаддор!

Соҳибқирон шу кеча биринчи маротаба ҳорғин қариядек оромга ётдилар. Қасри Орифонда безовта тунадилар. Тушларида Баҳоуддин Нақшбандни кўрдиларким, қаландарсифат эмиш, айтдилар: «Аё ўғлон, жамъи кавкаб ҳут буржига келибдур, қирон бўлур. Нуҳ тўфонида ҳам мундоқ эрди, Жатта ҳукамолари буни билмас. Бухорои шарифга лашкар тортгил», деб.

Эртасига давлатпаноҳ машварати умарога аён этдиларким, «Мовароуннаҳрга дарҳол қайтурмиз, юртимиз мусулмонлари биздан нажот кутадир».

Тасарруфларига олган яқин-ёвуқ шаҳру кентга волийлар тайинлаб, руҳи Расулуллоҳ алайҳиссаломга тиловат бағишлагач, эртасига бўз от миниб қарқарони дубулғага ўрнатдилар-да, найза-қалқон қўлларида, заррин фўта белларида, яроқ таққан минг тўфангчи даврасида, яшил туғ остида саф бойлаган икки туман лашкарни шимол томонга силжитдилар.

Бундай пайтда Соҳибқирон марқаби кажавада эмас, узоқ йўлга от минар эдиларким, аққим отнинг ёбон йўлларида елиши дилларидаги ғазаб чўғини андак совитар деган умидда. Илло, йўқ, билъакс, ҳориб-толганларида ҳам осойиш тополмай яна Тўхтамишни эслаб кетдилар. Ул нобакор бир неча йил муқаддам Урусхоннинг қасди қатлидан қочиб, Соҳибқиронни қиблагоҳ дея паноҳларига сиғиниб келган эди. Самарқандда уни  илтифот ва сийлов билан кутдилар. Давлатпаноҳ унга Ўтрору Саброн улусларини пешкаш қилдилар. Дағи бир туман лашкар бошига қўйиб, «Бор, ёғийингни дафъ эт», дея фотиҳа бердилар. Меҳр кўргузуб, насиҳат айтдиларким, «Нури айним, зафарга кўзинг етса, ёғийға омон бергил, боғ-бўстонни вайрон қилма, бача-бағилни асир олма, аврот қўлға келса, асокирға айт — фасад қилмағайлар», деб.

Ул нонкўр эса, барининг аксини қилиб, Дашти Қипчоқдан бефатҳу зафар, мулзам қайтиб келди. Соҳибқирон бу ношукрни отасининг қотили Урусхондан гина қилиб, унинг хунхор ўғиллари Қутлуғ Буға ва Тўхтақия қасдидан уч тобқир қутқаздилар. Тўртинчн бор ҳам неча туман лашкар бериб, Мамайхонни маҳв этишига, Олтин Ўрда тахтига ўлтиришига, Жўчи улусининг нуфузи ортишига ҳамият қилдилар. Энди эса ул густоҳнинг кўзларини фазиҳат пардаси босиб…

Қирқ кун деганда Жайхуннинг Хоразм соҳилларида Амир Темур лашкарларининг тўзон булутлари ва «сурон» садолари осмонни тутди. Кокил қўйган Темур сипоҳийларининг муборизлик важоҳатини кўргач, келгинди Жатта сафларига ғулув тушиб, пароканда қоча бошладилар. Соҳибқироннинг Худодод Ҳусайн, Шайх Али отлиқ туманбегилари Тўхтамишни Сариғсув ва Зарнуқ ёқаларигача қувиб бориб, Анбар тепалигида тамом мусаҳҳал этдилар…

Бу жанглар тинганда ҳамал кирган эди. Соҳибқирон қароргоҳ кўтарган Хўжанд суйининг Акар туманида наврўзи ажам, хушбўй субҳи сабода қизғалдоқлар тебранар, тундаёқ кўприк қуришга чиққан пулсоз сипоҳий тўдаларнинг тарақ-туруқи олисдан эшитилар эди. Соҳибқирон аслаҳасиз, енгил хилъатда хос чодирларидан чиқиб, тонг нафасини олмоқ учун дарё сариға йўл тутдилар. Изларида, русумга кўра, содиқ қутволлари Иноқ борар эдиким, мулозимотларида сидқидил, ўлимдан тап тортмайдиган қавий жўша ва далер мубориз эди, иков соҳил устига доҳил бўлдилар. Қўрдиларки, қуйида бир тўда жулдуру нотавон жўчи асирлар юзбоши амир Қатағон поспонлиғида ўтиб борадир. Соҳибқирон кўзларида аломати савол зуҳур этди.

— Маҳкум ёғийлар, Соҳибқирон, қатли ом этилур,— деди Иноқ. Давлатпаноҳ андак тааммулга толдилар ва сафдан бирини кўрсатдиларки:
— Ани ҳузуримизға чорлағил,— деб.

Иноқ ул асирни олдига солиб олиб келди. Соч-соқоли ўсиқ, дарвешсифат бу зот, белбоғида кадусимон қўбузки, кўҳналигидан сайқалланиб кетмиш эди, кўзини ердан олмади.
Ўтган кечаси Соҳибқирон дарё жонибидан шул қўбузнинг дардли нағмасини эшитиб, уйқу ва оромлари қочиб, ҳушлари пароканда бўлиб эди.
— Насабу насабингни айт,— дедилар Соҳибқирон.
— Маҳкум бандамен,— деди асир беҳадик.

— Биз сени ўлимдан холис қилдик.
— Йўқ, мен алар билан ўлимга борурмен,— деди ул зот. Жавоби дағал эшитилди.

Соҳибқиронга «йўқ» дегувчи бўлмасди. «Бир девона экан», деган андишага бордилар.
— Ихтиёр ила ўлмоқ бандасига гуноҳ.
— Ўз улусингни қатлиом этмоқ ундан ортиқ гуноҳдур,— деди дарвешсифат асир.

— Булар хусусан сен ҳам, беҳаё ғанимлар, босқинчи жатталарсиз!—дедилар Соҳибқирон ғазаб хуружини босиб.
— Йўқ, мен турк фарзандимен, булар ҳам зоти-буди билан турку тожик!

— Нечук?
— Тўхтамишхоннинг одати борки, жанг сафларида ўзи қўнган манзил атрофиға Туронзамин фарзандларидин, қари-қури фуқарони тизиб қўйиб ишрат қиладур. Булар ўшал бегуноҳ шўрликлардан. Амир Қатағон асир олиб ҳайдаб келди.

Соҳибқирон ҳанг-манг бўлдилар, қонлари чеҳраларига тошди. Илло бу «девона» ўзига ярашмаган бир фасоҳат билан гапирадирки, айтганлари талбис ё макрга ўхшамасди. Уни хиргоҳга бошладилар. Иноққа амр қилдиларким, «Бу можаро тафтиш қилинсин, агарчанди гап хақ бўлса, «асирлар» эмас, амир Қатағон қатл этилгай.
«Дарвеш» Мовароуннаҳр ҳоқонининг тоқи-равоқига ҳар куни кириб юрган одамдек, на маснаду мақомига, на ҳашаму аслоҳига ҳайрат кўргузди. Ўлтур, десалар,— ўтирди, гапур, десалар — гапирди.

— Тунда абёт айтиб нағма қилған сенми эдинг?
— Мен.
Отинг нимадур?
— Айри Қўбуз дерлар.

Соҳибқирон, ҳазил қилур дея, жилмайдилар.
— Нечун «Айри»?
— Термиз сайидлари етакида мурид эканмен, йўқликдан айрига сим тортиб чертар эдим…асли исмим Муҳаммад.
— Бор. Либос ёпурлар, хизматимизда бўлурсен.
— … Мен сўз хизматидамен,—деди Айри Қўбўз тап тортмай,— сўз эса ҳақиқат хизматидадур. Соҳибимни сенга ҳам алмашмасмен.

Соҳибқирон лол қолдилар. Бу нағмакаш сўзида олампаноҳни бирон марта улуғламади, энди эса бетга чопиб… Соҳибқирон ғазабданми, ҳайратданми вужудларида андак титроқ сездилар.
Ҳозир бу қулбаччани дарҳол чопиб ташласалар ҳақлари ҳам, ҳадлари ҳам бор эди. Аммо бу девонаи бенавонинг кўзими, сўзими—нимасидир бундай сайъидан тинди, қулоқларида унинг тунги сирли навоси янграб кетгандай бўлди

.— Бу ҳаётда улуғ пийримиз ва қайнотамиз раҳматли Убайдуллоҳ Садр аш-шариатдин ўзга ҳеч кимса бизни сенлаб айтмаган. Сен иккиламчисисен,— дедилар қайгадир, чет бир нуқтага тикилиб.
— Жасорат эгасига қўл кўтармаслигингни билурмен, Соҳибқироннинг мардлигини яна бир бор имтиҳон қилишга жазм этдим. Зотан, менинг учун бунинг азази баланд эмас, умримнинг бу ёғи текинга қолди, шоҳидсен.
— Унда жасур эмас, таваккалчи тентак экансен.
— Эшитган эдимки, Соҳибқиронға табъи маҳзул бнр сўзамол созанда манзур бўлмиш, машшоқлар ичра даврада кўнгул очар эрди. Ўзи эса сўқир экан. Бир куни давлатпаноҳ андин: «Отинг нимадур?», дея сўрадинг. «Отим Давлат», деди созанда. «Давлатнинг кўзи кўр бўлурми?», дединг. Созанда айтди: «Давлат кўр бўлмаса, оқсоқнинг қошиға келурму?!».

Соҳибқирон беихтиёр кулиб, нохуш совиган вужудлари яйради.
— Бу ривоятдур…— дедилар.
— Менинг Искандари Сонийни сенлаб гапиришим ҳам бир кун келиб афсона бўлур…— деди Айри Қўбуз. Шундан сўнг бу тунги муғанний Соҳибқирон кўзларига гўё бошқа бир қиёфада намоён бўла бошлади. Ногоҳ унинг кеча тунда куйлаган навои-ноласи  бутунича ёдларига келди. У сўзлар гўё мусиқа бирла эскир мавжларида сайрона эди:

Барги сабз ёз бўйи кун нурин эмди.
Куч йиғиб, деди: «Бас, кун — ўзим энди».

Ҳасаддин сарғариб, чирт узилдию
Пилдираб-шилдираб қаброға инди.

Кузнинг қаро туни, момақалдироқ,
Йиғоч теграсинда тентирар япроқ.

Барқ қилич сермаб, ёқар гулханлар,
Саросар тутанқиб биқсир гулшанлар.

Ўшал гумроҳ баргидин туташиб олов,
Ул дуркун ҳам ўртанур лов-лов…

Барг енгил, енгилтак мулҳиди зардушт,
Она мулкин ёқиб бўлур модаркуш,

Макруҳдир ким кечса уҳувватидин,
Алҳазар ёмоннинг мазамматидин…

Тунда дарё соҳилидан етган бу оҳанглар Соҳибқироннинг оромларини олган эди, энди эса бор маъноки фикрасти била уқувларига келди. Соҳибкирон бу навода аввал гўё тамоми ўз умрларини, кейин сарбасар ўт туташган дунёни, Мовароуннаҳрни кўрдилар. Агар гумроҳ япроқ Тўхтамиш тимсоли бўлса, бу бандаи бенавонинг сеҳрли қўбузи бизнинг сайъ-қўшишимизга ишорат қилмасму?

— Айри Қўбуз… кўнглимизға келурким, навои абётинг ила эртанги жангу зафаримизни башорат қилурсен. Айт, қувиб борсак, нобакор Тўхтамишни маҳв этурмизму?
— Асрори ғойибни билмам, Соҳибқирон, фолу таъбир ҳам очмам, қуръа ҳам солмам. Вале, Оллоҳ дилимға солса, чертиб, куйлағаймен…

Бу жавоб мужмал бўлса ҳамки, Тўхтамиш дафъ этилмаса хонадонда ёнғин ўчмағай, деган фикр Соҳибқироннинг дилларидан кетмай қолди. Кечалари Айри Қўбуз абётидан ҳакмату каромат излаб тонг отдирар, шаддод қўбузчини жулусларига чорлаб, яна муроқаба қурар эдилар. Бу мубоҳасалар одат бўлиб қолди. Шоирнинг сирли, мавҳум суҳбатлари манзур бўлар, фаросату басиратиға ботинан таҳсин айтар эдилар. Шуйла, Айри Қўбуз, чапдаст Иноқ қатори, Соҳибқироннинг ўзгалар учун ҳайратомуз, расамад мантиқидан ғайри бир маҳрамлари бўлиб қолди. Бахши ўзини ортиқ эркин тутиши билан гоҳо Соҳибқироннинг ғазабларини оширар, аммо ул зот бу шаддодға негадир «Бор, озодсен!» дея айтолмас эдилар.

Энди азиз китобхон, тушундингизки, ҳикоямизнинг ибтидосида улар ўртасида тўсатдан бошланган мубоҳаса ҳам шул жумладан эди. Соҳибқирон бу ғалати шоир билан гоҳи хаёлан ҳам олишар, аслида эса ёлғизликда ўзлари билан ўзлари зиддиятга кирар эдилар. Баъзан эса унда ўзларини кўрар эдилар. Шиддатли воқеалар асири бўлиб, ўлимдан тап тортмай, бетўхтов қонли жангларда минглаб асирларни кўриб дийдалари қотган Соҳибқирон ўзларини гоҳи шу одамга, ёки дилларини босим чирмаётган бир мавҳум руҳиятга асирдек сезар эдилар.

Дашти Қипчоққа қочиб дараксиз кетган Тўхтамиш ҳаловатларини ўғирлади. Ул қаёнда, тинчиб кетдими? Ё қувиб бориш лозимми?  Оқ Ўрдага лашкар тортиш хусусида машварати ҳарб чорлашга ҳам иккиланиб, безовта бир қийноқда юрганларида ул доғулидан элчи келиб, нома тутдиким, мазмуни ва услуби чунон дабдабаликдир:

«Нома етиб Соҳибқирон қиблагоҳимға маълум бўлғайким, аввал ҳамду сано Тангри  таборакким, кўкни муаллақ, ерни мутаббақ яратибдир, дуои дуруд Муҳаммад саллолоҳу ваалайҳиссаломгаким, Оллоҳ таоло анинг туфайлидин ўн саккиз минг оламни вужудға келтирибдур, шариат андин жорий бўлиб, залолат чўлида қолғонларни ҳидоят йўлиға солибдур. Алқисса, бизнинг ҳам шу йўлға киришимиз вожиб, орамиздағи беҳуда низоъу муҳорибада кўп аҳлоллоҳи бегуноҳ забун бўлди. Мусулмонни мусулмонға мухолиф этмай, шариат тақозоси била жанобимдин сулҳи хайр умид қилурмен. Қиёматнинг андешасини қилайлик, деб муҳр босдим. Нома тамом — вассалом».

Буни ўқигач, Соҳибқирон руҳларида енгиллик сезиб, Худога шукрона айтдилар: «Иншооллоҳ, энди даштни бежангу жадал, бехуну ажал мусаҳҳар этурмиз», деб.  Хушхабар суюнчиси учун уламои фузалоға икки қалқон зар инъом бердиларким, Тўхтамиш табоҳ қилған  Самарқанд мадрасаси таъмириға мусарриф этилғай.
Кўнгиллари тинчиб, кўп тунлар сирасида илк бор жону тан роҳатида уйқу олар эдилар, аммо субҳидамда ёбондаги қўй қўраларидан бир нағмаи ажиб оғоз этди.  Бешак, Айри Қўбузнинг навозиши эрди, эътимодларини тортди:

Тонг кавкабин уйғотган сабо,
Дала-тузда мавжлан, марҳабо,
Қўйчибоннинг нафаси, ёки
Най навоси, сўлим, дилрабо…

Ўтарингни тундан қўриқла,
Оғилларни, чўпон, қулфла:
Ею ҳадангингни унутма.

Совимасин гулханнинг қўри.
Ҳид олади ўқ еган бўри.
Қон ҳидидан масту маккор у,
Қайтиб келса — чўпоннинг шўри.

Қуйруқини қисиб келадур,
Тулки янглиғ писиб келадур,
Тун фирибгар сокин ғафлатки,
Шарпасини тўсиб келадур…

Буни эшитгач, Соҳибқироннинг кўз ўнгида Қипчоқ даштида яраланган бўридай тентираб юрган Тўхтамиш гавдаланди. Сапчиб, шабгоҳ ҳижобини йириб, оёққа турдилар. Ул қасамхўрнинг баландпарвоз номасига лаққа тушаёзган эканлар, ҳозир тун ўртасида оёқяланг қалтираб турган бу бегона зотга нафратлари тошди. У номанинг тазвир эканлиги аён эди-ку!  Қани у зобити музаффар?!  Соҳибқирон гоҳида ўзларига бир дам четдан иазар солиб, илло бағирларини кўп олуда қила билмай, бу ҳолатдан тезда чиқар эдилар. Асфарий саллани бошга олгач, хулла қабо устидан шоҳона фўта боғлаб, исфаҳоний қилични саланглатиб давлатхонага чиқдилар. Соҳибқирон ҳолатидан ҳамиша воқиф Иноқ зумда пайдо бўлиб, амирларни машварати ҳарбга чорлади. Шаҳзодалар тасарруфидаги улуслардан қўшин талаб қилиб ёрлиғлар юборилди, барлос, арғин, жалойир, дўлдой, тўғай, арлот каби қирқ аймоққа чопарлар, элатларга товачилар кетдиким, борича лашкар юборсинлар.

Икки ҳафта ўтмай, салкам бир лак лашкар Қўрғон остида Соҳибқироннинг кўрикларига дохил бўлди. Раҳтироҳ бут бўлиб, тиловати Қуръондан кейин табал деган довул ноғоранинг садоси фалакни тутди. Чор тарафдин элу улус келиб, навозишлар айтиб, қиблагоҳнинг мулозиматларида бўлдилар, дуои фотиҳа билан фатҳу зафар тилаб қолдилар. Аламбардорлар  ичида Соҳибқироннинг олтин зирҳли дубулғалари йилтиллаганда «Сурон» нидолари эшитилиб,  қоровул тўдаси кетидан ҳировул ва чоповул қисмлари силжиди. Чап ва ўнг қанотлар эса Сиғноқнинг яйдоқ ялангликларига чиққандагина бемалол ёйилиб ўз ўринларини олдилар. Туман-туман отлиғ — пиёда лашкар ларзасидан осмон гувлар, найзаю қалқон чақмоқдай чақнар, бийдек Қипчоқ даштларида сийрак юлғун тебранар эди.

Кун оққанда уфқда ғубор кўринди. Кўп ўтмай қоровул тўдасидан хабар етдиким, Жатта лашкари етти байроқ ила келадир, човурткадан зиёда, деб.

Ҳақиқат Соҳибқироннинг бошларига найзадек келиб урилди: «Ана, Айри Қўбузнинг ярадор бўри макри ҳақидаги тунги қўшиғи айни каромат экан!  Сулҳи хайр дея нома битиб, ўзича бизни ғафлатга қўйиб, орқасиданоқ лашкар солибдур, ғаддор!  Майли, ул бизни бу ерларда кутмас, қанотларни ёйиб «қучоғимизга» олурмиз!..»

Ёғийга икки фарсанг қолганида Соҳибқирон тизгин тортдилар. Жувонғор ва баронғор тўдаларни икки қанотга кенг ёйиш учун дашт кенгликлари қўл келди. Алҳол, қоровулдан чопар етдиким, қипчоқлар ҳар отға икки боғ ўтни сургатиб, сиёсат бирла тўзон тўзғитиб келурлар.

Соҳибқирон мўғул жангариларининг бу кўҳнаю жўн дастурини фаҳмлаб жилмайдилар ва тўсатдан босқин қилғувчи чоповул тўдасини шабихунга, яъни тунги ҳужумга йўлладилар.

Шабихун мудҳиш чопқин билан бошланди. Фириби фош бўлганини пайқаган ғаним орқага юз тутди. Ва қанот тўдалари ичра аросатда қолиб, қолган-қутганлари пароканда ҳолатда қочдилар. Соҳибқирон лашкарлари дашт тунининг жаҳаннамидан чиқиб, ёғийни тонгдин шомгача, сўнгра яна бир тонгдин яна бир шомгача қувиб бордилар.

Энди фақат ҳировул тўдалари олдинда, жанговар ҳолатда эди. Қолган черик аслаҳаю ризқи-озуқ заҳираси билан, ҳар бир аскар тўрт хил яроғи, дўрдиғу қозони билан орқада борар, оддий сафар тирикчилиги давом этар, капалакдай қўниб учадиган чодирлар орасида гулхан яллуғланар, қумғон қайнар, мол сўйилиб, чангакларда гўшт қоқланар эди.

Икки ҳафта ўтиб,  раббиул-аввал кирганида ҳировул тўдалари бир кичик кент қўрғонининг мустаҳкам истеҳкомларига йўлиқдилар. Жосуснинг хабарича, истеҳкомлар доира-доира бўлиб, уларнинг неча қатлам эканлиги номаълум. Ҳар истеҳком забт этилганда ёғий ҳимоятнинг бари жонини фидо қилар, асло қайтмас эди. Кўп қон тўкилди, Соҳибқироннинг чопқинчи тўдалари ҳам гоҳ жанглардан совути ушалиб, ўпчину қалқонлари қилич зарбидан пора бўлиб, талафот ила қайтар эдилар. Соҳибқиронни талафотлардан ҳам кўра ул қўрғон элатннинг жонфидолиғи, беҳад қурбонлари, қонли талотўплар чарчатди. Бу тош ёнғоқни айланиб ўтиб, садқаи сар, дея сафарни давом эттиришни маслаҳат кўрувчилар ҳам бўлди. Аммо Соҳибқироннинг босган изига ўз маъмурий — валийларини тайинламай, орқада забт этилмаган ёғий алботисини қолдириш одатлари йўқ эди.

Етти истеҳкомни қон билан олгач, тўхтадилар. Бу қўрғонни янчиб ўтиш асли ҳеч гап эмас эди.
Илло, тинмай қирилаётган бу фидойи элатнинг не асрори бор?

Оллоҳ, бу не ҳикматким, бу хил қону қирондин кўра соғу омон таслим бўлмоқ кичик қўрғон учун минг аъло эмасму? Бу гилқўрғоннинг нимасини асрайдур?

«Ҳай, шабихун қилиб беталафот олурмиз», дея, Соҳибқнрон шомда бу азобли ўйлар билан беҳаловат, хобгоҳларига кирдилар. Сафар чарчоғида қароргоҳ ҳам тез тинди. Бедору дилхун сокинликда жанг суронидан қутулган ёбонлар бир маромдаги мунглиғ чирилдоқ садоларига тўлди. Бунинг устига, қайдадир Айри Қўбуз нохун чертиб нола қилар эди. Уйқуни бой берган Соҳибқиронни ёлғизлик, чексизлик, айрилиқ ва дарбадарлик оҳанглари чулғади. Бахшининг эса бундан узоқ ўз дунёси, ўз эртаклари…

Пири комил рахт юклаб хариға,
Юрар эрди мулки Ажам сариға,
Йўлтўсарлар чиқиб анинг йўлидин,
Хуржунини юлқиб олди қўлидин.

Сўрдилар: «Не хуржунингда, эй бобо?»
Деди: «Бунда бордур дурри бебаҳо.»
Шунда йиртиб матосини отдилар.
Дуржи бекунж — йиғоч қути топдилар.

Андин дағи харсанг қути топдилар,
Йиғочини болта билан чоптилар,
Харсангини янчиб — туйиб отдилар,
Андин битта қумалоқ мум топдилар…

Йўлтўсарлар дур қидирар эдилар,
Бул мум экан, ўтга ташла, дедилар.
Пири комил тиз чўкди шундаёқ:
«Ёлғон дедим, мен гуноҳкор, мени ёқ!»

Мум тўфон мавжларида ушибдур,
Нуҳнинг нажот кемасидин тушибдур.
Анда пинҳон эрди буғдой донаси,
Ки ҳаботот — набототнинг онаси.

Алқисса, пир ўтга бериб жонини,
Асраб қолди бани башар нонини…

Ҳорғин Соҳибқирон муғаннийнинг нимасидир ҳикматомуз бўлса ҳам, бундай узоқ ва беғам ривоятига мийиқда жилмайиб пинакка кетдилар.

Ярим тунда шабихунга сурон тортилиб, Гилқўрғон забт этилди. Қон кўп тўкилиб, муҳофизадаги элатдин кам киши омон қолди. Тонгда қўрғон ўртасидан бир қур қариялар Соҳибқиронга пешвоз чиқдиларки, уларнинг қуршовида бир юсуфжамол ўсмир бор эди.

— Бу норасида кимдур?—дедилар Соҳибқирон.
— Бу бизнинг, Оллоҳ муруввати ва шаҳодати билан, бўлғуси шоиримиз,— дедилар мўйсафидлар,— шу ёшидан илоҳий сўзлар ва гўзал ашъор айтадур. Шояд истиқболда элатимиздан авлиё чиқар, деган умиддан ўзга ҳеч нарсамиз қолмади. Хонумонимиз куйди, фақат умиднинг жони қаттиқ, барчадан кейин ўладир. Бу сабийни ҳимоя қилиб, кўп фидокор фарзандларимизнинг қокижонини қурбон қилдик. Уни сиз Соҳибқиронга ҳам бермагаймиз.

— Биз… биз…— деб Соҳибқирон ҳайратда анчагача сўз тополмай, бу вайрона ичидаги  нуроний қарияларга қараб узоқ турдилар,— ул сизнингдур, биз олмаймиз… Илло, бизга ашъоридин айтсин.
— Айтмайдур,— дейишди чоллар.— Қўрғонимиз атрофида ер қучиб нигун бўлган ярим элатимиз ҳурмати, ҳозир Оллоҳ анинг дилиға ҳикмат каломини солмағай…

Соҳибқирон, балки умрларида биринчи мартадир, сўзни суҳбатдошида қолдириб, мусаллам орқага қайтдилар.

Хиргоҳ дарборига етмай Айри бахшининг тунги нолиши хотираларига тушиб, жунжикиб кетдилар. Нағмани бира тўла эслаб, манглайларига муштлаб афсус тортдилар: «Ўшанда шабихунни тўхтатиб, эсни йиғиб олиш айни муддао эди-ку, қартайдикму, нима бало!?  Оллоҳ бахшининг дилига соладур, нечук бизнинг дилимизға солмайдур?»’
Узоқ ўлтириб, ич-этларини еб, яна надомат чекдилар.

Шу маҳал Айри Қўбуз, бамисоли руҳ, одатича беижозат пайдо бўлди.
— Норасидани кўрдингму? — дедилар Соҳибқирон бош кўтармай.

— Ўзимни кўрдим…Элнинг орзу-умидини кўрдим, Соҳибқирон.
— «Бани башарнинг ризқи…», «Ҳабототдин наботот»!—дея нағма байтларини эсладилар Соҳибқирон товушларида андек қаҳр ила.

— Абётни эшитибму эрдинг?  Бу ривоят, дарҳақиқат, элнинг эртанги маоний ва руҳоний ризқи хусусида. Эл ани жон баробар билиб, ўзини ўтга ташлаб, асраб қолибдур…
— Қирғин ҳисобиға… Имо-ишоратни қўйиб, бизга келиб ошкора айтсанг бўлмасму эди?

— Устозим шайх Саййид Ваққос айтур эдиларким, «Ўқилган чала бўлур, уқилган бўла бўлур», деб.
— Ишорат башорат эмас.

— Ундай даъвом йўқлигини айтиб эдим қиблагоҳга. Мен Худонинг осий бандаси, дилимга солғонидин ўзгани билмасмен.
— Биз…

— Сен сипоҳларингиз Соҳибқирон эмассен. Сипоҳларинг зса — давлатнинг бандалари.
— Алар Худонинг бандалари.

— Алар дунё ишлари ила тамом банд. Мен аларга илоҳий сеҳрият борлигини эслатиб,  дилларини тиканак сим янглиғ чирмаган дунё ишларидин сал чалғитишга урунамен.
— Сен ўтган гал ҳам: «Олам сеҳрлидур, тарих жаҳонгирнинг жангу жадалларидангина иборат эмас, ул афсунгар афсона-ю илоҳий ҳикматлар ила ҳам бутун бўлур», дединг, бу хотиримизда.
— Сирру асрор, кўнгил давлати, илоҳий сўз, эл  умиди, норасиданинг абёти каломи…

— Бас… сенга не керак?!—Соҳибқирон бу сўзларининг ўринсиз эканини билар, жаҳлларини босишга уринар, аммо бу шаддодни қувиб чиқаролмас эдилар. Сезар эдиларки, ундан ғайри янада афтодаҳол бўлғайлар.

— Мана, сен жанг олдидан Қуръони мажиддин варақ очиб, оят ўқурсен,— деб давом этди  Айри Қўбуз,— Менинг абётим сени тааммулга солур. Қариялар сўзидин бу ҳолга тушдинг. Инчунин, бағри тош эрмассен. Менга шу керак…

Бир умр жони ҳузур-ҳаловат кўрмай, жангу жадал, қонли қиронларда дийдаю бағри тош қотган бу инсоннинг кўнглини сал бўлса ҳам юмшатиш ният эди бу девонага.
— Жаҳонгирларга бош эгмадим, инсонга қуллуқ қиладурмен,— деди шоир,

Умрида илк бор эшитаётган бундай шаддод сўзлардан вужудлари қизиб, узоқ бош солиб ўтирган Соҳибқирон аста дедилар:
— Дайрда кўп савобу гуноҳ ишларни қилдик.  Ҳар неки бўлса, Оллоҳнинг мадади, бандасининг тадбири биладур. Тадбиримиз тақдирга мос тушиб, фатҳу зафар ила шу кунга келдик. Илло биз Тўхтамишдек ғаниму фазиҳга бераҳм бўлдик.

Шоирга Соҳибқироннинг сокин товушлари хуш келди.
— Тасбеҳ дея қўйнингга солганинг илон чиқибдур, ани янчмоқ вожиб,— деди Айри Қўбуз…

Биёбонда тонг оқариб, шабнам ҳовурида кўтарилган қўға, юлғун ҳидлари ҳавода кулу дуд билан қоришиқ эди. Соҳибқирон аркони ақрабони чорлаб амр этдиларким, таслим бўлган улусга шоҳона марҳамат кўргузилғай. Баковуллар югуриб-елиб элга офият бердилар, улус амирларига совға-соврун улашиб, икки кун навозиш қилдилар, Улуснинг барча элатларида шикваю шикоят тингланиб, барига хирож, жузя, қўналға, бож, шилон солиқларидан холислик эълон қилинди. Соҳибқирон кечаги қарияларга малуқона хилъатлар пешкаш қилиб, бирини улусга волий тайин этгач, тиловати Қуръондан сўнг яна юришга табал қоқтирдилар. Амир ноиблари чортуғу бурғилар билан чиқишди, мағлублар ҳам эл тутиниб, улардан кўп ўқчилар, чопқичилар, найзадорлар Амир лашкарига келиб қўшилди.

Тўхтамишхон тўдалари Хўжанд суйидан кечганидан сўнг, неча кун қочиб, Гилқўрғон улусидек бегуноҳ элатлар панасида, поёнсиз Қипчоқ ёбонларида пусган эди. Қоровуллар ғаним сафлари рафторини олиб келгач, нкки қанот тўдаларн ёғийни ғафлатда босиб, яна чопқин қилдилар, Жатта яна ортга юз тутди. Соҳибқирон амирлари ҳировул тўдасини пистирмага жойлаб, чоповул билан от солиб, яна қувдилар. От дупуридан биёбон тебранар эди, лак-лак лашкар ғубор ичида мағрибга силжир экан, кунми-тунми ўтгани билинмас, фақат сабоҳнинг намчил салқинларида ароба ғирчию қўйчибон қуррейлари, той кишнашию туя пишқириқлари қулоққа чалинар эди. Темур лашкарларининг маҳобатли юриши ҳақидаги овозаси ўзидан уч кун олдинда юрар, ёғийни йўлда боғ-роғни ёқиб, тирик жонни чирқиратиб, хонумонини совуриб, дала-тузни човурткадай қийратиб, яйловларни тап-тақир қиртишлаб, жонҳолатда қочишга мажбур этар эди.

Қувишнинг ўн еттинчи куни отлар ўла бошлади. Бу ўлат эмас, қўним керак эди, қўнимга эса гиёҳ йўқ, бутун оғирлик тевалар ўркачига тушадиган бўлди. Қаёнга қочаётир, қаёнга бошлаб кетаётир бу чиябўри?!  Қайтсанг босиб келади, қувсанг қочади, тикка жангга хуши йўқ номарднинг.  Иноқнинг хабарига қараганда, бир гуруҳ амиру нўён саросимада гап қилишибдур:

«Тўхтамиш биёбонлар ичкарисига атай бошлаб, борса келмас манзилларда очлик ва ўлатдан тамом толиқтириб, тиз чўктирмоқчи экан». Чап қанот қанбулида терс мунақашалар сезилар эмиш. Лашкар тўдаларида бу саросимани Соҳибқироннинг салобатигина босиб турарди.

Кўп ўтмай захираларнинг таги кўринди, ўқдонлар бўшади. Юришнинг иккинчи ойида сипоҳлар дала паррандаларининг юмуртқаси билан кун кўриб, кейинроқ дашт ўти ва турли илдизларни тановул қиладиган бўлдилар.

Итил суйига етмиш фарсанг қолганда Соҳибқирон тизгин тортиб, бир қияликда қароргоҳ ёйдилар. Сафи бузуқ лашкар ҳорғин ва оч эди. Тунда жабдуғу тер ҳиди анқиган жолиси ҳарб суронли бўлди: ҳалиги бир гуруҳ амиру нўёнлар найзаю қиличларини қумга санчиб «Ул юҳо домига тортиб фириб берадур, бизни забун этадур, тобора ичкарига бошлаб, очу ҳорғинликдак йиқилганимизда келиб чопқин қиладур. Илло Соҳибқирон амр этсалар, биз ўлимга борурмиз!» деб шовқин солдилар.  Иноқ бошлиқ амирлар ва  Соҳибқироннинг фарзандлари эса чиғатой дастурига кўра давлатпаноҳ олдиларида тиз чўкиб, «Йўқ, ул иблисни тирик қўйиб бўлмас, қувиб етиш зарур, токи байроғини тубан қилсун, ул улусни талонга ташлаб қочаётган номард билан яккаталош қилайлик, илонни янчмасак яна бош кўтарадур, ҳужумга амр этинг!», дедилар.

Соҳибқирон  чорпояда ўтириб оғирлик билан тингладилар:  юзларидан у ёнга-бу ёнга оққанлари билинмади.

Кейин хос чодирларида ёлғиз тўлғаниб, хорғинликдан икки ракаат номозга ҳам ҳоллари келмай ёбонга қапишиб қолган қароргоҳнинг гўристондагидек сукунатига қулоқ осдилар. Азобли ўйлардан юзлари тош қотган, қарашлари қўрғошиндек зил, мижжа қоқмас эдилар.

Соҳибқирон ҳарбий сафарда ҳали бундай беқарор бўлганлари йўқ эди, ёбонда сочилиб ётган лак-лак лашкаргина эмас, гўё бутун дунё буюк ҳукмдорнинг тонгги ҳукмини кутар, аммо у зотнинг хаёлларида зидлик тарозусининг шайини муаллақ эди…

Оғир хаёллар қийноғида кўзи кетиб қолган экан, тонгда харир бир эпкиндан уйғониб, тиниқ идрок оғушида роҳат топдилар:  узоқда юлғунзор кенгликларга  қўбуз  навоси таралар эди.
Соҳибқироннинг қулоқларига етди:

Ортда ёбону кенглик,
Ёғий бўлмай юз тубан,
От сол тонгги эпкиндек
Омадингни топ, топ!

Ёғий бўлмай юз тубан,
Кўзи қонга тўлмиш-ов
Юҳо макрин тутибон,
Ғорга дохил бўлмиш-ов.

Ғор совуғи қаҳрли,
Ўз қаърига тортадур.
Ул мўлтони соҳирни
Босиш хавфи ортадир.

Ёғийга ҳам ёғий бор,
Йўлининг одоғи бор.
Истиқболида зулмат,
Ваҳму рихлат доғи бор.

Ўзи топган моғора,
Лаҳад бўлур ўзига.
Ўпирилиб, тоғ аро,
Тупроқ тўлур кўзига.

Гул очилсин йўлингда,
Елканг узра офтоб
Байзо қилич қўлингда
Ёвуз бошин чоп, чоп!

Иноқ ҳам бедор экан, эшик очилиб қуллуғ қилди. Сабоҳга пешвоз чиқдилар. Ёйилиб ётган қароргоҳ уйғоқ эди. Амиру амирзодалар, туманбегилару юзбошилар, сипоҳсолор баҳодирлар, яна яқин-ёвуқдан озиқ-овқат, совға-соврун билан тунда етиб келган кент саййидлари, улус амирлари ва амалдорлар давлатпаноҳнинг даргоҳборида интизор эдилар: «Буюринг, Соҳибқирон, нима қилайлик?»  Риоят вакиллари тиз чўкдилар: «Талонга ташлаб кетманг, қиблагоҳ!»

Ҳукмфармо Соҳибқироннинг бесабр жўшиб туришларидан ниятларн аён эди. Кўзлари билан оломонда Айри Қўбузни  излаб, тополмагандан кейин, жиловдорга имо қилдилар.  «Ё ҳазрати Баҳовуддин!»—деб узангнга оёқ қўйиб, кумуш қошли эгарга отланганларида қанотлар саф тортган эди. От йўртиб, қанот қанбуллари, манглай қисм лашкарларига бир-бир назар солиб, сафлар салоҳиятини кўрувдан ўтказиб келгач, марқаб мешидан узоқ-узоқ совуқ  сув ичдилар.

Бу соҳибифармонинг барқарор хотиржамликлари белгиси эди. Демак, қароргоҳда жанговар кайфият шай. Уламо фатво бериб: «Ёғийнинг юзи қаро бўлсин!»—дея ғаним томонга бир сиқим тупроқ сочдилар, кейин сипоҳу риоятдан розилик бўлгач, довул ноғоранинг садоси келдию ҳар бир навкарни ғайратга киргизувчи машҳур «Сурон!» хитоблари икки қитъа даштларини туташтириб узоқ янгради. Аламбардорлар қўлида ҳилпираган яшил байроқ ўртасидаги учта тўлиной мушкул сафарнинг янги кунига пешвоз чиққандай, тонг нурида нуқрадек йилтиллаб юксакларда сузар эди. Амирзодалар бошлиқ қоровул илғорлари сарин ҳавони ёриб, тоғдан тушган баҳор тошқинларидай олға юрадилар. Ортда — ҳар қанотига уч туман лашкар қавжироқ саҳро ёнғинларидан кўкка ўрлаган тутундай, неча юз фарсанг масофани қоплаб, уфқдан уфққача ғубор кўтарди. Ўртада, захира қўшинлар, далер баҳодирлар қуршовида бош қўмондон қароргоҳи уммондаги буюк бир оролдай силжиб боради. Шотиру жиловдорлар Соҳибқироннинг ипакдай майин қадами билан қарийб ярим куррани босиб ўтган севимли оқёл тулпорларини боладай эркалаб, сал терласа ювиб-тараб алмаштириб турар эдилар. Иноқ эса бу отлар ҳақида бундай дер эди: «Соҳибқироннинг қўнғир тулпорлари ўлимнинг йўқлиғига кафил бўла оладур!»

Ҳафта ўтмай ғажарчилар хабар етқиздиким, ёғий Ёйиқнинг Туратур деган кечувида пистирма қурмиш. Пистирмаларни қора тунда босиш амир Шайх Нуриддиннинг ҳунари эди. Чап қанотда ғаннмнинг Қозончи етовидаги чериги Кайсув бўйида қўним топмиш эдиким, шу кеча сафлари бузилиб тор-мор этилди. Уммони Қулзум соҳилида мўғулий қайтағаларнинг кўп жангари тўдалари жойлашган эди, хунрезлик кўп бўлди, катта талофот Соҳибқироннинг қонларини чеҳраларига тоширди. Бир кечаси сара қўшин олдига чоҳ қазитиб, бу ёнини аробалар билан тўсиб, гулханларни сўндиришни буюрди, захира кучлар олдида ғул билан ўзлари от сурдилар. Соҳибқироннинг салобатлари ёғийнинг Бек Ёрлиқ ўғлон, Худодод Оқтов, Кунчи ўғлон каби машҳур мубориз баҳодирларини қочишга маҳкум этди. Шундан кейин зобит лашкар икки қанотини ростлаб яна юрдию Итил бўйидаги Увак деган жойда қаттиқ савашдан кейин Тўхтамишнинг байроғи тубан бўлди. Хоиннинг ўзи эса ўғлонлари, амиру нўёнлари билан саваш майдонини тарк этиб, Булғор чакалакзорларида жон сақлаш учун кўздан ғойиб бўлди.

Шундан кейин у ўзини ўнглай олмай, хонлик мартабасини тамом бой берди.

Энди шимолий даштлар соҳиби йўқ эди. Олтин Ўрда улусларида Соҳибқироннинг номлари хутбага қўшиб ўқилди, у зотнинг исми шарифларн битилган тилла тангалар зарб этилди. Соҳибқирон ўз жасур баҳодирларини тархон унвонлари, кумуш камарлар, силовсин мўйналари билан, яна юз минг кепакий динор укулка ҳамда яхши отлар билан рағбатлантирдилар, навкарларга саховат билан улуфа улашдилар. Дарбанд, Сарой ва Ҳожитархон қалъаларини қайта тикламоққа фармон бердилар.

Иброҳим Дарбандий қасрида сайёди хоснинг ов гўштидан зиёфат егач, Мовароуннаҳр султонининг музаффар лашкарлари «сайқали замин» сарига асъасаю нусрат ила йўл олдилар…

Соҳибқирон билан Айри Қўбузнинг сўнгги мусоҳабалари шундан кўп йиллар ўтиб. Шому Рум фатҳидан кейин Кешда бўлган эди.  Бу пайтга келиб иккалалари ҳам қадди дол пири сафед, бир-бирларидан нечун ажралолмасликлари хусусида, дайру охират, гуноҳу савоб хусусида кўп ўйлайдиган, Соҳибқирон эса, айниқса, ҳорғин ва кўп асабий бўлиб қолган эдилар…

Оппоқ сочи елкасига, оқ соқоли кўксига тушган бахши «Султони рубъи маскун!» дея таъзим билан остонада пайдо бўлганида Соҳибқирон одатларича маснад мақомларидан тушиб, ўнг қўлларидан жой кўрсатдилар. «Бандалик ниятларимиз мустажоб бўлғай», — дея соқол силаб омин тутгач, жим бўлиб қолдилар. Ўлтириб Оллоҳга такбир айтиш ҳамиша андак сукут тақозо этади, аммо Соҳибқироннинг ўйчанликлари нечукдур тўзимсизроқ туюлар эди.

— Бу кеч мирзаб чертмадинг, Қўбуз?
— Қаридим, давлатпаноҳ.
— Сендин дағи сўрмоқчи эдик:  нечун абётингни тунлари таълиф этурсен?
— Тунлари осмони фалак яқин, давлатпаноҳ.

Соҳибқирон ҳорғин жилмайдилар.
— Шеърни Оллоҳ дилингга соладур… айтган эдинг. Илло, қўй бу мавҳумотни, Қўбуз. Ани сабийларга де. Маълумким, фақат Қуръони карим Оллоҳдин нозил бўлмишдур.
— Қуръони карим ҳам назмий каломдур, давлатпаноҳ. Калом — Оллоҳнинг иродаси. Лавҳи Оллоҳ, ақли кулл ва ақли аввалдур. Илло, аз вақтеки, шоир жонини асраб қолдинг, мен каломни қиличға зид қўймадим.

— Худо олдида шоҳу гадо баробар, қолаверса, сен бизнинг виждонимиз бўлдинг.
— Шоирнинг виждони эса сўз, алҳол, сўз — ҳақиқатдур, деб айтган эдим.

— Кимнинг ҳақиқати, Қўбуз?— деб кескин сўрадилар Соҳибқирон.
— Ҳақиқатни бўлишдан уруш чиқодур.

     Соҳибқироннинг қошлари чимирилиб, қоралғон кенг яноқларига ажин йиғилди. Афтидан, қалқиб келган жаҳлни тийиб, айтар сўзларини айтмадилар. Бахши буни пайқади, ўйчан узоқ тикилишиб ўтирдилар. Кейин совиб, «Ҳа, қариб қолдик…», дегандай, бошларини оҳиста сарак-сарак қилдилар.

— Аё, Айри Қўбуз…— дедилар Соҳибқирон бош эгиб ўтирганларича,— фаросоту башоратингға таҳсин кўп айтдик, эмди… бизнинг қазоимизни башорат қилаолурмусен?
— … Наузанбиллоҳ…— деб сапчиб тушган кекса бахши нурсиз кўзларини катта очиб,  серрайиб қолди.

— Рубъи маскунга фотиҳи музаффар бўлиб, салтанат қуриб, исмимиз Искандари Соний, жамъи маликул-мулкни илгимизға олдик. Кимсаки, бизга юрак бермайдур, бир ўлимдин ғайри. Ер юзида бизга бош эгмаган шу қолди. Андин бизга омон бўлурму, қачон бизга дуч келғай, айт.

Соҳибқироннинг қора булутдек босиб келган бу хунук кайфиятидан астойдил чўчиган бахши бу даргоҳда илк бор ўзини йўқотди.
— Бандаси меҳмон…— деди овози қалтираб. — Қазои қадар ваҳдати вужуднинг лавҳи маҳфузида, яъни дафтари аъмолида қайд этилмишдирким, андин қутулиб бўлмас, Соҳибқирон.
— Йўқ, айт, қачон дуч келгай?  Биз билишимиз керак.  Етти иқлимнинг ошуби гарданимизда, улгуришимиз керак.

— Фақир авлиё эмасмен, башорат қилмам, агарчандиким, маликулмавт юз кўргузса айтиб йиғлагаймен.
— Йўқ, чалғитма, айт, қачон?!

Ё раб!  «Кулли явмин батар… «

Соҳибқироннинг чеҳралари қорайиб, кўзлари ёнди.

Наҳотки, моуманлик азиятидин вос-вос бўлиб, нафсилаввомадин пушаймонлик етиб, ваҳимада қолғон бўлсалар? Алҳол, юзлариға сўз айтмоқ ҳам хавфли эди. Аммо Айри «йўқ»қа яна «йўқ» деди. Соҳибқирон вужудларини ўт олгандай, ўринларидан турдилар.

— «Калом» дерсен, «Меҳмон» дерсен, дағи «ваҳдати вужуд…» Саройимизда исқирт жандангни тарк этмай, неча йил юрдинг, индамадик, сўфий! Устозинг Шоҳ Мансурнинг терисини шилган эдилар, ё сени ҳам…

Айрининг шу жандадан бўлак йўқотадиган шайъи йўқ, сўз эса унинг соҳиби эди, айтди:
— Бу хирқани муршидим елкамға ёпганлар, ул зотнинг рамзи ҳолларидурким, ечилмағай.

Сўфийларнинг шайхул машойихи Ҳожа Аҳмадга эса Яссида муҳташам мақбара иншо этган сен эдинг, давлатпаноҳ. Мен сўфий эмасмен, илмим ғариб.

— Бас! Ҳар икки сўз аро бизни мот қилмоқ дилингда иддаодур… Кўланканг кўринса ўлим ёдимға тушар, нега айтмайдур, нега айтмайдур, деб шивирлайдур шайтони лаъин. Тунлари нағманг ҳаловатимизни оладур, илло… айтмайдур, айтмайдур,.. Сен шоир эмас, шумқадамсен!

Айри Қўбуз англадиким, асаб таранглиги тобига етди, энди гап қайтариш у ёнда турсин, тасалли сўзи ҳам кор қилмас.  У сўзсиз, таъзимкорона бош эгароқ, орқаси билан юриб, остона томон чекинди. Эшикка етай деганда ҳалиги таранг асаб узилди чоғи, гапни бўлиб берухсат чиқиб кетаётган хирқапўшни кўрган Соҳибқироннинг жаҳл хуружига кучлари етмай, «Мирғазаб!», деб юборганлари эшитилди. Бўлар иш бўлган эди. Мардуд шоир шу совуқ товушдан сурингандек, шартта орқа ўгириб саройдан чиқиб кетди.

Сўнгги пайтлар Соҳибқиронда бундай ногаҳоний ҳолатлар бўлиб турарди. Совуқ тер босган манглайларини ушлаб, эгилиб қолдилар. Нима бўлди? Нима қилиб қўйдик? Бу даргоҳга беижозат кириб, беижозат чиқиб кетадирган биттаю битта девонаи диловар шу эди…
Беихтиёр эшикка қайрилиб қарадилар. Остонада қизил гарданпўш ёпинган, юзи мурдадай оқ, лекин соқоли қоп-қора мирғазаб қўлини кўксига қовуштирганча икки букилиб турарди.

— Йўқол!—деб қаттиқ товуш билан жеркидилар Соҳибқирон титраб.  Шарпасиз кириб келган жаллод худди шундай шарпасиз ғойиб бўлди.
Соҳибқирон беадад изтиробда тўлғанар эдилар. Хонадан-хонага шаҳд билан юриб дару даричаларни ланг очтирдилар, гўё ҳаво етишмас, дунё тор эди.  Бундай пайтда жонларига ора кирадиган, таскин сўзини, ё ҳақиқат сўзини топиб айтадиган, гоҳ беозор, гоҳ дилозор маҳрамлари қани?!  Бормиди у, ёки тушларига индими?

Йўқ, у ҳали, мумкинки, кириб келади. Ижозатсиз, айни маврудида кириб келади… Худо хоҳласа!

… Аммо Айри Қўбуз қайтиб келмади.
Унинг ўрнига шундай хабар етдиким, шоири девона тун ухламай, шу тонг олдидан рихлат топибдур. Худо раҳмат қилғай.

Қандоқ?
Шундоқ. Тинч ва беозор. Ўз ҳужрасида чўзилиб ётиб, гап-сўзсиз жон таслим қилибдур, тонгда кирсалар, оқ соқоли энгагига тарашадай тиккайиб турганмиш. Такя баковулининг айтишича, марҳум туни билан ухламай, ювиниб-покланиб, сарипой оқ кийибди. Ва айтибдики эмишким, «Иншооллоҳ, текинга қолган бу жон ҳам асқотди:  ул буюк зотни бир гуноҳдан асраб қолишга яради», деб…

Бу хабар Соҳибқироннинг ичларини лахча чўғдай ўртаб ўтди. Оғир яралардан сиқтамаган, ёлғизликда ноилож инграб юбордилар. Совуқ эди, баданлари совуқ, арк совуқ, олам совуқ…

Ҳутнинг аввалида Чин-мочиндан ялавоч чопар кепиб, яна бир совуқ хабар етказди. Кошғарга қалмиқ қайтағалари оралаб, мусулмонларни қақшатиб талон қилаётган эмиш.  Жаттанинг бу элати ёвқур бўлади, нима қилмоқ керак?

Бундай савол туғилганда Соҳибқирон ҳамиша толиси ҳарб чорлаб, мусолаҳат қилар эдилар. Бу гал аркони ашрафу умаро Шаҳрисабзда машварат қурди:  юриш керакми-йўқми?

Соҳибқирон турли фикрларни, гоҳ жўшқин, гоҳ сўлғин нутқларни узоқ тинглардилар-у, аммо зоҳиран нечукдир лоқайд қолдилар. Кейин Конигил тепалигида чодир қуриб, Хитой элчисини қабул қилганларида, унинг чинний совғаларини олиб раъияга улашганларида ҳам, зиёфат бериб амирзодаларга малуқона хилъат ёпганларида ҳам юриш хусусида маълум қарори қатъиятлари билинмади. Ниманидир йўқотгандай, бўшанг, ҳамон лоқайд ва паришон эдилар. У зотнинг беқарор иккиланишлари амиру сипоҳлар кўнглини ҳам иккига бўлди. Иноқ баҳодир Чин-мочинга юришнинг қизғин тарафдори эдиким, унинг атрофида бир сипоҳий гуруҳ жолис қилар, «Ёвнинг яғмосини кутмасдан сафларини бузиб ғорат қилурмиз!», дер эди Иноқ баҳодир. Кошғардан келган чопар кўп сергап экан, зиёфатда кайфи ошиб, лоф урдиким, тушкун кайфиятдаги сипоҳларнинг қулоғи унинг оғзида эди:

— … Уч фил устида темир дарахтидин бир ҳужра,— дер эди чопар ҳовлиқиб,— андин сиёсат билан овоз чиқарадиким: «Эй, турк, бу филлар ҳар бири неча шаҳру кентни вайрон қилғон беш юз ёшар жангарилардур, ким муқобил бўлса рахтини елкага олур, тахти-бахтини барбод урур» деб.

Қароргоҳда ғовур тинмади, олампаноҳ эса сукутда эдилар….

Ахийри, Соҳибқирон лашкару аркони давлат билан Ўтрор мавзеига кўчишга амр-фармон бердилар. Ул мавзеда юриш олдидан лашкарларнинг уч ойлик кўриги бўлиши лозим эди. Аммо бу сафарга бари бир Соҳибқироннинг оёқлари тортмас, шаштлари паст, тунлари дилларида зафар умидини порлатгувчи Айри Қўбуз абёти ҳам янграмас эди! У зот бундай сўнуқ паллаларда лашкар тортиб ўрганмаганлар.

Сарём шаҳри яқинидан Арас суйи оқиб ўтар эди. Бу ернинг осмони сокин, қишнинг аёз тунлари узун ва беҳаловат. Бедор кечаларда Соҳибқироннинг қулоқларига қўбуз оҳанглари келиб урилар, сайр соатлари гўё Айрининг арвоҳи таъқиб этар эди: «Гуноҳимиздан кеч, эй шоири девона, зафаримизни каромат қилғил…»

Шундай беҳаловат аёз тунларнинг бирида Соҳибқирон ўрда равоқидан ҳорғин юриб чиқиб, соҳилдаги сой тошига келиб ўлтирдилар.

Тўқсон эди. Узоқ ва маъюс ўй сурдилар, хотиралар оғушида қолдилар. Бу вақт улуғ зотнинг ўғиллари Шоҳруҳ Ҳиротда ҳоким, Мироншоҳ тўра Бағдодда султон, набиралари Султон Муҳаммад Кандаҳорда валий-аҳд — барини ёдладилар. Машриқдан Мағрибгача ҳукмлари юрар, етти юз мўътабар бекзодалар хизматларида қойим, барини ёд этдилар.

Хирқапўш, нағмакашнинг сўзларини хотирладилар: «Жаҳонгирларга бўйин эгмадим, инсонга қуллиқ қиладурмен…» Йўқ, Айри, афсус, жаҳонгирдан ҳайиқар эдинг. Шунинг учун ниманидир айтмадинг, ниманидир яшириб олиб кетдинг. Нега?..

Узоқ ва маъюс ўй сурдилар Соҳибқирон. Шунда тонгги соҳилнинг бир боди бади мухолиф келиб, туслари тағайюр тепиб… Фалакнинг юзи қоралди…

1963 йил.

23 DEKABR — USTOZ ASQAD MUXTOR TAVALLUD TOPGAN KUN

“Insonga qulluq qiladurmen” hikoyamning asl nomi “Insonga qullik qiladurmen” edi, bilmadim, keyin o‘zgartirishibdi…(Xurshid Do‘stmuhammadning Asqad Muxtor haqidagi xotiralaridan).Asarning radio(audio) nusxasini bizga taqdim etgan adabiyotshunos olim do‘stimiz Iskandar Madg‘oziyevga minnatdorchilik bildiramiz.

MUALLIFDAN
08

Bu hikoya ancha ilgari, oltmishinchi yillarda bitilgan. Uning yozilish tarixi xususida va nima uchun qadrdon domlamiz xotirasiga bag’ishlaganim to’g’risida ikki og’iz gapiray.

Hurmatli domlamiz Ibrohim Mo’minov (oxiratlari obod bo’lg’ay) Samarqand dorilfununida talabalarning eng sevimli muallimi edilar. Chuqur bilimli, xushmuomala, hammamizning mehrimizni qozongan bu samimiy insonning darslariga yopirilib kirardik. U kishining nutqlari ravon va maroqli, kattakon auditoriyada o’zbek va rus gruppalarini qo’shib, minbar yonida oyoqlarini keng qo’yib, hech qanday qog’oz-kitobsiz, 6aland ovoz bilan dadil dars o’tishlari hamon ko’z o’ngimda.

U vaqtlarda talabalarni amaliy-ijodiy mashg’ulotlar bilan band qilish usullari ko’p bo’lib, Abramov xiyobonining so’lim go’shalarida qizlar bilan sayr qilishga ham vaqtimiz yetishmas edi. Misol uchun aytsam, darsdan tashqari mashg’ulotlardan «kurs ishi» yozish odati bo’lardi. Bu bizning mustaqil fikrlash, ijodiy qobiyatlarimizni ochish imkonini berardi.

Bir kuni Ibrohim aka o’rta asr tarixidan kurs ishi yozish uchun mavzular taklif qildilar. Men «Temur davri» degan mavzuni tanladim.

Vazifa bajarilganidan keyin domla «Sening ishing ma’qul», deb, meni dorilfunun kutubxonasining «Kichik qiroat zali»ga boshlab kirdilar. Bu yerda bizning adabiy to’garak mashg’ulotlarimiz o’tardi. To’garak yuqori kurs talabasi Sharof Rashidov tashabbusi bilan tashkil etilgan bo’lib, mashg’ulotlarni domla Sadriddin Ayniy, professor Abdurahmon Sa’diy o’tkazganliklari uchun u ancha e’tibor qozongan edi. Dorilfununda bir qur lektsiyalar o’qish uchun ‘Goshkentdan kelgan Maqsud Shayxzoda ham to’garagimizda bir necha mashg’ulotlar o’tkazgan, «uning nomi Navoiy to’garagi bo’lsin», deb taklif qilgan edilar.

— Navoiy to’garagidansan-a?— deb so’radilar Ibrohim aka «Kichik zal»ga kirib o’tirganimizdan keyin. U kishi mening «ish»imda ba’zi badiiy bo’yoqlarni payqagan ekanlar chog’i, ijoddan gap ochdilar. Va Amir Temur bilan Ayri Berdi afsonasini hikoya qilib berdilar, afsonaning tarixiy zaminlari borligini tushuntirib, ba’zi adabiyotlarni — tavsiya etdilar. Xullas, shu haqda hikoyami, qissami yozish mumkinligiga shama qilib, dalda uchun men haqimda bir necha og’iz yaxshi so’z aytdilar.

Kisqasi, hikoyaning syujetini menga domla tuhfa etganlar. Ammo uni men o’sha vaqtda yozolmadim, ko’p o’yladim, ko’p taraddud qildim, bir necha bor boshladim ham, ammo yozolmadim, hozir o’ylashimcha, yozolmas ekanman. Da’vosi katta, dumbul bir talaba edik-da u vaqtda.

Keyin urush boshlanib, meni harbiy o’quv yurtiga oldilar, so’ngra dorilfununimiz O’rta Osiyo dorilfununiga qo’shilib, Toshkentga ko’chib keldi.

Ammo domlaning rag’bati so’nmadi. 1967 yil edi shekilli, Karl Marks ko’chasining xiyobonga tutashgan joyida Ibrohim aki bilan duchlashib, o’sha «Temur davri»ni va afsona syujetini eslashdik.

— Yozganman, domla!— dedim men.

Ibrohim aka yozgan narsamga qiziqib, uchrashish joyini tayinladilar. Sal narida Oliy Partiya maktabi joylashgan edi, «Shunda darsim bor, indinga shu yerga kel, direktor xonasiga», dedilar.

Indiniga keldim. Direktor xonani bo’shatib, choy, quyib berdi. O’qidik.

Domla uzoq sukutda qoldilar. Anchadan keyin, «Ma’qul, ma’qul…» deb takrorladilar-u, bosh ko’tarmadilar.

— Lekin…— dedilar yana o’ylab turib,— sen buni hozir biron joyga bermay qo’yaqol. Mening kunim sening ham boshingga tushib o’tirmasin…

Hang-mang bo’lib uyga qaytdimu qo’lyozmani tashlab qo’ydim. Domlaning boshiga nima ish tushganini keyinroq bildik.

Yaqinda arxivlarimni Ko’lyozmalar instituti uchun olgani kelganlarida, eski qo’lyozmalar orasidan ana shu hikoya chiqib qoldi. Men uni sevimli domlamiz xotirasiga bag’ishlab nashr etishga qaror qildim.

Albatta, ancha joylarini qayta ko’rishga, qalam tegizishga to’g’ri keldi. Yoshlikda me’yorini ololmay, tilni jimjimador qilib yuborgan joylarimiz ham anchagina ekan, ularga ko’p ham teginmadim. Ijodning tadrijiy jarayoni o’zicha qolaqolsin…

Asqad Muxtor
INSONGA QULLIQ QILADURMEN
08

Sevimli muallimim Ibrohim Mo’minov xotirasiga

«Dillarni yoq so’zing bilan, payg’ambar!»
A. Pushkin

image9.jpg   Quyosh subh yoqasini chok etib, ko’k maydonida jilva ko’rguzgach, Sohibqiron Qur’oni karimni lavh ustiga qo’ydilar. Kun saraton burjida edi, shiddati beadad. O’rda sahnida davlatpanohning oq chodirlari shukuhu as’asa ila charaqlab kunga yuz tutdi.

Shu mahal xirgohning ko’rinishxona yo’lagida soch-soqoli o’siq, darvishona xirqa ustidan kumush fo’ta bog’lab unga esa tug’ro bezagi taqqan bir kimsa paydo bo’lib, mungli ko’zlarini yerdan olmay, shohona ostonaga qarab o’taverdi. Chodirning davlatxona qanotida Sohibqironga ko’rinish bermoq uchun muntazir o’ltirgan kazo-kazo saltanat ustunlari, fuzaloyu ulamo, sipohsoloru no’yonlar, xosu ra’iyadan kelgan kalontaru kadxudolar — biri hayratda, biri g’azabda, noiloj qarab qoldilar.

Belidagi darxonu tug’ro nishonlari buning uchun huquq beradirkim, ul zot naqshinkor eshikni beijozat ochib, ichkariga yuz tutdi.
— Shul nopok devona bila mahrami asror bo’libdurlar, davlatpanoh,— deb nadomat qildi kimdir.

Yana birov mahzal ila kuldi:
— Bir mahramlari kal Inoq, bir mahramlari bul ro’dapokim, boshi kesilib ketmaganidan holo mamnun emas…

«Devona» kirganida Sohibqiron jig’ali sallani boshlaridan olib, mehmonga joy ko’rsatdilar. U o’ltirgach:
— Niyatlarimiz, iloho, mustajob bo’lg’ay, — deb Ollohga takbir aytdilar. Sohibqiron chorpoyadagi nardni ham chetga surib, mubohasaga kirmoq uchun shaymiz degandek e’timod bildirdilar.

Ul zot hamon ko’zini yerdan olmay taammulda qolgani uchun, Sohibqiron uning yodiga soldilar:
— Mubohasa Iso alayhissalom xususida erdi…

— Bale… Alhol Bibi Maryam vaz’ to’lg’oqida aftoda erdi,— fasohat bilan boshladi  «devona», tovushi ajab ohangdor, tiniq edi,— Quloqlarig’a vahiy keldikim, ayo umminiso, bu kun sandin bir o’g’lon tavallud o’lg’aykim, bu olamda shohu gado va jam’i malikussalotin anga tiz cho’kib toat qilgay va abadul-abad atbo’ bo’lurlar. Darhaq ul sabiy manglayida shu’lai gardish ila keldikim, to jonibi Quddusi sharif tamom munavvar o’ldi. Bu xabari arojif isroil qavmining Irod otlig’ shahanshohiga yetib, zulmu fazihatda mashhur erdi, aning oshubi haddin oshdi. Tahlikada qolgan ul g’addor amiru umarosig’a, mirshabu shabdonlarig’a, hatto jam’i yahuda doyaxonlarigacha amri darg’azab qildikim, ul karomatsaro sabiyni topsinlar va mahv etsunlar. Illo go’dakni topmadilar. Alhol, ul iblis alayhulla’na: «Jam’i shahru kentni, tamomi Isroil mulkini justijo’ qilib, shul kecha tavallud topgan o’g’lonki bor, barini qatli om qiling», deya…

— Bas qil, mug’anniy…— dedilar Sohibqiron.— Fahmladikkim bizning go’dakligimiz afsonalarig’a shama qilursen.
— Ore,— dedi tinglaguvchining e’timodidan qulfi-dili ochilgan so’zamol suhbatdosh.— Ore, sening chirog’ingni tangri yondiribdur. Iskandari Zulqarnayn tug’ilgan mag’orada Arastu hakimning lavhai nomasi topilmish, ani eshitib bilursen. Hukamoi Rum lavhani o’qidilar: Movarounnahrda bir o’g’lon tavallud  topg’aykim, yetti iqlim salotinin zabun etgay, ismi  Iskandari Soniy atalur va rub’i maskun aning tasarrufida bo’lur, deb. Alhol, vahimaga tushgan yetti salotinning josuslari ulus aro yelib-yugurib…

— To’xta. Darhaq, biz ko’p jangu zahmat ila ul yetti saltanatga muzaffaru mansur bo’lib, alhamdulliloh, Movarounnahrda barini yaksar etdik…
— Tamomi mulki Turonzamin, Ho’qondu Xo’jand, Andijonu Marg’inon, Qoshg’aru Turkiston jatta zulmidin omon topdilar. Movarounnahrni itini inson go’shti bilan boqadirg’on jattalardan mosuvo qilib, parchinu qirpichoq bo’lgan Chig’atoy ulusini davlati qaviy aylading…

— Illo sabiyliqdag’i sehru asrori karomat — bari fasonadur. Arastu ulamoi yunon turur. Alarda asotiru fasona bisyor bo’lur. Sen ham fasonachi erkansen, Ayri.
Hamd-sano Ollohga bo’lsin, lof bandasig’a noloyiq. G’iyosiddin Ali Yazdiykim, jangnomasida sha’nimizga lofni ko’p aytibdur, badiasini rad etdik. Yunonistonda dag’i Homer otlig’ asotirgo’y o’tgan.  Ulku batamom so’qir ermish. Sen esa bizni ayon ko’rib turibsen.

— Baribir, el, Amir Temur Olloh taoloning barguzidasidur, derlar. Zero, Zuhal ila Mushtariy burjida tavallud topibsenkim, Olloh taborak yeru ko’kni shul soatda yaratmishdir.
Nujumotning bu holati har sakkiz yuzlikda bir kelurkim, alarning chehrasida nuri ilohiy zuhur o’lg’ay. Avvalo Iskandari Zulqarnayn, andin so’ngra Muhammad alayhissalotu vassallam va dag’i sen, qiblagoh…

Sohibqiron, odatlaricha, lat yegan chap yelkalariga sal engashgancha silkinib kuldilar:
— Abas bu, nag’masoz!  Hisobda g’alat ketding. Avvalo Iskandari sohibqiron kalimai shahodatdin bexabar mushrikdur, bizning qatorimizdan emas. Sen Iso alayhissalomdan boshlab eding, aning tavalludi…— deya yana o’rinlarida tebranib kuldilar:—yo’q, bu bari to’qima, sen esa xizmatimizdasen, nomunosibdur.

— Yo’q, men so’z xizmatidamen, deb aytdim. So’z esa haq xizmatidadur.

— Bale, she’ru shoir ilohdin. Demishlarkim, otamiz Tarog’ay bahodirning to’fang o’qidin o’lmagan raqiblari Qozog’on no’yon hazrat Sayfiddin shayxul-a’lamning bir ruboiylaridin telba bo’lmish. Sen ham bizni abyotgo’ylik ila telba qilmag’ay erding,— deya yana kuldilar, ammo ko’rdilarkim, hamsuhbatlari yuzida tabassum yo’q. Shuning uchun jiddiy davom etdilar:

— Go’dak chehramizda nuri ilohiy zohir o’lg’oni lofdur, illo ulamolar mashvarati joriy yuzlikda islomg’a rivoj bergan shu zot deya bizga fatvo berganlari rost.
— Ha … Olam sehrlidur. Sohibqiron. Uning tarixi sening jangu jadallaringdangina iborat emas. Anda ruhiyat, fusunkor afsonayu ilohiy hikmatlar…

— Sening tungi navolaring…
— Ore, bari omuxtadurkim…

Hurmatli kitobxon, ijozatingiz bilan, biz muhobasani shu o’rinda bo’lib, diqqatingizni o’zga bir nimarsaga jalb etamiz.

Kimdir bul tap tortmas shaddod?

Dunyoda hech kim, hatto ota-onasi ham senlamagan jahongir hukmdorni senlab, u bilan muroqaba qilur? Nahot uning joni shirin bo’lmasa?!

Voqea bunday bo’lgan edi.

Movarounnahr hukmdori Xurosonu Seyistonni o’g’illariga suyurg’ol qilib, Shomu Ajam orzulari bilan Fors hududlarida qarorgoh tortib turganlarida Mozandaron dorug’asidan shikoyat yetdi. Sheroz ulusi muzaffariylarning zulmu musallatidan dodini kimga aytishni bilmay, qon yig’lab, Sohibqirondan imdod kutar emish. Bu payomdan sarkardaning tashvishlari chandon ortdiki, toqatu halovatlari yo’q edi. YO rab, bu mumsik voliyu hokimlar so’qirmiki, na Xudo qahrini, na ra’iyat kasrini ko’radir!  Sherozga lashkar tortish sardori mualloning mo’ljallarida yo’q edi, xayollari besari — poy bo’lib, oromlari qochdi.

Malomat ikki kelur, naqlidan bo’lib, ustiga ustak, shu kecha vatandan yalavoch chopar yetib, yana bir shumxabar aytdi. Yalavoch aqqim otidan bemajol yiqilib, o’lar holatda shivir berdikim, Dashti qipchoqdan To’xtamishxon yetovida kelgan katta sipohlari Movarounnahrni yag’mo g’orat qilib, Sohibqironning ona beshigi Zanjirsaroyni otashzada, Buxoroi sharifni esa qamal qilibdurlar. Buxoroda tolibi ilmu ahli fuzaloning qatlig’a jazm etmishlar…

Davlatpanoh yuzlariga qon qalqib, u yon-bu yon yurgach, qo’llaridagi jo’ji cho’qmorini urib sindirib, jahl otidan tushgan bo’lib toshga o’tirdilar.

— Ey fosidi fuzuh!—dedilar To’xtamishni eslab.— O’g’limiz tengi, nuri ayn degan edik murtadni. Xoja Shams mozorida Qur’oni majidni dastiga yelib, «Sizga nauzanbilloh jihod qilmagaymen», deya ont ichgan edi, qasamxo’r! G’addor!

Sohibqiron shu kecha birinchi marotaba horg’in qariyadek oromga yotdilar. Qasri Orifonda bezovta tunadilar. Tushlarida Bahouddin Naqshbandni ko’rdilarkim, qalandarsifat emish, aytdilar: «Ayo o’g’lon, jam’i kavkab hut burjiga kelibdur, qiron bo’lur. Nuh to’fonida ham mundoq erdi, Jatta hukamolari buni bilmas. Buxoroi sharifga lashkar tortgil», deb.

Ertasiga davlatpanoh mashvarati umaroga ayon etdilarkim, «Movarounnahrga darhol qayturmiz, yurtimiz musulmonlari bizdan najot kutadir».

Tasarruflariga olgan yaqin-yovuq shahru kentga voliylar tayinlab, ruhi Rasululloh alayhissalomga tilovat bag’ishlagach, ertasiga bo’z ot minib qarqaroni dubulg’aga o’rnatdilar-da, nayza-qalqon qo’llarida, zarrin fo’ta bellarida, yaroq taqqan ming to’fangchi davrasida, yashil tug’ ostida saf boylagan ikki tuman lashkarni shimol tomonga siljitdilar.

Bunday paytda Sohibqiron marqabi kajavada emas, uzoq yo’lga ot minar edilarkim, aqqim otning yobon yo’llarida yelishi dillaridagi g’azab cho’g’ini andak sovitar degan umidda. Illo, yo’q, bil’aks, horib-tolganlarida ham osoyish topolmay yana To’xtamishni eslab ketdilar. Ul nobakor bir necha yil muqaddam Urusxonning qasdi qatlidan qochib, Sohibqironni qiblagoh deya panohlariga sig’inib kelgan edi. Samarqandda uni  iltifot va siylov bilan kutdilar. Davlatpanoh unga O’troru Sabron uluslarini peshkash qildilar. Dag’i bir tuman lashkar boshiga qo’yib, «Bor, yog’iyingni daf’ et», deya fotiha berdilar. Mehr ko’rguzub, nasihat aytdilarkim, «Nuri aynim, zafarga ko’zing yetsa, yog’iyg’a omon bergil, bog’-bo’stonni vayron qilma, bacha-bag’ilni asir olma, avrot qo’lg’a kelsa, asokirg’a ayt — fasad  qilmag’aylar», deb.

Ul nonko’r esa, barining aksini qilib, Dashti Qipchoqdan befathu zafar, mulzam qaytib keldi. Sohibqiron bu noshukrni otasining qotili Urusxondan gina qilib, uning xunxor o’g’illari Qutlug’ Bug’a va To’xtaqiya qasdidan uch tobqir qutqazdilar. To’rtinchn bor ham necha tuman lashkar berib, Mamayxonni mahv etishiga, Oltin O’rda taxtiga o’ltirishiga, Jo’chi ulusining nufuzi ortishiga hamiyat qildilar. Endi esa ul gustohning ko’zlarini fazihat pardasi bosib…

Qirq kun deganda Jayxunning Xorazm sohillarida Amir Temur lashkarlarining to’zon bulutlari va «suron» sadolari osmonni tutdi. Kokil qo’ygan Temur sipohiylarining muborizlik vajohatini ko’rgach, kelgindi Jatta saflariga g’uluv tushib, parokanda qocha boshladilar. Sohibqironning Xudodod Husayn, Shayx Ali  otliq tumanbegilari To’xtamishni Sarig’suv va Zarnuq yoqalarigacha quvib borib, Anbar tepaligida tamom musahhal etdilar…
Bu janglar tinganda hamal kirgan edi. Sohibqiron qarorgoh ko’targan Xo’jand suyining Akar tumanida navro’zi ajam, xushbo’y subhi saboda qizg’aldoqlar tebranar, tundayoq ko’prik qurishga chiqqan pulsoz sipohiy to’dalarning taraq-turuqi olisdan eshitilar edi. Sohibqiron aslahasiz, yengil xil’atda xos chodirlaridan chiqib, tong nafasini olmoq uchun daryo sarig’a yo’l tutdilar. Izlarida, rusumga ko’ra, sodiq qutvollari Inoq borar edikim, mulozimotlarida sidqidil, o’limdan tap tortmaydigan qaviy jo’sha va daler muboriz edi, ikov sohil ustiga dohil bo’ldilar. Qo’rdilarki, quyida bir to’da julduru notavon jo’chi asirlar yuzboshi amir Qatag’on posponlig’ida o’tib boradir. Sohibqiron ko’zlarida alomati savol zuhur etdi.
— Mahkum yog’iylar, Sohibqiron, qatli om etilur,— dedi Inoq. Davlatpanoh andak taammulga toldilar va safdan birini ko’rsatdilarki:
— Ani huzurimizg’a chorlag’il,— deb.
Inoq ul asirni oldiga solib olib keldi. Soch-soqoli o’siq, darveshsifat bu zot, belbog’ida kadusimon qo’buzki, ko’hnaligidan sayqallanib ketmish edi, ko’zini yerdan olmadi.
O’tgan kechasi Sohibqiron daryo jonibidan shul qo’buzning dardli nag’masini eshitib, uyqu va oromlari qochib, hushlari parokanda bo’lib edi.
— Nasabu nasabingni ayt,— dedilar Sohibqiron.
— Mahkum bandamen,— dedi asir behadik.
— Biz seni o’limdan xolis qildik.
— Yo’q, men alar bilan o’limga borurmen,— dedi ul zot. Javobi dag’al eshitildi.
Sohibqironga «yo’q» deguvchi bo’lmasdi. «Bir devona ekan», degan andishaga bordilar.
— Ixtiyor ila o’lmoq bandasiga gunoh.
— O’z ulusingni qatliom etmoq undan ortiq gunohdur,— dedi darveshsifat asir.
— Bular xususan sen ham, behayo g’animlar, bosqinchi jattalarsiz!—dedilar Sohibqiron g’azab xurujini bosib.
— Yo’q, men turk farzandimen, bular ham zoti-budi bilan turku tojik!
— Nechuk?
— To’xtamishxonning odati borki, jang saflarida o’zi qo’ngan manzil atrofig’a Turonzamin farzandlaridin, qari-quri fuqaroni tizib qo’yib ishrat qiladur.
Bular o’shal begunoh sho’rliklardan. Amir Qatag’on asir olib haydab keldi.
Sohibqiron hang-mang bo’ldilar, qonlari chehralariga toshdi. Illo bu «devona» o’ziga yarashmagan bir fasohat bilan gapiradirki, aytganlari talbis yo makrga o’xshamasdi. Uni xirgohga boshladilar. Inoqqa amr qildilarkim, «Bu mojaro taftish qilinsin, agarchandi gap xaq bo’lsa, «asirlar» emas, amir Qatag’on qatl  etilgay.
«Darvesh» Movarounnahr hoqonining toqi-ravoqiga har kuni kirib yurgan odamdek, na masnadu maqomiga, na hashamu aslohiga hayrat ko’rguzdi. O’ltur, desalar,— o’tirdi, gapur, desalar — gapirdi.
— Tunda abyot aytib nag’ma qilg’an senmi eding?
— Men.
Oting nimadur?
— Ayri Qo’buz derlar.
Sohibqiron, hazil qilur deya, jilmaydilar.
— Nechun «Ayri»?
— Termiz sayidlari yetakida murid ekanmen, yo’qlikdan ayriga sim tortib chertar edim…asli ismim Muhammad.
— Bor. Libos yopurlar, xizmatimizda bo’lursen.
— … Men so’z xizmatidamen,—dedi Ayri Qo’bo’z tap tortmay,— so’z esa haqiqat xizmatidadur. Sohibimni senga ham almashmasmen.

Sohibqiron lol qoldilar. Bu nag’makash so’zida olampanohni biron marta ulug’lamadi, endi esa betga chopib… Sohibqiron g’azabdanmi, hayratdanmi vujudlarida andak titroq sezdilar.
Hozir bu qulbachchani darhol chopib tashlasalar haqlari ham, hadlari ham bor edi. Ammo bu devonai benavoning ko’zimi, so’zimi—nimasidir bunday say’idan tindi, quloqlarida uning tungi sirli navosi yangrab ketganday bo’ldi

.— Bu hayotda ulug’ piyrimiz va qaynotamiz rahmatli Ubaydulloh Sadr ash-shariatdin o’zga hech kimsa bizni senlab aytmagan. Sen ikkilamchisisen,— dedilar qaygadir, chet bir nuqtaga tikilib.
— Jasorat egasiga qo’l ko’tarmasligingni bilurmen, Sohibqironning mardligini yana bir bor imtihon qilishga jazm etdim. Zotan, mening uchun buning azazi baland emas, umrimning bu yog’i tekinga qoldi, shohidsen.
— Unda jasur emas, tavakkalchi tentak ekansen.
— Eshitgan edimki, Sohibqirong’a tab’i mahzul bnr so’zamol sozanda manzur bo’lmish, mashshoqlar ichra davrada ko’ngul ochar erdi. O’zi esa so’qir ekan. Bir kuni davlatpanoh andin: «Oting nimadur?», deya so’rading. «Otim Davlat», dedi sozanda. «Davlatning ko’zi ko’r bo’lurmi?», deding. Sozanda aytdi: «Davlat ko’r bo’lmasa, oqsoqning qoshig’a kelurmu?!».

Sohibqiron beixtiyor kulib, noxush sovigan vujudlari yayradi.
— Bu rivoyatdur…— dedilar.
— Mening Iskandari Soniyni senlab gapirishim ham bir kun kelib afsona bo’lur…— dedi Ayri Qo’buz. Shundan so’ng bu tungi mug’anniy Sohibqiron ko’zlariga go’yo boshqa bir qiyofada namoyon bo’la boshladi. Nogoh uning kecha tunda kuylagan navoi-nolasi  butunicha yodlariga keldi. U so’zlar go’yo musiqa birla eskir mavjlarida sayrona edi:

Bargi sabz yoz bo’yi kun nurin emdi.
Kuch yig’ib, dedi: «Bas, kun — o’zim endi».

Hasaddin sarg’arib, chirt uzildiyu
Pildirab-shildirab qabrog’a indi.

Kuzning qaro tuni, momaqaldiroq,
Yig’och tegrasinda tentirar yaproq.

Barq qilich sermab, yoqar gulxanlar,
Sarosar tutanqib biqsir gulshanlar.

O’shal gumroh bargidin tutashib olov,
Ul durkun ham o’rtanur lov-lov…

Barg yengil, yengiltak mulhidi zardusht,
Ona mulkin yoqib bo’lur modarkush,

Makruhdir kim kechsa uhuvvatidin,
Alhazar yomonning mazammatidin…

Tunda daryo sohilidan yetgan bu ohanglar Sohibqironning oromlarini olgan edi, endi esa bor ma’noki fikrasti bila uquvlariga keldi. Sohibkiron bu navoda avval go’yo tamomi o’z umrlarini, keyin sarbasar o’t tutashgan dunyoni, Movarounnahrni ko’rdilar. Agar gumroh yaproq To’xtamish timsoli bo’lsa, bu bandai benavoning sehrli qo’buzi bizning say’-qo’shishimizga ishorat qilmasmu?
— Ayri Qo’buz… ko’nglimizg’a kelurkim, navoi abyoting ila ertangi jangu zafarimizni bashorat qilursen. Ayt, quvib borsak, nobakor To’xtamishni mahv eturmizmu?
— Asrori g’oyibni bilmam, Sohibqiron, folu ta’bir ham ochmam, qur’a ham solmam. Vale, Olloh dilimg’a solsa, chertib, kuylag’aymen…
Bu javob mujmal bo’lsa hamki, To’xtamish daf’ etilmasa xonadonda yong’in o’chmag’ay, degan fikr Sohibqironning dillaridan ketmay qoldi. Kechalari Ayri Qo’buz abyotidan hakmatu karomat izlab tong otdirar, shaddod qo’buzchini juluslariga chorlab, yana muroqaba qurar edilar. Bu mubohasalar odat bo’lib qoldi. Shoirning sirli, mavhum suhbatlari manzur bo’lar, farosatu basiratig’a botinan tahsin aytar edilar. Shuyla, Ayri Qo’buz, chapdast Inoq qatori, Sohibqironning o’zgalar uchun hayratomuz, rasamad mantiqidan g’ayri bir mahramlari bo’lib qoldi.Baxshi o’zini ortiq erkin tutishi bilan goho Sohibqironning g’azablarini oshirar, ammo ul zot bu shaddodg’a negadir «Bor, ozodsen!» deya aytolmas edilar.

Endi aziz kitobxon, tushundingizki, hikoyamizning ibtidosida ular o’rtasida to’satdan boshlangan mubohasa ham shul jumladan edi.
Sohibqiron bu g’alati shoir bilan gohi xayolan ham olishar, aslida esa yolg’izlikda o’zlari bilan o’zlari ziddiyatga kirar edilar. Ba’zan esa unda o’zlarini ko’rar edilar. Shiddatli voqealar asiri bo’lib, o’limdan tap tortmay, beto’xtov qonli janglarda minglab asirlarni ko’rib diydalari qotgan Sohibqiron o’zlarini gohi shu odamga, yoki dillarini bosim chirmayotgan bir mavhum ruhiyatga asirdek sezar edilar.
Dashti Qipchoqqa qochib daraksiz ketgan To’xtamish halovatlarini o’g’irladi. Ul qayonda, tinchib ketdimi? YO quvib borish lozimmi?  Oq O’rdaga lashkar tortish xususida mashvarati harb chorlashga ham ikkilanib, bezovta bir qiynoqda yurganlarida ul dog’ulidan elchi kelib, noma tutdikim, mazmuni va uslubi chunon  dabdabalikdir:

«Noma yetib Sohibqiron qiblagohimg’a ma’lum bo’lg’aykim, avval hamdu sano Tangri  taborakkim, ko’kni muallaq, yerni mutabbaq yaratibdir, duoi durud Muhammad sallolohu vaalayhissalomgakim, Olloh taolo aning tufaylidin o’n sakkiz ming olamni vujudg’a keltiribdur, shariat andin joriy bo’lib, zalolat cho’lida qolg’onlarni hidoyat yo’lig’a solibdur. Alqissa, bizning ham shu yo’lg’a kirishimiz vojib, oramizdag’i behuda nizo’u muhoribada ko’p ahlollohi begunoh zabun bo’ldi. Musulmonni musulmong’a muxolif etmay, shariat taqozosi bila janobimdin sulhi xayr umid qilurmen. Qiyomatning andeshasini qilaylik, deb muhr bosdim. Noma tamom — vassalom».
Buni o’qigach, Sohibqiron ruhlarida yengillik sezib, Xudoga shukrona aytdilar: «Inshoolloh, endi dashtni bejangu jadal, bexunu ajal musahhar eturmiz», deb.
Xushxabar suyunchisi uchun ulamoi fuzalog’a ikki qalqon zar in’om berdilarkim, To’xtamish taboh qilg’an  Samarqand madrasasi ta’mirig’a musarrif etilg’ay.
Ko’ngillari tinchib, ko’p tunlar sirasida ilk bor jonu tan rohatida uyqu olar edilar, ammo subhidamda yobondagi qo’y qo’ralaridan bir nag’mai ajib og’oz etdi.
Beshak, Ayri Qo’buzning navozishi erdi, e’timodlarini tortdi:

Tong kavkabin uyg’otgan sabo,
Dala-tuzda mavjlan, marhabo,
Qo’ychibonning nafasi, yoki
Nay navosi, so’lim, dilrabo…

O’taringni tundan qo’riqla,
Og’illarni, cho’pon, qulfla:
Yeyu hadangingni unutma.

Sovimasin gulxanning qo’ri.
Hid oladi o’q yegan bo’ri.
Qon hididan mastu makkor u,
Qaytib kelsa — cho’ponning sho’ri.

Quyruqini qisib keladur,
Tulki yanglig’ pisib keladur,
Tun firibgar sokin g’aflatki,
Sharpasini to’sib keladur…

 

Buni eshitgach, Sohibqironning ko’z o’ngida Qipchoq dashtida yaralangan bo’riday tentirab yurgan To’xtamish gavdalandi. Sapchib, shabgoh hijobini yirib, oyoqqa turdilar. Ul qasamxo’rning balandparvoz nomasiga laqqa tushayozgan ekanlar, hozir tun o’rtasida oyoqyalang qaltirab turgan bu begona zotga nafratlari toshdi. U nomaning tazvir ekanligi ayon edi-ku!  Qani u zobiti muzaffar?!  Sohibqiron gohida o’zlariga bir dam chetdan iazar solib, illo bag’irlarini ko’p oluda qila bilmay, bu holatdan tezda chiqar edilar. Asfariy sallani boshga olgach, xulla qabo ustidan shohona fo’ta bog’lab, isfahoniy qilichni salanglatib davlatxonaga chiqdilar. Sohibqiron holatidan hamisha voqif Inoq zumda paydo bo’lib, amirlarni mashvarati harbga chorladi. Shahzodalar tasarrufidagi uluslardan qo’shin talab qilib yorlig’lar yuborildi, barlos, arg’in, jaloyir, do’ldoy, to’g’ay, arlot kabi qirq aymoqqa choparlar, elatlarga tovachilar ketdikim, boricha lashkar yuborsinlar.
Ikki hafta o’tmay, salkam bir lak lashkar Qo’rg’on ostida Sohibqironning ko’riklariga doxil bo’ldi. Rahtiroh but bo’lib, tilovati Qur’ondan keyin tabal degan dovul nog’oraning sadosi falakni tutdi. Chor tarafdin elu ulus kelib, navozishlar aytib, qiblagohning mulozimatlarida bo’ldilar, duoi fotiha bilan fathu zafar tilab qoldilar. Alambardorlar  ichida Sohibqironning oltin zirhli dubulg’alari yiltillaganda «Suron» nidolari eshitilib,  qorovul to’dasi ketidan hirovul va chopovul qismlari siljidi. Chap va o’ng qanotlar esa Sig’noqning yaydoq yalangliklariga chiqqandagina bemalol yoyilib o’z o’rinlarini oldilar.
Tuman-tuman otlig’ — piyoda lashkar larzasidan osmon guvlar, nayzayu qalqon chaqmoqday chaqnar, biydek Qipchoq dashtlarida siyrak yulg’un tebranar edi.
Kun oqqanda ufqda g’ubor ko’rindi. Ko’p o’tmay qorovul to’dasidan xabar yetdikim, Jatta lashkari yetti bayroq ila keladir, chovurtkadan ziyoda, deb.
Haqiqat Sohibqironning boshlariga nayzadek kelib urildi: «Ana, Ayri Qo’buzning yarador bo’ri makri haqidagi tungi qo’shig’i ayni karomat ekan!  Sulhi xayr deya noma bitib, o’zicha bizni g’aflatga qo’yib, orqasidanoq lashkar solibdur, g’addor!  Mayli, ul bizni bu yerlarda kutmas, qanotlarni yoyib «quchog’imizga» olurmiz!..»
Yog’iyga ikki farsang qolganida Sohibqiron tizgin tortdilar. Juvong’or va barong’or to’dalarni ikki qanotga keng yoyish uchun dasht kengliklari qo’l keldi. Alhol, qorovuldan chopar yetdikim, qipchoqlar har otg’a ikki bog’ o’tni surgatib, siyosat birla to’zon to’zg’itib kelurlar.
Sohibqiron mo’g’ul jangarilarining bu ko’hnayu jo’n dasturini fahmlab jilmaydilar va to’satdan bosqin qilg’uvchi chopovul to’dasini shabixunga, ya’ni tungi hujumga yo’lladilar.
Shabixun mudhish chopqin bilan boshlandi. Firibi fosh bo’lganini payqagan g’anim orqaga yuz tutdi. Va qanot to’dalari ichra arosatda qolib, qolgan-qutganlari parokanda holatda qochdilar. Sohibqiron lashkarlari dasht tunining jahannamidan chiqib, yog’iyni tongdin shomgacha, so’ngra yana bir tongdin yana bir shomgacha quvib bordilar.
Endi faqat hirovul to’dalari oldinda, jangovar holatda edi. Qolgan cherik aslahayu rizqi-ozuq zahirasi bilan, har bir askar to’rt xil yarog’i, do’rdig’u qozoni bilan orqada borar, oddiy safar tirikchiligi davom etar, kapalakday qo’nib uchadigan chodirlar orasida gulxan yallug’lanar, qumg’on qaynar, mol so’yilib, changaklarda go’sht qoqlanar edi.
Ikki hafta o’tib,  rabbiul-avval kirganida hirovul to’dalari bir kichik kent qo’rg’onining mustahkam istehkomlariga yo’liqdilar. Josusning xabaricha, istehkomlar doira-doira bo’lib, ularning necha qatlam ekanligi noma’lum. Har istehkom zabt etilganda yog’iy himoyatning bari jonini fido qilar, aslo qaytmas
edi. Ko’p qon to’kildi, Sohibqironning chopqinchi to’dalari ham goh janglardan sovuti ushalib, o’pchinu qalqonlari qilich zarbidan pora bo’lib, talafot ila qaytar edilar. Sohibqironni talafotlardan ham ko’ra ul qo’rg’on elatnning jonfidolig’i, behad qurbonlari, qonli taloto’plar charchatdi. Bu tosh yong’oqni aylanib o’tib, sadqai sar, deya safarni davom ettirishni maslahat ko’ruvchilar ham bo’ldi. Ammo Sohibqironning bosgan iziga o’z ma’muriy — valiylarini tayinlamay, orqada zabt etilmagan yog’iy albotisini qoldirish odatlari yo’q edi.

Yetti istehkomni qon bilan olgach, to’xtadilar. Bu qo’rg’onni yanchib o’tish asli hech gap emas edi.

Illo, tinmay qirilayotgan bu fidoyi elatning ne asrori bor?

Olloh, bu ne hikmatkim, bu xil qonu qirondin ko’ra sog’u omon taslim bo’lmoq kichik qo’rg’on uchun ming a’lo emasmu? Bu gilqo’rg’onning nimasini asraydur?

«Hay, shabixun qilib betalafot olurmiz», deya, Sohibqnron shomda bu azobli o’ylar bilan behalovat, xobgohlariga kirdilar. Safar charchog’ida qarorgoh ham tez tindi. Bedoru dilxun sokinlikda jang suronidan qutulgan yobonlar bir maromdagi munglig’ chirildoq sadolariga to’ldi. Buning ustiga, qaydadir Ayri Qo’buz noxun chertib nola qilar edi. Uyquni boy bergan Sohibqironni yolg’izlik, cheksizlik, ayriliq va darbadarlik ohanglari chulg’adi. Baxshining esa bundan uzoq o’z dunyosi, o’z ertaklari…

Piri komil raxt yuklab xarig’a,
Yurar erdi mulki Ajam sarig’a,
Yo’lto’sarlar chiqib aning yo’lidin,
Xurjunini yulqib oldi qo’lidin.

So’rdilar: «Ne xurjuningda, ey bobo?»
Dedi: «Bunda bordur durri bebaho.»
Shunda yirtib matosini otdilar.
Durji bekunj — yig’och quti topdilar.

Andin dag’i xarsang quti topdilar,
Yig’ochini bolta bilan choptilar,
Xarsangini yanchib — tuyib otdilar,
Andin bitta qumaloq mum topdilar…

Yo’lto’sarlar dur qidirar edilar,
Bul mum ekan, o’tga tashla, dedilar.
Piri komil tiz cho’kdi shundayoq:
«Yolg’on dedim, men gunohkor, meni yoq!»

Mum to’fon mavjlarida ushibdur,
Nuhning najot kemasidin tushibdur.
Anda pinhon erdi bug’doy donasi,
Ki habotot — nabototning onasi.

Alqissa, pir o’tga berib jonini,
Asrab qoldi bani bashar nonini…

 

Horg’in Sohibqiron mug’anniyning nimasidir hikmatomuz bo’lsa ham, bunday uzoq va beg’am rivoyatiga miyiqda jilmayib pinakka ketdilar.
Yarim tunda shabixunga suron tortilib, Gilqo’rg’on zabt etildi. Qon ko’p to’kilib, muhofizadagi elatdin kam kishi omon qoldi. Tongda qo’rg’on o’rtasidan bir qur qariyalar Sohibqironga peshvoz chiqdilarki, ularning qurshovida bir yusufjamol o’smir bor edi.
— Bu norasida kimdur?—dedilar Sohibqiron.
— Bu bizning, Olloh muruvvati va shahodati bilan, bo’lg’usi shoirimiz,— dedilar mo’ysafidlar,— shu yoshidan ilohiy so’zlar va go’zal ash’or aytadur. Shoyat istiqbolda elatimizdan avliyo chiqar, degan umiddan o’zga hech narsamiz qolmadi. Xonumonimiz kuydi, faqat umidning joni qattiq, barchadan keyin o’ladir. Bu sabiyni himoya qilib, ko’p fidokor farzandlarimizning qokijonini qurbon qildik. Uni siz Sohibqironga ham bermagaymiz.
— Biz… biz…— deb Sohibqiron hayratda anchagacha so’z topolmay, bu vayrona ichidagi  nuroniy qariyalarga qarab uzoq turdilar,— ul sizningdur, biz olmaymiz…
Illo, bizga ash’oridin aytsin.
— Aytmaydur,— deyishdi chollar.— Qo’rg’onimiz atrofida yer quchib nigun bo’lgan yarim elatimiz hurmati, hozir Olloh aning dilig’a hikmat kalomini solmag’ay…
Sohibqiron, balki umrlarida birinchi martadir, so’zni suhbatdoshida qoldirib, musallam orqaga qaytdilar.
Xirgoh darboriga yetmay Ayri baxshining tungi nolishi xotiralariga tushib, junjikib ketdilar. Nag’mani bira to’la eslab, manglaylariga mushtlab afsus tortdilar: «O’shanda shabixunni to’xtatib, esni yig’ib olish ayni muddao edi-ku, qartaydikmu, nima balo!?  Olloh baxshining diliga soladur, nechuk bizning
dilimizg’a solmaydur?»’
Uzoq o’ltirib, ich-etlarini yeb, yana nadomat chekdilar.

Shu mahal Ayri Qo’buz, bamisoli ruh, odaticha beijozat paydo bo’ldi.
— Norasidani ko’rdingmu? — dedilar Sohibqiron bosh ko’tarmay.
— O’zimni ko’rdim…Elning orzu-umidini ko’rdim, Sohibqiron.
— «Bani basharning rizqi…», «Habototdin nabotot»!—deya nag’ma baytlarini esladilar Sohibqiron tovushlarida andek qahr ila.
— Abyotni eshitibmu erding?  Bu rivoyat, darhaqiqat, elning ertangi maoniy va ruhoniy rizqi xususida. El ani jon barobar bilib, o’zini o’tga tashlab, asrab qolibdur…
— Qirg’in hisobig’a… Imo-ishoratni qo’yib, bizga kelib oshkora aytsang bo’lmasmu edi?
— Ustozim shayx Sayyid Vaqqos aytur edilarkim, «O’qilgan chala bo’lur, o’qilgan bo’la bo’lur», deb.
— Ishorat bashorat emas.
— Unday da’vom yo’qligini aytib edim qiblagohga. Men Xudoning osiy bandasi, dilimga solg’onidin o’zgani bilmasmen.
— Biz…
— Sen sipohlaringiz Sohibqiron emassen. Sipohlaring zsa — davlatning bandalari.
— Alar Xudoning bandalari.
— Alar dunyo ishlari ila tamom band. Men alarga ilohiy sehriyat borligini eslatib,  dillarini tikanak sim yanglig’ chirmagan dunyo ishlaridin sal chalg’itishga urunamen.
— Sen o’tgan gal ham: «Olam sehrlidur, tarix jahongirning jangu jadallaridangina iborat emas, ul afsungar afsona-yu ilohiy hikmatlar ila ham butun bo’lur», deding, bu xotirimizda.
— Sirru asror, ko’ngil davlati, ilohiy so’z, el  umidi, norasidaning abyoti kalomi…
— Bas… senga ne kerak?!—Sohibqiron bu so’zlarining o’rinsiz ekanini bilar, jahllarini bosishga urinar, ammo bu shaddodni quvib chiqarolmas edilar. Sezar edilarki, undan g’ayri yanada aftodahol bo’lg’aylar.
— Mana, sen jang oldidan Qur’oni majiddin varaq ochib, oyat o’qursen,— deb davom etdi  Ayri Qo’buz,— Mening abyotim seni taammulga solur. Qariyalar so’zidin bu holga tushding. Inchunin, bag’ri tosh ermassen. Menga shu kerak…

Bir umr joni huzur-halovat ko’rmay, jangu jadal, qonli qironlarda diydayu bag’ri tosh qotgan bu insonning ko’nglini sal bo’lsa ham yumshatish niyat edi bu devonaga.
— Jahongirlarga bosh egmadim, insonga qulluq qiladurmen,— dedi shoir.
Umrida ilk bor eshitayotgan bunday shaddod so’zlardan vujudlari qizib, uzoq bosh solib o’tirgan Sohibqiron asta dedilar:
— Dayrda ko’p savobu gunoh ishlarni qildik.  Har neki bo’lsa, Ollohning madadi, bandasining tadbiri biladur. Tadbirimiz taqdirga mos tushib, fathu zafar ila shu kunga keldik. Illo biz To’xtamishdek g’animu fazihga berahm bo’ldik.
Shoirga Sohibqironning sokin tovushlari xush keldi.
— Tasbeh deya qo’yningga solganing ilon chiqibdur, ani yanchmoq vojib,— dedi Ayri Qo’buz…

Biyobonda tong oqarib, shabnam hovurida ko’tarilgan qo’g’a, yulg’un hidlari havoda kulu dud bilan qorishiq edi. Sohibqiron arkoni aqraboni chorlab amr etdilarkim, taslim bo’lgan ulusga shohona marhamat ko’rguzilg’ay. Bakovullar yugurib-yelib elga ofiyat berdilar, ulus amirlariga sovg’a-sovrun ulashib, ikki kun navozish qildilar, Ulusning barcha elatlarida shikvayu shikoyat tinglanib, bariga xiroj, juzya, qo’nalg’a, boj, shilon soliqlaridan xolislik  e’lon qilindi. Sohibqiron kechagi qariyalarga maluqona xil’atlar peshkash qilib, birini ulusga voliy tayin etgach, tilovati Qur’ondan so’ng yana yurishga tabal qoqtirdilar. Amir noiblari chortug’u burg’ilar bilan chiqishdi, mag’lublar ham el tutinib, ulardan ko’p o’qchilar, chopqichilar, nayzadorlar Amir lashkariga kelib qo’shildi.
To’xtamishxon to’dalari Xo’jand suyidan kechganidan so’ng, necha kun qochib, Gilqo’rg’on ulusidek begunoh elatlar panasida, poyonsiz Qipchoq yobonlarida pusgan edi.
Qorovullar g’anim saflari raftorini olib kelgach, nkki qanot to’dalarn yog’iyni g’aflatda bosib, yana chopqin qildilar, Jatta yana ortga yuz tutdi. Sohibqiron amirlari hirovul to’dasini pistirmaga joylab, chopovul bilan ot solib, yana quvdilar. Ot dupuridan biyobon tebranar edi, lak-lak lashkar g’ubor ichida mag’ribga siljir ekan, kunmi-tunmi o’tgani bilinmas, faqat sabohning namchil salqinlarida aroba g’irchiyu qo’ychibon qurreylari, toy kishnashiyu tuya pishqiriqlari quloqqa chalinar edi. Temur lashkarlarining mahobatli yurishi haqidagi ovozasi o’zidan uch kun oldinda yurar, yog’iyni yo’lda bog’-rog’ni yoqib, tirik jonni chirqiratib, xonumonini sovurib, dala-tuzni chovurtkaday qiyratib, yaylovlarni tap-taqir qirtishlab, jonholatda qochishga majbur etar edi.
Quvishning o’n yettinchi kuni otlar o’la boshladi. Bu o’lat emas, qo’nim kerak edi, qo’nimga esa giyoh yo’q, butun og’irlik tevalar o’rkachiga tushadigan bo’ldi. Qayonga qochayotir, qayonga boshlab ketayotir bu chiyabo’ri?!  Qaytsang bosib keladi, quvsang qochadi, tikka jangga xushi yo’q nomardning.  Inoqning xabariga qaraganda, bir guruh amiru no’yon sarosimada gap qilishibdur:
«To’xtamish biyobonlar ichkarisiga atay boshlab, borsa kelmas manzillarda ochlik va o’latdan tamom toliqtirib, tiz cho’ktirmoqchi ekan». Chap qanot qanbulida ters munaqashalar sezilar emish. Lashkar to’dalarida bu sarosimani Sohibqironning salobatigina bosib turardi.
Ko’p o’tmay zaxiralarning tagi ko’rindi, o’qdonlar bo’shadi. Yurishning ikkinchi oyida sipohlar dala parrandalarining yumurtqasi bilan kun ko’rib, keyinroq dasht o’ti va turli ildizlarni tanovul qiladigan bo’ldilar.
Itil suyiga yetmish farsang qolganda Sohibqiron tizgin tortib, bir qiyalikda qarorgoh yoydilar. Safi buzuq lashkar horg’in va och edi. Tunda jabdug’u ter hidi anqigan jolisi harb suronli bo’ldi: haligi bir guruh amiru no’yonlar nayzayu qilichlarini qumga sanchib «Ul yuho domiga tortib firib beradur, bizni zabun etadur, tobora ichkariga boshlab, ochu horg’inlikdak yiqilganimizda kelib chopqin qiladur. Illo Sohibqiron amr etsalar, biz o’limga borurmiz!» deb shovqin soldilar.  Inoq boshliq amirlar va  Sohibqironning farzandlari esa chig’atoy dasturiga ko’ra davlatpanoh oldilarida tiz cho’kib, «Yo’q, ul iblisni tirik qo’yib bo’lmas, quvib yetish zarur, toki bayrog’ini tuban qilsun, ul ulusni talonga tashlab qochayotgan nomard bilan yakkatalosh qilaylik, ilonni yanchmasak yana bosh ko’taradur, hujumga amr eting!», dedilar.
Sohibqiron  chorpoyada o’tirib og’irlik bilan tingladilar:  yuzlaridan u yonga-bu yonga oqqanlari bilinmadi.
Keyin xos chodirlarida yolg’iz to’lg’anib, xorg’inlikdan ikki rakaat nomozga ham hollari kelmay yobonga qapishib qolgan qarorgohning go’ristondagidek sukunatiga quloq osdilar. Azobli o’ylardan yuzlari tosh qotgan, qarashlari qo’rg’oshindek zil, mijja qoqmas edilar.
Sohibqiron harbiy safarda hali bunday beqaror bo’lganlari yo’q edi, yobonda sochilib yotgan lak-lak lashkargina emas, go’yo butun dunyo buyuk hukmdorning tonggi hukmini kutar, ammo u zotning xayollarida zidlik tarozusining shayini muallaq edi…
Og’ir xayollar qiynog’ida ko’zi ketib qolgan ekan, tongda xarir bir epkindan uyg’onib, tiniq idrok og’ushida rohat topdilar:  uzoqda yulg’unzor kengliklarga  qo’buz  navosi taralar edi.
Sohibqironning quloqlariga yetdi:

Ortda yobonu kenglik,
Yog’iy bo’lmay yuz tuban,
Ot sol tonggi epkindek
Omadingni top, top!

Yog’iy bo’lmay yuz tuban,
Ko’zi qonga to’lmish-ov
Yuho makrin tutibon,
G’orga doxil bo’lmish-ov.

G’or sovug’i qahrli,
O’z qa’riga tortadur.
Ul mo’ltoni sohirni
Bosish xavfi ortadir.

Yog’iyga ham yog’iy bor,
Yo’lining odog’i bor.
Istiqbolida zulmat,
Vahmu rixlat dog’i bor.

O’zi topgan mog’ora,
Lahad bo’lur o’ziga.
O’pirilib, tog’ aro,
Tuproq to’lur ko’ziga.

Gul ochilsin yo’lingda,
Yelkang uzra oftob
Bayzo qilich qo’lingda
Yovuz boshin chop, chop!

hik ochilib qullug’ qildi. Sabohga peshvoz chiqdilar. Yoyilib yotgan qarorgoh uyg’oq edi. Amiru amirzodalar, tumanbegilaru yuzboshilar, sipohsolor bahodirlar, yana yaqin-yovuqdan oziq-ovqat, sovg’a-sovrun bilan tunda yetib kelgan kent sayyidlari, ulus amirlari va amaldorlar davlatpanohning dargohborida intizor edilar: «Buyuring, Sohibqiron, nima qilaylik?»  Rioyat vakillari tiz cho’kdilar: «Talonga tashlab ketmang, qiblagoh!»

Hukmfarmo Sohibqironning besabr jo’shib turishlaridan niyatlarn ayon edi. Ko’zlari bilan olomonda Ayri Qo’buzni  izlab, topolmagandan keyin, jilovdorga imo qildilar.  «Yо hazrati Bahovuddin!»—deb uzangnga oyoq qo’yib, kumush qoshli egarga otlanganlarida qanotlar saf tortgan edi. Ot yo’rtib, qanot qanbullari,
manglay qism lashkarlariga bir-bir nazar solib, saflar salohiyatini ko’ruvdan o’tkazib kelgach, marqab meshidan uzoq-uzoq sovuq  suv ichdilar.
Bu sohibifarmoning barqaror xotirjamliklari belgisi edi. Demak, qarorgohda jangovar kayfiyat shay. Ulamo fatvo berib: «Yog’iyning yuzi qaro bo’lsin!»—deya g’anim tomonga bir siqim tuproq sochdilar, keyin sipohu rioyatdan rozilik bo’lgach, dovul nog’oraning sadosi keldiyu har bir navkarni g’ayratga kirgizuvchi mashhur «Suron!» xitoblari ikki qit’a dashtlarini tutashtirib uzoq yangradi. Alambardorlar qo’lida hilpiragan yashil bayroq o’rtasidagi uchta to’linoy mushkul safarning yangi kuniga peshvoz chiqqanday, tong nurida nuqradek yiltillab yuksaklarda suzar edi. Amirzodalar boshliq qorovul ilg’orlari sarin havoni yorib, tog’dan tushgan bahor toshqinlariday olg’a yuradilar. Ortda — har qanotiga uch tuman lashkar qavjiroq sahro yong’inlaridan ko’kka o’rlagan tutunday, necha yuz farsang masofani qoplab, ufqdan ufqqacha g’ubor ko’tardi. O’rtada, zaxira qo’shinlar, daler bahodirlar qurshovida bosh qo’mondon qarorgohi ummondagi buyuk bir orolday siljib boradi. Shotiru jilovdorlar Sohibqironning ipakday mayin qadami bilan qariyb yarim kurrani bosib o’tgan sevimli oqyol tulporlarini boladay erkalab, sal
terlasa yuvib-tarab almashtirib turar edilar. Inoq esa bu otlar haqida bunday der edi: «Sohibqironning qo’ng’ir tulporlari o’limning yo’qlig’iga kafil bo’la oladur!»

Hafta o’tmay g’ajarchilar xabar yetqizdikim, yog’iy Yoyiqning Turatur degan kechuvida pistirma qurmish. Pistirmalarni qora tunda bosish amir Shayx Nuriddinning hunari edi. Chap qanotda g’annmning Qozonchi yetovidagi cherigi Kaysuv bo’yida qo’nim topmish edikim, shu kecha saflari buzilib tor-mor etildi. Ummoni Qulzum sohilida mo’g’uliy qaytag’alarning ko’p jangari to’dalari joylashgan edi, xunrezlik ko’p bo’ldi, katta talofot Sohibqironning qonlarini chehralariga toshirdi. Bir kechasi sara qo’shin oldiga choh qazitib, bu yonini arobalar bilan to’sib, gulxanlarni so’ndirishni buyurdi, zaxira kuchlar oldida g’ul bilan o’zlari ot surdilar. Sohibqironning salobatlari yog’iyning Bek Yorliq o’g’lon, Xudodod Oqtov, Kunchi o’g’lon kabi mashhur muboriz bahodirlarini qochishga mahkum etdi. Shundan keyin zobit lashkar ikki qanotini rostlab yana yurdiyu Itil bo’yidagi Uvak degan joyda qattiq savashdan keyin To’xtamishning bayrog’i tuban bo’ldi. Xoinning o’zi esa o’g’lonlari, amiru no’yonlari bilan savash maydonini tark etib, Bulg’or chakalakzorlarida jon saqlash uchun ko’zdan g’oyib bo’ldi.
Shundan keyin u o’zini o’nglay olmay, xonlik martabasini tamom boy berdi.
Endi shimoliy dashtlar sohibi yo’q edi. Oltin O’rda uluslarida Sohibqironning nomlari xutbaga qo’shib o’qildi, u zotning ismi shariflarn bitilgan tilla tangalar zarb etildi. Sohibqiron o’z jasur bahodirlarini tarxon unvonlari, kumush kamarlar, silovsin mo’ynalari bilan, yana yuz ming kepakiy dinor ukulka hamda yaxshi otlar bilan rag’batlantirdilar, navkarlarga saxovat bilan ulufa ulashdilar. Darband, Saroy va Hojitarxon qal’alarini qayta tiklamoqqa farmon berdilar.
Ibrohim Darbandiy qasrida sayyodi xosning ov go’shtidan ziyofat yegach, Movarounnahr sultonining muzaffar lashkarlari «sayqali zamin» sariga as’asayu nusrat ila yo’l oldilar…

Sohibqiron bilan Ayri Qo’buzning so’nggi musohabalari shundan ko’p yillar o’tib. Shomu Rum fathidan keyin Keshda bo’lgan edi.  Bu paytga kelib ikkalalari ham qaddi dol piri safed, bir-birlaridan nechun ajralolmasliklari xususida, dayru oxirat, gunohu savob xususida ko’p o’ylaydigan,  Sohibqiron esa, ayniqsa, horg’in va ko’p asabiy bo’lib qolgan edilar…
Oppoq sochi yelkasiga, oq soqoli ko’ksiga tushgan baxshi «Sultoni rub’i maskun!» deya ta’zim bilan ostonada paydo bo’lganida Sohibqiron odatlaricha masnad maqomlaridan tushib, o’ng qo’llaridan joy ko’rsatdilar. «Bandalik niyatlarimiz mustajob bo’lg’ay», — deya soqol silab omin tutgach, jim bo’lib qoldilar. O’ltirib Ollohga takbir aytish hamisha andak sukut taqozo etadi, ammo Sohibqironning o’ychanliklari nechukdur to’zimsizroq tuyular edi.

— Bu kech mirzab chertmading, Qo’buz?
— Qaridim, davlatpanoh.
— Sendin dag’i so’rmoqchi edik:  nechun abyotingni tunlari ta’lif etursen?
— Tunlari osmoni falak yaqin, davlatpanoh.

Sohibqiron horg’in jilmaydilar.
— She’rni Olloh dilingga soladur… aytgan eding. Illo, qo’y bu mavhumotni, Qo’buz. Ani sabiylarga de. Ma’lumkim, faqat Qur’oni karim Ollohdin nozil bo’lmishdur.
— Qur’oni karim ham nazmiy kalomdur, davlatpanoh. Kalom — Ollohning irodasi. Lavhi Olloh, aqli kull va aqli avvaldur. Illo, az vaqteki, shoir jonini asrab qolding, men kalomni qilichg’a zid qo’ymadim.
— Xudo oldida shohu gado barobar, qolaversa, sen bizning vijdonimiz bo’lding.
— Shoirning vijdoni esa so’z, alhol, so’z — haqiqatdur, deb aytgan edim.
— Kimning haqiqati, Qo’buz?— deb keskin so’radilar Sohibqiron.
— Haqiqatni bo’lishdan urush chiqodur.

     Sohibqironning qoshlari chimirilib, qoralg’on keng yanoqlariga ajin yig’ildi. Aftidan, qalqib kelgan jahlni tiyib, aytar so’zlarini aytmadilar. Baxshi buni payqadi, o’ychan uzoq tikilishib o’tirdilar. Keyin sovib, «Ha, qarib qoldik…», deganday, boshlarini ohista sarak-sarak  qildilar.

— Ayo, Ayri Qo’buz…— dedilar Sohibqiron bosh egib o’tirganlaricha,— farosotu bashoratingg’a tahsin ko’p aytdik, emdi… bizning qazoimizni bashorat qilaolurmusen?
— … Nauzanbilloh…— deb sapchib tushgan keksa baxshi nursiz ko’zlarini katta ochib,  serrayib qoldi.
— Rub’i maskunga fotihi muzaffar bo’lib, saltanat qurib, ismimiz Iskandari Soniy, jam’i malikul-mulkni ilgimizg’a oldik. Kimsaki, bizga yurak bermaydur, bir o’limdin g’ayri. Yer yuzida bizga bosh egmagan shu qoldi. Andin bizga omon bo’lurmu, qachon bizga duch kelg’ay, ayt.

Sohibqironning qora bulutdek bosib kelgan bu xunuk kayfiyatidan astoydil cho’chigan baxshi bu dargohda ilk bor o’zini yo’qotdi.
— Bandasi mehmon…— dedi ovozi qaltirab. — Qazoi qadar vahdati vujudning lavhi mahfuzida, ya’ni daftari a’molida qayd etilmishdirkim, andin qutulib  bo’lmas, Sohibqiron.
— Yo’q, ayt, qachon duch kelgay?  Biz bilishimiz kerak.  Yetti iqlimning oshubi gardanimizda, ulgurishimiz kerak.
— Faqir avliyo emasmen, bashorat qilmam, agarchandikim, malikulmavt yuz ko’rguzsa aytib yig’lagaymen.
— Yo’q, chalg’itma, ayt, qachon?!
Yо rab!  «Kulli yavmin batar… «

Sohibqironning chehralari qorayib, ko’zlari yondi.

Nahotki, moumanlik aziyatidin vos-vos bo’lib, nafsilavvomadin pushaymonlik yetib, vahimada qolg’on bo’lsalar? Alhol, yuzlarig’a so’z aytmoq ham xavfli edi. Ammo Ayri «yo’q»qa yana «yo’q» dedi. Sohibqiron vujudlarini o’t olganday, o’rinlaridan turdilar.
— «Kalom» dersen, «Mehmon» dersen, dag’i «vahdati vujud…» Saroyimizda isqirt jandangni tark etmay, necha yil yurding, indamadik, so’fiy! Ustozing Shoh Mansurning terisini shilgan edilar, yo seni ham…

Ayrining shu jandadan bo’lak yo’qotadigan shay’i yo’q, so’z esa uning sohibi edi, aytdi:
— Bu xirqani murshidim yelkamg’a yopganlar, ul zotning ramzi hollaridurkim, yechilmag’ay.
So’fiylarning shayxul mashoyixi Hoja Ahmadga esa Yassida muhtasham maqbara insho etgan sen eding, davlatpanoh. Men so’fiy emasmen, ilmim g’arib.

— Bas! Har ikki so’z aro bizni mot qilmoq dilingda iddaodur… Ko’lankang ko’rinsa o’lim yodimg’a tushar, nega aytmaydur, nega aytmaydur, deb shivirlaydur shaytoni la’in. Tunlari nag’mang halovatimizni oladur, illo… aytmaydur, aytmaydur,.. Sen shoir emas, shumqadamsen!

Ayri Qo’buz angladikim, asab tarangligi tobiga yetdi, endi gap qaytarish u yonda tursin, tasalli so’zi ham kor qilmas.  U so’zsiz, ta’zimkorona bosh egaroq, orqasi bilan yurib, ostona tomon chekindi. Eshikka yetay deganda haligi tarang asab uzildi chog’i, gapni bo’lib beruxsat chiqib ketayotgan xirqapo’shni ko’rgan Sohibqironning jahl xurujiga kuchlari yetmay, «Mirg’azab!», deb yuborganlari eshitildi. Bo’lar ish bo’lgan edi. Mardud shoir shu sovuq tovushdan suringandek, shartta orqa o’girib saroydan chiqib ketdi.

So’nggi paytlar Sohibqironda bunday nogahoniy holatlar bo’lib turardi. Sovuq ter bosgan manglaylarini ushlab, egilib qoldilar.
Nima bo’ldi? Nima qilib qo’ydik? Bu dargohga beijozat kirib, beijozat chiqib ketadirgan bittayu bitta devonai dilovar shu edi…
Beixtiyor eshikka qayrilib qaradilar. Ostonada qizil gardanpo’sh yopingan, yuzi murdaday oq, lekin soqoli qop-qora mirg’azab qo’lini ko’ksiga qovushtirgancha ikki bukilib turardi.

— Yo’qol!—deb qattiq tovush bilan jerkidilar Sohibqiron titrab.  Sharpasiz kirib kelgan jallod xuddi shunday sharpasiz g’oyib bo’ldi.
Sohibqiron beadad iztirobda to’lg’anar edilar. Xonadan-xonaga shahd bilan yurib daru darichalarni lang ochtirdilar, go’yo havo yetishmas, dunyo tor edi.  Bunday paytda jonlariga ora kiradigan, taskin so’zini, yo haqiqat so’zini topib aytadigan, goh beozor, goh dilozor mahramlari qani?!  Bormidi u, yoki tushlariga indimi? Yo’q, u hali, mumkinki, kirib keladi. Ijozatsiz, ayni mavrudida kirib keladi… Xudo xohlasa!

… Ammo Ayri Qo’buz qaytib kelmadi.
Uning o’rniga shunday xabar yetdikim, shoiri devona tun uxlamay, shu tong oldidan rixlat topibdur. Xudo rahmat qilg’ay.

Qandoq?
Shundoq. Tinch va beozor. O’z hujrasida cho’zilib yotib, gap-so’zsiz jon taslim qilibdur, tongda kirsalar, oq soqoli engagiga tarashaday tikkayib turganmish. Takya bakovulining aytishicha, marhum tuni bilan uxlamay, yuvinib-poklanib, saripoy oq kiyibdi. Va aytibdiki emishkim, «Inshoolloh, tekinga qolgan bu jon ham asqotdi:  ul buyuk zotni bir gunohdan asrab qolishga yaradi», deb…
Bu xabar Sohibqironning ichlarini laxcha cho’g’day o’rtab o’tdi. Og’ir yaralardan siqtamagan,yolg’izlikda noiloj ingrab yubordilar. Sovuq edi, badanlari sovuq, ark sovuq, olam sovuq…

Hutning avvalida Chin-mochindan yalavoch chopar kepib, yana bir sovuq xabar yetkazdi. Koshg’arga qalmiq qaytag’alari oralab, musulmonlarni qaqshatib talon qilayotgan emish.  Jattaning bu elati yovqur bo’ladi, nima qilmoq kerak?
Bunday savol tug’ilganda Sohibqiron hamisha tolisi harb chorlab, musolahat qilar edilar. Bu gal arkoni ashrafu umaro Shahrisabzda mashvarat qurdi:  yurish kerakmi-yo’qmi?
Sohibqiron turli fikrlarni, goh jo’shqin, goh so’lg’in nutqlarni uzoq tinglardilar-u, ammo zohiran nechukdir loqayd qoldilar. Keyin Konigil tepaligida chodir qurib, Xitoy elchisini qabul qilganlarida, uning chinniy sovg’alarini olib ra’iyaga ulashganlarida ham, ziyofat berib amirzodalarga maluqona xil’at  yopganlarida ham yurish xususida ma’lum qarori qat’iyatlari bilinmadi. Nimanidir yo’qotganday, bo’shang, hamon loqayd va parishon edilar. U zotning beqaror ikkilanishlari amiru sipohlar ko’nglini ham ikkiga bo’ldi. Inoq bahodir Chin-mochinga yurishning qizg’in tarafdori edikim, uning atrofida bir sipohiy guruh  jolis qilar, «Yovning yag’mosini kutmasdan saflarini buzib g’orat qilurmiz!», der edi Inoq bahodir. Koshg’ardan kelgan chopar ko’p sergap ekan, ziyofatda kayfi oshib, lof urdikim, tushkun kayfiyatdagi sipohlarning qulog’i uning og’zida edi:
— … Uch fil ustida temir daraxtidin bir hujra,— der edi chopar hovliqib,— andin siyosat bilan ovoz chiqaradikim: «Ey, turk, bu fillar har biri necha shahru kentni vayron qilg’on besh yuz yoshar jangarilardur, kim muqobil bo’lsa raxtini yelkaga olur, taxti-baxtini barbod urur» deb.

Qarorgohda g’ovur tinmadi, olampanoh esa sukutda edilar….
Axiyri, Sohibqiron lashkaru arkoni davlat bilan O’tror mavzeiga ko’chishga amr-farmon berdilar. Ul mavzeda yurish oldidan lashkarlarning uch oylik ko’rigi bo’lishi lozim edi. Ammo bu safarga bari bir Sohibqironning oyoqlari tortmas, shashtlari past, tunlari dillarida zafar umidini porlatguvchi Ayri Qo’buz abyoti ham yangramas edi! U zot bunday so’nuq pallalarda lashkar tortib o’rganmaganlar.

Saryom shahri yaqinidan Aras suyi oqib o’tar edi. Bu yerning osmoni sokin, qishning ayoz tunlari uzun va behalovat. Bedor kechalarda Sohibqironning quloqlariga qo’buz ohanglari kelib urilar, sayr soatlari go’yo Ayrining arvohi ta’qib etar edi: «Gunohimizdan kech, ey shoiri devona, zafarimizni karomat qilg’il…»
Shunday behalovat ayoz tunlarning birida Sohibqiron o’rda ravoqidan horg’in yurib chiqib, sohildagi soy toshiga kelib o’ltirdilar.
To’qson edi. Uzoq va ma’yus o’y surdilar, xotiralar og’ushida qoldilar. Bu vaqt ulug’ zotning o’g’illari Shohruh Hirotda hokim, Mironshoh to’ra Bag’dodda sulton, nabiralari Sulton Muhammad Kandahorda valiy-ahd — barini yodladilar. Mashriqdan Mag’ribgacha hukmlari yurar, yetti yuz mo»tabar bekzodalar xizmatlarida  qoyim, barini yod etdilar.

Xirqapo’sh, nag’makashning so’zlarini xotirladilar: «Jahongirlarga bo’yin egmadim, insonga qulliq qiladurmen…» Yo’q, Ayri, afsus, jahongirdan hayiqar eding. Shuning uchun nimanidir aytmading, nimanidir yashirib olib ketding. Nega?..

Uzoq va ma’yus o’y surdilar Sohibqiron. Shunda tonggi sohilning bir bodi badi muxolif kelib, tuslari tag’ayyur tepib… Falakning yuzi qoraldi…

1963 yil.


хдк

(Tashriflar: umumiy 9 446, bugungi 1)

1 izoh

  1. Xurshid Davronning «Amir Temur o’g’lining o’limi haqida rivoyati@ bilan Asqad Muxtorning asari Amir Temur haqidagi eng g’zal asarlardir. Muhammad Alilar ular chiqqan cho’qqining eng tubida yuribdi hali.

Izoh qoldiring