Dunyoni bir butun ko’rmoq istagi. Usmon Azim bilan suhbat.

04

Адабиёт шахснинг бутунлигини хуш кўради. Масалан, мунофиқ кимса ёзувчи сифатида ҳам шу тарзда қолади. Феъл-атворининг ноқислиги сабаб, бир қарашда истеъдодли кўринса ҳам, асл адабиётга дахли бўлмайди. Баъзан эса унга жиддий зарар ҳам етказади. Тарих шоҳид: фақат ва фақат тили билан дили бир зотларгина катта Адабиётни яратган. Алишер Навоий, Пушкин, Лев Толстой…

004
ДУНЁНИ БИР БУТУН КЎРМОҚ ИСТАГИ
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан суҳбат
Cуҳбатдош: Дамин Жумақул
006

– Бадиий ижод, хусусан, шеъриятда айрилиқ, ҳижрон, ғамбодалик каби маҳзун туйғулар ифодаланиши табиий, апбатта. Сизнинг шеърларингизни ўқиган киши шулар қаторида қорли кечанинг, юракка ботадиган муз парчасининг нашъасини ҳам туяди. Муҳаббатнинг ширин азобини мусаффо қор таровати билан уйғун ҳис қилади. Руҳан тетиклашади, қишни, ҳатто ҳижронни қўмсайди. Бунинг сири нимада? Адабиётчилар айтганидек, ижодкорнинг поэтик маҳоратидами ёки айрилиқ билан қахратоннинг мутаносиблигидами?

03 – Мен билан суҳбатга тайёрланаётганингизда қиш ҳақидаги шеърларимни кўпроқ ўқиган кўринасиз… Аммо саволингизда жон бор: Сиз айтган ўша “маҳзун туйғулар” адабиёт учун қадрли, битмас-туганмас мавзулар манбаидир. Улардаги ошкору пинҳон драматизм, фожиавийлик, дарднинг улканлиги эса шоир руҳининг теранлашувига, фикратининг юксалишига имкон яратади. Бу ҳол чинакам истеъдод билан нурланса, ҳақиқий санъат асарлари дунёга келади.

Умуман, ғуссада ҳаётбахшлик бор. Унинг қандай пайдо бўлиши алоҳида мавзу. Фақат бу ўринда ҳақиқий ижодкорга ҳамиша ҳамроҳ юрадиган ғусса — унинг бир кам дунё ўйинларидан ўртаниши, мукаммалликни қўмсаши, бир сўз билан ифодалаганда, СОҒИНЧ туйғуси эканини айтиш кифоя деб ўйлайман. Бу туйғу китобхон шахсининг шаклланишида, адолат ва адолатсизликни, ҳалоллик ва қаллобликни теран ҳис қилишда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли адабиёт қаҳрамонларини мудом драматизмга бой, туғёнли йўлларга бошлайди. Бундай асарлар одамларга бировнинг дардини ўзиники каби туйиш фазилатини инъом этади. Энг муҳими, китобхон сўзнинг илоҳий қудратини англайди. Ҳаётга янгича,тийрак кўз билан қарай бошлайди. Дунёни мукаммал кўрмоқ учун ўзи ҳам ўзгариши, комиллик сари интилиши лозимлигини ҳис қилади.
Туйғу ва сўз мутаносиблигида пайдо бўладиган гўзаллик уйғунлигидан ҳайратга тушади. Энди у ўткинчи ҳою ҳаваслардан ўзини олиб қочади. Юраги ҳақиқат шарпасини сезади. Оқибатда ўткинчи ҳиссиётлар ноғорасига муқом қилмайдиган Шахс сифатида шаклланади. Китоблардан жон-танига ўтиб, руҳини аллақайларга бошлаб бораётган кучни танигандай бўлади — Илхом! Инсонни ғафлатдан уйғотиш учун Парвардигор ҳассос юракларга ҳадя қилган буюк инъом! Ўша — Яратганга элтадиган йўлнинг долғали шуъласи!

Адабиёт шахснинг бутунлигини хуш кўради. Масалан, мунофиқ кимса ёзувчи сифатида ҳам шу тарзда қолади. Феъл-атворининг ноқислиги сабаб, бир қарашда истеъдодли кўринса ҳам, асл адабиётга дахли бўлмайди. Баъзан эса унга жиддий зарар ҳам етказади. Тарих шоҳид: фақат ва фақат тили билан дили бир зотларгина катта Адабиётни яратган. Алишер Навоий, Пушкин, Лев Толстой…

Бу гаплар айтишгагина осон. Унга амал қилиш, сурат ва сийрат мутаносиблигига эришиш эса ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Эҳтимол, юракка етадиган самимий асар яратишнинг энг муҳим шарти ҳам шудир.
Адабиётдаги гўзалликни ҳис этиш — инсоннинг маълум даражада камолга эришганидан далолатдир. Парвардигорга самимий бир ибодатдир. Бинобарин, илҳомли ижодда ҳамиша илоҳий ибтидо бор. Бир шеър:

Дунё
ва одам ҳақида ёз.

Худо
кўнглингга солганини ёз
дунё
ва одам ҳақида.

Одам ҳақида
одам айтганини ёзма.

Умуман,
бировнинг
гапига кирма
шеър ёзаётганда.

Ҳатто ўзингнинг ҳам.

Чунки
ҳамма ёлғонларни
ўзинг
ёзгансан,
барча
чин сўзларинг Оллохдандир.

Хуллас, ҳақиқий шеър илоҳий бир инъом эканига шубҳам йўқ.

– Яратилган ҳар бир асар ижодкор табиатини ҳам намоён этади. Айтайлик, айрим қаламкашларнинг қораламалари ўта сунъий, “маданий” бўлгани боис ҳаётдан йироқ. Сизнинг шеърларингизни эса ойга, юлдузга боқиб, нимтабассум билан оҳиста, гўёки алла айтгандай оҳангда ўқиб бўлмайди. Улар хаёл суришга, мушоҳада юритишга ундайдиган сокин денгиздан кўра, кишида тинимсиз ҳаракатга майл уйғотадиган, ундаги лоқайдликни жўшқинликка айлантирадиган асов дарёга ўхшайди. Назаримда, ўзингиз ҳам хотиржамликни ёҳтирмайсиз…

– Мен ўзининг асарларига ўхшамаган ёзувчини кўрмаганман. Ёзилган асар — адибнинг ўзи. Бошқача бўлиши мумкин эмас. “Анна Каренина — мен” деган эди Лев Толстой. Ёзувчининг ҳаётга, одамлар ва жамиятга муносабати унинг асарларида акс этади. Ҳақиқий истеъдод самимиятидан сув ичган асарлар дунёнинг расман эътироф қилингандек эмас, ўзгачароқ, теранроқ, юксакроқ, гоҳо фожиалироқ ва… ҳаққонийроқ моҳиятини аён этади. Натижада одамнинг оламни ва ўзини таниш жараёни бир қадар бошқача тус олади. Китобхон ўзини ва дунёни ўзгачароқ мезонлар асосида баҳолай бошлайди. Инсон руҳиятида, демакки, жамиятда ҳам эврилиш юз беради…

Адибларга келсак, улар ҳамиша безовта одамлар бўлган. Бу фикр исботи учун буюклар ҳаётини эслаш кифоя. Масалан, Лев Толстой хотинини-ку қўятуринг, ҳатто подшоҳ билан, черков билан ҳам зиддиятга борган. Байрон, инглиз жамиятидаги сохтагарчиликлар жонига теккач, Юнонистон озодлиги учун курашгани кетган ва ўша ерда қурбон бўлган. Навоий ҳазратларининг миллат шаъни йўлидаги шахдини (ўзбек адабиётини юксалтирган шахд!) биласиз. Ҳатто Чеховнинг бир қарашда сокинга ўхшаган умри ҳам пинҳону ошкор изтироблар ичида кечган. Бу буюк адиб истеъдоднинг энг қаттол кушандаси — йўқчилик билан тинмай курашган. Ёхуд Машрабнинг дунёга исёнини кўз олдингизга келтиринг… Ўн йиллаб қамокда ётган Нозим Ҳикматни юртидаги ҳукмрон доиралар ҳануз хушламайди. Аммо барибир адабиёт ўжар. У безовталанмасдан туролмайди. Безовталик — истеъдоднинг табиати. Шу сабабми, барча замонларда ўзини, жамиятни ҳар шаклдаги қолиплардан озод кўришга уриниш улуғ адиблар учун иймону виждон иши бўлиб келган. Буюк адиблар ҳамиша куч-қудрат тарафида эмас, эзилгану хўрланганлар томонида бўлган. Шунинг учун ҳам, шўроларга қасида ёзиб қилпиллаганлардан қанчалик нафратлансак, мазлум халқи ғамида куйиб-ёнган жадидлар билан шунчалик фахрланамиз. Дунё — нотўкис. Адабиёт шу нотўкислик гирдобида қолган нотавонлар дардини ифодалайди, бошқаларга етказишга ҳаракат қилади…

Ўзимга келсак, дунёга қараб, бир камлигини англасам-да, уни бутунроқ кўришни истайман. Менда ўсмирларга хос максимализм ҳозир ҳам озроқ бор. Қорни тўқ, ғами йўқ давраларда аранг чидаб ўтираман. Мансабга эришганида бир бошқа, ундан мосуво бўлгач, яна ўзгача товланадиган кимсалардан ҳазар қиламан. Пулдорларга тубанларча илтифотни кўриб-ку кўнглим айнийди. Ҳозир, таассуфки, айримлар ҳаром йўл билан пул топишни фазилат деб билади. Маоши ҳемири-ю, данғиллама ҳовлилар қурган (ва ҳар эҳтимолга қарши, бировнинг номига ўтказган), “амириқонча” миллионларни пасқам жойларга тахлаб қўйганлар ҳам кам эмас.

Энг чатоғи, баъзи бировларда “мансаб — ҳаром-ҳариш йўл билан пул топиш манбаи” деган фикр пайдо бўлиб қоляпти. Бу жуда ёмон. Ўғирлаганларини давлатга қайтариб беришга мажбур бўлаётган қаллобларнинг кимлигини бир тасаввур қилинг… Наҳотки, катта-катта лавозимларга кўтарилган шундай кишиларни эл-юрт олдидаги масъулият, Президент ишончи, қонуний жавобгарлик туйғулари ташвишга солмаса?! Янада ажабланарли жойи шундаки, улар бу ҳолдан заррача пушаймон эмас. Ундан ҳам ёмони — бундайлардан юз ўгириш ўрнига ялтоқилик қиладиганларнинг кўпаяётганидир… Аслида, бутун жамият бу қаллоблардан юз ўгириши, улар элдан айрилиб, ўз қилмишларини адлу инсоф тарозисига солиб кўриши керак эмасмиди!..

Мен безовталигимнинг бир шингилини айтяпман, холос. Чунки халқимиз, Ватанимиз такдири мен учун ҳамма нарсадан азиз.

– Инсоний ғурур ҳақида кўп ёзасиз. Бот-бот аждодларнинг нақадар мағрур бўлганини таъкидлайсиз. Сафдош дўстингиз Хуршид Давроннинг “Алпомишни уйғотайлик” деган таклифи Сизни ташвишга солади. У уйғонса, бугунги феъл-атворимизни кўриб, номусдан ўлади, деб орланасиз. Бундай куйинишингизнинг боиси нимада? Сизнингча, беор, ғурурсиз кимсалар шу қадар кўпми?

– Бу саволингизга жавоб бериш учун йигирма йиллар ортга қайтишга тўғри келади.

Шўролар замонида унча-мунча ҳақиқатни очиқ ифодалаш имкони бўлмаган. Шу сабабми, “эзоп” тили адабиётда, айниқса, шеъриятда жуда ривожланган эди. Хуршид Даврон ўша кезлари “Алпомишни уйғотайлик” деб ёзиб қолди. Кўнглида Ватан туйғуси борларнинг ҳаммаси хурсанд. Чунки Алпомиш уйғонса, Ватанини ўзгаларга бериб қўядими?! Кулини кўкка совуради-ку уларнинг…

Ана шу кезлар газетада ҳурматли бир танқидчимизнинг мақоласи пайдо бўлди. “Зийрак” мунаққид саволни кескин қўйган эди: хўш, Хуршид Даврон Аппомишни уйғотиб, унга нима иш буюрмоқчи?.. Ҳамма лол. Карахт. Негаки, аслида ўта фаросатли бу одам довдираб бунақа савол бериши мумкин эмас… Кўча-кўйда, давраларда адабий жараёнда анчадан буён кўрилмаган бу тарздаги ҳодисанинг қизғин шарҳи: биров у дейди, биров — бу. Матбуот орқали жавоб бериб бўлмаса… Мен, одатдагидай, чидай олмадим. Ўша одамга қўнғироқ қилдим-да, у ҳакдаги ҳамма фикримни очиқ айтдим. Сўнг ҳали Сиз кўзда тутган шеърни ёздим. Бундай гаплар рўй- рост эмас, кўпинча пасқам жойларда айтилиши расм бўлгани учун “махфий” ҳам деб қўйдим. Бу сўзда Хуршиднинг шеъридаги пинҳоналикни ўзича ошкор қилган ўша шоввознинг устидан кулиш ҳам бор эди…

Бу — ўтган кунлардан бир лавҳа.

Аммо ҳозир шу шеърни ўқиб туриб, ўша замонда Алпомиш руҳининг уваланиб кетаётганидан, ўз халқи такдиридан йироқ, унинг туб манфаатларини ҳис қилолмайдиган кимсалар пайдо бўлаётганидан, сотқинлик сиртмоғи ҳалол одамларнинг ҳам бўйнини чирмаётганидан нақадар ташвишга тушганимни ҳис қилдим ва ҳануз бу туйғу мени тарк этмаганини англадим. Бугун мамлакатимизда кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришлар кўп, албатта. Масалан, жадаллик билан барпо этилаётган мактабу коллеж иморатларини кўриб таҳсинлар айтасиз. Фан олимпиадаларида, турли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётган ўқувчи ва талабаларимиз кам эмас.

Шубҳасиз, бу ютуқлар юртимизда амалга оширилаётган зўр ислоҳотлар самарасидир. Бироқ таъбни хира қиладиган жойи шуки, олий таълим соҳасида эски бир иллат — таъмагирлик балоси ҳамон барҳам топгани йўқ. Ўқишга киритиш жараёнини қўяверинг, айрим ҳаромтомоқ домлалар одатий имтиҳону синовларга ҳам “нарх” белгилаб олгани ҳақидаги гаплар ҳам бот-бот қулоққа чалинади. Порахўрларни ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари кўраётган чоралар ҳам ҳайиқтирмаётганга ўхшайди.

Бу ҳол оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Ахир, ҳалоллик деган тушунча ёш авлоднинг тасаввуридан қувиб чиқарилса!.. Буни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, ҳадемай ақлу заковат, истеъдоду меҳнат ҳақида гапирилганда лабларда истеҳзоли табассум зоҳир бўладими деб қўрқасиз…

Демак, фақат порахўрларнингўзинигина “ғурурсиз инсонлар” деб ҳисобласак ҳам, бундай номуссизлар — на Худодан, на бандасидан қўрқадиган кимсаларнинг айниқса таълим соҳасида илдиз отиши миллат келажаги учун бениҳоя хавфлидир.

– Бугунги кунга келиб Шарқу Ғарб ўртасидаги масофа қисқарди. Бошқача айтганда, глобаллашув жараёни тезлашди. Афсуски, шу жараёнда кишилик жамияти ахлоқий мезонлардан тобора йироқлашиб бораётир. Ас- лида бунинг акси бўлиши, тамаддунлар бир-бирини юксак маънавият билан бойитиши керак эмасмиди?

– Керак эди. Баъзи ўринда шундай бўлди ҳам. Афзалликларга тез кўникишимиз боис бунга кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Чунки эзгулик инсонга нону ҳаводай гап. Аммо башарият олдинга бир қадам босиши учун минглаб муаммоларни ечишига тўғри келади. Шу сабабдан бўлсамикан, нуқсонлар, камчиликлар ва муаммолар ҳақида кўпроқ гапирилади. Бу ҳам табиий ҳол.

Биз мамлакатимизни илғор, ўзбек халқини замонавий миллат мақомида кўришни истаймиз. Ўзбекистонда замонавий технологияни ўзлаштириш даври бошланган. Аммо Шарқу Ғарбнинг яқинлашуви, глобаллашувдан келадиган қулайликлардан биз қандай фойдаланишимиз лозим?

Шу ўринда “замонавий миллат” тушунчасига изоҳ бериш зарурати сезилади. Глобал бозор оқибатида юзага келаётган постиндустриал ахборот муҳити, бизнингча, бир томонлама ривожланмокда. У бутун жаҳонни умумий бир бозорга айлантириб бўлди ҳисоб. Бозор эса, табиийки, фойда йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Уни муайян маънавий-ахлоқий доирада ушлаб туриш учун инсон эътиқодда собит бўлмоғи даркор. Интернет ва
бошқа замонавий технологияларни фақат ва фақат ахборот воситаси деб билсаккина бунга эришиш мумкин. Уни инсон руҳига озиқ берадиган ягона манба сифатида қабул этиш эса бу жараёнга биздан олдин кирган айрим Оврупо халқларининг хатосини такрорлаш бўлар эди. Оқибатда қорни тўқ “тор мутахассис”лардан ташкил топган, лекин руҳи ва юраги тор миллатга айланамиз. “Маданиятли халқ” деган улуғ мақомимиздан жудо бўламиз. Хусусан, адабиёт ва санъатга моддий манфаат келтирадиган манба сифатида қараш, уни эрмакка айлантириш — ҳар ҳолда бизга ярашмаган иш…

Хўш, бунинг олдини олиш мумкинми? Мумкин. Бунинг учун маданият, санъат ва адабиётни асраб-авайлаш, ривожлантиришдан тортиб, уларнинг табиатини тушунишга қадар бўлган қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак. Айниқса, китоб чоп этиш масаласига жиддийроқ ёндашмаса бўлмайди. Бунда тор нуқтаи назар эмас, ижтимоий манфаатлар асос бўлмоғи даркор. “Адабиёт яшаса — миллат яшар” деган эди жонкуяр Чўлпон. Бугун бу ҳикмат мағзини чуқур англамоқ фурсати етди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмокдаки, фақат замонавий технологияларнигина ўзлаштирган миллатлар инсониятнинг олий ва эзгу тилакларига эш бўла олмаяпти. Юксак маънавият ва илғор технологияни омухта этолсаккина, биз ҳақиқий маънодаги замонавий миллатга айланамиз.

Ғарбу Шарқ яқинлашувига келсак, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларга минг-минг йилларнинг синовидан ўтган маънавий- ахлоқий мезонларимиз асосида ёндашганимиз маъқул. Биз эркинлик билан беҳаёликни, ҳақиқий ижодкорлик билан дидсизликни фарқламоғимиз зарур. Эрмакка битилган китоблар, кинофильмлар, қўшиқлар чегара билмай онгимизга, шууримизга бостириб киряпти. Улар ўзбекнинг мақом эшитиб, Навоий ва Қодирийни ўқиб юксалган диди устидан оқава ағдариб, “руҳингизни санъатнинг покиза суви билан суғордик” деб ишонтиришга уринмоқда…

– Адабиётнинг бугунги даражасидан кўнглингиз тўладими? Гувоҳи бўлаётганимиздек, янги асрга келиб чинакам санъат асарларининг ўрнини маиший мавзудаги “ҳазми енгил» олди-ҳочдию ҳўйди-чикдилар эгаллаб олди. Бошида кўпчилик буни ўтиш давридаги бир ҳолат, ҳадемай бозорнинг ўзи уларни синдиради, деган фикрда эди. Аммо, аксига олиб, улар кун сайин харидоргир бўлиб бормокда. Бу ҳолни кўриб, наҳотки ўқувчининг диди, савияси, маънавий эҳтиёжи шу қадар тубанлашиб кетаётган бўлса, дея ўйланиб қоласиз. Сизнингча, ана шундай мураккаб бир даврда замон адабиёти ва унга муносабат қандай бўлмоғи лозим?

– Бу саволга қисман жавоб бердим. Ҳозирги адабиётдан эса, очиғи, кўнглим тўлмайди. Биз адабиётни чарчатдик. Ижодкорлар турмуш ташқвишларидан бўшамай қолди. Чинакам профессионал шоир ва ёзувчилар жуда кам. Ёзиш борган сари ҳаваскорларнинг ишига айланиб кетяпти. Шахсан ўзим кўнгилга қувонч бағишлайдиган зўр ўзбекча китоб ўқимаганимга анча бўлди. Ёш истеъдодлар бир-икки машқларини эълон қилгач, кўздан ғойиб бўляпти. Улар турмуш ташвишларига ўралашиб қолаётир. Ёш ижодкорларни маълум бир даражагача қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимга ўхшайди. Истеъдодни тарбиялаш, қадрлаш керак ахир!

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳалари ислоҳ қилинаётир. Табиийки, бу ислоҳотлар ижодий ташкилотларда ҳам кечмокда. Менимча, шу жараёнда ёзувчилар ташкилоти, кези келганда, ижодкорлар касаба уюшмаси ваколатига хос вазифаларни ҳам зиммага олмоғи лозим. Бу жуда зарур. Нега- ки, ижодкор аксарияти “фойдахўр” нашриётлар билан бир ўзи юзма-юз қолди. Қалам ҳақи, нашр қилинган асарларга ҳақ тўлаш аллақачон рамзий тус олган. Янгича мақомда ишлайдиган ижодий уюшма нашриётлар, шунингдек, Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” матбуот компанияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбеккино”, “Ўзтелерадио” сингари ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузмоғи даркор. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунни ҳам самаралироқ ишлатиш даври келди…

Ёзувчилар вақти-вақти билан йиғилиб, муаммоларини жиддий муҳокама қилмаётгани оқибатида адабиёт теварагидаги уч-тўртта ишбилармон бирлашиб, ўзларининг ҳамтовоқларини “мумтоз ёзувчи” деб бемалол эълон этиб юборяпти. Андишасизлик орқасида бундай “мумтоз”ларнинг баъзилари мактаб адабиёт дарсликларига ҳам “кириб” қолган эди, хайриятки, кейинги вақтда бу ҳолга барҳам берилди…

Хуллас, руҳни тарбиялайдиган, маълум бир тарзда муаллимлик ролини ҳам бажарадиган адабиётни бой беришдан сақланмоғимиз даркор. Ўзбек миллий санъати ва адабиётининг бозори, масалан, инглиз, рус санъати ва адабиётининг бозоридан кўра неча ўн марталаб тор. Шунинг учун миллатимиз руҳининг пойдевори бўлган бу соҳаларни фақат бозор ихтиёрига ташлаб қўйиб бўлмайди. Унга чинакам мадад керак. Назаримда, адабиётдаги муаммоларни жиддий ўрганиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар кўришга энди жазм этса бўлади. Бу ишни эртага қолдирсак, кўп нарса йўқотамиз.

Бугунги парокандаликдан эса асосан истеъдодсизлик фойда кўряпти. У эрмак жанрини яратди ва китобхоннинг дидини бузишдек “катта иш” билан мунтазам шуғулланмокда. Бундай “асар”ларни арзон хитой молларига ўхшатса бўлади. Харидор (китобхон, томошабин) “бугунга яраб турса бўлди” қабилида иш тутмокда. Бу жараённи “бозорнинг ўзи синдиради” дегувчилар, афтидан, унинг “феъл-атвори”ни дуруст англамайди. Бу бозор иқтисодиётининг бутун оламга маълум нуқсонларидан… Нима қилиш керак? Яна қайтараман: асл адабиётни қўллаб-қувватлаш даркор!

Асл адабиёт ва санъат фақат ижодкорнинг эмас, мухлиснинг ҳам қалбу руҳини тозартиради. У туфайли шахс ўсади, миллатнинг ақлий салоҳияти ривож топади. Маънавият юксалади. Миллатнинг шавкати ошади.

– Бугунги кунда шеъриятимизда ҳар хил йўналишлар пайдо бўляпти. Бунга Сизнинг муносабатингиз… Умуман, шеъриятимизнинг истиқболини нималарда кўрасиз?

– Замон ривожидаги ўзига хослик, шубҳасиз, санъат ва адабиётнинг ривожига ҳам таъсир ўтказади. Адабиёт замоннинг суратини ва сийратини янада аниқроқ ифодалаш учун тасвирий воситалар излайди. Бунинг натижасида, дейлик, истеъдодли бир адиб муайян фикрнинг мутлақо янгича ифода усулини топишга муваффақ бўлади. Сўнг унинг издошлари — тақлидчилар майдонга келади. Улар ночорликларига “маъно” бахш этиш учун аллақандай янгича йўналиш ҳақида сафсата сота бошлайди. Бу сафсаталарни шарҳлаб берувчи “назариётчи олим”лар ҳам топила қолади. Қарабсизки, тезда ўзини яккаю ягона деб билган ҳалиги “йўналиш” ҳеч кимни писанд этмай, Адабиёт кўчасидан ғозюриш қилиб ўтиб қолади…

Менимча, йўналишлар ҳақида эмас, балки истеъдодли адибнинг ўзига хослиги ҳамда унинг атрофидаги катта-кичик истеъдодлар ва тақлидчилар ҳақида ҳамма вақт очиқ гапирсак тўғрироқ бўлади.

Умуман, бундай ёшлар максималистлик ҳавоси ва тажрибанинг етишмаслиги оқибатида адабиёт дегани ўзларидан бошланишига жудаям ишонади. Улар ўз қораламаларини “янги адабиёт” деб эълон қилишга мойил. Тўғри, бунинг унчалик ёмон жойи йўқ. Шундай кайфият гоҳо янги-янги асарлар яратилишига ҳам туртки бўлади. Аммо адабиёт узлуксиз бир жараён ва ҳар қандай “янги адабиёт” бор-йўғи замонавий адабиётдир, холос. Бугунги ўзбек шеъриятидаги йўналишларга кўчадиган бўлсак, аҳвол ҳали айтганимиздек: бир-икки ўзига хос истеъдод, қолганлари — иқтидори йўқлигини яшириш учун “изм-изм” ўйнаётган масхарабозлар. Улар аввало шеър ёзишни, сўз ишлатишни ўрганмоқлари зарур. Рус шоири Баратинский тақлидчини бировдан ўғирлаган болани кўтариб тиланаётган гадога ўхшатган эди. Ҳақ таъбир.

Шеъриятимизнинг истиқболи ҳақидаги фикрларим бундай. Чўлпон, Усмон Носир ва (қисман) Ойбек яратган шеъриятнинг издоши сифатида 60- йилларда бошланган кўтаринкилик (тўғрироғи, алмашиниб турган кўтаринкиликлар силсиласи) ҳозиргача давом этиб келяпти. Аммо айни кунларда ана шу тўлқин бирмунча сустлашгандек. Бу ҳол адабиётга нисбатан жамиятда ҳукм сураётган умумий рағбат ҳисси билан ҳам боғлиқ, албатта…

— Кейинги йилларда бир талай насрий асарлар битдингиз, киносценарийлар ёздингиз, театр билан ҳамкорлик ҳиляпсиз. Ижодий фаолиятингизни бу қадар кенгайтиришингиз боиси нима? Бу ҳол муайян тажриба тўплаганингиз натижасими ёки шеърга сиғдиролмаган фикрларингизни ҳажми каттароқ асарларда ифодалаш иштиёқи туғилдими? Балки бу урфга айланаётган анчайин тирикчилик эҳтиёжидир?..

— Шоирларнинг деярли ҳаммаси ҳам вақти келиб ёндош жанрларда ижод қилишга жазм этган. Навоий, Пушкин, Лермонтов, Лорка… Назаримда, бу ҳол ўзини тўлиқроқ ифода этиш иштиёқидан туғилса керак. Тирикчилик масаласига келсак, ёзиш-чизиш ортидан кун кўриш маҳол. Ҳа, айтгандай, профессионалликка ўз касби ортидан кун кўриш ҳам киради. Чехов, Бальзак, Достоевский ана шундай адиблардан бўлган…

Манба: «Тафаккур» журнали 2/2007

006

004Усмон Азим — шоир, драматург, кинодраматург ва носир. Адиб Ўзбекистон халқ шоири (2000) унвони, шунингдек, йилнинг энг яхши шеърий асарлари номинацияси бўйича «Офарин» мукофоти, Грузиянинг «В.Маяковский» номидаги Давлат мукофоти (1982) га сазовор бўлган.
Усмон Азим 1950 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини тугатган. У даставвал журналист сифатида турли газета-журналлар ва нашриётларда ҳамда республика радиосида ишлаган. Маълум вақт Республика Президенти Девонида Давлат маслаҳатчиси (ёшлар бўйича) вазифасини ҳам бажарган. Ҳозирги кунда адиб, асосан, ижод билан машғул.
Усмон Азим 1979 йилда чоп этилган «Инсонни тушуниш» илк шеърий китоби билан адабий жамоатчиликнинг эътиборини қозонган. Сўнг унинг «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрел» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Бор экан-да, йўқ экан» (1995),«Куз» (2001) шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари босилди. 1995 йилда «Сайланма» шеърий китоби нашр эттилди.
Усмон Азимнинг шеърлари франтсуз, немис, инглиз, поляк, эстон, грузин, македон, литва, турк, тожик, рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилинган. Ўз навбатида, Усмон Азим Поль Элюар, Фозил Ҳусни Доғларжа, Андрей Вознесенский, Ояр Вациетис, Мартинас Марцинкявичус ва бошқа ўнлаб шоирларнинг ижодидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилган.
Ижодининг илк даврида радиодраматургияда («Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли филм учун сюжет», «Баҳодир ва малика» песалари) ўзини синаб кўрган шоир, кейинги йилларда драма ёза бошлади. Унинг «Кундузсиз кечалар» (1998), «Алпомишнинг қайтиши» (2000), «Бир қадам йўл» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003), «Адибнинг умри» (2005) драмалари саҳналаштирилган. Миллий театримиз саҳнасида қўйилган «Кундузсиз кечалар» спектакли Андижонда бўлиб ўтган халқаро театр фестивалида «Энг яхши спектакл» деган мукофотга сазовор бўлган.
«Алпомишнинг қайтиши» учун муаллиф 1999 йилнинг «Энг яхши драматурги» деб эътироф этилди. Шоир кино санъатида ҳам ўз кучини синаб кўрмоқда. «Севги» (1998) филмининг сценарийсини ўз ҳикояси асосида ёзган. Унинг сценарийси асосида икки қисмдан иборат «Алпомиш» (2000) филми суратга олинди. «Алпомиш» достонининг киноталқини учун муаллиф Бухорода ўтказилган кинофестивалда махсус мукофот олди.

011Usmon Azim — shoir, dramaturg, kinodramaturg va nosir. Adib O’zbekiston xalq shoiri (2000) unvoni, shuningdek, yilning eng yaxshi she’riy asarlari nominatsiyasi bo’yicha «Ofarin» mukofoti, Gruziyaning «V.Mayakovskiy» nomidagi Davlat mukofoti (1982) ga sazovor bo’lgan.
Usmon Azim 1950 yilda Surxondaryo viloyatining Boysun tumanida tug’ilgan. 1972 yilda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. U dastavval jurnalist sifatida turli gazeta-jurnallar va nashriyotlarda hamda respublika radiosida ishlagan. Ma’lum vaqt Respublika Prezidenti Devonida Davlat maslahatchisi (yoshlar bo’yicha) vazifasini ham bajargan. Hozirgi kunda adib, asosan, ijod bilan mashg’ul.
Usmon Azim 1979 yilda chop etilgan «Insonni tushunish» ilk she’riy kitobi bilan adabiy jamoatchilikning e’tiborini qozongan. So’ng uning «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Bor ekan-da, yo’q ekan» (1995),«Kuz» (2001) she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari bosildi. 1995 yilda «Saylanma» she’riy kitobi nashr ettildi.
Usmon Azimning she’rlari frantsuz, nemis, ingliz, polyak, eston, gruzin, makedon, litva, turk, tojik, rus, qozoq, qirg’iz va boshqa tillarga tarjima qilingan. O’z navbatida, Usmon Azim Pol` Elyuar, Fozil Husni Dog’larja, Andrey Voznesenskiy, Oyar Vatsietis, Martinas Martsinkyavichus va boshqa o’nlab shoirlarning ijodidan namunalarni o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Ijodining ilk davrida radiodramaturgiyada («Baxtli bo’laylik», «Hujjatli film uchun syujet», «Bahodir va malika» pesalari) o’zini sinab ko’rgan shoir, keyingi yillarda drama yoza boshladi. Uning «Kunduzsiz kechalar» (1998), «Alpomishning qaytishi» (2000), «Bir qadam yo’l» (2002), «O’tgan zamon hangomalari» (2003), «Adibning umri» (2005) dramalari sahnalashtirilgan. Milliy teatrimiz sahnasida qo’yilgan «Kunduzsiz kechalar» spektakli Andijonda bo’lib o’tgan xalqaro teatr festivalida «Eng yaxshi spektakl» degan mukofotga sazovor bo’lgan.«Alpomishning qaytishi» uchun muallif 1999 yilning «Eng yaxshi dramaturgi» deb e’tirof etildi.
Shoir kino san’atida ham o’z kuchini sinab ko’rmoqda. «Sevgi» (1998) filmining stsenariysini o’z hikoyasi asosida yozgan. Uning stsenariysi asosida ikki qismdan iborat «Alpomish» (2000) filmi suratga olindi. «Alpomish» dostonining kinotalqini uchun muallif Buxoroda o’tkazilgan kinofestivalda maxsus mukofot oldi.

006

004
DUNYONI BIR BUTUN KO’RMOQ ISTAGI
O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azim bilan suhbat
Cuhbatdosh: Damin Jumaqul
006

– Badiiy ijod, xususan, she’riyatda ayriliq, hijron, g’ambodalik kabi mahzun tuyg’ular ifodalanishi tabiiy, apbatta. Sizning she’rlaringizni o’qigan kishi shular qatorida qorli kechaning, yurakka botadigan muz parchasining nash’asini ham tuyadi. Muhabbatning shirin azobini musaffo qor tarovati bilan uyg’un his qiladi. Ruhan tetiklashadi, qishni, hatto hijronni qo’msaydi. Buning siri nimada? Adabiyotchilar aytganidek, ijodkorning poetik mahoratidami yoki ayriliq bilan qaxratonning mutanosibligidami?

0300– Men bilan suhbatga tayyorlanayotganingizda qish haqidagi she’rlarimni ko’proq o’qigan ko’rinasiz… Ammo savolingizda jon bor: Siz aytgan o’sha “mahzun tuyg’ular” adabiyot uchun qadrli, bitmas-tuganmas mavzular manbaidir. Ulardagi oshkoru pinhon dramatizm, fojiaviylik, dardning ulkanligi esa shoir ruhining teranlashuviga, fikratining yuksalishiga imkon yaratadi. Bu hol chinakam iste’dod bilan nurlansa, haqiqiy san’at asarlari dunyoga keladi.

Umuman, g’ussada hayotbaxshlik bor. Uning qanday paydo bo’lishi alohida mavzu. Faqat bu o’rinda haqiqiy ijodkorga hamisha hamroh yuradigan g’ussa — uning bir kam dunyo o’yinlaridan o’rtanishi, mukammallikni qo’msashi, bir so’z bilan ifodalaganda, SOG’INCH tuyg’usi ekanini aytish kifoya deb o’ylayman. Bu tuyg’u kitobxon shaxsining shakllanishida, adolat va adolatsizlikni, halollik va qalloblikni teran his qilishda muhim o’rin tutadi. Shu sababli adabiyot qahramonlarini mudom dramatizmga boy, tug’yonli yo’llarga boshlaydi. Bunday asarlar odamlarga birovning dardini o’ziniki kabi tuyish fazilatini in’om etadi. Eng muhimi, kitobxon so’zning ilohiy qudratini anglaydi. Hayotga yangicha,tiyrak ko’z bilan qaray boshlaydi. Dunyoni mukammal ko’rmoq uchun o’zi ham o’zgarishi, komillik sari intilishi lozimligini his qiladi.
Tuyg’u va so’z mutanosibligida paydo bo’ladigan go’zallik uyg’unligidan hayratga tushadi. Endi u o’tkinchi hoyu havaslardan o’zini olib qochadi. Yuragi haqiqat sharpasini sezadi. Oqibatda o’tkinchi hissiyotlar nog’orasiga muqom qilmaydigan Shaxs sifatida shakllanadi. Kitoblardan jon-taniga o’tib, ruhini allaqaylarga boshlab borayotgan kuchni taniganday bo’ladi — Ilxom! Insonni g’aflatdan uyg’otish uchun Parvardigor hassos yuraklarga hadya qilgan buyuk in’om! O’sha — Yaratganga eltadigan yo’lning dolg’ali shu’lasi!

Adabiyot shaxsning butunligini xush ko’radi. Masalan, munofiq kimsa yozuvchi sifatida ham shu tarzda qoladi. Fe’l-atvorining noqisligi sabab, bir qarashda iste’dodli ko’rinsa ham, asl adabiyotga daxli bo’lmaydi. Ba’zan esa unga jiddiy zarar ham yetkazadi. Tarix shohid: faqat va faqat tili bilan dili bir zotlargina katta Adabiyotni yaratgan. Alisher Navoiy, Pushkin, Lev Tolstoy…

Bu gaplar aytishgagina oson. Unga amal qilish, surat va siyrat mutanosibligiga erishish esa har kimning ham qo’lidan kelavermaydi. Ehtimol, yurakka yetadigan samimiy asar yaratishning eng muhim sharti ham shudir.Adabiyotdagi go’zallikni his etish — insonning ma’lum darajada kamolga erishganidan dalolatdir. Parvardigorga samimiy bir ibodatdir. Binobarin, ilhomli ijodda hamisha ilohiy ibtido bor. Bir she’r:

Dunyo
va odam haqida yoz.

Xudo
ko’nglingga solganini yoz
dunyo
va odam haqida.

Odam haqida
odam aytganini yozma.

Umuman,
birovning
gapiga kirma
she’r yozayotganda.

Hatto o’zingning ham.

Chunki
hamma yolg’onlarni
o’zing
yozgansan,
barcha
chin so’zlaring Olloxdandir.

Xullas, haqiqiy she’r ilohiy bir in’om ekaniga shubham yo’q.

– Yaratilgan har bir asar ijodkor tabiatini ham namoyon etadi. Aytaylik, ayrim qalamkashlarning qoralamalari o’ta sun’iy, “madaniy” bo’lgani bois hayotdan yiroq. Sizning she’rlaringizni esa oyga, yulduzga boqib, nimtabassum bilan ohista, go’yoki alla aytganday ohangda o’qib bo’lmaydi. Ular xayol surishga, mushohada yuritishga undaydigan sokin dengizdan ko’ra, kishida tinimsiz harakatga mayl uyg’otadigan, undagi loqaydlikni jo’shqinlikka aylantiradigan asov daryoga o’xshaydi. Nazarimda, o’zingiz ham xotirjamlikni yohtirmaysiz…

– Men o’zining asarlariga o’xshamagan yozuvchini ko’rmaganman. Yozilgan asar — adibning o’zi. Boshqacha bo’lishi mumkin emas. “Anna Karenina — men” degan edi Lev Tolstoy. Yozuvchining hayotga, odamlar va jamiyatga munosabati uning asarlarida aks etadi. Haqiqiy iste’dod samimiyatidan suv ichgan asarlar dunyoning rasman e’tirof qilingandek emas, o’zgacharoq, teranroq, yuksakroq, goho fojialiroq va… haqqoniyroq mohiyatini ayon etadi. Natijada odamning olamni va o’zini tanish jarayoni bir qadar boshqacha tus oladi. Kitobxon o’zini va dunyoni o’zgacharoq mezonlar asosida baholay boshlaydi. Inson ruhiyatida, demakki, jamiyatda ham evrilish yuz beradi…

Adiblarga kelsak, ular hamisha bezovta odamlar bo’lgan. Bu fikr isboti uchun buyuklar hayotini eslash kifoya. Masalan, Lev Tolstoy xotinini-ku qo’yaturing, hatto podshoh bilan, cherkov bilan ham ziddiyatga borgan. Bayron, ingliz jamiyatidagi soxtagarchiliklar joniga tekkach, Yunoniston ozodligi uchun kurashgani ketgan va o’sha yerda qurbon bo’lgan. Navoiy hazratlarining millat sha’ni yo’lidagi shaxdini (o’zbek adabiyotini yuksaltirgan shaxd!) bilasiz. Hatto Chexovning bir qarashda sokinga o’xshagan umri ham pinhonu oshkor iztiroblar ichida kechgan. Bu buyuk adib iste’dodning eng qattol kushandasi — yo’qchilik bilan tinmay kurashgan. Yoxud Mashrabning dunyoga isyonini ko’z oldingizga keltiring… O’n yillab qamokda yotgan Nozim Hikmatni yurtidagi hukmron doiralar hanuz xushlamaydi. Ammo baribir adabiyot o’jar. U bezovtalanmasdan turolmaydi. Bezovtalik — iste’dodning tabiati. Shu sababmi, barcha zamonlarda o’zini, jamiyatni har shakldagi qoliplardan ozod ko’rishga urinish ulug’ adiblar uchun iymonu vijdon ishi bo’lib kelgan. Buyuk adiblar hamisha kuch-qudrat tarafida emas, ezilganu xo’rlanganlar tomonida bo’lgan. Shuning uchun ham, sho’rolarga qasida yozib qilpillaganlardan qanchalik nafratlansak, mazlum xalqi g’amida kuyib-yongan jadidlar bilan shunchalik faxrlanamiz. Dunyo — noto’kis. Adabiyot shu noto’kislik girdobida qolgan notavonlar dardini ifodalaydi, boshqalarga yetkazishga harakat qiladi…

O’zimga kelsak, dunyoga qarab, bir kamligini anglasam-da, uni butunroq ko’rishni istayman. Menda o’smirlarga xos maksimalizm hozir ham ozroq bor. Qorni to’q, g’ami yo’q davralarda arang chidab o’tiraman. Mansabga erishganida bir boshqa, undan mosuvo bo’lgach, yana o’zgacha tovlanadigan kimsalardan hazar qilaman. Puldorlarga tubanlarcha iltifotni ko’rib-ku ko’nglim ayniydi. Hozir, taassufki, ayrimlar harom yo’l bilan pul topishni fazilat deb biladi. Maoshi hemiri-yu, dang’illama hovlilar qurgan (va har ehtimolga qarshi, birovning nomiga o’tkazgan), “amiriqoncha” millionlarni pasqam joylarga taxlab qo’yganlar ham kam emas.

Eng chatog’i, ba’zi birovlarda “mansab — harom-harish yo’l bilan pul topish manbai” degan fikr paydo bo’lib qolyapti. Bu juda yomon. O’g’irlaganlarini davlatga qaytarib berishga majbur bo’layotgan qalloblarning kimligini bir tasavvur qiling… Nahotki, katta-katta lavozimlarga ko’tarilgan shunday kishilarni el-yurt oldidagi mas’uliyat, Prezident ishonchi, qonuniy javobgarlik tuyg’ulari tashvishga solmasa?! Yanada ajablanarli joyi shundaki, ular bu holdan zarracha pushaymon emas. Undan ham yomoni — bundaylardan yuz o’girish o’rniga yaltoqilik qiladiganlarning ko’payayotganidir… Aslida, butun jamiyat bu qalloblardan yuz o’girishi, ular eldan ayrilib, o’z qilmishlarini adlu insof tarozisiga solib ko’rishi kerak emasmidi!..

Men bezovtaligimning bir shingilini aytyapman, xolos. Chunki xalqimiz, Vatanimiz takdiri men uchun hamma narsadan aziz.

– Insoniy g’urur haqida ko’p yozasiz. Bot-bot ajdodlarning naqadar mag’rur bo’lganini ta’kidlaysiz. Safdosh do’stingiz Xurshid Davronning “Alpomishni uyg’otaylik” degan taklifi Sizni tashvishga soladi. U uyg’onsa, bugungi fe’l-atvorimizni ko’rib, nomusdan o’ladi, deb orlanasiz. Bunday kuyinishingizning boisi nimada? Sizningcha, beor, g’urursiz kimsalar shu qadar ko’pmi?

– Bu savolingizga javob berish uchun yigirma yillar ortga qaytishga to’g’ri keladi.

Sho’rolar zamonida uncha-muncha haqiqatni ochiq ifodalash imkoni bo’lmagan. Shu sababmi, “ezop” tili adabiyotda, ayniqsa, she’riyatda juda rivojlangan edi. Xurshid Davron o’sha kezlari “Alpomishni uyg’otaylik” deb yozib qoldi. Ko’nglida Vatan tuyg’usi borlarning hammasi xursand. Chunki Alpomish uyg’onsa, Vatanini o’zgalarga berib qo’yadimi?! Kulini ko’kka sovuradi-ku ularning…

Ana shu kezlar gazetada hurmatli bir tanqidchimizning maqolasi paydo bo’ldi. “Ziyrak” munaqqid savolni keskin qo’ygan edi: xo’sh, Xurshid Davron Appomishni uyg’otib, unga nima ish buyurmoqchi?.. Hamma lol. Karaxt. Negaki, aslida o’ta farosatli bu odam dovdirab bunaqa savol berishi mumkin emas… Ko’cha-ko’yda, davralarda adabiy jarayonda anchadan buyon ko’rilmagan bu tarzdagi hodisaning qizg’in sharhi: birov u deydi, birov — bu. Matbuot orqali javob berib bo’lmasa… Men, odatdagiday, chiday olmadim. O’sha odamga qo’ng’iroq qildim-da, u hakdagi hamma fikrimni ochiq aytdim. So’ng hali Siz ko’zda tutgan she’rni yozdim. Bunday gaplar ro’y- rost emas, ko’pincha pasqam joylarda aytilishi rasm bo’lgani uchun “maxfiy” ham deb qo’ydim. Bu so’zda Xurshidning she’ridagi pinhonalikni o’zicha oshkor qilgan o’sha shovvozning ustidan kulish ham bor edi…

Bu — o’tgan kunlardan bir lavha.

Ammo hozir shu she’rni o’qib turib, o’sha zamonda Alpomish ruhining uvalanib ketayotganidan, o’z xalqi takdiridan yiroq, uning tub manfaatlarini his qilolmaydigan kimsalar paydo bo’layotganidan, sotqinlik sirtmog’i halol odamlarning ham bo’ynini chirmayotganidan naqadar tashvishga tushganimni his qildim va hanuz bu tuyg’u meni tark etmaganini angladim. Bugun mamlakatimizda ko’ngilni quvontiradigan o’zgarishlar ko’p, albatta. Masalan, jadallik bilan barpo etilayotgan maktabu kollej imoratlarini ko’rib tahsinlar aytasiz. Fan olimpiadalarida, turli musobaqalarda faxrli o’rinlarni qo’lga kiritayotgan o’quvchi va talabalarimiz kam emas.

Shubhasiz, bu yutuqlar yurtimizda amalga oshirilayotgan zo’r islohotlar samarasidir. Biroq ta’bni xira qiladigan joyi shuki, oliy ta’lim sohasida eski bir illat — ta’magirlik balosi hamon barham topgani yo’q. O’qishga kiritish jarayonini qo’yavering, ayrim haromtomoq domlalar odatiy imtihonu sinovlarga ham “narx” belgilab olgani haqidagi gaplar ham bot-bot quloqqa chalinadi. Poraxo’rlarni hatto huquq-tartibot idoralari ko’rayotgan choralar ham hayiqtirmayotganga o’xshaydi.

Bu hol og’ir oqibatlarga olib kelishi mumkin. Axir, halollik degan tushuncha yosh avlodning tasavvuridan quvib chiqarilsa!.. Buni ko’rib ko’rmaslikka, bilib bilmaslikka olishga hech birimizning haqqimiz yo’q. Ahvol shu tarzda davom etaversa, hademay aqlu zakovat, iste’dodu mehnat haqida gapirilganda lablarda istehzoli tabassum zohir bo’ladimi deb qo’rqasiz…

Demak, faqat poraxo’rlarningo’zinigina “g’urursiz insonlar” deb hisoblasak ham, bunday nomussizlar — na Xudodan, na bandasidan qo’rqadigan kimsalarning ayniqsa ta’lim sohasida ildiz otishi millat kelajagi uchun benihoya xavflidir.

– Bugungi kunga kelib Sharqu G’arb o’rtasidagi masofa qisqardi. Boshqacha aytganda, globallashuv jarayoni tezlashdi. Afsuski, shu jarayonda kishilik jamiyati axloqiy mezonlardan tobora yiroqlashib borayotir. As- lida buning aksi bo’lishi, tamaddunlar bir-birini yuksak ma’naviyat bilan boyitishi kerak emasmidi?

– Kerak edi. Ba’zi o’rinda shunday bo’ldi ham. Afzalliklarga tez ko’nikishimiz bois bunga ko’p ham e’tibor beravermaymiz. Chunki ezgulik insonga nonu havoday gap. Ammo bashariyat oldinga bir qadam bosishi uchun minglab muammolarni yechishiga to’g’ri keladi. Shu sababdan bo’lsamikan, nuqsonlar, kamchiliklar va muammolar haqida ko’proq gapiriladi. Bu ham tabiiy hol.

Biz mamlakatimizni ilg’or, o’zbek xalqini zamonaviy millat maqomida ko’rishni istaymiz. O’zbekistonda zamonaviy texnologiyani o’zlashtirish davri boshlangan. Ammo Sharqu G’arbning yaqinlashuvi, globallashuvdan keladigan qulayliklardan biz qanday foydalanishimiz lozim?

Shu o’rinda “zamonaviy millat” tushunchasiga izoh berish zarurati seziladi. Global bozor oqibatida yuzaga kelayotgan postindustrial axborot muhiti, bizningcha, bir tomonlama rivojlanmokda. U butun jahonni umumiy bir bozorga aylantirib bo’ldi hisob. Bozor esa, tabiiyki, foyda yo’lida hech narsadan qaytmaydi. Uni muayyan ma’naviy-axloqiy doirada ushlab turish uchun inson e’tiqodda sobit bo’lmog’i darkor. Internet vaboshqa zamonaviy texnologiyalarni faqat va faqat axborot vositasi deb bilsakkina bunga erishish mumkin. Uni inson ruhiga oziq beradigan yagona manba sifatida qabul etish esa bu jarayonga bizdan oldin kirgan ayrim Ovrupo xalqlarining xatosini takrorlash bo’lar edi. Oqibatda qorni to’q “tor mutaxassis”lardan tashkil topgan, lekin ruhi va yuragi tor millatga aylanamiz. “Madaniyatli xalq” degan ulug’ maqomimizdan judo bo’lamiz. Xususan, adabiyot va san’atga moddiy manfaat keltiradigan manba sifatida qarash, uni ermakka aylantirish — har holda bizga yarashmagan ish…

Xo’sh, buning oldini olish mumkinmi? Mumkin. Buning uchun madaniyat, san’at va adabiyotni asrab-avaylash, rivojlantirishdan tortib, ularning tabiatini tushunishga qadar bo’lgan qarashlarimizni qayta ko’rib chiqishimiz kerak. Ayniqsa, kitob chop etish masalasiga jiddiyroq yondashmasa bo’lmaydi. Bunda tor nuqtai nazar emas, ijtimoiy manfaatlar asos bo’lmog’i darkor. “Adabiyot yashasa — millat yashar” degan edi jonkuyar Cho’lpon. Bugun bu hikmat mag’zini chuqur anglamoq fursati yetdi. Jahon tajribasi shuni ko’rsatmokdaki, faqat zamonaviy texnologiyalarnigina o’zlashtirgan millatlar insoniyatning oliy va ezgu tilaklariga esh bo’la olmayapti. Yuksak ma’naviyat va ilg’or texnologiyani omuxta etolsakkina, biz haqiqiy ma’nodagi zamonaviy millatga aylanamiz.

G’arbu Sharq yaqinlashuviga kelsak, demokratiya va inson huquqlari kabi masalalarga ming-ming yillarning sinovidan o’tgan ma’naviy- axloqiy mezonlarimiz asosida yondashganimiz ma’qul. Biz erkinlik bilan behayolikni, haqiqiy ijodkorlik bilan didsizlikni farqlamog’imiz zarur. Ermakka bitilgan kitoblar, kinofil`mlar, qo’shiqlar chegara bilmay ongimizga, shuurimizga bostirib kiryapti. Ular o’zbekning maqom eshitib, Navoiy va Qodiriyni o’qib yuksalgan didi ustidan oqava ag’darib, “ruhingizni san’atning pokiza suvi bilan sug’ordik” deb ishontirishga urinmoqda…

– Adabiyotning bugungi darajasidan ko’nglingiz to’ladimi? Guvohi bo’layotganimizdek, yangi asrga kelib chinakam san’at asarlarining o’rnini maishiy mavzudagi “hazmi yengil» oldi-hochdiyu ho’ydi-chikdilar egallab oldi. Boshida ko’pchilik buni o’tish davridagi bir holat, hademay bozorning o’zi ularni sindiradi, degan fikrda edi. Ammo, aksiga olib, ular kun sayin xaridorgir bo’lib bormokda. Bu holni ko’rib, nahotki o’quvchining didi, saviyasi, ma’naviy ehtiyoji shu qadar tubanlashib ketayotgan bo’lsa, deya o’ylanib qolasiz. Sizningcha, ana shunday murakkab bir davrda zamon adabiyoti va unga munosabat qanday bo’lmog’i lozim?

– Bu savolga qisman javob berdim. Hozirgi adabiyotdan esa, ochig’i, ko’nglim to’lmaydi. Biz adabiyotni charchatdik. Ijodkorlar turmush tashqvishlaridan bo’shamay qoldi. Chinakam professional shoir va yozuvchilar juda kam. Yozish borgan sari havaskorlarning ishiga aylanib ketyapti. Shaxsan o’zim ko’ngilga quvonch bag’ishlaydigan zo’r o’zbekcha kitob o’qimaganimga ancha bo’ldi. Yosh iste’dodlar bir-ikki mashqlarini e’lon qilgach, ko’zdan g’oyib bo’lyapti. Ular turmush tashvishlariga o’ralashib qolayotir. Yosh ijodkorlarni ma’lum bir darajagacha qo’llab-quvvatlash tizimini yanada takomillashtirish lozimga o’xshaydi. Iste’dodni tarbiyalash, qadrlash kerak axir!

Bugun hayotimizning barcha jabhalari isloh qilinayotir. Tabiiyki, bu islohotlar ijodiy tashkilotlarda ham kechmokda. Menimcha, shu jarayonda yozuvchilar tashkiloti, kezi kelganda, ijodkorlar kasaba uyushmasi vakolatiga xos vazifalarni ham zimmaga olmog’i lozim. Bu juda zarur. Nega- ki, ijodkor aksariyati “foydaxo’r” nashriyotlar bilan bir o’zi yuzma-yuz qoldi. Qalam haqi, nashr qilingan asarlarga haq to’lash allaqachon ramziy tus olgan. Yangicha maqomda ishlaydigan ijodiy uyushma nashriyotlar, shuningdek, Matbuot va axborot agentligi, “Sharq” matbuot kompaniyasi, Madaniyat va sport ishlari vazirligi, «O’zbekkino”, “O’zteleradio” singari tashkilotlar bilan o’zaro manfaatli shartnomalar tuzmog’i darkor. “Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to’g’risida”gi Qonunni ham samaraliroq ishlatish davri keldi…

Yozuvchilar vaqti-vaqti bilan yig’ilib, muammolarini jiddiy muhokama qilmayotgani oqibatida adabiyot tevaragidagi uch-to’rtta ishbilarmon birlashib, o’zlarining hamtovoqlarini “mumtoz yozuvchi” deb bemalol e’lon etib yuboryapti. Andishasizlik orqasida bunday “mumtoz”larning ba’zilari maktab adabiyot darsliklariga ham “kirib” qolgan edi, xayriyatki, keyingi vaqtda bu holga barham berildi…

Xullas, ruhni tarbiyalaydigan, ma’lum bir tarzda muallimlik rolini ham bajaradigan adabiyotni boy berishdan saqlanmog’imiz darkor. O’zbek milliy san’ati va adabiyotining bozori, masalan, ingliz, rus san’ati va adabiyotining bozoridan ko’ra necha o’n martalab tor. Shuning uchun millatimiz ruhining poydevori bo’lgan bu sohalarni faqat bozor ixtiyoriga tashlab qo’yib bo’lmaydi. Unga chinakam madad kerak. Nazarimda, adabiyotdagi muammolarni jiddiy o’rganib chiqib, zarur chora-tadbirlar ko’rishga endi jazm etsa bo’ladi. Bu ishni ertaga qoldirsak, ko’p narsa yo’qotamiz.

Bugungi parokandalikdan esa asosan iste’dodsizlik foyda ko’ryapti. U ermak janrini yaratdi va kitobxonning didini buzishdek “katta ish” bilan muntazam shug’ullanmokda. Bunday “asar”larni arzon xitoy mollariga o’xshatsa bo’ladi. Xaridor (kitobxon, tomoshabin) “bugunga yarab tursa bo’ldi” qabilida ish tutmokda. Bu jarayonni “bozorning o’zi sindiradi” deguvchilar, aftidan, uning “fe’l-atvori”ni durust anglamaydi. Bu bozor iqtisodiyotining butun olamga ma’lum nuqsonlaridan… Nima qilish kerak? Yana qaytaraman: asl adabiyotni qo’llab-quvvatlash darkor!

Asl adabiyot va san’at faqat ijodkorning emas, muxlisning ham qalbu ruhini tozartiradi. U tufayli shaxs o’sadi, millatning aqliy salohiyati rivoj topadi. Ma’naviyat yuksaladi. Millatning shavkati oshadi.

– Bugungi kunda she’riyatimizda har xil yo’nalishlar paydo bo’lyapti. Bunga Sizning munosabatingiz… Umuman, she’riyatimizning istiqbolini nimalarda ko’rasiz?

– Zamon rivojidagi o’ziga xoslik, shubhasiz, san’at va adabiyotning rivojiga ham ta’sir o’tkazadi. Adabiyot zamonning suratini va siyratini yanada aniqroq ifodalash uchun tasviriy vositalar izlaydi. Buning natijasida, deylik, iste’dodli bir adib muayyan fikrning mutlaqo yangicha ifoda usulini topishga muvaffaq bo’ladi. So’ng uning izdoshlari — taqlidchilar maydonga keladi. Ular nochorliklariga “ma’no” baxsh etish uchun allaqanday yangicha yo’nalish haqida safsata sota boshlaydi. Bu safsatalarni sharhlab beruvchi “nazariyotchi olim”lar ham topila qoladi. Qarabsizki, tezda o’zini yakkayu yagona deb bilgan haligi “yo’nalish” hech kimni pisand etmay, Adabiyot ko’chasidan g’ozyurish qilib o’tib qoladi…

Menimcha, yo’nalishlar haqida emas, balki iste’dodli adibning o’ziga xosligi hamda uning atrofidagi katta-kichik iste’dodlar va taqlidchilar haqida hamma vaqt ochiq gapirsak to’g’riroq bo’ladi.

Umuman, bunday yoshlar maksimalistlik havosi va tajribaning yetishmasligi oqibatida adabiyot degani o’zlaridan boshlanishiga judayam ishonadi. Ular o’z qoralamalarini “yangi adabiyot” deb e’lon qilishga moyil. To’g’ri, buning unchalik yomon joyi yo’q. Shunday kayfiyat goho yangi-yangi asarlar yaratilishiga ham turtki bo’ladi. Ammo adabiyot uzluksiz bir jarayon va har qanday “yangi adabiyot” bor-yo’g’i zamonaviy adabiyotdir, xolos. Bugungi o’zbek she’riyatidagi yo’nalishlarga ko’chadigan bo’lsak, ahvol hali aytganimizdek: bir-ikki o’ziga xos iste’dod, qolganlari — iqtidori yo’qligini yashirish uchun “izm-izm” o’ynayotgan masxarabozlar. Ular avvalo she’r yozishni, so’z ishlatishni o’rganmoqlari zarur. Rus shoiri Baratinskiy taqlidchini birovdan o’g’irlagan bolani ko’tarib tilanayotgan gadoga o’xshatgan edi. Haq ta’bir.

She’riyatimizning istiqboli haqidagi fikrlarim bunday. Cho’lpon, Usmon Nosir va (qisman) Oybek yaratgan she’riyatning izdoshi sifatida 60- yillarda boshlangan ko’tarinkilik (to’g’rirog’i, almashinib turgan ko’tarinkiliklar silsilasi) hozirgacha davom etib kelyapti. Ammo ayni kunlarda ana shu to’lqin birmuncha sustlashgandek. Bu hol adabiyotga nisbatan jamiyatda hukm surayotgan umumiy rag’bat hissi bilan ham bog’liq, albatta…

— Keyingi yillarda bir talay nasriy asarlar bitdingiz, kinostsenariylar yozdingiz, teatr bilan hamkorlik hilyapsiz. Ijodiy faoliyatingizni bu qadar kengaytirishingiz boisi nima? Bu hol muayyan tajriba to’plaganingiz natijasimi yoki she’rga sig’dirolmagan fikrlaringizni hajmi kattaroq asarlarda ifodalash ishtiyoqi tug’ildimi? Balki bu urfga aylanayotgan anchayin tirikchilik ehtiyojidir?..

— Shoirlarning deyarli hammasi ham vaqti kelib yondosh janrlarda ijod qilishga jazm etgan. Navoiy, Pushkin, Lermontov, Lorka… Nazarimda, bu hol o’zini to’liqroq ifoda etish ishtiyoqidan tug’ilsa kerak. Tirikchilik masalasiga kelsak, yozish-chizish ortidan kun ko’rish mahol. Ha, aytganday, professionallikka o’z kasbi ortidan kun ko’rish ham kiradi. Chexov, Bal`zak, Dostoevskiy ana shunday adiblardan bo’lgan…

Manba: «Tafakkur» jurnali 2/2007

006

(Tashriflar: umumiy 168, bugungi 1)

1 izoh

  1. Усмон Азим энг севимли шоирим! Унинг шеърларида ўзим қидирган ҳамма нарсани топаман. Усмон Азимни қийнаётган муаммолар улар менинг ҳам дардларим. «Нимагадир келмайди ўлгинг, яшагинг ҳам келмайди бироқ». Интервью жуда ажойиб чиққанлигини эътироф этаман. Ўринли саволларга Усмон Азимга хос мантиқий, жонкуяр жавоблар. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас. Усмон акага узоқ ва сермазмун умр тилайман!

Izoh qoldiring