Atoqli adabiyotshunos olim Shuhrat Sirojiddinovni yuksak mukofot bilan tabriklaymiz!

0223

Биз веб-сайтимизда таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг «Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» ( Т.: Akademnashr, 2011. – 326 б.) номли китоби билан даставвал китоб тақдимоти саҳифасида таништирган, кейинчалик асарнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига тавсия этилгани муносабати билан Акмал Саидов ва Эшқобил Шукурнинг мақолаларини эълон қилган эдик.
Бугун эса Шуҳрат Сирожиддиновнинг асари Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлгани ҳақида хушхабарни эшитиб, бошимиз кўкка етди. Ҳазрат Алишер Навоий набиралари номидан олимни бу олий мукофот билан чин қалбдан табриклаймиз ва унинг янги асарларини интизорлик билан кутиб қоламиз.
Ушбу асар ҳақида мен ўзим шундай ёзган эдим: «Бу яқин йилларда мен улуғ мутафаккир бобомиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган Шуҳрат Сирожиддиновнинг «Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик,текстологик таҳлили» китобидек мукаммал илмий ишни ўқимаган эдим. Мутолаа давомида китоб узоқ йиллик меҳнат машаққати самараси сифатида дунёга келганини англадим. Инчунин, адабиётшунослик илмида текстологик йўналишдек жуда узоқ вақт мобайнида чидам ва ирода,оғир меҳнатни талаб қиладиган бошқа бир йўналиш бўлмаса керак. Мен бундан бир неча йиллар олдин ёзган бир мақоламда улуғ шоир ижоди мавзуси «сақич чайнаш» жараёнига айланиб қолгани, яқин юз йил давомида Алишер Навоий ҳақидаги маълум гаплар доирасидан чиқмаётганлигимиз ҳақида ёзган эдим. Хусусан, Иззат Султоннинг «Навоийнинг қалб дафтари» китобидан кейин Алишер Навоий ҳаётига (биографиясига) оид бирон бир янгилик айтилмаганлиги, бобомиз меросини фақат адабиётшунослик, фақат ғазалшунослик нуқтаи назаридангина эмас, бугунги янги илмий йўналишлар,хусусан, психологик услублар асосида шоирнинг руҳий дунёсини,феълу атворини ўрганиш зарурлиги ҳақида гапирган эдим.
Шуҳрат Сирожиддиновнинг китобидан қониқишимнинг сабаби ҳам монографиянинг янги-янги фактлар,изоҳлар,кашфиётларга бойлиги туфайлидир…»

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

09

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФАН ВА ТЕХНИКА, АДАБИЁТ, САНЪАТ ВА МЕЪМОРЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

«Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 июлда қабул қилинган ПФ-3781-сонли фармони ва Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгашининг 2013 йилги Давлат мукофотлари бўйича таклифига биноан мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун адабиёт соҳаси бўйича:

– Сирожиддинов Шуҳрат Самариддиновичга – «Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» фундаментал тадқиқоти учун.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом КАРИМОВ.

Тошкент шаҳри,
2013 йил 22 август.

099

Сирожиддинов Шуҳрат
Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили – Т.: Akademnashr, 2011. – 326 б.

Даҳо шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бошланиб, бугунги кунгача сўнмай келаётир. Аёнки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади. Бу қарашлар, аввало, ҳар бир даврда пайдо бўлган ғоявий-эстетик йўналишлар негизида туғилади. Тарихий шахслар фаолияти талқини ана шу ғоявий-бадиий ҳодисанинг мураккаб тафаккур мевасидир. Алишер Навоий сиймоси ҳам беш асрдан зиёд муддат мобайнида тадқиқотчилар томонидан турлича талқин этиб келинган. Монографияда Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти манбалар асосида қайта ўрганиб чиқилган, мавжуд талқинлар таҳлил қилинган.
Китоб илмий ходимлар, олий ўқув юртлари филология ва тарих факультетлари талабалари, барча Навоий мухлисларига мўлжалланган.

Давомини ўқинг.

902

Шуҳрат Сирожиддинов
АЛИШЕРНИНГ ЁШЛИК ЙИЛЛАРИ
(«Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик,текстологик таҳлили» китобининг I бобидан парча)

Оиласи

      Алишер Навоийнинг ўзи уруғ-аймоғи борасида деярли маълумот қолдирмаган. Фақат тоғлари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий, укаси Дарвишали ҳақида “Мажолис”да бир оз тўхталади, у ҳам бўлса, тазкира талаби нуқтаи-назардан жуда қисқа. Отаси тўғрисида эса мавзу талаб қилганда бир оз гапиришга мажбур бўлган жойлари мавжуд. Масалан, “Мажолис” да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда отаси бу ерда ҳукумат ишларини бошқариб турганлигини айтиб ўтади. Унинг қанча пайт ҳокимлик қилгани ва Алишерлар оиласининг Сабзавордаги ҳаётига доир бошқа маълумот келтирмаган. “Бадоеъ ул-бидоя”да “отам бу остон хокбези, онам ҳам бу сарой бўстони канизи”, — деб уларнинг темурийлар хонадони хизматида бўлганликларини камтарона таъкидлаб ўтган. “Вақфия” асарида “бу хоксорнинг ота-бобоси ул ҳазратнинг (Султон Ҳусайн Бойқаронинг – Ш.С.) обо ва аждоди хизматларидаким ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар – улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносиқ комгор бўлғон эрдилар”, — дея ўзининг насл-насабига ишора этган. Аммо негадир бирон-бир асарида ота-онаси ҳақида аниқ маълумот қолдирмаган. Ҳатто уларнинг номини ҳеч қаерда тилга олмайди. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида шундай ёзади: “…Амир Алишердирким, қадим замонлардан унинг мукаррам боболари ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган эдилар. Умаршайх мирзо ибн Амир Темур даврида уларнинг ҳаёти лавҳига кўкалдошлик бахти эътибор қалами билан ёзиб қўйилган эди”. Ушбу асар ҳижрий 872 (мил.1467-1468) – 874 (1469-1470) йиллар орасида ёзиб тугатилган ва ҳижрий 875 (мил. 1470) йили муаллиф уни яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида (1470, август) рўй берган воқеаларни ҳам қўшган. Асарнинг навоийшунослик учун икки аҳамиятли жиҳати бор. Биринчидан, у Алишер Навоий номини тарихда биринчи бор ёзма қайд этган манба ҳисобланади. Шунинг учун ундаги Навоий ҳаётига алоқадор маълумотлар тарихий факт сифатида муҳим. Маълумотлар қисқача ахборот тарзида келтирилса ҳам улуғ мутафаккир ҳаётини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Иккинчидан, асар Навоий назорати остида якунланган. Демак, Навоий ўзи ҳақидаги қайдларни кўрган. Маълумотнинг ниҳоятда қисқа берилишига қараганда, Навоийнинг ўзи шуни маъқул топган бўлиши мумкин. Балки шунинг учун ҳам ўша давр манбаларида, айниқса, Навоийнинг яқин шогирди, муаррих Хондамирнинг барча тарихий асарларида улар деярли айнан такрорланиб, ортиқча тафсилот билан бойитишга журъат этилмагандир.

Давлатшоҳ Самарқандий ҳам негадир ўз тазкирасида Навоийнинг отаси тўғрисида жуда қисқа тўхталади. “Навоийнинг отаси Абулқосим Бобурнинг ишончли кишиси Чиғатой улуси улуғларидан эди”, — дейиш билан кифояланади. Айни пайтда у Навоийнинг отаси ҳарбий бўлганини таъкидлаб ўтади.

Текширишлар натижасида Алишер Навоий даврида яратилган турли жанрларга мансуб асарларнинг бирортасида ҳам улуғ амирнинг отаси ҳақида етарли маълумот келтирмаганига ишонч ҳосил қилдик. Шуниси таажжублики, Навоий вафотигача яратилган барча асарларда Навоийнинг отаси борасида юқоридаги маълумотларга қўшимча бўладиган факт йўқ. Ҳатто “Равзат ус-сафо” асарида ҳам учрамайди. Навоийнинг ўз аждоди борасида қолдирган мавҳум маълумотлари ва кўкалдошлик манбаларини аниқ изоҳлаб кетмаганлиги унинг ниҳоятда камтарона йўл тутганлиги ва кибру ғурурга берилмаганлиги билан изоҳланар балки.

1501 йили Навоий вафот этади. Шундан кейинги давр манбаларида Навоий ҳақидаги қизиқарли маълумотларни кўриш мумкин. “Ҳабиб ус-сияр”да биринчи марта Навоий отасининг исми тилга олинади. Жумладан, Мирзо Иброҳим томонидан Абу Саъид мирзо ҳузурига элчи юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширлганлиги айтилади.

Давомини ўқинг.

0-13

Таниқли матншунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” (“Akademnashr” нашриёти, 2011 йил) номли асарини ана шу долзарб талабдан келиб чиққан ҳолда, ҳозиржавоблик билан яратилган муҳим фундаментал тадқиқот сифатида баҳолаш мумкин.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бошланиб, бугунги кунгача сўнмай келаётгани, айниқса, истиқлол йилларида тубдан ортганини таъкидлаш жоиз. Табиийки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади..
Алишер Навоий сиймоси ҳам беш асрдан зиёд муддат мобайнида тадқиқотчилар томонидан турлича талқин этиб келинган. Шу маънода, мазкур китобда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти бирламчи манбалар асосида қайта ўрганиб чиқилгани, мавжуд талқинлар теран ва атрофлича таҳлил этилгани диққатга лойиқдир…

Давомини ўқинг.

013

Адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” номли китоби бизга буюк шоирнинг шахсини кенгроқ тасаввур қилишга имкон беради. Китобни мутолаа қила туриб, Навоий шахсининг маҳобатини ҳис этасиз. Бунинг учун муаллиф қанча қўлёзмалару, қанча манбалар ичида яшаган. Ўрта асрларнинг қанча ноаён ҳудудларига руҳан кириб чиққан. Навоий ва унинг замондошлари билан қадим Хуросон ва Моворауннаҳр манзилларида маънан бирга яшаб кўрган. Шунча манбаларни ўрганиб чиқишга, сўнг уларни қиёсий типологик, айниқса, текстологик таҳлил қилишга қанча куч, қанча чидам, қанча вақт керак бўлар экан, деб ўйланиб қолдим.

Давомини ўқинг.

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring