Begali Qosimov. Quyosh borligiday oydin haqiqat.

032
Абдулла Қодирий ва жадидчилик масаласи мавзуси қодирийшуносликнинггина эмас, адабиётшунослигимизнинг ҳам муҳим ва долзарб, лекин шу пайтга қадар етарлича эътибор берилмай келаётган масалаларидан. Муҳимлиги шундаки, Абдулла Қодирийдек ўзбек адабиётида янги йўл-йўналишни бошлаб берган, ўзбек романчилик мактабига асос солган сиймонинг жадидчилик номи билан тарихга кирган XX аср бошидаги етакчи ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас эди. Тўғрироғи, Қодирий феномени, аслида, жадидчиликнинг адабиётда намоён бўлишидир.

05
Бегали Қосимов
ҚУЁШ БОРЛИГИДАЙ ОЙДИН ҲАҚИҚАТ
02

Абдулла Қодирий ва жадидчилик масаласи мавзуси қодирийшуносликнинггина эмас, адабиётшунослигимизнинг ҳам муҳим ва долзарб, лекин шу пайтга қадар етарлича эътибор берилмай келаётган масалаларидан. Муҳимлиги шундаки, Абдулла Қодирийдек ўзбек адабиётида янги йўл-йўналишни бошлаб берган, ўзбек романчилик мактабига асос солган сиймонинг жадидчилик номи билан тарихга кирган XX аср бошидаги етакчи ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас эди. Тўғрироғи, Қодирий феномени, аслида, жадидчиликнинг адабиётда намоён бўлишидир.

«Ўткан кунлар», биринчи навбатда жадид адабиётининг, иккинчи номи билан айтганда, янги ўзбек адабиётининг энг куркам маҳсули. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Таажжубимиз сабаби, битта ҳодисани турли номлар билан атаётганимизда ва уларнинг ҳали онгимизга сингиб улгурмаганида. Иккинчидан, совет мафкураси томонидан бир вақтлар «халқ душмани» рамзига айлантирилган «жадид» сўзини тилга олиш қўрқувининг ҳали-ҳануз сўнгакларимиздан чиқиб кетмаганлигида. Лекин бугун бу нарса қуёшнинг борлиги қадар ойдин ҳақиқат бўлиб турибди. У ҳам бўлса, жадидчилик аталмиш ҳодисанинг тарихимизда кечгани, унинг кўҳна Туркистон маданий-маънавий янгиланишида буюк омил бўлгани. Тўғри, уни баҳолашда, хусусан, мазкур ҳодисанинг майдонга келиши ва тараққиёт босқичларини белгилашда ҳар хиллик йўқ эмас ва бу, қанчалар табиий бўлса, шу қадар қонуний ҳамдир.

Шунга кўра, қуйидаги уч масалага диққатингизни қаратмоқчиман.

Биринчиси, айрим тадқиқотчиларимиз ўз илмий-тадқиқот ишларида жадидчиликни умуман эътироф этган ҳолда, уни 1905 йилдан кейин шаклланган ва 1917 йилларгагина дахлдор ҳисоблайдилар. Бизнинг нуқтаи назаримиз бир оз бошқача. Ва биз буни 2002 йилда нашр қилинган «Миллий уйғониш» китобимизда очиқроқ ҳамда батафсил ифодалашга ҳаракат қилганмиз. Бу йил чоп этилиши мўлжалланган «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» дарслигида бу нуқтаи назар муайян тизим ҳолига келтирилган. Ундаги лейтмотив шундай:
Туркистон жадидчилиги XIX аср охири — XX аср бошларида юртимизда майдонга келган муайян ижтимоий-сиёсий шароит маҳсули. У сиёсий ҳаётда 1892 йилги эрк ва озодлик курашларидан 1917—1918 йилларда Туркистон мухториятини эълон қилиш ва истиқлолчилик ҳаракатларигача бўлган воқеаларни ўз ичига қамраб олди. Маданий-маънавий ишларда XIX асрнинг 90-йилларида очилган «усули жадид» мактабларидан ўнлаб ёшларни тараққий қилган мамлакатлар олий ўқув юртларига юбориш ва замонавий миллий кадрлар етказиш, ниҳоят, ўз миллий университетини очиш даражасигача кўтарилди. Миллий матбуотни майдонга келтирди, миллий театрга асос солди. Бадиий ижод соҳасида эса, оддий маиший-ахлоқий мавзулар тасвиридан ўзликка талпинган оталаримизнинг турмуш ва интилишларини, мураккаб ва ғалаёнли руҳиятини бутун зиддияти билан очиб берувчи кенг диапазонли, ранг-баранг жанрларга эга серранг ва сероҳанг адаби-ётгача бўлган йўл босиб ўтилди.

Шуларга кўра, биз Туркистон жадидчилигини «XIX аср охирларидан шакллана бошлаган, XX аср бошларида тўла намоён бўлган, октябрь воқеаларидан кейин ҳам 20-йилларнинг ўрталарига қадар қизғин давом этган, 1929 йилдан кейин «Ким кимни енгади?» деган шиор советлар фойдасига ҳал бўлгач, бўҳронга кирган», — деган фикрдамиз. Бинобарин, янги ўзбек адабиётимизнинг энг сара намуналари майдонга келган 20-йилларнинг биринчи ярми жадидчиликнинг сўнгги босқичи. Жадидчилик маънавий-маданий соҳаларни янги изга солгани сингари адабиётда ҳам уч буюк бонийни ўртага чиқарди. Чўлпон янги ўзбек шеъри биносига асос солди. Фитрат янги адабий-бадиий тафаккурни бошлаб берди, чинакам драматургия намуналарини яратди. Қодирий ўзбек романчилигининг отаси бўлиб тарихга кирди.

Иккинчиси, Абдулла Қодирийнинг шаклланишида жадидчиликнинг роли ва ўрни масаласи.

Абдулла Қодирий Туркистонда жадидчилик ҳаракат сифатида эндигина ниш ураётган, «усули жадид» мактаблари ўлкада яккам-дуккам очила бошлаган бир пайтда туғилди. Ўшанда юртимизга машҳур «Таржимон»нинг кела бошлаганига 10 йилдан ошган эди. «Усули жадид»нинг -халқ орасига кирганига роса 10 йил тўлган эди. Бир йил олдин — 1893 йили унинг назариётчиси ва амалиётчиси Исмоил Гаспринский Мажид Ғанизода деган ширвонлик шогирди билан ўша давр Туркистонининг аҳамиятига кўра иккинчи шаҳри ҳисобланган Самарқандда бўлиб, 40 кун «усули жадид» сабоқларини ўқиган эдилар. Абдулла мактаб ёшига етган йилларда янги усул мактаблари учун бир нечта дарслик босилиб чиққан эди. У «бир бойга хизматчиликка» берилган 1906 йилда миллий матбуотимиз дастлабки қадамларини қўяётган, машҳур Маҳмудхўжа Беҳбудий Мунавварқорининг «Хуршид» газетасида иштирокиюнчилар фирқасининг дастур ва аъмолини инсоф ва адолатгагина эмас, ахлоқ ва одобга ҳам номувофиқ топган, бир йилдан сўнг ўзининг «Туркистон мухторияти дастури»ни тузиб, «Иттифоқи муслимин» раҳбарияти орқали Давлат Думаси муҳокамасига киритиш ишлари билан шуғулланар эди. Мана, маърифат ва сиёсатдаги ўзгаришлар. Ёш, ҳар нарсага ўта қизиқувчан, унинг устига рус-тузем мактабига қатнаётган Абдулланинг булардан бехабар бўлиши эҳтимолдан узоқ, албатта.

Туркистон адабиётини зимдан кузатиб келаётган А. Н. Самойлович 1909 йилдаёқ бу ерда янги адабиёт майдонга келаётганини маълум қилган ва ҳақиқатан ҳам «Миллий шеърлар» ёзила бошлаган, 10-йиллардан театр асарлари, замонавий наср ва ўткир публицистика даврий матбуот ва ноширликни шошириб қўйган эди. Бинобарин, Абдулла Қодирий «Падаркуш» пьесаси таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборганини ўзи ҳам пайқамай қолган» экан, бунда ҳеч бир муболаға йўқ.

У Ватан бағрида етилиб, тўлиб-тошиб келаётган жадидчиликдан баҳраманд бўлган, бошқача айтганда, миллий уйғониш ҳавосидан нафас олган ва ўз фаолияти билан уни янада мукаммаллаштириш истаги билан яшаётган ёшлардан эди. Унинг «Турон» жамиятига ишга ўтиши, ҳатто 1918 йилда Озиқ комитетида ишлаши ҳам буни тасдиқ этади. Бу борада биргина мулоҳаза бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, бу талқинларнинг ёзувчи 1926 йилда ўз қўли билан ёзган «Таржимаи ҳол»ига у қадар рост келмаслиги. Менимча, бу ерда ҳеч бир англашилмовчилик бўлмаслиги керак. Чунки «Таржимаи ҳол» 1926 йили, ёзувчи «тескаричи, миллатчи» деб асоссиз айбланиши муносабати билан ёзилганлиги мутахассисларга маълум. Иккинчидан, худди шу йили советлар жадидчиликка қарши кураш компаниясини бошлаганларини, «Иноғомовчилик» деган «жиноий иш» очилиб, ўттиздан ортиқ киши қамоққа олинганини эслайлик.

«Падаркуш»га ҳавола масаласи эса, советларнинг бу борада ғоят маккорона ва мунофиқона йўл тутганлиги билан изоҳланади. Яъни бир томондан жадидлар қатағони бошланди, иккинчи томондан бир вақтлар ўзлари амирга ушлаб берган, қатл этилишини томоша қилганлари Беҳбудийнинг номини абадийлаштириш мақсадида Қарши шаҳрига унинг номи берилди.

Ва ниҳоят, Абдулла Қодирий асарларининг, биринчи навбатда, «Ўткан кунлар»нинг жадид адабиётига алоқадорлиги масаласи.
Назаримда, бу ерда ҳам гап кўпроқ атамаларимизда ва бир қадар ёндашувларимизнинг бир-биридан фарқланишида. Агар биз жадидчиликнинг XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Туркистоннинг асосий ва етакчи ҳаракатчилиги эканини эътироф этсак, унинг шартли равишда ажратиш мумкин бўлган «ташаккул»(ХIХ асрнинг 80-90-йиллари), «тараққий» (1900-1917 йиллар), «таназзул» (1918-1929) даврларини ҳам қабул қилмоқ керак бўлади. Унинг 1917 йилдан 1929 йилгача бўлган даврини тан олмаслик, октябрь воқеасидан кейинроқ советлар ўрнатилиб, социалистик мафкура қарор топди, инқилобий ўзгаришлар амалга оширилиб, янги жамият барпо этилди, деган эски ашулани қайтариш бўлур эдики, бу ҳақиқатга хилофлигидан ташқари жадидчиликнинг ҳам моҳиятига зиддир. 1917-1929 йилларга моҳиятан фақат икки тарафдан (жадидчилик, советчилик)гина ёндашиш мумкин. Учинчи йўл йўқ.

Агар жадидчилик сифатида талқин қилинадиган бўлса, бу давр адабиётини жадид адабиёти, «Ўткан кунлар»ни эса, унинг энг гўзал намунаси сифатида эътироф этмоқ керак бўлади. Асарда эса, бунга жавоб берадиган барча компонентлар бор. Ортиқча тафсилотларга берилмасдан, биргина нуқтани қайд этиш билан чекланамиз. Асар, номланишидан кўриниб турганидек, ўтган кунлар, муаллиф таъкидлаганидек, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари» ҳақида эди. Масалани бу хил қўйиш шўро даврининг талаб ва эҳтиёжини кўзда тутади. Унга кўра, тарих ўтмиш ва бугунга ажратилиб, бири иккинчи-сига қарама-қарши қўйилмоғи, бири рад этилиб, иккинчиси улуғланмоғи лозим эди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, совет даври адабиётшунослиги 20-йилларда ҳам, 60-йилларда ҳам уни худди шу жиҳатдан таҳлил ва талқин этди, яъни тарихимизнинг «кирлик», «қора кунлари» нималар-у, улар қандай кўрсатилгани устида фикр юритди. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар эса, асосан, бу асарнинг юқоридаги андозага сиғмаган жиҳатлари — муаллифнинг ўз қаҳрамонларига муносабати, урф-удумларимиз, анъаналаримиз тасвири кабилар борасида кетди.

Ўз даврида эса, у син-фий ёндашмаганлиги, ўтмишга тошни яхшироқ отмаганлиги учун қораланган эди. Истиқлол даврида эса, у «истиқлол қайғуси»ни ўзида ташиган асар сифатида таҳлил этилмоқда. Бунга қўшимча қилиб, романни «ўткан кунлар»дан «кир» эмас, «нур» топган, бениҳоя оғир замонларда, ҳаётларининг энг бахтсиз онларида ҳам юксак ички маданият, нозик дидлилик, комил ахлоқ ва одоб намуналарини намойиш этган оталаримиз турмуши, гўзал оилавий муносабатлар, бетакрор миллий колорит тасвири орқали ўзликни танитмоққа қаратилган асар ҳам демак керак бўла-ди. Бу эса, жадидчиликнинг, бошқача айтганда, миллий уйғонишнинг бош хусусияти, миллатни миллат қилувчи анъаналар эди.
Юқоридагиларга кўра, Абдулла Қодирий жадидчилик ва жадид адабиётининг марказий сиймоларидандир.

Бегали Қосимов, “Уйғонган миллат маърифати” китобидан

05
Begali Qosimov
QUYOSH BORLIGIDAY OYDIN HAQIQAT
02

Abdulla Qodiriy va jadidchilik masalasi mavzusi qodiriyshunoslikninggina emas, adabiyotshunosligimizning ham muhim va dolzarb, lekin shu paytga qadar yetarlicha e’tibor berilmay kelayotgan masalalaridan. Muhimligi shundaki, Abdulla Qodiriydek o’zbek adabiyotida yangi yo’l-yo’nalishni boshlab bergan, o’zbek romanchilik maktabiga asos solgan siymoning jadidchilik nomi bilan tarixga kirgan XX asr boshidagi yetakchi ijtimoiy-siyosiy, madaniy-ma’rifiy harakatdan chetda turishi mumkin emas edi. To’g’rirog’i, Qodiriy fenomeni, aslida, jadidchilikning adabiyotda namoyon bo’lishidir.

«O’tkan kunlar», birinchi navbatda jadid adabiyotining, ikkinchi nomi bilan aytganda, yangi o’zbek adabiyotining eng kurkam mahsuli. Buning ajablanadigan joyi yo’q. Taajjubimiz sababi, bitta hodisani turli nomlar bilan atayotganimizda va ularning hali ongimizga singib ulgurmaganida. Ikkinchidan, sovet mafkurasi tomonidan bir vaqtlar «xalq dushmani» ramziga aylantirilgan «jadid» so’zini tilga olish qo’rquvining hali-hanuz so’ngaklarimizdan chiqib ketmaganligida. Lekin bugun bu narsa quyoshning borligi qadar oydin haqiqat bo’lib turibdi. U ham bo’lsa, jadidchilik atalmish hodisaning tariximizda kechgani, uning ko’hna Turkiston madaniy-ma’naviy yangilanishida buyuk omil bo’lgani. To’g’ri, uni baholashda, xususan, mazkur hodisaning maydonga kelishi va taraqqiyot bosqichlarini belgilashda har xillik yo’q emas va bu, qanchalar tabiiy bo’lsa, shu qadar qonuniy hamdir.

Shunga ko’ra, quyidagi uch masalaga diqqatingizni qaratmoqchiman.

Birinchisi, ayrim tadqiqotchilarimiz o’z ilmiy-tadqiqot ishlarida jadidchilikni umuman e’tirof etgan holda, uni 1905 yildan keyin shakllangan va 1917 yillargagina daxldor hisoblaydilar. Bizning nuqtai nazarimiz bir oz boshqacha. Va biz buni 2002 yilda nashr qilingan «Milliy uyg’onish» kitobimizda ochiqroq hamda batafsil ifodalashga harakat qilganmiz. Bu yil chop etilishi mo’ljallangan «Milliy uyg’onish davri o’zbek adabiyoti» darsligida bu nuqtai nazar muayyan tizim holiga keltirilgan. Undagi leytmotiv shunday:
Turkiston jadidchiligi XIX asr oxiri — XX asr boshlarida yurtimizda maydonga kelgan muayyan ijtimoiy-siyosiy sharoit mahsuli. U siyosiy hayotda 1892 yilgi erk va ozodlik kurashlaridan 1917—1918 yillarda Turkiston muxtoriyatini e’lon qilish va istiqlolchilik harakatlarigacha bo’lgan voqealarni o’z ichiga qamrab oldi. Madaniy-ma’naviy ishlarda XIX asrning 90-yillarida ochilgan «usuli jadid» maktablaridan o’nlab yoshlarni taraqqiy qilgan mamlakatlar oliy o’quv yurtlariga yuborish va zamonaviy milliy kadrlar yetkazish, nihoyat, o’z milliy universitetini ochish darajasigacha ko’tarildi. Milliy matbuotni maydonga keltirdi, milliy teatrga asos soldi. Badiiy ijod sohasida esa, oddiy maishiy-axloqiy mavzular tasviridan o’zlikka talpingan otalarimizning turmush va intilishlarini, murakkab va g’alayonli ruhiyatini butun ziddiyati bilan ochib beruvchi keng diapazonli, rang-barang janrlarga ega serrang va serohang adabi-yotgacha bo’lgan yo’l bosib o’tildi.

Shularga ko’ra, biz Turkiston jadidchiligini «XIX asr oxirlaridan shakllana boshlagan, XX asr boshlarida to’la namoyon bo’lgan, oktyabr` voqealaridan keyin ham 20-yillarning o’rtalariga qadar qizg’in davom etgan, 1929 yildan keyin «Kim kimni yengadi?» degan shior sovetlar foydasiga hal bo’lgach, bo’hronga kirgan», — degan fikrdamiz. Binobarin, yangi o’zbek adabiyotimizning eng sara namunalari maydonga kelgan 20-yillarning birinchi yarmi jadidchilikning so’nggi bosqichi. Jadidchilik ma’naviy-madaniy sohalarni yangi izga solgani singari adabiyotda ham uch buyuk boniyni o’rtaga chiqardi. Cho’lpon yangi o’zbek she’ri binosiga asos soldi. Fitrat yangi adabiy-badiiy tafakkurni boshlab berdi, chinakam dramaturgiya namunalarini yaratdi. Qodiriy o’zbek romanchiligining otasi bo’lib tarixga kirdi.

Ikkinchisi, Abdulla Qodiriyning shakllanishida jadidchilikning roli va o’rni masalasi.

Abdulla Qodiriy Turkistonda jadidchilik harakat sifatida endigina nish urayotgan, «usuli jadid» maktablari o’lkada yakkam-dukkam ochila boshlagan bir paytda tug’ildi. O’shanda yurtimizga mashhur «Tarjimon»ning kela boshlaganiga 10 yildan oshgan edi. «Usuli jadid»ning -xalq orasiga kirganiga rosa 10 yil to’lgan edi. Bir yil oldin — 1893 yili uning nazariyotchisi va amaliyotchisi Ismoil Gasprinskiy Majid G’anizoda degan shirvonlik shogirdi bilan o’sha davr Turkistonining ahamiyatiga ko’ra ikkinchi shahri hisoblangan Samarqandda bo’lib, 40 kun «usuli jadid» saboqlarini o’qigan edilar. Abdulla maktab yoshiga yetgan yillarda yangi usul maktablari uchun bir nechta darslik bosilib chiqqan edi. U «bir boyga xizmatchilikka» berilgan 1906 yilda milliy matbuotimiz dastlabki qadamlarini qo’yayotgan, mashhur Mahmudxo’ja Behbudiy Munavvarqorining «Xurshid» gazetasida ishtirokiyunchilar firqasining dastur va a’molini insof va adolatgagina emas, axloq va odobga ham nomuvofiq topgan, bir yildan so’ng o’zining «Turkiston muxtoriyati dasturi»ni tuzib, «Ittifoqi muslimin» rahbariyati orqali Davlat Dumasi muhokamasiga kiritish ishlari bilan shug’ullanar edi. Mana, ma’rifat va siyosatdagi o’zgarishlar. Yosh, har narsaga o’ta qiziquvchan, uning ustiga rus-tuzem maktabiga qatnayotgan Abdullaning bulardan bexabar bo’lishi ehtimoldan uzoq, albatta.

Turkiston adabiyotini zimdan kuzatib kelayotgan A. N. Samoylovich 1909 yildayoq bu yerda yangi adabiyot maydonga kelayotganini ma’lum qilgan va haqiqatan ham «Milliy she’rlar» yozila boshlagan, 10-yillardan teatr asarlari, zamonaviy nasr va o’tkir publitsistika davriy matbuot va noshirlikni shoshirib qo’ygan edi. Binobarin, Abdulla Qodiriy «Padarkush» p`esasi ta’sirida «Baxtsiz kuyov» degan teatr kitobini yozib yuborganini o’zi ham payqamay qolgan» ekan, bunda hech bir mubolag’a yo’q.

U Vatan bag’rida yetilib, to’lib-toshib kelayotgan jadidchilikdan bahramand bo’lgan, boshqacha aytganda, milliy uyg’onish havosidan nafas olgan va o’z faoliyati bilan uni yanada mukammallashtirish istagi bilan yashayotgan yoshlardan edi. Uning «Turon» jamiyatiga ishga o’tishi, hatto 1918 yilda Oziq komitetida ishlashi ham buni tasdiq etadi. Bu borada birgina mulohaza bo’lishi mumkin, u ham bo’lsa, bu talqinlarning yozuvchi 1926 yilda o’z qo’li bilan yozgan «Tarjimai hol»iga u qadar rost kelmasligi. Menimcha, bu yerda hech bir anglashilmovchilik bo’lmasligi kerak. Chunki «Tarjimai hol» 1926 yili, yozuvchi «teskarichi, millatchi» deb asossiz ayblanishi munosabati bilan yozilganligi mutaxassislarga ma’lum. Ikkinchidan, xuddi shu yili sovetlar jadidchilikka qarshi kurash kompaniyasini boshlaganlarini, «Inog’omovchilik» degan «jinoiy ish» ochilib, o’ttizdan ortiq kishi qamoqqa olinganini eslaylik.

«Padarkush»ga havola masalasi esa, sovetlarning bu borada g’oyat makkorona va munofiqona yo’l tutganligi bilan izohlanadi. Ya’ni bir tomondan jadidlar qatag’oni boshlandi, ikkinchi tomondan bir vaqtlar o’zlari amirga ushlab bergan, qatl etilishini tomosha qilganlari Behbudiyning nomini abadiylashtirish maqsadida Qarshi shahriga uning nomi berildi.

Va nihoyat, Abdulla Qodiriy asarlarining, birinchi navbatda, «O’tkan kunlar»ning jadid adabiyotiga aloqadorligi masalasi.Nazarimda, bu yerda ham gap ko’proq atamalarimizda va bir qadar yondashuvlarimizning bir-biridan farqlanishida. Agar biz jadidchilikning XIX asr oxiri va XX asr boshlaridagi Turkistonning asosiy va yetakchi harakatchiligi ekanini e’tirof etsak, uning shartli ravishda ajratish mumkin bo’lgan «tashakkul»(XIX asrning 80-90-yillari), «taraqqiy» (1900-1917 yillar), «tanazzul» (1918-1929) davrlarini ham qabul qilmoq kerak bo’ladi. Uning 1917 yildan 1929 yilgacha bo’lgan davrini tan olmaslik, oktyabr` voqeasidan keyinroq sovetlar o’rnatilib, sotsialistik mafkura qaror topdi, inqilobiy o’zgarishlar amalga oshirilib, yangi jamiyat barpo etildi, degan eski ashulani qaytarish bo’lur ediki, bu haqiqatga xilofligidan tashqari jadidchilikning ham mohiyatiga ziddir. 1917-1929 yillarga mohiyatan faqat ikki tarafdan (jadidchilik, sovetchilik)gina yondashish mumkin. Uchinchi yo’l yo’q.

Agar jadidchilik sifatida talqin qilinadigan bo’lsa, bu davr adabiyotini jadid adabiyoti, «O’tkan kunlar»ni esa, uning eng go’zal namunasi sifatida e’tirof etmoq kerak bo’ladi. Asarda esa, bunga javob beradigan barcha komponentlar bor. Ortiqcha tafsilotlarga berilmasdan, birgina nuqtani qayd etish bilan cheklanamiz. Asar, nomlanishidan ko’rinib turganidek, o’tgan kunlar, muallif ta’kidlaganidek, «tariximizning eng kirlik, qora kunlari» haqida edi. Masalani bu xil qo’yish sho’ro davrining talab va ehtiyojini ko’zda tutadi. Unga ko’ra, tarix o’tmish va bugunga ajratilib, biri ikkinchi-siga qarama-qarshi qo’yilmog’i, biri rad etilib, ikkinchisi ulug’lanmog’i lozim edi.

Yashirishning hojati yo’q, sovet davri adabiyotshunosligi 20-yillarda ham, 60-yillarda ham uni xuddi shu jihatdan tahlil va talqin etdi, ya’ni tariximizning «kirlik», «qora kunlari» nimalar-u, ular qanday ko’rsatilgani ustida fikr yuritdi. Bo’lib o’tgan bahs-munozaralar esa, asosan, bu asarning yuqoridagi andozaga sig’magan jihatlari — muallifning o’z qahramonlariga munosabati, urf-udumlarimiz, an’analarimiz tasviri kabilar borasida ketdi.

O’z davrida esa, u sin-fiy yondashmaganligi, o’tmishga toshni yaxshiroq otmaganligi uchun qoralangan edi. Istiqlol davrida esa, u «istiqlol qayg’usi»ni o’zida tashigan asar sifatida tahlil etilmoqda. Bunga qo’shimcha qilib, romanni «o’tkan kunlar»dan «kir» emas, «nur» topgan, benihoya og’ir zamonlarda, hayotlarining eng baxtsiz onlarida ham yuksak ichki madaniyat, nozik didlilik, komil axloq va odob namunalarini namoyish etgan otalarimiz turmushi, go’zal oilaviy munosabatlar, betakror milliy kolorit tasviri orqali o’zlikni tanitmoqqa qaratilgan asar ham demak kerak bo’la-di. Bu esa, jadidchilikning, boshqacha aytganda, milliy uyg’onishning bosh xususiyati, millatni millat qiluvchi an’analar edi.Yuqoridagilarga ko’ra, Abdulla Qodiriy jadidchilik va jadid adabiyotining markaziy siymolaridandir.

Begali Qosimov, “Uyg’ongan millat ma’rifati” kitobidan

хдк

(Tashriflar: umumiy 110, bugungi 1)

Izoh qoldiring