Bugun iste’dodli o’zbek adibi Nazar Eshonqul 50 yoshga to’ldi.

nazar eshonqul

Ўзбек бадиий прозасининг истеъдодли вакилларидан бири Назар Эшонқулни муборак 50 ёши билан унинг чинакам мухлислари номидан самимий муборак этамиз. Бугун  ёзувчининг номи янгиланаётган адабиётимизнинг ёрқин тимсолларидан бирига айланди. Миллий маънавиятимиз заминидан узилмай,дунё адабий тажрибаларини ўрганишдан қўрқмай ижод қилаётган дўстимизга узоқ умр,янги-янги асарлар яратишни тилаб қоламиз.

40

АДАБИЁТ МИЛЛАТ ТАФАККУРИНИ,ТУЙҒУСИНИ ТАРБИЯЛАЙДИ
Ёзувчи Назар Эшонқул билан журналист Адиба Умированинг суҳбат

Ушбу матнда журналистнинг айрим саволлари акс этмаган бўлса-да,берилган жавоблардан нима ҳақида сўралганини билиб олиш мумкин.

— Адабиётнинг бош вазифаси, адабий виждон ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик…

– Адабиётнинг бош вазифаси, адабий виждон ҳақида баҳслар ҳамма даврда бўлган. Биз ўқиган даврда адабиётнинг вазифаси ўргатиш, намуна бўлиш, «тарбия воситаси» деб ёзилганди. Аммо бу шўролар кашф этган ёки адабиётга коммунистлар юклаган вазифамас. Буни адабиётнинг илк асарини ёзганлар кашф этган ва шунинг учун ҳам улар адабиётни адаб ўргатиш деб ҳисоблаганлар. Агар шўро тузумига қасд қилиб адабиётдан бу вазифани бутунлай олиб ташласак, унда адабиётнинг жамиятда ҳеч қандай роли қолмайди. Адабиёт бевосита ҳам, билвосита ҳам инсонни тарбиялайди. Унинг дидини, дунёқарашини, савиясини, инсонга, миллатга, дунёга, эзгулик ва ёвузликка бўлган муносабатини тарбиялайди. Мен Кафкани ўқисам, демак, унинг қарашлари менга бевосита «юқади», унинг жамият ва инсон ҳақидаги хулосалари менинг савиямга, дидимга таъсир қилади, эҳтимол, шакллантирар ҳам. Кафканинг ўрнига ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган хоҳлаган ёзувчини қўйиб шундай дейишимиз мумкин. Эртак болага қандай таъсир қилади? Нега эртак айтамиз болаларга? Алла қандай таъсир қилади? Алла ёки эртакнинг вазифаси нимадан иборат? Адабиётнинг вазифаси ҳам шундай. Кимнинг асарини ўқиманг, асарнинг вазифаси, агар у ҳақиқий адабиёт намунаси бўлса, шундай. Навоий ғазалларини ёд билган ва хиргоийи қилиб юрган одамнинг таъби нозик бўлади дейишади адабиётшунослар. Навоий фақат таъбга эмас, инсон руҳиятига ҳам, тарбиясига ҳам, дунёқарашига ҳам таъсир қилади. Х1Х аср рус прозаси ХХ аср рус ақлини, рус тафаккурини, рус зиёлисини тарбиялаб берган. Бу инкор этиб бўлмас факт. Шундай экан адабиётнинг вазифасини торайтириб, у фақат адабиёт учун хизмат қилади, адабий виждон соф адабий тушунчадир дейишларига мен унчалик қўшилмайман. Бироқ масала шундаки, адабиётга вазифа юклаб, шуни қиласан деб буюришнинг ўзиёқ бу вазифани сохталаштиради, сунъийлаштиради, адабиётнинг вазифасини йўқ қилади. Шўро адабиёт вазифасини сунъийлаштиргани учун ҳам у даврдаги адабиёт сунъийлашди. Адабиётга олдиндан вазифа бериш ҳамиша шўро тузуми тажрибасини ёдга солади. Адабиётга вазифа тайинлаб бўлмайди, у пайдо бўлган куниёқ ўз вазифасини ўзи танлаб бўлган. У истеъдодлар орқали қарашларни, тафаккурни, туйғуларни, муносабатларни янгилайда, яъни дидни ва савияни тарбиялашда давом этаверади. Унинг олий вазифасидан ким чекинтирмоқчи бўлса, бошига шўро куни тушаверади. Бугунги баъзи «билимдонлар» адабиётнинг вазифаси йўқ» деган қарашни тинимсиз сингдирмоқда. Гўё шу билан адабиётни ижтимоий ҳаётдан узиб олиб, уни ўз ҳолича ривож топадиган, ўз ҳолича яшайдиган бир соҳа деб таъкидлашади. Мен бу қарашларга қўшилмайман. Бугун Навоийни тушунадиган одамнинг камлиги ёки уни ўқийдиган, завқланадиган ўқувчи озлиги- бу ҳали адабиётнинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолганини кўрсатмайди, аксинча, бизнинг адабиётдан узилиб қолганимизни кўрсатади. Бугунги техник асрда адабиёт ўрнини маълум маънода техника ютуқлари, ахборот технологиялари(ТВ, интернет) қоплаётгандай, адабиётга ўрин йўқдек таассурот пайдо бўлди. Аммо булар бари ўткинчи. Бу технологияларниг ҳеч бири адабиёт ва санъат ўрнини босолмайди. Булар бугуннинг ахборот ва тарғибот воситалари, холос. Адабиётнинг вазифаси ҳақида гап кетганда, Борхеснинг бир гапи эсимга тушади. «Проза миллат тафаккурини тарбиялайди, шеърият туйғусини». Оддий ва жўн, аммо инкор этиб бўлмас изоҳ. Фақат бу ерга бугунги ўзини адабиёт деб атаётган беллитиристикадан келиб чиқиб, «тижорат прозаси ва таъма шеърияти эмас» деб қўшиб қўйиш керакка ўхшайди. Адабиёт ўз мавзусини ўзи топади. У шунга маҳкум қилинган. У мавзуни топиш учун шу мавзу билан оғриши ва илҳомланиши керак. Адабиёт миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда содир бўлаётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши шарт. Шуни айтиш керакки, адабиётни англаш хос ҳолатга, хос тушунчага айланиб бормоқда. Оммавий маданият ва оммавий тафаккур тарзи адабиётни туб вазифалардан, туб моҳиятдан чалғитишга уринаяпти. Бу ҳолат бутун дунёга хос. Ҳақиқий санъат ўрнини шоу-бизнес тафаккур тарзи эгаллаб олмоқда. Енгил-елпиликка асосланган, савиясиз оломонга мўлжалланган, тижоратдан бошқа ҳеч қандай нияти бўлмаган бу «маданият» шу пайтгача шаклланган, аждодларимиз зеб берган дидимизни хатар остига қўяётгани ҳам рост. Навоийни ўқиш бугун ноёб фазилатга айланиб бораётган экан, оммавийбозлик бизнинг ичимизга ҳам кириб улгургани бу. Бугун болаларимиз Навоийнинг битта тўртлигини билмаса ҳам аммо қаёқдаги тутуриқсиз бир репни бошдан оёқ ёд билиши ҳам бу бизнинг фожиамиз. Савияси кўча гапига тенг бўлган қўшиқлар ва кинолар, сериаллар, сариқ-матбуотдаги кўнгилни айнитадиган, эрмак учун ёзилган «роману ҳикоялар» ана шу хатарнинг яққол белгиларидир. Яқинда бир газетачи ношир бир ёзувчи билан гаплашаётганини устидан чиқдим. Ношир ёзувчидан ур-йиқит, қон тўкишдан иборат ўткир сюжетли дитектив ёки ишқий можаралар очиқ ифодаланган асар буюртма бераётган эди. Шунда газетанинг нусхаси кўтарилар экан, эвазига эса ёзувчига катта қалам ҳақи тўланар экан. Бу хил шартномалар ҳар бир нусхаси катта газеталарда ҳар куни тузилиб турибди. У хил ноширлар бизнес нуқтаи-назардан миллат дидини Навоийдан ва Қодирийдан совутиб, олди-қочдига бураётгани, шу билан ўзларини тадбиркор деб билаётгани ҳам бугун сир эмас. Аммо ноширларни ҳам айблаб бўлмайди. Улар бизнес одамлари. Бозорда нима ўтса, ўшани сотишади. Ҳамма айб дидда! Оилавий дидда, оилавий тарбияда. Агар менинг дидим ўша нашрдаги роман ва ҳикояларни, олди-қочдини ҳазм қиладиган даражада пастлашган ва тубанлашган экан, бунинг учун ноширни, замонни айблаб ўтириш гуноҳ. Айб ўзимда. Мен дидимни шу даражада тубанлаштириб қўйганим учун айб ўзимда. Агар менинг ва ҳамманинг диди бу «олди-қочдилар»га йўл бермаганда бунақа асарлар ҳам пайдо бўлмасди. Бозор дидга мослашади. Ҳамма гап дидда! Бошқа томондан олганда, одамлар, ҳар қалай, қандай бўлса ҳам мутаола қилаяпти. Шунинг ўзи қувонтиради. Аммо барибир булар ҳали адабиёт дегани эмас. Булар адабиётнинг кўпиклари, лойқалари. Ночора, шу бугунги дидимиз шу лойқа сувни ичишга маҳкум экан, унда ичаверамиз. Лойқа тагида тиниқ ва мусоффа сув борлигини билмагинумизча ичаверамиз. Шу туфайли ҳам ўзини ҳурмат қилган, адабиётни муқаддас деб билган ижодкор ўзини четга олади, бу талотумга қўшилгиси келмайди. Улар шунинг учун сокинликка, сукунатга чўмгандай туюлаяпти. Умуман олганда, азалий тажрибалар, азалий эврилишлар шуни кўрсатганки, адабиётнинг ўрнини олди-қочдилар, таъмагирлар, мадҳиябозлар, сохта туйғулар, сохта муносабатлар, тижорат эгаллаганда, токи шу ҳолат ўзини фош этиб, авра-астари чиқмагунча ҳақиқий адабий туйғулар четга чиқиб, жараённи кузатиб турган. У фош бўлгандан кейин яна ўз ўрнига қайтган. Бу тарихда неча бор исботланган. Шунга қарамасдан мен адабиёт инсон дарди ва орзуси билан яшаши керак деб биламан. Унинг бош қаҳрамони ҳам қайғураётган, орзу қилаётган, алам чекаётган, кулаётган, ўйланаётган, изланаётган, изтироб чекаётган, йўл ахтараётган ИНСОНдир. Ёзувчи фақат ўша инсонни замон талатўплари ичидан топа олиши керак. Замон қаҳрамони ҳам ўша ИНСОНдир! Биз у инсонни топдикми? Менимча, йўқ. Агар топганимизда адабиёт бозори жилови сариқ матбуот қўлида эмас, адиблар қўлида бўларди. Бугунги одам бизнинг асарларда ўзини кўролмаётгани учун ҳам эҳтимол олди-қочдига қараб оғиб кетгандир? Яна ким билади…
Адaбиёт инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот. Ҳар қандай жамиятни, ҳар қандай тузумни адабиётга бўлган муносабатидан билиб олса бўлади. Адабиёти хор бўлган ҳар қандай жамият ўзини қанчалик гуманист қилиб кўрсатмасин, барибир бир куни таназзулга юз тутади. Буни биз инсоният тарихида кўплаб марта, айниқса, шўро тузуми мисолида яққол кўрдик. Инсонни ҳеч қайси фан адабиётчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат тури адабиётчалик чуқур ва кенг тасвирлай олмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига адабиётчалик эрк беромайди. Демак, ҳеч бир восита адабиётчалик эзгуликни ҳимоя қилолмайди. Адабий виждон ана шу буюк туйғуга хиёнат қилмасликдир. Адабиёт, аввало, бизнинг ичкаримизга боқишига ўз қалбингиз, хаёлингиз, эркингиз эгаси бўлишга ўргатади: ичкарингизда ҳали ўзингизники бўлмаган жуда кўп нарса бор. Китоб ўқилган сайин ичкарингиз коинотдан ҳам кенгроқ ва бепоёнроқ эканига амин бўласиз. Сиз, аввало, ичкарингиздаги жаҳолатни ўлдирмай туриб, ташқи жаҳолатни ўлдира олмайсиз. Адабиёт ўқиганингиз сайин ичкарингиз сабоқхонага айланиб боради ва у ерда устоз ҳам, шогирд ҳам ўзингиз бўласиз. Шу сабоқхонадан сизнинг «мен»ингиз бош кўтара бошлайди, аввал кўнглингизнинг бир четини, сўнг ўзини буткул эгаллайди ва сиз адабиёт билан «ўзлик» деган қудратли ҳамда енгилмас руҳият ҳимоясига ўтасиз. Ўзингизга раво кўрмаганни бошқаларга ҳам раво кўрмайсиз. Адабиётдан бир марта лаззат олиб кўрган одамнинг ёвузлик қила олишига мен ишонмайман. Маданиятсиз, адабиётсиз кишигина ёвузлик ва зулм қила олади. Ёвузлик адабиётгача бўлган манзилдир. Адабиётдан сўнг руҳият, руҳ сари ва руҳ билан бирга сафар бошланади.
Ҳ.Кортасарнинг шундай ҳикояси бор: китоб ўқиб ўтирган одамни ўқилиётган асарнинг жаллод образи китоб ичидан чиқиб келиб бўғизлаб ташлайди. Гарчи ҳикояда бошқа фикр ифодаланган бўлса-да, ёвузликка ва инсонни маънан қашшоқлантиришга хизмат қилувчи асарларни, айниқса, бугунги тижорат даврида бунақа асарлар кўпайиб кетди, мана шу қотилга ўхшатиш мумкин. Бу асарлар адабий виждондан узоқ бўлибгина қолмай, балки маънавий қотиллик ҳам қилишаяпти, улар миллий дидимизни ўлдираяпти. Шу сабабли ҳам бугунги адабиётнинг бош мақсади инсонни ичидаги қўрқувни енгишга ўргатишдан, унинг қалбини ва виждонини сақлаб қолишдан, уни ўз ичкариси, ўз дунёси сари юз бурдиришдан, унинг толиққан умидини қайтаришдан, уни ўз аслига қайтаришдан иборат бўлмоғи шарт. Адабиёт виждони мана шу — инсон учун, унинг қалби учун қайғуриш ва курашишдир.

— Адабиётда нима муҳим: истеъдодми ёки тинимсиз машаққатли меҳнатми?
– Албатта меҳнат қилиш керак. Истеъдоднинг ўзи етмайди. Табиатан ишёқмас бўлган истеъдодларнинг кўпи ишёқмаслиги учун ҳам тез сўниб кетди. Буюк истеъдодларнинг барчаси буюк меҳнаткашлар ҳам бўлишган. Ҳазрат Навоийнинг жисмоний меҳнат қилиб ёзган нарсасинининг ўзиёқ кишини ҳайратга солади. Толстой, Достоевский ва яна ўнлаб буюк меҳнаткашлар бўлган буюк санъаткорлани келтиришим мумкин. Шоир Хуршид Даврон ҳазиломуз шундай дейди; «Истеъдод бу-вақтида ўтириб ишлашга кучи етган, ўзини итдай ишлашга кўниктирган, карсони катта одам дегани». Истеъдод чўғ бўлса, меҳнат уни алангага айлантиради. Истеъдоднинг ўзи ишлай билиш санъатидир.

— «Айб савол берганда!» деган экан Эзоп. Саволнинг баъзи бир қирраларига юқорида жавоб бердим. Китобхон билан ёзувчини қарама-қарши қўйишга қўшилмайман. Асар илгари ҳам, ҳозир ҳам ёзилаяпти. Юз йиллар ҳам эскирмайдиган асарлар эса юз йилларда бир-иккита яратилади. Аммо адабиёт юқорида айтганимиздек, ўз даврининг виждони сифатида ўз вазифасини бажаришда давом этади. Ана шу виждон бўла оладиган асарлар ҳамиша ёзилади. Фақат гап шундаки, бугун кечагидай ёзувчига жамоат арбоби, мафкура арбоби деб қараш йўқ. Бу ҳам табиий ҳол. Шўро пайтида ёзувчилар ўша даврнинг энг эътиборли кишилари эди. Уларга имтиёзлар, унвонлар, имкониятлар бериларди, уларга фақат ёзувчи эмас, «жамаот арбоби», «ҳар нарсага фикр билдиришга қодир кишилар» сифатида қараларди. Аммо бир ўйлаб кўрсак, бу имтиёзлар, унвонлар кимларга ва нима учун берилган? Ўша давр мафкурасини кишилар онгига бадиий тарзда сингдирганлари учун! Мафкурага мос келмаган қайси асар рағбатлантирилган, унга хизмат қилишни истамаган қайси ёзувчига бу имтиёзлар берилган? Шу нуқтаи-назардан қарасак, ўша пайти ростданам ёзувчи фақат ёзувчи эмасди, у тарғиботчи, ташвиқотчи, мафкурачи эди. Тўғри, шўро даврида ёзилган барча асарларни бу қолипга солиб бўлмайди. Бироқ шўро мафкураси қолипига сиғмай, бугунгача етиб келган ва ўқилаётган асарлар даврнинг эмас, ёзувчининг истеъдоди сабабли шўро мафкурасини четлаб ўтди. Бундай асарлар, агар насрни назарда тутсак, жудаям саноқли. Умуман, азалий бадиий дид ва савияга, инсоннинг азалий оғриқлари ва армонларига, Инсон кўнглига дахлдор асарлар, бундан минг йиллар олдин яратилган бўлса ҳам ўқилаверади. Чунки жаннатдан қувилгандан буён инсон қалби деярли бир хил оғриқ ва уқубатлар билан тўла. Бу уқубатларни жамлаб инсон ҳақидага изтироблар деб аташ мумкин. Биз шунинг учун ҳам «Шоҳ Эдип»ни ҳали ҳам ҳайрат билан, ҳаяжон билан ўқиймиз. Бундай уқубати бор асарлар эскирмайди. Шўро даврида чоп этилган худди узун ва адоғи йўқ эшелонлар каби ҳар йили изма-из босилиб чиқадиган асарларда инсондан кўра ўша давр мафкураси кучли эди. Қани ўша даврнинг ёстиқдай келадиган, расталарни ва кутубхоналарни тўлдириб турадиган роман-у, достонлари? Улар қаерга ғойиб бўлди? Бу асарларни ўқишга бугун ҳам эҳтиёж бормикин? Шундай экан, кечаги ёзувчининг жамиятнинг эътиборли минбарида бўлганига ҳавас қилиб бўлмайди. Ёзувчини бу тарзда эътиборли қилиш ҳам аслида адабиётга ҳақоратдан бошқа нарса эмас. Чунки бу эътиборга тушиш учун истеъдод ҳам унчалик муҳим бўлмаган. У эътиборга эришиши учун адабиёт ўзининг азалий вазифасидан — сиз биринчи саволингизда таъкидлаган виждон бўлишидан воз кечиш керак бўлади. Аслида эса адабиётни истеъдодлар белгилайди, истеъдодлар ўзгартиради, истеъдодлар янгилайди. Ёзувчими, рассомми, умуман, ижодкорни, унинг хушомадига, ялтоқланишига, хизматкорлигига қараб эмас, истеъдодига қараб баҳо берган ва қадрлаган жамиятгина ҳурматга сазовордир. Бошқа томондан олганда, эътирофга эришиш учун мойиллик бошландими, у ерда адабий истеъдод сўниб, ялтоқланиш истеъдоди бошланади. Фақат маданиятсиз одам, маданиятсиз жамиятгина ялтоқланишни, хушомад қилишларни ёқтиради, хушомад қилганларни эътироф этади, уларга имтёзлар беради, уларни миллатнинг «сара» кишилари қилиб кўрсатади. Ялтоқланиш ва хушомадгўйлик авжига чиққан жойда ҳақиқий истеъдодлар ўзларини четга олади, улар бу толатўмга қўшилмайди, лекин ана шу четдаги кишиларгина ҳақиқий адабиётни яратадилар. Бунга кечаги кунимиз мисол бўла олади. Жамият ўзгарди. Сиғиниб келинган эътиқодлар синди, шу эътиқодга бағишланган асарлар ўлди. Шу асарни ёзганлар эса ҳалигача ўзларига келгани йўқ. Чунки улар мақтовларга, имтиёзларга, ҳар бир тадбирда ўзларининг номлари тилга олинишга, ўзларига жамиятнинг алоҳида кишилари сифатида қарашларига ўрганиб қолишган эди. Ҳаммаси ўзгаргач, уларнинг аксари нима ёзишни ҳам билмай қолишди. Чунки мавзуни ҳам шўро сиёсати белгилаб берарди. Аммо бу довдирашни бугунги адабиётдаги сокинлик билан боғлаб бўлмайди. Бугунги сокинликда ёзувчининг ўзига, ўз дунёсига қайтиш, ўзи билан ўзи қолиши, ўзини англаш жараёни деб тушуниш керак. Бугун ҳақиқий истеъдодлар ўзлари билан ўзлари қолишди, ўзлари билан ўзлари курашаяпти, ўзлари билан ўзлари қолиб, кўнгил танлаган мавзуни танлашаяпти. Бу сокинлик ҳали эртага катта асарлар беради. Адабиёт сокинлик билан ўзини ўзи саралаяпти. Сара асарларга эҳтиёж туғдираяпти. Бундай пайтда китобхонни ҳам, ёзувчини ҳам айблаб бўлмайди. Вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. Лекин барибир ёзувчи зиммасидаги, унинг миллат, халқ ва ИНСОН олдидаги масъулиятини унутиб бўлмайди. Ижодкорлар миллат диди учун масъул эканликларини унутмасликлари керак.

— Менимча, мангуликка дахлдор асарларни шахс эмас, аввало, халқ яратади. «Алпомиш», «Гўрўғли», «Илиада», «Рамаяна» каби. Яна миллат ва халқнинг, инсоннинг азалий-абадий изтироби чинакам санъаткорона акс этган асарлар мангуликка дахлдор бўлади. Инсондан, унинг кўнглидан, руҳидан, ана шу қайғудан бошқа бирон тамаси бўлмаган асарлар, агар истеъдод билан ёзилган бўлса, яшаб қолишга ҳақлидир.

— Мен жуда оддий қилиб ёзишга уринаман. Ўйлаганимни ва мени тўлқинлантирган воқеани ўзимни ҳаяжонга солган шаклда ёзаман. Мени воқеликдан кўра метафора кўпроқ қизиқтиради. Ана шу метафора атрофида ўқувчилар билан фикрлашгим келади. Бошқаникига ўхшамаслиги мумкин, у бировга ёқмаслиги мумкин, аммо у менинг қиёфам. Бор-йўқ усулим шу. Агар англаш қийин бўлса, бунга ё мен, ё ўқиётган киши айбдор. Буни ҳар икки томон ҳам ўзи билан ўзи ёлғиз қолиб аниқлаб олиши керак.

— Ҳа. Онетти, Чехов, Паустовский, Бенедетти, Буниндан таржималар қилганман. Бир томони қалам ҳақи учун, аслида, ўзим учун. Айни пайтда, шахсан мен Онетти, Фолькнер, Кафка, Беккет, Борхес ва жуда кўп япон ёзувчиларининг асарларини тўла таржима қилиш керак деб ҳисоблайман. Кенг китобхон учунмас, адабиёт учун, ўзимиз учун ва ёзувчи бўлишни истаганлар учун. Инсоннинг қалби ҳақидаги ҳар қандай адабиёт ўқилишга муҳтож, шубҳасиз, у инсон ҳақидаги билимдир. Бу билимдан бебаҳра яшаш ИНСОН ўз исмини билмай яшаши билан баробар; бу билимдан бебаҳра яшаш ёвузлик билан ёнма-ён яшаш. Ёнида ёвузлик яшаётган инсон эса бир куни унинг қурбони ёки ижрочиси бўлиши тайиндир. Чинакам адабиёт инсонга ва унинг қалбига шифо беради, шундай экан, адабиёт инсон қалбининг малҳамидир.

– Сиз узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, «Ўзбекистон» телерадиоканали Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари бош муҳарририятида фаолият юритяпсиз. Айтинг-чи, журналистика адабиётга катта кўприк бўла оладими?!

— Бу саволга жавоб ҳар бир ижодкорнинг ўзи билан бирга. У адабиёт томон кўприк қура олиши ҳам, бу кўприкдан қулаб тушиши ҳам мумкин. Тўғриси, журналистика, менга жуда кўп халақит ҳам беради, ҳам жуда кўп материал, метафора, ҳаётий воқеалар беради. Кимдир «Факт — пати юлинмаган товуқ» деганди. Журналистика – ёзувчи учун пати юлинмаган товуқ. Унинг патини юлиб, пишириш керак. Менга бу соҳа жуда кўплаб пати юлинмаган «товуқлар» беряпти.

— Бизнинг телеканал ўз низомида нима талаб қилинган бўлса, шу вазифани имкон даржасида бажаряпти. Телеканалдаги камчиликлар барча матбуот ва оммавий ахборот воситиларига хос камчилликлардир. Бошқаларда мазкур камчилик қанча бўлса, жумладан, сиз ишлаётган газетада ҳам, телеканалда шу камчиликлар борлигини биламиз. Демак, бу борада барча журналистларнинг дарди бир. Шундай экан, барча матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситалари каби ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз лозим. Замон талабига мос маҳсулотлар тайёрлаш учун кўп ишлар қилишимиз керак. Шу йўлда ишланяпти ҳам. Аммо умуммиллий дид ва умуммиллий қадриятлар мезонларига таяниб, уни сақлаб қолишга ва тарғиб қилишга, ана шу мезонга таяниб имкон қадар кўрсатув, маҳсулот тайёрлашга уринаётган, сараланаётган, ҳар бир деталда имкон даражада ана шу мезонни ушлашга уринаётган, таъбир жоиз бўлса, бу йўлда собит турган ягона телеканалдир. Босиқлик, вазминлик бор каналда. Бугунги оммавий маданият кўзи билан қарасак, сизнинг гапингиз рост. Шоу-бизнеснинг шитоби бизнинг каналда йўқ. Аммо биз бу кўз биланмас, ўз олдимизга давлат томонидан белгилаб берилган вазифалар нуқтаи-назаридан, яна қайтараман, миллий манфаатдан келиб чиқиб кўрсатувлар ва телемаҳсулотлар тайёрлаймиз, саралаймиз, эфирга узатамиз. Каналимизда миллий манфаат ва давлат манфаати биринчи ўринда туради. Томошабинлар қатлами эса кенг. Уларнинг манфаатлари ҳам ҳар хил. Шу билан бирга, биз ҳали кўп ишлар қилишимиз ва телетомошабинларнинг барча талабларини инобатга олишимиз, барча қатламлар учун бош вазифадан четга чиқмаган ҳолда кўрсатувлар тайёрлашимиз кераклигини ҳам биламиз. Биз шунга ҳаракат қиляпмиз.

— Кейинги ўн йилликда ўзбек адабиёти бир қарашда жуда катта эврилишларсиз, катта кашфиётларсиз ўтганга ўхшайди. Аммо бу ўн йилликда ўнлаб анъаналар, услублар, тақлидлар, услубга ўхшаган йўналишлар пайдо бўлди, буларнинг аксарияти шу ўн йиллик билан бирга якун топиб ҳам улгурди. Агар 90 йилларнинг бошида адабиётимизда, айниқса, шеъриятда гражданлик туйғуси баланд бўлган бўлса, бугун инсон тақдирини мушоҳада қилиш ва таҳлил усули, босиқлик ва вазминлик эгалламоқда. Кеча ёшлар орасида билиб-билмай ёппасига «сўфийлик»ка мойиллик кучли эди. Қайси шеърни ўқисангиз, «илоҳий муҳаббат» ҳақида ҳали бу фалсафани англамай туриб ҳам шеър ёзиш андозага айланганди. Бугун эса яна кўнгилга қайтиш бошланди. Сокинлик ана шу «қайтиш» жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Бугун қалам тебратаётганлар икки гуруҳга ажралдилар: «тижорат»чилар, яъни чўпчаклар ёзиб фойда кўришни ва шу орқали машҳур бўлишни истаганлар. Албатта, бундай асарлар бугун газета журнал ва адабиёт дўконларини босиб кетди. Ёш авлоднинг адабиётни билмаган қисми ана шу асарлар адабиёт экан деб, шуларга эргашаётганлар ҳам бор. Аммо иккинчи йўналиш, яъни ўзини адабиётнинг азалий анъаналарига содиқ қолиб, адабиётни инсон ҳақидаги изтироб, гўзалликни кашф этиш деб билганлар, асарни санъат деб билганлар гарчи, кам асар ёзаётган ёки кам эълон қилаётган бўлсалар-да, адабиётнинг соф анъаналарига содиқ қолишди. Улар бугунги тижорат васвасаси олдида заиф ва кучсизга ўхшайди. Лекин эртанги ҳақиқий адабиётни бугунги тижоратга ва илтифот кутишга ўрганиб қолганлар эмас, айнан ана шулар яратадилар. Эртанги адабиётимиз шуларнинг қўлида. Адабиётнинг миллат кўзгуси эканини ана шулар белгилаб берадилар.

– Замонавий технология бир-биримизга ёзганларимизни етказишни осонлаштиради, ахборот олишимизни тезлаштиради. Биз бир бутун яхлит ахборот тизимига кириб, соат эрталабки тўққиздаёқ  Геральд Питнер бугун нима нонушта қилганини билиб оладиган даражада имкониятга эга бўлдик. Бу яхши. Дунё бир лаҳзада сизни ҳам эътироф этади, ҳам фош қилади. Аммо бу фақат восита. Адабиёт эмас. Технология ривожланиши-бу ҳали адабиёт ривожланиши дегани эмас. Техникага техника деб қараш керак, уни илоҳийлаштириш ёки уни фетишлаштириш керак эмас. Адабиётни билмасдан, санъатни тушунмасдан, ҳали дид ва савия, одамийлик тушунчаси шаклланмай туриб, техникага уйғонган меҳр-муҳаббат — бу одамнинг ўзини, қалбини техникага-тошга айлантириб қўяди. Одам ҳамма нарсани, меҳр туйғусини ҳам техника билан ўлчайдиганга айланади. Шу маънода ғарб футурологларнинг огоҳлантиришида жон бор. «Терминатор» – бу жиддий огоҳлантириш! Инсоният мана шу катта фожиа билан юзма-юз турибди. Адабиёт ҳам мана шу фожиани англаб, ундан қалбимизни асраб қолиш учун бор имкониятини ишга солиши керак. Биз қайси бирини танлашимиз ўзимизга боғлиқ. Бу фожиадан бизни, қалбимизни фақат адабиёт, санъат ва яна Адабиёт қутқара олади.

Суҳбатдош Адиба Умирова

Адиб ҳақида мухтасар маълумот

Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» (1988). Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ» (1989), «Маймун етаклаган одам» (2001), «Шамолни тутиб бўлмайди» (2004), «Момо қўшиқ» (2006) ва бошқа кўплаб асарлари нашр этилган. Онеттининг  ҳикоялар ва қиссаларини, Камюнинг эсселарини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган.

Матн Назар Эшонқулнинг «Ижод фалсафаси» китобидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 56, bugungi 1)

1 izoh

  1. Nazar Eshonqul ijodi adabiyotimizga o’zgacha shabadalar olib keldi. Nen uning ijodida milly modernizmni ko’raman. Uning har bir suhbatini qoldirmay o’qiyman.O’zimga kerakli xulosa olaman.

Izoh qoldiring