Bahodir Karim. “Boshimni zo‘r ishga berib qo‘yibmen” & Saodat Fayziyeva. Yarim asrlik xazina

07Адабиётшунос олим Баҳодир Каримни 50 ёши билан чин дилдан  қутлаймиз

Адабиёт майдонида ҳам ўз ҳақиқатига содиқ қолиш жуда муҳим саналади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамон айнан шу тоифага кирувчи шахс, кўнгли бутун инсонлардан бири Баҳодир Каримовдир.

Баҳодир Карим
“БОШИМНИ ЗЎР ИШГА БЕРИБ ҚЎЙИБМЕН”
07

088Баҳодир Карим 1966 йилда туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. “Вадуд Маҳмуднинг 20-йиллар адабий танқидчилигидаги ўрни” мавзусида номзодлик, “ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси” (қодирийшунослик мисолида) мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

“ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”, “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси”, “Ўзбек адабий танқиди антологияси” китобларининг ғоя муаллифи ва тузувчиларидир бири. “Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд”, “Қодирий қадри”, “Янгиланиш соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин”, “Адабиётшунослик методологияси” каби китоблар муаллифи.

07

Одамни турмушдаги турли ҳолатлар, қувончли ҳодисалар, кўргиликлар шоир қилади, ёзувчига айлантиради. Ҳақиқий санъат асарлари дард, гўзал ҳис-туйғулар маҳсули. Адабиётшунослар ҳам дардли ва туйғун одамлар, бадиий ижод аҳлининг ҳамдардлари…

Муайян бир соҳага, дейлик, адабиётга қизиқиш ҳар кимда турлича кечади. Кимдир устозига эргашади, бошқаси китоблар билан ошно тутинади. Кундалик ҳаётнинг ўзи бир дунё.

Болаликдан бир шингил… Иккинчи жаҳон уруши биздан анча йироқ. Бироқ уруш даҳшати, унинг азиятини буви-энамдан кўп эшитдим. Карим бувам урушдан қайтмаган. Тўрт боласи билан йигирма уч ёшида энам бева қолади. Бошқа турмуш қилмайди. Урушнинг юракни ўртагани, оила таянчидан, бир қанотидан ажратгани шу. Етти ёшида етим қолган отамнинг хотирлашича, яқинлари энамни “ҳали ёшсан” деб мажбуран қайта турмушга бермоқчи бўлганларида, иложсизликдан ҳатто ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган эканлар. Аллоҳнинг марҳамати билан тирик қолади. Шундан сўнг яна олтмиш йил умр кўриб, саксон уч ёшида бандалик қилди. Бувимизнинг сўзи қатъий, суҳбати ширин эди. Айтаётган воқеалари бири иккинчисига занжирдек уланиб кетаверарди. Бундай ўйлаб топилмаган ҳикояларнинг “сюжет”ига, тугуни ва ечимларига ҳали-ҳалигача ҳайратланиб юраман. Энамнинг кўз ёшини деярлик кўрган эмасман. Тақдир ҳукмига бўйин эгган, дийдаси қотган, кунлик ибодатда қойим эдилар, раҳматлик. Муаммоларни жуда осон ҳал қиларди. Гаплари қисқа, кескир, буйруқли, мазмунли, мақолли ёки бир-икки сатр шеърий ҳикматли бўларди: “Тинмасанг тинарсан, тинсанг тинмассан”, “Истаганинг эмгак бўлса, икки кўзинг кўмгак бўлар”, “Йиғлаганни сўрама – ўлгани бордир, кулганни сўрама – билгани бордир”. Агар кайфи чоғ бўлса, баъзан қўшиқ айтиб қоларди: “Тахта кўпир устидан, Тойиб тушдим ёр-ёр” ёки ўзи тўқиган “Қора киши қора телпак киярми? Бизни қўйиб тул … суярми?” тарзда. Бу қўшиқлар унча кўп эмас, саноқли, доим такрорланадиган. Эртак, чўпчакларни ёқтирмас эдилар. Сўралса, жавоби бир оғиз сўз: “Билмайман”. Ёки “Карим бувамизга турмушга чиққанингиздан сўзлаб беринг”, деган илтимосларга, ҳаё-ибо қилганиданми, ҳар тугул “Унинг нимасини сўзлайман. Совчи келди. Тўй бўлди. Бир туя арава юк билан келдим. Манглайимга сиғмаган экан, буванг кетди, мен қолдим” деб жавоб берарди. Энамнинг бошидан ўтган воқеалар шундай ҳазин, шу даражада қисқа, аниқ ва аксар ҳолатларда деталлаштирилган бўларди. Балки шулар изҳори мени сўз йўлига бошлагандир.

Адолатсизлик, тенгсизлик, туҳматлар, камситишлар, ҳақоратлар, кўра-била туриб бировнинг кўзига чўп тиқиш – булар одамни руҳан толиқтиради. Кичик бир мактаб жамоасида, зиёлилар муҳитида ҳақиқат, тўғрилик, адолат учун якка ўзи туриб, кўкрак кериб мардона сўз айтган отам ноҳақликка, туҳматга учрагани – болалик хотирамдан ўчмайдиган ҳодиса. Мактабдаги отам парваришлаган боғнинг меваларини еб, қолдиқ ва тошдек данакларини унинг ўзига қараб отишган. Бу ҳодиса энамнинг сочини оқартирган. Беш ёшларимда бир маҳкамага мен билан бирга кириб: “Боламни ерга урдинглар-а!” деб алам ва нафрат билан қўрқмай гапиргани ҳали-ҳали қулоғим остида жаранглаб турибди. Онам раҳматли тиббиёт ҳамшираси бўлганлар. Бизга билдирмасдан онамнинг (Аллоҳ раҳмат қилсин, жойлари жаннатда бўлсин) йиғлаб олганларини бутун вужудим билан, юрак-юракдан ҳис қилган паллаларим бўлган. Эсимни танигандан бери билардим: қишлоқ аҳлига ёрдамини аямадилар. Уйи­миз гўё дорихона – ҳар вақт беморга дори-дармон биздан.

Кечасими-кундузи – фарқи йўқ. Ярим тунда деразани кимдир чертади ёки дарвоза тақиллайди: “Чечамни дард-тўлғоқ тутиб қолди, Зиёда опа, ёрдамингиз керак”. Бориб энагалик этиб, тонг ёришганда уйга қайтадилар. Бундай ҳодисалар кўп бўлган. Аммо бирор марта қош чимирганини ёки оғринганини эслай олмайман. Бугун ўша мурувватларни тафаккур тарозисига солиб тортаман…

Шу хотираларнинг ўзи қизиқарли тарих, реалистик адабиёт. Ҳаёт одамни ижодкор қилади, кўнглида эзгуликни уйғотади. Балки шундай ҳодисалар боис йўлим Сўз томон бурилгандир. Яхши сўздан кўнгил ўсади, ёмонидан чўкади.

Қолаверса, адабиёт билан шуғулланишимга мак­табдаги адабиёт муаллимларим Худойберган Бек­чанов, Олим Тўраевлар баробарида кўпроқ отам сабабчи бўлганлар. Ўзи физика-математика ўқи­тув­чиси бўлсалар ҳам, адабиётни, шеъриятни яхши кўрар эди. Оиладаги суҳбатларда, мактабдаги дарс маҳалларида бирор бир формула ёки теорема ёнига беихтиёр Алишер Навоий, Махтумқули, Ҳамид Олимжон, Маяковс­кий ёки бошқа бир шоирнинг мисраларини мисол қилиб келтирар эди. Бу физика дарсидаги лирик чекиниш бизга завқ бағишларди. Физика, математикани яхши ўқиганман. Ҳозир ҳам шу соҳа мутахассисларининг суҳбатларини эшитиб қолсам, завқланиб кетаман. Бир ҳасадим ҳам келади. Агар филолог бўлмасам, физика ёки математика муаллими бўлармидим, деб ўйлаб қўяман. Чунки мактабда шу соҳага тегишли маълумотларни кичкина ён дафтарчамга ёзиб юрар эдим. Олимпиадаларга ҳам шу йўналиш бўйича қатнашиб, ўринлар ҳам олган эдим. Аммо ҳозир ҳам ўша аниқ фанларни соғиниб қолсам, болаликни қўмсаб баъзан адабиёт дарсларида уларга мурожаат қиламан. Университетда математик, физик ўртоқларим бор. Уларнинг мен тушунмайдиган рақамлар устидаги баҳсларидан завқланаман, аммо суҳбатларига аралаша билмайман. Адабиётшуносликда ҳам шундай мураккаб нуқталар бор. Бу руҳият ва эстетик дид масаласи. Шуни англамаслик ва шу диднинг шаклланмаслиги бадиий адабиёт кушандаси деб ҳисоблайман.

Университет ёки таҳсил… Миллий университетнинг ўзбек филологияси факултетида ўқидим. Бир соат дарс берган ҳар қандай муаллимдан миннатдорман, қарздорман. Устоз улуғ инсон, сўзи, маслаҳати табаррук. У зотлар сабоғидан баҳрамандлик, тавсия этган китобларини ўз вақтида ўқиш биз талабаларни ўстирди. Университетда катта авлодга мансуб адабиётшунос, тилшунос устозлардан филология илмининг сир-синоатлари бўйича маърузалар эшитдим; кейинчалик бошқа улуғ олимлар, кўплаб ижодкорлар суҳбатларидан баҳраманд бўлдим… Дарвоқе, ўқиган йилларимиз факултетда ёш, талантли мунаққид Раҳмон Қўчқоров “Ёш танқидчи” тўгарагини бошқарар эди. Баҳс-мунозара, ҳатто деворий газетада чиққан мақолалар муҳокамаси, сўнгра “Ёшлик”нинг анкета саволларига жавоблар, дастлабки қадамлар – буларни эслаш мароқли. Бир пайт шу тўгарак анжуманида маъруза қилдим. Бадиий асар тили тўғрисида. Маъқул келиб, матнни Раҳмон ака “Шарқ юлдузи” журналига тавсия этди. Юракда ишонч улғайди. Орадан анча вақт ўтиб, талабаликнинг охирги йили шу “Насрдаги назокат” мақолам чиқди. Биринчи чиқишлар гашти бошқача. Қайта-қайта ёзганингга қарайсан, қувонасан, умидланасан, орзуларга бериласан…

Негадир биринчи чиқиш, биринчи китоб ёки умуман китоб чиқаришнинг кейинги даврларга келиб юки анча енгиллашиб қолди. Бунда ҳам гашт бормикин?

Тўқилмаган латифа: Бизнинг ўқув даргоҳимиз би­­­лан Лейптсиг университети орасида шартнома бор эди. Улардан талабалар бизнинг университетга келар, ёз­да биздан ўн-ўн беш нафар талаба у томонга борар эди.

1989 йил ёзи. Талаба эдик. Университет талабалари билан поездда Москва, Брест, Полша орқали Германияга бордик. Тунда Берлин вокзалига бориб тушилди. Очиққан эдик. Беш-олтитадан тамадди қилиш ниятида атрофга тарқалдик. Қоронғу тушган, шаҳар аҳолиси ширин уйқуда. Биз эса ошхона излаймиз. Бир оз юргач, ёш боласини елкалаб келаётган бир кишига дуч келдик. Энди хорижга чиққан киши тил билиши лозим. Талабаларимиздан ҳар ким қайсидир тилни билади. Нозим инглиз тилида, Неъмат франтсуз, мен эса немис тилида шу атрофда ошхона борми, деган мазмунда чайналиб сўраймиз. Аммо қаршимиздаги кимсадан садо чиқмайди. Елка қисади. Жим. Шунда умуман бирор чет тилини билмайдиган Фаррух қўлини оғзига олиб бориб: “Ҳям-ҳям, ням-ням”, деди. Рўпарадаги кимсага жон кирди: “Наверно там, там, ребята”, деди қўли билан ишора қилиб. Шарақлаган кулгу кўтарилди, Берлин шоҳбекати ёнида. Чунки ҳаммамиз рус тилини билар эдик. Ҳалиги киши ҳам бизга ўхшаб энди поезддан тушган ва навбатдаги рейсни кутиб, айланиб юрган экан. У замонлар Германияда рус тили кенг қулоч ёйган эди. Шу-шу сабоқ бўлдики, бир ой давомида олмон юртида юриб бирор нотаниш кимсадан аввал: “Шпреҳензи руссиш?” дея сўрайдиган бўлдик.

Ҳаётда бир умрга эсдан чиқмас воқеалар, ота­дек мўътабар инсонлар, табаррук масканлар бўлади. Шахсан мен учун Ўзбекистон Миллий университети – бешикдек табаррук маскан. Бу даргоҳдаги устозлар ўгити бир умрлик сабоқ; топган қадрдонларим кўнгил дўстларим. Инсон жисми заминнинг қайси бир гўшасида бунёд бўлиши, туғилиши мумкин, аммо чин маънодаги маънавият масканларида руҳан таваллуд топади; фикри етилади; мева беради. Ўзбекистон Миллий университети муаллими сифатида хорижда ўтадиган анжуманларда қатнашиш ҳам кўнгилга сурур бағишлайди. Лейптсиг, Берлин, Истанбул, Анқара, Қрим­га бордим. Айниқса, истеъдодли математик, фи­­зика-математика фанлари доктори, профессор Р.Р.Ашуров билан бирга 2005 йил баҳорида Пекиндаги Мил­латлар Марказий университети раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик, ўша университетда ўзбек тили бўлимини очиш масаласи бўйича ЎзМУ номидан музокаралар олиб борган эдик…

Китобли хотиралар… Болаликда ўқилган яхши китоблар таъсирли бўлади, эсдан чиқмайди: “Робинзон Крузо”, “Том тоғанинг кулбаси”… – суратлари билан ҳа­ли-ҳали ҳам кўз ўнгимда. Инсоният тафаккурининг энг бебаҳо, тенгсиз кашфиёти китоб. Китоб ёлғизга ошно, беморга дардкаш, муҳтожга маслаҳатчи, йўлсизга дар­ға; маънавий касалликларга дармондори…

Баъзан хотираларда китоб жонланади. Талабалик йилларида “Йиллар армони” китобининг қайта нашрига Хиёбон биқинида жойлашган Ёзувчилар уюшмаси остонасида туриб, Абдулла Орипов менга биринчи дастхат, ёнимдаги курсдошим, шоир дўстим Бобомурод Эралига “Дастхат №2” деб тилаклар ёзиб бергани, ноширлар китобини қайта чиқаришда шоир сувратини “ёдларидан чиқариб қолдирган”лари хусусидаги бир оғиз гапларини эслайман.

Ўша талабаликнинг беғубор паллаларида бошқа ижодкорлардан ҳам дастхатлар олганмиз. Улар бе­ғараз, самимий, биз интилиб, излаб, ютоқиб, қувониб олинган дастхатлар. Қадрли, қадрдон, кўзга суртиладиган табаррук ва беғараз имзолар. Даврлар ўтгани сари дастхатларнинг мазмуни ҳам, одамига тақаладиган рост-ёлғон, самимий-носамимий, чин кўнгилдан-тил учида каби сифат кўринишларига ҳам ажралиб боравераркан. Адабиётчи хонадонида китоб бўлади. Китоб жавонимдаги дастхатли китоблар бир дунё. Уларда ҳам ҳикмат бор. Китоблар мазмунига қараб эъзозланади. Улар ҳам одамга ўхшайди. Кўнглинг тиламаган, жининг олишмаган, ёқимсиз бирор кимсага рўбарў келиш, суҳбатлашиш кайфиятни туширади. Жавондаги китоблар ичида бебаҳолари руҳиятни кўтаради, уларни ўқиш, бамаъниликдан баҳрамандлик, завқланиш ва ҳайратланиш муаллифи билан ҳамсуҳбат бўлиш демакдир.

Талабалик йилларимиз “Йиллар армони”, “Му­ҳаббатнома”, “Сабр дарахти”, “Сени яхши кўраман”, “Дарс”, “Уйғоқ тоғлар”, “Болаликнинг овози”, “Ухлаётган қиз” каби шеърий китобларни ўқиб чиндан завқландик, намуналар ёд олган эдик. Негадир кейинги давр китобларидан бундай завқни топиш қийин кечмоқда. Ё қалб қотиб бораётирми, мулоҳазакор бўлиб қолдикми, манфаатпарастликка йўлиқдикми, майдалашдикми ёки шеъ­ру достонлар аҳволи ночорми? Билмадим, билол­мадим. Сабаби об-ҳавоми ёки нарх-наво? Билол­май ҳай­ронман.

Ёшлик йиллари катта орзулар денгизида сузасан. Имкондан улкан орзу-ниятлар. Ўзинг истаб, китоб ўқиш сурури – бошқача завқ. Мажбурият учун, имтиҳон топ­шириш ёки машғулотлар ўтказиш учун ўқилган китоб билан кўнглинг тусаб ўқилган китоб ўртасида фарқ бўлади.

Ҳозир баъзан соҳамиз, касбимиз тақозосига кў­ра китобларнинг қўлёзмаларини ёки янги нашрга тақриз ёзиш учун ўқишга ҳам тўғри келади. Тўғриси, кўп ҳолларда тугай қолса эди, деган илинжда, охирги саҳи­фаларини қўмсаб, зерикиб, оғриниб, малолланиб, кинна киргандек тинимсиз эснаб, уйқусираб, ғижиниб, кўнгил айниб ўқийди одам.

Нима демоқчиман? Ёзаётган одам ўз асаридан ўзи завқланмаса, бировнинг қалбида туйғулар туғ­ё­нини кутиш керакмас. Ўз ёзганига ижодкорнинг ўзи ҳайратланмаса, бировдан ҳайрат кутиш тўғри эмас.

“Нима учун ёзасан? Ёзганинг кимга керак? Ёзмасанг бўлмайдими? Шу дарак гапларнинг эга-кесимини алмаштириб “шеър қилиб” ёздинг нимаю, ёзмасанг нима?” Ёш, бошловчи ижодкорни шундай саволлар ҳамиша безовта этсин.

Ёзиш… Ҳар ким ўзининг манглайига битилган тақ­дири ёзуви измида ҳаёт кечиради. Ҳар кимнинг ишлаш тарзи ҳар хил. Интизом асосида ишлангани яхши. Ҳозир вақт ва жой танлашга вақт йўқ. Адабиётчи учун фикр муҳим. Янгича қарашлар, янгича таҳлиллар, қиёслар… Фикр вақт ва жой танламайди, энг ёмони тутқич бермайди. Келади-кетади. Шунда “меҳмон”нинг иззатини ўз вақтида жойига қўйиб, бир парча қоғозга нимадир қайд қиламан. Сўнг ҳаммаси хаёлда юрган мулоҳазалар секин-аста тизилади, шаклланади. Режалар тузилади, манбалар жамланади: ёзиб ўчирилади, ўчириб ёзилади. Шаклланаётган фикрни аниқ бир изга солиш, ора-орада иборалар ёки ўхшатишларни қўллашни яхши кўраман. “Устоз, ёзишни қандай ўр­ганса бўлади?” Ёдимдан чиқмайди – бир вақтлар журналистика факултетини битирган йигит шу саволни берган эди. У радиода гапиришга ихтисослашган, шекилли. Аввалига ҳайрон қолдим, сўнгра тушундим. Нима дейман? Ёзишни фақатгина ёзиб ўрганилади! Ўхшамаган девор қайта қурилади, парчаланади, таъмирланади. Ҳофизларга ҳам, нотиқларга ҳам, рассомларга ҳам – умуман ҳар қандай соҳада истеъдодли одамнинг машқлари оқибатда улкан тажриба ва санъат мақомига чиқади.

Баъзан ёзадиганларим режаларда, сарлавҳалар­да узоқ қолиб кетади. Масалан, бир мақола учун “Тақриз нима? Тақризчи ким?” сарлавҳасини қўйиб, бир-икки жумла ёзганимга бир неча йил бўлди. Дейлик, унда ажойиб шоиримиз Нодир Жонузоқнинг: ёшлигида ўз асарларига ўзи яширин тақризлар ёзган “устозим””, деган фикридан ҳам фойдаланишни мўлжаллаган эдим. Орадан анча вақтлар ўтди, лекин ҳалигача шу мақола ёзилгани йўқ. Эҳтимол, кўнгил тўладиган яхши бир мақола бўлар, балки шу ҳолича охиригача ёзилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Шунга ўхшаб йиллаб навбат кутганлари, ҳалигача кутиб турганлари бор. Бундан ўзим ҳам хурсандман. Баъзан фикрни синовдан ўтказиш-апробация учун талабаларни аудиториясига олиб кираман. Кўзлар чақнаса, саволлар ёзилса, манбаларни суриштириш бошланиб, қизиқиш ортса, демак, бунда бир ҳикмат бор, об-ҳаводан баҳор нафаси келади.

Ижод сурури, завқи бутунлай бошқа нарса. Уни бошидан ўтказган ҳис қилади. Бугун негадир ижод деганлари ямоқчиликка ўхшаб қолди. Айрим ёзадиганлар китоблардан, бировларнинг мақолаларидан ки­тоблар ясаш йўлига ўтиб олди. Бунга рукн топиб қўйдим: “Кўрганларимдан кўчирганларим” деб.

Аслида ёзиш ҳар кимда ҳар хил кечади. Бу ижод ишининг ҳаммага татбиқ қилинадиган, ҳамма учун мос келадиган аниқ бир формуласи йўқ. Ҳар куни тинимсиз ёзиб, ҳар ойда битта китоб чоп эттирадиган ёзувчилар ҳам бор. Бундай асарнинг тез ёзилгани учун қиймати тушиб кетмаганидек, бир неча ўн йиллаб ёзилган асар узоқ давр мобайнида ёзилгани учун қадри ошиб ҳам кетмайди. Гап асарнинг тез ёки секин ёзилганида эмас, ҳамма гап унинг ҳақиқий санъат намунаси сифатида яшаб қолишида, инсон руҳий-маънавий дунёсига озуқа беришидадир.

Одам табиатан насиҳатга, маслаҳатга, ўзи амал қилмайдиган гапларни айтишга уста. Аммо амал қи­лиш, сўзи устидан чиқиш – бу қийин гап. Мен ижодкорнинг сўзи ўзига, ўзи сўзига ўхшаши тарафдориман. “Ҳайҳот, мен тоза телба” деб ёзган шоирнинг “товламачи” эканини билиб қолиб, ёмон хафа бўлдим.

Ижодкорга аҳамият бу муҳим тамойил, жамиятнинг маданий, маърифий даражасини намоён қилади. Аммо аҳамият деганлари бу доимий опичлаб, етаклаб юриш, тувакдаги гулдек парваришлаш эмас, албатта. Бу аҳамият бир сониялик, бир соатлик, бир кунлик бўлиши мумкин. Аммо ана шу руҳий, маънавий, моддий қувватнинг инерцияси асарларга таъсир этади; асрларга етади.

Назаримда, “Ўз ишимдин бул ажаброқ достоне топмадим” ёки “Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен” каби тамойил ҳақиқий ижодкорга хосдир. Ўз ишини билиш, унга муҳаббат, ўз ижодидан таажжубланиш ва ундан қониқмаслик – бу муҳим туйғу ҳаракат манбаидир. Бирор ишни қойилмақом қилиб қўйдим, деган шоир, адиб, адабиётчи адашади. Чунки табиатан инсон заиф қилиб яратилган, унинг ижодида, китоби ёки мақоласида ҳам­­ма вақт номукаммал ўринлар, баҳс-мунозарали маса­лалар, очиқ нуқталар, бўшлиқлар бўлади. Баъзан менга улкан, дабдабали илмий унвонлар билимсизлик юзига тутилган пардага ўхшаб кўринади.

Эҳтимол аввал ҳам айтгандирман. Ижодкорларнинг болалиги беғубор. Энди ижод майдонига биринчи асарлари билан кириб келган ҳар қандай ижодкор ўз ижодий биографиясининг гўдаклик даврини бошидан кечираётган бўлади. Ёш боланинг, энди дунё юзини кўрган чақалоқнинг кўзларига ҳеч қараганмисиз? Чақалоқ кўзида беғуборлик, тозалик, ҳали дунёнинг турфа ўйинларига рўбарў келмаган бир покиза кўн­гилнинг, ҳали ёзилмаган оппоқ қоғоздек тозаликнинг инъикоси бордир. Манфаатлар, унвонларга, мукофотларга, шуҳратга, ўзини тарғиб-ташвиқ қилишга ўчлик ижодкор кўнгли ва кўзини кўр қилади.

Узоқ тарихда шундай ижодкорлар бўлганки, уларнинг жисми аллақачон фоний дунёга юз тутган. Аммо асарлари ҳамон тирикдир. Бу асарлар ҳар куни одамлар билан мулоқотга киришади; ишқи, дарди, армони одамларнинг юрагига ўрлайди; юрагини ўртайди.

Яқин тарихда шундай ижодкорлар ўтганки, жилд-жилд асарлар ёзган ва улар ўз вақтида кўп минг нусхада босилган ҳам. Бироқ улардан ёлғиз “ёзғувчи” номининг ўзигина мерос қолгандек; ўзлари ҳам, асарлари ҳам раҳматли бўлиб кетгандек таассурот қолдиради.

Адабий жараёнда, ён-атрофимизда шундай истеъдодли ижодкорлар борки, уларнинг ўзлари ҳам, асарлари ҳам тирик. Ҳозирда жисман ва руҳан тетик. Улар ўзини, ўзлигини, кимлигини, “мен”лигини, даражасини, ўрнини қайсидир маънода жуда яхши англайди. Руҳи жонидан асарлари умрбоқийлик қувватини олади; тириклик сувини ичади. Мабодо бу тоифа ижод­корлар ажали етиб, фано диёрига йўл олсалар ҳам, асарлари узоқ умр кўрадиганга; кўркам ҳақ сўзи учун қалам эгаларига раҳмат эшигидан савоби етиб ту­радиганга ўхшайди.

Ижодкор учун ёзганини биров ўқимаганидан кат­тароқ фалокат ва фожиа бўлиши мумкинми? “Ўзим учун ёзаман”, деган камтарлик ортида манманлик ва худбинлик борга ўхшайди. “Танқидга эътибор бермайман”, деган ижодкор гапида ғайритабиийлик ва аразлаш борга ўхшайди. Бадиий асар адабий танқид воситасида адабиёт тарихида яшаб қолиш васиқасига эга бўлолмаслигига ХХ аср гувоҳ. Бадиий асарни адабий танқид соҳаси яшаттирмайди, балки адабий-танқидий мақолани бадиий асар яшаттиради. Дунёдаги энг машҳур адабиётшуносларнинг барчаси бетакрор истеъдод ва улкан қалб эгалари бўлган адибларнинг хизматлари эвазига ном қозонганлар; нонини топиб еганлар. Бу ҳам ҳақиқат.

Йўллар… Бугунги бизнинг адабиётшуносликда таҳ­­лил ва талқин методлари янгиланиши керак. Жа­­ҳон­даги янгича адабиётшунослик мактаблари ва тал­қин услуб­­лари жиддий ўрганилиши лозим деб ҳисоблайман. Ба­диий асар сюжетини қайта сўзлаш, бадиий асарнинг бир қатор фазилатларини муаллиф кўнгли учун мақтаб, “жузъий камчиликлари бор” тарзидаги анъанавий қолиплар ўзини оқламайди. Бу шаклдаги адабий мақолаларни асарни ўқимасдан ҳам ёзиш ва ўша типдаги ёпинчиқ мақолаларни исталган бир асарнинг устига ёпиш мумкин. Адабиётшунос бадиий асардаги бировлар кўрмаган нуқталарини топсин, фазилатини, индивидуал хусусиятини очиб берсин.

Бир даврлар бўлдики, ҳамма адабиётшунослар ёппасига жадидшунос бўлиб қолди. Ҳозирги кунда шу ёпирилишнинг ҳовури пасайди. Шахсан мен адабиётшуносликда шу соҳадаги кенг қамровли, қиёсий-типологик тадқиқотлар давом этиши лозим деб ҳи­соблайман. Чунки ўша миллий уйғониш даври адабий манбаларининг табдилларида, ҳатто қайта нашр­ларида ўнлаб хатолар кузатилмоқда. Қайта нашрларда, бировлар ҳозирлаган манбани ўзлаштирмасдан, тайёр изоҳларини стилистик тарафдан ўз номига хатламасдан, зарур бўлса, асл манбанинг ўзини айнан кўриб, ўқиб ва шу асосда адабий матнлар билан мулоқотга киришган одам илм адабининг олтин калитини қўлида тутган бўлади.

Бадиий асарлар тўғрисида иншолар ёзилганда “фалон-фалон асар менда унга нисбатан наф­рат, ҳаётга нисбатан муҳаббат уйғотди”, деган бос­мақолипли (стереотип) фикрлар баён этилади. Аслида инсон ҳаётсевар, умидли бўлиши; ичкарисини такомиллаштириши керак. Бу жараён истайсизми-йўқми бир ҳақиқатни тан олмагунча кемтик бўлиб қолади. Бу ҳақиқат – ўлим ҳодисаси. Ҳар қандай инсон бошига келадиган ўлим ҳақида ўйлаш керак. Л.Толстойнинг, ҳақиқий файласуфлар охир-оқибатда ўлим масаласини муҳокама қила бошлашади, деган мазмундаги гапи бор. Ўлим – бадиий адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси. Дунё адабиётида ўлим билан ҳаёт чегарасини махсус тасвирлашни ўзлари учун асосий тамойил қилиб олган фалсафий йўналишлар бор. Демоқчиманки, бадиий адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсоннинг ўлим ҳодисасига табиий муносабатини ҳам тарбиялашдан иборат. Аслида бу вазифа моҳиятида ҳам эзгулик мавжуддир.

Хонадонда туғилган фикрлар… Чинакам санъат, чин бадиий адабиёт кеча, бугун, эрта – шу уч замон чегарасидан чиқиб, абадийликка юз тутади. Ўзбек адабиётининг бугунги ҳолатига келсак, бу хусусида гапириш осон эмас. Ижод қилаётганлар, шеър, дос­тон, ҳикоя, қисса ва роман ёзаётганлар сони кўп. Китоблар, шеърий тўпламлар чиқараётганларнинг сони ҳам кўп. Аммо мазмуни, оригинал бадиий кашфиёт масаласи доим муаммо. Биз учун мумтоз адабий сиймолар ва жаҳон адабиёти мезон вазифасини ўтайди. Адабиётда оригинал бадиий кашфиётлар юзага келса, албатта, янгидан-янги адабий назариялар пайдо бўлади. Бугунги адабиётни бойитишга адабиий танқид ўз ҳиссасини қўшиши керак, деган мулоҳазалар айтилади. Бироқ адабий танқид учун адабий майдон, таҳлил ва талқин қилиши учун арзигулик бадиий асарлар керак. Чунки саксовулга ҳеч қачон мева битмаслигини, анор ё анжирга дўнмаслигини ҳамма билади. Саксовул ўтин бўлади. Сояси ҳам йўқ ҳисоби. Муҳими асар. Уйга ўхшатиб қурилган бир чайла атрофида гиргиттон бўлиб, “бино”ни Миср эҳромларига қиёслашда қандай мантиқ бор?

Маънавияти баланд, руҳи тетик, юраги кенг ижодкорларга ҳавас қиламан. Тасаввуримча, улар Сўзга хиёнат қилмайдилар. Шулар борлиги учун дунё гўзал, тинч, осойишта, файзли. Гарчанд бир қанча китоблари оммалашган бўлса ҳам, инсонийликдан тубан ва руҳан мажруҳларини кўриб ўз ҳолимга шукрона айтаман.

Бадиий адабиёт гўзаллик асосига бино бўлиши лозим. Инсон қалби нақадар гўзал, нақадар олижаноб ва холис бўлса, унинг асари шу даражада улуғворлик касб этади. Агар ижодкор ишқни тасвирламоқчи бўлса, бу бебаҳо мавзуни авайлаши, покиза юрак билан ёзгани маъқул. Ишқ-муҳаббат билан ҳирс ўртасида кат­та фарқ бор. Ҳирсий майллар баёнини айрим ёзув­чилар му­ҳаббат йўлида асар битганига алмашти­риб қўя­ди­лар. Ишқ жавҳари нафс ва ҳирс ботқоғига кўмил­масин.

Дарвоқе, маънавият хазинасидаги дурдона асар­­­­ларни китобхон тирилтиради. Асарлари абадий ўқув­чиларини топган қалби бутун ижодкордан кўра саодатлироқ инсон бўлмаса керак.

Хонадон хотиржамлиги… Бу ижодкор учун жуда муҳим неъмат. Шукр, алҳамдулиллаҳ, оила муҳитидан шикоятим йўқ. Хотиним иқтисодчи, ҳамшира. Аммо бу соҳаларда ишламайди; уйда болаларимнинг таълим-тарбияси билан машғул. Кундалик уй вазифаларига, дарсларига ёрдамлашади. Биз учун шарт-шароитни жуда ўрнига қўяди. Қизларимнинг катталари лицейда ўқийди, кичиги мактабда. Адабиётга ҳам, бошқа соҳаларга ҳам қизиқишлари бор. Уларнинг айрим ёзганларини кўриб ёзмасликни маслаҳат бераман. Баъзиларини ўқиб қувонаман.

Манба: “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон

ЯРИМ АСРЛИК ХАЗИНА
Саодат Файзиева
07

“Оламда қанча одам бўлса, ҳақиқат ҳам шунчадир”. Бу дунёда инсон ўзига берилган умрни қандайдир ҳақиқатни излашга, яна ҳам аниқроқ айтганда, ўзлигини қидиришга сарфлайди. Деярли барча ҳолларда бу мақсад эришилмаганлик даражасидан олийроқ мақомга кўтарила олмайди, афсуски… Кимдир тирикчилик, кимдир яна бошқа майда сабаблар туфайли ўзгалар ҳақиқати билан яшашни ҳаёт шатранжининг асосий юришига айлантиради. Аммо шундай инсонлар борки, уларнинг ҳақиқати бўронлардан омон ўтади, ёмғирларда ҳўл бўлмайди ва умрбоқийлик тўнини кийиб, соҳибининг кўнглида зангламас дастакка айланади.

Адабиёт майдонида ҳам ўз ҳақиқатига содиқ қолиш жуда муҳим саналади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамон айнан шу тоифага кирувчи шахс, кўнгли бутун инсонлардан бири Баҳодир Каримовдир.

Йигирма тўққиз ёшида фан номзоди, ўттиз олти ёшида эса фан доктори бўлишга улгурган олимнинг илмий фаолиятига назар ташлаш унчалик муҳим эмас, назаримда. Боиси келтирилган фактларнинг ўзиёқ олимлик салоҳияти ҳақида етарли маълумот бера олади. Мен фақат қисқа муддат-ўқиш жараёнида кашф қилганим-Кўнгил ҳақида гапирмоқчиман.

Илк таассурот

Оғир жараён-китобдан китобга юз буриб орттирилган тажрибалардан сўнг талаба бўлдим. Адабиётга, шеъриятга ошно оилада туғилганман, деёлмайман-у, лекин байрамларда ота-онам нуқул китоб совға қилишганлари эсимда. Орзудаги факултет, номини фақат китобларда кўрганим устозлар. Бу худди бир тушни жуда яхши кўриб қолиш ва ўша тушга тушиб қолишга ўхшайди… Биринчи босқич талабаси бўлишнинг яхши томони биронта тадбир сенингсиз ўтмайди. Мана шундай тадбирлардан бирида эътиборим илк бор бу устозга тушди. Ҳамма зерикарли маърузага қулоқ солаётгандек ўтирибди-ю, кимдир эснаяпти, кимнингдир кўзлари эса аллақачон юмилай-юмилай деб турибди. Устозимиз эса қанақадир расм чизиб ўтирибдилар… Бу жуда чуқур таассурот деёлмайман, лекин эслаб қолишга арзийди.

Танлов

Иккинчи босқичда ўқиётган пайтимизда бир устозимизнинг маърузалари менга жуда ёқарди, айни ўша дарс жараёнида илҳом парилари юрагимга серқатнов бўларди айниқса. Устозимизнинг ўзлари ҳам гапираётган қаҳрамоннинг руҳига кириб кетар ёки ёзувчига қўшилиб даврни тадқиқ қилиб кетардилар… Бирдан илмий раҳбар танлаш масаласи кўндаланг қўйилди-ю, иккиланиш деган душман менга аёвсиз таъсир ўтказа бошлади. Олдимда икки йўл-ё ўзим маърузаларини севиб тинглайдиган устоздан илмий иш мавзусини олиш ёки умуман танимаган, лекин ўз дунёсига ҳеч кимнинг дахл қилишига йўл қўявермайдиган нотаниш “рассом” (балки ўша пайтда улар оддий шаклларни чизаётган бўлгандирлар) устозга шогирд тушиш. Мен нимагадир иккинчи йўлни танладим!

Танишув

Учинчи босқичда кафедрамиз ўқитувчилари келиб, ким кимнинг шогирди эканлигини аниқлаб олишди. “Руҳи бутун” устозимиз номини энди эшитаётган шогирдларини-бизни олдиларига чақириб, эски ўзбек ёзувини билиш-билмаслигизмизни сўрадилар. “Бу соҳада ҳали қилинмаган ишлар жуда кўп. Менинг умрим эса битта. Шунинг учун сизлардан ҳам бу ишга қизиқадиган одам чиқишини хоҳлайман. Шунда улар анча енгиллашади”. Шеъриятга қизиқадиган ва шу йўналишда ишлашни хоҳлаган одамга бу жудаям ёқимли туюлмаслиги мумкин. Лекин имтихондан яхши ўтиб, мавзу олган пайтимда ўзимни “эски-туски”лар ичида бунчалик қулай ва мамнун ҳис қила олишимни тасаввур қилолмаганим ҳам рост гап.

Калит

Манба қидириб кутубхонага борганимда у ердаги ходимлар устозни анчадан бери билишлари, у киши мен ўйлаганимдан ҳам ноёб шахс эканликларига гувоҳ бўлдим. Ходимларнинг айтишларича, устоз илмий изланиш олиб борган пайтларида манбаларни ўқишга берилиб кетиб, кўп ҳолларда кутубхонада тунаб қолган пайтлари ҳам бўлган экан. Мана сизга-фидойилик! Кейин тасодиф туфайли устоз билан бирга ўқиган инсон билан учрашиб қолдик. Талаба зоти жуда қизиқувчан эмасми, ҳаммамизнинг ишимиз ўзимизнинг факултетни битирган устозларимиз талаба пайтларида қандай бўлганларини суриштириш бўлди. “Қаттиққўл ва талабчан устозимиз Баҳодир Каримов қандай бўлганлар?”-деган саволга, менимча, “У киши китобга меҳри баланд одам эдилар. Нуқул балконга чиқиб олиб, қандайдир китоблардан бош кўтармасдан ўтирардилар”, деган жавобдан бўлак жавоб олиш мантиққа зид келарди.

Бакалаврлик ишимни муваффақиятли ҳимоя қилиб, магистратурага кирганимда ўйланмасдан яна эски устозим ва ўша йўналишдаги ишни танладим. Баҳодир Каримов маърузаларидан бирида адиб Аҳмад Аъзамнинг “Қулф тили” ҳикоясини таҳлил қилдирганлари эсимда. Ҳозир ўйласам, адабиёт ҳам қулфга ўхшаган нарса экан. Унинг эшигининг қулфи фақат “тили”ни билганларгагина очилади. Устоз:”Қалам орқасидан одам нон эмас, ном топади”, дегандилар. Демак, адабиётшуноснинг вазифаси тушунарли нарсани тушунарсизга айлантириш эмас,балки тушунарсиз нарсани тушунарлига айлантириш экан.

Агар яна бир Эккерман туғилса-ю, у устознинг олдида юрса, адабиётимиз “Гёте билан суҳбатлар”дан ҳам қимматлироқ манбага эга бўларди, эҳтимол.
Мен бу қисқа сўзларим билан бир инсон қалбини чизиб беролдим, деёлмайман, чунки уни чизишнинг иложи йўқ. Бу жуда мураккаб жумбоқ! Шунчаки эллик йил олдин адабиётимиз қандай жавоҳирга эга бўлганлигини эслатиб қўймоқчи эдим, холос.

Сўз саҳнидаги бир денгиз қалб эгасига таваллуд айём муборак бўлсин!

Устоз Баҳодир Каримовга

Кел, умрим, ташвишга силкиганча қўл,
Бир лаҳза осмонга тикамиз назар.
Сўнг излаб юракка элтадиган йўл,
Тўйгунча ичамиз ғусса-ю кадар.

Ҳаётнинг бешафқат тубига шўнғиб,
Исмини унутиб қўйганлар қанча.
Бир тошга тошсан, деб айтмаганини
Катта яхшиликка йўйганлар қанча.

Илдизи бақувват дарахт ҳам ҳатто,
Эгмоғи мумкиндир ғўр қуртга бошин.
Инсон бир вужудга сиғдириб яшар
Оқ-қора кунларнинг мангу талошин.

Мезон тарозиси синмагандек арш
Юлдузларни ерга йўллаган пайти
Япроққа эгизак ҳислар тўкилиб,
Дунёни Сўз билан босиб кетсайди.

Кел, умрим, ташвишга силкиганча қўл,
Юракка дам бериб, олайлик нафас.
Ҳақиқат байроғи тушмасдан туриб
Дунёни қутқариб қола олсак бас!

Самимий эҳтиром билан шогирдингиз

Bahodir Karim
“BOSHIMNI ZO’R ISHGA BERIB QO’YIBMEN”
07

Bahodir Karim1966 yilda tug’ilgan. ToshDU (hozirgi O’zMU) o’zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. “Vadud Mahmudning 20-yillar adabiy tanqidchiligidagi o’rni” mavzusida nomzodlik, “XX asr o’zbek adabiyotshunosligida talqin muammosi” (qodiriyshunoslik misolida) mavzusida doktorlik dissertatsiyalarini himoya qilgan.
“XX asr o’zbek she’riyati antologiyasi”, “XX asr o’zbek hikoyasi antologiyasi”, “O’zbek adabiy tanqidi antologiyasi” kitoblarining g’oya muallifi va tuzuvchilaridir biri. “Jadid munaqqidi Vadud Mahmud”, “Qodiriy qadri”, “Yangilanish sog’inchi”, “Abdulla Qodiriy: tanqid, tahlil va talqin”, “Adabiyotshunoslik metodologiyasi” kabi kitoblar muallifi.

07

05Odamni turmushdagi turli holatlar, quvonchli hodisalar, ko‘rgiliklar shoir qiladi, yozuvchiga aylantiradi. Haqiqiy san’at asarlari dard, go‘zal his-tuyg‘ular mahsuli. Adabiyotshunoslar ham dardli va tuyg‘un odamlar, badiiy ijod ahlining hamdardlari…

Muayyan bir sohaga, deylik, adabiyotga qiziqish har kimda turlicha kechadi. Kimdir ustoziga ergashadi, boshqasi kitoblar bilan oshno tutinadi. Kundalik hayotning o‘zi bir dunyo.

Bolalikdan bir shingil… Ikkinchi jahon urushi bizdan ancha yiroq. Biroq urush dahshati, uning aziyatini buvi-enamdan ko‘p eshitdim. Karim buvam urushdan qaytmagan. To‘rt bolasi bilan yigirma uch yoshida enam beva qoladi. Boshqa turmush qilmaydi. Urushning yurakni o‘rtagani, oila tayanchidan, bir qanotidan ajratgani shu. Yetti yoshida yetim qolgan otamning xotirlashicha, yaqinlari enamni “hali yoshsan” deb majburan qayta turmushga bermoqchi bo‘lganlarida, ilojsizlikdan hatto o‘z joniga qasd qilmoqchi bo‘lgan ekanlar. Allohning marhamati bilan tirik qoladi. Shundan so‘ng yana oltmish yil umr ko‘rib, sakson uch yoshida bandalik qildi. Buvimizning so‘zi qat’iy, suhbati shirin edi. Aytayotgan voqealari biri ikkinchisiga zanjirdek ulanib ketaverardi. Bunday o‘ylab topilmagan hikoyalarning “syujet”iga, tuguni va yechimlariga hali-haligacha hayratlanib yuraman. Enamning ko‘z yoshini deyarlik ko‘rgan emasman. Taqdir hukmiga bo‘yin eggan, diydasi qotgan, kunlik ibodatda qoyim edilar, rahmatlik. Muammolarni juda oson hal qilardi. Gaplari qisqa, keskir, buyruqli, mazmunli, maqolli yoki bir-ikki satr she’riy hikmatli bo‘lardi: “Tinmasang tinarsan, tinsang tinmassan”, “Istaganing emgak bo‘lsa, ikki ko‘zing ko‘mgak bo‘lar”, “Yig‘laganni so‘rama – o‘lgani bordir, kulganni so‘rama – bilgani bordir”. Agar kayfi chog‘ bo‘lsa, ba’zan qo‘shiq aytib qolardi: “Taxta ko‘pir ustidan, Toyib tushdim yor-yor” yoki o‘zi to‘qigan “Qora kishi qora telpak kiyarmi? Bizni qo‘yib tul … suyarmi?” tarzda. Bu qo‘shiqlar uncha ko‘p emas, sanoqli, doim takrorlanadigan. Ertak, cho‘pchaklarni yoqtirmas edilar. So‘ralsa, javobi bir og‘iz so‘z: “Bilmayman”. Yoki “Karim buvamizga turmushga chiqqaningizdan so‘zlab bering”, degan iltimoslarga, hayo-ibo qilganidanmi, har tugul “Uning nimasini so‘zlayman. Sovchi keldi. To‘y bo‘ldi. Bir tuya arava yuk bilan keldim. Manglayimga sig‘magan ekan, buvang ketdi, men qoldim” deb javob berardi. Enamning boshidan o‘tgan voqealar shunday hazin, shu darajada qisqa, aniq va aksar holatlarda detallashtirilgan bo‘lardi. Balki shular izhori meni so‘z yo‘liga boshlagandir.

Adolatsizlik, tengsizlik, tuhmatlar, kamsitishlar, haqoratlar, ko‘ra-bila turib birovning ko‘ziga cho‘p tiqish – bular odamni ruhan toliqtiradi. Kichik bir maktab jamoasida, ziyolilar muhitida haqiqat, to‘g‘rilik, adolat uchun yakka o‘zi turib, ko‘krak kerib mardona so‘z aytgan otam nohaqlikka, tuhmatga uchragani – bolalik xotiramdan o‘chmaydigan hodisa. Maktabdagi otam parvarishlagan bog‘ning mevalarini yeb, qoldiq va toshdek danaklarini uning o‘ziga qarab otishgan. Bu hodisa enamning sochini oqartirgan. Besh yoshlarimda bir mahkamaga men bilan birga kirib: “Bolamni yerga urdinglar-a!” deb alam va nafrat bilan qo‘rqmay gapirgani hali-hali qulog‘im ostida jaranglab turibdi. Onam rahmatli tibbiyot hamshirasi bo‘lganlar. Bizga bildirmasdan onamning (Alloh rahmat qilsin, joylari jannatda bo‘lsin) yig‘lab olganlarini butun vujudim bilan, yurak-yurakdan his qilgan pallalarim bo‘lgan. Esimni tanigandan beri bilardim: qishloq ahliga yordamini ayamadilar. Uyi­miz go‘yo dorixona – har vaqt bemorga dori-darmon bizdan. Kechasimi-kunduzi – farqi yo‘q. Yarim tunda derazani kimdir chertadi yoki darvoza taqillaydi: “Chechamni dard-to‘lg‘oq tutib qoldi, Ziyoda opa, yordamingiz kerak”. Borib enagalik etib, tong yorishganda uyga qaytadilar. Bunday hodisalar ko‘p bo‘lgan. Ammo biror marta qosh chimirganini yoki og‘ringanini eslay olmayman. Bugun o‘sha muruvvatlarni tafakkur tarozisiga solib tortaman…

Shu xotiralarning o‘zi qiziqarli tarix, realistik adabiyot. Hayot odamni ijodkor qiladi, ko‘nglida ezgulikni uyg‘otadi. Balki shunday hodisalar bois yo‘lim So‘z tomon burilgandir. Yaxshi so‘zdan ko‘ngil o‘sadi, yomonidan cho‘kadi.

Qolaversa, adabiyot bilan shug‘ullanishimga mak­tabdagi adabiyot muallimlarim Xudoybergan Bek­chanov, Olim To‘raevlar barobarida ko‘proq otam sababchi bo‘lganlar. O‘zi fizika-matematika o‘qi­tuv­chisi bo‘lsalar ham, adabiyotni, she’riyatni yaxshi ko‘rar edi. Oiladagi suhbatlarda, maktabdagi dars mahallarida biror bir formula yoki teorema yoniga beixtiyor Alisher Navoiy, Maxtumquli, Hamid Olimjon, Mayakovs­kiy yoki boshqa bir shoirning misralarini misol qilib keltirar edi. Bu fizika darsidagi lirik chekinish bizga zavq bag‘ishlardi. Fizika, matematikani yaxshi o‘qiganman. Hozir ham shu soha mutaxassislarining suhbatlarini eshitib qolsam, zavqlanib ketaman. Bir hasadim ham keladi. Agar filolog bo‘lmasam, fizika yoki matematika muallimi bo‘larmidim, deb o‘ylab qo‘yaman. Chunki maktabda shu sohaga tegishli ma’lumotlarni kichkina yon daftarchamga yozib yurar edim. Olimpiadalarga ham shu yo‘nalish bo‘yicha qatnashib, o‘rinlar ham olgan edim. Ammo hozir ham o‘sha aniq fanlarni sog‘inib qolsam, bolalikni qo‘msab ba’zan adabiyot darslarida ularga murojaat qilaman. Universitetda matematik, fizik o‘rtoqlarim bor. Ularning men tushunmaydigan raqamlar ustidagi bahslaridan zavqlanaman, ammo suhbatlariga aralasha bilmayman. Adabiyotshunoslikda ham shunday murakkab nuqtalar bor. Bu ruhiyat va estetik did masalasi. Shuni anglamaslik va shu didning shakllanmasligi badiiy adabiyot kushandasi deb hisoblayman.

Universitet yoki tahsil… Milliy universitetning o‘zbek filologiyasi fakultetida o‘qidim. Bir soat dars bergan har qanday muallimdan minnatdorman, qarzdorman. Ustoz ulug‘ inson, so‘zi, maslahati tabarruk. U zotlar sabog‘idan bahramandlik, tavsiya etgan kitoblarini o‘z vaqtida o‘qish biz talabalarni o‘stirdi. Universitetda katta avlodga mansub adabiyotshunos, tilshunos ustozlardan filologiya ilmining sir-sinoatlari bo‘yicha ma’ruzalar eshitdim; keyinchalik boshqa ulug‘ olimlar, ko‘plab ijodkorlar suhbatlaridan bahramand bo‘ldim… Darvoqe, o‘qigan yillarimiz fakultetda yosh, talantli munaqqid Rahmon Qo‘chqorov “Yosh tanqidchi” to‘garagini boshqarar edi. Bahs-munozara, hatto devoriy gazetada chiqqan maqolalar muhokamasi, so‘ngra “Yoshlik”ning anketa savollariga javoblar, dastlabki qadamlar – bularni eslash maroqli. Bir payt shu to‘garak anjumanida ma’ruza qildim. Badiiy asar tili to‘g‘risida. Ma’qul kelib, matnni Rahmon aka “Sharq yulduzi” jurnaliga tavsiya etdi. Yurakda ishonch ulg‘aydi. Oradan ancha vaqt o‘tib, talabalikning oxirgi yili shu “Nasrdagi nazokat” maqolam chiqdi. Birinchi chiqishlar gashti boshqacha. Qayta-qayta yozganingga qaraysan, quvonasan, umidlanasan, orzularga berilasan…

Negadir birinchi chiqish, birinchi kitob yoki umuman kitob chiqarishning keyingi davrlarga kelib yuki ancha yengillashib qoldi. Bunda ham gasht bormikin?

To‘qilmagan latifa: Bizning o‘quv dargohimiz bi­­­lan Leyptsig universiteti orasida shartnoma bor edi. Ulardan talabalar bizning universitetga kelar, yoz­da bizdan o‘n-o‘n besh nafar talaba u tomonga borar edi.

1989 yil yozi. Talaba edik. Universitet talabalari bilan poezdda Moskva, Brest, Polsha orqali Germaniyaga bordik. Tunda Berlin vokzaliga borib tushildi. Ochiqqan edik. Besh-oltitadan tamaddi qilish niyatida atrofga tarqaldik. Qorong‘u tushgan, shahar aholisi shirin uyquda. Biz esa oshxona izlaymiz. Bir oz yurgach, yosh bolasini yelkalab kelayotgan bir kishiga duch keldik. Endi xorijga chiqqan kishi til bilishi lozim. Talabalarimizdan har kim qaysidir tilni biladi. Nozim ingliz tilida, Ne’mat frantsuz, men esa nemis tilida shu atrofda oshxona bormi, degan mazmunda chaynalib so‘raymiz. Ammo qarshimizdagi kimsadan sado chiqmaydi. Yelka qisadi. Jim. Shunda umuman biror chet tilini bilmaydigan Farrux qo‘lini og‘ziga olib borib: “Hyam-hyam, nyam-nyam”, dedi. Ro‘paradagi kimsaga jon kirdi: “Naverno tam, tam, rebyata”, dedi qo‘li bilan ishora qilib. Sharaqlagan kulgu ko‘tarildi, Berlin shohbekati yonida. Chunki hammamiz rus tilini bilar edik. Haligi kishi ham bizga o‘xshab endi poezddan tushgan va navbatdagi reysni kutib, aylanib yurgan ekan. U zamonlar Germaniyada rus tili keng quloch yoygan edi. Shu-shu saboq bo‘ldiki, bir oy davomida olmon yurtida yurib biror notanish kimsadan avval: “Shprehenzi russish?” deya so‘raydigan bo‘ldik.

Hayotda bir umrga esdan chiqmas voqealar, ota­dek mo‘‘tabar insonlar, tabarruk maskanlar bo‘ladi. Shaxsan men uchun O‘zbekiston Milliy universiteti – beshikdek tabarruk maskan. Bu dargohdagi ustozlar o‘giti bir umrlik saboq; topgan qadrdonlarim ko‘ngil do‘stlarim. Inson jismi zaminning qaysi bir go‘shasida bunyod bo‘lishi, tug‘ilishi mumkin, ammo chin ma’nodagi ma’naviyat maskanlarida ruhan tavallud topadi; fikri yetiladi; meva beradi. O‘zbekiston Milliy universiteti muallimi sifatida xorijda o‘tadigan anjumanlarda qatnashish ham ko‘ngilga surur bag‘ishlaydi. Leyptsig, Berlin, Istanbul, Anqara, Qrim­ga bordim. Ayniqsa, iste’dodli matematik, fi­­zika-matematika fanlari doktori, professor R.R.Ashurov bilan birga 2005 yil bahorida Pekindagi Mil­latlar Markaziy universiteti rahbariyati bilan o‘zaro hamkorlik, o‘sha universitetda o‘zbek tili bo‘limini ochish masalasi bo‘yicha O‘zMU nomidan muzokaralar olib borgan edik…

Kitobli xotiralar… Bolalikda o‘qilgan yaxshi kitoblar ta’sirli bo‘ladi, esdan chiqmaydi: “Robinzon Kruzo”, “Tom tog‘aning kulbasi”… – suratlari bilan ha­li-hali ham ko‘z o‘ngimda. Insoniyat tafakkurining eng bebaho, tengsiz kashfiyoti kitob. Kitob yolg‘izga oshno, bemorga dardkash, muhtojga maslahatchi, yo‘lsizga dar­g‘a; ma’naviy kasalliklarga darmondori…

Ba’zan xotiralarda kitob jonlanadi. Talabalik yillarida “Yillar armoni” kitobining qayta nashriga Xiyobon biqinida joylashgan Yozuvchilar uyushmasi ostonasida turib, Abdulla Oripov menga birinchi dastxat, yonimdagi kursdoshim, shoir do‘stim Bobomurod Eraliga “Dastxat №2” deb tilaklar yozib bergani, noshirlar kitobini qayta chiqarishda shoir suvratini “yodlaridan chiqarib qoldirgan”lari xususidagi bir og‘iz gaplarini eslayman.

O‘sha talabalikning beg‘ubor pallalarida boshqa ijodkorlardan ham dastxatlar olganmiz. Ular be­g‘araz, samimiy, biz intilib, izlab, yutoqib, quvonib olingan dastxatlar. Qadrli, qadrdon, ko‘zga surtiladigan tabarruk va beg‘araz imzolar. Davrlar o‘tgani sari dastxatlarning mazmuni ham, odamiga taqaladigan rost-yolg‘on, samimiy-nosamimiy, chin ko‘ngildan-til uchida kabi sifat ko‘rinishlariga ham ajralib boraverarkan. Adabiyotchi xonadonida kitob bo‘ladi. Kitob javonimdagi dastxatli kitoblar bir dunyo. Ularda ham hikmat bor. Kitoblar mazmuniga qarab e’zozlanadi. Ular ham odamga o‘xshaydi. Ko‘ngling tilamagan, jining olishmagan, yoqimsiz biror kimsaga ro‘baro‘ kelish, suhbatlashish kayfiyatni tushiradi. Javondagi kitoblar ichida bebaholari ruhiyatni ko‘taradi, ularni o‘qish, bama’nilikdan bahramandlik, zavqlanish va hayratlanish muallifi bilan hamsuhbat bo‘lish demakdir.

Talabalik yillarimiz “Yillar armoni”, “Mu­habbatnoma”, “Sabr daraxti”, “Seni yaxshi ko‘raman”, “Dars”, “Uyg‘oq tog‘lar”, “Bolalikning ovozi”, “Uxlayotgan qiz” kabi she’riy kitoblarni o‘qib chindan zavqlandik, namunalar yod olgan edik. Negadir keyingi davr kitoblaridan bunday zavqni topish qiyin kechmoqda. Yo qalb qotib borayotirmi, mulohazakor bo‘lib qoldikmi, manfaatparastlikka yo‘liqdikmi, maydalashdikmi yoki she’­ru dostonlar ahvoli nochormi? Bilmadim, bilol­madim. Sababi ob-havomi yoki narx-navo? Bilol­may hay­ronman.

Yoshlik yillari katta orzular dengizida suzasan. Imkondan ulkan orzu-niyatlar. O‘zing istab, kitob o‘qish sururi – boshqacha zavq. Majburiyat uchun, imtihon top­shirish yoki mashg‘ulotlar o‘tkazish uchun o‘qilgan kitob bilan ko‘ngling tusab o‘qilgan kitob o‘rtasida farq bo‘ladi.

Hozir ba’zan sohamiz, kasbimiz taqozosiga ko‘­ra kitoblarning qo‘lyozmalarini yoki yangi nashrga taq­riz yozish uchun o‘qishga ham to‘g‘ri keladi. To‘g‘risi, ko‘p hollarda tugay qolsa edi, degan ilinjda, oxirgi sahi­falarini qo‘msab, zerikib, og‘rinib, malollanib, kinna kirgandek tinimsiz esnab, uyqusirab, g‘ijinib, ko‘ngil aynib o‘qiydi odam.

Nima demoqchiman? Yozayotgan odam o‘z asaridan o‘zi zavqlanmasa, birovning qalbida tuyg‘ular tug‘­yo­nini kutish kerakmas. O‘z yozganiga ijodkorning o‘zi hayratlanmasa, birovdan hayrat kutish to‘g‘ri emas.

“Nima uchun yozasan? Yozganing kimga kerak? Yozmasang bo‘lmaydimi? Shu darak gaplarning ega-kesimini almashtirib “she’r qilib” yozding nimayu, yozmasang nima?” Yosh, boshlovchi ijodkorni shunday savollar hamisha bezovta etsin.

Yozish… Har kim o‘zining manglayiga bitilgan taq­diri yozuvi izmida hayot kechiradi. Har kimning ishlash tarzi har xil. Intizom asosida ishlangani yaxshi. Hozir vaqt va joy tanlashga vaqt yo‘q. Adabiyotchi uchun fikr muhim. Yangicha qarashlar, yangicha tahlillar, qiyoslar… Fikr vaqt va joy tanlamaydi, eng yomoni tutqich bermaydi. Keladi-ketadi. Shunda “mehmon”ning izzatini o‘z vaqtida joyiga qo‘yib, bir parcha qog‘ozga nimadir qayd qilaman. So‘ng hammasi xayolda yurgan mulohazalar sekin-asta tiziladi, shakllanadi. Rejalar tuziladi, manbalar jamlanadi: yozib o‘chiriladi, o‘chirib yoziladi. Shakllanayotgan fikrni aniq bir izga solish, ora-orada iboralar yoki o‘xshatishlarni qo‘llashni yaxshi ko‘raman. “Ustoz, yozishni qanday o‘r­gansa bo‘ladi?” Yodimdan chiqmaydi – bir vaqtlar jurnalistika fakultetini bitirgan yigit shu savolni bergan edi. U radioda gapirishga ixtisoslashgan, shekilli. Avvaliga hayron qoldim, so‘ngra tushundim. Nima deyman? Yozishni faqatgina yozib o‘rganiladi! O‘xshamagan devor qayta quriladi, parchalanadi, ta’mirlanadi. Hofizlarga ham, notiqlarga ham, rassomlarga ham – umuman har qanday sohada iste’dodli odamning mashqlari oqibatda ulkan tajriba va san’at maqomiga chiqadi.

Ba’zan yozadiganlarim rejalarda, sarlavhalar­da uzoq qolib ketadi. Masalan, bir maqola uchun “Taqriz nima? Taqrizchi kim?” sarlavhasini qo‘yib, bir-ikki jumla yozganimga bir necha yil bo‘ldi. Deylik, unda ajoyib shoirimiz Nodir Jonuzoqning: yoshligida o‘z asarlariga o‘zi yashirin taqrizlar yozgan “ustozim””, degan fikridan ham foydalanishni mo‘ljallagan edim. Oradan ancha vaqtlar o‘tdi, lekin haligacha shu maqola yozilgani yo‘q. Ehtimol, ko‘ngil to‘ladigan yaxshi bir maqola bo‘lar, balki shu holicha oxirigacha yozilmasdan qolib ketishi ham mumkin. Shunga o‘xshab yillab navbat kutganlari, haligacha kutib turganlari bor. Bundan o‘zim ham xursandman. Ba’zan fikrni sinovdan o‘tkazish-aprobatsiya uchun talabalarni auditoriyasiga olib kiraman. Ko‘zlar chaqnasa, savollar yozilsa, manbalarni surishtirish boshlanib, qiziqish ortsa, demak, bunda bir hikmat bor, ob-havodan bahor nafasi keladi.

Ijod sururi, zavqi butunlay boshqa narsa. Uni boshidan o‘tkazgan his qiladi. Bugun negadir ijod deganlari yamoqchilikka o‘xshab qoldi. Ayrim yozadiganlar kitoblardan, birovlarning maqolalaridan ki­toblar yasash yo‘liga o‘tib oldi. Bunga rukn topib qo‘ydim: “Ko‘rganlarimdan ko‘chirganlarim” deb.

Aslida yozish har kimda har xil kechadi. Bu ijod ishining hammaga tatbiq qilinadigan, hamma uchun mos keladigan aniq bir formulasi yo‘q. Har kuni tinimsiz yozib, har oyda bitta kitob chop ettiradigan yozuvchilar ham bor. Bunday asarning tez yozilgani uchun qiymati tushib ketmaganidek, bir necha o‘n yillab yozilgan asar uzoq davr mobaynida yozilgani uchun qadri oshib ham ketmaydi. Gap asarning tez yoki sekin yozilganida emas, hamma gap uning haqiqiy san’at namunasi sifatida yashab qolishida, inson ruhiy-ma’naviy dunyosiga ozuqa berishidadir.

Odam tabiatan nasihatga, maslahatga, o‘zi amal qilmaydigan gaplarni aytishga usta. Ammo amal qi­lish, so‘zi ustidan chiqish – bu qiyin gap. Men ijodkorning so‘zi o‘ziga, o‘zi so‘ziga o‘xshashi tarafdoriman. “Hayhot, men toza telba” deb yozgan shoirning “tovlamachi” ekanini bilib qolib, yomon xafa bo‘ldim.

Ijodkorga ahamiyat bu muhim tamoyil, jamiyatning madaniy, ma’rifiy darajasini namoyon qiladi. Ammo ahamiyat deganlari bu doimiy opichlab, yetaklab yurish, tuvakdagi guldek parvarishlash emas, albatta. Bu ahamiyat bir soniyalik, bir soatlik, bir kunlik bo‘lishi mumkin. Ammo ana shu ruhiy, ma’naviy, moddiy quvvatning inertsiyasi asarlarga ta’sir etadi; asrlarga yetadi.

Nazarimda, “O‘z ishimdin bul ajabroq dostone topmadim” yoki “Boshimni zo‘r ishga berib qo‘yibmen” kabi tamoyil haqiqiy ijodkorga xosdir. O‘z ishini bilish, unga muhabbat, o‘z ijodidan taajjublanish va undan qoniqmaslik – bu muhim tuyg‘u harakat manbaidir. Biror ishni qoyilmaqom qilib qo‘ydim, degan shoir, adib, adabiyotchi adashadi. Chunki tabiatan inson zaif qilib yaratilgan, uning ijodida, kitobi yoki maqolasida ham­­ma vaqt nomukammal o‘rinlar, bahs-munozarali masa­lalar, ochiq nuqtalar, bo‘shliqlar bo‘ladi. Ba’zan menga ulkan, dabdabali ilmiy unvonlar bilimsizlik yuziga tutilgan pardaga o‘xshab ko‘rinadi.

Ehtimol avval ham aytgandirman. Ijodkorlarning bolaligi beg‘ubor. Endi ijod maydoniga birinchi asarlari bilan kirib kelgan har qanday ijodkor o‘z ijodiy biografiyasining go‘daklik davrini boshidan kechirayotgan bo‘ladi. Yosh bolaning, endi dunyo yuzini ko‘rgan chaqaloqning ko‘zlariga hech qaraganmisiz? Chaqaloq ko‘zida beg‘uborlik, tozalik, hali dunyoning turfa o‘yinlariga ro‘baro‘ kelmagan bir pokiza ko‘n­gilning, hali yozilmagan oppoq qog‘ozdek tozalikning in’ikosi bordir. Manfaatlar, unvonlarga, mukofotlarga, shuhratga, o‘zini targ‘ib-tashviq qilishga o‘chlik ijodkor ko‘ngli va ko‘zini ko‘r qiladi.

Uzoq tarixda shunday ijodkorlar bo‘lganki, ularning jismi allaqachon foniy dunyoga yuz tutgan. Ammo asarlari hamon tirikdir. Bu asarlar har kuni odamlar bilan muloqotga kirishadi; ishqi, dardi, armoni odamlarning yuragiga o‘rlaydi; yuragini o‘rtaydi.

Yaqin tarixda shunday ijodkorlar o‘tganki, jild-jild asarlar yozgan va ular o‘z vaqtida ko‘p ming nusxada bosilgan ham. Biroq ulardan yolg‘iz “yozg‘uvchi” nomining o‘zigina meros qolgandek; o‘zlari ham, asarlari ham rahmatli bo‘lib ketgandek taassurot qoldiradi.

Adabiy jarayonda, yon-atrofimizda shunday iste’dodli ijodkorlar borki, ularning o‘zlari ham, asarlari ham tirik. Hozirda jisman va ruhan tetik. Ular o‘zini, o‘zligini, kimligini, “men”ligini, darajasini, o‘rnini qaysidir ma’noda juda yaxshi anglaydi. Ruhi jonidan asarlari umrboqiylik quvvatini oladi; tiriklik suvini ichadi. Mabodo bu toifa ijod­korlar ajali yetib, fano diyoriga yo‘l olsalar ham, asarlari uzoq umr ko‘radiganga; ko‘rkam haq so‘zi uchun qalam egalariga rahmat eshigidan savobi yetib tu­radiganga o‘xshaydi.

Ijodkor uchun yozganini birov o‘qimaganidan kat­taroq falokat va fojia bo‘lishi mumkinmi? “O‘zim uchun yozaman”, degan kamtarlik ortida manmanlik va xudbinlik borga o‘xshaydi. “Tanqidga e’tibor bermayman”, degan ijodkor gapida g‘ayritabiiylik va arazlash borga o‘xshaydi. Badiiy asar adabiy tanqid vositasida adabiyot tarixida yashab qolish vasiqasiga ega bo‘lolmasligiga XX asr guvoh. Badiiy asarni adabiy tanqid sohasi yashattirmaydi, balki adabiy-tanqidiy maqolani badiiy asar yashattiradi. Dunyodagi eng mashhur adabiyotshunoslarning barchasi betakror iste’dod va ulkan qalb egalari bo‘lgan adiblarning xizmatlari evaziga nom qozonganlar; nonini topib yeganlar. Bu ham haqiqat.

Yo‘llar… Bugungi bizning adabiyotshunoslikda tah­­lil va talqin metodlari yangilanishi kerak. Ja­­hon­dagi yangicha adabiyotshunoslik maktablari va tal­qin uslub­­lari jiddiy o‘rganilishi lozim deb hisoblayman. Ba­diiy asar syujetini qayta so‘zlash, badiiy asarning bir qator fazilatlarini muallif ko‘ngli uchun maqtab, “juz’iy kamchiliklari bor” tarzidagi an’anaviy qoliplar o‘zini oqlamaydi. Bu shakldagi adabiy maqolalarni asarni o‘qimasdan ham yozish va o‘sha tipdagi yopinchiq maqolalarni istalgan bir asarning ustiga yopish mumkin. Adabiyotshunos badiiy asardagi birovlar ko‘rmagan nuqtalarini topsin, fazilatini, individual xususiyatini ochib bersin.

Bir davrlar bo‘ldiki, hamma adabiyotshunoslar yoppasiga jadidshunos bo‘lib qoldi. Hozirgi kunda shu yopirilishning hovuri pasaydi. Shaxsan men adabiyotshunoslikda shu sohadagi keng qamrovli, qiyosiy-tipologik tadqiqotlar davom etishi lozim deb hi­soblayman. Chunki o‘sha milliy uyg‘onish davri adabiy manbalarining tabdillarida, hatto qayta nashr­larida o‘nlab xatolar kuzatilmoqda. Qayta nashrlarda, birovlar hozirlagan manbani o‘zlashtirmasdan, tayyor izohlarini stilistik tarafdan o‘z nomiga xatlamasdan, zarur bo‘lsa, asl manbaning o‘zini aynan ko‘rib, o‘qib va shu asosda adabiy matnlar bilan muloqotga kirishgan odam ilm adabining oltin kalitini qo‘lida tutgan bo‘ladi.

Badiiy asarlar to‘g‘risida insholar yozilganda “falon-falon asar menda unga nisbatan naf­rat, hayotga nisbatan muhabbat uyg‘otdi”, degan bos­maqolipli (stereotip) fikrlar bayon etiladi. Aslida inson hayotsevar, umidli bo‘lishi; ichkarisini takomillashtirishi kerak. Bu jarayon istaysizmi-yo‘qmi bir haqiqatni tan olmaguncha kemtik bo‘lib qoladi. Bu haqiqat – o‘lim hodisasi. Har qanday inson boshiga keladigan o‘lim haqida o‘ylash kerak. L.Tolstoyning, haqiqiy faylasuflar oxir-oqibatda o‘lim masalasini muhokama qila boshlashadi, degan mazmundagi gapi bor. O‘lim – badiiy adabiyotning azaliy va abadiy mavzusi. Dunyo adabiyotida o‘lim bilan hayot chegarasini maxsus tasvirlashni o‘zlari uchun asosiy tamoyil qilib olgan falsafiy yo‘nalishlar bor. Demoqchimanki, badiiy adabiyotning eng muhim vazifalaridan biri insonning o‘lim hodisasiga tabiiy munosabatini ham tarbiyalashdan iborat. Aslida bu vazifa mohiyatida ham ezgulik mavjuddir.

Xonadonda tug‘ilgan fikrlar… Chinakam san’at, chin badiiy adabiyot kecha, bugun, erta – shu uch zamon chegarasidan chiqib, abadiylikka yuz tutadi. O‘zbek adabiyotining bugungi holatiga kelsak, bu xususida gapirish oson emas. Ijod qilayotganlar, she’r, dos­ton, hikoya, qissa va roman yozayotganlar soni ko‘p. Kitoblar, she’riy to‘plamlar chiqarayotganlarning soni ham ko‘p. Ammo mazmuni, original badiiy kashfiyot masalasi doim muammo. Biz uchun mumtoz adabiy siymolar va jahon adabiyoti mezon vazifasini o‘taydi. Adabiyotda original badiiy kashfiyotlar yuzaga kelsa, albatta, yangidan-yangi adabiy nazariyalar paydo bo‘ladi. Bugungi adabiyotni boyitishga adabiiy tanqid o‘z hissasini qo‘shishi kerak, degan mulohazalar aytiladi. Biroq adabiy tanqid uchun adabiy maydon, tahlil va talqin qilishi uchun arzigulik badiiy asarlar kerak. Chunki saksovulga hech qachon meva bitmasligini, anor yo anjirga do‘nmasligini hamma biladi. Saksovul o‘tin bo‘ladi. Soyasi ham yo‘q hisobi. Muhimi asar. Uyga o‘xshatib qurilgan bir chayla atrofida girgitton bo‘lib, “bino”ni Misr ehromlariga qiyoslashda qanday mantiq bor?

Ma’naviyati baland, ruhi tetik, yuragi keng ijodkorlarga havas qilaman. Tasavvurimcha, ular So‘zga xiyonat qilmaydilar. Shular borligi uchun dunyo go‘zal, tinch, osoyishta, fayzli. Garchand bir qancha kitoblari ommalashgan bo‘lsa ham, insoniylikdan tuban va ruhan majruhlarini ko‘rib o‘z holimga shukrona aytaman.

Badiiy adabiyot go‘zallik asosiga bino bo‘lishi lozim. Inson qalbi naqadar go‘zal, naqadar olijanob va xolis bo‘lsa, uning asari shu darajada ulug‘vorlik kasb etadi. Agar ijodkor ishqni tasvirlamoqchi bo‘lsa, bu bebaho mavzuni avaylashi, pokiza yurak bilan yozgani ma’qul. Ishq-muhabbat bilan hirs o‘rtasida kat­ta farq bor. Hirsiy mayllar bayonini ayrim yozuv­chilar mu­habbat yo‘lida asar bitganiga almashti­rib qo‘ya­di­lar. Ishq javhari nafs va hirs botqog‘iga ko‘mil­masin.

Darvoqe, ma’naviyat xazinasidagi durdona asar­­­­larni kitobxon tiriltiradi. Asarlari abadiy o‘quv­chilarini topgan qalbi butun ijodkordan ko‘ra sao­datliroq inson bo‘lmasa kerak.

Xonadon xotirjamligi… Bu ijodkor uchun juda muhim ne’mat. Shukr, alhamdulillah, oila muhitidan shikoyatim yo‘q. Xotinim iqtisodchi, hamshira. Ammo bu sohalarda ishlamaydi; uyda bolalarimning ta’lim-tarbiyasi bilan mashg‘ul. Kundalik uy vazifalariga, darslariga yordamlashadi. Biz uchun shart-sharoitni juda o‘rniga qo‘yadi. Qizlarimning kattalari litseyda o‘qiydi, kichigi maktabda. Adabiyotga ham, boshqa sohalarga ham qiziqishlari bor. Ularning ayrim yozganlarini ko‘rib yozmaslikni maslahat beraman. Ba’zilarini o‘qib quvonaman.

Manba: “Yoshlik” jurnali, 2014 yil, 2-son

YARIM ASRLIK XAZINA
Saodat Fayziyeva
07

“Olamda qancha odam bo‘lsa, haqiqat ham shunchadir”. Bu dunyoda inson o‘ziga berilgan umrni qandaydir haqiqatni izlashga, yana ham aniqroq aytganda, o‘zligini qidirishga sarflaydi. Deyarli barcha hollarda bu maqsad erishilmaganlik darajasidan oliyroq maqomga ko‘tarila olmaydi, afsuski… Kimdir tirikchilik, kimdir yana boshqa mayda sabablar tufayli o‘zgalar haqiqati bilan yashashni hayot shatranjining asosiy yurishiga aylantiradi. Ammo shunday insonlar borki, ularning haqiqati bo‘ronlardan omon o‘tadi, yomg‘irlarda ho‘l bo‘lmaydi va umrboqiylik to‘nini kiyib, sohibining ko‘nglida zanglamas dastakka aylanadi.
Adabiyot maydonida ham o‘z haqiqatiga sodiq qolish juda muhim sanaladi. Biz hikoya qilmoqchi bo‘lgan qahramon aynan shu toifaga kiruvchi shaxs, ko‘ngli butun insonlardan biri Bahodir Karimovdir.
Yigirma to‘qqiz yoshida fan nomzodi, o‘ttiz olti yoshida esa fan doktori bo‘lishga ulgurgan olimning ilmiy faoliyatiga nazar tashlash unchalik muhim emas, nazarimda. Boisi keltirilgan faktlarning o‘ziyoq olimlik salohiyati haqida yetarli ma’lumot bera oladi. Men faqat qisqa muddat-o‘qish jarayonida kashf qilganim-Ko‘ngil haqida gapirmoqchiman.

Ilk taassurot

Og‘ir jarayon-kitobdan kitobga yuz burib orttirilgan tajribalardan so‘ng talaba bo‘ldim. Adabiyotga, she’riyatga oshno oilada tug‘ilganman, deyolmayman-u, lekin bayramlarda ota-onam nuqul kitob sovg‘a qilishganlari esimda. Orzudagi fakultet, nomini faqat kitoblarda ko‘rganim ustozlar. Bu xuddi bir tushni juda yaxshi ko‘rib qolish va o‘sha tushga tushib qolishga o‘xshaydi… Birinchi bosqich talabasi bo‘lishning yaxshi tomoni bironta tadbir seningsiz o‘tmaydi. Mana shunday tadbirlardan birida e’tiborim ilk bor bu ustozga tushdi. Hamma zerikarli ma’ruzaga quloq solayotgandek o‘tiribdi-yu, kimdir esnayapti, kimningdir ko‘zlari esa allaqachon yumilay-yumilay deb turibdi. Ustozimiz esa qanaqadir rasm chizib o‘tiribdilar… Bu juda chuqur taassurot deyolmayman, lekin eslab qolishga arziydi.

Tanlov

Ikkinchi bosqichda o‘qiyotgan paytimizda bir ustozimizning ma’ruzalari menga juda yoqardi, ayni o‘sha dars jarayonida ilhom parilari yuragimga serqatnov bo‘lardi ayniqsa. Ustozimizning o‘zlari ham gapirayotgan qahramonning ruhiga kirib ketar yoki yozuvchiga qo‘shilib davrni tadqiq qilib ketardilar… Birdan ilmiy rahbar tanlash masalasi ko‘ndalang qo‘yildi-yu, ikkilanish degan dushman menga ayovsiz ta’sir o‘tkaza boshladi. Oldimda ikki yo‘l-yo o‘zim ma’ruzalarini sevib tinglaydigan ustozdan ilmiy ish mavzusini olish yoki umuman tanimagan, lekin o‘z dunyosiga hech kimning daxl qilishiga yo‘l qo‘yavermaydigan notanish “rassom” (balki o‘sha paytda ular oddiy shakllarni chizayotgan bo‘lgandirlar) ustozga shogird tushish. Men nimagadir ikkinchi yo‘lni tanladim!

Tanishuv

Uchinchi bosqichda kafedramiz o‘qituvchilari kelib, kim kimning shogirdi ekanligini aniqlab olishdi. “Ruhi butun” ustozimiz nomini endi eshitayotgan shogirdlarini-bizni oldilariga chaqirib, eski o‘zbek yozuvini bilish-bilmasligizmizni so‘radilar. “Bu sohada hali qilinmagan ishlar juda ko‘p. Mening umrim esa bitta. Shuning uchun sizlardan ham bu ishga qiziqadigan odam chiqishini xohlayman. Shunda ular ancha yengillashadi”. She’riyatga qiziqadigan va shu yo‘nalishda ishlashni xohlagan odamga bu judayam yoqimli tuyulmasligi mumkin. Lekin imtixondan yaxshi o‘tib, mavzu olgan paytimda o‘zimni “eski-tuski”lar ichida bunchalik qulay va mamnun his qila olishimni tasavvur qilolmaganim ham rost gap.

Kalit

Manba qidirib kutubxonaga borganimda u yerdagi xodimlar ustozni anchadan beri bilishlari, u kishi men o‘ylaganimdan ham noyob shaxs ekanliklariga guvoh bo‘ldim. Xodimlarning aytishlaricha, ustoz ilmiy izlanish olib borgan paytlarida manbalarni o‘qishga berilib ketib, ko‘p hollarda kutubxonada tunab qolgan paytlari ham bo‘lgan ekan. Mana sizga-fidoyilik! Keyin tasodif tufayli ustoz bilan birga o‘qigan inson bilan uchrashib qoldik. Talaba zoti juda qiziquvchan emasmi, hammamizning ishimiz o‘zimizning fakultetni bitirgan ustozlarimiz talaba paytlarida qanday bo‘lganlarini surishtirish bo‘ldi. “Qattiqqo‘l va talabchan ustozimiz Bahodir Karimov qanday bo‘lganlar?”-degan savolga, menimcha, “U kishi kitobga mehri baland odam edilar. Nuqul balkonga chiqib olib, qandaydir kitoblardan bosh ko‘tarmasdan o‘tirardilar”, degan javobdan bo‘lak javob olish mantiqqa zid kelardi.

Bakalavrlik ishimni muvaffaqiyatli himoya qilib, magistraturaga kirganimda o‘ylanmasdan yana eski ustozim va o‘sha yo‘nalishdagi ishni tanladim. Bahodir Karimov ma’ruzalaridan birida adib Ahmad A’zamning “Qulf tili” hikoyasini tahlil qildirganlari esimda. Hozir o‘ylasam, adabiyot ham qulfga o‘xshagan narsa ekan. Uning eshigining qulfi faqat “tili”ni bilganlargagina ochiladi. Ustoz:”Qalam orqasidan odam non emas, nom topadi”, degandilar. Demak, adabiyotshunosning vazifasi tushunarli narsani tushunarsizga aylantirish emas,balki tushunarsiz narsani tushunarliga aylantirish ekan.

Agar yana bir Ekkerman tug‘ilsa-yu, u ustozning oldida yursa, adabiyotimiz “Gyote bilan suhbatlar”dan ham qimmatliroq manbaga ega bo‘lardi, ehtimol.

Men bu qisqa so‘zlarim bilan bir inson qalbini chizib beroldim, deyolmayman, chunki uni chizishning iloji yo‘q. Bu juda murakkab jumboq! Shunchaki ellik yil oldin adabiyotimiz qanday javohirga ega bo‘lganligini eslatib qo‘ymoqchi edim, xolos.

So‘z sahnidagi bir dengiz qalb egasiga tavallud ayyom muborak bo‘lsin!!!!!

Ustoz Bahodir Karimovga

Kel, umrim, tashvishga silkigancha qo‘l,
Bir lahza osmonga tikamiz nazar.
So‘ng izlab yurakka eltadigan yo‘l,
To‘yguncha ichamiz g‘ussa-yu kadar.

Hayotning beshafqat tubiga sho‘ng‘ib,
Ismini unutib qo‘yganlar qancha.
Bir toshga toshsan, deb aytmaganini
Katta yaxshilikka yo‘yganlar qancha.

Ildizi baquvvat daraxt ham hatto,
Egmog‘i mumkindir g‘o‘r qurtga boshin.
Inson bir vujudga sig‘dirib yashar
Oq-qora kunlarning mangu taloshin.

Mezon tarozisi sinmagandek arsh
Yulduzlarni yerga yo‘llagan payti
Yaproqqa egizak hislar to‘kilib,
Dunyoni So‘z bilan bosib ketsaydi.

Kel, umrim, tashvishga silkigancha qo‘l,
Yurakka dam berib, olaylik nafas.
Haqiqat bayrog‘i tushmasdan turib
Dunyoni qutqarib qola olsak bas!

Samimiy ehtirom bilan shogirdingiz

04

(Tashriflar: umumiy 290, bugungi 1)

4 izoh

  1. Баҳодир Карим — менинг устозим. Мақолани ўқиб, қимматли фикрлари, хотираларидан баҳраманд бўлдим. Бироқ «Ҳаммаси ҳаёт ҳақида» кўрсатувида титр ХАТО ЁЗИЛГАН! Бу эътиборсизликми ёки атайлаб қилинганми? Устознинг фикрлари асосида кўрсатув тайёрлаган ижодкорлар сўзловчининг исмини ҳам, илмий даражаси ва унвонини ҳам БИЛМАЙДИМИ?

  2. Bu xatoni sayt tuzatolmaydi. Qolaversa, bu xatoni ataylab qilingan degan gapni asossiz deb bilmiz. Mexanik xato degan tushuncha bor/ Bu xato ham aynan mexanik xatoning bir ko’rinishi

  3. Шундоқ йигит элликка кириб қўйдими деб ҳайрон бўлиб турибман…Эллик билан домла ўртасида 20 йилча масофа бордек худди…Олий адабиёт курсида ўқиган давримдан фақат Баҳодир домла ва Абдулла Улуғов, Нурбой Жабборовларнинг сабоқлари ёдимда қолган…Домла бағрикенглик ва маърифат одами…Сабоқлари руҳим иқлимларини қуёш нурларига тўлдирганлари ёдимда қолди умрбод.Бутунлик, мукаммалик, эзгулик, сўзга садоқат. Буларнинг бари Домланинг қиёфасига чизги бўладиган фазилатлар…Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, домлажон!

  4. “Бадиий асарни адабий танқид соҳаси яшаттирмайди балки адабий- танқидий мақолани бадиий асар яшаттиради. Дунёдаги энг машҳур адабиётчиларнинг барчаси бетакрор истеъдод ва улкан қалб эгалари бўлган адибларнинг хизматлари эвазига ном қозонганлар, нонини топиб еганлар”.
    Бир пайтлар Матёқуб Қўшжонов ҳам бир мақоласида шунга ўхшаган фикрни айтиб ўтган эди. Ўз асарларига нисбатан танқидий фикрлар билдирилишидан, танқидчиларнинг қанчалик адабий- танқидий мақолалар чоп эттиришидан қатъий назар истеъдод эгалари ўз асарларини яратиш билан машғул бўлаверар экан, улкан хирмон атрофида айланиб, учиб- қўниб, чўқалаб қочиб, дон талашаётган қушларга ўхшаб кетадиган адабий танқидчилик нима ўзи? Деган савол туғилади. Кейинги пайтларга “Истеъдодлар камайиб кетяпди”, “Яхши асарлар яратилмаяпди” деган гапларни кўп эшитадиган бўлдик. Бунда адабий танқидчиликнинг ҳам ўзига хос “хизмати” бор эмасмикин?
    “Йигирма тўққиз ёшида фан номзоди, ўттиз олти ёшида фан доктори…” Албатта бу бизнинг кунларимизда жуда юқори кўрсаткич. Баҳодирга ҳар тарафлама ҳавас қиламан. Аммо шундай улкан олимнинг менда бор бўлган эркинлик яъни ўзига ёқмаган, илк сатрларидан кўнглининг қатларига кириб боролмаган баъзи бир китобларни бир чеккага улоқтирмасдан тугай қолса эди деган илинжда охирги саҳифаларини қўмсаб, зерикиб, оғриниб, малолланиб, кинна киргандек эснаб, уйқусираб, ғижиниб, кўнгли айниб ўқишдек оғир мажбурияти ҳам борлигини эсласам унга ачиниб кетаман. Олимликнинг ўзига хос қийноқлари ҳам бор-да.
    “Ижод сурури, завқи бутунлай бошқа нарса. Бугун негадир ижод деганлари ямоқчиликка ўхшаб қолди. Айрим ёзадиганлар китоблардан, бировларнинг мақолаларидан китоблар ясаш йўлига ўтиб олди. Бунга рукн ҳам топиб қўйдим “Кўрганларимдан кўчирганларим” деб.”
    Афсуски ҳозирги даврда “фалончи”нинг “фалон” асаридан олинган цитата ёзувчининг ўз фикридан кўра устунроқдай, баҳолироқдай туради. Ҳар ҳолда мен таниган олимлардан бир нечаларининг фикри шундай. Сенинг гапинг, сенинг фикринг фалончи олимникидан устун бўптими, шунинг учун ўз фикрингни қўй-да ўзга бир машҳурроқ одамнинг ёзганларидан цитаталар келтир, ссылкалар ол, ўшанда ёзаётганинг мағизли бўлади дейдиганлар бор. Аммо ҳар нарсанинг ҳам ўз меъёри яхши менимча. Ҳозирги кунда машҳур инсонларнинг ҳар соҳага оид билдирган машҳур гапларидан тузилган ҳикматли сўзлар тўпламлари нашр этилган. Кўпчилик ёзувчилар кўчираётган фикрини асарнинг оригиналидан эмас, мана шу тўпламлардан олиши уларнинг ишини осонлаштиради, ҳатто электрон вариантда бўлса тўғридан тўғри, ёзиб ҳам ўтирмасдан, нашрда кетган хатоларини ҳам қўшиб кўчириб қўяқоладилар. Ёзувчи тўғри ё нотўғрилигидан қатъий назар ҳаётнинг бирон бир нуқтасига ўз фикрини билдириши, ўзича талқин қилиши керак эмасми? Ёзувчиликнинг асосий шарти ҳам ўзгалар фикрига қўшилавермасдан ўз фикрини айта олиш бўлса керак деб ўйлайман.
    “Одам табиатан насиҳатга, маслаҳатга, ўзи амал қилмайдиган гапларни айтишга уста. Аммо амал қилиш-сўзи устидан чиқиш –бу қийин гап. Мен ижодкорнинг сўзи ўзига, ўзи сўзига ўхшаши тарафдориман.”
    Мавлоно Жалолиддин Румий: “Кўринишинг каби бўл, ёки бўлишинг каби кўрин”-деган эканлар. Инсон бу иккаласидан бирини танламас экан у иккиюзламачидир. Баҳодирнинг юқоридаги сатрларида Жалолиддин Румий сатрларига ташқи тарафдан ўхшашликни, моҳиятан хилма-хилликни кўраман.

    “Нима учун ёзасан? Ёзганинг кимга керак? Ёзмасанг бўлмайдими? Шу дарак гапларнинг эга кесимини алмаштириб шеър қилиб ёздинг нима-ю ёзмасанг нима? Ёш, бошловчи ижодкорни шундай саволлар ҳамиша безовта этсин.”
    Биринчидан ўзбек тили грамматикасига асосан юқоридагилар дарак гап эмас сўроқ гаплар. Иккинчидан қайси бир ижодкор ҳоҳ у ёш, бошловчи ижодкор, ҳоҳ қари, ижоднинг бир четига чиққан бўлсин илҳом туфайли қалтирамаса, типирчилаб қолмаса, қалби безовта бўлмаса, юрак уришининг товушлари ўзига эшитилмаса, хилват изламаса, талвасага тушиб қоғоз қалам қидириб қолмаса ёзиб ўтирмасин. Акс ҳолда ёзганлари адабиёт елкасидаги беҳуда юк бўлиб қолади.

    Дўстим Баҳодир билан суҳбатдан

    -Тўкилади кундузлар, тунлар,
    Вақт тизгинин бўлмайди тортиб.
    Олим бўлдим, дўстим, шу кунлар,
    Бўлмаяпди ўзимдан ортиб.

    Эринмасдан бемор отамнинг,
    Соқолини қиртишлар укам.
    Ота уйнинг тушган сувоғин,
    Тешикларин тирқишлар укам.

    Теграсини чиннидай қилиб,
    Оёқларин ювади синглим.
    Гоҳ шеър ўқиб, гоҳо кулдириб,
    Ғамларини қувади синглим.

    Мен-чи бугун улардан нари,
    Мен-чи бугун жуда узоқда.
    Тушларимга киради бари,
    Тушларим ҳам инграр тузоқда.

    Маҳзун ўйлар эзар гоҳида,
    Менинг каби олим қанидир?
    Бир кунини ота пойида,
    Ўтказмаган золим қанидир?

    -Дўстим, энди ҳаёт-да, асли,
    Тақдир, улуш деган гаплар бор.
    Кўнгил истак измида фасли,
    Собит туриш деган гаплар бор.

    Кўрдим бунда ғолиб ҳамиша,
    Ўз айбларин санамаганлар.
    Қалби тўла юз минг андиша,
    Лек, ортига қарамаганлар.

    Бир тизгинга тизилган йиллар,
    Вақт ўтади, билмас тўхташни.
    Қўмсар ҳали неча насллар,
    Баҳодирга бир бор ўхшашни.

Izoh qoldiring