Atoqli adabiyotshunos olim Naim Karimov 80 yoshga kirdi. Chin yurakdan qutlaymiz!

ddeeb60660abf181abac83787fca99e7.jpg   Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотининг совриндори, жамоат арбоби, филология фанлари доктори, прoфессор, устоз Наим Каримов муборак 80 ёшга тўлди.
Мен Наим акага гапдош бўлганман. Баҳодир Йўлдошев кўп йиллар аввал Аброр Ҳидоятов  театрининг бош режиссёри бўлиб ишлаган пайтлари ойда 3-4 марта театр ҳовлисида ўсган тут тагида гапимиз бўларди. Буни эслашимдан мурод, Наим акани яқиндан билишимни айтиб озгина мақтаниш билан бирга ўша гапчилар номидан муборак ёшлари билан самимий муборакбод этмоқдан иборат. Ёшингизга ёш қўшилиб бораверсин,Наим ака!

Хуршид Даврон

Озод Шарафиддинов
ОЛИМ ҲАЁТИНИНГ САҲИФАЛАРИ*
04

 2ae6584fddb4d00c2296d87a91f961facb7f50c1.jpg  Наим Каримов нима учун бошқа бирон соҳани эмас, айнан адабиёт соҳасини танлаган, унинг қалбида бу соҳага меҳр қачон ва қандай пайдо бўлиб қолган — буни аниқ билмайман. Лекин ўйлайманки, унинг бу йўлни танлашида отасининг таъсири катта бўлиши керак.

Мен Наимжондан олдинроқ унинг отаси билан танишган эдим. Уруш йиллари, адашмасам, 6-синфда ўқиб юрган кезларим. Бирдан шеър ёзгим қистаб кетди, бир-икки кун ўтириб, уч-тўртта шеърни қоралаб ҳам ташладим, кейин уларни чиқариш ҳаракатига тушиб қолдим. Бу борадаги изланишларим мени Маориф халқ комиссарлигига олиб келди — у ерда аллақайси бўлимнинг бошлиғи бор экан. Ўзи хипча бўлсада, қадди-қомати келишган, чувак юзли, очиқ чеҳрали, ўзига ярашган кўзойнак таққан бўлим бошлиғи жуда бағри очиқ, ғамхўр, хушфеъл одам экан. Унинг фамилияси Фотиҳ Каримий эканини, у адабиётчи эмас, физик эканини кейин билиб олдим. Менга ижод бобидаги илк маслаҳатларни шу одам берган эди. Буни қарангки, кўпгина эски зиёлилар сингари бу одам жуда кенг маданий савияга эга эди. У ўзи физика ўқитувчиси бўлсада, адабиётни яхши билар, кўп ўқиган, кўп ёзувчилар ва шоирлар билан шахсан таниш эди. Эҳтимол, ана шу меҳрибон одам ўғли Наимжонни адабиётшунослик соҳасига йўллаган, болалигиданоқ унга адабиёт ишқини юқтирган бўлса, ажаб эмас.

Ҳар ҳолда нима бўлганда ҳам, Наимжон дорилфунунда ўқиб юрган кезларидаёқ жуда синчков, илмга ташна, қизиққан нарсасининг тагига етмагунча қўймайдиган бир талаба сифатида танилди. Бунга кўп жиҳатдан адабиёт бўйича биронта ҳам дарслик ёки ўқув қўлланмасининг йўклиги сабаб бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳа, бугун бундай аҳволни тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Филология факультетининг ташкил қилинганига ўн йилдан ошиб қолганлигига қарамай, на мумтоз адабиёт, на замонавий адабиёт, на адабиёт назарияси, на халқ оғзаки ижоди бўйича биронта дарслик ёхуд лоақал ўкув қўлланмаси бор эди. Мавжуд бўлган айрим мақолалар ва рисолалар қачонлардир бир босилиб, кейин кутубхоналарнинг энг олис пучмокларида ғойиб бўлиб кетган эди. Талаба бўш вақтининг ҳаммасини кутубхоналарда эски журналлар ва газеталарни титкилаб ўтказар, бирор тузукроқ материални нон ушоғини тергандай йиғиб олишга мажбур эди. Бу, албатта, яхши эмас эди. Лекин эҳтимол айни шу ҳол бошқа толиби илмлар каби Наимжонни ҳам ҳар хил кутубхоналарга қатнаб, уч-тўртта шимни кўпроқ тўзитишга, китоб устида ҳафсала билан соатлаб, балки кунлаб ўтиришга мажбур қилган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам у адабиётимиз тарихини жуда яхши биладиган, унинг кўпгина тафсилотларидан хабардор мутахассис бўлиб етишишига сабаб бўлгандир.

Бироқ, яхши адабиётшунос бўлиш учун билим заруру, лекин унинг ўзи сира кифоя қилмайди. Ёзган асаринг шеъриятга бағишланадими ёхуд адиблар ижоди ҳақида баҳс юритадими, бундан қатъий назар, у китобхоннинг юрагига ҳам таъсир қилмоғи, унда муайян туйғулар, ҳаяжонлар уйғотмоғи керак. Хуллас, олимнинг қалбида адабиётга нисбатан чўнг меҳр, сўз санъатига нисба-тан теран ҳурмат бўлмоғи ва бу меҳрни, иззат-ҳурматни у ёзганлари орқали китобхонга ҳам юқтира олмоғи зарур. Шундагина, чинакам адабиётшунос олим вужудга келади ва у илм соҳасида ҳам, ижод соҳасида ҳам ўз ўрнига эга бўлади.

Наим Каримов 1955 йилда дорилфунунни битирди. Шундан бери Алишер Навоий номидага Тил ва адабиёт институтида хиз-мат қилиб келмокда. У ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар яратди, турли конференциялар ва симпозиумларда маърузалар қилди, ёрқин илмий фаолияти учун Беруний номидаги республика давлат мукофоти билан такдирланди, филология фанлари доктори, про-фессор бўдди. Хуллас, салкам ярим асрлик ижодий фаолияти натижасида Наим Каримов ўзбек адабиётшунослиганинг ўзига хос, бетакрор намояндаларидан бирига айланди. Ҳар ҳолда, XX аср-нинг иккинчи ярмидаги ўзбек адабиётидаги ривожланшпни Наим Каримовсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

«Наим Каримовнинг адабиётшунослик илмига қўшган шахсий ҳиссаси нималарда кўринади», деб сўраса, нима деб жавоб бериш мумкин? Менимча, биринчи навбатда, унинг матншунослик соҳасига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаш керак. Мен бу ўринда XX асрдаги ўзбек ёзувчиларнинг асарларини тайёрлаш ва нашр қилиш ишини кўзда тутаяпман. Маълумки, кейинги йилларда Ой-бекнинг 20 жилдлик, Ҳамвд Олимжоннинг 10 жилдлик, Ғафур Ғуломнинг 12 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламлари нашр этил-ди. Уларнинг ёнига Ҳамза Ҳакимзоданинг ҳам 5 жилдлик асарлар тўпламини қўшиб қўймоқ керак. Бу ишларнинг ҳаммасида Наим Каримов ё илмий раҳбар сифатида, ёхуд фаол иштирокчи сифатида қатнашди. Тўғри, бу асарларни нашр этиш принциплари, уларнинг таркиби масалаларида мунозара қилиш мумкиндир, масалан, Ҳамид Олимжон «Пўлат қандай тоблавди» романини тар-жима қилган бўлса, уни шоир асарларининг мустақил жилди сифатида нашр қилиш шарт эмас эди. Лекин нима бўлганда ҳам, бу муаллифларнинг Мукаммал асарлар тўпламини нашр этиш адабиётшуносликда янги бир саҳифа очди. Чунки улар биринчи марта ёзувчиларнинг архивларини, кўлёзма меросларини чуқур ўрганиш асосида қилинган эди. Бу китоблар XX аср классикларининг ижодини ўрганиш ишларини олдинга силжитади, Ҳамза ҳақидаги тасаввуримизни эса тубдан ўзгартиради.

Ёки бўлмаса, Наим Каримовнинг ёзувчилар ҳақидаги моногра-фияларини олайлик. Маълумки, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом каби ёзувчилар ҳақида Наимдан аввал ҳам монографиялар ёзилган эди. Бу ўринда, масалан, раҳматли домламиз Ҳомил Ёқу-бовнинг Ойбек, Ғафур Ғулом ҳақидаги китобларини эслаш мумкин. Шунга қарамай, Наимжон бу ижодкорлар тўғрисида яна ёзишга журъат этди ва ўз сўзини айтишга муваффақ бўлди. Маса-лан, у Ҳамид Олимжон маҳоратини зукколик билан тадқиқ қилади ва унинг шеърий соҳаси тўғрисида жуда кўп ўринли кузатишлар ҳамда мулоҳазаларни ўртага ташлайди. Олимнинг Ойбек ҳақидаги китоби ҳам илмий кузатишларга бойлигидан ташқари, жуда бой эмоционал кўтаринкиликка эга. Наимжон бу муаллифларни жуда яхши кўради ва муҳаббатини китобхондан яширмайди, балки, аксинча, улар яратган чинакам санъат асарларидан олган эстетик завқини бошқалар билан баҳам кўришга ошиқади.

Наим Каримов ким тўғрисида ёзмасин, китобида, рисоласида ва ҳатто мақолаларида, албатта, бирон янги гап айтишга, ёзувчи-нинг ижоди билан боғлиқ биронта муҳим тафсилотни баён этишга уринади.

Масалан, унинг Ҳамза Ҳакимзода вафотига бағишланган кичкина мақоласида илмий жиҳатдан анча кенг ёритилган бу ҳодисага бутунлай янгича ёндошади ва унинг ўлими тасодифий бўлмагани тўғрисидаги тахминни оддинга суради. Ёки олимнинг Усмон Носир ҳақидаги ихкита рисоласи ҳам бошдан-оёқ янги материаллар асосида ёзилган.
Наим Каримов Чўлпон тўғрисида ҳам анча юксак савияда ри-сола яратди. Бу илк рисоладан бири эди. Мен ҳам «Чўлпон» деган танқидий-биографик очерк ёзган эдим. Наимжоннинг китобида меникидан фарқ қилароқ шоирнинг туғилган жойи Андижон эмас, Ёрқишлоқ экани тўғрисидаги таҳмин оддинга сурилади ёки унинг яқин қариндош-уруғларининг (жумладан, Фоиқа аянинг) хотираларидан кенг фойдаланади. Улариинг бари китобга ўзига хос ранг берган ва уни Чўлпон ижодини ўрганишдаги қимматли манбалардан бирига айлантирган.

Худди шунингдек, бу йил менинг Ғайратий ижодига бағишланган мақолам чиқди. Орадан кўп ўтмай, Наим Каримов ҳам шоир ҳақида қисқа бир мақола эълон қилди. Лекин мақоланинг қисқалигига қарамай, муаллиф бир қатор янги тафсилотлар ва номларни тилга олганки, натижада, бу мақола ҳам тўла мустақиллик касб этган ва ҳар иккала мақола бир-бирини тўлдириб, Ғайратий ҳақида тўлароқ тасаввур берадиган даражага етган.

Мустақиллик йилларида олим истездодининг янги қирралари намоён бўла бошлади. Узининг студентлик йилларида дарсликсиз қийналиб ўқиганлари туртки бўлдими ёки бошқа бирон сабаб биланми Наим Каримов мактаблар, олий ўқув юртлари учун дарс-ликлар яратиш ишига жиддий эътибор бера бошлади. Натижада унинг академик Б. Назаров, профессор У. Норматовлар билан бирга яратган 9-синф ўқувчилари учун «Адабиёт» китоби танловда ғолиб чиқди ва нашр қиливди. Айни чокда олий ўқув юртлари учун яратилган «XX аср ўзбек адабиёти тарихи» деган китоби ҳам (бошқа муалифлар билан бирга) бу соҳадага тадқиқотларни умумлаштирувчи асар бўлди.

Мустақиллик йилларида Наим Каримов ижодида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган янга бир мавзу пайдо бўлди. Бу шўро замо-нидаги оммавий қатағон мавзуси бўлиб, Наим Каримов унинг адабиёт билан боғлиқ жиҳатларини ёритишга ва шу билан яқин та-рихимизнинг ўқилмай қолган ёхуд нотўғри ўқилган саҳифаларини қайта тиклашга ҳаракат қилди. Бу интилиш унинг ижодида, айниқса, 1991 йилдан бошлаб жуда кенг кўламда ишлана бошлади. Масалан, ўша кезларда оммавий бўлган «Фан ва турмуш» журналида «Наркомпрос иши», «Чўлпон учун кишан», «Ассалому алай-кум, дорнинг оғочи», «Қодирийнинг боши — Янги йил совғаси», «Тош экан бу бошим» каби мақолалари босилдики, уларда анча ихчам шаклда бўлса ҳам, адабиётимизнинг шу пайтгача мутлақо тилга олинмай келинган жиҳатлари очилди. Шунингдек, Наимжон сўнгга бир неча йиллар мобайнида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва бошқа газеталарда ҳам адабиёт, санъат ва маданиятимизнинг ёрқин намояндалари тўғрисида кўпгана жажжи портретлар эълон қилди ва уларда адабиётшуносликда ҳам миниатюра жанри яшашга хакли эканлигини, чинакам истеъдодли олим кичик ҳажмли асарда ҳам теран ва муҳим фикрлар айтиши мумкинлигинини исбот қилиб берди. Бу танқидий миниатюралар катта-катта тадқиқотларнинг ибтидоси бўлса ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам, улар ўзбек адабиёти ҳамиша ёрқин истеъдодларга бой бўлганини ва шўроларнинг қатли ом машинаси бу истеьдодларга қирон келтирганини яхши очиб беради.

Наим Каримов бир неча йилдан бери мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссиясининг раиси сифатида ишлаб келмокда. У, айниқса, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуини бунёд этишда, шунингдек, «Қатағон курбонлари хотираси» музейини ташкил этишда катта жонбозлик кўрсатди. Бугунги кунда «Қатағон курбонлари хотираси» музейини ташкил қилиш бениҳоя қийин иш, чунки улардан қолган суратлар, қўлёзмалар, ҳужжатлар, кийим-кечак ва бошқа ашёларни топиш ғоятда мушкул иш. Шунга қарамай, зарур экспонатлар йиғидди ва музей белгиланган мудцатда очилди. Музейни рсспубликамиз Президенти келиб кўрди ва ўз фикр-мулоҳазаларини айтди. Ҳеч шубҳам йўқ-ки, бу музей ватанимизнинг кечаги аламли ўтмишини ҳам, бугунги улуғворлигини ҳам ёш авлодга уқтиришда катта роль ўйнайди.
Ўйлайманки, юқорида айтилганлар, гарчи Наим Каримов фаолиятини тўла ёритишга жуда-жуда ожиз бўлсада, унинг бутун ум-ри адабиёт воситасида эл-юртга хизмат қилиш билан ўтганидан далолат беради. Шунинг учун ҳам унинг кўксини «Эл-юрт ҳурмати» ордени безаб турибди.

*Мақола олимнинг 70 йиллиги муносабати билан ёзилган

Улуғбек Ҳамдам
АДАБИЁТНИ ҚИСМАТ БИЛГАН ОЛИМ
04

  1-DSC09892.jpg   Бадиий ижод, эҳтимол, ҳар куни ўқиб-ўрганишни, ундан-да муҳими, ҳар куни ёзиб-чизишни талаб қилмас, аммо олимлик доимий мутолааю ўз устингда бир умр тинмай меҳнат қилишни тақозо этади. Чунки бадиий ижод, бу нафақат билим ва тажрибанинг, балки савқитабиий бир ҳолнинг, лаҳзалик илҳомнинг ҳам маҳсулидир. Кўпгина улуғ шоирлар катта илм ва тажрибага эга бўлмасдан ҳам яшаб қоладиган, яшаб қолган асарлар битган, бита олганлар. Чунончи, Рембо, Лермонтов, Усмон Носир… Улар туғма шоир эдилар. Уларни улуғлаган, номларини тарих саҳифаларига ўйиб ёздирган сифатлари бу — шоирлик эди. Олимлик эса… олимлик аксар ҳолда узоқ ва машаққатли меҳнатни, темир интизом ва аримас ғайратни, ўзни онгли равишда у ёки бу соҳага бутунлай бахш айлаб, шу ғоя йўлида фидокорона яшашни талаб қилади. Яъни зўр олим бўлиш учун киши бисотидаги энг қимматбаҳо “матоҳ” — умрини тикишига тўғри келади.

Хўш, олимлик нима дегани ўзи? Фақат кашф этишми? Математика, физика, кибернетика, медицина каби фанларни назарда тутсак, ҳа, бўлиши мумкин. Лекин инсоншунослик фани бўлмиш адабиёт илмида аҳвол сал бошқача кўринади менга. Бу ерда кошифлик иши тарозунинг бир томонида турса, бошқа палласида инсоният, наботот ва ҳашорат, қўйингки, бутун тириклик оламига бўлган муҳаббат ётади. Адабиётшуносда шундай муҳаббат бўлмас экан, унинг билағонлигидан, тўртта терминни бошқаларга нисбатан кўпроқ ёдлаб олганидан наф йўқ. Баъзан бу “наф” деганимиз зарар маъносигача турланиб туради. Чунки олим билгич бўлса-ю, тирик мавжудодга нисбатан катта маънодаги муҳаббати оқсаб турса, унинг илми кони зиёндир. Ануширвон “Кишининг илми бўлса-ю, фитрати шунга яраша бўлмаса, бу унга зиён етказгай ва ортиқча юк бўлгай” деган экан. Адабиёт илмида одамга муҳаббатсиз “олиб қочилган ҳар қандай арава” оламни менсимаслик юки билан қайтиб қолади. Шуниси хатарли. Билағонлик босим ўтириб ишлаш билан келади, лекин муҳаббатни бундай тарзда қўлга киритиб бўлмайди. (Халқимизнинг “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган ҳикматли сўзини бир эсга олинг-а!) Ҳа, бу ерда шомонлик иш бермайди. Ота-боболаримизу устозларимиз ҳар на қадар кучли бўлишига қарамай, ёмғирни чақирган шомондай одамларни, миллатни, инсониятни севиш фазилатини Яратгандан тилаб ололмаймиз, асло! У аввалбошданоқ берилган, ато этилган бўлади. Шу маънода гоҳида ўзимча ўйлаб кетаман: адабиёт оламига аслида айнан шундайларни танлаб олмоқ керак. Яъни шундай бир имтиҳон шарти ўйлаб топилсаю бу соҳа вакилларининг биринчи топширадиган фани одам ва оламга муҳаббати юзасидан бўлса!.. Чунки боланинг хотираси ўткир, бунинг устига тегирмондан бутун чиқадиган қув характери бўлса, ҳар қандай замоннинг ҳар қандай имтиҳонларидан кўзини чирт юмиб ўтиб кетиши турган гап. Лекин адабиёт дунёсига фақат хотира ва уддабуронлик билан киришнинг ўзи етарлимикан?.. Адабиёт бу, аввало, Инсоншунослик дегани! Адабиётшунослик ҳам, аслида, Инсоншуносликнинг бир синонимидир. Ҳар ҳолда юрагида азим муҳаббати бор олимларнинг тақдирига бўйласангиз, шундай таассуротни туясиз. Бугунги кунда адабий танқид ва, умуман, адабиётшунослик фанининг замондан сезиларли даражада орқада қолиши айни шу хусус билан ҳам, яъни замондош инсон қалбидаги олам ва одамга бўлган азал муҳаббатнинг андак кемтилиб қолгани билан ҳам белгиланса, ажабмас. Агар кучли муҳаббат бўлса, ўз-ўзидан билим ҳам, унинг ортидан катта-катта тадқиқотлар ҳам эргашиб келаверади. Ахир, ўзбекнинг мумтозу замонавий адабиёти ҳазилакам адабиёт эмас. Ишонмасангиз, ана чоғиштиринг: Шекспиру Гётени, Байрону Пушкиннни ўзимизнинг Навоийю Бобурга, Машрабу Чўлпонга қиёслаб ўқинг. Ёки Пабло Нерудаю Нозим Ҳикматни, Вознесенскийю Евтушенкони улкан замондошларимиз Воҳидову Ориповга, Парфию Рахмонга солиштириб мутолаа қилинг. Ёки кунимиз шеърий бадиий тафаккурининг чўққиларидан Ҳалима Аҳмедованинг назмий дунёсига бир бўйлаб кўринг-чи! Лекин қани Аҳмедова назми асрорини чақиб, қадоқ бўлган кафтига мағзини олиб кўрсата билгич “Белинский”ларимиз? Бир-икки ўртача савияда битилган эътирофлардан бошқа тадқиқотни учратганингиз борми?.. Шундай пайтда “бугун бизда профессионал танқид йўқ, адабиётшунослик замондан ортда қолди”, дея айюҳаннос солаётганларнинг овозлари янада баланд чиқаётгандек бўлаверади. Лекин кўзни каттароқ очиб, даврни яхлит кўра бошлаганимизда ҳатто ҳозир ҳам катта адабиёт илми уфқида Наим Каримов, Умарали Норматов, Тўра Мирзаев, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Бахтиёр Назаров, Нўмон Раҳимжонов, Иброҳим Ҳаққулов, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулло Болтабоев каби ўнлаб фидойи олимларимиз сиймоларини кўриб турамиз. Бу олимлар ўзидан ортиб, ўзгалар ҳақида ўйлай олган, ўзгаларнинг қалбу онгидаги фикр ва туйғуга муҳаббат қўя олган заҳматкашлар ҳисобланади. Чунки адабиёт илми билан шуғулланувчи олим ўз ташвишини унутиб, ўзганинг қувончу кадарини бўлишгани, унга ҳамдарду ҳамнафас бўлгани келган жавонмардлардир. (Биргина Наим Каримовнинг Истиқлол йилларида нашр этилган “Чўлпон” ва “Махсуд Шайхзода” номли маърифий-биографик романлари зимнидаги катта илм ва мислсиз меҳнатдан ташқари ўз халқи зиёлиларига қаратилган муҳаббат ва садоқат каби юксак туйғулар салмоғини чамалаб кўринг-а!..) Зеро, адабиётшуносликнинг текшириш ҳадафи мавжуд бадиий адабиётдир. У бадиий ижод намуналарининг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади, бадиий адабиёт қонуниятларини очади, тарихини ўрганади, ривожланиш тадрижини тадқиқ этади, хулосалар беради. Мана шу маънода у бадиий адабиёт учун энг хайрли ва энг беминнат ишни амалга оширади. Умуман, адабиёт илмини, адабий танқидни жини суймагич айрим шоир, ёзувчи ва драматург дўстларимизнинг қулоқларига шипшиб қўйгим келади: бу соҳалар асло иккинчи даражали эмас. Улар ҳам ўз ҳолича бир фан, бир оламдир. Ўзининг ҳақиқий мутахассиси қўлида бадиий адабиётдан сираям қолишмайдиган чинакам ижодга айлангувчи сеҳрли соҳадир адабиёт илми. Келинг, яхшиси, адабиётшуносликни ана шундай юксак мартабаларга олиб чиққанларнинг сардорларидан бири профессор Наим Каримов ҳақида икки оғизгина сўз айтишга тутинай…

Устоз адабиётшунос бир умр ўз ишини шараф билан адо этиб келаяпти, десам, баландпарвоз гап айтмаганимни ич-ичимдан сезиб тураман. Фақат у киши Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шайхзода, Миртемир, Асқад Мухтор каби ХХ аср ўзбек адабиёти дарғаларининг ижоди мазмун-моҳиятини ўқувчига имкон қадар тўлиқроқ етказиб беришга улгурайин, дея ҳаракат қилаяпти. (Қани энди ҳар бир чинакам ижодкорнинг Наим Каримовдай билимдон, ҳалол ва ҳассос тадқиқотчиси бўлса!) Бунинг иккита асосий сабаби бор: аввали, домла ХХ аср ўзбек адабиётини Навоий ва Бобур давридан кейинги иккинчи олтин давр, деб атайди ва бунга шаксиз ишониб қалам тебратади. Кейини шуки, Наим ака кўз аъзосидаги ўзгаришлар туфайли, минг афсуски, сўнгги вақтларда аввалгидек кўп ва хўп ўқий олмай қолганлигидан ҳозирги адабий жараённи мукаммал кузатиш имконига эга эмас. Аммо олимнинг энг катта хизмати, адабиётшунослигимиз тарихига қўшган, қўшаётган қиёссиз улуши — домланинг ўзи юксак баҳолаган “Янги ўзбек адабиёти” пойдеворини қўйган адиб, шоир, драматурглар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи пешонасига битилган Улкан Зиёлилар ҳаёти ва ижодини автобиографик йўсинда тадқиқ этиб, чиқарилган натижаларни келажак авлод кафтига тутқазиб келаётганидадир. Шунинг учун бўлса керак, хориждан ўзбек адабиётини ўрганиш учун келган тадқиқотчилардан бири устоз ҳақида шундай деган эди: “Юртимда экан, ўзбек адабиётини ўрганган кўпгина олимлар тўғрисида ўз тасаввурим бор эди. Бу тасаввурлар биздаги мавжуд адабиётлар негизида туғилган эди, албатта. Қизиғи шундаки, Ўзбекистонга келиб, ўша олимлар билан учрашиб узоқ-узоқ суҳбатлашганимдан кейин китоблар берган ўша тасаввурлардан воз кечишимга тўғри келди. Чунки у ерда экан, “дев олим” деганларим кичкина бўлиб чиққани ҳолда, Наим Каримов ҳеч кутилмаганда “дев олим” бўлиб кўз олдимда намоён бўлди!” Ҳа, хорижлик олим дўстимизнинг самимий эътирофларида домланинг олимлик қиёфасини акс эттира оладиган асосий чизиқлардан бири тўғри тортилган, дея ўйлайман. Яъни, бошқача айтганда, Наим ака, ҳеч шубҳасиз, катта масштабдаги олимлар сирасига киради.

Устоз билан 1997 йилдан бери бирга, битта илмий даргоҳда, Тил ва адабиёт институтининг домла раҳбарлик қилаётган “ХХ аср ўзбек адабиёти” бўлимида ишлаб келаман. Домланинг ҳақиқий шогирдлари қаторида борманми-йўқми, бунисини билмадим-у, аммо шу ўтган 15 йиллик вақт Наим акани мен учун чинакам устоз мақомига кўтарди, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Йўқ, битта жойда, “раҳбар-ходим” сифатида меҳнат қилаётганимиз учун эмас, асло, мен ҳақиқий маънодаги, маънавий англамдаги устоз-шогирдлик узвини назарда тутаяпман. Аввало, Наим аканинг инсонлик сийрати устозликка муносиб, деган бўлар эдим. У киши бу дунёга келиб, мол-дунё орттирмади, унга кўнгил боғламади, севган ва билган касбига меҳр қўйиб, унгагина содиқ қолиб хизмат қилди, ҳануз ўз тавридан бир одим чекинган эмас. Ҳокисор, камтар, шу билан бирга, осон яраланувчан, ҳассос, энг муҳими, ўта ҳалол ва адолатпарвар киши у! Ҳамиша шогирдларининг кўнгли ва тафаккур кучига қараб муомала қилган, яшаган, яшаяпти, асло қўлига эмас, десам, айниқса, бугун мени кўпчилик тушунади, қўллаб қувватлайди, деб ўйлайман. Ўз таврига (позициясига) эга инсон. Ўзи етиб келган ҳаётий ҳақиқатларни қадрлайди, уларга оғишмай амал қилади. Айнан шу ердан Наим акага хос принциплар ўсиб чиқади. Ҳа, Наим ака принципли инсон! Буни ўзбеклар бурд деб атайди. Демак, бурдли инсон. Шу маънода гоҳи-гоҳида турли қинғир ниятлар билан адашиб келиб турадиган “шогирдваччалар” ёки уларнинг “амакиваччалари”, одатда, муроду мақсадларига етолмайдилар. Чунки домла бундай дамларда қўлга қарамликка чорлаётган “кўнгил”га қайрилиб ҳам қарамайди! Бебурд бўлишни истамайди! Бурдини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Чунки бу ўринда бурд — ҳамма нарса. Бурд бу – олимнинг шаъни, инсоннинг ўзаги. Наим акадек олимларга қараб туриб, олимликнинг, инсонликнинг нақадар юксак шараф, баланд мартаба эканлигини ич-ичингдан туясан, киши.
Кейингиси олимлик, зиёлилик сифатлари. Агар таъбир жоиз бўлса, Наим акани икки оёқли қомусий луғат, деган бўлардим. Ҳазор шукрки, шундай зиёлиларимиз бор. Наим ака ўшаларнинг илғорларидан. Аммо вақт ўтган сайин уларнинг сафи тобора торайиб бораётганлиги ҳам бор гап. Бугуннинг зиёлиси тор мутахассисликнинг теран доирасидан кўпда ташқарига чиқмайди, тўғрироғи, чиқолмай қолаяпти. Натижада улар билан фақат муайян масала юзасидангина кенгашиш мумкин, холос. Наим акалар билан эса, савол беришга, энг муҳими, тушунишга қурбингиз келса, бас, ижтимоий-гуманитар соҳаларнинг аксариятида бемалол гурунг қилиб, маънавий завқланишингиз мумкин. Шахсан мен домлани нафақат ХХ аср ўзбек адабиёти бўйича йирик мутахассис, айни дамда жиддий танқидчи, санъатшунос, театршунос, қайсидир маънода тарихчи сифатида ҳам танийман ва қадрлайман. Яқинда домла “Шарқ юлдузи” журналига драматик асар тақдим этди. Бўлиб ҳам ўз асарини. Яна пухта, пишиқ, баланд бир савиядаги асар, денг. Демак, яқин келажакда Наим Каримовнинг ҳалигача ҳеч ким билмайдиган яна бир қирраси очилади: у — драматург.

Кўп вақт бўлгани йўқ, домланинг шогирдларидан бири: “Докторлик мавзуимнинг тасдиқланиши жараёнида илмий маслаҳатчимнинг иштироки шарт бўлиб қолди ва Наим акани Шарқшунослик институтида бўлиб ўтаётган кенгашга таклиф қилдим. Биласизми, у ердаги айрим ўқитувчи-муаллимлар Наим акани бир кўриш орзусида юрган бўлиб чиқди ва кутилмаган учрашувдан уларнинг бошлари осмонга етди” деди. Менинг ичимдан “Олим бўлсанг, шундай бўл!” деган ҳавас кечди. Чунки Наим ака ХХ аср ўзбек адабиётидан ташқари шу даврга оид рус ҳамда татар, турк, озарбайжон каби яна қатор қардош халқлар адабиётини жуда яхши билади. Билгани боис ўзбек адабиётининг шарқ адабиёти билан кесишган чорраҳаларида яратилаётган илмий ишларга бемалол раҳномалик қилади ва шунинг учун ҳам уни Ўзбекистон Фанлар Академиянинг Тил ва адабиёт институтию Миллий университетдан ташқари Шарқшунослик, Санъат, Маданият каби қатор илмий даргоҳларда ҳам худди ўз олимларидек билишади, кутишади, ардоқлашади.

Кўринадики, Наим Каримов деган ўзбекнинг улкан олими феномени юқоридаги икки асосга суянади. Биринчиси, унинг Инсонлик, иккинчиси Олимлик пойдеворидир. Ана шу заминда оёқлари мустаҳкам турган профессор Наим Каримовнинг шахс сифатидаги қиёфаси аллақачон шаклланиб бўлган. Бу кимгадир ёқар, кимгадир йўқ, қатъи назар, домла ўз таврини ўзгартирмайди. Ишонмайсизми? Келинг, унда сизга яқиндагина ўз ҳаётим билан боғлиқ бир воқеани айтиб берай. 2011 йилда каминанинг “Мувозанат” романи асосида “Ўзбек Драма театри” шу номли спектаклни саҳналаштирди. Аммо спектакль дастлаб “имтиҳон-кўрик”дан ўтолмади. Шунда режиссер менга спектаклни “ҳимоя қилиб берадиган” устоз мутахассислардан таклиф қиламиз, йўқса, спектаклга рухсат олишимиз чўзилиб кетиши мумкин, деб қолди. Мен Наим акага вазиятни тушунтириб, спектаклга таклиф қилдим. Ўша кун келди. Спектакль намойиш этилди. Сўнг ҳайъат аъзолари ва мутахассислар қолиб, уни муҳокама қилишга тушишди. Ижобий ва танқидий мулоҳазалар тенгма тенг айтилиб турувди, денг, сўз навбати устозга келганда, яширмайман, ҳимояга умид боғлаб ўтирувдим, бироқ домла спектакль ҳақида битта илиқ гап айтган бўлса, тўққизта танқидий мулоҳаза билдириб қолса бўладими… Ўша пайтда андак ҳайратланганим, андак аччиқланганим ва ҳатто андак кулгим қистагани (чунки режиссер чунон ажабланиб, бир менга, бир устозга қараб-қараб қўярди-да!) чин гап. Аммо кейинроқ чуқурроқ ўйлаб кўриб, устозни тушундим ва унга бўлган ўн ҳурматим юз бўлди. Чунки Наим Каримов бошқача бўлолмасди, бўлмайди ҳам. Кимнингдир илтимоси (у шогирди бўлса ҳам) ерда қолмасин деб, ўзи ишонган ҳақиқатларнинг оёқ ости бўлишига қараб туролмайди домла. Аввало, Худо берган нозик феъли, қолмишига, театр соҳасидаги чуқур ва кенг билими унга бошқача йўл тутишга асло йўл қўймайди. Яхшиямки, дунёда оқни оқ, қорани қора дейдиган шундай ўжар одамлар яшаб юради. Эҳтимол, айнан шундайлар туфайли ҳам биз билган дунё дунё бўлиб ўз ўрнида тургандир, дейман баъзан ўзимга ўзим. Спектаклга эса, қайта-қайта ишланиб пишитилгандан кейингина “оқ фотиҳа” берилди.

Филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов бугун қутлуғ 80 ёшни қаршиламоқда. Ана шундай фурсат довонидан ошиб ўтаётган домлага қараб кўнглим тўлиб, бўғзимга ҳаяжон урилади. Чунки ҳалол илмга бағишланган бундай баракали умр ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Адабиёт, бўлгандаям, катта адабиёт устоз олимнинг қисматига айланганига бугун заррача шубҳа йўқ. Домланинг ҳаёти мисолида уққаним бош ҳикмат шундан иборатки, инсон чинакам илмга қандай садоқат билан хизмат қилса, илм ҳам ўз навбатида худди шундай муҳаббат билан унга жавоб берар экан. Фақат жавоб олим ёзган, ёзаётган бебаҳо асарларнинг кейинги умрию унинг тарбиясини олган шогирдларнинг фаолиятида зуҳур топар экан. Бу борада Наим акага фақат ҳавас қилса арзийди.

Устоз! Оилангиз, шогирдларингиз, ўзбек адабиётшунослиги, санъатшунослиги илми бахтига доимо соғ бўлинг! Мен биламан, ҳали кўнглингизга тугиб қўйган олам-олам илмий ниятларингиз бор, шуларнинг муваффақиятли рўёбини кўриб яшанг! Энг муҳими, сизни яхши кўрамиз! деб, бутун мамлакат бўйлаб сочилиб кетган ва адабиёт илми дунёсида ҳаёт маънисини ахтариб юрган ўнлаб, балки юзлаб шогирдларингиз номидан Улуғбек Ҳамдам.

07

(Tashriflar: umumiy 118, bugungi 1)

Izoh qoldiring