Az-Zamaxshariy. Hikmatlar va Nozik iboralar & Az-Zamaxshariy haqida ikki maqola

0_14df3c_a6a2f798_orig.png    Аз-Замахшарийнинг чуқур билими, даҳоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали у ҳаёт пайтидаёқ бутун мусулмон Шарқида унга катта шуҳрат келтирган. Алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан «Устоз ул-араб ва-л-ажам» («Араблар ва ғайри араблар устози»), «Фахру Хваразм» («Хоразм фахри») каби шарафли номлар билан атаганлар.  (Убайдулла Уватовнинг «Маҳмуд аз-Замахшарий» мақоласидан).

БУЮК АЛЛОМА  ҲАҚИДА ИККИ МАҚОЛА
Саидафзал Саиджалолов
Тошкент Ислом университети ўқитувчиси

04

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ – ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ НАМОЯНДАСИ

Ashampoo_Snap_2017.01.31_17h24m20s_001_.pngМаҳмуд Замахшарий (1075-1144) тилшуносликнинг барча соҳалари, хусусан, унинг грамматика, адабиёт, балоғат, аруз сингари йўналишлари бўйича дунё тан олган устоз, шунингдек, тафсир, ҳадис ва фиқҳ соҳалари бўйича етук аллома ҳисобланади. Замахшарий меросида фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқига бағишланган асарлар мавжудлиги унинг мазкур соҳа тараққиётидаги ўрнини белгилаб беради.

Аллома таълиф этган 70 дан ортиқ асарнинг[1] олтитаси фиқҳ соҳасига тегишли ва улардан фақат “Руусул-масаил”гина бизгача етиб келган бўлиб, у исломдаги мазҳабларни ўрганиш борасида муҳим қўлланмадир.

Фиқҳ ва ундаги йўналишлар моҳиятини яхши англаган Маҳмуд Замахшарий ҳанафий мазҳабининг намояндасидир ва фиқҳ соҳасида унинг Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (699-767) асос солган мазҳабга мансуб экани ўз исботини топган. Буни қуйидаги беш омил билан изоҳлаш мумкин:

Библиографик асарларнинг аксариятида Замахшарийнинг ҳанафий мазҳаби вакили сифатида эътироф этилган.

Аллома илмий меросига бағишланган замонавий тадқиқотларда ҳам фаолиятидаги мазкур жиҳат ўзининг исботини топган.

Замахшарий таълиф этган “Кашшоф” тафсирида ва “Руусул-масаил” асарида Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари қарашларига устувор мақом берилган. Алломага устозлик қилган фақиҳлар ва унинг шогирдлари асосан ҳанафийликка мансуб бўлган. Маҳмуд Замаҳшарийнинг ўзи ҳанафий мазҳабида эканидан фахрланган.

Биринчи омил. Қомусларда Маҳмуд Замахшарий ҳанафий мазҳаби фақиҳлари қаторида зикр этилган. Бунга Ал-Қурашийнинг (1297-1373) “Ал-Жаваҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлуғбеканинг (1399-1474) “Тожут-тарожим фи табақот ал-ҳанафия” ва Ёфиъийнинг “Миръот ал-жанон” каби асарларини мисол сифатида келтириш мумкин[2].
Ҳанафийликнинг машҳур намояндаларидан бири Абдулҳай Лакнавий (1848-1886) “ал-Фаваид ал-баҳия фи тарожум ал-ҳанафия” асарида Замахшарийни ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан ҳисоблаган. “Шазарот аз-заҳаб фи ахбар ман заҳаб” номли тарихий манбада эса аллома мазкур мазҳабнинг пешволаридан деб зикр этилган.

Иккинчи омил. Маҳмуд Замахшарий асарларини тадқиқ этишда самарали фаолият олиб бориб, аллома қаламига мансуб “Ад-дур ад-даир”, “Рисала фий калима аш-шаҳада”, “Ал-қистос ал-мустақим фий илм ал-аруз”, “Ал-қасида ал- баъузийя”, “Ал-муфрад вал-муаллаф фин-наҳв”, “Ал-муфрад вал-мураккаб фил-арабия” каби асарларини нашр этган ироқлик олима доктор Баҳийжа Боқир ал-Ҳасаний Замахшарийнинг “Ал-муҳожот бил-масаил ан-наҳвия” асарига ёзган сўзбошисида алломанинг фиқҳда ҳанафий мазҳабига мансуб бўлганини қайд этган.

Замахшарийнинг “Руусул-масаил ал-хилафия байнал-ҳанафийя ваш-шафиийя” асарининг нашри муқаддимасида доктор Абдуллоҳ Назир Аҳмад ҳам алломанинг ҳанафий мазҳабининг фақиҳи эканини таъкидлаган.

Учинчи омил. Маҳмуд Замахшарий ўзининг машҳур тафсири “Кашшоф”да юздан ортиқ ўринда Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ва унинг Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий ҳамда Зуфар ибн Ҳузайл каби шогирдларининг оятлардан олинадиган фиқҳий ҳукмлар борасидаги қарашларини нақл қилган. Шунингдек, “Руусул-масаил” асарида Замахшарийнинг ҳанафий мазҳабига оид масалаларни ёритишда “Бизнинг қарашимиз ёки бизнинг далилимиз” қабилидаги ибораларни ишлатгани унинг мазкур мазҳаб вакили ва намояндаси эканини исботлайди.

Тўртинчи омил. Замахшарий ҳанафий мазҳабининг машҳур намояндаларидан бири Абул-Ҳусайн Аҳмад ибн Али Домғонийдан (1090-1145) таълим олган. Алломанинг тилшунослик ва грамматика борасида энг яқин талабаларидан бири Муҳаммад ибн Абил-Қосим Бойжук ал-Баққолий, ҳадис илми бўйича ундан сабоқ олган Абу Тоҳир Сомон ибн Абдул-малик ибн ал-Ҳусайн ас-Сомоний ал-Ҳанафий ал-Хоразмий, Имом Аъзам биографиясига бағишланган муҳим асарни таълиф этган фақиҳ, адиб, шоир Абул-Муайяд Хоразмий каби шогирдлари ҳанафий мазҳабида бўлишган.

Бешинчи омил. Маҳмуд Замахшарий ҳанафий мазҳаби вакили бўлганидан фахрланган ва бу турли давр тарихчилари томонидан ёзилган асарлар қаторида эътироф этилган. Алломанинг бир қанча асарларини тадқиқ этиб, нашр этган доктор Баҳийжа Боқир ал-Ҳасаний машҳур муаррих Ибн Халликоннинг “Вафаётул-аъён”идан, доктор Абдуллоҳ Назир Аҳмад эса Мисрлик олим Аҳмад Муҳаммад Ал-Ҳуфийнинг “Аз-Замахшарий” асаридан Замахшарий қаламига мансуб қуйидаги назмни нақл қилишган:

“Дину эътиқодимни, маслаку мазҳабимни
Ҳанафийларга боғладим, уларни ихтиёр этдим.
Диёнатлари ҳақиқий, мазҳаблари ҳанафий
Машаққатни талаб этмас, йўлларидан равон кетдим[3].

Мазкур мисралар Маҳмуд Замахшарийнинг ҳанафий мазҳабида бўлганини англатади. Шеърдаги яъни “эътиқодимни” дея, ақида борасида ҳам ҳанафий мазҳабида эканини аллома томонидан эътироф этилиши эътиборга лойиқдир.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Замахшарий мероси бўйича изланиш олиб борганлар, хусусан, араб дунёсидаги баъзи тарихчилар асарларида алломанинг мўътазила оқимига мансублиги тўғрисидаги фикрларга урғу бериш кўзга ташланади. Айрим ҳолларда, унинг араб тили ва адабиёти тараққиётига қўшган беназир ҳиссаси унутилиб, ақидаси борасидаги турли қарашларни бўрттириш сезилади. Бу ҳолат илмий изланиш борасидаги энг муҳим талаблардан бири бўлмиш холисликдан четланишни англатади. Аслида, агар Маҳмуд Замахшарий ҳаёти борасидаги тадқиқотларнинг кўлами кенгайтирилса ва таҳлиллар чуқурлаштирилса, мазкур даъволарнинг ноўрин экани маълум бўлади. Масалан, аллома таълиф этган 70 дан ортиқ асарнинг асосий қисми тилшунослик ва адабиётга қаратилган. Унинг тафсир, ҳадис ва фиқҳ соҳаларидаги асарлари меросининг оз қисмини ташкил қилади. Замахшарийнинг ақида соҳасига тегишли деб тахмин қилинаётган биргина “Ал-минҳож фи усул” рисоласи ҳам шу пайтгача мусулмон оламида ўрганилмаган. Бинобарин, Маҳмуд Замахшарийнинг ақидаси борасидаги қарашларга урғу бериш мақсадга мувофиқ эмас ва аллома илмий меросига нисбатан нохолис муносабатни келтириб чиқариши табиий.

Гарчи тарихий манбаларнинг аксариятида Замахшарий фиқҳда ҳанафий, ақидада мўътазилий йўналишига мансуб, дея қайд этилса-да, аммо сўнгги илмий изланишлар натижалари у умрининг охирида мўътазиладан суннийлик ақидасига қайтганини кўрсатмоқда. Мазкур қарашни илгари сурган тадқиқотчилар исбот учун қуйидаги далилларни келтирганлар:

Ибн Халликон нақл қилишича, Маҳмуд Замахшарий вафотидан илгари ўз қабри устига ҳаётининг биринчи давридаги гуноҳларидан қилган тавбасини ифода этган шеъри ёзилишини васият қилган. Муаррихлар биринчи даврдан мурод, мўътазила ақидасига эътиқод қилинган давр эканини қайд этишган.

“Муъжам ал-муаллифийн”, “Ҳадият ал-арифийн” ҳамда Зириклийнинг “Ал-аълам” китобларида келтирилишича, ўз даврида муаррих, фақиҳ, адиб, шоир ва тилшунослик сифатида танилган Марокашлик Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ас-Соғийр ал-Яфроний (баъзи манбаларда ал-Ифроний) (1669-1728) “Талъат ал-муштарий фи субут ат-тавба аз-Замахшарий” (“Муштарий ёғдуси каби собит бўлган Замахшарий тавбаси”) номли рисола ёзган[4].

Ибн Тулуннинг “Ал-арф ал-анбарий фи таржама аз- Замахшарий” (“Замахшарий таржимаи ҳолидаги мушк-анбар ифори”) номли асарида ҳам Замахшарийнинг суннийлик ақидасига қайтгани ҳақида сўз юритилган.

Юқоридаги маълумотлар заминида Маҳмуд Замахшарий нафақат фиқҳ борасида, балки ақидада ҳам ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган, деган хулоса ётади. Мазҳабсизлик ғояси мусулмон олами учун энг катта таҳдидлардан бирига айланган ҳозирги даврда “Хоразм фахри”, “Дунё устози” деган шарафли номга сазовор бўлган Замахшарий каби аллома ҳам суннийлик мазҳабларидан бирига мансуб бўлганини тадқиқ этиш жаҳолат ва билимсизлик туфайли юзага келаётган турли зиддиятларга барҳам беришда, кишилар ўртасидаги бирдамлик ва жамиятдаги барқарорликни муҳофаза этишда долзарбдир.

Умуман, Маҳмуд Замахшарий илмий меросини, унинг фиқҳ ва мазҳаблар борасидаги қарашларини ўрганиш Марказий Осиёда ҳанафий мазҳаби, қиёсий фиқҳшунослик, қиёсий диншунослик каби соҳалар тараққиётини тадқиқ этиш ҳамда бугунги кунда диншунослик борасида долзарб бўлган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

[1]З.Исломов, С.Саиджалолов. Маҳмуд Замахшарий ва фиқҳ илми. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2011. – Б 8
[2]Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдул-Қодир ибн Абил-Вафа Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий. ал-Жаваҳир ал-Музийа фий табақатил-ханафийа: 2-жилд. – Ҳайдарабад. 1910 , – Б. 493. ; Ибн Қутлуғбека, Тожут-таражим фий табақотил-ҳанафия, – Қоҳира. 2001, – Б. 493; Лакнавий Муҳаммад Абдул- Ҳайй ал-Ҳиндий. ал-Фавоидил-баҳийа фий таражим ал-ханафийа: 2-жилд. – Қоҳира. 1902. – Б. 210.
[3] Аҳмад Муҳаммад ал-Хуфий. Аз-Замахшарий. – Қоҳира: Ал-ҳайъа ал-мисрияал-аммалил-китоб.1980.–Б. 91.
[4] Хайруддин аз-Зириклий. “Ал-Аълам”. “Дор ал-илм лил-малайин”, 2002. 7-ж. – Б. 67.

МАҲМУД АЗ-ЗАМАХШАРИЙНИНГ ИККИ ТАХАЛЛУСИ ҲАҚИДА

Мустақиллик туфайли номи тикланган, мероси тадқиқ ва нашр этилаётган буюк алломаларимиздан бири Маҳмуд Замахшарийдир. У адабиётшунослик, луғатшунослик, тилшунослик, ислом илмлари, аруз, мантиқ каби қатор фанларга бағишланган асарлар яратган бўлиб, мероси асрлар давомида шарқ ва ғарб тадқиқотчиларини ўзига ром этиб келмоқда. Замахшарийнинг илм-фан ривожидаги ўрни муносиб баҳоланиб, у “Дунё устози”, “Жоруллоҳ” “Хоразм фахри”, “Араб ва ажам устози”, “Адиблар каъбаси” каби номлар билан шарафланган.

Библиографик манбаларда Маҳмуд Замахшарий номига икки тахаллус: “ал-луғавий” ва “ан-наҳвий” сўзлари қўшиб ёзилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу номларнинг биринчиси “тилшунос”, иккинчиси “грамматик”, яъни “грамматика мутахассиси” маъноларини англатади. Бинобарин, Замахшарий тилшунослик, луғатшунослик, грамматика каби соҳалар ривожига улкан ҳисса қўшгани сабаб бу фанлар билан боғлиқ тахаллуслар унинг номига қўшиб зикр этиладиган бўлди. Зеро, шу пайтгача баъзиларининг фақат номи, баъзиларининг эса қўлёзмаси топилган аллома қаламига мансуб 72 асарнинг орасида тилшунослик ва грамматикага оид асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Алломанинг мазкур соҳада эришган муваффақияти унинг тилшуносликдан бошқа соҳаларда ҳам гўзал асарлар битишида муҳим омил бўлди, дейишга тўла асос бор.

Маҳмуд Замахшарий тилшунослик соҳасида “Муқаддамат ал-адаб” (Адаб илмига кириш) “Асос ал-балоға” (Балоғат асослари), “Савоир ал-амсол” (Сараланган иборалар), “Муташобиҳ асомий ар-рувот” (Ровийларнинг исмларидаги ноаниқликлар ҳақида), “Жавоҳирул-луға” (Тил жавҳарлари), “Ал-Асмо фил-луға” (Тилшуносликда исмлар) “Ал-қистос ал-мустақийм фи илмил-аруз” (Аруз илмида аниқ мезон), “Рисола фил-мажоз вал-истиъара” (Мажоз ва истиъора ҳақида рисола), “Ал-Муъжам ал-арабий ал-фарсий” (Арабча-форсча луғат) “Ал-мустақсо фил-амсол” (Чуқур ўрганилган иборалар) каби асарлар таълиф этди. Улар орасида “Муқаддамат ал-адаб” ва “Асос ал-балоға” кўплаб мутахассисларни қадимдан ўзига жалб этиб, турли тилларга таржима қилиниб, кўп марта нашр қилинган асарлардир.

“Муқаддамат ал-адаб” Хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга (1127-1156) бағишлаб ёзилган бўлиб, унинг арабча-форсча, арабча-туркий, арабча-хо-размийча, арабча-форсча-туркий, арабча-форсча-туркий-мўғулий тилларидаги сўзликлар киритилган қўлёзмалари бўлган. Шу нуқтаи назардан асарни тадқиқ этиш ва уни бошқа тилларга таржима қилиш кейинги асрларда ҳам давом этган.

“Муқаддамат ал-адаб” бешта катта қисмга бўлинган бўлиб, унда отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида батафсил фикр билдирилган. Бу мўътабар асарнинг йиғма илмий-танқидий матни филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов томонидан 2002 йилда “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмасида чоп этилган. Муҳим манба сифатида бу асар 1706 йилда усмонли турк тилига, сўнгроқ француз, немис тилларига таржима қилинган. Париж, Лейпциг, Вена, Лейден, Қозон, Норвегия, Миср ва Ҳиндистонда бир неча маротаба нашр этилган. Асарнинг чиғатой тилига қилинган таржимаси ўзбек тили тарихини ўрганувчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда машҳур ёзувчи Садриддин Айний ҳам 1921 йили “Меҳнаткашлар товуши” газетасидаги мақоласида: “Замахшарийнинг “Муқаддамат ал-адаб” асари ўзбек тили учун бутун дунёнинг хазинаси билан баробардир”, деб ёзган эди.

Маҳмуд Замахшарийнинг “Асос ал-балоға” (Балоғат асослари) нафақат унинг тилшуносликка оид асарлари орасида, балки бутун араб луғатшунослигида ҳам муҳим аҳамиятга эга асардир. У мазкур асари билан араб луғатшунослиғида яна бир мактабга асос солган. Йирик шарқшунослар, тилшунослар, тарихчилар томонидан “Асос ал-балоға”нинг бу қадар юқори баҳоланишига Замахшарийнинг луғатшунослик соҳасиға киритган бир қатор янгиликларини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Замахшарийнинг “Асос ал-балоға”даги асосий ютуғи бу унғача мавжуд бўлған, лекин ривожлантирилмаған усул, яъни луғатда барча ўзак ундошларни ҳисобға олған ҳолда сўзларни қатъий алифбо тартибида бериш усулининғ такомиллаштирилганлигидадир. Шунинг учун ҳам Замахшарий араб луғатшунослиги-да биринчи бўлиб алифбо тизимини йўлга қуйган луғатшунос ҳисобланади.

Замахшарийнинг араб луғатшунослигига бағишланган “Асос ал-балоға” асарида фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, луғат бойлигидан ўринли ва ғоятда моҳирлик билан фойдаланиш каби масалалар мукаммал равишда ўз ифодасин топган. Бу қимматли асар ҳам араб мамлакатларида бир неча бор нашр этилган ва қўлёзма нусхалари Шарқнинг кўплаб шаҳарларида сақланади.

Маҳмуд Замахшарийнинг грамматика соҳасидаги асарлари ҳам ҳали-ҳануз тилшунос олимларнинг тадқиқот объекти бўлиб қолмоқда. Масалан, Ироқлик тилшунос олима, Бағдод университети профессори Баҳийжа Боқир ал-Ҳасаний (1931 йилда туғилган) Замахшарийнинг “Ал-муҳожот бил-масаил ан-наҳвия” (Грамматикага оид баъзи нодир масалалар), “Ал-қистос ал-мустақим фий илм ал-аруз” (Аруз илмига доир аниқ мезон), “Ал-муфрад вал-муаллаф фин-наҳв” (Грамматикадаги ёлғиз ва қўшма сўзлар), “Ал-муфрад вал-мураккаб фил-арабия” (Араб тилидаги бирлик ва кўплик) каби асарларини нашр этди.

Маҳмуд Замахшарий “Ал-Муфассал фин-наҳв” номли асарини у Маккада яшаган пайтида бир ярим йил давомида ёзган. “Ал-Муфассал” араб тили наҳву сарфини мукаммал ўрганишда энг муҳим манбалардан бири сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган ва ғоятда қадрланади. Кўпчилик олимлар ўз илмий қиммати жиҳатидан Замахшарийнинг бу асари таниқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (у 796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид машҳур китобидан кейин иккинчи ўринда туради деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ Замахшарийнинг бу асари катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ҳатто Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва бош-оёқ сарупо совға қилишни эълон қилган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлганлиги ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилган. Бу мисол Замахшарий асарининг ўша даврда ҳам қанчалик юксак баҳоланганлигини кўрсатади. Бу муҳим асар Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан илмий тадқиқотга кенг жалб қилинган ва бир неча марта нашр ҳам этилган. Асарнинг бир қанча қўлёзма нусхалари Тошкентда, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.

XIX асрда ижод этган немис тилшунос олими Макс Мюллер кимки фақат она тилини ўрганишга эътибор қаратса-ю, бошқа бирор тилни ўзлаштирмаса, у ўз тилини ҳам мукаммал била олмайди, деган мазмундаги ғояни илгари сурган эди. Мюллернинг бу фикрини ундан саккиз аср олдин ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий ўз асарлари орқали амалий жиҳатдан исботлаб берган эди.

Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек, “Ўрта асрларда Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан, илм-фаннинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам шуҳрат қозонган Маҳмуд Замахшарий бобомизни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамай, дунёнинг кўплаб мамлакатларига машаққатли сафарлар қилган, теран билими ва илмий салоҳияти билан бутун ислом оламини лол қолдирган бу зот, ҳеч шубҳасиз, халқимиз учун маънавий етуклик тимсоли бўлиб қолаверади”

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ
ҲИКМАТЛАР

04

8878

Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.

8878

Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрони неъмат қилувчилар ҳам ёввойи қобонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар.

8878

Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.

8878

Аллоҳ таолодан астойдил илтижо билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди.

8878

Сув йўллари ирмоқлари билан бўлгани каби шариатнинг тўғри қонун-қоидалари Пайғамбар алайҳиссалом таълимотлари биландир.

8878

Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир.

8878

Сен залолат тўлқинига ўзингни уриб сузсанг, сени фақат кўп тоат-ибодат ва тасбеҳлар қутқаради.

8878

Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.

8878

Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди.

8878

Кимки ўз нафси-балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар.

8878

Ўз нафсингга ҳоким бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан. Акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан.

8878

Кимнинг ҳиммати-ю муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг кайғусига шерик бўларлар, ҳамдардлик билдирарлар.

8878

Бошингизга мушкул иш ва ташвиш тушганида мунис бўлиб, одамларга меҳр-муҳаббат кўрсатасиз. Аммо давлату неъматларга эришганингизда бағритошликка мойил бўласиз.

8878

Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисдир, уларнинг ичидаги энг ялқови пасткашдир.

8878

Ҳаёт вақтингда берган инъом-эҳсонларинг, гарчи уларни туки йўқ (қирчанғи) бўрига берган бўлсанг-да, зое кетмас. Қиёмат кунида буларнинг ажри сенга бўлур.

8878

Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир.

8878

Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.

8878

Риё бор ҳар қандай ишда раволиг-у зиё йўқдир.

8878

Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфрони неъматдур. Ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади.

8878

Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таъзияли жойни эшитсанг, дарҳол ўша ерга бор. Агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут.

8878

Фақиру мискинларга вожиб садақаларни бажо келтирмаган бойларга жаҳаннамда даҳшатли бир ҳандақ бордир.

8878

Кўпинча ёки баъзан Ҳасан ал-Басрийга ўхшаш буюкларни Хажжож золимга ўхшашлар туғадилар, гўё шўр денгиз сувидан дур-маржонлар чиққани каби.

8878

Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.

8878

Ўткир қиличнинг бошга тушадиган зарбаси баъзи нодонларнинг ҳукми остида мутеъ-итоатда бўлиб юришдан афзалдир.

8878

Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур.

8878

Бу дунё ибратли ишлар ва панд-насиҳатларга тўладир. Айни вақтда кўз ёшларига ҳам сероб.

8878

Қўрқувга мубтало бўлган киши фақат қочишдан нажот излайди.

8878

Устингга кексалик кийими ташланган бўлса ҳам бироқ сен узоқ умр кўриш ҳирсида (таъмасида) янги-янги кийимлар киймоқдасан.

8878

Гарчанд узоқ умр кўрган бўлсалар-да, кўп одамлар ғўр ва тажрибасиздир.

8878

Туну кунни ўтказаман-у, аммо бугунги куним кечаги кунимдан яхшироқ бўлмаётир. Чунки замона кундан-кунга ҳалокат томон бормоқда. Шундай экан, кечаги кун бугунгидан аълороқ, бугунгиси эса эртангидан яхшироқдир.

8878

Вақти-соати ўтгандан сўнг ижро бўладиган ваъдадан ҳеч бир яхшилик бўлмас.

8878

Кимки бахт-иқболли, солиҳ кишиларнинг этагини тутса, у албатта муродига эришиб, хайру барака топади.

8878

Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг қадам босиши арслон юришидан ҳам маҳобатлироқ ҳайбатлироқ дир.

8878

Ёмон, норасо эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва кул каби ҳеч қанақа фойда бермайди.

8878

Гўзал сифат ва ҳусни хулқ сийратлари безамаган кишини ҳеч қандай чиройли кийимлар кўркам қилолмас, гуноҳ ва хатолардан сақланмаган кимсанинг қалби сира айбдан фориғ бўлмас.

8878

Қабоҳатли суврат, чиркин юзнинг ва ёмон чеҳранинг орқасида ярамас хулқдан бошқа нарса йўқдир.

8878

Виждон азобию таънадан тўғри бўлмаган кимсани таълим-тарбия ва қийнаш билан ҳам тўғрилаш амри маҳол.

8878

Пасткаш кимсанинг ўз насл-насабини мақтаб, у билан фахрланиши чанқоқ кишининг сув шуъласи (сароб)ни кўриб алдангани кабидир.

8878

Кўпинча тил билан етказилган жароҳат қилич билан етказилган жароҳатдан оғирроқдир.

8878

Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир.

8878

Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмайди.

8878

Ёлғончининг қасами бор (ҳақиқий) илмининг сохталигини оширади.

8878

Кўп ортиқча сўзлашув эшитувчини ранжитади.

8878

Агар тилингнинг ортиқча сўзлашига эга бўла олмасанг, унда тизгининг жиловини шайтонга топширган бўласан.

8878

Тилингдан чиққан садақанг (яъни, панду насиҳатинг ва маъвиза-ю ҳасананг) баъзан қўлингдан чиққан садақангдан хайрлироқдир.

8878

Ўз ваъдасида турмаганда турли-туман важ-карсонлар кўрсатувчи кимса ҳеч қачон мард ва ҳимматли инсон бўлолмайди.

8878

Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган.

8878

Такаббурликни қанчалик хурсандлиг-у шодликка томон айлантиришга уринсанг ҳам, асли лой бўлганидан кейин кулол цингари, яъни тупроққа (лой ишларига) қайтиши муқаррар.

8878

Кимки адовату хусуматни экса, албатта у ташвишу машаққат ўради.

8878

Таниқлиг-у шарафинг отангдандир, меҳрибонлик, мушфиқлик онангдандир.

8878

Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди.

8878

Мисвоклар билан оғзингни тозаладинг, кошки эди бундан кейин сен оғзингни бўҳтон, ёлғон, ғийбат сўзларни айтиш билан булғамасанг!

8878

Фисқу фасод қилувчилар ва фожирлар кўпайса, Аллоҳ таоло вабо юборади.

8878

Мен рўзадорман, дейсан-у аммо ўзинг бўлса, биродаринг гўштини ейсан (яъни, ғийбатлар ва хўрликлардан сўзлайсан).

8878

Худди қурт-қумурсқалар арслон боласини егани каби олийжаноб ва ҳимматли  одамнинг гўштини ҳасад аҳли ейди.

8878

Инсоннинг кийимига қарама, билимига қара. Илм – бу ота, балки у сут беришда онадан фойдалироқдир. У ёмонликни тузатиш учун ҳамма нарсадан яхшироқдир. Агар тилингни тиймасанг, жиловингни душманингга бериб қўясан.

8878

Ақлли ғофилнинг ҳоли нодон ғофилнинг умрига силтов бўлади.

8878

Сенга энг яхши маслаҳат мутакаббирлик билан юзингни тескари бурма ва шон-шуҳратинг билан фахрланма.

8878

Урушқоқ ва жанжалкаш киши хафалик билан шодлик орасида яшайди.

8878

Ҳаддан ошишингни пасайтир, кибрланишдан воз кеч.

8878

Яхшилик билан инсон камоли, ани қилургача йўқтир мажоли.

8878

Қуёш нури беркитилмайди, ҳақиқат шами сўнмайди.

8878

Виждонли киши хавфдан ҳоли яшаса, хиёнат қилувчи киши беҳаловат яшайди.

8878

Савдогарнинг шуҳрати чўнтагида.

8878

Чайқовчи – овчи ити. Хатолар қилишда оворалардир. Хато – алар тушган аробалардир.

BUYUK ALLOMA HAQIDA IKKI MAQOLA
Saidafzal Saidjalolov
Toshkent Islom universiteti o‘qituvchisi

04

MAHMUD ZAMAXSHARIY – HANAFIY MAZHABI NAMOYANDASI

Mahmud Zamaxshariy (1075-1144) tilshunoslikning barcha sohalari, xususan, uning grammatika, adabiyot, balog‘at, aruz singari yo‘nalishlari bo‘yicha dunyo tan olgan ustoz, shuningdek, tafsir, hadis va fiqh sohalari bo‘yicha yetuk alloma hisoblanadi. Zamaxshariy merosida fiqh, ya’ni islom huquqiga bag‘ishlangan asarlar mavjudligi uning mazkur soha taraqqiyotidagi o‘rnini belgilab beradi.

Alloma ta’lif etgan 70 dan ortiq asarning[1] oltitasi fiqh sohasiga tegishli va ulardan faqat “Ruusul-masail”gina bizgacha yetib kelgan bo‘lib, u islomdagi mazhablarni o‘rganish borasida muhim qo‘llanmadir.

Fiqh va undagi yo‘nalishlar mohiyatini yaxshi anglagan Mahmud Zamaxshariy hanafiy mazhabining namoyandasidir va fiqh sohasida uning Imom A’zam Abu Hanifa No‘’mon ibn Sobit (699-767) asos solgan mazhabga mansub ekani o‘z isbotini topgan. Buni quyidagi besh omil bilan izohlash mumkin:

Bibliografik asarlarning aksariyatida Zamaxshariyning hanafiy mazhabi vakili sifatida e’tirof etilgan.

Alloma ilmiy merosiga bag‘ishlangan zamonaviy tadqiqotlarda ham faoliyatidagi mazkur jihat o‘zining isbotini topgan.

Zamaxshariy ta’lif etgan “Kashshof” tafsirida va “Ruusul-masail” asarida Abu Hanifa va uning shogirdlari qarashlariga ustuvor maqom berilgan. Allomaga ustozlik qilgan faqihlar va uning shogirdlari asosan hanafiylikka mansub bo‘lgan. Mahmud Zamahshariyning o‘zi hanafiy mazhabida ekanidan faxrlangan.

Birinchi omil. Qomuslarda Mahmud Zamaxshariy hanafiy mazhabi faqihlari qatorida zikr etilgan. Bunga Al-Qurashiyning (1297-1373) “Al-Javahir al-muziya fi tabaqot al-hanafiya”, Ibn Qutlug‘bekaning (1399-1474) “Tojut-tarojim fi tabaqot al-hanafiya” va Yofi’iyning “Mir’ot al-janon” kabi asarlarini misol sifatida keltirish mumkin[2].
Hanafiylikning mashhur namoyandalaridan biri Abdulhay Laknaviy (1848-1886) “al-Favaid al-bahiya fi tarojum al-hanafiya” asarida Zamaxshariyni hanafiy mazhabining ulug‘ faqihlaridan hisoblagan. “Shazarot az-zahab fi axbar man zahab” nomli tarixiy manbada esa alloma mazkur mazhabning peshvolaridan deb zikr etilgan.

Ikkinchi omil. Mahmud Zamaxshariy asarlarini tadqiq etishda samarali faoliyat olib borib, alloma qalamiga mansub “Ad-dur ad-dair”, “Risala fiy kalima ash-shahada”, “Al-qistos al-mustaqim fiy ilm al-aruz”, “Al-qasida al- ba’uziyya”, “Al-mufrad val-muallaf fin-nahv”, “Al-mufrad val-murakkab fil-arabiya” kabi asarlarini nashr etgan iroqlik olima doktor Bahiyja Boqir al-Hasaniy Zamaxshariyning “Al-muhojot bil-masail an-nahviya” asariga yozgan so‘zboshisida allomaning fiqhda hanafiy mazhabiga mansub bo‘lganini qayd etgan.

Zamaxshariyning “Ruusul-masail al-xilafiya baynal-hanafiyya vash-shafiiyya” asarining nashri muqaddimasida doktor Abdulloh Nazir Ahmad ham allomaning hanafiy mazhabining faqihi ekanini ta’kidlagan.

Uchinchi omil. Mahmud Zamaxshariy o‘zining mashhur tafsiri “Kashshof”da yuzdan ortiq o‘rinda Imom A’zam Abu Hanifa No‘’mon ibn Sobit va uning Muhammad ibn Hasan Shayboniy, Abu Yusuf Ya’qub ibn Ibrohim al-Ansoriy hamda Zufar ibn Huzayl kabi shogirdlarining oyatlardan olinadigan fiqhiy hukmlar borasidagi qarashlarini naql qilgan. Shuningdek, “Ruusul-masail” asarida Zamaxshariyning hanafiy mazhabiga oid masalalarni yoritishda “Bizning qarashimiz yoki bizning dalilimiz” qabilidagi iboralarni ishlatgani uning mazkur mazhab vakili va namoyandasi ekanini isbotlaydi.

To‘rtinchi omil. Zamaxshariy hanafiy mazhabining mashhur namoyandalaridan biri Abul-Husayn Ahmad ibn Ali Domg‘oniydan (1090-1145) ta’lim olgan. Allomaning tilshunoslik va grammatika borasida eng yaqin talabalaridan biri Muhammad ibn Abil-Qosim Boyjuk al-Baqqoliy, hadis ilmi bo‘yicha undan saboq olgan Abu Tohir Somon ibn Abdul-malik ibn al-Husayn as-Somoniy al-Hanafiy al-Xorazmiy, Imom A’zam biografiyasiga bag‘ishlangan muhim asarni ta’lif etgan faqih, adib, shoir Abul-Muayyad Xorazmiy kabi shogirdlari hanafiy mazhabida bo‘lishgan.

Beshinchi omil. Mahmud Zamaxshariy hanafiy mazhabi vakili bo‘lganidan faxrlangan va bu turli davr tarixchilari tomonidan yozilgan asarlar qatorida e’tirof etilgan. Allomaning bir qancha asarlarini tadqiq etib, nashr etgan doktor Bahiyja Boqir al-Hasaniy mashhur muarrix Ibn Xallikonning “Vafayotul-ayon”idan, doktor Abdulloh Nazir Ahmad esa Misrlik olim Ahmad Muhammad Al-Hufiyning “Az-Zamaxshariy” asaridan Zamaxshariy qalamiga mansub quyidagi nazmni naql qilishgan:

“Dinu e’tiqodimni, maslaku mazhabimni
Hanafiylarga bog‘ladim, ularni ixtiyor etdim.
Diyonatlari haqiqiy, mazhablari hanafiy
Mashaqqatni talab etmas, yo‘llaridan ravon ketdim[3].

Mazkur misralar Mahmud Zamaxshariyning hanafiy mazhabida bo‘lganini anglatadi. She’rdagi ya’ni “e’tiqodimni” deya, aqida borasida ham hanafiy mazhabida ekanini alloma tomonidan e’tirof etilishi e’tiborga loyiqdir.

Shu o‘rinda bir narsani alohida ta’kidlash joizki, Zamaxshariy merosi bo‘yicha izlanish olib borganlar, xususan, arab dunyosidagi ba’zi tarixchilar asarlarida allomaning mo‘’tazila oqimiga mansubligi to‘g‘risidagi fikrlarga urg‘u berish ko‘zga tashlanadi. Ayrim hollarda, uning arab tili va adabiyoti taraqqiyotiga qo‘shgan benazir hissasi unutilib, aqidasi borasidagi turli qarashlarni bo‘rttirish seziladi. Bu holat ilmiy izlanish borasidagi eng muhim talablardan biri bo‘lmish xolislikdan chetlanishni anglatadi. Aslida, agar Mahmud Zamaxshariy hayoti borasidagi tadqiqotlarning ko‘lami kengaytirilsa va tahlillar chuqurlashtirilsa, mazkur da’volarning noo‘rin ekani ma’lum bo‘ladi. Masalan, alloma ta’lif etgan 70 dan ortiq asarning asosiy qismi tilshunoslik va adabiyotga qaratilgan. Uning tafsir, hadis va fiqh sohalaridagi asarlari merosining oz qismini tashkil qiladi. Zamaxshariyning aqida sohasiga tegishli deb taxmin qilinayotgan birgina “Al-minhoj fi usul” risolasi ham shu paytgacha musulmon olamida o‘rganilmagan. Binobarin, Mahmud Zamaxshariyning aqidasi borasidagi qarashlarga urg‘u berish maqsadga muvofiq emas va alloma ilmiy merosiga nisbatan noxolis munosabatni keltirib chiqarishi tabiiy.

Garchi tarixiy manbalarning aksariyatida Zamaxshariy fiqhda hanafiy, aqidada mo‘’taziliy yo‘nalishiga mansub, deya qayd etilsa-da, ammo so‘nggi ilmiy izlanishlar natijalari u umrining oxirida mo‘’taziladan sunniylik aqidasiga qaytganini ko‘rsatmoqda. Mazkur qarashni ilgari surgan tadqiqotchilar isbot uchun quyidagi dalillarni keltirganlar:

Ibn Xallikon naql qilishicha, Mahmud Zamaxshariy vafotidan ilgari o‘z qabri ustiga hayotining birinchi davridagi gunohlaridan qilgan tavbasini ifoda etgan she’ri yozilishini vasiyat qilgan. Muarrixlar birinchi davrdan murod, mo‘’tazila aqidasiga e’tiqod qilingan davr ekanini qayd etishgan.

“Mu’jam al-muallifiyn”, “Hadiyat al-arifiyn” hamda Zirikliyning “Al-a’lam” kitoblarida keltirilishicha, o‘z davrida muarrix, faqih, adib, shoir va tilshunoslik sifatida tanilgan Marokashlik Hofiz Abu Abdulloh Muhammad ibn Muhammad as-Sog‘iyr al-Yafroniy (ba’zi manbalarda al-Ifroniy) (1669-1728) “Tal’at al-mushtariy fi subut at-tavba az-Zamaxshariy” (“Mushtariy yog‘dusi kabi sobit bo‘lgan Zamaxshariy tavbasi”) nomli risola yozgan[4].

Ibn Tulunning “Al-arf al-anbariy fi tarjama az- Zamaxshariy” (“Zamaxshariy tarjimai holidagi mushk-anbar ifori”) nomli asarida ham Zamaxshariyning sunniylik aqidasiga qaytgani haqida so‘z yuritilgan.

Yuqoridagi ma’lumotlar zaminida Mahmud Zamaxshariy nafaqat fiqh borasida, balki aqidada ham hanafiy mazhabiga mansub bo‘lgan, degan xulosa yotadi. Mazhabsizlik g‘oyasi musulmon olami uchun eng katta tahdidlardan biriga aylangan hozirgi davrda “Xorazm faxri”, “Dunyo ustozi” degan sharafli nomga sazovor bo‘lgan Zamaxshariy kabi alloma ham sunniylik mazhablaridan biriga mansub bo‘lganini tadqiq etish jaholat va bilimsizlik tufayli yuzaga kelayotgan turli ziddiyatlarga barham berishda, kishilar o‘rtasidagi birdamlik va jamiyatdagi barqarorlikni muhofaza etishda dolzarbdir.

Umuman, Mahmud Zamaxshariy ilmiy merosini, uning fiqh va mazhablar borasidagi qarashlarini o‘rganish Markaziy Osiyoda hanafiy mazhabi, qiyosiy fiqhshunoslik, qiyosiy dinshunoslik kabi sohalar taraqqiyotini tadqiq etish hamda bugungi kunda dinshunoslik borasida dolzarb bo‘lgan masalalarni hal etishda muhim ahamiyat kasb etadi.

[1]Z.Islomov, S.Saidjalolov. Mahmud Zamaxshariy va fiqh ilmi. – T.: “Movarounnahr”, 2011. – B 8
[2]Al-Qurashiy Abu Muhammad Abdul-Qodir ibn Abil-Vafa Muhammad ibn Muhammad Misriy. al-Javahir al-Muziya fiy tabaqatil-xanafiya: 2-jild. – Haydarabad. 1910 , – B. 493. ; Ibn Qutlug‘beka, Tojut-tarajim fiy tabaqotil-hanafiya, – Qohira. 2001, – B. 493; Laknaviy Muhammad Abdul- Hayy al-Hindiy. al-Favoidil-bahiya fiy tarajim al-xanafiya: 2-jild. – Qohira. 1902. – B. 210.
[3] Ahmad Muhammad al-Xufiy. Az-Zamaxshariy. – Qohira: Al-hay’a al-misriyaal-ammalil-kitob.1980.–B. 91.
[4] Xayruddin az-Zirikliy. “Al-A’lam”. “Dor al-ilm lil-malayin”, 2002. 7-j. – B. 67.

MAHMUD AZ-ZAMAXSHARIYNING IKKI TAXALLUSI HAQIDA

Mustaqillik tufayli nomi tiklangan, merosi tadqiq va nashr etilayotgan buyuk allomalarimizdan biri Mahmud Zamaxshariydir. U adabiyotshunoslik, lug‘atshunoslik, tilshunoslik, islom ilmlari, aruz, mantiq kabi qator fanlarga bag‘ishlangan asarlar yaratgan bo‘lib, merosi asrlar davomida sharq va g‘arb tadqiqotchilarini o‘ziga rom etib kelmoqda. Zamaxshariyning ilm-fan rivojidagi o‘rni munosib baholanib, u “Dunyo ustozi”, “Jorulloh” “Xorazm faxri”, “Arab va ajam ustozi”, “Adiblar ka’basi” kabi nomlar bilan sharaflangan.

Bibliografik manbalarda Mahmud Zamaxshariy nomiga ikki taxallus: “al-lug‘aviy” va “an-nahviy” so‘zlari qo‘shib yozilganiga guvoh bo‘lish mumkin. Bu nomlarning birinchisi “tilshunos”, ikkinchisi “grammatik”, ya’ni “grammatika mutaxassisi” ma’nolarini anglatadi. Binobarin, Zamaxshariy tilshunoslik, lug‘atshunoslik, grammatika kabi sohalar rivojiga ulkan hissa qo‘shgani sabab bu fanlar bilan bog‘liq taxalluslar uning nomiga qo‘shib zikr etiladigan bo‘ldi. Zero, shu paytgacha ba’zilarining faqat nomi, ba’zilarining esa qo‘lyozmasi topilgan alloma qalamiga mansub 72 asarning orasida tilshunoslik va grammatikaga oid asarlar salmoqli o‘rin egallaydi. Allomaning mazkur sohada erishgan muvaffaqiyati uning tilshunoslikdan boshqa sohalarda ham go‘zal asarlar bitishida muhim omil bo‘ldi, deyishga to‘la asos bor.

Mahmud Zamaxshariy tilshunoslik sohasida “Muqaddamat al-adab” (Adab ilmiga kirish) “Asos al-balog‘a” (Balog‘at asoslari), “Savoir al-amsol” (Saralangan iboralar), “Mutashobih asomiy ar-ruvot” (Roviylarning ismlaridagi noaniqliklar haqida), “Javohirul-lug‘a” (Til javharlari), “Al-Asmo fil-lug‘a” (Tilshunoslikda ismlar) “Al-qistos al-mustaqiym fi ilmil-aruz” (Aruz ilmida aniq mezon), “Risola fil-majoz val-isti’ara” (Majoz va isti’ora haqida risola), “Al-Mu’jam al-arabiy al-farsiy” (Arabcha-forscha lug‘at) “Al-mustaqso fil-amsol” (Chuqur o‘rganilgan iboralar) kabi asarlar ta’lif etdi. Ular orasida “Muqaddamat al-adab” va “Asos al-balog‘a” ko‘plab mutaxassislarni qadimdan o‘ziga jalb etib, turli tillarga tarjima qilinib, ko‘p marta nashr qilingan asarlardir.

“Muqaddamat al-adab” Xorazmshoh Alouddavla Abulmuzaffar Otsizga (1127-1156) bag‘ishlab yozilgan bo‘lib, uning arabcha-forscha, arabcha-turkiy, arabcha-xo-razmiycha, arabcha-forscha-turkiy, arabcha-forscha-turkiy-mo‘g‘uliy tillaridagi so‘zliklar kiritilgan qo‘lyozmalari bo‘lgan. Shu nuqtai nazardan asarni tadqiq etish va uni boshqa tillarga tarjima qilish keyingi asrlarda ham davom etgan.

“Muqaddamat al-adab” beshta katta qismga bo‘lingan bo‘lib, unda otlar, fe’llar, bog‘lovchilar, ot o‘zgarishlari va fe’l o‘zgarishlari haqida batafsil fikr bildirilgan. Bu mo‘’tabar asarning yig‘ma ilmiy-tanqidiy matni filologiya fanlari doktori, professor Zohidjon Islomov tomonidan 2002 yilda “Toshkent islom universiteti” nashriyot-matbaa birlashmasida chop etilgan. Muhim manba sifatida bu asar 1706 yilda usmonli turk tiliga, so‘ngroq fransuz, nemis tillariga tarjima qilingan. Parij, Leypsig, Vena, Leyden, Qozon, Norvegiya, Misr va Hindistonda bir necha marotaba nashr etilgan. Asarning chig‘atoy tiliga qilingan tarjimasi o‘zbek tili tarixini o‘rganuvchilar uchun muhim ahamiyatga egadir. Bu haqda mashhur yozuvchi Sadriddin Ayniy ham 1921 yili “Mehnatkashlar tovushi” gazetasidagi maqolasida: “Zamaxshariyning “Muqaddamat al-adab” asari o‘zbek tili uchun butun dunyoning xazinasi bilan barobardir”, deb yozgan edi.

Mahmud Zamaxshariyning “Asos al-balog‘a” (Balog‘at asoslari) nafaqat uning tilshunoslikka oid asarlari orasida, balki butun arab lug‘atshunosligida ham muhim ahamiyatga ega asardir. U mazkur asari bilan arab lug‘atshunoslig‘ida yana bir maktabga asos solgan. Yirik sharqshunoslar, tilshunoslar, tarixchilar tomonidan “Asos al-balog‘a”ning bu qadar yuqori baholanishiga Zamaxshariyning lug‘atshunoslik sohasig‘a kiritgan bir qator yangiliklarini sabab qilib ko‘rsatish mumkin.

Zamaxshariyning “Asos al-balog‘a”dagi asosiy yutug‘i bu ung‘acha mavjud bo‘lg‘an, lekin rivojlantirilmag‘an usul, ya’ni lug‘atda barcha o‘zak undoshlarni hisobg‘a olg‘an holda so‘zlarni qat’iy alifbo tartibida berish usulining‘ takomillashtirilganligidadir. Shuning uchun ham Zamaxshariy arab lug‘atshunosligi-da birinchi bo‘lib alifbo tizimini yo‘lga quygan lug‘atshunos hisoblanadi.

Zamaxshariyning arab lug‘atshunosligiga bag‘ishlangan “Asos al-balog‘a” asarida fikrni chiroyli ibora va so‘zlar bilan ifodalash, lug‘at boyligidan o‘rinli va g‘oyatda mohirlik bilan foydalanish kabi masalalar mukammal ravishda o‘z ifodasin topgan. Bu qimmatli asar ham arab mamlakatlarida bir necha bor nashr etilgan va qo‘lyozma nusxalari Sharqning ko‘plab shaharlarida saqlanadi.

Mahmud Zamaxshariyning grammatika sohasidagi asarlari ham hali-hanuz tilshunos olimlarning tadqiqot obyekti bo‘lib qolmoqda. Masalan, Iroqlik tilshunos olima, Bag‘dod universiteti professori Bahiyja Boqir al-Hasaniy (1931 yilda tug‘ilgan) Zamaxshariyning “Al-muhojot bil-masail an-nahviya” (Grammatikaga oid ba’zi nodir masalalar), “Al-qistos al-mustaqim fiy ilm al-aruz” (Aruz ilmiga doir aniq mezon), “Al-mufrad val-muallaf fin-nahv” (Grammatikadagi yolg‘iz va qo‘shma so‘zlar), “Al-mufrad val-murakkab fil-arabiya” (Arab tilidagi birlik va ko‘plik) kabi asarlarini nashr etdi.

Mahmud Zamaxshariy “Al-Mufassal fin-nahv” nomli asarini u Makkada yashagan paytida bir yarim yil davomida yozgan. “Al-Mufassal” arab tili nahvu sarfini mukammal o‘rganishda eng muhim manbalardan biri sifatida azaldan Sharqda ham, G‘arbda ham shuhrat topgan va g‘oyatda qadrlanadi. Ko‘pchilik olimlar o‘z ilmiy qimmati jihatidan Zamaxshariyning bu asari taniqli arab tilshunosi Sibavayhning (u 796 yili vafot etgan) arab grammatikasiga oid mashhur kitobidan keyin ikkinchi o‘rinda turadi deb ta’kidlaganlar. O‘sha davrning o‘zidayoq Zamaxshariyning bu asari katta e’tibor qozongan va arab tilini o‘rganishda asosiy qo‘llanmalardan biri sifatida keng tarqalgan. Hatto Shom (Suriya) hokimi Muzaffariddin Muso kimda-kim Zamaxshariyning ushbu asarini yod olsa, unga besh ming kumush tanga pul va bosh-oyoq sarupo sovg‘a qilishni e’lon qilgan. Bir qancha kishilar asarni yod olib, mukofotga ham sazovor bo‘lganligi haqida manbalarda aniq ma’lumotlar keltirilgan. Bu misol Zamaxshariy asarining o‘sha davrda ham qanchalik yuksak baholanganligini ko‘rsatadi. Bu muhim asar Sharq va G‘arb olimlari tomonidan ilmiy tadqiqotga keng jalb qilingan va bir necha marta nashr ham etilgan. Asarning bir qancha qo‘lyozma nusxalari Toshkentda, O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida saqlanadi.

XIX asrda ijod etgan nemis tilshunos olimi Maks Myuller kimki faqat ona tilini o‘rganishga e’tibor qaratsa-yu, boshqa biror tilni o‘zlashtirmasa, u o‘z tilini ham mukammal bila olmaydi, degan mazmundagi g‘oyani ilgari surgan edi. Myullerning bu fikrini undan sakkiz asr oldin vatandoshimiz Mahmud Zamaxshariy o‘z asarlari orqali amaliy jihatdan isbotlab bergan edi.

Prezidentimiz I.Karimov ta’kidlaganidek, “O‘rta asrlarda Xorazm diyoridan olis Arabistonga borib, arab tili grammatikasini mukammal tarzda ishlab chiqqan, ilm-fanning ko‘plab boshqa sohalarida ham shuhrat qozongan Mahmud Zamaxshariy bobomizni esga olaylik. O‘zining jismoniy nogironligiga qaramay, dunyoning ko‘plab mamlakatlariga mashaqqatli safarlar qilgan, teran bilimi va ilmiy salohiyati bilan butun islom olamini lol qoldirgan bu zot, hech shubhasiz, xalqimiz uchun ma’naviy yetuklik timsoli bo‘lib qolaveradi”

MAHMUD ZAMAXSHARIY
HIKMATLAR

04

8878

Yoki ilmli bo‘l, yoki ilmga tayanib ish tutadigan bo‘l, loaqal ilmni tinglab eshitadigan bo‘l, ammo to‘rtinchisi bo‘lma, chunki kasodga uchrab halok bo‘lasan.

8878

Yomon fikr sohiblari ham, kufroni ne’mat qiluvchilar ham yovvoyi qobonlar misoli Alloh taoloning mag‘firatidan yiroqdirlar.

8878

Odamning umri avvalida qilgan ishlari umrining oxiridagi ishlariga ham dalolatdir.

8878

Alloh taolodan astoydil iltijo bilan o‘tinib so‘ragan kimsaning nidosi sira noumid qolmaydi.

8878

Suv yo‘llari irmoqlari bilan bo‘lgani kabi shariatning to‘g‘ri qonun-qoidalari Payg‘ambar alayhissalom ta’limotlari bilandir.

8878

Urug‘likni ham, po‘choqni ham, niyatu orzularni ham, muhabbatu firoqni ham yaratuvchi Alloh taolodir.

8878

Sen zalolat to‘lqiniga o‘zingni urib suzsang, seni faqat ko‘p toat-ibodat va tasbehlar qutqaradi.

8878

Har qanday ishni boshlashdan avval Allohning roziligini o‘yla. Aks holda qilgan ishlaringning hammasi behuda bo‘lib, zoye ketadi.

8878

Bamisoli tumov kishi gulning hidini sezmaganidek, ahmoq kishi hikmat lazzatini bilmaydi.

8878

Kimki o‘z nafsi-balosiyu orzu-havasi domiga tushib qolsa, u beshak o‘zini-o‘zi chuqur qa’riga tashlagani muqarrar.

8878

O‘z nafsingga hokim bo‘lmasang, uni o‘z hukmingda tutasan. Aks holda undan g‘olib chiqib, ushlab tura olmaysan.

8878

Kimning himmati-yu muruvvati qanchalik ko‘p bo‘lsa, shunga yarasha odamlar uning kayg‘usiga sherik bo‘larlar, hamdardlik bildirarlar.

8878

Boshingizga mushkul ish va tashvish tushganida munis bo‘lib, odamlarga mehr-muhabbat ko‘rsatasiz. Ammo davlatu ne’matlarga erishganingizda bag‘ritoshlikka moyil bo‘lasiz.

8878

Odamlar ichidagi eng yaramasi xasisdir, ularning ichidagi eng yalqovi pastkashdir.

8878

Hayot vaqtingda bergan in’om-ehsonlaring, garchi ularni tuki yo‘q (qirchang‘i) bo‘riga bergan bo‘lsang-da, zoye ketmas. Qiyomat kunida bularning ajri senga bo‘lur.

8878

O‘z vaqtidan kechikib berilgan in’om-ehson mahkam tortilgan zanjir misoli qattiq bo‘g‘uvchidir.

8878

Tog‘ tepasidagi qoyalarni ko‘chirish minnat eshitish yuklariga nisbatan yengilroqdir.

8878

Riyo bor har qanday ishda ravolig-u ziyo yo‘qdir.

8878

Mol-mulkni behuda isrof qilish kufroni ne’matdur. O‘ylamasdan boyligini sarflash to‘liq tanazzulga olib keladi.

8878

Agar biror qayg‘u-alam yuz bergani yoki ta’ziyali joyni eshitsang, darhol o‘sha yerga bor. Agar ziyofatu mehmondorchilikka chaqirilsang, unda o‘zing o‘ylab ish tut.

8878

Faqiru miskinlarga vojib sadaqalarni bajo keltirmagan boylarga jahannamda dahshatli bir handaq bordir.

8878

Ko‘pincha yoki ba’zan Hasan al-Basriyga o‘xshash buyuklarni Xajjoj zolimga o‘xshashlar tug‘adilar, go‘yo sho‘r dengiz suvidan dur-marjonlar chiqqani kabi.

8878

Pora faqat nohaqligu zolimlarga yordam berguvchidir.

8878

O‘tkir qilichning boshga tushadigan zarbasi ba’zi nodonlarning hukmi ostida mute’-itoatda bo‘lib yurishdan afzaldir.

8878

Haqiqat va adolat bilan to‘g‘ri siyosat yurgizmagan har bir rahbar va boshliq qattiq azob-uqubat va baloga giriftor bo‘lur.

8878

Bu dunyo ibratli ishlar va pand-nasihatlarga to‘ladir. Ayni vaqtda ko‘z yoshlariga ham serob.

8878

Qo‘rquvga mubtalo bo‘lgan kishi faqat qochishdan najot izlaydi.

8878

Ustingga keksalik kiyimi tashlangan bo‘lsa ham biroq sen uzoq umr ko‘rish hirsida (ta’masida) yangi-yangi kiyimlar kiymoqdasan.

8878

Garchand uzoq umr ko‘rgan bo‘lsalar-da, ko‘p odamlar g‘o‘r va tajribasizdir.

8878

Tunu kunni o‘tkazaman-u, ammo bugungi kunim kechagi kunimdan yaxshiroq bo‘lmayotir. Chunki zamona kundan-kunga halokat tomon bormoqda. Shunday ekan, kechagi kun bugungidan a’loroq, bugungisi esa ertangidan yaxshiroqdir.

8878

Vaqti-soati o‘tgandan so‘ng ijro bo‘ladigan va’dadan hech bir yaxshilik bo‘lmas.

8878

Kimki baxt-iqbolli, solih kishilarning etagini tutsa, u albatta murodiga erishib, xayru baraka topadi.

8878

To‘g‘ri va haq yo‘ldan yurgan kishining qadam bosishi arslon yurishidan ham mahobatliroq haybatliroq dir.

8878

Yomon, noraso e’tiqod bilan qilingan ezgu ish sarob va kul kabi hech qanaqa foyda bermaydi.

8878

Go‘zal sifat va husni xulq siyratlari bezamagan kishini hech qanday chiroyli kiyimlar ko‘rkam qilolmas, gunoh va xatolardan saqlanmagan kimsaning qalbi sira aybdan forig‘ bo‘lmas.

8878

Qabohatli suvrat, chirkin yuzning va yomon chehraning orqasida yaramas xulqdan boshqa narsa yo‘qdir.

8878

Vijdon azobiyu ta’nadan to‘g‘ri bo‘lmagan kimsani ta’lim-tarbiya va qiynash bilan ham to‘g‘rilash amri mahol.

8878

Pastkash kimsaning o‘z nasl-nasabini maqtab, u bilan faxrlanishi chanqoq kishining suv shu’lasi (sarob)ni ko‘rib aldangani kabidir.

8878

Ko‘pincha til bilan yetkazilgan jarohat qilich bilan yetkazilgan jarohatdan og‘irroqdir.

8878

O‘zi sazovor bo‘lmagan hamdu sano va maqtovlarni talab qilish uyatsiz, telba odamlarning odatlaridandir.

8878

Quyosh nurlarini berkitib bo‘lmaganidek, haqiqatning chirog‘ini ham so‘ndirib bo‘lmaydi.

8878

Yolg‘onchining qasami bor (haqiqiy) ilmining soxtaligini oshiradi.

8878

Ko‘p ortiqcha so‘zlashuv eshituvchini ranjitadi.

8878

Agar tilingning ortiqcha so‘zlashiga ega bo‘la olmasang, unda tizgining jilovini shaytonga topshirgan bo‘lasan.

8878

Tilingdan chiqqan sadaqang (ya’ni, pandu nasihating va ma’viza-yu hasanang) ba’zan qo‘lingdan chiqqan sadaqangdan xayrliroqdir.

8878

O‘z va’dasida turmaganda turli-tuman vaj-karsonlar ko‘rsatuvchi kimsa hech qachon mard va himmatli inson bo‘lolmaydi.

8878

O‘lim qanchadan-qancha takabbur odamlarning boshlarini chuqurga, ya’ni qabrga uloqtirgan.

8878

Takabburlikni qanchalik xursandlig-u shodlikka tomon aylantirishga urinsang ham, asli loy bo‘lganidan keyin kulol singari, ya’ni tuproqqa (loy ishlariga) qaytishi muqarrar.

8878

Kimki adovatu xusumatni eksa, albatta u tashvishu mashaqqat o‘radi.

8878

Taniqlig-u sharafing otangdandir, mehribonlik, mushfiqlik onangdandir.

8878

Xotin zoti agar qalbing ular ishqiga giriftor bo‘lganini sezsa, burningni tuproqqa ishqaydi.

8878

Misvoklar bilan og‘zingni tozalading, koshki edi bundan keyin sen og‘zingni bo‘hton, yolg‘on, g‘iybat so‘zlarni aytish bilan bulg‘amasang!

8878

Fisqu fasod qiluvchilar va fojirlar ko‘paysa, Alloh taolo vabo yuboradi.

8878

Men ro‘zadorman, deysan-u ammo o‘zing bo‘lsa, birodaring go‘shtini yeysan (ya’ni, g‘iybatlar va xo‘rliklardan so‘zlaysan).

8878

Xuddi qurt-qumursqalar arslon bolasini yegani kabi oliyjanob va himmatli odamning  go’shtini hasad ahli yeydi.

8878

Insonning kiyimiga qarama, bilimiga qara. Ilm – bu ota, balki u sut berishda onadan foydaliroqdir. U yomonlikni tuzatish uchun hamma narsadan yaxshiroqdir. Agar tilingni tiymasang, jilovingni dushmaningga berib qo‘yasan.

8878

Aqlli g‘ofilning holi nodon g‘ofilning umriga siltov bo‘ladi.

8878

Senga eng yaxshi maslahat mutakabbirlik bilan yuzingni teskari burma va shon-shuhrating bilan faxrlanma.

8878

Urushqoq va janjalkash kishi xafalik bilan shodlik orasida yashaydi.

8878

Haddan oshishingni pasaytir, kibrlanishdan voz kech.

8878

Yaxshilik bilan inson kamoli, ani qilurgacha yo‘qtir majoli.

8878

Quyosh nuri berkitilmaydi, haqiqat shami so‘nmaydi.

8878

Vijdonli kishi xavfdan holi yashasa, xiyonat qiluvchi kishi behalovat yashaydi.

8878

Savdogarning shuhrati cho‘ntagida.

8878

Chayqovchi – ovchi iti. Xatolar qilishda ovoralardir. Xato – alar tushgan arobalardir.

Az-Zamaxshariy. Nozik iboralar by Khurshid Davron on Scribd

011

(Tashriflar: umumiy 6 243, bugungi 1)

Izoh qoldiring