Chingiz Aytmatov: Shunchaki, har kuni yoza olmayman

034   Чингиз Айтматов… Бу ном бутун дунё китобхонларига жуда таниш ва қадрли. Буюк қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбобининг вафоти ҳақида тарқалган хабар жаҳон аҳлини қайғуга солди. Адиб ҳақли равишда ўзбек халқининг ҳам севимли ёзувчисига айланганди.Биз улуғ адиб Чингиз оға хотирасини ёд этарканмиз, эътиборингизга ёзувчи ижодининг авж гуллаган пайти “Неделя” газетасида чоп этилган суҳбатни ҳавола этмоқдамиз. Зеро, ушбу суҳбат бугунги ўқувчи учун ҳам аҳамиятли деб ўйлаймиз.

ШУНЧАКИ, ҲАР КУНИ ЁЗА ОЛМАЙМАН
Чингиз Айтматов билан суҳбат (1977)
08

— Чингиз Тўрақулович, адабиёт оламга қандай таъсир кўрсатади? Шу ҳақда фикрингиз?

— Адабиёт иш-ҳаракатларни яққол кўрсатиб турадиган схема эмас. Адабиёт — айнан эмас, билвосита, мураккаблашган кўринишда тақлид қилиш, ўхшаш учун намуна бўла олади. Баъзан, «Бу китобдан ўрганса бўлади, бу китобдан бўлмайди», қабилида гаплар юради… Қаранг, ўша ўрганиб бўлмайдиган китобдан ҳам ўрганса бўлади! Лекин у ўзича сабоқ беради, натижаси эса дарҳол кўзга ташланавермайди. Китобхонга эзгулик ва ёвузлик чегаралари аниқ-равшан белгилаб берилган шартли схема керакмикан?

— Сиз ўз асарларингизда гўёки табиатга жон киритиб юборгандай бўласиз. Бундан келиб чиқадики, сиз учун инсоннинг табиатга муносабати маънавий мезонлардан бири ҳисобланади, шундайми?

— Мен инсон табиатни қадрлай билиши, ундан завқ, баҳра олиши кераклигини биламан. Шуни ҳам тушуниб етиш керакки, инсон — табиатнинг бир парчаси, табиат унга яшаш учун берилган макон, яшаганда ҳам фақат бир марта ақл ва завқ билан яшаши керак.

— Сизнинг кўпгина асарларингиз ўсмир, бола тилидан ёзилган. Болалик таассуротлари ижодингизда муҳим рол ўйнайдими?

— Йўқ, бу мен учун шунчаки қулай усул. Ўсмир оламни, инсонларни англаб етишга ҳаракат қилади. Менинг янги қиссамда икки бола ва қария персонажлари бор. Улардан ҳар бири ўзларича айтмоқчи бўлган фикримни баён этишда ёрдам берадилар. Қария — ўз тажрибалари билан менга кўмаклашади. Бола эса фикримни равшанроқ ифодалаб беради, баъзан чол айтолмаган томонларни очиб ташлайди. Бироқ икковлари ҳам менинг бир бўлагим. Албатта, санъаткор болаликдан бунёд бўлади. Кейинчалик билим-тажриба, ақл-заковат шахсни тўлдиради, шаклга солади. Лекин бу ҳол юз бермаслиги ва инсон болаларча таъсирчан, ҳассослигича қолавериши ҳам мумкин. Мен овулда катта бўлганман. Инсон табиат қўйнида, кишилар ва шу табиатга тегишли бўлган жониворлар билан ўт-майсалар, дарёлар ва ўрмонлар орасида улғайса, қандай ажойиб…

Шаҳарда-чи, шаҳар турмушида диққат инсон ақл-заковати барпо этган нарсаларга жамланади. Шаҳар замонавийликка яна фикрлаш, тафаккурни ҳам қўшимча қилади. Мен болалик гоҳ қишлоқ, гоҳ шаҳар ҳаёти билан алмашиниб туриши керак, деб ўйлайман.

Болалик феномени… Мен болалик таассуротлари билан яшамайдиган ҳеч бир одамни, айниқса, ижодкорни билмайман. Ахир “Оқ кема” қиссасининг қаҳрамони қилиб бола танлангани бежиз эмас-ку. Мен бу билан бола — иймон-диёнат ҳомиласи, шахс ҳомиласи, буларнинг бари болаликдан бошланади, деган фикрни уқтирмоқчи бўлганман. Бу ҳақда ҳозирги илмий-техника тараққиёти, барча ахборот воситаларининг универсаллашуви авжига чиққан даврда жиддий бош қотириш керак бўлади. Қачонлардир бола руҳияти, унинг онг-шуурига фақат ота-онаси, бува-бувиси, яқин қариндошларидан яна кимдир таъсир кўрсатган. Ҳозир уларнинг бу вазифаларини болалар боғчалари, мактаблар “туя” қилмоқдалар. Болалар боғчалари, мактаб, буларнинг яхши, фойдали томонлари кўп. Лекин уларнинг ҳаммани бараварлаштириб, бирхиллаштириб қўйиш жиҳатларини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ҳамма болалар бир вақтда бир телекўрсатувни ва бир хил филмларни томоша қиладилар. Бу ҳол эса ҳозирга қадар мисли кўрилмаган даражада эстетик, маънавий мезонларнинг умумий бўлиб қолишига олиб келади. Бунда бола ривожланишидаги индивидуаллик, ўзига хослик қайсидир маънода йўқолади.

Шубҳасиз, болалик менда ўз тамғасини қолдирган. Мен қизиқарли даврда туғилганим, Шакар овулида, қадимги патриархал муҳитда катта бўлганим учун тақдиримдан миннатдорман. Менинг момом оқила, кўп нарсаларни биладиган, зийрак, чевар ва оқин аёл эди. Момом менинг оламни поэтик идрок этишим, англашимга ёрдам берди. У киши айтиб берган эртаклар, қўшиқлар, ривоятлар, у мулоқотда бўлган одамлар — бари-бари менга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Агар бир куни эрта тонгда момом юзида табассум билан, қўшни аёлнинг кўзи ёриганини айтса бўлди, мен ўрнимдан дик этиб туриб ювинишим, сўнгра уларни қутлагани бирга боришим кераклигини билар эдим. Бу қўшниникига бориб, уни қутлашгина эмас, аввало кўришув, ҳар хил айтишув, лапарлар билан тантана уюштириш учун ҳам важ эди. Бунақа байрамларда ҳамма болалар қатнашар, ҳеч ким уларга чақалоқни карамзор ичидан топиб олдик, деб айтмас эди. Ҳозир болалар катталар ҳаётида камроқ қатнашадилар, улар бу пайтда болалар боғчасида шу боғчага оид қўшиқларни куйлаб ўтирган бўладилар. Менинг фикримча, ҳеч бир ҳодиса болаларни четлаб ўтмаслиги керак. Шундагина улар Шахс бўлиб камолга етадилар.

— Шу йиллар ичида Шакар овулингиз ҳам ўзгариб кетгандир?

— Ўзгарганлиги табиий. Отларга қўшилган омочлар энди йўқ, машиналар кўп, кейин иш кўлами ҳам бошқача. Бирданига неча юз гектарлаб ер ҳайдалади. Ахир техника — техника-да, тезлик ва суръат ҳам шунга яраша катта бўлади! Аммо от илгаригидай инсонга яқин ва қадрдон бўлиб қолаверади. Қирғизчасига айтадиган бўлсак, “жоныбар”(жонивор), отнинг жони бор.

— Айтмоқчи, “Сарвқомат дилбарим” қиссангиз қаҳрамони Илёс ўз машинасига худди жониворга қарагандай муносабатда бўлади…

— Ҳа. У, эҳтимол, отига ҳам, ҳўкизига ҳам шундай яхши муомала қилган бўларди. Бундай одамнинг машинага хўжасизларча қарашдан ичи ачишарди.

— Эзгуликнинг ёвузликка қарши кураши, муҳаббат, имон, бурч каби умрбоқий мавзулар қаторида бугуннинг долзарб мавзулари ҳам бор. Сиз 70-йиллар учун бу мавзулардан қайси бирини долзарб деб ажратган бўлардингиз?

— Менимча, бу — уруш, инсоннинг урушда синалиши, тобланиши мавзусидир. Мен ўзим урушда бўлмаганман, лекин болалик ва ўсмирлик йилларим шу даврга тўғри келган. Урушдан урушнинг фарқи бор. Озодлик, мустақиллик, адолат учун уруш. Масалан, Улуғ Ватан урушини олсак. Бу қаҳрамонлик, фидокорлик, улкан ҳарбий ҳамда меҳнат жасоратларини кўрсатиш даври бўлди. Бироқ бу тажовузкорлик, таъмагирлик, манфаатлар уруши, адолатсиз уруш ҳам бўлдики, бу даврда инсонийлик тақчил бўлди. Бугунги сайёрамиз, дунё кўпгина ижтимоий омиллар келтириб чиқарган шафқатсизлик муаммолари билан тўқнаш келмоқда. Барибир юксак инсоний қадриятлар, инсон тақдири мавзуи ўзгармас, умрбоқий бўлиб қолаверади. Инсонийликнинг антитезаси — шафқатсизлик.

—  Ҳам шафқатсизликка қарши кураша туриб, ҳам уни асарларда кўрсатса бўладими?

— Фақат бу завқ, илҳом билан тасвирланмаслиги керак.

— Ғарбда, масалан, ваҳима-даҳшат театри мавжудлигини “ортиқча ҳавони чиқариб юбориш жўмраги” зарурлиги билан оқлайдиган назариялар яратилди. Уларнинг фикрларича, бундай томоша инсонга азалдан хос бўлган тажовузкорлик энергиясини унинг вужудидан чиқариб юборишга хизмат қилар эмиш. Шу ҳақдаги фикрингиз?

— Ортиқча ҳавони чиқариб юбориш жўмраги… Ёмон ният билан инсонни шафқатсизликка ундашса, у эса бунга қарши туролмаса, бу ҳолат кўпроқ шафқатсизликни рағбатлантиради, ҳаттоки кучайтиради. Шундай мисоллар ҳам борки, Ғарбда томошабин даҳшатли филмларни кўриб, беихтиёр ана шу қаҳрамонлар ҳаракатларини такрорлаган.

— Моддий ҳаёт ҳақидаги фикрингиз?

— Бу ҳақда менинг фикрим қатъий, агар ҳаётда моддий бойлик мақсадга айланса, шахс таназзулга юз тутади.

— Худди «Бўтакўз» қиссангиздаги Абакирга ўхшаб-а?

— Ҳа, Абакирга ўхшаб. Баъзида пуллар қандай босиб, эзиб ташлашини одамларнинг ўзлари ҳам билмай қоладилар. Буюмларни ҳаддан ортиқ севиш, уларга ҳирс қўйиш — васваса. Айниқса, баъзиларнинг бирор буюмга жиддий муносабатда бўлишлари менинг ғашимга тегади. Айтайлик, ҳозир бизда, республика чеккасида маълум турдагибир кийим урф бўлади. Шу турдаги кийими бўлмаган аёл ўзини хўрлангандай, камситилгандай ҳис қилади. Буюмларга бўлган бундай мешчанларча муносабат кишида ғараз уйғотади ва у ҳаммадан ажралиб туриш талвасасига тушади. Буюмлар муқаддас қадриятлар қаторида ҳаёт маъноси, мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

— Айтмоқчи, қиссаларингизнинг асосий персонажлари — аёллар. Улардан қайси бири сизнинг идеалингизга яқинроқ? Балки Жамиладир?

— Идеал ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Менинг фикримча, умум қабул қилган расмга кўра, эътиборга сазовор, муносиб аёл тушунчаси мавжуд. Бу тушунча аёлнинг бари маънавий фазилатлари, унинг маданияти, жозибаси, ташқи кўринишини ўз ичига олади. Жамила — менинг аёлни илк маротаба романтик идрок қилишим маҳсули. Ҳозир Жамила бошқача бўларди.

— Сизга инсондаги қайси хусусият ёқмайди?

— Мансабпарастлик. Бундай одам бирор мартабага эришаман деб ҳақиқатни гапирмайди.

— Чингиз Тўрақулович, юморга муносабатингиз қандай?

— Афсуски, доимо менда юмор етишмайди (мен буни жуда ҳис қиламан). Юмор билан ёза оладиган кишиларга жуда ҳавасим келади. Бу мен ҳазилни умуман тушунмайман, деганим эмас. Кулишни яхши кўраман, лекин ҳазил қилишни билмайман. Бу алоҳида қобилият саналади. Мен эса маъюсроқман.

— Одатда ёзувчилар иккита бир-бирига қарама-қарши қоидага амал қиладилар: “Ёзолмасдан туролмаганингда ёз” ёки бўлмаса “Ҳар куни, жуда бўлмаганда бир сатрдан ёз”. Сиз буларнинг қайси бирига амал қиласиз?

— Мен биринчи қоида бўйича ишлайман. Шунчаки, ҳар куни ёза олмайман. Иккинчи қоида эса сен янги ишни бошлаганингда қўл келади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, агар бошлаган ишингни ташлаб қўядиган бўлсанг, кўп нарсани йўқотасан. Мана, ҳозир янги қиссамни тугатаяпман. Энди мен ҳар куни ишлашимга тўғри келяпти.

— Қиссада тасвирланаётган воқеа қайси даврда бўлиб ўтади?

— Бу қизиқ нарса. Қисса воқеаси қачон бўлиб ўтиши ижодимдаги — номаълум бўлган ягона ҳолат. Асар “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” деб аталади. Ундаги воқеалар қайси вақтда ва нима ҳақда эканлигини ҳар бир китобхоннинг ўзи ҳал қилади. Бу ерда сюжетнинг ҳам унча аҳамияти йўқ. Қиссани яқин кунларда тугатсам керак…

Масъума Аҳмедова тайёрлаган

Манба: «Ҳуррият» газетаси

054

SHUNCHAKI, HAR KUNI YOZA OLMAYMAN
Chingiz Aytmatov bilan suhbat (1977)
08

— Chingiz To’raqulovich, adabiyot olamga qanday ta’sir ko’rsatadi? Shu haqda fikringiz?

— Adabiyot ish-harakatlarni yaqqol ko’rsatib turadigan sxema emas. Adabiyot — aynan emas, bilvosita, murakkablashgan ko’rinishda taqlid qilish, o’xshash uchun namuna bo’la oladi. Ba’zan, «Bu kitobdan o’rgansa bo’ladi, bu kitobdan bo’lmaydi», qabilida gaplar yuradi… Qarang, o’sha o’rganib bo’lmaydigan kitobdan ham o’rgansa bo’ladi! Lekin u o’zicha saboq beradi, natijasi esa darhol ko’zga tashlanavermaydi. Kitobxonga ezgulik va yovuzlik chegaralari aniq-ravshan belgilab berilgan shartli sxema kerakmikan?

— Siz o’z asarlaringizda go’yoki tabiatga jon kiritib yuborganday bo’lasiz. Bundan kelib chiqadiki, siz uchun insonning tabiatga munosabati ma’naviy mezonlardan biri hisoblanadi, shundaymi?

— Men inson tabiatni qadrlay bilishi, undan zavq, bahra olishi kerakligini bilaman. Shuni ham tushunib yetish kerakki, inson — tabiatning bir parchasi, tabiat unga yashash uchun berilgan makon, yashaganda ham faqat bir marta aql va zavq bilan yashashi kerak.

— Sizning ko’pgina asarlaringiz o’smir, bola tilidan yozilgan. Bolalik taassurotlari ijodingizda muhim rol o’ynaydimi?

— Yo’q, bu men uchun shunchaki qulay usul. O’smir olamni, insonlarni anglab yetishga harakat qiladi. Mening yangi qissamda ikki bola va qariya personajlari bor. Ulardan har biri o’zlaricha aytmoqchi bo’lgan fikrimni bayon etishda yordam beradilar. Qariya — o’z tajribalari bilan menga ko’maklashadi. Bola esa fikrimni ravshanroq ifodalab beradi, ba’zan chol aytolmagan tomonlarni ochib tashlaydi. Biroq ikkovlari ham mening bir bo’lagim. Albatta, san’atkor bolalikdan bunyod bo’ladi. Keyinchalik bilim-tajriba, aql-zakovat shaxsni to’ldiradi, shaklga soladi. Lekin bu hol yuz bermasligi va inson bolalarcha ta’sirchan, hassosligicha qolaverishi ham mumkin. Men ovulda katta bo’lganman. Inson tabiat qo’ynida, kishilar va shu tabiatga tegishli bo’lgan jonivorlar bilan o’t-maysalar, daryolar va o’rmonlar orasida ulg’aysa, qanday ajoyib…

Shaharda-chi, shahar turmushida diqqat inson aql-zakovati barpo etgan narsalarga jamlanadi. Shahar zamonaviylikka yana fikrlash, tafakkurni ham qo’shimcha qiladi. Men bolalik goh qishloq, goh shahar hayoti bilan almashinib turishi kerak, deb o’ylayman.

Bolalik fenomeni… Men bolalik taassurotlari bilan yashamaydigan hech bir odamni, ayniqsa, ijodkorni bilmayman. Axir “Oq kema” qissasining qahramoni qilib bola tanlangani bejiz emas-ku. Men bu bilan bola — iymon-diyonat homilasi, shaxs homilasi, bularning bari bolalikdan boshlanadi, degan fikrni uqtirmoqchi bo’lganman. Bu haqda hozirgi ilmiy-texnika taraqqiyoti, barcha axborot vositalarining universallashuvi avjiga chiqqan davrda jiddiy bosh qotirish kerak bo’ladi. Qachonlardir bola ruhiyati, uning ong-shuuriga faqat ota-onasi, buva-buvisi, yaqin qarindoshlaridan yana kimdir ta’sir ko’rsatgan. Hozir ularning bu vazifalarini bolalar bog’chalari, maktablar “tuya” qilmoqdalar. Bolalar bog’chalari, maktab, bularning yaxshi, foydali tomonlari ko’p. Lekin ularning hammani baravarlashtirib, birxillashtirib qo’yish jihatlarini ham inkor qilib bo’lmaydi. Hamma bolalar bir vaqtda bir teleko’rsatuvni va bir xil filmlarni tomosha qiladilar. Bu hol esa hozirga qadar misli ko’rilmagan darajada estetik, ma’naviy mezonlarning umumiy bo’lib qolishiga olib keladi. Bunda bola rivojlanishidagi individuallik, o’ziga xoslik qaysidir ma’noda yo’qoladi.

Shubhasiz, bolalik menda o’z tamg’asini qoldirgan. Men qiziqarli davrda tug’ilganim, Shakar ovulida, qadimgi patriarxal muhitda katta bo’lganim uchun taqdirimdan minnatdorman. Mening momom oqila, ko’p narsalarni biladigan, ziyrak, chevar va oqin ayol edi. Momom mening olamni poetik idrok etishim, anglashimga yordam berdi. U kishi aytib bergan ertaklar, qo’shiqlar, rivoyatlar, u muloqotda bo’lgan odamlar — bari-bari menga o’z ta’sirini o’tkazmay qolmadi. Agar bir kuni erta tongda momom yuzida tabassum bilan, qo’shni ayolning ko’zi yoriganini aytsa bo’ldi, men o’rnimdan dik etib turib yuvinishim, so’ngra ularni qutlagani birga borishim kerakligini bilar edim. Bu qo’shninikiga borib, uni qutlashgina emas, avvalo ko’rishuv, har xil aytishuv, laparlar bilan tantana uyushtirish uchun ham vaj edi. Bunaqa bayramlarda hamma bolalar qatnashar, hech kim ularga chaqaloqni karamzor ichidan topib oldik, deb aytmas edi. Hozir bolalar kattalar hayotida kamroq qatnashadilar, ular bu paytda bolalar bog’chasida shu bog’chaga oid qo’shiqlarni kuylab o’tirgan bo’ladilar. Mening fikrimcha, hech bir hodisa bolalarni chetlab o’tmasligi kerak. Shundagina ular Shaxs bo’lib kamolga yetadilar.

— Shu yillar ichida Shakar ovulingiz ham o’zgarib ketgandir?

— O’zgarganligi tabiiy. Otlarga qo’shilgan omochlar endi yo’q, mashinalar ko’p, keyin ish ko’lami ham boshqacha. Birdaniga necha yuz gektarlab yer haydaladi. Axir texnika — texnika-da, tezlik va sur’at ham shunga yarasha katta bo’ladi! Ammo ot ilgarigiday insonga yaqin va qadrdon bo’lib qolaveradi. Qirg’izchasiga aytadigan bo’lsak, “jonibar”(jonivor), otning joni bor.

— Aytmoqchi, “Sarvqomat dilbarim” qissangiz qahramoni Ilyos o’z mashinasiga xuddi jonivorga qaraganday munosabatda bo’ladi…

— Ha. U, ehtimol, otiga ham, ho’kiziga ham shunday yaxshi muomala qilgan bo’lardi. Bunday odamning mashinaga xo’jasizlarcha qarashdan ichi achishardi.

— Ezgulikning yovuzlikka qarshi kurashi, muhabbat, imon, burch kabi umrboqiy mavzular qatorida bugunning dolzarb mavzulari ham bor. Siz 70-yillar uchun bu mavzulardan qaysi birini dolzarb deb ajratgan bo’lardingiz?

— Menimcha, bu — urush, insonning urushda sinalishi, toblanishi mavzusidir. Men o’zim urushda bo’lmaganman, lekin bolalik va o’smirlik yillarim shu davrga to’g’ri kelgan. Urushdan urushning farqi bor. Ozodlik, mustaqillik, adolat uchun urush. Masalan, Ulug’ Vatan urushini olsak. Bu qahramonlik, fidokorlik, ulkan harbiy hamda mehnat jasoratlarini ko’rsatish davri bo’ldi. Biroq bu tajovuzkorlik, ta’magirlik, manfaatlar urushi, adolatsiz urush ham bo’ldiki, bu davrda insoniylik taqchil bo’ldi. Bugungi sayyoramiz, dunyo ko’pgina ijtimoiy omillar keltirib chiqargan shafqatsizlik muammolari bilan to’qnash kelmoqda. Baribir yuksak insoniy qadriyatlar, inson taqdiri mavzui o’zgarmas, umrboqiy bo’lib qolaveradi. Insoniylikning antitezasi — shafqatsizlik.

Ham shafqatsizlikka qarshi kurasha turib, ham uni asarlarda ko’rsatsa bo’ladimi?

— Faqat bu zavq, ilhom bilan tasvirlanmasligi kerak.

— G’arbda, masalan, vahima-dahshat teatri mavjudligini “ortiqcha havoni chiqarib yuborish jo’mragi” zarurligi bilan oqlaydigan nazariyalar yaratildi. Ularning fikrlaricha, bunday tomosha insonga azaldan xos bo’lgan tajovuzkorlik energiyasini uning vujudidan chiqarib yuborishga xizmat qilar emish. Shu haqdagi fikringiz?

— Ortiqcha havoni chiqarib yuborish jo’mragi… Yomon niyat bilan insonni shafqatsizlikka undashsa, u esa bunga qarshi turolmasa, bu holat ko’proq shafqatsizlikni rag’batlantiradi, hattoki kuchaytiradi. Shunday misollar ham borki, G’arbda tomoshabin dahshatli filmlarni ko’rib, beixtiyor ana shu qahramonlar harakatlarini takrorlagan.

— Moddiy hayot haqidagi fikringiz?

— Bu haqda mening fikrim qat’iy, agar hayotda moddiy boylik maqsadga aylansa, shaxs tanazzulga yuz tutadi.

— Xuddi «Bo’tako’z» qissangizdagi Abakirga o’xshab-a?

— Ha, Abakirga o’xshab. Ba’zida pullar qanday bosib, ezib tashlashini odamlarning o’zlari ham bilmay qoladilar. Buyumlarni haddan ortiq sevish, ularga hirs qo’yish — vasvasa. Ayniqsa, ba’zilarning biror buyumga jiddiy munosabatda bo’lishlari mening g’ashimga tegadi. Aytaylik, hozir bizda, respublika chekkasida ma’lum turdagibir kiyim urf bo’ladi. Shu turdagi kiyimi bo’lmagan ayol o’zini xo’rlanganday, kamsitilganday his qiladi. Buyumlarga bo’lgan bunday meshchanlarcha munosabat kishida g’araz uyg’otadi va u hammadan ajralib turish talvasasiga tushadi. Buyumlar muqaddas qadriyatlar qatorida hayot ma’nosi, maqsadiga aylanib qolmasligi kerak.

— Aytmoqchi, qissalaringizning asosiy personajlari — ayollar. Ulardan qaysi biri sizning idealingizga yaqinroq? Balki Jamiladir?

— Ideal haqida biror narsa deyish qiyin. Mening fikrimcha, umum qabul qilgan rasmga ko’ra, e’tiborga sazovor, munosib ayol tushunchasi mavjud. Bu tushuncha ayolning bari ma’naviy fazilatlari, uning madaniyati, jozibasi, tashqi ko’rinishini o’z ichiga oladi. Jamila — mening ayolni ilk marotaba romantik idrok qilishim mahsuli. Hozir Jamila boshqacha bo’lardi.

— Sizga insondagi qaysi xususiyat yoqmaydi?

— Mansabparastlik. Bunday odam biror martabaga erishaman deb haqiqatni gapirmaydi.

— Chingiz To’raqulovich, yumorga munosabatingiz qanday?

— Afsuski, doimo menda yumor yetishmaydi (men buni juda his qilaman). Yumor bilan yoza oladigan kishilarga juda havasim keladi. Bu men hazilni umuman tushunmayman, deganim emas. Kulishni yaxshi ko’raman, lekin hazil qilishni bilmayman. Bu alohida qobiliyat sanaladi. Men esa ma’yusroqman.

— Odatda yozuvchilar ikkita bir-biriga qarama-qarshi qoidaga amal qiladilar: “Yozolmasdan turolmaganingda yoz” yoki bo’lmasa “Har kuni, juda bo’lmaganda bir satrdan yoz”. Siz bularning qaysi biriga amal qilasiz?

— Men birinchi qoida bo’yicha ishlayman. Shunchaki, har kuni yoza olmayman. Ikkinchi qoida esa sen yangi ishni boshlaganingda qo’l keladi. O’z tajribamdan kelib chiqib aytsam, agar boshlagan ishingni tashlab qo’yadigan bo’lsang, ko’p narsani yo’qotasan. Mana, hozir yangi qissamni tugatayapman. Endi men har kuni ishlashimga to’g’ri kelyapti.

— Qissada tasvirlanayotgan voqea qaysi davrda bo’lib o’tadi?

— Bu qiziq narsa. Qissa voqeasi qachon bo’lib o’tishi ijodimdagi — noma’lum bo’lgan yagona holat. Asar “Sohil yoqalab chopayotgan olapar” deb ataladi. Undagi voqealar qaysi vaqtda va nima haqda ekanligini har bir kitobxonning o’zi hal qiladi. Bu yerda syujetning ham uncha ahamiyati yo’q. Qissani yaqin kunlarda tugatsam kerak…

Mas’uma Ahmedova tayyorlagan

Manba: «Hurriyat» gazetasi

054

(Tashriflar: umumiy 501, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ёш ижодкорлар, бўлғуси журналистлар учун шундай ибратли суҳбатни амалдаги икки алифбомизда тақдим этган мазкур сайтнинг фидойи жамоасига «Уч илдиз» маҳорат мактаби номидан самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Izoh qoldiring