Bahodir Karimov. A’zam shoirning o’ktam ovozi.

081
Аъзам Ўктам (Аъзам Худойбердиев) 1960 йил 4 октябрда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1985). «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари нашр этилган. «Бола дунёни тебратар» (1988), «Хабар» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. Рабиндранат Тагор ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 2002 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.

Баҳодир Каримов
АЪЗАМ ШОИРНИНГ ЎКТАМ ОВОЗИ

Мақола 2010 йили шоир таваллудига 50 йил тўлиши муносабати билан ёзилган эди

Истеъдодли шоир Аъзам Ўктамдан мухлисларига “Кузда кулган чечаклар”, “Кузатиш”, “Зиёрат”, “Тараддуд”, “Икки дунё саодати”, “Қирқинчи баҳор” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Хабар” қиссаси мерос бўлиб қолди.

Аъзам Ўктамнинг адабий шахсияти ва қиёфасини, истеъдодининг асосий қиррасини шеърий асарлари белгилайди. Унинг шеърлари ҳикматли, изтиробли, ўйинли, ҳисли, тазодли, ташбеҳли, ирсоли масалли, пичинг-кинояли… Ижодкорнинг шеърларида “ўз” ва “ўзга”, “мен” ва “сен”, “биров” жуфтлиги кўп ишлатилади. Лирик “мен”ни аксар ҳолларда ижодкор мени билан тўла-тўкис ёнма-ён қўйишда хатолик йўқ. Аммо, “сен” ҳамда “биров”нинг кўлами кенг. “Биров” ортида ёр, дўст, душман, шогирд, устоз каби образлар ва, ҳатто, “мен” ҳам туради.

Аъзам Ўктам табиатига хос тўғрилик, қатъият, аския, ҳазилга мойиллик, ҳозиржавоблик каби хусусиятлар шеърларида ҳам мужассамини топган. Аслида, сўзга эътибор, сўзида туриш, сўзини бировлар ихтиёрига бермаслик шоирнинг юксак маданиятидан дарак беради. Ортиқча гапириб қўйиш – хатарли. Инсон қалбан ҳидоят топган бўлиши мумкин аммо ўринсиз гапириб қўйиш ёмон: “Тилим, қўрқинчларим сендан, Хатарли сенга эрк бермоқ”. (“Ўтинч”).

Ижодкор поэтик дунёсини дунёқарашидан ажратиб тасаввур қилиб бўлмайди. Собитсиз дунёқараш ва эътиқодсиз сўз ўткинчи; назарий нуқтаи назардан унинг бадиий талқин мезонларида нуқсон бўлади. Улкан синовларга бардош бериб келаётган инсоният томонидан ижод этилган дунё адабиётининг дурдона асарлари шунга гувоҳлик беради. Аъзам Ўктам иймон-эътиқодли инсон сифатида юрагини қоғозга тўкар экан, ижоди учун адабий мезонни, чегараларни аниқ белгилаб олади:

Бир киши ҳолидан, Оллоҳ,
Сақлагил, бергил амон –
Ухлагай мўмин бўлиб ул,
Уйғонур кофир бўлиб! ( “Ҳар бало…” ).

Ёки:

Бас қил эмди, ҳар сўзингда
Битта таъна, иддао,
Чунки миннат айламак ҳам
Бўлмас эмиш исломда. (“Тонгда эркин…”).

Шоир ҳаётдаги аъмоли ва амалига мос келмайдиган гаплар билан сўзамоллик қилишни хуш кўрмайди; сўзни тежайди, ортиқча исроф этмайди. Айниқса, “Қирқинчи баҳор” тўпламига кирган шеърлари қисқа, лўнда, кам сўз билан кўп маънолар англатган, англатадиган шеърлардир. Шоир наздида, “Ёмғир – бу пичирлаб қилинган дуо”. Адабий-эътиқодий тафаккур иплари азалий илдизларга бориб тақалган Аъзам Ўктам шеърларидаги бундай бадиий санъатлар чин инсонга хос тарзда жаранглайди: “Ариқдан сув ичиб турган ул қушлар – Оғиз чайқаётган муслимга ўхшар”. (“Ўхшашлик”).

Аъзам Ўктам шеърларида мантиқ кучли, шиддат ва ўктамлик, лирик қаҳрамон руҳиятида улкан бир дард ва алам бор. Шоир шеърларида мақол ёки маталлар, иборалар, халқона фразеологик бирликлар воситасида образ яратади. Баъзи ўринларда: “Ҳаёт менга дўстмас, ҳа, ёт”, “Оллоҳ, паноҳингга ол-л, оҳ”, “Кўпиртирди: зиёли “зиёнли”га айланди” каби сўз ўйинлари учрайди. Сўздаги биргина урғу, нуқта, оҳанг, бўлиниш янги маъноларга олиб келиши табиий.

Маълумки, мумтоз бадиий санъатлардан бири қалб деб номланади; унда сўзлар ўнг ва тескари ўқилганда ҳам маъно беради. Луғавий жиҳатдан “ағдарилиш, ўзгариш, айланиш” маъноларни англатадиган бу бадиий санъатда сўздаги товушларнинг ўрни алмашади.

Дарада ҳайқирдим:
“Мен улуғ, улуғ!”
Қайтарилар:
“Ғулу”.

“Фол оч, – дедим, –
Келажакдан фол”.
Эшитилар:
“Лоф”.

Инградим:
“Оҳ, оҳ, оҳ”.
Гумбурлайди:
“Ҳо, ҳо, ҳо”. (“Ўйин”).

Шеърдаги “улуғ-ғулу”, “фол-лоф”, “Оҳ, оҳ – ҳо, ҳо” сўзлари фонетик ўзгаришга учраган ва ҳар икки ҳолатда ҳам маъно ифодалайди.
Шеърий мисралардаги: “Оҳ уриб, дод дедим ичим ёнган дам”, “Қўзғалдим, томирда тирилди исён”, “Ўв, кимларни йиғдинг ёнингга”, “Шартта юлиб берай, қон юрагимни”, “Шарт гувраниб ўрнимдан турдим”, каби туйғулар шоир табиатидаги жаҳдни, шиддатли руҳий ҳолатни намоён этади. Сокин ва хотиржам маҳалида ўша ҳолатларни қўмсайди: «Қани, қайда қолди кечаги жаҳдим?”

Аъзам Ўктам ўзига хос шеърий услубга эга шоир. Шу боис, унинг шеърлари ўзидан бошқа ҳеч кимга ўхшамайди. Шунинг учун шеърий мисралардан шоирнинг ўктам овози келиб туради: жиддий, салобатли, ижтимоиятли, кутилмаганда фавқулодда ва тагдор. Баъзан ўйинга солинган ва кинояли, аммо маънодор:

Тилингизда ўша хуш наво,
Қўлингизда ўзим билган соз.
Танимайроқ турибман аммо,
Янгирганга ўхшайсиз бир оз.

Иқболингиз тағин ҳам кулсин,
Бошингизда сўнмасин шуъла.
Аравангиз муборак бўлсин,
Қуллуқ бўлсин янги ашула. (“ Табрик”).

Шоирнинг “Тараддуд” тўпламида “Бир кун”, “Бир тун” деган зид сарлавҳали ҳажми катта иккита шеър бор. Аъзам Ўктам унда умр мазмунига, қалбига, теграсига, дўстларига, устоз-шогирдлар, катта-кичиклар ҳолига, энг муҳими, ўз-ўзига қайта-қайта назар солади.

Тонг яқин!
Узун кун бошланар шу зум,
Тонг – бу қора тунга бўлур ниҳоя.
Ўзингдан керакдир ўзингга ҳужум,
Ўзингга керакдир ўздан ҳимоя.

“Бир кун” шундай якун топади.

“Бир тун”да ўзликка теран назар билан бирга тазарру кайфияти устуворлик қилади:

…Вужудим соғломдир, бироқ дил майиб,
Қилт этгим келмаюр, турарман шундай:
Биров салом, деса, кундек жилмайиб,
Хайр, дегим келар, хўмрайиб тундай…

Зиддиятиларга тўла ҳаётни равонлаштириш, зиддиятларга тўла дунёни

сокинлаштириш, ҳаловатда турмуш кечириш инсоннинг ўзига боғлиқ.

Аъзам Ўктамнинг адабий-эстетик борлиғини, шеъриятига хос хусусиятларни биргина шу шеъри воситасида ҳам тасаввур қилиш қийин эмас. Шеърда лирик қаҳрамон руҳияти, кайфиятига мос соғлом-майиб, салом-хайр, жилмайиб-хўмрайиб, муслим-кофир ва бошқа тазодлар кўп қўлланган. “Маломат” (“Кулгали куч беҳисобдур, Йиғламоқ одат эмас”); “Наслига тортиш” (“юксалди-ку пасткашлар”), “Коса тагида нимкоса” (“иссиқ-совуқ, ёз-қиш”) каби шеърлари, умуман, шу бадиий санъат асосига қурилгандир.

“Қирқинчи баҳор” тўпламида шоирнинг “Ҳаракат” сарлавҳали мансур шеъри бор: “Қаршилик. Қамоқ. Қийноқ. Қасос. Қин. Қилич. Қалқон. Қуюлади қон қайноқ. Қаттол, қаттиқ қатағон. Ўлар. Ўкирар. Ўйлар.Ўприлар. Ўртанар. Ўнгланар. Ўқир. Ўйнар. Ўсар. Ўтар. Ўрганар. Қувонч қаҳат. Қотади. Қора қисмат. Қайғу. Қон. Қадим қудрат қайтади қачон, қачон, қачон? Олиш. Отиш. Ободлик. Оғир ожиз оламга. Омонлигу озодлик омонатдир одамга. Нотиқлар номард, ноқис. Нечун нолиш, насиҳат? Нажот – норози нафас. Нафрат – насиба, неъмат”.

Бунда талатўп замонларда инсон ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғулар ва тушунчалар жамланган. Сажъ, оҳанг, аллатерация, такрор учун шоир махсус сўзларни танлайди. Бунда бевосита сарлавҳа моҳиятини мазмунан таъминлайдиган бир маромдаги ҳаракат ҳам, айни чоғда, ҳаракат сабабчиси бўлган ўзаро зиддиятлар силсиласи ҳам бор. Энг муҳим қирраси, бундай ҳаракатдаги сўз ўйинидан, аниқроғи, сўзларнинг бош ҳарфлари йиғиндисидан “Қўқон” сўзи пайдо бўлади. Мансурада шу қадим шаҳарга хос хусусият жамлангандек таассурот қолдиради. Ҳақиқатан, агар бу тарихий масканнинг ўтмишига назар ташланса, қирғин-баротлар, қатағон замонларида не-не номардлик ва сотқинликлар бўлгани хаёлга келади. Ўша машъум қатағон даври остонасида турган шоир Чўлпон бу ўлкага хитобан: “Эй гўзал Фарғона, қонли кўйлакингдан айланай, Тарқалиб кетган қора ваҳший сочингга боғланай”, деб ёзган эди ўтган асрнинг йигирманчи йилларида. Аъзам Ўктам шеъридаги руҳ шундай ижтимоий пафосга эга. Эрксевар Чўлпон қалби, умуман, бу тоифа шоирлар занжирли муҳитларга сиғмаслиги боис кишанларга ҳурликни қарши қўяди. Шунга монанд Аъзам Ўктам ҳам ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирларида “Қизимга ҳасрат” шеърида: “Кишан билакузук эмасдир, тумор”, деб ёзади. Бошқа ўринда, яна шу образни қўллаб таъкидлайдики: “Шайтон қанча бермасин, пишанг, Бўсағадан ҳатлатмас, ахир, – Пойимдаги у кумуш кишан, Бўйнимдаги бу тилла занжир!” “Чўлпон” шеърида: “Кишан шақирлашдан бошқани билмас”, дейди.

Шу ўринда, Чўлпонга ихлосли Аъзам Ўктамнинг бирорта адабиётшунос томонидан айтилмаган, фақат шоирларгина илғаб оладиган бир мулоҳазасини эслаб ўтишни истар эдим. Бир куни учрашиб қолганида, Чўлпон шеърларининг яхлит бир бутунликдан таркиб топгани юзасидан сўз очиб дедики: “Чўлпоннинг истаган бир шеърини исталган бир шеърининг давоми ёки оралиғига жойлаштириб ўқиш мумкин, ундаги мантиқ бузилмайди”. Адашмасам, бу фикр ўз исботи билан радио тўлқинларида ҳам жаранглади.

Аъзам Ўктам шеърларида фикр ва ҳис-туйғу ўзаро уйғунликда ижтимоий-фалсафий кўлам ҳосил қилади. Унинг битта шеърини тугал тушунтириш, талқин ва таҳлил қилиш учун истайсизми-йўқми деярлик ҳар бир сўзи, мисраси борасида мулоҳаза юритиш лозим. Масалан, “Алдаманг, устоз!” деган ихчам бир шеърида ёзади: “Сиз менданки, Тортинмадингиз, Аниқ – уялмайсиз Тангридан, асло”. Тўрт қаторга жойланган бу матн бор-йўғи еттита сўздан иборат. Аммо унда салмоқли бир фикр ва туйғу мужассам. Алданган шогирд қалбидаги алам ҳислари ифодаланган. Бундаги пафос нафосатдан кўра ҳақоратга яқин; бу қуюшқондан чиққан кишининг аламдан чиқиш учун ёзган етти дона сўзи, устозидан кўнгли қолган бир кимсанинг дарди бу. Бунинг қофияси йўқ, вазни ва оҳанги ҳам ўзига яраша. Аммо бунда амали сўзига мувофиқ келмайди дея тасаввур қилинаётган кимсанинг ғаройиб сувратига ихчам бир чизги кўринади.

Теран ёзиш учун теран бир тасаввур ва тафаккур лозим. Олимлардан бири айтадики: “Лойқа, мужмал тасаввур қилинган нарсалар, тусмолланиб ёзилади”. Аъзам Ўктамнинг азалий, миллий қадриятлар тўғрисида ёзган “Изоҳ шарт эмас” шеърида теранлик бор.

Ижодкор ўз маънавий дунёсини, чинакам ботиний қиёфасини, тоза борлиғини ёзмаса, ёлғон ребуслар тўқишга, ўзидан фаришта ясаш йўлига ўтиб олади. Шоир шеърларини ўзидан, “мен”идан айириб талқин қилиш мумкин эмас. Шеър ҳар кимга турлича таъсир кўрсатади, одам уни турлича қабул қилади. Бундай завқни талқин қилишнинг ҳам ўз гашти бор. Шеърнинг таваллуд айёмини, кимга бағишлангани, қачон, қандай шароитда нима учун ёзилганини аниқлаб, таржимаи ҳол йўсинда таҳлил қилиш ҳам адабиётшунослик тажрибасида мавжуд усуллардан бири, албатта. Лекин Аъзам Ўктамнинг ўғил-қизларига, устозлари ёки яқинларига бағишлаб ёзган “Қизимга ҳасрат”, “Тўмарис билан суҳбат”, “Мактуб. Қодир Деҳқонга”, “Низомиддинни уйғотиш” каби шеърларининг адабий-эстетик кўлами кенг.

Аъзам Ўктам шеърлари, насрий ва публицистик асарлари моҳиятига оят, ҳадис ва ҳикматларни сингдириб ёзди. “Ҳақ сўзни битмакка сарфланган сиёҳ Жангда томган қондек қадрли бўлар!” Яна бир шеърида: “Бугун тонгда негадир отам Қараб қўйди норизо бўлиб”, дейди. Отани норизо қилиш кўнгилни бесаранжом этади. Бу ўринда, ота-онанинг розилигига оид ҳадис ёдга тушади. Дарвоқе, Аъзам Ўктамнинг “Икки дунё саодати” китоби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган қирқ тўртта ҳадиснинг шеърий талқин ва изоҳларидан таркиб топгандир.

Аъзам Ўктам “Хабар” номли қиссасида (“Шарқ юлдузи” журнали, 1995 йил 1-2 сон) ўтган асрнинг биринчи чорагидаги алғов-далғовларга, ўзгариш ва таҳликаларга тўла давр воқеаларини қаламга олади. Шўро идорасининг кириб келиши, номигагина ўтказилган сайловлар, бойлар, босмачилар ва ниҳоят, Акрам каби ислом дини йўлида жон куйдириб, динни бидъат-хурофотдан тоза кўриш ниятидаги йигитларнинг интилишлари – барча-барча қиссада тоза назардан ўтказилади. “Хабар” қиссасида Акрам, Тавфиқбек, Нуриддин қози сингари турли тоифа кишиларининг қиёфасини, ички ва ташқи оламини бир мунча теран тасаввур этиш мумкин. Асарда тиғизлик бор, воқеа-ҳодисалар жуда ихчам-мухтасар баён этилган. Қиссанинг якунида Акрам Тавфиқбекка хат ёзиб, эл-юрт шўролар қўлига ўтгани хабари берилади. Асарга сарлавҳа қилиб олинган “Хабар”нинг бир сабаби шу. Иккинчидан, айни мактубда, Қуръони каримнинг “Набаъ” – “Хабар” сурасининг сажъли-гўзал таржимаси келади. Сура моҳияти қисса мазмунига қайсидир маънода боғлиқ.

Аъзам Ўктамнинг «Кўзи боғлиқ қуш», «Мазмуни очилмаган…» шеър эмас», «Шайтонни таниб олинг, болалар» каби адабий таҳлил ва тақризлари, шунингдек, “Гапнинг индаллоси”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам…”, сингари ихчам публицистик мақолалари ҳам ўз вақтида мухлислар эътиборини тортганди.

Аъзам Ўктам бир шеърида: “Ўлим деманг, ўлим ўлсин! Ўйнаб-кулиб юзга тўламан”, деб ёзган эди. Шоирни ўлган деманг, азизлар, “ўлим, ўлсин!” Аъзам Ўктам бу йил элликка тўлди.
Аъзам Ўктам “ўйнаб-кулиб юзга” ҳам тўлажак!

Манба: «Шарқ юлдузи».,2010-5

011

Аъзам Ўктам
ШЕЪРЛАР

ТАРАДДУД

Аниқ ҳеч нарса йўқ, ҳар нарса тусмол,
Айбларим ўйласам – ҳушдан озарлик.
Қизларнинг юзидай очилган осмон
Булут келишига кўрар ҳозирлик.

Битта шам ўчгайдир шаббода елса,
Кулга либос балки, асли у қайғу.
Босқинчи бировнинг юртига келса,
Бир кун қувилишга ҳозирлиги шу.

Кўзни совуқ кўрдим, юракларни муз,
Шайландим ўт ила ўйнашмоқ учун.
Муҳит бўлса қишни бошлаб келар куз,
Юзма-юз чиқмасанг – яшамоқ нечун.

Йўл аниқ, қайтиш йўқ.
Мен кетдим энди.
Кечган нарсам – жонни ўйламам ҳечам.
Битта майдон керак – курашгим келди:
Тўшакда ётгулик қилмасин ўлим!

ОРАЛИҚДА

Жонимга тегмоқда барчаси бир-бир,
Жон эса ҳалқумга келар охири.
Битта мен йўқ бўлсам не бўпти ахир —
Ўзбекнинг камайиб қолмас шоири.

На Тошкент, на Қўқон билади мени,
Ахир ўз-ўзимни алдаб, нетаман?
Шу оппоқ қоғоздан яширай нени —
Бир ўлиб кўрмадим, холос. Кетаман!

Бир қалтис қулади кеч кузги офтоб,
Чўққидан чўққига урилиб синди.
Куннинг синиқлари бунчалар сероб –
Улар юлдуз бўлиб милтирар энди.

Яна бегоналар янглиғ турарман,
Мезбонларга ўхшар отам ҳам онам.
Қишлоқ кўчаларин кезиб юрарман,
Танимас дўстимнинг болалари ҳам.

Қийнагай ҳар нарса юракни эзиб:
Шохи синиб қайтди қўчқор подадан.
Аянчли ғингшийди кўнглимни бузиб,
Итим яраланиб келди тўдадан.

Сўнг тонгда жўнарман яна қалтираб,
Ўз ҳолим ўйлайман аччиқ жилмайиб.
Шаҳарда болалар кутар мўлтираб,
Қишлокда волидам қолар мунғайиб.

СЎРОҚ

Талпиндинг, йиғладинг – елдинг дунёга,
Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,
Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,
Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

Тилингни тиймайсан – бешарм сўйлар,
Кўзингни тиймайсан – бузукқа бўйлар,
Ўзингни тиймайсан – неларни ўйлар,
Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?

Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,
Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,
Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг –
Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.

Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,
Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,
Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг –
Не учун тикдинг бу юзи қарога?

Қишда қушларга дон сочган қўлингни,
Нопок луқмалардан қочган қўлингни,
Оллоҳ, деб дуога очган қўлингни –
Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.

Тўйдириб ўт, қонга тўйган юракни,
Ўлдириб ҳақ дея тўлган юракни,
Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,
Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

НЕГА?

Кун узун, кун иссиқ – малоллар келур,
Тунлари қоп-қора саволлар келур,
Тонг чоғи мусаффо хаёллар келур,
Ақлим менинг тиниқ тортмади ҳануз.

Етти оқ-қорани ажратиш они,
Бу умр, бу ўлим кимнинг эҳсони?
Ҳар лаҳза шу қарзни узиш имкони,
Билдим, чин сарватни йиғмадим ҳануз.

Энг улуғ сўздан-да титрамас юрак,
Кўзимга ёш келмас – бу недан дарак,
Халқимга не бердим ваъдадан бўлак,
Эккан ниҳолим ёш, мевасиз ҳануз.

Маҳкам боғласам-да рост йўлга белни,
Кўнгил равшан эмас, доғи бор дилнинг,
Юртимни танидим, билдим-ку элни,
Бироқ унутмадим ўзимни ҳануз.

ҚАНОАТ

Асл айбим —
Текис йўлда қоқинмокдир.
Асл бахтим —
Ўзинг кўрмай соғинмокдир.
Еру кўкдан мудом излаб
Хато қилдим.
Сени топмоқ йўли
Доим топинмоқдир.

ИБОДАТ

Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,
Такбир айтган чоғи гулдураб само.
У янглиғ муножот қила олур ким,
Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.

Ел йиғлар ер тирнаб. тупроқ сесканар,
Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
Дуолар ижобат бўлган саначар,
Кун нурлари бундан келтирар мужда.

ИШҚ ҲАҚҚИ

Ажаб, дил шод бўлур тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.
На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи, хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни.

ЙЎЛ

Йил йиқилар йилнинг устига,
Хотиралар типирчилар хит.
Елкам оғрир, қақшар устихон,
Юк остида силтанар умид.

Бераймикан тақдиримга тан,
Наҳот бари тугади ёҳу!
Йилдан йилга етаклаб ўтган –
Орзуларим ушапмади-ку?!

Сергак қадам ташлайман, ахир,
Юрар йўлим – қалин тиканзор.
Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.

Юксакларга чўзибман қўлни,
Омон етай унга ишқилиб.
Танладим сал оғирроқ йўлни,
Сал енгилроқ жон берайин деб.

Кадам босиш тобора қийин,
Умр кифтда. Қақшар устихон.
Олға қараб юрганим сайин
Йил йиқилар йилнинг устига.

11

(Tashriflar: umumiy 204, bugungi 1)

Izoh qoldiring