Azim Suyun. She’rlar & Ibrohim G’afurov. Jim-jim bulut ichidan chaqin

07722 феврал – Шоир Азим Суюн таваллуд топган куннинг 75 йиллиги

Ҳаёт учун кураш деган иборанинг мазмунини шоир ва журналист Азим Суюннинг бугунгача босиб ўтган умр йўлини бир бутун ҳолда кўз ўнгингда гавдалантирганда, чуқур тушуниш мумкин.

Иброҳим Ғафуров
ЖИМ-ЖИТ БУЛУТ ИЧИДАН ЧАҚИН
Азим Суюн ҳақида ҳикоя
04

Ҳаёт учун курашмоқ имондандир

077Ҳаёт учун кураш деган иборанинг мазмунини шоир ва журналист Азим Суюннинг бугунгача босиб ўтган умр йўлини бир бутун ҳолда кўз ўнгингда гавдалантирганда, чуқур тушуниш мумкин.

Ҳаёт учун кураш оддий бир нарса эмас. У одамнинг одамлиги ва одамликнинг белгиси — ироданинг иродалигини кўрсатади.

Кўп одамларни кўрасиз: улар ҳаёт учун курашмайдилар. Балки ҳаёт берган неъматларни изланмай-қидирмай, беллари оғриб жафо чекмай, бир натижани машаққат билан қўлга киритмай, исёнсиз-туғёнсиз қабул қиладилар ва то умрлари поёнигача тасарруф этиб ўтадилар. Уларнинг осойишта, бир маромдаги пором умрларига, топиш-тутишларига, эл аро яшаш — кун кечиришларига ҳавасинг келади. Бундай ҳаётга эришиш жуда қийин бўлса керак дейсан. Бунинг учун жуда бақувват илдизлардан озиқ олишинг, бақувват заминда кўкаришинг керак дейсан. Аммо ҳаммага ҳам бундай бақувват илдизлар ва бундай эмингарчилик замини насиб этавермайди. Қани энди, мен ҳам шундай тинчгина тинчиган кўлмакда бўлсайдим, кўлмакнинг ўзи бўлсайдим, қани энди, ойлар, қуёшлар, осмонлар шундай жимирлаб, оҳиста мавжланиб устимдан ўтиб кетсалар эди, зотан ҳар қандай гирдоблар, талафотлар, пўртаналар бу тинчгина кўлмакни албатта четлаб ўтади, деб армонларга ботасан киши вақт-бевақт. Лекин бундай осуда ҳаётни қаерга буюриб топасан, азизим. Яхшиси, бундай осойишта жозибани инкор қилмаган, ундан нафратланмаган ва уни таҳқирламаган ҳолда, яна ҳушёр тортиб ўзингга ўзинг ҳисоб бера бошлайсан, йўқ, мен бундай осуда умргузаронликни истамаган, соғинмаган ва уни ўз яқинларим, биродарларим, юртдошларимга ҳам раво кўрмаган бўлардим, деб ишончинг ортади ўйлаб кўрсанг.

Азим Суюн университетда таҳсил олишни соғинди. Гулдурос қарсакли шеър ўқиладиган давраларни орзу қилди. Одамларга ўз сўзини айтиш иштиёқида ёниб юрди. У қийналиб ўсди. Машаққат нималигини хўб билди. Анча замонлар илк шеърларини бирга ўқидик. Бирга ўйладик. Бирга фикрлашдик.

Азимнинг фикр тинглашга ташналиги ва зийраклигини ёқтириб қолдим. Юпунгина кийинган, кўзлари ҳамиша ўйчан ва маъюс боқадиган бу йигитчанинг ишонгани шеър эди. Шеърга ишониб яшайдиган ноёб одамлар каби зеҳнининг толалари доим таранг ва нозик тортилган эди. У яхшиликни, яхши сўзни тез уқар, тез қабул қилар, тез риоя этарди.

Шунга қарамасдан, шеър деган ҳур, серфироқ нарса унга осон келгани йўқ. Излана-излана, ўргана-ўргана у ўз қалбидаги мудраб ётган кўҳна ҳужайраларни, мудраб ётган кўҳна оҳангларнинг торларини уйғотди.

Азим кўп тиришқоқ йигитча эди. Эллигинчи йилларнинг нари-берисида дунёга келган болалар шеърият, насрда яхши давра олдилар. Азим ёрқин истеъдодли дўстлари, тенгқурлари, университетдошларига жўровоз бўлди. Уларнинг гулдуросли тўлқинларига муносиб қўшилиб борди.

Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Хуршид Даврон ва яна неча-неча уларнинг тенгдошлари адабиёт ва у орқали ижтимоий ҳаётга миллий эрк орзуларининг янги тўлқинлари, янги садоларини олиб кирдилар. Уларнинг асарлари билан адабиёт янгиланиш жараёнига кирди.

Азим Суюн шу авлоднинг садосига ўз жарангдор наърасини кўшди.

Унинг лаёқати чархланишга мойил эди. Чархланса, чархланадиган истеъдодини Азим ўзи кашф этди.

Етмишинчи йилларнинг бошимикин, Азим бир даста шеърларини ийманган, тортинган, бетламаган бир тарзда олиб келди.

— Ўқиб, беринг, Иброҳим ака. Бўлади, қол десангиз, қоламан. Бўлмаса, юртимга кетаман. Овчи бўламан. Ёзмайман. Мендан шоир чиқмайди, вассалом! — деб айтди у қаттиқ ҳаяжон ичида. У қийнала-қийнала шу қарорга келганга, аҳдидан қайтмайдиганга ўхшарди. Бундан илгари хам унинг кўп машқларини бирга ўқиган ва бирга буларни ҳали матбуотга беришга эрта деган хулосага келгандик.

Азим уйғониб, ўзини англай бошлаган эди. Янги ёзган туркумларида бу баралла сезиларди. Шеърларида дўлворлик, танти, мардона, бағирдор оҳангларга ўрин алмашаётгани кўриниб турарди. Шеър тошқинлари унинг вужуди, қалбини ларзага келтириб, росмана ўз забтига олаётган кезлар эди.

— Бундай шеърларингиз кўпми? — деб сўрадим ундан. — Кейинги тўпламга ҳам етадими?
— Кўп, ака, жуда кўп. Тинмай ёзаман. Лекин ўзим билмайман, бу бало нима, соғманми, телбаманми?

Тез орада Азим Суюннинг биринчи китоби — «Менинг осмоним» чиқди. У ижоднинг жўшқин палласига кирди. Шеър унга адирлардан сурон солиб келадирган сел каби ёғилди. Кетма-кет китоблари чиқди. Катта давраларда гулдираб шеър ўқиди. Ўз йўли, қиёфасига эга бир шоир майдонга келди.

Азимдан шеър худди момақалдироқдан чиққан чақиндек чикди. Бу тоғ момақалдироғи, тоғлар чақинлари, тоғларнинг ёлқинлари эди. Азим саксонинчи йиллар бошида энди ўзини, ўз юртини, ўз тоғларини, ўз юртдошлари ва уларнинг орзуларини тўла очган эди. Унинг шеърига, асарларига, сал кейинроқ журналистика билан шуғуллана бошлагач, публицистикасига Нурота тоғларининг шукуҳлари бутун колорити билан кириб келди.

У Нурота оҳангларини топди. Худди Усмон Бойсунни топгандай,  худди Мурод Галатепани топгандай, Азим Нуротани топди. Ахир, кичкинагина бўлса ҳам, ўз ерингни ишғол қилмасанг, дунёга қандай чиқасан, уни қандай ишғол этасан? Азимнинг барча шеърларини ўқинг: ҳаммасида Нурота зарблари, Нурота сойларининг мангу овозлари, бургутларнинг мунгли қийқириқларини эшитасиз.

Баъзан-баъзан газетчиликнинг машаққатли ишларига шўнғиб кетган чоғлар Азимни бир ой-ярим ой йўқотиб қўяман. Сўнг кўришган чоғларда у:

— Тоғларда эдим. Чўққиларга чиқиб кетдим. Чўққиларга чиқиб турмасам, яшолмайман! — деб ҳикоя қилиб беради.

—  Чўққиларнинг хатарини севасизми ё ҳавосини? — деб сўрайман.
— Чўққилардан узоқларга боқишни яхши кўраман. Олам фақат чўққилардан бунчалар кенг ва яхлит кўринади, — дейди Азим.

Бу гап унга ярашади. Бу ўша жим-жит булут. Бу ўша бағрига чақинларини яширган булут. У чўққиларсиз туролмайди.

Унинг шоир қалби панорамани истайди. Олам манзараларидан бир бутун холда такрорланмас тархлари, рангларининг ажиб издиҳомларидан завқланади. Балки у чўққиларда кураш завқини туяр. Толиққанда, сусайганда, яна шу завқларни янгиламоқ учун чўққиларга боради. Нуротами, Туркистонми, Чотқолми, Боботоғми, Хисорми, Зарафшонми, Олойми, Шоҳимардонми, Қолдирға тизмаларими — чўққиларни пиёда кезади. Ҳиссиётларининг залворини синайди чўққиларда: юрт истиқболини кўришни истайди чўққилардан. Чинми буларнинг бари ё ўйинми — сохтами? Ажратиб олишликни истайди.

Яшаш учун кураш! Азим Суюннинг барча ёзганлари бу — яшаш учун кураш. Шу курашнинг сўзлари. Шу курашнинг илҳомлари.

Азим Суюннинг бадиий журналистикаси ҳам унинг ҳаёт уфқлари қанчалар кенгайиб ранг-баранг бўлиб. мустақил ва озод Ватаннинг собит зарбларига тўла ҳам оҳанг бўлиб, уни қутлаб, алқаб, суюб, қучиб, эркалаб дунёга келаётгани аён!

Озодлик Азим Суюн ва у мансуб авлоднинг ҳаёт ва орзу уфқларини беҳад кенгайтирди. Уларга янги руҳ, янги нафас бахш этди. Улар миллий мустақилликни орзу қилган, унга эришган, унга бутун инсоний, фарзандлик муҳаббатини берган авлод! Азим Суюн шу авлод сафида собит матонат билан бораётир. Унинг сўзи Истиқлол ишига, миллий равнақимиз манфаатларига жон-дил билан хизмат қиляпти.

Азим Суюннинг сўзларида азим истиқлол ва унинг фаровон уфқлари гавдаланади.

Азим Суюн
ШЕЪРЛАР
04

БУНДА ЙЎЛ ЙЎҚ ЭДИ…

Бунда йўл йўқ эди…07
Кимдир бемалол
Ўзича қайгадир шу ердан ўтди.
Кунлар илиб-илиб
ёз келган мисол

Кўп ўтмай каттакон йўл бўлиб кетди.

ҚАДИМГИ САРОЙ ШОИРЛАРИГА

Шаҳаншоҳлар шаънига ашъор битиб,
Маддоҳ умрингиз сафо ўтди.
Яшадингиз халқни унутиб,
Ҳукми ҳақ! —
Халқ ҳам сизни унутди!

ҲОЛАТ

Атрофимга қарайману…
Ҳамма каби яшагим келар.
Атрофимга қарайману…
Ҳамма каби яшагим келмас…

АЗИЗИМ

— Азизим, айтинг-чи, муҳаббат нима?..
— Ҳаёт денгизида сузган бир кема:
Кимнидир бағрига олгай қўноққа,
Кимнидир у ташлаб кетгай қирғоққа!

ЯПРОҚДА

Япроқда осмоннинг кўз ёши —
Изтироб, алами, ғазаби.
Япроқда осмоннинг қуёши —
Табассум, кулгуси ва нози.

ҲАҚИҚАТ КЎЗГУСИ

Мен нишонман, мен нишонман, мен нишон,
Отилди минг-минглаб ўқ.
Мен омонман, мен омонман, мен омон, —
Биттаси ҳам теккан йўқ!

ЧИДАЙ ОЛМАЙ…

Чидай олмай дардга-азобга,
Қушдай ожиз қолган вақтларим,
Отам каби тушасиз ёдга —
Чайир, ғолиб тоғ дарахтлари!..

БАҲОР ДОИМ…

Баҳор доим баҳорлигин аён этар,
Офтоб нури булутларни ёриб ўтар.
Бижғиб ётган кўлмакларни кўп кўрдим-эй,
Оқар сувлар ўз йўлларин топиб кетар.

КАТТАЛАР УЧУН ТЕЗ АЙТИШ

Истибдоддан дод! —
Додлар истеъдод.
Истеъдоддан дод! —
Додлар истибдод.

ЎЗБЕКНИНГ ДУППИСИ…

Ўзбекнинг дўпписи бошида анвор,
Белбоғи ва тўни мисоли дўст-ёр.
Сийми зарин олсанг олгину аммо,
Тегма Дўппи
Белбоғ
Тўнига зинҳор!!!

ҲАЁТ ДАРСИН ЎҚИБ КЕЛДИМ ҲАР ҚАЧОН

Ҳаёт дарсин ўқиб келдим ҳар қачон,
Гоҳо совуб кетдим, гоҳ тушдим терга.
Инсон ғам, шодлиги экан ёнма-ён,
Бири кўкка тортар, бириси ерга.

БОҒНИНГ…

Боғнинг заҳар-қиёғи бор,
Булбулнинг зоғ сиёғи бор.
Кеч бўлса ҳам англаб етдим:
Дўстда душман қулоғи бор.

ОДАМЛАР БОР…

Одамлар бор — дили чароғ —
Дўстларимдир — чин диллидир
Одамлар бор — тили тароқ —
Ёвларимдир — минг тиллидир.

Ў, ЎЗБЕГИМ…

Ў, ўзбегим, ўзим дер,
Ўз этини ўзи ер.
Бири икки бўлмасдан
Бўлар бир газ қора ер!

ШОИР

Роҳатидан азоб чекар,
Азобидан роҳатда.
Биров: «Бу ким?» деб сўрса гар,
Шоир, дердим, албатта!

БИР ДАВРАДА

«Биз кичик элмиз», — дер қорақалпоқ дўст,
Ёқут, қўмиқ, тотор: «Биз ҳам…», — дедилар.
Қўшилди қорачой, олтойу ҳакас…
Ва лекин бир тилда сўзлар эдилар.

ҚАДИМГИ СУРА

Караминг кенг марҳаматли Кўк,
Дуо бирла айлагаймиз ёд.
Раҳмат нурин бошимизга тўк,
Заминга бер покиза авлод!

БОЛАРИ

Болари тилида — оғзида асал,
Минг бир дардга даво, хуштаъм ва гўзал
Ва лекин думида ниш — заҳари бор,
Мен уни унутиб кўп бўлдим ўсал.

ЭСКИ ҚОФИЯ

Юзинг қани сенинг? Юзинг йўқ,
Сўзинг қани сенинг? Сўзинг йўқ.
Юзинг ҳам, сўзинг ҳам, бўларди, аммо,
Ўзинг қани сенинг? Ўзинг йўқ!

ҚУЛОҚЧИГА

Не учун ортимдан узмайсан қадам,
Узун-қисқа кўлка сингари мудом.
Қўй, танийман сенинг икки юзингни,
Тилининг тагида тили бор одам!

ЎРМОНГА БОРМАДИМ…

Ўрмонга бормадим ўтин орқалаб,
Қудуқ қазимадим дарё ёқалаб,
Ўз юким елкамда, баъзилар нечун,
Тақдиримга тағин турар ўт қалаб.

МЕН ТИКИЛГАН…

Мен тикилган юлдузга
Навоий ҳам тикилган,
Шу юлдузнинг мадҳида
Бобур байти етилган.
Боболарим олдида
мен ногирон бунчалар
Тақдирим-қисматимга
гарчи бахт — тахт битилган?!

Эй, ФАЛАК…

Эй, фалак ошиқ ўлиб
ой каби бир тўлмадим,
Ой каби бир тўлмадим,
кун каби бир кулмадим.
Кун каби бир кулмадим,
ўлмадим, йўқ ўлмадим,
Бир умр армон лекин:
бир кўриб бир кўрмадим.

КУННИНГ КУЗИ…

«Куннинг кўзи бордир, туннинг қулоғи» —
Эҳтиёткор ўсдим — шу таъсир чоғи.
Ортиқ эҳтиёжманд эмасман, етар,
Нима бўлса бўлар энди бу ёғи…

ОТАМ ҚАБРТОШИГА ЁЗУВ

Бешигинг ўхшайди тобутга, Дунё,
Тобутинг ўхшайди бешикка, Дунё.
Бир эшикдан кутиб олдингу ўзинг,
Кузатдинг иккинчи эшикка, Дунё.

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ХОТИРАСИГА

Унинг қабрини ҳеч ким билмас, дейдилар,
Гулчамбарлар қўйгали келмас, дейдилар.
Бу дунёдан сир бўлиб кетди-ю, аммо
Юракларга кўмилгани — сирмас, дейдилар!

ГАДО ТЎЙИ БОШҚА…

Гадо тўйи бошқа, бой тўйи бошқа,
Азаси бошқадир, кўй-куйи бошқа.
Иссиқ-совуғимни ўзим билурман,
Уй-уйи бошқанинг ўй-уйи бошқа.

ДОНО

Доно — бошин эгар бу юртда,
Наҳс — кўксин керар бу юртда
Аҳмоқ подшо хатоси учун
Лашкар жавоб берар бу юртда.

СЎЗ ЎЙИН

Оқ қоғозга чиздим бир гул
суратини бир дона деб,
Замин усти, осмон ости
узра якто-ягона деб.
«Гул» дея кетган эдим,
қайтсам кимдир этибди «Ғул»,
Шу-шу уни тарк айладим
менинг учун бегона деб.

БУ ЮРТНИНГ…

Иқболнинг қўли куйди,
Булбулнинг тили куйди.
Не кўргулик бор тағин,
Бу юртнинг эли куйди.

МЕНДАН…

Мендан сенга етар қандайдир бир ўқ,
Сендан менга қайтар қандайдир бир ўқ,
Биров-бировмизни шундоқ отармиз,
Бир кун олиб кетар қандайдир бир ўқ.

МУДОМ ТАБИАТГА…

Мудом табиатга меҳрим сочгандим,
Ғалат ҳолатлар юз кўрсатди гоҳи:
Тоғда бир булоқнинг кўзин очгандим,
Ажаб, қуриб қолди, ўзим гувоҳи.

ЁНМА-ЁН…

Ёнма-ён ўсарди терак ва чинор,
Кеч куз. Бир тун ичи уриб берди қор.
Улкан чинор барги сўлди, сарғайди,
Нозик терак барги яшнади бедор.

ДУНЁДА…

Дунёда шер янглиғ ялқов ҳайвон йўқ,
Ул каби ғафлатли, лоқайд, нодон йўқ.
Лекин яраланса дуч келма зинҳор,
Бас келадиган бир куч-дармон йўқ.

ТАНҲО ДАРАХТ…

Танҳо дарахт янглиғ турардим
бир’ йўлнинг бошида мунглу,
Кўкдан тушган сингари ёлғиз
йўловчи бўлди рўбарў.
«Бу йўл қандай йўл ўзи, айтгил?» —
сўраб қолди ул дафъатан,
Мен дедим: «Тўғрига тўғри йўл,
эгрига эгри йўлдир бу».

«ҚОПЛОН ЎЛДИРГАНМАН…»

«Қоплон ўлдирганман…» бир овчи менга
Ёш пайтим мақтаниб қилганди баён.
Яқинда эшитдим — айтайин сенга,
Чақиб ўлдирибди уни бир чаён.

ҲАЗИЛ

Қаддингни дор қил, эркам,
Қўлларингни сиртмоқ қил.
Розиман, майли, ўлсам,
Мени уларга осгил.

ТААЖЖУБ

Мана, кўклам — иссиқ кунлардан дарак,
Сен нега кийиниб оласан, дарахт?!
Асло тушунмадим феъл-ҳуйингни,
Куз, қиш — совуқ… ечиб отасан уни.

БЎЛСИН ДЕСАНГ…

Бўлсин десанг ошно умрингда маъни,
Десанг охиратим раҳматга тўлсин;
Кўнгил кўзи билан Оллоҳни тани
Ва лекин илкингда ҳунар ёр бўлсин!

ТУЮҚЛАР

1

Кўзларимга боқсанг эди бир сари,
Кўргинг эди: қандай у сари-сари.
Не жафолар қилдинг, нелар қилмадинг
Ва лекин топмадим ҳеч сендан сари.

2

Тобланиб ўтирар эдинг сен кунда,
Пинҳона термулар эдим мен кунда.
Бир кун кўриб қолиб, жилмайиб, дединг:
«Болта тушганча дам олибди кунда».

3

Қўлимни узатдим, қайтарма-сурма.
Бир назар қил, ахир, унда бор сурма.
Сенга олислардан келтирдим атай,
Юрагим куюги — кўзингга сур, ма!

ҚАТРАЛАР

* * *

Барча дарахт чиқарар япроқ,
Мева бермас барчаси бироқ!

* * *

Тоғларнинг бағрида ноёб хазина,
Лекин ҳаммасида хазина дема.

ҚАЙРОҚТОШ

Сел чиқариб ташлади сойнинг четига,
Ўроқчи олди уни суртиб бетига.

* * *

Оҳ қандай кеча бу! Осмонга қара,
Соч тарасанг бўладир ойга қараб!

* * *

Тўлиб-тошиб кетди ботирлар ичи,
Сандиқда боболар шонли қиличи!..

КУЗ

1
Салқин тушиб қолди тоғлар бағрига,
Вазмин кўтарилар дарадан тумон.
Эл-юрт кўчиб энди тоғ этагига,
Ёзги чорбоғларда намхушдир хазон.
Кеч қолган чўпон ҳам ҳайдар сурувни,
Серка йўл бошлайди чалиб қўнғироқ,
Жаранглаб турар у узоқ ва узоқ,
Уфқларга сингиб кетар охири…

2
Нурота тоғларин қучоғида куз
Анча қисқа бўлар ва лекин гўзал.
Мен унинг қўйнида кезаман ёлғиз,
Ҳар қандай фаслдан куз менга афзал.
Аммо сиз ўйламанг: жўшқин ва қайноқ
Жабҳалардан қочиб у юрар сарсон.
Хилват унгурларда дайдир бегумон,
Она юрт, халқининг ташвиши йироқ.

3
Бундай гумонларга борсангиз, тайин,
Кечира олмасман бир умр сизни.
Кўрганмисиз ҳалол меҳнат қилмайин
Бурда нон синдирган асл ўзбекни?!
Ё айри тушганми ўз замонидан
Қоядан парча тош учгани мисол.
Робинзон қисмати бу халққа малол
Оташга сиғинган олис онидан.

4
Мен шу халқ фарзанди, базми, тўйида
Қамишдан бел боғлаб хизмат қилгум соз,
О, халқим тўйлари, жоним кўйингда…
Кўпкари урроси ёдга тушди боз —
Боболарнинг ўтли юраги, қони,
Шу шонли майдонда бўлур намоён.
Ҳей, бўм-бўш қолмасин бу қадим майдон,
Танти чавандозлар, гуркиранг, қани!

5
Лекин аза йўқ деб ким айта олар
Тўйлар гуриллаган улуғ майдонда.
Бешафқат ажал гоҳ чангалин солар,
Азиз дўстни олиб кетар бир онда.
Азадор ғамига бўламан шерик,
Дардига дарддошман ҳаёт шомлари,
Фахрия битгандай у тўй дамлари,
Марсия битаман ғамгин ва ўксик.

6
Меҳнат эса менга ҳамиша ҳамдам,
Инсон учун бурч у бизнинг замонда.
Эркин, озод сеҳри қадам-бақадам
Жонга сингиб борар дориламонда.
Агар кимга буюк мақсад бўлса ёр,
Кимда орзу бўлса эзгу, бепоён,
Унга қанот берар муборак Ватан,
Ким бизнинг сафларда бўлса барқарор.

7
Аммо куз тоғларга ейганда сепин,
Бағрига чиқмоққа топаман имкон!
Серташвиш меҳнатлар юкидан кейин,
Бағишлар руҳга у лаззат ва дармон.
Узун хаёлларга қилур занжирбанд,
Юракда қўзғатар ажиб туйғулар.
Номини тутқазмас қаламга улар,
Ҳар қандай жарангдор сўзлардан баланд.
Тоғ қизларин ибо, назокатлари,
Кузнинг рухсорида бўлади зоҳир.
Жонингни оладир латофатлари,
Гоҳ улар ҳикматли, гоҳида соҳир.
Гоҳо кексаларнинг ўйчан ва мунис
Қарашларин бирдан туширар ёдга…
Даврада тикилиб тургандай ўтга,
Қалбларин ёндириб аллақандай ҳис.

9
Ғазабин бемаврид тукувчи ғаддор,
Ёки асаблари нозиклар, ҳай-ҳай,
Ишонгум, тоғ кузин, кузатса бир бор,
Ўзгалар қалбига ғашлик солмагай.
Ёки руҳи инжиқ, ё такаббур зот,
Унинг лавҳаларин уқсайди, қани,
Умридан ажратиб оларди маъни,
Билсайди қанчалар табиб табиат.

10
Гарчи куз чеҳраси эмас серкулгу,
Гарчи кўп эркалаб куйламас шодон,
Гоҳ дилда титроқ мунг уйғотса ҳам у,
Дилгир сукутларга кўмса ҳам, инон,
У собир режалар дояси эрур,
Донишманд отадай олади қўлга
Ва бошлаб юборар муқаддас йўлга,
Қаршингда манзиллар рахшон кўринур.

11
О куз, сенинг турлик кўринишларинг
Мен учун суюмли ва азиз бирам.
Оқшом чўккандаги уринишларинг,
Тонгги шафақларинг сирли ва теран.
Фируза сойларнинг қирғоқларида
Хазондан бехабар яшил майсалар…
Менчалик севмагай ўзга кимсалар,
Умрнинг сермаъсул бу чоғларида.
Эрта саҳарлар, ҳей, салқин саҳарлар,
Чашма елларидай сарин ва латиф,
Сайёд шошиб ўтар бундай саҳарлар,
Хаёлида семиз ўлжасин тутиб.
Йилқи уюрлари қулоқларини
Динг қилиб шарпага тикилиб турар.
Сўнг бирдан ўзларин дарага урар
Қолдириб хазонрез ўтлоқларини.

13
Тоғда тунаб кетмоқ куз пайти маза,
Шериклар бўлса гар давра қурилар,
Ўртада қуруқ шох ёнар чарсиллаб,
Тун зулмати бундан нари сурилар.
Омонат ўчоқда шўрва қайнайди,
Ривоят бошланур тоғлар ҳақинда
Ва ё ўтмиш — олис чоғлар ҳақинда
Қайдадир укки қуш бўғиқ сайрайди.

14
Ҳаво айниб турар тоғларда тез-тез,
Гоҳо у бадқовоқ, гоҳ ўйга чўмар.
Гоҳо булут тошиб келар ва шу кез
Қўнғир тоғ ўрмонин ёмғирга кўмар.
Тағин кўп ўтмайин сертўлқин осмон
Оқариб ёришар — ним боқар офтоб.
Хуш ислар димоққа урилар шитоб,
Бу исларга туйиб бўлмас ҳеч қачон.

15
Лекин кунлар чумчуқ галаси каби
Қўним нима билмай енгил учишар.
Қорайиб боради булоқлар лаби,
Йўллар узра базўр изларинг тушар.
Тонглар теваракда шабнамлар бўлиқ,
Алқорлар жунжикиб чиқар қояга,
Ғалати тикилар қуюқ сояга —
Сезгайлар: куз ваъда этмайди иссиқ.

16
Ҳеч нарсага парво қилмайин, фақат
Мангу яшиллиқда яшнар арчазор.
Уни қизиқтирмас гуё бу фурсат,
Гўё бу хилқатда биргина баҳор.
Ёйилиб етгандир чўққигача то —
Қақшаган тошларни чиқишган ёриб.
Ҳатто бу тоғларнинг совуғи, қори,
Яшил либосидан қилолмас жудо.

17
Оҳ, сиру асрорим — куз, сендан мудом
Хушбахтман! Нақадар севаман сени!!!
Тезда қиш аёзин олиб келсанг ҳам,
Унинг муз бағрига отсанг ҳам мени.
Умрим меҳмонлиги фикримдан йироқ,
Сенинг нашьаларинг симириб, тўйиб,
Куйлагим келади гоҳ жим, гоҳ тўлиб
Ва саркаш илҳом ҳам куттирмас узоқ…

18
Салқин тушиб қолди тоғлар бағрига,
Вазмин кўтарилар дарадан тумон.
Эл-юрт кўчиб энди тоғ этагига,
Ёзги чорбоғларда намхушдур хазон.
Кеч қолган чўпон ҳам ҳайдар сурувни,
Серка йўл бошлайди чалиб қўнғироқ,
Жаранглаб турар у узоқ ва узоқ,
Уфқларга сингиб кетар охири…

1975

22 fevral — Atoqli shoir Azim Suyun tug‘ilgan kunning 75 yilligi

Ibrohim G’afurov
JIM-JIT BULUT ICHIDAN CHAQIN
Azim Suyun haqida hikoya
04

Hayot uchun kurashmoq imondandir

099Hayot uchun kurash degan iboraning mazmunini shoir va jurnalist Azim Suyunning bugungacha bosib o’tgan umr yo’lini bir butun holda ko’z o’ngingda gavdalantirganda, chuqur tushunish mumkin.

Hayot uchun kurash oddiy bir narsa emas. U odamning odamligi va odamlikning belgisi — irodaning irodaligini ko’rsatadi.

Ko’p odamlarni ko’rasiz: ular hayot uchun kurashmaydilar. Balki hayot bergan ne’matlarni izlanmay-qidirmay, bellari og’rib jafo chekmay, bir natijani mashaqqat bilan qo’lga kiritmay, isyonsiz-tug’yonsiz qabul qiladilar va to umrlari poyonigacha tasarruf etib o’tadilar. Ularning osoyishta, bir maromdagi porom umrlariga, topish-tutishlariga, el aro yashash — kun kechirishlariga havasing keladi. Bunday hayotga erishish juda qiyin bo’lsa kerak deysan. Buning uchun juda baquvvat ildizlardan oziq olishing, baquvvat zaminda ko’karishing kerak deysan. Ammo hammaga ham bunday baquvvat ildizlar va bunday emingarchilik zamini nasib etavermaydi. Qani endi, men ham shunday tinchgina tinchigan ko’lmakda bo’lsaydim, ko’lmakning o’zi bo’lsaydim, qani endi, oylar, quyoshlar, osmonlar shunday jimirlab, ohista mavjlanib ustimdan o’tib ketsalar edi, zotan har qanday girdoblar, talafotlar, po’rtanalar bu tinchgina ko’lmakni albatta chetlab o’tadi, deb armonlarga botasan kishi vaqt-bevaqt. Lekin bunday osuda hayotni qaerga buyurib topasan, azizim. Yaxshisi, bunday osoyishta jozibani inkor qilmagan, undan nafratlanmagan va uni tahqirlamagan holda, yana hushyor tortib o’zingga o’zing hisob bera boshlaysan, yo’q, men bunday osuda umrguzaronlikni istamagan, sog’inmagan va uni o’z yaqinlarim, birodarlarim, yurtdoshlarimga ham ravo ko’rmagan bo’lardim, deb ishonching ortadi o’ylab ko’rsang.

Azim Suyun universitetda tahsil olishni sog’indi. Gulduros qarsakli she’r o’qiladigan davralarni orzu qildi. Odamlarga o’z so’zini aytish ishtiyoqida yonib yurdi. U qiynalib o’sdi. Mashaqqat nimaligini xo’b bildi. Ancha zamonlar ilk she’rlarini birga o’qidik. Birga o’yladik. Birga fikrlashdik.

Azimning fikr tinglashga tashnaligi va ziyrakligini yoqtirib qoldim. Yupungina kiyingan, ko’zlari hamisha o’ychan va ma’yus boqadigan bu yigitchaning ishongani she’r edi. She’rga ishonib yashaydigan noyob odamlar kabi zehnining tolalari doim tarang va nozik tortilgan edi. U yaxshilikni, yaxshi so’zni tez uqar, tez qabul qilar, tez rioya etardi.

Shunga qaramasdan, she’r degan hur, serfiroq narsa unga oson kelgani yo’q. Izlana-izlana, o’rgana-o’rgana u o’z qalbidagi mudrab yotgan ko’hna hujayralarni, mudrab yotgan ko’hna ohanglarning torlarini uyg’otdi.

Azim ko’p tirishqoq yigitcha edi. Elliginchi yillarning nari-berisida dunyoga kelgan bolalar she’riyat, nasrda yaxshi davra oldilar. Azim yorqin iste’dodli do’stlari, tengqurlari, universitetdoshlariga jo’rovoz bo’ldi. Ularning guldurosli to’lqinlariga munosib qo’shilib bordi.

Murod Muhammad Do’st, Erkin A’zam, Usmon Azim, Xurshid Davron va yana necha-necha ularning tengdoshlari adabiyot va u orqali ijtimoiy hayotga milliy erk orzularining yangi to’lqinlari, yangi sadolarini olib kirdilar. Ularning asarlari bilan adabiyot yangilanish jarayoniga kirdi.

Azim Suyun shu avlodning sadosiga o’z jarangdor na’rasini ko’shdi.

Uning layoqati charxlanishga moyil edi. Charxlansa, charxlanadigan iste’dodini Azim o’zi kashf etdi.

Yetmishinchi yillarning boshimikin, Azim bir dasta she’rlarini iymangan, tortingan, betlamagan bir tarzda olib keldi.

— O’qib, bering, Ibrohim aka. Bo’ladi, qol desangiz, qolaman. Bo’lmasa, yurtimga ketaman. Ovchi bo’laman. Yozmayman. Mendan shoir chiqmaydi, vassalom! — deb aytdi u qattiq hayajon ichida. U  qiynala-qiynala shu qarorga kelganga, ahdidan qaytmaydiganga o’xshardi. Bundan ilgari xam uning ko’p mashqlarini birga o’qigan va birga bularni hali matbuotga berishga erta degan xulosaga kelgandik.

Azim uyg’onib, o’zini anglay boshlagan edi. Yangi yozgan turkumlarida bu baralla sezilardi. She’rlarida do’lvorlik, tanti, mardona, bag’irdor ohanglarga o’rin almashayotgani ko’rinib turardi. She’r toshqinlari uning vujudi, qalbini larzaga keltirib, rosmana o’z zabtiga olayotgan kezlar edi.

— Bunday she’rlaringiz ko’pmi? — deb so’radim undan. — Keyingi to’plamga ham yetadimi?
— Ko’p, aka, juda ko’p. Tinmay yozaman. Lekin o’zim bilmayman, bu balo nima, sog’manmi, telbamanmi?

Tez orada Azim Suyunning birinchi kitobi — «Mening osmonim» chiqdi. U ijodning jo’shqin pallasiga kirdi. She’r unga adirlardan suron solib keladirgan sel kabi yog’ildi. Ketma-ket kitoblari chiqdi. Katta davralarda guldirab she’r o’qidi. O’z yo’li, qiyofasiga ega bir shoir maydonga keldi.

Azimdan she’r xuddi momaqaldiroqdan chiqqan chaqindek chikdi. Bu tog’ momaqaldirog’i, tog’lar chaqinlari, tog’larning yolqinlari edi. Azim saksoninchi yillar boshida endi o’zini, o’z yurtini, o’z tog’larini, o’z yurtdoshlari va ularning orzularini to’la ochgan edi. Uning she’riga, asarlariga, sal keyinroq jurnalistika bilan shug’ullana boshlagach, publitsistikasiga Nurota tog’larining shukuhlari butun koloriti bilan kirib keldi.

U Nurota ohanglarini topdi. Xuddi Usmon Boysunni topganday, xuddi Murod Galatepani topganday, Azim Nurotani topdi. Axir, kichkinagina bo’lsa ham, o’z yeringni ishg’ol qilmasang, dunyoga qanday chiqasan, uni qanday ishg’ol etasan? Azimning barcha she’rlarini o’qing: hammasida Nurota zarblari, Nurota soylarining mangu ovozlari, burgutlarning mungli qiyqiriqlarini eshitasiz.

Ba’zan-ba’zan gazetchilikning mashaqqatli ishlariga sho’ng’ib ketgan chog’lar Azimni bir oy-yarim oy yo’qotib qo’yaman. So’ng ko’rishgan chog’larda u:

— Tog’larda edim. Cho’qqilarga chiqib ketdim. Cho’qqilarga chiqib turmasam, yasholmayman! — deb hikoya qilib beradi.

— Cho’qqilarning xatarini sevasizmi yo havosini? — deb so’rayman.
— Cho’qqilardan uzoqlarga boqishni yaxshi ko’raman. Olam faqat cho’qqilardan bunchalar keng va yaxlit ko’rinadi, — deydi Azim.

Bu gap unga yarashadi. Bu o’sha jim-jit bulut. Bu o’sha bag’riga chaqinlarini yashirgan bulut. U cho’qqilarsiz turolmaydi.

Uning shoir qalbi panoramani istaydi. Olam manzaralaridan bir butun xolda takrorlanmas tarxlari, ranglarining ajib izdihomlaridan zavqlanadi. Balki u cho’qqilarda kurash zavqini tuyar. Toliqqanda, susayganda, yana shu zavqlarni yangilamoq uchun cho’qqilarga boradi. Nurotami, Turkistonmi, Chotqolmi, Bobotog’mi, Xisormi, Zarafshonmi, Oloymi, Shohimardonmi, Qoldirg’a tizmalarimi — cho’qqilarni piyoda kezadi. Hissiyotlarining zalvorini sinaydi cho’qqilarda: yurt istiqbolini ko’rishni istaydi cho’qqilardan. Chinmi bularning bari yo o’yinmi — soxtami? Ajratib olishlikni istaydi.

Yashash uchun kurash! Azim Suyunning barcha yozganlari bu — yashash uchun kurash. Shu kurashning so’zlari. Shu kurashning ilhomlari.

Azim Suyunning badiiy jurnalistikasi ham uning hayot ufqlari qanchalar kengayib rang-barang bo’lib. mustaqil va ozod Vatanning sobit zarblariga to’la ham ohang bo’lib, uni qutlab, alqab, suyub, quchib, erkalab dunyoga kelayotgani ayon!

Ozodlik Azim Suyun va u mansub avlodning hayot va orzu ufqlarini behad kengaytirdi. Ularga yangi ruh, yangi nafas baxsh etdi. Ular milliy mustaqillikni orzu qilgan, unga erishgan, unga butun insoniy, farzandlik muhabbatini bergan avlod! Azim Suyun shu avlod safida sobit matonat bilan borayotir. Uning so’zi Istiqlol ishiga, milliy ravnaqimiz manfaatlariga jon-dil bilan xizmat qilyapti.

Azim Suyunning so’zlarida azim istiqlol va uning farovon ufqlari gavdalanadi.

Azim Suyun
SHE’RLAR
04

BUNDA YO’L YO’Q EDI…

Bunda yo’l yo’q edi…076
Kimdir bemalol
O’zicha qaygadir shu yerdan o’tdi.
Kunlar ilib-ilib
yoz kelgan misol

Ko’p o’tmay kattakon yo’l bo’lib ketdi.

QADIMGI SAROY SHOIRLARIGA

Shahanshohlar sha’niga ash’or bitib,
Maddoh umringiz safo o’tdi.
Yashadingiz xalqni unutib,
Hukmi haq! —
Xalq ham sizni unutdi!

HOLAT

Atrofimga qaraymanu…
Hamma kabi yashagim kelar.
Atrofimga qaraymanu…
Hamma kabi yashagim kelmas…

AZIZIM

— Azizim, ayting-chi, muhabbat nima?..
— Hayot dengizida suzgan bir kema:
Kimnidir bag’riga olgay qo’noqqa,
Kimnidir u tashlab ketgay qirg’oqqa!

YAPROQDA

Yaproqda osmonning ko’z yoshi —
Iztirob, alami, g’azabi.
Yaproqda osmonning quyoshi —
Tabassum, kulgusi va nozi.

HAQIQAT KO’ZGUSI

Men nishonman, men nishonman, men nishon,
Otildi ming-minglab o’q.
Men omonman, men omonman, men omon, —
Bittasi ham tekkan yo’q!

CHIDAY OLMAY…

Chiday olmay dardga-azobga,
Qushday ojiz qolgan vaqtlarim,
Otam kabi tushasiz yodga —
Chayir, g’olib tog’ daraxtlari!..

BAHOR DOIM…

Bahor doim bahorligin ayon etar,
Oftob nuri bulutlarni yorib o’tar.
Bijg’ib yotgan ko’lmaklarni ko’p ko’rdim-ey,
Oqar suvlar o’z yo’llarin topib ketar.

KATTALAR UCHUN TEZ AYTISH

Istibdoddan dod! —
Dodlar iste’dod.
Iste’doddan dod! —
Dodlar istibdod.

O’ZBEKNING DUPPISI…

O’zbekning do’ppisi boshida anvor,
Belbog’i va to’ni misoli do’st-yor.
Siymi zarin olsang olginu ammo,
Tegma Do’ppi
Belbog’
To’niga zinhor!!!

HAYOT DARSIN O’QIB KELDIM HAR QACHON

Hayot darsin o’qib keldim har qachon,
Goho sovub ketdim, goh tushdim terga.
Inson g’am, shodligi ekan yonma-yon,
Biri ko’kka tortar, birisi yerga.

BOG’NING…

Bog’ning zahar-qiyog’i bor,
Bulbulning zog’ siyog’i bor.
Kech bo’lsa ham anglab yetdim:
Do’stda dushman qulog’i bor.

ODAMLAR BOR…

Odamlar bor — dili charog’ —
Do’stlarimdir — chin dillidir
Odamlar bor — tili taroq —
Yovlarimdir — ming tillidir.

O’, O’ZBEGIM…

O’, o’zbegim, o’zim der,
O’z etini o’zi yer.
Biri ikki bo’lmasdan
Bo’lar bir gaz qora yer!

SHOIR

Rohatidan azob chekar,
Azobidan rohatda.
Birov: «Bu kim?» deb so’rsa gar,
Shoir, derdim, albatta!

BIR DAVRADA

«Biz kichik elmiz», — der qoraqalpoq do’st,
Yoqut, qo’miq, totor: «Biz ham…», — dedilar.
Qo’shildi qorachoy, oltoyu hakas…
Va lekin bir tilda so’zlar edilar.

QADIMGI SURA

Karaming keng marhamatli Ko’k,
Duo birla aylagaymiz yod.
Rahmat nurin boshimizga to’k,
Zaminga ber pokiza avlod!

BOLARI

Bolari tilida — og’zida asal,
Ming bir dardga davo, xushta’m va go’zal
Va lekin dumida nish — zahari bor,
Men uni unutib ko’p bo’ldim o’sal.

ESKI QOFIYA

Yuzing qani sening? Yuzing yo’q,
So’zing qani sening? So’zing yo’q.
Yuzing ham, so’zing ham, bo’lardi, ammo,
O’zing qani sening? O’zing yo’q!

QULOQCHIGA

Ne uchun ortimdan uzmaysan qadam,
Uzun-qisqa ko’lka singari mudom.
Qo’y, taniyman sening ikki yuzingni,
Tilining tagida tili bor odam!

O’RMONGA BORMADIM…

O’rmonga bormadim o’tin orqalab,
Quduq qazimadim daryo yoqalab,
O’z yukim yelkamda, ba’zilar nechun,
Taqdirimga tag’in turar o’t qalab.

MEN TIKILGAN…

Men tikilgan yulduzga
Navoiy ham tikilgan,
Shu yulduzning madhida
Bobur bayti yetilgan.
Bobolarim oldida
men nogiron bunchalar
Taqdirim-qismatimga
garchi baxt — taxt bitilgan?!

Ey, FALAK…

Ey, falak oshiq o’lib
oy kabi bir to’lmadim,
Oy kabi bir to’lmadim,
kun kabi bir kulmadim.
Kun kabi bir kulmadim,
o’lmadim, yo’q o’lmadim,
Bir umr armon lekin:
bir ko’rib bir ko’rmadim.

KUNNING KUZI…

«Kunning ko’zi bordir, tunning qulog’i» —
Ehtiyotkor o’sdim — shu ta’sir chog’i.
Ortiq ehtiyojmand emasman, yetar,
Nima bo’lsa bo’lar endi bu yog’i…

OTAM QABRTOSHIGA YOZUV

Beshiging o’xshaydi tobutga, Dunyo,
Tobuting o’xshaydi beshikka, Dunyo.
Bir eshikdan kutib oldingu o’zing,
Kuzatding ikkinchi eshikka, Dunyo.

ABDULLA QODIRIY XOTIRASIGA

Uning qabrini hech kim bilmas, deydilar,
Gulchambarlar qo’ygali kelmas, deydilar.
Bu dunyodan sir bo’lib ketdi-yu, ammo
Yuraklarga ko’milgani — sirmas, deydilar!

GADO TO’YI BOSHQA…

Gado to’yi boshqa, boy to’yi boshqa,
Azasi boshqadir, ko’y-kuyi boshqa.
Issiq-sovug’imni o’zim bilurman,
Uy-uyi boshqaning o’y-uyi boshqa.

DONO

Dono — boshin egar bu yurtda,
Nahs — ko’ksin kerar bu yurtda
Ahmoq podsho xatosi uchun
Lashkar javob berar bu yurtda.

SO’Z O’YIN

Oq qog’ozga chizdim bir gul
suratini bir dona deb,
Zamin usti, osmon osti
uzra yakto-yagona deb.
«Gul» deya ketgan edim,
qaytsam kimdir etibdi «G’ul»,
Shu-shu uni tark ayladim
mening uchun begona deb.

BU YURTNING…

Iqbolning qo’li kuydi,
Bulbulning tili kuydi.
Ne ko’rgulik bor tag’in,
Bu yurtning eli kuydi.

MENDAN…

Mendan senga yetar qandaydir bir o’q,
Sendan menga qaytar qandaydir bir o’q,
Birov-birovmizni shundoq otarmiz,
Bir kun olib ketar qandaydir bir o’q.

MUDOM TABIATGA…

Mudom tabiatga mehrim sochgandim,
G’alat holatlar yuz ko’rsatdi gohi:
Tog’da bir buloqning ko’zin ochgandim,
Ajab, qurib qoldi, o’zim guvohi.

YONMA-YON…

Yonma-yon o’sardi terak va chinor,
Kech kuz. Bir tun ichi urib berdi qor.
Ulkan chinor bargi so’ldi, sarg’aydi,
Nozik terak bargi yashnadi bedor.

DUNYODA…

Dunyoda sher yanglig’ yalqov hayvon yo’q,
Ul kabi g’aflatli, loqayd, nodon yo’q.
Lekin yaralansa duch kelma zinhor,
Bas keladigan bir kuch-darmon yo’q.

TANHO DARAXT…

Tanho daraxt yanglig’ turardim
bir’ yo’lning boshida munglu,
Ko’kdan tushgan singari yolg’iz
yo’lovchi bo’ldi ro’baro’.
«Bu yo’l qanday yo’l o’zi, aytgil?» —
so’rab qoldi ul daf’atan,
Men dedim: «To’g’riga to’g’ri yo’l,
egriga egri yo’ldir bu».

«QOPLON O’LDIRGANMAN…»

«Qoplon o’ldirganman…» bir ovchi menga
Yosh paytim maqtanib qilgandi bayon.
Yaqinda eshitdim — aytayin senga,
Chaqib o’ldiribdi uni bir chayon.

HAZIL

Qaddingni dor qil, erkam,
Qo’llaringni sirtmoq qil.
Roziman, mayli, o’lsam,
Meni ularga osgil.

TAAJJUB

Mana, ko’klam — issiq kunlardan darak,
Sen nega kiyinib olasan, daraxt?!
Aslo tushunmadim fe’l-huyingni,
Kuz, qish — sovuq… yechib otasan uni.

BO’LSIN DESANG…

Bo’lsin desang oshno umringda ma’ni,
Desang oxiratim rahmatga to’lsin;
Ko’ngil ko’zi bilan Ollohni tani
Va lekin ilkingda hunar yor bo’lsin!

TUYUQLAR

1

Ko’zlarimga boqsang edi bir sari,
Ko’rging edi: qanday u sari-sari.
Ne jafolar qilding, nelar qilmading
Va lekin topmadim hech sendan sari.

2

Toblanib o’tirar eding sen kunda,
Pinhona termular edim men kunda.
Bir kun ko’rib qolib, jilmayib, deding:
«Bolta tushgancha dam olibdi kunda».

3

Qo’limni uzatdim, qaytarma-surma.
Bir nazar qil, axir, unda bor surma.
Senga olislardan keltirdim atay,
Yuragim kuyugi — ko’zingga sur, ma!

QATRALAR

* * *

Barcha daraxt chiqarar yaproq,
Meva bermas barchasi biroq!

* * *

Tog’larning bag’rida noyob xazina,
Lekin hammasida xazina dema.

QAYROQTOSH

Sel chiqarib tashladi soyning chetiga,
O’roqchi oldi uni surtib betiga.

* * *

Oh qanday kecha bu! Osmonga qara,
Soch tarasang bo’ladir oyga qarab!

* * *

To’lib-toshib ketdi botirlar ichi,
Sandiqda bobolar shonli qilichi!..

KUZ

1
Salqin tushib qoldi tog’lar bag’riga,
Vazmin ko’tarilar daradan tumon.
El-yurt ko’chib endi tog’ etagiga,
Yozgi chorbog’larda namxushdir xazon.
Kech qolgan cho’pon ham haydar suruvni,
Serka yo’l boshlaydi chalib qo’ng’iroq,
Jaranglab turar u uzoq va uzoq,
Ufqlarga singib ketar oxiri…

2
Nurota tog’larin quchog’ida kuz
Ancha qisqa bo’lar va lekin go’zal.
Men uning qo’ynida kezaman yolg’iz,
Har qanday fasldan kuz menga afzal.
Ammo siz o’ylamang: jo’shqin va qaynoq
Jabhalardan qochib u yurar sarson.
Xilvat ungurlarda daydir begumon,
Ona yurt, xalqining tashvishi yiroq.

3
Bunday gumonlarga borsangiz, tayin,
Kechira olmasman bir umr sizni.
Ko’rganmisiz halol mehnat qilmayin
Burda non sindirgan asl o’zbekni?!
YO ayri tushganmi o’z zamonidan
Qoyadan parcha tosh uchgani misol.
Robinzon qismati bu xalqqa malol
Otashga sig’ingan olis onidan.

4
Men shu xalq farzandi, bazmi, to’yida
Qamishdan bel bog’lab xizmat qilgum soz,
O, xalqim to’ylari, jonim ko’yingda…
Ko’pkari urrosi yodga tushdi boz —
Bobolarning o’tli yuragi, qoni,
Shu shonli maydonda bo’lur namoyon.
Hey, bo’m-bo’sh qolmasin bu qadim maydon,
Tanti chavandozlar, gurkirang, qani!

5
Lekin aza yo’q deb kim ayta olar
To’ylar gurillagan ulug’ maydonda.
Beshafqat ajal goh changalin solar,
Aziz do’stni olib ketar bir onda.
Azador g’amiga bo’laman sherik,
Dardiga darddoshman hayot shomlari,
Faxriya bitganday u to’y damlari,
Marsiya bitaman g’amgin va o’ksik.

6
Mehnat esa menga hamisha hamdam,
Inson uchun burch u bizning zamonda.
Erkin, ozod sehri qadam-baqadam
Jonga singib borar dorilamonda.
Agar kimga buyuk maqsad bo’lsa yor,
Kimda orzu bo’lsa ezgu, bepoyon,
Unga qanot berar muborak Vatan,
Kim bizning saflarda bo’lsa barqaror.

7
Ammo kuz tog’larga yeyganda sepin,
Bag’riga chiqmoqqa topaman imkon!
Sertashvish mehnatlar yukidan keyin,
Bag’ishlar ruhga u lazzat va darmon.
Uzun xayollarga qilur zanjirband,
Yurakda qo’zg’atar ajib tuyg’ular.
Nomini tutqazmas qalamga ular,
Har qanday jarangdor so’zlardan baland.
Tog’ qizlarin ibo, nazokatlari,
Kuzning ruxsorida bo’ladi zohir.
Joningni oladir latofatlari,
Goh ular hikmatli, gohida sohir.
Goho keksalarning o’ychan va munis
Qarashlarin birdan tushirar yodga…
Davrada tikilib turganday o’tga,
Qalblarin yondirib allaqanday his.

9
G’azabin bemavrid tukuvchi g’addor,
Yoki asablari noziklar, hay-hay,
Ishongum, tog’ kuzin, kuzatsa bir bor,
O’zgalar qalbiga g’ashlik solmagay.
Yoki ruhi injiq, yo takabbur zot,
Uning lavhalarin uqsaydi, qani,
Umridan ajratib olardi ma’ni,
Bilsaydi qanchalar tabib tabiat.

10
Garchi kuz chehrasi emas serkulgu,
Garchi ko’p erkalab kuylamas shodon,
Goh dilda titroq mung uyg’otsa ham u,
Dilgir sukutlarga ko’msa ham, inon,
U sobir rejalar doyasi erur,
Donishmand otaday oladi qo’lga
Va boshlab yuborar muqaddas yo’lga,
Qarshingda manzillar raxshon ko’rinur.

11
O kuz, sening turlik ko’rinishlaring
Men uchun suyumli va aziz biram.
Oqshom cho’kkandagi urinishlaring,
Tonggi shafaqlaring sirli va teran.
Firuza soylarning qirg’oqlarida
Xazondan bexabar yashil maysalar…
Menchalik sevmagay o’zga kimsalar,
Umrning serma’sul bu chog’larida.
Erta saharlar, hey, salqin saharlar,
Chashma yellariday sarin va latif,
Sayyod shoshib o’tar bunday saharlar,
Xayolida semiz o’ljasin tutib.
Yilqi uyurlari quloqlarini
Ding qilib sharpaga tikilib turar.
So’ng birdan o’zlarin daraga urar
Qoldirib xazonrez o’tloqlarini.

13
Tog’da tunab ketmoq kuz payti maza,
Sheriklar bo’lsa gar davra qurilar,
O’rtada quruq shox yonar charsillab,
Tun zulmati bundan nari surilar.
Omonat o’choqda sho’rva qaynaydi,
Rivoyat boshlanur tog’lar haqinda
Va yo o’tmish — olis chog’lar haqinda
Qaydadir ukki qush bo’g’iq sayraydi.

14
Havo aynib turar tog’larda tez-tez,
Goho u badqovoq, goh o’yga cho’mar.
Goho bulut toshib kelar va shu kez
Qo’ng’ir tog’ o’rmonin yomg’irga ko’mar.
Tag’in ko’p o’tmayin serto’lqin osmon
Oqarib yorishar — nim boqar oftob.
Xush islar dimoqqa urilar shitob,
Bu islarga tuyib bo’lmas hech qachon.

15
Lekin kunlar chumchuq galasi kabi
Qo’nim nima bilmay yengil uchishar.
Qorayib boradi buloqlar labi,
Yo’llar uzra bazo’r izlaring tushar.
Tonglar tevarakda shabnamlar bo’liq,
Alqorlar junjikib chiqar qoyaga,
G’alati tikilar quyuq soyaga —
Sezgaylar: kuz va’da etmaydi issiq.

16
Hech narsaga parvo qilmayin, faqat
Mangu yashilliqda yashnar archazor.
Uni qiziqtirmas guyo bu fursat,
Go’yo bu xilqatda birgina bahor.
Yoyilib yetgandir cho’qqigacha to —
Qaqshagan toshlarni chiqishgan yorib.
Hatto bu tog’larning sovug’i, qori,
Yashil libosidan qilolmas judo.

17
Oh, siru asrorim — kuz, sendan mudom
Xushbaxtman! Naqadar sevaman seni!!!
Tezda qish ayozin olib kelsang ham,
Uning muz bag’riga otsang ham meni.
Umrim mehmonligi fikrimdan yiroq,
Sening nash`alaring simirib, to’yib,
Kuylagim keladi goh jim, goh to’lib
Va sarkash ilhom ham kuttirmas uzoq…

18
Salqin tushib qoldi tog’lar bag’riga,
Vazmin ko’tarilar daradan tumon.
El-yurt ko’chib endi tog’ etagiga,
Yozgi chorbog’larda namxushdur xazon.
Kech qolgan cho’pon ham haydar suruvni,
Serka yo’l boshlaydi chalib qo’ng’iroq,
Jaranglab turar u uzoq va uzoq,
Ufqlarga singib ketar oxiri…

1975

033

(Tashriflar: umumiy 1 993, bugungi 1)

Izoh qoldiring